Yangi yilingiz qutlug’ kelsin!

019Бўй таратсин олам бўйлаб яшил маъво,
Гуркурасин, кучга тўлган юрт доимо,

Салом бўлсин ўн икки ой сарварига,
Салом бўлсин йилнинг тўнғич Январига!

.

2014БАЙРАМ МУШОИРАСИ
09

Эркин ВОҲИДОВ
ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИ

Инсон феъли ажабдан ажаб,
Йўқдир унга мезонсиз олам.
Юлдузларни ўлчар ботмонлаб,
Қаричлайди чексизликни ҳам.

Ўзи эга, ўзи қул мангу
Ўзи топган ақидаларга,
Не дей, ҳатто мангуликни у
Бўлиб чиққан дақиқаларга.

Дақиқадан соатлар йиғиб,
Кунлар тузиб ой жам қилади.
Йиғламайди умр ўтди деб,
Йил ўтди деб байрам қилади.

Кўпайса-да ажинлар ҳарчанд,
Оқарса-да йиллардан боши,
Қувонади — кўпайди фарзанд,
Севинади — улғайди ёши.

Бу туганмас орзу-ҳавасда
Бор умидбахш имонга асос:
Инсон ўлмас.
Аста ва аста
Боқийликка ўтади, холос.

Абдулла Орипов
САЛОМНОМА

Баҳор чоғи чулдираган ирмоқлардан,
Сўқмоклардан ва зангори ўтлоқлардан,
Адирларда кечган шодон, хуш чоғлардан,
Салом бўлсин саховатли йил бошига,
Салом бўлсин яшил кўклам наққошига.

Саратоннинг қуёшидан бўлсин салом,
Қор сўраган тоғ-тошидан бўлсин салом,
Танти деҳқон бардошидан бўлсин салом,
Салом бўлсин ойларнинг энг эзгусига,
Салом бўлсин унинг оппоқ инжусига.

Яқин қўшни — салом деган куз чоғи бу,
Ноз-неъматга тўлиб турган қучоғи бу,
Тўй чоғи бу, режаларнинг юз чоғи бу,
Салом бўлсин тўйни бирга тўйлашганга,
Салом бўлсин бир девордан бўйлашганга.

Одамлар бор — бир умрлик толега ёр
Ва истайди дўстларига толе бисёр.
Эзгу йилда эзгу ўйлар топсин қарор,
Салом бўлсин хуш саодат айёмига,
Салом бўлсин зафарнинг илк паёмига.

Саломларнинг барчасидан шулдир маъно:
Бўй таратсин олам бўйлаб яшил маъво,
Гуркурасин, кучга тўлган юрт доимо,
Салом бўлсин ўн икки ой сарварига,
Салом бўлсин йилнинг тўнғич Январига!

Омон МАТЖОН
ЯНГИ ЙИЛ ЖОМ СЎЗИ

Гўё икки замон, икки асрни
Кўрган оқсоқолдек, нуроний, сипо –
Булутларни ўйнар ташқарида қиш,
Ўлтириб эски ва янги йил аро.
Ҳайкалтарош қиш бу! Бутун дунёни
Ўраб қўйди оппоқ чодирга – қорга,
Эрта-индин бизни бир қувонтириб,
Саҳна очади у яшил баҳорга.
Қиш бобо, ижодинг барқарор кулсин,
Сенга бу янги йил муборак бўлсин!

Қишлоқ устидаги чинорнинг бугун
Шохлари изғирин билан олишар.
Узун кечаларда ухлатмай уни
Қарғалар гоҳо-гоҳ шовқин солишар.
Гарчи ўтган умр қайтмас ҳеч қачон,
Чинор, япроқларинг қайтиб келади.
Бағрингга баргингдек митти қушчалар
Мангу қўшиқларни айтиб келади.
Мағрур салобатинг шох ташлаб турсин,
Чинор,янги йилинг муборак бўлсин!

Ҳоритиб йил бўйи чеккан ташвишлар,
Қаттиқ ухлаб қопти, ана, жон дала.
Тезда уйғотади сени жон баҳор
Қувлашиб келади митти шўх қушлар.
Лекин, далам севар элимнинг қўлин,
Шундан тандирдаги нон юзи қирмиз.
Шундан ҳар чаноқда тошгани хирмон,
Очил дастурхондир шундан еримиз.
Далам! Уйқинг яшил тушларга тўлсин,
Сенга ҳам янги йил муборак бўлсин!

