У ижодхонасига кириб чироқни ёқди ва шу онларда ўзини нақадар бахтли одам эканига, балким умрида илк бор иқрор бўлди: борлиқ ҳаётининг давоми бўлган устахонаси, асарлари бор, қўлидан келадиган, кўнглига ёққан ҳунари бор ва шу пайтгача бешафқат ички овозига қулоқ солиб доимо кўнгли лойиқ кўрганини чизди, биронта чизиқни эътиқоди, матлабига зид тортмади, бинобарин қалби ишонган, ҳаётий нарсалар тўғрисида асар яратди – ижодкор учун шуни ўзи ҳам етади! Қолгани бари арзимас нарсалар.
Элдор БОБОЕВ
МУСАВВИР
Қиссанинг давоми
***
Туйғун Содиқовнинг шахсий кўргазмаси ортиқча овозаларсиз, муваффақият билан ўтди. Кунига ўрта ҳисобда уч юзтача томошабин келиб-кетди. Қайдлар китобига кўргазмадан олинган таассуротлар, рассом ижодига нисбатан билдирилган фикрлар, истак ва ниятлар кўтаринки ва самимий сўзларда баён этилди. Кўргазма ёпилиш куни эса, кейинчалик дўсти Рустам Бозоров таъбири билан айтганда, кутилмаганда «томошабинлар кўриги» содир бўлди.
Шу куни пешинда қўнғироқ бўлди. Туйғун кўргазма хизматчисининг овозини дарҳол таниди. У гўшакни қўлига олди.
— А-лё, Туйғун ака, ўзингизми? Кўргазмангизда одам кўп, ҳеч бундай бўлмаганди! Очилмасидан тумонат одам йиғилиб кетди. Ҳозир ҳам, тушлик пайти ҳам овқатлана олмай турибмиз, ичкарига бирдан қўйиб бўлмайди… Ўзингиз бир келинг.
— Бугун дам олиш куни бўлганидан шундайдир-да, мен бориб нимаям қилдим?
— Шанба, якшанбаларда ҳам, илгари бундақа бўлмаганди. Кечирасиз-у, оломоннинг ўзгинаси. Келинг, келганингизда биласиз…
Туйғун кўргазма билан уйи ораси анчагина олис бўлса-да, пиёда йўлга тушди. Нигорага бу ҳақда ҳеч нима демади. Тўғри-да, телефондаги гаплар шунчаки ҳазил-найранг бўлса-чи… Лекин ўзи айнан шундай эканига оқкўнгиллик билан ишонди: зотан, бирорта рассом йўқки, асарлари орқали мухлисларига ўз қалби бойликларини, мўйқаламининг бутун сеҳрини инъом этмоқни истамаса. Улар ҳамиша кўргазмалари томошабин билан гавжум бўлиши ва асарлари элга танилиш орзу- армони билан юрадилар. Зотан, истеъдоди тан олинмай, ижоди юраклардан жой олмай, одамлар хайрихоҳлигисиз яшашдан ортиқ азоб йўқ.
Курант муюлишидан ўтиб, кўргазма олдидаги сайхонликда чиндан ҳам уймалашиб турган бир тўп одамни кўрди-ю, ҳалиги қўнғироқдан кейин Туйғуннинг дилига оралаган ғашлик, бошқа бир туйғу – ғурур билан ўрин алмашди. Навбатда турганлар ниҳоятда безовталаниб, ўтган-кетганнинг диққатини ўзига тортар, нималарнидир муҳокама қилар эди.
Туйғун уларга яқинлашди, навбатда турганларнинг унча катта бўлмаган ғужанагида ким охири, ким кимдан кейин турганини аниқлаб бўлмасди. Туйғун бир лаҳзалик тараддуддан кейин ўзини танитмай, навбатда турган киши бўлиб, одамларнинг гап-сўзларини тинглашга қарор қилди. Шу пайт ёнида тивит рўмоллар ўраниб, миқти гавдалари яна ҳам бешакл кўриниш олган, хўппа семиз икки аёл пайдо бўлди.
— Нимага навбатда турибсизлар, нима бераётган экан? – деди улардан бири Туйғундан. Туйғун эшитмаганга олди.
— Навбат Бадиий кўргазмага кириш учун, холажон, расм томоша қиламиз, — деди ёшгина бир қиз, имкони борича мулойимроқ оҳангда, кейин ёнидаги йигитга жилмайиб қўйди.
Рўмол ўранган аёллар чурқ этмай нари кетишди.
Туйғун даврадан сал нари турган ана шу икки ёшни кўнгли тусаб, уларга ўзини танитгиси келди, бироқ ўзини тийди. Шундай қилса, ўзининг фавқулодда шуҳрати (аниқроғини топди – эпидемиявий шуҳрати) сабабини билолмай қолади. Танилиб қолишликдан эса ҳайиқмаса бўлади, сабаби — унинг рассом биродарлари кўргазмага навбатда турмасликлари аниқ.
Туйғун ёшларга халал беришни эп кўрмай, унга биринчи рўпара келган, кўзлари ости шишинқираган, ўрта ёшли эркакка юзланди.
— Кечирасиз… ҳамма Туйғун Содиқов кўргазмасига келганми? – дея одамлар тўпи ортидаги афишага ишора қилди. Ҳалиги киши бутун гавдаси билан Туйғун томонга ўгирилиб:
— Шундай, – деб тунд жавоб берди.
— Кеча бемалол эди. Тавба, бугун мунча одам кўп?..
Эркакнинг рафторидан жавобга хоҳиши йўқлиги сезилиб турарди.
— Қайдам. Ўша бемалоллигида кирмабсиз-да, ука.
— Кирдим.
— Омадингиз бор экан. Нималарни кўрдингиз?
— Ҳа, шу табиат манзаралари… боғлар, дала, тоғу тошлар… Италияга бориб чизганлари ҳам бор: денгиз… кўрфаз, соҳилдаги қайиқлар, обидалар…Умуман, бир марта кўрса бўлади.
— Булар ўз йўлига… сиз расмлар… расмларни таъсирини сездингизми?
Туйғун очиғи, бу саволга тушунмади.
— Таъсир, қанақа таъсир? – деди ҳайрон қолиб.
— Э, унда вақтингиз бекор кетибди. Ҳамма гап таъсирни юқтириб олиш-да, укам. Расмдан нурланиб, даволаниш керак эди.
— Гапингизга тушунмадим. Санъат одамга таъсир этиши тушунарли, сиз шунақа таъсирни айтяпсизми?
— Йўқ, бу бошқача таъсир; гипнозга ўхшаб кетади-ю, лекин ундан кучлироқ! Ҳалиги… — у фикрини изоҳлашга тушди. — Экстрасенслар бўлади-ку, бармоқлари билан даволайдиган … Шунга ўхшайди. Рассомнинг кўз нурида шунақа хосият бор экан.
Бунақа олашовур тарқалишига бевосита Нодир ва Ҳикоят (эҳтимол, Рустам ҳам) дахлдор эканлигини Туйғун фаҳмлади. Ва кўзлари ости қабарган эркакдан, ёинки бошқалардан расмлар таъсири ҳақида такрор сўраб-суриштиришни ўзига эп кўрмади. Қўйиб берса бу ерда яна не-не гапларни эшитмайди. У даврани тарк этишга шошилди.
Ана шуҳрат-у, мана шуҳрат. Ҳар қандай рассом асарлари билан танилишни хоҳлайди, лекин бу тарзда…
***
Кечга яқин кулча юз дўсти – Рустам ҳайратли қиёфада кириб келди.
— Ў-ҳў, оғайни, қойи-ил! Жуда машҳур бўлиб кетибсану-а! Ҳамма жойда овоза, сўқирларнинг кўзи очилаётганмиш, дудуқлар равон-равон гапираётганмиш!
— Шундай, яллиғланган кўзлар олазарак боқяпти, гунг-соқовлар пичирлаяпти… — қўшимча қилди Туйғун.
У мутойиба оҳангида гапирмоқчи эди, лекин негадир овози ҳазин эшитилди. Балки, Рустам, ҳазилга йўйиб гапирса ҳам, хаёли портретларнинг ғаройиб хусусиятида эмас, «бухгалтерияси» ҳақида экани ва дўсти айнан шу катта гонорарлардан ҳайратда эканидан дили оғридими, бирдан ўзини ёлғиз ҳис этиб, аллақандай ўйлардан нохушланди: у шу кунгача дўстини яхши билмас экан. Шу пайтгача дурустроқ билмай келган экан. Мана энди унинг, истиҳолага бориб кўз юмиб келган жиҳатларини беаёв назардан ўтказди ва: Рустам — ижодда шудсиз, фақат буюртма ишлаши билан, ишлаганда ҳам, шунчаки урфга эргашиб ишлаши билан, бўёқни матога ғализ тортиши, пуллик ишларга ружу қўйгани, чапдастлиги ва эҳтиёткорлиги билан, жарангдор ва равон овози, ҳар бир сўзига урғу бериб гапириши, мутойибага мойиллиги билан, аёллар билан мулоқот мижози юқори эканидан эмас, бошқалар кўзида Дон-жуан бўлиб кўриниши билан — бачкана одам эканини бир зумда ўзи учун ойдинлаштириб олди. Лекин барибир Рустамнинг унга ихлосмандлиги, муносабатларида мутлақо самимий экани ва баъзан унинг чеҳрасига дўстона боқишларини эътироф этаркан, “лекин шунинг ўзи ўртада орттирилган дўстликнинг сақланиб қолишига кифоя қилармикан?..” деган мубҳам хулосага келди.
— Оғайни энди булардан ёмон тушдек қутила олмайсан! Реклама зўр ўйлаб топилган иш бўлипти! – деди Рустам кўзларини жавдиратиб. — Таги очилгунча… анчагина уйиб ташлашга ул-гу-ра-сан!
Хўш, энди у ким бўлди!
— Ке, портретингни ишлайман! Ростданам… ўзинг ишонасан, — деди Туйғун ҳар қандай тушунтириш, изоҳларни ортиқча билиб.
— Бажонидил, лекин мен катта пул беролмайман.
— Нима деяпсан! Қанақа пул?
— Қўй, бошни оғритма, портретни ишларсан ҳам, аммо қизиқарли ҳеч нима бўлмайди, менимча.
— Ўзингда синаб кўр демоқчиман, холос.
— Газетада бир фототасвир кўргандим; оддий қўл, атрофи ёғдуваш доғми-ей? Шунга ўхшаш…
Рустам уддабурро эди, бинобарин, ҳозир ҳам Туйғуннинг жавобларидан (собиқ курсдошининг суйган ибораси билан айтганда) “керакли фикр”ни ўзидан усталик билан суриштириб билиб олишни истарди.
— Менга қаранглар, мен тушунмаяпман. Қанақа реклама, қанақа овоза? Менга ҳам айтинглар, ахир?! – деб юборди Нигора кўзларини катта-катта очиб эрига юзланаркан. Туйғун хотинининг қўлидан тутиб:
— Кейин, кейин айтиб бераман…- дея кулди.
— Илож қанча, Шарқ аёллари ҳамиша охирида эшитади! – пичинг қилди Рустам, дўстининг “устамон” лигини таърифлаган бўлиб. Ваҳоланки, Туйғун хотинига ҳаммасини бир бошдан, Нодир билан Ҳикоят устахонасига келган кундан бошлаб айтиб бермоқчи эди, бироқ хотини буни жиддий қабул қилмаслигини билгани учун, кейинчалик мавриди билан айтиб берарман, деганди.
Ҳозир эса мана, мавриди ўтиб, энди ҳаммасини бошидан тушиб изоҳлаб беришга тўғри келяпти. Боз устига, Рустамнинг олдида. У бўлмаса ҳам кошкийди… Энг ёмони бунингдек ғайритабиий ҳодисага табиий изоҳ бериш талаб қилинаётгани учун эмас, умуман одамнинг ўзига ўзи баҳо бериши — ўзининг кимлиги ҳақида бошқани ишонтириш зарурати — ғоят аянчли, юракларни сиқиб юборадиган кўнгилсиз иш эканини яхши билади.
Нима қилиш керак? Қандай изоҳлаш, қандай тушунтириш, қандай ишонтириш керак?! Бу вазиятдан чиқишнинг бирдан-бир йўли – зудлик билан Нигоранинг портретини чизиш… У пароканда хаёлини йиғиб хотинининг янги келин бўлиб тушган пайтларидаги қиёфасини эслади… бекам-кўст, том маънодаги гўзаллик! Нигорани худди ўша ҳолатда тасвирлайди…
— Хўш, бу қанақанги алламбало таъсир экан? – деган мулойим таънаси унинг хаёлини чалғитди.
— Билолмадим! Айтишларича қиёфа-андозалар аста-секин ўз портретларига ўхшаб кетаётганмиш … — деди Туйғун паришонхотир термулиб.
Рустам сигарет чекиб, тутун елпиб ўтираркан, фикрини бир ерга жамлаб, кўнглига тугиб қўйган ўйини айтди.
— Хуллас, менинг фаҳмимча, буюртмачиларнинг айтишича ҳам, бошида жудаям ўхшашлик бўлмаган! — у гап пайровини келтираётгандай овозини пасайтирди. — Чунки, ўхшашликни тутиб олишда камчилик бўлган десак, бу ҳам унчалик тўғри эмас – ҳар кимнинг нигоҳи, диди ҳар хил… Бунда ажойиб фикр бор: андоза жонли, у портрет сабабли дилига солинган ўзгаришни кутиб юради. Тушундингларми! Ана сенга «ижод», нажоти билан! – деди.
— Тўхтанглар… «уларнинг айтишича», ким улар? — баттар қизиқсиниб сўради Нигора гап тугашини ҳам кутмай.
— Бу гап-сўзларга менинг дахлим йўқ, портрет эгаларидан чиққан гаплар бу, — деди Туйғун хотинининг саволи биринчи навбатда ўзига тегишли эканини англаб, — эсингдами, Рустам бир одамни олиб келганди, портрет чиздиргани. Кейин унинг аёли келди, униям портретини чиздим, ҳаммаси шулардан кейин бошланди.
— Росттанми?! Шунга ишондими улар?
— Битта улар эмас, Нигора, овоза деярли бутун шаҳарга тарқалиб бўлган. Ишонмаган ёлғиз сен, мен қолдик. – деди Рустам ва кетидан, — мен ҳали гумонсираб турганларданман, — деб муғомбирона луқма ташлаб ҳам қўйди.
Нигора аввалига тушунмади, кейин эса:
— Шундай гап денглар…йўқ, бўлиши мумкин эмас! – деди оддийгина қилиб.
Туйғун қўзғалди.
— Устахонада ишим бор, Рустам, кетдик тепага, – деди суҳбатга якун ясаган бўлиб.
Нигора дарров маъюсланди. Чунки, табиий ҳол, аёллар дилида эрларининг барча юриш-туришидан … тузган режаларидан ҳамиша хабардор бўлиб туришга ҳақли деб ҳисоблашади ўзларини.
Тоқати тоқ бўлган Туйғун, назарида, шу тариқа диққатвозликдан қочиб қутиларман деб ўйлаганди. Лекин дўсти билан хайрлашганда ўзининг бу рафторига наинки тоқатсизлик, балки ишлаш мақсади ҳам сабаб бўлганини кўнглидан ўтказди ва зина бандини тутганча пиллапоялардан юқорига чиқа бошлади.
