Qudrat Doʼstmuhamad. COVID-19 kasalxonasida koʼrgan-kechirganlarim

07Тақдир тақозоси билан саксон ёшимда Covid-19 вируси билан оғриб, октябр ойининг 25 кунини касалхонада ўтказдим…Бу гапларни ёзишимдан муддао, узоқ вақт касалхонада ётиб кўрганларим, сезганларим, ақлим етганча мулоҳазаларимни баён қилсаму, бу гаплар кейинги беморлар учун ижобий натижалар берса!

COVID-19 КАСАЛХОНАСИДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ
Қудрат Дўстмуҳаммад
профессор, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси


Тақдир тақозоси билан саксон ёшимда Covid-19 вируси билан оғриб, октябр ойининг 25 кунини касалхонада ўтказдим.. Врач яна 3-4 кун ётишингиз керак, деганига қарамасдан, чиқиб кетиб, даволанишни уйда давом эттирдим, ҳозир, алҳамдилиллоҳ, аҳволим анча яхши, ноутбукимни очиб, ишлай бошладим.

Бу гапларни ёзишимдан муддао, узоқ вақт касалхонада ётиб кўрганларим, сезганларим, ақлим етганча мулоҳазаларимни баён қилсаму, бу гаплар кейинги беморлар учун ижобий натижалар берса!

Сунъий нафас аппарати. Янги келган беморга, гарчи у ҳушида бўлса ҳам, на врач, на ҳамшира далда берувчи бирорта гап айтишмайди, апил-тапил оғзи-бурнига пластмасса ниқобни тақиб, сунъий нафас олдирувчи аппаратни улаб, шундай ташлаб қўйишади.

Бу ниқоб кўчада тақиб юриладиган мато ниқобга шаклан ўхшайди, лекин ичидаги кислородни ташқарига чиқармайди (чиқармаслиги керак!). Уни тақишдан олдин беморнинг бурун катакларига узунлиги 1 смкеладиган иккита митти найча орқали кислород бериб турадиган узун найча уланади. Унинг бир учи сунъий нафас аппаратига уланган бўлиб, бемор қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, кислород бериб туради. Бу ҳаво катта ёшдаги одамларга хиёл камлик қилиши мумкин, шунинг учун ниқобни биринчи марта тақаётган пайтда қаршилик кўрсатишади, баъзи беморлар “Мени ўлдириб қўясизлар!” дея дод солади. Ҳеч ким беморга тушунтирмайди, куч ишлатиб, ётқизиб қўйшади. Агар у ниқобни ечиб ташлайдиган бўлса, қўл-оёқларини боғлаб, ҳатто овози чиқмайдиган қилиб, ўраб-чирмаб ташлашади. Ваҳоланки, аҳвол беморга ётиғи билан тушунтирилса, “олам гулистон” бўларди, ҳамма беморлар розилик, мамнунлик билан ниқобни таққан, саксон ёшга кирган жанжалкаш кампир ҳам охиригача даволаниб чиққан бўлар эди (кампирнинг додлаган овози уч кун узоқ-узоқлардан эшитилиб турди, кейин тинди, уйига жўнатиб юборишди, шекилли?).
Аппаратнинг беморга тушунтирадиган зарур жойи бор. Масалан, иккита митти найча бурун ичига кислород бера бошлагандан сўнг, ҳаво берадиган иккинчи система ишга тушади ва бу ҳаво миқдори катта ёшдаги одам учун ҳам етиб ортади. Иккинчи система ҳақиқий сунъий нафас олдириш бўлиб, бунда мураккаб аппарат, юраги тўхтаб қолган одамнинг оғзига оғзини жипслаб, ҳаво юбораётган ҳалоскор вазифасини бажаради, яъни пластмасса ниқобнинг ичига кислородни узиб-узиб, пуркаб туради. Натижада, бемор бурун катакларига киритилган найчалар орқали олаётган озгина кислород устига кўп миқдорда ҳавони мажбуран ола бошлайди. Кўплигидан, ниқобнинг остидан тирқиш топиб, ташқарига чиқиб кетаверади, беморнинг юзини совитиб юборади. Мен бундай вазиятга кўп тушдим. Биринчи марта, врачни чақирдим (овозим ташқарига чиқиши учун ниқобни ечмасдан бироз чўздим, тирқиш ҳосил бўлди) ва унга “”Ниқоб остидаги шамол ўпкамни учириб юборай деяпти!” – десам, гапимни тушунмади, кўзларини пирпиратди. Шунда гапимни оддийроқ ифодаладим: “Бу шамол менга кўплик қилаяпти” – дедим. Врач “Ҳа, шундайми?” – деди-да, кислород оқимини пасайтирди. Шундан кейин кўзим уйқуга кетибди.

