Ijtimoiy media fenomeni & Milliy saytlar nima uchun ommabop emas?

012    Сарлавҳани ўқиган газетхон, ҳойнаҳой, гап яна ўша ижтимоий медиани қоралаш ҳақида, деган хаёлга боргандир. Шошилманг. Бу гал социал тармоқларнинг тамоман бошқа жиҳатларига – эндиликда инкор этиб бўлмайдиган, XXI аср ҳодисотларида бемисл аҳамият касб этаётган бир қатор тенденцияларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

09
Моҳларойим ҚАЮМОВА,
“Hurriyat” мухбири
ИККИ МАҚОЛА
08

Қаюмова Моҳларойим Илҳом қизи 1994-йил Тошкент вилоятида туғилган. 2013-йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетида таҳсил олади. 2014-йилдан бошлаб «Ҳуррият» «мустақил» газетасида фаолият юритади. Моҳларойимнинг  бир ҳафтадан сал аввал сайтимизда жойлаштирилган «Ҳужжатдаги хато  —  у бизни қачонгача таъқиб қилади?» мақоласи ўтган ойнинг энг кўп ўқилган мақоласи бўлди.

04

ИЖТИМОИЙ МЕДИА ФЕНОМЕНИ

Сарлавҳани ўқиган газетхон, ҳойнаҳой, гап яна ўша ижтимоий медиани қоралаш ҳақида, деган хаёлга боргандир. Шошилманг. Бу гал социал тармоқларнинг тамоман бошқа жиҳатларига – эндиликда инкор этиб бўлмайдиган, XXI аср ҳодисотларида бемисл аҳамият касб этаётган бир қатор тенденцияларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириш, унинг фойдаланувчиларини эса интернет-манияда айблаш урф бўлгандек. Турли оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳам ушбу мавзуни муҳокама қилиш эстафетаси анчадан буён давом этади. Аслида, социал сайтларни танқид қиламизми ёки уларни кўкларга кўтарамизми, нима бўлганда ҳам, мазкур ихтиро глобаллашув даврининг ажралмас компонентига айланганини инкор этолмаймиз.

Очиғи, ижтимоий тармоқларда “яшаб”, реал ҳаётга қўл силтаб қўйишлар ҳақида кўп гапирдик. Интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, мафкуравий иммунитетга эга бўлиш ҳақида айтарли хулосаларга ҳам келинди. Бироқ социал сайтлар том маънода дунёни забт этишда давом этмоқда. Аввалига бу ижтимоий тармоқлар суҳбат қуриш, янги дўстлар орттириш, узоқдаги яқинларни топиш учун мўлжалланган бўлса, ҳозир улар атрофида бошқа кўплаб тенденциялар шаклланиб улгурди.

Статистик маълумотларга қараганда, дунё бўйича интернет фойдаланувчиларининг 60 фоиздан кўпроғи ижтимоий тармоқларда ўзларининг аккаунти (шахсий саҳифаси)га эга. Хусусан, ҳозир энг оммабоп саналган “Fасеbооk” тармоғидан 1,2 миллиард киши фойдаланади. Демак, “Fасеbооk” ни битта мамлакат деб тасаввур этилса, у аҳолисининг сони жиҳатдан Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринни эгаллаган бўларди. Сир эмаски, одамлар ҳар куни энг камида бир соат вақтини ўзларининг севимли соц-сайтида ўтказишади. Бекатларда автобус пойлаётганда, дўконларда навбат кутганда – хуллас, қулай фурсат пайдо бўлди дегунча, одамлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ташриф буюради. Бу каби сайтлар шундай лойиҳалаштирилганки, уларга киришингиз билан экранда биринчи бўлиб янгиликлар лентаси пайдо бўлади. Беихтиёр фойдаланувчи ахборотларни ўқийди. Демак, ижтимоий тармоқлар ОАВ вазифасини ҳам ўтамоқда. Ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, кўплар жаҳонда кечаётган янгиликлардан ижтимоий тармоқлар орқали бохабар бўлмоқда. Яъни, улар асосий информацион ресурс сифатида на газета, на теле-радиоканаллар ва ҳатто интернет сайтларини ҳам қайд этишмади. Тўғри, фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларга янгилик олиш мақсадида киришмайди, аслида. Бироқ сайтга киргач, барибир информацион лентага кўзи тушади. Эҳтимол, у хабарларни тўлалигича ўқиб чиқмас, бироқ қанча миқдорда бўлмасин, ахборот олади. Натижада газета ёки теле-радиоканаллар орқали янгилик олишга деярли эҳтиёж қолмайди. Бу ҳолат эса ижтимоий тармоқларга хос бўлган асосий муҳим жиҳат – ахборот билан таъминлаш функциясини юзага келтиради. “Одамлар нима учун газета ўқимаяпти?”, “Нима учун теле-радиоканаллар рейтинги пасайиб кетмоқда?” қабилидаги саволларнинг жавоби ҳам аслида шу: улар барчасига ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифалари орқали эга бўлишмоқда.