***
У ижодхонасига кириб чироқни ёқди ва шу онларда ўзини нақадар бахтли одам эканига, балким умрида илк бор иқрор бўлди: борлиқ ҳаётининг давоми бўлган устахонаси, асарлари бор, қўлидан келадиган, кўнглига ёққан ҳунари бор ва шу пайтгача бешафқат ички овозига қулоқ солиб доимо кўнгли лойиқ кўрганини чизди, биронта чизиқни эътиқоди, матлабига зид тортмади, бинобарин қалби ишонган, ҳаётий нарсалар тўғрисида асар яратди – ижодкор учун шуни ўзи ҳам етади! Қолгани бари арзимас нарсалар.
Нигоранинг портретини чизиш учун уни рўпарасига ўтказиб қўйиши шарт эмас. У аёли чеҳрасида мулойим жилвани, киприклар, киприклар остидаги сояларни кўз ўнгида бирдек аниқ-тиниқ тасаввур қилди. Бир он баҳор ҳиди димоғига киргандай бўлди.
Туйғун мутлақо хотиржам, Нодирда юз берган ўзгариш кейинги портретларида ҳам содир бўлишига шубҳаси қолмаганди. Мабодо Ҳикоятнинг портретига, тўсатдан очилган заковати қандай келган бўлса шундай таққа тўхтаб қолиши ҳам мумкин эканидан ҳадик-хавотир билан қўл урган бўлса, ҳозир бундай хавотир йўқ эди.
Устахона офтоб нурлари билан тўлган эса-да, ишнинг бориши бу гал қийин кечди. Гўёки мато қилқалам ҳаракатига монелик қилаётгандек эди. Бироқ бундай қийинчилик, сарф этган куч-қувватига монанд рассомга ижоднинг тотли онларини ато этаётганди. Зотан иш қанча машақатли кечса, битгач, кишига шунга яраша лаззат ҳам беради.
Шанбага ўтар куни тонг палласида Ўрдадаги бир қўш қават уйнинг хонадони бедор бўлди.Тун яримлаганда у портретни деярли интиҳосига етказди. Қўлида яна аввалгидек игна санчиғи, мушакларида худди увишганда ҳосил бўладиган бежо жимирлашларни ҳис қилди.
***
Икки кун ўзини унутиб тер тўкди. На бемалол ўтириб овқат еди, на дам олишни ўйлади. Ва ниҳоят…
Пешинга яқин хотини одатдагидек юмушлар билан тепага чиқиб:
— Адаси, бир ойнага қаранг, соқолингиз машинкада оладиган бўлиб қолибди-ку, – дея ҳазиллашди.
Туйғун уни янги асари тақдимотига таклиф этиб, мольберт устидаги чойшабни сидириб оларкан алоҳида илтифот билан деди.
— Ижозатингиз билан, аввал сиз ўзингизга бир қаранг!
Нигора индамай, жуссаси ва қиёфасига ярашиқли нафис рангларга тикилиб қолди-да:
— О, демак, шундай эканман-да… – деди астагина. Унинг аққиқ кўзларида чуқур самимият порлади. Одам боласи ўзининг асл моҳиятига қайтсагина шундай ҳолатга тушиши мумкин.
— Туйғун ака … — деди кейин ўйчанлик билан. — Ўлай агар, мўъжиза бу!.. Бунақаси ҳали бўлмаган – ҳеч кимда, ҳеч қачон!
Ўз портрети жозибаси таъсирига берилиш, қалбнинг қаърига яширинган борлиғи билан танишиш, уни аён кўриш, унга меҳр қўйиш ва, оқибатда, унга талпиниш шундай кечаркан-да: гўёки пастдан юқорига, юксак тоғ чўққисига тирмашиб кўтарилишга ўхшайди бу .
Нигоранинг иккинчи куни ҳам, учинчи кун ҳам шундай зайлда кечди. Портрет оҳанрабодай ўзига тортарди. У кундалик юмушларидан қутилдим дегунча, портрети олдида маҳлиё бўлиб ўтиришни одат қилди.
Туйғун ўз асари қудратию имкониятларига ҳам ишонар, ҳам ғурурланар, ҳам ҳайрон қолар ва бундан ташқари баъзи-баъзида чўчирди ҳам. Лекин барибир унда ифтихор ҳисси устунлик қиларди. Бироқ ўнг қўли… Энди у хаттоки қошиқни ҳам тутиб туролмасди. Мушаклари увишиб, «чумоли югуриги» кучайиб бораётганди. У сўнгги ойлар ичида юз берган ҳодисотлар силсиласини дафъатан қабул қилолмай, аввалги ҳолига келгунча устахонасига ҳам кўтарилмай қўйди.
Бир пайт Нигора чўчиган бир алфозда ташқаридан кириб келди. У яқингинада ул-бул харид қилгани чиқиб кетган эди, бироқ тезда ортига қайтди:
— Менга қаранг, адаси, устахонамиз олдида одам йиғилиб кетибди. Қирқтача бор. Айтишларича бугун портрет чиздиргани рўйхат тузиладиган кун эмиш. Рўйхатни ҳам бошлаб юборишибди. Яхшиям, уйимизни билишмайди, бўлмаса… нима қилардик!
— Демак, қирқ киши эртага тўрт юзтага айланади.
Ўйлай-ўйлай нажот йўлини топишди: Рустамга қўнғироқ қилишди. у вақтинча ўз устахонасида яшаб туришига рухсат берди. Уйни тунда бекитиқча тарк этишди. Туйғун чап қўлига жомадонни олди, Нигора пухта қилиб чойшабга ўралган портретини кўтариб чиқди.
***
Бир ҳафтаки, Туйғун чап қўлда овқат ейди, лекин хотини ҳалигача пайқамайди. Қаёқданам пайқасин, фикр-хаёли портретида бўлса! У ташқи афти-ангор жиҳатдан портретига мос ўзгара бошладигина эмас, узоқ йиллик танаффусдан сўнг этюдник кўтариб ишлагани ҳам чиқиб кетди.
Эр-хотин устахонага тузуккина ўрнашиб олишди. Рустам улардан хабар олгани онда-сонда кирарди. Туйғунга, айниқса, деворлардан унга боқиб турувчи қадрдон асарлари етишмаётгани сезиларди. Уларсиз Туйғун ўзини ожиз, зирхи олиб ташланган тошбақадай ҳис этаётганди.
Бир ҳафта ўтиб ҳам ўнг қўлидаги мажолсизлик аримади, гарданининг пастида оғриқ пайдо бўлди ва охири врач қабулига боришга қарор қилди. Невропотолог профессор, анча кексайиб қолган отахон, дардини эшитгач:
— Хўш, қани, иккала панжангизни бир-бирига яқин келтиринг-чи!.. – деди ишга киришиб. – Энди тирсакларни бир бирига яқинлаштиринг… ички томондан.
Шунда Туйғун ўз кўзлари билан аниқ кўрди – тавба, илгари мутлақо сезмаган эканда-а! – ўнг қўл мушаклари ориқлаган, ботиқ чуқурчалар пайдо бўлганди.
— Афсус, касални ўтказиб юборибсиз, — деди врач ва бир оз сукутдан кейин давом этди. -Ёнлама склероз… бу касалликнинг хотира йўқолишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Уни — ёнлама амиелотрофик склероз дейишади медицинада. Тахминимча, ҳа, шу – склерозга чалингансиз.
— Илтимос, оддий тилда айтинг, бу қанақа дард ўзи?
— Иродали одамга ўхшайсиз, сизга айтишим мумкин… шолайим, склероз бедаво, давоси йўқ.
— Лекин, менга ўнг қўл… қушнинг қанотидек гап-ку, доктор!
— Ҳа, тушунаман, жуда ҳам кўнгилсиз ҳол. Ҳозирча ишни қўя туринг. Хаёлга ҳам келтирманг. Радон курортига боринг, шундаям олдини олиш амри маҳол.
— Қутилишнинг иложи йўқ денг?
— Нималар бўлмайди, дейсиз. Мўъжиза юз бериб, тузалиб кетишингиз ҳам мумкин! Ана, сизнинг бир ҳамкасбингиз кимнинг портретига қўл урса – нусха олинган одам биракай даволаниб ҳам оларкан. Фойдаси бўлса… ажаб эмас, биз инсоннинг ботин қудратига тушуниб етмаймиз, ишонса бўлади.
— Демак, сиз унга учрашни маслаҳат берасиз?
— Кўнгил тортса, боринг, майли. Психотерапиянинг безиён бир тури-да.
— Лекин гап шундаки дўхтир, ўша рассом мен ўзимман… Ва ўша портретлар мени шу аҳволга солди, — деди Туйғун ҳижолатда, нобоброқ иш қилиб қуйгандек.
— А-а… Шундай денг, демак, миш-мишларда асос бор экан-да… биласизми, бу – табиат қонуни! Табиатнинг – кучни сақлаш, яшовчанлик қонунияти бор…У одамнинг қобиғида эмас,
сийратида бўлади. Санъат уни бизга кучли асарларида, образлар равишида беришга қодир. Сиз каби истеъдодлар баъзан ана шу моҳиятга эришади. Лекин, ҳаётда ҳеч қачон ҳеч бир нарса ўз- ўзича рўй бермайди. Улар қанча соғайса, сиз шунча саломатлигингизни қурбон берасиз… Мана, ўзингиз шоҳиди бўлиб турибсиз. Сиз ана шу салоҳиятингизни ўзгаларга улашдингиз, келинг, энди жараённи тўхтатиб кўрайлик, зора, секин- асталик билан ўтиб кетса… Бунинг учун, яна такрор маслаҳат бераман, бугундан эътиборан дам олинг, махсус санатория ёки курортда муолажа олиб қайтинг.
— Раҳмат… миннатдорман, дўхтир.
— Бир дақиқа сабр қилинг. Вазифа мураккаб, илтимос қиламан… Ҳамма анализларни топширинг … Мен касалликни тўлиқ тасаввур қила олишим керак. Мана, йўлланма. Сиз учун қабулхонам эшиги доим очиқ.
Хасталигидан кўра кўпроқ ғайритабиий, антиқа ҳодиса докторни қизиқтириб қолгани Туйғунни ранжитмади, чунки бу аснода у: «…теграсида майин, заррин гардиш. Профессор – яхши одам», — деб кўнглидан ўтказиб улгурганди.
***
У йўлда врач ташхисини Нигорага қандай айтсамикин, деб ўйлаб борди. Лекин барибир ўтган ишга салавот, унинг чалажонлиги кўпга чўзилмаслиги аниқ. Туйғун ўзини-ўзи алдамаётганди: чунки у барибир ишлайди, асар яратиш, асари ҳақида фикр юритиш унинг учун сув ва ҳаводек зарур эҳтиёж, у бундай қувончсиз сира яшолмайди! Туйғун чап қўли билан ўнг билагини сиқиб кўрди. Қўли аввалгидек ҳилвиллаб турибди. Лекин бу ҳолат унинг кўзларида чўчиш, ҳасратга муҳтожлик ҳисси пайдо қилмади. Шу маҳал унинг нигоҳи сокин Бўзсув сувларида акс этаётган куз манзарасига тушди. Бу эса беихтиёр унинг кўнглида қирғоққа яқин тушиб бориш ва сас-сабарсиз, тасвирни бузиб юбормасдан эҳтиёт билан, сувга аста сирғалиб тушиш хоҳишини ўйғотди. Сабаби, шу сонияларда дард оғриғи умуртқа миясини куйдириб, танасини изтиробга солаётганди, башарти гардани остида бошланган чўғ ўчса – жисми азобдан қутуладигандек туюлди. Туйғун соҳил ёқалаб “Нигорага нима дейман”, деб ўйлаб бораркан юрагини ғижимлаётган ўй-хаёлларини вақтинчалик унутишга уринди.
У бир дам остонада тўхтаб, кейин ичкарига кирди. Хайрият, хотини уйга (яъни Рустамнинг устахонасига) ҳали келмаган экан, нима қилиш кераклиги, дарров маълум бўлди: “Энг муҳими, ҳозир тушкунликка тушмай, аввал чапақайига сангинада чизаман, кейин чап қўлим мўйқаламга ҳам келиб қолар?» деган юпанч умидида соғ қўлига ғиштинранг бўр олиб ишга киришди.
Бу унинг наздида жуда яхши режа эди, аммо бошида жуда ноқулай бўлиши аниқ. У «яхши машқ қилсам… икки ҳафта ўтиб чап қўлда росмана ишларга ўтсам бўлади» дея мулоҳаза қилиб, машқига қунт билан берилди ва фақат оқшомда қорни очиққанини ҳис қилиб, Нигорани кутиб ўтирмай ошхонага ўтди.
Емакхонага қадам қўйишиданоқ столдаги бир варақ ёзувли қоғозга кўзи тушди. Кўзи тушди-ю, ҳаммасига тушунди. Мактубни ўқиб ўтиришнинг ҳожат йўқ, варақ теграсини қоплаган ҳовур гарчи пушти тусда бўлса ҳам, ҳошияси ним қизиллашган. Умумий мазмун бир қадар равшан, лекин хатдаги айрим дил розиларга ойдинликлар киритиб олиш учунгина қоғозни қўлига олди. Нигора шундай ёзган эди.
“Туйғун ака! Аассалому алайкум.
Сизни роса кутдим, келавермадингиз. Кечлик овқатингиз стол устида. Албатта иситиб енг, адаси. Талабгорларингизга ва уйдагиларга ҳам: «Нуротага, бир ойлик ижодий сафарга кетганлар» деб қўйдим, бундан тинчсиз.
Энди буларни фақат ўзингиз билсангиз тузук… мен докторга учрашдим. Ҳаммасидан хабардорман. Кўнглимда қандайдир умид бор… Аминман, ҳали буни тўғриласа бўлади. Маблағ бор. “Рассомлар дўкони”даги ҳамма асарларингиз деярли сотилди. Кўргазмадагиларига ҳам харидор кўпайиб кетди… асарларни ким ошди савдосига қўйишмоқчи!. Хуллас, радон санаториясига, адаси, мен ёнингиздаман, бирга бориб келамиз.
Энди, яна айтадиган гаплар бор; портрет билан ўрин алмашиш қийин бўляпти. Ўйларим ҳам портрет туфайли чувалашиб кетди. Ҳолбуки, кўраётганим чин, қандайдир ғайритабиий ўхшашлик бор. «Бунақа бўлиши мумкин эмас!..» дейман ичимда. Лекин билдириб қўяй — табиатимда анча ўзгариш бўлди: ишлагим келяпти, ўз оламим бўлишини истайман. Сизни ёнингизда эса, бунинг сира ҳам иложи йўқ. Сиз билан ёнма-ён ишлаш – ёруғ кунда шам ёқиш билан баробар. Сиз бутун вужуд билан ишлаб, ижоддан тузуккина ҳаловат кўрмай яшаб келяпсиз, менинг кечинмаларимни пайқаш қайда! Мен ҳаётда уй бекаси ташвишлари билан чегараланиб қолган бир кимсага айланиб қолган эканман. Аммо сизнинг портретингиз… булоқ кўзларини очиб юборди. Хайрият, қалбимга қулоқ солдингиз — орзуларим тасвирга чиқибди. Ҳақиқат нуқрасини ажратибсиз. Ҳақиқий истеъдод шунақа бўлади. Кейинчалик орзу-умидларим ора йўлда қолмаслигига ишонаман..
