Ҳамон тирик қолганлигига ишонқирамай мудраб кўз очаётган киши атрофга олазарак боқди, мадорсиз қўлларини ҳаёт нишоналари тарк этиб улгурмаган кўкимтир юзларига олиб борди. Унинг бу ҳолати нариги дунё остонасидан мўъжиза туфайлигина ортига қайтган ва аросатда туриб чалкаш ҳаётини ақл тарозусига солиб дунёни англашга уринаётган, ҳақиқат излаётган гумроҳни эслатарди…
Алишер НАРЗУЛЛО
ЖИТОМИРЛИК Л.
Алишер Нарзулло 1967 йилнинг 11 ноябрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида ишлаган. «Рангин олам», «Яшил дарахтлар», «Болаликнинг сўнгги куни», «Шамоллар гирдоби» cингари проза ва шеър китоблари нашр этилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Бугун рамазоннинг йигирма еттинчи куни. Ҳаво мўътадил. Кунларнинг узунлигини ҳисобга олмаганда, гўёки ҳаммаси жойида. Осмонда тўда-тўда бўлиб сузиб юрган дайди булутларнинг кутилмаганда ёмғир бошлаб қолиши, тўсатдан ҳавонинг бир қадар совиб кетиши бу ҳолга кўникмаган, жануб гармселларида тобланган киши учун малол келиши турган гап. Аммо, на илож.
– Ёмғир томчилари… – Наҳотки?
Ҳамон тирик қолганлигига ишонқирамай мудраб кўз очаётган киши атрофга олазарак боқди, мадорсиз қўлларини ҳаёт нишоналари тарк этиб улгурмаган кўкимтир юзларига олиб борди. Унинг бу ҳолати нариги дунё остонасидан мўъжиза туфайлигина ортига қайтган ва аросатда туриб чалкаш ҳаётини ақл тарозусига солиб дунёни англашга уринаётган, ҳақиқат излаётган гумроҳни эслатарди. Бу одамзот табиатида мисвоқ кунидан буён мавжуд бўлган ва то ҳануз яшаб келаётган кўҳна ҳақиқатким, ҳазрати Одам замонидан буён унинг тагига етганни тарих эслолмайди.
* * *
Қишнинг қирчиллама аёзи ўтиб кўклам эпкинлари эса бошлагач, шаҳарликлар дала ҳовлиларига ёпирилиб кела бошлайди. Ана шунда кўп нарса ойдинлашади.
Бундан бир неча йиллар бурун қиш кўп оғир келди. Шаҳар марказидаги иссиққина кулбамда ётиб туриб негадир шўрпешона Л.ни эсладим. Бошпанасиз, қайдадир совуқдан дилдираб тарра қотиб ўлиб қолгандир…
Дачага келган куним хавотирларим ўринсиз эканлиги маълум бўлди, пўстинига ўраниб олган Л.ни соғ-омон кўриб, ажабландим. У тирик эди, жуда бардам, одатдагидек, тақир бошини елкалари орасига олганча катта йўлакнинг бир четидан қайгадир кетиб борарди.
Қайтамга бинойидек юрган қўшним-алпқомат Сорокин оламдан ўтганди. Ана бунга нима дейсиз?!
Томошани энди кўринг. Шу йилнинг ўзидаёқ Л. Сорокиннинг бевасига эга чиқди. Бир босиқ, бир мулойим. Майли-да, дея кўпчилик бунга эътибор бермади. Одамлар уни меҳрга зор бир бечора, ер юзида амал-тақал қилиб юрган минглаб дайдиларнинг бахтиқароларидан бири деб ўйлашади. Фикри ожизимча, ландовур шаҳарликлар айнан мана шу нуқтада қаттиқ янглишишади.
И. унинг кирдикорларини очиб ташламоқчи бўлади, аммо унга ким ҳам ишонарди. Аксинча И.нинг обрўйига путур кетишига ҳам мана шу икир-чикир гаплари сабаб бўлган эди. Ахир одам ўзининг халоскори ҳақида шундай хунук гапларни тарқатиб юрадими?
Л. уни қор остидан топиб олмаганда…
* * *
– Шу кунимдан ўлиб кетсам бўлмасмиди!
– Бу нима?..
Тирик қолганига шукроналикми, ё дилдан кечаётган адоқсиз хўрликлар аддойи тамом қилаётганига исёнми, билиб бўлмасди. Кейин у худди ёш болакайдай яра-чақа босиб кетган бошини чангаллаганча ҳиқиллай бошлади. Бармоқларим, о, менинг бармоқларим, қани улар?..
И.нинг кўзлари ер чизиб ниманидир ахтара бошлайди. Шунда у буткул эсини йўқотиб телбага айланади.
Ўшанда у мудҳиш хатога йўл қўйди. Ўрмон оралаб катта йўл бўйидаги дўконча сари йўл олганида унинг бу ғайрати таҳсинга сазовордай эди. Қирчиллама зимистонда таваккал қилиб кимсасиз ўрмонни талайгина қисмини кесиб ўтиш, кичкина илонизи сўқмоқдан адашиб нетмай манзилга етиш ва ортга қайтиб келиш…О, бунинг ўзи бўладими!
– Лаънат бўлсин ўша кунга! – хўрлиги устун келиб чинакамига ҳўнграй бошлади Иван. – Мен бармоқларимдан айрилдим. Мен…аммо бир шиша ароққа энасини ўйлаб ўтирмай сотиб юборадиган ярамас Ленин! – сўкинарди И. – Қаҳрамонга айланди, ҳамманинг оғзида унинг жасорати. Мана, ёзнинг жазирамасида қарийб бир ойким, у уч-тўрт шаҳарлик пулдорлар даврасида – дўкон қошидаги емакхонадан нари кетмайди. Пивохўрлик, ароқхўрлик-ҳаммаси текинга. Менинг қор остида қолиб кетганим ҳақидаги узуқ-юлуқ гапларни эшитганлар эса, бармоқсиз чўпдай қўлларимга боқиб кулишади. Ўлмай қолибсан-да, дея масхаралашади. Лениннинг хизматини қил, дея таҳқирлашларини аймайсизми?! Аммо қурмағур бу Ленини нақ тулкининг ўзи экан. Баҳор келиб кунлар исий бошлаб шаҳарликлар ёппасига дачага ёприлиб келаётган кезлар у бир эмаклаб ўзгаради-қолади. Кечагина эгасиз уйларнинг деразаларини синдириб ичкилик топиш илинжида итдай санқиб юрадиган Л.ни таниб бўлмай қолади. Шовқинли шаҳардан сокин жойларга келганлигини нишонлаётган нозик давраларни қолдирмай иштирок этади. Аммо зинҳор чегарадан чиқмайди, ўзини камгап, жуда беозор тутади. Шу жиҳатлари билан у Сибир томонлардаги жайдари камтар мужикларни эслатади.
Кун келиб бу бадавлат одамлар дачаларини ташлаб бирин-кетин қиш ғамида иссиқ шаҳар сари ошиқиб қолишларини, дачалар ҳувиллаб уч-тўрт дайди ит ва эгасиз мушуклар билан қолиб кетишини кўз ўнгига келтира оладиган Ленин ҳозир ўзини қандай тутишини ҳам яхши биларди. Бу бепадар Л.ни ҳаётнинг ўзи шундай қилиб тарбиялаган эди. Акс ҳолда бу шафқатсиз муҳитда аллақачон унинг суяклари ҳам қолмасди.
* * *
Ўша воқеалардан сўнг одамларни Ленинга ихлоси ошди. У шунчаки бошпанасиз амаллаб кун кўриб юрувчи дайди пиёниста эмас, ҳақиқий мужик дейишарди. Дунёнинг қай бир бурчида оддий бир парранда ё йиртқич ҳайвонга кўрсатилаётган марҳамат оммавий ахборот воситалари орқали жар солиб турилган бир пайтда Л.ни қаҳратон бўронда бир инсон ҳаётини сақлаб қолиши тор доирада бўлса-да, чинакамига одамохунлик – қаҳрамонлик эмасми?
Фақат тугмасиз пахталигининг бир четинигина қор кўммай қолгандай эди. Ленин ўрмон оралаб келмаганда Иван аллақачон музлаб қолган бўлар, кўкламда қорлар эрий бошлагандагина жасади топиларди. Ўшанда, эҳтимол, мурданинг кимлигини аниқлаб ҳам юришмасди. Бу ғалванинг кимга кераги бор?
Аммо…
…Л. негадир ўша куни қор бўралаб турган лаҳза Борецдан Мелдино томон йўлга тушди. Эҳтимол, бир буханка нон учун, эҳтимол…
Нима бўлганда ҳам тангрининг ўзи унинг йўлини ўрмонни кесиб ўтувчи сўқмоқ сари солди, яна нима қилсин?!
Нега уни Ленин дейишади? Тавба, ўйга толасан киши. Бир замонлар ёруғ дунёни остин-устин қилган буюк инқилобчи билан бу тасқаранинг орасида қандай боғлиқлик бор? Баъзида бу тўғрида шу қадар кўп ўйга толардимки, калламга келган ўй-хаёллардан чўчиб ҳам тушардим.
Не-не авлодлар, не-не улуғлар, катта-кичик… шу ”Зот” ни деб яшаб ўтдилар ва ҳозир ҳам ажабмаски, тупроқ остида туриб ҳам унга ҳамду сано айтишаётган бўлишса! Улар сафига сал кейинроқ қўшилган янги замон мурдалари ер юзида ҳаёт аллақачон ўзгарганини, баъзи жойларда ими-жимида ҳайкаллари кўздан ғойиб бўлаётгани, баъзи жойларда оломон жам бўлиб олиб доҳий ҳайкалларини сазойи қилишаётганини, одамлар ҳам сал-пал ўзгаргандай орқа-олдига ҳадиксираб бўлса-да, қарай бошлаганларидан хушхабар бериб, суюнчи олишса, номаъқул қилибсан, дея “айниган” ўликнинг энасини кўрсатиб исканжага олишса керак.