Келирилган мана шу битта мисолнинг ўзида кўплаб масала бор: нега иккинчи система ортиқча кислород беради, ахир у беморни безовта қилмаслиги ва ташқарига тарқаб, исроф бўлмаслиги керак эди-ку! Демак, аппаратни беморга бехато улаш керак! Гап айланиб, врачлар, ҳамшираларнинг малакасига, касбига содиқлигига, интизомига, маданиятига бориб тақалади. Врачларни айтмайман, лекин ҳамшираларнинг биронтаси ҳам ниқобни тўғри тақолмайди, нуқул совуқ шамол гоҳ юзимни, гоҳ кўзимни, гоҳ қулоқларимни “музлатиб” ташлади.

Ҳамширалар. Касалхонадаги ҳамшираларни “малакасиз” дейиш жуда камлик қилади. Беморга меҳр-мурувват, касбга садоқат, одамгарчилик, инсоф-адолат, маданият,… ҳаммаси бири-бирини судраб чиқариб, ўртага чиқади.

Касалхонага тушган кунимнинг икинчи кечаси уйқугаа кетган эканман, ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Ҳамширалар даҳанаки жанг қилишаётган экан. Ўша атрофда турган бир йигитни имлаб чақирдим. Ёнимга келиб, “Ҳа, дода, нима керак?” – деди. Хизматинглар учн раҳмат-ку, лекин қаттиқ тўполон қилар экансизлар” – дедим. “Э, дода, ҳозир” – деди-да, ҳамширалар ёнида ўтирган врачнинг олдига бориб, гапимни етказди. Врач ўрнидан туриб, пилдираганча кароватим ёнига келиб. “Дода, кечиринг, қайтарилмайди” – деди ва ўша даврасига бориб қўшилди. Ғала-ғовур барибир тўхтамади.

Ҳамшираларнинг деярли ҳаммаси беморлардан узоқроқ юришга ҳаракат қилади, уларнинг ноласини эшитса ҳам, ўзини бир иш билан банд бўлиб тургандек кўрсатади. Мабодо ўтиб кетолмаса, бемор ниқоб остидан айтган сўзни, гапни атайлаб бузиб такрорлайди. Бемор, чой беринг, деса, устизга яна битта адёл ташлаб қўяйми, деб талмовсирайди. Ниқоб остида айтилган гапни гўё эшитмаяпти! Ниқобини чўзиб туриб гапиришни билмайдиган бемор хуноб!

Катта залдаги еттита кроватдан бирида ётибман. Тун алламаҳал. Электрон тибиий жиҳозларнинг ҳаммаси ишлаб ётибди, ғалати овозлар чиқаради: “Зеғо-зеғо, зеғо-зеғо”, “Ша-фиқа, ша-фиқа”, “Фар-ҳод, Фар-ҳод”, … аллақандай, тушуниб бўлмайдиган сўзлар, жиҳозлардан чиқаётган шамоллар бирлашиб, зал ичи гувиллайди, увиллайди, ихрайди, инграйди, азоб чекаётган одамларнинг овози келади. Бир вақт ҳамшира устимдаги адёлни очиб ташлади, оёқларим устига оғир бир нарсани қўйди, шалворимнинг почаларини тепага сурди, кўкрагим, билакларимни очди, совуқ сув билан артди. Тушундимки, электрокардиограмма олмоқчи. Оёқларимга ботиб, оғритаётган нарса ЭКГ аппарати эканини сездим. Унинг тугмаларини аниқ бир нуқтага ёпиштириш керак, акс ҳолда кардиограмма бермайди, берса ҳам нотўғри кўрсатади. Ҳамшира тугмаларни қадади ва бирин-кетин, шоша-пиша жойларини алмаштиришга тушди. Аппаратни бир амалллаб тириллатди-да, тугмаларни ечиб, симларни йиғиштирди, мени эса очилган-сочилган ҳолда ташлаб кетмоқчи. Хавотирим шамоллаб қолишдан. “Устимни ёпинг!” – десам, “Ҳозир, мана буларни жойига обориб қўяй!” – деди, лекин ноилож чала-чулпа ёпди. Шу ҳамшира бир неча кундан кейин врач билан биргалашиб яна ЭКГ олди. У аппаратни ишлатишни билмаслигини врачнинг ўзи кўрди, “Шундан экан, нага бу ишга кирдингиз?”- дея маломат қилди.

Мен кўрган йигирмага яқин ҳамширадан 2-3 нафари игна билан томирга туша олар экан, бошқалари мушаклар ичига игнани “пўрт” этиб санчадию, шприцни, иложи бўлса, тиззаси билан босади! “Ўтирадими, чўзили-иб, дори тезроқ кетсин-да!” Баъзи ҳамширалар томирдан қон олиш ёки дори юбориш учун билакни резинка “жгут” (резина ичак) билан боғлаб қўяди-да. ташқарига чиқаб қандайдир ишини битириб келади, бемор эса, оғриққа чидаб ётиши керак экан.

