Абдулҳамид Чўлпон жўшқин шеъларида Ватан озодлиги, мустақиллигини бор овоз билан куйлаганини ҳозир деярли барчамиз биламиз. Айни пайтда у ҳуррият, эрк йўлида фаол бир фуқаро сифатида ҳам жонбозлик, фидойилик кўрсатган инсондир. Оташин шоир ҳам ижоди билан, ҳам ижтимоий фаолияти билан мустақиллигимиз йўлида ёниб яшаган инсонлардан бўлган…
«ҲУРРИЯТ»НИНГ КЎКСИГА ГУЛ ТАҚАЙЛИК
Бойбўта Дўстқораев
Абдулҳамид Чўлпон жўшқин шеъларида Ватан озодлиги, мустақиллигини бор овоз билан куйлаганини ҳозир деярли барчамиз биламиз. Айни пайтда у ҳуррият, эрк йўлида фаол бир фуқаро сифатида ҳам жонбозлик, фидойилик кўрсатган инсондир. Оташин шоир ҳам ижоди билан, ҳам ижтимоий фаолияти билан мустақиллигимиз йўлида ёниб яшаган инсонлардан бўлган…
1917 йил феврал тўнтариши оқибатида чор ҳукумати йиқитилгач, юртдошларимиз назарида гўё мустабидлик даври тугаб, ҳуррият, эрк ва озодлик замони етиб келгандек бўлган. Ҳадемай Ватанлари мустақиллик эпкинидан яшнаб, диллари қувончдан яйраб кетадигандек, асрий орзулари ушаладигандек туюлган. Бунга қаттиқ ишонганлари ҳолда ҳуррият, мустақилликка тезроқ етишиш учун курашга отланганлар. Шоир Чўлпон ҳам бор кучини, ғайратини, шижоатини бу эзгу мақсадга эришиш учун сарф эта бошлаган. Унингча, бу муқаддас йўлда ҳеч ким бефарқ туриши мумкин эмас. Бефарқгина эмас, бу мақсад ҳар бир киши ҳаётининг мазмуни, қилиниши фарз деб билган иши бўлиши керак. Тимсолли айтганда, чинакамига «иш вақти – ишлаш вақти» келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, кавказлик машҳур режиссёр ва актёр Миракбар Хонтолишскийнинг бу қадар масъулиятли пайтда Туркистонга келиб «хотиржам» гастрол бериб юриши Чўлпонга ғалати бўлиб туюлган, таниқли сиймонинг шундай ҳаракатини «ҳазм» қилолмаган. У атоқли санъаткорга очиқ хат билан мурожаат қилади. Унинг мактуби «Иш вақти – ишлаш вақти!» сарлавҳаси остида Абдулла Авлоний муҳаррирлик қилаётган «Турон» газетасининг 1917 йил 22 апрел сонида эълон қилинган.
Хонтолишский — Туркистонга меҳмон. Шоир Чўлпон аччиқ бўлса-да, дилига тинчлик бермаётган гапларни очиқ айтади: «Русия катта. Русия, унда яшайдиган кўб миллионлар халқ 300 йиллик оғир бир тожни тагидан зўрға қутулди. Бир одамнинг қўлида тақдири ўюнчуқ бўлуб юрғон кўб миллионлар халқ золимнинг қўлидан (тақдир)ини тортуб олуб, ўзи идора этмакка бошлади». Русиядаги «мусулмон қавмлар учун бу воқеа иккинчи бир яратилиш, иккинчи бир туғилиш, иккинчи бир дунёга келишдир». Улар «букунги кунда ўзларига берилган, ўзларининг миллий ва маданий ишлариға йўл очадурғон бир қанча ҳуқуқ ва праволарин эблаб жойлаб ола олурларми? Бу саволнинг жавобини ўзум қисқагина бериб ўтаман: Русия мусулмонлари ўшал ҳуқуқ ва праволарни сақлаб қолуб ишлата олурлар шул вақтдаки, унинг ҳамма зиёли ёшлари ўзларига букунги кунни: «Иш вақти – ишлаш вақти!» деб шиор қилиб олсалар».
