Alisher Narzullo. She’rlar & She’r xususida

0_159b9a_637f99d5_orig.png    Шеър чинакамига руҳий ҳодиса. У қачон, қандай юз беради, эҳтимол, бир оз мушоҳада, тасаввур қилиш мумкиндир, аммо у то қоғозга тушгунгача бўлган жараённи тўла-тўкис изоҳлаб бериш…..

Алишер НАРЗУЛЛО
ШЕЪР ХУСУСИДА
02

 769627.jpg  Шеър чинакамига руҳий ҳодиса. У қачон, қандай юз беради, эҳтимол, бир оз мушоҳада, тасаввур қилиш мумкиндир, аммо у то қоғозга тушгунгача бўлган жараённи тўла-тўкис изоҳлаб бериш…

Менимча, бу ғайри имкон, чексиз ва бесамар машаккатга ўхшайди. Шеър ҳақидаги энг пухта ва пишиқ ёзилган ва эътироф этилган “ҳукм”лар шеър берадиган кайфиятнинг лоақал бир заррасини бера оладими, ё беряптими?

Шундай бўлса-да, кимматли вақтларини аямай бу жараённи аниқ-тиник изохлаб беришга уринаётганлар, даста-даста изоҳномалар ёзганлар бор… ва бўлганда кандай!

Аммо савол очиқлигича қолади:
— Шеър нима?

Ҳаркалай, шу нарса аёнки, шеър маълум бир сўзлар ҳосиласидан иборат қурилма эмас.

Унинг асосида нима ётади?

Сўзми?

Сўзнинг ўзи алоҳида ҳодиса, аммо у зинҳор шеър эмас. Сўз руҳ оламида сочилиб ётган кўзга кўринмас ҳодисотларни тартибга соладиган ва коғоз юзига муҳрлайдиган восита. Йўқ. Шеърнинг ўзаги — бу Сўз деб билувчилар унга “сиғиниш” ўрнига илон ўйнатувчи сеҳргардай сўзни хўрлаб, истаганча юкни унга ортмоқлашга уринишади. Натижада сўз хачирга айланиб, “эгаси” елкасига ташлаган бир қоп тезакми ё хашакни кўтаришга мажбур бўлади. Шу тариқа  шеърлар, бутун бошли шеър мактаблари, борингки, “адабиёт”лар юзага келади, келяпти ҳам.

Бир парча коғоз ва қалам бўлса, кифоя… тўйхонада ўтириб шеърни қойиллатадиган тоифалар бор. Шоирлик, адиблик даъвоси шунга яраша. Сўзни думидан тутганча узиб-юлқиб ўзи ҳам, ўзгаларни ҳам завклантираётганлар кўпайиб бормокда. Ана шундай кавмлар тимсолида сирли Калом ўз тароватини йўқотиб қўймокда. Мутлақ руҳий жараён-ҳодиса бўлган шеър бирда шундай жўн нарсага айланиб қоляптики, э воҳ, дейсан, холос. Бир замонлар Ҳазрати Жаброил сўнгги пайғомни ерга келтиргач, осмон эшиклари тақа-тақ ёпилганидек, илоҳий руҳга йўғрилган, кўнгилларни яйратадиган шеърлар тансиқ бўлиб қолди. Кимнинг ёқасидан оласиз?..

Шўрлик шоирда не айб?

Ахир у замондан орқада қолмай, туну кун ёзяпти- ку!

Кейин, жўнлашаётган бир уми? Қолаверса, осмон қопқалари ёпилгани қачонлар эди.

Алишер НАРЗУЛЛО
ШЕЪРЛАР
02

***

Кетсанг,
бу Хўжандда

адашгум буткул,Ashampoo_Snap_2017.07.01_15h15m04s_003_.png
куз
юпун кўксимни
кетар пичоқлаб.
Дил ёниб,
ўртада совиб қолса кул,
мен кейин
кимларни йиғлай қучоқлаб.
Хазоним бағримда
титраса мурдор,
япроқлар
изимдан оқа бошласа
ва
мени яланғоч дарахтга боғлаб
еллар “ сенми?” дея
ёқа бошласа –
кетма!..

Кофарниҳон

Тушларимга кирибсан кеча,
ўзанингни топибсан, дарё.
Тоғу тошни ларзага солиб,
ҳамон оқиб ётибсан, дарё.

Тўлқинларда барги хазонлар,
тоғлар дардин олибсан, дарё.
Ҳамма кетиб улкан кенгликда,
бир пок ўзинг қолибсан, дарё.

Узоқ кездим қумлоқ – соҳилни,
ҳайрон қолдим, нетибсан, дарё?
Мен ахтарсам болалигимни,
сен оқизиб кетибсан, дарё.

***

Чанг йўлларни соғиндим, қишлоқ,
пода қайтар, кўкда аччиқ бир алам.
Мен кимнидир излаб чиққандим,
ширин орзу, о, рангин олам!

Кетдим,
алдаб улгурмади ҳали кенг шаҳар,
кунларни гоҳ қувиб етаётирман.
Чорак аср бўпти ортга қарасам,
мен ҳамон қайгадир кетаётирман.

