Visente Blasko Iban’es. Ma’yus bahor.

022
Висенте Бласко Ибаньес (исп. Vicente Blasco Ibáñez; 29.01.1867, Валенсия — 28.01.1928, Ментона) — ХХ аср испан адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан бири. Ижтимоий мавзудаги романлари билан машҳур («Толедо собори»,»Шароб омбори», «Ёввойи ўрда», «Қон ва қум» «Буюк хонни излаб ва ҳ.к.).  Романлари асосида 20 га бадиий фильмлар суратга олинган. Ҳикояларида испан ҳаёти ва турмушини реалзм анъаналарига хос равишда тасвирлайди. Атоқли ёзувчининг «Маъюс баҳор» ҳикоясини Рисолат Ҳайдарова таржимасида тақдим этамиз.

09Висенте Бласко Ибаньес
МАЪЮС БАҲОР
Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси
01

Кекса Тофоль ва унинг қизи қуллардек машаққатли кун кечиришарди. Улар бетўхтов ҳосил бераверганидан силласи қуриган боғчаларининг қули эдилар. Ўзлари ҳам шу бир парча, қўшниларнинг таърифи билан айтганда дастрўмолдан сал катта ерга илдизи билан кириб кетган иккита дарахтга ўхшашар, ота-бола пушталарда гўё чувалчангдек ғимирлаганлари-ғимирлаган, айниқса, шу заҳилгина қиз мардикор сингари тинмас эди.

Қўшнилар қизга Борда дея лақаб қўйишганди, чунки Тофоль амакининг марҳума хотини туғмаслиги маълум бўлгач, уни етимхонадан асраб олишганди. Борда шу боғчада катта бўлди. У ўн етти ёшларда бўлса-да, кўринишидан ўн бир яшар қизалоқдан фарқ қилмас, озғин елкалари эгик, кўкраклари ботиқ, қизларга хос зарофат кўринмасди.

Борда кўримсизлиги устига тинимсиз йўталаверганидан қўшни аёлларни, айниқса, ўзи билан Валенсия бозорида ёнма-ён туриб савдо қиладиганларни чўчитиб қўйган. Шундай бўлса-да, уни ҳамма яхши кўрарди.
Қизгина бирам тиришқоқ эдики! Бозор растасидан жой олишга улгуриш учун тонг отмасданоқ боғчага кирар, саҳарги изғириндан жунжикиб қулупнай терар ёки гулларни кесиб, Валенсия шаҳри дарвозасидан биринчи бўлиб кирар эди. Полизларига сув олиш учун Тофоль амакининг навбати етган тунларда қиз этакларини липпасига қистирарди-да, оғир сўқани итоаткорона олиб чолга эргашар, зовур билан ариқ туташган жойларга тупроқ ташлаб ясалган ғовларни очишга ёрдамлашарди. Занг ранги урган сув ариқларга таралиши биланоқ, чанқаган ер уни қулқуллатиб ютиб юборарди.

Мадридга жўнаш учун карвон тўплана бошласа, қиз шамолдек елиб, жўякларни титиб чиқар, қадоқловчи аёл сабзавотларни катта-катта саватларга жойлаб улгурмасдан, қучоқ-қучоқ атиргул, чиннигулларни кесиб келарди.

Шу қадар кичик боғ орқасидан тирикчилик қилиш учун бош кўтармай ишлаш, бир лаҳза бўлсин, ерни унутмаслик керак. Ота-бола худди ўжар, хала урмаса, қимирламайдиган хачир учун жон куйдиргандек уринишарди. Тофоль амакининг экинзори инқилоб вақтида мусодара этилиб, ижара ерлари сифатида тақсимлаб юборилган кенг монастир боғининг бир қисми эди. Шаҳар кун сайин кенгайиб, атрофдаги экинзору боғларни ютиб борар, чол боғчасини қанчалик лаънатларга кўммасин, ер эгаси бир кунмас-бир кун мўмай пулга учиб ерни шаҳар учун сотиб юбориши мумкинлиги хаёлига келиб қолса, қалтираб қоларди.
Чол ўзининг бутун умрини, олтмиш йиллик меҳнатини шу боғчага кўмган, ернинг бир қаричи ҳам бўш қолмаган. Дарахту буталар зичлигидан, боғчанинг ўртасида туриб ҳар бурчига назар солганда ҳам девор ўрнидаги тўсиқлар кўринмасди.