Чўлпон ёзадики, Петроград, Москва, Қозон, Уфа, Оренбург, Тошкент, Боку, Тифлис ва бошқа шаҳарлардаги мусулмон қавмлари, хусусан, уларнинг ғайратли ёшлари «ҳурриятойим» бетларидаги қора чиммат – зулм ва истибдод пардасини олиб ташлаб, ҳамма оламнинг кўзига «Адолат ва мусовот, ҳамма миллатларнинг миллий ўсишларига кенг йўл!» деган муборак пок сийнасидаги ёзувни кўрсатуб чиққандан бери ўзларининг хусусий тирикчиликларини тамом ташлаб, «ойим»нинг сочқон гулларини теришка, улардан кўчатлар олуб миллат боғчасининг муборак, пок сийнасига ўтқузушка урундилар. Муҳаррир (ёзувчи – Б.Д.) қаламини, шоир шеърини, мудир (газета муҳаррири – Б.Д.) идорасини, муаллим ўқутушини, артист ўюнини бир неча кунга ташлади. Югуриб, чопуб кетди «ойим»нинг муборак гулларини теришка! Бу орада қофқосияли артист Хонтолишский жаноблари атрофига бир неча «артист» (?) ларни тўплаб театр ўйнаб юрубдур. Ажабо!… Дуруст, Хонтолишский яхши бир артист, ондан умидим кўб, орқасидаги «артист» (?) ҳам, эҳтимол, дурустдирлар. Аммо ҳозирги ўйналуб турган «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» номлик мингларча пардалик драмадан рул олмағон артист, тўғриси, «орсиз»дир».
Шундай нозик бир пайтда, «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» замонида шоир Чўлпоннинг ўзи миллатдошларининг истиқлоли ва истиқболи учун нимаики қилиш зарур бўлса, уни амалга ошириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилиш намунасини кўрсатди. «Бу менинг қўлимдан келмайди», деб четда туришни «орсизлик» деб билди. Дарвоқе, Миракбар Хонтолишский ҳам Чўлпоннинг таънасини тўғри тушунган шекилли, Туркистон шаҳарларида саҳна асарлари намойиш қилиш билан бирга, сиёсий-ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок қилган.
1917 йил сентябр ойида Тошкентда Туркистон мусулмонларининг учинчи съезди бўлаётган пайтда Хонтолишский сўзга чиқиб, Эронда ғалла мўл, у ерда қанд етишмайди. Туркистонда эса, бунинг акси. Эрондан қанд эвазига ғалла олиб келишни ташкил этиш керак, деган таклиф билан чиққанини ўша давр газеталари ёзган. Мазкур йилнинг ноябр ойида Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилган ўлка мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда съездига Самарқанддан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Акобир Шоҳмансуров, Шамсиддин Иброҳимов ва Абдурауф Фитратлар қаторида бешинчи бўлиб Хонтолишский ҳам делегат этиб сайланганди. Демак, Миракбар Хонтолишский ҳам «орсизлик» қилишдан ор қилган кўринади.
1917 йилнинг апрелида Туркистон мусулмонларининг съезди бўлиб ўтганди. Унда Туркистонга мухторият бериш масаласи қўзғалганда, айрим қардош халқлар вакиллари: «Сизлар мухторият олган билан, ҳозир уни бошқарадиган кадрларга эга эмассизлар», деганди. Шунда атоқли сиймо Маҳмудхўжа Беҳбудий сўзга чиқиб, бизда мухториятни бошқариш учун кадрлар етарли бўлмаса-да, унга ҳозир эришмасак, эртага кеч бўлади. Мухториятни бошқарадиган кадрларга келганда, уларни Волгабўйи, Кавказдаги қар-дошларимиз бериб туради. Ўзимизнинг кадрлар етарли бўлгунча улар ёрдам берадилар, деганди. Бу гаплар беҳудага айтилмаган.
Мухторият, мустақиллик сингари нозик масалаларни юзага чиқариш учун курашга киришиларкан, энг аввало, қардош халқлар, қондош қавмларнинг мададига умид кўзлари тикилганди. Шу боис феврал тўнтаришидан сўнг туркистонликлар ҳуррият, озодликка эришиш йўлидаги ҳаракатларида баҳамжиҳат бўлиш, маслаҳатлашиш учун туркий қавмлар яшайдиган жойларга ҳайъатларини юборишни лозим деб билдилар. Ана шундай ҳайъат, фарғоналиклардан таркиб топган гуруҳ Кавказдаги биродарлари ҳузурига отланади. Самарқандда нашр этила бошлаган «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 15 август сонида мазкур ҳайъатнинг поездда кетаётиб ёзилган мухтасаргина мурожаати босилганди.