Эски қўшиқ

О. га

Орзу, Орзу…
Сумбул-сунбул сочларингдан,
булоқ каби шаффоф-шаффоф тонг отган пайт,
(алдамаган, алданмаган кўзларингдан)
онанг каби паришонҳол қишлоққа қайт.
Орзу, Орзу…
Сунбул-сунбул сочларингдан.
Қаноат, дилга ёт.
Шукр, дилга ёт.
( нафс – умр устида қурилган дор-а)
Ўзингни қайси бир эшикка урма –
йўқ чора,
йўқ чора, йўқ чора.
Бунда, шаҳар кўрган эчкилар
маданиятин намойиш қилар.
Орзу – қишлоқи қиз, ўқиб нима қиласан?
Икки карра икки – беш…
бунда гапинг бировга ўтмаслигинг яхши биласан.
“Беш йиллик умринг бекор ўтмайди…”
Поезд кетиб қолар, етишинг керак.
Фақат,
кимлар ор,
кимлар номусини ташлаб кетган
манов кўчаларда,
вақт келар,
Сен ҳам нимангнидир ташлаб кетишинг керак…

***

Бир тутам нур кўринган маҳал,
бир тутам ғам кўринди осон.
Ёлғизгина ҳақ сўз қошида,
базм қурди кўпдан-кўп ёлғон.

Занг босмади қиличларни ҳеч,
ортаверди эгилган бошлар.
Юракларга чўка бошлади,
манглайларни қонатган тошлар.

Кечирилиб бўлган гуноҳлар,
қилиб бўлмас энди хатони.
Ким танимас Оллоҳни ахир,
ким унутган Одам Атони?..

***

Хазонларнинг заъфар жуссасин,
ер
бағрига чорлаган чоғда –
Бир қарғадан бошқа жонзотни,
кўрмоқ мушкул бўлди бу боғда.

Совуқ оқшом эдими, алҳол
еллар боғни тарк этган они –
Ким ўзидан кечиб бир лаҳза,
соғинади олис самони?..

Осмон эса юлдузларини,
тўкар кузнинг кенг боғларига.
Ўлгиси ҳеч келмаган одам,
сиғмас ернинг қучоқларига.

Шояд яқин қолган у кунга,
садо келмас лек уёғлардан.
Менинг эса кетгим келмайди,
куни битган кузги боғлардан…

Бухоро. Қасри Орифон

Бир қадимий оҳанглар оқди,
томирларда потирлади жон.
Ғариб гўша кўнглимни ёқди,
кўзларимда ёнди ҳаяжон.

Осмонларга яқин ул макон,
қошида мен ел бўлиб елдим.
Шивирладим: Оллоҳга шукр!
излаб-излаб охири келдим.

Чўккаладим қабр қошида,
жим ўзимни сизлай бошладим.
Дунё нима?
Тириклик нима?
Мен ўзимдан излай бошладим…

Шавкат Раҳмонга

Шовуллаган бир боғ эди бу –
яшил ўтлар унган пойига.
Ой чўмилиб кетарди ҳар тун,
шишадек пок, тиниқ сойига.

Узилмасди бундан қадамлар,
тор келарди энг кенг йўлаги.
Ҳар қадамда меҳр ҳам қайғу,
ва юракнинг минг бир бўлаги.

Айқаш-уйқаш бўлиб кетарди,
тирикликнинг ўкинч, зардаси.
Фақат, шундан кўтариларди,
энг чиройли тонглар пардаси.

Букун боғда ҳукмрон кузак,
видо айтар ҳар бир япроғи.
кўнгилнинг бир бўлаги ётар,
бир ёғида эски ямоғи.

Гарчи, ҳамон оқиб ётар сой,
ҳамон мағрур сукут унлари.
Ой негадир бурунгидекмас,
чўмилмайди келиб тунлари.

Энди, бу боғ, энди бу кенглик –
бир ошиқнинг унут тушлари.
Энди, унга қайтиб келмайди,
ташлаб кетган унинг қушлари…

***

Ярим тун,
йўлакда йиғлади биров –
яланғоч дарахтга
кўксини тираб.
Кимнидир, кимнидир
соғинди узоқ,
умрини яшаган баргдек
қалтираб.
Ярим тун.
Ярим тун.
Эшикка чиқдим.
Чақмоқ чақиб,
аччиқ йиғларди осмон …
Ва кимдир,
ва кимдир
кетиб борарди,
даҳшатга айланган
мангулик томон…

***

Эй, Гул, сенинг бағрингда оқшом
шамоллар ҳам бир зум тўхтайди.
Нега қайғу шодлик ортидан
ортса ортди, лек камаймайди.

Япроқларинг нега кўп ларзон?..
азобларинг болдаймас – тахир.
Нега сендан юз буриб кўп бор,
нега сени суйдим мен, ахир?..

***

Ер уйғонди, бунчалар гўзал
ёмғир ювди қиру далани.
Бу туманли, ҳарир саҳарда
дили ёруғ, қаранг, ҳаммани…

Булут, сенга раҳмат, дедим мен,
баҳор, сен ҳам хуш келдинг, қани…
Қорлар ёғиб из босилганда,
эсга солдинг, қара, ҳаммани…

Мусофирликда

Уч ойларда унутдим аниқ
қанақадир соғинчнинг ранги.
Юрак увишади совуқдан
дил титради янгидан янги.

Тонг отади кўрмадим бир бор,
кун ўрмонга чўкканга ўхшар.
Юз йилларким бу ботқоқларга
меҳр қўйиб кимлардир яшар.

Аммо, менга нима, мен кимман? –
эй, чанг йўллар, келинг буёққа.
Ўликни ҳам эплаб кўммаган
келиб қолдим мен қаёқларга?..

***

Ногоҳ ўзни йўқотдим мен
бўзим қани,
бўзим қани?..
Қоқилдиму қотдим, э воҳ,
кўзим қани,
кўзим қани?..
Тил танглайга ёпишдими
сўзим қани,
сўзим қани?..
Бу тириклик, бу рўзғорга
тўзим қани,
тўзим қани?..
Кофарниҳон, мен бағрингга
қайтсаммикан,
қайтсаммикан?..
Дардларимни ёлғиз сенга
айтсаммикан,
айтсаммикан?..
Тентирайман бу кеч кузда
устим юпун,
устим юпун?..
Ёлғиз эмас эдим-ку мен
қоронғи тун?
қоронғи тун?..

