Kuz mushoirasi

Ashampoo_Snap_2017.11.03_22h37m24s_001_.pngФейсбук саҳифаларидаги даврадош шоирларнинг кузга бағишланган шеърларини тақдим этаман. Уларга кириш сўзи ёзиш шарт эмас, деб ўйладим…

КУЗ МУШОИРАСИ
09

Усмон АЗИМ17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ЮРАГИМДАН КЕТМАЯПТИ КУЗ

* * *

Қандай ёзай шеърларни “оҳ”сиз?
Бу йил оғир кузакнинг тарзи.
Бошим узра зил-замбил – чоксиз
Қўрғошиндай булут гумбази.

Ёмғирлар ҳам дардда залворли.
Куз қапишиб – ерга сингиган…
Хатлар ёзсам, журъатинг борми
Олмоқликка кузнинг илкидан?

Билмайсанми ё хазонрезни,
Ўйлармисан, бу не, қаердан?
Англармисан руҳсоз бу кезнинг
Етганини соғинчли шеърдан?

Қисматингми шундай беиқбол?
Бефаслми? Булутсиз кўкми?
Барқарорми фақат бахтли ҳол?
Унда ҳатто кузак ҳам йўқми?

* * *

Унутиб боряпсан мени, сезяпман,
Чунки юрагимдан кетмаяпти куз.
Чексиз хазонликда чексиз кезяпман,
Ўн саккиз минг олам сориқ – хазон тус.

Эй, сен! Шеърлар ёзган менинг баҳримда!
Эй, сен! Баҳорликни рад этган – кечган!
Эй, сен! Ҳаётини оғир таҳрирда
Дунёга кўрсатган! Заққумлар ичган!

Қайдан боғимизда маъюс фасллар?
Қачон хазон етди? Оловлар ўчди?
Қачон адо бўлди мунгли асрлар –
Дарддан хотирага бетаъсир кўчдим?

Ошиқ юрагимга пинҳон сир ошкор.
Аён ширин сўзнинг аччиқ ташхиси,
Нечун юрагимда кузак бемиқдор?
Унутиб боряпсан мени, азизим…

Хуршид ДАВРОН17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ САТРЛАРИ

 *  *  *

Куз келди. Яйдоқ дала.
Шамоллар ўйнаб ётган
Юпун, хароб чайлада
Ўзимни ташлаб кетдим.

КУЗ УЧЛИКЛАРИ

1
Шоҳизинда узра юксалади ой.
Зиналардан пастга учирар
Хазонларни кузнинг шамоли.

2
Нега бунча зирқирайсан, дил?
Нега бунча хирасан, ҳилол?
Ҳамдард бўлай қай бирингизга?..

3
Тушларимга кирди баҳорда
Баргихазон бошланган кунлар.
Юрагим — безовта қуш…

4
Узоқларга кетди куз —
Худди маъюс дайди қиз.
Энди у қайтармикан?

5
Боғларда баргихазон.
Ҳассага суянганча
Чол нимани кутмоқда?

6
Дардларимни айтай деб
Сени излаб боргандим —
Деразанг қоп-қоронғу.

7
Бугун тунда болалигим келиб кетди,
Қўлларининг тафти қолди
Қордай оппоқ сочларимда…

8
Фейсбук, твиттер, инстаграм кенгликларида
Дардларини кимга айтишни билмай
Югуриб юради Ёлғизлик…

Холдор ВУЛҚОН17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ХАЗОНЛАРГА КЎМИЛДИ ЙЎЛЛАР

Ловуллаб ёнганча кузги гулханда,
Гувиллар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Телба гирватларга термулган чоғлар.

Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинаркан аёлга ўхшаб.

Дарёнинг лабида қамишлар найи,
Хазонга кўмилар йўлаклар, томлар,
Кўча фонусига тираб манглайин,
Йиғласа мўридай қорайган шомлар.

Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?

Хосият РУСТАМОВА17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ

Ёнғоқ ўзин ҳар ёнга отиб,
Уялмасдан очар танини.
Дийдалари тош каби қотиб —
Ердан олар аламларини.

* * *

Яна қуюқлашди қоронғи осмон,
Кўриб бўлмай қолди нариги бетни.
Кўз олдимда бутун дунё зимистон,
Шу баланд уйинг ҳам кўринмай кетди.

Шамол гандираклар.
Тонгга бор қанча,
Хазонлар ўзига келолмас ҳануз.
Дарахтлар ер чизар. Энди ёзгача –
Боғларда адашиб қолиб кетар куз.