Дастлабки кунларнинг бирида бир врач ва бир ҳамшира томиримга катетер қўймоқчи бўлиб, икки қўлим ва оёқларимнинг томирларини илма-тешик қилиб ташлашди, уддалай олишмади, шу ёшга кириб, бирон марта “Их!” демаган одам, дод девордим!

Мен умрим давомида маййитларни ювиб, кафанлаш маросимида кўп иштирок этганман. Шунда касалхонадан келганларни ҳам кўрганман, уларни баданида игналардан қолган моматалоқларни кўриб. “Ё, Оллоҳ, шундай аҳволга тушишдан Ўзинг асрагин!”- дея илтижолар қилганман. Уйимга кетишим аниқ бўлиб қолган пайтда ўзим ўша аҳволга тушгандим: икки қўлим, бармоқларимдан тирсагимгача, икки оёғимнинг тўпиғи атрофи, икки ёнбошим, қорним (киндик атрофлари) кўм-кўк, моматалоқ! Оллоҳнинг марҳамати билан ўлмаган эдим, холос.

Қон. Касалхонада 25 кун ётган бўлсам, ҳар тонгда, соат, тахминан олти атрофида бир ҳамшира келиб қон олади.Аввал, бармоғимни тешиб, шиша пластинкага қон суркайди, кейин, томиримдан бир шприц (кўз қиримни ташласам, ҳажми 10 см куб) олади. Ҳеч қанақа эътироз қилмайман, тушунаман, касалликни текшириш учун керак-ки, олади. Лекин нима учун ҳар тонгда, бир кунни канда қилмасдан олади? Шу савол ҳеч хаёлимга келмабди. Келди, лекин жуда кеч, уйга кетадиган куним келди. Ахир, ҳар қандай паҳлавон одамдан шунақа мунтазам тарзда қон олиб турилса, тез кунда оёқда туролмайдиган бўлиб қолади-ку! Мен эса, аллақачон оёқда туролмасдим.

Даволовчи врачлардан уйга кетишим ҳақида хушхабарларни эшитиб турар эдим, мен мўлжал қилган кун, нонушта вақтида врач, қўшимча ейдиганлар бўлса, беринглар, деб ҳамшираларга буйруқ қилди. Мен иккинчи коса кашани ҳам едим. Нонушта тугагач, қон олувчи ҳамшира билагимдан 10 смкуб қон олди. Орадан ярим соат ўтиб, яна бир марта олишим керак экан, деди. “Икки коса каша еганим учунми?” – дедим. “Ўғлингиз келган, қонни анализ қилиш учун фалон жойга олиб бориши керак, кечиктирмайлик”, – деди (Нима учун ўғлим қонни анализ қиладиган жойга олиб бориши керак экан?). Ўғлим келганини эшитиб, қўлимни итоаткорона тутдим, томирларим яна 10 см кубга бўшади. Бироз вақт ўтгач, ҳамшира яна қон оламан, олганларим камлик қилаяпти” – деди. Энди, эътироз қилдим, жанжал кўтардим, лекин ноилож эдим. “Олинг! Ҳамма қонимни сўриб олинг!” – дедим. Ҳамшира учинчи марта игна санчди, лекин истаганича ололмади. Томирларим қон бермади, бутун вужудим – Оллоҳ яратиб қўйган вужудим қонхўрларга қарши исён қилаётган эди. Ҳамшира олганича олди, “Тўла ололмадим” – дея нолиди. Шунда тепамизда турган врачлардан (негадир бир неча врач келиб турган экан) битта бақуввати “Менга беринг” – деб игнани қўлига олди ва “Қаерингиздан олай”- деб менга мурожаат қилди. “Бошимни тешиб олинг! Томиримни қирқиб олинг!” – дедим. Врач тўпиғим устидаги йўғон томирга игна санчди, Ҳар қанча бақувват бўлишига қарамай. у ҳам керагича оломади. Ҳуллас учинчи ўн куб чала қолди, қонхўрлар ноилож зуғумини тўхтатди. Тонг соат олтилардаги ўн см кубни ҳисобга олганда 30 см кубдан ортиқ, 40 см кубдан камроқ қон бердим. Йигирма беш кун ётиб, жами 280 см кубга яқин қон топширган, силласи қуриб тирик гавдаси қолган, оёқда туролмайдиган саксон яшар чолнинг тирик гавдаси қалт-қалт қилганча қолди. Битта кекса одам учун бу рақамлар кўплик қилмайдими, умуман, қон олишда меъёр деган нарсалар йўқми?

Кейин билишимча, ўғлим қонни олиб, айтилган жойга борибди, кун бўйи оввораи-сарсон бўлиб (кимга қанча пора бергани менга қоронғи) анализ жавобларини тунда, соат ўнга яқин келтириб берди. Ўғлимдан, “Нега қонни анализ қилиш учун сен югуришинг керак?” – десам, “Дўхтир айтди, юракда инфаркт аломати борми, йўқми, қонни анализ қилиш керак экан” – деди.

