Abdurauf Fitrat. Muxtoriyat & Yo’lchi Qosimov. Beshigida bo‘g‘ilgan muxtoriyat & Muxtoriyat tarixiga oid ikki kitob

2d_orig.pngТуркистон  мухторияти  эълон қилинган куннинг 100 йиллиги олдидан  (1917 йил 27 ноябрь) 

    Ўзбек халқининг содиқ фарзанди Фитрат шундай деб ёзган эди: «Туркликнинг қонини қайнатгувчи, имонини юксаклатгувчи бир суюнчи сўз туғилди. 27 ноябрнинг кечасинда миллий лайлатулқадримиз бўлган Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Эллик йилдан бери эзилдик. Таҳқир этилдик. Кўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остига олинди. Тузумли турдук, сабр этдук – кучга таянган ҳар буйруққа бўйсиндук, бутун борлиғимизни қўлдан бердук. Ёлғиз бир фикрни бермадук, яшинтурдик, имонларимизни ўраб сақладук, бу фикр – Туркистон Мухторияти эди»

Абдурауф ФИТРАТ
МУХТОРИЯТ
08

Turkiston-muhtoriyati-561x330.jpgТуркистон мухторияти… Темур хоқонининг чин болалари ёнинда, туркистоннинг тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли, мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман.

Туркистон туркининг қонини қайнатғучи, имонини юксалтгучи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти.

Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қияинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик.

Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрун турдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтғанда, ёруқсиз турмаларда ётғанда, йиртғучи жандармнинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўрольмадик. Шул чоғда, тушкун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура(р) эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!

Биз аниқ била(р) эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған… рус демократияси, ҳақға таянган бир инқилоб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур.

Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан идора этилури жарланди. Шул эълон узра ясалган Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Қўнуқ Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихий хонбалиқлариндан иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланған Туркистон қурултойи 27 нўябрнинг «мильлий лайлатурқадримиз бўлған» ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди.

Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун.”

«Ҳуррият», 1917 йил, 5 декабрь
Мақола «Фан ва турмуш»нинг 1990 йил, 10 сонида қайта нашр қилинган (Нашрга тайёрловчи Ш. Турдиев).

Йўлчи ҚОСИМОВ
БЕШИГИДА БЎҒИЛГАН МУХТОРИЯТ
Туркистон Ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойида
Туркистон (Қўқон) Мухторияти эълон қилиниши
08

    Наманганлик иқтидорли тарихчи олим, тарих фанлари номзоди марҳум Йўлчи Қосимов Ўзбекистоннинг асл тарихини ёзиб, юзага чиқариш борасида кўп фидойилик кўрсатган заҳматкаш зиёлилардан эди. Унинг “Қора кўзойнак билан ёзилган тарих” китоби маҳаллий нашриётда оз нусхада нашр этилгани боис ўқувчиларнинг кенг қатламига етиб бормади. Шуни назарда тутиб, китобнинг Туркистон (Қўқон) мухторияти тарихига бағишланган бобини журналимиз ўқувчиларига тақдим этишга қарор қилдик.

08

РСФСР Миллатлар иши Халқ Комиссари И. В. Сталин ва Халқ Комиссарлар Советининг раиси В. И. Ленинларнинг имзоси билан иккита тарихий ҳужжат эълон қилинди: «Россия халқлари ҳуқуқлари Декларацияси» (1917 йил 2/15 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига Мурожаатнома»си (1917 йил 3 декабрь). Ана шу Мурожаатномада, жумладан, шундай дейилган эди: «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, Сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур тузаберингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз. Билингизки, Сизнинг ҳуқуқингиз ҳам инқилоб ва унинг органлари бўлган Ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советларининг бутун қудрати билан ҳимоя қилинади… Ўз мамлакатингизга ўзингиз хўжайин бўлмоғингиз керак. Ўз турмушингизни кўнгилдагидек ва ўз хоҳишингизга мувофиқ қилиб ўзингиз тузмоғингиз лозим. Сиз шундай қилишга ҳақлидирсиз. Чунки сизнинг тақдирингиз ўз қўлингизда…» (В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида. Тошкент, Ўздавнашр, 1957, 71-72-бетлар). Декларацияда эса жумладан шундай дейилган эди: «Халқ Комиссарлар Совети қарор қилади… 2. Россия халқларининг ўз тақдирларини ўзлари эркинлик билан белгилашлари ва ҳаттоки, ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқини бериш. 3. Ҳамма ва ҳар қандай миллий имтиёз ва чеклашларни ва миллий-маданий имтиёз ва чеклашларни бекор қилиш» (Ўша китоб, 68-бет).

Ана шу ҳужжатлар эълон қилинган вақтда Тошкентда Ф. Колесов раҳбарлик қилаётган ҳукумат шаҳар думаларини тарқатиб юбориш ва миллий кадрларга нисбатан шовинистик сиёсатни авж олдирнш каби ўта нотўғри ва қўпол сиёсатни амалга оширмоқда эди. Иккиюзламачи большевик Ф. Колесов Туркистон ўлкаси Советларининг учинчи қурултойи номидан В. И. Ленинга, Халқ Комиссарлари Совети номига юборган телеграммасида Туркистон Халқ Комиссарлар Совети: «Сизнинг барча декретларингизни ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган», деб тилёғламалик қилган эди. Аммо минг надоматларким, бу ёлғончи ва шўролар мустамлакачиси ўз ваъдаларининг тескарисини қилди. Ва ҳатто, у ўзи имзо чеккан ҳукумат ҳужжатларида ҳам ана шу юқорида кўрсатилган марказий ҳукумат кўрсатмаларини ҳам ва лоақал, ҳужжатларнинг номини ҳам қайд қилиб ўтмади.

1917 йилнинг 26-29 ноябри кунлари Қўқон шаҳридаги «Шўройи исломия» ташкилотининг қароргоҳида Туркистон Ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойи бўлиб ўтди. Эслатиб ўтайлик, 1917 йил ёзида бошқа сиёсий партиялар қаторида «Шўройи исломия»чилар Тошкентдан қувилган эди. Шунинг учун “Шўройи исломия” ва “Шўройи уламо” жамиятлари аъзолари Қўқон шаҳридан бошпана топган эдилар. Чунки Қўқон шаҳри собиқ хонликиинг маркази бўлиб, унда шу вақтларда 50 минг-дан ортиқ аҳоли яшар эди. Қирқ мадраса, 382 та масжид бўлиб, уларда олти мингга яқин диний хизматчи бўлган. Айни вақтда шаҳарда ўн битта йирик халқаро банклар ҳам иш кўрган (қаралсин: Шомагдиев Ш. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Ташкент, Изд-во АН УзССР, 1961, стр. 36. Қўқон тарих-ўлкашунослик музейи фонди материаллари).

Қурултой чақирилиши олдидан турли жойларга таклифномалар тарқатилган зди. Аммо бу вақтда ўлка маркази Тошкентда почта-телеграф ходимларининг иш ташлашлари давом этаётганлиги туфайли вакилларга таклифлар (мандат) қрғозлари ўз вақтида етиб бормади.

25 ноябрь куни кечқурун съезд олди ташкилий йиғилиши бўлиб ўтган. «Туркистон ахбороти» рўзномасининг хабар беришича, 1917 йил 26 ноябрь куни Ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси ва Қурултойни ўтказиш ташкилий ҳайъатининг аъзоси Мустафо Чўқаев қурултойни очган. Биринчи бўлиб мандат (шаҳодат) ҳайъатининг аъзоси Норбўтабековнинг қурултойга келганларнинг таркиби ва сони хусусидаги ахбороти эшитилади. Унинг ахборотига кўра, қурултойга Фарғона вилоятидан – 150 киши, Сирдарё вилоятидан – 22 киши, Самарқанд вилоятидан – 21 киши, Каспийорти (Закаспий)дан – 7 киши, Бухородан – 4 киши келганлиги маълум қилинди. Қурултойнинг охирларига бориб вакилларнинг сони 250 тага етган. Қурултойга вакиллардан ташқари «Шўройи уламо», Мусулмон аскарлар Кенгаши, Ўлка яҳудий ташкилоти, Бухоро яҳудийлари, Касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлардан ҳам вакиллар қатнашган.

Курултойда ҳайъат аъзолари сайлови анча мунозарали ўтган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайъат аъзолари таркибига мусулмон бўлмаган (номусулмон) гуруҳларнинг вакилларидан ҳам сайлашни таклиф этди. Қўқонлик вакил А. Маҳмудовнинг таклифига биноан ўн уч ки-шидан иборат қурултой ишининг раёсати (президиуми) сайланди. Улар орасида М. Чўқаев, У. Хўжаев, Ю. Оғаев (Юрғули Оғаев), Акаев, Гернфельд (Герцфельд), А. Маҳмудов, Шоаҳмедов, Қишчинбоев, Абдул Бадин, Камол қози, Ўразаев, Тиллаев, Каримбоевлар бор эди. М. Чўқаевнинг таклифига биноан бухоролик (самарқандлик) вакил, таниқли арбоб Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ҳайъат таркибига киритилди. Бу таклифни мажлис аҳли олқишлар билан қарши олди.

Қурултойнинг кун тартиби тасдиқланди. Кун тартибидаги масалалар орасида қуйидагилар бор эди:

1. Ўлканинг бошқарув шакли ҳақида. 2. Туркистон Мухториятини тузиш тўғрисида. 3. Туркистон Мусулмонлар Кенгашини қайта сайлаш ҳақида. 4. Туркистон Таъсис мажлисини ўтказиш. 5. Туркистоннинг «Казак қўшинлари, тоғли Кавказ ва эркин саҳройи халқлар жануби-шарқий Иттифоқига» аъзо бўлиши ҳақида. 6. Халқ милициясини тузиш. 7. Молиявий ишлар ва бошқа масалалар.

Изоҳ: 5-пунктда кўзда тутилган иттифоқ 1917 йил 20 октябрда тузилган эди. Унга кўра казак аскарлари, Кавказнинг тоғли халқлари ва чўлларнинг эркин миллатларидан ташкил топган бўлиб, Россияни халқчил федератив жумҳуриятга айлантириш мақсадида вужудга келган («Свободный Самарканд», 6.XII.1917). Шартномада Туркистонга буғдой етказиб бериш ва ва бошқа товар айрибошлаш масалалари ҳам бор эди. Бу эса Туркистонга яқинлашиб келаётган очарчиликни даф қилишда муҳим стратегик аҳамиятга эга эди.

Кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилишда Туркистонни «Шарқий-жанубий иттифоққа» кириши масаласи бирмунча мунозарали бўлган. Атаман Дутовнинг вакили олиб келган шартнома лойиҳасига айрим вакиллар қарши чиқдилар. Улар тузилажак Туркистон Мухториятининг ана шу шартномага кирмаслигини ёқладилар. Шунга қарамасдан шартнома қабул килинди. («Вақт», 1917 йил 2 декабрь). Уч кун давом этган қурултойда жуда қизғин мунозара ва тортишувлар бўлган. Тошкент Шўролар ҳукуматидан вакил бўлиб келган П. Г. Полторацкий қурултойда нутқ сўзлади. У ўз нутқида тузилажак Мухториятга қарши чиқди ва қарши гапирди. Унинг нутқи қурултой қатнашчиларининг бирортасига ҳам таъсир этмади.

27 ноябрдан 28 ноябрга ўтар кечаси Туркистон Умуммусулмонлар қурултойининг қарори ўқиб эшиттирилди. Карорда, жумладан шундай дейилган эди: «Қурултой Туркистонда яшовчи миллатларнинг иродасини ифодалаб, Улуғ Русия инқилоби ваъда этган ўз тақдирини ўзи ҳал этиш негизида, Федератив демократик Русия жумҳурияти асоси узра, Туркистонни территория жиҳатдан мухторият шаклида белгилашни топширди», «Туркистонда яшовчи миллий озчилик ҳуқуқлари ҳар томонлама муҳофаза этилади».

Қурултойда давлат тузилмаси масаласи муҳокама этилиб, унда Туркистон Мухторияти деб белгилашга келишиб олинган эди. Қурултойнинг 20 ноябрь кунги мажлисида Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Таъсис Мажлиси чақирилишига қадар бутун ҳокимиятни Туркистон Вақтли Кенгаши ва Туркистон Халқ Бошқаруви қўлида бўлади, деб қарор қилинди. Туркистон Муваққат Шўроси – Туркистон Республикасининг таркиби тузилиб, унинг аъзолигига 34 киши сайланди. Кенгаш илгари Туркистондан Бутунроссия Таъсис мажлисига юборилган вакиллар сонига қараб белгиланди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига – миллат мажлисига 54 киши сайланди. Сайланганлардан учдан бир қисми оврўполик вакилларга ажратилди. «Ҳуррият» рўзномасинииг 1917 йил 1 ва 5 декабрь сонларида қарор матни, ҳукумат таркиби ва умуман қурултой ҳақидаги ахборот зълон қилинган.

Сайланганларнинг 36 нафари мусулмон ва 18 нафари ғайри-мусулмонлардан (оврўполилар умумий аҳолининг 7 фоизини ташкил этган) сайланган. Булар орасида мусулмонлардан М. Беҳбудий (Бухоро), У. Хўжаев, Носирхон тўра, Абдуқодирбек Қўшбегиев, И. Шоаҳмедов, Ҳ. Юрғули-Оғаев, А. Маҳмудов, Ашурхўжа, Д. Қорабеков, А. Ўразаев, М. Мирзааҳмедов (Фарғона), Муҳаммад Тинишбоев, И. Давлетшин (Еттисув), Ўроз Сардор (Туркманистон), Мустафо Чўқаев (Қозоғистон) Ш. Лапин, С. Бойсаидов, Т. Норбўтабеков, С. Миржалилов, И. Губайдуллин, К. Ҳожинов, С. Шарифхўжаев (Сирдарё), А. Абдусалимов, С. Герцфельд, А. Дербисолин, М. Оқчурин, Мансуров (Самарқанд). Л. Ширинский, F. Мусабоев, О. Шокирхонтўраев, К. Раҳмонбердиев, А. Умаров, С. Юсупов (Каспий бўйидан) ва бошқалар.