Магнолия, қизил мевали бутазорлар, пушти ясмин буталари, чиннигул ва атиргул – барининг нархи бор, уларнинг ҳаммаси феъл-атвори ғалати шаҳарликлар жон деб пул тўлайдиган мол.

Чол боғининг гўзаллигига лоқайд, фақат тушумни ўйлайди. У гулларни худди майсадек, қучоқ-қучоқ кесиб юборишга тайёр, араваларни мева-чевага тўлдириб ташлашни истайди, очкўзликка муккасидан кетиб, бечора Бордани қийнагани-қийнаган. Қиз йўтали тутиб, бир дақиқага тўхтаса, қўпол ўшқириқ янглиғ, курагига кесак келиб тегарди.

Қўшни аёлларнинг аччиғи чиқарди. Бу чол қизни адойи тамом қилади-ку! Ахир бояқишнинг йўтали кун сайин кучайиб боряпти! Лекин чолнинг жавоби тайёр: қизча йўталаётган бўлса, нима қилсин, тақдири шу экан, қорни тўқ, нонсиз, гуручсиз қолиб кетмаяпти, баъзан ҳиссасига камёб неъмат – қонли колбаса билан пиёз тегиб қолади. Якшанба кунлари қизининг хурсандчилик қилишига, яъни хонимчалардек черковга жўнашига халал бермайди, юбка сотиб олиш учун уч песет берганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Қолаверса, у қизнинг отасими ё йўқми? Тофоль амакининг оталик ҳисси худди қадим римликлар тарозисида ўлчангандек: фарзанднинг ҳаёти ҳам, ўлими ҳам отанинг измида, дилининг қат-қатига яширинган меҳрини уюлган қош-қовоқлари, ғазабнок қарашлари, баъзида жаҳлланиб туртишлари билан ифодалайди.

Қиз бояқиш зорланмасди. Ўзи ҳам кўпроқ ишлашга уринарди, фақат боғларини тортиб олишмаса бўлгани. Кўпинча боғча сўқмоқларида ўзи она деб атаган, бир вақтлар ёрилиб кетган қўллари билан уни эркалаган кекса аёлнинг ямоқ этаклари липиллаб ўтгандек туюларди. Бу ерда қиз севган ҳамма нарса: болалигидан таниш дарахтлар, қизлик кўнглида оналик муҳаббатига ўхшаш ҳислар уйғотувчи гуллар бор эди. Қиз учун гуллар гўё фарзанддек, чунки улар ғариб болалигининг қўғирчоқлари эди. У ҳар тонг ғунчалардан янги гуллар бунёд бўлишини таажжуб билан кузатар, ғунчалар аввал уялибгина, худди бегона назардан яширинмоқчи бўлгандек, ўз гул япроқларини қисиб олишини, кейин бирдан дадилланиб, митти рангдор мушаклардек портлаб ёрилишини кўрарди.

Боғча қиз учун туганмас қўшиқ куйларди, унда ранглар куйи, япроқлар шитири ва яшил гумбаз остида югураётган, итбалиққа тўла лойқа зовурдаги сувнинг бир текис жилдираши билан қўшилиб кетарди.
Жазирама туш пайти чол мизғигани ётганда, Борда боғчани кезар, баҳорни қутлаш учун энг соз либосини эгнига илган ниҳолларнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб тикилади.