Ана холос! Отам учун дея, ҳар қандай сафсатага ишонган, юлғичликларга рози бўлаверган-да! Шоввоз врач бўлса, юракда инфаркт аломати бор-йўқлигини ЭКГдан эмас, қон анализидан аниқлаш йўлини топган бўлса, Нобел мукофоти бериш керакдур, балки?

“Қон бу касалхонада бизнес предмети бўлиб қолган экан-да?” деган шубҳа дилимда ўрнашиб қолди.
Тақвим бўйича янги кун бошланишидан олдинроқ, ўғлим “Тез ёрдам” чақириб, мени уйга олиб кетди.
Дўхтирларнинг хаёлига келмаган нарсалар.

1. Сунъий нафас олдирадиган аппаратнинг иккита митти найчаси бурун катакларига кириб, дастлабки кислородни бериб туришини юқорида айтган эдим. Чамаси бир ҳафта ётганимдан кейин, хаёлимга бир фикр келди: найча атрофларини қатқалоқ босиб кетмаганмикин? Ниқобни аста ечдим, митти найчаларни чиқардим ва жимжилоғимни бурнимга суқдим: қатқалоққа тўлиб кетибди! Шунда ҳам нафас олса бўлаверар экан-а! Лекин бу нафас чала, тўлақонли эмас, демак даволаш ҳам шунга яраша бўлади. Бурним ичини қийналиб, анча овора бўлиб, тозаладим Шунда, кичкинагина. пластмасса қисқич (пинцет) ишлаб чиқариш керак экан, дея хулоса қилдим.

2. Маълумки,баъзи таблеткалар иккига, уч ва ҳатто тўртга бўлиб истеъмол қилинади. Кроватда ётган беморга ҳамшира дори ичиради. Таблеткани иккига бўлиш осон иш эмас, айниқса, кроват тепасида туриб. Ё таблетка ҳамширанинг қўлидан тушиб кетади, ё ҳамшира санитария қоидаларини бузиб, беморнинг оғзига дорини тиқиштиради. Мен бундай аҳволни кўп кузатдим: ҳамширанинг қўлида қўлқоп, тешигидан бармоғининг учи кўриниб турибди, дорини бир амаллаб ушлаб олган, оғзимги тиқитиради. Бу қўлқоп қаерларга тегмаган, неча марта “анисептик” пуркалмаган, дейсиз. Энди бўлса, мен ютадиган таблеткани маҳкам ушлаб олган!

Таблеткаларни синдириш учун алоҳида, уни беморнинг оғзига солиш учун алоҳида мосламалар ишлаб чиқариш керак.

3. Мен ётган бўлимдаги беморлар кроватидан турмайди, фақат овқат ейиш учун туриб ўтириши мумкин. Юз-қўл ювиш йўқ, ҳамшира ҳўл қоғоз салфетка билан артиб-суртиб қўяди. “Ҳожат” ишлари ҳам кроват устида ёки ёнида бўлади, бу вақтда махсус тўсиқлар билан пана қилинади.
Бу ишларни санитарлар бажаради. Мен санитар йигитлардан миннатдорман, уларнинг меҳнати ҳар қанча таҳсинга сазовор, лекин овқат идишларга қўл уришлари тўғри эмас, деб ўйлайман, врачлар эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаяптилар.

4. Баъзи беморлар ниқоб билан ётган ҳолда қаттиқ йўталади, нафас йўлларидан, ўпкадан ажралиб чиққан балғамни эса, ютиб юборади. Коронавирус билан зарарланган одамнинг ўпкасидан аввалига қизғиш балғам келар экан, ўпка тўқималари аралашган бўлса эҳтимол. Бундай балғам тугагач, рангсиз балғам келар экан. . Врачлар балғам ютишга эътибор бермайдилар. Ахир балғам ютадиган нарса эмас-ку! Дўхтирман деган одам наҳотки шунга бефарқ бўлса?!

Битта кроватда ётган ҳолда топган масалаларим шулардан иборат, касалхонанинг ишларини яхшилаб ўрганилса, тоғдек-тоғдек масалалар, муаммолар кўриниши тайин.

Манба: Қудрат Дўстмуҳамедовнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

067Taqdir taqozosi bilan sakson yoshimda Covid-19 virusi bilan ogʼrib, oktyabr oyining 25 kunini kasalxonada oʼtkazdim…Bu gaplarni yozishimdan muddao, uzoq vaqt kasalxonada yotib koʼrganlarim, sezganlarim, aqlim yetgancha mulohazalarimni bayon qilsamu, bu gaplar keyingi bemorlar uchun ijobiy natijalar bersa!