***

Хазонлардан ғам сўраган
хаёлларга қуллуқ, қуллуқ.
Қаро тундан шам сўраган
аёлларга қуллуқ, қуллуқ.
Дилдан қўрни ўчирмаган
кунларимга қуллуқ, қуллуқ.
Кимлигимни айтолмаган
унларимга қуллуқ, қуллуқ.
Жон кирибди, шукр, ўрик
гуллаяпти қуллуқ, қуллуқ.
Наҳот, баҳор мени таниб
чорлаяпти, қуллуқ, қуллуқ…

***

Гуллаши мумкин, оҳ, бодомлар,
тоғларнинг бошида ҳали қор.
Бир енгил шаббода эсади,
қайдадир бир кўнгул йиғлар зор.

Бодомлар гуллади ўнгурда,
сен ғамгин ўйларга ботибсан.
Илонлар ғимирлай бошлаган
заминда нега жим ётибсан?..

***

Йўл йироқ, шул кунғача етдим, мана,
Эй сабо, ул ғунчага етдим, мана.

Эй гулу гулзорлар, маъзур тутинг,
Кўксими таҳ-таҳ қон этдим, мана.

Куз яқинлашмай бу сокин боғдин,
Тоғлара бошим олиб кетдим, мана.

Бир хазонсиз гул ишқида ғариб,
Хотиротлар еб борур, нетдим, мана.

Ким мени излар бу овлоқ гўшадин,
Алвидо, деб бош олиб кетдим, мана…

***

Оломон тўпланган, жам кўринади,
Ўртада нима бор, кам кўринади.
Билмайман, бугун ҳам, негадир,
Ғамнинг орқасидан ғам кўринади…

***

Унга жанггоҳ керак, лек, жанг керакмас,
Ҳаром луқма керак, лек, тан керакмас.
Сафсата сотади Ватан ҳақида,
Унга тинчлик керак, Ватан керакмас.

***

Яширди, кўздаги намини кўрдим,
тупроқнинг бир совуқ дамини кўрдим.
Кеча терак бўлган анов тобутда
мен бугун дунёнинг камини кўрдим.

***

Ой – овчининг кўҳна қайиғи,
сузиб келар,
кетмоқдами ё ?
Бор – будига қўшилиб ҳозир,
кўзларимга йиқилар дунё.
Мен соғиндим –
буюк сокинлик,
энг хушбўй ва муаттар гулни.
Тупроқ айтсин,
миллионлаб кўрган,
менга ўхшаш вафодор қулни.
Яна бир кун ортда қолар, воҳ—
қовжираган боғларда гулим.
Уйқу ғолиб келади, мана,
Уйқу, ахир, уйқу, бу – ўлим.
Ло илоҳа…
инграйди вужуд,
ҳақиқат – шу, мен тонармидим.
Кўз юмаман, билмайман, ахир,
саҳар қайтиб уйғонармидим?..

***

Эй дил, эй дил, мен истаган дунё қани?
Бир парча ер – Онадўли, Кўнё қани?

Балх тупроғи бир муаттар ис таратур,
Кечиб ўтай дейман, Жайҳундарё қани?

Дил осмони ёришгайму ғуборлардан?
Порлагувчи нур, мунаввар зиё қани?

Шамолларнинг оғушига бедор, эй, боғ
Нурга чўмган ул сеҳрли қиё қани?

Мен Бобурнинг ватанидан йўлга чиқдим,
Жалолиддин Румий деган дунё қани?..

***

Етиб борар одамлар,
кетиб борар одамлар.
Елкасида хуржуни,
нетиб борар одамлар?

Фасллар кетиб борар,
асллар кетиб борар.
Бу оломон бир куни,
қайгадир етиб борар.

Осмонда малоиклар,
ерда темир совутлар.
Елкаларни соғинган,
терак бўлган тобутлар.

Ҳар бир қадам, ҳар бир сўз
гумбурлаган ўқ энди.
Фақат, бир кун ортингга
қайтишга йўл йўқ энди…

***

Ҳали борлиқ ётар уйқуда,
ой тоғларнинг ортида ҳали.
Бир зўр кун бор, ёруғдир жуда,
қачонлардир келади гали.

Ҳозирча, тун,
шарпалар тинган.
ит – жимликнинг тирик юраги.
Бир жуфт нигоҳ –
кўринармикин,
ит пойлаган куннинг дараги.

Қай қўл бугун етар осмонга,
ғам тўкилур дил қоясига.
Ва негадир, ит ҳура бошлар,
ой нурида ўз соясига.

Даштга кўчар нурлар лашкари,
ёғдуларни ютиб бўлмайди.
Ит занжирда,
борлиқ уйқуда,
Тунни, ахир, тутиб бўлмайди…

***

Бобом терак экди ҳовлида,
баҳор эди, гуркираб ўсди.
Теракзорлар оралаб майин,
бир эпкин, бир шамоллар эсди.

Момо қуёш йўлин тўсарди,
бирам мағрур ўсарди терак.
Бола эдим, ўйладим бобом,
ундан уйми, тикласа керак.

Бир кун қочди бобомнинг тоби,
деразага ғамгин боқарди.
Ниманидир сезгандир момом,
ранги ўчди, ранги оқарди…

Шовулларди олтин япроқлар,
Билмам, шамол қайдан эсарди?
Бобом эккан теракни саҳар,
ён қўшнимиз келиб кесарди.

Момом шўрлик мунғайиб қолди,
тилкалади юрак-юракни.
Эл елкада кўтариб кетди,
бобом билан ўша теракни…

Робияи Адвия

1

Ул ғамгин кўзларга кўмилган тупроқ,
акс этмас Иблиснинг кофурий рақси –
Денгиздек чайқалур ҳар қирғоғида,
ширин ва ёлғончи дунёнинг акси.