Ахир бу қандай дунёким, Лениндай зот унут бўлса, ё аллақандай бир бетайинни одамлар оддийгина қилиб унинг номи билан аташса!
– Нега уни Ленин дейишади?
Бир кун фурсат топиб қўшним Наташадан секин сўрадим.
– Билмадим, – деди у сўзимга беэътибор. – Асли исми Саша. Аммо негадир ҳамма Ленин деб чақиради, – деди.
–Бирор яқин кишиси борми ўзи? – дедим.
—У бу ерлик эмас, – деди у. – Украинанинг Житомир томонлариданми-ей. – Қачонлардир бир қизиққанмиз, орқаваротдан текширганмиз ҳам, – кулди Наташ. – Туппа-тузук одам бўлиши керак. Ғарбий Украинада оиласи бор экан, адашмасам, фарзандлари ҳам бор. Аммо бу ҳақда ўзи ҳеч қачон оғиз очмаган. Биз ҳатто йўлкирага пул ҳам йиғиб берганмиз, кетмади. Эҳтимол, қандайдир сабаблари бордир. – Қурғур, жиноятчи бўлмаса тағин, – дедим.
– Эҳтимол, – деди Наташ. Сўнг қўшиб қўйди:
– Қандайдир кечириб бўлмас бир иш қилганки, мана, қачонларким дайдиликни касб қилган. Житомирда қолган оиласи, бола-чақаси, ишлари ҳақида ҳеч қачон оғиз очмайди, очмаган. Гўёки унинг ўтмиш ҳаётида ҳеч нима бўлмагандай. Ўзи бу ҳақда гапиришни истамагандан кейин нима ҳам дейиш мумкин? Ҳужжатлари ҳам йўқ, йўқолиб кетган.
Аммо Наташ мени асл саволимга жўяли жавоб бермайди. Чамамда, у учун унинг номидан ҳам кўра Саша – Лениннинг дайдиликка кўниккан ҳаёти муҳимдай эди.
Мен Л.нинг деярли ҳар кун ё кун ора кўриб қолардим. У хиёл бошини эгиб юрар, аммо қаршисидан чиққан кишига бирров кўз қири билан шундай назар ташлаб ўтардиким, ё тавба, деб юборардингиз беихтиёр. Назаримда, унинг нигоҳи тушган ҳар нарса қароғларида мангуга муҳрланиб қоладигандай эди. Кўп ичарди. Ичишдан бошқа машғулоти йўқмикан бу баччағарни дейман десангиз, янглишасиз.
Қўлига бир тўнка бериб бирпас ёнида ўтирсангиз, бояги матодан худди Иброҳим пайғамбар замонидаги яҳудийлардек бежирим бут-санамлар ясаши ҳеч гапмас. Мен бир гал унга ҳазиллашиб, ҳазрат Иброҳим ё Мусо даврида яшаганингда устаси фаранг жуҳуд буттарошлар ҳам сенга шогирд тушарди дедим, индамай кулиб қўя қолди.
* * *
Ақлим етгунича, ундан Лениннинг аломатларини ахтарадиган бўлдим. Дунёга машҳур Ленин ҳақидаги мужмал ва мавҳум маълумотларимни ундаги ўхшаш жиҳатлар билан чоғиштирардим. Бўйи… ҳа, ўхшайди… пастроқ. Йўлак четидан елка қисиб тез-тез қадам ташлаб юришлари-чи?.. Чамамда қандайдир ўхшашликлар бор.
Ўтмишининг бир оз қоронғи, шубҳали ва мубҳамлиги ҳам уни Ленинга яқинлигидан далолат эди.
Кунларнинг бирида у Наташанинг ҳовлисида пайдо бўлди. Эри хизмат сафарига кетган аёл қошида Ленинни кўриб дастлаб эътибор бермаган эканман. Улар роса ичишди. Тун ярмида ғалати шовқиндан уйғониб кетдим. Аввал нима гаплигига ақлим етмай ётдим, кейин кўчага чиқдим. Қўшни ҳовлида ғира-шира чироқ ёғдусида Наташ ва Л.нинг сояга ўхшаш шарпалари кўзга ташланарди. Табиийки, бақираётган Л. эди.
– Сенга айтаяпман, ярамас! – ўшқирарди у Наташга.
– Ё тавба, бу Л.ми ўзи?! – дедим.
Бу ўша мен билган Ленин эди. Аммо у мутлақо бошқа киши қиёфасига кирган эди. Ҳозир уни таниб бўлмасди. Ўтган-кетганни қўлбола ичимлик билан сийлашдан сира чарчамайдиган, аксинча, бу ишидан завқ оладиган танти Наташни шундай куйга солиши…
Наташни эри бўлганида бормиди ҳозир.! Нақ Л.ни чавақлаб ташлаган бўларди. Нега Наташ бу ярамасга миқ этмаяпти?
Менимча кўпроқ ичиб юборган. Л.ни алжирашларига ҳам ана парво қилмаяпти.
Аммо, Наташгаям жон керак. Буёғи тун, ёлгизлик. Л.ни эса дайдилиги ёдидан кўтарилган. Аксар гуноҳлар тун қўйнида содир бўлиши ҳақидаги гаплар рост бўладиган бўлса, кузнинг бесамар зулматли бир тунида у ўзининг асл қиёфасини намойиш қилмоқда эди. Назаримда, у Наташнинг кимлигини яхши биларди. Ҳозир у ичкилик таъсиридан алжирамаётган эди. Бу Л.нинг Наташга ўшқиришларининг биринчисига ҳам охиргисига ҳам ўхшамасди.
Менга житомирлик Сашанинг Ленинга ўхшаш яна бир томони намоён бўла бошлади. Жимгина елка қисиб юрган беозор, юввош бу нусха қулай пайт топса, демак отасини ҳам танимай қоларкан. Ҳамма бало ана шунда. Ярим тунда бировнинг ҳовлисида ўшқиришлари…
—Нима дейди денг, ўчир! Бу ерда сенмас, мен гапираман! – Сен ўзи кимсан дейдиган зот йўқ. Столни муштлайди.
Шўрлик Наташа бундай “марҳамат”ни умри бино бўлиб кўрмаганиданми, инон-ихтиёрини унга топшириб, айб устида қўлга тушган болакайдай ҳаддан ташқари улкан гавдасига номуносиб бошини осилтирганча дир-дир титрайди. Ажабмаски, ўз уйининг қадрдон остонасида туриб худонинг бу балосидан қутилиш учун у ҳозир хотирасида қолган узуқ-юлуқ Инжил оятларини тинимсиз такрорлаётган бўлса.
Шундан сўнг кўзимга уйқу келмади. И.нинг кўча-куйда Л.ни ҳақоратлаб юришига жон бор, – деб ўйлардим. Демак, тунда Наташанинг ҳовлисида юз бергандек қулай вазият юзага келса, бу писмиқ Л.дан кўп нарса кутиш мумкин экан. Худди бир замонлар юз берган ва ҳалигача одамзотни таҳликага солиб турган даҳшатли талотўплар юз бермайди, деб ким айта олади?!
* * *
Наташнинг умр йўлдоши Романнинг кутилмаганда қайларгадир ғойиб бўлиб қолишларини ҳисобга олмаганда, бинойидек эр эди. Аҳён-аҳён пайдо бўлиб қолса-да, у айш-ишратдан боши чиқмайдиган хотини учун тайёр дастёр эди. Озғин, ходадай бўйчан Роман кўп ичмоқ ва ухламоқ зўридан семириб кетган гавдасини зўрға бошқарадиган хотинини хизматига ҳар доим шай эди. Кўпинча у елиб-югуриб толиқарди, Наташ кунда уюштирадиган ўтиришларнинг бир четида ”йўқ одамдай” ўтирар, кўп отиб қўйганидан олма дарахти остидаги эски диванда думалаганча ухлаб қоларди. Билишимча Наташга унинг айнан ана шу бемаврид “ухлаб” қолишлари ёқмасди.
Романга кўп ичим ачирди. Кейин маълум бўлишича, у ҳам анойи эмас экан. Анча ёш, хотинининг мутлоқ акси бўлган хушбичимгина ўйнаши бор экан. Шундай бўлса-да, дачага келганда кўз очиб кўргани шу бесўнақай аёлдек камоли муҳаббат билан хотининиг хизматига киришиб кетарди. Кечга бориб эса ҳалигидай ухлаб қолишлар.
Кейинроқ у бу ишларни бир ғалва чиқмаслик учун қилармикан деган хаёлларга ҳам бордим. Яна ким билади дейсиз?
Аммо бирда чўк тушганча саримсоқпиёз қаторларидаги бегона ўтларни ҳафсала билан ўтаётганини кўрганимда Романни мутлақо тушунолмай қолардим. Уни устухондан иборат вужудида битта юраги бор. У Наташга тегишли. Ўйнаш-жазман дегани эса оқибатда бармоғини сўрганча қолаверади.
У мени кўрганда ўнг қўлини мушт қилиб тугганча боши узра кўтариб, — қалай, дегандай енгил жилмайиб қоларди.
Кунларнинг бирида мен уни маст ҳолатга кўчада учратиб қолдим. Мастлик, эски қадрдонлик ҳаққи у мен билан осиёчасига қучоқлашиб кўришди. Қуриб кетгурнинг вужуди нақ бир қоп суякдан иборат эди. Унинг бутун вужудидан ароқ ҳиди анқирди. Мени бағридан қўйвориб одатдагидай қўлини ҳавога кўтарди-да, кета бошлади. У шу гандираклаганича тўғри шаҳарга йўл олди.