Очиғи, Туйғун ака, устахона иккимизники эмас, ўзингизники деб ўйлашга кўникиб қолганигиздан бахтиёрман. Ҳақиқий, топ-тоза истеъдоднинг хотини шундай бўлмоғи керак деб ҳисоблайман. Айтмоқчи бўлган гапларим шу.
Турмуш ўртоғингиз Нигора”.
***
Ва фақат кечки қоронғуликда ётганидагина ваҳимага тушиб, безовта бўла бошлади: у дивандан туриб чироқни ёқди. Ҳа, ҳали куни битмаган – фақат ҳали… унинг ўнг қўлида пайдо бўлган разил чуқурчалар – “ҳали” нинг кўпга бормаслигидан далолат бермоқда эди.
У ётган ерига қайтмади, балконга танда қўйди. Кейин қўлига сангина олиб, юз қиёфасининг калака тимсолини тасвирлай бошлади. Қўрқув бир қадар сусайди, кейин бу ёғига ана шу ҳазил портрети ҳам қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлади. Деярли шу сингари ордона ўйлари ёйилиб, муваққат ваҳима ўрнига кўнглига аниқ фикр келди: кетидан унинг ҳамма асарлари қолади — олдингилари ҳам, унга шуҳрат башорат қилиш учун яралган, аммо жонини сабил қилаёзган портретлари ҳам…
***
Тонгда ўртоғи Рустам ҳовлиқиб кириб келди.
— Нигора қани?
— Ишлар билан чиқиб кетганди.
— Майли, муҳими сен бор, сенинг олдинга келувдим. Оғайни безовта бўлиш йўқ… Эртага жўнаб кетяпман. Ижодий сафар чиқиб қолди, Туркияга, бир ярим ой устахона сенинг ихтиёрингда. Бемалол яша, ишла, хоҳласанг бу ерда, хоҳласанг Ўрдада.
Туйғун бутун диққат-эътиборини Рустам шол бўлиб бораётган қўлини сезиб қолмаслигига қаратди. Кўришаётганларида, ўнг қўлида бўёқ артадиган латтани осилтириб, қўл сиқиб кўришишдан ўзини олиб қочди. Рустам ташвишли эканидан, бунга эътибор бермади.
— Кейин, сенда бир ишим бор, – деб гап бошлади у. – Аниғи, илтимос… Биламан ишларинг кўп, лекин айтмасам ҳам бўлмаяпти. Эшитгансан, академик тоғамлар бор, адабиётшунос…нима десамикан? Ўтган куни у уйимга келиб- кетди. Хуллас, бир яхши кўрган шогирдлари бор, шоир. У — оғир касал. Масаланинг нозик жиҳати – врачлар узоғи билан икки йил беришяпти… Касали ҳам антиқа, эшитмагансан: ёнлама склерозми-эй… Чамамда, фақат битта илож бор…. У сенга боғлиқ, мени бунга дахлим йўқ. Оғайни, ёрдам қил, шу портретни навбатсиз ишла.
Туйғун бир оз тек қолди, кейин:
— Майли… гап шунда бўлса, уруниб кўраман – деди ўйчан ва вазмин овозда.
— Э, тасанно! Қачон келсин?
— Бир соатдан кейин.
— Зўр иш бўлди! Луқмони ҳаким бўлиб кет-э. Бўпти, мен қўнғироқ қилиб қўяй уларга.
— Албатта. Кимлигини айтиб кетмайсанми? Бошқа бировнинг расмини ишлаб қўймай яна.
— Муҳаммад Шукур. Биламан, менга йўқ демасдинг! Раҳмат, ўртоқ.
Димоғи чоғ Рустам ғойиб бўлишидан олдин муштини боши узра тугди, хайрият, қўл узатишга зурурат йўқолди, дўстининг бу қилиғи хайр-маъзур ўрнини босган эди.
***
Муҳаммад Шукур истеъдодли шоир қандай бўлиши лозим бўлса шундай эди: лаблари рангпар, сочлари тўкила бошлаганидан кенг бўлиб кўринган пешонасида ингичка қошлари билан бир текисда чуқур ажинлар чўзилган. Унинг юзи офтобда мангу қорайгандай туюларди. Шоир ўзини ўнғайсиз ҳис этар ва бундай усулда шифо олмоққа муҳтож эканидан хижолатда эди. Номи зикр этилган шоирнинг портрет чиздиришга академик ёки унинг ҳурматли устози, ёинки устозининг рафиқаси қутқуси билан келган бўлса ажаб эмас. Қиёфаси хазин кимсага ўхшамайди. Тўғри, елкалари худди оғир юк кўтаргандек бир оз чўккан. Лекин у чиндан хотиржам: чунки қўрқувнинг ранги — тўққизил тус, унинг пешонаси гирдида эса мунаввар тиниқлик. Инсонки таслим бўлмабдими, демак, у ўз қисматидан кучлироқ! У – бардошли, рафторидан сезилиб турибди.
Шоир курсига омонатгина ўтириб, нигоҳи ила устахонада кезинди ва ҳали мўйқаламига қўл чўзишга улгурмаган рассомдан:
— Сиз чапақаймисиз? – деб сўради мулойим овоз билан.
Ана холос, дўсти ўз дарди билан бўлиб, сезмасдан келиб кетди, лаблари рангпар, сийрак соч, жуссаси ўғил боланики сингари чоққина шоир бир зумлик нигоҳда назарини унинг қўлида тўхтатди.
— Ҳа… чапақайман, агарда эътирозли жойи бўлса…
— Ҳеч ҳам эътирозим йўқ. Мен ҳам чапақайман. Чапақайликни мен инсон зотинининг тур сифатидаги нокомиллигига йўяман, яъни инсон ҳали — ҳануз ривожланиш, руҳий камолот хислати бор демоқчиманда.
— Ривожланишда бўлсак, унда мақтовга лойиқ эканмиз-да.
— Ҳа, майли…уста, айтинг, қандай ўтирай? Бир ерга тикилиб ўтирайми? Узр сўраётганимга … Шу пайтга қадар мендан бирон марта портрет нусха олинмаган.
— Ўзингизни эркин, бемалол тутинг, истасангиз вақтимизни ижод ҳақида оддий сўзлашиб ўтказайлик?
Туйғун, шу кунга қадар шоирни кўрмаган бўлса ҳам, унинг сўзлари билан айтиладиган қўшиқларни кўп тинглаганди. Айниқса, Ватан ҳақидаги содда, ҳаётбахш маъно берилган мисраларни хотирлаб, шоирнинг эҳтиросли овозини эслади… Овозидан резги одам, ўз сўзининг кучини яхши биладиган истеъдод эканлигини тасаввур этди. Шундай инсон сиймосини яратиш унга насиб этмоқда. Нима бўлганда ҳам, Туйғун бу асарини яратади, шоир дардини олади.
— Бу гапингиз яхши, ҳамма нарсани оддий қилиб сўзлаш керак. Оддий айтиш имкони бўлмаганнинг бари – товламачилик.
— Унда, жуда соз, қулоғим сизда…
Соғлиқ борлигида уни сезмас экансан, кундаги гап экан: хусусан, бўёқларни палитрага ситиб чиқаришдай шунчаки бир осон юмуш эди. Энди шу ҳам муаммо. Туйғун, қўл мушаклари тобора қотиб, вужудини мубҳам бир ғашлик чулғаб келаётганига қарамай, бўёқ идиши қалпоқларини базўр очиб «бир қўлга қараб қолиш нақадар аянчли!» дея кўнглидан бир ҳасрат туйганида хасталик дахмазасидан бошқа мавзу топилганидан кўнгли очилиб кетган шоир суҳбатини бошлаб юборганди:
— … истеъдод бахт, ҳам қисмат, осон бўлмаган узун бир йўл… — у шундай деди ва кейин офтоб нури тушиб турган, каттайиб очилган кўзлари бўшлиқдаги бир нуқтага оғир боқди. Бундай кўзлар кўп йиллар ёлғизликни кўрган, сабр-тоқатга ўрганган кишиларда бўлади. Юзидан меҳр ёғилиб турибди, теграсида оқиш ҳовур… курси суянчиғидаги ўнг қўл кафтининг сиртидаги қон томирлар бўртган, демак, ўнг қўл соғ, рассом кўзига, улар гўё куч бераётган она заминга чуқур ботган, ундан куч олаётган дарахт илдизлари бўлиб кўринди. Чап тирсак деразанинг пастқам токчасида… қўл хиёл қалтираяпти, у сакта, чап қўл ҳам портретда албатта, чайир, ниҳоятда сезгир қилиб чизилади. Бу чайир қўллар, ақлли қўллар, бўртиб турган қон томирлар… Худди новда илдизлардан қувват олганидек, шоирнинг бахти ҳам шу шу заминдан куч олали …Улар — шоир илҳомини жўштирган сарчашмалари шу замин-замонда деган бирликни қувватлайди. Унинг ташқи кўриниши кўпчиликдан деярли фарқ қилмайди. Фарқ битта: у сохтакорликдан холи, эл-юрт суйган шоир.
— Ие… ҳа! Шошманг-шошманг… Туйғунбек “Уста тонгги”, “Ой нури ёғилган кўрфаз”, “Турнакўз кўл”, “Булоқ — ховуз”, “Мунаввар осудалик”, “Ойдин дала” сизни асарларингизку-а?!
— Ҳа, тўғри. Бор.
— Ў, “Мунаввар осудалик”, зўр, нодир асар. Дарахтлар, харсанг тошлар орасида ўйнаётган олачалпоқ нурлар майсалар бошини силайди.
— Уюшманинг «Оқтош» ижод уйида, ёз чилласи ишлаганман. Ўзимга ҳам жуда ёқади бу ишим.
— Туйғунбек, сиз шоир, мусаввир-шоирсиз ука, — дерди ҳамсуҳбати дилида кечаётганларини баён қилиб, — ҳар лавҳа: қалб лавҳи, ҳаёт пораси, юрак афсуни, рангин … шоирона, зариф.
Шоирнинг ҳаяжондан икки юзига қон югурди. Туйғун тезгина бир қараб, шоирнинг портрет чеҳрасида билинар-билинмас нимтатир қизилликни зуҳур этди.
— … сизда табиат, холис тургувчи табиат эмас… унда ҳам сезги бор, у — инсон каби туйғу-кечинмали. Тимсол, мажоз, шиддат, маҳзунлик – рангда.
Туйғун нечоғлик банд бўлмасин, шоир ўзи билан фикрдош эканига суюнди, яна унинг хаёлига Италия, устози Доминик Франческо келди. Унинг ўгитларини хотирлади: «…инсон иштироки, инсоний дид, нуқтаи назар, баҳолаш фаол иштирок этмаса; тасвирдаги предмет, ҳодисалар, ҳатто гўзал табиат чиройи ҳам мавҳум бир нарса», «Туйғун, ёдда тут, дунё зарралари билан, зарра эса ўз дунёси билан гўзал! Энг муҳим фалсафа шунда — инсон ва она табиатни умум сезишда, ҳис қилиш, сирли табиат ва инсон хилқатининг бадиий бутунликни куйлашда! Бинобарин, портрет ишлашда ҳам мана шу бирликни таъминла… Зеро, коинотда ҳамма нарсалар ўз – ўзича мустақил ва ўз-ўзича боғликлиги билан бирга ҳамма нарсалар яна бир-бирига кўзгу қилиб яратилган…»
— … санъат асарининг асос масаласи — асарни дунёга келтирган ҳаётнинг қанчалар теранлигини кўрсатиш, — дерди ҳамсуҳбати деразанинг ошиқ-мошиқларига сокин тикилиб. – Бошқаси – хомаки чала-ярим ғояларга сиғиниш, ҳавасманднинг самарасиз уринишлари, рўёларга алданиш.
Шу сониялар Туйғуннинг юраги — хассос шоир, зукко устози қалби билан бовужуд тепиб турарди.
— … инсон қалбини ҳам худди даладек шудгорлаб туриши керак, маънавий шудгорлаб туриш керак, баъзан ҳар хил ёзувлардан бир тасвир, кичкина бир шеър кучлироқ, давомлироқ таъсир қолдира билади, — дерди шоир ўз мулоҳазаларига ғарқ бўлиб.
– Бизни шудгорлар — муқаддас шудгорлар, ука… ёмонни яхшига айлантириб бўлмайди… Шеър, тасвир юракдан оқиб чиқиши одамни бир оз софланиб, бир оз мусаффоланиб олишига ёрдам бериши, жилла ўйлантириб қўйиши, юракни ҳаракатга келтириши керак-да…
Унинг кўзи тушган нарсаларга қизиқувчан, меҳрли боқишларидан, эҳтиросли сўзларидан Туйғун дилдан ҳузурланарди.
Расми чизилиш асносида, нигоҳи деразадан аста-секин тилла либос кия бошлаган ўрик буталарига қадалиб, шоир хаёли беихтиёр, ўзининг бўлган-тургани, қандай одам экани ҳақидаги ўйларга ғарқ бўлди. Теран ва вазмин боқувчи кўзларида йиллар дақиқаларга айланди. Рассом эса шоир чеҳрасида, ташқи қиёфасидаги соғинч ва ҳасрат, ёлғизлик асарини, чеҳрасини хийла ёритган дилу нияти учқунларини тасвирий идрокидан ўтказиб, дам сайин нозик чизгиларида зуҳур эта борди.
Соат-басоат вақт ўтиб, устахона ботиб бораётган офтобнинг нурлари билан тўлганда рассом портретнинг юз қисми, елка ва қўл кўринишларини деярли чизиб улгурганди. Дафъатан Туйғун танасида чарчоқ сезди, кейин чап қўлига игна санчилгандек бўлди. Бу — хасталик тазйиқи. У ҳаяжонга тушмай, мўйқаламни ёнидаги баланд курсига қўяр экан, шоирга:
— Бугунга етади, эртага давом эттирамиз, — деди хотиржам овоз билан.
Шу пайт кимдир ўз калити билан эшикни товушсиз очди. Остонада Нигора пайдо бўлди.. Унинг чеҳрасида ёқимли жилва. Хонада яна кимдир бор эканини пайқагани сабабли, у ижозатингиз билан дегандек ичкарига икки қадам ўтиб, таққа тўхтади ва меҳмон билан саломлашди. Салом-аликдан сўнг:
— Нигорахон, мени рафиқам, — деб таништирди Туйғун хотинига жилмайиб.
— Танишганимдан жуда хурсандман, — деди жавоб қилди унинг ҳузуридаги кимса.
