Nosirjon Jo’rayev. She’rlar & Behzod Qobil. «Sen meni o’qiding, ko’ksimni yorib…»

054     Носиржон Жўраевнинг шеърларини деярли ёд биламан. Аксариятини биринчилардан бўлиб ўқиганман. Ўхшамаган мисраларини биргалашиб муҳокама қилганмиз, баҳслашганмиз. Аммо ҳар сафар янги бир шеър туғилганда ўртадаги тушунмовчилик тумандай тарқайди – яна мутолаа, яна муҳокама…

“СЕН МЕНИ ЎҚИДИНГ, КЎКСИМНИ ЁРИБ…”
Беҳзод Қобул
021

044Носиржон Жўраевнинг шеърларини деярли ёд биламан. Аксариятини биринчилардан бўлиб ўқиганман. Ўхшамаган мисраларини биргалашиб муҳокама қилганмиз, баҳслашганмиз. Аммо ҳар сафар янги бир шеър туғилганда ўртадаги тушунмовчилик тумандай тарқайди – яна мутолаа, яна муҳокама…

Носиржоннинг топган-қўллаган ташбеҳлари жуда серқатламлиликни, мутлақ ажралиб туришни даъво қилмайди. Кўз ўнгимизда кечаётган воқелик унинг нигоҳида поэтик маъно таший бошлайди: “Мушт тугсам – куртакдир, кафт ёзсам – япроқ”; “Киприк қоқишидан чиққай бир наво”; “Пешонамга омоч тортади кунлар”. Битта шеърда кўпи билан икки-учта ташбеҳдан фойдаланган шоир кейинги мисраларда туйғуларнинг ўзига, қалбнинг айтганига кўнади-қўяди. Фикрни ўраб-чирмаб, шира боғлатиб айтишга ошиқмайди.

Носиржоннинг назмдаги ёқимли тажрибаларидан бири образ яратишда кўринади. Унинг шеърларида дарпарда, стул, ёқа, куйлак, ўчоқ, ноябрь, август сингари турли тушунчалар бадиий образга айланади. “Оқшом уйга кирди ёлғизлик”, деб ёзади шоир. У уйга кириб, “диваннинг ярмига ўзини ташлайди”, кейин “худди улкан кўздек бақраяр кўзгу”, “кўкрак қафасини ланг очар шкаф”, “дарпарда ўралиб келади эзгин” – хуллас, уйда ёлғизлик руҳи кезиб юрибди. Шоир ана шундай манзарани усталик билан чизар экан, ўқувчини навбатдаги, янада оғирроқ бахтсизлик билан юзлашишга тайёрлаётган чиқади. “Ёстиқ ёш боладек кирар пинжига” деган сатр ўқувчи қалбини портлатади. Ана ўша манзарани кўз олдингизга келтиргачгина, фожеанинг кўламини чуқурроқ ҳис қиласиз. Бу номсиз, шонсиз одамга ва айни тасвирни бамайлихотир чизаётган мусаввир-шоирга таассуф қиласиз Аммо шеър буткул руҳсиз, умидсиз якунланганда, эҳтимол, муаллифдан ёзғирар эдик. Асар якунида узилар-узилмас сақлаб келинган умид ипи бўй кўрсатади:

Чорасиз кўз юмар – ухлар ёлғизлик,
Онаси қавиган кўрпа ёпиниб.
Туш кўрар. Тушида юрганмиш тирик
Аллақаёқларга кетган хотини…

Шеър якунидаги “тирик” деган сўз, услуб тақозосидан келиб чиқиб шарҳланса, бир дунё умидни, илинжни, ҳамдардликни ифодалайди. Шоир ҳикоя йўсинидаги оҳангни ўзгартириб, мушфиқ қиёфада кўрингиси – сўзлагиси келмайди, холос.

Ижодкор маҳорат билан поэтик манзара чизар экан, шундай бир тасаввур қолдирадики, муаллифнинг ўзи ҳам тақдирнинг ўйинларига, тафаккур мавжланишига шунчаки бир гўянда. Шеърда муаллиф “мен”ининг иштироки матн сатҳиданоқ сезилмайди, бамайлихотир айтимчилик қилаётган қалб кўринади.

Носиржон Жўраевнинг ижодида, умумлаштириб айтганда, беором ўйларга ғарқ бўлганча ўзини ахтараётган инсон қиёфаси бор. Ўзини ахтарган одам эса манзил сари одимлаб бораверади.