* * *
Кунларнинг бирида Роман дўкондан ўлгудай маст аҳволда уйга қайтарди. Мен уни олдидан кўриб чўчиб кетдим. Узун бесўнақай гавда бамисоли сув юзида чайқалиб бораётган омонат қайиқни эслатарди. Шамол истаган маҳал уни ағдариб юбориши ва сувга ғарқ қилиши мумкин эди. У шу туришида маст киши босиб ўтиши ғоят олис ва мушкул бўлган уч юз метрлар чамаси масофани босиб, чайқала-чайқала зўрға хотини ўтирган айвон қошига етиб келди ва мадори кетиб омонат девордек ағанаб тушди.
– Бу нима аҳвол, Наташнинг норизо бўлган совуқ овози эшитилди.
Роман илонникига ўхшаш унча йирик бўлмаган аммо чўзинчоқ бошини кўтаришга уринар, нималардир деб тўнғилларди холос.
Садоқатни қарангки, шу ҳолида ҳам у хотинига музқаймоқ олишни унутмаган ва дўкондан уйигача бўлган масофада эҳтиётлаб олиб келишнинг уддасидан чиққан эди. – Мана бу сенга, азизам, – зўрға ўрнидан турмоқчи бўлиб, стулни нари сурган бўлиб қўйниданми, ё чўнтагиданми, музқаймоқ олиб Наташга узатади у.
– Емийман! – ўшқирди хотини.
– Ма, олақол, сен учун олиб келдим. – Роман музқаймоқни Наташнинг қўлига тутқазиб, қалай ёқтими дегандек маъносиз тикилди. Хотинидан садо чиқмагач, яна бошини кўтаришга уринди. – Нима ёқмаяптими?..
Сабр косаси тўлган Наташ музқаймоқни Романнинг башарасига отади.
– Оҳ, онангни!.. – дея бетини чангаллади Роман. Чўнтаги, балки қўнжидан яна бир музқаймоқ олиб, энди у Наташнинг юзини мўлжаллаб чунон урдики, буни кутмаган Наташ анчагача юзини чангаллаб қолди. Чамаси у ўзига ва хотинига иккита музқаймоқ олган ва шу билан хотинини хурсанд қилмоқчи бўлган эди.
Ўзига келган Наташ кўча-куйда олиб юрадиган, ўтирганда мудом ёнида сақлайдиган таёқчасини излаб қолди. Бир замон диванда чўккалаб қолган Романнинг таъзирини бера бошлади. ”Вой, онам, вой онажон” дея ялинарди шўрлик эр.
Шу кун Роман ўз хотинига нисбатан билиб-билмай чинакамига исён қилган эди. Тўғри, кейин бу қилмиши учун у тавбасига таянди. Аммо хотинининг башарасига улоқтирган музқаймоқ – зулм ва золимга отилган ўқ эди.
О, мен Романнинг бу жасорати ҳақида бир даврада айтганимда ёлғончига чиқиб қолишимга сал қолди, қўйсан-чи, дея ишонишмади. Роман хотинига кўтариладиган қўлини ўзи ойболтани тагига қўяди, дейишиб устимдан кулишди.
Кейин эрта тонгдан Роман кутилгандай ғойиб бўлди. Чамаси бир ҳафталардан сўнггина у дачада пайдо бўлди. Яна ўша биз билган Роман. Ҳеч нима бўлмагандек хизматда. У ғойиб бўлгандан буён хотини бўшатган шишаларни икки елим халтага солганча ахлатхона сари кетиб борарди.
– Чекишдан бер, – деди, бир кун дўкон остонасида турган И. менга.
У одатдагидай сархуш эди.
Кўзларига бир муддат тик боққандим, нима дея қўл силтади. Кейин жин чалгандай жаврай бошлади: – Булар шунақа… На чекади, на ичади, на… анавунақа… – дея тиржайди.
Билдим нимага шама қилаётганини.
– Нима? – дедим.
– Қизларга ҳушинг қалай? – деди ён бериб.
Индамамадим. Дўконга кирдим. Буханка нон, ул-бул харид қилган бўлиб, бир пачка сигарет олишни ҳам унутмадим. Қайтиб чиққанимда И. кетиб борарди. Тез-тез юриб етиб олдим.
– Нега кетиб қолдинг?
– Нима қилишим керак эди?
– Сигарет…
Жилмайди.
– Раҳмат. – Қизлар деганимга эриб кетдинг-а! – яйраб кулди, ярамас!
Мен ундан Л. хусусида баъзи бир нарсаларни билиб олмоқчи эдим, холос.
– Менга айт-чи, – И. дедим, Л. кўринмай қолдими?
– Хабаринг йўқми,ўлди-ку!
– Қўйсанг-чи!
– Нега ишонмайсан?
– Чунки у шунчаки ўлиб кетадиганлардан эмас.
Шўрлик И. осилиб турган бармоқсиз ўнг қўлига қаради:
– Буни қара, – менга юзланди, – бу қўлмас, косов!
– Нима бўлганди ўшанда? – сўрадим ундан. – Л. сени қандай топиб олган?
– …Биласанми, ўшанда нима бўлган?
Мен миқ этмай унинг ғамгин кўзларига ҳамдарддай мўлтираб қараб туравердим.
– Шаҳарликлар аллақачон кетиб бўлишган, дачалар ҳувиллаб қолган кезлар… И.нинг қиссаси айнан шундай бошланарди. – Л. Сорокинникида яшарди. Кимсасиз кўчалар дайди итларга тўла. У баъзида мени йўқлаб келарди. Ичади-ичади. Бундай очилиб-сочилиб гапириш йўқ. Кайфи ошгач, деразадан ташқарига тикилиб ўтираверади. Нималарнидир ўзича режалаштиради. Аммо менга индамайди. Ниятини билиб бўлмайди-қоронғу… Жонимдан ўтиб кетганда, сендан анаву мушук ҳам тузикки, миёвлаб туради, дедим. Шундаям миқ этмайди, номард. Охири, тур жўна, дедим. Кетди. Биласан, Сорокин билан менинг уйим ораси анча узоқ. Мен уни деярли учратмасдим. Баъзида қор уюмлари орасида янги изларга кўзим тушиб қоларди. Бу ўша лаънати билан Сорокиннинг собиқ хотинига тегишли бўларди. Улар кимсасиз хонадонларни тунашарди. Бир кун Л.га очиқчасига, уялмайсанми, дедим. Лом-мим демай, бир хўмрайиб қаради-да, гумдон бўлди. У жуда хавфли, маст бўлиб ақлдан озганда ҳам ичидагини ташига чиқармайдиган хунаса. Кўклам келиши билан ўзгаради – қолади. Лақма шаҳарликлар эса, уни меҳмон қилишдан чарчашмайди. Нима эмиш, бутун қиш давомида Л. уларнинг ҳовлиларига кўз-қулоқ бўлиб турармиш.
– Қорда қолиб кетганингни айт, – дейман сабрим чидамай.
– Бир кун чошгоҳдан кейин эди, ит ҳуриб қолди, – ҳикоясини бошлайди у. – Кўп ўтмай дерезадан Л.нинг совуқ турқи кўринди. Очиғи, Мелдинога ўтиб ароқ олиб келмоқчи эдим. Билиб қолса, пашшадек ёпишади, ётиб олади. Кетаётувдим, дедим, атайлаб худди ўтинга кетаётган кишидек. Қаёққа, демади, номига бўлсаям. Маънисиз кўм-кўк кўзларини мендан узмай тикилиб турарди. Ишқилиб, сезмасин дедим-да, атайин йўлни тескари томон бурдим. Икки кўча оралаб қоравулхонанинг ортига ўтдим. Боря тоға, дея бақирган бўлдим, ана шундан кейингина кўнглим тинчиб ўрмонни кесиб чиқадиган йўлакчага тушиб олдим. Уни доғда қолдирганимдан суюниб кетдим. И.нинг совунига ҳали кир ювмабсан, дедим ўзим-ўзимга. Томоғим қақраб турганидан ҳавонинг совуқлиги, шўришлаб қор ёғаётганига парво ҳам қилмасдим. Бахтимга, Мелдинодаги дўкон очиқ эди. Икки шишани авайлаб камзулимнинг чўнтагига солганим эсимда, қолган озроқ пулга бир нафасда икки стакан савилни сипқорганим, газак қилиш хотирамдан кўтарилиб йўлга тушганимни биламан. Қурғур, қор бўралаб ёғарди. Ўрмонни кесувчи йўлакчани топишга топдим-у, уёғи таваккал… кетдим. Оч қоринга, боз устига, газаксиз икки стакан ароқ ўз кучини кўрсата бошлади. Камзулим остида ҳалигина дилдираб турган вужудим денг лов-лов ёнади. Калламда кўп ажиб режалар чарх ура бошлади. Хотинимни эслаб кетдим. Ҳозир у шаҳарда. Мени унутган, чоғи. Лоақал қўнғироқ ҳам қилмайди. Умр шу экан-да… Хотин, бола-чақа, дўсту ёрлар бари вақт ўтган сайин… Шуларни ўйлаганим сайин аламим зўрайди. Мен, дедим, сархуш айланаётган бошимга келган фикрдан суюниб, – шишадан бировини очишим керак. Ана шу ширин ўйлар гирдобида нимагадир қоқилиб кетганимни эслайман. Бошқа бир пайтда мен ўзимни қандайдир балчиқ – лой ичига, ё ариқми, йўл четидаги намиққан ердами кўрардим. Ҳозир эса момиқдай тўшак бағрида беозор ётардим. Ширин хаёллар, пардек оқ қор… Фикру ёдим, вужуд, аъзои таним борлиқ билан айқаш-уйқаш бўлиб кетган – мен бу дунёни унутган эдим. Кошки шу ётишда…
— Нима, афсусдамисан? – дейман.
И.миқ этмасди.
