Yoshlar mushoirasi

09    Фейсбукдаги саҳифаларда эълон қилинган шеърларни вақт топганда кузатиб бораман.Яхши шеърга дуч келиб қолсанг, ўша ижодкорни кузата бошлайсан. Мана бугун ана шу кузатишлар орқали топилган ёки фейсбукдаги мен дидига ишонган даврадошлар саҳифаларида эълон қилинган шеърларни мушоира шаклида сизга тақдим этмоқдаман. Албатта, бу шеърларнинг савияси турлича, аммо, уларда унаётган уруғнинг нур томонга интилишидек тинимсиз ҳаракатни кўрасиз. Бундан кейин ҳам  (фейсбукдаги даврадошлар ёрдамида) шу тарздаги  мушоираларни тақдим этиб бориш режамиз бор.  Мушоира  иштирокчиларининг   шеърлари  келгусида   алоҳида саҳифаларда  тақдим этилишга ҳам ишонамиз.

07

06Мажнуна  ЖЎРАҚУЛОВА
Навоий вилояти

* * *

Толхивичдан тойчоқ миниб,
Болалигим кетиб қолди.
Қошларига ўсма иниб,
Синглим бўйга етиб қолди.

Онам дардин яширади
Сочларининг оқларига.
Отам мени соғинганда
Овунади боғларига.

Нега анов шаршаранинг
Нолалари тинмайди ҳеч?!
Юр, кетайлик бирга, десам,
Қизғалдоқлар кўнмайди ҳеч.

Боқсам, она, кўзларингда
Гуноҳларим балқиб кетди.
Турналарга қўл силтовдим,
Армонларим анқиб кетди.

Қорлар ёғди оққа бўяб
Заминнинг тўрт ёғларини.
Минг йил ёғса кўмолмайди
Юрагимнинг доғларини.

Эй, муҳаббат! Айвонингдан
Бошим эгиб кетарман оҳ!
Мен исмингни шивирлаб ҳам
Айтолмадим, Худо – гувоҳ!

Орзу йўли олиб кетди,
Юлиб кетди қучоғингдан.
Она қишлоқ, айро ўсдим,
Муҳаббатинг, ардоғингдан.

Кўргин, ҳануз сарсонаман,
Берсанг, суйиб бергин, дунё.
Мен боргувчи манзилларга
Исм қўйиб бергин, дунё.

Юрагини очсин онам,
Оқартирма сочларини.
Отам кўксин кериб юрсин,
Эгиб қўйма бошларини.

Мен-ку, мени қўй сўрама
(Кўзёшларим қалқиб кетди).
Турналарга қўл силтасам,
Армонларим анқиб кетди.

* * *

Умр боғларимда кезиб юрар куз,
Майда ёмғирлари силар бошимни.
Болам – шоир, дея оқлайди ҳануз
Бир зот, кўрмаслик-чун кўзда ёшимни.

Улғайтириб қўйди мени лаҳзалар,
Дийдорлар қадрини англатиб қўйди.
Онам сандиғида йиққан сарпалар
Мени болаликдан ажратиб қўйди.

Узайтириб қўйди бўйимни дунё,
Қишлоқи кўнглимни ўстирди шаҳар.
Ҳаёт захматларин кўрсатди Худо,
Ота, сизни эслаб уйғондим саҳар.

Бунда бой берилди қанча муҳаббат,
Сўксангиз ҳам сўздан ортмаган қизман.
Билдим, пешонамга битилмаган бахт,
Ахир, отасига тортмаган қизман.

Ёлғизлик бу, сўзнинг, шеърнинг жазоси,
Кимга ишонаман телба кўнглимни?
Бахтли қилар эмиш ота дуоси,
Ота, дуо қилинг икки синглимни.

Бугун боғларимда кезиб юрар куз,
Хазонлари тўлиб борар юракка.
Сочига толпопук тақиб олган қиз
Сингиб кетди ўтмиш деган эртакка.

Ота, соғинаман қишлоқни,Сизни
Энди у йўлларга бўларми қайтиб?!
Унутсинлар сўзга сиғинган қизни,
Бошқа йиғламасин, онамга айтинг.

Бунга қайтиб келмас баҳорлар, ота,
Кузга бериб қўйдим кўнгилларимни.
Майли, менинг барча билганим хато,
Сиз…
Фақат, дуо қилинг сингилларимни,
Фақат, дуо қилинг сингилларимни.

***

Шунча бахтни қандай яширар
Кўзларининг ичига қушлар?
Майингина қанотларида
Туришибди осмонни ушлаб.

Шунча дардни қандай яширар
Кичиккина кўксига онам?
Ғарибгина жуссаси билан
Мени ушлаб турибди у ҳам.

045Зулхумор ШЕРМАМАТОВА
Андижон

«Бу юрак яримта, авайла», деди,
Деди: «Тақдирингда ёзиқ шу битик».
Хўп, дедим, яримта юракни олиб,
Бир бутун умрга қилдим эгалик!

Умримнинг ярмини яшадим ёрти,
Гоҳида қувондим, гоҳо ғам кўриб,
Баъзан бир бутун сўз юракни ёрди,
Баъзан ярим кунда яшадим тўйиб…

Кунларим ярмидан тунга уланиб,
Бир-бирин тўлдириб ўтдилар сокин…
Тунлари ухласам ойга суяниб,
Юлдузлар нимадир айтдилар секин.

