Yelena Belyakova. Sharbatga to’la meva yoki bemaza yo’gurt.


Шу йилнинг август ойида Жанубий Америка китобсеварлари нафақат ўз ватани,балки Лотин Америкасидаги кўплаб давлатларнинг нуфузли мукофот ва унвонларига сазовор бўлган бразилиялик машҳур ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Жоржи Амаду таваллудининг 100 йиллигини катта тантана билан нишонладилар.
Жоржи Леал Амаду ди Фария 1912 йил 10 августда Бразилиянинг Баия штатида туғилган. Болалиги Ильеус шаҳрида ўтган. Жоржи 14 ёшидан ижод қилишни бошлайди. Ўн тўққиз ёшида илк асарлари нашр юзини кўради. Рио-де-Жанейро университетининг ҳуқуқ факультетида таҳсил олиш чоғида Амаду ўз даврининг етакчи ғояларини ёқловчи ҳаракат вакиллари сафига қўшилиб қолади. У оддий меҳнаткашлар орасида ўсиб-улғайган эди. Демакки, ёш адибнинг илк романлардаёқ ижтимоий муаммолар ҳақида сўз юритгани бежиз эмас. Адиб ижодини ишқ-муҳаббат оташида ёнаётган тенгқурлари ҳаётига эмас, балки кўпроқ ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш олиб бораётган меҳнаткашлар қисматига бағишлайди. “Карнаваллар мамлакати” (1932 й.), “Какао” (1933 й.), “Ўлик денгиз” (1936 й.), “Қумликлар сардорлари” (1937 й.) асарлари бунинг ёрқин мисолидир.
Амадунинг мафкуравий қарашлари бир неча бор Бразилиядан бадарға қилинишига сабаб бўлади. Ижодкор ҳар қандай вазиятда ҳам вақтини зое кетказмайди. У Франция ва Чехословакияда вақтинча қўним топиш баробарида Европа, Осиё ва Африканинг қатор мамлакатларига сафар қилади, атоқли давлат, санъат, маданият арбоблари билан учрашади. 1952 йилда ватанига қайтган Жоржи Амаду ижодга шўнғиб кетади ва ижтимоий муаммоларни кўтарувчи яна қатор қисса ва романлар ёзади. 50-йиллар охирига бориб, адибнинг ижодий услуби янги анъана ва бадии й экспериментлар билан бойийди. У шу йилларда ёзган асарларига шартли – фантастик элементлар кирита бошлайди. Бу даврда яратилган романларда ёзувчининг халқ удумларига, сеҳр-жоду маросимларига бўлган қизиқиши яққол кўзга ташланади. Ғоядан кўра, бадиий тасвирга кўпроқ урғу берилади. “Габриэла, қалампирмунчоқ ҳамда долчин” (1958 й.) “Мўъжизалар дўкони” (1969 й.) ва бошқа романларда айнан шундай ҳолатни кўриш мумкин. Бундай услубий янгиланиш шу давр Лотин Америкаси адабиётида ўзига хос бадиий тамойил даражасига кўтарилган эди ва бу йўналишда ўтган асрнинг иккинчи ярмида бутун жаҳон адабиётига қўр берган атоқли адиблар етишди, юксак бадиий асарлар яратилди. Жоржи Амаду ҳам Лотин Америкаси адабиётининг шу даврига олиммутахассислар томонидан “сеҳрли реализм”, дея нисбат берилган оқим вакиллари қаторига қўшилади. Адиб 2001 йил 6 августда Сальвадор шаҳрида вафот этади.
Жоржи Амаду романлари дунёнинг қарийб элликта тилига ўгирилган. Улар асосида яратилган кинофильмлар ва саҳна асарлари жаҳоннинг турли минтақаларида миллионлаб томошабинлар эътиборини қозонган. Хусусан, “Қумликлар сардорлари” романи асосида АҚШ кино усталари суратга олган “Қум конлари генераллари” картинаси ўз вақтида юксак эътироф ва кўплаб олқишларга сабаб бўлган. 2011 йили адибнинг набираси Сесилия Амадунинг мазкур романга яна мурожаат этиб, уни қайта экранлаштириши Жоржи Амаду ижодига ҳали ҳам қизиқиш катта эканлигидан далолат беради.

