Shavkat Rahmon. She’rlar & Asqar Mahkam. Qop-qora chechaklar.

004
Адабиёт сарҳадига кирган ҳар қандай инсон ўзини тушунадиган, англайдиган суҳбатдошни излайди. Асқар қидирган суҳбатдошини Шавкат Раҳмон шахсиятида топди. Икки ижодкор салоҳияту салмоқда фарқлидир, аммо, моҳият ва эътиқод масаласида бир нуқтада турган шоирлар эди. Бу нуқта юрак ва иймон яқинлигида эди. Бу руҳий яқинлик Асқарнинг “Шавкат Раҳмон” шеърида ёрқин намоён бўлади:

Шоирлар бир куни ўлимдан олдин
Шундайин бир шеърни кетарлар айтиб:
“Мендан сўнг ортимда Тўғри Сўз қолсин,
Энди мен ҳеч қачон келмайман қайтиб.

Ой дедим қачонлар сариқ илонни,
У заррин заҳрини қуйди бўғзимга,
Мукаммал кўрай деб бани инсонни
Мен ханжар санчганман тунлар кўксимга...

Шавкат Раҳмон ҳам ёш дўстининг юксак эътиқодли инсон эканини биринчилардан бўлиб сезиб “Асқар Маҳкам – қаттиқ иймон шоири” дея эътироф этди.

Хуршид Давроннинг «Осмонга талпинган шоир» мақоласидан (Мақолани тўлиқ ўқинг).

009
АСЛ ЎЗБЕК ШОИРИ
Асқар Маҳкам
011

098 Шавкат Раҳмон шеърияти наинки ўзбек, балки, жаҳон адабиётида том маънодаги янгилик эканини танқидчилик ғайримардона сукут билан тан олди. Аммо, тили бўлишига қарамай у буни ошкора айтолмади.

Шавкат Раҳмон шеърини на тирик ва на ўлик тилларнинг бирортасига ўгиришнинг сира имкони йўқ. У асл ўзбек шоири. Бу ҳақда кейин…

Шавкат Раҳмонни сўнгги марта 2 октябрнинг намозшом маҳали касалхонада “сакароти мавт” лаҳзаларида кўрдим. Бу энг сўнгги учрашув эканига шубҳам йўқ эди. Мен аллақачон руҳан ўзимни бу лаҳзаларга чоғлаган, аммо бу қандай мардонаворликки, шоир ҳам умрининг видоий лаҳзаларига қоим эди.
“Қандайсиз Шавкат?” – деди ёнимдаги дўстлардан бири. Сўнгги нафасларини бу дунёга ташлаб кетаётган шоир бош бармоғини кўрсатди. Бу унинг “михдекман” дегани эди…

Шавкат Раҳмоннинг (Оллоҳ раҳмат айласин) энди жонсиз чеҳрасига эрталаб тикилдим. У бир кечада роппа-роса ўттиз йилга кексарганди.

Шоир бу бедаво дард билан сурункасига бир йил тиккама-тикка олишди. У одам иродаси ҳатто ажалдан ҳам устун келади, деб ўйларди. Шоир беморлигида ҳам шеърлардагидай гўзал ва мардона эди.

Энди бу орияти қиличдек кескир, иродаси Сулаймонтоғдек шоирнинг мағрур ва қайсар сиймоси, ҳеч кимнига ўхшамаган, ўзининг таъбири билан айтганда, “заҳар сўзлари” тарих дафинасидан жой олди.

Шавкат Раҳмондан кейин шоир бўламан деганларга қийин. Шавкат Раҳмонни кўрмаганлар унинг сўзлари қадр-қимматини топган замонлар келганидан сўнг, ўтириб олиб ўкирадилар. Бу зарра муболаға эмас. У чинакам сўз афсунгари эди. Сиз бу сатрларни одам зоти ёзганига ишонарсиз. Мен эса ишонмайман.

