Bahodir Bahrom. She’rlar

01  Баҳодир Баҳромни  юртдоши, таниқли шоир Муҳаммад Раҳмон хотирасига бағишланган шеъри орқали таниганман. Бугун уни сизга таништириш мақсадида бир туркум шеърини тақдим этар эканман, ёш шоир дўстимни яқинлашиб келаётган туғилган куни билан табриклаб, унга  Муҳаммад Раҳмон шеърларининг тиниқлиги, ўзига хос оҳанги ва  маҳзун ҳаяжони насиб этишини тилаб қоламан.

07
Баҳодир Баҳром
ШЕЪРЛАР
066

06Баҳодир Баҳром – 1990 йил 11 июлда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Палангдара қишлоғида туғилган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. “Қашқадарё”, “Маърифат”, “Маҳалла” газеталарида фаолият юритган. Айни вақтда “Соғлом авлод” газетасининг мухбири. “Энг сулув армон” (2008), “Ўттизинчи февраль” (2014) номли шеърий китоблари чоп этилган.

066

***

Бўронли кечадай руҳим безовта,
Қалб сокин бамисли қор тўккан фалак.
Бошга ўтган кунлар қўнди қировдай,
Юзгинам, биринчи ажин муборак .
Қарийб чорак аср яшаб қўйдим мен,
Олма ё зардоли умрича фурсат.
Дарахтчалик фойда бермадим, лекин,
Тангрим ўтинаман, тўғри йўл кўрсат.
Барини ёшликка йўйиб қўйдим мен,
Майсалардек интиқ яшадим нурга.
Севдиму оташин бўсалар таъмин
Олиб киролмадим шеъру шуурга.
Ё Оллоҳ, шу дамда бир қудрат бергин,
Ошиқлар дардини куйлайин эркин.

Қанийди, юрагим этолсам форуғ
Бир дард деб бўлмасди бунча девона.
Шаҳар кўчасини кезиб юрар руҳ —
Етти қат осмону ерга бегона.
Йўллар тугамайди, тугаб борар вақт,
Лаҳзалар пойида уваланар жон.
Тушларимда имлаб чорлайди ҳар вақт,
Битта парисиймо, бир офатижон.
Манқалда қолгандай куймоқда бағир,
Биргина у билан бутдир табиат.
Қачондир учрашмоқ умиди ахир,
Сўнмас, яшамоққа ундайди фақат.
Ҳамон севишимни билгувчи бир сен,
Айтмоққа куч бергин, тил-забон бергин.

Гарчи бахтим бутун, қуёш кўрмаган
Олис шимолда ҳам унган мисол гул.
Йилт этган ёғдуга ташна каби тан,
Ортдаги чечакка чўзаяпман қўл.
Йиллар чархпалаги айланган сайин,
Гоҳо кўникмоқни истади бағир.
Ҳижрон ҳам севгининг меваси тайин,
Кўникмоқ унутмоқ эмаску, ахир.
Зулукдай сўрмоқда ақлим, идроким,
Таскинсиз дард каби тўлғонган соғинч.
Юрагимда севги бор экан токим,
Уни қўмсагайдир, ургайдир нотинч.
Ё Оллоҳ, тарқалсин руҳимдан ғубор,
Уни менга ата, у томон юбор.

Мажланиб кўнглимнинг соҳилларида,
Дардимга марварид қўшгандир ҳаёт.
Яшайди у қизнинг кокилларида,
Ҳали мен ёзмаган минг битта баёт.
Тушда кипригига жонимни осиб,
Қайтаргум чин ошиқ калимасини.
Сочини юзимга, лабимга босиб,
Ўқийман дилимнинг таржимасини.
Аммо ноаёндир у қизнинг туши,
Ҳали ҳам севарми, умидми висол?
Билмайман, ёнига пир этиб тушиб
Яна учиб кетган бир қушча мисол.
Ё Оллоҳ, барини қайта бошлагин,
Икки оташни бир қўрга ташлагин.

Эриб бораяпман, сувдай оқяпман,
Қуласа ҳам мағрур қулармиш шамшод.
Тангрим, севмоқликни этмагансан маън,
Тангрим, ёнсам ёнай, бермагин имдод.
Уфққа қўшилиб бораркан олов,
Ана, Баҳодир деб кўрсатсинлар, бас.
Ажабмас, ер узра олганча қалов,
Бўй чўзса, яна бир олов шу нафас.
Бу ишққа тўй лозим ва ёки мотам?
Билганим, неча минг асрлар ўтиб,
Сайёралар аро мажлис бўлган дам,
Ер борар иккита машъала тутиб.
Шукримни қабул эт, бор саждам сенга,
Сийладинг, ўлмас бир ишқ бериб менга.

***

Деразани ёпманг, у менинг дўстим,
Руҳимга занжирдай чирмашган жон у.
Ахир, мен у билан қувнадим, ўсдим.

Соғинч у, бир эмас икки довон у,
Йўлларда қоқилиб, уриниб келган,
Менсиз яшолмаган улфатижон у.

Деразани ёпманг, шамолмас елган,
Нега тушунмайсиз, у саргашта руҳ.
Мени излайверган, жанубдан келган.

Қанча турналарнинг кўзида андуҳ,
Қанча қалдирғочлар қўшиғин суйган,
Сўнг эса бўронга айланган субҳ –

У менинг дўстимдир, қишда ҳам куйган,
Заҳар ичган каби бўзлаган ёниб,
Яшаб фақатгина соғинчни туйган.

Бир ўзи қирларда чопган, қизғаниб
Телба хаёлларин шовқин, сурондан.
Лек қайга борарди дунёдан тониб.

Ахир, мен ҳаётман, у шунинг учун,
Таъма тиланмайди милмилиқ жондан,
Зое сарф этмайди ақлию кучин.

Деразани ёпманг, дўстгинам тонгдан
Менга йўлчи бўлмоқ истаб келгандир.
Дўст қизғанманг дўстга муҳтож инсондан.

