Abdunabi Boyqo’ziyev. Ikki hikoya & So’zim mening, o’zim mening (331 ta so‘z va ibora yoxud nurayotgan qadriyatlar haqida)

Ashampoo_Snap_2017.11.10_11h57m31s_002_.png15 ноябр — Шоир ва таржимон Абдунаби Бойқўзиев таваллуд топган кун

Тил – миллатнинг қалби, деган эди Жан Жак Руссо. Демак, тилнинг қашшоқлашиши миллат маънавияти ночорлашаётганидан даракдир. Йўқликка юз тутган тиллар, халқлар, элатлар камми тарихда! (Абдунаби Бойқўзиевнинг «Сўзим менинг, ўзим менинг!» тўпламига ёзган сўзбошисидан. Тўплам билан саҳифа сўнгида танишинг)

Абдунаби Бойқўзиев
ИККИ ҲИКОЯ
003

Ashampoo_Snap_2017.11.10_12h15m38s_003_.pngАбдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.

003

ТЎҚОЛ КАМПИР

– Боламни беринг, ўзимга! Боламни ўзимга беринг? Жо-он ука!..

Тўқол кампир кўчага отланаётган укаси Нуртой муаллимнинг елкаларини ҳалитдан титрай бошлаган қўллари билан сийпалаб, ортидан дарвозахонагача элчиб борди. Кампир носқовоғини йўқотиб қўйса, шу аҳволга тушар – асаблари қақшаб, қўллари қалтирай бошларди.

Опасининг бу ҳаракатлари уканинг жинини қўзитарди:

– Қўйинг энди! Ташланг, шу зормандани! – дея жеркинарди у, – Одамлар орасида бош кўтариб юролмай қолдим, опа! Бировлар носкаш Тўқолнинг укаси, деб қўлини бигиз қилишяпти!..

– Бировларингиз Тўқолнинг куйига тушмасин, ука, тушмасин! Қўйинг, жонимни ўртаманг. Боламни бериб кетинг?!

Нуртой дарвозанинг ўрта қопқасини опасининг юзига зарда билан ёпиб, кўчага чиқиб кетди. Шундай қилса, зора, сабил қолгур носқовоғини ёдидан чиқарса.

Тўқол кампирнинг нос чекишини қишлоқнинг ёши улуғлари ҳар қалай, тушунишади. У тортган азоблар кимсанинг бошига тушмасин. Бошқа аёл бўлса, чидай олмасди. Шўрликнинг боши, янаям, тошдан экан, деб қўйишади. Шу холос.

Муаллимнинг андишаси ёшлардан, ўз ўқувчиларидан. Уларнинг дийдаси қаттиқ. Салгина қусурингни пайқаб қолишса, юзингда кўзинг борми, демайди, бетинга солишади. Математика фанидан икки олиб юрадиган шумтакалар узоқдан Нуртойнинг қораси кўринди дегунча, “Попирис чеккан кишини худо ўнглар ишини, нос чеккан кишини уриб синдир тишини”, деб қочадиган одат чиқаришган.

* * *

Тунов куни Эмон пишангнинг ўғли Думан бир оғиз луқмаси билан Нуртойни каловлатиб қўйди. Аслида, Нуртойнинг ўзидан ҳам ўтди. Ғани бензинчининг тўйида, истоллар тагида думалаб ётган бўш шишаларнинг юқини ялаб, маст-алас меҳмонлар ярим чекиб ташлаган папирос “бучок”ларини териб юрган болаларни тергаш синф раҳбари сифатида бурчим, деб ўйлагани болаларнинг ғашини келтирди. Аслида, воқеани бутун синф олдида дастурхон қилмай, уч-тўрт айбдорни четроққа тортиб, танбеҳ бериб қўяқолса ҳам бўларди. Шундай қилганида, эҳтимол, Думаннинг:

– Домла, ҳозир аёллар ҳам нос чекишяпти-ю. – деган писандасидан бир синф ўқувчилар олдида мулзам бўлиб ўтирмасди.

* * *

 Тўқол кампирнинг асли исми Шаҳринисо эди. Умри Еттиқашқанинг иланг-биланг, шалаббо кўчаларида ўтган отаси қизим катта шаҳарларга келин бўлиб тушсин. Невара-чевараларим билан обод кентларда яшасин, деган ниятда, унга Шаҳринисо деб исм қўйган эди. Бироқ, бандаси тадбир қилади, Яратган тақдир, деганлари ҳақ экан. Онасиз ўсган қизнинг овулидан айланиб ўтадилар, деган нақл Шаҳринисонинг тақдирида ўзини кўрсатди. Етим қизнинг бахти ҳадеганда, очилмади. Ўтириб қолган, деган ном олди. Ёши ўттиздан ошганда, қоқ белидан чегара тушган Қурама қишлоғининг нариги томонидаги узоқ қариндоши Ашим қирғиздан учинчи хотинликка сўраб совчи келди.

* * *

Қирғизлар азалдан қўйи, қўраси билан маълум. Айтишларича, Шўронинг ўзимга тўқман деганни қама, йўқот, от сиёсати қирига чиққан йилларда ҳам, йўқман деган қирғизнинг қирқта қўйи бўлган. Ашимбойнинг эса ўндан ортиқ туяси, йигирма чоғли қорамоли, қирилса тугамайдиган беҳисоб қўй-қўзиси, эчки-улоғи бўлган, дейишади. Шунча мол-ҳоли бўлган одамнинг, албатта, уч хотини, улардан тўраган йигирмага яқин фарзанди ҳам бор эди. Катта хотини оламдан ўтгач, Ашимбой ўзбеклашиб кетган узоқ қариндаши, “ўтириб қолган” деган ном олган Шаҳринисога оғиз солди. Одатда, кичик хотин суюкли бўлади. Бироқ, таомилга кўра, икки кундошу уларнинг фарзандлари олдида у ўз номи билан, тўқол хотин хисобланарди. Шундай бўлишини билса-да, Шаҳринисонинг отаси уйда қиз сақлагунча туз сақла, деган ақидага амал қилди: совчиларни музтар қилиб ўтирмади. Кўп ўтмай, Шаҳринисо чегаранинг нариги томонига ўзатилиб кетди.

* * *

Болалик. Қизликнинг қизил олма, бели толма дамлари. Илк муҳаббатнинг рангин-рашкин хотиралари билан музайян ойдин кечалар. Айниқса, чегаранинг бу ёғида қолган, ўзидан уч синф юқори ўқиган Қодиралини излаганда кўзларини толдирган қадрдон пахта далалари, боғу роғлар… Мана, неча йилки, Шаҳринисо ана шу ичкин хотиралар оғушида юраклари тўкилиб яшайди. Тенг-тўшлари бир-бир ўзатилиб, икки-учтадан болалик бўлди… У эса ўзидан саккиз-тўққиз ёш кичкина қизчаларга онабоши, рўзғор тоши бошига тушган қизлик сирдошлари олдида кўнгли ғашлига айланган кунларини ҳам эзилиб қумсайди…

Қирғиз халқи азалдан чорва билан маъмур, деб айтдик. Бироқ, Ўш, Ўзган, Жалолобод томонларда чорва қаторида пахта сиёсати ҳам қаттиқ эди: хўроз Ўзбекистон билан айтарли бир хилда қичқирарди. Бу ҳол қўрли-қутли Ашимбойни ҳукумат амалдорлари билан муросаю-мадора қилишга мажбур этарди. Эрининг ихтиёрига кўра, иккала катта кундоши чорва юмушлари билан андармон. Шаҳринисо пахтанинг ичида катта бўлгани боис, ерга чигит тушиб, то ғўзапоя йиғиштириб олингунга қадар шудгорга маҳкум эди.