Армоним улғайди…
Кеча сўйлардим —
Қанийди бўлсайди бирорта мард дўст.
Бугун қон йиғларман —
Денгиз бўлсайди.
Бўлсайди улуғвор уммонларга йўл.
Армоним улуғдир…
Кўзёшим улкан.
Ўлсам жасадимга юртим тўлажак.
Сўнгги зуриёдимни заҳарлар қуллар,
Сўнгги чечакларим айнаб сўлажак…

Менинг қўлимда Шавкат Раҳмоннинг ўзи тартиб берган ва балки энг сўнгги шеърларидан жамланган “Қоп-қора чечаклар” тўплами турибди. Мен бу асабий ва мажнунвор Сўзларни ўқишга қаттиқ қийналдим. Ва ногаҳон даҳшатли ҳақиқатга юзма-юз келдим. Бу ҳақиқатни қип-яланғоч тарзда ифода этган Сўзлар Шавкат Раҳмоннинг айнан ўзи эди.

Бу сўзларда унинг ўзиники каби босиқ ва ўйчан нигоҳ, салобатли қиёфа ва ғижимлаб ташланган анордек юрак зуҳур этиб турарди. Бу шафқатсиз шеърлар уни олиб кетган дардига ташхис эди…

Пайғамбар алайҳиссалом, кимда-ким менинг номимдан айтилган сўзга шубҳаланса, демак у менинг сўзим эмас, деган эдилар. Бу сўзга пайғамбарона сиддиқликнинг пайғамбарона рамзи. Шавкат Раҳмоннинг сўзи унинг Ҳақиқати, Руҳонияти ва Абадиятига тирик бурҳондир.

Сиз қуйида буюк шоирнинг сўнгги, ҳали дунё юзини кўрмаган “Қоп-қора чечаклар” тўпламидан айрим шеърларни мутолаа қиласиз.

005
Шавка РАҲМОН
ҚОП — ҚОРА ЧЕЧАКЛАР
Шеърлар
006

ЎШКЕНТ ЛАҲЗАСИ

Оқ чўққилар,шавақи сойлар
яшилликка кўмилган моҳтоб.
Мовий осмон ёйилмасида
сузар улкан олмадай офтоб.

Хаёлимнинг тиришларига
гуллар оқиб келар қаёдан –
рўмолларнинг тирқишларидан
йилт эткизиб қарар аёллар.

Бир дақиқа ўйга ботибман,
жодуланиб шивирлар лабим.
Бир қарасам тошдай қотибман,
оёқларим илдизлар каби…

1980

МАШҚ

Қоронғи боғ, хилватда
ўт-ўланлар шовиллар,
гўё зулмат гирватида
юзлашгандай довуллар.

Қоронғида йиғлар ким,
ким келадир йироқдан?
Чарақлайди йилдирим
тўқнашгандай пичоқлар.

Телбадай жим бораман,
юракка қон сиғмайди,
шум довуллар қорнида
ажинлар йиғлайди…

Гўё зулмат босгандай
янграр бойқуш нидоси,
шамол ўйнар тошларда,
бу —  дунё ибтидоси,
бу —  дунё интиҳоси.

1978

ҚУМАРУ

Кўкмак дала,
осмон қорайган,
чўкаётгандай булут карвони.
Сескантирар жийдазорлардан
қочаётган қушлар фарёди.

Йўллар қадим…
тутлар қариган…
сувлар симоб каби ялтирар.
Сукунатнинг теран қаърида
уйғонмоқда саслар қалтираб.

Асов кўнгил…
эргашар андом,
қадим йўлдан қайга етаклар.
Қоронғилик қуюлар қандоқ,
қандоқ титрар эди чечаклар.

Ўсиб борар қоп-қора беша,
совиб борар йўллар турпоғи.
Кўнгил ташна…
Қондирай десам,
қайнаб турар ғамлар булоғи.

1978

ГЎЛ

Бу гўл ердир,
дангаса эмас,
гўл бўлсаям ерларнинг зўри,
кузни кузу қишин қиш демас,
кўзларини бўлмайди кўриб,
яъни, ишдан кўтармайди бош,
берар ипак, қоракўл, пахта,
олтин, кумуш яна мармартош,
тағин ҳақин сўрамас хардай.

Бу гўл ердир,
ҳамма ёғига
фақат қизил шиор осилган,
ҳеч очилмас милярд оғзига
босқинчилар муҳри босилган.
Қиёфати тағинам қизиқ,
кўрай десанг жисму рангини,
шошилмасдан сувратин чизгин
терга ботган миён занжини.