Кўксимни соғинчли дунё тилгандир,
Нега тушунмайсиз, дўстларим, зотан,
Шамолга ёнма-ён яшашим – тақдир.

Бошга не тушгайдир, аввало, ҳақдир,
Сиз ҳам ҳаққа йўйинг, кулманг, эртадан
Шамолга эргашиб юрса бир фақир.

ТОҒ БИЛАН СУҲБАТ

Минг йиллик саволдай ўйлантирдимми,
Минг йиллик жумбоқдай туйилдимми ё?
Ҳаёт синовига ўйнаб кирдимми,
Мени ўйин билиб кулдими, дунё?
Орқада қолибди йигирма уч баҳор,
Ўрик гулими бу ёки оппоқ қор?

Ҳарорати совуқ кунларга шавқат!
Кўнглимни тошларга уриб ёққанман.
Шамолни енгай деб, қучай деб шавкат,
Деразага жулхурс кигиз қоққанман.
Энди ташқарини кўриб бўлмайди,
Қордай оқ хаёллар суриб бўлмайди.

Энди умр сокин, юрагим бўм-бўш,
Кўча лампасидек пирпираб қўяр.
Тушларимда эса кумушранг бир қуш,
Боқийлик малҳамин оғзимга қуяр.
Турғунлик йўқликдир, тамшаб бўлмайди.
Тушларга ишониб яшаб бўлмайди.

Қаршимда ҳаёт бор, йигирма тўрт энлик,
Ичимда пишқирар югансиз тулпор.
Билдингми, тулпорим қай сори эндик,
Тулпорим, қаердан бунчалик ғубор.
Зериккан кунларга асирмасмиз, юр,
Муштдек жуссанг билан, бунча ўрсан, ўр.

Ўтиб бораётир ўн иккинчи ой,
Баданини ёқиб, ўйнар арчалар.
Ёлвордим, “Декабр, кетмай тургин, ҳой,
Шу ҳолимда ташлаб кетма, баччағар”…
Сенга бораман деб, ваъда бергандим,
Наҳотки, ваъдалар ўзингдай қадим.

Қай куни нақшинкор рамкага солиб,
Осиб қўйган эдим сени деворга.
Сиқилиб кетдингми шаҳарда қолиб,
Лаънатлар айтдингми, мендай беорга.
Сени қишлоғимдан юлиб келгандим,
Бағрим шалолага тўлиб келгандим.

Минг йиллик саволдай ўйлантирдимми,
Ёки ечими йўқ минг йиллик жумбоқ?
Йигирма тўртгами ё мингга кирдимми,
Менинг кўзим билан дунёга жим боқ.
Бошинг кўкка тираб, вазмин турасан,
Минг йиллардан бери нени кўрасан?

АКАЛАРИМГА

Юрар йўлим ердан бироз баланд эди,
Ҳаёт ҳали енгмаганди юрагимни.
Болаликда рости, парвоз баланд эди,
Ой юзига босар эди курагимни.
Мен тугадим, тугамади эртак, ака,
Ойни ёпса ҳамки ҳозир этак, ака.

Қоққанича қалпоғининг чангларини,
Отам ўзин атар эди майда одам.
Дунё яхши билар ҳоли тангларини,
Дунёдан ҳам улкан эрур, асли отам.
Мен майдаман, ўзни қумдан қидирганман,
Оқибатни кўрсичқонга едирганман.

Ана, шамол оғир ўйга чўмиб борар,
Руҳим эзар райҳонгулнинг саволлари.
Қўлин бойлаб, кўзларини юмиб борар,
Шамол асли, мушфиқ онам хаёллари.
Ака, буни сал аввалроқ англасайдим,
Ит бўлардим, одамликни танламайдим.

Қошга қўлим қўйиб боқсам, олисларда
Кўрдим, тоғлар бир-бирига суянганин.
Ич-этимни ёндирмоқда олов парда,
Юрагимда худди чақмоқ чаққандайин.
Фарзандликда сиздан таълим олсам, ака,
Ака бўлиш қийиндир-а, роса, ака.

Жон чиқса ҳам қон чиқмайди тандан, токим
Уваланар, бирга тупроқ бўлар бир кун.
Қориндошлик риштасининг йўқдир ҳоки,
Меҳр билан ёнма-ёндир ва ҳам дуркун.
Ухлолмадим, то тонгача уйғондим мен,
Бу ҳикматни ака, сиздан ўргандим мен.

СЕНИ СЕВАМАН, ШАБНАМ

Шамолми, айт, қутраган093
Депсиндими ё отим?
Тонг бағрида титраган
Шабнам менинг ҳаётим.

Бу хушхабар, ё хатар
Не бўлса ҳам майлида.
Кўнглим сени ахтарар,
Шабнам, гуллар сайлида.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Майсазор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Тунда юлдуз учдими,
Ё қуёшми жисмингда.
Айт, парилар тушдими,
Наҳот ҳурлар измингда.

Ҳайронман. Қандай шунча
Жозиб сенда мужассам.
Висолингдан маст ғунча
Тебраниб қўяр дам-дам.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Чаманзор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Сени севаман шабнам,
Қачон англаб етасан?
Қўлимга олай десам,
Дарров қочиб кетасан.

ОТА УЙ

Ёлғиз ҳақиқатни бугун илғадим,
Сиқим тупроқ бўлар бори сахти-рўй.
Дунё сиғдирмади, ё мен сиғмадим,
Яна қайтиб келдим, яна ота уй.

Деразадан қарар менга Қўшчинор,
Бағрингда тоғ қадар юксалгандайман.
Сен каби миннатсиз гўша қайда бор,
Сендан кенгроқ оғуш топа олмайман.

Сандал – (ўртадаги узум, нон гувоҳ)
Олтита тақдирнинг туташ нуқтаси.
Бунда дастурхондан тўкилган увоқ,
Отамдай табаррук ҳамма-ҳаммаси.