Осмоннинг бир бурчи насибим бўлса,
Еттинчи тоқига қилмасман ҳавас.
Шундоғам ярим дил кетибди тўлиб,
Бутуни энди ҳеч менга керакмас!

БИР СЎЗ…

Бир сўз бўлса эди жонга қадалган,
Бўлсайди биргина менга яралган.
Бир сўз туғилса-ю урса зарб билан,
Осмонга учардим хаста қалб билан…

Бир сўз бўлса эди оламни ёққан,
Оташи коинот қаърига ботган.
Бир сўз топилсайди минг сўз ўрнига,
Ханжардек ёвузлик қаҳрига ботган…

Биргина сўз бўлса қилар кифоя,
Келсаю барига берса ниҳоя.
Лол қолса, дод солса, йиғласа шодлик
Ўрним бермайман деб қилса шикоят!

Ҳали келмасидан кетиши осон,
У сўз тун ичидан нурдай келсайди,
Юксакка чорласа бамисли азон,
Юрагим бу нурдан ёниб кетсайди …

Бир сўз бўлса эди, биргина шу сўз
Ҳаммаси-ҳаммаси унга чўкса тиз!
Беҳуда сўзлардан тўхтаса тиллар
Фақат сўзлашмоққа қолса эди кўз…

Биргина сўз бўлса, биргина у сўз
Яшил биҳиштлардан тушган яшил сўз
Дилимга ёруғлик олиб кирарди,
Қора осмонларга боққан қора кўз…

Бир армон, бир юрак, кўп хато билан
Бир сўз деявериб қолди бир ўзим,
Фақат дил ишонар келади дея
Бир куни мен кутган ўша БИР СЎЗИМ…

Бир сўз келса эди шуур таратган,
Асрни сониядек йўлга қаратган…

03ГАВҲАРШОДБЕГИМ (Гавҳар Эшқулова)
Навоий вилояти

КАПАЛАК ҚАНОТИ

Ялт этган нигоҳим пардаларида,
Капалак қаноти янглиғ вақтим бор.
Қалбимнинг энг кичик зарраларида,
Ҳали туғилмаган шўрлик бахтим бор.

Мен бир кун кетарман, киприкда ўкинч,
Шудринг каби ўйнаб, учар арғамчи.
Йиллаб хотирим ҳам сизни қўймас тинч,
Сокин тун бағрида кўтарар қамчи.

Олис юлдуз бўлиб, таратиб шуъла,
Тонг бўлиб боқаман ҳовлингиз томон.
Деразангиз чертиб, бошлаб ашула,
Ёмғирдек ёғаман, ўртаниб нолон.

Гарчи сиз сезмайсиз, боқмайсиз қиё,
Наҳот, бу сен, дея тўкмайсиз кўз ёш.
Энтикиб ёғаман ва жим кутаман,
Дераза рахида етганча бардош.

Ҳали кўп қайтаман, мен баҳор бўлиб,
Қизғалдоқ шаклида жисмим намоён.
Энг янги шеъримни айтаман тўлиб,
Оҳулар, жайронлар тинглар ёнма-ён.

Ялт этган нигоҳим излар болишим,
Кўздамас, кўксимда тунайди ёшим.
Мен бир кун кетарман, орзу-хоҳишим:
“Капалак қаноти силаса бошим…”

 

054Меҳриноз АББОСОВА
Наманган (Тошкент)

ТАНОВОР

Гулли кўчаларда ташлайман қадам,
Гулгун ҳисларимда саволлар тугун.
Балки у ёнимда турар айни дам,
Тополармикинман уни шу бугун?

Қайрилиб қарайман қани, қаерда,
Наҳотки, йўқликка кетганман сингиб?
Нур бўлиб чиқаман зулмат бағридан,
Ёнингга кетаман елларни енгиб.

Мана, сенга оппоқ юрагим тутдим,
Бир бор кўрсатмайсан ўзингни нечун?
Сени эслайман, деб, ўзни унутдим,
Ўзимни йўқотдим сени топмоқ – чун.

Сен эса қаерда, кутяпсан нени,
Қара кўзларимнинг соҳиллари нам.
Оламга хайқириб, чақирсам сени,
Жавоб берар хатто тоғу тошлар ҳам.

Нега сукутдасан – нимага жимсан,
Тинмай беравердим шу саволларни?
Нигоҳинг акси бор фалакка қасам,
Излайвердим сенга элтар йўлларни.

Қаерга бормайин сезиб тураман,
Ортимдан кузатган нигоҳинг кучин.
Жонимни бераман, борим бераман,
Ўша нигоҳингни кўрмоқлик учун.

Исминг айтай десам, куйди томоғим,
Бўғзим – ҳамма ёғи илма-тешик най.
Ҳатто дарахтлар ҳам сенга интилса,
Мен нега туришим керак индамай?

Машрабдай дунёни кезарман далли,
– Сен тенгсиз маъшуқсан, биз – сўзсиз ушшоқ.
Одимласам фақат сенинг ёдинг-ла,
Тикон ҳам янчилди гул каби юмшоқ.