– Л. Мелдинога бир буханка хлеб учунмас, айнан мени қоралаб борган. Мен уни чалғитиб, икки кўча айланиб изимни йўқотдим деб суюнган эдим. У менга миқ этмай, кўм-кўк кўзларини тикиб турганида кўзларимдан барини уқиб олган экан. У мени кутган. Дарак бўлмагач, йўлга тушган… ва устимдан чиққан. Сал кечикканда у ҳеч қачон мени тополмасди.
– Нима бўлди? – деб сўрайман.
– Эслолмайман… – Ўзимга келганда остонада ётардим. Эшикни очиб, оёқларим бўйсунмаслигига қарамасдан ичкарига судрамоқчи бўларди. Бутун вужудим қалт-қалт титрарди. Ҳаво парчалари ичимга музга айланиб кираётгандай эди. Бир пайт аёл кишининг овози эшитилди. Бу Сорокиннинг собиқ хотини Ританинг овози эди. У печга ўт ёқди. Ўтин ҳўлмикан, хонани тутун қоплади. Мени йўтал тутди. Ичакларим тасаввур қилиб бўлмас даражада оғрирди. Камзулимнинг чўнтагидаги ароқ ёдимга тушди. Очиғи, қизғандим. Ҳозир булар кетишади, кейин ўзим… Аксига олиб, Л. хотинини тезроқ бўл, кетайлик, деб қистаётганди. Тезроқ гумдон бўлишсин деган ўйда мен ҳам, ҳаммаси жойида, дея ўзимни дадил тутишга уринардим. Улар ташқарига чиқишлари билан кўзларим билан камзулимни излади. Ана итнинг мурдасидай бир четда ётипти. Секин ўрнимдан қўзғолдим. Жоним оғриди. Сабр қил, дорини олай, дея камзул турган жойгача қандай борганимни билмайман. Энгашиб камзулни ердан олдим, бағримга босиб дерезадан ташқарига назар солдим. Лениннинг орқага қайтиш одати бор… Ана шунда ичимдан бир нима узилиб кетди. Эшикдан чиқаётган Л. икки шиша ароқни хотини қўлидан олиб қўйнига жойлаётганини ўз кўзларим билан кўриб қолдим. Шундай бўлса-да, хом сут эмган банда, шошиб камзулимни титкилай бошладим. – Лаънати. Бақирдим, овозим чиқмайди. Кейин…
…кейин ўзимни касалхонада кўрдим. Бармоқларим… У ўнг қўлига ўкиниб боқди: – келсам, ҳаммаёқда бир гап: Л. И.ни ўлим чангалидан сақлаб қолибди. Ленин мени қор остидан топиб олди, тўғри, инкор этмайман. Аммо… Л. Мелдинога нонга бораётганда, – деган чўпчакларни эшитганимда ўзимни тутиб туролмайман.
* * *
Л.ни оқлаш учун асос бўладиган ягона восита – унинг овулга олиб чиқувчи кимсасиз ўрмон йўлакчасида ўз вақтида пайдо бўлиб қолиши – буни унинг кўнглига шубҳасиз, тангрининг ўзи солган, қор уюмлари остида қолиб кетаёзган толесиз И.ни топиб олганлиги ва уни шу билан ўлимдан сақлаб қолганлиги эди.
Сийқаси чиқиб кетган бу “қаҳрамонлик”ни Л. юзинчи бор эшитаётган бўлса-да, худди илк бор қулоқлари остида янграётган ёқимли мусиқадек кўзларини юмиб олганча ҳузур қилиб эшитарди. Бу гаплар Л.га мойдек ёқарди. Гарчанд, ўзини кўпам эътибор қаратмаётган кишидек кўрсатишга уринса-да, ич-ичидан суюниб кетарди. Жим ўтириши, гапга кўпам аралашавермаслигини камтарлик деб бўлмасди. Ҳарқалай, Л. гурунгларда шундай йўл тутиш маъқул деб биларди. Баъзида ичкилик таъсирида бир сайраворгиси кеб кетарди, бир сайраворгиси кеб кетарди, аммо дарҳол эсини йиғиб шайтонга ҳай берарди.
“— Қор, бўрон. Ўрмон оралаб бораётсам…” демоқчи бўлар, аммо ичкаридан келаётган нафаслари танглайига ёпишиб қолаверарди.
У анойилардан эмас эди. Тасодиф туфайли қилган ишининг қиймати нечоғли салмоқлилиги хаёлининг бир четида кўланкадай бўй кўрсатиб турарди. Улуғвор ишлар қўққисдан, кутилмаганда рўй бериши мумкинлигини ҳар қандай ақли солим кишидай у ҳам яхши биларди. Қолаверса, орқаваротдан И. ҳар хил бўлмағур, мағзава гаплар қилиб юрганидан ҳам бохабар эди.
Агар у художўй – муслим бўлганида борми, буларнинг барини бир тонг жойнамоз устида туриб тангрига ҳавола қилган бўлар ва И. нақд парвардигорнинг ғазабига учраган бўларди. Аммо у қурғурнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб туриб, масиҳийлигига ҳам шубҳа қиласан киши.
– Худосиз…
Тасодифан миямга келган бу фикрдан чўчиб тушаман. Аммо у … борингки, инсониятни йўлдан урган Ўша зотга ўхшаган бир нусха бўлганда ҳам бемалол айтиш мумкинки, қип-қизил лўттивоз, яъни, даҳрий. Боз устига, худо кўрсатмасин, шайтон йўлдан урса борми, анча-мунча содда – гўл одамларни ортидан эргаштириб аросат сари бошлаб кетиши ҳеч гапмас.
* * *
Энди, очиғи, кўнглимнинг бир четини хавотир кемира бошлади. Бу нусха ўзи ким?
Нега одамлар уни яқин – ўтмишда тарих ғилдирагини ўзи истаган томонга бура олган зот номи билан аташади?
… Ва бу ўхшатишлар бежиз эмасга ўхшайверади. Мабодо бу ўшанинг ўзи бўлмасин тағин, айтиб бўладими!
– Нега у ўзининг асл қиёфасини ошкор қилгиси келмайди?
У менинг назаримда янги ҳаёт бошлаш учун қулай фурсат пойлаётгандай, худди қачонлардир Петроградда – қадимий Нева бўйларида не-не тонгларни умид ва бедорлик билан кутган буюк инқилобчидай…
* * *
Шимол томонларда кузнинг келиши ғалати кечади. Аниқ бир муддати йўқ. Кутилмаганда бир кечада еру кўкни совуқ ҳаво оқими қоплайди ва қарабсизки, атроф-жавонибни ўраб турган ям-яшил олам бир кунда заъфаронга юз буриб, дов–дарахтлар яланғоч, борлиқ эса шип-шийдам бўлиб қолади. Кечагина тириклик қўшиғини хиргойи қилиб турган яшил барглар оёқлар остидан паноҳ излайди. Денгиздан бошланиб олис-олисларга келиб қолган девона шамоллар хазонларни дуч келган томонга тартибсиз равишда сочади. Бу ҳол шунчалар тез юз берадики, ўйлаганим сайин ҳеч нарсага ақлим етмаслигини англаб қоламан. Бу мен учун бегона муҳит, бегона ерлар…
…Ва ниҳоят, ғариблашаётган ўрмон оралаб ёлғизоёқ йўлдан бир ўзим кетиб бораман. Л. И.ни қор бўлаклари остидан топиб олган йўл. Кеча ям-яшил эди, бугун сарғайган япроқлар билан тўла. Ҳеч қанча вақт ўтмай бу жойларни яна оппоқ қор қоплайди.
Қор қанчалик оқ бўлмасин, мен учун заъфарон куз азиз. Шу боис хайрлашув олдидан кузги ўрмон оралаб атайин пойи пиёда кетмоқни ихтиёр қилдим. Кўнглимда изоҳлаш қийин бўлган ҳис-туйғулар. Бу жойлар, бу гўша одамлари аллақачон кўнглимнинг бир бўлагига айланиб улгурган. Бу ҳаётни кўнгилдан супуриб ташлашнинг асло иложи йўқ.
Аммо…
…энди ҳар гал ойнаи жаҳонни томоша қилганимда бурунгидек об-ҳаво маълумотларига унчалик ҳам эътибор бермайман. Совуқда бечора Л. нинг ҳоли не кечдийкин, дея ташвиш ҳам чекмайман. Кунда рўй бераётган бемаъни инқилоблар ҳақидаги репортажларга кўзим тушганда ҳиссиётга берилиб, изғиб юрган оломонни кўриб сергак тортаман. Улар орасида бўйи хиёл пастроқ, тақир бошига кепка қўндириб олганча бошини елкалари орасига яширган кўйи шошиб кетаётган Л. ни кўргандай бўламан. Унинг мовий кўзлари тубига чўкиб кетган ғам-андуҳни аниқ-тиниқ кўраман…
Ишқилиб, шубҳа – гумонларим чиппакка чиқсин – да! Йўқса, кун келиб у ҳам дунёнинг нақд ярмини лаққиллатмаслигига мен кафолат бера олмайман.
Hamon tirik qolganligiga ishonqiramay mudrab ko‘z ochayotgan kishi atrofga olazarak boqdi, madorsiz qo‘llarini hayot nishonalari tark etib ulgurmagan ko‘kimtir yuzlariga olib bordi. Uning bu holati narigi dunyo ostonasidan mo‘’jiza tufayligina ortiga qaytgan va arosatda turib chalkash hayotini aql tarozusiga solib dunyoni anglashga urinayotgan, haqiqat izlayotgan gumrohni eslatardi…
Alisher NARZULLO
JITOMIRLIK L.
Alisher Narzullo 1967 yilning 11 noyabrida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetida tahsil olgan. Uzoq yillar O‘zbekiston televideniyesida ishlagan. «Rangin olam», «Yashil daraxtlar», «Bolalikning so‘nggi kuni», “Shamollar girdobi” cingari proza va she’r kitoblari nashr etilgan. O‘zbekiston yozuvchilar uyushmasi a’zosi.