Мана шу ўн саккиз ўрин ичида социал-демократлар, дашноқцутюн (арман), эсэрлар, украин, поляк, яҳудий (маҳаллий ва оврўполи), темир йўлчилар иттифоқи каби сиёсий партиялар ва бошқа ташкилотларнинг ҳам вакиллари бор эдилар. Шунингдек, улар орасида Намангон, Андижон, Скобелев (Фарғона), Тошкент каби шаҳарлардан келган вакиллар ҳам бор эди. Оврўполиклар ичида Потеляхов, Вадьяев, Герцфильдлардан ташқари ҳукумат ичида адвокат Ненсберг, Тиц (Андижон) кабилар ҳам иштирок этдилар.

Туркистон Мухторияти Муваққат Миллат мажлисига (парламентга) танланган ана шу ва бошқа кишилар иштирокида Туркистон Муваққат ҳукумати тасдиқланди ва у қуйидагича тузилди:

1. Муҳаммаджон Тинишбоев – ҳукумат раиси (нозир) ва Ички ишлар нозири (У «Олош Ўрда» (қозоқ) партиясининг раҳбари, Иккинчи Давлат думасининг аъзоси, Туркистон темир йўл инженерлари қўмитасининг аъзоси, касби инженер);
2. Ислом Султон Шоаҳмедов – раис ўринбосари (Умуммусулмонлар Кенгашининг аъзоси, Думадаги доимий ишончли вакил, касби адвокат);
3. Мустафо Чўқаев – Ташқи ишлар нозири (Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Қўмитаси аъзоси, Ўлка Мусулмонлар Кенгашининг раиси, касби юрист, адвокат);
4. Убайдулла Хўжаев – Халқ милицияси ва Хавфсизлик нозири (Умумрусия Мусулмонлар Кенгаши Марказий Қўмитасининг аъзоси, касби юрист, адвокат);
5. Ҳидоятбек Юрғули-Оғаев – Ер ва сув ишлари нозири (касби агроном-олим);
6. Обиджон Маҳмудов – Озиқ-овқат ишлари нозири (Қўқон шаҳар думаси раисининг ўринбосари);
7. Соломон Герцфильд – Молия нозири;
8. А. Маҳмудов – Адлия (юстиция) нозири;
9. Чанишев (полковник) – Ҳарбий мудофаа нозири, Бош қўмондон;
10. Саидносир Миржалилов – Хазина Ишлари Нозири ва бошқалар.
(Қаралсин: «Туркестанский вестник», 1917 йил б декабрь).

24e9c0c5799bb222f79d4f4fb53d050a_720x480.jpg

Туркистон мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда қурултойи ўз йиғилишининг охирги босқичида, яъни 29 ноябрда Myваққат Миллат мажлиси ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг муҳофазаси ва дахлсиздиги ҳақида қapop қабул қилди. Қарорда шундай дейилган: «Булардан ҳар бирига қарши зўравонлик бутун ўн миллионли Туркистон халқига қарши таҳқир деб билинади». Қурултой қатнашчилари болшевиклар томонидан тузилган Тошкент қизил ҳукуматининг (ҳибсга олишлари, тинтув ўтказишлари ва ҳ. з.) нотўғри ҳатти-ҳаракатларини қоралаб қарор қабул қилди ва ҳибсга олинган кишиларни озод этишни талаб қилди.

Қурултой сўнгида Бутун Туркистон фуқароларига, сиёсий партияларига, ташкилот, муассаса ва ҳаракатларга қарата уларни аҳиллик, ҳамкорлик, бирдамликка чақирувчи Мурожаат қабул қилинди. Мурожаатда жумладан шундай дейилган: «Занжирлардан бўшағон Туркистон ўз ерининг ҳокими ва ўз тарихининг яратувчисига айланадиган вақт келди!» (қаралсин: «Свободный Самарканд», 6 декабря 1917 г.).

Туркистон Республикаси Мухтор парламенти эълон қилингач, бутун мусулмонлар олами уни севинч ва кўтаринкилик руҳи билан қарши олди. Жойларда уни қўллаб-қувватлашга бағишланган митинглар, йиғилиш ва намойишлар бошланиб кетди. Бу ҳаракатлар шўровий тарихчилар ёзишганидек, норозилик кайфиятидаги чиқишлар эмас, балки унинг тескариси бўлган. Тарихий фактларга мурожаат қилайлик.

Илгари Мухторият ғояларига қарши турган рўзномалар, масалан, «Курьер», «Туркестанское слово» ва бошқалар энди ўз муносабатларини тубдан ўзгартириб, мусулмонларни ўз ҳокимиятларини ҳимоя қилишга даъват этдилар. «Свободный Самарканд» рўзномасида С. Никифоров эълон қилган мақолада: «Давримиз учун муҳим бўлган қурултой қарорлари ушбу чекка миллий ўлканинг ҳаётида янги саҳифа очилганлигини англатади», деб ёзган (қаралсин: ўша газета, 1917 йил 7 декабрь).

30 ноябрь куни Қўқонда мусулмон меҳнаткашларининг кўпминг кишилик намойиши бўлган. Унда мусулмон ҳукуматини ҳимоя қилишга қаратилган қасамёд қилинган. «Туркестанский вестник» рўзномасининг хабар беришича, Тошкентнинг Жомеъ масжидида жуда катта митинг бўлган. Унда «Нотиқлар ҳаяжон ва кўзларида ёш ила янги ҳаёт бошланиши ҳақида сўзлаганлар» (қаралсин, ўша рўзнома 1917 йил 8 декабрь). Митинг иштирокчилари Мухториятга ёрдам бериш учун жамғарма йиғишга ҳам қарор қилдилар. Митингда Мухторият ҳукумати раҳбариятининг имзоси билан эълон қилинган Мурожаат ўқиб эшиттирилганда ҳамма йиғлаган.

«Туркестанские ведомости» рўзномасида Сталин-Ленин имзолаган «Русия ва Шарқнинг мусулмон меҳнаткашларига хитобнома» эълон қилинди. Худди шу кунларда Тошкент Шўролар ҳукуматининг раҳбари Ф. Колесовнннг фармонига биноан Тошкент шаҳар думаси тарқатиб юборилди. 6 декабрь куни бундан норози бўлганларнинг Тошкентда митинги ўтказилади. Митингда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор қабул қилинди. Унда шундай дейилган: «Комиссар Колесовнннг шаҳар думасини тарқатиш ҳақидаги буйруғини тинглаб, йиғилиш бир овоздан мазкур ғайриқонуний буйруққа қарши қизғин эътироз билдиради. Модомики, шаҳар думаси умумий, тенг, бевосита ва махфий овоз бериш йўли билан сайланган бўлиб, Тошкент шаҳрида якка-ягона халқчил, демократик ташкилот ҳамда 300 мингли шаҳар нуфусининг хоҳиш-иродасини асл ифода эта билувчи муассасадир. Дума аъзоларига ўз ишларини давом эттириб, уларни сайлаган халқ ҳимояси ва муҳофазаси остига ўзларини топширишни белгилайдилар» (Туркестанский вестник», 8 декабря 1917 г.).

Тошкент шаҳар думасининг охирги ёпилиш йиғилишида депутат Ибнямин Ёнбоев сўз олиб шундай деган: «Ҳозирги ҳокимиятнинг (ran Колесов раҳбарлик қилаётган Кизил ҳукумат устида бораётир – Й. Қ) тан олинган демократлиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириши қип-қизил ёлғон… Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи тўп ва пулемётлардир. Лекин биз, мусулмонлар бу кучдан қўрқмаймиз. Бизда ўзга куч мавжуддирки, бу куч руҳимиздир. Тарих ушбу сохта ҳокимиятнинг амалини қоралайдиган вақт, албатта келажак!» («Туркестанский вестник», 9 декабря 1917 г.)

Раҳмат Сизга Ибнямин бобо! Худо раҳматига олган бўлсин руҳингизни! Сиз бундан 75 йил муқаддам бугунги дориломон кунларимизга – Мустақиллик кунимизга тирик етиб кела олмадингиз. Аммо Сиз бу кунларни олдиндан кўра билгансиз. Тарих ва давр тақозоси билан бугун биз Колесов ҳукуматининг жирканч моҳияти ва мақсадини очиб ташловчи фактларга мурожаат қилиб, Сиз кўрган ва биз ҳужжатлар орқали таниш ҳокимиятнинг мусулмонларга – туб туркистонлик аҳолига нисбатан амалга оширган қора ишлари ва ниятларини ўрганишга муяссар бўлаётирмиз. Бу ҳақдаги тарихий ҳақиқатни ҳаммамиз билишимиз шарт, азиз ватандошлар!

II

1917 йил декабрь ойида бутун Туркистон Ўлкаси бўйлаб сиёсий кампания авж олди. Ҳамма жойлардаги йиғилишларда Мухторият Муваққат ҳукуматини ҳимоя қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Чунончи, 1917 йил 6 декабрь куни Тошкентнинг Эски Шаҳар қисмидаги Бекларбеги мадрасасида митинг бўлди. Митингда сўзга чиққанлар – М. Абдурашидхонов, муфтий Мулла Одил, Шерали Лапин, Саид Ғанихон, Пирмуҳаммад Аълам ва бошқалар, ҳаммаси бўлиб ўн беш киши болшевиклар йўлини қораладилар ва Мухторият ҳукуматини ҳимоя қилишга чақирдилар. Митинг қатнашчилари 13 декабрь куни, яъни Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом туғилган кунлари намойиш қилишга қарор қилдилар. Намойиш арафасида Тошкентдаги Мухториятни қўллаб-қувватловчи оврўпалик кишилар группаси Қўқонга – Мухторият ҳукумати номига телеграмма юбориб, унда мухториятчиларни ҳимоя қилиш учун намойишда қатнашиш истакларини билдирганлар» («Улуғ Туркистон», 1917 йил 14 декабрь).

Бўлажак воқеалардан хабардор бўлган Шўролар ҳокимиятн намойишга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилди. Шўроларнинг шаҳар кенгаши бу чиқишни “мусулмонлар оммасининг фитначи аксилинқилобий ҳаракати” деб ҳисоблаб, 13 декабрга белгиланган бу намойишнинг йўлини тўсиш учун ҳарбий қисмларни ишга солди. Тошкент Ўрдасидаги ҳарбий қисмлар Янги шаҳар билан Эски шаҳарга ўтадиган асосий йўлларни тўсиб қўйди. Шунга қарамасдан ҳаракат давом этди. Айниқса, Янги шаҳарда оломоннинг тўпланиши мутлақо тақиқланган эди. Турли кўчалардан бўлса-да, йўл топиб айланиб келган мусулмонлар Шайх Хованд Тоҳур масжиди томон юриб келиб йиғилди. Соат ўн иккиларга боргайда кўп минг кишилик намойишчилар тўпландилар. Йиғилганлар орасида Халқ Комиссарлари Советининг аъзолари, ҳукмрон партия (болшевиклар) раҳбарлари ва бошқа сиёсий ҳаракат ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам бор эди. Туркистонга Мухторият берилишини талаб қилиб қилувчи шиорлар ёзилган транспарантлар кўтарган гуруҳ, асосан оврупаликларни ташкил этган уч мингга яқин намойишчи Эски Шаҳарга қараб юрди. Шу вақтда ҳарбийлар билан тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув натижасида эски шаҳарлик 16 киши ҳалок бўлган. Бўлиб ўтган воқеа хусусида марказга – Петроградга хабар берилган. Тошкент Ишчи ва аскар депутатлар Совети 13 декабрда Тошкентда ҳарбий ҳолат эълон қилди («Туркестанские ведомости», 15 декабря 1917 г.). Шўролар ҳукумати раҳбари Ф. Колесов марказий ҳукуматга мурожаат қилиб, ундан йўл-йўриқ сўраганида И. Сталиндан шундай мазмунда жавоб олинган: «Сиз жойларда ўзингиз ҳукуматсиз, йўл-йўриқларни ўзингиз ишлаб чиқишингиз керак».

1917 йил 26 декабрда Мусулмон Ишчи ва аскар депутатларининг фавқулодда 1-қурултойи чақирилди. Унда бир неча масалалар кўрилиб, улар орасида Мухторият масаласи алоҳида ўрин тутди. Курултойда Мухторият масаласида Ленин билан музокара юритиш учун делегация юбориш масаласида тортишувлар бўлди. Ва ниҳоят, қурултой Ленинга телеграмма юборишга қарор килди. Телеграммада шундай дейилган: «Туркистон 1-Фавқулодда Мусулмон Ишчи ва аскар депутатлари съездида қабул қилинган резолюцияни йўллаб, Сиздан Русия демократик жумҳурияти олий ҳокимияти сифатида Туркистон Халқ Комиссарлар Кенгашига ўлка ҳокимиятини Туркистон Вақтли Мухторият ҳукуматига топшириш учун фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу, Туркистонни улкан ҳалокатга келтириши мумкин бўлган бебошлик, иккиҳокимиятчиликнинг олдини олиш учун зарур».