Ўзбек тупроғининг бир чеккасида
Кекса денгиз яшар якка-ягона,
Гўё ўғилларин сафарга йўллаб,
Интизор-интизор кутгувчи она.
Ўғиллар олисда, ташвишлар бисёр,
Тезда тўлиб оқар Аму ҳам, Сир ҳам.
Тўлқинлар ўйноқлаб тўлади Орол!
Икки ўғлинг сенга мангу интилсин,
Орол, янги йилинг муборак бўлсин!

Дўстлар! Ҳар янги йил дилга энг аввал
Умид ато этар – қанотлари оқ.
Сарбаланд парвозлар шундан бошланар,
Шундан туғилади юлдузлар, чақмоқ.
Янги йил жомини кўтариб, дейман:
Кўкка дўст тутунсин ҳар кўнгил, ҳар дил.
Дунёнинг тонглари вақтида отсин,
Орзулар йўл олсин ишига дадил!
Орзулар, қолган гап сизларга қолсин,
Сизга бу янги йил муборак бўлсин!

Муҳаммад Юсуф
ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИ

Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнгида,
Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.
Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,
Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор.
Қирқинчи қасримга ўтайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?..

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,
Етолмай дилимни не деб юпатсам.
Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу —
Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам…
Дардим жим ичимга ютайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,
Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.
Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,
Кўзда табассум-у киприкда титроқ.
Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Янги йил,
Келавер қандай келсанг ҳам,
Кимлар етди сенга, кимлар етмади.
Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,
Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.
Қулоғингга бир гап айтайми, энди,
Кечаги ёшлигим эртакми, энди…

Нодира АФОҚОВА
31 ДЕКАБРЬ

Шаффоф қадаҳларда кўпирган не у?
Қўлларим, не учун титрайсиз энди?
Ойнада қаҳратон эмас у, гул-ку,
Эртагача ҳали бу тун узундир.

Сўраймиз «Девону луғотит турк»дан,
«Йил”, ахир, «йел» эмас, титраманг, эй дил.
«Йил», ахир, шунчаки гувраниб ётган
Пойгадан шафқатсиз эзилган йўлдир.

Кипригим торида титрама, эй ёш –
Кипригим торига осилган дунё…
Дунё, бу не асрор, мени қил огоҳ:
Пойимда – хазонлар ўйнар бепарво,

Ортимда – қирқ йиллик яшин урган боғ,
Кўксимда – мангудай гувлаган дарё…

***

Қорайган боғларга қалин қор тушди,
Ёдимиз ёдига тағин ёр тушди.

Дилга – аҳли тараб кўнгилларидан
Қувғин айламишлар – жамъи зор тушди.

Булбуллар тиндилар – ошиқликми шу?
Ором йўқ – ишқимиз бетакрор тушди.

Бори ишқ заҳрини бизга бер, фалак,
Кўнглимиз кўтара харидор тушди.

Нигоҳимиз наққош йўлга термулиб,
Дарчангизга боқинг – навбаҳор тушди.

Лайлидан сўйламанг, афсонами ишқ?
Девона бахшимиз – бизга ор тушди.

Ялдо тунларида сўйладик достон,
Ғулувмас, ҳолимиз росту бор тушди:

Оҳ урдик, уммонлар учди фалакка –
Йўқ эса, боғларга қайдин қор тушди?

14.12.2015.

Аъзам Обид
ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИ

Ватандош, ҳаёт ҳиди ҳулвога тўлсин,
Эъзозли, эҳсонли ва эркли бўлсин.
Паноҳида юринг Парвардигорнинг,
Ишқига чулғанинг вафоли ёрнинг.

Ният тонгдай тоза, қалбингиз оппоқ,
Юзингиз тўлин ой мисоли порлоқ.
Енгилиш нелигин билманг ҳеч қачон,
Руҳу жон мустаҳкам, қаддингиз равон.

Кулгу, тантанага сероб йил яқин,
Орзулар ушалур, дилга дил яқин.
Лаҳзалар тенглашиб юз асрларга
Илиқлик узатур пок наслларга.