Bugun ramazonning yigirma yettinchi kuni. Havo mo‘’tadil. Kunlarning uzunligini hisobga olmaganda, go‘yoki hammasi joyida. Osmonda to‘da-to‘da bo‘lib suzib yurgan daydi bulutlarning kutilmaganda yomg‘ir boshlab qolishi, to‘satdan havoning bir qadar sovib ketishi bu holga ko‘nikmagan, janub garmsellarida toblangan kishi uchun malol kelishi turgan gap. Ammo, na iloj.
– Yomg‘ir tomchilari… – Nahotki?
Hamon tirik qolganligiga ishonqiramay mudrab ko‘z ochayotgan kishi atrofga olazarak boqdi, madorsiz qo‘llarini hayot nishonalari tark etib ulgurmagan ko‘kimtir yuzlariga olib bordi. Uning bu holati narigi dunyo ostonasidan mo‘’jiza tufayligina ortiga qaytgan va arosatda turib chalkash hayotini aql tarozusiga solib dunyoni anglashga urinayotgan, haqiqat izlayotgan gumrohni eslatardi. Bu odamzot tabiatida misvoq kunidan buyon mavjud bo‘lgan va to hanuz yashab kelayotgan ko‘hna haqiqatkim, hazrati Odam zamonidan buyon uning tagiga yetganni tarix eslolmaydi.
* * *
Qishning qirchillama ayozi o‘tib ko‘klam epkinlari esa boshlagach, shaharliklar dala hovlilariga yopirilib kela boshlaydi. Ana shunda ko‘p narsa oydinlashadi.
Bundan bir necha yillar burun qish ko‘p og‘ir keldi. Shahar markazidagi issiqqina kulbamda yotib turib negadir sho‘rpeshona L.ni esladim. Boshpanasiz, qaydadir sovuqdan dildirab tarra qotib o‘lib qolgandir…
Dachaga kelgan kunim xavotirlarim o‘rinsiz ekanligi ma’lum bo‘ldi, po‘stiniga o‘ranib olgan L.ni sog‘-omon ko‘rib, ajablandim. U tirik edi, juda bardam, odatdagidek, taqir boshini yelkalari orasiga olgancha katta yo‘lakning bir chetidan qaygadir ketib borardi.
Qaytamga binoyidek yurgan qo‘shnim-alpqomat Sorokin olamdan o‘tgandi. Ana bunga nima deysiz?!
Tomoshani endi ko‘ring. Shu yilning o‘zidayoq L. Sorokinning bevasiga ega chiqdi. Bir bosiq, bir muloyim. Mayli-da, deya ko‘pchilik bunga e’tibor bermadi. Odamlar uni mehrga zor bir bechora, yer yuzida amal-taqal qilib yurgan minglab daydilarning baxtiqarolaridan biri deb o‘ylashadi. Fikri ojizimcha, landovur shaharliklar aynan mana shu nuqtada qattiq yanglishishadi.
I. uning kirdikorlarini ochib tashlamoqchi bo‘ladi, ammo unga kim ham ishonardi. Aksincha I.ning obro‘yiga putur ketishiga ham mana shu ikir-chikir gaplari sabab bo‘lgan edi. Axir odam o‘zining xaloskori haqida shunday xunuk gaplarni tarqatib yuradimi?
L. uni qor ostidan topib olmaganda…
* * *
– Shu kunimdan o‘lib ketsam bo‘lmasmidi!
– Bu nima?..
Tirik qolganiga shukronalikmi, yo dildan kechayotgan adoqsiz xo‘rliklar addoyi tamom qilayotganiga isyonmi, bilib bo‘lmasdi. Keyin u xuddi yosh bolakayday yara-chaqa bosib ketgan boshini changallagancha hiqillay boshladi. Barmoqlarim, o, mening barmoqlarim, qani ular?..
I.ning ko‘zlari yer chizib nimanidir axtara boshlaydi. Shunda u butkul esini yo‘qotib telbaga aylanadi.
O‘shanda u mudhish xatoga yo‘l qo‘ydi. O‘rmon oralab katta yo‘l bo‘yidagi do‘koncha sari yo‘l olganida uning bu g‘ayrati tahsinga sazovorday edi. Qirchillama zimistonda tavakkal qilib kimsasiz o‘rmonni talaygina qismini kesib o‘tish, kichkina ilonizi so‘qmoqdan adashib netmay manzilga yetish va ortga qaytib kelish…O, buning o‘zi bo‘ladimi!
– La’nat bo‘lsin o‘sha kunga! – xo‘rligi ustun kelib chinakamiga ho‘ngray boshladi Ivan. – Men barmoqlarimdan ayrildim. Men…ammo bir shisha aroqqa enasini o‘ylab o‘tirmay sotib yuboradigan yaramas Lenin! – so‘kinardi I. – Qahramonga aylandi, hammaning og‘zida uning jasorati. Mana, yozning jaziramasida qariyb bir oykim, u uch-to‘rt shaharlik puldorlar davrasida – do‘kon qoshidagi yemakxonadan nari ketmaydi. Pivoxo‘rlik, aroqxo‘rlik-hammasi tekinga. Mening qor ostida qolib ketganim haqidagi uzuq-yuluq gaplarni eshitganlar esa, barmoqsiz cho‘pday qo‘llarimga boqib kulishadi. O‘lmay qolibsan-da, deya masxaralashadi. Leninning xizmatini qil, deya tahqirlashlarini aymaysizmi?! Ammo qurmag‘ur bu Lenini naq tulkining o‘zi ekan. Bahor kelib kunlar isiy boshlab shaharliklar yoppasiga dachaga yoprilib kelayotgan kezlar u bir emaklab o‘zgaradi-qoladi. Kechagina egasiz uylarning derazalarini sindirib ichkilik topish ilinjida itday sanqib yuradigan L.ni tanib bo‘lmay qoladi. Shovqinli shahardan sokin joylarga kelganligini nishonlayotgan nozik davralarni qoldirmay ishtirok etadi. Ammo zinhor chegaradan chiqmaydi, o‘zini kamgap, juda beozor tutadi. Shu jihatlari bilan u Sibir tomonlardagi jaydari kamtar mujiklarni eslatadi.
Kun kelib bu badavlat odamlar dachalarini tashlab birin-ketin qish g‘amida issiq shahar sari oshiqib qolishlarini, dachalar huvillab uch-to‘rt daydi it va egasiz mushuklar bilan qolib ketishini ko‘z o‘ngiga keltira oladigan Lenin hozir o‘zini qanday tutishini ham yaxshi bilardi. Bu bepadar L.ni hayotning o‘zi shunday qilib tarbiyalagan edi. Aks holda bu shafqatsiz muhitda allaqachon uning suyaklari ham qolmasdi.
* * *
O‘sha voqealardan so‘ng odamlarni Leninga ixlosi oshdi. U shunchaki boshpanasiz amallab kun ko‘rib yuruvchi daydi piyonista emas, haqiqiy mujik deyishardi. Dunyoning qay bir burchida oddiy bir parranda yo yirtqich hayvonga ko‘rsatilayotgan marhamat ommaviy axborot vositalari orqali jar solib turilgan bir paytda L.ni qahraton bo‘ronda bir inson hayotini saqlab qolishi tor doirada bo‘lsa-da, chinakamiga odamoxunlik – qahramonlik emasmi?
Faqat tugmasiz paxtaligining bir chetinigina qor ko‘mmay qolganday edi. Lenin o‘rmon oralab kelmaganda Ivan allaqachon muzlab qolgan bo‘lar, ko‘klamda qorlar eriy boshlagandagina jasadi topilardi. O‘shanda, ehtimol, murdaning kimligini aniqlab ham yurishmasdi. Bu g‘alvaning kimga keragi bor?
Ammo…
…L. negadir o‘sha kuni qor bo‘ralab turgan lahza Boresdan Meldino tomon yo‘lga tushdi. Ehtimol, bir buxanka non uchun, ehtimol…
Nima bo‘lganda ham tangrining o‘zi uning yo‘lini o‘rmonni kesib o‘tuvchi so‘qmoq sari soldi, yana nima qilsin?!
Nega uni Lenin deyishadi? Tavba, o‘yga tolasan kishi. Bir zamonlar yorug‘ dunyoni ostin-ustin qilgan buyuk inqilobchi bilan bu tasqaraning orasida qanday bog‘liqlik bor? Ba’zida bu to‘g‘rida shu qadar ko‘p o‘yga tolardimki, kallamga kelgan o‘y-xayollardan cho‘chib ham tushardim.
Ne-ne avlodlar, ne-ne ulug‘lar, katta-kichik… shu ”Zot” ni deb yashab o‘tdilar va hozir ham ajabmaski, tuproq ostida turib ham unga hamdu sano aytishayotgan bo‘lishsa! Ular safiga sal keyinroq qo‘shilgan yangi zamon murdalari yer yuzida hayot allaqachon o‘zgarganini, ba’zi joylarda imi-jimida haykallari ko‘zdan g‘oyib bo‘layotgani, ba’zi joylarda olomon jam bo‘lib olib dohiy haykallarini sazoyi qilishayotganini, odamlar ham sal-pal o‘zgarganday orqa-oldiga hadiksirab bo‘lsa-da, qaray boshlaganlaridan xushxabar berib, suyunchi olishsa, noma’qul qilibsan, deya “aynigan” o‘likning enasini ko‘rsatib iskanjaga olishsa kerak.
Axir bu qanday dunyokim, Leninday zot unut bo‘lsa, yo allaqanday bir betayinni odamlar oddiygina qilib uning nomi bilan atashsa!
– Nega uni Lenin deyishadi?
Bir kun fursat topib qo‘shnim Natashadan sekin so‘radim.
– Bilmadim, – dedi u so‘zimga bee’tibor. – Asli ismi Sasha. Ammo negadir hamma Lenin deb chaqiradi, – dedi.
–Biror yaqin kishisi bormi o‘zi? – dedim.