Ой чиқди. Дош берармикан асабинг,
Ёп-ёруғ кунлардан бордай ном-нишон.
Қайга боришини унутган каби
Ой сенинг томингда турар паришон.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЙ ФАСЛИ

Куз –
Сенинг хаёлинг, менинг уволим,
Новдада ёнар барг – изтиробларим.
Хазонрез боғларда бўзлаётган ким,
Шу менми, ўйчаним – умриҳиёлим?

Япроқлар азоби бунчалар сарин,
Бунчалар заъфарон борлиқ бўйлари?
Шу сенми, баҳорим – қирмиз настарин,
Сарғайиб кезорим, боғда ўйларим?

Ўйларим, қарибсиз, гулнинг ишқидай,
Биз берган азоблар қипти ишини.
Мен – висол ҳажрида йиғлаб юрган най,
Бир дарвеш излаган эсу ҳушини.

Чалғил, эй муғанний, чалғил беармон,
Майи мунг оҳимни сипқарсин ул ой.
Мен – энди ноламан, мен – энди афғон,
Ишқ тўла қалбларда оҳ бўлиб қолай.

Кезай, оҳангларда бир дарвеш мисол,
Яшай юракларга булбулдай қўниб.
Бир куни қалбингда, эй насри уззол,
Шоядки, балқисам “Шашмақом” бўлиб.

Нодира АФОҚОВА17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ЖИМ КЕЗАРДИ КУЗ…

Юксакдан боқардим, дарахтзор аро
Шажарлар булутга етгудай, тиғиз.
Бунча осудалик кўрмаган дунё.
Хаёл-да кўрмамиш…
Жим кезарди Куз.

Дарахтлар, дарёлар, фасллар, Фурсат…
Бари ўсар эди изчил, босабот.
Бари ўсар эди… Негадир фақат
Дарак бермас эди ўзидан ҳаёт.

Булутлар ичидан боқдим музтариб.
Қалбим қалдироғи кўкни силтади:
Дарахтлар пойида турдинг Сен ғариб,
Улкан сукунатнинг бўлаги каби.

“Синдирай ул шаффоф қасрни, куч бер.
Мадад бер… кўринмас кучга ёлбордим –
Мадад бер, шунчалар ёлғизман, ахир,
Зулумот кўзимда ерлашди, Роббим”…

Совуқ марваридлар жисмимни қучди.
Рўёдай қуюлди қўрғошин ҳаёт.
Олов қамчи бўлиб юлдузлар учди.
Таъбир айтар эди кўксимда бир Зот.
Қолиб кеттинг туннинг қаролиғида.

Тун нафаси қаро этти, оққушим.
Тиз чўкдим, икки субҳ аролиғида
Ёмғирлар товшига тўлди товушим.

2017

Гулноз МЎМИНОВА17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ОКТЯБРНИНГ СИЙРАК ХИЁБОНИДА

Октябрнинг сийрак хиёбонида
Қунишиб ўлтирар кузак париси.
Сездирмай бораман унинг ёнига,
Сўнг дуо қиламан: “Дардинг арисин”.

Заъфарон кўзлари чуқур ва мунглиғ,
Қандоғам ёнидан кетардим нари.
Эртага бу сийрак хиёбон ичра
Ўлтирар қунишиб иккита пари.

УМИДСИЗЛИК

Ҳар япроқда бир ҳис, бир сезги,
Ҳар шамолда қутқу, ҳаяжон.
Ҳар дарахтда муқим бир севги,
Ҳар умрда бир ношуд имкон.

Ҳар дийдада юракшакл тош,
Ҳар бир кўзда андуҳ чашмаси.
Ҳар ҳовучда ушалмас дуо,
Ҳар денгизда узлат кемаси.

Гўзал РЎЗИЕВА17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ

Боғ энтикар, жилмаяр майин,
Йўлларидан ололмас кўзни.
Балки, у ҳам интиқ мендайин,
Балки, у ҳам соғинган кузни…

Йўлкалардан чопар хиёбон –
Кузжамолнинг телба ошиғи.
Эшитмайди нега одамлар,
Сукунатнинг маъюс қўшиғин?

Ўриндиққа жим чўкади куз,
Йиғиштирмас этакларини.
У – паришон Шаҳризода қиз,
Айтар ҳаёт эртакларини.

Ошиқ шамол ингранар, йиғлар,
Кузни қучар хиёбон – ғолиб.
Куз – хаёлчан фаришта, ерга
Келган тангри саломин олиб.