COVID-19 KАSАLXONАSIDА KOʼRGАN-KECHIRGАNLАRIM
Qudrat Doʼstmuhammad
professor, Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi


Taqdir taqozosi bilan sakson yoshimda Covid-19 virusi bilan ogʼrib, oktyabr oyining 25 kunini kasalxonada oʼtkazdim.. Vrach yana 3-4 kun yotishingiz kerak, deganiga qaramasdan, chiqib ketib, davolanishni uyda davom ettirdim, hozir, alhamdililloh, ahvolim ancha yaxshi, noutbukimni ochib, ishlay boshladim.

Bu gaplarni yozishimdan muddao, uzoq vaqt kasalxonada yotib koʼrganlarim, sezganlarim, aqlim yetgancha mulohazalarimni bayon qilsamu, bu gaplar keyingi bemorlar uchun ijobiy natijalar bersa!

Sunʼiy nafas apparati. Yangi kelgan bemorga, garchi u hushida boʼlsa ham, na vrach, na hamshira dalda beruvchi birorta gap aytishmaydi, apil-tapil ogʼzi-burniga plastmassa niqobni taqib, sunʼiy nafas oldiruvchi apparatni ulab, shunday tashlab qoʼyishadi.

Bu niqob koʼchada taqib yuriladigan mato niqobga shaklan oʼxshaydi, lekin ichidagi kislorodni tashqariga chiqarmaydi (chiqarmasligi kerak!). Uni taqishdan oldin bemorning burun kataklariga uzunligi 1 smkeladigan ikkita mitti naycha orqali kislorod berib turadigan uzun naycha ulanadi. Uning bir uchi sunʼiy nafas apparatiga ulangan boʼlib, bemor qanday ahvolda boʼlishidan qatʼi nazar, kislorod berib turadi. Bu havo katta yoshdagi odamlarga xiyol kamlik qilishi mumkin, shuning uchun niqobni birinchi marta taqayotgan paytda qarshilik koʼrsatishadi, baʼzi bemorlar “Meni oʼldirib qoʼyasizlar!” deya dod soladi. Hech kim bemorga tushuntirmaydi, kuch ishlatib, yotqizib qoʼyshadi. Аgar u niqobni yechib tashlaydigan boʼlsa, qoʼl-oyoqlarini bogʼlab, hatto ovozi chiqmaydigan qilib, oʼrab-chirmab tashlashadi. Vaholanki, ahvol bemorga yotigʼi bilan tushuntirilsa, “olam guliston” boʼlardi, hamma bemorlar rozilik, mamnunlik bilan niqobni taqqan, sakson yoshga kirgan janjalkash kampir ham oxirigacha davolanib chiqqan boʼlar edi (kampirning dodlagan ovozi uch kun uzoq-uzoqlardan eshitilib turdi, keyin tindi, uyiga joʼnatib yuborishdi, shekilli?).
Аpparatning bemorga tushuntiradigan zarur joyi bor. Masalan, ikkita mitti naycha burun ichiga kislorod bera boshlagandan soʼng, havo beradigan ikkinchi sistema ishga tushadi va bu havo miqdori katta yoshdagi odam uchun ham yetib ortadi. Ikkinchi sistema haqiqiy sunʼiy nafas oldirish boʼlib, bunda murakkab apparat, yuragi toʼxtab qolgan odamning ogʼziga ogʼzini jipslab, havo yuborayotgan haloskor vazifasini bajaradi, yaʼni plastmassa niqobning ichiga kislorodni uzib-uzib, purkab turadi. Natijada, bemor burun kataklariga kiritilgan naychalar orqali olayotgan ozgina kislorod ustiga koʼp miqdorda havoni majburan ola boshlaydi. Koʼpligidan, niqobning ostidan tirqish topib, tashqariga chiqib ketaveradi, bemorning yuzini sovitib yuboradi. Men bunday vaziyatga koʼp tushdim. Birinchi marta, vrachni chaqirdim (ovozim tashqariga chiqishi uchun niqobni yechmasdan biroz choʼzdim, tirqish hosil boʼldi) va unga “”Niqob ostidagi shamol oʼpkamni uchirib yuboray deyapti!” – desam, gapimni tushunmadi, koʼzlarini pirpiratdi. Shunda gapimni oddiyroq ifodaladim: “Bu shamol menga koʼplik qilayapti” – dedim. Vrach “Ha, shundaymi?” – dedi-da, kislorod oqimini pasaytirdi. Shundan keyin koʼzim uyquga ketibdi.

Kelirilgan mana shu bitta misolning oʼzida koʼplab masala bor: nega ikkinchi sistema ortiqcha kislorod beradi, axir u bemorni bezovta qilmasligi va tashqariga tarqab, isrof boʼlmasligi kerak edi-ku! Demak, apparatni bemorga bexato ulash kerak! Gap aylanib, vrachlar, hamshiralarning malakasiga, kasbiga sodiqligiga, intizomiga, madaniyatiga borib taqaladi. Vrachlarni aytmayman, lekin hamshiralarning birontasi ham niqobni toʼgʼri taqolmaydi, nuqul sovuq shamol goh yuzimni, goh koʼzimni, goh quloqlarimni “muzlatib” tashladi.

