Alisher Narzullo. Amirxonnnig nog’orasi

Ashampoo_Snap_2017.10.07_14h17m01s_004_.pngАлишер Нарзуллони 50 ёшга тўлгани билан чин юракдан қутлаймиз

  Шувоқ иси уфириб турган тепалик сари кўтарилган сари дарвиш алланечук ғалати бўла бошлади. Бу, наботот оламининг атроф-жавонибга таратаётган ифори эмас – мутлақо ўзга нарса, бу исни туюшнинг ўзи бўлмайди. Табиийки, дарвишнинг ортидан келаётган ҳамроҳлари бундай неъматдан мосуво.

Алишер НАРЗУЛЛО
АМИРХОННИНГ НОҒОРАСИ
09

05Ниҳоят, қишлоққа қайтадиган бўлдим. Бод чалган оёқлари жонига озор бериб, қўлтиқтаёқлар ҳам деярли иш бермай қўйган онамни кўраман, қадрдоним Амирхоннинг ноғора чалишларига гувоҳ бўлиб, завқ оламан.

Йўл азобини гўр азобига менгзашади, аммо сафар саргузаштлари, юрмоқ машаққатининг ҳам завқли томонлари борлигини тан олмоқ керак.

Атрофга қоронғилик кўланка ташлаган. Мен ҳали тузукроқ ҳам тонг отмасидан – субҳи козибда йўлга чиққан бўлсам-да, кўнглимда заррача бўлсин, малоллик йўқ. Ўйдим-чуқур нотекис йўллар, йўл бўйида кутилмаганда пайдо бўлиб қоладиган дов-дарахтлар, лойсувоқ уйлар, қўққисдан рўпарадан чиқиб қоладиган кескин ва тор муюлишлар хотирамда муҳрланиб қолган – улар мен қаерга етиб келганимдан дарак бергувчи воситалар.

Машина айланма йўлдан кўтарилиб, Кофарниҳоннинг тоғга туташ торайган ўзанидан бошланиб узоқ-узоқ манзилларгача чўзилиб кетадиган анҳор ёқалаб кетадиган текис йўлга чиқиб олганда ҳам мен машина деразасидан кўз узолмасдан қоронғилик бағридан кўзга ташланиб қоладиган таниш белгиларни қидириб кўнглим лиммо-лим қувончга тўлиб борарди. Бошқа бир ҳолат, бошқа бир маҳал тун кўнглимни хуфтон қилиши мумкин эди, аммо, ҳозир у менинг ўлик хотираларимга жон бахш этиб, болалигим кечган ерлардан бошига кўтарганча илдамлаб борарди.

***

Шувоқ иси уфириб турган тепалик сари кўтарилган сари дарвиш алланечук ғалати бўла бошлади. Бу, наботот оламининг атроф-жавонибга таратаётган ифори эмас – мутлақо ўзга нарса, бу исни туюшнинг ўзи бўлмайди. Табиийки, дарвишнинг ортидан келаётган ҳамроҳлари бундай неъматдан мосуво.

Улар сайҳонликка кўтарилганларида – рўпараларида қишлоқнинг бир неча юз йиллик кўҳна қабристони пайдо бўлганда, дарвиш телба бўлди — қолди.

Дарвиш катта-катта одимлар билан садақайрағоч, ёввойи дўланалар ўсиб ётган манзил сари юриб кетди. Яктаги этагини кўтариб симтўрдан ошаркан ўзида йўқ эди. У қарийб кўкрагига довур осилиб тушган, қиёфасига ажабтовур, жиддий тус бериб тургувчи соқолини тутамлаб гоҳ қаҳ-қаҳа отиб кулар, гоҳ устидан бир челак совуқ сув қуйилгандек титраб-қақшаб, томоғига нимадир тиқилгандай хириллаган сас чиқарарди.

Дарвиш кутилмаганда гўристон аҳлини даҳанига келган аччиқ-таънали сўзлар билан сийлай бошлади:
— Ҳа, қалай? — Сизларни мен шу кўйга солмадимми?..

— Ё, тавба! Бир четда чўккалаб ўтирган косиб зил кетди. Арафа куни хотининнинг бетўхтов қистови таъсирида қабристонга йўл олганди. У арвоҳлар ҳаққига бир-икки ояти каримани юмалоқ ёстиқ қилиб, ҳайит арафасида ўтканларни бир шод этиш ва албатта баҳонада ўзи ҳам бир мисқол соҳиби савоб бўлиш қасдида эди. Тош қалби эриб “Оятал Курси”ни ўзига хос синиқ ва шикаста овозда энди замзама қилай деганда:
— Ҳа, қалай?- деган дарвишнинг титраб чиққан овозидан чўчиб тушди.

— Ярамас! — Бу жойларга келмайман, деб ўйлардинг-а? — Ўдағайларди қаршисидаги қабрга қараб дарвиш.- Қартайиб қолганингда ҳам иштонбоғингни йиғиштира олмай зино ҳақида ўйлардинг.- Энди қалайсан?..

— Ҳа, сенми?.. — дерди дарвиш бошқа бир қабрга қараб. “Топган попок нонингни бола-чақангга миннат қилардинг-а? Хотинингга елкамни қашлаб қўй, текинтомоқ…” дермидинг. Энди ўзинг тупроқнинг метин чангалида бир ўйинчоқсан, ярамас!
— Буни, жин-пин чалган, — косибнинг қути ўчди.  Худонинг ўзи кечирсин, унинг “бапои таҳорат борай” дея уйдан атай олиб чиқган таҳорати ҳавога учди.

— Арафа куни-я? — Cупургидай соқоли билан. Ўл-э, шу кунингдан, — ичида минғирлаб сўкинди косиб.

Дарвиш қабристон оралаб бамисоли учиб юрарди. Айрим қабрлар қошида тўхтаб, энгашиб қарарди. Қандайдир исдан маст бўлиб, йирик бошини орқага сархуш ташлаб олар – шунда унинг бутун вужуди сирли бир куй оғушида рақсга тушаётгандек бўларди. Сўнг, тезда яна афтини бужмайтириб оларди. Чамаси, унинг димоғига қандайдир бад бўй келиб уриларди. Ана шунда у тилига истаганча эрк берарди. Худди қабр ичида кимнидир кўриб тургандек, ё бировни айб иш устида қўлга туширган кимсадек, оғзига куракда турмайдиган сўзларни оларди.

Косиб ўзини панага олди. Билиб бўладими. Ўликларга бундай ўшқиргандан кейин косибдек бир бетайин, қарийбки худобехабар кимсани аяб ўтирадими? Ичида бечора хотинини ёмон сўзлар билан сўкди косиб:
— Сен калтафаҳмнинг гапига кирган мен аҳмоқ! Уйдан туриб ҳам дуо қилсанг, етади-ку?..

— Қариганда отин бўлдинг, аммо, ёшлигингда гўр эдинг! – мармартош қўйилган салобатли гўрга қараб ўдағайлади дарвиш. – Сенинг бу ҳолингни умрини елга совирган кампирлар, ишратдан чарчамаётган қиз-жувонлар кўрсин.
— Аниқ, бу эсини еган! Косиб эсанкираб қолди.

Дарвиш тинмай жаврарди. Қазои қадари етиб даргоҳи илоҳийга сафар қилган, тирикликда ер юзида қилган жамики густоҳликлари, хатолари, беармон санқиганликлари учун ҳисобот бергани ер остига кирган бу бечораларда не айб? Улар ҳам куни кеча давраларни тўлдириб, ялло қилиб юрмаганмидилар!?

Дарвиш нега ҳаддидан ошяпти ўзи? Ҳар ким ўзига жавоб берадиган жойда, нариги дунё остонасида дилдираб турган руҳларни имтиҳон қилиш ҳуқуқини унга кимдир бериб қўйганми?

Бечора косиб энди тиловатни бошлаган ҳам эдики, ердан чиқдими, осмондан тушдими, қабристон сукунатини, косибнинг дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган ўлик вужудини дарвишнинг совуқ ва дағдағали овози бузиб, титратиб юборди.

Косиб, эҳтиёт шарт, ўзини панага олгани яхши бўлди. Фурсатни қўлдан бермай, садақайрағоч ортига ўтди. Кейин таваккал қилиб, жарлик томон ўтиб, тўғри пастга энди.

***

Кечгача ҳеч кимга дардини айтолмай, қарийб ёрилиб ўлай деди, ўша кун косиб. Бир тешик қулоқ бўлса-ю, лоақал:
— Искандарнинг шохи бор, деб шипшиса. Аммо…

Фақат кечки овқатдан сўнг, фотиҳа ўқилиб, дастурхон йиғилаётганда “ гап бор” демоқчидай бўлиб, хотинига бир-икки маъноли қараган эди, аёли заифалигига борди, арафа куни “сал ясан-тусан қилганимга хўжайин суст кетди”, деган ўйга борди. Арвоҳлар бошимиз узра чарх уриб турган бир вақтда “бегимнинг хаёлларига нималар келмайди” дея нозланди.

Ётиш олдидангина, косиб қабристонда бугун кўрганларини хотинига айтиб берди. Косибнинг содда хотини эридан чўпчак эшитаётгандек оғзини очиб тураверди.