Нигора бир оз синчковлик билан тикилди. Одатда машҳур одам даъфатан рўпарада пайдо бўлган чоғда унга бехосдан шундай тикилиб қоладилар. Шоир худди уни аввалдан таниган, суҳбатлашиб юрган одамдек қисқа сўрашиб, самимий оҳангда зақланиб деди:
— Ҳайратомуз ишчанлик, келин! Заҳмати дилимга малҳам бўлди, нафас олишим енгиллашди, ўзим ҳам асар ёзаётган пайтимдаги ҳолатга кирдим…
Нигора тротинишга ҳожат қолмагани учун:
— У киши шунақа: уриниб, берилиб ишлайдилар, — дея гапни илиб кетди ва улар бир оз ўзаро кулишиб олишди.
Айни чоғда пастдан автомобиль сигналининг товуши эшитилди. Шоир балкон айвони панжараси олдига бориб қайтгач:
— Узр, жўнашим керак, машина келибди, – деди рафторига изоҳ бергандек бўлиб. — Сизлар билан яна бир оз шу ерда ўтирай дегандим… баъзи бир ишларни битириш керак.
— Давоми эртага, вақтли, соат саккиз бўлмасдан келинг, — деди Туйғун, хотини икковлашиб шоирни даҳлиздан кузатишаркан.
Устахонага қайтган Нигора рассом нигоҳи билан Туйғун талқинидаги тасвирга назар солди ва бир сўз демай тим қора сочли бошини эрининг елкасига қўйди. Кейин эридан:
— Назаримда, мен қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим. Хавотир олма… ҳаммаси яхши бўлиб кетади, чорасини топармиз, — деган жавобни олди. У суйган одамига «бунга аминман» дегандек унсиз, тасдиқ маъносида бош ирғади-да:
— Юринг, тотинсангиз бўларди, — дея эрини қўлидан етаклаб стол томон бошлади.
***
Эртаси кун Муҳаммад Шукур айтилган пайтда устахонада ҳозир бўлди. Унинг елкасидан тоғ ағдарилган кимсадек руҳи енгил эди. Юзида изоҳлаб бўлмайдиган қандайдир ўзгариш, бутун хатти-ҳаракатида қатъият мавжуд. Жонли андоза билан портрети ўртасидаги аломат муштаракликни сезиш қийин эмас.
Туйғун портрет фонини батафсил чизмасликка аҳд қилди. Ҳар ҳолда бадиий асарга ҳам ҳаво зурур… шундай қилсам юздаги чизиқлар фонига қоришиб кетмай қиёфа олдинга ёриб чиққандек таассурот беради. Панжалар жойида, чин мухлис шоир асарларининг нечоғлик яшовчанлигини ботинан ҳис қилиши мумкин. Лаблар… уларга сал қон югуртирилган (кўп эмас рубенсона меъёрда)… чеккадаги ботиқни унча чуқурлаштирмади. Юзда такаббур, истеҳзо йўқ. Бу томошабинда – рангин, қурама ва бемантиқ дунёмиз латофатидан бахра олиш туйғусини уйғотади. Энг муҳими, портретда ёниқ юрак бор! Дардли юрак яшаб қоляпти. Дард унинг кўзлари тубида ва бармоқлари учида… Ана сенга “ички ҳаёт қувватини, тананинг ҳаёт кучини сақлаш қонунияти”!
— Мана, портрет тайёр! – деди Туйғун, одати бўйича ортига икки-уч қадам ташлаб. — Бўёқни қуритсак яхши бўларди, албатта. Лекин менинг шошилинч сафарим бор, шунинг учун уни сизга ишониб топшираман. Олиб кетаётганда эҳтиёт бўласиз, суркалмасин.
— Ҳаракат қиламан… хавотир олманг. Демак, сизнинг тасаввурингизча мен шундай эканман-да? Илиқ ранглар нафасимга тегаётгандек бўляпти…
— Ҳа, шундай! Ўзи — шундай эди ҳам!
Муҳаммад Шукур портретни олиб кетишдан олдин Туйғунга ташаккурини изҳор этиб, қисқагина ҳадянома ёзиб «эсдалик учун олинг дея» янги чоп этилган шеърий китобини совға қилди.
Ниҳоят, сўнгги портрет ҳам ишланди. Навбатдагиси бўлмайди. Ачинарли хотима. «Темир парчаси» умуртқани жиззиллатиб ўтиб, онгостида совуқ сув ҳақидаги ниятини яна янгилади.
Туйғун Рустам Бозоров устахонасидан чиқиб, эшикни базўр қулфлаб, пастга тушиб одимлади.
Ташқарида сентябрь ойи охирининг сўнгги қуёшли кунлари. Дарахтларнинг қуюқ барглари секин-аста сарғая бошлаган. Иссиқнинг баданга тегадиган салқин нафаси ҳам йўқ эмас. Икки қадам нарида кўкимтир-зангори рангдаги Бўзсув анҳори оқмоқда. Сувнинг оқими тиним билмайди. Сувга чалқанча ётиб, ўзингни оқим ихтиёрига топшир. Қолганини оқимнинг ўзи бажаради, оёқ билан сал-сал ёрдам бериб турсанг бас…
У куз офтоби тафтида туриб ўшанда кўрганлари; бутун борлиқнинг ибтидоси ва интиҳоси – қум ва юлдузларни кўз олдида жонлантирди. Истеъдоди тамалига оташини берган Қорақумни, унинг ўтли барханларини, ўсмирлик оламини гўзалликлар билан безаган тонгларини эслади. Кейин Италияда ўтган даврини, билимдон устоз йўл-йўриқлари билан қилган машқларини, саҳарлаб устахонага биринчи бўлиб эрта тонг маҳали келишларини ва ижодхонадан ётоққа охирги бўлиб қайтишларини ёдга олди. Хаёли титради (табиат берган руҳ инсонни нажотга муҳтож дамларида ҳам тарк этмас экан), юрагига азизроқ бўлган, ҳали чизилмаган ҳис-туйғулари суврати — «Тошкентим хаёллари» фахриясини яратиш билан яшай бошлади.
У уйига етиб келиб, хонадонига эмас, тўғри тепага кўтарилди.
Нигора (нонушта пайти келишиб олишганларидек) эрининг қайтишини олдиндан сезиб, устахонани чиннидек қилиб, йиғиштириб қўйибди. Туйғун эски чарм диванга чўкканча рўпарасидаги миз устига қўйилган гулдондан тошиб кетган майда оқ атиргуллардан иборат гулдастага тикилиб қолди. Кейин чап қўл панжаларидаги бор кучни тўплаб ўнг қўлининг тирсагидан юқорисини уқалагандек бўлди. Ўзгариш қайда. Наҳотки, у юрак оташини сўнгигача портретларга бериб бўлган бўлса, наҳотки, таянган эътиқоди уни қутқармаса, наҳотки бармоқлари бесамар қолиб, кўнглидаги манзараларнинг ҳаммасини полотнога туширмай кетса…
У шундай хаёлга ботиб узоқ ўтирди, кейин «кечликдан кейин миллий боққа, кўлга бориб таваккал қилиб сувга кираман» деб кўнглидан ўтказди. Ўша онларни кутиш эса энди унга бардош бағишларди.
Туйғун зина пиллапоясида турганда, оҳиста туртилган эшик калитсиз ўзи қулфланди. Орага чўккан жимликда унинг димоғи ачишди, бадани титради…
***
Хонадонига кирганида Нигора уни аввалгидек эмас, пешвоз чиқиб кутиб олди.
— Устахонага ўтганингизни билдим, Туйғун ака, – деди у эрига меҳрли овоз билан.
— Гуллар учун раҳмат, Нигора. Ҳидини айтмайсанми. Кўнглим ёришди.
— Бугун кўҳна Рим кўчалари туркумидаги «Чирмовуқгул чирмаган уй» асарингиз сотилди, адаси. Япониядан келган бир архитектор олибди. Ўрни тўлиб турсин деб шу атиргулларни ола келдим.
— Яхши одам қўлига тушган бўлса, мен ҳам хурсандман.
Гапга гап уланиб икки ёш суҳбати узоқ давом этди.
“Тошкентим хаёллари”да у катта бир мақсадни олдига қўйгани: унда она шаҳрининг болажонлигини, унинг не-не истеъдодлар бошини силаган ижодий иқлимини — Ғарб тасвирий санъатининг шакл услубига Шарқ миниатюра санъатининг ранг тароватини қўшиб, муборак шаҳар шаънига маҳобатли манзара яратмоқчи экани ҳақида илгарилари бўлганидек ҳаяжон билан гапирди.
Жимгина тинглаб ўтирган Нигора аввалига эри хасталикка ҳеч кўника олмаётганини сезиб, киши билмас Туйғуннинг бармоқларига ҳадик ва умид билан боқиб ўтирди, кейин унинг юрагида ишонч, рўёбини интизор бўлиб кутаётган орзу-ҳаваслар бор эканидан севиниб, қулфи дили очилди. Хаёл ёшларни аллақаёқларга олиб кетди.
Туйғун Нигоранинг отаси унга устахонасини топшириб, ишлаш учун қулай шароитлар яратиб берганидан қувонганларини эслаб, сирқираб турган қўлларини унутаёзди. Хотини эса унинг отаси ҳамма вақт унга ифтихор ва ишонч билан қарашини, «қизим зар килолаб эмас, мисқоллаб ўлчанади, Туйғуннинг қадрига ет! Бунақанги рассомлар Италиянинг ўзида ҳам қолмаган» деб эътироф этганларини мана бугун ўзига айтиб, отаси хато қилмаганини тасдиқлади. Туйғун эса яқин келажакда Нигорани Италия бўйлаб сайру саёҳатга албатта олиб боришини айтди.
Қоронғу тушгач, Нигора дастурхонни йиғиштирди, Туйғун бу кечани устахонасида ўтказишини айтди. Хотини тепада керакли юмушларни қилиб тушгач, у Нигора билан эртага санаторияга жўнаш олдидан албатта докторга яна бир учрашиш лозимлигини келишиб, хайрлашди ва тунагани устахонага дастлаб кўтарила бошлади ҳам…
***
Ниҳоят, кутилган вақт етди. Туйғун уйнинг орқа дарвозасидан чиқиб, чап томон йўл олди. У кўзлаган ер яқин эди. Кўчада ҳеч зоғ кўринмайди. Муюлишга етганида эгасиз, дайди ит унга пешвоз чиқди. Туйғун кўзларида интиқ илинж учқунлари порлаган жонзотни на сўз, на имо-ишора билан рағбатлантиришга қурби бўлди. Шунга қарамай, ит одам ортидан итоатли эргашди.
Туйғун ўзидан ўзи ҳайрон — диққатидан қолиб келган ҳамма нарсалар кўз ўнгида янада бўртиб намоён бўляпти: ит ҳам, дарахтлар ҳам, кўча ёритгичлари ҳам, онда-сондаги чироғи ўчмаган деразалар ҳам.. Илгари одми, жўн туюлган барча нарсалар унга ўз-ўзидан қадрли бўлиб қолаётган эдики, улардан айрилиш азоби юракни зирқиратар, гўё ўтмиш ҳаёти дақиқа сайин узоқлашиб, орқада қолиб бораётгандай туюларди унга.
Туйғун боғ эшигидан ўтди, ҳар бир янги қадами уни баттарроқ ҳаяжонга солди. Ойдин ва салқин кеча, боғ бағри одамларни тортмай қўйган. Атрофда уйқучил жимлик. Шамолдан ном-нишон йўқ. Тўлишган оппоқ ой беғубор фазода муаллақ турарди. Дов-дарахтлар ўртасидаги ялтиллаган кўлда ҳам яна битта ой порлаб турибди, худди кўкдаги каби.
У (гўё ҳар бир одамнинг ортида, сўнгги нажот қидирганда суянчи, уни эшитиб кўриниш беришини кутаётган, мададкори бордек) бошқа бир хилқат ўзини бошқараётгандай, атрофга аланглади. Туйғун учун у олисда эмас, яқин орада, жимжитликнинг унсиз юпқа чойшаб ортида тургандек эди.
У бўм-бўш хиёбондан бурилиб, кенг сайхонлик томон йўл олди. Ит аввалгидек илакишиб келяпти.
***
Кўл бўсағасида у тўйиб нафас олди. Кейин кийимларини ва туфлисини бир амаллаб ечди. Яланг оёқлари қумоқ тупроққа тегиб ҳузур қилди. Сув томон ҳар қадам босганда чўкиртак илдиз-поялар товонларига қаттиқ, қаттиқ ботди.
Мана, ниҳоят у – ўша сув. Танага ҳузур бағишловчи, оташ бўлиб ёнаётган ”ёмби”ни ўчирадиган музтарлик. Туйғун қадамини ўзгартирмай кўлнинг саёз еридан пастлаб юрди. Сув тиззасига етгач оёқлари андек қуниша бошлади. Соҳилда тўхтаган жонзод, яшамоқ ҳисси борлигини билдириб қўймоқчи бўлгандек кетидан жаҳлли ириллаб қолди. Итга раҳми келди, лекин ўзига эмас. Негаям ачинсин ўзига? Ахир, бешафқат изтироб ўз аксияти бўлган улуғ бахтни унга ҳадя этди, туйғулари ўлчов қирғоқларидан ўтди… Оламнинг тириклиги ва бир бутунлиги — унинг қувваи жозибасида эканини англаш бахтига муяссар бўлди.
Туйғун теран сукунатда, юрагининг заиф депсинишларини сезаркан, кўл сатҳидан бошлаб то оламнинг сўнгги чегарасига қадар мавжуд борлиқни зулмат босди… Унга ўпка эмас, қалб нафас олаётгандек туюлди. Қулоқларига гўё олисдан, жим-жит бўшлиқдан ўтиб пастга урилаётган томчиларнинг заиф, калта-калта зарби садолари эшитилаётгандек бўлди. Кейин, хайрият, чаккаларида симиллаш камайиб, Туйғун бу товушлар узоқдан, бўлак бир борлиқдан эмас, балки ўз юрагидан вужудга келиб, яна ва яна такрорланиб кўнглига чўккан асосий ҳаётини ёдига солишга қодир дукур бўлиб, шоҳ томирида бир меъёрда тепаётганини пайқади. Умрида биринчи мартаба қониб нафас олгандай бўлди.
Унинг жовдир-жовдир қилган кўзларига осмон гумбазида бирин-кетин чарақлаб ёришган юлдузлар — умри узилмаслигига башорат бериб турган – олтин булутдай кўкнинг бу томонидан у томонига чўзилган сомон йўл буржи кўринди. Унинг шўълалари фаровон.
Томирларидан ёқимли живирлаш ёйилиб ўтди. Гардани пастида азоб бераётган оташ ҳарорат ўз-ўзидан сўна бошлади.
Меҳрибон, муруввати бениҳоя табиат — айни шу дақиқалар унинг қалб ғуссасини, жисм-танидаги барча тасодиф изларни қайтиб келмас қилиб, тамоман ўчираётган эди…
Eldor BOBOEV
MUSAVVIR
Qissaning davomi
***
Tuyg’un Sodiqovning shaxsiy ko’rgazmasi ortiqcha ovozalarsiz, muvaffaqiyat bilan o’tdi. Kuniga o’rta hisobda uch yuztacha tomoshabin kelib-ketdi. Qaydlar kitobiga ko’rgazmadan olingan taassurotlar, rassom ijodiga nisbatan bildirilgan fikrlar, istak va niyatlar ko’tarinki va samimiy so’zlarda bayon etildi. Ko’rgazma yopilish kuni esa, keyinchalik do’sti Rustam Bozorov ta’biri bilan aytganda, kutilmaganda «tomoshabinlar ko’rigi» sodir bo’ldi.