Қандай тушунтирай ахир, сўз – ожиз,
Бу кунни қанчалик кутганларимни.
Бошни тик кўтариб айтмоқ ножоиз,
Минбарга талпиниб ўтганларимни.

Ўзликни йўқотдим, истаб эътибор,
Балки қайтиб келдим ўзимни излаб.
Лаънатлар ўқидим ўзимга илк бор,
Болалигим ўтган қирларни эслаб.

Майсалар муқаддас сирим ютганди,
Майсага жонимни тўшагим келди.
Ҳойу-ҳавасларга қўл силтаб, танти
Одамдай бир лаҳза яшагим келди.

Сенсиз ўтди кунлар, жонимдан ўтди!
Қайга йўл олдим мен, қайга интилдим.
Тушовини узган тулпордай худди,
Ота уй мен яна, мен яна келдим.

Мен ҳам ғамларимга очайин аза,
Мени қуритади, бу ғамлар, ўлсин.
Ўзини қўйишга жой тополмаса,
Отауйсизларнинг кўргани қурсин.

***

Сенга термулсайдим бесўз, бейиғи,
Кўзимда бир дунё яратолсайдим.
Севгилим, севгида мангу қолсайдим,
Севгилим, бўғзимда армоннинг тиғи.

Ҳижрон азобига етар иродам,
Етмайди, унутиш… (Шафқат қил худо!)
Яшаса истаги, руҳидан жудо,
Яна нима қилсин севиб бир одам.

Юракни қирғичдан ўтказди ҳаёт,
Аммо парчаланмас кучдир муҳаббат.
Кўзларинг кўзимда мангу барҳаёт.

Севгилим, севгимиз эмас фарёдли,
Бироқ қувонч бермас, абадул-абад.
Айрилиқда севги нақадар тотли!

СЎНГИ МАКТУБДАГИ ШЕЪР

Сен гулмассан. Гул баргидан отилган ўқсан,
Ёриб кирдинг юрагимдан ҳаётимгача.
Фақат жоним худоники. Сеники бўлган
Кулгуларим, йиғиларим, баётимгача.

Кўзингдаги митти олов ёқди жисмимни,
Мен ўзимни шу оловнинг бағрига отдим.
Кимлигимни таниб олай, айтгил исмимни,
Исмсиз ва изсиз яшаш кўмлимга ботди.

Муҳаббатга ошно бўлган қалбимга шафқат!
Ороми йўқ тунларимни чўтга солгайман.
Сендан висол сўрамайман, истагим фақат
Ўлгунимча кўзингдаги ўтда ёнай ман.

НАВОИЙНИНГ ТУҒИЛИШИ

Оти ер тепинди Ғиёсиддиннинг,
Эрига талпинди ожиза аёл.
—Дард тутди, соҳибим, яқинроқ келинг!
Ташқарида эса чинқирар шамол.

— Тез дояга югур —
Титради овоз
Ваҳима, хавотир исканжасида.
— Қадам товуши бу — доя, қулоқ ос,
Онаси чидагин, жон, бироз чида.

Токчада тўлғонар шам, шўринг қурғур,
Қобиғин бузолмас фалакка ўрлаб.
— Дардига бир малҳам бордир, излаб кўр —
Шамол тўрт томонга кетди изиллаб.

Шамол тўрт томонга кетди изиллаб,
Тинмасдан айланди яккамихда от.
Ширин орзусини тушларга улаб,
Ухлаб ётар эди осуда Ҳирот.

Эс-ҳушидан озиб қайта ва қайта,
Кумуш бисотини сочганида қиш.
Шамол чинқириғи бўлинган жойда
Туғилди… туғилди буюк эврилиш!

(Даҳонинг онаси даҳо улуғвор,
Чинга айлантирди, ахир рўёни).
Гўдак йиғисига айланиб илк бор,
Навоий уйғотди бутун дунёни.

ҚАМИШЛАР

Дунёсида турфа хил ишлар,
Кўйлак қилиб кийган гардини.
Найга айланмаган қамишлар
Зовурларга сўйлар дардини.

ГУЛЛИВЕРНИНГ СЎНГИ ИҚРОРИ

Салом! Мен Гулливер сизга келгунча,
Неча асрларни яёв кезмадим.
Орзуларим улкан бўлса ҳам, гарчи
Майда одамларга боғлиқ қисматим.

Руҳимга найзасин санчади ҳар кун,
Қоплаб туз сепади яраларимга.
Ўтган йиллар гувоҳ, юрар тутоқиб,
Сиғдиролмай жажжи давраларига.

Минглаб ўқ юракка жойлашди муқим,
Юракда жон берди миллион-миллион ўқ.
Жами оғриқ бўлса менга тегишли,
Оғриқсиз зотларга шикоятим йўқ.

Терим қалин бўлди сизга келгунча,
Ё найза заҳрига ўрганди этим.
Шунчаки, сизларга ачиндим холос,
Нолимадим, тақдир худодан, дедим.

Ташаккурим сизга, майда одамлар,
Сўрган бўлсангиз ҳам гар илигимни.
Сўнги иқрорим шу, сиз бўлмаганда,
Сезмасдан ўтардим улканлигимни.

УСМОН НОСИР НОЛАСИ

Ичимда бир олов — ёнаётирман,
Кимга хўжайинман, кимга шотирман,
Ўзим ҳам билмайман, нега қодирман,
Ўпкамга қорақум босилгандай дўст,
Юрагимга Машраб осилгандай, дўст.

Шабнамдан ўзимга бир кафан бичсам,
Шафаққа қонимни қўшиблар ичсам.
Дунё мендан кечса, мен ундан кечсам,
Инсоний қоида бузилгандай дўст,
Имон илдизлари узилгандай, дўст.

Кўзларимда оппоқ гул очилади,
Тухум ёриб, неча қул очилади.
Озод уллар эмас, «ўл» очилади,
Кўксимга тулпорлар из илгандай дўст,
Йўлимда таъналар тизилгандай дўст.