У – фаслмас…
Билмас одамлар.
У – сарсон руҳ, эзгин дардлари.
Кафтларида титрар хазонбарг –
Худойимнинг бизга хатлари…

Куз – хаёлчан фаришта, ерга
Келган тангри саломин олиб…

Шавкат ЖЎРАБЕК17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ ВА БАҲОР ОРАЛИҒИДА

Юрак ишқдан тағин қувонди,
Куйган эди аввал доғида.
Қалбда таниш ҳислар уйғонди
Куз ва баҳор оралиғида.

Шаббодалар беҳадик елди,
Ўзни тоблаб офтоб тиғида.
Оқ орзулар қоплади ерни
Куз ва баҳор оралиғида.

Зулмат ёди уйғонмас, карахт,
Оймомонинг пора дилида…
Куртак отди барг тўккан дарахт
Куз ва баҳор оралиғида.

Армон ўзин ошкор этганди
Хотиралар қорачиғида.
Қалбда қорлар эриб кетганди
Куз ва баҳор оралиғида.

Соғинч эзар маъюс кўнгилни,
Қўшиқ бошлаб қушлар тилида.
Кўрганмисиз гуллаган гулни
Куз ва баҳор оралиғида?..

Шаҳодатбону ИМОМНАЗАРОВА 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Оҳим кўкка етмай тўкилар беҳол,
Самода муаллақ қолди қўлларим.
Хаёлим боғида тентирайди лол,
Кўнглимда барг ёзган орзу-ўйларим.

Ногоҳ пайдо бўлар кўзларимда нам,
Билмас кўнгил шўрин қуритганимни.
Кеча ҳушим олиб кетган гўзал ғам,
Букун олиб кетар умидларимни.

Қуёш ҳорғин боқар тиниқ шомига,
Йўқликлар борликка айтар видолар.
Қизарган уфқлар истиқболига
Бунда пешвоз чиқар сарғиш жилолар.

Оҳ, кузак! Бунчалар бўлмасанг юпун?..
Омонат дунёга силкийсан этак.
Сендай бир бор маҳзун жилмаймоқ учун,
Не-не сурурбознинг қудрати керак!..

Ям-яшил хаёллар буриб кетди юз,
Танга аён эмас жоннинг сирлари.
Кимсасиз йўлларда тентирайди куз,
Шоҳликдан юз бурган дарвеш сингари…

Башорат ОТАЖОНОВА 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ОЛИСЛАРДА ЖИЛМАЯР БАҲОР

Тун. Сукунат. Сепкилли осмон.
Бир тилим ой. Безовта хаёл.
Саксон ёшли момодек мудраб,
Боғкўчада судралар шамол.

Ташвишлардан чарчаган қишлоқ,
Бир зумгина уйқуга чўмар.
Сукунатдан зериккан дала,
Кекса кузни саволга кўмар…

…Олисларда жилмаяр баҳор,
Қуёш кулар бахтга эгизак.
Ҳозир эса… Изғийди бедор,
Кўйлаклари йиртилган кузак…

Бахтинисо Маҳмудова17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КЎЗИМГА ИЛИНИБ ЎТДИ ЁМҒИРЛАР

Майли, бўлганича бўлсин ҳаммаси,
Бетартиб кўнглимни ўрганиб олдим.
Не бўбди, қуёшга тик қаролмасам,
Дунёни ўзгартмай, ўзгариб олдим.

Кўзимга илиниб ўтди ёмғирлар,
Кўнглимга кўриниб ўтди ёмғирлар.
Урилиб, уриниб ўтди ёмғирлар,
Булутлар туртмади-сесканиб олдим.

Айни куз. Пойимга йиқилди хазон-
Дарахтлар заминга этдими эҳсон?
Бари номукаммал ва бари осон,
Йиғимда тингланиб, тўпланиб олдим.

Майли, бўлганича бўлсин ҳаммаси,
Бетартиб кўнглимни ўрганиб олдим…

28.10.2017

Муслимбек МУСАЛЛАМ17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ДАРАХТЛАР САРҒАРДИ, ЭНДИ БАҲОР ЙЎҚ...

Анорлар ёрилиб кетди кечалар ,
Қарғалар базмидан титраб кетди кўк.
Йиқилди тонг отмай беҳол ғунчалар,
Дарахтлар сарғарди, энди Баҳор йўқ.

Очилган гулларга келмасми раҳми,
Нечун қуёш кафтда тутиб турмас чўғ.
Кўксида кўтариб туради Ҳақни —
Япроқлар заминга тўкилгиси йўқ .

Яна алдадилар, яна хиёнат.
Милён бўёқларни қулатар бир ўқ .
Азизим, ишонманг бу шунчаки дард,
Азизим, боғларга куз келгани йўқ…

ЖОНТЕМИР17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
ХОТИРА

Кузги боғ.
Дарахтлар оралаб кезиб юрар синиқ хотира.
У қачонлардир биз яратган шодлик топган
Хотима.