Манба: «Ёшлик» журналида босилган «Ёшлар ижоди: ўзлик, услуб, маҳорат» мақоласидан (2015 йил 9-сон).

Носиржон ЖЎРАЕВ
ШЕЪРЛАР
033

  Носиржон Жўраев — Наманган вилоятининг Наманган туманига қарашли Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган (2001-2007). “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида мухбир, катта мухбир ва бўлим мудири сифатида ишлаган (2005-2010). “Улғайиш кунлари”, “Муҳаббатдан сўнг…” ва бошқа китоблари чоп этилган.

033

ЭТЮД

Оқшом сув таралган маъсум далалар
Улкан чилтор каби ястаниб ётар.
Шу соз энг муаззам куйларни чалар,
Шу соз хотирамни қайта уйғотар.

Аммо сув бошини беркитди мироб,
Ҳали кўк бағридан юлдузлар ўчмай…
Кейин хотирамни куйдирди офтоб,
Чилтор сингиб кетди жўяклар ичра…

ҲИЖРОН КЕЧАСИ

Стулга ўтирди бир оғир соя,
Тамаки буюрди ва аччиқ қаҳва.
Унинг оёғига тиз чўкди роял,
Маҳзун куй бошлади муҳаббат ҳақда:

“Армону ҳижронлар келса устма-уст,
Азобу изтироб турса ёнма-ён.
Ҳукм қил, бир бора бўлай юзма-юз,
Мени ўтмиш билан боғла, художон!”

Белларини маҳкам боғлаб пардалар,
Моҳир раққосадай этдилар хиром.
Бир нуқтага боқиб қотди лампалар,
Кўрсатиб машшоққа чуқур эҳтиром.

Кейин ёришди тонг — тугади концерт,
Ноталар дафтарин отди бир четга.
Сўнгги умидлари узилди чирт-чирт,
Эҳтиёж қолмади бошқа концертга…

НАМАНГОН

Ҳар гал қайтганимда бу қора ерга,
Шаҳар оқ яктакда қошимга чиқар.
Чуқур синч солади менга билдирмай,
Бошимдан ўтганин кўзимдан уқар.

Мен эса, зил кетиб бораман, яъни,
Кўксимга қўрғошин қуйилётгандай.
Соғиндим деганим, келдим деганим,
Унга миннат бўлиб туюлаётгандай.

Намангон – онамга ўхшаган шаҳар,
Онамдек яшириб ўтдинг дардингни.
Ўғлинг келяпти, деб эшитган маҳал
Рўмолинг учига ёшинг артдингми?!

Боқсам, юзингдаги қуюқ ажиндан
Бўлак-бўлак бўлиб илғанар тарих.
Жангда арқон учун кесган сочингдай
Қорадарё бўлиб тўлғонар тарих.

Патқаламда қўйиб гажакдор имзо,
Фитналар тузганда Аҳмад Танбаллар,
Ахси қирларидан Умаршайх Мирзо
Ҳар кун қулаб тушар юрак чангаллаб.

Мулла Бозор Охун – кўҳна пирхона,
Қанча авлиёга мударрис, устоз.
Шикоятхонамас, шоир, шеърхона
Бўлган кунларингда яйраганинг рост.

Қайси бир муаззам, қутлуғ саҳарда
Худо ихлос билан қорган зувала.
Шунданми, ҳар куни Эски шаҳардан –
Бомдоддан қайтади Машраб бувалар?!

Бугун икки қадам биз билан Сибирь,
Бориб-қайтиш мумкин бир кун ичида.
Аммо, ҳануз Усмон йўл қарар дилгир,
Туйнукдан термилиб оёқ учида.

Ҳаёт қайта-қайта яшарар экан,
Такрор-такрор орзу тўларкан дилга.
Бугун олийгоҳга қатнаган укам
Ибрат домла бўлиб кўринар менга.

Намангон – мен учун бир умрлик йўл,
Намангон, мен учун барҳаёт гулсан.
Онажон, мен энди улғайган ўғил,
Кўзёшинг яширма ёнингга келсам.

АФСУС

Толиқдим,
бағримдан шамолинг ўтсин,
жисмим тўзғиб кетсин,
энди арзимас.
Менга деса, бари қолмайми ўксиб,
яшаш – бу менинг қарзиммас.

Хаёл потраб кетар
чироқнур каби,
деворга урилиб синар нигоҳим.
Азоблар – ўзимнинг кутган талабим,
ўзимга ёқади гуноҳим.