Гул тутай, ғамларни кетказ, ЯНГИ ЙИЛ!
Зор этма, бахт сари етказ, ЯНГИ ЙИЛ!

Гулноз МЎМИНОВА

***

Декабр булути
Укпардан ясалган кемадек
Оҳиста сузади самода.
Унда фаришталар
Сайр қилишар
Зарра из қолдирмай ҳавода.

Дарёлар, денгизлар —
Заминнинг ложувард кўзлари
Тикилар тескари уммонга,
Кечиб илдизидан,
Муқимлигидан
Дарахтлар қўл чўзар осмонга.

25.12.2016

Шаҳодатбону ИМОМНАЗАРОВА
ҚОРГА ҚАСИДА

Яна осмонингдан ерга қуларсан,
Яна маъсумликдан чекарсан озор.
Узун кечаларни тонгга уларсан,
Ернинг юзин ёруғ айлагайсан, қор.

Не-не юракларда муз қотди оҳим,
Сендек қаро ерни қучолмасман шод.
Эй қор, осмонларга етган фарёдим,
Эй қор, тўкиларсан сокин, бефарёд.

Истаранг иссиқдир, сочилган завқинг
Ёруғ кунларимдан келтирар дарак.
Бошимдан ёғдирар, тўзғитиб раҳмин,
Иссиқ-совуғимдан хабардор фалак…

Ҳарорат ахтариб кезарсан, бироқ,
Жаҳоний борлиғинг – бир томчи кўз ёш.
Сени деб қон ютар намдийда офоқ,
Сени деб заминга қайтади қуёш…

Муслимбек Мусаллам
ЯНГИ ЙИЛ МУБОРАК БЎЛСИН,ОНАЖОН!

Арчалар шохида турар тилло зар ,
Яшил чироқларда безанди шаҳар .
Мунглиғ дарчалардан боқдингиз саҳар ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Ёғётган қор каби кўнглингиз оқда ,
Бу ерда ҳаммаси ёлғону сохта .
Чаккангиз четида очилган пахта ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Мен йўқ, қурум босиб ётар мўрилар ,
Анори сочилиб ётган сўрилар .
Болам деб дарвоза ғамгин сурилар,
Янги йил муборак бўлсин, онажон.

“Кетдик” дер юрагим, сира кўнмади ,
Тўрт фасл дилимда райҳон унмади .
Бу ерда бўронлар ҳали тинмади ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Баҳорни соғиндим ,кузни англадим ,
Меҳрли, меҳрсиз юзни англадим .
Мусофир кунларда Сизни англадим ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон.

Дейсиз, сен келгунча сира ўлмайман ,
Тангри дер, ҳар кимни ҳар кун қўллайман .
Сиз учун хайрли дуо йўллайман, ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон.

BAYRAM MUSHOIRASI
09

Erkin VOHIDOV
YANGI YIL SHE’RI

Inson fe’li ajabdan ajab,
Yo‘qdir unga mezonsiz olam.
Yulduzlarni o‘lchar botmonlab,
Qarichlaydi cheksizlikni ham.
O‘zi ega, o‘zi qul mangu
O‘zi topgan aqidalarga,
Ne dey, hatto mangulikni u
Bo‘lib chiqqan daqiqalarga.
Daqiqadan soatlar yig‘ib,
Kunlar tuzib oy jam qiladi.
Yig‘lamaydi umr o‘tdi deb,
Yil o‘tdi deb bayram qiladi.
Ko‘paysa-da ajinlar harchand,
Oqarsa-da yillardan boshi,
Quvonadi — ko‘paydi farzand,
Sevinadi — ulg‘aydi yoshi.
Bu tuganmas orzu-havasda
Bor umidbaxsh imonga asos:
Inson o‘lmas.
Asta va asta
Boqiylikka o‘tadi, xolos.

Abdulla Oripov
SALOMNOMA

Bahor chog‘i chuldiragan irmoqlardan,
So‘qmoklardan va zangori o‘tloqlardan,
Adirlarda kechgan shodon, xush chog‘lardan,
Salom bo‘lsin saxovatli yil boshiga,
Salom bo‘lsin yashil ko‘klam naqqoshiga.