Мазкур жараён, айниқа, яқин орада шу қадар ривожланиб кетдики, эндиликда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ўзи ахборот бериш билан шуғулланмоқда. Яъни, одамлар кундалик ҳаётда кўриб гувоҳи бўлаётган воқеаларни шу заҳоти социал сайтлардаги ўз саҳифаларига (ҳажман ўта кичик бўлса-да) хабар кўринишида жойлаб бормоқда. Чунки интернетни, хусусан, ижтимоий тармоқларни ҳар қандай шароитда ҳам ишлата олиш имконияти мавжуд. Шу боисдан, воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортаж бериш учун ёнингизда ҳеч бўлмаса интернетга боғлана оладиган мобиль телефонингиз бўлса кифоя. Анъанавий ОАВ даги фото, видео, аудио, матн, графика каби имкониятлар ижтимоий тармоқларда ортиғи билан мавжуд. Бугун кунда айнан социал сайтлар сайёрада информацион пойга бўйича етакчилик қилмоқда. Хабарингиз бор, 2011 йил 24 январда Москванинг “Домодедово” аэропортида теракт содир этилиб, юзлаб инсонлар умрига зомин бўлган эди. Бу ҳақдаги илк хабар ўша куни соат 16:32 да “Twitter” ижтимоий тармоғида пайдо бўлди. Россиянинг “Первый” телеканали эса воқеа тўғрисидаги ахборотни 18:00 да портлаш содир этилган вақтдан нақд бир ярим соат ўтгач эълон қилди! Кўриб турганингиздек, жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлаётган, баъзи ўринларда ташвишга солаётган, инсон руҳияти, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга етарлича таъсирини кўрсатаётган ижтимоий тармоқлар қудратли кучга айланиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқлар орасида етакчилик бўйича мана бир неча йиллардан бери иккита медиа-гигант – “Fасеbооk” ва “Twitter” ўртасида тинимсиз рақобат давом этади. Бу икки сайт шу қадар оммалашдики, улар ижтимоий мулоқот функциясидан бошқа яна кўплаб вазифаларни ўз бўйнига олиб улгурди. Хусусан, “Fасеbооk” тармоғидаги “Like” функциясининг ўзи турли рейтинглар тузиш ёхуд жамоатчилик орасида нимагадир ва ҳатто кимгадир баҳо беришда асосий параметрга айланган. Чунончи, ушбу “Like” тугмасининг имконияти шундан иборатки, фойдаланувчи уни босиши билан бирор веб-саҳифадаги ёки “Fасеbооk” сайтининг ўзидаги хабар, матн, мақола ёхуд бошқа шахсни тармоқдаги бошқа танишларига тавсия этади (ўзига ёққанлиги сабабли). Статистик маълумотларга қараганда, кунига сайёра бўйлаб миллиардлаб “Like” босилади. Натижада, бугунга келиб шундай тенденция шаклландики, муайян воқеа-жараённинг қанчалик аҳамиятли экани, у ёки бу янгиликнинг қай даражада оммабоплиги “Fасеbооk” даги унга бириктирилган “Like” тугмачаси неча марта босилгани билан белгиланмоқда. Бундай урфнинг шакллангани соҳада етакчиликка даъво қилаётган ҳар қандай ташкилотнинг ушбу тармоқда ўз саҳифасига эга бўлишига олиб келди. Меҳмонхоналар, ресторанлар, истироҳат боғлари, таълим муассасалари, мода уйлари, корхоналар, тижорат банклари – барчаси “Fасеbооk” да ўз “майдон”ига эга бўлиб, истеъмолчи ва мижозлар “Like” тугмачаси (уни босиш ё босмаслик) орқали уларга ўз муносабатини билдириб бормоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларнинг жамоатчилик орасида бу қадар оммалашуви реклама ҳақидаги тасаввурларни ҳам ўзгартириб юборди. Бинобарин, ҳозир кўплаб ташкилотлар ўзини “Fасеbооk” ёхуд бошқа социал сайтдаги саҳифаси орқали ўз-ўзини PR қилиш имконига эга. Ваҳоланки, ижтимоий медиа орқали амалга оширилган реклама кампаниялари тўлалигича ўзини оқламоқда. Зеро, замондошларимизнинг аксариятида ҳар доим ҳам телевизор кўриш, радио эшитиш ёхуд газета сотиб олишга имкон туғилмаслиги мумкин, лекин социал сайтга улар бир кунда бир марта бўлса-да ташриф буюришга вақт топишади.

Шуниси қизиқки, ижтимоий тармоқларнинг дастлабки ва асосий функцияси – “чат”лашиш (мулоқот қилиш) йўқолиб бормоқда. Яъни, даставвал одамларнинг ўзаро мулоқот қилиши учун ихтиро қилинган социал сайтларда ахборот бериш, реклама қилиш ва ҳоказо жиҳатлар кўпроқ ривожланди. Боринки, матнли ва овозли, график хабарларни йўллаш учун социал сайтлардан анча қулайроқ бўлган махсус мессенжер (хабар жўнатувчи дастур) лар ишлаб чиқилди. Ижтимоий тармоқлар эса мулоҳаза, муҳокама минбарига айланди. Эндиликда улар мулоқот майдонидан фикр майдонига эврилиш қилди. Сайёрамизда рўй бераётган бирор воқеа йўқки, “Fасеbооk” ёки “Twitter” орқали муҳокама этилмаётган бўлса. Янгиликлар лентасида акс этаётган ҳар қанақа хабарга минглаб, миллионлаб изоҳлар ёзиб қолдирилади.

Шунингдек, машҳур шахслар, давлат арбоблари, санъаткорлар, спортчиларнинг “Fасеbооk” ёхуд “Twitter” тармоғида аккаунт (шахсий саҳифа) очиши одатий ҳолга айланиб улгурди. Халқ эътиборидаги кишиларнинг бирор-бир воқеа юзасидан фикрлари ёки фаолиятидаги янгиликлар оммани доимо қизиқтириб келган. Бу ҳолат тармоқда яққол акс этади. Хусусан, “Twitter” сайтидан олинган расмий маълумотларга қараганда, обуначилар сони бўйича сайт рейтингида етакчилик қилаётган қўшиқчи Кетти Перрининг 56 миллион, АҚШ президенти Барак Обаманинг 46 миллион, футболчи Криштиану Роналдонинг 29 миллион ўқувчиси бор. Тасаввур қилинг, бизнинг ҳар битти ёзган гапимизни шу ондаёқ ярим миллиард киши ўқиса!

Социал сайтлар – инсон тафаккурининг маҳсули. Қачонлардир хабар кабутар оёғига бойлаб жўнатилар эди. Одамлар унинг манзилга етиб боришига умид қиларди, холос. Бугун-чи? Инсониятнинг ахборот алмашиш борасида қўлга киритган жамики ютуқларини ўзида мужассамлаштирган ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлгани ҳолда, миллиардлаб хабар бир кунда бир вақтнинг ўзида миллиардлаб одамга етказилади.