Афсусим –
оғриган жойим жонимдир,
сен ҳақда ўйлашга ҳамон қодирман.
Кимга ташлаб кетсам экан ёдимни,
қандай кечсам экан хотирдан?!

ДЕНГИЗ

Эҳтимол тўфондир, тошқиндир балки –
Бехос денгиз босиб кирди хонамга.
Умиду соғинчлар сув узра қалқди,
Мен ҳам улгурмадим ташлашга лангар.

Лиммо-лим сув бўлди тўртта томоним,
Деворлар шўнғиди мавжлар тубига.
Мен эса, кўзимга кўринмай жоним,
Денгизга маҳлиё бўлгандим бу гал.

Нақ ўлим қошида турардим, баски,
Ҳаётимни босиб келарди хатар.
Аммо юрагимда бор эди таскин,
Ахир, хонам катта эмас у қадар.

Элас-элас кўрдим чеҳрангни шунда,
Шовқинлар остида нимадир дединг.
Бир баҳя қолганда ғарқ бўлишимга,
Денгизни турмаклаб уйга жўнадинг.

МЕЪЁР

Тортиброқ боғласам одатдагидан,
Сиртмоққа айланиб қолар бўйинбоғ.
Ҳатто меъёр сақлаб чойнинг рангида
Ичмасам, тушармиш жигаримга доғ.

Қара, ҳар нарсада ўлчов бор шаксиз,
Ҳаддидан ошмайди ҳаёт дегани.
Аммо нега сенинг қийноғинг чексиз,
Нега меъёр билмай севаман сени?!

МАКТУБ

Кўксим аро совуқ шамол эсган дам,
Сенинг томонларда илиқмиш ҳаво.
Ташлаган эмишсан кўкламга қадам,
Ўтли вужудингга тўлганмиш наво.

Наволар қўйнида юраркан сархуш,
Қўлларинг титрармиш китоб варақлаб.
Ҳар тонг турармишсан кўриб бир хил туш:
Севгини шарафлаб дардни шарафлаб.

Шараф бўлсин, демак, сенга муҳаббат,
Сизга таъзим бўлсин, гўзал оҳанглар.
Шу умрим ҳурмати сизга ҳам раҳмат,
Баҳор номи билан тўкилган ранглар.

Ранглар қамаштирган кўзларимда нам,
Йўлингга термулиб ўтяпман ҳамон.
Боғларга қўшилиб кетган азизам,
Куз оёқ босмасин, асло, сен томон.

Кўксим аро илиқ шамол эсган дам,
Билмам, қандай экан сен ёқда ҳаво?
Бир ҳадик кетмайди бугун дилимдан:
Этмоқдами-йўқми баҳоринг давом?

 

ШЕЪРИМ

Шеърим, яна ўзинг яхшисан…
Усмон НОСИР.

Дарёга қуйилмай қўйди ирмоқлар,
Бир-биридан елка тортди алп тоғлар,
Йўллар айро тушди вақт ўтган сари,
Олтига бўлиниб кетди ер шари.
Кейин ой, қуёшни атадик ҳар хил,
Ер узра тарқалди аллақанча тил,
Энди агар борсак океан ортига,
Қандай тушунамиз “ёт тил” дардига?!
Улар бизга боқар бўлиб лолу гунг,
Гапирсаям, асло, қизимас гурунг.
Ўзга сайёрадан келган меҳмондай
Одамзод бир-бирин танимас шундай.

Ногоҳ бир-биридан қўл тортди дўстлар,
Бошқа-бошқа манзил излади кўзлар.
Майли, мақсадлари ўзларига тан,
Майли, ўзиб кетсин улар ҳаммадан,
Аммо, ҳар узилган ришталар учун
Бой бериб боряпмиз она ер кучин.
Лекин, сен қўлимни маҳкам тут, шеърим,
Сенга келар қўлларни ҳам кут, шеърим.
Гарчанд, дарёларга етмайди ирмоқ,
Гарчанд, бир-бирини суямайди тоғ,
Гарчи, милён тилда сўйласин олам,
Шеърим, сен тут лекин қўлимни маҳкам.

Шунда, сенинг ёруғ йўлларинг ҳаққи,
Ер шарини қучган қўлларинг ҳаққи,
Ҳаёт давом этар, давом этар сўз,
Сенинг иродангга дунё тиккан кўз —
Бос, десанг — дунёни сув ютди, кўрдим,
Бас, десанг — ҳар томчи сувда гул унди.
Энди, айт, бу олам бирлашсин тезроқ,
Одамлар бир-бирин қучсин қаттиқроқ,
Йўқолсин манглайдан тиришларимиз,
Юзимиз буришиб юришларимиз,
Айт, Сағри теридек кўринмасин ер,
Ва бошқа ҳеч қачон бўлинмасин ер!

НАТЮРМОРТ

Ерга олтин муҳр босди куз,
Ҳар тўкилган япроқ – бир имзо.
Қилганича ҳосилин кўз-кўз,
Шовуллайди ҳаёт – узумзор.

Неъматлари бунчалар тотли,
Анор каби уваланар сўз.
Тилло рангга бўяб ҳаётни,
Боғ тўридан чиқиб келар куз.

ФАРҚ

Менинг кўзим тундаги чақмоқ,
Сенинг кўзинг офтобдай чақноқ.

Менинг сочим бўрон, шамолдир,
Сенинг сочинг бир мажнунтолдир.

Менинг кўксим гулдираган тоғ,
Сенинг кўксинг осойиштароқ.

Менинг қўлим қартайган илдиз,
Сенинг қўлинг энг хушбўй ялпиз.

Менинг бошим ўтди эгилмай,
Сенинг бошинг ўтди дард билмай.

Менинг қалбим муҳаббат, аммо,
Сенинг қалбинг бундан мустасно.

ЁШЛИКНИ КУЗАТИШ

Хона. Эшик ёпиқ. Ёлғизсан.
Стол узра китоблар уюм.
Бугун тугар энг гўзал қисса —
Сен ёшликни кузатасан жим.

Аллақанча суратлар ташлаб,
Яна аллақанча нарсани
Қўлларингга топширар шошмай
Ва якунлар сўнгги дарсини.

Шунда оғрий бошлайди бирдан
Танангдаги жами ҳужайранг.
Ўчиб кета бошлар хотирдан
Сен ўрганган миллионта ранг.

Ва гупирар бир ҳовуч қонинг:
Алам, афсус, кейин изтироб.
Тўрт девордан чиқмас исёнинг —
Нега бехос тугайди китоб?!

Хона. Эшик ёпиқ. Алвидо.
Ҳадди сиғиб кирмайди ҳеч ким.
Фақат — деразангнинг олдида
Ёшлик сени кузатади жим.

ДАРЁ

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповга

Ҳар ўзаннинг ўзин тарихи бор, ё
Ҳар тарих ўзига ўзан очар бир.
Бугун бутун элга сув берган дарё
Олис замонларнинг жилғаларидир.

Ўша қилич билан найзадан кўра
Битта сатр кучи қудрат топган дам,
Бирда шиддат билан, бирда жилдираб
Бу чашмалар йўлга чиққанди шаҳдам.

Тошлар орасида пишди бу сувлар,
Кучга тўлиб борди ҳар бир зарраси.
Гоҳи маҳзун оқди, гоҳида қувнаб,
Ҳарқалай, дарс бўлди тошлар ораси.

Бугун бутун элга мавж берган дарё —
Олис замонларда уйғонган жилға
Энди бир умидда боқади ҳар ён:
Ишқилиб, кўп бўлсин чиққанлар йўлга!

Ниятим: дарёми, ирмоқми, не у —
Ўзанида собит олдинга юрсин,
Жилғалар кун келиб дарё бўлсин-у
Дарёларга дарёлиги буюрсин!

2011

ЎЙ

Кўзим кузги сувлар каби тиниқди,
Юзимга ранг кирди ғарқ пишган боғдек.
Ахир бутун ёзда обдон чиниқдим,
Худди кузда менга муҳим иш бордек.

Аммо яна ҳеч не бўлмади содир,
Касалманд полвондек эзилди руҳим.
Наҳот ўттиз ёшга кирган баҳодир
Бир иш қилолмаса яшашдан муҳим!

2011

ЯШАЙМАН

Ям-яшил умримни сизга боғладим,
Барвақт тўкиляпсиз нечун, боғларим?
Наҳот энди хазон тўлган боғда жим
Зангори хотирлар учун яшайман.

Олов бўлиб келган эдим оламга —
Илдизимдан баргимгача аланга.
Бир учи отамга, бири боламга
Туташган томирлар учун яшайман.

Ҳар янги юракда янгиланар дард,
Мен ҳам бир ғам топдим ўзимга монанд:
Айтолмаган сўзин менга омонат
Қолдирган тақдирлар учун яшайман.