Машойихлар, секин йиғинг этакни,
на сир қолди бунда, чок-чок ришталар.
Ўрнингиздан туринг, жой беринг, эй, шайх,
кириб келишяпти пок фаришталар.

Садоқатли азоб, садоқатли жон,
нафснинг гарданидан юлмоқда, қаранг –
Оллоҳга етишмоқ бўлган бир аёл,
дунёнинг устидан кулмоқда қаранг…

2

Не-не пайғамбарлар, не-не авлиёлар,
чекдилар қанчалар азобу озор.
Ҳар қачон бир қарич ер истади дил,
гарданим истади биттагина дор.

Биттагина қабр, бир хароб турбат,
ва ризвон бўйини келтиргувчи ел…
Бул ошиқ кўнгилни бир салқин саҳар
ўзингга чорладинг ва дединг-ки, кел…

Кўзларимдан оққан севинч ашклари
ювди ҳар қадамда ҳасад, кирларни.
Ўзинг билардинг-ку, не учун яна
қабрга жўнатдинг фаришталарни?!

***

Куз келди, хазонлар ларзон йиғлади,
Бир мунглуғ азонлар арзон йиғлади.

Эй, сенми – ғамхона, дайри бевафо,
Умрдан энг ширин онлар йиғлади.

Ғунчани билмасдан босдим саҳрода,
Қумларга сочилиб қонлар йиғлади.

Дунёнинг охири, боши қайдадир,
Кундага бош қўйиб жонлар йиғлади.

***

Кўк букун кўз ёшидек, уммонга ўхшайдур, кузак,
Умрнинг боқийлиги гуммонга ўхшайдур, кузак.

Боққа чиқдим, бир хазон бошимга тушди, воҳ, саҳар
Дунёси кўзимга бир сомонга ўхшайдур, кузак.

Ибтидо бор, интиҳо бор, бир ўлим ҳар бошда бор,
Бандалик ҳам аслида меҳмонга ўхшайдур, кузак.

Ям-яшил боғлар ичинда кўрмадим мен бул саҳар,
Сўнгги бор субҳи сабо елғонга ўхшайдур, кузак.

Бу ҳаёт не? Не дер эрдим – бори бўлса ўтгучи,
Умрнинг шомимикин келғонга ўхшайдур, кузак…

ТЎРТЛИКЛАР

1
Яшил ўтлар унар қирмизи қондан,
дунё ёришади музаффар тонгдан.
Жаннат исларини туяди кўнгил,
пастқам томлар узра келган азондан.

2
Кесакдан сўрагин, дарди бормикин,
япроқлардан сўра, зарди бормикин?
Одамлардан сўра, ушбу дунёнинг,
поёнига етган марди бормикин?

3
Эй субҳ, кўкда не гап, нима гап ойда,
майса кўкарурми бу овлоқ жойда?
Аввалу охирнинг маъниси надур,
наҳотки, ҳамма гап бир парча лойда?..

4
Умр не, ким билар, недир оқибат,
азоб нима, не ғам, нимадир кулфат?
Бир нарсага ақлим етади мени –
тириклар кутишиб турибди навбат.

5
Эй шохдаги сўнгги япроқ, хайр, хайр,
юракдаги мудроқ – титроқ, хайр, хайр.
Оёқяланг йўлга чиқдим мен, қаранг,
буёғига йўллар йироқ, хайр, хайр…

6
Қарагин, чорбоғлар ўша-ўшадир,
доғлар ҳам, зоғлар ҳам ўша-ўшадир.
Қабристон кенгайиб кетибди бир оз,
мунғайган тоғлар ҳам ўша-ўшадир.

7
Хира ойдан мен нур сўрадим,
сув сўрадим қақраган сойдан.
Улар жим-жит тургандан кейин,
сен кимсан, деб сўрадим лойдан.

8
Қисирлаб-қисирлаб синди суягим,
вужудим рақс тушди унинг оҳига.
Ёлвориб сўргандим, шамоллар деди:
“ой бу тун қўнади терак шохига…”

9
Қорлар ёғди йўлларимга, курадим,
юрагимни хазонларга ўрадим.
Оқшомлари бу мусофир шаҳарда,
сени ёлғиз мен Худодан сўрадим.

10
Умр саҳросида бир сасмиз, Мирзо,
гоҳ ҳушёр, гоҳида мастмиз биз, Мирзо.
Гоҳ, тошқин бир дарё, гоҳи дарёда
оқиб кетаётган бир хасмиз, Мирзо…

11
Ой каби тўлишган гул юзни кўрдим,
тушларимда фақат ул юзни кўрдим.
Ҳар тонг, эрта туриб, кўзгуга боқсам,
юрагимда қолган бир изни кўрдим.

12
Умр надир – шому саҳардир,
тирикликдан келган хабардир.
Бир тонг боғда ногоҳ бошингга,
учиб тушган япроқдир, баргдир…

13
Шодлик билан ғам-андуҳ аро
кунлар ўтди яшаш қасдида.
Тавба қилай деса тил бормас,
до-од, дер умр чегарасида…

14
Тўпиғини ўпар итларнинг,
амал дея интилар жуда.
Худони ҳам эсдан чиқарди,
ҳаром луқма, нон илинжида…

15
Она тили она тилидир,
оқ бўлсин у бир кун юз бурса.
Ўзга тилда кўнгил бўшатиб
ўз тилида пичирлаб турса…

image.jpgAlisher NARZULLO
SHE’R XUSUSIDA
02

769627.jpgShe’r chinakamiga ruhiy hodisa. U qachon, qanday yuz beradi, ehtimol, bir oz mushohada, tasavvur qilish mumkindir, ammo u to qog‘ozga tushgungacha bo‘lgan jarayonni to‘la-to‘kis izohlab berish…

Menimcha, bu g‘ayri imkon, cheksiz va besamar mashakkatga o‘xshaydi. She’r haqidagi eng puxta va pishiq yozilgan va e’tirof etilgan “hukm”lar she’r beradigan kayfiyatning loaqal bir zarrasini bera oladimi, yo beryaptimi?