Saratonning quyoshidan bo‘lsin salom,
Qor so‘ragan tog‘-toshidan bo‘lsin salom,
Tanti dehqon bardoshidan bo‘lsin salom,
Salom bo‘lsin oylarning eng ezgusiga,
Salom bo‘lsin uning oppoq injusiga.

Yaqin qo‘shni — salom degan kuz chog‘i bu,
Noz-ne’matga to‘lib turgan quchog‘i bu,
To‘y chog‘i bu, rejalarning yuz chog‘i bu,
Salom bo‘lsin to‘yni birga to‘ylashganga,
Salom bo‘lsin bir devordan bo‘ylashganga.

Odamlar bor — bir umrlik tolega yor
Va istaydi do‘stlariga tole bisyor.
Ezgu yilda ezgu o‘ylar topsin qaror,
Salom bo‘lsin xush saodat ayyomiga,
Salom bo‘lsin zafarning ilk payomiga.

Salomlarning barchasidan shuldir ma’no:
Bo‘y taratsin olam bo‘ylab yashil ma’vo,
Gurkurasin, kuchga to‘lgan yurt doimo,
Salom bo‘lsin o‘n ikki oy sarvariga,
Salom bo‘lsin yilning to‘ng‘ich Yanvariga!

Omon MATJON
YaNGI YIL JOM SO’ZI

Go’yo ikki zamon, ikki asrni
Ko’rgan oqsoqoldek, nuroniy, sipo –
Bulutlarni o’ynar tashqarida qish,
O’ltirib eski va yangi yil aro.
Haykaltarosh qish bu! Butun dunyoni
O’rab qo’ydi oppoq chodirga – qorga,
Erta-indin bizni bir quvontirib,
Sahna ochadi u yashil bahorga.
Qish bobo, ijoding barqaror kulsin,
Senga bu yangi yil muborak bo’lsin!

Qishloq ustidagi chinorning bugun
Shoxlari izg’irin bilan olishar.
Uzun kechalarda uxlatmay uni
Qarg’alar goho-goh shovqin solishar.
Garchi o’tgan umr qaytmas hech qachon,
Chinor, yaproqlaring qaytib keladi.
Bag’ringga bargingdek mitti qushchalar
Mangu qo’shiqlarni aytib keladi.
Mag’rur salobating shox tashlab tursin,
Chinor,yangi yiling muborak bo’lsin!

Horitib yil bo’yi chekkan tashvishlar,
Qattiq uxlab qopti, ana, jon dala.
Tezda uyg’otadi seni jon bahor
Quvlashib keladi mitti sho’x qushlar.
Lekin, dalam sevar elimning qo’lin,
Shundan tandirdagi non yuzi qirmiz.
Shundan har chanoqda toshgani xirmon,
Ochil dasturxondir shundan yerimiz.
Dalam! Uyqing yashil tushlarga to’lsin,
Senga ham yangi yil muborak bo’lsin!

O’zbek tuprog’ining bir chekkasida
Keksa dengiz yashar yakka-yagona,
Go’yo o’g’illarin safarga yo’llab,
Intizor-intizor kutguvchi ona.
O’g’illar olisda, tashvishlar bisyor,
Tezda to’lib oqar Amu ham, Sir ham.
To’lqinlar o’ynoqlab to’ladi Orol!
Ikki o’g’ling senga mangu intilsin,
Orol, yangi yiling muborak bo’lsin!

Do’stlar! Har yangi yil dilga eng avval
Umid ato etar – qanotlari oq.
Sarbaland parvozlar shundan boshlanar,
Shundan tug’iladi yulduzlar, chaqmoq.
Yangi yil jomini ko’tarib, deyman:
Ko’kka do’st tutunsin har ko’ngil, har dil.
Dunyoning tonglari vaqtida otsin,
Orzular yo’l olsin ishiga dadil!
Orzular, qolgan gap sizlarga qolsin,
Sizga bu yangi yil muborak bo’lsin!

Muhammad Yusuf
YANGI YIL KЕCHASI

Ko‘ngil ma’yus tortdi yilning so‘ngida,
Bilmam, nimang bilan sehrlading, qor.
Bugun kuppa-kunduz ko‘zim o‘ngida,
Yana bir yoshimni o‘g‘irlading, qor.
Qirqinchi qasrimga o‘taymi endi,
Kechagi yoshligim ertakmi endi?..