Оппоқ лилия бал либосларига ўранган қизлар мисоли нафис тебранади. Нимпушти камелия киши тасаввурида ўзининг кўркам сирларини яширмасдан тўшакда осойишта чўзилган гўзалнинг илиқ баданини жонлантирарди. Танноз бинафша барглар орасига яшириниб, нозик ислари билангина ўзини ошкор қиларди. Ҳамиша баҳор гуллари ўтлар орасида олтин сўлкавой сингари сарғаяр, чиннигуллар оқими алвон қалпоқ кийган инқилоб қўшинларидек пушталарни тўлдириб, сўқмоқларни қамал қилган, улар устида магнолиялар фил суягидан ясалган ладандонга ўхшаш косаларини тебратиб, сархуш қилувчи черков ладанларидан ҳам хушбўй ҳидлар сочар, капалакгуллар – нафармон бахмал қалпоқча кийган шўх миттилар қизнинг назарида:
– Борда, Бордета! Мунча иссиқ! Худо ҳақи! Сув… – дея шивирлаётгандек туюларди.

Ҳа, гуллар шивирларди, қиз буни аниқ эшитарди! Ҳорғинликдан суяклари зирқилласа-да, қиз гулчелакка сув тўлатгани зовур сари югурар, гулчелакдан ёғилган ёмғирдан руҳланган гуллар унга миннатдорлик ила бош тебратарди.

Нозик бандларни кесар экан, кўпинча Борданинг қўллари титрар эди. Гуллар ўз умрини яшаб ўтиши учун жон деб уларни пушталарда қолдирган бўларди! Лекин тирикчилик учун саватларни гулларга тўлдириш, уларни Мадридга жўнатишдан бошқа иложи йўқ эди.

Узоқ сафарга кетаётган гулларга қизнинг ҳаваси келарди. Мадрид! Қандоқ шаҳар экан у? Унинг хаёлига эртакларда тасвирлангандек шоҳона саройлар – деворлари чиннидек ярқироқ кенг хоналар келарди, атроф тўла кўзгу, уларда минглаб чироқлар, сочларига гуллар тақилган башанг хонимлар акс этади.
Бу тасаввур шундай жонланар эдики, худди қиз буларни қачонлардир, балки ҳали дунёга келмасидан аввал кўргандек!

Мадридда хўжайиннинг ўғли яшарди. Бола чоқлари улар бирга ўйнардилар. Ўтган йили у балоғатга етган кўркам йигит бўлиб боғларига кириб келганида, Борда уялиб қочиб кетди. Ҳаяжонли хотиралар! Қиз бир вақтлар зовурнинг лабида ёнма-ён ўтирганларини, бола унга бирданига гўзал маликага айланган камбағал, етим бир қиз – Золушка ҳақида ҳикоя қилганларини эслаб, юзлари ёнди.

Унутилган барча болаларнинг доимий орзуси уни ҳам олтин қанотлари остига олади. Гўё эшик олдига ажойиб арава келиб тўхтайди, ундан гўзал бир хоним тушади-да: “Қизалоғим! Ниҳоят, топдим сени!” – дейди.

Худди эртакдагидек. Кейин – башанг либослар, саройдаги бахтли ҳаёт, ниҳоят, у ҳақиқий жанобга турмушга чиқишга рози бўлади (сенга уйланишга тайёр шаҳзода доим ҳам топилавермайди-ку!).
У борлиғи билан орзуларига берилган маҳал, гарданига кесак келиб тегади.
– Ҳой, мунча анқаясан? – дея ўшқиради отаси.
Яна ишга берилади, тағин ерни ўйиб, қийнай бошлайди, назарида замин гулларга бурканаётиб, оғриқдан инграйди.
Қуёш боғчани қиздиради, дарахтларнинг пўстлоғи дарз кетади. Одатда салқин бўлган эрта тонгда Борда худди кун тиккага келган пайтдагидек терга ботади, янада озади, кучлироқ йўталади.
Ўзи тушунарсиз маъюслик билан ўпган гуллар унинг ҳаётини тортиб олаётгандек, юзидаги қизилликни ўчириб юбораётгандек туюлади.

Докторни чақириш ҳеч кимнинг эсига келмасди. Нега? Докторга пул тўлаш керак, Тофоль амаки эса тиббиётга ишонмасди. Мана, жонзотлар, табибсиз ҳам, дорисиз ҳам яшайди, дерди у.
Бир кун эрталаб Борда қўшни аёлларнинг ачиниш билан қараб пичирлашганларини эшитиб қолди. Қизнинг ўткир қулоқлари шивирлаб айтилган гапни дарров илғади: “У кузга, хазонрезгига ҳам етолмайди”. Шу кундан бошлаб бу хаёл уни тинмай таъқиб қила бошлади.