Ҳайит куни ҳам ҳамманинг оғзида шу гап бўлди. Косиб: “Шундай бўлди, шундай…” дея кўрганларини оқизмай-томизмай одамларга айтарди. «Мен худоман!» демоқчи бўлди. «Сизларни мен шу кўйга солмадимми?» деганларни мана шу қулоқларим билан эшитдим дея, шалпанг қулоқларини ушлаб кўрсатарди. Аҳён-аҳён отиб олганида ҳеч кимга гап бермай: “Ўзидан бошқасидан қўрқадиган жойим йўқ” деб катта кетиб юрадиган косиб ўшанда не кўйларга тушганини, қарийб ўтакаси ёрилаёзганини айтмаcди.

***

Хуморидан қондими, дарвиш, майсалари аллақачон қовжираб қолган сағана қошига келганда, бошини хиёл эгиб сукутга кетди. У гўристон бўйлаб чопиб толиққан эди. Юз чаноғида чўкиб қолган қабоқларини уйқудан турган бемордек эриниб очганида анча ўзига келган, самоларга учган саркаш руҳи аллақачон ерга инган, ўзидан бир неча одим нари ҳамроҳлари нафасларини ичига ютганча уни кузатиб турганини, улар бир муддат бурун унинг руҳи вужуд қўрғонини қандай ёриб чиққанига гувоҳ бўлишганини, дарвишнинг ўлим ва тириклик чегарасида туриб хўп ҳунар кўрсатганлигини ўз кўзлари билан кўрганликларини, ўзи эса, кўҳна бир чўкиб қолган гўр қошида ғалати алфозда турганини англади.

***

— Амирхон, ноғорангни ча-ал.

Муштдеккина жуссаси билан момосига норози қараб қўяди Амирхон. «Меҳмонни маҳтал қилма, ол қани, сенга айтаяпман, ҳеч ким йўғида-ку… қулоғимни қоқиб қўлимга берасан”, — ўғринча кўзларини қисиб қўяди момо мен томон.

Икки ёноғи қизаринқираб Амирхон менга боқади. “Ол!” дейман мен ҳам жилмайиб. У сал уялиб, униқиб кетган жинси шимини қуймичидан киндигига довур кўтариб қўяди. Сўнг, бир момосига, бир тепага кўз югуртиради.

“Амакиси, шкафнинг тепасидан ноғорани олиб бер боламга “ дейди момоси. Амирхондек йигитга хизмат қилишдан мамнун, сакраб тураман, ноғора шундай кўзга ташланиб турган бўлса-да, атайин Амирхоннинг жовдираб турган нигоҳларига қарайман. У кўзлари билан ноғора турган томонга ишора қилади.

— Э-э, ноғорамисан, ноғора-ку! – Қойил! Мақтайман.
— Сен нима деб ўйлардинг, дейди момо Амирхоннинг анойи эмаслигига шама қилиб.

Амирхон бобоси ”Бозори Хайр”даги ургутлик усталардан олиб келган ноғорани қўлга олади. Бўйинбоғини бўйни оша ўтказиб, жуссасига нисбатан хиёл каттароқ бошини эгиб ноғорага бир пас қадалиб тургач, чала бошлади.

Ноғора садолари…

Амирхон берилиб чаларди. Хаста момо оёқдаги оғриқларни унутган, меҳр билан бошини ноғора оҳангларига мос чайқарди. Содда, беғубор Амирхон энгашиб олган кўйи ноғорага кичкина қўлчалари билан тартибли равишда шундай зарб берарди-ки, натижада ажойиб жўшқин бир оҳанг атрофга таралар, бу садо биз ўтирган хона деразалари оша борлиққа таралиб хурмозор ҳовли бағрига сингиб кетарди.

Очиғи, Амирхоннинг ноғора чалишини эшитиб, бу болаларча ҳавас бўлса керак, деб ўйлагандим.

Қишлоққа келганимда у билан кўриша туриб, “Мен атайин Тошкентдан сенинг ноғора чалишингни кўргани келдим”,- дея ҳазиллашганимда, Амирхон жилмайиб қўйганди.

У ноғорани қойиллатиб чаларди. Йўқ жойдан Амирхон бинойидек ноғорачи бўбқопти. Яқин пайтларгача қишлоқда уч-тўрт ноғорачи бўларди. Бирови ҳам бу зормондани эплаб чалганини эслолмайман. Пешоналари терлаб ноғорани палапартиш савалаверишарди. Мен, никоҳ тўйларида ҳам ўзини ноғорачи қилиб, шуни ўзига касб қилиб олиб даврани чунонам қиздирган валламатларни билардим. Бола-чақали биттаси бўларди. Уқувсизларча ноғорани чалаверар ва шу орада даврадаги ёш жувон-қизлардан хумор кўзларини узолмай, хўп кулги бўларди. Шуни ўзига касб қилиб у шўрликнинг сочи оқарди, аммо, уқувсизлигича қолди. Ундан кейин бўйи нақд терак баравар келадиган яна бири тўй-маракаларда ноғорачи эди. У ҳам ўлгудай уқувсиз эди. Чамамда, улар ноғора чалиш учун кўпам жон койитиш шарт эмас, деб ўйлашарди. Сал ўтга тобланган кўнга зўр бериб савалайверсанг, бўлди, деб ўйлашарди. Мен санъатга алоқам бўлмасамда, уларнинг лаёқатсизлигини, шу дарди бедаводан кўра, бошқа иш билан машғул бўлсалар, хўп дуруст иш бўлишини билардим. Аммо уларнинг ўзлари негадир ноғорачиликни ўзларига эп кўришарди. Тўй-маракаларда денг, улардан ҳурматли киши йўқ. Эҳтимол, шу арзимас эътибор учун ҳам улар ноғорачи эди.

Амирхон бўлса, муштдеккина бўлиб, мусиқий ноталардан бохабар муғаннийдек, чертиб- чертиб, аниқ зарб берардики, унинг кафтлари зарбидан ҳосил бўлаётган жўшқин садолар беихтиёр юрак деворларига келиб урилар ва жойида мудраб ўтирган киши вужудида ҳам қандайдир илиқлик олиб кира оларди. Бир умр оддий ноғорачига ёлчимаган қишлоққа Амирхонни худонинг ўзи ҳадя қилгандек эди. Ёши бир жойга бориб бир умр қўлтиғидан ноғорани қўймай келган, аммо, ноғора чалиш санъатидан бебаҳра ўтган ноғорачиларга раҳмим келарди. Улар умрларини елга совурганликларини ўзлари ҳам билмасди.

***

Дарвишнинг ўзини тутиши чиндан ҳам ғалати эди.Унинг нигоҳларига боқиб туриб бўлмасди. Қароғ ичкарисидан кимдир бу чиркин дунёга мўралаётгандай, унинг ўсиқ қошлари остида оддий одамга ноаён нимадир бордай эди. Бир муддат боқиб турсанг, кўзларинг беихтиёр таслим бўлиб, ер чизиб қолаверасан. Нега энди шундай? Одамлар бурнини тагидан нарини кўрмай турган бир пайтда у нималарни кўрмайди, нималар ҳақда алжирамайди. Бандаси ўлиб турибгина кўриши мумкин бўлган нарсаларни у овқат тановул қилиб туриб, ё бўлмаса ёнбошлаб ётиб ҳам кўравериши мумкин.

— Авлиёмикан, дейман онамга қараб.
— Жинни! — дея гапга аралашади Амирхон.
— Нега? — дейман.

У кулади:
— Одамни ёмон сўкади, дейди шошиб.

Икки бор ҳаж зиёрати насиб этган кишини бозорда учратиб қолиб: — Ҳожи, ”Ҳаммаси бекор” дейди кунларнинг бирида дарвиш.

Бир умр элчилик, ҳудайчилик қилиб эл хизматида бўлган, хонаи худо зиёратидан сўнг ҳам кўча-кўйда одамлар сархуш кўрган, кейин бандаликни бажо келтирган Эшмат хабарчи ҳақида ҳатто ўз зурёди ҳам бад хаёлларга бориб, ёмон гаплар гапириб юрган кезлар, дарвиш :

— Эшмат, бехавотир жойга кетди!” дейди, бир маракада тумонот одам гувоҳлигида. Дарвишнинг бу каби қалтис ҳукмлари палапартиш ҳаёт кечиришга одатланган сал бетайинроқ кимсаларга мойдек ёқарди.

***

Ҳаёта эшиги ғийқ этиб очилди. Онам малҳам ичаётган пиёлани ёнбошига омонат қўйганча йўлакка тикилди. Муюлишдан Амирхоннинг қораси пайдо бўлди. У зинғиллаб моммоси ўтирган чорпоя қошига етиб келди. Момоси энгашди, Амирхон одатига кўра оёқлари учида, пакана бўйини чўзиб момосининг қулоқларига шипшиди. Момо набиранинг содда кўзларига қараб жилмаяркан, Амирхон момоси у етказаётган муҳим янгиликка эътибор бермаётгани учун ўпкалангандай:

— Худо урсин, келаяпти, деди.
— Келсин, келсин… Ана, эшик очиқ болам. — Ҳуда-беҳуда қасам ичмайди одам деди набирасининг бошини силаб момо.

Амирхон чорпояга суянганча ҳали ёпишни унитган очиқ қолган ҳаёта эшигидан нигоҳини узмай турарди.

Онамга қарагандим, “Мулла Фахриддин уч-тўрт киши билан бизникига келаётган экан”, деди.
— Барака топгур, йўқлаб туради. – Онаси дугонам бўлади-да.

Мулла Фахриддин деганлари Арафа куни қабристонда ҳунар кўрсатган дарвиш-да. Ҳайит ўтиб, мана, учинчи куни онамни кўргани келаяптикан.