Курултойда миллионларнинг манфаатини ифода этувчи вакиллар мухторият масаласида якдил (эдилар). Бироқ Тошкент Қизил ҳукуматининг вакили, большевик П. Полторацкий нутқ сўзлаб, Мухториятга қарши бемаъни гапларни айтди. Ана шундан кейин курултой қуйидаги қарорни қабул қилди: «1. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Кенгаши барча аҳоли, айниқса мусулмонлар хоҳиш-истакларининг ифодачиси эмас. 2. Туркистон ўлкаси халқларининг иродаси съездда Мухторият эълон килинганида ифодаланган. 3. Туркистонда ягона ҳукумат органи умумий мусулмонлар қурултойида ва уни тўлдирган Мусулмон Мухторияти ҳукумати ва Халқ Кенгашига (парламенти) топширсин деб истак билдирди. Чунки, ушбу қурултой Мухтор Туркистондаги барча демократик қатламлардан ташкил топиб, бутун пролетариат ўй-фикрларининг ифодачисидир». Шундан кейин П. Полторацкий бошчилигидаги болшевистик вакиллар ва унинг тарафдорлари қурултой залини ташлаб чиқиб кетдилар.

Туркистон Мухториятини Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси ҳам қўллаб-қувватлади. Туркистондаги тараққийпарвар зиёлилар, оддий меҳнат аҳли ва хориждаги барча мусулмонлар Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлашди ва ҳатто ўз сармоялари ҳисобидан ёрдам уюштиришди. Ўзбек халқининг содиқ фарзанди Фитрат шундай деб ёзган эди: «Туркликнинг қонини қайнатгувчи, имонини юксаклатгувчи бир суюнчи сўз туғилди. 27 ноябрнинг кечасинда миллий лайлатулқадримиз бўлган Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Эллик йилдан бери эзилдик. Таҳқир этилдик. Кўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остига олинди. Тузумли турдук, сабр этдук – кучга таянган ҳар буйруққа бўйсиндук, бутун борлиғимизни қўлдан бердук. Ёлғиз бир фикрни бермадук, яшинтурдик, имонларимизни ўраб сақладук, бу фикр – Туркистон Мухторияти эди».

Узоқ асрлар мобайнида ўзаро феодал урушлар ва тарқоқлик, мустамлакачилик сиёсати ва зулми шароитида яшаган, ана шу зулмлар туфайли халқи хонавайрон бўлган ўлкада Мухторият давлатининг ташкил топиши бутун мусулмонлар оламида қизғии кутиб олинди. Бу ҳақда ўша вақтларда чоп этилган рўзномалар, ойномалар, тўплам ва рисолалар, архив ҳужжатлари, турли йиғилишларда қабул қилинган қарорлар ва бошқа маълумотлар гувоҳлик беради. Айниқса, ўзбек шоирлари бу тарихий вокеа муносабати билан кўплаб шеърлар ёздилар, Масалан, биринчи бўлиб Ҳидоятуллоҳ Алиев «Туркистонга» ва «Мухторият шодлиги» деган оташин шеърлари билан ўзбек халқи номидан Мухториятга муносабат билдирди. Ҳамза эса «Туркистон Мухториятини» деган шеър ёзиб, уни «Улуғ Туркистон» рўзномасида (1918 йил 11 январь) эълон қилди (Изоҳ: мазкур шеърнинг тўлиқ матни Ш. Турдиев томонидан «Фан ва турмуш» журналининг 1990 йилги 10-сонида эълон қилинган).

Яна ушбу журналнинг шу сонида Фитратнинг «Мухторият» деган публицистик мақоласи, М. Чўқаевнинг хати ва бошқа материаллар илк бор шўроларнинг рўзнома ва ойномаларининг саҳифаларида эълон қилинган. Чўлпон ўзининг «Аллоҳу акбар» ва «Озод турк байрами» шеърларини Мухторият ҳукуматининг ташкил топишига бағишлади.

Туркистон Мухториятининг мадҳиясини (гимнини) ёзиш учун шоирларга мурожаат қилинган. Эндигина йигирма ёшга тўлган Абдулҳамид Чўлпон томонидан ёзилган «Озод турк байрами» деган шеър мадҳия сифатида танлаб олинган (Изоҳ: ўша шеърнинг тўлиқ матни биринчи марта «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасининг 1991 йил 20 сентябрь сонида Ж. Каримов томонидан эълон қилинган. Шеърнинг асл нусхасини эса Қўқон ўлкашунослик музейи ходими А. Мадаминов топиб берган).

Ўз даврининг талантли шоири Ҳамид Олимжоннинг «Ҳарбий коммунизм даврида ўзбек буржуазия поэзияси» деган мақоласида ёзилишича, мазкур шеър «Эл байроғи» рўзномасининг 1917 йил 13-сонида босилган. Ўша вақтларда бу шеър кўп минг нусхада Қўқондаги И. И. Вайнер типолитографиясида варақа тарзида босиб чиқарилган ва деярли барча мактабларда, кўчаларда ва йиғинларда қЎшиқ қилиб айтилган. Ана шу мадҳия матнидан парчалар келтирамиз:

Кўз очинг, боқинг ҳар ён,
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон,
Фидо бу кунларга жон!

Нақорот:
Туркистонли – шонимиз, туронли – унвонимиз,
Ватан – бизим жонимиз, фидо ўлсин қонимиз!
Бизлар темир жонлимиз, шавкатлимиз, шонлимиз,
Номусли виждонлимиз, қайнаган турк қонлимиз!

Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди.
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансин энди!

Нақорот ва ҳоказо.

Мухторият ҳукуматининг эълон қилиниши халқ оммаси томонидан қизғин кутиб олингани ва қўллаб-қувватланиши Тошкент Шўролар ҳукуматига ёқмади. Болшевиклар партияси ва Шўролар ҳукумати Мухториятга қарши ташвиқот, туҳматдан иборат сиёсий кампанияни бошлаб юборди.

Чунончи, 1918 йил 18 январда Тошкентда Фарғона, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги ўзбек пролетар ташкилотларининг иккинчи қурултойи чақирилди. Қурултой қатнашчилари Мухторият ҳукуматига норозилик билдирдилар, Ишчи ва деҳқон депутатлари Советлари билан Мусулмон Советларини бирлаштириш керак, бунинг учун махсус Қурултой чақиришни зарур деб ҳисобладилар. Бундай мисоллар бир нечта.

Туркистон Мухторияти ҳукуматини М. Тинишбоев атиги бир ҳафтагина бошқарди, холос. Ҳозирча бизга маълум ва аниқ бўлмаган сабабларга кўра, у истеъфога чиққан. Унинг ўрнига ҳукумат раиси этиб Мустафо Чўқаев тайинланган.

Мухторият ҳукумати ўзининг эълон қилинган кунидан бошлаб актив сиёсий фаолият кўрсата бошлаган. Биринчи навбатда Мусулмон сиёсий ташкилотлари ва уларнинг органлари тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириб юбордилар. «Улуғ Туркистон», «Эл байроғи», «Свободный Туркестан» каби ўнлаб рўзномалар Туркистон Мухторияти томонида туриб иш кўрдилар. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бу вақтларда Тошкент ва бошқа шаҳарларда маърифатпарвар ва тараққийпарвар миллий ёшларнинг бир неча гуруҳлари ва уюшмалари тузилган эди. Масалан, Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида тузилган ва маркази Хадрада жойлашган «Изчилар тўдаси» деб аталган гуруҳга машҳур жамоат ва партия арбоби Акмал Икромов ҳам аъзо бўлиб кирган эди. (Қаранг: Қ. Хасанов. Акмал Икромов. Тошкент, «Ўзбекистон», 1972, 7-бет). Мухториятнинг ўзи ҳам рўзномалар ташкил этди ва улар ўзбек, рус, қозоқ тилларида чиқиб турди.

Мухторият ҳукумати уезд комиссарлари ва бошқа мансабдор шахсларга фармойишлар, телеграммалар ва турли кўрсатмалар юбориб, уларни бажаришга мажбур этишга ҳаракат қилди. Масалан, 1918 йил 11 январда Каттақўрғон Ишчи, аскар ва деҳқон Советлари Мухториятни тан олмай, унинг ҳеч бир кўрсатмасини бажармаслигини эълон қилган эди.

Мухторият ҳукумати шошилинч суратда 30 миллион сўмлик заём чиқарди. Ундан кўзланган мақсад ҳукуматни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва миллий армия тузиш эди. Ҳукумат тадбирига кўра биринчи навбатда армия тузишга киришилди. “Қўқон мухторияти» китобининг муаллифи П. Алексеенковнинг ёзишича, дастлабки кунлардаёқ ҳукумат ихтиёрида 60 ёлланма аскар тўпланган (44-бет). «Ҳуррият» рўзномасининг ёзишича эса, Мухторият ихтиёрида қисқа вақт ичида икки минг кишидан ортиқ ҳам ихтиёрий, ҳам ёлланма аскар бўлган (1918 йил 8 март).

Четдан чақирилган ҳарбий кишилар асосан инструкторлик ишларини олиб борганлар. Мухторият ҳукумати ёрдам сўраб хорижий мамлакатларга мурожаат қилди ва улардан ҳам моддий, ҳам ҳарбий ёрдамлар оди. Шу боисдан бўлса керак, 1918 йил январида Тошкентдаги Жомеъ масжидида бўлган митингда Шукурхон ҳазратлари: «мухториятчилар ёлғиз эмаслар. Уларни Англия ҳимоя қилаётир», деб бежиз айтмаган («Кокандское эхо». 18 января 1918 г.). Дарҳақиқат, Мухториятни унинг илтимосига биноан Англия, Россия, Франция, Германия, Туркия ва бошқалар қўллаб-қувватлаган эдилар.

Мухторият ҳукумати ўзининг қисқа умри давомида бир қатор иқтисодий тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қилди. Халқ милицияси тузилди, армия ташкил этилди, заём чиқарилди, пул ислоҳоти ўтказишга киришилди. Мухторият ўз байроғи ва мадҳиясига эга бўлди.

Мустафо Чўқаев ўз эсдаликларида ёзганидек, “Биз Русиядан айрилишни талаб этмадик. Фақат Мухторият эълон қилдик… Натижа эса ҳаммага маълум…” Демак, мухториятчилар Русия таркибида Мухторият бўлиши учун курашган эканлар, деган хулоса келиб чиқади. Ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек: “Биз еримизни ва мол-мулкимизни бўлиб олмоқчи бўлганларга жон-жаҳдимиз билан қарши чиқамиз. Ҳақиқатда эса, ер, мол-мулк ва динни сақлаб қолиш учун Мухторият туздик” (А. Бабаходжаев. Провал английской агрессивной политики в Средней Азии (1917-1920 г.г.), Ташкент, 1955, стр. 42).

Тошкент ва Москва ҳукуматлари Туркистон Мухторияти ҳукуматига нисбатан мутлақо душманлик муносабатида бўлдилар. Унга қарши ўта шовинистик сиёсатни қўлладилар. Д. Манжара ёзганидек: «Кўпгина русларнинг, ҳатто раҳбар ўртоқларнинг калласидан улуғ давлат шовинизми руҳи мустаҳкам ўрин олган эди». Дарҳақиқат ҳам шундай бўлди. Туркистон Мухторияти ҳукуматини агдариб ташлаш учун ҳамма чоралар кўрилди.

III

«Куч – сиз томонда, биз томонда эса – адолат ва эркинлик ҳуқуқи»
М. Чўқаев, Мухторият президенти.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Мухторият ҳукумати биринчи ўринда ҳарбий қисмлар тузишга киришди. Чунончи Мухторият ҳукумати чор ҳукумати даврида қамалиб чиққан Эргашга ншонч билдириб, уни ҳарбий қўшинларга бошлиқ этиб тайинлади. Қисқа вақт ичида у тўрт мингга яқин йигит тўплади ва уларни қуроллантирди. Аммо у тўплаган ҳарбий қисмларнинг малакаси паст ва тажрибаси йўқ йигитлар эди.

Мухторият ҳукуматини ағдариб ташлаш учун Тошкентда кескин чоралар кўриш мақсадида ҳарбий режа тузилаётган вақтда Бутуниттифоқ Таъсис Мажлисига Фарғонадан вакил этиб сайланган В. Чайкин Туркистонда ҳокимиятни зудлик билан маҳаллий (мусулмонлар демоқчи – Й. Қ.) ишчи ва деҳқонлар қўлига ўтишининг ғоявий зарурлиги хусусида Миллатлар Халқ Комиссарн И. В. Сталинга телеграф орқали мурожаат қилганида у шундай жавоб қилган: «Советлар ўз ички ишларида мухтордир ва улар тегишли реал кучларга таяниб ҳаракат қилади. Шу боис Туркистонда маҳаллий пролетарларнинг марказий Совет ҳокимиятига Туркистон Совнаркоми ҳарбий қисмларидан бегона кучларга таянганларни тарқатиб юбориш ҳақида арз этиб, мурожаат қилиши лозим эмас, балки агар маҳаллий пролетар ва деҳқонларда куч топилса, уни шу куч билан тарқатилсин».

Большевик Е. П. Бабушкин бошчилигидаги Қўқон шаҳар Ишчи ва аскарлар Кенгаши марказдан мадад олиб, Мухторият ҳукуматига қарши курашни кучайтирди. Бабушкин Кенгашнинг пленумини чақиириб, унда мухториятчиларни қуролсизлантириш ва унинг ҳарбий қисмларини тарқатиб юборишни талаб қилувчи кескин талаб (ултиматум) тарзидаги қарорлар қабул қилди. Пленум қарорига асосан мухториятчиларга қарши курашни кучайтириш мақсадида Ҳарбий Инқилобий қўмита тузилди. Инқилобий қўмита ҳам ўз навбатида қуролланишни кучайтирди. Мухториятчиларга зарба беришнинг аниқ режаси тузилди. Зудлик билан ёрдам юбориш учун Тошкентга мурожаат қилинди. Тошкентдан ёрдам ҳам кела бошлади.