Bahorim yetgudek qo‘lim uzatsam,
Yetolmay dilimni ne deb yupatsam.
Laylakqor, azizim, g‘alat bayram bu —
Kulib kuzatsammi, yig‘lab kuzatsam…
Dardim jim ichimga yutaymi endi,
Kechagi yoshligim ertakmi endi?

So‘rsang, sevinchimdan o‘kinchim ko‘proq,
Sendan-da kumushroq sochimdagi oq.
Yilim kelmay turib, yilim ketmoqda,
Ko‘zda tabassum-u kiprikda titroq.
Men ham sal shoshdim-da, qaytaymi endi,
Kechagi yoshligim ertakmi endi?

Yangi yil,
Kelaver qanday kelsang ham,
Kimlar yetdi senga, kimlar yetmadi.
Sen yangi yo‘ldoshsan, sen yangi hamdam,
Yo‘qlab kelganingni o‘zi bir bayram.
Qulog‘ingga bir gap aytaymi, endi,
Kechagi yoshligim ertakmi, endi…

Nodira AFOQOVA
31 DЕKABR

Shaffof qadahlarda ko‘pirgan ne u?
Qo‘llarim, ne uchun titraysiz endi?
Oynada qahraton emas u, gul-ku,
Ertagacha hali bu tun uzundir.

So‘raymiz “Devonu lug‘otit turk”dan,
“Yil”, axir, ”yel» emas, titramang, ey dil.
“Yil”, axir, shunchaki guvranib yotgan
Poygadan shafqatsiz ezilgan yo‘ldir.

Kiprigim torida titrama, ey yosh –
Kiprigim toriga osilgan dunyo…
Dunyo, bu ne asror, meni qil ogoh:
Poyimda – xazonlar o‘ynar beparvo,

Ortimda – qirq yillik yashin urgan bog‘,
Ko‘ksimda – manguday guvlagan daryo…

***

Qoraygan bog‘larga qalin qor tushdi,
Yodimiz yodiga tag‘in yor tushdi.

Dilga – ahli tarab ko‘ngillaridan
Quvg‘in aylamishlar – jam’i zor tushdi.

Bulbullar tindilar – oshiqlikmi shu?
Orom yo‘q – ishqimiz betakror tushdi.

Bori ishq zahrini bizga ber, falak,
Ko‘nglimiz ko‘tara xaridor tushdi.

Nigohimiz naqqosh yo‘lga termulib,
Darchangizga boqing – navbahor tushdi.

Laylidan so‘ylamang, afsonami ishq?
Devona baxshimiz – bizga or tushdi.

Yaldo tunlarida so‘yladik doston,
G‘uluvmas, holimiz rostu bor tushdi:

Oh urdik, ummonlar uchdi falakka –
Yo‘q esa, bog‘larga qaydin qor tushdi?

14.12.2015.

A’zam Obid
YANGI YIL SHE’RI

Vatandosh, hayot hidi hulvoga to‘lsin,
E’zozli, ehsonli va erkli bo‘lsin.
Panohida yuring Parvardigorning,
Ishqiga chulg‘aning vafoli yorning.

Niyat tongday toza, qalbingiz oppoq,
Yuzingiz to‘lin oy misoli porloq.
Yengilish neligin bilmang hech qachon,
Ruhu jon mustahkam, qaddingiz ravon.

Kulgu, tantanaga serob yil yaqin,
Orzular ushalur, dilga dil yaqin.
Lahzalar tenglashib yuz asrlarga
Iliqlik uzatur pok nasllarga.

Gul tutay, g‘amlarni ketkaz, YANGI YIL!
Zor etma, baxt sari yetkaz, YANGI YIL!

Gulnoz MO‘MINOVA

***

Dekabr buluti
Ukpardan yasalgan kemadek
Ohista suzadi samoda.
Unda farishtalar
Sayr qilishar
Zarra iz qoldirmay havoda.

Daryolar, dengizlar —
Zaminning lojuvard ko‘zlari
Tikilar teskari ummonga,
Kechib ildizidan,
Muqimligidan
Daraxtlar qo‘l cho‘zar osmonga.