Умримни сўз билан муборак этсам,
Қалбимга юз бурсам, ўз сори кетсам.
Шу қоракўз элнинг қадрига етсам,
Билмадим чин қандай, ҳазил қандай дўст,
Ҳар дилда қабрлар қазилгандай дўст.

Қанийди, ўзбекнинг гўрлари туғса,
Ё гўр туғмаслигин одамлар уқса.
Дастурхонда кулча — илондай бўғса,
Ҳарому ҳалолинг сезилгандай дўст,
Қара, элнинг руҳи эзилгандай, дўст.

Шодликдан сўйлайди ҳар ён жарчилар,
Жарчилар, жарчилар — эл алдарчилар.
Сўз касрига қолар кун келиб улар…
Руҳим шеър тафтида исингандай дўст,
Бўғзимда ҳақиқат қисилгандай дўст.

Ичимда бир олов — ёнаётирман,
Кимга хўжайинман, кимга шотирман?!
Билганим, мен ҳам шу элга доирман…
Ўпкамга қорақум босилгандай дўст,
Юрагимга Машраб осилгандай, дўст.

ЛАВҲА

Уял, дунё – манглайнинг шўри,
(Бундайини ким ҳам кўрибди).
Анов одам шоирнинг зўри,
Ўз китобин сотиб юрибди.

ҲАЛОВАТ

Дилда ҳоким бир кемтик,
Этай кимга ҳавола?!
На шаҳарлик, на кентлик
Аросатда наволар.
Дилдаги андуҳимни,
Май каби симирсамми?
Беҳаловат руҳимни,
Ниначига берсамми?
Гуллар тутса тўрт фасл,
Баҳорга кўмилсамми?
Яшолмайман бу зайил
Анҳорда чўмилсамми?
Кетсаммикан тоғларга,
Чўчитсамми ҳайқириб.
Кўксим – ер туёқларга,
Отлар чопар айқириб.
Ғуборим тўкиларми,
Қамиш бўлсам сойларга?
Ҳаловат топиларми
Бағрим тўлса ойларга?
Қиличдай ялтираган,
Кескир кунлар ҳаққига.
Япроқдай қалтираган
Вужуд ўлгур ҳақига
Ҳайқириб бир кулайми,
Йиғлайинми жим, сокин.
Йўнилмаган бир найни
Чалмоқчидайман токи…

Хуллас, яшамоқчиман,
Тупроқ билан сирлашиб.
Даҳо-даҳо боболар
Хоки билан бирлашиб.

* * *

Ҳеч ким шоир бўл, деб буйруқ бермади,
Биров одам бўл деб солмади йўлга.
Худо подшоликни раво кўрмади,
Боқий умр берди Эзопдай қулга.

ОНА СОҒИНЧИ

Бемажол қўл, буришган товон,
Ажинли юз, ғубор босган кўз.
Тошкентга йўл олган нигоҳлар,
Кўрпа қавир супада нимдўз.

Умид каби оқ либос кийган,
Хаёл каби тўзғиган сочлар.
Тонгги шафақ туққан шабнамдай,
Қароғида покланар ёшлар.

Чўнтагида бир парча расм,
Осиқ турар дарахтда гуппи.
Қўшёнғоқни кўтарганча даст,
Йироқларга кўз тикар супа.

Оташ меҳри ўғлини кутар,
Недир ғажир юрак қўрини.
Онасини ўйламас ўғил,
Ўйлар кеча ёзган шеърини.

КЕНЖА БОТИР

Кенжа Ботир, ботирим,
Бу дунёда ўлиш йўқ.
Азобли синовларсиз,
Гуркираш, кўкариш йўқ.

Йиқилдингми, тур, кутма,
Биров тутмас қўлингдан.
Ерга қараб юр доим,
Тошлар кўпдир йўлингда.

Ана, чиқдинг сафарга,
Сенга қуёш йўлдошдир.
Ўйлама, – қўллайди, – деб.
– Акаларим қўлдошдир.

Улар ҳам хом сут эмган,
Шайтонга қуллиги бор.
Тахтга, обрў ва шонга,
Жононга қуллиги бор.

Бўшаштирма жиловинг,
Тинмай елдир отингни.
Бахтга ошно қил мудом,
Ғам тўла ҳаётингни.

Шафқатни йиғиштир, бас,
Қаттиқ қилгин қўлингни.
Алам, гала қашқирлар
Тўсиб турса йўлингни.

Кенжа ботир, ботирим,
Ботирсанку, ғажиб ўт.
Сабр қил, гапирма, жим,
Дардингни ичингга ют.

Мен сен тараф, олға юр,
Кўнгилчан, соддасан сен.
Минг йиллар ўтса ҳамки,
Ҳаётда, ёдда сан сен.

Кенжа ботир, ботирим,
Сени зўр кўрган худо.
Яшаб кетсин шу ҳам деб,
Истеъдод берган худо.

Ишонаман, сен асло,
Алданмайсан оҳ-воҳга,
Ё пирим, деб, лаҳзада,
Чиқиб оласан чоҳдан.

Кенжа Ботир, ботирим…

***

I

Юриб чиқди тонггача ёмғир,
Кезди шаҳар кўчаларини.
Бир манзилга етганда охир,
Ечди туннинг тугмаларини.

Қизғишгина, сиймтан, ғамнок
Тонг қаршимда эгди бошини.
Майса каби юрагим шу чоқ,
Ичди туннинг ҳолсиз ёшини.

II

Туни билан шаҳар кезди қор,
Тинглаб ётдим қадамларини,
Изларингни бир-бир эзди қор,
Кўмди секин аламларимни.

Лекин эрта чиқади қуёш,
Барча қорни ёқиб ташлайди.
Кўрсам, тўла изларинг – кўз ёш,
Дардлар яна уна бошлайди.