Ҳар қалай у умри ўтиброқ узатилган қиз эмасми, эрга текканидан кейин ҳам бахтсизлик алами, кундошлик аламу ситамларини меҳнатдан олди. Қорни қор, ёмғирни ёмғир, демади. Ягана, чопиқ, ўтоқ, чиканка, йиғим-теримда ўзини ҳадеб сояга олмади. Ғўза илмидаги ҳар ишга чечанлиги, жонсараклиги хўжалик амалдорларини бир суюнтирса, эри Ашимбойни чандон қувонтирарди.

Куч-қуввати бор экан. Кўсак қуртини қириш, ғўза баргини тўкиш учун дори сепилса, бошқаларга ўхшаб бошим айланди, кўнглим айниди, деб ўтирмади. Жин ҳам урмайди, деб пайкалга шатир кириб кетаверди. Ажаб, Шўро Шарқининг бегона эркакни кўрса қочадиган аёли самалётдан бошига дори сепса, қочишни билмабди. Ўн беш, йигирма метр нарида трактор заҳар пуркаб турса, ашулани ванг қўйиб, “меҳнат аҳли бўлди обод”, деб ишлайверди. Пуштинг куяди, деб на эри айтди, на ўкимат…

Йўқ, Шаҳринисони жин уриб бўлган экан. Ашимбойдан бўлган уч ҳомиласи ўзи папалаб ўстирган дуркун ғўзалар орасида тушди. Иккитаси, туғилибоқ нобуд бўлди. Дунё юзини кўриб-кўрмай ерга қўйилган беш мурғаги доғида Шаҳринисонинг ўзи ҳам қавжираб қолди. Айниқса, охирги гўдаги туғилиб, ўн кун ўтмай нобуд бўлганида, Шаҳринисо тамом одам сиёқидан чиқди. Шу куни савдойиликнинг илк аломатлари бўй кўрсатди. Жигарпорасини оқ матога ўраб қабристонга элтаётганларида, дол бўлиб қолган белини эски тўшакнинг астари билан боғлаб, олдинга мункиб-мункиб, эркаклар ортидан эргашди.

– Боламни опкетмейлар!.. Ўзимга берийлар, ўзимга! Тоғоранинг тагида сақлайман уни! Ҳи-ич кимга кўрсатмай!..

Бўзлаб бораётган бу савдойи бахти қарони йўлидан қайтаришга ҳеч ким  ботинмади. Ботинмасди ҳам. Бу сафар у гўдагини ерга бериш жараёнини гўристоннинг нураб ётган гувала деворлари ортидан кузатиб турди…

* * *

– Бойимга борай! Боламни олиб қўйди, деб айтай! Ҳа-а, бойимга айтай, ҳали!..

Ўзига ўзи жавраниб, Арабқишлоқдан ўтиб, Қурамага яқинлашган Тўқол кампирни, яхшиямки, Омонбой хосилот кўриб қолди. У гап нимадалигини дарров фахмлади.

– Йўл бўлсин, Шаҳринса опа, астойдилсиз? – сўради хосилот. – Болангизни яна бекитиб қўйишдими?

– Бекитиб қўйди, анави бетинг қурғур, бекитиб қўйди!..

– Пишириб ермиди ўша сассиқ матаҳингизни! Бойбувага суниб борадиган гапмасда бу, қайтинг орқага. Нуртой билан ўзим гаплашаман.

Тўқол кампир хосилотнинг отида уйига қайтиб келганида вақт шомга оққан. Нуртой қаёққа юрарини билмай, қилган ишидан пушаймон, каловланиб, кўчанинг бошида у ёқдан бу ёққа юриб турарди. У опасини эгарга миндириб, отнинг сувлиғидан тутиб келаётган Хосилотга пешвоз чиқаркан, тилга кирди:

– Яхшиям кўриб қопсиз, Омонбойка! Бир маломатдан қутилди-а!..

Омон хосилот, бас қил, дегандай, муаллимга қаттиқ тикилди:
– Бер опангга, анов нарсасини, – деди, қатъий ниқтов бир оҳангда.

Нуртой киссасига ҳар қўл суққанда бармоқларини чўғдай куйдираётган, носқовоқни чўнтагидан чиқариб опасига узатди. Тўқол омонатини укасининг қўлидан авайлабгина оларкан, бағрига босди ва унсиз шивирлади:

– Бу менинг болам! Бу менинг болам!..

Нуртойнинг кўнгли бўшаб кетди. Мижжаларини ачиштириб келган кўз ёшларини бармоқлари билан сидириб артаркан, ҳаёт тегирмонининг бешафқат тошлари орасида уқаланиб, бутунлай адойи-тамом бўлган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан эзилиб, шу кўйларга тушиб қолган шўрлик опасини суяб отдан туширди ва қўлтиғидан олиб, уйга етаклади.

* * *

Олтинчи боласини ҳам гўдакмозорга қўйиб келганидан кейин, Ашим бойнинг кўзига Шаҳринисо анави иккита катта хотинидан ҳам қаримсиқроқ, ўз номи билан айтганда, тўқол-таъвия кўрина бошлади. Кечқурунлари барча бир дастурхон атрофига йиғилганда, болаларга қўшилиб, бойнинг ўзи ҳам савдойи хотинининг тузли-тузсиз гапларидан кулиб, масхаралайдиган одат  чиқарди. Бир куни бой, бутун оиласи кўз ўнгида бир бемаза қилиқ қилди. Қўлида ўйнаб ўтирган, шокила тиқинли, турфа рангдаги сохта садаф қадалган, носқовоғини Шаҳринисонинг олдига ирғитди.

– Ма, чекиб ол. Зора, таъбинг ёришиб, ақлинг пешланса…
– Вой, шу носқовоғийиз жудаям чиройлида? Менгами-а?..

Савдойи хотин эрининг бу ҳазил-мазагини мулоҳаза қилмасди.

Носқовоқни олиб тиқинини очди ва ичидаги носдан кафтига бир отим тўкиб, тилининг тагига ташлади.

– М-м-м, ўзи чийойли-ю, ичи бунча атсиқ? Атсиқ… Бошимни айлантийди. Атсиқ бўсаям, яхсийкан. Бу дунёда шийин наса қомади. Қомади… шийин наса…

Шаҳринисо дунё ғамларидан фориғ бўлган одамдай, кўзларини юмиб, бошини оҳиста тебратиб анча ўтирди. Ва туйқус хушига келгандай бир сесканаркан, эрига ажаб бир ҳол тикилиб, деди:

– Носқовоғийз одамга ойом бейайкан. Энди уни, шижга беймийман. Энди уни, бола қиволаман. Бағйимга боши-иб яшайман.

– Майли, шу қовоқ сенга, ол, мендан эсдалик. Сенга бола бўлиб қолақолсин. Бозор келса, бошқасини сотволарман…

Шаҳринисо катта ўрик соясида бойнинг ўзи атай ясаттирган лойсупанинг қирғоғига аста энгашиб, оғзидаги носни туфларкан деди:

– Худо хайрингизни берсин, бойим. Шундай қилинг. Бошқасини сотиб олинг, бойим!