Тошкентдан келган куним “Бозори Хайр”да учратиб қолганимда, кўзларимга қараб туриб: “Заррача ўзгармабсан” дегани, “Кетиб қолмасанг, ҳайитнинг учинчи куни қишлоққа ҳайитлаб бораман”, деганини эсладим.

Ўшанда у нимага шама қилди, биломадим. У менга “Кўришмаганимизга яқин ўн йил бўлибди, асло ўзгармабсан” деди. Ташқи қиёфамга ишора қилиб, кўнглимни кўтаргандай бўлди. Аммо, мен ичимдан зил кетдим. Дарвиш менинг ички дунёмга, ҳаётга, тирикликка муносабатда нўноқларча қолганимга маломат қилаётгандай эди. Дунёга маҳкам боғланиб қолдинг, демоқчи бўлдими. Балки у буларнинг бирортасини ҳам назарда тутмагандир. Мен ўзим ўзимни маломат қилаётгандирман. Гарданимда ғиж-ғиж гуноҳ… Дарвиш юзимга солмаса ҳам бир умр ичимни еб келаман.

Аммо, дарвиш ҳам дунёга буткул тупурганлардан эмас. Ўлгудай маишатга ўч. “Дунёга келдингми, айшингни сур, аммо, чегарадан чиқма”, дея таъкидлашни хуш кўради. Дилига ишқи илоҳий ғулғула қилиб, ошиқ руҳи қафасдан озодликка чиққанда, ўзини коинотнинг бепоён кенгликларда кўради, қушдек парвоз этади, шу анвойи маъвонинг эгаси ўзимман, деб ҳис этган шу кезлар ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Мен-менлайди. Ўз йўлида кетаётган кимсани йўлдан қолдириб тергаши, бошқа бировини уялтириб, ҳеч ким билмайди деб юрган айбини юзига солиб “ҳе садқаи одам…” дейиши мумкин. Аммо, “Сизларни шу кўйга мен солмадимми?” “Айтмаганмидим-а?” дея ўликларга ҳам дашном берадиган дарвиш бирда жуда ҳақир, бечора — оддий одамга айланиб ҳам қолади. Ана шунда ўзи амаллаб кунини кўриб юрган бўлса-да, қўли узун сарватманд Нур Самаднинг бениҳоя кўҳлик ожизасига ошиқи беқарор бўлиб қолганлигини яшириб ўтирмайди, бир кун келиб Нур Самаднинг ўзи нури дийдасини мулла Фахриддин, яъники, бизнинг дарвишга ўз ихтиёри билан ҳадя этишидан башоратлар этади.

Читтакдаги қабристонда дарвишни шикаста, маҳзун ҳолатда учратган халфалардан бири:
— Тақсир, падаримиз ҳақларига бир дуо қилсангиз дея, отаси ётган марқад бошига етаклаб боради. Дарвиши тушмагур дўстининг дунёга келишига сабабчи бўлган зотнинг қабрига қараб туриб ёзилади. “Бунга шу кифоя” дейди негадир мухтасар қилиб.

Бир уй одам, дастурхон тўла ноз-неъмат, имом ҳазратлари эса, даврадагиларнинг тоқатларини имтиҳон этмоқ қасдидами, ё бошқа дарди бормиди, ишқилиб таҳоратнинг суннат, вожиблари хусусида берилиб ваъз ўқиётганда, пойгакда ўтирган дарвиш кўпчиликнинг жонига оро киради:
– Чакагингни йиғасанми, йўқ? дея имомга ўшқиради.

Имом бўзаради, қизаради… тилини тияди. Одамлар совиб қолган овқатлари томон қўл чўзишади. Еб-ичиб бўлишгач, дарвиш энгашиб давранинг тўрида ҳамон тўмтайиб ўтирган имомга боқади:
– Гапинг бўлса, мана энди гапир!

Имом ранжиб маракани тарк этади. “Дарвишнинг даврага худонинг ўзи юборди”, дея ўтирганлар кулишади.

***

Ҳовли саҳнида бошида тим қора тақя, бўзга ўхшаш матодан яктак кийган киши кўриниш берганда кўзларимга ишонмай қолдим. Ҳа, чорпоя томон келаётган у эди. Амирхон рост айтганди. Аммо, дарвиш ёлғиз эди. Одатига кўра, ҳамроҳларини ўзидан бир неча одим ортда қолдириб, бемаъни гурунглардан йироқ, ўз хаёли оғушида, ҳил-ҳил мевалари тобланиб турган хурмо дарахти остидан ўтиб, тўғри биз томон юриб келарди.

— Мулла Фахриддин-ми? — деди онам.
— Амирхон, дедим, ҳамон чорпоянинг четида такя қилиб турган болага,- чал, ноғорани! Нега бу фикр қўққисдан калламга келганини айтиб бера олмайман. –

Амирхон, — қани, дея ноғорани бамисоли ялинган киши бўлиб узатдим. Эҳтимол, бошқа пайт бўлганда Амирхон бу каби илтимосга сира кўнмасди. Аммо, у ҳозир негадир мен узатган ноғорани қўлимдан олди, худди қишлоққа келганимнинг биринчи куни момосининг қистови билан менга ноғора чалиб бергандек, балки ундан ҳам жонлироқ қилиб чала бошлади. Ғаройиб жимликни бузиб ҳовли бўйлаб ноғора садоси янграй бошлади. Йўлак бўйлаб келаётган дарвиш денг, жойида қотиб қолди. У “нима гап дегандай” энгашиб ҳовли саҳнига қараган бўлди. Ноғора чалаётган болакайга кўзи тушгач:

— А-ҳа! – дея, худди улфатини топган қадрдондек, қўлларини боши баравар баланд кўтарди. Кейин, Амирхон бераётган усулларга мос рақсга туша бошлади. Ғалати ҳолат. Айтсангиз биров ишонмайди.

Қабристонда ўликларни мазаммат қилган, ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган, қаҳри қаттиқ, тили заҳар Мулла Фахриддинни таниб бўлмасди. У чинакамига рақсга тушарди. Муштдек болакайнинг кир қўлчалари билан ноғарага бераётган аниқ ва бехато зарблари дарвишнинг ғамзада юрагининг туб-тубигача етиб борган, уни маст қилган эди.

Дарвишнинг ортидан шериклари — қошлари бамисоли мўйлабдек тарвақайлаган, бошига ҳайитга деб бўлса керак — янги дўппи кийган киши, яна ногиронлар аравачасида соч- соқоллари пахтадек оқ, шалвираб қолган мўйсафид ва мўйсафидга холис хизмат қилиб келаётган — бошида оддий тақя ,соқоллари қаровсиз экинзордек бетартиб ўсган, аммо ҳашаматда мулла Фахридиннинг соқолидан асло қолишмайдиган, шунча фазилатига қарамай, боз устига, кўзлари сал бесаранжомроқ киши келарди.

Дарвиш сал нарида туриб, кўзини жилдираб оқиб турган ариқчадан узмай онам билан саломлашди. – Ўтирибсиз! — дея жилмайди. Онам кенжа ўғлидан ҳам ёш бўлган дарвиш ҳузурида ҳаяжонини босолмасди:
— Хуш кўрдик, хуш кўрдик… дерди, бечора каловланиб.

— Дарди бедаволар! — деди, дарвиш келаётган ҳамроҳларини кўрсатиб.

— Нима бало? Тўй-пўйми? Бу овоз, чамамда, аравачада бамайлихотир сайр қилиб келаётган ёши ўтинқираб қолган ногирон кишига тегишли эди. Ноғора садолари, айниқса, уни сергак торттирган эди.

— Кечикдинглар! — Тиззаларига шапатиларди дарвиш. — Буларнинг иши – шу, бир умр кечикиш, дея менга қараб кулди дарвиш.

Бу орада Амирхон ноғорасини бир четга суриб, ишком соясида туриб олганча, мулла Фахриддиннинг алмойи жалмойидек туюлаётган сўзларидан нашъа қилиб бу ҳолатдан хабардор этиш учун ўзига таниш бир нигоҳ ахтарарди..

— Қойил, Амирхон! дедим.

Дарвиш Амирхоннинг урвоқдек жуссаси қошига келиб чўккалади. Бу ҳозиргина ўзига бир дунё завқ улашган болакайга кўрсатилган миннатдорчиликми, эҳтиромми эди. Боя – шошилинчда, Амирхонни шу ишга чорлаб тўғри қилганимни энди англаб турардим.

— Дунё — шу экан, — чорпояга бетакаллуф чиқа бошлаган дарвиш онамга таскин берган бўлди.
— Шунисига ҳам шукр, — деди онам.

— Одазот кўп нарса истайди, аммо, бунинг кўпи истаклигича қолиб кетади.
— Ноумид – шайтон, — деди онам.
— Аммо, кўп нарсани хоҳламайди, у эса содир бўлади.

Онам бошини эгиб сукут сақлади.
Дарвиш бу билан бетоб аёлга нима демоқчи бўлди?

Ер юзи — амалга ошмайдиган орзулар макони. Битта ижобат бўлган тилак ортида ўнлаб, юзлаб амалга ошмаганлари бижғиб ётади.
Дарвишнинг бу гапидан — дунё хўп чигал маъво, унга маҳлиё бўлиш, чираниб ёқасига ёпишиб олиш – хато, деган қарашни уқиш мумкин эди ҳар ҳолда. Аммо, ҳар нарсанинг ўз мавриди бўлмайдими?