1918 йилнинг 28-29 январь кунлари Қўқонда вазият ниҳоятда кескинлашди. Мухториятчилар ва уларнинг тарафдорлари Шўроларнинг шаҳар кенгаши кўрган чора-тадбирларга жавобан иш кўриб, уларнинг қора ниятларини амалга оширишга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилдилар. Шўроларнинг Ҳарбий Инқилобий қўмитаси собиқ хон ўрдасига жойлашиб олган эди. Мухториятчилар қўшини ана шу қароргоҳга ҳужум қилди. Бироқ аниқ режа асосида амалга оширилмаган бу ҳужум муваффақиятсизликка учради. Аммо шаҳар телефон станцияси узиб ташланди. Мана шу вақтда Шўролар Кенгашига ёрдам учун Тошкентдан, Скобелевдан, Ардижондан, Перовскдан ва бошқа ерлардан ёрдам қўшинлари Қўқонга кириб келди.

Вазиятни ҳисобга олган Туркистон Халқ Комиссарлар Совети 1918 йилнинг 14 феврали куни бутун Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, Фарғона темир йўлида эса қамал ҳолати жорий этилди. Митинг ва намойишлар ўтказиш таъқиқланди. Ҳукумат қарорида: «Бу қарорни бузганлар пулемёт ва милтиқ ўқи билан қарши олинади», деб алоҳида кўрсатиб ўтилди. Аммо Тошкентда ва умуман Туркистонда ҳарбий-сиёсий вазият оғирлиги учун ҳам Тошкентдан кўп ёрдам бериш қийин эди. Шунинг учун ҳам Скобелев шаҳар думаси раиси Дармоедовнинг қаршилигига қарамай, Фарғона шаҳар ҳарбий дружинасининг командири комиссар К. Осипов Шўролар Советининг қарорига амал қилиб 4 та пулемёт, 4 та замбарак ва 140 та аскари билан Қўқонга ёрдамга келган эди. Ўзича, у ўз отряди билан Мухторият ҳукуматини қамоққа олмоқчи ҳам бўлди. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Уларнинг ўзлари мухториятчиларнииг қўшини томонидан ўққа тутилди. Ва ҳатто мухториятчилар қалъани олиш учун жанг бошлаганларида болта, таёқ, тош, чўкич ва бошқа нарсалар ушлаган оломон уларга мадад бермоқда эди. Уларнинг сони ўн мингдан ошган эди, деган маълумотлар ҳам бор. Улар ўзларини мужоҳидлар деб эълон қилдилар. Бу вақтда осиповчилар яшириниб олишган эди. Оломон қалъани штурм қила бошлади. Аммо қизил қўшинлар яхши қуролланган ва ҳарбий тактикага эга эди. Шунинг учун ҳам улар қалъани мустаҳкам туриб ҳимоя қилдилар.

18 йил 17 февралда Мухторият ҳукумати билан Шўролар ҳукумати вакиллари ўртасида музокара бошланди. Бу музокара Мухторият ҳукумати раҳбариятининг таклифи билан бошланди Музокара вақтида мухториятчилар қуйидаги шартларни қўйдилар: 1. Шаҳарни биргаликда бошқариш ва унинг таркибида мухториятчиларнинг кўпроқ вакиллари бўлиши. 2. Ҳарбий қалъани шу органиинг назорати остига олиш. 3. Милициядан бошқа барча кучларни қуролсизлантириш. 4. Ўлка Шўролар ҳукуматининг шариатга зид декретларини бекор қилиш.

Ҳарбий Инқилобий қўмита бу таклифларни рад этди. Шундай кейин 18 февралда музокаралар яна давом эттирилди. Мухторият ҳзкумати нима қилиб бўлсада ўртада қон тўкилмаслиги учун ҳаракат қилди. Мухторият ҳукуматининг ҳарбий вазири полковник М. Чанишев Ревком олдига ҳатто ултиматум қўйиб соат тўртгача қалъанинг топширилишини талаб қилди. Аммо Мусулмон ишчи ва деҳқонлар конференцияси қатнашчилари талаб қўйиб, ултиматумни қайтариб олишга мажбур қилдилар. Ана шундай кескин вазият содир бўлиб турган кезларда «Шўройи уламо»чилар ва уларнинг тарафдорлари каттиқ қаршилик кўрсатдилар. Мухторият ҳукумати аъзолари ичида ўзаро ихтилоф пайдо бўлди. Ҳукумат раҳбари М. Чўқаевни истеъфога чиқишга мажбур этдилар. Натижада унинг ҳукумат кабииети тарқатилди. М. Чўқаев ўзига яқин кишилари билан ҳукуматни ташлаб, Қўқонни тарк этишга мажбур бўлди.

Ҳарбий вазир М. Чанишев қамоққа олинди. М. Чўқаев эса қўрқоқликда айбланди. «Уламо»чиларнинг ёрдами билан Эргаш полвон ҳукумат раҳбари ва Бош қўмондон этиб тайинланди. Кисқача қилиб айтганда, бўлиб ўтган воқеалар ўз навбатида давлат тўнтариши эди.

Худди шу вақтда Тошкентдаги большевистик ҳукуматнинг ҳарбий вазири сўл эсэр, генерал Е. Перефильев бошчилигида пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларининг иккинчи эшелони Қўқонга кириб келди. Қўқон уч тарафдан қуршаб олинди. Артиллерия қисмлари жанговар ҳолатда буйруқни кутиб турар эди. Шу тариқа Кўқонда мудҳиш воқеаларнинг содир бўлиши аниқ бўлиб қолган эди.

19 февраль куни қизил қўшинлар раҳбарияти Мухторият ҳукуматининг раиси, қЎмондон Эргашга ултиматум юборди. Унда қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш талаб этилди. Аммо Эргаш ултиматумни қабул қилмади. Шундан кейин генерал Перефильев ёндирадиган барча снарядларии ишга солишга ва 12 та замбаракдан ўт очишга буйруқ берди. Кундуз соат бирдан бошлаб Қўқон осмонини қора булут, замбараклар овози ва тутун қуршаб олди. Бегуноҳ одамлар ҳам тўп-замбараклар ўқи остида қолди. Шу ҳужумнинг иштирокчисн М. Шкорупанинг хотирлашича: «Тинч аҳо-лининг уйлари, Туркистон, Россия учун ҳам танқис бўлиб қолган мануфактура ва ғалла омборлари ёнарди. Қўқон уч кун бутунлай ўт ичида қолди». А. Т. Каравайцевнииг эсдаликларига қараганда, айниқса «Коновалов тўдасидаги арман дашноқлари ўзбошимчаликни ҳаддан ошириб юбордилар. Улар Қўқонга келгунча тинч аҳолини талаб, қирғин қилган» (“Воспоминания”. Ташкент, 1957).

«Наша газета»нинг ёзишича, ўрус қўшинлари мусулмонларнинг ибодатхоналари бўлмиш масжидларни ва ўқув юртлари бўлмиш мадрасаларни ҳам тўплар ёрдамида хонавайрон қилган. Генерал Перефильевнинг эсдаликларида мақтаниб ёзишига қараганда «…Мен 12 замбаракдан ўқ очдира бошладим. Биринчи отишмадан кейиноқ исёнчилар (мухториятчиларни кўзда тутаётир — Й. Қ.) Эски шаҳарга қараб қочишди».

Шиддатли жанглар ва қирғинбарот уруш ҳаракатлари 20 февралда ҳам давом этди. Шу куни шаҳар ичкарисига арманлардан иборат «Дашноқцутюн» коми билан аталган каллакесар жанговар қисмлар кнриб келди. Эндиги жанглар Қўқоннинг Эски шаҳар қисмига кўчди. Бу ерда ҳам мудҳиш фожиалар рўй берди. Мухториятчилар ва уларнинг тарафдорлари томонидан ҳар бир уй, бино, омбор, савдо корхоналари учун яккама-якка жанглар бўлган. Бу ҳақда шу воқеаларнинг иштирокчилари ўз эсдаликларида ёзиб қол-дирганлар ва архив ҳужжатлари ҳам бор.

Эргаш бошчилигидаги мухториятчилар армияси Эски шаҳарни ўраб, уч кун қаттиқ мудофаа қилди. Шу уч кун ичида бутун-бутун бинолар, савдо расталари, дўконлар, омборхоналар, масжид-мадрасалар, мануфактура корхоналари вайрон бўлган. Шу кунлар ичида уч мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Халқ Комиссарлар Совети томонидан юборилган қизил қўшинлар ёрдамида ва иштирокида ўтказилган бу ҳарбий операция уларнинг ғалабаси билан якунланди («Улуғ Туркистон», 1918 йил, 2 март).

19 февраль куни Мухториятнинг ўн беш раҳбари — А. Ўразаев, Я. Агеев, М. Мираҳмедов, М. Чанишев, Кушбегиев ва бошқалар Скобелев – Фарғонага жўнаб кетишган эди. Улар Фарғонада ва унинг атрофларида ҳам бўлиб, халқни Мухториятни ҳимоя қилишга даъват этдилар. Жойларда намойишлар уюштирдилар. Бироқ улар айғоқчилар томонидан ушлаб олиниб, сўроқсиз ва айбсиз равишда ўз жойларида отиб ташланди. Ноилож қолган Эргаш ўзининг г^ин отряди ва бошқа мухториятчилар шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Мухтор ҳукуматнинг қўлга тушган ҳар бир аъзоси отиб ташланди. «Улуғ Туркистон» рўзномасининг ёзишича, ҳукумат хазиначиси Саидносир Миржалилов қамоққа олинган ва унинг ихтиёридаги хазина мусодара қилинган ва таланган (1918 йил 21 февраль).

Шу вақтларда Тошкентда қозоқ тилида чиқиб турган «Бирлик туғи» рўзномаси «Қўқон воқеалари»ни шундай шарҳлайди: «Яқинда у (большевикларнинг қизил ҳокимияти ва унинг қуролли кучларини кўзда тутмоқда – Й. Қ.) Қўқон кўчаларини инсонларнинг қони билан бўяди. Мусулмонлар яшайдиган Эски шаҳарни ер билан яксон қилиб текислаб ташлади, минглаб айбсиз ва ҳимоясиз мусулмонларни ўлдирди, уларнинг мол-мулкларини талон-тарож этди… Аммо буларни у оддий қилиб эмас, қизил байроқ, озодлик ва инқилоб шиорлари остида амалга оширди».

cc39e283aa0cf3eaf15cf184738d4053.jpg
lopsimage.jpg

Шундай қилиб, Туркистон Мухторияти ағдариб ташланди. У бешигида бўғилди. Шўроларнинг Қизил қўшинлари ва ҳокимият раҳбарияти тарихда кечирилмайдигаи гуноҳи азимга ботди. Буни тарих ҳеч қачон унутмайди. Аммо мухториятчиларнинг курашлари изсиз кетмади. Орадан етмиш уч йилгина ўтиб, улар орзу қилган замон етиб келди. Ўзбекистон мустақил бўлди.

Манба: «Ҳилол» – ойлик ижтимоий-маърифий ойлик электрон журнали

Ashampoo_Snap_2016.09.28_18h09m39s_007_.pngTurkiston muxtoriyati e’lon qilingan kunning 100 yilligi oldidan  (1917 yil 27 noyabr)

     O’zbek xalqining sodiq farzandi Fitrat shunday deb yozgan edi: «Turklikning qonini qaynatguvchi, imonini yuksaklatguvchi bir suyunchi so’z tug’ildi. 27 noyabrning kechasinda milliy laylatulqadrimiz bo’lgan Turkiston Muxtoriyati e’lon qilindi. Ellik yildan beri ezildik. Tahqir etildik. Ko’limiz bog’landi, tilimiz kesildi, og’zimiz qoplandi, yerimiz bosildi, molimiz talandi, sharafimiz yumurildi, huquqimizga tajovuzlar bo’ldi, insonligimiz oyog’lar ostiga olindi. Tuzumli turduk, sabr etduk – kuchga tayangan har buyruqqa bo’ysinduk, butun borlig’imizni qo’ldan berduk. Yolg’iz bir fikrni bermaduk, yashinturdik, imonlarimizni o’rab saqladuk, bu fikr – Turkiston Muxtoriyati edi»

Abdurauf FITRAT
MUXTORIYAT
08

Turkiston-muhtoriyati-561x330.jpgTurkiston muxtoriyati… Temur xoqonining chin bolalari yoninda, turkistonning tubchak turklari orasinda, mundan o‘g‘urli, mundan muqaddas, mundan suyunchli bir so‘zni borlig‘iga ishonmayman.

Turkiston turkining qonini qaynatg‘uchi, imonini yuksaltguchi bir quvvat bor esa, yolg‘uz shu so‘zda bordir: Turkiston muxtoriyati.

Elli(k) yildan beri ezildik, tahqir etildik, qo‘limiz bog‘landi, tilimiz kesildi, og‘zimiz qoplandi, yerimiz bosildi, molimiz talandi, sharafimiz yumuruldi, nomusimiz g‘asb qiyaindi, huquqimizg‘a tajovuzlar bo‘ldi, insonligimiz oyoqlar ostiga olindi, to‘zimli turdik, sabr etdik.

Kuchga tayangan har buyrug‘ga bo‘yinsundik, butun borlig‘imizni qo‘ldan berdik. Yolg‘iz bir fikrni bermadik, yashrun turdik, emgaklarimizg‘a o‘rab saqladik: Turkiston muxtoriyati!

Mahkama eshiklaridan yig‘lab qaytg‘anda, yoruqsiz turmalarda yotg‘anda, yirtg‘uchi jandarmning tepgusi bilan yiqilg‘anda, yurtlarimiz yondurulg‘anda, dindoshlarimiz osilg‘anda ongimiz yo‘qoldi, miyamiz buzildi, ko‘zimiz yog‘dusiz qoldi, biror narsani ko‘rolmadik. Shul chog‘da, tushkun ruhimizni ko‘tarmak uchun shul qop-qorong‘u dunyoning uzoq bir yerinda oydin bir yulduz yalqillab tura(r) edi. Biror narsaga o‘tmagan ko‘zimiz shuni ko‘rar edi. Ul nima edi? Turkiston muxtoriyati!