Мурожаат юртдошларга йўлланган бўлиб, унга ҳайъат аъзоларидан Зуннунбой Қутлуғбоев, Фотиҳ Бахтиёр ва Абдулҳамид Сулаймонлар имзо чекканлар. Улар феврал тўнтаришидан кейинги вазиятни шундай баҳолашади: «Бахтимиз, тақдиримиз, ёзиш-ёзмишимиз қартага қўюладур. Ё ютуб, дунёда тинж ва ҳур яшайиш учун асослар қурармиз, ё ютулуб дунёда яна илгаригидай сиқилуб эзилишка маҳкум бўлурмиз. Мундай бир замонда сўнгғисидан қутулиш учун ҳар тарафда тарқалган «турк»ларнинг, «Турон» болаларининг бирлашишлари лозим.
Шунинг учун Қофқозда биздан, Туркистонда Қофқоздан, Вўлғабўйидан бизда, биздан Вўлғабўйинда ҳайъатлар, вакиллар бўлушка керак. Бошқа тарафдагиларга ҳозир вақт номуносибдур». Шундан сўнг ҳайъат аъзолари у ерга боришдан кўзланган мақсадларини баён қилишган: «Ул ердаги турк қардошларимизга Туркистон туркийларининг иссиқ саломларини олуб борамиз, ўз аҳволимизни уларга баён қилуб, ёрдамчи ёшлардан, ишлайдургон кишилардан чақирамиз, уларнинг аҳволларини тегшируб, билуб, ўз ватандошларимизга баён қилурмиз, ҳарна бўлса ҳам бирлашдирамиз, мақсад бирлашишлик, турклик!» (Ҳайъат аъзолари юртдошларидан ўзларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларини сўраган).
Бу ҳайъатда қанча киши ва улар кимлар бўлгани ҳозирча бизга маълум эмас. Лекин уларнинг эл учун, юртдошлар учун қўлларидан келганча ҳаракат қилганлари аниқ. Биргина факт. 1917 йилнинг 8 сентябрида Туркистон мусулмонларининг учинчи қурултойи иш бошлаганди. Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) қурултойнинг иккинчи куни сўзга чиқиб шундай деганди: «Қофқоздан келдим. Онда (Шимолий Қофқозда) ғалла ниҳоятда кўб, қайда сотишни ҳам билмайдурлар. Аммо шул ерга яқинғина турғон Бокуда очлиқ ҳукм сурадур. Бунинг сабаби нақлиёт (транспорт – Б.Д.) ишларининг тартибсизлиги, темир йўлларнинг танглигидур. Йўқса, Русияда ошлиқ оз эмас, фақат тевишли ўринларға кўчирилмаганликдангина баъзи бир ўринда очлиқ давом этадур. Қофқозиёда ошлиққа қатъий баҳо қўюлғон йўқ. Оқ ноннинг қадоғи 6-7 оқчаға сотилур. Хулоса, нақлиёт иши бир тартибка қўюлғонда очлиқдан қутулиш мумкин» («Эл байроғи» газетаси, 1917 йил 28 сентябр. /Адабиётшунослигимизда шу пайтгача Чўлпон 1920 йилдагина Кавказ (Боку)га борган, деб ҳисоблаш мавжуд эди./).
Бу гапларни Чўлпон съезд озиқ-овқат масаласини муҳокама қилаётганда айтган. Дарвоқе, 1917 йилга келиб ўша пайтдаги Россиянинг кўпгина ҳудудларида очлик юзага келганди. Бу, аввало, чўзилиб кетган Жаҳон уруши сабабли бўлса, иккинчидан, мамлакатнинг талайгина ғаллакор минтақаларидаги қурғоқчилик туфайли эди. Очлик Туркистонда ҳам даҳшатли тус ола бошлагани ҳақида ўша давр матбуоти ёзган. Демак, ўз даврида Чўлпоннинг (ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган) халқ бошига тушган оғир кул-фатни енгиллатишга интилгани ва бу йўлда зиммасига масъулиятли вазифаларни ола билгани кишини ҳайратга солади.
Кавказга борган ҳайъат нима ишларни амалга оширгани ҳақида ҳисобот қолмаган. Ҳар ҳолда, ўша даврда туркий қавмлар учун ҳам муштарак бўлган сиёсий-ижтимоий масалаларни кавказлик қардошлари билан муҳокама этган бўлиши табиий.
Чўлпоннинг «Иш вақти – ишлаш вақти!» сарлавҳали мақоласидан сиёсий-ижтимоий вазият тақозоси билан шоир шеър ёзишини бирмунча қўйиб туриши керак, деганини ўқидик. Лекин… ҳар қалай, шоир шеър ёзишини ташлай олмас экан. Чўлпон Кавказга ҳайъат таркибида кетар экан, «Турк саломи» деган шеърини ёзган. Шеърнинг бошланғич қисми «Ҳуррият» газетасининг 1917 йилги 29 август сонида босилган. Таассуфки, унинг иккинчи қисми, «Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 12 январ сонидаги эътирофича, таҳририятда йўқолиб қолган.