Нега у касал кишининг кўнглини кўтариб, умидбахш сўзлар айтмади?
Кўнглим хижил бўлди.

***

Чорпояда суҳбат қизиди. Дарвиш тўрда қўр тўкиб ўтирарди. Қошлари ўсиқ, оҳори тўкилмаган янги тақясини қўллари билан ҳавога бир-икки силтаб, бошига авайлаб қўндирган барваста киши унинг ёнидан жой олди. — Тақсиримга яқинроқ ўтирай, нафи тегиб қолар, — дея мутойиба қилиб қўйди. Аравача тўғри чорпояга тиркалди. Бундан қулайи бўлмайди. Оппоқ соч-соқоли жисмоний нуқсонларини яшириб турган киши ноз-неъмат тўла дастурхон қошида бамисоли юмшоқ курсида ўтиргандек, йиллар шиддати чўктириб қўйган елкаларини ҳисобга олмаганда, талтайиб ўтирар эди. Беминнат хизматда бўлган — соқоллари ўсиқ, кўзлари бесаранжом киши эса, чорпоянинг аравачага яқин томонига ўтиб, одоб билан чўккалади.

Дуодан сўнг дарвиш ҳамроҳларини таништира туриб, негадир:
— Булар — чала дарвишлар! — деди.

— Сизни булардан анча олдинда юришингиз, шундан экан-да, — дея ҳазиллашган бўлдим.

Ҳайит дастурхони ноз-неъматга тўла. Чойдан сўнг, укам помирлик чўпонлардан атайин қурбонликка деб олган серка гўштидан тайёрланган қовурдоқ тортилди. Меҳмонларга Амирхон билан манзират қилдик. Ҳар ким кўнгли тусаганча насиба олди. Соч-соқоли қордек киши унамади, “Қон босимим бор, қўй гўшти менга мумкин эмас!” деб, туриб олди. Ёши бир жойга бориб қолган, тўрт кунлик дунёда кўп нарсаларни кўрган бу киши негадир эчки гўшти билан қўй гўштининг фарқига бормаётганди. Шу фикр кўнглимдан кечган ҳам эди-ки, дарвиш товоқдан бошини кўтариб, мен томон ялт этиб қаради:
— Чала дарвиш! дедим-ку. Кўнялари Абусумбул…

Мулзам бўлдим.

Бир дастурхон қошида неча хил қараш, неча хил дид. Бирови қўй ва эчки этини фарқига ҳам бормайди, бири ўтирган жойида самоларга — беҳудуд ва поёнсиз нурли ҳилъқат бағрида учади. Уйқу ва бедорлик, бойлик ва йўқлик ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Абусумбул лақабли соч-соқоли қировдек “чала дарвиш” киши товоқдаги неъмат қовирилган эчки эти эканлигидан ҳамон гумонда эди. Дарвиш унинг эҳтиёткорлигидан кулди:

“Бу маслуқни олдин бир ўтга ташлаб, кейин… боши билан ишора қилди — буёққа … ўтказаман”. Яъни, мангу бахтиёр ҳаётга қайтараман, демоқчи бўлдими-ей.
Мен давранинг бир четида Амирхон инимнинг бошини силаб, суҳбати хосга қулоқ тутардим.

— Мулла Фахриддин ўзи ким? — деган ўй менга тинчлик бермасди.

Уни телба дейишнинг ўзи телбалик. Ростгўйлиги ҳақ. Тилининг ачиқлиги ҳам бор нарса. Борди-ю, у: “Мен пайғамбарман!” деганида, унинг кимлиги ошкор бўларди-қоларди. Қайтиб у билан суҳбатлашишга ҳожат ҳам қолмасди. “Мен Ҳақман!” деган даъвосини ҳам эшитмадим. Ҳали айтганимдек, ихтиёрсиз равишда руҳи поёнсиз ҳилқат — малакут оламига сайр қилганда, ўртадан парда кўтарилганда, кўп нарсалар унга ошкор бўлади, чамаси, ана шунда у қалби ўлик, ғофил кимсаларни бедорликка чорламоқчи бўлади.

У кетаётган йўл оғир. Буни унинг ўзи ҳам билади. Бундай даъво билан чиққанларни тақдир бешафқат дор остига етаклаб борганини, ё бўлмаса, шариат, тариқат пешволари — қозикалонлар фатвоси билан хосу авом баравар тошбўрон қилганини, ё тириклай териси шилинганини мулла Фахриддин билмайди деб ўйлайсизми?

Фалак унинг бошига ҳам шу кунни соладиган бўлса, косибдек бетайин кимсалар тўдаси уни таҳқирлаши, тошбўрон қилиб бир кунда беш маҳал ювиб тургувчи баданини моматалоқ қилиши турган гап. Косибдек авом-ку, ўз йўлида, ҳозир дастурхон атрофида ўтирган — дарвиш истеҳзо билан “чала дарвишлар” дея масхара қилган яқинлари қараб турадими?

Мансур сармаст анал Ҳақ деганда бошига не кунлар тушмаганди? Ҳақни таниган, замонасининг энг мўътабар зотлари ҳушидан айрилган ошиқни ўлимга ҳукм этмаганмидилар? Ҳамма тош отганда, оломон ичидан бир киши, бу — шайх Шиблий эди, гул отганди.

Мулла Фахриддинга-чи? Ўзи аксар вақт “Бозори Хайр” кўчаларини аравачада сайр қилдириб юрадиган, дейлик, Абусумбул лақабли биродари қараб турармиди? Нари борса, томошагоҳгача аравачада бориб, бекорчихўжа Зиёқулни чорларди ва ўз номидан Фахриддин дарвиш томон бир этак чақир тош отишни амр қиларди. Дарвиш бекорга баъзида ўзи ногирон бўлган бу биродарини “Бир оловга солиб кейин…” дея, ҳазиллашмас ахир.

Борди-ю, иш чаппа кетиб, чиндан ҳам дарвиш жазога тортиладиган бўлса, мен нима қилган бўлардим? Қизиқ- а? Ҳарқалай гул отмасдим. Бунга менинг ҳаққим йўқ. Эҳтимол, бутун вужуди моматалоқ бўлиб бораётган, манглайидан, қулоқ, қош-қабоқлари орасидан сизиб оқаётган — дарвишни тентак қилган жўшқин қон рангини кўришга, уни дарвиш “Армонлар макони” деб таърифлаган тупроқ қаърига қандай сингиб боришини эслаб қолишга, хотирамга муҳрлаб қолишга уринардим.

Яна бир нарсани биламан — Амирхон иним тош отмасди. Эҳтимол, у уйлари ортидаги тепаликка чиқиб олиб ноғорасини чаларди. Унинг қўлчалари зарбидан ноғоранинг тер иси анқиб турган кўни аламли нолалар чиқарар, бу нола қир адирлар оша Кофарниҳон мавжларига уйғунлашиб мулла Фахриддин турган қатлгоҳгача етиб борарди. Мулла Фахриддин, бу ўзи бир пайтлар қошида чўккалаган — Амирхоннинг иши эканлигини дарров англарди. Дарвиш ноғора садоларидан маст баданига келиб тушаётган тош оғриқларни сезмас ва кўп ўтмай унинг руҳи заррача бўлсин оғриқ сезмай нурлардан иборат маъво қаърига сингиб кетарди. Ноғора садолари дарвишнинг озод руҳи қанотларида Ер юзида тентираб юрган одамлардан жуда-жуда олисларга – самоларга парвоз этиб кетарди…

Аммо, кўриб турганингиздек, ҳали ҳеч ким дарвишни дор остига тортаётгани йўқ. Эҳтимол, тортмас ҳам. Шуниси маъқул.

Суҳбат узоққа чўзилди. Кечга бориб дарвиш ва унинг дўстлари билан хайрлашдик. Онам меҳмонларни дуо қилиб қолди. Ҳа, кетиш олдидан дарвиш Амирхондан бир ноғора чалиб беришни ўтиниб сўради. Амирхон бир четда бошини эгиб, индамай тураверди, унамади.

Мен ҳайитдан кейин, тўрт-беш кунни ўтказиб, йўлга чиқдим. Анзоб ва Шаҳристон довонлари оша осмонўпар тоғлар бағрини кесиб ўтган илонизи йўлдан кетиб бораман. Мана — қадимий Зарафшон дарёси қудратли тоғлар бағридан шиддат билан отилиб ҳайқириб ётибди. Аммо, менинг хаёлим, ўю ёдим ҳамон қишлоқда.

Мулла Фахриддин — Дарвиш. Ким ўзи у? Нега у ҳақдаги ўй — хаёллар бир зум бўлсин кўнглимдан нари кетмайди? У билан боғлиқ хотиралар, воқеалар, ҳангомалар хаёлимга бостириб келаверади.

Чалғимаяпманми?

Кутилмаганда, қайдандир ноғора садолари янграгандек бўлди. Кўзларимни юмганча юрагимга қулоқ соламан. У тобора авжга чиқиб, ғуборланиб турган кўнгил осмони чарақлаб, қуёш юз кўрсатгандек бўлди. Бу таниш ноғора садолари…

— Амирхон – жигарим! — деб юбордим беихтиёр.

183231-725ad-75547111-m750x740-u31b97.jpg Shuvoq isi ufirib turgan tepalik sari ko’tarilgan sari darvish allanechuk g’alati bo’la boshladi. Bu, nabotot olamining atrof-javonibga taratayotgan ifori emas – mutlaqo o’zga narsa, bu isni tuyushning o’zi bo’lmaydi. Tabiiyki, darvishning ortidan kelayotgan hamrohlari bunday ne’matdan mosuvo.