Biz aniq bila(r) edikkim, zolim Nikolay hukumati qancha yasharsa yashasun, adolat oshiqi bo‘lg‘an… rus demokratiyasi, haqg‘a tayangan bir inqilob, har millatning o‘z haqlarini qaytarur.

Inqilob bo‘ldi. Rusiyaning «qo‘shma xalq jumhuriyati» usuli bilan idora etiluri jarlandi. Shul e’lon uzra yasalgan Ukraina, tatar va boshqa millatlar muxtoriyatlari tasdiq etildi. Qo‘nuq Turkistonniki edi. Turkistonning tarixiy xonbaliqlarindan ikkinchisi bo‘lg‘an Xo‘qand shahrinda to‘plang‘an Turkiston qurultoyi 27 no‘yabrning «milliy laylaturqadrimiz bo‘lg‘an» yarim kechasinda Turkiston muxtoriyatini e’lon qildi.

Lekin shunisi borkim, bir millatning muxtoriyati yolg‘uz bir syezdning e’loni bilan tamom bo‘lmas. Muxtoriyatni olmoq va saqlamoq kerakdir. Syezd o‘z ishini qildi. Qolg‘anlari butun millatning vazifasidir. Muxtoriyatni saqlamoq uchun kuch lozim. Muxtoriyatni bajarmoq uchun aqcha keraqdir. Bularni millat hozir qilsun.”

«Hurriyat», 1917 yil, 5 dekabr
Maqola «Fan va turmush»ning 1990 yil, 10 sonida qayta nashr qilingan (Nashrga tayyorlovchi Sh. Turdiyev).

Yo’lchi QOSIMOV
BESHIGIDA BO’G’ILGAN MUXTORIYAT
Turkiston O’lka musulmonlarining favqulodda to’rtinchi qurultoyida
Turkiston (Qo’qon) Muxtoriyati e’lon qilinishi
08

Namanganlik iqtidorli tarixchi olim, tarix fanlari nomzodi marhum Yo’lchi Qosimov O’zbekistonning asl tarixini yozib, yuzaga chiqarish borasida ko’p fidoyilik ko’rsatgan zahmatkash ziyolilardan edi. Uning “Qora ko’zoynak bilan yozilgan tarix” kitobi mahalliy nashriyotda oz nusxada nashr etilgani bois o’quvchilarning keng qatlamiga yetib bormadi. Shuni nazarda tutib, kitobning Turkiston (Qo’qon) muxtoriyati tarixiga bag’ishlangan bobini jurnalimiz o’quvchilariga taqdim etishga qaror qildik.

08

RSFSR Millatlar ishi Xalq Komissari I. V. Stalin va Xalq Komissarlar Sovetining raisi V. I. Leninlarning imzosi bilan ikkita tarixiy hujjat e’lon qilindi: «Rossiya xalqlari huquqlari Deklaratsiyasi» (1917 yil 2/15 noyabr`) va «Rossiya va Sharqning barcha musulmon mehnatkashlariga Murojaatnoma»si (1917 yil 3 dekabr`). Ana shu Murojaatnomada, jumladan, shunday deyilgan edi: «Sizning din va urf-odatlaringiz, Sizning milliy va madaniy muassasalaringiz bundan buyon erkin va daxlsiz deb e’lon qilinadi. O’z milliy turmushingizni erkinlik bilan va bahuzur tuzaberingiz. Shunday qilishga haqlisiz. Bilingizki, Sizning huquqingiz ham inqilob va uning organlari bo’lgan Ishchi, askar va dehqon deputatlari Sovetlarining butun qudrati bilan himoya qilinadi… O’z mamlakatingizga o’zingiz xo’jayin bo’lmog’ingiz kerak. O’z turmushingizni ko’ngildagidek va o’z xohishingizga muvofiq qilib o’zingiz tuzmog’ingiz lozim. Siz shunday qilishga haqlidirsiz. Chunki sizning taqdiringiz o’z qo’lingizda…» (V. I. Lenin. O’rta Osiyo va Qozog’iston to’g’risida. Toshkent, O’zdavnashr, 1957, 71-72-betlar). Deklaratsiyada esa jumladan shunday deyilgan edi: «Xalq Komissarlar Soveti qaror qiladi… 2. Rossiya xalqlarining o’z taqdirlarini o’zlari erkinlik bilan belgilashlari va hattoki, ajralib chiqish va mustaqil davlat tuzish huquqini berish. 3. Hamma va har qanday milliy imtiyoz va cheklashlarni va milliy-madaniy imtiyoz va cheklashlarni bekor qilish» (O’sha kitob, 68-bet).

Ana shu hujjatlar e’lon qilingan vaqtda Toshkentda F. Kolesov rahbarlik qilayotgan hukumat shahar dumalarini tarqatib yuborish va milliy kadrlarga nisbatan shovinistik siyosatni avj oldirnsh kabi o’ta noto’g’ri va qo’pol siyosatni amalga oshirmoqda edi. Ikkiyuzlamachi bol`shevik F. Kolesov Turkiston o’lkasi Sovetlarining uchinchi qurultoyi nomidan V. I. Leninga, Xalq Komissarlari Soveti nomiga yuborgan telegrammasida Turkiston Xalq Komissarlar Soveti: «Sizning barcha dekretlaringizni hayotga tadbiq etishni o’z oldiga maqsad qilib qo’ygan», deb tilyog’lamalik qilgan edi. Ammo ming nadomatlarkim, bu yolg’onchi va sho’rolar mustamlakachisi o’z va’dalarining teskarisini qildi. Va hatto, u o’zi imzo chekkan hukumat hujjatlarida ham ana shu yuqorida ko’rsatilgan markaziy hukumat ko’rsatmalarini ham va loaqal, hujjatlarning nomini ham qayd qilib o’tmadi.

1917 yilning 26-29 noyabri kunlari Qo’qon shahridagi «Sho’royi islomiya» tashkilotining qarorgohida Turkiston O’lka musulmonlarining favqulodda to’rtinchi qurultoyi bo’lib o’tdi. Eslatib o’taylik, 1917 yil yozida boshqa siyosiy partiyalar qatorida «Sho’royi islomiya»chilar Toshkentdan quvilgan edi. Shuning uchun “Sho’royi islomiya” va “Sho’royi ulamo” jamiyatlari a’zolari Qo’qon shahridan boshpana topgan edilar. Chunki Qo’qon shahri sobiq xonlikiing markazi bo’lib, unda shu vaqtlarda 50 ming-dan ortiq aholi yashar edi. Qirq madrasa, 382 ta masjid bo’lib, ularda olti mingga yaqin diniy xizmatchi bo’lgan. Ayni vaqtda shaharda o’n bitta yirik xalqaro banklar ham ish ko’rgan (qaralsin: Shomagdiev SH. Ocherki istorii grajdanskoy voyni v Ferganskoy doline. Tashkent, Izd-vo AN UzSSR, 1961, str. 36. Qo’qon tarix-o’lkashunoslik muzeyi fondi materiallari).

Qurultoy chaqirilishi oldidan turli joylarga taklifnomalar tarqatilgan zdi. Ammo bu vaqtda o’lka markazi Toshkentda pochta-telegraf xodimlarining ish tashlashlari davom etayotganligi tufayli vakillarga takliflar (mandat) qrg’ozlari o’z vaqtida yetib bormadi.

25 noyabr` kuni kechqurun s’ezd oldi tashkiliy yig’ilishi bo’lib o’tgan. «Turkiston axboroti» ro’znomasining xabar berishicha, 1917 yil 26 noyabr` kuni O’lka Musulmonlar Sho’rosining raisi va Qurultoyni o’tkazish tashkiliy hay’atining a’zosi Mustafo Cho’qaev qurultoyni ochgan. Birinchi bo’lib mandat (shahodat) hay’atining a’zosi Norbo’tabekovning qurultoyga kelganlarning tarkibi va soni xususidagi axboroti eshitiladi. Uning axborotiga ko’ra, qurultoyga Farg’ona viloyatidan – 150 kishi, Sirdaryo viloyatidan – 22 kishi, Samarqand viloyatidan – 21 kishi, Kaspiyorti (Zakaspiy)dan – 7 kishi, Buxorodan – 4 kishi kelganligi ma’lum qilindi. Qurultoyning oxirlariga borib vakillarning soni 250 taga yetgan. Qurultoyga vakillardan tashqari «Sho’royi ulamo», Musulmon askarlar Kengashi, O’lka yahudiy tashkiloti, Buxoro yahudiylari, Kasaba uyushmalari va boshqa tashkilotlardan ham vakillar qatnashgan.

Kurultoyda hay’at a’zolari saylovi ancha munozarali o’tgan. Mahmudxo’ja Behbudiy hay’at a’zolari tarkibiga musulmon bo’lmagan (nomusulmon) guruhlarning vakillaridan ham saylashni taklif etdi. Qo’qonlik vakil A. Mahmudovning taklifiga binoan o’n uch ki-shidan iborat qurultoy ishining rayosati (prezidiumi) saylandi. Ular orasida M. Cho’qaev, U. Xo’jaev, YU. Og’aev (Yurg’uli Og’aev), Akaev, Gernfel`d (Gertsfel`d), A. Mahmudov, Shoahmedov, Qishchinboev, Abdul Badin, Kamol qozi, O’razaev, Tillaev, Karimboevlar bor edi. M. Cho’qaevning taklifiga binoan buxorolik (samarqandlik) vakil, taniqli arbob Mahmudxo’ja Behbudiy ham hay’at tarkibiga kiritildi. Bu taklifni majlis ahli olqishlar bilan qarshi oldi.

Qurultoyning kun tartibi tasdiqlandi. Kun tartibidagi masalalar orasida quyidagilar bor edi:

1. O’lkaning boshqaruv shakli haqida. 2. Turkiston Muxtoriyatini tuzish to’g’risida. 3. Turkiston Musulmonlar Kengashini qayta saylash haqida. 4. Turkiston Ta’sis majlisini o’tkazish. 5. Turkistonning «Kazak qo’shinlari, tog’li Kavkaz va erkin sahroyi xalqlar janubi-sharqiy Ittifoqiga» a’zo bo’lishi haqida. 6. Xalq militsiyasini tuzish. 7. Moliyaviy ishlar va boshqa masalalar.

Izoh: 5-punktda ko’zda tutilgan ittifoq 1917 yil 20 oktyabrda tuzilgan edi. Unga ko’ra kazak askarlari, Kavkazning tog’li xalqlari va cho’llarning erkin millatlaridan tashkil topgan bo’lib, Rossiyani xalqchil federativ jumhuriyatga aylantirish maqsadida vujudga kelgan («Svobodniy Samarkand», 6.XII.1917). Shartnomada Turkistonga bug’doy yetkazib berish va va boshqa tovar ayriboshlash masalalari ham bor edi. Bu esa Turkistonga yaqinlashib kelayotgan ocharchilikni daf qilishda muhim strategik ahamiyatga ega edi.

Kun tartibiga kiritilgan masalalarni muhokama qilishda Turkistonni «Sharqiy-janubiy ittifoqqa» kirishi masalasi birmuncha munozarali bo’lgan. Ataman Dutovning vakili olib kelgan shartnoma loyihasiga ayrim vakillar qarshi chiqdilar. Ular tuzilajak Turkiston Muxtoriyatining ana shu shartnomaga kirmasligini yoqladilar. Shunga qaramasdan shartnoma qabul kilindi. («Vaqt», 1917 yil 2 dekabr`). Uch kun davom etgan qurultoyda juda qizg’in munozara va tortishuvlar bo’lgan. Toshkent Sho’rolar hukumatidan vakil bo’lib kelgan P. G. Poltoratskiy qurultoyda nutq so’zladi. U o’z nutqida tuzilajak Muxtoriyatga qarshi chiqdi va qarshi gapirdi. Uning nutqi qurultoy qatnashchilarining birortasiga ham ta’sir etmadi.

27 noyabrdan 28 noyabrga o’tar kechasi Turkiston Umummusulmonlar qurultoyining qarori o’qib eshittirildi. Karorda, jumladan shunday deyilgan edi: «Qurultoy Turkistonda yashovchi millatlarning irodasini ifodalab, Ulug’ Rusiya inqilobi va’da etgan o’z taqdirini o’zi hal etish negizida, Federativ demokratik Rusiya jumhuriyati asosi uzra, Turkistonni territoriya jihatdan muxtoriyat shaklida belgilashni topshirdi», «Turkistonda yashovchi milliy ozchilik huquqlari har tomonlama muhofaza etiladi».

Qurultoyda davlat tuzilmasi masalasi muhokama etilib, unda Turkiston Muxtoriyati deb belgilashga kelishib olingan edi. Qurultoyning 20 noyabr` kungi majlisida Turkiston Muxtoriyati e’lon qilindi. Ta’sis Majlisi chaqirilishiga qadar butun hokimiyatni Turkiston Vaqtli Kengashi va Turkiston Xalq Boshqaruvi qo’lida bo’ladi, deb qaror qilindi. Turkiston Muvaqqat Sho’rosi – Turkiston Respublikasining tarkibi tuzilib, uning a’zoligiga 34 kishi saylandi. Kengash ilgari Turkistondan Butunrossiya Ta’sis majlisiga yuborilgan vakillar soniga qarab belgilandi.

Turkiston Muxtoriyati hukumati tarkibiga – millat majlisiga 54 kishi saylandi. Saylanganlardan uchdan bir qismi ovro’polik vakillarga ajratildi. «Hurriyat» ro’znomasiniig 1917 yil 1 va 5 dekabr sonlarida qaror matni, hukumat tarkibi va umuman qurultoy haqidagi axborot z’lon qilingan.