Hamshiralar. Kasalxonadagi hamshiralarni “malakasiz” deyish juda kamlik qiladi. Bemorga mehr-muruvvat, kasbga sadoqat, odamgarchilik, insof-adolat, madaniyat,… hammasi biri-birini sudrab chiqarib, oʼrtaga chiqadi.

Kasalxonaga tushgan kunimning ikinchi kechasi uyqugaa ketgan ekanman, gʼala-gʼovurdan uygʼonib ketdim. Hamshiralar dahanaki jang qilishayotgan ekan. Oʼsha atrofda turgan bir yigitni imlab chaqirdim. Yonimga kelib, “Ha, doda, nima kerak?” – dedi. Xizmatinglar uchn rahmat-ku, lekin qattiq toʼpolon qilar ekansizlar” – dedim. “E, doda, hozir” – dedi-da, hamshiralar yonida oʼtirgan vrachning oldiga borib, gapimni yetkazdi. Vrach oʼrnidan turib, pildiragancha karovatim yoniga kelib. “Doda, kechiring, qaytarilmaydi” – dedi va oʼsha davrasiga borib qoʼshildi. Gʼala-gʼovur baribir toʼxtamadi.

Hamshiralarning deyarli hammasi bemorlardan uzoqroq yurishga harakat qiladi, ularning nolasini eshitsa ham, oʼzini bir ish bilan band boʼlib turgandek koʼrsatadi. Mabodo oʼtib ketolmasa, bemor niqob ostidan aytgan soʼzni, gapni ataylab buzib takrorlaydi. Bemor, choy bering, desa, ustizga yana bitta adyol tashlab qoʼyaymi, deb talmovsiraydi. Niqob ostida aytilgan gapni goʼyo eshitmayapti! Niqobini choʼzib turib gapirishni bilmaydigan bemor xunob!

Katta zaldagi yettita krovatdan birida yotibman. Tun allamahal. Elektron tibiiy jihozlarning hammasi ishlab yotibdi, gʼalati ovozlar chiqaradi: “Zegʼo-zegʼo, zegʼo-zegʼo”, “Sha-fiqa, sha-fiqa”, “Far-hod, Far-hod”, … allaqanday, tushunib boʼlmaydigan soʼzlar, jihozlardan chiqayotgan shamollar birlashib, zal ichi guvillaydi, uvillaydi, ixraydi, ingraydi, azob chekayotgan odamlarning ovozi keladi. Bir vaqt hamshira ustimdagi adyolni ochib tashladi, oyoqlarim ustiga ogʼir bir narsani qoʼydi, shalvorimning pochalarini tepaga surdi, koʼkragim, bilaklarimni ochdi, sovuq suv bilan artdi. Tushundimki, elektrokardiogramma olmoqchi. Oyoqlarimga botib, ogʼritayotgan narsa EKG apparati ekanini sezdim. Uning tugmalarini aniq bir nuqtaga yopishtirish kerak, aks holda kardiogramma bermaydi, bersa ham notoʼgʼri koʼrsatadi. Hamshira tugmalarni qadadi va birin-ketin, shosha-pisha joylarini almashtirishga tushdi. Аpparatni bir amalllab tirillatdi-da, tugmalarni yechib, simlarni yigʼishtirdi, meni esa ochilgan-sochilgan holda tashlab ketmoqchi. Xavotirim shamollab qolishdan. “Ustimni yoping!” – desam, “Hozir, mana bularni joyiga oborib qoʼyay!” – dedi, lekin noiloj chala-chulpa yopdi. Shu hamshira bir necha kundan keyin vrach bilan birgalashib yana EKG oldi. U apparatni ishlatishni bilmasligini vrachning oʼzi koʼrdi, “Shundan ekan, naga bu ishga kirdingiz?”- deya malomat qildi.

Men koʼrgan yigirmaga yaqin hamshiradan 2-3 nafari igna bilan tomirga tusha olar ekan, boshqalari mushaklar ichiga ignani “poʼrt” etib sanchadiyu, shpritsni, iloji boʼlsa, tizzasi bilan bosadi! “Oʼtiradimi, choʼzili-ib, dori tezroq ketsin-da!” Baʼzi hamshiralar tomirdan qon olish yoki dori yuborish uchun bilakni rezinka “jgut” (rezina ichak) bilan bogʼlab qoʼyadi-da. tashqariga chiqab qandaydir ishini bitirib keladi, bemor esa, ogʼriqqa chidab yotishi kerak ekan.