Shunday bo‘lsa-da, kimmatli vaqtlarini ayamay bu jarayonni aniq-tinik izoxlab berishga urinayotganlar, dasta-dasta izohnomalar yozganlar bor… va bo‘lganda kanday!

Ammo savol ochiqligicha qoladi:
— She’r nima?

Harkalay, shu narsa ayonki, she’r ma’lum bir so‘zlar hosilasidan iborat qurilma emas.

Uning asosida nima yotadi?

So‘zmi?

So‘zning o‘zi alohida hodisa, ammo u zinhor she’r emas. So‘z ruh olamida sochilib yotgan ko‘zga ko‘rinmas hodisotlarni tartibga soladigan va kog‘oz yuziga muhrlaydigan vosita. Yo‘q. She’rning o‘zagi — bu So‘z deb biluvchilar unga “sig‘inish” o‘rniga ilon o‘ynatuvchi sehrgarday so‘zni xo‘rlab, istagancha yukni unga ortmoqlashga urinishadi. Natijada so‘z xachirga aylanib, “egasi” yelkasiga tashlagan bir qop tezakmi yo xashakni ko‘tarishga majbur bo‘ladi. Shu tariqa she’rlar, butun boshli she’r maktablari, boringki, “adabiyot”lar yuzaga keladi, kelyapti ham.

Bir parcha kog‘oz va qalam bo‘lsa, kifoya… to‘yxonada o‘tirib she’rni qoyillatadigan toifalar bor. Shoirlik, adiblik da’vosi shunga yarasha. So‘zni dumidan tutgancha uzib-yulqib o‘zi ham, o‘zgalarni ham zavklantirayotganlar ko‘payib bormokda. Ana shunday kavmlar timsolida sirli Kalom o‘z tarovatini yo‘qotib qo‘ymokda. Mutlaq ruhiy jarayon-hodisa bo‘lgan she’r birda shunday jo‘n narsaga aylanib qolyaptiki, e voh, deysan, xolos. Bir zamonlar Hazrati Jabroil so‘nggi payg‘omni yerga keltirgach, osmon eshiklari taqa-taq yopilganidek, ilohiy ruhga yo‘g‘rilgan, ko‘ngillarni yayratadigan she’rlar tansiq bo‘lib qoldi. Kimning yoqasidan olasiz?..

Sho‘rlik shoirda ne ayb?

Axir u zamondan orqada qolmay, tunu kun yozyapti- ku!

Keyin, jo‘nlashayotgan bir umi? Qolaversa, osmon qopqalari yopilgani qachonlar edi.

Alisher NARZULLO
SHE’RLAR.
02

***

Ketsang,
bu Xo‘jandda
0_159b9b_3cb380b1_orig.png
adashgum butkul,
kuz
yupun ko‘ksimni
ketar pichoqlab.
Dil yonib,
o‘rtada sovib qolsa kul,
men keyin
kimlarni yig‘lay quchoqlab.
Xazonim bag‘rimda
titrasa murdor,
yaproqlar
izimdan oqa boshlasa
va
meni yalang‘och daraxtga bog‘lab
yellar “ senmi?” deya
yoqa boshlasa –
ketma!..

Kofarnihon

Tushlarimga kiribsan kecha,
o‘zaningni topibsan, daryo.
Tog‘u toshni larzaga solib,
hamon oqib yotibsan, daryo.

To‘lqinlarda bargi xazonlar,
tog‘lar dardin olibsan, daryo.
Hamma ketib ulkan kenglikda,
bir pok o‘zing qolibsan, daryo.

Uzoq kezdim qumloq – sohilni,
hayron qoldim, netibsan, daryo?
Men axtarsam bolaligimni,
sen oqizib ketibsan, daryo.

***

Chang yo‘llarni sog‘indim, qishloq,
poda qaytar, ko‘kda achchiq bir alam.
Men kimnidir izlab chiqqandim,
shirin orzu, o, rangin olam!

Ketdim,
aldab ulgurmadi hali keng shahar,
kunlarni goh quvib yetayotirman.
Chorak asr bo‘pti ortga qarasam,
men hamon qaygadir ketayotirman.

Eski qo‘shiq

O. ga

Orzu, Orzu…
Sumbul-sunbul sochlaringdan,
buloq kabi shaffof-shaffof tong otgan payt,
(aldamagan, aldanmagan ko‘zlaringdan)
onang kabi parishonhol qishloqqa qayt.
Orzu, Orzu…
Sunbul-sunbul sochlaringdan.
Qanoat, dilga yot.
Shukr, dilga yot.
( nafs – umr ustida qurilgan dor-a)
O‘zingni qaysi bir eshikka urma –
yo‘q chora,
yo‘q chora, yo‘q chora.
Bunda, shahar ko‘rgan echkilar
madaniyatin namoyish qilar.
Orzu – qishloqi qiz, o‘qib nima qilasan?
Ikki karra ikki – besh…
bunda gaping birovga o‘tmasliging yaxshi bilasan.
“Besh yillik umring bekor o‘tmaydi…”
Poyezd ketib qolar, yetishing kerak.
Faqat,
kimlar or,
kimlar nomusini tashlab ketgan
manov ko‘chalarda,
vaqt kelar,
Sen ham nimangnidir tashlab ketishing kerak…

***

Bir tutam nur ko‘ringan mahal,
bir tutam g‘am ko‘rindi oson.
Yolg‘izgina haq so‘z qoshida,
bazm qurdi ko‘pdan-ko‘p yolg‘on.