Кузатдикки, ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви ахборот узатиш борасидаги минг йиллик тасаввурларни ўзгартириб юборди, реклама билан боғлиқ янги тенденцияларни юзага келтирди. Айни пайтда ижтимоий тармоқ кишиларнинг социал тоифаланишини четлаб ўтди. Айтайлик, оддий фуқаронинг бугунда етук давлат арбоблари ва ҳатто мамлакат раҳбарларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши ижтимоий тармоқлар туфайли оддий ҳолга айланди.

Ва ниҳоят, ижтимоий тармоқлар амалга оширган энг катта инқилоб – бу муҳокама ва фикр алмашиниши учун глобал майдоннинг вужудга келишидир. Зеро, бирор бир воқеа-ҳодиса юз берганида у аввалгидек бир неча кишилардан иборат кичик гуруҳ орасида эмас, бутун дунё интернет фойдаланувчилари ўртасида муҳокама этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқ глобаллашув асрида инкор қилиб бўлмас феномендир. Унинг давр воқеликларида тутаётган ўрнини ҳар қадамда ҳис қилиш мумкин. Танганинг икки томони мавжуд бўлгани каби, ижтимоий тармоқлар ҳам ўзининг ижобий ва салбий томонларига эга. Лекин ушбу икки қарама-қарши жиҳатнинг қай биридан фойдаланиш ҳамиша инсоннинг ўзига боғлиқ бўлиб келган.

МИЛЛИЙ САЙТЛАР НИМА УЧУН ОММАБОП ЭМАС?

Миллий медиа муҳитда анъанавий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда яна бир тенг ҳуқуқли тармоқ вужудга келган. Уни таърифловчи атама борасида турлича фикрлар мавжуд. Айрим россиялик назариётчилар тармоқ журналистикаси тушунчасининг тарафдори, инглиззабон олимлар эса он-лайн ёки кибер журналистика атамасини маъқул кўрадилар.Мамлакатимизда эса интерактив ёхуд интернет журналистика термини кўпроқ қўлланмоқда.

Бугунга келиб “UZ” сегменти 18 мингдан ортиқ объект – веб-сайтни бирлаштирувчи, тобора кенгайиб борувчи доменга айланди. Шундай бўлса-да, кўпчилик ҳамон чет эл веб-сайтларидан фойдаланишни афзал кўришади. Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони ҳозирда 7,378 миллионга етди. Бу мамлакат аҳолисинининг 24 фоизи “жаҳон ўргимчак тўри”даги хизматлардан мунтазам фойдаланади, деганидир. WWW.UZрейтингида етакчилик қилаётган сайтларга бир кунда ўртача 8-10 минг киши ташриф буюраётгани ҳамда мамлакатимизнинг жами интернет фойдаланувчилари ўртасидаги фарқни солиштирадиган бўлсак, ўз-ўзидан савол туғилади: интернет фойдаланувчиларимиз ўзимизнинг сайтларимиз қолиб, кибер оламнинг қайси сарҳадларида кезиб юрибди?

SocialBakers сайти тақдим этаётган статистик маълумотларга кўра чет эл веб-сайтлари доимий фойдаланувчилари орасида ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистонда яшаётган “Facebook” фойдаланувчилари сони аллақачон 75 мингдан, “Odnoklassniki”фойдаланувчилари сони эса 300 мингдан ортган. Бу, албатта, ижтимоий тармоқларга оид статистика. Аммо веб-сайтлар борасида ҳам миллий кибер саноатимиз маҳсулотлари ватандошларимиз назаридан четда қолмоқда.

Юқори тезликдаги симли интернет хизматларини кўрсатаётган провайдерлар амалда абонентларига UzNet тармоқлари доирасида маълумот алмашиш бўйича хизматни бепул, трафик тўловларисиз тақдим этмоқдалар. Шунга қарамай, интернет фойдаланувчиларимиз пулли бўлса-да, хориж кибер-хизматларини афзал билишмоқда. Холбуки, 2014-йил 15-июль ҳолатига кўра “uz” доменидаги фаол сайтлар сони 18,217 тани ташкил этди. Бундан ташқари, хозирда яна 210 та сайтнинг фаоллаштирилиши кутилмоқда. WWW.UZ сайти томонидан олиб бориладиган топ-рейтингга мурожаат қиладиган бўлсак, унда етакчилик қилаётган бир неча сайтларимизни ҳисобга олмаганда, “UZ” сайтларининг 60% фоизида доимий фойдаланувчилар сони 30-50 тани, баъзан эса ундан-да камроқни ташкил этади.

Назаримизда, асосий муаммо – сайтларимиздаги ахборотларидадир. Маълумки, хабар беришнинг 2 усули мавжуд: уни ишлаб чиқариш (яратиш) ва ре-райт қилиш (кўчириш). Афсуски, аксарият сайтларимиз 2-усулни афзал топишган ва фаолиятларида бундан кенг фойдаланишмоқда. Ре-райт муаммоси хозирда ўзбек кибер журналистикасининг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Айтайлик, пойтахтимизда кўргазма бўлиб ўтгани ҳақидаги хабар бирор бир сайтда пайдо бўлиши заҳоти билан, ўша сайтнинг “ҳамкасблари” дарров уни кўчириб олади ва ўз инфо-ленталарига тезкорлик билан жойлаб олишади. Натижада биз қайси сайтга ташриф буюрмайлик, ҳаммасида ҳам бир хил мақолаларни кўрамиз. Бу ўз навбатида контент (таркиб) муаммосини келтириб чиқаради. Афсуски, бу борадаUzNet жуда “камбағал”, материаллар бир хил ва қайси сайтга ташриф буюрманг ўша-ўша.Айнан мана шу холат фойдаланувчини UzNet дан узоқлаштирмоқда.