Сирқираб қон оқди товонларимдан
Ва бу қон тупроққа қоришиб кетди.
Юрагим қуёшга айланди бирдан,
Кўнглум кўчалари ёришиб кетди.

Ҳавонинг шаклини кўра бошладим,
Шамолнинг рангини илғадим ногоҳ.
Сирли висолингни топишим ҳаққи,
Менга бутун борлиқ бўлди хайрихоҳ.

Осмонда нигоҳинг, гулда оразинг,
Тоғларда савлатинг, бағринг қирларда.
Майин саболарда учди нафасинг,
Сиймонг гавдаланди рангин нурларда.

Ғунчанинг лабида пичирладинг сен,
Қушлар сен ўргатган қўшиқни айтди.
Еллар этагини ҳилпиратиб кенг,
Хиромон айламиш боғларда дайди.

Бани борлиқ сенга қилар ибодат,
Руҳим қуши сайрар сен томон уча.
Билдим, мужассамсан, сендан иборат
Заминдан то олис коинотгача.

Энтикдим номингни такрорлаётиб,
Сени ахтаришни қилмасдан канда.
Тун қора кўрпасин устига ёпиб,
Ойни ёстиқ қилиб ухлаб ётганда.

Аста чайқалади осмон денгизи,
Юлдузлар кўзимга кетмоқда сачраб.
Ҳар бир нафасимда нафасинг сезиб,
Кўзимда кўзингни қололсам асраб.

Топдим, сенга бўлган чин ишқим ғолиб,
Билдим, билдирмасдан кузатаётган ким.
Энди юрагимга жойлашиб олиб,
Кўзларимдан қараб тур, Тангрим!
Кўзларимдан қараб тур, Тангрим!

02Шоҳиста Эргашева

***

Мен йиғладим, мана кўриб қўй!..
Кўзларимни пойлаган эдинг.
«Шу қизчани йиғлатаман»-деб,
Ким билан баҳс бойлаган эдинг?..

Айт, ким эдинг менга қадар сен,
Айт, юрагинг шунчалар мардми?!
Сендан буткул кетишим учун,
Худо ҳаққи дейишим шартми…

Бил, гувоҳман гуноҳларингга.
Мен ҳаддидан ошган ҳаддингман.
Ўн саккиз минг олам ичинда,
Ўн саккиз минг биринчи дунман.

Сен ҳам йиғла, мен ҳам бир кўрай,
Кўзларингга келмасин малол.
Қўрқма ҳузуримда, агар  ғуруринг
Тўкилса ҳам, бўлмайди увол.

Сенинг бўлса, кечмишларинг кўп,
Бир куни сен  мендан  кечасан.
«Севмадим»  деб онт ичаман хўб,,
Сен эса дардимдек шароб ичасан…

Кечиккан ҳам, ичиккан ҳам мен.
Сен балойим, сен мубталойим.
Аҳдинг бутун бўлмади, аммо
Бахтинг бутун бўлсин илойим!

Бахтли бўлгин, мендан бахтли бўл !
Гар кўзларинг ўзгани кўрса.
Нима қилай, Қодир Худойим
Мени, сенга илиниб турса…

… Мен йиғладим, мана кўриб қўй!..

*  *  *

Ким деб сўраб, нима қиласиз,
Шеъримдаги ўша йигитни.
Эрта-индин тўйи бўлармиш
Кенг елкали шоир йигитни.

«Феълинг кенг қил»,- дейдилар онам.
Шундай қилсам, қайғу наридек…
Эссизгина, унинг кўнгли ҳам,
Кенг бўлсайди елкаларидек!..

Қўними йўқ қушга ўхшайман
Қўним бермас муҳаббат чўғи.
Мен-ку қушман, қанотсиз қушман,
Юраги мен етмаган чўққи.

Хаёлимдан сира кетмайди
Келишган, ҳуш суратли йигит.
Севаман, деб бир бор айтмади,
Ўша қўрқоқ  «журъатли» йигит.

Юрагимни тинмай титаман,
Не қилардим, қиз бошим билан…
Ортга қайтмас бўлиб кетаман,
Юрак номли извошим билан.

Бахтли бўлсин… дейман тилимда,
Дилимда-чи, айта олмайман.
Нима қилай,сўқир тақдирга,
Мен ҳеч қачон тан беролмайман.

Мен ўзини аяган худбин,
Мен жангдан сўнг, мушт тугган «мардман» .
Нима дердим, юрак чидагин,
Ич- ичимдан сенга ҳамдардман!

Қўйинг, сўраб нима қиласиз,
Юрагимга юрган йигитни…
Эрта,индин тўйи бўлармиш
Кенг елкали, шоир йигитни…

045Мунира ИСМОИЛОВА

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Мен асли онамнинг эрка қизиман,
Суйиниб қўлимга чучмома тутган.
Маъсум алласидан жон томиримга
Сўзнинг ҳарир, қайноқ нафаси ўтган.

Мен асли отамнинг суйган юлдузи,
Гарчи мансаби йўқ, у содда одам.
Унинг шеърин тинглаб мурғак қалбимга
Кириб келган эди Адабиёт ҳам.