1984

МАШҚ

Тун.
Олмазор элас илғанар
далаларнинг кенг оғушида.
Оқиб ётар олтин жилғалар
олмаларнинг сокин тушида.

Шаввасида нурлар қайнаган
хилватдаги жилғага бордим,
тақдиридан ҳасрат айланган
хаста дилни қўйиб юбордим.

Қариқизлар,
етим ялпизлар
қучоғида кетдим ҳушимдан,
чўмилаётган ситора қизлар,
олмазорни кўрдим тушимда.

Даф қилди кун
милён йилдирим
қудратини жамлаб зарбига,
воҳ, ўйнарди ғамзада дилим
жилғаларнинг зумрад лабида.

Тушимни ё ўнгимни билмай
қараб қолдим кўзимда вола,
кўз ўнгимда кечаги дилмас,
ўйнарди бир жонсарак бола.

Дилим,
дунё даъюсларидан
қора терга ботган ғуломим,
настариндай пок ҳисларидан
туфдонларни қилган кулолим,

жудо бўлдинг табиатингдан,
бўғзингда бор бир шода мўлдир,
жудо бўлдинг тариқатингдан,
энди тинчиб қафасда ўлтир.

Далалардан
шаҳарга қайтдим,
унда касга каслар ғанимдир.
Йўл бўйича кўкрак қафасим
қаттиқ-қаттиқ муштлардир кимдир…

1980

ШАХС ҚИСМАТИ

Хаёли шан,
андоми ўктам,
дарё каби жўшқин зот эди,
энди пода босган бу йўлда
сариқ кўлмак каби ётибди.

Асилзода,
асли бек эди,
кулдай тўзди қуллар ичида,
бутун умр тирнади ерни
пахта деган ойим ишқида.

Қочиб кетди
оҳ, кетди қочиб,
қоровуллар чалғиган дамда,
қўли очиқ,
юраги очиқ,
кўзи очиқ улуғ одам-да.

1986

ВИСОЛ

Аста-аста эриб боради
нарсаларнинг зарралари ҳам,
икки қушча бир-бирин суяр
япроқларнинг ораларида…

Шаббодалар олиб келади
райҳонларнинг ўткир нафасин,
япроқларнинг ораларида
икки қушнинг бахтиёр саси.

Кеча узун,
хаёлдай узун,
ундан узун қоронғу сукун,
ҳадиксираб тураман фақат,
ногоҳ келиб қолмасайди кун.

1980

ЎЗГАЛАР ДАРДИ…

Қушчалар,
сайроқи қушчалар
қафасда бўғилиб сайрашар,
бетоқат потирлаб симларга
ўралган оламга қарашар…

Қушчалар,
озодруҳ қушчалар
оламдан кўзларин узмайди,
чирқираб ўзларин ҳолимас,
ўзгалар ҳолига бўзлайди.

1980

ҲАММА

Бунда чумчуқ
ерга қўнмайди,
бунда парвоз қилмайди нағма,
қулгани ҳеч кимса кўнмайди,
қўрқиб яшар ҳаммадан ҳамма.

Ҳамма хомуш,
ҳамма бир ғамда,
аланглайди атрофга нуқул,
Хуллас, сен-да яша ҳаммадай,
ҳамма кулган дақиқада кул.

1982

БИРОВНИНГ ГУЛИ…

Деворла ўралган ҳовли ичида
ариқча лабига эгилган куйи,
атиргул ўртанар кимнинг ишқида,
эпкиндан қалтирар,
тўзғиган ўйи.

Эй десам,
атиргул ёмон титради,
тўкилиб кетдими дедим ҳидлари,
нураган деворнинг берги ёғида
бузилган юрагим нозик питради.

Шундоқ гул…
кимсасиз ҳовли ичида,
бегона нигоҳдан титрайди мунча.
Мунчалар хокисор кимнинг ишқида,
авжида очилган,
эмасди ғунча…

Шундоқ гул…
ҳалиям боқар ҳаёсиз,
ахир сал яширса дейман дардларин,
эҳ, шўрлик,
тобора қуёш аёвсиз,
ҳадемай тўкилар бахмал барглари.

Бир ўтди нигоҳдан титрайди ёмон,
журъатли бир қўлнинг садқаси, қули.
Ўзиям гулмисан гул эди аммо
бировнинг гулийди,
бировнинг гули…

1989

БЎРИЛАР

Қирғин келди
вабо келгандай,
мурдалар ҳам турди гўрида — —
кўпикланган қора селлардай
урчиб кетди қонхўр бўрилар.

Очлик урган туркий ўлкада,
офат чиққан маконларда ҳам
парчаланган зулмат кўлкаси
пайдо бўлар эди дафъатан.

Кунлар —
очиқ ярадай қонли,
тунлар —
ойдин харобазорлар,
жасадларга тўла тонгларни
сирқиратар фарёди борлар.

Эл қирилди туркий ўлкада,
эр қолмади — — келди ажали,
ким қонига ботди йўлкада,
ким ғажилди номоз маҳали.

Йиллар ўтди.
Гўё ҳаммани
чалғитгандай вақтинча кулфат,
қонга ташна милён шарпани
яширгандай қаърида зулмат.

Аҳли муслим,
энди огоҳ бўл,
Қонхўр гала ҳали тирикдир,
ўлар бўлсанг озодлардай ўл,
қолар бўлсанг энди бириккин.

Токим ёвуз тумшиғин суқса,
аждодларнинг азиз гўрига,
жим турмасин қўймижозли халқ,
бас келолмай битта бўрига.

Кўрсат дейман —
қаҳру ғазабдан
гўрларида турсин мурдалар,
руҳи озод бўлсин азобда
ғулларини суйиб юрганлар.

Токим
ҳар бир муслим қабрига
ҳеч яширмай кўзда ёшини,
авлодлар ҳам лаънат лавҳимас,
қўйса дейман қабр тошини.

1986

ТУТЗОР ХОТИРАЛАРИ

Тутлар —
каллакланган биродарларим,
осмонга бош тираб турибсиз ҳамон,
майишган тимсоҳдай баданларингиз,
даҳшатли қудратла эзгандай осмон.

Турибсиз
ҳабаший қуллардай маҳзун,
йўқ, туркий шевали паҳлавонлардай,
қадимдан боболар қолдирган дузни
ҳар турлук балодан сақлаётгандай.

Тилимни,
дилимни билган ўзларим,
дузларда қопкетган содда нарларим,
шамол бўлай бердим тўзғитайин деб
бошингиз устида сузган дардларни.

Бугун-чи,
бир зумга тут бўлганим келди,
осмонни кўтариб турай бир нафас,
сиздай посбон бўлиб асрайин элни,
мен-да замин билан пинҳон сирлашай.

…Тўсатдан қоматим қисирлаб кетди,
сизлардай майишдим, бироқ синмадим,
осмоннинг бўлаги тушди елкамга,
тупроққа ботдиму бутгул сингмадим.

Воҳ, ер тагидаям боболар эрдир,
шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга
кифтларини тираб тасалли берди,
кўзингни узма деб юлдузларингдан.

Энди мен ҳам тутман,
қувват берар ер,
шоҳларим гуркираб ўсган чоғида,
енгилроқ бўлсин деб,
қийналмасин деб,
каллаклаб туришар мени гоҳида.

Аммо мен —
азалдан исёнкор бола,
қанчалик тутақиб чопқи урсалар,
ҳар чопқи зулмидан янги руҳ ола
шохларим шунчалик ўсар гуркираб.

Айтарсиз,
бу қадар исён қаёқдан,
аммо тут дардини билажак тутлар,
фақат темир косов турар таёқдай
одамлар ит каби байланган юртда.

Боболар хокларин тўнғиз босипти,
қум каби тўзғиган қадим ҳудудлар,
золимга басма-бас ўсмоқ лозимдир
одамлар тупроққа айланган юртда.

Кессалар кессинлар,
чандон ўсармиз,
эркимиз борлигин кўриб қўйсинлар.
Ҳар баҳор чоғида чандон жўшармиз,
золимлар зулмга қараб тўйсинлар.

Ўсмасак,
келипти балоғат гали
тиғ каби илдизлар ердан узилар,
бу ғариб масканда асқотар ҳали
довюрак ботирлар учун гурзилар.