Ре-райт масаласи, албатта, бугунги кун интерактив журналистикамиздаги энг долзарб муаммодир. Аммо актуаллиги бўйича унга тенгкучли бўла оладиган яна бир масала борки, у контент (таркиб) муаммосидир. Бу, авваламбор, сайтларимизнинг таркиби тез-тез янгиланмаслиги билан боғлиқдир. Янгиланишлар сустлиги айниқса рус тилида фаолият олиб борадиган сайтларимизнинг ўзбекча версияларига хосдир.

Сайтларимизнинг контентга камбағаллиги мавзулар кўламининг торлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Эълон қилинадиган аксарият материаллар янги қабул қилинган қонунлар, фундаментал ислоҳотлар, анжуманлар, йиғилиш ва мажлислар ҳақидаги хабарлардан иборат. Интернет аудиториянинг салмоқли қисми ёшлардан иборат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу каби тематикадаги материалларнинг уларни қизиқтириб олиши қийин. Холбуки, маданият, санъат, таълим соҳаларига оид янгиликлар кибер муҳитда ниҳоятда танқис. Сайтларимиздаги контент, асосан, хабар, янгилик жанридаги материаллардан иборат, таҳлилий мақолаларни эса деярли кўрмаймиз.

Маълумки, интернет ОАВ лари ҳақида гапирганимизда, интерактив журналистика атамасига кўп мурожаат қиламиз. Афсуски, замонавий электрон ОАВ ларимизга бу хусусият ҳос эмас. Аслида эса сайтларда фойдаланувчи эътиборини тортадиган интерактив хизматлар бисёр бўлиши керак.

Ҳар қанақа веб-сайтда қайта алоқа ва журналист материали остига фикр қолдириш имкони бўлиши керак. Афсуски, аксарият сайтларимиз бу хизматни тақдим этишга шошилишмаяпти. Бироқ муаллиф материалларига фикр билдириш, зарур бўлса қизиқтирган саволларга жавоб олиш, танқид, таҳлил қилиш имкони ўқувчига берилгандагина кибер-журналистика ОАВ нинг анъанавий турларидан фарқ қила олади, коммуникативлик хусусиятига эга эканлиги билан устун бўла олади.

Бугунги кунда фан назариётчиларини ташвишга солаётган масала – UzNet тили. Аҳолисининг 74 фоизини ўзбеклар ташкил этадиган мамлакатда электрон нашрларнинг аксарияти рус тилида фаолият олиб бориши, албатта, тушунарсиз ҳолат. Шунга қарамасдан, WWW.UZ топ-рейтинги бошида турган 100 та веб-сайтнинг бор-ёғи 20 тасигина Давлат тили бўлган ўзбек тилини асосий тил сифатида танлаган. Қолган 80 та сайт учун расмий тил – қанчалик ҳайратли бўлмасин – рус тили. Жумладан, ANHOR.UZ, 12NEWS.UZ, UZ.24, GAZETA.UZ, PODROBNO.UZ, PUBLIKA.UZ сингари нуфузли интернет нашрлари ҳам рус тилини она тилимиздан устун билган. Хорижий тилларни оммалаштиришга эътибор бериш, материалларни кўп тилларда тақдим этиш – бу албатта, ижобий ҳол. Аммо асосий, мўлжалдаги аудитория ўзбекзабон бўлгандан кейин, асосий тилни ҳам мувофиқ равишда танлаш сайтнинг оммабоплигини таъминлайди.

Яна бир муаммоли жиҳат шундан иборатки, аксарият миллий сайтларимизнинг дизайнибир хил. Деярли барча сайтлар янгиликларни бир хил шакл – вертикал лента кўринишида жойлайди. Сайтлар дизайни бир-бирдан фарқланмаса, оригинал ечимларга эга бўлмаса, бу уларнинг фойдаланувчи томонидан эслаб қолинмаслигини таъминлайди. Бундан ташқари, айрим сайтларимизда янгиликлар хатбошиларга ажратилмасдан, майда ҳарфларда жойлаштирилади. Бирорта ҳам материалга суратлар илова қилинмайди. Фақат DARYO.UZ, KUN.UZ, UZ24.UZ, UzREPORT.UZ каби камдан кам нашрларгина тармоқнинг интерактив имкониятларидан самарали фойдаланган: қайта алоқа бўйича хабар юбориш имконияти мавжуд, форумда мақолалар таҳлил, танқид килинади ва ҳоказо. Шунингдек, Uzbekistan Today (www.ut.uz) информацион агентлигининг интернет нашрини яхши мисол сифатида келтириш мумкин. Сайт ёқимли оқ-мовий рангда безатилган, янгиликлар тасмаси мунтазам янгиланиб борилади, архив мавжудлиги, қулай навигация – интернет-аудитория ўртасида муваффақият қозониш гарови бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий электрон нашрларимиз халқаро стандартлар тақозо этаётган жиҳатларни ўзида мужассамлаштиришга интилиши зарур. Булар: интерактивлик, диалоглилик, мультимедиавийлик (матн билан бир вақтда овозли, тасвирли ва бошқа шаклдаги белгили тизимларни қўллаш имконияти), алоҳида ёндашув ва ўзаро боғлиқлик (интернет мақолалардаги гиперматнли тузилиш жуда кўп миқдордаги турли-туман ахборот блокларини ўзаро боғлаб туради).

Манба: www.uchildiz.uz

023

   Sarlavhani o’qigan gazetxon, hoynahoy, gap yana o’sha ijtimoiy mediani qoralash haqida, degan xayolga borgandir. Shoshilmang. Bu gal sotsial tarmoqlarning tamoman boshqa jihatlariga – endilikda inkor etib bo’lmaydigan, XXI asr hodisotlarida bemisl ahamiyat kasb etayotgan bir qator tendentsiyalarga e’tiboringizni qaratmoqchimiz.

09
Mohlaroyim QAYUMOVA,
“Hurriyat” muxbiri
IKKI MAQOLA
08

077 Qayumova Mohlaroyim Ilhom qizi 1994-yil Toshkent viloyatida tug’ilgan. 2013-yildan O’zbekiston davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakultetida tahsil oladi. 2014-yildan boshlab «Hurriyat» «mustaqil» gazetasida faoliyat yuritadi. Mohlaroyimning  bir haftadan sal avval saytimizda joylashtirilgan «Hujjatdagi xato  —  u bizni qachongacha ta’qib qiladi?» maqolasi o’tgan oyning eng ko’p o’qilgan maqolasi bo’ldi.