Мен асли акамнинг танти гулиман,
Бошига кўтарган алпомиштўшим.
Бургут каби мағрур нигоҳларидан
Учқур бардошгинам тўплаган қўшин.

Мен асли опамнинг инжиқ синглиси,
Қўлларидан тутиб қўйгандим қадам.
Илиқ кафтларидан сингганлиги рост,
Юрагим тубига инган меҳр ҳам.

Бироқ… Мен улардек бўла олмадим,
Кўзимга жавдирар синглим ва укам.
Уларга ҳеч нарса бера олмадим,
Мен асли Ҳаётнинг хасис қизиман!

2012

02Фарида ИСЛОМОВА
Китоб (Тошкент)

* * *

Самимият…
Оддийгина сўз…
Кеча сени кўрдим қайдадир.

Самимият…
Эй, бола кўнгил…
Шошар эдинг, балким қайгадир…

Самимият…
Беғубор кулгу…
Умид қилдим: Бир кун қайтадир…

Самимият…
Сенсиз одамлар,
Бир-бирига эртак айтадир…

09Гулруҳ ХУДОЁРОВА
Навоий вилоят

АЛДАЙВЕРГИН

Алдайвергин, мен ишонаман,
Қасам ичма осмон, ер билан.
Кўнглим топмоқ жудаям осон,
Алдаш мумкин битта шеър билан.

Мен алдансам ҳеч нарса эмас,
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади.
Бир чиқади жаҳлим қуёшдай,
Сўнг қуёшдай ботиб кетади.

Қайтаман, де, мен ишонаман,
Ортиқча сўз айтиб нетасан?
Гар алдагинг келса қаттиқроқ
Бир мисра шеър ёзиб кетасан.

Из ҳам қолмас гуноҳларингдан,
Юрагимга ботиб кетади.
Сўнг жилмайиб яшайвераман,
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади.

Мени алда, бошқани эмас,
Ёлғонингни барин менга бер!
Хиёнатни енголмас ўзга,
Ахир, улар ёзмайди-ку шеър.

Мен алдансам ҳеч нарса эмас!
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади…

05Илҳом ШЕРАЛИЕВ
Қашқадарё вилояти

О, ВАТАН!

Тоғлар энкаяди, этакларингга,
Қуёш суқланади куртакларингга.
Алпомиш елкамдан тутди ҳар куни,
Ишониб улғайдим эртакларинга.
О, Ватан, юксалдим тутганинг ҳамон,
Кўксимни кўтардим тоғларинг томон.

Мезондан арғумчоқ ўйнаб ўсдимман,
Булоқлар бошида қайнаб ўсдимман.
Шоирлик сарпоси залвордан залвор,
Кияй деб ўзимни қийнаб ўсдимман.
О, Ватан, кўз очдинг кўксимда чунон,
Бордим, боравердим тоғларинг томон.

Мозорлар ёнидан ўтиб яшадим,
Юракни бўғзимга ютиб яшадим.
Ўпкамга тўлдириб тупроқларингни,
Бошимни осмонга тутиб яшадим.
О, Ватан, чўк тушдим сен деган замон,
Дилга қамчи босдим тоғларинг томон.

Йилларни ўчириб ҳар изим билан,
Бордим, кафтим тўла юлдузим билан.
Чинордай талпиниб мутлақ самога,
Тупроғинг остида илдизим билан.
О, Ватан, ҳар кифтда биттадан осмон
Тутиб боравердим тоғларинг томон.

Қадам илиб бордим сўқмоқларга мен.
Дуч келдим, ялпиз-у янтоқларга мен.
Момоқалдироқлар қурди тўғонин,
Муштим уриб бордим чақмоқларга мен,
О, Ватан, йўлим оч, йўл бер, Отажон,
Бордим, бораяпман тоғларинг томон!..

09Нуриддин  РАСУЛЕВ
Қарши шаҳри

НИЛУГА

Поезд экан юрагим, Нилу,
Бекатларда сени кутувчи.
Тош шаҳарга эркаланган-у,
Лек қишлоққа олиб кетувчи.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Боғлиқ экан темир изларга.
Кўп одати ўхшаш экан-у,
Эшик очмас ўзга қизларга.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Вагонларга ҳислатинг ортган.
Кулиш, қараш, ранжиш, араз-у,
Ҳамроҳлари бахт, ишқ, ор ва шаън.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Бир хил экан йўриғи ҳатто.
Бир хилда жон асрашга масъул,
Ва ҳаққи йўқ қилмоққа хато.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Ҳеч кесишмас излар чизаркан.
Бу поезднинг рўли йўқ, Нилу,
Йўл қўймадинг йўлим чўзарга.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Изим тўла тош бўлиб кетдим.
Тош бекатда сени кутдим-у,
Тош бекатдан бош олиб кетдим.