Alisher NARZULLO
AMIRXONNING NOG’ORASI
09

033 Алишер Нарзулло 1967 йилнинг 11 ноябрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида ишлаган. «Рангин олам», «Яшил дарахтлар», «Болаликнинг сўнгги куни», «Шамоллар гирдоби» cингари проза ва шеър китоблари нашр этилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

09

Nihoyat, qishloqqa qaytadigan bo’ldim. Bod  chalgan oyoqlari joniga ozor berib, qo’ltiqtayoqlar ham deyarli ish bermay qo’ygan onamni ko’raman, qadrdonim Amirxonning nog’ora chalishlariga guvoh bo’lib, zavq olaman.

Yo’l azobini go’r azobiga mengzashadi, ammo safar sarguzashtlari, yurmoq mashaqqatining ham zavqli tomonlari borligini tan olmoq kerak.

Atrofga qorong’ilik ko’lanka tashlagan. Men hali tuzukroq ham tong otmasidan – subhi kozibda yo’lga chiqqan bo’lsam-da, ko’nglimda zarracha bo’lsin, malollik yo’q. O’ydim-chuqur notekis  yo’llar, yo’l bo’yida kutilmaganda paydo bo’lib qoladigan dov-daraxtlar, loysuvoq uylar, qo’qqisdan ro’paradan chiqib qoladigan keskin va tor muyulishlar xotiramda muhrlanib qolgan – ular men qaerga yetib kelganimdan darak berguvchi
vositalar.

Mashina aylanma yo’ldan ko’tarilib, Kofarnihonning tog’ga tutash toraygan o’zanidan boshlanib uzoq-uzoq manzillargacha cho’zilib ketadigan anhor yoqalab ketadigan tekis yo’lga chiqib olganda ham men mashina derazasidan ko’z uzolmasdan qorong’ilik bag’ridan ko’zga tashlanib qoladigan tanish belgilarni qidirib ko’nglim limmo-lim quvonchga to’lib borardi. Boshqa bir holat, boshqa bir mahal tun ko’nglimni xufton qilishi mumkin edi, ammo, hozir u mening o’lik xotiralarimga jon baxsh etib, bolaligim kechgan yerlardan boshiga ko’targancha ildamlab borardi.

***

Shuvoq isi ufirib turgan tepalik sari ko’tarilgan sari darvish allanechuk g’alati bo’la boshladi. Bu, nabotot olamining atrof-javonibga taratayotgan ifori emas – mutlaqo o’zga narsa, bu isni tuyushning o’zi bo’lmaydi. Tabiiyki, darvishning ortidan kelayotgan hamrohlari bunday ne’matdan mosuvo.

Ular sayhonlikka ko’tarilganlarida – ro’paralarida qishloqning bir necha yuz yillik ko’hna qabristoni paydo bo’lganda, darvish telba bo’ldi — qoldi.

Darvish katta-katta odimlar bilan sadaqayrag’och, yovvoyi do’lanalar o’sib yotgan manzil sari yurib ketdi. Yaktagi etagini ko’tarib simto’rdan osharkan o’zida yo’q edi. U qariyb ko’kragiga dovur osilib tushgan, qiyofasiga ajabtovur, jiddiy tus berib turguvchi soqolini tutamlab goh qah-qaha otib kular, goh ustidan bir chelak sovuq suv quyilgandek titrab-qaqshab, tomog’iga nimadir tiqilganday xirillagan sas chiqarardi.

Darvish kutilmaganda go’riston ahlini dahaniga kelgan achchiq-ta’nali so’zlar bilan siylay boshladi:
— Ha, qalay? — Sizlarni men shu ko’yga solmadimmi?..

— YO, tavba! Bir chetda cho’kkalab o’tirgan kosib zil ketdi. Arafa kuni xotininning beto’xtov qistovi ta’sirida qabristonga yo’l olgandi. U arvohlar haqqiga bir-ikki oyati karimani yumaloq yostiq qilib, hayit arafasida o’tkanlarni bir shod etish va albatta bahonada o’zi ham bir misqol sohibi savob bo’lish qasdida edi. Tosh qalbi erib “Oyatal Kursi”ni o’ziga xos siniq va shikasta ovozda endi zamzama qilay deganda:
— Ha, qalay?- degan darvishning titrab chiqqan ovozidan cho’chib tushdi.

— Yaramas! — Bu joylarga kelmayman, deb o’ylarding-a? — O’dag’aylardi qarshisidagi qabrga qarab darvish.- Qartayib qolganingda ham ishtonbog’ingni yig’ishtira olmay zino haqida o’ylarding.- Endi qalaysan?..

— Ha, senmi?.. — derdi darvish boshqa bir qabrga qarab. “Topgan popok noningni bola-chaqangga minnat qilarding-a? Xotiningga yelkamni qashlab qo’y, tekintomoq…” dermiding. Endi o’zing tuproqning metin changalida bir o’yinchoqsan, yaramas!
— Buni, jin-pin chalgan, — kosibning quti o’chdi.  Xudoning o’zi kechirsin, uning “bapoi tahorat boray” deya uydan atay olib chiqgan tahorati havoga uchdi.

— Arafa kuni-ya? — Cupurgiday soqoli bilan. O’l-e, shu kuningdan, — ichida ming’irlab so’kindi kosib.

Darvish qabriston oralab bamisoli uchib yurardi. Ayrim qabrlar qoshida to’xtab, engashib qarardi. Qandaydir isdan mast bo’lib, yirik boshini orqaga sarxush tashlab olar – shunda uning butun vujudi sirli bir kuy og’ushida raqsga tushayotgandek bo’lardi. So’ng, tezda yana aftini bujmaytirib olardi. Chamasi, uning dimog’iga qandaydir bad bo’y kelib urilardi. Ana shunda u tiliga istagancha erk berardi. Xuddi qabr ichida kimnidir ko’rib turgandek, yo birovni ayb ish ustida qo’lga tushirgan kimsadek, og’ziga kurakda turmaydigan so’zlarni olardi.

Kosib o’zini panaga oldi. Bilib bo’ladimi. O’liklarga bunday o’shqirgandan keyin kosibdek bir betayin, qariybki xudobexabar kimsani ayab o’tiradimi? Ichida bechora xotinini yomon so’zlar bilan so’kdi kosib:
— Sen kaltafahmning gapiga kirgan men ahmoq! Uydan turib ham duo qilsang, yetadi-ku?..

— Qariganda otin bo’lding, ammo, yoshligingda go’r eding! – marmartosh qo’yilgan salobatli go’rga qarab o’dag’ayladi darvish. – Sening bu holingni umrini yelga sovirgan kampirlar, ishratdan charchamayotgan qiz-juvonlar ko’rsin.
— Aniq, bu esini yegan! Kosib esankirab qoldi.

Darvish tinmay javrardi. Qazoi qadari yetib dargohi ilohiyga safar qilgan, tiriklikda yer yuzida qilgan jamiki gustohliklari, xatolari, bearmon sanqiganliklari uchun hisobot bergani yer ostiga kirgan bu bechoralarda ne ayb? Ular ham kuni kecha davralarni to’ldirib, yallo qilib yurmaganmidilar!?

Darvish nega haddidan oshyapti o’zi? Har kim o’ziga javob beradigan joyda, narigi dunyo ostonasida dildirab turgan ruhlarni imtihon qilish huquqini unga kimdir berib qo’yganmi?

Bechora kosib endi tilovatni boshlagan ham ediki, yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi, qabriston sukunatini, kosibning dunyoni suv bossa to’pig’iga chiqmaydigan o’lik vujudini darvishning sovuq va dag’dag’ali ovozi buzib, titratib yubordi.

Kosib, ehtiyot shart, o’zini panaga olgani yaxshi bo’ldi. Fursatni qo’ldan bermay, sadaqayrag’och ortiga o’tdi. Keyin tavakkal qilib, jarlik tomon o’tib, to’g’ri pastga endi.

***

Kechgacha hech kimga dardini aytolmay, qariyb yorilib o’lay dedi, o’sha kun kosib. Bir teshik quloq bo’lsa-yu, loaqal:
— Iskandarning shoxi bor, deb shipshisa. Ammo…

Faqat kechki ovqatdan so’ng, fotiha o’qilib, dasturxon yig’ilayotganda “ gap bor” demoqchiday bo’lib, xotiniga bir-ikki ma’noli qaragan edi, ayoli zaifaligiga bordi, arafa kuni “sal yasan-tusan qilganimga xo’jayin sust ketdi”, degan o’yga bordi. Arvohlar boshimiz uzra charx urib turgan bir vaqtda “begimning xayollariga nimalar kelmaydi” deya nozlandi.

Yotish oldidangina, kosib qabristonda bugun ko’rganlarini xotiniga aytib berdi. Kosibning sodda xotini eridan cho’pchak eshitayotgandek og’zini ochib turaverdi.

Hayit kuni ham hammaning og’zida shu gap bo’ldi. Kosib: “Shunday bo’ldi, shunday…” deya ko’rganlarini oqizmay-tomizmay odamlarga aytardi. «Men xudoman!» demoqchi bo’ldi. «Sizlarni men shu ko’yga solmadimmi?» deganlarni mana shu quloqlarim bilan eshitdim deya, shalpang quloqlarini ushlab ko’rsatardi. Ahyon-ahyon otib olganida hech kimga gap bermay: “O’zidan boshqasidan qo’rqadigan joyim yo’q” deb katta ketib yuradigan kosib o’shanda ne ko’ylarga tushganini, qariyb o’takasi yorilayozganini aytmacdi.