Dastlabki kunlarning birida bir vrach va bir hamshira tomirimga kateter qoʼymoqchi boʼlib, ikki qoʼlim va oyoqlarimning tomirlarini ilma-teshik qilib tashlashdi, uddalay olishmadi, shu yoshga kirib, biron marta “Ix!” demagan odam, dod devordim!

Men umrim davomida mayyitlarni yuvib, kafanlash marosimida koʼp ishtirok etganman. Shunda kasalxonadan kelganlarni ham koʼrganman, ularni badanida ignalardan qolgan momataloqlarni koʼrib. “Yo, Olloh, shunday ahvolga tushishdan Oʼzing asragin!”- deya iltijolar qilganman. Uyimga ketishim aniq boʼlib qolgan paytda oʼzim oʼsha ahvolga tushgandim: ikki qoʼlim, barmoqlarimdan tirsagimgacha, ikki oyogʼimning toʼpigʼi atrofi, ikki yonboshim, qornim (kindik atroflari) koʼm-koʼk, momataloq! Ollohning marhamati bilan oʼlmagan edim, xolos.

Qon. Kasalxonada 25 kun yotgan boʼlsam, har tongda, soat, taxminan olti atrofida bir hamshira kelib qon oladi.Аvval, barmogʼimni teshib, shisha plastinkaga qon surkaydi, keyin, tomirimdan bir shprits (koʼz qirimni tashlasam, hajmi 10 sm kub) oladi. Hech qanaqa eʼtiroz qilmayman, tushunaman, kasallikni tekshirish uchun kerak-ki, oladi. Lekin nima uchun har tongda, bir kunni kanda qilmasdan oladi? Shu savol hech xayolimga kelmabdi. Keldi, lekin juda kech, uyga ketadigan kunim keldi. Аxir, har qanday pahlavon odamdan shunaqa muntazam tarzda qon olib turilsa, tez kunda oyoqda turolmaydigan boʼlib qoladi-ku! Men esa, allaqachon oyoqda turolmasdim.

Davolovchi vrachlardan uyga ketishim haqida xushxabarlarni eshitib turar edim, men moʼljal qilgan kun, nonushta vaqtida vrach, qoʼshimcha yeydiganlar boʼlsa, beringlar, deb hamshiralarga buyruq qildi. Men ikkinchi kosa kashani ham yedim. Nonushta tugagach, qon oluvchi hamshira bilagimdan 10 smkub qon oldi. Oradan yarim soat oʼtib, yana bir marta olishim kerak ekan, dedi. “Ikki kosa kasha yeganim uchunmi?” – dedim. “Oʼgʼlingiz kelgan, qonni analiz qilish uchun falon joyga olib borishi kerak, kechiktirmaylik”, – dedi (Nima uchun oʼgʼlim qonni analiz qiladigan joyga olib borishi kerak ekan?). Oʼgʼlim kelganini eshitib, qoʼlimni itoatkorona tutdim, tomirlarim yana 10 sm kubga boʼshadi. Biroz vaqt oʼtgach, hamshira yana qon olaman, olganlarim kamlik qilayapti” – dedi. Endi, eʼtiroz qildim, janjal koʼtardim, lekin noiloj edim. “Oling! Hamma qonimni soʼrib oling!” – dedim. Hamshira uchinchi marta igna sanchdi, lekin istaganicha ololmadi. Tomirlarim qon bermadi, butun vujudim – Olloh yaratib qoʼygan vujudim qonxoʼrlarga qarshi isyon qilayotgan edi. Hamshira olganicha oldi, “Toʼla ololmadim” – deya nolidi. Shunda tepamizda turgan vrachlardan (negadir bir necha vrach kelib turgan ekan) bitta baquvvati “Menga bering” – deb ignani qoʼliga oldi va “Qaeringizdan olay”- deb menga murojaat qildi. “Boshimni teshib oling! Tomirimni qirqib oling!” – dedim. Vrach toʼpigʼim ustidagi yoʼgʼon tomirga igna sanchdi, Har qancha baquvvat boʼlishiga qaramay. u ham keragicha olomadi. Hullas uchinchi oʼn kub chala qoldi, qonxoʼrlar noiloj zugʼumini toʼxtatdi. Tong soat oltilardagi oʼn sm kubni hisobga olganda 30 sm kubdan ortiq, 40 sm kubdan kamroq qon berdim. Yigirma besh kun yotib, jami 280 sm kubga yaqin qon topshirgan, sillasi qurib tirik gavdasi qolgan, oyoqda turolmaydigan sakson yashar cholning tirik gavdasi qalt-qalt qilgancha qoldi. Bitta keksa odam uchun bu raqamlar koʼplik qilmaydimi, umuman, qon olishda meʼyor degan narsalar yoʼqmi?