Zang bosmadi qilichlarni hech,
ortaverdi egilgan boshlar.
Yuraklarga cho‘ka boshladi,
manglaylarni qonatgan toshlar.

Kechirilib bo‘lgan gunohlar,
qilib bo‘lmas endi xatoni.
Kim tanimas Ollohni axir,
kim unutgan Odam Atoni?..

***

Xazonlarning za’far jussasin,
yer
bag‘riga chorlagan chog‘da –
Bir qarg‘adan boshqa jonzotni,
ko‘rmoq mushkul bo‘ldi bu bog‘da.

Sovuq oqshom edimi, alhol
yellar bog‘ni tark etgan oni –
Kim o‘zidan kechib bir lahza,
sog‘inadi olis samoni?..

Osmon esa yulduzlarini,
to‘kar kuzning keng bog‘lariga.
O‘lgisi hech kelmagan odam,
sig‘mas yerning quchoqlariga.

Shoyad yaqin qolgan u kunga,
sado kelmas lek uyog‘lardan.
Mening esa ketgim kelmaydi,
kuni bitgan kuzgi bog‘lardan…

Buxoro. Qasri Orifon

Bir qadimiy ohanglar oqdi,
tomirlarda potirladi jon.
G‘arib go‘sha ko‘nglimni yoqdi,
ko‘zlarimda yondi hayajon.

Osmonlarga yaqin ul makon,
qoshida men yel bo‘lib yeldim.
Shivirladim: Ollohga shukr!
izlab-izlab oxiri keldim.

Cho‘kkaladim qabr qoshida,
jim o‘zimni sizlay boshladim.
Dunyo nima?
Tiriklik nima?
Men o‘zimdan izlay boshladim…

Shavkat Rahmonga

Shovullagan bir bog‘ edi bu –
yashil o‘tlar ungan poyiga.
Oy cho‘milib ketardi har tun,
shishadek pok, tiniq soyiga.

Uzilmasdi bundan qadamlar,
tor kelardi eng keng yo‘lagi.
Har qadamda mehr ham qayg‘u,
va yurakning ming bir bo‘lagi.

Ayqash-uyqash bo‘lib ketardi,
tiriklikning o‘kinch, zardasi.
Faqat, shundan ko‘tarilardi,
eng chiroyli tonglar pardasi.

Bukun bog‘da hukmron kuzak,
vido aytar har bir yaprog‘i.
ko‘ngilning bir bo‘lagi yotar,
bir yog‘ida eski yamog‘i.

Garchi, hamon oqib yotar soy,
hamon mag‘rur sukut unlari.
Oy negadir burungidekmas,
cho‘milmaydi kelib tunlari.

Endi, bu bog‘, endi bu kenglik –
bir oshiqning unut tushlari.
Endi, unga qaytib kelmaydi,
tashlab ketgan uning qushlari…

***

Yarim tun,
yo‘lakda yig‘ladi birov –
yalang‘och daraxtga
ko‘ksini tirab.
Kimnidir, kimnidir
sog‘indi uzoq,
umrini yashagan bargdek
qaltirab.
Yarim tun.
Yarim tun.
Eshikka chiqdim.
Chaqmoq chaqib,
achchiq yig‘lardi osmon …
Va kimdir,
va kimdir
ketib borardi,
dahshatga aylangan
mangulik tomon…

***

Ey, Gul, sening bag‘ringda oqshom
shamollar ham bir zum to‘xtaydi.
Nega qayg‘u shodlik ortidan
ortsa ortdi, lek kamaymaydi.

Yaproqlaring nega ko‘p larzon?..
azoblaring boldaymas – taxir.
Nega sendan yuz burib ko‘p bor,
nega seni suydim men, axir?..

***

Yer uyg‘ondi, bunchalar go‘zal
yomg‘ir yuvdi qiru dalani.
Bu tumanli, harir saharda
dili yorug‘, qarang, hammani…

Bulut, senga rahmat, dedim men,
bahor, sen ham xush kelding, qani…
Qorlar yog‘ib iz bosilganda,
esga solding, qara, hammani…

Musofirlikda

Uch oylarda unutdim aniq
qanaqadir sog‘inchning rangi.
Yurak uvishadi sovuqdan
dil titradi yangidan yangi.

Tong otadi ko‘rmadim bir bor,
kun o‘rmonga cho‘kkanga o‘xshar.
Yuz yillarkim bu botqoqlarga
mehr qo‘yib kimlardir yashar.

Ammo, menga nima, men kimman? –
ey, chang yo‘llar, keling buyoqqa.
O‘likni ham eplab ko‘mmagan
kelib qoldim men qayoqlarga?..

***

Nogoh o‘zni yo‘qotdim men
bo‘zim qani,
bo‘zim qani?..
Qoqildimu qotdim, e voh,
ko‘zim qani,
ko‘zim qani?..
Til tanglayga yopishdimi
so‘zim qani,
so‘zim qani?..
Bu tiriklik, bu ro‘zg‘orga
to‘zim qani,
to‘zim qani?..
Kofarnihon, men bag‘ringga
qaytsammikan,
qaytsammikan?..
Dardlarimni yolg‘iz senga
aytsammikan,
aytsammikan?..
Tentirayman bu kech kuzda
ustim yupun,
ustim yupun?..
Yolg‘iz emas edim-ku men
qorong‘i tun?
qorong‘i tun?..