Елена Белякова
ШАРБАТГА ТЎЛА МЕВА ЁКИ БЕМАЗА ЙЎГУРТ

    Жоржи Амаду ва Пауло Коэльо – бразил адабиётидаги икки даврнинг икки йирик намояндасидир. Бу машҳур бразил адибларининг асарлари дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилинган. Уларнинг китоблари адади ўнлаб миллиондан ошади. Шундай бўлишига қарамасдан, бу иккала муаллиф ижодига тамоман қарама-қарши муносабат мавжуд. Яъни, Амаду ижоди адабиётдаги байналмилалликнинг, Коэльо асарлари эса глобализмнинг тимсоли сифатида кўрсатилади.
Бир қарашда, байналмилаллик ва глобализм бир-бирига яқин тушунча кўринади. Аслида эса, улар мазмун-моҳиятига кўра тамоман тескаридир. Байналмилаллик миллатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликни, халқларнинг ҳамжиҳатлигини тарғиб этиб, маданият, илм-фан, технологиянинг ўзаро алоқадорликда ривожланишини ёқлайдиган мафкурадир. Байналмилаллик бир маданиятнинг бошқа миллат маданияти устидан ҳукмрон бўлиши ёки уни йўқ қилишни англатмайди. Аксинча, миллий маданиятлар бир-бирига таъсир кўрсатиб, равнақ топиши, гуллаб-яшнашини билдиради.
Глобализм, бу – миллий маданиятларнинг бузилиши, айниши ва маҳв этилишидир. Чунки глобализм инсониятга турлича маданиятга эга миллатлари бўлмаган бир турдаги индивидлар оммаси сифатида қарайди. Эмишки, ер шарининг исталган жойида – Нью-Йорк, Рио-де-Жанейро, Париж, Москва ёки Череповцедаги дўконлар пештахтасида ҳам бир хил маҳсулотлар туради, кўчаларда бир хил автомобиллар юради, одамлар бир хил кийим кияди ва айни бир хил фильмларни томоша қилишади.
Байналмилаллик инсониятнинг истиқболини ҳар бир миллат маданиятидаги энг яхши жиҳатлардан таркиб топадиган ягона умуминсоний маданиятни яратишда кўради ва глобаллаштириш халқлар маданиятини бойитмайди, балки уни бир хил шаклга солиб барбод қилади, деб билади. Халқлар маданиятидаги ўзига хос миллий хусусиятларни йўқотиш барча халқлар маданиятидан устун турадиган афзал бир маданиятнинг ўрнатилишига олиб келади, деб ўйлаш хато. Асло, бундай бўлмайди. Бу, умуман, маданиятнинг йўқотилишига олиб келади. Чунки миллий илдизларидан маҳрум маданият худди қирқилган дарахт сингари қуриб битади.
Жоржи Амаду шўро ёзувчиларининг иккинчи съездидаги нутқида байналмилалликнинг адабиётдаги моҳиятини: «Бизнинг китобларимиз – романларимиз ёки шеърларимиз инқилоб ишига хизмат қила олсин. Улар, энг аввало, бразилча бўлиши зарур. Уларнинг байналмилаллиги шунда кўринади», дея ифодалаган эди. Амадунинг ижоди бу қарашнинг ёрқин намунасидир. У барча бразил ёзувчилари орасидаги ҳақиқий бразил адиби сифатида бутун дунёга машҳур. Амаду асарларини бутун дунё да севиб ўқишади. Чунки у ўз халқининг қалбини очиб кўрсата олган. Бразилияликларнинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати эса шундаки, улар табиатан оптимист бўлиб, кунларини шоду хуррамлик, қувонч билан ўтказишади. Амадунинг юксак маҳорати туфайли бразилияликларга ана шу ўзига хос фазилат худди «жумбоқ рус қалби» сингари жаҳон адабиётида ўз аксини топди. Жоржи Амадунинг илк романи «Карнаваллар мамлакати»дан тортиб, сўнгги «Пираньясада мўъжиза» асаригача бразил халқининг ўзига хос турмуш тарзини гавдалантиради. Адиб асарлари айни жиҳати билан осмонини булут қоплаб, еридан етти ой қор кетмайдиган, баҳор ҳеч қачон келмайдигандек туюлганидан оптимист бўлиш мушкул Россия сингари мамлакатлардаги кишилар маънавиятига ижобий таъсир этади. Амадунинг романлари бундай мураккаб шароитда яшаётган одамлар учун С дармон-дорисига айланиб, уларда ҳаётга интилиш ҳиссини оширади.