Шаклга эга эмас.
(Ҳар ёнда кўринар дараги.)
Тикилиб қарасанг
Ўхшаб кетар очиқ ярага.

Кезинаркан,
Ўргимчак тўридек нафис
Боғ чолғуси симларин
Чертиб ўтар
Нозик бармоқлари.

Ва етмиш икки томирингга кетар тармоқланиб
Гўзал, аламли, бетакрор, аччиқ
Хотира оҳанглари.
Шу зайл ўтган кунлар уммонига ботирар
Ҳар гал куз келганда
Бизни хотира.

Мурод ИБРОҲИМ17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
МАНЗАРА

Оҳиста куз чиқди боғлардан,
Мунғайтириб боғгуллар баргин.
Совуқ олди гул чечаклардан
Очилмаган лаблар тилагин.

Қиров эмган гул новдасида
Қолган барглар қовжирар қуриб.
Дайди шамол гул барги билан
Орзуларни кетар учириб.

Яланғоч гул новдасин тортиб
Совуқ шамол жим турар бир оз.
Кейин бўлса қиш гулларининг
Расмин чиза бошлайди аёз.

Даврон РАЖАБ17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
КУЗ

Сен қадрига етмаган дамлар
Сарғайгандек ёнингни олиб.
Шундан улар товланар, балки…
Ўтган вақтни ёдингга солиб.

Барглар билан тўкилаётган
Тиллоланган cокин қувончми?
Улар дардга ўхшатилмаган
Эзгуликка бўлган ишончми?

Фаслмас аслида, бу – бир ҳис:
Толеингнинг рангга тўлгани,
Бу ҳаётингда илк танаффус–
Умидсизлик тугаб бўлгани!

Гавҳарой УСМОНХЎЖАЕВА 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
МЕН СЕНИ БИЛАРДИМ

Мен сени билардим,
Бахт эди отинг!
Билардим вужудинг оловдан бунёд,
Сени тилагандим, бир ёруғ кундан,
Сени суйган эдим ўзимдан зиёд!

Қанотлари куйган тутқун қуш каби,
Хурпайган юракнинг шеваси эдинг,
Юлдузлар кўзидан ўғирлаб олиб,
Эккан хасратимнинг меваси эдинг.

Мен сени билардим,
Ишқ эди отинг!
Минг йиллар асрадим қароғларимда,
Бугун остонангда турибман нураб,
Ишқни банди этиб титроғларимда!

Ислом ҚЎЧҚОРОВ 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
МУНОЖОТ

Япроқлардан жон олган кузда эди хаёлим,
Оламни «Ярал»тирган сўзда эди хаёлим.
Ҳали бўз бўла туриб, юзда эди хаёлим,
Кўнглимни жисмимдан тез қаритмагин, Худойим.

Мен билган бу дунёлар оппоқ эди, нур эди,
Кўнглимдан жой олган Ишқ пок эди-ю, ҳур эди.
Дилдаги ҳар бир калом бамисоли дур эди,
Бундан ортиқ дунёни танитмагин, Худойим.

Самимият ахтарган сохталарга дуч экан,
Билсанг, дўстим, бу дунё шундайларга ўч экан.
Кенгликларни истасанг, қанот чиқар, уч экан,
Осмонимни кўнглимдан тор этмагин, Худойим.

Бахт қидириб чиқибман тақдиримнинг сайлига,
Гоҳо енгилганим рост замонанинг зайлига.
Агарки шу азоблар бахт дейилса, майлига,
Дардларимни умрбод аритмагин, Худойим.

Япроқлардан жон олган кузда эди хаёлим…

94391413807308.jpeg   Feysbuk sahifalaridagi davradosh shoirlarning kuzga bag‘ishlangan she’rlarini taqdim etaman. Ularga kirish so‘zi yozish shart emas, deb o‘yladim…

KUZ MUSHOIRASI
09

Usmon AZIM17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg

YURAGIMDAN KЕTMAYAPTI KUZ

* * *

Qanday yozay she’rlarni “oh”siz?
Bu yil og‘ir kuzakning tarzi.
Boshim uzra zil-zambil – choksiz
Qo‘rg‘oshinday bulut gumbazi.

Yomg‘irlar ham dardda zalvorli.
Kuz qapishib – yerga singigan…
Xatlar yozsam, jur’ating bormi
Olmoqlikka kuzning ilkidan?

Bilmaysanmi yo xazonrezni,
O‘ylarmisan, bu ne, qayerdan?
Anglarmisan ruhsoz bu kezning
Yetganini sog‘inchli she’rdan?

Qismatingmi shunday beiqbol?
Befaslmi? Bulutsiz ko‘kmi?
Barqarormi faqat baxtli hol?
Unda hatto kuzak ham yo‘qmi?

* * *

Unutib boryapsan meni, sezyapman,
Chunki yuragimdan ketmayapti kuz.
Cheksiz xazonlikda cheksiz kezyapman,
O‘n sakkiz ming olam soriq – xazon tus.

Ey, sen! She’rlar yozgan mening bahrimda!
Ey, sen! Bahorlikni rad etgan – kechgan!
Ey, sen! Hayotini og‘ir tahrirda
Dunyoga ko‘rsatgan! Zaqqumlar ichgan!

Qaydan bog‘imizda ma’yus fasllar?
Qachon xazon yetdi? Olovlar o‘chdi?
Qachon ado bo‘ldi mungli asrlar –
Darddan xotiraga beta’sir ko‘chdim?

Oshiq yuragimga pinhon sir oshkor.
Ayon shirin so‘zning achchiq tashxisi,
Nechun yuragimda kuzak bemiqdor?
Unutib boryapsan meni, azizim…

Xurshid DAVRON17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ SATRLARI

* * *

Kuz keldi. Yaydoq dala.
Shamollar o‘ynab yotgan
Yupun, xarob chaylada
O‘zimni tashlab ketdim.

KUZ UCHLIKLARI

1
Shohizinda uzra yuksaladi oy.
Zinalardan pastga uchirar
Xazonlarni kuzning shamoli.

2
Nega buncha zirqiraysan, dil?
Nega buncha xirasan, hilol?
Hamdard bo‘lay qay biringizga?..

3
Tushlarimga kirdi bahorda
Bargixazon boshlangan kunlar.
Yuragim — bezovta qush…

4
Uzoqlarga ketdi kuz —
Xuddi ma’yus daydi qiz.
Endi u qaytarmikan?

5
Bog‘larda bargixazon.
Hassaga suyangancha
Chol nimani kutmoqda?

6
Dardlarimni aytay deb
Seni izlab borgandim —
Derazang qop-qorong‘u.

7
Bugun tunda bolaligim kelib ketdi,
Qo‘llarining tafti qoldi
Qorday oppoq sochlarimda…

8

Feysbuk, tvitter, instagram kengliklarida
Dardlarini kimga aytishni bilmay
Yugurib yuradi Yolg‘izlik…

Xoldor VULQON17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
XAZONLARGA KO‘MILDI YO‘LLAR

Lovullab yongancha kuzgi gulxanda,
Guvillar xayoli parishon bog‘lar.
O‘ychan kuz labida qaxrabo xanda,
Telba girvatlarga termulgan chog‘lar.

Bodi izg‘irinda yalong‘och, yupun,
Yalang novdalari qolsa ham qaqshab,
Oppoq choyshab ichra uxlamoq uchun,
Bog‘lar yechinarkan ayolga o‘xshab.

Daryoning labida qamishlar nayi,
Xazonga ko‘milar yo‘laklar, tomlar,
Ko‘cha fonusiga tirab manglayin,
Yig‘lasa mo‘riday qoraygan shomlar.

Olis o‘lkalardan kelganday qaytib,
Darchangdan to‘lin oy mo‘ralagan payt,
Adashgan yo‘lovchi singari daydib,
Goho tushlaringa kiramanmi, ayt?

Xosiyat RUSTAMOVA17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ

Yong‘oq o‘zin har yonga otib,
Uyalmasdan ochar tanini.
Diydalari tosh kabi qotib —
Yerdan olar alamlarini.

* * *

Yana quyuqlashdi qorong‘i osmon,
Ko‘rib bo‘lmay qoldi narigi betni.
Ko‘z oldimda butun dunyo zimiston,
Shu baland uying ham ko‘rinmay ketdi.

Shamol gandiraklar.
Tongga bor qancha,
Xazonlar o‘ziga kelolmas hanuz.
Daraxtlar yer chizar. Endi yozgacha –
Bog‘larda adashib qolib ketar kuz.

Oy chiqdi. Dosh berarmikan asabing,
Yop-yorug‘ kunlardan borday nom-nishon.
Qayga borishini unutgan kabi
Oy sening tomingda turar parishon.

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUY FASLI

Kuz –
Sening xayoling, mening uvolim,
Novdada yonar barg – iztiroblarim.
Xazonrez bog‘larda bo‘zlayotgan kim,
Shu menmi, o‘ychanim – umrihiyolim?

Yaproqlar azobi bunchalar sarin,
Bunchalar za’faron borliq bo‘ylari?
Shu senmi, bahorim – qirmiz nastarin,
Sarg‘ayib kezorim, bog‘da o‘ylarim?

O‘ylarim, qaribsiz, gulning ishqiday,
Biz bergan azoblar qipti ishini.
Men – visol hajrida yig‘lab yurgan nay,
Bir darvesh izlagan esu hushini.

Chalg‘il, ey mug‘anniy, chalg‘il bearmon,
Mayi mung ohimni sipqarsin ul oy.
Men – endi nolaman, men – endi afg‘on,
Ishq to‘la qalblarda oh bo‘lib qolay.

Kezay, ohanglarda bir darvesh misol,
Yashay yuraklarga bulbulday qo‘nib.
Bir kuni qalbingda, ey nasri uzzol,
Shoyadki, balqisam “Shashmaqom” bo‘lib.

Nodira AFOQOVA17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
JIM KЕZARDI KUZ…

Yuksakdan boqardim, daraxtzor aro
Shajarlar bulutga yetguday, tig‘iz.
Buncha osudalik ko‘rmagan dunyo.
Xayol-da ko‘rmamish…
Jim kezardi Kuz.

Daraxtlar, daryolar, fasllar, Fursat…
Bari o‘sar edi izchil, bosabot.
Bari o‘sar edi… Negadir faqat
Darak bermas edi o‘zidan hayot.

Bulutlar ichidan boqdim muztarib.
Qalbim qaldirog‘i ko‘kni siltadi:
Daraxtlar poyida turding Sen g‘arib,
Ulkan sukunatning bo‘lagi kabi.

“Sindiray ul shaffof qasrni, kuch ber.
Madad ber… ko‘rinmas kuchga yolbordim –
Madad ber, shunchalar yolg‘izman, axir,
Zulumot ko‘zimda yerlashdi, Robbim”…

Sovuq marvaridlar jismimni quchdi.
Ro‘yoday quyuldi qo‘rg‘oshin hayot.
Olov qamchi bo‘lib yulduzlar uchdi.
Ta’bir aytar edi ko‘ksimda bir Zot.
Qolib ketting tunning qarolig‘ida.

Tun nafasi qaro etti, oqqushim.
Tiz cho‘kdim, ikki subh arolig‘ida
Yomg‘irlar tovshiga to‘ldi tovushim.

2017

Gulnoz MO‘MINOVA17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
OKTYABRNING SIYRAK XIYOBONIDA

Oktyabrning siyrak xiyobonida
Qunishib o‘ltirar kuzak parisi.
Sezdirmay boraman uning yoniga,
So‘ng duo qilaman: “Darding arisin”.

Za’faron ko‘zlari chuqur va munglig‘,
Qandog‘am yonidan ketardim nari.
Ertaga bu siyrak xiyobon ichra
O‘ltirar qunishib ikkita pari.

UMIDSIZLIK

Har yaproqda bir his, bir sezgi,
Har shamolda qutqu, hayajon.
Har daraxtda muqim bir sevgi,
Har umrda bir noshud imkon.

Har diydada yurakshakl tosh,
Har bir ko‘zda anduh chashmasi.
Har hovuchda ushalmas duo,
Har dengizda uzlat kemasi.

Go‘zal RO‘ZIYEVA17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ

Bog‘ entikar, jilmayar mayin,
Yo‘llaridan ololmas ko‘zni.
Balki, u ham intiq mendayin,
Balki, u ham sog‘ingan kuzni…

Yo‘lkalardan chopar xiyobon –
Kuzjamolning telba oshig‘i.
Eshitmaydi nega odamlar,
Sukunatning ma’yus qo‘shig‘in?

O‘rindiqqa jim cho‘kadi kuz,
Yig‘ishtirmas etaklarini.
U – parishon Shahrizoda qiz,
Aytar hayot ertaklarini.

Oshiq shamol ingranar, yig‘lar,
Kuzni quchar xiyobon – g‘olib.
Kuz – xayolchan farishta, yerga
Kelgan tangri salomin olib.

U – faslmas…
Bilmas odamlar.
U – sarson ruh, ezgin dardlari.
Kaftlarida titrar xazonbarg –
Xudoyimning bizga xatlari…

Kuz – xayolchan farishta, yerga
Kelgan tangri salomin olib…

Shavkat JO‘RABЕK17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ VA BAHOR ORALIG‘IDA

Yurak ishqdan tag‘in quvondi,
Kuygan edi avval dog‘ida.
Qalbda tanish hislar uyg‘ondi
Kuz va bahor oralig‘ida.

Shabbodalar behadik yeldi,
O‘zni toblab oftob tig‘ida.
Oq orzular qopladi yerni
Kuz va bahor oralig‘ida.

Zulmat yodi uyg‘onmas, karaxt,
Oymomoning pora dilida…
Kurtak otdi barg to‘kkan daraxt
Kuz va bahor oralig‘ida.

Armon o‘zin oshkor etgandi
Xotiralar qorachig‘ida.
Qalbda qorlar erib ketgandi
Kuz va bahor oralig‘ida.

Sog‘inch ezar ma’yus ko‘ngilni,
Qo‘shiq boshlab qushlar tilida.
Ko‘rganmisiz gullagan gulni
Kuz va bahor oralig‘ida?..

Shahodatbonu IMOMNAZAROVA 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ XAYOLLARI

Ohim ko‘kka yetmay to‘kilar behol,
Samoda muallaq qoldi qo‘llarim.
Xayolim bog‘ida tentiraydi lol,
Ko‘nglimda barg yozgan orzu-o‘ylarim.

Nogoh paydo bo‘lar ko‘zlarimda nam,
Bilmas ko‘ngil sho‘rin quritganimni.
Kecha hushim olib ketgan go‘zal g‘am,
Bukun olib ketar umidlarimni.

Quyosh horg‘in boqar tiniq shomiga,
Yo‘qliklar borlikka aytar vidolar.
Qizargan ufqlar istiqboliga
Bunda peshvoz chiqar sarg‘ish jilolar.

Oh, kuzak! Bunchalar bo‘lmasang yupun?..
Omonat dunyoga silkiysan etak.
Senday bir bor mahzun jilmaymoq uchun,
Ne-ne sururbozning qudrati kerak!..

Yam-yashil xayollar burib ketdi yuz,
Tanga ayon emas jonning sirlari.
Kimsasiz yo‘llarda tentiraydi kuz,
Shohlikdan yuz burgan darvesh singari…

Bashorat OTAJONOVA 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
OLISLARDA JILMAYAR BAHOR

Tun. Sukunat. Sepkilli osmon.
Bir tilim oy. Bezovta xayol.
Sakson yoshli momodek mudrab,
Bog‘ko‘chada sudralar shamol.

Tashvishlardan charchagan qishloq,
Bir zumgina uyquga cho‘mar.
Sukunatdan zerikkan dala,
Keksa kuzni savolga ko‘mar…

…Olislarda jilmayar bahor,
Quyosh kular baxtga egizak.
Hozir esa… Izg‘iydi bedor,
Ko‘ylaklari yirtilgan kuzak…

Baxtiniso Mahmudova17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KO‘ZIMGA ILINIB O‘TDI YOMG‘IRLAR

Mayli, bo‘lganicha bo‘lsin hammasi,
Betartib ko‘nglimni o‘rganib oldim.
Ne bo‘bdi, quyoshga tik qarolmasam,
Dunyoni o‘zgartmay, o‘zgarib oldim.

Ko‘zimga ilinib o‘tdi yomg‘irlar,
Ko‘nglimga ko‘rinib o‘tdi yomg‘irlar.
Urilib, urinib o‘tdi yomg‘irlar,
Bulutlar turtmadi-seskanib oldim.

Ayni kuz. Poyimga yiqildi xazon-
Daraxtlar zaminga etdimi ehson?
Bari nomukammal va bari oson,
Yig‘imda tinglanib, to‘planib oldim.

Mayli, bo‘lganicha bo‘lsin hammasi,
Betartib ko‘nglimni o‘rganib oldim…

28.10.2017

Muslimbek MUSALLAM17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
DARAXTLAR SARG‘ARDI, ENDI BAHOR YO‘Q...

Anorlar yorilib ketdi kechalar ,
Qarg‘alar bazmidan titrab ketdi ko‘k.
Yiqildi tong otmay behol g‘unchalar,
Daraxtlar sarg‘ardi, endi Bahor yo‘q.

Ochilgan gullarga kelmasmi rahmi,
Nechun quyosh kaftda tutib turmas cho‘g‘.
Ko‘ksida ko‘tarib turadi Haqni —
Yaproqlar zaminga to‘kilgisi yo‘q .

Yana aldadilar, yana xiyonat.
Milyon bo‘yoqlarni qulatar bir o‘q .
Azizim, ishonmang bu shunchaki dard,
Azizim, bog‘larga kuz kelgani yo‘q…

JONTЕMIR17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
XOTIRA

Kuzgi bog‘.
Daraxtlar oralab kezib yurar siniq xotira.
U qachonlardir biz yaratgan shodlik topgan
Xotima.