04

IJTIMOIY MEDIA FENOMENI

Sarlavhani o’qigan gazetxon, hoynahoy, gap yana o’sha ijtimoiy mediani qoralash haqida, degan xayolga borgandir. Shoshilmang. Bu gal sotsial tarmoqlarning tamoman boshqa jihatlariga – endilikda inkor etib bo’lmaydigan, XXI asr hodisotlarida bemisl ahamiyat kasb etayotgan bir qator tendentsiyalarga e’tiboringizni qaratmoqchimiz.

So’nggi paytlarda ijtimoiy tarmoqlarning salbiy oqibatlari haqida gapirish, uning foydalanuvchilarini esa internet-maniyada ayblash urf bo’lgandek. Turli ommaviy axborot vositalari o’rtasida ham ushbu mavzuni muhokama qilish estafetasi anchadan buyon davom etadi. Aslida, sotsial saytlarni tanqid qilamizmi yoki ularni ko’klarga ko’taramizmi, nima bo’lganda ham, mazkur ixtiro globallashuv davrining ajralmas komponentiga aylanganini inkor etolmaymiz.

Ochig’i, ijtimoiy tarmoqlarda “yashab”, real hayotga qo’l siltab qo’yishlar haqida ko’p gapirdik. Internetdan foydalanish madaniyatini shakllantirish, mafkuraviy immunitetga ega bo’lish haqida aytarli xulosalarga ham kelindi. Biroq sotsial saytlar tom ma’noda dunyoni zabt etishda davom etmoqda. Avvaliga bu ijtimoiy tarmoqlar suhbat qurish, yangi do’stlar orttirish, uzoqdagi yaqinlarni topish uchun mo’ljallangan bo’lsa, hozir ular atrofida boshqa ko’plab tendentsiyalar shakllanib ulgurdi.

Statistik ma’lumotlarga qaraganda, dunyo bo’yicha internet foydalanuvchilarining 60 foizdan ko’prog’i ijtimoiy tarmoqlarda o’zlarining akkaunti (shaxsiy sahifasi)ga ega. Xususan, hozir eng ommabop sanalgan “Fasebook” tarmog’idan 1,2 milliard kishi foydalanadi. Demak, “Fasebook” ni bitta mamlakat deb tasavvur etilsa, u aholisining soni jihatdan Xitoy va Hindistondan keyin uchinchi o’rinni egallagan bo’lardi. Sir emaski, odamlar har kuni eng kamida bir soat vaqtini o’zlarining sevimli sots-saytida o’tkazishadi. Bekatlarda avtobus poylayotganda, do’konlarda navbat kutganda – xullas, qulay fursat paydo bo’ldi deguncha, odamlar ijtimoiy tarmoqlardagi sahifasiga tashrif buyuradi. Bu kabi saytlar shunday loyihalashtirilganki, ularga kirishingiz bilan ekranda birinchi bo’lib yangiliklar lentasi paydo bo’ladi. Beixtiyor foydalanuvchi axborotlarni o’qiydi. Demak, ijtimoiy tarmoqlar OAV vazifasini ham o’tamoqda. O’tkazilgan so’rov natijalari shuni ko’rsatdiki, ko’plar jahonda kechayotgan yangiliklardan ijtimoiy tarmoqlar orqali boxabar bo’lmoqda. Ya’ni, ular asosiy informatsion resurs sifatida na gazeta, na tele-radiokanallar va hatto internet saytlarini ham qayd etishmadi. To’g’ri, foydalanuvchilar ijtimoiy tarmoqlarga yangilik olish maqsadida kirishmaydi, aslida. Biroq saytga kirgach, baribir informatsion lentaga ko’zi tushadi. Ehtimol, u xabarlarni to’laligicha o’qib chiqmas, biroq qancha miqdorda bo’lmasin, axborot oladi. Natijada gazeta yoki tele-radiokanallar orqali yangilik olishga deyarli ehtiyoj qolmaydi. Bu holat esa ijtimoiy tarmoqlarga xos bo’lgan asosiy muhim jihat – axborot bilan ta’minlash funktsiyasini yuzaga keltiradi. “Odamlar nima uchun gazeta o’qimayapti?”, “Nima uchun tele-radiokanallar reytingi pasayib ketmoqda?” qabilidagi savollarning javobi ham aslida shu: ular barchasiga ijtimoiy tarmoqdagi o’z sahifalari orqali ega bo’lishmoqda.

Mazkur jarayon, ayniqa, yaqin orada shu qadar rivojlanib ketdiki, endilikda ijtimoiy tarmoq foydalanuvchilarining o’zi axborot berish bilan shug’ullanmoqda. Ya’ni, odamlar kundalik hayotda ko’rib guvohi bo’layotgan voqealarni shu zahoti sotsial saytlardagi o’z sahifalariga (hajman o’ta kichik bo’lsa-da) xabar ko’rinishida joylab bormoqda. Chunki internetni, xususan, ijtimoiy tarmoqlarni har qanday sharoitda ham ishlata olish imkoniyati mavjud. Shu boisdan, voqea joyidan to’g’ridan-to’g’ri reportaj berish uchun yoningizda hech bo’lmasa internetga bog’lana oladigan mobil` telefoningiz bo’lsa kifoya. An’anaviy OAV dagi foto, video, audio, matn, grafika kabi imkoniyatlar ijtimoiy tarmoqlarda ortig’i bilan mavjud. Bugun kunda aynan sotsial saytlar sayyorada informatsion poyga bo’yicha yetakchilik qilmoqda. Xabaringiz bor, 2011 yil 24 yanvarda Moskvaning “Domodedovo” aeroportida terakt sodir etilib, yuzlab insonlar umriga zomin bo’lgan edi. Bu haqdagi ilk xabar o’sha kuni soat 16:32 da “Twitter” ijtimoiy tarmog’ida paydo bo’ldi. Rossiyaning “Perviy” telekanali esa voqea to’g’risidagi axborotni 18:00 da portlash sodir etilgan vaqtdan naqd bir yarim soat o’tgach e’lon qildi! Ko’rib turganingizdek, jamoatchilikning qiziqishiga sabab bo’layotgan, ba’zi o’rinlarda tashvishga solayotgan, inson ruhiyati, jamiyatdagi ijtimoiy-siyosiy o’zgarishlarga yetarlicha ta’sirini ko’rsatayotgan ijtimoiy tarmoqlar qudratli kuchga aylanib bormoqda.