Поезд экан юрагим, Нилу,
Кезаяпман қишлоқ, шаҳарда.
Сенга бир сўз айтолмадим-у,
Ҳайқираман энди сафарда:
«Поезд экан юрагинг, Нилу!,
Поезд экан юрагинг, Нилу!…»

044

        Feysbukdagi sahifalarda e’lon qilingan she’rlarni vaqt topganda kuzatib boraman.Yaxshi she’rga duch kelib qolsang, o’sha ijodkorni kuzata boshlaysan. Mana bugun ana shu kuzatishlar orqali topilgan yoki feysbukdagi men didiga ishongan davradoshlar sahifalarida e’lon qilingan she’rlarni mushoira shaklida sizga taqdim etmoqdaman. Albatta, bu she’rlarning saviyasi turlicha, ammo, ularda unayotgan urug’ning nur tomonga intilishidek tinimsiz harakatni ko’rasiz. Bundan keyin ham  (feysbukdagi davradoshlar yordamida) shu tarzdagi  mushoiralarni taqdim etib borish rejamiz bor.  Mushoira  ishtirokchilarining   she’rlari  kelgusida   alohida sahifalarda  taqdim etilishga ham ishonamiz.

07

Majnuna  JO’RAQULOVA
Navoiy viloyati

* * *

Tolxivichdan toychoq minib,
Bolaligim ketib qoldi.
Qoshlariga o’sma inib,
Singlim bo’yga yetib qoldi.

Onam dardin yashiradi
Sochlarining oqlariga.
Otam meni sog’inganda
Ovunadi bog’lariga.

Nega anov sharsharaning
Nolalari tinmaydi hech?!
Yur, ketaylik birga, desam,
Qizg’aldoqlar ko’nmaydi hech.

Boqsam, ona, ko’zlaringda
Gunohlarim balqib ketdi.
Turnalarga qo’l siltovdim,
Armonlarim anqib ketdi.

Qorlar yog’di oqqa bo’yab
Zaminning to’rt yog’larini.
Ming yil yog’sa ko’molmaydi
Yuragimning dog’larini.

Ey, muhabbat! Ayvoningdan
Boshim egib ketarman oh!
Men ismingni shivirlab ham
Aytolmadim, Xudo – guvoh!

Orzu yo’li olib ketdi,
Yulib ketdi quchog’ingdan.
Ona qishloq, ayro o’sdim,
Muhabbating, ardog’ingdan.

Ko’rgin, hanuz sarsonaman,
Bersang, suyib bergin, dunyo.
Men borguvchi manzillarga
Ism qo’yib bergin, dunyo.

Yuragini ochsin onam,
Oqartirma sochlarini.
Otam ko’ksin kerib yursin,
Egib qo’yma boshlarini.

Men-ku, meni qo’y so’rama
(Ko’zyoshlarim qalqib ketdi).
Turnalarga qo’l siltasam,
Armonlarim anqib ketdi.

* * *

Umr bog’larimda kezib yurar kuz,
Mayda yomg’irlari silar boshimni.
Bolam – shoir, deya oqlaydi hanuz
Bir zot, ko’rmaslik-chun ko’zda yoshimni.

Ulg’aytirib qo’ydi meni lahzalar,
Diydorlar qadrini anglatib qo’ydi.
Onam sandig’ida yiqqan sarpalar
Meni bolalikdan ajratib qo’ydi.

Uzaytirib qo’ydi bo’yimni dunyo,
Qishloqi ko’nglimni o’stirdi shahar.
Hayot zaxmatlarin ko’rsatdi Xudo,
Ota, sizni eslab uyg’ondim sahar.

Bunda boy berildi qancha muhabbat,
So’ksangiz ham so’zdan ortmagan qizman.
Bildim, peshonamga bitilmagan baxt,
Axir, otasiga tortmagan qizman.

Yolg’izlik bu, so’zning, she’rning jazosi,
Kimga ishonaman telba ko’nglimni?
Baxtli qilar emish ota duosi,
Ota, duo qiling ikki singlimni.

Bugun bog’larimda kezib yurar kuz,
Xazonlari to’lib borar yurakka.
Sochiga tolpopuk taqib olgan qiz
Singib ketdi o’tmish degan ertakka.

Ota, sog’inaman qishloqni,Sizni
Endi u yo’llarga bo’larmi qaytib?!
Unutsinlar so’zga sig’ingan qizni,
Boshqa yig’lamasin, onamga ayting.

Bunga qaytib kelmas bahorlar, ota,
Kuzga berib qo’ydim ko’ngillarimni.
Mayli, mening barcha bilganim xato,
Siz…
Faqat, duo qiling singillarimni,
Faqat, duo qiling singillarimni.

***

Shuncha baxtni qanday yashirar
Ko’zlarining ichiga qushlar?
Mayingina qanotlarida
Turishibdi osmonni ushlab.

Shuncha dardni qanday yashirar
Kichikkina ko’ksiga onam?
G’aribgina jussasi bilan
Meni ushlab turibdi u ham.

07

Zulxumor SHERMAMATOVA
Andijon

«Bu yurak yarimta, avayla», dedi,
Dedi: «Taqdiringda yoziq shu bitik».
Xo’p, dedim, yarimta yurakni olib,
Bir butun umrga qildim egalik!

Umrimning yarmini yashadim yorti,
Gohida quvondim, goho g’am ko’rib,
Ba’zan bir butun so’z yurakni yordi,
Ba’zan yarim kunda yashadim to’yib…

Kunlarim yarmidan tunga ulanib,
Bir-birin to’ldirib o’tdilar sokin…
Tunlari uxlasam oyga suyanib,
Yulduzlar nimadir aytdilar sekin.