1917 йил туркистонликлар учун ҳам йирик тарихий воқеаларга бой бўлган. Икки тўнтариш (феврал ва октабр), Туркистон мухториятининг эълон этилиши биргина йил учун кўпмасмикан? Бунга баҳо беришни «она тарих»нинг ўзига ҳавола қилиб қўя қолайлик… Чўлпон ушбу ўзгаришларнинг ҳар бирини ўта зийраклик билан кузатган. Фақат кузатибгина қолмаган, муносабатини билдирган, у ёки бу тарзда фаолият кўрсатган. Шу нуқтаи назардан қараганда, унинг Туркистон мухторияти эълон қилинишига муносабати, айниқса, бошқача бўлган. Буюк тарихий кун муносабати билан Қўқон аҳолисининг шодиёналари (митинглари)да халқнинг руҳини кучайтириш мақсадида шеърлар ўқиган, оташин нутқлар сўзлаган… Матбуотда Мухториятни сақлаб қолишга даъват этувчи чиқишлар қилган. Жумладан, «Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 12 январ сонида «Онанинг жавоби» шеъри эълон қилинган.
«Эл байроғи» газетасининг 1918 йил 26 январ сонида эса Чўлпоннинг «Умид сиздан! (Мухторият эълон этилди!)» сарлавҳали мақоласи босилади. Унда Туркистон мухториятини дўстлар ҳамда душманлар қандай кутиб олишгани ҳақида сўз юритилиб, «Дўстларимиз: «Муборак бўлсун, хайрлик натижаларини кўрингиз!» дедилар» дея уларнинг севинганларини билдирса, душманларнинг қандай ҳолга тушганини сал туманли тарзда англатади: «Энди болшевикларга келсак, — деб ёзади у, — уларнинг назарлари жуда очиқ ва қатъий: «Бизнинг сўзга унасанг унадинг, унамасанг – шоп! Бошларингда Красная гвардиянинг… қиличи кўпалакдай (капалакдай — Б.Д.) пирилдар… Хўбми – хўб, бўлмаса, Аллоҳу акбар!» Мана шундай ҳоллар умидсизлик уйғотади, деб ёзади муаллиф.
Аммо… юртимизда шундай ижобий ҳодисалар ҳам бўляптики, улар кўнгилда умидлар уйғотади (айримларини санаб кўрсатади). «Булардан умид, булардан иймон, булардан руҳ кўрунадир. Булар бизнинг истиқболимизнинг, келадурғон йўлимизнинг чақириқлари, аломатлари, белгиларидир. Турклар, турк уруғлари, турк эллари инқирозга, йўқ бўлишга маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлғон Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатларини тиргизарлар… Туркистон номи бор вақтда Туркистон улуғдур, зўрдур, ул 100 миллиондан ортиқ кучга таянуб унинг кўксига қилич тиққани келганларга қачон-да бўлса:
— Кет, маҳв бўлурсан! Яқинлама, кул бўлурсан! — дея ва дея олур. Айтингиз онангиз Туркистонга: «Ёв суққали келгач қиличини юрагингга, тут олдида, «Ол кўксуми, қалқонми керакдир?» деб…»
Абдурауф Фитрат шеърларидаги руҳ билан Чўлпон мақоласидаги оҳанг яқин, бир-бирига чатишиб кетгандек. Бу табиий ҳол эди. Туркистоннинг виждонлари саналган Фитрат, Чўлпон сингари сиймолар унинг Мустақиллигини, Эркини ҳамма нарсадан юқори қўйганлар. Бу йўлдан жонлари фидо бўлса-да, қайтмасликларини чин дилдан изҳор этганлар. Дарвоқе, шундай бўлди ҳам. Уларнинг қутлуғ қонлари шу эзгу мақсадлари йўлида тўкилди.
1991 йилга келиб чинакам мустақилликка эришдик. Мустақиллик кўплаб қадриятларимиз қатори уларнинг ҳам муборак номларини тиклади. Улар мустақиллигимиз туфайли тарихимизга қайтди.