Ijtimoiy tarmoqlar orasida yetakchilik bo’yicha mana bir necha yillardan beri ikkita media-gigant – “Fasebook” va “Twitter” o’rtasida tinimsiz raqobat davom etadi. Bu ikki sayt shu qadar ommalashdiki, ular ijtimoiy muloqot funktsiyasidan boshqa yana ko’plab vazifalarni o’z bo’yniga olib ulgurdi. Xususan, “Fasebook” tarmog’idagi “Like” funktsiyasining o’zi turli reytinglar tuzish yoxud jamoatchilik orasida nimagadir va hatto kimgadir baho berishda asosiy parametrga aylangan. Chunonchi, ushbu “Like” tugmasining imkoniyati shundan iboratki, foydalanuvchi uni bosishi bilan biror veb-sahifadagi yoki “Fasebook” saytining o’zidagi xabar, matn, maqola yoxud boshqa shaxsni tarmoqdagi boshqa tanishlariga tavsiya etadi (o’ziga yoqqanligi sababli). Statistik ma’lumotlarga qaraganda, kuniga sayyora bo’ylab milliardlab “Like” bosiladi. Natijada, bugunga kelib shunday tendentsiya shakllandiki, muayyan voqea-jarayonning qanchalik ahamiyatli ekani, u yoki bu yangilikning qay darajada ommabopligi “Fasebook” dagi unga biriktirilgan “Like” tugmachasi necha marta bosilgani bilan belgilanmoqda. Bunday urfning shakllangani sohada yetakchilikka da’vo qilayotgan har qanday tashkilotning ushbu tarmoqda o’z sahifasiga ega bo’lishiga olib keldi. Mehmonxonalar, restoranlar, istirohat bog’lari, ta’lim muassasalari, moda uylari, korxonalar, tijorat banklari – barchasi “Fasebook” da o’z “maydon”iga ega bo’lib, iste’molchi va mijozlar “Like” tugmachasi (uni bosish yo bosmaslik) orqali ularga o’z munosabatini bildirib bormoqda.

Ayni paytda ijtimoiy tarmoqlarning jamoatchilik orasida bu qadar ommalashuvi reklama haqidagi tasavvurlarni ham o’zgartirib yubordi. Binobarin, hozir ko’plab tashkilotlar o’zini “Fasebook” yoxud boshqa sotsial saytdagi sahifasi orqali o’z-o’zini PR qilish imkoniga ega. Vaholanki, ijtimoiy media orqali amalga oshirilgan reklama kampaniyalari to’laligicha o’zini oqlamoqda. Zero, zamondoshlarimizning aksariyatida har doim ham televizor ko’rish, radio eshitish yoxud gazeta sotib olishga imkon tug’ilmasligi mumkin, lekin sotsial saytga ular bir kunda bir marta bo’lsa-da tashrif buyurishga vaqt topishadi.

Shunisi qiziqki, ijtimoiy tarmoqlarning dastlabki va asosiy funktsiyasi – “chat”lashish (muloqot qilish) yo’qolib bormoqda. Ya’ni, dastavval odamlarning o’zaro muloqot qilishi uchun ixtiro qilingan sotsial saytlarda axborot berish, reklama qilish va hokazo jihatlar ko’proq rivojlandi. Borinki, matnli va ovozli, grafik xabarlarni yo’llash uchun sotsial saytlardan ancha qulayroq bo’lgan maxsus messenjer (xabar jo’natuvchi dastur) lar ishlab chiqildi. Ijtimoiy tarmoqlar esa mulohaza, muhokama minbariga aylandi. Endilikda ular muloqot maydonidan fikr maydoniga evrilish qildi. Sayyoramizda ro’y berayotgan biror voqea yo’qki, “Fasebook” yoki “Twitter” orqali muhokama etilmayotgan bo’lsa. Yangiliklar lentasida aks etayotgan har qanaqa xabarga minglab, millionlab izohlar yozib qoldiriladi.

Shuningdek, mashhur shaxslar, davlat arboblari, san’atkorlar, sportchilarning “Fasebook” yoxud “Twitter” tarmog’ida akkaunt (shaxsiy sahifa) ochishi odatiy holga aylanib ulgurdi. Xalq e’tiboridagi kishilarning biror-bir voqea yuzasidan fikrlari yoki faoliyatidagi yangiliklar ommani doimo qiziqtirib kelgan. Bu holat tarmoqda yaqqol aks etadi. Xususan, “Twitter” saytidan olingan rasmiy ma’lumotlarga qaraganda, obunachilar soni bo’yicha sayt reytingida yetakchilik qilayotgan qo’shiqchi Ketti Perrining 56 million, AQSH prezidenti Barak Obamaning 46 million, futbolchi Krishtianu Ronaldoning 29 million o’quvchisi bor. Tasavvur qiling, bizning har bitti yozgan gapimizni shu ondayoq yarim milliard kishi o’qisa!

Sotsial saytlar – inson tafakkurining mahsuli. Qachonlardir xabar kabutar oyog’iga boylab jo’natilar edi. Odamlar uning manzilga yetib borishiga umid qilardi, xolos. Bugun-chi? Insoniyatning axborot almashish borasida qo’lga kiritgan jamiki yutuqlarini o’zida mujassamlashtirgan ijtimoiy tarmoqlar mavjud bo’lgani holda, milliardlab xabar bir kunda bir vaqtning o’zida milliardlab odamga yetkaziladi.