Osmonning bir burchi nasibim bo’lsa,
Yettinchi toqiga qilmasman havas.
Shundog’am yarim dil ketibdi to’lib,
Butuni endi hech menga kerakmas!

BIR SO’Z…

Bir so’z bo’lsa edi jonga qadalgan,
Bo’lsaydi birgina menga yaralgan.
Bir so’z tug’ilsa-yu ursa zarb bilan,
Osmonga uchardim xasta qalb bilan…

Bir so’z bo’lsa edi olamni yoqqan,
Otashi koinot qa’riga botgan.
Bir so’z topilsaydi ming so’z o’rniga,
Xanjardek yovuzlik qahriga botgan…

Birgina so’z bo’lsa qilar kifoya,
Kelsayu bariga bersa nihoya.
Lol qolsa, dod solsa, yig’lasa shodlik
O’rnim bermayman deb qilsa shikoyat!

Hali kelmasidan ketishi oson,
U so’z tun ichidan nurday kelsaydi,
Yuksakka chorlasa bamisli azon,
Yuragim bu nurdan yonib ketsaydi …

Bir so’z bo’lsa edi, birgina shu so’z
Hammasi-hammasi unga cho’ksa tiz!
Behuda so’zlardan to’xtasa tillar
Faqat so’zlashmoqqa qolsa edi ko’z…

Birgina so’z bo’lsa, birgina u so’z
Yashil bihishtlardan tushgan yashil so’z
Dilimga yorug’lik olib kirardi,
Qora osmonlarga boqqan qora ko’z…

Bir armon, bir yurak, ko’p xato bilan
Bir so’z deyaverib qoldi bir o’zim,
Faqat dil ishonar keladi deya
Bir kuni men kutgan o’sha BIR SO’ZIM…

Bir so’z kelsa edi shuur taratgan,
Asrni soniyadek yo’lga qaratgan…

07

GAVHARSHOD BEGIM (Gavhar Eshqulova)
Navoiy viloyati

KAPALAK QANOTI

Yalt etgan nigohim pardalarida,
Kapalak qanoti yanglig’ vaqtim bor.
Qalbimning eng kichik zarralarida,
Hali tug’ilmagan sho’rlik baxtim bor.

Men bir kun ketarman, kiprikda o’kinch,
Shudring kabi o’ynab, uchar arg’amchi.
Yillab xotirim ham sizni qo’ymas tinch,
Sokin tun bag’rida ko’tarar qamchi.

Olis yulduz bo’lib, taratib shu’la,
Tong bo’lib boqaman hovlingiz tomon.
Derazangiz chertib, boshlab ashula,
Yomg’irdek yog’aman, o’rtanib nolon.

Garchi siz sezmaysiz, boqmaysiz qiyo,
Nahot, bu sen, deya to’kmaysiz ko’z yosh.
Entikib yog’aman va jim kutaman,
Deraza raxida yetgancha bardosh.

Hali ko’p qaytaman, men bahor bo’lib,
Qizg’aldoq shaklida jismim namoyon.
Eng yangi she’rimni aytaman to’lib,
Ohular, jayronlar tinglar yonma-yon.

Yalt etgan nigohim izlar bolishim,
Ko’zdamas, ko’ksimda tunaydi yoshim.
Men bir kun ketarman, orzu-xohishim:
“Kapalak qanoti silasa boshim…”

07

Mehrinoz ABBOSOVA
Namangan (Toshkent)

TANOVOR

Gulli ko’chalarda tashlayman qadam,
Gulgun hislarimda savollar tugun.
Balki u yonimda turar ayni dam,
Topolarmikinman uni shu bugun?

Qayrilib qarayman qani, qaerda,
Nahotki, yo’qlikka ketganman singib?
Nur bo’lib chiqaman zulmat bag’ridan,
Yoningga ketaman yellarni yengib.

Mana, senga oppoq yuragim tutdim,
Bir bor ko’rsatmaysan o’zingni nechun?
Seni eslayman, deb, o’zni unutdim,
O’zimni yo’qotdim seni topmoq – chun.

Sen esa qaerda, kutyapsan neni,
Qara ko’zlarimning sohillari nam.
Olamga xayqirib, chaqirsam seni,
Javob berar xatto tog’u toshlar ham.

Nega sukutdasan – nimaga jimsan,
Tinmay beraverdim shu savollarni?
Nigohing aksi bor falakka qasam,
Izlayverdim senga eltar yo’llarni.

Qaerga bormayin sezib turaman,
Ortimdan kuzatgan nigohing kuchin.
Jonimni beraman, borim beraman,
O’sha nigohingni ko’rmoqlik uchun.

Isming aytay desam, kuydi tomog’im,
Bo’g’zim – hamma yog’i ilma-teshik nay.
Hatto daraxtlar ham senga intilsa,
Men nega turishim kerak indamay?

Mashrabday dunyoni kezarman dalli,
– Sen tengsiz ma’shuqsan, biz – so’zsiz ushshoq.
Odimlasam faqat sening yoding-la,
Tikon ham yanchildi gul kabi yumshoq.

Sirqirab qon oqdi tovonlarimdan
Va bu qon tuproqqa qorishib ketdi.
Yuragim quyoshga aylandi birdan,
Ko’nglum ko’chalari yorishib ketdi.