Манба: «Ҳуррият» газетаси
«HURRIYAT»NING KO’KSIGA GUL TAQAYLIK
Boybo’ta Do’stqoraev
Abdulhamid Cho’lpon jo’shqin she’larida Vatan ozodligi, mustaqilligini bor ovoz bilan kuylaganini hozir deyarli barchamiz bilamiz. Ayni paytda u hurriyat, erk yo’lida faol bir fuqaro sifatida ham jonbozlik, fidoyilik ko’rsatgan insondir. Otashin shoir ham ijodi bilan, ham ijtimoiy faoliyati bilan mustaqilligimiz yo’lida yonib yashagan insonlardan bo’lgan…
1917 yil fevral to’ntarishi oqibatida chor hukumati yiqitilgach, yurtdoshlarimiz nazarida go’yo mustabidlik davri tugab, hurriyat, erk va ozodlik zamoni yetib kelgandek bo’lgan. Hademay Vatanlari mustaqillik epkinidan yashnab, dillari quvonchdan yayrab ketadigandek, asriy orzulari ushaladigandek tuyulgan. Bunga qattiq ishonganlari holda hurriyat, mustaqillikka tezroq yetishish uchun kurashga otlanganlar. Shoir Cho’lpon ham bor kuchini, g’ayratini, shijoatini bu ezgu maqsadga erishish uchun sarf eta boshlagan. Uningcha, bu muqaddas yo’lda hech kim befarq turishi mumkin emas. Befarqgina emas, bu maqsad har bir kishi hayotining mazmuni, qilinishi farz deb bilgan ishi bo’lishi kerak. Timsolli aytganda, chinakamiga «ish vaqti – ishlash vaqti» kelgan. Shu nuqtai nazardan qaraganda, kavkazlik mashhur rejissyor va aktyor Mirakbar Xontolishskiyning bu qadar mas’uliyatli paytda Turkistonga kelib «xotirjam» gastrol berib yurishi Cho’lponga g’alati bo’lib tuyulgan, taniqli siymoning shunday harakatini «hazm» qilolmagan. U atoqli san’atkorga ochiq xat bilan murojaat qiladi. Uning maktubi «Ish vaqti – ishlash vaqti!» sarlavhasi ostida Abdulla Avloniy muharrirlik qilayotgan «Turon» gazetasining 1917 yil 22 aprel sonida e’lon qilingan.
Xontolishskiy — Turkistonga mehmon. Shoir Cho’lpon achchiq bo’lsa-da, diliga tinchlik bermayotgan gaplarni ochiq aytadi: «Rusiya katta. Rusiya, unda yashaydigan ko’b millionlar xalq 300 yillik og’ir bir tojni tagidan zo’rg’a qutuldi. Bir odamning qo’lida taqdiri o’yunchuq bo’lub yurg’on ko’b millionlar xalq zolimning qo’lidan (taqdir)ini tortub olub, o’zi idora etmakka boshladi». Rusiyadagi «musulmon qavmlar uchun bu voqea ikkinchi bir yaratilish, ikkinchi bir tug’ilish, ikkinchi bir dunyoga kelishdir». Ular «bukungi kunda o’zlariga berilgan, o’zlarining milliy va madaniy ishlarig’a yo’l ochadurg’on bir qancha huquq va pravolarin eblab joylab ola olurlarmi? Bu savolning javobini o’zum qisqagina berib o’taman: Rusiya musulmonlari o’shal huquq va pravolarni saqlab qolub ishlata olurlar shul vaqtdaki, uning hamma ziyoli yoshlari o’zlariga bukungi kunni: «Ish vaqti – ishlash vaqti!» deb shior qilib olsalar».
Cho’lpon yozadiki, Petrograd, Moskva, Qozon, Ufa, Orenburg, Toshkent, Boku, Tiflis va boshqa shaharlardagi musulmon qavmlari, xususan, ularning g’ayratli yoshlari «hurriyatoyim» betlaridagi qora chimmat – zulm va istibdod pardasini olib tashlab, hamma olamning ko’ziga «Adolat va musovot, hamma millatlarning milliy o’sishlariga keng yo’l!» degan muborak pok siynasidagi yozuvni ko’rsatub chiqqandan beri o’zlarining xususiy tirikchiliklarini tamom tashlab, «oyim»ning sochqon gullarini terishka, ulardan ko’chatlar olub millat bog’chasining muborak, pok siynasiga o’tquzushka urundilar. Muharrir (yozuvchi – B.D.) qalamini, shoir she’rini, mudir (gazeta muharriri – B.D.) idorasini, muallim o’qutushini, artist o’yunini bir necha kunga tashladi. Yugurib, chopub ketdi «oyim»ning muborak gullarini terishka! Bu orada qofqosiyali artist Xontolishskiy janoblari atrofiga bir necha «artist» (?) larni to’plab teatr o’ynab yurubdur. Ajabo!… Durust, Xontolishskiy yaxshi bir artist, ondan umidim ko’b, orqasidagi «artist» (?) ham, ehtimol, durustdirlar. Ammo hozirgi o’ynalub turgan «huquq va pravolarni joylab olish» nomlik minglarcha pardalik dramadan rul olmag’on artist, to’g’risi, «orsiz»dir».