034

      Bahodir Bahromni  yurtdoshi, taniqli shoir Muhammad Rahmon xotirasiga bag’ishlangan she’ri orqali taniganman. Bugun uni sizga tanishtirish maqsadida bir turkum she’rini taqdim etar ekanman, yosh shoir do’stimni yaqinlashib kelayotgan tug’ilgan kuni bilan tabriklab, unga  Muhammad Rahmon she’rlarining tiniqligi, o’ziga xos ohangi va  mahzun hayajoni nasib etishini tilab qolaman.

 

07
Bahodir Bahrom
SHE’RLAR
066

Bahodir Bahrom – 1990 yil 11 iyulda Qashqadaryo viloyati Kitob tumani Palangdara qishlog’ida tug’ilgan. 2006-2010 yillarda O’zbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Qashqadaryo”, “Ma’rifat”, “Mahalla” gazetalarida faoliyat yuritgan. Ayni vaqtda “Sog’lom avlod” gazetasining muxbiri. “Eng suluv armon” (2008), “O’ttizinchi fevral`” (2014) nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

066

***

Bo’ronli kechaday ruhim bezovta,
Qalb sokin bamisli qor to’kkan falak.
Boshga o’tgan kunlar qo’ndi qirovday,
Yuzginam, birinchi ajin muborak .
Qariyb chorak asr yashab qo’ydim men,
Olma yo zardoli umricha fursat.
Daraxtchalik foyda bermadim, lekin,
Tangrim o’tinaman, to’g’ri yo’l ko’rsat.
Barini yoshlikka yo’yib qo’ydim men,
Maysalardek intiq yashadim nurga.
Sevdimu otashin bo’salar ta’min
Olib kirolmadim she’ru shuurga.
YO Olloh, shu damda bir qudrat bergin,
Oshiqlar dardini kuylayin erkin.

Qaniydi, yuragim etolsam forug’
Bir dard deb bo’lmasdi buncha devona.
Shahar ko’chasini kezib yurar ruh —
Yetti qat osmonu yerga begona.
Yo’llar tugamaydi, tugab borar vaqt,
Lahzalar poyida uvalanar jon.
Tushlarimda imlab chorlaydi har vaqt,
Bitta parisiymo, bir ofatijon.
Manqalda qolganday kuymoqda bag’ir,
Birgina u bilan butdir tabiat.
Qachondir uchrashmoq umidi axir,
So’nmas, yashamoqqa undaydi faqat.
Hamon sevishimni bilguvchi bir sen,
Aytmoqqa kuch bergin, til-zabon bergin.

Garchi baxtim butun, quyosh ko’rmagan
Olis shimolda ham ungan misol gul.
Yilt etgan yog’duga tashna kabi tan,
Ortdagi chechakka cho’zayapman qo’l.
Yillar charxpalagi aylangan sayin,
Goho ko’nikmoqni istadi bag’ir.
Hijron ham sevgining mevasi tayin,
Ko’nikmoq unutmoq emasku, axir.
Zulukday so’rmoqda aqlim, idrokim,
Taskinsiz dard kabi to’lg’ongan sog’inch.
Yuragimda sevgi bor ekan tokim,
Uni qo’msagaydir, urgaydir notinch.
YO Olloh, tarqalsin ruhimdan g’ubor,
Uni menga ata, u tomon yubor.

Majlanib ko’nglimning sohillarida,
Dardimga marvarid qo’shgandir hayot.
Yashaydi u qizning kokillarida,
Hali men yozmagan ming bitta bayot.
Tushda kiprigiga jonimni osib,
Qaytargum chin oshiq kalimasini.
Sochini yuzimga, labimga bosib,
O’qiyman dilimning tarjimasini.
Ammo noayondir u qizning tushi,
Hali ham sevarmi, umidmi visol?
Bilmayman, yoniga pir etib tushib
Yana uchib ketgan bir qushcha misol.
YO Olloh, barini qayta boshlagin,
Ikki otashni bir qo’rga tashlagin.

Erib borayapman, suvday oqyapman,
Qulasa ham mag’rur qularmish shamshod.
Tangrim, sevmoqlikni etmagansan ma’n,
Tangrim, yonsam yonay, bermagin imdod.
Ufqqa qo’shilib borarkan olov,
Ana, Bahodir deb ko’rsatsinlar, bas.
Ajabmas, yer uzra olgancha qalov,
Bo’y cho’zsa, yana bir olov shu nafas.
Bu ishqqa to’y lozim va yoki motam?
Bilganim, necha ming asrlar o’tib,
Sayyoralar aro majlis bo’lgan dam,
Yer borar ikkita mash’ala tutib.
Shukrimni qabul et, bor sajdam senga,
Siylading, o’lmas bir ishq berib menga.

***

Derazani yopmang, u mening do’stim,
Ruhimga zanjirday chirmashgan jon u.
Axir, men u bilan quvnadim, o’sdim.

Sog’inch u, bir emas ikki dovon u,
Yo’llarda qoqilib, urinib kelgan,
Mensiz yasholmagan ulfatijon u.

Derazani yopmang, shamolmas yelgan,
Nega tushunmaysiz, u sargashta ruh.
Meni izlayvergan, janubdan kelgan.

Qancha turnalarning ko’zida anduh,
Qancha qaldirg’ochlar qo’shig’in suygan,
So’ng esa bo’ronga aylangan subh –

U mening do’stimdir, qishda ham kuygan,
Zahar ichgan kabi bo’zlagan yonib,
Yashab faqatgina sog’inchni tuygan.

Bir o’zi qirlarda chopgan, qizg’anib
Telba xayollarin shovqin, surondan.
Lek qayga borardi dunyodan tonib.

Axir, men hayotman, u shuning uchun,
Ta’ma tilanmaydi milmiliq jondan,
Zoe sarf etmaydi aqliyu kuchin.

Derazani yopmang, do’stginam tongdan
Menga yo’lchi bo’lmoq istab kelgandir.
Do’st qizg’anmang do’stga muhtoj insondan.