—U bu yerlik emas, – dedi u. – Ukrainaning Jitomir tomonlaridanmi-yey. – Qachonlardir bir qiziqqanmiz, orqavarotdan tekshirganmiz ham, – kuldi Natash. – Tuppa-tuzuk odam bo‘lishi kerak. G‘arbiy Ukrainada oilasi bor ekan, adashmasam, farzandlari ham bor. Ammo bu haqda o‘zi hech qachon og‘iz ochmagan. Biz hatto yo‘lkiraga pul ham yig‘ib berganmiz, ketmadi. Ehtimol, qandaydir sabablari bordir. – Qurg‘ur, jinoyatchi bo‘lmasa tag‘in, – dedim.
– Ehtimol, – dedi Natash. So‘ng qo‘shib qo‘ydi:
– Qandaydir kechirib bo‘lmas bir ish qilganki, mana, qachonlarkim daydilikni kasb qilgan. Jitomirda qolgan oilasi, bola-chaqasi, ishlari haqida hech qachon og‘iz ochmaydi, ochmagan. Go‘yoki uning o‘tmish hayotida hech nima bo‘lmaganday. O‘zi bu haqda gapirishni istamagandan keyin nima ham deyish mumkin? Hujjatlari ham yo‘q, yo‘qolib ketgan.
Ammo Natash meni asl savolimga jo‘yali javob bermaydi. Chamamda, u uchun uning nomidan ham ko‘ra Sasha – Leninning daydilikka ko‘nikkan hayoti muhimday edi.
Men L.ning deyarli har kun yo kun ora ko‘rib qolardim. U xiyol boshini egib yurar, ammo qarshisidan chiqqan kishiga birrov ko‘z qiri bilan shunday nazar tashlab o‘tardikim, yo tavba, deb yuborardingiz beixtiyor. Nazarimda, uning nigohi tushgan har narsa qarog‘larida manguga muhrlanib qoladiganday edi. Ko‘p ichardi. Ichishdan boshqa mashg‘uloti yo‘qmikan bu bachchag‘arni deyman desangiz, yanglishasiz.
Qo‘liga bir to‘nka berib birpas yonida o‘tirsangiz, boyagi matodan xuddi Ibrohim payg‘ambar zamonidagi yahudiylardek bejirim but-sanamlar yasashi hech gapmas. Men bir gal unga hazillashib, hazrat Ibrohim yo Muso davrida yashaganingda ustasi farang juhud buttaroshlar ham senga shogird tushardi dedim, indamay kulib qo‘ya qoldi.
* * *
Aqlim yetgunicha, undan Leninning alomatlarini axtaradigan bo‘ldim. Dunyoga mashhur Lenin haqidagi mujmal va mavhum ma’lumotlarimni undagi o‘xshash jihatlar bilan chog‘ishtirardim. Bo‘yi… ha, o‘xshaydi… pastroq. Yo‘lak chetidan yelka qisib tez-tez qadam tashlab yurishlari-chi?.. Chamamda qandaydir o‘xshashliklar bor.
O‘tmishining bir oz qorong‘i, shubhali va mubhamligi ham uni Leninga yaqinligidan dalolat edi.
Kunlarning birida u Natashaning hovlisida paydo bo‘ldi. Eri xizmat safariga ketgan ayol qoshida Leninni ko‘rib dastlab e’tibor bermagan ekanman. Ular rosa ichishdi. Tun yarmida g‘alati shovqindan uyg‘onib ketdim. Avval nima gapligiga aqlim yetmay yotdim, keyin ko‘chaga chiqdim. Qo‘shni hovlida g‘ira-shira chiroq yog‘dusida Natash va L.ning soyaga o‘xshash sharpalari ko‘zga tashlanardi. Tabiiyki, baqirayotgan L. edi.
– Senga aytayapman, yaramas! – o‘shqirardi u Natashga.
– Yo tavba, bu L.mi o‘zi?! – dedim.
Bu o‘sha men bilgan Lenin edi. Ammo u mutlaqo boshqa kishi qiyofasiga kirgan edi. Hozir uni tanib bo‘lmasdi. O‘tgan-ketganni qo‘lbola ichimlik bilan siylashdan sira charchamaydigan, aksincha, bu ishidan zavq oladigan tanti Natashni shunday kuyga solishi…
Natashni eri bo‘lganida bormidi hozir.! Naq L.ni chavaqlab tashlagan bo‘lardi. Nega Natash bu yaramasga miq etmayapti?
Menimcha ko‘proq ichib yuborgan. L.ni aljirashlariga ham ana parvo qilmayapti.
Ammo, Natashgayam jon kerak. Buyog‘i tun, yolgizlik. L.ni esa daydiligi yodidan ko‘tarilgan. Aksar gunohlar tun qo‘ynida sodir bo‘lishi haqidagi gaplar rost bo‘ladigan bo‘lsa, kuzning besamar zulmatli bir tunida u o‘zining asl qiyofasini namoyish qilmoqda edi. Nazarimda, u Natashning kimligini yaxshi bilardi. Hozir u ichkilik ta’siridan aljiramayotgan edi. Bu L.ning Natashga o‘shqirishlarining birinchisiga ham oxirgisiga ham o‘xshamasdi.
Menga jitomirlik Sashaning Leninga o‘xshash yana bir tomoni namoyon bo‘la boshladi. Jimgina yelka qisib yurgan beozor, yuvvosh bu nusxa qulay payt topsa, demak otasini ham tanimay qolarkan. Hamma balo ana shunda. Yarim tunda birovning hovlisida o‘shqirishlari…
—Nima deydi deng, o‘chir! Bu yerda senmas, men gapiraman! – Sen o‘zi kimsan deydigan zot yo‘q. Stolni mushtlaydi.
Sho‘rlik Natasha bunday “marhamat”ni umri bino bo‘lib ko‘rmaganidanmi, inon-ixtiyorini unga topshirib, ayb ustida qo‘lga tushgan bolakayday haddan tashqari ulkan gavdasiga nomunosib boshini osiltirgancha dir-dir titraydi. Ajabmaski, o‘z uyining qadrdon ostonasida turib xudoning bu balosidan qutilish uchun u hozir xotirasida qolgan uzuq-yuluq Injil oyatlarini tinimsiz takrorlayotgan bo‘lsa.
Shundan so‘ng ko‘zimga uyqu kelmadi. I.ning ko‘cha-kuyda L.ni haqoratlab yurishiga jon bor, – deb o‘ylardim. Demak, tunda Natashaning hovlisida yuz bergandek qulay vaziyat yuzaga kelsa, bu pismiq L.dan ko‘p narsa kutish mumkin ekan. Xuddi bir zamonlar yuz bergan va haligacha odamzotni tahlikaga solib turgan dahshatli taloto‘plar yuz bermaydi, deb kim ayta oladi?!
* * *
Natashning umr yo‘ldoshi Romanning kutilmaganda qaylargadir g‘oyib bo‘lib qolishlarini hisobga olmaganda, binoyidek er edi. Ahyon-ahyon paydo bo‘lib qolsa-da, u aysh-ishratdan boshi chiqmaydigan xotini uchun tayyor dastyor edi. Ozg‘in, xodaday bo‘ychan Roman ko‘p ichmoq va uxlamoq zo‘ridan semirib ketgan gavdasini zo‘rg‘a boshqaradigan xotinini xizmatiga har doim shay edi. Ko‘pincha u yelib-yugurib toliqardi, Natash kunda uyushtiradigan o‘tirishlarning bir chetida ”yo‘q odamday” o‘tirar, ko‘p otib qo‘yganidan olma daraxti ostidagi eski divanda dumalagancha uxlab qolardi. Bilishimcha Natashga uning aynan ana shu bemavrid “uxlab” qolishlari yoqmasdi.
Romanga ko‘p ichim achirdi. Keyin ma’lum bo‘lishicha, u ham anoyi emas ekan. Ancha yosh, xotinining mutloq aksi bo‘lgan xushbichimgina o‘ynashi bor ekan. Shunday bo‘lsa-da, dachaga kelganda ko‘z ochib ko‘rgani shu beso‘naqay ayoldek kamoli muhabbat bilan xotininig xizmatiga kirishib ketardi. Kechga borib esa haligiday uxlab qolishlar.
Keyinroq u bu ishlarni bir g‘alva chiqmaslik uchun qilarmikan degan xayollarga ham bordim. Yana kim biladi deysiz?
Ammo birda cho‘k tushgancha sarimsoqpiyoz qatorlaridagi begona o‘tlarni hafsala bilan o‘tayotganini ko‘rganimda Romanni mutlaqo tushunolmay qolardim. Uni ustuxondan iborat vujudida bitta yuragi bor. U Natashga tegishli. O‘ynash-jazman degani esa oqibatda barmog‘ini so‘rgancha qolaveradi.
U meni ko‘rganda o‘ng qo‘lini musht qilib tuggancha boshi uzra ko‘tarib, — qalay, deganday yengil jilmayib qolardi.
Kunlarning birida men uni mast holatga ko‘chada uchratib qoldim. Mastlik, eski qadrdonlik haqqi u men bilan osiyochasiga quchoqlashib ko‘rishdi. Qurib ketgurning vujudi naq bir qop suyakdan iborat edi. Uning butun vujudidan aroq hidi anqirdi. Meni bag‘ridan qo‘yvorib odatdagiday qo‘lini havoga ko‘tardi-da, keta boshladi. U shu gandiraklaganicha to‘g‘ri shaharga yo‘l oldi.
* * *
Kunlarning birida Roman do‘kondan o‘lguday mast ahvolda uyga qaytardi. Men uni oldidan ko‘rib cho‘chib ketdim. Uzun beso‘naqay gavda bamisoli suv yuzida chayqalib borayotgan omonat qayiqni eslatardi. Shamol istagan mahal uni ag‘darib yuborishi va suvga g‘arq qilishi mumkin edi. U shu turishida mast kishi bosib o‘tishi g‘oyat olis va mushkul bo‘lgan uch yuz metrlar chamasi masofani bosib, chayqala-chayqala zo‘rg‘a xotini o‘tirgan ayvon qoshiga yetib keldi va madori ketib omonat devordek ag‘anab tushdi.