Амадунинг қаҳрамонлари рангсиз, туссиз, шунчаки ҳаракатланадиган бир қолипдаги шарпалар эмас. Уларнинг ҳар бири ўз манзил, маконига эга. Ҳар бирининг ўзига хос ташқи қиёфаси, феъл-атвори, ўз ҳаёти ва қисмати бор. Шу боис ҳеч бир киши адиб асарларидаги Дон Флорни Габриэла ёки Тереза Батиста, Капрала Мартинани эса Педро Пула билан адаштирмайди. Улар ўқувчи кўз ўнгида худди ҳаётдаги одамлар сингари намоён бўлади. Дунёдаги миллионлаб кишилар адиб қаҳрамонлари билан биргаликда шодланиб қувонади, изтиробга тушиб йиғлайди. Чунки улар худди ҳаётдаги кишиларга ўхшайди. Амаду уларни жонажон Баияси кўчаларида, теварак-атрофидаги одамлар орасида кўрган, кузатган. Коэльонинг китобларида эса қаҳрамонлар йўқ. Уларда, ҳатто, персонажлар ҳам мавжуд эмас. Унинг китобларида узуқ чизиқлар билан чизилган, миллати ҳам, ёши ҳам, феъл-атвори ҳам ноаён шарпа мавжуд, холос. Бу шарпалар турли замонда, ҳар хил ўлкаларда яшаши айтилса-да, улар шунчалик ўхшашки, бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Муаллиф асарларида китобдан-китобга ўтган бир хил қиёфалар турганга ўхшайди. Улар Пауло Коэльонинг ўзи бўлиб кўринади. Гўё Коэльо карнавалда турли ниқобларни таққан, дейсиз. Коэльо ўйлаб ўтирмасдан хаёлига келганини ёзаверади. Бу тўғрида унинг ўзи «Домино қоидалари»да очиқдан-очиқ: «Тўғриси, ўзим яхши биладиган бир киши, яъни, ўзим ҳақимда ёзаман», деган.
Жоржи Амаду ўша пайтда шўро мамлакатида мафкуравий асосларга кўра «бош бразил адиби» ролини бажарувчи сифатида танланган эди. Аммо шўро ўқувчилари уни илк китоблари босилиб чиқиши билан чин дилдан севиб қолишди. Амаду ижодининг таниқли тадқиқотчиси В. Н. Кутейшиков бу ҳақда эслаб: «Ўшанда олис Янги Дунё ўлкаларида сирли ҳаёт кечираётган нотаниш кишиларнинг туғён, эҳтирослари қалбимизга тропика бўрони янглиғ бостириб кирган эди», дейди.
Пауло Коэльо, ҳатто, бу жиҳатдан ҳам Амадуга тамоман тескари. Унинг рус тилига ўгирилган илк романи «Алкимёгар» 1998 йилда босилиб чиққанида ўқувчилар мутлақо эътибор қилишмади. Ноширлар «Алкимёгар»ни бестселлерга айлантириш учун анча тер тўкишди. Улар Коэльонинг асарларини тарғиб этиш учун Жоржи Амадунинг тушига ҳам кирмаган қудратли PR акцияларидан фойдаланишди. Пауло 2002 йилдан бери Россияга мунтазам келиб туради ва унинг ташрифлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Унинг биринчи келиши жуда дабдабали бўлган: энг оммавий нашрларда ёзувчи билан суҳбатлар чоп қилинган. Биринчи каналда унинг тўғрисида фильм намойиш этилган, Коэльонинг ўзи «Домино қоидалари»га ўхшаш бир неча ток-шоуда иштирок этиб, матбуот анжуманларида китобхонлар билан учрашувларда қатнашган эди. «Оқ булутлар» маданият маркази эса Коэльо китоблари асосида махсус этнотеатр фестивали тайёрлаган эди. Табиийки, бу тадбирлар ўшандаёқ натижа берган эди. 2008 йил сентябрдан унинг барча китоблари сотилиб кетди. Коэльонинг рус тилидаги бешта асари ўнталик бестселлер қаторидан ўрин эгаллади.
Айни пайтгача Коэльонинг 13 китоби рус тилига таржима қилинган. У шу тариқа Амадудан кейин бразилиялик муаллифлар орасида рус тилига таржима қилинишига кўра иккинчи ёзувчига айланди. Аммо Коэльони бразилиялик ёзувчи деб бўлармикан? Унинг тўғрисидаги дастлабки мақолалардан бирида: «Ҳеч қачон Бразилия тўғрисида ёзмайдиган бразилиялик», дейилган. Чунки унинг китобларида бразилча бирор нарса йўқ. Улар миллийликдан бутунлай маҳрум. Коэльонинг қаҳрамонлари табиатан глобалистдир.