Saylanganlarning 36 nafari musulmon va 18 nafari g’ayri-musulmonlardan (ovro’polilar umumiy aholining 7 foizini tashkil etgan) saylangan. Bular orasida musulmonlardan M. Behbudiy (Buxoro), U. Xo’jaev, Nosirxon to’ra, Abduqodirbek Qo’shbegiev, I. Shoahmedov, H. Yurg’uli-Og’aev, A. Mahmudov, Ashurxo’ja, D. Qorabekov, A. O’razaev, M. Mirzaahmedov (Farg’ona), Muhammad Tinishboev, I. Davletshin (Yettisuv), O’roz Sardor (Turkmaniston), Mustafo Cho’qaev (Qozog’iston) SH. Lapin, S. Boysaidov, T. Norbo’tabekov, S. Mirjalilov, I. Gubaydullin, K. Hojinov, S. Sharifxo’jaev (Sirdaryo), A. Abdusalimov, S. Gertsfel`d, A. Derbisolin, M. Oqchurin, Mansurov (Samarqand). L. Shirinskiy, F. Musaboev, O. Shokirxonto’raev, K. Rahmonberdiev, A. Umarov, S. Yusupov (Kaspiy bo’yidan) va boshqalar.

Mana shu o’n sakkiz o’rin ichida sotsial-demokratlar, dashnoqtsutyun (arman), eserlar, ukrain, polyak, yahudiy (mahalliy va ovro’poli), temir yo’lchilar ittifoqi kabi siyosiy partiyalar va boshqa tashkilotlarning ham vakillari bor edilar. Shuningdek, ular orasida Namangon, Andijon, Skobelev (Farg’ona), Toshkent kabi shaharlardan kelgan vakillar ham bor edi. Ovro’poliklar ichida Potelyaxov, Vad`yaev, Gertsfil`dlardan tashqari hukumat ichida advokat Nensberg, Tits (Andijon) kabilar ham ishtirok etdilar.

Turkiston Muxtoriyati Muvaqqat Millat majlisiga (parlamentga) tanlangan ana shu va boshqa kishilar ishtirokida Turkiston Muvaqqat hukumati tasdiqlandi va u quyidagicha tuzildi:

1. Muhammadjon Tinishboev – hukumat raisi (nozir) va Ichki ishlar noziri (U «Olosh O’rda» (qozoq) partiyasining rahbari, Ikkinchi Davlat dumasining a’zosi, Turkiston temir yo’l injenerlari qo’mitasining a’zosi, kasbi injener);
2. Islom Sulton Shoahmedov – rais o’rinbosari (Umummusulmonlar Kengashining a’zosi, Dumadagi doimiy ishonchli vakil, kasbi advokat);
3. Mustafo Cho’qaev – Tashqi ishlar noziri (Muvaqqat hukumatning Turkiston Qo’mitasi a’zosi, O’lka Musulmonlar Kengashining raisi, kasbi yurist, advokat);
4. Ubaydulla Xo’jaev – Xalq militsiyasi va Xavfsizlik noziri (Umumrusiya Musulmonlar Kengashi Markaziy Qo’mitasining a’zosi, kasbi yurist, advokat);
5. Hidoyatbek Yurg’uli-Og’aev – Yer va suv ishlari noziri (kasbi agronom-olim);
6. Obidjon Mahmudov – Oziq-ovqat ishlari noziri (Qo’qon shahar dumasi raisining o’rinbosari);
7. Solomon Gertsfil`d – Moliya noziri;
8. A. Mahmudov – Adliya (yustitsiya) noziri;
9. Chanishev (polkovnik) – Harbiy mudofaa noziri, Bosh qo’mondon;
10. Saidnosir Mirjalilov – Xazina Ishlari Noziri va boshqalar.
(Qaralsin: «Turkestanskiy vestnik», 1917 yil b dekabr`).

Turkiston musulmonlarining to’rtinchi favqulodda qurultoyi o’z yig’ilishining oxirgi bosqichida, ya’ni 29 noyabrda Myvaqqat Millat majlisi va Muvaqqat hukumat a’zolarining muhofazasi va daxlsizdigi haqida qapop qabul qildi. Qarorda shunday deyilgan: «Bulardan har biriga qarshi zo’ravonlik butun o’n millionli Turkiston xalqiga qarshi tahqir deb bilinadi». Qurultoy qatnashchilari bolsheviklar tomonidan tuzilgan Toshkent qizil hukumatining (hibsga olishlari, tintuv o’tkazishlari va h. z.) noto’g’ri hatti-harakatlarini qoralab qaror qabul qildi va hibsga olingan kishilarni ozod etishni talab qildi.

Qurultoy so’ngida Butun Turkiston fuqarolariga, siyosiy partiyalariga, tashkilot, muassasa va harakatlarga qarata ularni ahillik, hamkorlik, birdamlikka chaqiruvchi Murojaat qabul qilindi. Murojaatda jumladan shunday deyilgan: «Zanjirlardan bo’shag’on Turkiston o’z yerining hokimi va o’z tarixining yaratuvchisiga aylanadigan vaqt keldi!» (qaralsin: «Svobodniy Samarkand», 6 dekabrya 1917 g.).

Turkiston Respublikasi Muxtor parlamenti e’lon qilingach, butun musulmonlar olami uni sevinch va ko’tarinkilik ruhi bilan qarshi oldi. Joylarda uni qo’llab-quvvatlashga bag’ishlangan mitinglar, yig’ilish va namoyishlar boshlanib ketdi. Bu harakatlar sho’roviy tarixchilar yozishganidek, norozilik kayfiyatidagi chiqishlar emas, balki uning teskarisi bo’lgan. Tarixiy faktlarga murojaat qilaylik.

Ilgari Muxtoriyat g’oyalariga qarshi turgan ro’znomalar, masalan, «Kur`er», «Turkestanskoe slovo» va boshqalar endi o’z munosabatlarini tubdan o’zgartirib, musulmonlarni o’z hokimiyatlarini himoya qilishga da’vat etdilar. «Svobodniy Samarkand» ro’znomasida S. Nikiforov e’lon qilgan maqolada: «Davrimiz uchun muhim bo’lgan qurultoy qarorlari ushbu chekka milliy o’lkaning hayotida yangi sahifa ochilganligini anglatadi», deb yozgan (qaralsin: o’sha gazeta, 1917 yil 7 dekabr`).

30 noyabr` kuni Qo’qonda musulmon mehnatkashlarining ko’pming kishilik namoyishi bo’lgan. Unda musulmon hukumatini himoya qilishga qaratilgan qasamyod qilingan. «Turkestanskiy vestnik» ro’znomasining xabar berishicha, Toshkentning Jome’ masjidida juda katta miting bo’lgan. Unda «Notiqlar hayajon va ko’zlarida yosh ila yangi hayot boshlanishi haqida so’zlaganlar» (qaralsin, o’sha ro’znoma 1917 yil 8 dekabr`). Miting ishtirokchilari Muxtoriyatga yordam berish uchun jamg’arma yig’ishga ham qaror qildilar. Mitingda Muxtoriyat hukumati rahbariyatining imzosi bilan e’lon qilingan Murojaat o’qib eshittirilganda hamma yig’lagan.

«Turkestanskie vedomosti» ro’znomasida Stalin-Lenin imzolagan «Rusiya va Sharqning musulmon mehnatkashlariga xitobnoma» e’lon qilindi. Xuddi shu kunlarda Toshkent Sho’rolar hukumatining rahbari F. Kolesovnnng farmoniga binoan Toshkent shahar dumasi tarqatib yuborildi. 6 dekabr` kuni bundan norozi bo’lganlarning Toshkentda mitingi o’tkaziladi. Mitingda Turkiston Muxtoriyatining Muvaqqat hukumatini qo’llab-quvvatlashga qaratilgan qaror qabul qilindi. Unda shunday deyilgan: «Komissar Kolesovnnng shahar dumasini tarqatish haqidagi buyrug’ini tinglab, yig’ilish bir ovozdan mazkur g’ayriqonuniy buyruqqa qarshi qizg’in e’tiroz bildiradi. Modomiki, shahar dumasi umumiy, teng, bevosita va maxfiy ovoz berish yo’li bilan saylangan bo’lib, Toshkent shahrida yakka-yagona xalqchil, demokratik tashkilot hamda 300 mingli shahar nufusining xohish-irodasini asl ifoda eta biluvchi muassasadir. Duma a’zolariga o’z ishlarini davom ettirib, ularni saylagan xalq himoyasi va muhofazasi ostiga o’zlarini topshirishni belgilaydilar» (Turkestanskiy vestnik», 8 dekabrya 1917 g.).

Toshkent shahar dumasining oxirgi yopilish yig’ilishida deputat Ibnyamin Yonboev so’z olib shunday degan: «Hozirgi hokimiyatning (ran Kolesov rahbarlik qilayotgan Kizil hukumat ustida borayotir – Y. Q) tan olingan demokratligi dargumon. Ushbu hokimiyat musulmonlar nomidan gapirishi qip-qizil yolg’on… Mazkur hokimiyatning asl kuchi to’p va pulemyotlardir. Lekin biz, musulmonlar bu kuchdan qo’rqmaymiz. Bizda o’zga kuch mavjuddirki, bu kuch ruhimizdir. Tarix ushbu soxta hokimiyatning amalini qoralaydigan vaqt, albatta kelajak!» («Turkestanskiy vestnik», 9 dekabrya 1917 g.)

Rahmat Sizga Ibnyamin bobo! Xudo rahmatiga olgan bo’lsin ruhingizni! Siz bundan 75 yil muqaddam bugungi dorilomon kunlarimizga – Mustaqillik kunimizga tirik yetib kela olmadingiz. Ammo Siz bu kunlarni oldindan ko’ra bilgansiz. Tarix va davr taqozosi bilan bugun biz Kolesov hukumatining jirkanch mohiyati va maqsadini ochib tashlovchi faktlarga murojaat qilib, Siz ko’rgan va biz hujjatlar orqali tanish hokimiyatning musulmonlarga – tub turkistonlik aholiga nisbatan amalga oshirgan qora ishlari va niyatlarini o’rganishga muyassar bo’layotirmiz. Bu haqdagi tarixiy haqiqatni hammamiz bilishimiz shart, aziz vatandoshlar!

II

1917 yil dekabr` oyida butun Turkiston O’lkasi bo’ylab siyosiy kampaniya avj oldi. Hamma joylardagi yig’ilishlarda Muxtoriyat Muvaqqat hukumatini himoya qilishga qaratilgan qarorlar qabul qilindi. Chunonchi, 1917 yil 6 dekabr` kuni Toshkentning Eski Shahar qismidagi Beklarbegi madrasasida miting bo’ldi. Mitingda so’zga chiqqanlar – M. Abdurashidxonov, muftiy Mulla Odil, Sherali Lapin, Said G’anixon, Pirmuhammad A’lam va boshqalar, hammasi bo’lib o’n besh kishi bolsheviklar yo’lini qoraladilar va Muxtoriyat hukumatini himoya qilishga chaqirdilar. Miting qatnashchilari 13 dekabr` kuni, ya’ni Payg’ambar Muhammad alayhissalom tug’ilgan kunlari namoyish qilishga qaror qildilar. Namoyish arafasida Toshkentdagi Muxtoriyatni qo’llab-quvvatlovchi ovro’palik kishilar gruppasi Qo’qonga – Muxtoriyat hukumati nomiga telegramma yuborib, unda muxtoriyatchilarni himoya qilish uchun namoyishda qatnashish istaklarini bildirganlar» («Ulug’ Turkiston», 1917 yil 14 dekabr`).

Bo’lajak voqealardan xabardor bo’lgan Sho’rolar hokimiyatn namoyishga yo’l qo’ymaslik uchun harakat qildi. Sho’rolarning shahar kengashi bu chiqishni “musulmonlar ommasining fitnachi aksilinqilobiy harakati” deb hisoblab, 13 dekabrga belgilangan bu namoyishning yo’lini to’sish uchun harbiy qismlarni ishga soldi. Toshkent O’rdasidagi harbiy qismlar Yangi shahar bilan Eski shaharga o’tadigan asosiy yo’llarni to’sib qo’ydi. Shunga qaramasdan harakat davom etdi. Ayniqsa, Yangi shaharda olomonning to’planishi mutlaqo taqiqlangan edi. Turli ko’chalardan bo’lsa-da, yo’l topib aylanib kelgan musulmonlar Shayx Xovand Tohur masjidi tomon yurib kelib yig’ildi. Soat o’n ikkilarga borgayda ko’p ming kishilik namoyishchilar to’plandilar. Yig’ilganlar orasida Xalq Komissarlari Sovetining a’zolari, hukmron partiya (bolsheviklar) rahbarlari va boshqa siyosiy harakat va tashkilotlarning rahbarlari ham bor edi. Turkistonga Muxtoriyat berilishini talab qilib qiluvchi shiorlar yozilgan transparantlar ko’targan guruh, asosan ovrupaliklarni tashkil etgan uch mingga yaqin namoyishchi Eski Shaharga qarab yurdi. Shu vaqtda harbiylar bilan to’qnashuv sodir bo’lgan. To’qnashuv natijasida eski shaharlik 16 kishi halok bo’lgan. Bo’lib o’tgan voqea xususida markazga – Petrogradga xabar berilgan. Toshkent Ishchi va askar deputatlar Soveti 13 dekabrda Toshkentda harbiy holat e’lon qildi («Turkestanskie vedomosti», 15 dekabrya 1917 g.). Sho’rolar hukumati rahbari F. Kolesov markaziy hukumatga murojaat qilib, undan yo’l-yo’riq so’raganida I. Stalindan shunday mazmunda javob olingan: «Siz joylarda o’zingiz hukumatsiz, yo’l-yo’riqlarni o’zingiz ishlab chiqishingiz kerak».