***

Xazonlardan g‘am so‘ragan
xayollarga qulluq, qulluq.
Qaro tundan sham so‘ragan
ayollarga qulluq, qulluq.
Dildan qo‘rni o‘chirmagan
kunlarimga qulluq, qulluq.
Kimligimni aytolmagan
unlarimga qulluq, qulluq.
Jon kiribdi, shukr, o‘rik
gullayapti qulluq, qulluq.
Nahot, bahor meni tanib
chorlayapti, qulluq, qulluq…

***

Gullashi mumkin, oh, bodomlar,
tog‘larning boshida hali qor.
Bir yengil shabboda esadi,
qaydadir bir ko‘ngul yig‘lar zor.

Bodomlar gulladi o‘ngurda,
sen g‘amgin o‘ylarga botibsan.
Ilonlar g‘imirlay boshlagan
zaminda nega jim yotibsan?..

***

Yo‘l yiroq, shul kung‘acha yetdim, mana,
Ey sabo, ul g‘unchaga yetdim, mana.

Ey gulu gulzorlar, ma’zur tuting,
Ko‘ksimi tah-tah qon etdim, mana.

Kuz yaqinlashmay bu sokin bog‘din,
Tog‘lara boshim olib ketdim, mana.

Bir xazonsiz gul ishqida g‘arib,
Xotirotlar yeb borur, netdim, mana.

Kim meni izlar bu ovloq go‘shadin,
Alvido, deb bosh olib ketdim, mana…

***

Olomon to‘plangan, jam ko‘rinadi,
O‘rtada nima bor, kam ko‘rinadi.
Bilmayman, bugun ham, negadir,
G‘amning orqasidan g‘am ko‘rinadi…

***

Unga janggoh kerak, lek, jang kerakmas,
Harom luqma kerak, lek, tan kerakmas.
Safsata sotadi Vatan haqida,
Unga tinchlik kerak, Vatan kerakmas.

***

Yashirdi, ko‘zdagi namini ko‘rdim,
tuproqning bir sovuq damini ko‘rdim.
Kecha terak bo‘lgan anov tobutda
men bugun dunyoning kamini ko‘rdim.

***

Oy – ovchining ko‘hna qayig‘i,
suzib kelar,
ketmoqdami yo ?
Bor – budiga qo‘shilib hozir,
ko‘zlarimga yiqilar dunyo.
Men sog‘indim –
buyuk sokinlik,
eng xushbo‘y va muattar gulni.
Tuproq aytsin,
millionlab ko‘rgan,
menga o‘xshash vafodor qulni.
Yana bir kun ortda qolar, voh—
qovjiragan bog‘larda gulim.
Uyqu g‘olib keladi, mana,
Uyqu, axir, uyqu, bu – o‘lim.
Lo iloha…
ingraydi vujud,
haqiqat – shu, men tonarmidim.
Ko‘z yumaman, bilmayman, axir,
sahar qaytib uyg‘onarmidim?..

***

Ey dil, ey dil, men istagan dunyo qani?
Bir parcha yer – Onado‘li, Ko‘nyo qani?

Balx tuprog‘i bir muattar is taratur,
Kechib o‘tay deyman, Jayhundaryo qani?

Dil osmoni yorishgaymu g‘uborlardan?
Porlaguvchi nur, munavvar ziyo qani?

Shamollarning og‘ushiga bedor, ey, bog‘
Nurga cho‘mgan ul sehrli qiyo qani?

Men Boburning vatanidan yo‘lga chiqdim,
Jaloliddin Rumiy degan dunyo qani?..

***

Yetib borar odamlar,
ketib borar odamlar.
Yelkasida xurjuni,
netib borar odamlar?

Fasllar ketib borar,
asllar ketib borar.
Bu olomon bir kuni,
qaygadir yetib borar.

Osmonda maloiklar,
yerda temir sovutlar.
Yelkalarni sog‘ingan,
terak bo‘lgan tobutlar.

Har bir qadam, har bir so‘z
gumburlagan o‘q endi.
Faqat, bir kun ortingga
qaytishga yo‘l yo‘q endi…

***

Hali borliq yotar uyquda,
oy tog‘larning ortida hali.
Bir zo‘r kun bor, yorug‘dir juda,
qachonlardir keladi gali.

Hozircha, tun,
sharpalar tingan.
it – jimlikning tirik yuragi.
Bir juft nigoh –
ko‘rinarmikin,
it poylagan kunning daragi.

Qay qo‘l bugun yetar osmonga,
g‘am to‘kilur dil qoyasiga.
Va negadir, it hura boshlar,
oy nurida o‘z soyasiga.

Dashtga ko‘char nurlar lashkari,
yog‘dularni yutib bo‘lmaydi.
It zanjirda,
borliq uyquda,
Tunni, axir, tutib bo‘lmaydi…

***

Bobom terak ekdi hovlida,
bahor edi, gurkirab o‘sdi.
Terakzorlar oralab mayin,
bir epkin, bir shamollar esdi.

Momo quyosh yo‘lin to‘sardi,
biram mag‘rur o‘sardi terak.
Bola edim, o‘yladim bobom,
undan uymi, tiklasa kerak.

Bir kun qochdi bobomning tobi,
derazaga g‘amgin boqardi.
Nimanidir sezgandir momom,
rangi o‘chdi, rangi oqardi…

Shovullardi oltin yaproqlar,
Bilmam, shamol qaydan esardi?
Bobom ekkan terakni sahar,
yon qo‘shnimiz kelib kesardi.

Momom sho‘rlik mung‘ayib qoldi,
tilkaladi yurak-yurakni.
El yelkada ko‘tarib ketdi,
bobom bilan o‘sha terakni…

Robiyai Adviya

1

Ul g‘amgin ko‘zlarga ko‘milgan tuproq,
aks etmas Iblisning kofuriy raqsi –
Dengizdek chayqalur har qirg‘og‘ida,
shirin va yolg‘onchi dunyoning aksi.