Keyin bilishimcha, oʼgʼlim qonni olib, aytilgan joyga boribdi, kun boʼyi ovvorai-sarson boʼlib (kimga qancha pora bergani menga qorongʼi) analiz javoblarini tunda, soat oʼnga yaqin keltirib berdi. Oʼgʼlimdan, “Nega qonni analiz qilish uchun sen yugurishing kerak?” – desam, “Doʼxtir aytdi, yurakda infarkt alomati bormi, yoʼqmi, qonni analiz qilish kerak ekan” – dedi.

Аna xolos! Otam uchun deya, har qanday safsataga ishongan, yulgʼichliklarga rozi boʼlavergan-da! Shovvoz vrach boʼlsa, yurakda infarkt alomati bor-yoʼqligini EKGdan emas, qon analizidan aniqlash yoʼlini topgan boʼlsa, Nobel mukofoti berish kerakdur, balki?

“Qon bu kasalxonada biznes predmeti boʼlib qolgan ekan-da?” degan shubha dilimda oʼrnashib qoldi.
Taqvim boʼyicha yangi kun boshlanishidan oldinroq, oʼgʼlim “Tez yordam” chaqirib, meni uyga olib ketdi.
Doʼxtirlarning xayoliga kelmagan narsalar.

1. Sunʼiy nafas oldiradigan apparatning ikkita mitti naychasi burun kataklariga kirib, dastlabki kislorodni berib turishini yuqorida aytgan edim. Chamasi bir hafta yotganimdan keyin, xayolimga bir fikr keldi: naycha atroflarini qatqaloq bosib ketmaganmikin? Niqobni asta yechdim, mitti naychalarni chiqardim va jimjilogʼimni burnimga suqdim: qatqaloqqa toʼlib ketibdi! Shunda ham nafas olsa boʼlaverar ekan-a! Lekin bu nafas chala, toʼlaqonli emas, demak davolash ham shunga yarasha boʼladi. Burnim ichini qiynalib, ancha ovora boʼlib, tozaladim Shunda, kichkinagina. plastmassa qisqich (pintset) ishlab chiqarish kerak ekan, deya xulosa qildim.

2. Maʼlumki,baʼzi tabletkalar ikkiga, uch va hatto toʼrtga boʼlib isteʼmol qilinadi. Krovatda yotgan bemorga hamshira dori ichiradi. Tabletkani ikkiga boʼlish oson ish emas, ayniqsa, krovat tepasida turib. Yo tabletka hamshiraning qoʼlidan tushib ketadi, yo hamshira sanitariya qoidalarini buzib, bemorning ogʼziga dorini tiqishtiradi. Men bunday ahvolni koʼp kuzatdim: hamshiraning qoʼlida qoʼlqop, teshigidan barmogʼining uchi koʼrinib turibdi, dorini bir amallab ushlab olgan, ogʼzimgi tiqitiradi. Bu qoʼlqop qaerlarga tegmagan, necha marta “aniseptik” purkalmagan, deysiz. Endi boʼlsa, men yutadigan tabletkani mahkam ushlab olgan!

Tabletkalarni sindirish uchun alohida, uni bemorning ogʼziga solish uchun alohida moslamalar ishlab chiqarish kerak.

3. Men yotgan boʼlimdagi bemorlar krovatidan turmaydi, faqat ovqat yeyish uchun turib oʼtirishi mumkin. Yuz-qoʼl yuvish yoʼq, hamshira hoʼl qogʼoz salfetka bilan artib-surtib qoʼyadi. “Hojat” ishlari ham krovat ustida yoki yonida boʼladi, bu vaqtda maxsus toʼsiqlar bilan pana qilinadi.
Bu ishlarni sanitarlar bajaradi. Men sanitar yigitlardan minnatdorman, ularning mehnati har qancha tahsinga sazovor, lekin ovqat idishlarga qoʼl urishlari toʼgʼri emas, deb oʼylayman, vrachlar esa bu haqda oʼylab ham koʼrmayaptilar.

4. Baʼzi bemorlar niqob bilan yotgan holda qattiq yoʼtaladi, nafas yoʼllaridan, oʼpkadan ajralib chiqqan balgʼamni esa, yutib yuboradi. Koronavirus bilan zararlangan odamning oʼpkasidan avvaliga qizgʼish balgʼam kelar ekan, oʼpka toʼqimalari aralashgan boʼlsa ehtimol. Bunday balgʼam tugagach, rangsiz balgʼam kelar ekan. . Vrachlar balgʼam yutishga eʼtibor bermaydilar. Аxir balgʼam yutadigan narsa emas-ku! Doʼxtirman degan odam nahotki shunga befarq boʼlsa?!

Bitta krovatda yotgan holda topgan masalalarim shulardan iborat, kasalxonaning ishlarini yaxshilab oʼrganilsa, togʼdek-togʼdek masalalar, muammolar koʼrinishi tayin.

Manba: Qudrat Doʼstmuhamedovning feysbukdagi sahifasidan olindi

045

(Tashriflar: umumiy 168, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring