Jahongir Qosimov: Kinoni kino qiladigan adabiyot!

Ashampoo_Snap_2017.06.20_22h50m15s_002_.png     Гоҳида бир эътирозга дуч келамиз: “Киноижодкорлар ўзбек адабиётидан, шарқ фалсафасидан мутлақ узоқ. Шу боис, улар миллатга хос нозик хусусиятларни у қадар илғамайди”. Ўйлашимча, бу таърифни кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовга нисбатан қўллаш инсофдан бўлмас…

КИНОНИ КИНО ҚИЛАДИГАН АДАБИЁТ!
Таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов билан суҳбат
09

210c9e_318d.jpgГоҳида бир эътирозга дуч келамиз: “Киноижодкорлар ўзбек адабиётидан, шарқ фалсафасидан мутлақ узоқ. Шу боис, улар миллатга хос нозик хусусиятларни у қадар илғамайди”. Ўйлашимча, бу таърифни кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовга нисбатан қўллаш инсофдан бўлмас… Чунки киночилар орасидан ўзбек адабиётига кўпроқ мурожаат қиладиган ҳам ва қалам аҳли билан тез-тез мулоқотда бўлиб турадиган ҳам айнан шу ижодкор. Унинг санъатда босиб ўтаётган йўлларига кўз ташлаганингизда, албатта, Асқад Мухтор, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Тоҳир Малик, Мурод Муҳаммад Дўст ва Фахриёр номини учратасиз. Режиссёр билан суҳбатда бўлган одам Мавлоно Жалолиддин Румий асарлари унга ҳамроҳ эканига амин бўлади. Сиз у билан рассомлар ижоди ҳақида ҳам бемалол суҳбатлашишингиз мумкин. Ҳозирча бизнинг мақсадимиз бу эмас… Қолаверса, бу санъаткорни ортиқча саволлар билан чалғитгимиз йўқ. Мен кино арбоб ҳузурига бордим. Айни дамда менга санъаткор шахсини очиб берадиган ўй фикрлар муҳим…

– Кино санъатми ё саноатми? Ҳамиша дунёни мана шу савол ўйлантиради, – деб гап бошлади у. – Кино Францияда коммерция учун туғилган. Одамлар шарманка орқали намойиш этиладиган турли манзараларни кўриш учун пул тўлаб, ҳордиқ чиқарган. Яъни у кўча томошаси сифатида кириб келди. Бироқ Дэвид Гриффит(1875-1948), Чарли Чаплин(1889-1977), Федерико Феллини(1920-93), Андрей Тарковский(1932-86), Ингмар Бергман(1918-2007) каби санъаткорлар кинони санъат даражасига кўтарди. Бугун бу – аксиома. У қайси мақсадда суратга олинишидан қатъи назар, инсонларни эзгуликка чорлаши керак. Аслида “Титаник”(реж.Жеймс Кэмерон) ёки “Индиана Жонс”(реж. Стивен Спилберг) каби филмлар ҳам тижоратни кўзлаб олинган, лекин улардаги бадиий талқин кинони санъат эканини яна бир карра эътироф этди. Бироқ биз тижорат атамасини ҳақоратомуз сўзга айлантириб юбордик.

Эллигинчи йиллар Америка филмларига назар ташланг. Уларда ўпишиш саҳнасини кўрмайсиз. Бу ҳол олтмишинчи йилларда кириб келганда, Американинг бир қанча сиёсатчиларию сенаторлари “бунга асло йўл қўйиб бўлмайди, биз халқимизни бузамиз. Эртага бизда қадрият деган нарса қолмайди. Энг ёмони оила яхлитлигига путур етказамиз”, деб роса эътироз билдирган. Уларнинг қай даражада ҳақ эканини бугун кўриб турибсиз. Аста-секинлик билан 1970-80-90 йилларга келиб, бу манзаранинг бошқача қопқалари очилиб борди. Эртага бизда ҳам айнан шу ҳолат рўй берса, сира ажабланмайман. Одамзот ўзи учун номаълум бўлган чиркинликлардан бохабар бўляпти. Марк Аврелийдан “Мана биз шунча қонунлар қабул қиляпмиз, лекин нега отасини ўлдирган болага ҳеч қандай жазо чиқармаяпмиз?” – деб сўрашганида, у: ‘’Мен бу қонунни қабул қилмаётганим боиси, шу тушунчанинг ўзи одамда бўлмасин’’, деган экан.

– Лекин цивилизиацияда қадриятларни қай даражададир бой бериш эҳтимоли ҳам йўқ эмас-да! Барибир қурама маданият – замонавий дунёнинг шовқини ўз ҳукмини ўтказмасдан қўймайди…

– XVIII аср охирида фотография пайдо бўлганда, энди рассомларнинг куни битди, деб ўйлашган. Кино вужудга келганда театрга, телевидение эса кинога хавф солади, дейишди. Шукрки, ҳар бир санъат бир-бирига дахл қилмай ўз йўлида давом этяпти. Агар одамда ички мувозанат кучли бўлса, унга ҳеч қанақанги мегаполислару оммавий маданият таъсир қилолмайди. Инглиз адиби Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо” асарини эсланг. Қаранг, Робинзон кимсасиз оролда ёввойилашиб кетмасдан, аксинча, одам ейдиган қабиладан чиққан Жумавойнинг қалбига иймонни олиб кириб, Тангрини танитди. Мана сизга – қадрият!

Бола учун энг яхши ибрат амалий тарбиядир. Болалар шоири Сергей Михалков болаларини койиб, бирор марта насиҳат қилмаган экан. Кончаловский: “Айримлар отам менга эртаклар ўқиб берарди, дейишса, ҳавасим келади. Шунақа оталар ҳам бўлган экан-да! Фақат бир гапни эшитардик: “ҳой, халақит берма, даданг ишлаяпти”. Ҳамиша уни иш устида кўрардик. Бизга отамнинг ҳаёт тарзи тарбия вазифасини ўтаган”, деганди. Яқин ўтмишдаги турмушимизни кўз олдингизга келтиринг: ичкари ва ташқари ҳовли. Ичкари ҳовли аёллар билан бирга балоғатга етмаган болаларники, ташқари ҳовлида эса меҳмонлар аскиябозлигу маишат қилишган. Бу билан фақат номаҳрам нигоҳидан аёлларни ҳимоя қилиш эмас, ёт сўзлардан болаларни асраб қолиш ҳам кўзланган. Бундай гурунг-ларга болаларни яқинлаштиришмаган.

Агар дунёдаги жами урф-одатлар бозорга олиб чиқилган тақдирда ҳам, ҳар бир миллат вакили айланиб-айланиб, барибир, ўзининг урф-одатларини сотиб оларди, деган фикрга қўшиламан. Нега? Биринчидан, танглайи шу урф-одатлар билан кўтарилган, бошқасига кўниколмайди. Иккинчидан, географик жиҳатдан мана шу жойга айнан ўзингни урф-одатларинг асқотади. Чунки бу тушунчалар асрлар давомида йиғилган. Бу йўллардан кимлар ўтмаган… Александр Македонский… араб истилочилари… мўғуллар – биз билган-билмаган… қанча-қанча тўнтаришлар. Ҳар бири ўзи билан нималарнидир олиб келган. Ва ҳар бири цивилизацияга ўз улушини қўшиб борган. Шулардан сараланганларигина халқ хотирасида яшаб келяпти.

– Бир ҳақиқат борки, ўзгалар танқидига учрамасдан олдин, ўзингдаги камчиликларни кўра бил…

– Бизда катта маънодаги бағрикенглик бор, шу билан бирга биқиқлигимиз ҳам йўқ эмас. Ҳар бир муаммони шахсиятга бориб тақаймиз. Мен кимнингдир ишини танқид қилдимми бас, унинг душманига айланаман-қоламан. Мутенамо ҳозиржавоблигу лаббайчиликни айтмай қўя қолай…

Ҳамма фойдали маслаҳатни табиатнинг ўзи беради. Дарахт гуллаши керакми, у баҳорни кутади. Агар худо кўрсатмасин, бўладиган ишни тезроқ бўлгани яхши-да, деб қишда гуллагудек бўлса, уни совуқ уриб қовжираб қолади. Ҳозиржавобу лаббайчи ижодкорлар ишини ҳеч нарсага ярамай қолган совуқ урган дарахтга ўхшатаман. Улар “қалбимдан чиқяпти” деб даъво қилишади. Агар ҳақиқатанам, қалбда бўлганда эди, уларнинг муҳаббати дард билан чиқарди.

– Жаҳонгир ака, бир суҳбатингизда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” телевизион кўрсатувини қабул қилишимизнинг сабаби, биз фақат унга насиҳатомуз дастур сифатида қараймиз, холос. Агар санъат асарига даъво қилгудек бўлса, бу ўша кўрсатувнинг фожиаси”, деб айтгандингиз. Мен бу фикрингизга қўшимча қилиб “Иблис девори” филмини ҳам айтган бўлардим.

– Сиз “Иблис девори”ни айтяпсиз, катта экранлардан тушмаётган “хонтахта”ларнинг бари очиқдан очиқ қип-қизил дидактика. Шўрлик томошабинга ўйлаб кўришга ҳам имкон қолдирилмайди. Оқибатда одамлар учун ҳатто ўй суриш ҳам машаққатли меҳнатга айланиб боряпти. Ёшларнинг маълум бир қисми “хаёл” нималигини унутиб қўйган. Баъзан қулоққа чалинади: “ушбу филмнинг тарбиявий аҳамияти мана бунақа‘’ ёки “тарбиявий жиҳатлари бор”. Жуда кулгили. Демак, шўрликнинг бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Яна бир сўз урчиб кетган: “янги чеҳралар”. У менга “сип-силлиқ қиёфалар, бўм-бўш кўзлар…” бўлиб эшитилади. Бу “кашфиётга” қадар қаерларда бекиниб ётаркан бу “ноёб чеҳра”лар?

– Радиодаги суҳбатларнинг бирида “орзу-хаёллар инсонни гўзаллаштиради”, дедингиз. Армон-чи?

– Тарозининг бир палласида орзу-ҳавас турса, иккинчисида армон туради. Вазни биринчисиникидан сира кам эмас. Зеро, армон ҳаётга мантиқ киритади. Ҳар бир нарсанинг баҳоси аслида қанча туришини англатади. Қадрнинг қимматини биласиз. Дард армоннинг иккинчи номи. Ижодкор ҳам инсониятга дарди-армони билан керак.

Эртага… Биргина мана шу сўз бизнинг бутун умримизга ўт қўйиб юборади…

Бутун эркаликларимни онам эмас, бувим Умирхон ая кўтарардилар. Дутор чалардилар, иссиққина қўйниларига кириб олиб тинглаб ўтирардим… Ҳатто дутор симларини бир неча марта узганман ҳам. Индамасдилар… У кишига нима керак эди ўзи? Пулим, мансабим, совғаларим-ми? Йўқ, асло!.. Фақат олдиларида ўтирсанг бўлди эди. “Кел, ўтир, мунча телевизор кўрасан, китоб ўқийсан, гаплашайлик”, дердилар. Ўзимча, бувим билан нимани гаплашишим мумкин, деб ўйлардим. Борсам ҳам шоша-пиша “Яхшимисиз, ойи, мен яхши, келиниз яхши”, шу холос. Отамга нисбатан меҳрим ҳам армонга айланган. Ҳеч эркалатмасди. Чучмал филмлардагидек “қалайсан, болажоним, вой ундоқ-вой мундоқ” деб, ўтириб олиб насиҳат қилмасдилар. Лекин меҳрнинг кучини ҳамиша сезиб турардим. Бир-икки гап билан кўп нарсаларни ўргатарди. Тушкунликка тушган пайтларим “аввал бир ишни бошламагин, бошладингми, сидқидилдан қил, раҳмат эшитишни ўрган”, дердилар. Ўзи дунёда энг буюк муҳаббат ота-онанинг болага бўлган беғараз муҳаббати экан. Қолган бари – “Сен мени яхши кўрсанг, мен ҳам сени яхши кўраман”. Ҳайвонот дунёсини ҳам кузатсангиз бола онага овқат олиб келмайди. Бу эсигаям келмайди. Худога шукр, онам ҳаётлар. Улар учун нимадир қилмоқчи бўлсам, “керак эмас, болаларингни ўйла” деб туриб оладилар. Вақт ўтган сари армонлар ҳам келавераркан. Бу минг йиллик муаммо. Ягона таскин шуки, армоннинг армон эканлигини сезиб, афсус чекаётганимизда… “Ҳа энди, ўтди-кетди-да” демаётганимизга шукр. “Сув ёқалаб”да ҳам Болта Мардоннинг армони мени ўзига тортган. У на ўзининг қалбини, на болаларининг қалбини ўз вақтида тинглай олди. У хатосини даврдан излади. Яна ичида “Яхши ишларим ҳам бор-ку, беайб парвардигор”, деган таскин ҳам яшайди. Аммо…

– Ўзингиз режалар асосида иш кўрасизми, ёки орзу-хаёллар ортидан қувиб яшайсизми?

– Орзу – ўз номи билан орзу. Карьерани орзуга айлантириб олиб, олдин ундай қиламан, кейин бундай қиламан, дея режа тузиб яшашни ҳазм қилолмайман. Лекин ижодий имкониятларингни кўрсатиш учун, албатта, маълум бир режа асосида иш кўрасан. Мисол учун, институтга киришинг, китоб ўқишинг, миллий ва жаҳон киносанъатидан хабардор бўлиб боришинг шарт. Бу жараён босқичма-босқич амалга ошади. Осмонга қараганча “ҳаҳ, бир кино олсам эди, боплаб ташлардим-да”, дейиш билан иш битмайди…

– “Енгил-елпи муҳаббат темалари” деган жумлани кўп ишлатасиз. Янглишмасам, “енгил-елпи” сифатини айнан муҳаббатга – бу туйғунинг ўзига нисбатан ишлатмасангиз керак?..

– Муҳаббат – дард билан ёзиладиган, дард билан тасвирланадиган мавзу. Йиғлаш керак, деб айтмаяпман. “Мен сени севаман, қаердасан”, қабилидаги тўхтовсиз телефонлару учрашувлар, шунинг ўзи эмас-да! Бу бошқа нарса…

Ердан бир қарич баландда юрган ошиқ ҳаётни бошқача кўради, унга ёмонликлар кўринмайди… Гўё унинг душмани йўқ – ҳамма яхши. Ўзича ҳаётни фалсафий қабул қилади. Ана шундай инсонларгина Оллоҳ учун хизмат қила олади. Бунга ишонаман. Ўнг юзига урсанг, чап юзини тутиб берадиганлар ҳам айнан шулар… Ромео ва Жульеттани қаранг, оилалар ўртасида аёвсиз душманлик бор: “Ҳей қиз, у сенинг яккаю ягона акангни ўлдирди!” “Ахир, мен уни севаман!”. Ўлимдан-да кучли! Ҳавас қиламан. Бундаги юксак гуманизм фожиасини қарангки, йиллар давомида бир-бирига душман Монтекки ва Капульеттилар кўнглидаги адоватни ювиб, қалбини очиши учун энг гўзал норасидалар қурбонлиги керак бўлди.

Кейин истеъдодли инсонларнинг эҳтироси кучли, ўзгача бўлади, дейишади. Лекин мен бундай ўйламайман. Фақат истеъдод ўз туйғусини чиройли, таъсирчанроқ акс эттира олади. Уларда кўрсатиб бера олиш имконияти бор, холос. Серано де Бержерак балкон остида шундай куйларканки, аёллар эс-ҳушини йўқотиб қўяркан, унинг изҳорини тонгда сайраган булбул навосига ўхшатишган. Кечирасиз, ўша дард зоғчадаям бор, фақат у айтолмайди. Сиз кўрмайсиз уни. Маъшуқасига машина совға қилган бойваччаникидан, гул ҳам туҳфа этолмаётган камбағалнинг ишқи кучли бўлиши мумкин. Масалан муҳаббат ҳақидаги китобларни ўқиб олиб, туни билан севаманми-севмайманми, у-чи, телефон қилдим, олмади, деб эрталабгача ухламасдан чиқиш “телбалик”-да! Афсус ҳаммаям бу касалга чалинавермайди. Ўзим ҳам қаерда бўлмасин Сайёрани ёнимда олиб юргим келарди, эркаклар чойхонасига ҳам олиб кираверардим. У бечора ҳам мен қаёққа етакласам кетаверган. Усиз саккизта эркакнинг гурунги татимаган… Мана сизга савдойилик!

– Баъзи режиссёрлар кинога адабиётдан кўра, тасвирий санъат яқин, дейишади.

– Кинодаги воқеани айнан олиб қоғозга туширсангиз, тасвирдан кам бўлмайди, таъсирли чиқади. Лекин қоғозга тушган ҳар бир сўзни экранга олиб чиқиб бўлмайди-да. Кинематографиянинг адабиётга етишишига бир қанча қовун пишиғи бор. Кинони кино қиладиган адабиёт. Агар ҳар бир персонаж диалогида бир фикр ётмаса, сиз уни кўрмайсиз. Биласиз, русларда умуман ижодкорга нисбатан “художник” атамаси ишлатилади. Бу сўз санъатнинг ҳамма турини ўз ичига олади. Шу маънода на кинони, на мусиқа, на тасвирий санъат ва на театрни драматургиясиз тасаввур қила оласиз. Бироқ шуларнинг орасидан адабиётга – сўзга яқини, бу – кино ва театр!

– Маълумки, санъатнинг асосий вазифаларидан бири – гўзаллик дунёни қутқара олишига одамларни ишонтириш. XIX асрда юзага чиққан “телба” Мишкиннинг бу ишончи, ҳақиқатанам, эртаклар тарк этаётган бугунги ДУНЁни қутқара олишига Сиз ишонасизми?

– Агар бевафо дунёни нимадир қутқара олса, нажот фақат – гўзалликдан! Барибир, бу қанақангидир идеал. Реал олиб қараганда, афсуски, бу орзу бўлиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар бу эзгу хаёл ҳақиқий ҳаётда том маънода ўз тасдиғини топганида, биз яшаётган сайёра “ер” деб аталмасди. Мавҳумроқ бўлса-да, ўша нимагадир ишонганимиз учун ҳам нималардир қиламиз. Кўнгилда милт-милт ёниб турган мана шу ишонч дунёнинг мувозанатини бир амаллаб ушлаб турибди, деб ўйлайман. Тан олиш керак, “Санъат – одамзотни ваҳшийликдан асрайди” деган фикр сира муболаға эмас. Шунинг учун, биз муҳаббат – санъат қаршисида қанчалик қарздор эканимизни унутмасдан, УНГА миннатдорлик изҳор қилиб туришимиз зарур.

– Сиз қайси режиссёрни ўзингиз учун санъатдаги “тимсол”деб биласиз?

1419668949_botirov1_17092013.jpg– Кино санъатнинг тез қарийдиган тури. Уни янги-янги “урф”лар қаритади. Толстой, Чехов, Абдулла Қодирийнинг асарлари ҳар қандай даврдаям ўзининг замонавийлигини йўқотмаслиги мумкин, лекин киноасар… ўн минглаб кинолардан саноқлисигина классикага айланади. Шу маънода мени доимо ҳайратга соладиган санъаткор, бу – Чарли Чаплин даҳоси! Чап-линни юз йиллардан кейин ҳам томошабин кўради. Мени кўпроқ унинг монтажи ё суратга олиш услуби эмас, характерларни топиши, микроскоп каби инсон қалбининг жами тебранишларини кўриб, ҳис қилиб, кичик бир одам фожиасини очиб бериши, унинг жамиятдаги ўрнини тасвирлаши қойил қолдиради. Ғирромликларсиз яшаш учун курашаётган одамнинг уддабуронлигини ўзгача юмор билан ифодалаган. Шу билан бирга сентиментал ва романтик. Санъаткорнинг ўзи ҳам қаҳрамонлари устидан кулган, ҳам уларга қўшилиб йиғлаган. Бундан ташқари Феллини, Антониони, Бергман, Спилберг, Орсен Уэллс, Франсуа Трюффо каби режиссёрлар ижодини ҳам кузатаман, бироқ, барибир, Чаплиннинг ўрни бўлакча.

– Ҳақиқатанам, У: “Мен учун санъатда энг муҳими – инсонни тасвирлаш!” деб айтган. Чарли Чаплиннинг қизи Жеральдинага ёзган мактубларининг ўзиёқ унинг тилсимли қалб соҳиби эканини айтиб турибди. Шу маънода, шамолнинг ҳар бир эпкинида ижодкор позициясини ўзгартириб боришини қандай изоҳлайсиз?

– Биласизми, америкалик кинорежиссёр Орсен Уэллс одамларни икки турга бўлади: характер ва қурбақа. Ҳатто қурбақа ҳам ўзича “мен характерман” деб даъво қилади… Агарда энг оғир, синовли, қалтис паллада “вақ-вақ” қилиб юбормаса, ҳақиқатанам у характер, яъни шахс – охиригача ўзининг ҳаётий-ижодий позициясига эга бўлган одам!

– Баъзида ижодкор ўз замонаси руҳига хирож тўлашдан озод бўлолмайди. Айниқса, оммавий санъат – кинода…

– Албатта, ҳар бир давр ижодкорга ўзининг эҳтиёжларини юклайди. Биз демократик жамиятда яшаймиз. Телевидение ва интернет орқали бостириб келаётган оммавий маданият хуружини куч билан тўсолмаймиз. Бу акс таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Чекимизга эса мана шу ўтиш даврида яшаш тушган. Бизнинг авлодни бирдан бир вазифаси кинони вақт ўтказиш учун керак бўлган шунчаки эрмак томоша эмаслигини исботлаш ва оммавий маданиятдан холи бир санъат борлигини кўрсатишдир. Бунинг учун филмларимиз мавзуси қанчалик миллийлик касб этса, ғоявий жиҳатдан ҳам шу қадар умуминсоний бўлиши зарур. Фақат дардгина барча миллатга бирдек тушунарли бўлади. Индира Гандининг “Ватан остонадан бошланади, лекин унинг айнан шу ерда тугаши ёмон”, деган гапи мени кўп безовта қилади. Филмларни ҳам халқимиз учун қиламиз, лекин энг қийнайдигани, қилаётган ишларингни бари икки дарё оралиғида қолиб кетса…

——-

Суҳбатдошимнинг бу фикрлари бир мақолани ёдга солди. Гарчи ўринсиз бўлса-да, келтираман: “Феллинини Феллини қилган унинг асарларида акс этган итальян миллатининг ғурури, шаън-шавкатидир. Шу боис у мамлакати довруғини дунёга чиқарди! Бизнинг киноижодкорларимизда эса ана шундай ифтихор ҳисси етишмайди” Имоним комилки, ҳамкасбимиз агар Феллинининг биргина фильмини кўриб, одамнинг ожизликларидан озорланган санъаткор ҳақиқатини туйганда эди, ҳеч қачон бундай демаган, унинг фильмларида кўтарилган мавзулар эмас, Феллини шахсининг ўзи қай тариқа итальян миллатининг ғурурига айланганлигини тушунган бўларди. “Ифтихор!”– ҳарқанча чиройли, оҳанробо сўз бўлмасин, у Санъаткор орзулари учун манзил бўлолмас экан.

Иқбол ҚЎШШАЕВА суҳбатлашди.

Манба: “Ёшлик” журнали 2010 йил, 7-сон

    jahongir_qosimov_suhbat.jpgGohida bir e’tirozga duch kelamiz: “Kinoijodkorlar o‘zbek adabiyotidan, sharq falsafasidan mutlaq uzoq. Shu bois, ular millatga xos nozik xususiyatlarni u qadar ilg‘amaydi”. O‘ylashimcha, bu ta’rifni kinorejissyor Jahongir Qosimovga nisbatan qo‘llash insofdan bo‘lmas…

KINONI KINO QILADIGAN ADABIYOT!
Taniqli kinorejissyor Jahongir Qosimov bilan suhbat
09

jahongir_qosimov.jpgGohida bir e’tirozga duch kelamiz: “Kinoijodkorlar o‘zbek adabiyotidan, sharq falsafasidan mutlaq uzoq. Shu bois, ular millatga xos nozik xususiyatlarni u qadar ilg‘amaydi”. O‘ylashimcha, bu ta’rifni kinorejissyor Jahongir Qosimovga nisbatan qo‘llash insofdan bo‘lmas… Chunki kinochilar orasidan o‘zbek adabiyotiga ko‘proq murojaat qiladigan ham va qalam ahli bilan tez-tez muloqotda bo‘lib turadigan ham aynan shu ijodkor. Uning san’atda bosib o‘tayotgan yo‘llariga ko‘z tashlaganingizda, albatta, Asqad Muxtor, Xayriddin Sulton, Erkin A’zam, Tohir Malik, Murod Muhammad Do‘st va Faxriyor nomini uchratasiz. Rejissyor bilan suhbatda bo‘lgan odam Mavlono Jaloliddin Rumiy asarlari unga hamroh ekaniga amin bo‘ladi. Siz u bilan rassomlar ijodi haqida ham bemalol suhbatlashishingiz mumkin. Hozircha bizning maqsadimiz bu emas… Qolaversa, bu san’atkorni ortiqcha savollar bilan chalg‘itgimiz yo‘q. Men kino arbob huzuriga bordim. Ayni damda menga san’atkor shaxsini ochib beradigan o‘y fikrlar muhim…

– Kino san’atmi yo sanoatmi? Hamisha dunyoni mana shu savol o‘ylantiradi, – deb gap boshladi u. – Kino Fransiyada kommersiya uchun tug‘ilgan. Odamlar sharmanka orqali namoyish etiladigan turli manzaralarni ko‘rish uchun pul to‘lab, hordiq chiqargan. Ya’ni u ko‘cha tomoshasi sifatida kirib keldi. Biroq Devid Griffit(1875-1948), Charli Chaplin(1889-1977), Federiko Fellini(1920-93), Andrey Tarkovskiy(1932-86), Ingmar Bergman(1918-2007) kabi san’atkorlar kinoni san’at darajasiga ko‘tardi. Bugun bu – aksioma. U qaysi maqsadda suratga olinishidan qat’i nazar, insonlarni ezgulikka chorlashi kerak. Aslida “Titanik”(rej.Jeyms Kemeron) yoki “Indiana Jons”(rej. Stiven Spilberg) kabi filmlar ham tijoratni ko‘zlab olingan, lekin ulardagi badiiy talqin kinoni san’at ekanini yana bir karra e’tirof etdi. Biroq biz tijorat atamasini haqoratomuz so‘zga aylantirib yubordik.

Elliginchi yillar Amerika filmlariga nazar tashlang. Ularda o‘pishish sahnasini ko‘rmaysiz. Bu hol oltmishinchi yillarda kirib kelganda, Amerikaning bir qancha siyosatchilariyu senatorlari “bunga aslo yo‘l qo‘yib bo‘lmaydi, biz xalqimizni buzamiz. Ertaga bizda qadriyat degan narsa qolmaydi. Eng yomoni oila yaxlitligiga putur yetkazamiz”, deb rosa e’tiroz bildirgan. Ularning qay darajada haq ekanini bugun ko‘rib turibsiz. Asta-sekinlik bilan 1970-80-90 yillarga kelib, bu manzaraning boshqacha qopqalari ochilib bordi. Ertaga bizda ham aynan shu holat ro‘y bersa, sira ajablanmayman. Odamzot o‘zi uchun noma’lum bo‘lgan chirkinliklardan boxabar bo‘lyapti. Mark Avreliydan “Mana biz shuncha qonunlar qabul qilyapmiz, lekin nega otasini o‘ldirgan bolaga hech qanday jazo chiqarmayapmiz?” – deb so‘rashganida, u: ‘’Men bu qonunni qabul qilmayotganim boisi, shu tushunchaning o‘zi odamda bo‘lmasin’’, degan ekan.

– Lekin siviliziatsiyada qadriyatlarni qay darajadadir boy berish ehtimoli ham yo‘q emas-da! Baribir qurama madaniyat – zamonaviy dunyoning shovqini o‘z hukmini o‘tkazmasdan qo‘ymaydi…

– XVIII asr oxirida fotografiya paydo bo‘lganda, endi rassomlarning kuni bitdi, deb o‘ylashgan. Kino vujudga kelganda teatrga, televideniye esa kinoga xavf soladi, deyishdi. Shukrki, har bir san’at bir-biriga daxl qilmay o‘z yo‘lida davom etyapti. Agar odamda ichki muvozanat kuchli bo‘lsa, unga hech qanaqangi megapolislaru ommaviy madaniyat ta’sir qilolmaydi. Ingliz adibi Daniel Defoning “Robinzon Kruzo” asarini eslang. Qarang, Robinzon kimsasiz orolda yovvoyilashib ketmasdan, aksincha, odam yeydigan qabiladan chiqqan Jumavoyning qalbiga iymonni olib kirib, Tangrini tanitdi. Mana sizga – qadriyat!

Bola uchun eng yaxshi ibrat amaliy tarbiyadir. Bolalar shoiri Sergey Mixalkov bolalarini koyib, biror marta nasihat qilmagan ekan. Konchalovskiy: “Ayrimlar otam menga ertaklar o‘qib berardi, deyishsa, havasim keladi. Shunaqa otalar ham bo‘lgan ekan-da! Faqat bir gapni eshitardik: “hoy, xalaqit berma, dadang ishlayapti”. Hamisha uni ish ustida ko‘rardik. Bizga otamning hayot tarzi tarbiya vazifasini o‘tagan”, degandi. Yaqin o‘tmishdagi turmushimizni ko‘z oldingizga keltiring: ichkari va tashqari hovli. Ichkari hovli ayollar bilan birga balog‘atga yetmagan bolalarniki, tashqari hovlida esa mehmonlar askiyabozligu maishat qilishgan. Bu bilan faqat nomahram nigohidan ayollarni himoya qilish emas, yot so‘zlardan bolalarni asrab qolish ham ko‘zlangan. Bunday gurung-larga bolalarni yaqinlashtirishmagan.

Agar dunyodagi jami urf-odatlar bozorga olib chiqilgan taqdirda ham, har bir millat vakili aylanib-aylanib, baribir, o‘zining urf-odatlarini sotib olardi, degan fikrga qo‘shilaman. Nega? Birinchidan, tanglayi shu urf-odatlar bilan ko‘tarilgan, boshqasiga ko‘nikolmaydi. Ikkinchidan, geografik jihatdan mana shu joyga aynan o‘zingni urf-odatlaring asqotadi. Chunki bu tushunchalar asrlar davomida yig‘ilgan. Bu yo‘llardan kimlar o‘tmagan… Aleksandr Makedonskiy… arab istilochilari… mo‘g‘ullar – biz bilgan-bilmagan… qancha-qancha to‘ntarishlar. Har biri o‘zi bilan nimalarnidir olib kelgan. Va har biri sivilizatsiyaga o‘z ulushini qo‘shib borgan. Shulardan saralanganlarigina xalq xotirasida yashab kelyapti.

– Bir haqiqat borki, o‘zgalar tanqidiga uchramasdan oldin, o‘zingdagi kamchiliklarni ko‘ra bil…

– Bizda katta ma’nodagi bag‘rikenglik bor, shu bilan birga biqiqligimiz ham yo‘q emas. Har bir muammoni shaxsiyatga borib taqaymiz. Men kimningdir ishini tanqid qildimmi bas, uning dushmaniga aylanaman-qolaman. Mutenamo hozirjavobligu labbaychilikni aytmay qo‘ya qolay…

Hamma foydali maslahatni tabiatning o‘zi beradi. Daraxt gullashi kerakmi, u bahorni kutadi. Agar xudo ko‘rsatmasin, bo‘ladigan ishni tezroq bo‘lgani yaxshi-da, deb qishda gullagudek bo‘lsa, uni sovuq urib qovjirab qoladi. Hozirjavobu labbaychi ijodkorlar ishini hech narsaga yaramay qolgan sovuq urgan daraxtga o‘xshataman. Ular “qalbimdan chiqyapti” deb da’vo qilishadi. Agar haqiqatanam, qalbda bo‘lganda edi, ularning muhabbati dard bilan chiqardi.

– Jahongir aka, bir suhbatingizda “Otalar so‘zi – aqlning ko‘zi” televizion ko‘rsatuvini qabul qilishimizning sababi, biz faqat unga nasihatomuz dastur sifatida qaraymiz, xolos. Agar san’at asariga da’vo qilgudek bo‘lsa, bu o‘sha ko‘rsatuvning fojiasi”, deb aytgandingiz. Men bu fikringizga qo‘shimcha qilib “Iblis devori” filmini ham aytgan bo‘lardim.

– Siz “Iblis devori”ni aytyapsiz, katta ekranlardan tushmayotgan “xontaxta”larning bari ochiqdan ochiq qip-qizil didaktika. Sho‘rlik tomoshabinga o‘ylab ko‘rishga ham imkon qoldirilmaydi. Oqibatda odamlar uchun hatto o‘y surish ham mashaqqatli mehnatga aylanib boryapti. Yoshlarning ma’lum bir qismi “xayol” nimaligini unutib qo‘ygan. Ba’zan quloqqa chalinadi: “ushbu filmning tarbiyaviy ahamiyati mana bunaqa‘’ yoki “tarbiyaviy jihatlari bor”. Juda kulgili. Demak, sho‘rlikning boshqa hech narsasi yo‘q. Yana bir so‘z urchib ketgan: “yangi chehralar”. U menga “sip-silliq qiyofalar, bo‘m-bo‘sh ko‘zlar…” bo‘lib eshitiladi. Bu “kashfiyotga” qadar qayerlarda bekinib yotarkan bu “noyob chehra”lar?

– Radiodagi suhbatlarning birida “orzu-xayollar insonni go‘zallashtiradi”, dedingiz. Armon-chi?

– Tarozining bir pallasida orzu-havas tursa, ikkinchisida armon turadi. Vazni birinchisinikidan sira kam emas. Zero, armon hayotga mantiq kiritadi. Har bir narsaning bahosi aslida qancha turishini anglatadi. Qadrning qimmatini bilasiz. Dard armonning ikkinchi nomi. Ijodkor ham insoniyatga dardi-armoni bilan kerak.

Ertaga… Birgina mana shu so‘z bizning butun umrimizga o‘t qo‘yib yuboradi…

Butun erkaliklarimni onam emas, buvim Umirxon aya ko‘tarardilar. Dutor chalardilar, issiqqina qo‘ynilariga kirib olib tinglab o‘tirardim… Hatto dutor simlarini bir necha marta uzganman ham. Indamasdilar… U kishiga nima kerak edi o‘zi? Pulim, mansabim, sovg‘alarim-mi? Yo‘q, aslo!.. Faqat oldilarida o‘tirsang bo‘ldi edi. “Kel, o‘tir, muncha televizor ko‘rasan, kitob o‘qiysan, gaplashaylik”, derdilar. O‘zimcha, buvim bilan nimani gaplashishim mumkin, deb o‘ylardim. Borsam ham shosha-pisha “Yaxshimisiz, oyi, men yaxshi, keliniz yaxshi”, shu xolos. Otamga nisbatan mehrim ham armonga aylangan. Hech erkalatmasdi. Chuchmal filmlardagidek “qalaysan, bolajonim, voy undoq-voy mundoq” deb, o‘tirib olib nasihat qilmasdilar. Lekin mehrning kuchini hamisha sezib turardim. Bir-ikki gap bilan ko‘p narsalarni o‘rgatardi. Tushkunlikka tushgan paytlarim “avval bir ishni boshlamagin, boshladingmi, sidqidildan qil, rahmat eshitishni o‘rgan”, derdilar. O‘zi dunyoda eng buyuk muhabbat ota-onaning bolaga bo‘lgan beg‘araz muhabbati ekan. Qolgan bari – “Sen meni yaxshi ko‘rsang, men ham seni yaxshi ko‘raman”. Hayvonot dunyosini ham kuzatsangiz bola onaga ovqat olib kelmaydi. Bu esigayam kelmaydi. Xudoga shukr, onam hayotlar. Ular uchun nimadir qilmoqchi bo‘lsam, “kerak emas, bolalaringni o‘yla” deb turib oladilar. Vaqt o‘tgan sari armonlar ham kelaverarkan. Bu ming yillik muammo. Yagona taskin shuki, armonning armon ekanligini sezib, afsus chekayotganimizda… “Ha endi, o‘tdi-ketdi-da” demayotganimizga shukr. “Suv yoqalab”da ham Bolta Mardonning armoni meni o‘ziga tortgan. U na o‘zining qalbini, na bolalarining qalbini o‘z vaqtida tinglay oldi. U xatosini davrdan izladi. Yana ichida “Yaxshi ishlarim ham bor-ku, beayb parvardigor”, degan taskin ham yashaydi. Ammo…

– O‘zingiz rejalar asosida ish ko‘rasizmi, yoki orzu-xayollar ortidan quvib yashaysizmi?

– Orzu – o‘z nomi bilan orzu. Karyerani orzuga aylantirib olib, oldin unday qilaman, keyin bunday qilaman, deya reja tuzib yashashni hazm qilolmayman. Lekin ijodiy imkoniyatlaringni ko‘rsatish uchun, albatta, ma’lum bir reja asosida ish ko‘rasan. Misol uchun, institutga kirishing, kitob o‘qishing, milliy va jahon kinosan’atidan xabardor bo‘lib borishing shart. Bu jarayon bosqichma-bosqich amalga oshadi. Osmonga qaragancha “hah, bir kino olsam edi, boplab tashlardim-da”, deyish bilan ish bitmaydi…

– “Yengil-yelpi muhabbat temalari” degan jumlani ko‘p ishlatasiz. Yanglishmasam, “yengil-yelpi” sifatini aynan muhabbatga – bu tuyg‘uning o‘ziga nisbatan ishlatmasangiz kerak?..

– Muhabbat – dard bilan yoziladigan, dard bilan tasvirlanadigan mavzu. Yig‘lash kerak, deb aytmayapman. “Men seni sevaman, qayerdasan”, qabilidagi to‘xtovsiz telefonlaru uchrashuvlar, shuning o‘zi emas-da! Bu boshqa narsa…

Yerdan bir qarich balandda yurgan oshiq hayotni boshqacha ko‘radi, unga yomonliklar ko‘rinmaydi… Go‘yo uning dushmani yo‘q – hamma yaxshi. O‘zicha hayotni falsafiy qabul qiladi. Ana shunday insonlargina Olloh uchun xizmat qila oladi. Bunga ishonaman. O‘ng yuziga ursang, chap yuzini tutib beradiganlar ham aynan shular… Romeo va Julyettani qarang, oilalar o‘rtasida ayovsiz dushmanlik bor: “Hey qiz, u sening yakkayu yagona akangni o‘ldirdi!” “Axir, men uni sevaman!”. O‘limdan-da kuchli! Havas qilaman. Bundagi yuksak gumanizm fojiasini qarangki, yillar davomida bir-biriga dushman Montekki va Kapulyettilar ko‘nglidagi adovatni yuvib, qalbini ochishi uchun eng go‘zal norasidalar qurbonligi kerak bo‘ldi.

Keyin iste’dodli insonlarning ehtirosi kuchli, o‘zgacha bo‘ladi, deyishadi. Lekin men bunday o‘ylamayman. Faqat iste’dod o‘z tuyg‘usini chiroyli, ta’sirchanroq aks ettira oladi. Ularda ko‘rsatib bera olish imkoniyati bor, xolos. Serano de Berjerak balkon ostida shunday kuylarkanki, ayollar es-hushini yo‘qotib qo‘yarkan, uning izhorini tongda sayragan bulbul navosiga o‘xshatishgan. Kechirasiz, o‘sha dard zog‘chadayam bor, faqat u aytolmaydi. Siz ko‘rmaysiz uni. Ma’shuqasiga mashina sovg‘a qilgan boyvachchanikidan, gul ham tuhfa etolmayotgan kambag‘alning ishqi kuchli bo‘lishi mumkin. Masalan muhabbat haqidagi kitoblarni o‘qib olib, tuni bilan sevamanmi-sevmaymanmi, u-chi, telefon qildim, olmadi, deb ertalabgacha uxlamasdan chiqish “telbalik”-da! Afsus hammayam bu kasalga chalinavermaydi. O‘zim ham qayerda bo‘lmasin Sayyorani yonimda olib yurgim kelardi, erkaklar choyxonasiga ham olib kiraverardim. U bechora ham men qayoqqa yetaklasam ketavergan. Usiz sakkizta erkakning gurungi tatimagan… Mana sizga savdoyilik!

– Ba’zi rejissyorlar kinoga adabiyotdan ko‘ra, tasviriy san’at yaqin, deyishadi.

– Kinodagi voqeani aynan olib qog‘ozga tushirsangiz, tasvirdan kam bo‘lmaydi, ta’sirli chiqadi. Lekin qog‘ozga tushgan har bir so‘zni ekranga olib chiqib bo‘lmaydi-da. Kinematografiyaning adabiyotga yetishishiga bir qancha qovun pishig‘i bor. Kinoni kino qiladigan adabiyot. Agar har bir personaj dialogida bir fikr yotmasa, siz uni ko‘rmaysiz. Bilasiz, ruslarda umuman ijodkorga nisbatan “xudojnik” atamasi ishlatiladi. Bu so‘z san’atning hamma turini o‘z ichiga oladi. Shu ma’noda na kinoni, na musiqa, na tasviriy san’at va na teatrni dramaturgiyasiz tasavvur qila olasiz. Biroq shularning orasidan adabiyotga – so‘zga yaqini, bu – kino va teatr!

– Ma’lumki, san’atning asosiy vazifalaridan biri – go‘zallik dunyoni qutqara olishiga odamlarni ishontirish. XIX asrda yuzaga chiqqan “telba” Mishkinning bu ishonchi, haqiqatanam, ertaklar tark etayotgan bugungi DUNYOni qutqara olishiga Siz ishonasizmi?