Shu kuni peshinda qo’ng’iroq bo’ldi. Tuyg’un ko’rgazma xizmatchisining ovozini darhol tanidi. U go’shakni qo’liga oldi.
— A-lyo, Tuyg’un aka, o’zingizmi? Ko’rgazmangizda odam ko’p, hech bunday bo’lmagandi! Ochilmasidan tumonat odam yig’ilib ketdi. Hozir ham, tushlik payti ham ovqatlana olmay turibmiz, ichkariga birdan qo’yib bo’lmaydi… O’zingiz bir keling.
— Bugun dam olish kuni bo’lganidan shundaydir-da, men borib nimayam qildim?
— Shanba, yakshanbalarda ham, ilgari bundaqa bo’lmagandi. Kechirasiz-u, olomonning o’zginasi. Keling, kelganingizda bilasiz…
Tuyg’un ko’rgazma bilan uyi orasi anchagina olis bo’lsa-da, piyoda yo’lga tushdi. Nigoraga bu haqda hech nima demadi. To’g’ri-da, telefondagi gaplar shunchaki hazil-nayrang bo’lsa-chi… Lekin o’zi aynan shunday ekaniga oqko’ngillik bilan ishondi: zotan, birorta rassom yo’qki, asarlari orqali muxlislariga o’z qalbi boyliklarini, mo’yqalamining butun sehrini in’om etmoqni istamasa. Ular hamisha ko’rgazmalari tomoshabin bilan gavjum bo’lishi va asarlari elga tanilish orzu- armoni bilan yuradilar. Zotan, iste’dodi tan olinmay, ijodi yuraklardan joy olmay, odamlar xayrixohligisiz yashashdan ortiq azob yo’q.
Kurant muyulishidan o’tib, ko’rgazma oldidagi sayxonlikda chindan ham uymalashib turgan bir to’p odamni ko’rdi-yu, haligi qo’ng’iroqdan keyin Tuyg’unning diliga oralagan g’ashlik, boshqa bir tuyg’u – g’urur bilan o’rin almashdi. Navbatda turganlar nihoyatda bezovtalanib, o’tgan-ketganning diqqatini o’ziga tortar, nimalarnidir muhokama qilar edi.
Tuyg’un ularga yaqinlashdi, navbatda turganlarning uncha katta bo’lmagan g’ujanagida kim oxiri, kim kimdan keyin turganini aniqlab bo’lmasdi. Tuyg’un bir lahzalik taradduddan keyin o’zini tanitmay, navbatda turgan kishi bo’lib, odamlarning gap-so’zlarini tinglashga qaror qildi. Shu payt yonida tivit ro’mollar o’ranib, miqti gavdalari yana ham beshakl ko’rinish olgan, xo’ppa semiz ikki ayol paydo bo’ldi.
— Nimaga navbatda turibsizlar, nima berayotgan ekan? – dedi ulardan biri Tuyg’undan. Tuyg’un eshitmaganga oldi.
— Navbat Badiiy ko’rgazmaga kirish uchun, xolajon, rasm tomosha qilamiz, — dedi yoshgina bir qiz, imkoni boricha muloyimroq ohangda, keyin yonidagi yigitga jilmayib qo’ydi.
Ro’mol o’rangan ayollar churq etmay nari ketishdi.
Tuyg’un davradan sal nari turgan ana shu ikki yoshni ko’ngli tusab, ularga o’zini tanitgisi keldi, biroq o’zini tiydi. Shunday qilsa, o’zining favqulodda shuhrati (aniqrog’ini topdi – epidemiyaviy shuhrati) sababini bilolmay qoladi. Tanilib qolishlikdan esa hayiqmasa bo’ladi, sababi — uning rassom birodarlari ko’rgazmaga navbatda turmasliklari aniq.
Tuyg’un yoshlarga xalal berishni ep ko’rmay, unga birinchi ro’para kelgan, ko’zlari osti shishinqiragan, o’rta yoshli erkakka yuzlandi.
— Kechirasiz… hamma Tuyg’un Sodiqov ko’rgazmasiga kelganmi? – deya odamlar to’pi ortidagi afishaga ishora qildi. Haligi kishi butun gavdasi bilan Tuyg’un tomonga o’girilib:
— Shunday, – deb tund javob berdi.
— Kecha bemalol edi. Tavba, bugun muncha odam ko’p?..
Erkakning raftoridan javobga xohishi yo’qligi sezilib turardi.
— Qaydam. O’sha bemalolligida kirmabsiz-da, uka.
— Kirdim.
— Omadingiz bor ekan. Nimalarni ko’rdingiz?
— Ha, shu tabiat manzaralari… bog’lar, dala, tog’u toshlar… Italiyaga borib chizganlari ham bor: dengiz… ko’rfaz, sohildagi qayiqlar, obidalar…Umuman, bir marta ko’rsa bo’ladi.
— Bular o’z yo’liga… siz rasmlar… rasmlarni ta’sirini sezdingizmi?
Tuyg’un ochig’i, bu savolga tushunmadi.
— Ta’sir, qanaqa ta’sir? – dedi hayron qolib.
— E, unda vaqtingiz bekor ketibdi. Hamma gap ta’sirni yuqtirib olish-da, ukam. Rasmdan nurlanib, davolanish kerak edi.
— Gapingizga tushunmadim. San’at odamga ta’sir etishi tushunarli, siz shunaqa ta’sirni aytyapsizmi?
— Yo’q, bu boshqacha ta’sir; gipnozga o’xshab ketadi-yu, lekin undan kuchliroq! Haligi… — u fikrini izohlashga tushdi. — Ekstrasenslar bo’ladi-ku, barmoqlari bilan davolaydigan … Shunga o’xshaydi. Rassomning ko’z nurida shunaqa xosiyat bor ekan.
Bunaqa olashovur tarqalishiga bevosita Nodir va Hikoyat (ehtimol, Rustam ham) daxldor ekanligini Tuyg’un fahmladi. Va ko’zlari osti qabargan erkakdan, yoinki boshqalardan rasmlar ta’siri haqida takror so’rab-surishtirishni o’ziga ep ko’rmadi. Qo’yib bersa bu yerda yana ne-ne gaplarni eshitmaydi. U davrani tark etishga shoshildi.
Ana shuhrat-u, mana shuhrat. Har qanday rassom asarlari bilan tanilishni xohlaydi, lekin bu tarzda…
***
Kechga yaqin kulcha yuz do’sti – Rustam hayratli qiyofada kirib keldi.
— O’-ho’, og’ayni, qoyi-il! Juda mashhur bo’lib ketibsanu-a! Hamma joyda ovoza, so’qirlarning ko’zi ochilayotganmish, duduqlar ravon-ravon gapirayotganmish!
— Shunday, yallig’langan ko’zlar olazarak boqyapti, gung-soqovlar pichirlayapti… — qo’shimcha qildi Tuyg’un.
U mutoyiba ohangida gapirmoqchi edi, lekin negadir ovozi hazin eshitildi. Balki, Rustam, hazilga yo’yib gapirsa ham, xayoli portretlarning g’aroyib xususiyatida emas, «buxgalteriyasi» haqida ekani va do’sti aynan shu katta gonorarlardan hayratda ekanidan dili og’ridimi, birdan o’zini yolg’iz his etib, allaqanday o’ylardan noxushlandi: u shu kungacha do’stini yaxshi bilmas ekan. Shu paytgacha durustroq bilmay kelgan ekan. Mana endi uning, istiholaga borib ko’z yumib kelgan jihatlarini beayov nazardan o’tkazdi va: Rustam — ijodda shudsiz, faqat buyurtma ishlashi bilan, ishlaganda ham, shunchaki urfga ergashib ishlashi bilan, bo’yoqni matoga g’aliz tortishi, pullik ishlarga ruju qo’ygani, chapdastligi va ehtiyotkorligi bilan, jarangdor va ravon ovozi, har bir so’ziga urg’u berib gapirishi, mutoyibaga moyilligi bilan, ayollar bilan muloqot mijozi yuqori ekanidan emas, boshqalar ko’zida Don-juan bo’lib ko’rinishi bilan — bachkana odam ekanini bir zumda o’zi uchun oydinlashtirib oldi. Lekin baribir Rustamning unga ixlosmandligi, munosabatlarida mutlaqo samimiy ekani va ba’zan uning chehrasiga do’stona boqishlarini e’tirof etarkan, “lekin shuning o’zi o’rtada orttirilgan do’stlikning saqlanib qolishiga kifoya qilarmikan?..” degan mubham xulosaga keldi.
— Og’ayni endi bulardan yomon tushdek qutila olmaysan! Reklama zo’r o’ylab topilgan ish bo’lipti! – dedi Rustam ko’zlarini javdiratib. — Tagi ochilguncha… anchagina uyib tashlashga ul-gu-ra-san!
Xo’sh, endi u kim bo’ldi!
— Ke, portretingni ishlayman! Rostdanam… o’zing ishonasan, — dedi Tuyg’un har qanday tushuntirish, izohlarni ortiqcha bilib.
— Bajonidil, lekin men katta pul berolmayman.
— Nima deyapsan! Qanaqa pul?
— Qo’y, boshni og’ritma, portretni ishlarsan ham, ammo qiziqarli hech nima bo’lmaydi, menimcha.
— O’zingda sinab ko’r demoqchiman, xolos.
— Gazetada bir fototasvir ko’rgandim; oddiy qo’l, atrofi yog’duvash dog’mi-yey? Shunga o’xshash…
Rustam uddaburro edi, binobarin, hozir ham Tuyg’unning javoblaridan (sobiq kursdoshining suygan iborasi bilan aytganda) “kerakli fikr”ni o’zidan ustalik bilan surishtirib bilib olishni istardi.
— Menga qaranglar, men tushunmayapman. Qanaqa reklama, qanaqa ovoza? Menga ham aytinglar, axir?! – deb yubordi Nigora ko’zlarini katta-katta ochib eriga yuzlanarkan. Tuyg’un xotinining qo’lidan tutib:
— Keyin, keyin aytib beraman…- deya kuldi.
— Iloj qancha, Sharq ayollari hamisha oxirida eshitadi! – piching qildi Rustam, do’stining “ustamon” ligini ta’riflagan bo’lib. Vaholanki, Tuyg’un xotiniga hammasini bir boshdan, Nodir bilan Hikoyat ustaxonasiga kelgan kundan boshlab aytib bermoqchi edi, biroq xotini buni jiddiy qabul qilmasligini bilgani uchun, keyinchalik mavridi bilan aytib berarman, degandi.
Hozir esa mana, mavridi o’tib, endi hammasini boshidan tushib izohlab berishga to’g’ri kelyapti. Boz ustiga, Rustamning oldida. U bo’lmasa ham koshkiydi… Eng yomoni buningdek g’ayritabiiy hodisaga tabiiy izoh berish talab qilinayotgani uchun emas, umuman odamning o’ziga o’zi baho berishi — o’zining kimligi haqida boshqani ishontirish zarurati — g’oyat ayanchli, yuraklarni siqib yuboradigan ko’ngilsiz ish ekanini yaxshi biladi.
Nima qilish kerak? Qanday izohlash, qanday tushuntirish, qanday ishontirish kerak?! Bu vaziyatdan chiqishning birdan-bir yo’li – zudlik bilan Nigoraning portretini chizish… U parokanda xayolini yig’ib xotinining yangi kelin bo’lib tushgan paytlaridagi qiyofasini esladi… bekam-ko’st, tom ma’nodagi go’zallik! Nigorani xuddi o’sha holatda tasvirlaydi…
— Xo’sh, bu qanaqangi allambalo ta’sir ekan? – degan muloyim ta’nasi uning xayolini chalg’itdi.
— Bilolmadim! Aytishlaricha qiyofa-andozalar asta-sekin o’z portretlariga o’xshab ketayotganmish … — dedi Tuyg’un parishonxotir termulib.
Rustam sigaret chekib, tutun yelpib o’tirarkan, fikrini bir yerga jamlab, ko’ngliga tugib qo’ygan o’yini aytdi.
— Xullas, mening fahmimcha, buyurtmachilarning aytishicha ham, boshida judayam o’xshashlik bo’lmagan! — u gap payrovini keltirayotganday ovozini pasaytirdi. — Chunki, o’xshashlikni tutib olishda kamchilik bo’lgan desak, bu ham unchalik to’g’ri emas – har kimning nigohi, didi har xil… Bunda ajoyib fikr bor: andoza jonli, u portret sababli diliga solingan o’zgarishni kutib yuradi. Tushundinglarmi! Ana senga «ijod», najoti bilan! – dedi.
— To’xtanglar… «ularning aytishicha», kim ular? — battar qiziqsinib so’radi Nigora gap tugashini ham kutmay.
— Bu gap-so’zlarga mening daxlim yo’q, portret egalaridan chiqqan gaplar bu, — dedi Tuyg’un xotinining savoli birinchi navbatda o’ziga tegishli ekanini anglab, — esingdami, Rustam bir odamni olib kelgandi, portret chizdirgani. Keyin uning ayoli keldi, uniyam portretini chizdim, hammasi shulardan keyin boshlandi.
— Rosttanmi?! Shunga ishondimi ular?
— Bitta ular emas, Nigora, ovoza deyarli butun shaharga tarqalib bo’lgan. Ishonmagan yolg’iz sen, men qoldik. – dedi Rustam va ketidan, — men hali gumonsirab turganlardanman, — deb mug’ombirona luqma tashlab ham qo’ydi.
Nigora avvaliga tushunmadi, keyin esa:
— Shunday gap denglar…yo’q, bo’lishi mumkin emas! – dedi oddiygina qilib.
Tuyg’un qo’zg’aldi.
— Ustaxonada ishim bor, Rustam, ketdik tepaga, – dedi suhbatga yakun yasagan bo’lib.
Nigora darrov ma’yuslandi. Chunki, tabiiy hol, ayollar dilida erlarining barcha yurish-turishidan … tuzgan rejalaridan hamisha xabardor bo’lib turishga haqli deb hisoblashadi o’zlarini.
Toqati toq bo’lgan Tuyg’un, nazarida, shu tariqa diqqatvozlikdan qochib qutilarman deb o’ylagandi. Lekin do’sti bilan xayrlashganda o’zining bu raftoriga nainki toqatsizlik, balki ishlash maqsadi ham sabab bo’lganini ko’nglidan o’tkazdi va zina bandini tutgancha pillapoyalardan yuqoriga chiqa boshladi.
***
U ijodxonasiga kirib chiroqni yoqdi va shu onlarda o’zini naqadar baxtli odam ekaniga, balkim umrida ilk bor iqror bo’ldi: borliq hayotining davomi bo’lgan ustaxonasi, asarlari bor, qo’lidan keladigan, ko’ngliga yoqqan hunari bor va shu paytgacha beshafqat ichki ovoziga quloq solib doimo ko’ngli loyiq ko’rganini chizdi, bironta chiziqni e’tiqodi, matlabiga zid tortmadi, binobarin qalbi ishongan, hayotiy narsalar to’g’risida asar yaratdi – ijodkor uchun shuni o’zi ham yetadi! Qolgani bari arzimas narsalar.
Nigoraning portretini chizish uchun uni ro’parasiga o’tkazib qo’yishi shart emas. U ayoli chehrasida muloyim jilvani, kipriklar, kipriklar ostidagi soyalarni ko’z o’ngida birdek aniq-tiniq tasavvur qildi. Bir on bahor hidi dimog’iga kirganday bo’ldi.
Tuyg’un mutlaqo xotirjam, Nodirda yuz bergan o’zgarish keyingi portretlarida ham sodir bo’lishiga shubhasi qolmagandi. Mabodo Hikoyatning portretiga, to’satdan ochilgan zakovati qanday kelgan bo’lsa shunday taqqa to’xtab qolishi ham mumkin ekanidan hadik-xavotir bilan qo’l urgan bo’lsa, hozir bunday xavotir yo’q edi.
Ustaxona oftob nurlari bilan to’lgan esa-da, ishning borishi bu gal qiyin kechdi. Go’yoki mato qilqalam harakatiga monelik qilayotgandek edi. Biroq bunday qiyinchilik, sarf etgan kuch-quvvatiga monand rassomga ijodning totli onlarini ato etayotgandi. Zotan ish qancha mashaqatli kechsa, bitgach, kishiga shunga yarasha lazzat ham beradi.
Shanbaga o’tar kuni tong pallasida O’rdadagi bir qo’sh qavat uyning xonadoni bedor bo’ldi.Tun yarimlaganda u portretni deyarli intihosiga yetkazdi. Qo’lida yana avvalgidek igna sanchig’i, mushaklarida xuddi uvishganda hosil bo’ladigan bejo jimirlashlarni his qildi.
***
Ikki kun o’zini unutib ter to’kdi. Na bemalol o’tirib ovqat yedi, na dam olishni o’yladi. Va nihoyat…
Peshinga yaqin xotini odatdagidek yumushlar bilan tepaga chiqib:
— Adasi, bir oynaga qarang, soqolingiz mashinkada oladigan bo’lib qolibdi-ku, – deya hazillashdi.
Tuyg’un uni yangi asari taqdimotiga taklif etib, mol`bert ustidagi choyshabni sidirib olarkan alohida iltifot bilan dedi.
— Ijozatingiz bilan, avval siz o’zingizga bir qarang!
Nigora indamay, jussasi va qiyofasiga yarashiqli nafis ranglarga tikilib qoldi-da:
— O, demak, shunday ekanman-da… – dedi astagina. Uning aqqiq ko’zlarida chuqur samimiyat porladi. Odam bolasi o’zining asl mohiyatiga qaytsagina shunday holatga tushishi mumkin.
— Tuyg’un aka … — dedi keyin o’ychanlik bilan. — O’lay agar, mo»jiza bu!.. Bunaqasi hali bo’lmagan – hech kimda, hech qachon!
O’z portreti jozibasi ta’siriga berilish, qalbning qa’riga yashiringan borlig’i bilan tanishish, uni ayon ko’rish, unga mehr qo’yish va, oqibatda, unga talpinish shunday kecharkan-da: go’yoki pastdan yuqoriga, yuksak tog’ cho’qqisiga tirmashib ko’tarilishga o’xshaydi bu .
Nigoraning ikkinchi kuni ham, uchinchi kun ham shunday zaylda kechdi. Portret ohanraboday o’ziga tortardi. U kundalik yumushlaridan qutildim deguncha, portreti oldida mahliyo bo’lib o’tirishni odat qildi.
Tuyg’un o’z asari qudratiyu imkoniyatlariga ham ishonar, ham g’ururlanar, ham hayron qolar va bundan tashqari ba’zi-ba’zida cho’chirdi ham. Lekin baribir unda iftixor hissi ustunlik qilardi. Biroq o’ng qo’li… Endi u hattoki qoshiqni ham tutib turolmasdi. Mushaklari uvishib, «chumoli yugurigi» kuchayib borayotgandi. U so’nggi oylar ichida yuz bergan hodisotlar silsilasini daf’atan qabul qilolmay, avvalgi holiga kelguncha ustaxonasiga ham ko’tarilmay
qo’ydi.
Bir payt Nigora cho’chigan bir alfozda tashqaridan kirib keldi. U yaqinginada ul-bul xarid qilgani chiqib ketgan edi, biroq tezda ortiga qaytdi:
— Menga qarang, adasi, ustaxonamiz oldida odam yig’ilib ketibdi. Qirqtacha bor. Aytishlaricha bugun portret chizdirgani ro’yxat tuziladigan kun emish. Ro’yxatni ham boshlab yuborishibdi. Yaxshiyam, uyimizni bilishmaydi, bo’lmasa… nima qilardik!
— Demak, qirq kishi ertaga to’rt yuztaga aylanadi.
O’ylay-o’ylay najot yo’lini topishdi: Rustamga qo’ng’iroq qilishdi. u vaqtincha o’z ustaxonasida yashab turishiga ruxsat berdi. Uyni tunda bekitiqcha tark etishdi. Tuyg’un chap qo’liga jomadonni oldi, Nigora puxta qilib choyshabga o’ralgan portretini ko’tarib chiqdi.
***
Bir haftaki, Tuyg’un chap qo’lda ovqat yeydi, lekin xotini haligacha payqamaydi. Qayoqdanam payqasin, fikr-xayoli portretida bo’lsa! U tashqi afti-angor jihatdan portretiga mos o’zgara boshladigina emas, uzoq yillik tanaffusdan so’ng etyudnik ko’tarib ishlagani ham chiqib ketdi.
Er-xotin ustaxonaga tuzukkina o’rnashib olishdi. Rustam ulardan xabar olgani onda-sonda kirardi. Tuyg’unga, ayniqsa, devorlardan unga boqib turuvchi qadrdon asarlari yetishmayotgani sezilardi. Ularsiz Tuyg’un o’zini ojiz, zirxi olib tashlangan toshbaqaday his etayotgandi.
Bir hafta o’tib ham o’ng qo’lidagi majolsizlik arimadi, gardanining pastida og’riq paydo bo’ldi va oxiri vrach qabuliga borishga qaror qildi. Nevropotolog professor, ancha keksayib qolgan otaxon, dardini eshitgach:
— Xo’sh, qani, ikkala panjangizni bir-biriga yaqin keltiring-chi!.. – dedi ishga kirishib. – Endi tirsaklarni bir biriga yaqinlashtiring… ichki tomondan.
Shunda Tuyg’un o’z ko’zlari bilan aniq ko’rdi – tavba, ilgari mutlaqo sezmagan ekanda-a! – o’ng qo’l mushaklari oriqlagan, botiq chuqurchalar paydo bo’lgandi.
— Afsus, kasalni o’tkazib yuboribsiz, — dedi vrach va bir oz sukutdan keyin davom etdi. -Yonlama skleroz… bu kasallikning xotira yo’qolishiga hech qanday aloqasi yo’q. Uni — yonlama amielotrofik skleroz deyishadi meditsinada. Taxminimcha, ha, shu – sklerozga chalingansiz.
— Iltimos, oddiy tilda ayting, bu qanaqa dard o’zi?
— Irodali odamga o’xshaysiz, sizga aytishim mumkin… sholayim, skleroz bedavo, davosi yo’q.
— Lekin, menga o’ng qo’l… qushning qanotidek gap-ku, doktor!
— Ha, tushunaman, juda ham ko’ngilsiz hol. Hozircha ishni qo’ya turing. Xayolga ham keltirmang. Radon kurortiga boring, shundayam oldini olish amri mahol.
— Qutilishning iloji yo’q deng?
— Nimalar bo’lmaydi, deysiz. Mo»jiza yuz berib, tuzalib ketishingiz ham mumkin! Ana, sizning bir hamkasbingiz kimning portretiga qo’l ursa – nusxa olingan odam birakay davolanib ham olarkan. Foydasi bo’lsa… ajab emas, biz insonning botin qudratiga tushunib yetmaymiz, ishonsa bo’ladi.
— Demak, siz unga uchrashni maslahat berasiz?
— Ko’ngil tortsa, boring, mayli. Psixoterapiyaning beziyon bir turi-da.
— Lekin gap shundaki do’xtir, o’sha rassom men o’zimman… Va o’sha portretlar meni shu ahvolga soldi, — dedi Tuyg’un hijolatda, nobobroq ish qilib quygandek.
— A-a… Shunday deng, demak, mish-mishlarda asos bor ekan-da… bilasizmi, bu – tabiat qonuni! Tabiatning – kuchni saqlash, yashovchanlik qonuniyati bor…U odamning qobig’ida emas,
siyratida bo’ladi. San’at uni bizga kuchli asarlarida, obrazlar ravishida berishga qodir. Siz kabi iste’dodlar ba’zan ana shu mohiyatga erishadi. Lekin, hayotda hech qachon hech bir narsa o’z- o’zicha ro’y bermaydi. Ular qancha sog’aysa, siz shuncha salomatligingizni qurbon berasiz… Mana, o’zingiz shohidi bo’lib turibsiz. Siz ana shu salohiyatingizni o’zgalarga ulashdingiz, keling, endi jarayonni to’xtatib ko’raylik, zora, sekin- astalik bilan o’tib ketsa… Buning uchun, yana takror maslahat beraman, bugundan e’tiboran dam oling, maxsus sanatoriya yoki kurortda muolaja olib qayting.
— Rahmat… minnatdorman, do’xtir.
— Bir daqiqa sabr qiling. Vazifa murakkab, iltimos qilaman… Hamma analizlarni topshiring … Men kasallikni to’liq tasavvur qila olishim kerak. Mana, yo’llanma. Siz uchun qabulxonam eshigi doim ochiq.
Xastaligidan ko’ra ko’proq g’ayritabiiy, antiqa hodisa doktorni qiziqtirib qolgani Tuyg’unni ranjitmadi, chunki bu asnoda u: «…tegrasida mayin, zarrin gardish. Professor – yaxshi odam», — deb ko’nglidan o’tkazib ulgurgandi.
***
U yo’lda vrach tashxisini Nigoraga qanday aytsamikin, deb o’ylab bordi. Lekin baribir o’tgan ishga salavot, uning chalajonligi ko’pga cho’zilmasligi aniq. Tuyg’un o’zini-o’zi aldamayotgandi: chunki u baribir ishlaydi, asar yaratish, asari haqida fikr yuritish uning uchun suv va havodek zarur ehtiyoj, u bunday quvonchsiz sira yasholmaydi! Tuyg’un chap qo’li bilan o’ng bilagini siqib ko’rdi. Qo’li avvalgidek hilvillab turibdi. Lekin bu holat uning ko’zlarida cho’chish, hasratga muhtojlik hissi paydo qilmadi. Shu mahal uning nigohi sokin Bo’zsuv suvlarida aks etayotgan kuz manzarasiga tushdi. Bu esa beixtiyor uning ko’nglida qirg’oqqa yaqin tushib borish va sas-sabarsiz, tasvirni buzib yubormasdan ehtiyot bilan, suvga asta sirg’alib tushish xohishini o’yg’otdi. Sababi, shu soniyalarda dard og’rig’i umurtqa miyasini kuydirib, tanasini iztirobga solayotgandi, basharti gardani ostida boshlangan cho’g’ o’chsa – jismi azobdan qutuladigandek tuyuldi. Tuyg’un sohil yoqalab “Nigoraga nima deyman”, deb o’ylab borarkan yuragini g’ijimlayotgan o’y-xayollarini vaqtinchalik unutishga urindi.
U bir dam ostonada to’xtab, keyin ichkariga kirdi. Xayriyat, xotini uyga (ya’ni Rustamning ustaxonasiga) hali kelmagan ekan, nima qilish kerakligi, darrov ma’lum bo’ldi: “Eng muhimi, hozir tushkunlikka tushmay, avval chapaqayiga sanginada chizaman, keyin chap qo’lim mo’yqalamga ham kelib qolar?» degan yupanch umidida sog’ qo’liga g’ishtinrang bo’r olib ishga kirishdi.
Bu uning nazdida juda yaxshi reja edi, ammo boshida juda noqulay bo’lishi aniq. U «yaxshi mashq qilsam… ikki hafta o’tib chap qo’lda rosmana ishlarga o’tsam bo’ladi» deya mulohaza qilib, mashqiga qunt bilan berildi va faqat oqshomda qorni ochiqqanini his qilib, Nigorani kutib o’tirmay oshxonaga o’tdi.
Yemakxonaga qadam qo’yishidanoq stoldagi bir varaq yozuvli qog’ozga ko’zi tushdi. Ko’zi tushdi-yu, hammasiga tushundi. Maktubni o’qib o’tirishning hojat yo’q, varaq tegrasini qoplagan hovur garchi pushti tusda bo’lsa ham, hoshiyasi nim qizillashgan. Umumiy mazmun bir qadar ravshan, lekin xatdagi ayrim dil rozilarga oydinliklar kiritib olish uchungina qog’ozni qo’liga oldi. Nigora shunday yozgan edi.
“Tuyg’un aka! Aassalomu alaykum.
Sizni rosa kutdim, kelavermadingiz. Kechlik ovqatingiz stol ustida. Albatta isitib yeng, adasi. Talabgorlaringizga va uydagilarga ham: «Nurotaga, bir oylik ijodiy safarga ketganlar» deb qo’ydim, bundan tinchsiz.
Endi bularni faqat o’zingiz bilsangiz tuzuk… men doktorga uchrashdim. Hammasidan xabardorman. Ko’nglimda qandaydir umid bor… Aminman, hali buni to’g’rilasa bo’ladi. Mablag’ bor. “Rassomlar do’koni”dagi hamma asarlaringiz deyarli sotildi. Ko’rgazmadagilariga ham xaridor ko’payib ketdi… asarlarni kim oshdi savdosiga qo’yishmoqchi!. Xullas, radon sanatoriyasiga, adasi, men yoningizdaman, birga borib kelamiz.
Endi, yana aytadigan gaplar bor; portret bilan o’rin almashish qiyin bo’lyapti. O’ylarim ham portret tufayli chuvalashib ketdi. Holbuki, ko’rayotganim chin, qandaydir g’ayritabiiy o’xshashlik bor. «Bunaqa bo’lishi mumkin emas!..» deyman ichimda. Lekin bildirib qo’yay — tabiatimda ancha o’zgarish bo’ldi: ishlagim kelyapti, o’z olamim bo’lishini istayman. Sizni yoningizda esa, buning sira ham iloji yo’q. Siz bilan yonma-yon ishlash – yorug’ kunda sham yoqish bilan barobar. Siz butun vujud bilan ishlab, ijoddan tuzukkina halovat ko’rmay yashab kelyapsiz, mening kechinmalarimni payqash qayda! Men hayotda uy bekasi tashvishlari bilan chegaralanib qolgan bir kimsaga aylanib qolgan ekanman. Ammo sizning portretingiz… buloq ko’zlarini ochib yubordi. Xayriyat, qalbimga quloq soldingiz — orzularim tasvirga chiqibdi. Haqiqat nuqrasini ajratibsiz. Haqiqiy iste’dod shunaqa bo’ladi. Keyinchalik orzu-umidlarim ora yo’lda qolmasligiga ishonaman..