Коэльонинг фалсафий мунозаралари бадиий адабиётга асло алоқадор эмас. Чунки унинг китобларида ўқувчи бирга ҳаяжонга тушиши, қайғуриши мумкин жонли қаҳрамонлар образи кўринмайди. Муаллифнинг мушоҳадалари кимларнингдир фикридан олинган иқтибосга ўхшайди. Ёзувчи кўпчиликка аён ҳақиқатларни тасдиқлайди. Коэльонинг барча асарларида ҳаётда ҳар бир кишининг ўз йўли бор, аммо ҳамма ҳам истак-орзуларига етказадиган бу йўлдан қатъият билан охиригача боролмайди, деган бир фикр ўн марталаб қайта такрорланади. Таъкидлаш жоизки, Пауло Коэльо бу борада улуғ адибнинг кам сўзга кенг фикрни жойлаб ёзиш керак, деган ўгитига қатъий амал қилиб, бошқа бир ғояни тиқиштирмасдан, бошқача қарашни қарама-қарши қўймасдан ягона бир фикрини юздан ошиқроқ саҳифага кенгу мўл қилиб жойлайди.
Коэльо ким тўғрисида, нима ҳақида ёзмасин, у панд-насиҳат, ўгитлар жамланмаси бўлиб қолади. Шу боисдан унинг асарлари бир-бирига жуда ўхшайди. Ёзувчининг бир неча китобини ўқигач, улар аслида битта китоб экани аён бўлади.
Паульо ўзининг насиҳатгўйлиги, одоб-ахлоқ ўргатиши, «йўл излаш»га ундаши, бу борадаги билимини намойиш қилиши билан кишини бездириб қўядиган даражада жонга тегади. Мана, у ўзининг «Ўн бир дақиқа» китоби тўғрисида нима дейди: «Ушбу роман секс моҳиятини тушуниш йўли тўғрисида бўлиб, мен уни ўзимнинг шахсий ҳаётимни англаш учун ёздим». Пауло Коэльо Льюиз Керроллнинг китобидаги Герцогиняни эслатади. Алиса менга ақл ўргатаверманг, деганида у: «Жонгинам, мен насиҳат қилишдан бошқасини билмайман», дейди. Ачинарлиси шундаки, Коэльо кимгадир ақл ўргатмайди, у панд-насиҳатларини ёзади. Наҳотки 50 миллион одам (китоблари ададини шунча дейишади)га унинг китоблари ёқса?
Коэльо асарларининг тили ниҳоятда жўн бўлиб, унда бадиийликнинг бирор унсури кўринмайди. Амаду асарларидан фарқли ўлароқ, Коэльонинг ёзганларида муаллифга хос услуб сезилмайди. Шунинг учун унинг китобларини жуда осонлик билан исталган хорижий тилга ўгириш мумкин. Тўғрироғи, улар аслида айнан шуни ҳисобга олиб яратилади.
Яхши бадиий китоб, аслида, ҳаёт дарслигидир. Ҳа, ҳаёт дарслиги, баённомаси эмас Бундай китоб, аввало, кишининг ҳис-туйғуларига таъсир ўтказиб, унинг қалбини буткул эгаллаб олади. Ундан айрилишнинг иложи бўлмай қолади. Жоржи Амадунинг асарлари шундай: биз уларнинг қаҳрамонларини севиб қоламиз ёки нафратланамиз, улар билан бирга завқланамиз ёки ҳайратга тушамиз, қандай яшаш кераклиги ҳақида ўйга толамиз.
Коэльонинг китоблари бундай эмас. Унинг ёзганлари қалбга кириб бориб, кишида хаёл-тасаввур уйғотмайди. Улар ўзига бино қўйган, манман, мижғов одамга ўхшайди. Коэльо учун ҳазил, юмор ҳисси тамоман бегона. У ўзига ҳам, ижодига ҳам аллақандай такаббурлик билан қарайди. Сира ўйлаб ўтирмасдан: «Мен ажойиб ёзувчиман…», деб даъво қилади. Жоржи Амаду эса ҳамиша ўзи тўғрисида: «Мен Баия штатидан бор-йўғи кичик бир ёзувчиман», дерди.
Образли ифодалаганда, Амаду ижоди ширага тўла тропик мева бўлса, Коэльонинг китоблари сунъий қўшимча ва бўёқлардан бўлак ҳеч нарсаси йўқ таъмсиз йўгуртдир. Коэльонинг асарлари ўрта тоифадаги истеъмолчилар дидига мос келади. Уларни интеллектуал даражаси жўн одамлар қизиқиб ўқийди. Асл адабиёт китобхонлар қалбини безовта қилиб, дунёнинг абадий муаммоси – ўзи ва олам тўғрисида мушоҳада қилишга мажбур этади. Коэльонинг асарлари эса худди уй ичида кийиладиган бошмоқ сингари мулойим ва қулай бўлиб, улар биргина ҳис – ўзидан тўла мамнунлик ҳиссини туғдиради. Коэльонинг битикларига ўхшаш адабиёт, бир қарашда, мафкурадан холига ўхшайди. Аслида эса, бу хил адабиёт аниқ ва қатъий дунёқараш – глобализм мафкурасини ифодалайди. Жоржи Амадунинг китоблари курашчи ва яратувчини тарбияласа, Коэльоники истеъмолчиларни етиштиради. Бу истеъмолчилар учун китоб ҳам йўгурт ёки чангютгич сингари маҳсулотдир.
Жоржи Амаду ёки Пауло Коэльо: бу курашда ким ғолиб чиқади? Коэльо китобларига қизиқиш пасайиб, Амаду асарларига интилиш ортиб бораётгани инсониятда ҳали имконият борлигини билдиради.