1986

Манба:»Туркистон» журнали, 1997, 2-сон

004
Adabiyot sarhadiga kirgan har qanday inson o’zini tushunadigan, anglaydigan suhbatdoshni izlaydi. Asqar qidirgan suhbatdoshini Shavkat Rahmon shaxsiyatida topdi. Ikki ijodkor salohiyatu salmoqda farqlidir, ammo, mohiyat va e’tiqod masalasida bir nuqtada turgan shoirlar edi. Bu nuqta yurak va iymon yaqinligida edi. Bu ruhiy yaqinlik Asqarning “Shavkat Rahmon” she’rida yorqin namoyon bo’ladi: 

Shoirlar bir kuni o’limdan oldin
Shundayin bir she’rni ketarlar aytib:
“Mendan so’ng ortimda To’g’ri So’z qolsin,
Endi men hech qachon kelmayman qaytib.

Oy dedim qachonlar sariq ilonni,
U zarrin zahrini quydi bo’g’zimga,
Mukammal ko’ray deb bani insonni
Men xanjar sanchganman tunlar ko’ksimga…

Shavkat Rahmon ham yosh do’stining yuksak e’tiqodli inson ekanini birinchilardan bo’lib sezib “Asqar Mahkam – qattiq iymon shoiri” deya e’tirof etdi.

Xurshid Davronning «Osmonga talpingan shoir» maqolasidan (Maqolani to’liq o’qing)

009
ASL O’ZBEK SHOIRI
Asqar Mahkam
03

001

 Shavkat Rahmon she’riyati nainki o’zbek, balki, jahon adabiyotida tom ma’nodagi yangilik ekanini tanqidchilik g’ayrimardona sukut bilan tan oldi. Ammo, tili bo’lishiga qaramay u buni oshkora aytolmadi.

Shavkat Rahmon she’rini na tirik va na o’lik tillarning birortasiga o’girishning sira imkoni yo’q. U asl o’zbek shoiri. Bu haqda keyin…

Shavkat Rahmonni so’nggi marta 2 oktyabrning namozshom mahali kasalxonada “sakaroti mavt” lahzalarida ko’rdim. Bu eng so’nggi uchrashuv ekaniga shubham yo’q edi. Men allaqachon ruhan o’zimni bu lahzalarga chog’lagan, ammo bu qanday mardonavorlikki, shoir ham umrining vidoiy lahzalariga qoim edi.
“Qandaysiz Shavkat?” – dedi yonimdagi do’stlardan biri. So’nggi nafaslarini bu dunyoga tashlab ketayotgan shoir bosh barmog’ini ko’rsatdi. Bu uning “mixdekman” degani edi…

Shavkat Rahmonning (Olloh rahmat aylasin) endi jonsiz chehrasiga ertalab tikildim. U bir kechada roppa-rosa o’ttiz yilga keksargandi.

Shoir bu bedavo dard bilan surunkasiga bir yil tikkama-tikka olishdi. U odam irodasi hatto ajaldan ham ustun keladi, deb o’ylardi. Shoir bemorligida ham she’rlardagiday go’zal va mardona edi.

Endi bu oriyati qilichdek keskir, irodasi Sulaymontog’dek shoirning mag’rur va qaysar siymosi, hech kimniga o’xshamagan, o’zining ta’biri bilan aytganda, “zahar so’zlari” tarix dafinasidan joy oldi.

Shavkat Rahmondan keyin shoir bo’laman deganlarga qiyin. Shavkat Rahmonni ko’rmaganlar uning so’zlari qadr-qimmatini topgan zamonlar kelganidan so’ng, o’tirib olib o’kiradilar. Bu zarra mubolag’a emas. U chinakam so’z afsungari edi. Siz bu satrlarni odam zoti yozganiga ishonarsiz. Men esa ishonmayman.