Ko’ksimni sog’inchli dunyo tilgandir,
Nega tushunmaysiz, do’stlarim, zotan,
Shamolga yonma-yon yashashim – taqdir.

Boshga ne tushgaydir, avvalo, haqdir,
Siz ham haqqa yo’ying, kulmang, ertadan
Shamolga ergashib yursa bir faqir.

TOG’ BILAN SUHBAT

Ming yillik savolday o’ylantirdimmi,
Ming yillik jumboqday tuyildimmi yo?
Hayot sinoviga o’ynab kirdimmi,
Meni o’yin bilib kuldimi, dunyo?
Orqada qolibdi yigirma uch bahor,
O’rik gulimi bu yoki oppoq qor?

Harorati sovuq kunlarga shavqat!
Ko’nglimni toshlarga urib yoqqanman.
Shamolni yengay deb, quchay deb shavkat,
Derazaga julxurs kigiz qoqqanman.
Endi tashqarini ko’rib bo’lmaydi,
Qorday oq xayollar surib bo’lmaydi.

Endi umr sokin, yuragim bo’m-bo’sh,
Ko’cha lampasidek pirpirab qo’yar.
Tushlarimda esa kumushrang bir qush,
Boqiylik malhamin og’zimga quyar.
Turg’unlik yo’qlikdir, tamshab bo’lmaydi.
Tushlarga ishonib yashab bo’lmaydi.

Qarshimda hayot bor, yigirma to’rt enlik,
Ichimda pishqirar yugansiz tulpor.
Bildingmi, tulporim qay sori endik,
Tulporim, qaerdan bunchalik g’ubor.
Zerikkan kunlarga asirmasmiz, yur,
Mushtdek jussang bilan, buncha o’rsan, o’r.

O’tib borayotir o’n ikkinchi oy,
Badanini yoqib, o’ynar archalar.
Yolvordim, “Dekabr, ketmay turgin, hoy,
Shu holimda tashlab ketma, bachchag’ar”…
Senga boraman deb, va’da bergandim,
Nahotki, va’dalar o’zingday qadim.

Qay kuni naqshinkor ramkaga solib,
Osib qo’ygan edim seni devorga.
Siqilib ketdingmi shaharda qolib,
La’natlar aytdingmi, menday beorga.
Seni qishlog’imdan yulib kelgandim,
Bag’rim shalolaga to’lib kelgandim.

Ming yillik savolday o’ylantirdimmi,
Yoki yechimi yo’q ming yillik jumboq?
Yigirma to’rtgami yo mingga kirdimmi,
Mening ko’zim bilan dunyoga jim boq.
Boshing ko’kka tirab, vazmin turasan,
Ming yillardan beri neni ko’rasan?

AKALARIMGA

Yurar yo’lim yerdan biroz baland edi,
Hayot hali yengmagandi yuragimni.
Bolalikda rosti, parvoz baland edi,
Oy yuziga bosar edi kuragimni.
Men tugadim, tugamadi ertak, aka,
Oyni yopsa hamki hozir etak, aka.

Qoqqanicha qalpog’ining changlarini,
Otam o’zin atar edi mayda odam.
Dunyo yaxshi bilar holi tanglarini,
Dunyodan ham ulkan erur, asli otam.
Men maydaman, o’zni qumdan qidirganman,
Oqibatni ko’rsichqonga yedirganman.

Ana, shamol og’ir o’yga cho’mib borar,
Ruhim ezar rayhongulning savollari.
Qo’lin boylab, ko’zlarini yumib borar,
Shamol asli, mushfiq onam xayollari.
Aka, buni sal avvalroq anglasaydim,
It bo’lardim, odamlikni tanlamaydim.

Qoshga qo’lim qo’yib boqsam, olislarda
Ko’rdim, tog’lar bir-biriga suyanganin.
Ich-etimni yondirmoqda olov parda,
Yuragimda xuddi chaqmoq chaqqandayin.
Farzandlikda sizdan ta’lim olsam, aka,
Aka bo’lish qiyindir-a, rosa, aka.

Jon chiqsa ham qon chiqmaydi tandan, tokim
Uvalanar, birga tuproq bo’lar bir kun.
Qorindoshlik rishtasining yo’qdir hoki,
Mehr bilan yonma-yondir va ham durkun.
Uxlolmadim, to tongacha uyg’ondim men,
Bu hikmatni aka, sizdan o’rgandim men.

SENI SEVAMAN SHABNAM

Shamolmi, ayt, qutragan
Depsindimi yo otim?
Tong bag’rida titragan
Shabnam mening hayotim.

Bu xushxabar, yo xatar
Ne bo’lsa ham maylida.
Ko’nglim seni axtarar,
Shabnam, gullar saylida.

Asli sensan hayotim,
Yurakdagi ohim sen.
Maysazor bag’rida jim,
Uxlayotgan mohim sen.

Tunda yulduz uchdimi,
YO quyoshmi jismingda.
Ayt, parilar tushdimi,
Nahot hurlar izmingda.

Hayronman. Qanday shuncha
Jozib senda mujassam.
Visolingdan mast g’uncha
Tebranib qo’yar dam-dam.

Asli sensan hayotim,
Yurakdagi ohim sen.
Chamanzor bag’rida jim,
Uxlayotgan mohim sen.

Seni sevaman shabnam,
Qachon anglab yetasan?
Qo’limga olay desam,
Darrov qochib ketasan.

OTA UY

Yolg’iz haqiqatni bugun ilg’adim,
Siqim tuproq bo’lar bori saxti-ro’y.
Dunyo sig’dirmadi, yo men sig’madim,
Yana qaytib keldim, yana ota uy.

Derazadan qarar menga Qo’shchinor,
Bag’ringda tog’ qadar yuksalgandayman.
Sen kabi minnatsiz go’sha qayda bor,
Sendan kengroq og’ush topa olmayman.

Sandal – (o’rtadagi uzum, non guvoh)
Oltita taqdirning tutash nuqtasi.
Bunda dasturxondan to’kilgan uvoq,
Otamday tabarruk hamma-hammasi.