Kuzatdikki, ijtimoiy tarmoqlarning ommalashuvi axborot uzatish borasidagi ming yillik tasavvurlarni o’zgartirib yubordi, reklama bilan bog’liq yangi tendentsiyalarni yuzaga keltirdi. Ayni paytda ijtimoiy tarmoq kishilarning sotsial toifalanishini chetlab o’tdi. Aytaylik, oddiy fuqaroning bugunda yetuk davlat arboblari va hatto mamlakat rahbarlariga to’g’ridan-to’g’ri murojaat qilishi ijtimoiy tarmoqlar tufayli oddiy holga aylandi.

Va nihoyat, ijtimoiy tarmoqlar amalga oshirgan eng katta inqilob – bu muhokama va fikr almashinishi uchun global maydonning vujudga kelishidir. Zero, biror bir voqea-hodisa yuz berganida u avvalgidek bir necha kishilardan iborat kichik guruh orasida emas, butun dunyo internet foydalanuvchilari o’rtasida muhokama etilmoqda.

Xulosa qilib aytganda, ijtimoiy tarmoq globallashuv asrida inkor qilib bo’lmas fenomendir. Uning davr voqeliklarida tutayotgan o’rnini har qadamda his qilish mumkin. Tanganing ikki tomoni mavjud bo’lgani kabi, ijtimoiy tarmoqlar ham o’zining ijobiy va salbiy tomonlariga ega. Lekin ushbu ikki qarama-qarshi jihatning qay biridan foydalanish hamisha insonning o’ziga bog’liq bo’lib kelgan.

MILLIY SAYTLAR NIMA UCHUN OMMABOP EMAS?

Milliy media muhitda an’anaviy ommaviy axborot vositalari bilan bir qatorda yana bir teng huquqli tarmoq vujudga kelgan. Uni ta’riflovchi atama borasida turlicha fikrlar mavjud. Ayrim rossiyalik nazariyotchilar tarmoq jurnalistikasi tushunchasining tarafdori, inglizzabon olimlar esa on-layn yoki kiber jurnalistika atamasini ma’qul ko’radilar.Mamlakatimizda esa interaktiv yoxud internet jurnalistika termini ko’proq qo’llanmoqda.

Bugunga kelib “UZ” segmenti 18 mingdan ortiq ob’ekt – veb-saytni birlashtiruvchi, tobora kengayib boruvchi domenga aylandi. Shunday bo’lsa-da, ko’pchilik hamon chet el veb-saytlaridan foydalanishni afzal ko’rishadi. O’zbekistonda internet foydalanuvchilari soni hozirda 7,378 millionga yetdi. Bu mamlakat aholisinining 24 foizi “jahon o’rgimchak to’ri”dagi xizmatlardan muntazam foydalanadi, deganidir. WWW.UZreytingida yetakchilik qilayotgan saytlarga bir kunda o’rtacha 8-10 ming kishi tashrif buyurayotgani hamda mamlakatimizning jami internet foydalanuvchilari o’rtasidagi farqni solishtiradigan bo’lsak, o’z-o’zidan savol tug’iladi: internet foydalanuvchilarimiz o’zimizning saytlarimiz qolib, kiber olamning qaysi sarhadlarida kezib yuribdi?

SocialBakers sayti taqdim etayotgan statistik ma’lumotlarga ko’ra chet el veb-saytlari doimiy foydalanuvchilari orasida vatandoshlarimiz soni kundan-kunga ortib bormoqda. Masalan, O’zbekistonda yashayotgan “Facebook” foydalanuvchilari soni allaqachon 75 mingdan, “Odnoklassniki”foydalanuvchilari soni esa 300 mingdan ortgan. Bu, albatta, ijtimoiy tarmoqlarga oid statistika. Ammo veb-saytlar borasida ham milliy kiber sanoatimiz mahsulotlari vatandoshlarimiz nazaridan chetda qolmoqda.

Yuqori tezlikdagi simli internet xizmatlarini ko’rsatayotgan provayderlar amalda abonentlariga UzNet tarmoqlari doirasida ma’lumot almashish bo’yicha xizmatni bepul, trafik to’lovlarisiz taqdim etmoqdalar. Shunga qaramay, internet foydalanuvchilarimiz pulli bo’lsa-da, xorij kiber-xizmatlarini afzal bilishmoqda. Xolbuki, 2014-yil 15-iyul` holatiga ko’ra “uz” domenidagi faol saytlar soni 18,217 tani tashkil etdi. Bundan tashqari, xozirda yana 210 ta saytning faollashtirilishi kutilmoqda. WWW.UZ sayti tomonidan olib boriladigan top-reytingga murojaat qiladigan bo’lsak, unda yetakchilik qilayotgan bir necha saytlarimizni hisobga olmaganda, “UZ” saytlarining 60% foizida doimiy foydalanuvchilar soni 30-50 tani, ba’zan esa undan-da kamroqni tashkil etadi.

Nazarimizda, asosiy muammo – saytlarimizdagi axborotlaridadir. Ma’lumki, xabar berishning 2 usuli mavjud: uni ishlab chiqarish (yaratish) va re-rayt qilish (ko’chirish). Afsuski, aksariyat saytlarimiz 2-usulni afzal topishgan va faoliyatlarida bundan keng foydalanishmoqda. Re-rayt muammosi xozirda o’zbek kiber jurnalistikasining og’riqli nuqtalaridan biri bo’lib qolmoqda. Aytaylik, poytaxtimizda ko’rgazma bo’lib o’tgani haqidagi xabar biror bir saytda paydo bo’lishi zahoti bilan, o’sha saytning “hamkasblari” darrov uni ko’chirib oladi va o’z info-lentalariga tezkorlik bilan joylab olishadi. Natijada biz qaysi saytga tashrif buyurmaylik, hammasida ham bir xil maqolalarni ko’ramiz. Bu o’z navbatida kontent (tarkib) muammosini keltirib chiqaradi. Afsuski, bu boradaUzNet juda “kambag’al”, materiallar bir xil va qaysi saytga tashrif buyurmang o’sha-o’sha.Aynan mana shu xolat foydalanuvchini UzNet dan uzoqlashtirmoqda.