Havoning shaklini ko’ra boshladim,
Shamolning rangini ilg’adim nogoh.
Sirli visolingni topishim haqqi,
Menga butun borliq bo’ldi xayrixoh.

Osmonda nigohing, gulda orazing,
Tog’larda savlating, bag’ring qirlarda.
Mayin sabolarda uchdi nafasing,
Siymong gavdalandi rangin nurlarda.

G’unchaning labida pichirlading sen,
Qushlar sen o’rgatgan qo’shiqni aytdi.
Yellar etagini hilpiratib keng,
Xiromon aylamish bog’larda daydi.

Bani borliq senga qilar ibodat,
Ruhim qushi sayrar sen tomon ucha.
Bildim, mujassamsan, sendan iborat
Zamindan to olis koinotgacha.

Entikdim nomingni takrorlayotib,
Seni axtarishni qilmasdan kanda.
Tun qora ko’rpasin ustiga yopib,
Oyni yostiq qilib uxlab yotganda.

Asta chayqaladi osmon dengizi,
Yulduzlar ko’zimga ketmoqda sachrab.
Har bir nafasimda nafasing sezib,
Ko’zimda ko’zingni qololsam asrab.

Topdim, senga bo’lgan chin ishqim g’olib,
Bildim, bildirmasdan kuzatayotgan kim.
Endi yuragimga joylashib olib,
Ko’zlarimdan qarab tur, Tangrim!
Ko’zlarimdan qarab tur, Tangrim!

07

Shohista Ergasheva

***

Men yig’ladim, mana ko’rib qo’y!..
Ko’zlarimni poylagan eding.
«Shu qizchani yig’lataman»-deb,
Kim bilan bahs boylagan eding?..

Ayt, kim eding menga qadar sen,
Ayt, yuraging shunchalar mardmi?!
Sendan butkul ketishim uchun,
Xudo haqqi deyishim shartmi…

Bil, guvohman gunohlaringga.
Men haddidan oshgan haddingman.
O’n sakkiz ming olam ichinda,
O’n sakkiz ming birinchi dunman.

Sen ham yig’la, men ham bir ko’ray,
Ko’zlaringga kelmasin malol.
Qo’rqma huzurimda, agar g’ururing
To’kilsa ham, bo’lmaydi uvol.

Sening bo’lsa, kechmishlaring ko’p,
Bir kuni sen mendan kechasan.
«Sevmadim» deb ont ichaman xo’b,,
Sen esa dardimdek sharob ichasan…

Kechikkan ham, ichikkan ham men.
Sen baloyim, sen mubtaloyim.
Ahding butun bo’lmadi, ammo
Baxting butun bo’lsin iloyim!

Baxtli bo’lgin, mendan baxtli bo’l !
Gar ko’zlaring o’zgani ko’rsa.
Nima qilay, Qodir Xudoyim
Meni, senga ilinib tursa…

… Men yig’ladim, mana ko’rib qo’y!..

* * *

Kim deb so’rab, nima qilasiz,
She’rimdagi o’sha yigitni.
Erta-indin to’yi bo’larmish
Keng yelkali shoir yigitni.

«Fe’ling keng qil»,- deydilar onam.
Shunday qilsam, qayg’u naridek…
Essizgina, uning ko’ngli ham,
Keng bo’lsaydi yelkalaridek!..

Qo’nimi yo’q qushga o’xshayman
Qo’nim bermas muhabbat cho’g’i.
Men-ku qushman, qanotsiz qushman,
Yuragi men yetmagan cho’qqi.

Xayolimdan sira ketmaydi
Kelishgan, hush suratli yigit.
Sevaman, deb bir bor aytmadi,
O’sha qo’rqoq «jur’atli» yigit.

Yuragimni tinmay titaman,
Ne qilardim, qiz boshim bilan…
Ortga qaytmas bo’lib ketaman,
Yurak nomli izvoshim bilan.

Baxtli bo’lsin… deyman tilimda,
Dilimda-chi, ayta olmayman.
Nima qilay,so’qir taqdirga,
Men hech qachon tan berolmayman.

Men o’zini ayagan xudbin,
Men jangdan so’ng, musht tuggan «mardman» .
Nima derdim, yurak chidagin,
Ich- ichimdan senga hamdardman!

Qo’ying, so’rab nima qilasiz,
Yuragimga yurgan yigitni…
Erta,indin to’yi bo’larmish
Keng yelkali, shoir yigitni…

07

Munira
ISMOILOVA

TARJIMAI HOL

Men asli onamning erka qiziman,
Suyinib qo’limga chuchmoma tutgan.
Ma’sum allasidan jon tomirimga
So’zning harir, qaynoq nafasi o’tgan.

Men asli otamning suygan yulduzi,
Garchi mansabi yo’q, u sodda odam.
Uning she’rin tinglab murg’ak qalbimga
Kirib kelgan edi Adabiyot ham.

Men asli akamning tanti guliman,
Boshiga ko’targan alpomishto’shim.
Burgut kabi mag’rur nigohlaridan
Uchqur bardoshginam to’plagan qo’shin.