Shunday nozik bir paytda, «huquq va pravolarni joylab olish» zamonida shoir Cho’lponning o’zi millatdoshlarining istiqloli va istiqboli uchun nimaiki qilish zarur bo’lsa, uni amalga oshirish uchun qo’lidan kelgancha harakat qilish namunasini ko’rsatdi. «Bu mening qo’limdan kelmaydi», deb chetda turishni «orsizlik» deb bildi. Darvoqe, Mirakbar Xontolishskiy ham Cho’lponning ta’nasini to’g’ri tushungan shekilli, Turkiston shaharlarida sahna asarlari namoyish qilish bilan birga, siyosiy-ijtimoiy hayotda ham faol ishtirok qilgan.
1917 yil sentyabr oyida Toshkentda Turkiston musulmonlarining uchinchi s’ezdi bo’layotgan paytda Xontolishskiy so’zga chiqib, Eronda g’alla mo’l, u yerda qand yetishmaydi. Turkistonda esa, buning aksi. Erondan qand evaziga g’alla olib kelishni tashkil etish kerak, degan taklif bilan chiqqanini o’sha davr gazetalari yozgan. Mazkur yilning noyabr oyida Qo’qonda Turkiston muxtoriyati e’lon qilgan o’lka musulmonlarining to’rtinchi favqulodda s’ezdiga Samarqanddan Mahmudxo’ja Behbudiy, Akobir Shohmansurov, Shamsiddin Ibrohimov va Abdurauf Fitratlar qatorida beshinchi bo’lib Xontolishskiy ham delegat etib saylangandi. Demak, Mirakbar Xontolishskiy ham «orsizlik» qilishdan or qilgan ko’rinadi.
1917 yilning aprelida Turkiston musulmonlarining s’ezdi bo’lib o’tgandi. Unda Turkistonga muxtoriyat berish masalasi qo’zg’alganda, ayrim qardosh xalqlar vakillari: «Sizlar muxtoriyat olgan bilan, hozir uni boshqaradigan kadrlarga ega emassizlar», degandi. Shunda atoqli siymo Mahmudxo’ja Behbudiy so’zga chiqib, bizda muxtoriyatni boshqarish uchun kadrlar yetarli bo’lmasa-da, unga hozir erishmasak, ertaga kech bo’ladi. Muxtoriyatni boshqaradigan kadrlarga kelganda, ularni Volgabo’yi, Kavkazdagi qar-doshlarimiz berib turadi. O’zimizning kadrlar yetarli bo’lguncha ular yordam beradilar, degandi. Bu gaplar behudaga aytilmagan.
Muxtoriyat, mustaqillik singari nozik masalalarni yuzaga chiqarish uchun kurashga kirishilarkan, eng avvalo, qardosh xalqlar, qondosh qavmlarning madadiga umid ko’zlari tikilgandi. Shu bois fevral to’ntarishidan so’ng turkistonliklar hurriyat, ozodlikka erishish yo’lidagi harakatlarida bahamjihat bo’lish, maslahatlashish uchun turkiy qavmlar yashaydigan joylarga hay’atlarini yuborishni lozim deb bildilar. Ana shunday hay’at, farg’onaliklardan tarkib topgan guruh Kavkazdagi birodarlari huzuriga otlanadi. Samarqandda nashr etila boshlagan «Hurriyat» gazetasining 1917 yil 15 avgust sonida mazkur hay’atning poezdda ketayotib yozilgan muxtasargina murojaati bosilgandi.
Murojaat yurtdoshlarga yo’llangan bo’lib, unga hay’at a’zolaridan Zunnunboy Qutlug’boev, Fotih Baxtiyor va Abdulhamid Sulaymonlar imzo chekkanlar. Ular fevral to’ntarishidan keyingi vaziyatni shunday baholashadi: «Baxtimiz, taqdirimiz, yozish-yozmishimiz qartaga qo’yuladur. YO yutub, dunyoda tinj va hur yashayish uchun asoslar qurarmiz, yo yutulub dunyoda yana ilgarigiday siqilub ezilishka mahkum bo’lurmiz. Munday bir zamonda so’ngg’isidan qutulish uchun har tarafda tarqalgan «turk»larning, «Turon» bolalarining birlashishlari lozim.