1917 yil 26 dekabrda Musulmon Ishchi va askar deputatlarining favqulodda 1-qurultoyi chaqirildi. Unda bir necha masalalar ko’rilib, ular orasida Muxtoriyat masalasi alohida o’rin tutdi. Kurultoyda Muxtoriyat masalasida Lenin bilan muzokara yuritish uchun delegatsiya yuborish masalasida tortishuvlar bo’ldi. Va nihoyat, qurultoy Leninga telegramma yuborishga qaror kildi. Telegrammada shunday deyilgan: «Turkiston 1-Favqulodda Musulmon Ishchi va askar deputatlari s’ezdida qabul qilingan rezolyutsiyani yo’llab, Sizdan Rusiya demokratik jumhuriyati oliy hokimiyati sifatida Turkiston Xalq Komissarlar Kengashiga o’lka hokimiyatini Turkiston Vaqtli Muxtoriyat hukumatiga topshirish uchun farmoyish berishingizni so’raymiz. Bu, Turkistonni ulkan halokatga keltirishi mumkin bo’lgan beboshlik, ikkihokimiyatchilikning oldini olish uchun zarur».

Kurultoyda millionlarning manfaatini ifoda etuvchi vakillar muxtoriyat masalasida yakdil (edilar). Biroq Toshkent Qizil hukumatining vakili, bol`shevik P. Poltoratskiy nutq so’zlab, Muxtoriyatga qarshi bema’ni gaplarni aytdi. Ana shundan keyin kurultoy quyidagi qarorni qabul qildi: «1. Turkiston o’lkasi Xalq Komissarlari Kengashi barcha aholi, ayniqsa musulmonlar xohish-istaklarining ifodachisi emas. 2. Turkiston o’lkasi xalqlarining irodasi s’ezdda Muxtoriyat e’lon kilinganida ifodalangan. 3. Turkistonda yagona hukumat organi umumiy musulmonlar qurultoyida va uni to’ldirgan Musulmon Muxtoriyati hukumati va Xalq Kengashiga (parlamenti) topshirsin deb istak bildirdi. Chunki, ushbu qurultoy Muxtor Turkistondagi barcha demokratik qatlamlardan tashkil topib, butun proletariat o’y-fikrlarining ifodachisidir». Shundan keyin P. Poltoratskiy boshchiligidagi bolshevistik vakillar va uning tarafdorlari qurultoy zalini tashlab chiqib ketdilar.

Turkiston Muxtoriyatini Butunrossiya Musulmonlari Kengashi va uning Ijroiya qo’mitasi ham qo’llab-quvvatladi. Turkistondagi taraqqiyparvar ziyolilar, oddiy mehnat ahli va xorijdagi barcha musulmonlar Turkiston Muxtoriyati hukumatini qo’llab-quvvatlashdi va hatto o’z sarmoyalari hisobidan yordam uyushtirishdi. O’zbek xalqining sodiq farzandi Fitrat shunday deb yozgan edi: «Turklikning qonini qaynatguvchi, imonini yuksaklatguvchi bir suyunchi so’z tug’ildi. 27 noyabrning kechasinda milliy laylatulqadrimiz bo’lgan Turkiston Muxtoriyati e’lon qilindi. Ellik yildan beri ezildik. Tahqir etildik. Ko’limiz bog’landi, tilimiz kesildi, og’zimiz qoplandi, yerimiz bosildi, molimiz talandi, sharafimiz yumurildi, huquqimizga tajovuzlar bo’ldi, insonligimiz oyog’lar ostiga olindi. Tuzumli turduk, sabr etduk – kuchga tayangan har buyruqqa bo’ysinduk, butun borlig’imizni qo’ldan berduk. Yolg’iz bir fikrni bermaduk, yashinturdik, imonlarimizni o’rab saqladuk, bu fikr – Turkiston Muxtoriyati edi».

Uzoq asrlar mobaynida o’zaro feodal urushlar va tarqoqlik, mustamlakachilik siyosati va zulmi sharoitida yashagan, ana shu zulmlar tufayli xalqi xonavayron bo’lgan o’lkada Muxtoriyat davlatining tashkil topishi butun musulmonlar olamida qizg’ii kutib olindi. Bu haqda o’sha vaqtlarda chop etilgan ro’znomalar, oynomalar, to’plam va risolalar, arxiv hujjatlari, turli yig’ilishlarda qabul qilingan qarorlar va boshqa ma’lumotlar guvohlik beradi. Ayniqsa, o’zbek shoirlari bu tarixiy vokea munosabati bilan ko’plab she’rlar yozdilar, Masalan, birinchi bo’lib Hidoyatulloh Aliev «Turkistonga» va «Muxtoriyat shodligi» degan otashin she’rlari bilan o’zbek xalqi nomidan Muxtoriyatga munosabat bildirdi. Hamza esa «Turkiston Muxtoriyatini» degan she’r yozib, uni «Ulug’ Turkiston» ro’znomasida (1918 yil 11 yanvar`) e’lon qildi (Izoh: mazkur she’rning to’liq matni SH. Turdiev tomonidan «Fan va turmush» jurnalining 1990 yilgi 10-sonida e’lon qilingan).

Yana ushbu jurnalning shu sonida Fitratning «Muxtoriyat» degan publitsistik maqolasi, M. Cho’qaevning xati va boshqa materiallar ilk bor sho’rolarning ro’znoma va oynomalarining sahifalarida e’lon qilingan. Cho’lpon o’zining «Allohu akbar» va «Ozod turk bayrami» she’rlarini Muxtoriyat hukumatining tashkil topishiga bag’ishladi.

Turkiston Muxtoriyatining madhiyasini (gimnini) yozish uchun shoirlarga murojaat qilingan. Endigina yigirma yoshga to’lgan Abdulhamid Cho’lpon tomonidan yozilgan «Ozod turk bayrami» degan she’r madhiya sifatida tanlab olingan (Izoh: o’sha she’rning to’liq matni birinchi marta «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftanomasining 1991 yil 20 sentyabr` sonida J. Karimov tomonidan e’lon qilingan. She’rning asl nusxasini esa Qo’qon o’lkashunoslik muzeyi xodimi A. Madaminov topib bergan).

O’z davrining talantli shoiri Hamid Olimjonning «Harbiy kommunizm davrida o’zbek burjuaziya poeziyasi» degan maqolasida yozilishicha, mazkur she’r «El bayrog’i» ro’znomasining 1917 yil 13-sonida bosilgan. O’sha vaqtlarda bu she’r ko’p ming nusxada Qo’qondagi I. I. Vayner tipolitografiyasida varaqa tarzida bosib chiqarilgan va deyarli barcha maktablarda, ko’chalarda va yig’inlarda qO’shiq qilib aytilgan. Ana shu madhiya matnidan parchalar keltiramiz:

Ko’z oching, boqing har yon,
Qardoshlar, qanday zamon!
Shodlikka to’ldi jahon,
Fido bu kunlarga jon!

Naqorot:
Turkistonli – shonimiz, turonli – unvonimiz,
Vatan – bizim jonimiz, fido o’lsin qonimiz!
Bizlar temir jonlimiz, shavkatlimiz, shonlimiz,
Nomusli vijdonlimiz, qaynagan turk qonlimiz!

Muxtoriyat olindi,
Ishlar yo’lga solindi.
Milliy marshlar cholindi,
Dushman o’rtansin endi!

Naqorot va hokazo.

Muxtoriyat hukumatining e’lon qilinishi xalq ommasi tomonidan qizg’in kutib olingani va qo’llab-quvvatlanishi Toshkent Sho’rolar hukumatiga yoqmadi. Bolsheviklar partiyasi va Sho’rolar hukumati Muxtoriyatga qarshi tashviqot, tuhmatdan iborat siyosiy kampaniyani boshlab yubordi.

Chunonchi, 1918 yil 18 yanvarda Toshkentda Farg’ona, Sirdaryo va Samarqand viloyatlaridagi o’zbek proletar tashkilotlarining ikkinchi qurultoyi chaqirildi. Qurultoy qatnashchilari Muxtoriyat hukumatiga norozilik bildirdilar, Ishchi va dehqon deputatlari Sovetlari bilan Musulmon Sovetlarini birlashtirish kerak, buning uchun maxsus Qurultoy chaqirishni zarur deb hisobladilar. Bunday misollar bir nechta.

Turkiston Muxtoriyati hukumatini M. Tinishboev atigi bir haftagina boshqardi, xolos. Hozircha bizga ma’lum va aniq bo’lmagan sabablarga ko’ra, u iste’foga chiqqan. Uning o’rniga hukumat raisi etib Mustafo Cho’qaev tayinlangan.

Muxtoriyat hukumati o’zining e’lon qilingan kunidan boshlab aktiv siyosiy faoliyat ko’rsata boshlagan. Birinchi navbatda Musulmon siyosiy tashkilotlari va ularning organlari targ’ibot va tashviqot ishlarini kuchaytirib yubordilar. «Ulug’ Turkiston», «El bayrog’i», «Svobodniy Turkestan» kabi o’nlab ro’znomalar Turkiston Muxtoriyati tomonida turib ish ko’rdilar. Shuni eslatib o’tish lozimki, bu vaqtlarda Toshkent va boshqa shaharlarda ma’rifatparvar va taraqqiyparvar milliy yoshlarning bir necha guruhlari va uyushmalari tuzilgan edi. Masalan, Toshkentning O’qchi mahallasida tuzilgan va markazi Xadrada joylashgan «Izchilar to’dasi» deb atalgan guruhga mashhur jamoat va partiya arbobi Akmal Ikromov ham a’zo bo’lib kirgan edi. (Qarang: Q. Xasanov. Akmal Ikromov. Toshkent, «O’zbekiston», 1972, 7-bet). Muxtoriyatning o’zi ham ro’znomalar tashkil etdi va ular o’zbek, rus, qozoq tillarida chiqib turdi.

Muxtoriyat hukumati uezd komissarlari va boshqa mansabdor shaxslarga farmoyishlar, telegrammalar va turli ko’rsatmalar yuborib, ularni bajarishga majbur etishga harakat qildi. Masalan, 1918 yil 11 yanvarda Kattaqo’rg’on Ishchi, askar va dehqon Sovetlari Muxtoriyatni tan olmay, uning hech bir ko’rsatmasini bajarmasligini e’lon qilgan edi.

Muxtoriyat hukumati shoshilinch suratda 30 million so’mlik zayom chiqardi. Undan ko’zlangan maqsad hukumatni iqtisodiy jihatdan mustahkamlash va milliy armiya tuzish edi. Hukumat tadbiriga ko’ra birinchi navbatda armiya tuzishga kirishildi. “Qo’qon muxtoriyati» kitobining muallifi P. Alekseenkovning yozishicha, dastlabki kunlardayoq hukumat ixtiyorida 60 yollanma askar to’plangan (44-bet). «Hurriyat» ro’znomasining yozishicha esa, Muxtoriyat ixtiyorida qisqa vaqt ichida ikki ming kishidan ortiq ham ixtiyoriy, ham yollanma askar bo’lgan (1918 yil 8 mart).

Chetdan chaqirilgan harbiy kishilar asosan instruktorlik ishlarini olib borganlar. Muxtoriyat hukumati yordam so’rab xorijiy mamlakatlarga murojaat qildi va ulardan ham moddiy, ham harbiy yordamlar odi. Shu boisdan bo’lsa kerak, 1918 yil yanvarida Toshkentdagi Jome’ masjidida bo’lgan mitingda Shukurxon hazratlari: «muxtoriyatchilar yolg’iz emaslar. Ularni Angliya himoya qilayotir», deb bejiz aytmagan («Kokandskoe exo». 18 yanvarya 1918 g.). Darhaqiqat, Muxtoriyatni uning iltimosiga binoan Angliya, Rossiya, Frantsiya, Germaniya, Turkiya va boshqalar qo’llab-quvvatlagan edilar.
Muxtoriyat hukumati o’zining qisqa umri davomida bir qator iqtisodiy tadbirlarni amalga oshirishga harakat qildi. Xalq militsiyasi tuzildi, armiya tashkil etildi, zayom chiqarildi, pul islohoti o’tkazishga kirishildi. Muxtoriyat o’z bayrog’i va madhiyasiga ega bo’ldi.

Mustafo Cho’qaev o’z esdaliklarida yozganidek, “Biz Rusiyadan ayrilishni talab etmadik. Faqat Muxtoriyat e’lon qildik… Natija esa hammaga ma’lum…” Demak, muxtoriyatchilar Rusiya tarkibida Muxtoriyat bo’lishi uchun kurashgan ekanlar, degan xulosa kelib chiqadi. Yoki Mahmudxo’ja Behbudiy ta’kidlaganidek: “Biz yerimizni va mol-mulkimizni bo’lib olmoqchi bo’lganlarga jon-jahdimiz bilan qarshi chiqamiz. Haqiqatda esa, yer, mol-mulk va dinni saqlab qolish uchun Muxtoriyat tuzdik” (A. Babaxodjaev. Proval angliyskoy agressivnoy politiki v Sredney Azii (1917-1920 g.g.), Tashkent, 1955, str. 42).

Toshkent va Moskva hukumatlari Turkiston Muxtoriyati hukumatiga nisbatan mutlaqo dushmanlik munosabatida bo’ldilar. Unga qarshi o’ta shovinistik siyosatni qo’lladilar. D. Manjara yozganidek: «Ko’pgina ruslarning, hatto rahbar o’rtoqlarning kallasidan ulug’ davlat shovinizmi ruhi mustahkam o’rin olgan edi». Darhaqiqat ham shunday bo’ldi. Turkiston Muxtoriyati hukumatini agdarib tashlash uchun hamma choralar ko’rildi.

III

«Kuch – siz tomonda, biz tomonda esa – adolat va erkinlik huquqi»
M. Cho’qaev, Muxtoriyat prezidenti.

Yuqorida ta’kidlab o’tganimizdek, Muxtoriyat hukumati birinchi o’rinda harbiy qismlar tuzishga kirishdi. Chunonchi Muxtoriyat hukumati chor hukumati davrida qamalib chiqqan Ergashga nshonch bildirib, uni harbiy qo’shinlarga boshliq etib tayinladi. Qisqa vaqt ichida u to’rt mingga yaqin yigit to’pladi va ularni qurollantirdi. Ammo u to’plagan harbiy qismlarning malakasi past va tajribasi yo’q yigitlar edi.