Men asli opamning injiq singlisi,
Qo’llaridan tutib qo’ygandim qadam.
Iliq kaftlaridan singganligi rost,
Yuragim tubiga ingan mehr ham.

Biroq… Men ulardek bo’la olmadim,
Ko’zimga javdirar singlim va ukam.
Ularga hech narsa bera olmadim,
Men asli Hayotning xasis qiziman!

2012

07

Farida ISLOMOVA
Kitob (Toshkent)

* * *

Samimiyat…
Oddiygina so’z…
Kecha seni ko’rdim qaydadir.

Samimiyat…
Ey, bola ko’ngil…
Shoshar eding, balkim qaygadir…

Samimiyat…
Beg’ubor kulgu…
Umid qildim: Bir kun qaytadir…

Samimiyat…
Sensiz odamlar,
Bir-biriga ertak aytadir…

07

Gulruh XUDOYOROVA
Navoiy viloyat

ALDAYVERGIN

Aldayvergin, men ishonaman,
Qasam ichma osmon, yer bilan.
Ko’nglim topmoq judayam oson,
Aldash mumkin bitta she’r bilan.

Men aldansam hech narsa emas,
Bir she’r yozsam o’tib ketadi.
Bir chiqadi jahlim quyoshday,
So’ng quyoshday botib ketadi.

Qaytaman, de, men ishonaman,
Ortiqcha so’z aytib netasan?
Gar aldaging kelsa qattiqroq
Bir misra she’r yozib ketasan.

Iz ham qolmas gunohlaringdan,
Yuragimga botib ketadi.
So’ng jilmayib yashayveraman,
Bir she’r yozsam o’tib ketadi.

Meni alda, boshqani emas,
Yolg’oningni barin menga ber!
Xiyonatni yengolmas o’zga,
Axir, ular yozmaydi-ku she’r.

Men aldansam hech narsa emas!
Bir she’r yozsam o’tib ketadi…

07

Ilhom SHERALIEV
Qashqadaryo viloyati

O, VATAN!

Tog’lar enkayadi, etaklaringga,
Quyosh suqlanadi kurtaklaringga.
Alpomish yelkamdan tutdi har kuni,
Ishonib ulg’aydim ertaklaringa.
O, Vatan, yuksaldim tutganing hamon,
Ko’ksimni ko’tardim tog’laring tomon.

Mezondan arg’umchoq o’ynab o’sdimman,
Buloqlar boshida qaynab o’sdimman.
Shoirlik sarposi zalvordan zalvor,
Kiyay deb o’zimni qiynab o’sdimman.
O, Vatan, ko’z ochding ko’ksimda chunon,
Bordim, boraverdim tog’laring tomon.

Mozorlar yonidan o’tib yashadim,
Yurakni bo’g’zimga yutib yashadim.
O’pkamga to’ldirib tuproqlaringni,
Boshimni osmonga tutib yashadim.
O, Vatan, cho’k tushdim sen degan zamon,
Dilga qamchi bosdim tog’laring tomon.

Yillarni o’chirib har izim bilan,
Bordim, kaftim to’la yulduzim bilan.
Chinorday talpinib mutlaq samoga,
Tuprog’ing ostida ildizim bilan.
O, Vatan, har kiftda bittadan osmon
Tutib boraverdim tog’laring tomon.

Qadam ilib bordim so’qmoqlarga men.
Duch keldim, yalpiz-u yantoqlarga men.
Momoqaldiroqlar qurdi to’g’onin,
Mushtim urib bordim chaqmoqlarga men,
O, Vatan, yo’lim och, yo’l ber, Otajon,
Bordim, borayapman tog’laring tomon!..

07

Nuriddin RASULEV
Qarshi shahri

NILUGA

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Bekatlarda seni kutuvchi.
Tosh shaharga erkalangan-u,
Lek qishloqqa olib ketuvchi.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Bog’liq ekan temir izlarga.
Ko’p odati o’xshash ekan-u,
Eshik ochmas o’zga qizlarga.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Vagonlarga hislating ortgan.
Kulish, qarash, ranjish, araz-u,
Hamrohlari baxt, ishq, or va sha’n.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Bir xil ekan yo’rig’i hatto.
Bir xilda jon asrashga mas’ul,
Va haqqi yo’q qilmoqqa xato.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Hech kesishmas izlar chizarkan.
Bu poezdning ro’li yo’q Nilu,
Yo’l qo’ymading yo’lim cho’zarga.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Izim to’la tosh bo’lib ketdim.
Tosh bekatda seni kutdim-u,
Tosh bekatdan bosh olib ketdim.

Poezd ekan yuragim, Nilu,
Kezayapman qishloq, shaharda.
Senga bir so’z aytolmadim-u,
Hayqiraman endi safarda:
«Poezd ekan yuraging, Nilu!,
Poezd ekan yuraging, Nilu!…»

044

(Tashriflar: umumiy 5 792, bugungi 1)

4 izoh

  1. Mehrinoz sherlarizga gap yoq ijodiyizga omad bundanda ta’sirli she’rla kytamiza sizdan

  2. Mehrinoz opa sizni juda xurmat qilaman ijodizga juda qiziqaman.sizga o’xshashga xarakAt qilaman.
    havaskor shoira singliz.Nilufar

Izoh qoldiring