Mashoyixlar, sekin yig‘ing etakni,
na sir qoldi bunda, chok-chok rishtalar.
O‘rningizdan turing, joy bering, ey, shayx,
kirib kelishyapti pok farishtalar.

Sadoqatli azob, sadoqatli jon,
nafsning gardanidan yulmoqda, qarang –
Ollohga yetishmoq bo‘lgan bir ayol,
dunyoning ustidan kulmoqda qarang…

2

Ne-ne payg‘ambarlar, ne-ne avliyolar,
chekdilar qanchalar azobu ozor.
Har qachon bir qarich yer istadi dil,
gardanim istadi bittagina dor.

Bittagina qabr, bir xarob turbat,
va rizvon bo‘yini keltirguvchi yel…
Bul oshiq ko‘ngilni bir salqin sahar
o‘zingga chorlading va deding-ki, kel…

Ko‘zlarimdan oqqan sevinch ashklari
yuvdi har qadamda hasad, kirlarni.
O‘zing bilarding-ku, ne uchun yana
qabrga jo‘natding farishtalarni?!

***

Kuz keldi, xazonlar larzon yig‘ladi,
Bir munglug‘ azonlar arzon yig‘ladi.

Ey, senmi – g‘amxona, dayri bevafo,
Umrdan eng shirin onlar yig‘ladi.

G‘unchani bilmasdan bosdim sahroda,
Qumlarga sochilib qonlar yig‘ladi.

Dunyoning oxiri, boshi qaydadir,
Kundaga bosh qo‘yib jonlar yig‘ladi.

***

Ko‘k bukun ko‘z yoshidek, ummonga o‘xshaydur, kuzak,
Umrning boqiyligi gummonga o‘xshaydur, kuzak.

Boqqa chiqdim, bir xazon boshimga tushdi, voh, sahar
Dunyosi ko‘zimga bir somonga o‘xshaydur, kuzak.

Ibtido bor, intiho bor, bir o‘lim har boshda bor,
Bandalik ham aslida mehmonga o‘xshaydur, kuzak.

Yam-yashil bog‘lar ichinda ko‘rmadim men bul sahar,
So‘nggi bor subhi sabo yelg‘onga o‘xshaydur, kuzak.

Bu hayot ne? Ne der erdim – bori bo‘lsa o‘tguchi,
Umrning shomimikin kelg‘onga o‘xshaydur, kuzak…

TO‘RTLIKLAR

1
Yashil o‘tlar unar qirmizi qondan,
dunyo yorishadi muzaffar tongdan.
Jannat islarini tuyadi ko‘ngil,
pastqam tomlar uzra kelgan azondan.

2
Kesakdan so‘ragin, dardi bormikin,
yaproqlardan so‘ra, zardi bormikin?
Odamlardan so‘ra, ushbu dunyoning,
poyoniga yetgan mardi bormikin?

3
Ey subh, ko‘kda ne gap, nima gap oyda,
maysa ko‘karurmi bu ovloq joyda?
Avvalu oxirning ma’nisi nadur,
nahotki, hamma gap bir parcha loyda?..

4
Umr ne, kim bilar, nedir oqibat,
azob nima, ne g‘am, nimadir kulfat?
Bir narsaga aqlim yetadi meni –
tiriklar kutishib turibdi navbat.

5
Ey shoxdagi so‘nggi yaproq, xayr, xayr,
yurakdagi mudroq – titroq, xayr, xayr.
Oyoqyalang yo‘lga chiqdim men, qarang,
buyog‘iga yo‘llar yiroq, xayr, xayr…

6
Qaragin, chorbog‘lar o‘sha-o‘shadir,
dog‘lar ham, zog‘lar ham o‘sha-o‘shadir.
Qabriston kengayib ketibdi bir oz,
mung‘aygan tog‘lar ham o‘sha-o‘shadir.

7
Xira oydan men nur so‘radim,
suv so‘radim qaqragan soydan.
Ular jim-jit turgandan keyin,
sen kimsan, deb so‘radim loydan.

8
Qisirlab-qisirlab sindi suyagim,
vujudim raqs tushdi uning ohiga.
Yolvorib so‘rgandim, shamollar dedi:
“oy bu tun qo‘nadi terak shoxiga…”

9
Qorlar yog‘di yo‘llarimga, kuradim,
yuragimni xazonlarga o‘radim.
Oqshomlari bu musofir shaharda,
seni yolg‘iz men Xudodan so‘radim.

10
Umr sahrosida bir sasmiz, Mirzo,
goh hushyor, gohida mastmiz biz, Mirzo.
Goh, toshqin bir daryo, gohi daryoda
oqib ketayotgan bir xasmiz, Mirzo…

11
Oy kabi to‘lishgan gul yuzni ko‘rdim,
tushlarimda faqat ul yuzni ko‘rdim.
Har tong, erta turib, ko‘zguga boqsam,
yuragimda qolgan bir izni ko‘rdim.

12
Umr nadir – shomu sahardir,
tiriklikdan kelgan xabardir.
Bir tong bog‘da nogoh boshingga,
uchib tushgan yaproqdir, bargdir…

13
Shodlik bilan g‘am-anduh aro
kunlar o‘tdi yashash qasdida.
Tavba qilay desa til bormas,
do-od, der umr chegarasida…

14
To‘pig‘ini o‘par itlarning,
amal deya intilar juda.
Xudoni ham esdan chiqardi,
harom luqma, non ilinjida…

15
Ona tili ona tilidir,
oq bo‘lsin u bir kun yuz bursa.
O‘zga tilda ko‘ngil bo‘shatib
o‘z tilida pichirlab tursa..

004

(Tashriflar: umumiy 601, bugungi 1)

Izoh qoldiring