Ochig’i, Tuyg’un aka, ustaxona ikkimizniki emas, o’zingizniki deb o’ylashga ko’nikib qolganigizdan baxtiyorman. Haqiqiy, top-toza iste’dodning xotini shunday bo’lmog’i kerak deb hisoblayman. Aytmoqchi bo’lgan gaplarim shu.
Turmush o’rtog’ingiz Nigora”.
***
Va faqat kechki qorong’ulikda yotganidagina vahimaga tushib, bezovta bo’la boshladi: u divandan turib chiroqni yoqdi. Ha, hali kuni bitmagan – faqat hali… uning o’ng qo’lida paydo bo’lgan razil chuqurchalar – “hali” ning ko’pga bormasligidan dalolat bermoqda edi.
U yotgan yeriga qaytmadi, balkonga tanda qo’ydi. Keyin qo’liga sangina olib, yuz qiyofasining kalaka timsolini tasvirlay boshladi. Qo’rquv bir qadar susaydi, keyin bu yog’iga ana shu hazil portreti ham qolishi mumkinligi haqida o’yladi. Deyarli shu singari ordona o’ylari yoyilib, muvaqqat vahima o’rniga ko’ngliga aniq fikr keldi: ketidan uning hamma asarlari qoladi — oldingilari ham, unga shuhrat bashorat qilish uchun yaralgan, ammo jonini sabil qilayozgan portretlari ham…
***
Tongda o’rtog’i Rustam hovliqib kirib keldi.
— Nigora qani?
— Ishlar bilan chiqib ketgandi.
— Mayli, muhimi sen bor, sening oldinga keluvdim. Og’ayni bezovta bo’lish yo’q… Ertaga jo’nab ketyapman. Ijodiy safar chiqib qoldi, Turkiyaga, bir yarim oy ustaxona sening ixtiyoringda. Bemalol yasha, ishla, xohlasang bu yerda, xohlasang O’rdada.
Tuyg’un butun diqqat-e’tiborini Rustam shol bo’lib borayotgan qo’lini sezib qolmasligiga qaratdi. Ko’rishayotganlarida, o’ng qo’lida bo’yoq artadigan lattani osiltirib, qo’l siqib ko’rishishdan o’zini olib qochdi. Rustam tashvishli ekanidan, bunga e’tibor bermadi.
— Keyin, senda bir ishim bor, – deb gap boshladi u. – Anig’i, iltimos… Bilaman ishlaring ko’p, lekin aytmasam ham bo’lmayapti. Eshitgansan, akademik tog’amlar bor, adabiyotshunos…nima desamikan? O’tgan kuni u uyimga kelib- ketdi. Xullas, bir yaxshi ko’rgan shogirdlari bor, shoir. U — og’ir kasal. Masalaning nozik jihati – vrachlar uzog’i bilan ikki yil berishyapti… Kasali ham antiqa, eshitmagansan: yonlama sklerozmi-ey… Chamamda, faqat bitta iloj bor…. U senga bog’liq, meni bunga daxlim yo’q. Og’ayni, yordam qil, shu portretni navbatsiz ishla.
Tuyg’un bir oz tek qoldi, keyin:
— Mayli… gap shunda bo’lsa, urunib ko’raman – dedi o’ychan va vazmin ovozda.
— E, tasanno! Qachon kelsin?
— Bir soatdan keyin.
— Zo’r ish bo’ldi! Luqmoni hakim bo’lib ket-e. Bo’pti, men qo’ng’iroq qilib qo’yay ularga.
— Albatta. Kimligini aytib ketmaysanmi? Boshqa birovning rasmini ishlab qo’ymay yana.
— Muhammad Shukur. Bilaman, menga yo’q demasding! Rahmat, o’rtoq.
Dimog’i chog’ Rustam g’oyib bo’lishidan oldin mushtini boshi uzra tugdi, xayriyat, qo’l uzatishga zururat yo’qoldi, do’stining bu qilig’i xayr-ma’zur o’rnini bosgan edi.
***
Muhammad Shukur iste’dodli shoir qanday bo’lishi lozim bo’lsa shunday edi: lablari rangpar, sochlari to’kila boshlaganidan keng bo’lib ko’ringan peshonasida ingichka qoshlari bilan bir tekisda chuqur ajinlar cho’zilgan. Uning yuzi oftobda mangu qorayganday tuyulardi. Shoir o’zini o’ng’aysiz his etar va bunday usulda shifo olmoqqa muhtoj ekanidan xijolatda edi. Nomi zikr etilgan shoirning portret chizdirishga akademik yoki uning hurmatli ustozi, yoinki ustozining rafiqasi qutqusi bilan kelgan bo’lsa ajab emas. Qiyofasi xazin kimsaga o’xshamaydi. To’g’ri, yelkalari xuddi og’ir yuk ko’targandek bir oz cho’kkan. Lekin u chindan xotirjam: chunki qo’rquvning rangi — to’qqizil tus, uning peshonasi girdida esa munavvar tiniqlik. Insonki taslim bo’lmabdimi, demak, u o’z qismatidan kuchliroq! U – bardoshli, raftoridan sezilib turibdi.
Shoir kursiga omonatgina o’tirib, nigohi ila ustaxonada kezindi va hali mo’yqalamiga qo’l cho’zishga ulgurmagan rassomdan:
— Siz chapaqaymisiz? – deb so’radi muloyim ovoz bilan.
Ana xolos, do’sti o’z dardi bilan bo’lib, sezmasdan kelib ketdi, lablari rangpar, siyrak soch, jussasi o’g’il bolaniki singari choqqina shoir bir zumlik nigohda nazarini uning qo’lida to’xtatdi.
— Ha… chapaqayman, agarda e’tirozli joyi bo’lsa…
— Hech ham e’tirozim yo’q. Men ham chapaqayman. Chapaqaylikni men inson zotinining tur sifatidagi nokomilligiga yo’yaman, ya’ni inson hali — hanuz rivojlanish, ruhiy kamolot xislati bor demoqchimanda.
— Rivojlanishda bo’lsak, unda maqtovga loyiq ekanmiz-da.
— Ha, mayli…usta, ayting, qanday o’tiray? Bir yerga tikilib o’tiraymi? Uzr so’rayotganimga … Shu paytga qadar mendan biron marta portret nusxa olinmagan.
— O’zingizni erkin, bemalol tuting, istasangiz vaqtimizni ijod haqida oddiy so’zlashib o’tkazaylik?
Tuyg’un, shu kunga qadar shoirni ko’rmagan bo’lsa ham, uning so’zlari bilan aytiladigan qo’shiqlarni ko’p tinglagandi. Ayniqsa, Vatan haqidagi sodda, hayotbaxsh ma’no berilgan misralarni xotirlab, shoirning ehtirosli ovozini esladi… Ovozidan rezgi odam, o’z so’zining kuchini yaxshi biladigan iste’dod ekanligini tasavvur etdi. Shunday inson siymosini yaratish unga nasib etmoqda. Nima bo’lganda ham, Tuyg’un bu asarini yaratadi, shoir dardini oladi.
— Bu gapingiz yaxshi, hamma narsani oddiy qilib so’zlash kerak. Oddiy aytish imkoni bo’lmaganning bari – tovlamachilik.
— Unda, juda soz, qulog’im sizda…
Sog’liq borligida uni sezmas ekansan, kundagi gap ekan: xususan, bo’yoqlarni palitraga sitib chiqarishday shunchaki bir oson yumush edi. Endi shu ham muammo. Tuyg’un, qo’l mushaklari tobora qotib, vujudini mubham bir g’ashlik chulg’ab kelayotganiga qaramay, bo’yoq idishi qalpoqlarini bazo’r ochib «bir qo’lga qarab qolish naqadar ayanchli!» deya ko’nglidan bir hasrat tuyganida xastalik daxmazasidan boshqa mavzu topilganidan ko’ngli ochilib ketgan shoir suhbatini boshlab yuborgandi:
— … iste’dod baxt, ham qismat, oson bo’lmagan uzun bir yo’l… — u shunday dedi va keyin oftob nuri tushib turgan, kattayib ochilgan ko’zlari bo’shliqdagi bir nuqtaga og’ir boqdi. Bunday ko’zlar ko’p yillar yolg’izlikni ko’rgan, sabr-toqatga o’rgangan kishilarda bo’ladi. Yuzidan mehr yog’ilib turibdi, tegrasida oqish hovur… kursi suyanchig’idagi o’ng qo’l kaftining sirtidagi qon tomirlar bo’rtgan, demak, o’ng qo’l sog’, rassom ko’ziga, ular go’yo kuch berayotgan ona zaminga chuqur botgan, undan kuch olayotgan daraxt ildizlari bo’lib ko’rindi. Chap tirsak derazaning pastqam tokchasida… qo’l xiyol qaltirayapti, u sakta, chap qo’l ham portretda albatta, chayir, nihoyatda sezgir qilib chiziladi. Bu chayir qo’llar, aqlli qo’llar, bo’rtib turgan qon tomirlar… Xuddi novda ildizlardan quvvat olganidek, shoirning baxti ham shu shu zamindan kuch olali …Ular — shoir ilhomini jo’shtirgan sarchashmalari shu zamin-zamonda degan birlikni quvvatlaydi. Uning tashqi ko’rinishi ko’pchilikdan deyarli farq qilmaydi. Farq bitta: u soxtakorlikdan xoli, el-yurt suygan shoir.
— Ie… ha! Shoshmang-shoshmang… Tuyg’unbek “Usta tonggi”, “Oy nuri yog’ilgan ko’rfaz”, “Turnako’z ko’l”, “Buloq — xovuz”, “Munavvar osudalik”, “Oydin dala” sizni asarlaringizku-a?!
— Ha, to’g’ri. Bor.
— O’, “Munavvar osudalik”, zo’r, nodir asar. Daraxtlar, xarsang toshlar orasida o’ynayotgan olachalpoq nurlar maysalar boshini silaydi.
— Uyushmaning «Oqtosh» ijod uyida, yoz chillasi ishlaganman. O’zimga ham juda yoqadi bu ishim.
— Tuyg’unbek, siz shoir, musavvir-shoirsiz uka, — derdi hamsuhbati dilida kechayotganlarini bayon qilib, — har lavha: qalb lavhi, hayot porasi, yurak afsuni, rangin … shoirona, zarif.
Shoirning hayajondan ikki yuziga qon yugurdi. Tuyg’un tezgina bir qarab, shoirning portret chehrasida bilinar-bilinmas nimtatir qizillikni zuhur etdi.
— … sizda tabiat, xolis turguvchi tabiat emas… unda ham sezgi bor, u — inson kabi tuyg’u-kechinmali. Timsol, majoz, shiddat, mahzunlik – rangda.
Tuyg’un nechog’lik band bo’lmasin, shoir o’zi bilan fikrdosh ekaniga suyundi, yana uning xayoliga Italiya, ustozi Dominik Franchesko keldi. Uning o’gitlarini xotirladi: «…inson ishtiroki, insoniy did, nuqtai nazar, baholash faol ishtirok etmasa; tasvirdagi predmet, hodisalar, hatto go’zal tabiat chiroyi ham mavhum bir narsa», «Tuyg’un, yodda tut, dunyo zarralari bilan, zarra esa o’z dunyosi bilan go’zal! Eng muhim falsafa shunda — inson va ona tabiatni umum sezishda, his qilish, sirli tabiat va inson xilqatining badiiy butunlikni kuylashda! Binobarin, portret ishlashda ham mana shu birlikni ta’minla… Zero, koinotda hamma narsalar o’z – o’zicha mustaqil va o’z-o’zicha bog’likligi bilan birga hamma narsalar yana bir-biriga ko’zgu qilib yaratilgan…»
— … san’at asarining asos masalasi — asarni dunyoga keltirgan hayotning qanchalar teranligini ko’rsatish, — derdi hamsuhbati derazaning oshiq-moshiqlariga sokin tikilib. – Boshqasi – xomaki chala-yarim g’oyalarga sig’inish, havasmandning samarasiz urinishlari, ro’yolarga aldanish.
Shu soniyalar Tuyg’unning yuragi — xassos shoir, zukko ustozi qalbi bilan bovujud tepib turardi.
— … inson qalbini ham xuddi daladek shudgorlab turishi kerak, ma’naviy shudgorlab turish kerak, ba’zan har xil yozuvlardan bir tasvir, kichkina bir she’r kuchliroq, davomliroq ta’sir qoldira biladi, — derdi shoir o’z mulohazalariga g’arq bo’lib.
– Bizni shudgorlar — muqaddas shudgorlar, uka… yomonni yaxshiga aylantirib bo’lmaydi… She’r, tasvir yurakdan oqib chiqishi odamni bir oz soflanib, bir oz musaffolanib olishiga yordam berishi, jilla o’ylantirib qo’yishi, yurakni harakatga keltirishi kerak-da…
Uning ko’zi tushgan narsalarga qiziquvchan, mehrli boqishlaridan, ehtirosli so’zlaridan Tuyg’un dildan huzurlanardi.
Rasmi chizilish asnosida, nigohi derazadan asta-sekin tilla libos kiya boshlagan o’rik butalariga qadalib, shoir xayoli beixtiyor, o’zining bo’lgan-turgani, qanday odam ekani haqidagi o’ylarga g’arq bo’ldi. Teran va vazmin boquvchi ko’zlarida yillar daqiqalarga aylandi. Rassom esa shoir chehrasida, tashqi qiyofasidagi sog’inch va hasrat, yolg’izlik asarini, chehrasini xiyla yoritgan dilu niyati uchqunlarini tasviriy idrokidan o’tkazib, dam sayin nozik chizgilarida zuhur eta bordi.
Soat-basoat vaqt o’tib, ustaxona botib borayotgan oftobning nurlari bilan to’lganda rassom portretning yuz qismi, yelka va qo’l ko’rinishlarini deyarli chizib ulgurgandi. Daf’atan Tuyg’un tanasida charchoq sezdi, keyin chap qo’liga igna sanchilgandek bo’ldi. Bu — xastalik tazyiqi. U hayajonga tushmay, mo’yqalamni yonidagi baland kursiga qo’yar ekan, shoirga:
— Bugunga yetadi, ertaga davom ettiramiz, — dedi xotirjam ovoz bilan.
Shu payt kimdir o’z kaliti bilan eshikni tovushsiz ochdi. Ostonada Nigora paydo bo’ldi.. Uning chehrasida yoqimli jilva. Xonada yana kimdir bor ekanini payqagani sababli, u ijozatingiz bilan degandek ichkariga ikki qadam o’tib, taqqa to’xtadi va mehmon bilan salomlashdi. Salom-alikdan so’ng:
— Nigoraxon, meni rafiqam, — deb tanishtirdi Tuyg’un xotiniga jilmayib.
— Tanishganimdan juda xursandman, — dedi javob qildi uning huzuridagi kimsa.