Armonim ulg’aydi…
Kecha so’ylardim —
Qaniydi bo’lsaydi birorta mard do’st.
Bugun qon yig’larman —
Dengiz bo’lsaydi.
Bo’lsaydi ulug’vor ummonlarga yo’l.
Armonim ulug’dir…
Ko’zyoshim ulkan.
O’lsam jasadimga yurtim to’lajak.
So’nggi zuriyodimni zaharlar qullar,
So’nggi chechaklarim aynab so’lajak…

Mening qo’limda Shavkat Rahmonning o’zi tartib bergan va balki eng so’nggi she’rlaridan jamlangan “Qop-qora chechaklar” to’plami turibdi. Men bu asabiy va majnunvor So’zlarni o’qishga qattiq qiynaldim. Va nogahon dahshatli haqiqatga yuzma-yuz keldim. Bu haqiqatni qip-yalang’och tarzda ifoda etgan So’zlar Shavkat Rahmonning aynan o’zi edi.

Bu so’zlarda uning o’ziniki kabi bosiq va o’ychan nigoh, salobatli qiyofa va g’ijimlab tashlangan anordek yurak zuhur etib turardi. Bu shafqatsiz she’rlar uni olib ketgan dardiga tashxis edi…

Payg’ambar alayhissalom, kimda-kim mening nomimdan aytilgan so’zga shubhalansa, demak u mening so’zim emas, degan edilar. Bu so’zga payg’ambarona siddiqlikning payg’ambarona ramzi. Shavkat Rahmonning so’zi uning Haqiqati, Ruhoniyati va Abadiyatiga tirik burhondir.

Siz quyida buyuk shoirning so’nggi, hali dunyo yuzini ko’rmagan “Qop-qora chechaklar” to’plamidan ayrim she’rlarni mutolaa qilasiz.

005
Shavka RAHMON
QOP — QORA CHECHAKLAR
She’rlar
006

O’SHKENT LAHZASI

Oq cho’qqilar,shavaqi soylar
yashillikka ko’milgan mohtob.
Moviy osmon yoyilmasida
suzar ulkan olmaday oftob.

Xayolimning tirishlariga
gullar oqib kelar qayodan –
ro’mollarning tirqishlaridan
yilt etkizib qarar ayollar.

Bir daqiqa o’yga botibman,
jodulanib shivirlar labim.
Bir qarasam toshday qotibman,
oyoqlarim ildizlar kabi…

1980

MASHQ

Qorong’i bog’, xilvatda
o’t-o’lanlar shovillar,
go’yo zulmat girvatida
yuzlashganday dovullar.

Qorong’ida yig’lar kim,
kim keladir yiroqdan?
Charaqlaydi yildirim
to’qnashganday pichoqlar.

Telbaday jim boraman,
yurakka qon sig’maydi,
shum dovullar qornida
ajinlar yig’laydi…

Go’yo zulmat bosganday
yangrar boyqush nidosi,
shamol o’ynar toshlarda,
bu — — dunyo ibtidosi,
bu — — dunyo intihosi.

1978

QUMARU

Ko’kmak dala,
osmon qoraygan,
cho’kayotganday bulut karvoni.
Seskantirar jiydazorlardan
qochayotgan qushlar faryodi.

Yo’llar qadim…
tutlar qarigan…
suvlar simob kabi yaltirar.
Sukunatning teran qa’rida
uyg’onmoqda saslar qaltirab.

Asov ko’ngil…
ergashar andom,
qadim yo’ldan qayga yetaklar.
Qorong’ilik quyular qandoq,
qandoq titrar edi chechaklar.

O’sib borar qop-qora besha,
sovib borar yo’llar turpog’i.
Ko’ngil tashna…
Qondiray desam,
qaynab turar g’amlar bulog’i.

1978

GO’L

Bu go’l yerdir,
dangasa emas,
go’l bo’lsayam yerlarning zo’ri,
kuzni kuzu qishin qish demas,
ko’zlarini bo’lmaydi ko’rib,
ya’ni, ishdan ko’tarmaydi bosh,
berar ipak, qorako’l, paxta,
oltin, kumush yana marmartosh,
tag’in haqin so’ramas xarday.

Bu go’l yerdir,
hamma yog’iga
faqat qizil shior osilgan,
hech ochilmas milyard og’ziga
bosqinchilar muhri bosilgan.
Qiyofati tag’inam qiziq,
ko’ray desang jismu rangini,
shoshilmasdan suvratin chizgin
terga botgan miyon zanjini.

1984

MASHQ

Tun.
Olmazor elas ilg’anar
dalalarning keng og’ushida.
Oqib yotar oltin jilg’alar
olmalarning sokin tushida.