Shuning uchun Qofqozda bizdan, Turkistonda Qofqozdan, Vo’lg’abo’yidan bizda, bizdan Vo’lg’abo’yinda hay’atlar, vakillar bo’lushka kerak. Boshqa tarafdagilarga hozir vaqt nomunosibdur». Shundan so’ng hay’at a’zolari u yerga borishdan ko’zlangan maqsadlarini bayon qilishgan: «Ul yerdagi turk qardoshlarimizga Turkiston turkiylarining issiq salomlarini olub boramiz, o’z ahvolimizni ularga bayon qilub, yordamchi yoshlardan, ishlaydurgon kishilardan chaqiramiz, ularning ahvollarini tegshirub, bilub, o’z vatandoshlarimizga bayon qilurmiz, harna bo’lsa ham birlashdiramiz, maqsad birlashishlik, turklik!» (Hay’at a’zolari yurtdoshlaridan o’zlarini moddiy va ma’naviy jihatdan qo’llab-quvvatlashlarini so’ragan).
Bu hay’atda qancha kishi va ular kimlar bo’lgani hozircha bizga ma’lum emas. Lekin ularning el uchun, yurtdoshlar uchun qo’llaridan kelgancha harakat qilganlari aniq. Birgina fakt. 1917 yilning 8 sentyabrida Turkiston musulmonlarining uchinchi qurultoyi ish boshlagandi. Abdulhamid Sulaymon (Cho’lpon) qurultoyning ikkinchi kuni so’zga chiqib shunday degandi: «Qofqozdan keldim. Onda (Shimoliy Qofqozda) g’alla nihoyatda ko’b, qayda sotishni ham bilmaydurlar. Ammo shul yerga yaqing’ina turg’on Bokuda ochliq hukm suradur. Buning sababi naqliyot (transport – B.D.) ishlarining tartibsizligi, temir yo’llarning tangligidur. Yo’qsa, Rusiyada oshliq oz emas, faqat tevishli o’rinlarg’a ko’chirilmaganlikdangina ba’zi bir o’rinda ochliq davom etadur. Qofqoziyoda oshliqqa qat’iy baho qo’yulg’on yo’q. Oq nonning qadog’i 6-7 oqchag’a sotilur. Xulosa, naqliyot ishi bir tartibka qo’yulg’onda ochliqdan qutulish mumkin» («El bayrog’i» gazetasi, 1917 yil 28 sentyabr. /Adabiyotshunosligimizda shu paytgacha Cho’lpon 1920 yildagina Kavkaz (Boku)ga borgan, deb hisoblash mavjud edi./).
Bu gaplarni Cho’lpon s’ezd oziq-ovqat masalasini muhokama qilayotganda aytgan. Darvoqe, 1917 yilga kelib o’sha paytdagi Rossiyaning ko’pgina hududlarida ochlik yuzaga kelgandi. Bu, avvalo, cho’zilib ketgan Jahon urushi sababli bo’lsa, ikkinchidan, mamlakatning talaygina g’allakor mintaqalaridagi qurg’oqchilik tufayli edi. Ochlik Turkistonda ham dahshatli tus ola boshlagani haqida o’sha davr matbuoti yozgan. Demak, o’z davrida Cho’lponning (hali yigirma yoshga ham to’lmagan) xalq boshiga tushgan og’ir kul-fatni yengillatishga intilgani va bu yo’lda zimmasiga mas’uliyatli vazifalarni ola bilgani kishini hayratga soladi.
Kavkazga borgan hay’at nima ishlarni amalga oshirgani haqida hisobot qolmagan. Har holda, o’sha davrda turkiy qavmlar uchun ham mushtarak bo’lgan siyosiy-ijtimoiy masalalarni kavkazlik qardoshlari bilan muhokama etgan bo’lishi tabiiy.
Cho’lponning «Ish vaqti – ishlash vaqti!» sarlavhali maqolasidan siyosiy-ijtimoiy vaziyat taqozosi bilan shoir she’r yozishini birmuncha qo’yib turishi kerak, deganini o’qidik. Lekin… har qalay, shoir she’r yozishini tashlay olmas ekan. Cho’lpon Kavkazga hay’at tarkibida ketar ekan, «Turk salomi» degan she’rini yozgan. She’rning boshlang’ich qismi «Hurriyat» gazetasining 1917 yilgi 29 avgust sonida bosilgan. Taassufki, uning ikkinchi qismi, «Hurriyat» gazetasining 1918 yil 12 yanvar sonidagi e’tiroficha, tahririyatda yo’qolib qolgan.