Nigora bir oz sinchkovlik bilan tikildi. Odatda mashhur odam da’fatan ro’parada paydo bo’lgan chog’da unga bexosdan shunday tikilib qoladilar. Shoir xuddi uni avvaldan tanigan, suhbatlashib yurgan odamdek qisqa so’rashib, samimiy ohangda zaqlanib dedi:
— Hayratomuz ishchanlik, kelin! Zahmati dilimga malham bo’ldi, nafas olishim yengillashdi, o’zim ham asar yozayotgan paytimdagi holatga kirdim…
Nigora trotinishga hojat qolmagani uchun:
— U kishi shunaqa: urinib, berilib ishlaydilar, — deya gapni ilib ketdi va ular bir oz o’zaro kulishib olishdi.
Ayni chog’da pastdan avtomobil` signalining tovushi eshitildi. Shoir balkon ayvoni panjarasi oldiga borib qaytgach:
— Uzr, jo’nashim kerak, mashina kelibdi, – dedi raftoriga izoh bergandek bo’lib. — Sizlar bilan yana bir oz shu yerda o’tiray degandim… ba’zi bir ishlarni bitirish kerak.
— Davomi ertaga, vaqtli, soat sakkiz bo’lmasdan keling, — dedi Tuyg’un, xotini ikkovlashib shoirni dahlizdan kuzatisharkan.
Ustaxonaga qaytgan Nigora rassom nigohi bilan Tuyg’un talqinidagi tasvirga nazar soldi va bir so’z demay tim qora sochli boshini erining yelkasiga qo’ydi. Keyin eridan:
— Nazarimda, men qo’limdan kelgan hamma ishni qildim. Xavotir olma… hammasi yaxshi bo’lib ketadi, chorasini toparmiz, — degan javobni oldi. U suygan odamiga «bunga aminman» degandek unsiz, tasdiq ma’nosida bosh irg’adi-da:
— Yuring, totinsangiz bo’lardi, — deya erini qo’lidan yetaklab stol tomon boshladi.
***
Ertasi kun Muhammad Shukur aytilgan paytda ustaxonada hozir bo’ldi. Uning yelkasidan tog’ ag’darilgan kimsadek ruhi yengil edi. Yuzida izohlab bo’lmaydigan qandaydir o’zgarish, butun xatti-harakatida qat’iyat mavjud. Jonli andoza bilan portreti o’rtasidagi alomat mushtaraklikni sezish qiyin emas.
Tuyg’un portret fonini batafsil chizmaslikka ahd qildi. Har holda badiiy asarga ham havo zurur… shunday qilsam yuzdagi chiziqlar foniga qorishib ketmay qiyofa oldinga yorib chiqqandek taassurot beradi. Panjalar joyida, chin muxlis shoir asarlarining nechog’lik yashovchanligini botinan his qilishi mumkin. Lablar… ularga sal qon yugurtirilgan (ko’p emas rubensona me’yorda)… chekkadagi botiqni uncha chuqurlashtirmadi. Yuzda takabbur, istehzo yo’q. Bu tomoshabinda – rangin, qurama va bemantiq dunyomiz latofatidan baxra olish tuyg’usini uyg’otadi. Eng muhimi, portretda yoniq yurak bor! Dardli yurak yashab qolyapti. Dard uning ko’zlari tubida va barmoqlari uchida… Ana senga “ichki hayot quvvatini, tananing hayot kuchini saqlash qonuniyati”!
— Mana, portret tayyor! – dedi Tuyg’un, odati bo’yicha ortiga ikki-uch qadam tashlab. — Bo’yoqni quritsak yaxshi bo’lardi, albatta. Lekin mening shoshilinch safarim bor, shuning uchun uni sizga ishonib topshiraman. Olib ketayotganda ehtiyot bo’lasiz, surkalmasin.
— Harakat qilaman… xavotir olmang. Demak, sizning tasavvuringizcha men shunday ekanman-da? Iliq ranglar nafasimga tegayotgandek bo’lyapti…
— Ha, shunday! O’zi — shunday edi ham!
Muhammad Shukur portretni olib ketishdan oldin Tuyg’unga tashakkurini izhor etib, qisqagina hadyanoma yozib «esdalik uchun oling deya» yangi chop etilgan she’riy kitobini sovg’a qildi.
Nihoyat, so’nggi portret ham ishlandi. Navbatdagisi bo’lmaydi. Achinarli xotima. «Temir parchasi» umurtqani jizzillatib o’tib, ongostida sovuq suv haqidagi niyatini yana yangiladi.
Tuyg’un Rustam Bozorov ustaxonasidan chiqib, eshikni bazo’r qulflab, pastga tushib odimladi.
Tashqarida sentyabr` oyi oxirining so’nggi quyoshli kunlari. Daraxtlarning quyuq barglari sekin-asta sarg’aya boshlagan. Issiqning badanga tegadigan salqin nafasi ham yo’q emas. Ikki qadam narida ko’kimtir-zangori rangdagi Bo’zsuv anhori oqmoqda. Suvning oqimi tinim bilmaydi. Suvga chalqancha yotib, o’zingni oqim ixtiyoriga topshir. Qolganini oqimning o’zi bajaradi, oyoq bilan sal-sal yordam berib tursang bas…
U kuz oftobi taftida turib o’shanda ko’rganlari; butun borliqning ibtidosi va intihosi – qum va yulduzlarni ko’z oldida jonlantirdi. Iste’dodi tamaliga otashini bergan Qoraqumni, uning o’tli barxanlarini, o’smirlik olamini go’zalliklar bilan bezagan tonglarini esladi. Keyin Italiyada o’tgan davrini, bilimdon ustoz yo’l-yo’riqlari bilan qilgan mashqlarini, saharlab ustaxonaga birinchi bo’lib erta tong mahali kelishlarini va ijodxonadan yotoqqa oxirgi bo’lib qaytishlarini yodga oldi. Xayoli titradi (tabiat bergan ruh insonni najotga muhtoj damlarida ham tark etmas ekan), yuragiga azizroq bo’lgan, hali chizilmagan his-tuyg’ulari suvrati — «Toshkentim xayollari» faxriyasini yaratish bilan yashay boshladi.
U uyiga yetib kelib, xonadoniga emas, to’g’ri tepaga ko’tarildi.
Nigora (nonushta payti kelishib olishganlaridek) erining qaytishini oldindan sezib, ustaxonani chinnidek qilib, yig’ishtirib qo’yibdi. Tuyg’un eski charm divanga cho’kkancha ro’parasidagi miz ustiga qo’yilgan guldondan toshib ketgan mayda oq atirgullardan iborat guldastaga tikilib qoldi. Keyin chap qo’l panjalaridagi bor kuchni to’plab o’ng qo’lining tirsagidan yuqorisini uqalagandek bo’ldi. O’zgarish qayda. Nahotki, u yurak otashini so’ngigacha portretlarga berib bo’lgan bo’lsa, nahotki, tayangan e’tiqodi uni qutqarmasa, nahotki barmoqlari besamar qolib, ko’nglidagi manzaralarning hammasini polotnoga tushirmay ketsa…
U shunday xayolga botib uzoq o’tirdi, keyin «kechlikdan keyin milliy boqqa, ko’lga borib tavakkal qilib suvga kiraman» deb ko’nglidan o’tkazdi. O’sha onlarni kutish esa endi unga bardosh bag’ishlardi.
Tuyg’un zina pillapoyasida turganda, ohista turtilgan eshik kalitsiz o’zi qulflandi. Oraga cho’kkan jimlikda uning dimog’i achishdi, badani titradi…
***
Xonadoniga kirganida Nigora uni avvalgidek emas, peshvoz chiqib kutib oldi.
— Ustaxonaga o’tganingizni bildim, Tuyg’un aka, – dedi u eriga mehrli ovoz bilan.
— Gullar uchun rahmat, Nigora. Hidini aytmaysanmi. Ko’nglim yorishdi.
— Bugun ko’hna Rim ko’chalari turkumidagi «Chirmovuqgul chirmagan uy» asaringiz sotildi, adasi. Yaponiyadan kelgan bir arxitektor olibdi. O’rni to’lib tursin deb shu atirgullarni ola keldim.
— Yaxshi odam qo’liga tushgan bo’lsa, men ham xursandman.
Gapga gap ulanib ikki yosh suhbati uzoq davom etdi.
“Toshkentim xayollari”da u katta bir maqsadni oldiga qo’ygani: unda ona shahrining bolajonligini, uning ne-ne iste’dodlar boshini silagan ijodiy iqlimini — G’arb tasviriy san’atining shakl uslubiga Sharq miniatyura san’atining rang tarovatini qo’shib, muborak shahar sha’niga mahobatli manzara yaratmoqchi ekani haqida ilgarilari bo’lganidek hayajon bilan gapirdi.
Jimgina tinglab o’tirgan Nigora avvaliga eri xastalikka hech ko’nika olmayotganini sezib, kishi bilmas Tuyg’unning barmoqlariga hadik va umid bilan boqib o’tirdi, keyin uning yuragida ishonch, ro’yobini intizor bo’lib kutayotgan orzu-havaslar bor ekanidan sevinib, qulfi dili ochildi. Xayol yoshlarni allaqayoqlarga olib ketdi.
Tuyg’un Nigoraning otasi unga ustaxonasini topshirib, ishlash uchun qulay sharoitlar yaratib berganidan quvonganlarini eslab, sirqirab turgan qo’llarini unutayozdi. Xotini esa uning otasi hamma vaqt unga iftixor va ishonch bilan qarashini, «qizim zar kilolab emas, misqollab o’lchanadi, Tuyg’unning qadriga yet! Bunaqangi rassomlar Italiyaning o’zida ham qolmagan» deb e’tirof etganlarini mana bugun o’ziga aytib, otasi xato qilmaganini tasdiqladi. Tuyg’un esa yaqin kelajakda Nigorani Italiya bo’ylab sayru sayohatga albatta olib borishini aytdi.
Qorong’u tushgach, Nigora dasturxonni yig’ishtirdi, Tuyg’un bu kechani ustaxonasida o’tkazishini aytdi. Xotini tepada kerakli yumushlarni qilib tushgach, u Nigora bilan ertaga sanatoriyaga jo’nash oldidan albatta doktorga yana bir uchrashish lozimligini kelishib, xayrlashdi va tunagani ustaxonaga dastlab ko’tarila boshladi ham…
***
Nihoyat, kutilgan vaqt yetdi. Tuyg’un uyning orqa darvozasidan chiqib, chap tomon yo’l oldi. U ko’zlagan yer yaqin edi. Ko’chada hech zog’ ko’rinmaydi. Muyulishga yetganida egasiz, daydi it unga
peshvoz chiqdi. Tuyg’un ko’zlarida intiq ilinj uchqunlari porlagan jonzotni na so’z, na imo-ishora bilan rag’batlantirishga qurbi bo’ldi. Shunga qaramay, it odam ortidan itoatli ergashdi.
Tuyg’un o’zidan o’zi hayron — diqqatidan qolib kelgan hamma narsalar ko’z o’ngida yanada bo’rtib namoyon bo’lyapti: it ham, daraxtlar ham, ko’cha yoritgichlari ham, onda-sondagi chirog’i o’chmagan derazalar ham.. Ilgari odmi, jo’n tuyulgan barcha narsalar unga o’z-o’zidan qadrli bo’lib qolayotgan ediki, ulardan ayrilish azobi yurakni zirqiratar, go’yo o’tmish hayoti daqiqa sayin uzoqlashib, orqada qolib borayotganday tuyulardi unga.
Tuyg’un bog’ eshigidan o’tdi, har bir yangi qadami uni battarroq hayajonga soldi. Oydin va salqin kecha, bog’ bag’ri odamlarni tortmay qo’ygan. Atrofda uyquchil jimlik. Shamoldan nom-nishon yo’q. To’lishgan oppoq oy beg’ubor fazoda muallaq turardi. Dov-daraxtlar o’rtasidagi yaltillagan ko’lda ham yana bitta oy porlab turibdi, xuddi ko’kdagi kabi.
U (go’yo har bir odamning ortida, so’nggi najot qidirganda suyanchi, uni eshitib ko’rinish berishini kutayotgan, madadkori bordek) boshqa bir xilqat o’zini boshqarayotganday, atrofga alangladi. Tuyg’un uchun u olisda emas, yaqin orada, jimjitlikning unsiz yupqa choyshab ortida turgandek edi.
U bo’m-bo’sh xiyobondan burilib, keng sayxonlik tomon yo’l oldi. It avvalgidek ilakishib kelyapti.
***
Ko’l bo’sag’asida u to’yib nafas oldi. Keyin kiyimlarini va tuflisini bir amallab yechdi. Yalang oyoqlari qumoq tuproqqa tegib huzur qildi. Suv tomon har qadam bosganda cho’kirtak ildiz-poyalar tovonlariga qattiq, qattiq botdi.
Mana, nihoyat u – o’sha suv. Tanaga huzur bag’ishlovchi, otash bo’lib yonayotgan ”yombi”ni o’chiradigan muztarlik. Tuyg’un qadamini o’zgartirmay ko’lning sayoz yeridan pastlab yurdi. Suv tizzasiga yetgach oyoqlari andek qunisha boshladi. Sohilda to’xtagan jonzod, yashamoq hissi borligini bildirib qo’ymoqchi bo’lgandek ketidan jahlli irillab qoldi. Itga rahmi keldi, lekin o’ziga emas. Negayam achinsin o’ziga? Axir, beshafqat iztirob o’z aksiyati bo’lgan ulug’ baxtni unga hadya etdi, tuyg’ulari o’lchov qirg’oqlaridan o’tdi… Olamning tirikligi va bir butunligi — uning quvvai jozibasida ekanini anglash baxtiga muyassar bo’ldi.
Tuyg’un teran sukunatda, yuragining zaif depsinishlarini sezarkan, ko’l sathidan boshlab to olamning so’nggi chegarasiga qadar mavjud borliqni zulmat bosdi… Unga o’pka emas, qalb nafas olayotgandek tuyuldi. Quloqlariga go’yo olisdan, jim-jit bo’shliqdan o’tib pastga urilayotgan tomchilarning zaif, kalta-kalta zarbi sadolari eshitilayotgandek bo’ldi. Keyin, xayriyat, chakkalarida simillash kamayib, Tuyg’un bu tovushlar uzoqdan, bo’lak bir borliqdan emas, balki o’z yuragidan vujudga kelib, yana va yana takrorlanib ko’ngliga cho’kkan asosiy hayotini yodiga solishga qodir dukur bo’lib, shoh tomirida bir me’yorda tepayotganini payqadi. Umrida birinchi martaba qonib nafas olganday bo’ldi.
Uning jovdir-jovdir qilgan ko’zlariga osmon gumbazida birin-ketin charaqlab yorishgan yulduzlar — umri uzilmasligiga bashorat berib turgan – oltin bulutday ko’kning bu tomonidan u tomoniga cho’zilgan somon yo’l burji ko’rindi. Uning sho»lalari farovon.
Tomirlaridan yoqimli jivirlash yoyilib o’tdi. Gardani pastida azob berayotgan otash harorat o’z-o’zidan so’na boshladi.
Mehribon, muruvvati benihoya tabiat — ayni shu daqiqalar uning qalb g’ussasini, jism-tanidagi barcha tasodif izlarni qaytib kelmas qilib, tamoman o’chirayotgan edi…