– Bu nima ahvol, Natashning norizo bo‘lgan sovuq ovozi eshitildi.
Roman ilonnikiga o‘xshash uncha yirik bo‘lmagan ammo cho‘zinchoq boshini ko‘tarishga urinar, nimalardir deb to‘ng‘illardi xolos.
Sadoqatni qarangki, shu holida ham u xotiniga muzqaymoq olishni unutmagan va do‘kondan uyigacha bo‘lgan masofada ehtiyotlab olib kelishning uddasidan chiqqan edi. – Mana bu senga, azizam, – zo‘rg‘a o‘rnidan turmoqchi bo‘lib, stulni nari surgan bo‘lib qo‘ynidanmi, yo cho‘ntagidanmi, muzqaymoq olib Natashga uzatadi u.
– Yemiyman! – o‘shqirdi xotini.
– Ma, olaqol, sen uchun olib keldim. – Roman muzqaymoqni Natashning qo‘liga tutqazib, qalay yoqtimi degandek ma’nosiz tikildi. Xotinidan sado chiqmagach, yana boshini ko‘tarishga urindi. – Nima yoqmayaptimi?..
Sabr kosasi to‘lgan Natash muzqaymoqni Romanning basharasiga otadi.
– Oh, onangni!.. – deya betini changalladi Roman. Cho‘ntagi, balki qo‘njidan yana bir muzqaymoq olib, endi u Natashning yuzini mo‘ljallab chunon urdiki, buni kutmagan Natash anchagacha yuzini changallab qoldi. Chamasi u o‘ziga va xotiniga ikkita muzqaymoq olgan va shu bilan xotinini xursand qilmoqchi bo‘lgan edi.
O‘ziga kelgan Natash ko‘cha-kuyda olib yuradigan, o‘tirganda mudom yonida saqlaydigan tayoqchasini izlab qoldi. Bir zamon divanda cho‘kkalab qolgan Romanning ta’zirini bera boshladi. ”Voy, onam, voy onajon” deya yalinardi sho‘rlik er.
Shu kun Roman o‘z xotiniga nisbatan bilib-bilmay chinakamiga isyon qilgan edi. To‘g‘ri, keyin bu qilmishi uchun u tavbasiga tayandi. Ammo xotinining basharasiga uloqtirgan muzqaymoq – zulm va zolimga otilgan o‘q edi.
O, men Romanning bu jasorati haqida bir davrada aytganimda yolg‘onchiga chiqib qolishimga sal qoldi, qo‘ysan-chi, deya ishonishmadi. Roman xotiniga ko‘tariladigan qo‘lini o‘zi oyboltani tagiga qo‘yadi, deyishib ustimdan kulishdi.
Keyin erta tongdan Roman kutilganday g‘oyib bo‘ldi. Chamasi bir haftalardan so‘nggina u dachada paydo bo‘ldi. Yana o‘sha biz bilgan Roman. Hech nima bo‘lmagandek xizmatda. U g‘oyib bo‘lgandan buyon xotini bo‘shatgan shishalarni ikki yelim xaltaga solgancha axlatxona sari ketib borardi.
– Chekishdan ber, – dedi, bir kun do‘kon ostonasida turgan I. menga.
U odatdagiday sarxush edi.
Ko‘zlariga bir muddat tik boqqandim, nima deya qo‘l siltadi. Keyin jin chalganday javray boshladi: – Bular shunaqa… Na chekadi, na ichadi, na… anavunaqa… – deya tirjaydi.
Bildim nimaga shama qilayotganini.
– Nima? – dedim.
– Qizlarga hushing qalay? – dedi yon berib.
Indamamadim. Do‘konga kirdim. Buxanka non, ul-bul xarid qilgan bo‘lib, bir pachka sigaret olishni ham unutmadim. Qaytib chiqqanimda I. ketib borardi. Tez-tez yurib yetib oldim.
– Nega ketib qolding?
– Nima qilishim kerak edi?
– Sigaret…
Jilmaydi.
– Rahmat. – Qizlar deganimga erib ketding-a! – yayrab kuldi, yaramas!
Men undan L. xususida ba’zi bir narsalarni bilib olmoqchi edim, xolos.
– Menga ayt-chi, – I. dedim, L. ko‘rinmay qoldimi?
– Xabaring yo‘qmi,o‘ldi-ku!
– Qo‘ysang-chi!
– Nega ishonmaysan?
– Chunki u shunchaki o‘lib ketadiganlardan emas.
Sho‘rlik I. osilib turgan barmoqsiz o‘ng qo‘liga qaradi:
– Buni qara, – menga yuzlandi, – bu qo‘lmas, kosov!
– Nima bo‘lgandi o‘shanda? – so‘radim undan. – L. seni qanday topib olgan?
– …Bilasanmi, o‘shanda nima bo‘lgan?
Men miq etmay uning g‘amgin ko‘zlariga hamdardday mo‘ltirab qarab turaverdim.
– Shaharliklar allaqachon ketib bo‘lishgan, dachalar huvillab qolgan kezlar… I.ning qissasi aynan shunday boshlanardi. – L. Sorokinnikida yashardi. Kimsasiz ko‘chalar daydi itlarga to‘la. U ba’zida meni yo‘qlab kelardi. Ichadi-ichadi. Bunday ochilib-sochilib gapirish yo‘q. Kayfi oshgach, derazadan tashqariga tikilib o‘tiraveradi. Nimalarnidir o‘zicha rejalashtiradi. Ammo menga indamaydi. Niyatini bilib bo‘lmaydi-qorong‘u… Jonimdan o‘tib ketganda, sendan anavu mushuk ham tuzikki, miyovlab turadi, dedim. Shundayam miq etmaydi, nomard. Oxiri, tur jo‘na, dedim. Ketdi. Bilasan, Sorokin bilan mening uyim orasi ancha uzoq. Men uni deyarli uchratmasdim. Ba’zida qor uyumlari orasida yangi izlarga ko‘zim tushib qolardi. Bu o‘sha la’nati bilan Sorokinning sobiq xotiniga tegishli bo‘lardi. Ular kimsasiz xonadonlarni tunashardi. Bir kun L.ga ochiqchasiga, uyalmaysanmi, dedim. Lom-mim demay, bir xo‘mrayib qaradi-da, gumdon bo‘ldi. U juda xavfli, mast bo‘lib aqldan ozganda ham ichidagini tashiga chiqarmaydigan xunasa. Ko‘klam kelishi bilan o‘zgaradi – qoladi. Laqma shaharliklar esa, uni mehmon qilishdan charchashmaydi. Nima emish, butun qish davomida L. ularning hovlilariga ko‘z-quloq bo‘lib turarmish.
– Qorda qolib ketganingni ayt, – deyman sabrim chidamay.
– Bir kun choshgohdan keyin edi, it hurib qoldi, – hikoyasini boshlaydi u. – Ko‘p o‘tmay derezadan L.ning sovuq turqi ko‘rindi. Ochig‘i, Meldinoga o‘tib aroq olib kelmoqchi edim. Bilib qolsa, pashshadek yopishadi, yotib oladi. Ketayotuvdim, dedim, ataylab xuddi o‘tinga ketayotgan kishidek. Qayoqqa, demadi, nomiga bo‘lsayam. Ma’nisiz ko‘m-ko‘k ko‘zlarini mendan uzmay tikilib turardi. Ishqilib, sezmasin dedim-da, atayin yo‘lni teskari tomon burdim. Ikki ko‘cha oralab qoravulxonaning ortiga o‘tdim. Borya tog‘a, deya baqirgan bo‘ldim, ana shundan keyingina ko‘nglim tinchib o‘rmonni kesib chiqadigan yo‘lakchaga tushib oldim. Uni dog‘da qoldirganimdan suyunib ketdim. I.ning sovuniga hali kir yuvmabsan, dedim o‘zim-o‘zimga. Tomog‘im qaqrab turganidan havoning sovuqligi, sho‘rishlab qor yog‘ayotganiga parvo ham qilmasdim. Baxtimga, Meldinodagi do‘kon ochiq edi. Ikki shishani avaylab kamzulimning cho‘ntagiga solganim esimda, qolgan ozroq pulga bir nafasda ikki stakan savilni sipqorganim, gazak qilish xotiramdan ko‘tarilib yo‘lga tushganimni bilaman. Qurg‘ur, qor bo‘ralab yog‘ardi. O‘rmonni kesuvchi yo‘lakchani topishga topdim-u, uyog‘i tavakkal… ketdim. Och qoringa, boz ustiga, gazaksiz ikki stakan aroq o‘z kuchini ko‘rsata boshladi. Kamzulim ostida haligina dildirab turgan vujudim deng lov-lov yonadi. Kallamda ko‘p ajib rejalar charx ura boshladi. Xotinimni eslab ketdim. Hozir u shaharda. Meni unutgan, chog‘i. Loaqal qo‘ng‘iroq ham qilmaydi. Umr shu ekan-da… Xotin, bola-chaqa, do‘stu yorlar bari vaqt o‘tgan sayin… Shularni o‘ylaganim sayin alamim zo‘raydi. Men, dedim, sarxush aylanayotgan boshimga kelgan fikrdan suyunib, – shishadan birovini ochishim kerak. Ana shu shirin o‘ylar girdobida nimagadir qoqilib ketganimni eslayman. Boshqa bir paytda men o‘zimni qandaydir balchiq – loy ichiga, yo ariqmi, yo‘l chetidagi namiqqan yerdami ko‘rardim. Hozir esa momiqday to‘shak bag‘rida beozor yotardim. Shirin xayollar, pardek oq qor… Fikru yodim, vujud, a’zoi tanim borliq bilan ayqash-uyqash bo‘lib ketgan – men bu dunyoni unutgan edim. Koshki shu yotishda…
— Nima, afsusdamisan? – deyman.