Qanday tushuntiray axir, so’z – ojiz,
Bu kunni qanchalik kutganlarimni.
Boshni tik ko’tarib aytmoq nojoiz,
Minbarga talpinib o’tganlarimni.

O’zlikni yo’qotdim, istab e’tibor,
Balki qaytib keldim o’zimni izlab.
La’natlar o’qidim o’zimga ilk bor,
Bolaligim o’tgan qirlarni eslab.

Maysalar muqaddas sirim yutgandi,
Maysaga jonimni to’shagim keldi.
Hoyu-havaslarga qo’l siltab, tanti
Odamday bir lahza yashagim keldi.

Sensiz o’tdi kunlar, jonimdan o’tdi!
Qayga yo’l oldim men, qayga intildim.
Tushovini uzgan tulporday xuddi,
Ota uy men yana, men yana keldim.

Men ham g’amlarimga ochayin aza,
Meni quritadi, bu g’amlar, o’lsin.
O’zini qo’yishga joy topolmasa,
Otauysizlarning ko’rgani qursin.

***

Senga termulsaydim beso’z, beyig’i,
Ko’zimda bir dunyo yaratolsaydim.
Sevgilim, sevgida mangu qolsaydim,
Sevgilim, bo’g’zimda armonning tig’i.

Hijron azobiga yetar irodam,
Yetmaydi, unutish… (Shafqat qil xudo!)
Yashasa istagi, ruhidan judo,
Yana nima qilsin sevib bir odam.

Yurakni qirg’ichdan o’tkazdi hayot,
Ammo parchalanmas kuchdir muhabbat.
Ko’zlaring ko’zimda mangu barhayot.

Sevgilim, sevgimiz emas faryodli,
Biroq quvonch bermas, abadul-abad.
Ayriliqda sevgi naqadar totli!

SO’NGI MAKTUBDAGI SHE’R

Sen gulmassan. Gul bargidan otilgan o’qsan,
Yorib kirding yuragimdan hayotimgacha.
Faqat jonim xudoniki. Seniki bo’lgan
Kulgularim, yig’ilarim, bayotimgacha.

Ko’zingdagi mitti olov yoqdi jismimni,
Men o’zimni shu olovning bag’riga otdim.
Kimligimni tanib olay, aytgil ismimni,
Ismsiz va izsiz yashash ko’mlimga botdi.

Muhabbatga oshno bo’lgan qalbimga shafqat!
Oromi yo’q tunlarimni cho’tga solgayman.
Sendan visol so’ramayman, istagim faqat
O’lgunimcha ko’zingdagi o’tda yonay man.

NAVOIYNING TUG’ILISHI

Oti yer tepindi G’iyosiddinning,
Eriga talpindi ojiza ayol.
—Dard tutdi, sohibim, yaqinroq keling!
Tashqarida esa chinqirar shamol.

— Tez doyaga yugur —
Titradi ovoz
Vahima, xavotir iskanjasida.
— Qadam tovushi bu — doya, quloq os,
Onasi chidagin, jon, biroz chida.

Tokchada to’lg’onar sham, sho’ring qurg’ur,
Qobig’in buzolmas falakka o’rlab.
— Dardiga bir malham bordir, izlab ko’r —
Shamol to’rt tomonga ketdi izillab.

Shamol to’rt tomonga ketdi izillab,
Tinmasdan aylandi yakkamixda ot.
Shirin orzusini tushlarga ulab,
Uxlab yotar edi osuda Hirot.

Es-hushidan ozib qayta va qayta,
Kumush bisotini sochganida qish.
Shamol chinqirig’i bo’lingan joyda
Tug’ildi… tug’ildi buyuk evrilish!

(Dahoning onasi daho ulug’vor,
Chinga aylantirdi, axir ro’yoni).
Go’dak yig’isiga aylanib ilk bor,
Navoiy uyg’otdi butun dunyoni.

QAMISHLAR

Dunyosida turfa xil ishlar,
Ko’ylak qilib kiygan gardini.
Nayga aylanmagan qamishlar
Zovurlarga so’ylar dardini.

GULLIVERNING SO’NGI IQRORI

Salom! Men Gulliver sizga kelguncha,
Necha asrlarni yayov kezmadim.
Orzularim ulkan bo’lsa ham, garchi
Mayda odamlarga bog’liq qismatim.

Ruhimga nayzasin sanchadi har kun,
Qoplab tuz sepadi yaralarimga.
O’tgan yillar guvoh, yurar tutoqib,
Sig’dirolmay jajji davralariga.

Minglab o’q yurakka joylashdi muqim,
Yurakda jon berdi million-million o’q.
Jami og’riq bo’lsa menga tegishli,
Og’riqsiz zotlarga shikoyatim yo’q.

Terim qalin bo’ldi sizga kelguncha,
YO nayza zahriga o’rgandi etim.
Shunchaki, sizlarga achindim xolos,
Nolimadim, taqdir xudodan, dedim.

Tashakkurim sizga, mayda odamlar,
So’rgan bo’lsangiz ham gar iligimni.
So’ngi iqrorim shu, siz bo’lmaganda,
Sezmasdan o’tardim ulkanligimni.

USMON NOSIR NOLASI

Ichimda bir olov — yonayotirman,
Kimga xo’jayinman, kimga shotirman,
O’zim ham bilmayman, nega qodirman,
O’pkamga qoraqum bosilganday do’st,
Yuragimga Mashrab osilganday, do’st.

Shabnamdan o’zimga bir kafan bichsam,
Shafaqqa qonimni qo’shiblar ichsam.
Dunyo mendan kechsa, men undan kechsam,
Insoniy qoida buzilganday do’st,
Imon ildizlari uzilganday, do’st.

Ko’zlarimda oppoq gul ochiladi,
Tuxum yorib, necha qul ochiladi.
Ozod ullar emas, «o’l» ochiladi,
Ko’ksimga tulporlar iz ilganday do’st,
Yo’limda ta’nalar tizilganday do’st.