Мақола муаллифи ҳақида

Елена Белякова — таржимон, драматург, адабиётшунос. Вологда Давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетини битириб, Санкт-Петербургдаги Герцен номли Россия Давлат педагогика университетининг аспирантурасида ўқиган. Бир қатор бразилиялик ижодкорлар, хусусан, Машаду де Ассиза, Жоржи Амаду, Клариси Лиспек тор, Эдилберту Коутиньюларнинг асарларини таржима қилган. Ўзининг «Қум капитанлари», «Юлдузлар соати» сингари драмалари нашр этилган.

Рус тилидан Абдулла УЛУҒОВ таржимаси

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 2012 йил, 5-сон
Мақола «Литературная газета»нинг 2012 йил 8–14 август (№ 32–33) сонидан олинди.)
Мақола «Шарқ юлдузи» журнали таҳририяти таклифига кўра таржима этилди

(Tashriflar: umumiy 125, bugungi 1)

1 izoh

  1. Mazkur maqola Otabek Muhammadiy tomonidan feysbukka qo’ygandan keyin uning sahifasida juda qizg’in bahs boshlandi.(Sahifa nishoni: http://www.facebook.com/otabek.muhammadiy )
    Mening Koeloga va Murakamiga bo’lgan munosabatim sahifamdagi maqolalarimda (Xususan «Uyg’onmoq dunyo bilan barobar yashamoqdir yohud Jahon adabiyotini “o’zbekcha” bilish xususida…») aks etgan. Kuni kecha taniqli rus pianisti Valeriy Afanasyev (Валерий Афанасьев) intervyusida (http://izvestia.ru/news/539364) shunday deydi:Коэльо — буддизм для бедных. Мураками — сюрреализм для бедных: один параллельный мир откуда-то выскочил и дальше 40 страниц бездарной прозы. «Код да Винчи» — просто плохая книга, ровно как и «50 оттенков серого».

    Шу муносабат билан берилган саволга ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст шўз фейсбукида шундай ёзибди:
    Насчет Коэльо, как мне кажется, он прав. Про Мураками не скажу. Я уже забыл его тексты. Разумеется, они сейчас самые читаемые, самые модные. Но, по моему, тот же Коэльо сильно проигрывает даже Хуану Рульфо, автору всего лишь одного романа, не говоря уже о Гарсиа Маркесе. Я, например, считаю большим писателем Павича за его роман “Хазарский словарь”, хотя все остальное, что им написано, кажется лишь перепевом главного романа. Критериев оценки писателя у меня нет, нравится или не нравится, трогает или не трогает – такое примитивное отношение у меня к авторам. Я знаю, что миллионы читателей считают Коэльо или Мураками великими. Дело вкуса, как говорится.

Izoh qoldiring