25.12.2016

Shahodatbonu IMOMNAZAROVA
QORGA QASIDA

Yana osmoningdan yerga qularsan,
Yana ma’sumlikdan chekarsan ozor.
Uzun kechalarni tongga ularsan,
Yerning yuzin yorug‘ aylagaysan, qor.

Ne-ne yuraklarda muz qotdi ohim,
Sendek qaro yerni qucholmasman shod.
Ey qor, osmonlarga yetgan faryodim,
Ey qor, to‘kilarsan sokin, befaryod.

Istarang issiqdir, sochilgan zavqing
Yorug‘ kunlarimdan keltirar darak.
Boshimdan yog‘dirar, to‘zg‘itib rahmin,
Issiq-sovug‘imdan xabardor falak…

Harorat axtarib kezarsan, biroq,
Jahoniy borlig‘ing – bir tomchi ko‘z yosh.
Seni deb qon yutar namdiyda ofoq,
Seni deb zaminga qaytadi quyosh…

Muslimbek Musallam
YANGI YIL MUBORAK BO‘LSIN,ONAJON!

Archalar shoxida turar tillo zar ,
Yashil chiroqlarda bezandi shahar .
Munglig‘ darchalardan boqdingiz sahar ,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon .

Yog‘yotgan qor kabi ko‘nglingiz oqda ,
Bu yerda hammasi yolg‘onu soxta .
Chakkangiz chetida ochilgan paxta ,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon .

Men yo‘q, qurum bosib yotar mo‘rilar ,
Anori sochilib yotgan so‘rilar .
Bolam deb darvoza g‘amgin surilar,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon.

“Ketdik” der yuragim, sira ko‘nmadi ,
To‘rt fasl dilimda rayhon unmadi .
Bu yerda bo‘ronlar hali tinmadi ,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon .

Bahorni sog‘indim ,kuzni angladim ,
Mehrli, mehrsiz yuzni angladim .
Musofir kunlarda Sizni angladim ,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon.

Deysiz, sen kelguncha sira o‘lmayman ,
Tangri der, har kimni har kun qo‘llayman .
Siz uchun xayrli duo yo‘llayman, ,
Yangi yil muborak bo‘lsin, onajon.


011

(Tashriflar: umumiy 26 373, bugungi 14)

6 izoh

  1. «…борар манзилим тайин – халқ шоири Хуршид Давроннинг саҳифаси! Устоз …шоирларга интилиш лозим бўлган юқори даражани кўрсатиб туради. Унинг саҳифасида эълон қилинган шеърлар катта эътирофга сазовор бўлган саналади. Ҳатто баъзилар «мени Хуршид Даврон саҳифасида чиқарган» дея … журъатли бўлиб қолганларини ҳам кўрдик». Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА.
    Ҳа, «Хуршид Даврон кутубхонаси»да чиқиш биз учун ҳамиша бир шараф, бир имтиҳон. Раҳмат, устоз!

  2. Ассалому алейкум устоз ман Мухаббатман кизиз шогирдизман . Сиз давримизнинг тирик архивисиз .” Эслаб” дастурига чукур хурмат билан сизни таклиф киламан

  3. Ustoz, yangi yil bilan biz ham sizni chin dildan tabriklaymiz! Sog’lik, oilangizga tinchlik, baraka, barcha ishlaringizga rivoj tilab qolamiz! «Xurshid Davron kutubxonasi» sayti jahon va o’zbek adabiyoti namoyondalari, qolaversa, biz kabi adabiyotga endi ilk qadamlarini qo’yib kelayotgan yoshlarni xalqqa tanitishda doimo faol bo’lgan va bundan keyin ham yana olg’a boraversin!
    Bayramingiz muborak bo’lsin!

  4. Hormatly Hurshyt eke,taze yangy yylyñyz gutly mubarek bolsun.Bu taze yyl hem siziñ mashgalañyza agzybirlik,ishiñize ustunlik getirsin. Siziñ taze yylda taze,taze eserleriñizi okamak bize de nesip etsin ylayym.Yangi yil bilan qutluqlayman,shayir eqe! Omrungiz uzaq olsun.

  5. KIRIB KELAYOTGAN YONGI YIL BARCHAGA OMAR OLIB KALSIN BARCHA ORZULARIGA YETSIN OMIN

Izoh qoldiring