1917 yil turkistonliklar uchun ham yirik tarixiy voqealarga boy bo’lgan. Ikki to’ntarish (fevral va oktabr), Turkiston muxtoriyatining e’lon etilishi birgina yil uchun ko’pmasmikan? Bunga baho berishni «ona tarix»ning o’ziga havola qilib qo’ya qolaylik… Cho’lpon ushbu o’zgarishlarning har birini o’ta ziyraklik bilan kuzatgan. Faqat kuzatibgina qolmagan, munosabatini bildirgan, u yoki bu tarzda faoliyat ko’rsatgan. Shu nuqtai nazardan qaraganda, uning Turkiston muxtoriyati e’lon qilinishiga munosabati, ayniqsa, boshqacha bo’lgan. Buyuk tarixiy kun munosabati bilan Qo’qon aholisining shodiyonalari (mitinglari)da xalqning ruhini kuchaytirish maqsadida she’rlar o’qigan, otashin nutqlar so’zlagan… Matbuotda Muxtoriyatni saqlab qolishga da’vat etuvchi chiqishlar qilgan. Jumladan, «Hurriyat» gazetasining 1918 yil 12 yanvar sonida «Onaning javobi» she’ri e’lon qilingan.
«El bayrog’i» gazetasining 1918 yil 26 yanvar sonida esa Cho’lponning «Umid sizdan! (Muxtoriyat e’lon etildi!)» sarlavhali maqolasi bosiladi. Unda Turkiston muxtoriyatini do’stlar hamda dushmanlar qanday kutib olishgani haqida so’z yuritilib, «Do’stlarimiz: «Muborak bo’lsun, xayrlik natijalarini ko’ringiz!» dedilar» deya ularning sevinganlarini bildirsa, dushmanlarning qanday holga tushganini sal tumanli tarzda anglatadi: «Endi bolsheviklarga kelsak, — deb yozadi u, — ularning nazarlari juda ochiq va qat’iy: «Bizning so’zga unasang unading, unamasang – shop! Boshlaringda Krasnaya gvardiyaning… qilichi ko’palakday (kapalakday — B.D.) pirildar… Xo’bmi – xo’b, bo’lmasa, Allohu akbar!» Mana shunday hollar umidsizlik uyg’otadi, deb yozadi muallif.
Ammo… yurtimizda shunday ijobiy hodisalar ham bo’lyaptiki, ular ko’ngilda umidlar uyg’otadi (ayrimlarini sanab ko’rsatadi). «Bulardan umid, bulardan iymon, bulardan ruh ko’runadir. Bular bizning istiqbolimizning, keladurg’on yo’limizning chaqiriqlari, alomatlari, belgilaridir. Turklar, turk urug’lari, turk ellari inqirozga, yo’q bo’lishga mahkum emaslar. Bular o’zlarining eski beshiklari bo’lg’on Turkistonda yana ilgarigi shavkat va saltanatlarini tirgizarlar… Turkiston nomi bor vaqtda Turkiston ulug’dur, zo’rdur, ul 100 milliondan ortiq kuchga tayanub uning ko’ksiga qilich tiqqani kelganlarga qachon-da bo’lsa:
— Ket, mahv bo’lursan! Yaqinlama, kul bo’lursan! — deya va deya olur. Aytingiz onangiz Turkistonga: «Yov suqqali kelgach qilichini yuragingga, tut oldida, «Ol ko’ksumi, qalqonmi kerakdir?» deb…»
Abdurauf Fitrat she’rlaridagi ruh bilan Cho’lpon maqolasidagi ohang yaqin, bir-biriga chatishib ketgandek. Bu tabiiy hol edi. Turkistonning vijdonlari sanalgan Fitrat, Cho’lpon singari siymolar uning Mustaqilligini, Erkini hamma narsadan yuqori qo’yganlar. Bu yo’ldan jonlari fido bo’lsa-da, qaytmasliklarini chin dildan izhor etganlar. Darvoqe, shunday bo’ldi ham. Ularning qutlug’ qonlari shu ezgu maqsadlari yo’lida to’kildi.
1991 yilga kelib chinakam mustaqillikka erishdik. Mustaqillik ko’plab qadriyatlarimiz qatori ularning ham muborak nomlarini tikladi. Ular mustaqilligimiz tufayli tariximizga qaytdi.
Manba: «Hurriyat» gazetasi