Shavvasida nurlar qaynagan
xilvatdagi jilg’aga bordim,
taqdiridan hasrat aylangan
xasta dilni qo’yib yubordim.

Qariqizlar,
yetim yalpizlar
quchog’ida ketdim hushimdan,
cho’milayotgan sitora qizlar,
olmazorni ko’rdim tushimda.

Daf qildi kun
milyon yildirim
qudratini jamlab zarbiga,
voh, o’ynardi g’amzada dilim
jilg’alarning zumrad labida.

Tushimni yo o’ngimni bilmay
qarab qoldim ko’zimda vola,
ko’z o’ngimda kechagi dilmas,
o’ynardi bir jonsarak bola.

Dilim,
dunyo da’yuslaridan
qora terga botgan g’ulomim,
nastarinday pok hislaridan
tufdonlarni qilgan kulolim,

judo bo’lding tabiatingdan,
bo’g’zingda bor bir shoda mo’ldir,
judo bo’lding tariqatingdan,
endi tinchib qafasda o’ltir.

Dalalardan
shaharga qaytdim,
unda kasga kaslar g’animdir.
Yo’l bo’yicha ko’krak qafasim
qattiq-qattiq mushtlardir kimdir…

1980

SHAXS QISMATI

Xayoli shan,
andomi o’ktam,
daryo kabi jo’shqin zot edi,
endi poda bosgan bu yo’lda
sariq ko’lmak kabi yotibdi.

Asilzoda,
asli bek edi,
kulday to’zdi qullar ichida,
butun umr tirnadi yerni
paxta degan oyim ishqida.

Qochib ketdi
oh, ketdi qochib,
qorovullar chalg’igan damda,
qo’li ochiq,
yuragi ochiq,
ko’zi ochiq ulug’ odam-da.

1986

VISOL

Asta-asta erib boradi
narsalarning zarralari ham,
ikki qushcha bir-birin suyar
yaproqlarning oralarida…

Shabbodalar olib keladi
rayhonlarning o’tkir nafasin,
yaproqlarning oralarida
ikki qushning baxtiyor sasi.

Kecha uzun,
xayolday uzun,
undan uzun qorong’u sukun,
hadiksirab turaman faqat,
nogoh kelib qolmasaydi kun.

1980

O’ZGALAR DARDI…

Qushchalar,
sayroqi qushchalar
qafasda bo’g’ilib sayrashar,
betoqat potirlab simlarga
o’ralgan olamga qarashar…

Qushchalar,
ozodruh qushchalar
olamdan ko’zlarin uzmaydi,
chirqirab o’zlarin holimas,
o’zgalar holiga bo’zlaydi.

1980

HAMMA

Bunda chumchuq
yerga qo’nmaydi,
bunda parvoz qilmaydi nag’ma,
qulgani hech kimsa ko’nmaydi,
qo’rqib yashar hammadan hamma.

Hamma xomush,
hamma bir g’amda,
alanglaydi atrofga nuqul,
Xullas, sen-da yasha hammaday,
hamma kulgan daqiqada kul.

1982

BIROVNING GULI…

Devorla o’ralgan hovli ichida
ariqcha labiga egilgan kuyi,
atirgul o’rtanar kimning ishqida,
epkindan qaltirar,
to’zg’igan o’yi.

Ey desam,
atirgul yomon titradi,
to’kilib ketdimi dedim hidlari,
nuragan devorning bergi yog’ida
buzilgan yuragim nozik pitradi.

Shundoq gul…
kimsasiz hovli ichida,
begona nigohdan titraydi muncha.
Munchalar xokisor kimning ishqida,
avjida ochilgan,
emasdi g’uncha…

Shundoq gul…
haliyam boqar hayosiz,
axir sal yashirsa deyman dardlarin,
eh, sho’rlik,
tobora quyosh ayovsiz,
hademay to’kilar baxmal barglari.

Bir o’tdi nigohdan titraydi yomon,
jur’atli bir qo’lning sadqasi, quli.
O’ziyam gulmisan gul edi ammo
birovning guliydi,
birovning guli…

1989

BO’RILAR

Qirg’in keldi
vabo kelganday,
murdalar ham turdi go’rida — —
ko’piklangan qora sellarday
urchib ketdi qonxo’r bo’rilar.