***

Xumoridan qondimi, darvish, maysalari allaqachon qovjirab qolgan sag’ana qoshiga kelganda, boshini xiyol egib sukutga ketdi. U go’riston bo’ylab chopib toliqqan edi. Yuz chanog’ida cho’kib qolgan qaboqlarini uyqudan turgan bemordek erinib ochganida ancha o’ziga kelgan, samolarga uchgan sarkash ruhi allaqachon yerga ingan, o’zidan bir necha odim nari hamrohlari nafaslarini ichiga yutgancha uni kuzatib turganini, ular bir muddat burun uning ruhi vujud qo’rg’onini qanday yorib chiqqaniga guvoh bo’lishganini, darvishning o’lim va tiriklik chegarasida turib xo’p hunar ko’rsatganligini o’z ko’zlari bilan ko’rganliklarini, o’zi esa, ko’hna bir cho’kib qolgan go’r qoshida g’alati alfozda turganini angladi.

***

— Amirxon, nog’orangni cha-al.

Mushtdekkina jussasi bilan momosiga norozi qarab qo’yadi Amirxon. «Mehmonni mahtal qilma, ol qani, senga aytayapman, hech kim yo’g’ida-ku… qulog’imni qoqib qo’limga berasan”, — o’g’rincha ko’zlarini qisib qo’yadi momo men tomon.

Ikki yonog’i qizarinqirab Amirxon menga boqadi. “Ol!” deyman men ham jilmayib. U sal uyalib, uniqib ketgan jinsi shimini quymichidan kindigiga dovur ko’tarib qo’yadi. So’ng, bir momosiga, bir tepaga ko’z yugurtiradi.

“Amakisi, shkafning tepasidan nog’orani olib ber bolamga “ deydi momosi. Amirxondek yigitga xizmat qilishdan mamnun, sakrab turaman, nog’ora shunday ko’zga tashlanib turgan bo’lsa-da, atayin Amirxonning jovdirab turgan nigohlariga qarayman. U ko’zlari bilan nog’ora turgan tomonga ishora qiladi.

— E-e, nog’oramisan, nog’ora-ku! – Qoyil! Maqtayman.
— Sen nima deb o’ylarding, deydi momo Amirxonning anoyi emasligiga shama qilib.

Amirxon bobosi ”Bozori Xayr”dagi urgutlik ustalardan olib kelgan nog’orani qo’lga oladi. Bo’yinbog’ini bo’yni osha o’tkazib, jussasiga nisbatan xiyol kattaroq boshini egib nog’oraga bir pas qadalib turgach, chala boshladi.

Nog’ora sadolari…

Amirxon berilib chalardi. Xasta momo oyoqdagi og’riqlarni unutgan, mehr bilan boshini nog’ora ohanglariga mos chayqardi. Sodda, beg’ubor Amirxon engashib olgan ko’yi nog’oraga kichkina qo’lchalari bilan tartibli ravishda shunday zarb berardi-ki, natijada ajoyib jo’shqin bir ohang atrofga taralar, bu sado biz o’tirgan xona derazalari osha borliqqa taralib xurmozor hovli bag’riga singib ketardi.

Ochig’i, Amirxonning nog’ora chalishini eshitib, bu bolalarcha havas bo’lsa kerak, deb o’ylagandim.

Qishloqqa kelganimda u bilan ko’risha turib, “Men atayin Toshkentdan sening nog’ora chalishingni ko’rgani keldim”,- deya hazillashganimda, Amirxon jilmayib qo’ygandi.

U nog’orani qoyillatib chalardi. Yo’q joydan Amirxon binoyidek nog’orachi bo’bqopti. Yaqin paytlargacha qishloqda uch-to’rt nog’orachi bo’lardi. Birovi ham bu zormondani eplab chalganini eslolmayman. Peshonalari terlab nog’orani palapartish savalaverishardi. Men, nikoh to’ylarida ham o’zini nog’orachi qilib, shuni o’ziga kasb qilib olib davrani chunonam qizdirgan vallamatlarni bilardim. Bola-chaqali bittasi bo’lardi. Uquvsizlarcha nog’orani chalaverar va shu orada davradagi yosh juvon-qizlardan xumor ko’zlarini uzolmay, xo’p kulgi bo’lardi. Shuni o’ziga kasb qilib u sho’rlikning sochi oqardi, ammo, uquvsizligicha qoldi. Undan keyin bo’yi naqd terak baravar keladigan yana biri to’y-marakalarda nog’orachi edi. U ham o’lguday uquvsiz edi. Chamamda, ular nog’ora chalish uchun ko’pam jon koyitish shart emas, deb o’ylashardi. Sal o’tga toblangan ko’nga zo’r berib savalayversang, bo’ldi, deb o’ylashardi. Men san’atga aloqam bo’lmasamda, ularning layoqatsizligini, shu dardi bedavodan ko’ra, boshqa ish bilan mashg’ul bo’lsalar, xo’p durust ish bo’lishini bilardim. Ammo ularning o’zlari negadir nog’orachilikni o’zlariga ep ko’rishardi. To’y marakalarda deng, ulardan hurmatli kishi yo’q. Ehtimol, shu arzimas e’tibor uchun  ham ular nog’orachi edi.

Amirxon bo’lsa, mushtdekkina bo’lib, musiqiy notalardan boxabar mug’anniydek, chertib- chertib, aniq zarb berardiki, uning kaftlari zarbidan hosil bo’layotgan jo’shqin sadolar beixtiyor yurak devorlariga kelib urilar va joyida mudrab o’tirgan  kishi vujudida ham qandaydir iliqlik olib kira olardi. Bir umr oddiy nog’orachiga yolchimagan qishloqqa Amirxonni xudoning o’zi hadya qilgandek edi. Yoshi bir joyga borib bir umr qo’ltig’idan nog’orani qo’ymay kelgan, ammo, nog’ora chalish  san’atidan bebahra o’tgan nog’orachilarga rahmim kelardi. Ular umrlarini yelga sovurganliklarini o’zlari ham bilmasdi.

***

Darvishning o’zini tutishi chindan ham g’alati edi.Uning nigohlariga boqib turib bo’lmasdi. Qarog’ ichkarisidan kimdir bu chirkin dunyoga mo’ralayotganday, uning o’siq qoshlari ostida oddiy odamga noayon nimadir borday edi. Bir muddat boqib tursang, ko’zlaring beixtiyor taslim bo’lib, yer chizib qolaverasan. Nega endi shunday? Odamlar burnini tagidan narini ko’rmay turgan bir paytda u nimalarni ko’rmaydi, nimalar haqda aljiramaydi. Bandasi o’lib turibgina ko’rishi mumkin bo’lgan narsalarni u ovqat tanovul qilib turib, yo bo’lmasa yonboshlab yotib ham ko’raverishi mumkin.

— Avliyomikan, deyman onamga qarab.
— Jinni! — deya gapga aralashadi Amirxon.
— Nega? — deyman.

U kuladi:
— Odamni yomon so’kadi, deydi shoshib.

Ikki bor haj ziyorati nasib etgan kishini bozorda uchratib qolib: — Hoji, ”Hammasi bekor” deydi kunlarning birida darvish.

Bir umr elchilik, hudaychilik qilib el xizmatida bo’lgan, xonai xudo ziyoratidan so’ng ham ko’cha-ko’yda odamlar sarxush ko’rgan, keyin bandalikni bajo keltirgan Eshmat xabarchi haqida hatto o’z zuryodi ham bad xayollarga borib, yomon gaplar gapirib yurgan kezlar, darvish :

— Eshmat, bexavotir joyga ketdi!” deydi, bir marakada tumonot odam guvohligida. Darvishning bu kabi qaltis hukmlari palapartish hayot kechirishga odatlangan sal betayinroq kimsalarga moydek yoqardi.

***

Hayota eshigi g’iyq etib ochildi. Onam malham ichayotgan piyolani yonboshiga omonat qo’ygancha yo’lakka tikildi. Muyulishdan Amirxonning qorasi paydo bo’ldi. U zing’illab mommosi o’tirgan chorpoya qoshiga yetib keldi. Momosi engashdi, Amirxon odatiga ko’ra oyoqlari uchida, pakana bo’yini cho’zib momosining quloqlariga shipshidi. Momo nabiraning sodda ko’zlariga qarab jilmayarkan, Amirxon momosi u yetkazayotgan muhim yangilikka e’tibor bermayotgani uchun o’pkalanganday:

— Xudo ursin, kelayapti, dedi.
— Kelsin, kelsin… Ana, eshik ochiq bolam. — Huda-behuda qasam ichmaydi odam dedi nabirasining boshini silab momo.

Amirxon chorpoyaga suyangancha hali yopishni unitgan ochiq qolgan hayota eshigidan nigohini uzmay turardi.

Onamga qaragandim, “Mulla Faxriddin uch-to’rt kishi bilan biznikiga kelayotgan ekan”, dedi.
— Baraka topgur, yo’qlab turadi. – Onasi dugonam bo’ladi-da.

Mulla Faxriddin deganlari Arafa kuni qabristonda hunar ko’rsatgan darvish-da. Hayit o’tib, mana, uchinchi kuni onamni ko’rgani kelayaptikan.