– Agar bevafo dunyoni nimadir qutqara olsa, najot faqat – go‘zallikdan! Baribir, bu qanaqangidir ideal. Real olib qaraganda, afsuski, bu orzu bo‘lib qolishi ehtimoli ham yo‘q emas. Agar bu ezgu xayol haqiqiy hayotda tom ma’noda o‘z tasdig‘ini topganida, biz yashayotgan sayyora “yer” deb atalmasdi. Mavhumroq bo‘lsa-da, o‘sha nimagadir ishonganimiz uchun ham nimalardir qilamiz. Ko‘ngilda milt-milt yonib turgan mana shu ishonch dunyoning muvozanatini bir amallab ushlab turibdi, deb o‘ylayman. Tan olish kerak, “San’at – odamzotni vahshiylikdan asraydi” degan fikr sira mubolag‘a emas. Shuning uchun, biz muhabbat – san’at qarshisida qanchalik qarzdor ekanimizni unutmasdan, UNGA minnatdorlik izhor qilib turishimiz zarur.

– Siz qaysi rejissyorni o‘zingiz uchun san’atdagi “timsol”deb bilasiz?

– Kino san’atning tez qariydigan turi. Uni yangi-yangi “urf”lar qaritadi. Tolstoy, Chexov, Abdulla Qodiriyning asarlari har qanday davrdayam o‘zining zamonaviyligini yo‘qotmasligi mumkin, lekin kinoasar… o‘n minglab kinolardan sanoqlisigina klassikaga aylanadi. Shu ma’noda meni doimo hayratga soladigan san’atkor, bu – Charli Chaplin dahosi! Chap-linni yuz yillardan keyin ham tomoshabin ko‘radi. Meni ko‘proq uning montaji yo suratga olish uslubi emas, xarakterlarni topishi, mikroskop kabi inson qalbining jami tebranishlarini ko‘rib, his qilib, kichik bir odam fojiasini ochib berishi, uning jamiyatdagi o‘rnini tasvirlashi qoyil qoldiradi. G‘irromliklarsiz yashash uchun kurashayotgan odamning uddaburonligini o‘zgacha yumor bilan ifodalagan. Shu bilan birga sentimental va romantik. San’atkorning o‘zi ham qahramonlari ustidan kulgan, ham ularga qo‘shilib yig‘lagan. Bundan tashqari Fellini, Antonioni, Bergman, Spilberg, Orsen Uells, Fransua Tryuffo kabi rejissyorlar ijodini ham kuzataman, biroq, baribir, Chaplinning o‘rni bo‘lakcha.

– Haqiqatanam, U: “Men uchun san’atda eng muhimi – insonni tasvirlash!” deb aytgan. Charli Chaplinning qizi Jeraldinaga yozgan maktublarining o‘ziyoq uning tilsimli qalb sohibi ekanini aytib turibdi. Shu ma’noda, shamolning har bir epkinida ijodkor pozitsiyasini o‘zgartirib borishini qanday izohlaysiz?

– Bilasizmi, amerikalik kinorejissyor Orsen Uells odamlarni ikki turga bo‘ladi: xarakter va qurbaqa. Hatto qurbaqa ham o‘zicha “men xarakterman” deb da’vo qiladi… Agarda eng og‘ir, sinovli, qaltis pallada “vaq-vaq” qilib yubormasa, haqiqatanam u xarakter, ya’ni shaxs – oxirigacha o‘zining hayotiy-ijodiy pozitsiyasiga ega bo‘lgan odam!

– Ba’zida ijodkor o‘z zamonasi ruhiga xiroj to‘lashdan ozod bo‘lolmaydi. Ayniqsa, ommaviy san’at – kinoda…

– Albatta, har bir davr ijodkorga o‘zining ehtiyojlarini yuklaydi. Biz demokratik jamiyatda yashaymiz. Televideniye va internet orqali bostirib kelayotgan ommaviy madaniyat xurujini kuch bilan to‘solmaymiz. Bu aks ta’sir qilishi hech gap emas. Chekimizga esa mana shu o‘tish davrida yashash tushgan. Bizning avlodni birdan bir vazifasi kinoni vaqt o‘tkazish uchun kerak bo‘lgan shunchaki ermak tomosha emasligini isbotlash va ommaviy madaniyatdan xoli bir san’at borligini ko‘rsatishdir. Buning uchun filmlarimiz mavzusi qanchalik milliylik kasb etsa, g‘oyaviy jihatdan ham shu qadar umuminsoniy bo‘lishi zarur. Faqat dardgina barcha millatga birdek tushunarli bo‘ladi. Indira Gandining “Vatan ostonadan boshlanadi, lekin uning aynan shu yerda tugashi yomon”, degan gapi meni ko‘p bezovta qiladi. Filmlarni ham xalqimiz uchun qilamiz, lekin eng qiynaydigani, qilayotgan ishlaringni bari ikki daryo oralig‘ida qolib ketsa…

——-

Suhbatdoshimning bu fikrlari bir maqolani yodga soldi. Garchi o‘rinsiz bo‘lsa-da, keltiraman: “Fellinini Fellini qilgan uning asarlarida aks etgan italyan millatining g‘ururi, sha’n-shavkatidir. Shu bois u mamlakati dovrug‘ini dunyoga chiqardi! Bizning kinoijodkorlarimizda esa ana shunday iftixor hissi yetishmaydi” Imonim komilki, hamkasbimiz agar Fellinining birgina filmini ko‘rib, odamning ojizliklaridan ozorlangan san’atkor haqiqatini tuyganda edi, hech qachon bunday demagan, uning filmlarida ko‘tarilgan mavzular emas, Fellini shaxsining o‘zi qay tariqa italyan millatining g‘ururiga aylanganligini tushungan bo‘lardi. “Iftixor!”– harqancha chiroyli, ohanrobo so‘z bo‘lmasin, u San’atkor orzulari uchun manzil bo‘lolmas ekan.

Iqbol QO‘ShSHAYEVA suhbatlashdi.

Manba: “Yoshlik” jurnali 2010 yil, 7-son

011

(Tashriflar: umumiy 914, bugungi 1)

Izoh qoldiring