Muxtoriyat hukumatini ag’darib tashlash uchun Toshkentda keskin choralar ko’rish maqsadida harbiy reja tuzilayotgan vaqtda Butunittifoq Ta’sis Majlisiga Farg’onadan vakil etib saylangan V. Chaykin Turkistonda hokimiyatni zudlik bilan mahalliy (musulmonlar demoqchi – Y. Q.) ishchi va dehqonlar qo’liga o’tishining g’oyaviy zarurligi xususida Millatlar Xalq Komissarn I. V. Stalinga telegraf orqali murojaat qilganida u shunday javob qilgan: «Sovetlar o’z ichki ishlarida muxtordir va ular tegishli real kuchlarga tayanib harakat qiladi. Shu bois Turkistonda mahalliy proletarlarning markaziy Sovet hokimiyatiga Turkiston Sovnarkomi harbiy qismlaridan begona kuchlarga tayanganlarni tarqatib yuborish haqida arz etib, murojaat qilishi lozim emas, balki agar mahalliy proletar va dehqonlarda kuch topilsa, uni shu kuch bilan tarqatilsin».

Bol`shevik YE. P. Babushkin boshchiligidagi Qo’qon shahar Ishchi va askarlar Kengashi markazdan madad olib, Muxtoriyat hukumatiga qarshi kurashni kuchaytirdi. Babushkin Kengashning plenumini chaqiirib, unda muxtoriyatchilarni qurolsizlantirish va uning harbiy qismlarini tarqatib yuborishni talab qiluvchi keskin talab (ultimatum) tarzidagi qarorlar qabul qildi. Plenum qaroriga asosan muxtoriyatchilarga qarshi kurashni kuchaytirish maqsadida Harbiy Inqilobiy qo’mita tuzildi. Inqilobiy qo’mita ham o’z navbatida qurollanishni kuchaytirdi. Muxtoriyatchilarga zarba berishning aniq rejasi tuzildi. Zudlik bilan yordam yuborish uchun Toshkentga murojaat qilindi. Toshkentdan yordam ham kela boshladi.

1918 yilning 28-29 yanvar` kunlari Qo’qonda vaziyat nihoyatda keskinlashdi. Muxtoriyatchilar va ularning tarafdorlari Sho’rolarning shahar kengashi ko’rgan chora-tadbirlarga javoban ish ko’rib, ularning qora niyatlarini amalga oshirishga yo’l qo’ymaslik uchun harakat qildilar. Sho’rolarning Harbiy Inqilobiy qo’mitasi sobiq xon o’rdasiga joylashib olgan edi. Muxtoriyatchilar qo’shini ana shu qarorgohga hujum qildi. Biroq aniq reja asosida amalga oshirilmagan bu hujum muvaffaqiyatsizlikka uchradi. Ammo shahar telefon stantsiyasi uzib tashlandi. Mana shu vaqtda Sho’rolar Kengashiga yordam uchun Toshkentdan, Skobelevdan, Ardijondan, Perovskdan va boshqa yerlardan yordam qo’shinlari Qo’qonga kirib keldi.

Vaziyatni hisobga olgan Turkiston Xalq Komissarlar Soveti 1918 yilning 14 fevrali kuni butun Farg’ona viloyatida harbiy holat e’lon qildi. Shuningdek, Farg’ona temir yo’lida esa qamal holati joriy etildi. Miting va namoyishlar o’tkazish ta’qiqlandi. Hukumat qarorida: «Bu qarorni buzganlar pulemyot va miltiq o’qi bilan qarshi olinadi», deb alohida ko’rsatib o’tildi. Ammo Toshkentda va umuman Turkistonda harbiy-siyosiy vaziyat og’irligi uchun ham Toshkentdan ko’p yordam berish qiyin edi. Shuning uchun ham Skobelev shahar dumasi raisi Darmoedovning qarshiligiga qaramay, Farg’ona shahar harbiy drujinasining komandiri komissar K. Osipov Sho’rolar Sovetining qaroriga amal qilib 4 ta pulemyot, 4 ta zambarak va 140 ta askari bilan Qo’qonga yordamga kelgan edi. O’zicha, u o’z otryadi bilan Muxtoriyat hukumatini qamoqqa olmoqchi ham bo’ldi. Ammo buning aksi bo’lib chiqdi. Ularning o’zlari muxtoriyatchilarniig qo’shini tomonidan o’qqa tutildi. Va hatto muxtoriyatchilar qal’ani olish uchun jang boshlaganlarida bolta, tayoq, tosh, cho’kich va boshqa narsalar ushlagan olomon ularga madad bermoqda edi. Ularning soni o’n mingdan oshgan edi, degan ma’lumotlar ham bor. Ular o’zlarini mujohidlar deb e’lon qildilar. Bu vaqtda osipovchilar yashirinib olishgan edi. Olomon qal’ani shturm qila boshladi. Ammo qizil qo’shinlar yaxshi qurollangan va harbiy taktikaga ega edi. Shuning uchun ham ular qal’ani mustahkam turib himoya qildilar.

18 yil 17 fevralda Muxtoriyat hukumati bilan Sho’rolar hukumati vakillari o’rtasida muzokara boshlandi. Bu muzokara Muxtoriyat hukumati rahbariyatining taklifi bilan boshlandi Muzokara vaqtida muxtoriyatchilar quyidagi shartlarni qo’ydilar: 1. Shaharni birgalikda boshqarish va uning tarkibida muxtoriyatchilarning ko’proq vakillari bo’lishi. 2. Harbiy qal’ani shu organiing nazorati ostiga olish. 3. Militsiyadan boshqa barcha kuchlarni qurolsizlantirish. 4. O’lka Sho’rolar hukumatining shariatga zid dekretlarini bekor qilish.

Harbiy Inqilobiy qo’mita bu takliflarni rad etdi. Shunday keyin 18 fevralda muzokaralar yana davom ettirildi. Muxtoriyat hzkumati nima qilib bo’lsada o’rtada qon to’kilmasligi uchun harakat qildi. Muxtoriyat hukumatining harbiy vaziri polkovnik M. Chanishev Revkom oldiga hatto ultimatum qo’yib soat to’rtgacha qal’aning topshirilishini talab qildi. Ammo Musulmon ishchi va dehqonlar konferentsiyasi qatnashchilari talab qo’yib, ultimatumni qaytarib olishga majbur qildilar. Ana shunday keskin vaziyat sodir bo’lib turgan kezlarda «Sho’royi ulamo»chilar va ularning tarafdorlari kattiq qarshilik ko’rsatdilar. Muxtoriyat hukumati a’zolari ichida o’zaro ixtilof paydo bo’ldi. Hukumat rahbari M. Cho’qaevni iste’foga chiqishga majbur etdilar. Natijada uning hukumat kabiieti tarqatildi. M. Cho’qaev o’ziga yaqin kishilari bilan hukumatni tashlab, Qo’qonni tark etishga majbur bo’ldi.

Harbiy vazir M. Chanishev qamoqqa olindi. M. Cho’qaev esa qo’rqoqlikda ayblandi. «Ulamo»chilarning yordami bilan Ergash polvon hukumat rahbari va Bosh qo’mondon etib tayinlandi. Kisqacha qilib aytganda, bo’lib o’tgan voqealar o’z navbatida davlat to’ntarishi edi.

Xuddi shu vaqtda Toshkentdagi bol`shevistik hukumatning harbiy vaziri so’l eser, general YE. Perefil`ev boshchiligida piyoda, otliq va artilleriya qismlarining ikkinchi esheloni Qo’qonga kirib keldi. Qo’qon uch tarafdan qurshab olindi. Artilleriya qismlari jangovar holatda buyruqni kutib turar edi. Shu tariqa Ko’qonda mudhish voqealarning sodir bo’lishi aniq bo’lib qolgan edi.

19 fevral` kuni qizil qo’shinlar rahbariyati Muxtoriyat hukumatining raisi, qO’mondon Ergashga ultimatum yubordi. Unda qurollarni tashlash va taslim bo’lish talab etildi. Ammo Ergash ultimatumni qabul qilmadi. Shundan keyin general Perefil`ev yondiradigan barcha snaryadlarii ishga solishga va 12 ta zambarakdan o’t ochishga buyruq berdi. Kunduz soat birdan boshlab Qo’qon osmonini qora bulut, zambaraklar ovozi va tutun qurshab oldi. Begunoh odamlar ham to’p-zambaraklar o’qi ostida qoldi. Shu hujumning ishtirokchisn M. Shkorupaning xotirlashicha: «Tinch aho-lining uylari, Turkiston, Rossiya uchun ham tanqis bo’lib qolgan manufaktura va g’alla omborlari yonardi. Qo’qon uch kun butunlay o’t ichida qoldi». A. T. Karavaytsevniig esdaliklariga qaraganda, ayniqsa «Konovalov to’dasidagi arman dashnoqlari o’zboshimchalikni haddan oshirib yubordilar. Ular Qo’qonga kelguncha tinch aholini talab, qirg’in qilgan» (“Vospominaniya”. Tashkent, 1957).

«Nasha gazeta»ning yozishicha, o’rus qo’shinlari musulmonlarning ibodatxonalari bo’lmish masjidlarni va o’quv yurtlari bo’lmish madrasalarni ham to’plar yordamida xonavayron qilgan.
General Perefilyevning esdaliklarida maqtanib yozishiga qaraganda «…Men 12 zambarakdan o’q ochdira boshladim. Birinchi otishmadan keyinoq isyonchilar (muxtoriyatchilarni ko’zda tutayotir — Y. Q.) Eski shaharga qarab qochishdi».

Shiddatli janglar va qirg’inbarot urush harakatlari 20 fev-ralda ham davom etdi. Shu kuni shahar ichkarisiga armanlardan iborat «Dashnoqtsutyun» komi bilan atalgan kallakesar jangovar qismlar knrib keldi. Endigi janglar Qo’qonning Eski shahar qismiga ko’chdi. Bu yerda ham mudhish fojialar ro’y berdi. Muxtoriyatchilar va ularning tarafdorlari tomonidan har bir uy, bino, ombor, savdo korxonalari uchun yakkama-yakka janglar bo’lgan. Bu haqda shu voqealarning ishtirokchilari o’z esdaliklarida yozib qol-dirganlar va arxiv hujjatlari ham bor.

Ergash boshchiligidagi muxtoriyatchilar armiyasi Eski shaharni o’rab, uch kun qattiq mudofaa qildi. Shu uch kun ichida butun-butun binolar, savdo rastalari, do’konlar, omborxonalar, masjid-madrasalar, manufaktura korxonalari vayron bo’lgan. Shu kunlar ichida uch mingdan ortiq kishi halok bo’lgan. Xalq Komissarlar Soveti tomonidan yuborilgan qizil qo’shinlar yordamida va ishtirokida o’tkazilgan bu harbiy operatsiya ularning g’alabasi bilan yakunlandi («Ulug’ Turkiston», 1918 yil, 2 mart).

19 fevral` kuni Muxtoriyatning o’n besh rahbari — A. O’razaev, YA. Ageev, M. Mirahmedov, M. Chanishev, Kushbegiev va boshqalar Skobelev – Farg’onaga jo’nab ketishgan edi. Ular Farg’onada va uning atroflarida ham bo’lib, xalqni Muxtoriyatni himoya qilishga da’vat etdilar. Joylarda namoyishlar uyushtirdilar. Biroq ular ayg’oqchilar tomonidan ushlab olinib, so’roqsiz va aybsiz ravishda o’z joylarida otib tashlandi. Noiloj qolgan Ergash o’zining g^in otryadi va boshqa muxtoriyatchilar shaharni tashlab chiqib ketdilar. Muxtor hukumatning qo’lga tushgan har bir a’zosi otib tashlandi. «Ulug’ Turkiston» ro’znomasining yozishicha, hukumat xazinachisi Saidnosir Mirjalilov qamoqqa olingan va uning ixtiyoridagi xazina musodara qilingan va talangan (1918 yil 21 fevral`).

Shu vaqtlarda Toshkentda qozoq tilida chiqib turgan «Birlik tug’i» ro’znomasi «Qo’qon voqealari»ni shunday sharhlaydi: «Yaqinda u (bol`sheviklarning qizil hokimiyati va uning qurolli kuchlarini ko’zda tutmoqda – Y. Q.) Qo’qon ko’chalarini insonlarning qoni bilan bo’yadi. Musulmonlar yashaydigan Eski shaharni yer bilan yakson qilib tekislab tashladi, minglab aybsiz va himoyasiz musulmonlarni o’ldirdi, ularning mol-mulklarini talon-taroj etdi… Ammo bularni u oddiy qilib emas, qizil bayroq, ozodlik va inqilob shiorlari ostida amalga oshirdi».

uzbeks main.jpg
turkistanda-ermeni-katliamlari3.jpg

Shunday qilib, Turkiston Muxtoriyati ag’darib tashlandi. U beshigida bo’g’ildi. Sho’rolarning Qizil qo’shinlari va hokimiyat rahbariyati tarixda kechirilmaydigai gunohi azimga botdi. Buni tarix hech qachon unutmaydi. Ammo muxtoriyatchilarning kurashlari izsiz ketmadi. Oradan yetmish uch yilgina o’tib, ular orzu qilgan zamon yetib keldi. O’zbekiston mustaqil bo’ldi.

Manba: «Hilol» – oylik ijtimoiy-ma’rifiy oylik elektron jurnali

Mustafo Cho’qay o’g’Li. Istiqlol Jallodlari by Khurshid Davron on Scribd

Saidakbar A’zamxo’Jayev. Turkiston Muxtoriyati by Khurshid Davron on Scribd

001

(Tashriflar: umumiy 1 208, bugungi 1)

Izoh qoldiring