Шу кундан Ашимбойнинг сохта садаф носқовоғи Шаҳринисонинг дил маҳрамига айланди.

* * *

Ўтган оқшомги бу гаплар эр-хотин ўртасида рози-ризолик пайғоми бўлган экан. Эртасига Ашимбойдан Нуртой муаллимга одам келди. Ўша куниёқ, муаллим, бундан ўн икки йил илгари Қурамага келин қилиб узатган опасини Еттиқашқага Тўқол кампир қилиб қайтариб олиб  келди.

Бу орада, ўтириб қолган қари қиздан қотиб ётган туз яхши, деб биладиган ота ҳам дунёдан ўтган эди…

2013

ТЎЛҒОҚ

Бакирали айвон саҳнидан ўтиб-ўтмаёқ ҳовли этагида куймаланиб юрган отасини тахликали овозда чақириб ортига қайрилди-ю, онаси ҳалигина ювиб дорга илган кийимларга кўзи тушди. Шу топда у ана шу кийимларни – ўзининг тўп тепганда киядиган, ҳар ўйиндан кейин яғири чиқиб келадиган 7 рақамли футболкасини, укаларининг доим сийдик ҳиди анқиб турадиган иштонлари-ю, ҳатто, отасининг яктакларини ҳам ёмон кўриб кетди.

* * *

Бакирали оламайдонликларга қарши футбол ўйинига чақириб келган тенгқурларига бу гал ҳам рад жавобини айтиб, дарвозадан қайтди. Йўқ, у тўп ўйинга бора олмаслиги сабабини тушунтира олмасди. Ўртоқларига онам оғироёқ, демайдику? Қандай айтади, бу гапни?

Орият ва яна алланималардир талашиб уюштириладиган бундай мусобақаларга унинг чопиб кетаавермаслигини дўстлари, Бакир инига писиб олди, деб тушинишар, алам устида жўр бўлишиб “Ба-кир, уй қизи! Ба-кир, уй қизи!” дея кўчани бошларига кўтариб жўнаб кетишарди. Бакир бу аламли ҳолатга чидашга мажбур эди. Чидамай иложи қанча.

Онасининг яна ой-куни яқинлашиб қолган эди. Бироқ колхоз ишларига чиқишни канда қилгани йўқ. Мана, бугун ҳам саҳармардонда туриб, кун кўтарилгунча, бир таноб ернинг ғўзасини чопиқ қилиб қайтди. Тўғри, онасини бунга биров мажбур қиламайди. Аммо на отаси, на табелчи ёки бригадир қаршилик ҳам кўрсатишмайди. Онаси бўлса, ҳарна, эримга ёрдам. Рўзғорга уч-тўрт сўм киради-ку, деб ўйлайди.

Ана, Тожинисо бир қўли билан белини ушлаб, иккинчи қўли билан тоғорани айлантириб, инқиллаб хамир қоряпти. Бакирали волидасининг ҳозирги аҳволини кўриб ачиниб кетди. Шўрликнинг хамир муштлашга мадори йўқлиги шундоққина кўриниб турарди. Тунов куни қишлоқ ҳамшираси:

– Камқонсиз, Тожинсопа! Яхши-яхши овқат енг. Уч-тўрт кун даволаниб, дармонга кирсангиз яхши бўларди. “Феррумлек” деган укол бор. Шундан олишингиз керак”, деб кетган эди. Дори зормандаям заҳардан қиммат – қутиси салкам ўттиз сўм тураркан. Устига устак, топилиши ҳам қийин экан. Ўттиз сўм. Бу пул учун эр-хотин колхозда ярим ой ер тимдалайди.

Ҳамширанинг гапига отаси айтарли эътибор бермади. Онасининг ўзи бўлса, унчалик ҳафсала ҳам қилмади. Ҳафсала қилганидаям, бунча пулни чиқим қилиш жўжабирдай оила учун жуда оғир юк бўлишини ўйламайди, дейсизми.

Онаси хамирни қориб бўлгач, кун кўпирмай туриб улгурай, дедими, ҳайхотдай ховлини жориб супурги билан чалиб чиқди. Сўнг, икки-уч кундан буён йиғилиб, дуйсанба бўлиб ётган кирларни сасиб ётмасин, деб ювишга тутинди. Ҳамир кўпгунча, тандирни ҳам оқартириш керак.

Бакирали ўртоқларининг уззукун копток тепишдан бошқа ташвишлари йўқлигини ақлига сиғдиролмасди. Наҳотки, уйда қиладиган ишлари бўлмаса. Оналари оғироёқ бўлганидаку, уларнинг ҳам кўнглига қил сиғмасди-я!

Кўтармада ғўза суғараётган отаси ҳам уйдан ҳавотир олдими, ховлидаги икки полгина шолипоянинг у ер, бу ерида пайдо бўлган курмакларни юлиб ташлаш баҳонасида, этак томонга ўтиб кетганини кўрди.

Бакиралидан кейинги укаси олти ярим ёшда. Қолганлари майда: оралари бир ярим-икки ёш. Биттаси эмаклайди, синглиси эндигина йўлига юрган.

Амакиси Ҳасан сассиқ таъбири билан айтса, улар ҳали гап уқмас, саранчалар. Қишлоқдагилар олтинчи “саранча”сини кутаётган Байрамали билан  Тожинисо ҳақида гап кетса, негадир, “бўқлик ўчоқ” деб қўйишади. Демак отаси билан онасига осон эмас. Бакирали ҳам буни юрак-юрагидан ҳис  этади. Қанийди, уй қизи, деб оламга жар солиб кетган анови ўртоқлари – Аҳмадали билан Тожиддинлар ҳам буни англашса. Йўқ, улар Бакиралини ўлақолса тушинишмайди. Чунки уларнинг оналари ҳар йили оғироёқ бўлишмайди. Оталари ҳам колхоз берадиган нос пулига кўз тикиб турган ери йўқ. Бировининг отаси жамоа хўжалиги биркитиб қўйган кўтак аравасини ғилдиратиб, бошқаси “ударник ”лиги учун райкомдан мукофотга берилган мотоциклини тириллатиб, ишларини осонгина битиришади. Дўппи тор келган паллаларда от араваси, кажавали мотоцикли кор келади. Оналарини дард тутса, транспорт излаб бировга сарғайишмайди. Яна бир гап, оталари ҳам ҳар йили Ойниса доянинг уйига бош уриб бормайди. Тўғри, улар ҳам икки-уч йилда бир укали бўлишади. Фақат, чақалоқни марказдаги туғруқхонадан олиб келишади. Шунинг учунми, ўртоқлари ўз уйларидаги бу кўпайиш ташвишини билиб, билмай ҳам қолишади.

Бакиралининг онаси ҳам райондаги “роддом”да кўзи ёриса ажойиб иш бўларди-ю! Лекин бунинг сира иложи йўқ-да. Хўп, онасини тўлғоқ тутса, бир амаллаб туғруқхонага элтишди ҳам, дейлик. Турган гапки, янги туғилган меҳмонга бир хафтасиз жавоб беришмайди. Онаси роддомга кетса, Бакирали укалари билан кимнинг уйида сарсон бўлади? Кечқурунги овқатни ким  жизиллатиб, ким оғизларига тутади? Кўзи ёриган онасига аталани ким пишириб, ким элтади? Отасими? Бригадирдан ярим кун тугул, икки-уч соатга жавоб ололмайдику! Ахир “Пахта бу – сиёсат!”, деб қўйибди. Пайкалнинг бир қарич ери кўллаб қолсин, раис бува нима қиларкин. Сувчиниям, бригадирниям калласини сапчадай узиб ташламайдими?! Шундай пайтлари у онасининг бот-бот “Ўргилай, Эгам, ўзингдан ўзгага музтарин қилма?!” деган таваллолари мағзини чаққандай бўлади.