Umrimni so’z bilan muborak etsam,
Qalbimga yuz bursam, o’z sori ketsam.
Shu qorako’z elning qadriga yetsam,
Bilmadim chin qanday, hazil qanday do’st,
Har dilda qabrlar qazilganday do’st.

Qaniydi, o’zbekning go’rlari tug’sa,
YO go’r tug’masligin odamlar uqsa.
Dasturxonda kulcha — ilonday bo’g’sa,
Haromu haloling sezilganday do’st,
Qara, elning ruhi ezilganday, do’st.

Shodlikdan so’ylaydi har yon jarchilar,
Jarchilar, jarchilar — el aldarchilar.
So’z kasriga qolar kun kelib ular…
Ruhim she’r taftida isinganday do’st,
Bo’g’zimda haqiqat qisilganday do’st.

Ichimda bir olov — yonayotirman,
Kimga xo’jayinman, kimga shotirman?!
Bilganim, men ham shu elga doirman…
O’pkamga qoraqum bosilganday do’st,
Yuragimga Mashrab osilganday, do’st.

LAVHA

Uyal, dunyo – manglayning sho’ri,
(Bundayini kim ham ko’ribdi).
Anov odam shoirning zo’ri,
O’z kitobin sotib yuribdi.

HALOVAT

025

Dilda hokim bir kemtik,
Etay kimga havola?!
Na shaharlik, na kentlik —
Arosatda navolar.

Dildagi anduhimni,
May kabi simirsammi?
Behalovat ruhimni,
Ninachiga bersammi?
Gullar tutsa to’rt fasl,
Bahorga ko’milsammi?
Yasholmayman bu zayil
Anhorda cho’milsammi?
Ketsammikan tog’larga,
Cho’chitsammi hayqirib.
Ko’ksim – yer tuyoqlarga,
Otlar chopar ayqirib.
G’uborim to’kilarmi,
Qamish bo’lsam soylarga?
Halovat topilarmi
Bag’rim to’lsa oylarga?
Qilichday yaltiragan,
Keskir kunlar haqqiga.
Yaproqday qaltiragan
Vujud o’lgur haqiga
Hayqirib bir kulaymi,
Yig’layinmi jim, sokin.
Yo’nilmagan bir nayni
Chalmoqchidayman toki…

Xullas, yashamoqchiman,
Tuproq bilan sirlashib.
Daho-daho bobolar
Hoki bilan birlashib.

* * *

Hech kim shoir bo’l, deb buyruq bermadi,
Birov odam bo’l deb solmadi yo’lga.
Xudo podsholikni ravo ko’rmadi,
Boqiy umr berdi Ezopday qulga.

ONA SOG’INCHI

Bemajol qo’l, burishgan tovon,
Ajinli yuz, g’ubor bosgan ko’z.
Toshkentga yo’l olgan nigohlar,
Ko’rpa qavir supada nimdo’z.

Umid kabi oq libos kiygan,
Xayol kabi to’zg’igan sochlar.
Tonggi shafaq tuqqan shabnamday,
Qarog’ida poklanar yoshlar.

Cho’ntagida bir parcha rasm,
Osiq turar daraxtda guppi.
Qo’shyong’oqni ko’targancha dast,
Yiroqlarga ko’z tikar supa.

Otash mehri o’g’lini kutar,
Nedir g’ajir yurak qo’rini.
Onasini o’ylamas o’g’il,
O’ylar kecha yozgan she’rini.

KENJA BOTIR

Kenja Botir, botirim,
Bu dunyoda o’lish yo’q.
Azobli sinovlarsiz,
Gurkirash, ko’karish yo’q.

Yiqildingmi, tur, kutma,
Birov tutmas qo’lingdan.
Yerga qarab yur doim,
Toshlar ko’pdir yo’lingda.

Ana, chiqding safarga,
Senga quyosh yo’ldoshdir.
O’ylama, – qo’llaydi, – deb.
– Akalarim qo’ldoshdir.

Ular ham xom sut emgan,
Shaytonga qulligi bor.
Taxtga, obro’ va shonga,
Jononga qulligi bor.

Bo’shashtirma jiloving,
Tinmay yeldir otingni.
Baxtga oshno qil mudom,
G’am to’la hayotingni.

Shafqatni yig’ishtir, bas,
Qattiq qilgin qo’lingni.
Alam, gala qashqirlar
To’sib tursa yo’lingni.

Kenja botir, botirim,
Botirsanku, g’ajib o’t.
Sabr qil, gapirma, jim,
Dardingni ichingga yut.

Men sen taraf, olg’a yur,
Ko’ngilchan, soddasan sen.
Ming yillar o’tsa hamki,
Hayotda, yodda san sen.

Kenja botir, botirim,
Seni zo’r ko’rgan xudo.
Yashab ketsin shu ham deb,
Iste’dod bergan xudo.

Ishonaman, sen aslo,
Aldanmaysan oh-vohga,
YO pirim, deb, lahzada,
Chiqib olasan chohdan.

Kenja Botir, botirim…

***

I

Yurib chiqdi tonggacha yomg’ir,
Kezdi shahar ko’chalarini.
Bir manzilga yetganda oxir,
Yechdi tunning tugmalarini.

Qizg’ishgina, siymtan, g’amnok
Tong qarshimda egdi boshini.
Maysa kabi yuragim shu choq,
Ichdi tunning holsiz yoshini.

II

Tuni bilan shahar kezdi qor,
Tinglab yotdim qadamlarini,
Izlaringni bir-bir ezdi qor,
Ko’mdi sekin alamlarimni.

Lekin erta chiqadi quyosh,
Barcha qorni yoqib tashlaydi.
Ko’rsam, to’la izlaring – ko’z yosh,
Dardlar yana una boshlaydi.

034

(Tashriflar: umumiy 5 536, bugungi 1)

Izoh qoldiring