Ўлиш! На илож, майли… Фақат бечора чолга қийин: бир ўзи, ёрдамчисиз қолади. Агар ҳаёт билан видолашмоққа тўғри келса, жуда бўлмаса, онаси кетгандек – авжи баҳорда, ранглар қўшиғи бахтиёр кулгу сингари кўкка ўрлаганда кетса! Фақат кузда ўлмасин, фақат бу маъюс фаслда, ер яланғочланиб, ҳимоясиз дарахтлар худди супургидек шўппайган, пушталарда қиш гуллари ҳазин тебранган паллада кетмасин!
Дарахтлар барг ташлаган кунлар! Борда кузда хунук оғочларга айланувчи дарахтларни ёмон кўриб қолди, у худди ўлим олиб келаётгандек туюлган дарахтларни қўриқлаб юрган кезлари бундан юз йил аввал монахлар ўтқазиб кетган пальмани – қомати расо, ҳилпироқ патлардан жиға таққан юксак дарахтни жон дилдан севди. Пальманинг барглари ҳеч қачон тўкилмас эди!

Қиз бу ақлдан эмаслигини англарди, лекин мўъжизага мойиллик ҳисси унинг дилига умид бахш этарди, бечора Борда истироҳат чоғлари Биби Марьям оёқлари остидан даво излаган баъзи художўйлар мисоли ўткир учли япроқлар соясидан паноҳ изларди.

Унинг сўнгги ёзи пальма остида ўтди. Бир куни қиз гўё ер қаърида биқирлаётган вулқонга йўл очгандек, тупроқдан буғ сиқиб чиқараётган қуёш энди унинг жунжиккан баданини исита олмайдиган бўлиб қолганини сезди. У худди шу ерда, пальма остида дарахт япроқларини узиб олаётган дастлабки изғиринларни кутиб олди. У одамларнинг кўз ўнгида кун сайин сўлиб, маъюсланиб борарди, энди унинг қулоқлари боғчанинг инсон илғамас шитирлашларини ҳам эшитар эди.

Оппоқ парвоналар Борданинг боши устида айланаркан, уни ўзга оламга, хуш исли ажойиб гуллар ўзини парвариш қилганларнинг ҳаётини тортиб олмайдиган шафқатли дунёга олиб кетишни тилагандек, қизнинг нам пешонасига астагина қанот теккизарди.

Қиш ёмғирлари қизни боғчадан топа олмадилар. Оғир томчилар Тофол амакининг букик белига тушди. Чол доимгидек сўқани қўлида маҳкам тутган, кўзларини ерга тиккан, қисматига тушган йўлдан қашшоқликнинг итоаткор аскарига хос бемаъни лоқайдлик билан кетиб боради. Ишлаш керак, бир сиқим гуруч сотиб олиш, вақтида ижара ҳақини тўлаш учун ишлаш, ишлаш керак!

Энди у ёлғиз, қиз онасининг ортидан кетди.
Чолнинг серҳосил, гўё ўлим нафаси тегмагандек гуллаб-яшнаб, муаттар ислар таратиб ётган, одамнинг умрини емирувчи, бир кун келиб, чолни ҳам адои тамом қилувчи мана шу дийдаси қаттиқ ердан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.

Чол етмиш ёшида икки кишининг юмушини қилишга маҳкум. У ерни аввалгидан ҳам тиришиб чопади, атрофидаги алдоқчи гўзалликка қарамай, бош кўтармай ишлайди. У биладики, бу гўзаллик унинг машаққатли меҳнатлари самараси, чол фақат битта истакка мубтало – ўзи яратган гўзалликни қимматроққа пуллаш. Шунинг учун чол даладаги пичанни ўргандек, гулларни бамайлихотир кесиб бораверади.

хдк

(Tashriflar: umumiy 76, bugungi 1)

Izoh qoldiring