Toshkentdan kelgan kunim “Bozori Xayr”da uchratib qolganimda, ko’zlarimga qarab turib: “Zarracha o’zgarmabsan” degani, “Ketib qolmasang, hayitning uchinchi kuni qishloqqa hayitlab boraman”, deganini esladim.

O’shanda u nimaga shama qildi, bilomadim. U menga “Ko’rishmaganimizga yaqin o’n yil bo’libdi, aslo o’zgarmabsan” dedi. Tashqi qiyofamga ishora qilib, ko’nglimni ko’targanday bo’ldi. Ammo, men ichimdan zil ketdim. Darvish mening ichki dunyomga, hayotga, tiriklikka munosabatda no’noqlarcha qolganimga malomat qilayotganday edi. Dunyoga mahkam bog’lanib qolding, demoqchi bo’ldimi. Balki u bularning birortasini ham nazarda tutmagandir. Men o’zim o’zimni malomat qilayotgandirman. Gardanimda g’ij-g’ij gunoh… Darvish yuzimga solmasa ham bir umr ichimni yeb kelaman.

Ammo, darvish ham dunyoga butkul tupurganlardan emas. O’lguday maishatga o’ch. “Dunyoga keldingmi, ayshingni sur, ammo, chegaradan chiqma”, deya ta’kidlashni xush ko’radi. Diliga ishqi ilohiy g’ulg’ula qilib, oshiq ruhi qafasdan ozodlikka chiqqanda, o’zini koinotning bepoyon kengliklarda ko’radi, qushdek parvoz etadi, shu anvoyi ma’voning egasi o’zimman, deb his etgan shu kezlar hech kimni ayab o’tirmaydi. Men-menlaydi. O’z yo’lida ketayotgan kimsani yo’ldan qoldirib tergashi, boshqa birovini uyaltirib, hech kim bilmaydi deb yurgan aybini yuziga solib “he sadqai odam…” deyishi mumkin. Ammo, “Sizlarni shu ko’yga men solmadimmi?” “Aytmaganmidim-a?” deya o’liklarga ham dashnom beradigan darvish birda juda haqir, bechora — oddiy odamga aylanib ham qoladi. Ana shunda o’zi amallab kunini ko’rib yurgan bo’lsa-da, qo’li uzun sarvatmand Nur Samadning benihoya ko’hlik ojizasiga oshiqi beqaror bo’lib qolganligini yashirib o’tirmaydi, bir kun kelib Nur Samadning o’zi nuri diydasini mulla Faxriddin, ya’niki, bizning darvishga o’z ixtiyori bilan hadya etishidan bashoratlar etadi.

Chittakdagi qabristonda darvishni shikasta, mahzun holatda uchratgan xalfalardan biri:
— Taqsir, padarimiz haqlariga bir duo qilsangiz deya, otasi yotgan marqad boshiga yetaklab boradi. Darvishi tushmagur do’stining dunyoga kelishiga sababchi bo’lgan zotning qabriga qarab turib yoziladi. “Bunga shu kifoya” deydi negadir muxtasar qilib.

Bir uy odam, dasturxon to’la noz-ne’mat, imom hazratlari esa, davradagilarning toqatlarini imtihon etmoq qasdidami, yo boshqa dardi bormidi, ishqilib tahoratning sunnat, vojiblari xususida berilib va’z o’qiyotganda, poygakda o’tirgan darvish ko’pchilikning joniga oro kiradi:
– Chakagingni yig’asanmi, yo’q? deya imomga o’shqiradi.

Imom bo’zaradi, qizaradi… tilini tiyadi. Odamlar sovib qolgan ovqatlari tomon qo’l cho’zishadi. Yeb-ichib bo’lishgach, darvish engashib davraning to’rida hamon to’mtayib o’tirgan imomga boqadi:
– Gaping bo’lsa, mana endi gapir!

Imom ranjib marakani tark etadi. “Darvishning davraga xudoning o’zi yubordi”, deya o’tirganlar kulishadi.

***

Hovli sahnida boshida tim qora taqya, bo’zga o’xshash matodan yaktak kiygan kishi ko’rinish berganda ko’zlarimga ishonmay qoldim. Ha, chorpoya tomon kelayotgan u edi. Amirxon rost aytgandi. Ammo, darvish yolg’iz edi. Odatiga ko’ra, hamrohlarini o’zidan
bir necha odim ortda qoldirib, bema’ni gurunglardan yiroq, o’z xayoli og’ushida, hil-hil mevalari toblanib turgan xurmo daraxti ostidan o’tib, to’g’ri biz tomon yurib kelardi.

— Mulla Faxriddin-mi? — dedi onam.
— Amirxon, dedim, hamon chorpoyaning chetida takya qilib turgan bolaga,- chal, nog’orani! Nega bu fikr qo’qqisdan kallamga kelganini aytib bera olmayman. – Amirxon, — qani, deya nog’orani bamisoli yalingan kishi bo’lib uzatdim. Ehtimol, boshqa payt bo’lganda Amirxon bu kabi iltimosga sira ko’nmasdi. Ammo, u hozir negadir men uzatgan nog’orani qo’limdan oldi, xuddi qishloqqa kelganimning birinchi kuni momosining qistovi bilan menga nog’ora chalib bergandek, balki undan ham jonliroq qilib chala boshladi. G’aroyib jimlikni buzib hovli bo’ylab nog’ora sadosi yangray boshladi. Yo’lak bo’ylab kelayotgan darvish deng, joyida qotib qoldi. U “nima gap deganday” engashib hovli sahniga qaragan bo’ldi. Nog’ora chalayotgan bolakayga ko’zi tushgach:

— A-ha! – deya, xuddi ulfatini topgan qadrdondek, qo’llarini boshi baravar baland ko’tardi. Keyin, Amirxon berayotgan usullarga mos raqsga tusha boshladi. G’alati holat. Aytsangiz birov ishonmaydi.

Qabristonda o’liklarni mazammat qilgan, hech kimni ayab o’tirmaydigan, qahri qattiq, tili zahar Mulla Faxriddinni tanib bo’lmasdi. U chinakamiga raqsga tushardi. Mushtdek bolakayning kir qo’lchalari bilan nog’araga berayotgan aniq va bexato zarblari darvishning g’amzada yuragining tub-tubigacha yetib borgan, uni mast qilgan edi.

Darvishning ortidan sheriklari — qoshlari bamisoli mo’ylabdek tarvaqaylagan, boshiga hayitga deb bo’lsa kerak — yangi do’ppi kiygan kishi, yana nogironlar aravachasida soch- soqollari paxtadek oq, shalvirab qolgan mo’ysafid va mo’ysafidga xolis xizmat qilib kelayotgan — boshida oddiy taqya ,soqollari qarovsiz ekinzordek betartib o’sgan, ammo hashamatda mulla Faxridinning soqolidan aslo qolishmaydigan, shuncha fazilatiga qaramay, boz ustiga, ko’zlari sal besaranjomroq kishi kelardi.

Darvish sal narida turib, ko’zini jildirab oqib turgan ariqchadan uzmay onam bilan salomlashdi. – O’tiribsiz! — deya jilmaydi. Onam kenja o’g’lidan ham yosh bo’lgan darvish huzurida hayajonini bosolmasdi:
— Xush ko’rdik, xush ko’rdik… derdi, bechora kalovlanib.

— Dardi bedavolar! — dedi, darvish kelayotgan hamrohlarini ko’rsatib.

— Nima balo? To’y-po’ymi? Bu ovoz, chamamda, aravachada bamaylixotir sayr qilib kelayotgan yoshi o’tinqirab qolgan nogiron kishiga tegishli edi. Nog’ora sadolari, ayniqsa, uni sergak torttirgan edi.

— Kechikdinglar! — Tizzalariga shapatilardi darvish. — Bularning ishi – shu, bir umr kechikish, deya menga qarab kuldi darvish.

Bu orada Amirxon nog’orasini bir chetga surib, ishkom soyasida turib olgancha, mulla Faxriddinning almoyi jalmoyidek tuyulayotgan so’zlaridan nash’a qilib bu holatdan xabardor etish uchun o’ziga tanish bir nigoh axtarardi..

— Qoyil, Amirxon! dedim.

Darvish Amirxonning urvoqdek jussasi qoshiga kelib cho’kkaladi. Bu hozirgina o’ziga bir dunyo zavq ulashgan bolakayga ko’rsatilgan minnatdorchilikmi, ehtirommi edi. Boya – shoshilinchda, Amirxonni shu ishga chorlab to’g’ri qilganimni endi anglab turardim.

— Dunyo — shu ekan, — chorpoyaga betakalluf chiqa boshlagan darvish onamga taskin bergan bo’ldi.
— Shunisiga ham shukr, — dedi onam.

— Odazot ko’p narsa istaydi, ammo, buning ko’pi istakligicha qolib ketadi.
— Noumid – shayton, — dedi onam.
— Ammo, ko’p narsani xohlamaydi, u esa sodir bo’ladi.

Onam boshini egib sukut saqladi.
Darvish bu bilan betob ayolga nima demoqchi bo’ldi?

Yer yuzi — amalga oshmaydigan orzular makoni. Bitta ijobat bo’lgan tilak ortida o’nlab, yuzlab amalga oshmaganlari bijg’ib yotadi. Darvishning bu gapidan — dunyo xo’p chigal ma’vo, unga mahliyo bo’lish, chiranib yoqasiga yopishib olish – xato, degan qarashni uqish mumkin edi har holda. Ammo, har narsaning o’z mavridi bo’lmaydimi?