I.miq etmasdi.
– L. Meldinoga bir buxanka xleb uchunmas, aynan meni qoralab borgan. Men uni chalg‘itib, ikki ko‘cha aylanib izimni yo‘qotdim deb suyungan edim. U menga miq etmay, ko‘m-ko‘k ko‘zlarini tikib turganida ko‘zlarimdan barini uqib olgan ekan. U meni kutgan. Darak bo‘lmagach, yo‘lga tushgan… va ustimdan chiqqan. Sal kechikkanda u hech qachon meni topolmasdi.
– Nima bo‘ldi? – deb so‘rayman.
– Eslolmayman… – O‘zimga kelganda ostonada yotardim. Eshikni ochib, oyoqlarim bo‘ysunmasligiga qaramasdan ichkariga sudramoqchi bo‘lardi. Butun vujudim qalt-qalt titrardi. Havo parchalari ichimga muzga aylanib kirayotganday edi. Bir payt ayol kishining ovozi eshitildi. Bu Sorokinning sobiq xotini Ritaning ovozi edi. U pechga o‘t yoqdi. O‘tin ho‘lmikan, xonani tutun qopladi. Meni yo‘tal tutdi. Ichaklarim tasavvur qilib bo‘lmas darajada og‘rirdi. Kamzulimning cho‘ntagidagi aroq yodimga tushdi. Ochig‘i, qizg‘andim. Hozir bular ketishadi, keyin o‘zim… Aksiga olib, L. xotinini tezroq bo‘l, ketaylik, deb qistayotgandi. Tezroq gumdon bo‘lishsin degan o‘yda men ham, hammasi joyida, deya o‘zimni dadil tutishga urinardim. Ular tashqariga chiqishlari bilan ko‘zlarim bilan kamzulimni izladi. Ana itning murdasiday bir chetda yotipti. Sekin o‘rnimdan qo‘zg‘oldim. Jonim og‘ridi. Sabr qil, dorini olay, deya kamzul turgan joygacha qanday borganimni bilmayman. Engashib kamzulni yerdan oldim, bag‘rimga bosib derezadan tashqariga nazar soldim. Leninning orqaga qaytish odati bor… Ana shunda ichimdan bir nima uzilib ketdi. Eshikdan chiqayotgan L. ikki shisha aroqni xotini qo‘lidan olib qo‘yniga joylayotganini o‘z ko‘zlarim bilan ko‘rib qoldim. Shunday bo‘lsa-da, xom sut emgan banda, shoshib kamzulimni titkilay boshladim. – La’nati. Baqirdim, ovozim chiqmaydi. Keyin…
…keyin o‘zimni kasalxonada ko‘rdim. Barmoqlarim… U o‘ng qo‘liga o‘kinib boqdi: – kelsam, hammayoqda bir gap: L. I.ni o‘lim changalidan saqlab qolibdi. Lenin meni qor ostidan topib oldi, to‘g‘ri, inkor etmayman. Ammo… L. Meldinoga nonga borayotganda, – degan cho‘pchaklarni eshitganimda o‘zimni tutib turolmayman.
* * *
L.ni oqlash uchun asos bo‘ladigan yagona vosita – uning ovulga olib chiquvchi kimsasiz o‘rmon yo‘lakchasida o‘z vaqtida paydo bo‘lib qolishi – buni uning ko‘ngliga shubhasiz, tangrining o‘zi solgan, qor uyumlari ostida qolib ketayozgan tolesiz I.ni topib olganligi va uni shu bilan o‘limdan saqlab qolganligi edi.
Siyqasi chiqib ketgan bu “qahramonlik”ni L. yuzinchi bor eshitayotgan bo‘lsa-da, xuddi ilk bor quloqlari ostida yangrayotgan yoqimli musiqadek ko‘zlarini yumib olgancha huzur qilib eshitardi. Bu gaplar L.ga moydek yoqardi. Garchand, o‘zini ko‘pam e’tibor qaratmayotgan kishidek ko‘rsatishga urinsa-da, ich-ichidan suyunib ketardi. Jim o‘tirishi, gapga ko‘pam aralashavermasligini kamtarlik deb bo‘lmasdi. Harqalay, L. gurunglarda shunday yo‘l tutish ma’qul deb bilardi. Ba’zida ichkilik ta’sirida bir sayravorgisi keb ketardi, bir sayravorgisi keb ketardi, ammo darhol esini yig‘ib shaytonga hay berardi.
“— Qor, bo‘ron. O‘rmon oralab borayotsam…” demoqchi bo‘lar, ammo ichkaridan kelayotgan nafaslari tanglayiga yopishib qolaverardi.
U anoyilardan emas edi. Tasodif tufayli qilgan ishining qiymati nechog‘li salmoqliligi xayolining bir chetida ko‘lankaday bo‘y ko‘rsatib turardi. Ulug‘vor ishlar qo‘qqisdan, kutilmaganda ro‘y berishi mumkinligini har qanday aqli solim kishiday u ham yaxshi bilardi. Qolaversa, orqavarotdan I. har xil bo‘lmag‘ur, mag‘zava gaplar qilib yurganidan ham boxabar edi.
Agar u xudojo‘y – muslim bo‘lganida bormi, bularning barini bir tong joynamoz ustida turib tangriga havola qilgan bo‘lar va I. naqd parvardigorning g‘azabiga uchragan bo‘lardi. Ammo u qurg‘urning xatti-harakatlarini kuzatib turib, masihiyligiga ham shubha qilasan kishi.
– Xudosiz…
Tasodifan miyamga kelgan bu fikrdan cho‘chib tushaman. Ammo u … boringki, insoniyatni yo‘ldan urgan O‘sha zotga o‘xshagan bir nusxa bo‘lganda ham bemalol aytish mumkinki, qip-qizil lo‘ttivoz, ya’ni, dahriy. Boz ustiga, xudo ko‘rsatmasin, shayton yo‘ldan ursa bormi, ancha-muncha sodda – go‘l odamlarni ortidan ergashtirib arosat sari boshlab ketishi hech gapmas.
* * *
Endi, ochig‘i, ko‘nglimning bir chetini xavotir kemira boshladi. Bu nusxa o‘zi kim?
Nega odamlar uni yaqin – o‘tmishda tarix g‘ildiragini o‘zi istagan tomonga bura olgan zot nomi bilan atashadi?
… Va bu o‘xshatishlar bejiz emasga o‘xshayveradi. Mabodo bu o‘shaning o‘zi bo‘lmasin tag‘in, aytib bo‘ladimi!
– Nega u o‘zining asl qiyofasini oshkor qilgisi kelmaydi?
U mening nazarimda yangi hayot boshlash uchun qulay fursat poylayotganday, xuddi qachonlardir Petrogradda – qadimiy Neva bo‘ylarida ne-ne tonglarni umid va bedorlik bilan kutgan buyuk inqilobchiday…
* * *
Shimol tomonlarda kuzning kelishi g‘alati kechadi. Aniq bir muddati yo‘q. Kutilmaganda bir kechada yeru ko‘kni sovuq havo oqimi qoplaydi va qarabsizki, atrof-javonibni o‘rab turgan yam-yashil olam bir kunda za’faronga yuz burib, dov–daraxtlar yalang‘och, borliq esa ship-shiydam bo‘lib qoladi. Kechagina tiriklik qo‘shig‘ini xirgoyi qilib turgan yashil barglar oyoqlar ostidan panoh izlaydi. Dengizdan boshlanib olis-olislarga kelib qolgan devona shamollar xazonlarni duch kelgan tomonga tartibsiz ravishda sochadi. Bu hol shunchalar tez yuz beradiki, o‘ylaganim sayin hech narsaga aqlim yetmasligini anglab qolaman. Bu men uchun begona muhit, begona yerlar…
…Va nihoyat, g‘ariblashayotgan o‘rmon oralab yolg‘izoyoq yo‘ldan bir o‘zim ketib boraman. L. I.ni qor bo‘laklari ostidan topib olgan yo‘l. Kecha yam-yashil edi, bugun sarg‘aygan yaproqlar bilan to‘la. Hech qancha vaqt o‘tmay bu joylarni yana oppoq qor qoplaydi.
Qor qanchalik oq bo‘lmasin, men uchun za’faron kuz aziz. Shu bois xayrlashuv oldidan kuzgi o‘rmon oralab atayin poyi piyoda ketmoqni ixtiyor qildim. Ko‘nglimda izohlash qiyin bo‘lgan his-tuyg‘ular. Bu joylar, bu go‘sha odamlari allaqachon ko‘nglimning bir bo‘lagiga aylanib ulgurgan. Bu hayotni ko‘ngildan supurib tashlashning aslo iloji yo‘q.
Ammo…
…endi har gal oynai jahonni tomosha qilganimda burungidek ob-havo ma’lumotlariga unchalik ham e’tibor bermayman. Sovuqda bechora L. ning holi ne kechdiykin, deya tashvish ham chekmayman. Kunda ro‘y berayotgan bema’ni inqiloblar haqidagi reportajlarga ko‘zim tushganda hissiyotga berilib, izg‘ib yurgan olomonni ko‘rib sergak tortaman. Ular orasida bo‘yi xiyol pastroq, taqir boshiga kepka qo‘ndirib olgancha boshini yelkalari orasiga yashirgan ko‘yi shoshib ketayotgan L. ni ko‘rganday bo‘laman. Uning moviy ko‘zlari tubiga cho‘kib ketgan g‘am-anduhni aniq-tiniq ko‘raman…
Ishqilib, shubha – gumonlarim chippakka chiqsin – da! Yo‘qsa, kun kelib u ham dunyoning naqd yarmini laqqillatmasligiga men kafolat bera olmayman.