Онаси уйда жижиласа, Ойниса холанинг, эртагача қимирламай ётинг,  деган пўписаларига хўп, деб қўйиб, кампир кетгач, белини пухавой рўмоли билан сириб боғлаб, инқиллаб-синқиллаб бўлсада, қозонни осиб, остига ўт ёқиб юбораверади. Шўрлик болаларини бусиз ҳам гўшт тушмайдиган, оби ёвғондан ҳам маҳрум қилмай дейди-да!

* * *

Бакиралининг Оламайдонга лайлиб кетмагани яхши бўлган экан. Онаси кирларининг энг сўнггиси – отасининг яктаги билан нимчасини обдон совунлагач, тоза сувда чайиб, икки бор силтаб қоқди ва айвон саҳнидаги ток сўрисига тортилган симга илди. Илди-ю, белини ушлаб устунлардан бирига суяниб қолди. “Бошланди!”, деб ўйлади ичида Бакирали.

Бакирали волидаси ҳар гал туғут азобида қийналганида, гарчи ташқарида – эшик орқасида турса-да, ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушар, айниқса, тўлғоқ забтига олиб, шўрлик онасининг жони икки дунё оралиғида пириллаб қолган пайтларда “Оқ йўл бер?! Оқ йўлларингдан бер?!” деб қўшнилар ҳам бемалол эшитадиган овозда, баралла , Яратганга илтижо қилган пайтлари кўп бўлган.

Ана, онаси бемажол қўлларини устунга тираб, қаддини ростлашга  ҳаракат қиляпти. Волидасининг хомиладорлик доғи тушган, рангпар юзлари, тиришиб, тарам-тарам бўлиб қолган нурсиз тирноқларига кўзи тушиб ич-ичидан эзилди. Бу ўша, ҳамшира қиз айтган камқонликнинг белгилари эди. Бакирали бола қалби билан бўлса ҳам буни сезарди. Онаси ҳам қизиқ. Бошқаларнинг оналарига ўхшаб, ҳар балоларни еб кетавермайди. Ҳамма болаларнинг оналари жон деб танаввул қиладиган нарсаларни кўнгли жа тусайвурмасмуш.

Тожинисо оғриқнинг кучидан қорнидаги мурғак бу ёруғ оламни кўрадиган вақт етганига амин бўлди шекилли, Бакиржонига ёрилди:

– Ғириллаб, Ойниса энангни айтиб ке?!.

Бакиржон, оёғини қўлига олиб доя кампирга зинғиллади. Дояни  огоҳлантириб, изига қайтди. Вақтни ўтказмай, ўчоққа катта қозонни осиб сув тўлдирди-да, олов ёқиб юборди. Бундай паллада қайнатилган сув зарур бўлади, ахир! Сўнг, бир дарвоза нари қўшнилари Тиллавой буванинг хотини Унсин холага хабар бериш учун чопди. Унсин хола Ойниса энанинг  ёрдамчиси. Ўтган гал ҳам шу икки аёл онасини кўрпага солиб у ёқдан бу ёққа обдон думалатишган, шундан кейин Худо оқ йўлидан бериб, чақалоқнинг ингалаган овози янграб кетган эди.

Ҳа, ана шундай бўлган эди. Худо хоҳласа, бу сафар ҳам шундай бўлади. Чунки, онасини биринчи бор тўлғоқ тутаётгани йўқ.

Тўлғоқ пайтида қилинадиган ишларни Бакиржон биров айтмаса ҳам жуда яхши билиб қолган. Баъзида, ичидаги бир овоз “Бу юмушларни бажаравериб ўзинг ҳам салкам доя бўлиб қолдинг, оғайни!”, деб қўярди…

* * *

Йўқ, бу сафар иш Бакиржон ўйлаганчалик осон кечмаётганди.

Илгарилари Ойниса кампир бисмилло, деб кириб кетгач, кўп ўтмай, ичкаридан янги меҳмоннинг “Инға! Инға!” деган овози эшитилақоларди. Бугун эса, мана, бир ярим соатдан ошди, Худо Бакиржонга ўша ширин овоз қувончини раво кўрмаяпти. Нега?!

* * *

Онасининг инташга ҳам мажоли қолмади шекилли, ичкари жимиб қолди. Ойниса кампир билан Унсин хола ҳам Тожинисога парвона бўла-бўла, кўзи ёриётган аёлга куч-қувват, тетиклик бағишлайдиган ҳаракат ва сўзларни эслатишавериб тинкалари қуриди чоғи, уларнинг ҳам унлари ўчган эди.

Бу жудаям ёқимсиз, жудаям хунук жимлик эди…

* * *

Қия эшик тирқишидан мўралаган Ойниса кампирнинг авзойини кўриб Бакиржоннинг юраги шувв этиб кетди.

– Отангни чақир, болам! Чақир!.. – деди кампир ваҳимали оҳангда.

Бакирали отасининг этакдаги шолипояда, номигагина куймаланиб  юрганини биларди. Шунинг учун ҳам айвон саҳнидан ўтмаёқ, бор овози билан қичқирди:

– Ота! Тезроқ кели-инг! Келақосангизчи?!.

* * *

Байрамали жон халпида ўзини ичкарига урди. Тожинисо катта кўрпанинг ўртасида узала тушганча ётар… Икки ёнида икки доя қўллари шалвираган ҳолда, унсизгина инграб туришарди. Майитнинг қорнида бу ёруғ оламни кўриш қисмати ёзилмаган, аммо ҳали тириклигидан мужда бериб типирчилаётган ҳомила йўлдошини тепкилар, яшаш учун жон-жаҳд билан курашарди…

– Кучи етмади, шўрликнинг, кучи етмади! – деди Ойниса кампир, мазлум, гуноҳкор бир оҳангда. Унсин холанинг бўлса, ранги қув ўчган, ҳиёбондаги қорайиб кетган ёғоч хайкалдай серрайиб, нест бўлиб турар эди…

2014

chto_oznachaet_drevo_zhizni.jpg15 noyabr — Shoir va tarjimon Abdunabi Boyqo‘ziyev tavallud topgan kun

Til – millatning qalbi, degan edi Jan Jak Russo. Demak, tilning qashshoqlashishi millat ma’naviyati nochorlashayotganidan darakdir. Yo‘qlikka yuz tutgan tillar, xalqlar, elatlar kammi tarixda! (Abdunabi Boyqo‘ziyevning “So‘zim mening, o‘zim mening!” to‘plamiga yozgan so‘zboshisidan. To‘plam bilan sahifa so‘ngida tanishing)

Abdunabi Boyqo‘ziyev
IKKI HIKOYA
003

007Abdunabi Boyqo‘ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G‘afur G‘ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O‘zbekistoni», «Xalq so‘zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O‘zbekiston OAVni qo‘llab-quvvatlash jamg‘armasida ishlagan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G‘uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O‘zbeknavo yulduzlari”, “Judolig‘ dashti”, “Ko‘zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg‘ular”, “Besh navo”, “Besh so‘mlik kekkayish”, “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.

003

TO‘QOL KAMPIR

– Bolamni bering, o‘zimga! Bolamni o‘zimga bering? Jo-on uka!..

To‘qol kampir ko‘chaga otlanayotgan ukasi Nurtoy muallimning yelkalarini halitdan titray boshlagan qo‘llari bilan siypalab, ortidan darvozaxonagacha elchib bordi. Kampir nosqovog‘ini yo‘qotib qo‘ysa, shu ahvolga tushar – asablari qaqshab, qo‘llari qaltiray boshlardi.

Opasining bu harakatlari ukaning jinini qo‘zitardi:

– Qo‘ying endi! Tashlang, shu zormandani! – deya jerkinardi u, – Odamlar orasida bosh ko‘tarib yurolmay qoldim, opa! Birovlar noskash To‘qolning ukasi, deb qo‘lini bigiz qilishyapti!..

– Birovlaringiz To‘qolning kuyiga tushmasin, uka, tushmasin! Qo‘ying, jonimni o‘rtamang. Bolamni berib keting?!

Nurtoy darvozaning o‘rta qopqasini opasining yuziga zarda bilan yopib, ko‘chaga chiqib ketdi. Shunday qilsa, zora, sabil qolgur nosqovog‘ini yodidan chiqarsa.

To‘qol kampirning nos chekishini qishloqning yoshi ulug‘lari har qalay, tushunishadi. U tortgan azoblar kimsaning boshiga tushmasin. Boshqa ayol bo‘lsa, chiday olmasdi. Sho‘rlikning boshi, yanayam, toshdan ekan, deb qo‘yishadi. Shu xolos.

Muallimning andishasi yoshlardan, o‘z o‘quvchilaridan. Ularning diydasi qattiq. Salgina qusuringni payqab qolishsa, yuzingda ko‘zing bormi, demaydi, betinga solishadi. Matematika fanidan ikki olib yuradigan shumtakalar uzoqdan Nurtoyning qorasi ko‘rindi deguncha, “Popiris chekkan kishini xudo o‘nglar ishini, nos chekkan kishini urib sindir tishini”, deb qochadigan odat chiqarishgan.

* * *

Tunov kuni Emon pishangning o‘g‘li Duman bir og‘iz luqmasi bilan Nurtoyni kalovlatib qo‘ydi. Aslida, Nurtoyning o‘zidan ham o‘tdi. G‘ani benzinchining to‘yida, istollar tagida dumalab yotgan bo‘sh shishalarning yuqini yalab, mast-alas mehmonlar yarim chekib tashlagan papiros “buchok”larini terib yurgan bolalarni tergash sinf rahbari sifatida burchim, deb o‘ylagani bolalarning g‘ashini keltirdi. Aslida, voqeani butun sinf oldida dasturxon qilmay, uch-to‘rt aybdorni chetroqqa tortib, tanbeh berib qo‘yaqolsa ham bo‘lardi. Shunday qilganida, ehtimol, Dumanning:

– Domla, hozir ayollar ham nos chekishyapti-yu. – degan pisandasidan bir sinf o‘quvchilar oldida mulzam bo‘lib o‘tirmasdi.

* * *

To‘qol kampirning asli ismi Shahriniso edi. Umri Yettiqashqaning ilang-bilang, shalabbo ko‘chalarida o‘tgan otasi qizim katta shaharlarga kelin bo‘lib tushsin. Nevara-chevaralarim bilan obod kentlarda yashasin, degan niyatda, unga Shahriniso deb ism qo‘ygan edi. Biroq, bandasi tadbir qiladi, Yaratgan taqdir, deganlari haq ekan. Onasiz o‘sgan qizning ovulidan aylanib o‘tadilar, degan naql Shahrinisoning taqdirida o‘zini ko‘rsatdi. Yetim qizning baxti hadeganda, ochilmadi. O‘tirib qolgan, degan nom oldi. Yoshi o‘ttizdan oshganda, qoq belidan chegara tushgan Qurama qishlog‘ining narigi tomonidagi uzoq qarindoshi Ashim qirg‘izdan uchinchi xotinlikka so‘rab sovchi keldi.

* * *

Qirg‘izlar azaldan qo‘yi, qo‘rasi bilan ma’lum. Aytishlaricha, Sho‘roning o‘zimga to‘qman deganni qama, yo‘qot, ot siyosati qiriga chiqqan yillarda ham, yo‘qman degan qirg‘izning qirqta qo‘yi bo‘lgan. Ashimboyning esa o‘ndan ortiq tuyasi, yigirma chog‘li qoramoli, qirilsa tugamaydigan behisob qo‘y-qo‘zisi, echki-ulog‘i bo‘lgan, deyishadi. Shuncha mol-holi bo‘lgan odamning, albatta, uch xotini, ulardan to‘ragan yigirmaga yaqin farzandi ham bor edi. Katta xotini olamdan o‘tgach, Ashimboy o‘zbeklashib ketgan uzoq qarindashi, “o‘tirib qolgan” degan nom olgan Shahrinisoga og‘iz soldi. Odatda, kichik xotin suyukli bo‘ladi. Biroq, taomilga ko‘ra, ikki kundoshu ularning farzandlari oldida u o‘z nomi bilan, to‘qol xotin xisoblanardi. Shunday bo‘lishini bilsa-da, Shahrinisoning otasi uyda qiz saqlaguncha tuz saqla, degan aqidaga amal qildi: sovchilarni muztar qilib o‘tirmadi. Ko‘p o‘tmay, Shahriniso chegaraning narigi tomoniga o‘zatilib ketdi.

* * *

Bolalik. Qizlikning qizil olma, beli tolma damlari. Ilk muhabbatning rangin-rashkin xotiralari bilan muzayyan oydin kechalar. Ayniqsa, chegaraning bu yog‘ida qolgan, o‘zidan uch sinf yuqori o‘qigan Qodiralini izlaganda ko‘zlarini toldirgan qadrdon paxta dalalari, bog‘u rog‘lar… Mana, necha yilki, Shahriniso ana shu ichkin xotiralar og‘ushida yuraklari to‘kilib yashaydi. Teng-to‘shlari bir-bir o‘zatilib, ikki-uchtadan bolalik bo‘ldi… U esa o‘zidan sakkiz-to‘qqiz yosh kichkina qizchalarga onaboshi, ro‘zg‘or toshi boshiga tushgan qizlik sirdoshlari oldida ko‘ngli g‘ashliga aylangan kunlarini ham ezilib qumsaydi…

Qirg‘iz xalqi azaldan chorva bilan ma’mur, deb aytdik. Biroq, O‘sh, O‘zgan, Jalolobod tomonlarda chorva qatorida paxta siyosati ham qattiq edi: xo‘roz O‘zbekiston bilan aytarli bir xilda qichqirardi. Bu hol qo‘rli-qutli Ashimboyni hukumat amaldorlari bilan murosayu-madora qilishga majbur etardi. Erining ixtiyoriga ko‘ra, ikkala katta kundoshi chorva yumushlari bilan andarmon. Shahriniso paxtaning ichida katta bo‘lgani bois, yerga chigit tushib, to g‘o‘zapoya yig‘ishtirib olingunga qadar shudgorga mahkum edi.

Har qalay u umri o‘tibroq uzatilgan qiz emasmi, erga tekkanidan keyin ham baxtsizlik alami, kundoshlik alamu sitamlarini mehnatdan oldi. Qorni qor, yomg‘irni yomg‘ir, demadi. Yagana, chopiq, o‘toq, chikanka, yig‘im-terimda o‘zini hadeb soyaga olmadi. G‘o‘za ilmidagi har ishga chechanligi, jonsarakligi xo‘jalik amaldorlarini bir suyuntirsa, eri Ashimboyni chandon quvontirardi.

Kuch-quvvati bor ekan. Ko‘sak qurtini qirish, g‘o‘za bargini to‘kish uchun dori sepilsa, boshqalarga o‘xshab boshim aylandi, ko‘nglim aynidi, deb o‘tirmadi. Jin ham urmaydi, deb paykalga shatir kirib ketaverdi. Ajab, Sho‘ro Sharqining begona erkakni ko‘rsa qochadigan ayoli samalyotdan boshiga dori sepsa, qochishni bilmabdi. O‘n besh, yigirma metr narida traktor zahar purkab tursa, ashulani vang qo‘yib, “mehnat ahli bo‘ldi obod”, deb ishlayverdi. Pushting kuyadi, deb na eri aytdi, na o‘kimat…

Yo‘q, Shahrinisoni jin urib bo‘lgan ekan. Ashimboydan bo‘lgan uch homilasi o‘zi papalab o‘stirgan durkun g‘o‘zalar orasida tushdi. Ikkitasi, tug‘iliboq nobud bo‘ldi. Dunyo yuzini ko‘rib-ko‘rmay yerga qo‘yilgan besh murg‘agi dog‘ida Shahrinisoning o‘zi ham qavjirab qoldi. Ayniqsa, oxirgi go‘dagi tug‘ilib, o‘n kun o‘tmay nobud bo‘lganida, Shahriniso tamom odam siyoqidan chiqdi. Shu kuni savdoyilikning ilk alomatlari bo‘y ko‘rsatdi. Jigarporasini oq matoga o‘rab qabristonga eltayotganlarida, dol bo‘lib qolgan belini eski to‘shakning astari bilan bog‘lab, oldinga munkib-munkib, erkaklar ortidan ergashdi.

– Bolamni opketmeylar!.. O‘zimga beriylar, o‘zimga! Tog‘oraning tagida saqlayman uni! Hi-ich kimga ko‘rsatmay!..

Bo‘zlab borayotgan bu savdoyi baxti qaroni yo‘lidan qaytarishga hech kim botinmadi. Botinmasdi ham. Bu safar u go‘dagini yerga berish jarayonini go‘ristonning nurab yotgan guvala devorlari ortidan kuzatib turdi…

* * *

– Boyimga boray! Bolamni olib qo‘ydi, deb aytay! Ha-a, boyimga aytay, hali!..

O‘ziga o‘zi javranib, Arabqishloqdan o‘tib, Quramaga yaqinlashgan To‘qol kampirni, yaxshiyamki, Omonboy xosilot ko‘rib qoldi. U gap nimadaligini darrov faxmladi.

– Yo‘l bo‘lsin, Shahrinsa opa, astoydilsiz? – so‘radi xosilot. – Bolangizni yana bekitib qo‘yishdimi?

– Bekitib qo‘ydi, anavi beting qurg‘ur, bekitib qo‘ydi!..

– Pishirib yermidi o‘sha sassiq matahingizni! Boybuvaga sunib boradigan gapmasda bu, qayting orqaga. Nurtoy bilan o‘zim gaplashaman.

To‘qol kampir xosilotning otida uyiga qaytib kelganida vaqt shomga oqqan. Nurtoy qayoqqa yurarini bilmay, qilgan ishidan pushaymon, kalovlanib, ko‘chaning boshida u yoqdan bu yoqqa yurib turardi. U opasini egarga mindirib, otning suvlig‘idan tutib kelayotgan Xosilotga peshvoz chiqarkan, tilga kirdi:

– Yaxshiyam ko‘rib qopsiz, Omonboyka! Bir malomatdan qutildi-a!..

Omon xosilot, bas qil, deganday, muallimga qattiq tikildi:
– Ber opangga, anov narsasini, – dedi, qat’iy niqtov bir ohangda.

Nurtoy kissasiga har qo‘l suqqanda barmoqlarini cho‘g‘day kuydirayotgan, nosqovoqni cho‘ntagidan chiqarib opasiga uzatdi. To‘qol omonatini ukasining qo‘lidan avaylabgina olarkan, bag‘riga bosdi va unsiz shivirladi:

– Bu mening bolam! Bu mening bolam!..

Nurtoyning ko‘ngli bo‘shab ketdi. Mijjalarini achishtirib kelgan ko‘z yoshlarini barmoqlari bilan sidirib artarkan, hayot tegirmonining beshafqat toshlari orasida uqalanib, butunlay adoyi-tamom bo‘lgan, ham ruhan, ham jismonan ezilib, shu ko‘ylarga tushib qolgan sho‘rlik opasini suyab otdan tushirdi va qo‘ltig‘idan olib, uyga yetakladi.

* * *

Oltinchi bolasini ham go‘dakmozorga qo‘yib kelganidan keyin, Ashim boyning ko‘ziga Shahriniso anavi ikkita katta xotinidan ham qarimsiqroq, o‘z nomi bilan aytganda, to‘qol-ta’viya ko‘rina boshladi. Kechqurunlari barcha bir dasturxon atrofiga yig‘ilganda, bolalarga qo‘shilib, boyning o‘zi ham savdoyi xotinining tuzli-tuzsiz gaplaridan kulib, masxaralaydigan odat chiqardi. Bir kuni boy, butun oilasi ko‘z o‘ngida bir bemaza qiliq qildi. Qo‘lida o‘ynab o‘tirgan, shokila tiqinli, turfa rangdagi soxta sadaf qadalgan, nosqovog‘ini Shahrinisoning oldiga irg‘itdi.

– Ma, chekib ol. Zora, ta’bing yorishib, aqling peshlansa…
– Voy, shu nosqovog‘iyiz judayam chiroylida? Mengami-a?..

Savdoyi xotin erining bu hazil-mazagini mulohaza qilmasdi.

Nosqovoqni olib tiqinini ochdi va ichidagi nosdan kaftiga bir otim to‘kib, tilining tagiga tashladi.

– M-m-m, o‘zi chiyoyli-yu, ichi buncha atsiq? Atsiq… Boshimni aylantiydi. Atsiq bo‘sayam, yaxsiykan. Bu dunyoda shiyin nasa qomadi. Qomadi… shiyin nasa…

Shahriniso dunyo g‘amlaridan forig‘ bo‘lgan odamday, ko‘zlarini yumib, boshini ohista tebratib ancha o‘tirdi. Va tuyqus xushiga kelganday bir seskanarkan, eriga ajab bir hol tikilib, dedi:

– Nosqovog‘iyz odamga oyom beyaykan. Endi uni, shijga beymiyman. Endi uni, bola qivolaman. Bag‘yimga boshi-ib yashayman.

– Mayli, shu qovoq senga, ol, mendan esdalik. Senga bola bo‘lib qolaqolsin. Bozor kelsa, boshqasini sotvolarman…

Shahriniso katta o‘rik soyasida boyning o‘zi atay yasattirgan loysupaning qirg‘og‘iga asta engashib, og‘zidagi nosni tuflarkan dedi:

– Xudo xayringizni bersin, boyim. Shunday qiling. Boshqasini sotib oling, boyim!

Shu kundan Ashimboyning soxta sadaf nosqovog‘i Shahrinisoning dil mahramiga aylandi.

* * *

O‘tgan oqshomgi bu gaplar er-xotin o‘rtasida rozi-rizolik payg‘omi bo‘lgan ekan. Ertasiga Ashimboydan Nurtoy muallimga odam keldi. O‘sha kuniyoq, muallim, bundan o‘n ikki yil ilgari Quramaga kelin qilib uzatgan opasini Yettiqashqaga To‘qol kampir qilib qaytarib olib keldi.

Bu orada, o‘tirib qolgan qari qizdan qotib yotgan tuz yaxshi, deb biladigan ota ham dunyodan o‘tgan edi…

2013

TO‘LG‘OQ

Bakirali ayvon sahnidan o‘tib-o‘tmayoq hovli etagida kuymalanib yurgan otasini taxlikali ovozda chaqirib ortiga qayrildi-yu, onasi haligina yuvib dorga ilgan kiyimlarga ko‘zi tushdi. Shu topda u ana shu kiyimlarni – o‘zining to‘p tepganda kiyadigan, har o‘yindan keyin yag‘iri chiqib keladigan 7 raqamli futbolkasini, ukalarining doim siydik hidi anqib turadigan ishtonlari-yu, hatto, otasining yaktaklarini ham yomon ko‘rib ketdi.

* * *

Bakirali olamaydonliklarga qarshi futbol o‘yiniga chaqirib kelgan tengqurlariga bu gal ham rad javobini aytib, darvozadan qaytdi. Yo‘q, u to‘p o‘yinga bora olmasligi sababini tushuntira olmasdi. O‘rtoqlariga onam og‘iroyoq, demaydiku? Qanday aytadi, bu gapni?

Oriyat va yana allanimalardir talashib uyushtiriladigan bunday musobaqalarga uning chopib ketaavermasligini do‘stlari, Bakir iniga pisib oldi, deb tushinishar, alam ustida jo‘r bo‘lishib “Ba-kir, uy qizi! Ba-kir, uy qizi!” deya ko‘chani boshlariga ko‘tarib jo‘nab ketishardi. Bakir bu alamli holatga chidashga majbur edi. Chidamay iloji qancha.

Onasining yana oy-kuni yaqinlashib qolgan edi. Biroq kolxoz ishlariga chiqishni kanda qilgani yo‘q. Mana, bugun ham saharmardonda turib, kun ko‘tarilguncha, bir tanob yerning g‘o‘zasini chopiq qilib qaytdi. To‘g‘ri, onasini bunga birov majbur qilamaydi. Ammo na otasi, na tabelchi yoki brigadir qarshilik ham ko‘rsatishmaydi. Onasi bo‘lsa, harna, erimga yordam. Ro‘zg‘orga uch-to‘rt so‘m kiradi-ku, deb o‘ylaydi.

Ana, Tojiniso bir qo‘li bilan belini ushlab, ikkinchi qo‘li bilan tog‘orani aylantirib, inqillab xamir qoryapti. Bakirali volidasining hozirgi ahvolini ko‘rib achinib ketdi. Sho‘rlikning xamir mushtlashga madori yo‘qligi shundoqqina ko‘rinib turardi. Tunov kuni qishloq hamshirasi:

– Kamqonsiz, Tojinsopa! Yaxshi-yaxshi ovqat yeng. Uch-to‘rt kun davolanib, darmonga kirsangiz yaxshi bo‘lardi. “Ferrumlek” degan ukol bor. Shundan olishingiz kerak”, deb ketgan edi. Dori zormandayam zahardan qimmat – qutisi salkam o‘ttiz so‘m turarkan. Ustiga ustak, topilishi ham qiyin ekan. O‘ttiz so‘m. Bu pul uchun er-xotin kolxozda yarim oy yer timdalaydi.

Hamshiraning gapiga otasi aytarli e’tibor bermadi. Onasining o‘zi bo‘lsa, unchalik hafsala ham qilmadi. Hafsala qilganidayam, buncha pulni chiqim qilish jo‘jabirday oila uchun juda og‘ir yuk bo‘lishini o‘ylamaydi, deysizmi.

Onasi xamirni qorib bo‘lgach, kun ko‘pirmay turib ulguray, dedimi, hayxotday xovlini jorib supurgi bilan chalib chiqdi. So‘ng, ikki-uch kundan buyon yig‘ilib, duysanba bo‘lib yotgan kirlarni sasib yotmasin, deb yuvishga tutindi. Hamir ko‘pguncha, tandirni ham oqartirish kerak.

Bakirali o‘rtoqlarining uzzukun koptok tepishdan boshqa tashvishlari yo‘qligini aqliga sig‘dirolmasdi. Nahotki, uyda qiladigan ishlari bo‘lmasa. Onalari og‘iroyoq bo‘lganidaku, ularning ham ko‘ngliga qil sig‘masdi-ya!

Ko‘tarmada g‘o‘za sug‘arayotgan otasi ham uydan havotir oldimi, xovlidagi ikki polgina sholipoyaning u yer, bu yerida paydo bo‘lgan kurmaklarni yulib tashlash bahonasida, etak tomonga o‘tib ketganini ko‘rdi.

Bakiralidan keyingi ukasi olti yarim yoshda. Qolganlari mayda: oralari bir yarim-ikki yosh. Bittasi emaklaydi, singlisi endigina yo‘liga yurgan.

Amakisi Hasan sassiq ta’biri bilan aytsa, ular hali gap uqmas, saranchalar. Qishloqdagilar oltinchi “sarancha”sini kutayotgan Bayramali bilan Tojiniso haqida gap ketsa, negadir, “bo‘qlik o‘choq” deb qo‘yishadi. Demak otasi bilan onasiga oson emas. Bakirali ham buni yurak-yuragidan his etadi. Qaniydi, uy qizi, deb olamga jar solib ketgan anovi o‘rtoqlari – Ahmadali bilan Tojiddinlar ham buni anglashsa. Yo‘q, ular Bakiralini o‘laqolsa tushinishmaydi. Chunki ularning onalari har yili og‘iroyoq bo‘lishmaydi. Otalari ham kolxoz beradigan nos puliga ko‘z tikib turgan yeri yo‘q. Birovining otasi jamoa xo‘jaligi birkitib qo‘ygan ko‘tak aravasini g‘ildiratib, boshqasi “udarnik ”ligi uchun raykomdan mukofotga berilgan mototsiklini tirillatib, ishlarini osongina bitirishadi. Do‘ppi tor kelgan pallalarda ot aravasi, kajavali mototsikli kor keladi. Onalarini dard tutsa, transport izlab birovga sarg‘ayishmaydi. Yana bir gap, otalari ham har yili Oynisa doyaning uyiga bosh urib bormaydi. To‘g‘ri, ular ham ikki-uch yilda bir ukali bo‘lishadi. Faqat, chaqaloqni markazdagi tug‘ruqxonadan olib kelishadi. Shuning uchunmi, o‘rtoqlari o‘z uylaridagi bu ko‘payish tashvishini bilib, bilmay ham qolishadi.

Bakiralining onasi ham rayondagi “roddom”da ko‘zi yorisa ajoyib ish bo‘lardi-yu! Lekin buning sira iloji yo‘q-da. Xo‘p, onasini to‘lg‘oq tutsa, bir amallab tug‘ruqxonaga eltishdi ham, deylik. Turgan gapki, yangi tug‘ilgan mehmonga bir xaftasiz javob berishmaydi. Onasi roddomga ketsa, Bakirali ukalari bilan kimning uyida sarson bo‘ladi? Kechqurungi ovqatni kim jizillatib, kim og‘izlariga tutadi? Ko‘zi yorigan onasiga atalani kim pishirib, kim eltadi? Otasimi? Brigadirdan yarim kun tugul, ikki-uch soatga javob ololmaydiku! Axir “Paxta bu – siyosat!”, deb qo‘yibdi. Paykalning bir qarich yeri ko‘llab qolsin, rais buva nima qilarkin. Suvchiniyam, brigadirniyam kallasini sapchaday uzib tashlamaydimi?! Shunday paytlari u onasining bot-bot “O‘rgilay, Egam, o‘zingdan o‘zgaga muztarin qilma?!” degan tavallolari mag‘zini chaqqanday bo‘ladi.

Onasi uyda jijilasa, Oynisa xolaning, ertagacha qimirlamay yoting, degan po‘pisalariga xo‘p, deb qo‘yib, kampir ketgach, belini puxavoy ro‘moli bilan sirib bog‘lab, inqillab-sinqillab bo‘lsada, qozonni osib, ostiga o‘t yoqib yuboraveradi. Sho‘rlik bolalarini busiz ham go‘sht tushmaydigan, obi yovg‘ondan ham mahrum qilmay deydi-da!

* * *

Bakiralining Olamaydonga laylib ketmagani yaxshi bo‘lgan ekan. Onasi kirlarining eng so‘nggisi – otasining yaktagi bilan nimchasini obdon sovunlagach, toza suvda chayib, ikki bor siltab qoqdi va ayvon sahnidagi tok so‘risiga tortilgan simga ildi. Ildi-yu, belini ushlab ustunlardan biriga suyanib qoldi. “Boshlandi!”, deb o‘yladi ichida Bakirali.

Bakirali volidasi har gal tug‘ut azobida qiynalganida, garchi tashqarida – eshik orqasida tursa-da, nihoyatda qattiq iztirobga tushar, ayniqsa, to‘lg‘oq zabtiga olib, sho‘rlik onasining joni ikki dunyo oralig‘ida pirillab qolgan paytlarda “Oq yo‘l ber?! Oq yo‘llaringdan ber?!” deb qo‘shnilar ham bemalol eshitadigan ovozda, baralla , Yaratganga iltijo qilgan paytlari ko‘p bo‘lgan.

Ana, onasi bemajol qo‘llarini ustunga tirab, qaddini rostlashga harakat qilyapti. Volidasining xomiladorlik dog‘i tushgan, rangpar yuzlari, tirishib, taram-taram bo‘lib qolgan nursiz tirnoqlariga ko‘zi tushib ich-ichidan ezildi. Bu o‘sha, hamshira qiz aytgan kamqonlikning belgilari edi. Bakirali bola qalbi bilan bo‘lsa ham buni sezardi. Onasi ham qiziq. Boshqalarning onalariga o‘xshab, har balolarni yeb ketavermaydi. Hamma bolalarning onalari jon deb tanavvul qiladigan narsalarni ko‘ngli ja tusayvurmasmush.

Tojiniso og‘riqning kuchidan qornidagi murg‘ak bu yorug‘ olamni ko‘radigan vaqt yetganiga amin bo‘ldi shekilli, Bakirjoniga yorildi:

– G‘irillab, Oynisa enangni aytib ke?!.

Bakirjon, oyog‘ini qo‘liga olib doya kampirga zing‘illadi. Doyani ogohlantirib, iziga qaytdi. Vaqtni o‘tkazmay, o‘choqqa katta qozonni osib suv to‘ldirdi-da, olov yoqib yubordi. Bunday pallada qaynatilgan suv zarur bo‘ladi, axir! So‘ng, bir darvoza nari qo‘shnilari Tillavoy buvaning xotini Unsin xolaga xabar berish uchun chopdi. Unsin xola Oynisa enaning yordamchisi. O‘tgan gal ham shu ikki ayol onasini ko‘rpaga solib u yoqdan bu yoqqa obdon dumalatishgan, shundan keyin Xudo oq yo‘lidan berib, chaqaloqning ingalagan ovozi yangrab ketgan edi.

Ha, ana shunday bo‘lgan edi. Xudo xohlasa, bu safar ham shunday bo‘ladi. Chunki, onasini birinchi bor to‘lg‘oq tutayotgani yo‘q.

To‘lg‘oq paytida qilinadigan ishlarni Bakirjon birov aytmasa ham juda yaxshi bilib qolgan. Ba’zida, ichidagi bir ovoz “Bu yumushlarni bajaraverib o‘zing ham salkam doya bo‘lib qolding, og‘ayni!”, deb qo‘yardi…

* * *

Yo‘q, bu safar ish Bakirjon o‘ylaganchalik oson kechmayotgandi.

Ilgarilari Oynisa kampir bismillo, deb kirib ketgach, ko‘p o‘tmay, ichkaridan yangi mehmonning “Ing‘a! Ing‘a!” degan ovozi eshitilaqolardi. Bugun esa, mana, bir yarim soatdan oshdi, Xudo Bakirjonga o‘sha shirin ovoz quvonchini ravo ko‘rmayapti. Nega?!

* * *

Onasining intashga ham majoli qolmadi shekilli, ichkari jimib qoldi. Oynisa kampir bilan Unsin xola ham Tojinisoga parvona bo‘la-bo‘la, ko‘zi yoriyotgan ayolga kuch-quvvat, tetiklik bag‘ishlaydigan harakat va so‘zlarni eslatishaverib tinkalari quridi chog‘i, ularning ham unlari o‘chgan edi.

Bu judayam yoqimsiz, judayam xunuk jimlik edi…

* * *

Qiya eshik tirqishidan mo‘ralagan Oynisa kampirning avzoyini ko‘rib Bakirjonning yuragi shuvv etib ketdi.

– Otangni chaqir, bolam! Chaqir!.. – dedi kampir vahimali ohangda.

Bakirali otasining etakdagi sholipoyada, nomigagina kuymalanib yurganini bilardi. Shuning uchun ham ayvon sahnidan o‘tmayoq, bor ovozi bilan qichqirdi:

– Ota! Tezroq keli-ing! Kelaqosangizchi?!.

* * *

Bayramali jon xalpida o‘zini ichkariga urdi. Tojiniso katta ko‘rpaning o‘rtasida uzala tushgancha yotar… Ikki yonida ikki doya qo‘llari shalviragan holda, unsizgina ingrab turishardi. Mayitning qornida bu yorug‘ olamni ko‘rish qismati yozilmagan, ammo hali tirikligidan mujda berib tipirchilayotgan homila yo‘ldoshini tepkilar, yashash uchun jon-jahd bilan kurashardi…

– Kuchi yetmadi, sho‘rlikning, kuchi yetmadi! – dedi Oynisa kampir, mazlum, gunohkor bir ohangda. Unsin xolaning bo‘lsa, rangi quv o‘chgan, hiyobondagi qorayib ketgan yog‘och xaykalday serrayib, nest bo‘lib turar edi…

2014

Abdunabi Boyqo’ziyev. So’zim mening, o’zim mening (Kirill va Lotincha)

09

(Tashriflar: umumiy 357, bugungi 1)

Izoh qoldiring