Nega u kasal kishining ko’nglini ko’tarib, umidbaxsh so’zlar aytmadi?
Ko’nglim xijil bo’ldi.

***

Chorpoyada suhbat qizidi. Darvish to’rda qo’r to’kib o’tirardi. Qoshlari o’siq, ohori to’kilmagan yangi taqyasini qo’llari bilan havoga bir-ikki siltab, boshiga avaylab qo’ndirgan barvasta kishi uning yonidan joy oldi. — Taqsirimga yaqinroq o’tiray, nafi tegib qolar, — deya mutoyiba qilib qo’ydi. Aravacha to’g’ri chorpoyaga tirkaldi. Bundan qulayi bo’lmaydi. Oppoq soch-soqoli jismoniy nuqsonlarini yashirib turgan kishi noz-ne’mat to’la dasturxon qoshida bamisoli yumshoq kursida o’tirgandek, yillar shiddati cho’ktirib qo’ygan yelkalarini hisobga olmaganda, taltayib o’tirar edi. Beminnat xizmatda bo’lgan — soqollari o’siq, ko’zlari besaranjom kishi esa, chorpoyaning aravachaga yaqin tomoniga o’tib, odob bilan cho’kkaladi.

Duodan so’ng darvish hamrohlarini tanishtira turib, negadir:
— Bular — chala darvishlar! — dedi.

— Sizni bulardan ancha oldinda yurishingiz, shundan ekan-da, — deya hazillashgan bo’ldim.

Hayit dasturxoni noz-ne’matga to’la. Choydan so’ng, ukam pomirlik cho’ponlardan atayin qurbonlikka deb olgan serka go’shtidan tayyorlangan qovurdoq tortildi. Mehmonlarga Amirxon bilan manzirat qildik. Har kim ko’ngli tusagancha nasiba oldi. Soch-soqoli qordek kishi unamadi, “Qon bosimim bor, qo’y go’shti menga mumkin emas!” deb, turib oldi. Yoshi bir joyga borib qolgan, to’rt kunlik dunyoda ko’p narsalarni ko’rgan bu kishi negadir echki go’shti bilan qo’y go’shtining farqiga bormayotgandi.  Shu fikr ko’nglimdan kechgan ham edi-ki, darvish tovoqdan boshini ko’tarib, men tomon yalt etib qaradi:
— Chala darvish! dedim-ku. Ko’nyalari Abusumbul…

Mulzam bo’ldim.

Bir dasturxon qoshida necha xil qarash, necha xil did. Birovi qo’y va echki etini farqiga ham bormaydi, biri o’tirgan joyida samolarga — behudud va poyonsiz nurli hil’qat bag’rida uchadi. Uyqu va bedorlik, boylik va yo’qlik haqida o’ylab ham o’tirmaydi.

Abusumbul laqabli soch-soqoli qirovdek “chala darvish” kishi tovoqdagi ne’mat qovirilgan echki eti ekanligidan hamon gumonda edi. Darvish uning ehtiyotkorligidan kuldi:

“Bu masluqni oldin bir o’tga tashlab, keyin… boshi bilan ishora qildi — buyoqqa … o’tkazaman”. Ya’ni, mangu baxtiyor hayotga qaytaraman, demoqchi bo’ldimi-yey. Men davraning bir chetida Amirxon inimning boshini silab, suhbati xosga quloq tutardim.

— Mulla Faxriddin o’zi kim? — degan o’y menga tinchlik bermasdi.

Uni telba deyishning o’zi telbalik. Rostgo’yligi haq. Tilining achiqligi ham bor narsa. Bordi-yu, u: “Men payg’ambarman!” deganida, uning kimligi oshkor bo’lardi-qolardi. Qaytib u bilan suhbatlashishga hojat ham qolmasdi. “Men Haqman!” degan da’vosini ham eshitmadim. Hali aytganimdek, ixtiyorsiz ravishda ruhi poyonsiz hilqat — malakut olamiga sayr qilganda, o’rtadan parda ko’tarilganda, ko’p narsalar unga oshkor bo’ladi, chamasi, ana shunda u qalbi o’lik, g’ofil kimsalarni bedorlikka chorlamoqchi bo’ladi.

U ketayotgan yo’l og’ir. Buni uning o’zi ham biladi. Bunday da’vo bilan chiqqanlarni taqdir beshafqat dor ostiga yetaklab borganini, yo bo’lmasa, shariat, tariqat peshvolari — qozikalonlar fatvosi bilan xosu avom baravar toshbo’ron qilganini, yo
tiriklay terisi shilinganini mulla Faxriddin bilmaydi deb o’ylaysizmi?

Falak uning boshiga ham shu kunni soladigan bo’lsa, kosibdek betayin kimsalar to’dasi uni tahqirlashi, toshbo’ron qilib bir kunda besh mahal yuvib turguvchi badanini momataloq qilishi turgan gap. Kosibdek avom-ku, o’z yo’lida, hozir dasturxon atrofida o’tirgan — darvish istehzo bilan “chala darvishlar” deya masxara qilgan yaqinlari qarab turadimi?

Mansur sarmast anal Haq deganda boshiga ne kunlar tushmagandi? Haqni tanigan, zamonasining eng mo»tabar zotlari hushidan ayrilgan oshiqni o’limga hukm etmaganmidilar? Hamma tosh otganda, olomon ichidan bir kishi, bu — shayx Shibliy edi, gul otgandi.

Mulla Faxriddinga-chi? O’zi aksar vaqt “Bozori Xayr” ko’chalarini aravachada sayr qildirib yuradigan, deylik, Abusumbul laqabli birodari qarab turarmidi? Nari borsa, tomoshagohgacha aravachada borib, bekorchixo’ja Ziyoqulni chorlardi va o’z nomidan Faxriddin darvish tomon bir etak chaqir tosh otishni amr qilardi. Darvish bekorga ba’zida o’zi nogiron bo’lgan bu birodarini “Bir olovga solib keyin…” deya, hazillashmas axir.

Bordi-yu, ish chappa ketib, chindan ham darvish jazoga tortiladigan bo’lsa, men nima qilgan bo’lardim? Qiziq- a? Harqalay gul otmasdim. Bunga mening haqqim yo’q. Ehtimol, butun vujudi momataloq bo’lib borayotgan, manglayidan, quloq, qosh-
qaboqlari orasidan sizib oqayotgan — darvishni tentak qilgan jo’shqin qon rangini ko’rishga, uni darvish “Armonlar makoni” deb ta’riflagan tuproq qa’riga qanday singib borishini eslab qolishga, xotiramga muhrlab qolishga urinardim.

Yana bir narsani bilaman — Amirxon inim tosh otmasdi. Ehtimol, u uylari ortidagi tepalikka chiqib olib nog’orasini chalardi. Uning qo’lchalari zarbidan nog’oraning ter isi anqib turgan ko’ni alamli nolalar chiqarar, bu nola qir adirlar osha Kofarnihon mavjlariga uyg’unlashib mulla Faxriddin turgan qatlgohgacha yetib borardi. Mulla Faxriddin, bu o’zi bir paytlar qoshida cho’kkalagan — Amirxonning ishi ekanligini darrov anglardi. Darvish nog’ora sadolaridan mast badaniga kelib tushayotgan tosh og’riqlarni sezmas va ko’p o’tmay uning ruhi zarracha bo’lsin og’riq sezmay nurlardan iborat ma’vo qa’riga singib ketardi. Nog’ora sadolari darvishning ozod ruhi qanotlarida Yer yuzida tentirab yurgan odamlardan juda-juda olislarga – samolarga parvoz etib ketardi…

Ammo, ko’rib turganingizdek, hali hech kim darvishni dor ostiga tortayotgani yo’q. Ehtimol, tortmas ham. Shunisi ma’qul.

Suhbat uzoqqa cho’zildi. Kechga borib darvish va uning do’stlari bilan xayrlashdik. Onam mehmonlarni duo qilib qoldi. Ha, ketish oldidan darvish Amirxondan bir nog’ora chalib berishni o’tinib so’radi. Amirxon bir chetda boshini egib, indamay turaverdi, unamadi.

Men hayitdan keyin, to’rt-besh kunni o’tkazib, yo’lga chiqdim. Anzob va Shahriston dovonlari osha osmono’par tog’lar bag’rini kesib o’tgan ilonizi yo’ldan ketib boraman. Mana — qadimiy Zarafshon daryosi qudratli tog’lar bag’ridan shiddat bilan otilib hayqirib yotibdi. Ammo, mening xayolim, o’yu yodim hamon qishloqda.

Mulla Faxriddin — Darvish. Kim o’zi u? Nega u haqdagi o’y — xayollar bir zum bo’lsin ko’nglimdan nari ketmaydi? U bilan bog’liq xotiralar, voqealar, hangomalar xayolimga bostirib kelaveradi.

Chalg’imayapmanmi?

Kutilmaganda, qaydandir nog’ora sadolari yangragandek bo’ldi. Ko’zlarimni yumgancha yuragimga quloq solaman. U tobora avjga chiqib, g’uborlanib turgan ko’ngil osmoni charaqlab, quyosh yuz ko’rsatgandek bo’ldi. Bu tanish nog’ora sadolari…

— Amirxon – jigarim! — deb yubordim beixtiyor.

08

(Tashriflar: umumiy 157, bugungi 1)

Izoh qoldiring