Re-rayt masalasi, albatta, bugungi kun interaktiv jurnalistikamizdagi eng dolzarb muammodir. Ammo aktualligi bo’yicha unga tengkuchli bo’la oladigan yana bir masala borki, u kontent (tarkib) muammosidir. Bu, avvalambor, saytlarimizning tarkibi tez-tez yangilanmasligi bilan bog’liqdir. Yangilanishlar sustligi ayniqsa rus tilida faoliyat olib boradigan saytlarimizning o’zbekcha versiyalariga xosdir.

Saytlarimizning kontentga kambag’alligi mavzular ko’lamining torligi bilan chambarchas bog’liqdir. E’lon qilinadigan aksariyat materiallar yangi qabul qilingan qonunlar, fundamental islohotlar, anjumanlar, yig’ilish va majlislar haqidagi xabarlardan iborat. Internet auditoriyaning salmoqli qismi yoshlardan iborat ekanligini hisobga oladigan bo’lsak, bu kabi tematikadagi materiallarning ularni qiziqtirib olishi qiyin. Xolbuki, madaniyat, san’at, ta’lim sohalariga oid yangiliklar kiber muhitda nihoyatda tanqis. Saytlarimizdagi kontent, asosan, xabar, yangilik janridagi materiallardan iborat, tahliliy maqolalarni esa deyarli ko’rmaymiz.

Ma’lumki, internet OAV lari haqida gapirganimizda, interaktiv jurnalistika atamasiga ko’p murojaat qilamiz. Afsuski, zamonaviy elektron OAV larimizga bu xususiyat hos emas. Aslida esa saytlarda foydalanuvchi e’tiborini tortadigan interaktiv xizmatlar bisyor bo’lishi kerak.

Har qanaqa veb-saytda qayta aloqa va jurnalist materiali ostiga fikr qoldirish imkoni bo’lishi kerak. Afsuski, aksariyat saytlarimiz bu xizmatni taqdim etishga shoshilishmayapti. Biroq muallif materiallariga fikr bildirish, zarur bo’lsa qiziqtirgan savollarga javob olish, tanqid, tahlil qilish imkoni o’quvchiga berilgandagina kiber-jurnalistika OAV ning an’anaviy turlaridan farq qila oladi, kommunikativlik xususiyatiga ega ekanligi bilan ustun bo’la oladi.

Bugungi kunda fan nazariyotchilarini tashvishga solayotgan masala – UzNet tili. Aholisining 74 foizini o’zbeklar tashkil etadigan mamlakatda elektron nashrlarning aksariyati rus tilida faoliyat olib borishi, albatta, tushunarsiz holat. Shunga qaramasdan, WWW.UZ top-reytingi boshida turgan 100 ta veb-saytning bor-yog’i 20 tasigina Davlat tili bo’lgan o’zbek tilini asosiy til sifatida tanlagan. Qolgan 80 ta sayt uchun rasmiy til – qanchalik hayratli bo’lmasin – rus tili. Jumladan, ANHOR.UZ, 12NEWS.UZ, UZ.24, GAZETA.UZ, PODROBNO.UZ, PUBLIKA.UZ singari nufuzli internet nashrlari ham rus tilini ona tilimizdan ustun bilgan. Xorijiy tillarni ommalashtirishga e’tibor berish, materiallarni ko’p tillarda taqdim etish – bu albatta, ijobiy hol. Ammo asosiy, mo’ljaldagi auditoriya o’zbekzabon bo’lgandan keyin, asosiy tilni ham muvofiq ravishda tanlash saytning ommabopligini ta’minlaydi.

Yana bir muammoli jihat shundan iboratki, aksariyat milliy saytlarimizning dizaynibir xil. Deyarli barcha saytlar yangiliklarni bir xil shakl – vertikal lenta ko’rinishida joylaydi. Saytlar dizayni bir-birdan farqlanmasa, original yechimlarga ega bo’lmasa, bu ularning foydalanuvchi tomonidan eslab qolinmasligini ta’minlaydi. Bundan tashqari, ayrim saytlarimizda yangiliklar xatboshilarga ajratilmasdan, mayda harflarda joylashtiriladi. Birorta ham materialga suratlar ilova qilinmaydi. Faqat DARYO.UZ, KUN.UZ, UZ24.UZ, UzREPORT.UZ kabi kamdan kam nashrlargina tarmoqning interaktiv imkoniyatlaridan samarali foydalangan: qayta aloqa bo’yicha xabar yuborish imkoniyati mavjud, forumda maqolalar tahlil, tanqid kilinadi va hokazo. Shuningdek, Uzbekistan Today (www.ut.uz) informatsion agentligining internet nashrini yaxshi misol sifatida keltirish mumkin. Sayt yoqimli oq-moviy rangda bezatilgan, yangiliklar tasmasi muntazam yangilanib boriladi, arxiv mavjudligi, qulay navigatsiya – internet-auditoriya o’rtasida muvaffaqiyat qozonish garovi bo’lib xizmat qilmoqda.

Xulosa qilib aytganda, milliy elektron nashrlarimiz xalqaro standartlar taqozo etayotgan jihatlarni o’zida mujassamlashtirishga intilishi zarur. Bular: interaktivlik, dialoglilik, multimediaviylik (matn bilan bir vaqtda ovozli, tasvirli va boshqa shakldagi belgili tizimlarni qo’llash imkoniyati), alohida yondashuv va o’zaro bog’liqlik (internet maqolalardagi gipermatnli tuzilish juda ko’p miqdordagi turli-tuman axborot bloklarini o’zaro bog’lab turadi).

Manba: www.uchildiz.uz

023

(Tashriflar: umumiy 1 004, bugungi 1)

Izoh qoldiring