Ochlik urgan turkiy o’lkada,
ofat chiqqan makonlarda ham
parchalangan zulmat ko’lkasi
paydo bo’lar edi daf’atan.

Kunlar —
ochiq yaraday qonli,
tunlar —
oydin xarobazorlar,
jasadlarga to’la tonglarni
sirqiratar faryodi borlar.

El qirildi turkiy o’lkada,
er qolmadi — — keldi ajali,
kim qoniga botdi yo’lkada,
kim g’ajildi nomoz mahali.

Yillar o’tdi.
Go’yo hammani
chalg’itganday vaqtincha kulfat,
qonga tashna milyon sharpani
yashirganday qa’rida zulmat.

Ahli muslim,
endi ogoh bo’l,
Qonxo’r gala hali tirikdir,
o’lar bo’lsang ozodlarday o’l,
qolar bo’lsang endi birikkin.

Tokim yovuz tumshig’in suqsa,
ajdodlarning aziz go’riga,
jim turmasin qo’ymijozli xalq,
bas kelolmay bitta bo’riga.

Ko’rsat deyman —
qahru g’azabdan
go’rlarida tursin murdalar,
ruhi ozod bo’lsin azobda
g’ullarini suyib yurganlar.

Tokim
har bir muslim qabriga
hech yashirmay ko’zda yoshini,
avlodlar ham la’nat lavhimas,
qo’ysa deyman qabr toshini.

1986

TUTZOR XOTIRALARI

Tutlar —
kallaklangan birodarlarim,
osmonga bosh tirab turibsiz hamon,
mayishgan timsohday badanlaringiz,
dahshatli qudratla ezganday osmon.

Turibsiz
habashiy qullarday mahzun,
yo’q, turkiy shevali pahlavonlarday,
qadimdan bobolar qoldirgan duzni
har turluk balodan saqlayotganday.

Tilimni,
dilimni bilgan o’zlarim,
duzlarda qopketgan sodda narlarim,
shamol bo’lay berdim to’zg’itayin deb
boshingiz ustida suzgan dardlarni.

Bugun-chi,
bir zumga tut bo’lganim keldi,
osmonni ko’tarib turay bir nafas,
sizday posbon bo’lib asrayin elni,
men-da zamin bilan pinhon sirlashay.

…To’satdan qomatim qisirlab ketdi,
sizlarday mayishdim, biroq sinmadim,
osmonning bo’lagi tushdi yelkamga,
tuproqqa botdimu butgul singmadim.

Voh, yer tagidayam bobolar erdir,
shu lahza tig’ misol ildizlarimga
kiftlarini tirab tasalli berdi,
ko’zingni uzma deb yulduzlaringdan.

Endi men ham tutman,
quvvat berar yer,
shohlarim gurkirab o’sgan chog’ida,
yengilroq bo’lsin deb,
qiynalmasin deb,
kallaklab turishar meni gohida.

Ammo men —
azaldan isyonkor bola,
qanchalik tutaqib chopqi ursalar,
har chopqi zulmidan yangi ruh ola
shoxlarim shunchalik o’sar gurkirab.

Aytarsiz,
bu qadar isyon qayoqdan,
ammo tut dardini bilajak tutlar,
faqat temir kosov turar tayoqday
odamlar it kabi baylangan yurtda.

Bobolar xoklarin to’ng’iz bosipti,
qum kabi to’zg’igan qadim hududlar,
zolimga basma-bas o’smoq lozimdir
odamlar tuproqqa aylangan yurtda.

Kessalar kessinlar,
chandon o’sarmiz,
erkimiz borligin ko’rib qo’ysinlar.
Har bahor chog’ida chandon jo’sharmiz,
zolimlar zulmga qarab to’ysinlar.

O’smasak,
kelipti balog’at gali
tig’ kabi ildizlar yerdan uzilar,
bu g’arib maskanda asqotar hali
dovyurak botirlar uchun gurzilar.

1986

Manba:»Turkiston» jurnali, 1997, 2-son

088

(Tashriflar: umumiy 1 069, bugungi 1)

Izoh qoldiring