Shaklga ega emas.
(Har yonda ko‘rinar daragi.)
Tikilib qarasang
O‘xshab ketar ochiq yaraga.

Kezinarkan,
O‘rgimchak to‘ridek nafis
Bog‘ cholg‘usi simlarin
Chertib o‘tar
Nozik barmoqlari.

Va yetmish ikki tomiringa ketar tarmoqlanib
Go‘zal, alamli, betakror, achchiq
Xotira ohanglari.
Shu zayl o‘tgan kunlar ummoniga botirar
Har gal kuz kelganda
Bizni xotira.

Murod IBROHIM17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
MANZARA

Ohista kuz chiqdi bog‘lardan,
Mung‘aytirib bog‘gullar bargin.
Sovuq oldi gul chechaklardan
Ochilmagan lablar tilagin.

Qirov emgan gul novdasida
Qolgan barglar qovjirar qurib.
Daydi shamol gul bargi bilan
Orzularni ketar uchirib.

Yalang‘och gul novdasin tortib
Sovuq shamol jim turar bir oz.
Keyin bo‘lsa qish gullarining
Rasmin chiza boshlaydi ayoz.

Davron RAJAB17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
KUZ

Sen qadriga yetmagan damlar
Sarg‘aygandek yoningni olib.
Shundan ular tovlanar, balki…
O‘tgan vaqtni yodingga solib.

Barglar bilan to‘kilayotgan
Tillolangan cokin quvonchmi?
Ular dardga o‘xshatilmagan
Ezgulikka bo‘lgan ishonchmi?

Faslmas aslida, bu – bir his:
Toleingning rangga to‘lgani,
Bu hayotingda ilk tanaffus–
Umidsizlik tugab bo‘lgani!

Gavharoy USMONXO‘JAYEVA 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
MЕN SЕNI BILARDIM

Men seni bilardim,
Baxt edi oting!
Bilardim vujuding olovdan bunyod,
Seni tilagandim, bir yorug‘ kundan,
Seni suygan edim o‘zimdan ziyod!

Qanotlari kuygan tutqun qush kabi,
Xurpaygan yurakning shevasi eding,
Yulduzlar ko‘zidan o‘g‘irlab olib,
Ekkan xasratimning mevasi eding.

Men seni bilardim,
Ishq edi oting!
Ming yillar asradim qarog‘larimda,
Bugun ostonangda turibman nurab,
Ishqni bandi etib titrog‘larimda!

Islom QO‘CHQOROV 17dd1090f18b28156d4244f40e9n.jpg
MUNOJOT

Yaproqlardan jon olgan kuzda edi xayolim,
Olamni «Yaral»tirgan so‘zda edi xayolim.
Hali bo‘z bo‘la turib, yuzda edi xayolim,
Ko‘nglimni jismimdan tez qaritmagin, Xudoyim.

Men bilgan bu dunyolar oppoq edi, nur edi,
Ko‘nglimdan joy olgan Ishq pok edi-yu, hur edi.
Dildagi har bir kalom bamisoli dur edi,
Bundan ortiq dunyoni tanitmagin, Xudoyim.

Samimiyat axtargan soxtalarga duch ekan,
Bilsang, do‘stim, bu dunyo shundaylarga o‘ch ekan.
Kengliklarni istasang, qanot chiqar, uch ekan,
Osmonimni ko‘nglimdan tor etmagin, Xudoyim.

Baxt qidirib chiqibman taqdirimning sayliga,
Goho yengilganim rost zamonaning zayliga.
Agarki shu azoblar baxt deyilsa, mayliga,
Dardlarimni umrbod aritmagin, Xudoyim.

Yaproqlardan jon olgan kuzda edi xayolim…

08

(Tashriflar: umumiy 996, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мана «куз» ҳақида гўзал сатрлар:

    Куз
    Айрилиқ шамолларида
    Қалтираган ишқнинг нафаси.
    Бир нигоҳга муштоқ дилдорнинг,
    Юрагидан кўчмаган саси.

    Куз
    Лаблардан учмаган оҳ ва,
    Тўкилмаган кўзёшлар изи.
    Ичилмасдан совуган қаҳва,
    Олинмаган бўсалар иси.

    Куз
    Армоннинг никоҳ уйида,
    Чалинмаган куйлар нағмаси.
    Қариқизнинг сингил тўйида
    Кўзларида қотган ҳаваси…

    Куз
    Ажрини олиб сабрнинг,
    Битиб бари ташвиш, юмуши.
    Чол ёнига кетган кампирнинг
    Бир чеккада қолган ковуши…

    Куз…

    Лобар АЗИЗХЎЖАЕВА

Izoh qoldiring