Ям-яшил умримни сизга боғладим,
Барвақт тўкиляпсиз нечун, боғларим?
Наҳот энди хазон тўлган боғда жим
Зангори хотирлар учун яшайман.

ОЙБЕК ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

Денгиз мавжларидай сочлари тошиб,
Эгилган қаддини қайта тутиб тик.
Энди мен сизларга бобо бўлдим, деб
Бизларга қўл бериб турибди Ойбек.

Бу сўлим хиёбон пирхона бўлди,
Қаҳҳорга жон қўшни бўлди бу адиб.
Бу даргоҳга қанча йўл босиб келди,
Навоий ҳазратга яқин бўлай деб.

СЎНГГИ СЎЗ

Бир одам кексайди, йиқилди,
Бошига йиғилди жигарлар.
Уларга бирма-бир тикилди
“Мендан рози бўлинг”, дегандай.

Аммо чол узилди бехосдан,
Хайр-хўш — васият қилмади.
Фақат бир ғижимроқ қоғозга
Кўзи билан аста имлади.

Кейин дод-фарёдлар (бу бор гап),
Ҳамманинг қалби нақ чўғ эди.
Шу пайти тўнғичи ҳиқиллаб,
Бояги варақни ўқиди:

“Дард топдим, худодан сўраб бахт,
Сен деб дард чекмоқ ҳам жозиба.
Муҳаббат! Муҳаббат! Муҳаббат!
Рози бўл! Рози бўл! Розиман!”

* * *

Кўксим аро илиқ шамол эсган дам,
Билмам, қандай экан сен ёқда ҳаво…
Бир ҳадик кетмайди бугун дилимдан —
Этмоқдами-йўқми баҳоринг давом!

021

“SEN MENI O’QIDING, KO’KSIMNI YORIB…”
Behzod Qobul
021

Nosirjon Jo’raevning she’rlarini deyarli yod bilaman. Aksariyatini birinchilardan bo’lib o’qiganman. O’xshamagan misralarini birgalashib muhokama qilganmiz, bahslashganmiz. Ammo har safar yangi bir she’r tug’ilganda o’rtadagi tushunmovchilik tumanday tarqaydi – yana mutolaa, yana muhokama…

Nosirjonning topgan-qo’llagan tashbehlari juda serqatlamlilikni, mutlaq ajralib turishni da’vo qilmaydi. Ko’z o’ngimizda kechayotgan voqelik uning nigohida poetik ma’no tashiy boshlaydi: “Musht tugsam – kurtakdir, kaft yozsam – yaproq”; “Kiprik qoqishidan chiqqay bir navo”; “Peshonamga omoch tortadi kunlar”. Bitta she’rda ko’pi bilan ikki-uchta tashbehdan foydalangan shoir keyingi misralarda tuyg’ularning o’ziga, qalbning aytganiga ko’nadi-qo’yadi. Fikrni o’rab-chirmab, shira bog’latib aytishga oshiqmaydi.

Nosirjonning nazmdagi yoqimli tajribalaridan biri obraz yaratishda ko’rinadi. Uning she’rlarida darparda, stul, yoqa, kuylak, o’choq, noyabr`, avgust singari turli tushunchalar badiiy obrazga aylanadi. “Oqshom uyga kirdi yolg’izlik”, deb yozadi shoir. U uyga kirib, “divanning yarmiga o’zini tashlaydi”, keyin “xuddi ulkan ko’zdek baqrayar ko’zgu”, “ko’krak qafasini lang ochar shkaf”, “darparda o’ralib keladi ezgin” – xullas, uyda yolg’izlik ruhi kezib yuribdi. Shoir ana shunday manzarani ustalik bilan chizar ekan, o’quvchini navbatdagi, yanada og’irroq baxtsizlik bilan yuzlashishga tayyorlayotgan chiqadi. “Yostiq yosh boladek kirar pinjiga” degan satr o’quvchi qalbini portlatadi. Ana o’sha manzarani ko’z oldingizga keltirgachgina, fojeaning ko’lamini chuqurroq his qilasiz. Bu nomsiz, shonsiz odamga va ayni tasvirni bamaylixotir chizayotgan musavvir-shoirga taassuf qilasiz Ammo she’r butkul ruhsiz, umidsiz yakunlanganda, ehtimol, muallifdan yozg’irar edik. Asar yakunida uzilar-uzilmas saqlab kelingan umid ipi bo’y ko’rsatadi:

Chorasiz ko’z yumar – uxlar yolg’izlik,
Onasi qavigan ko’rpa yopinib.
Tush ko’rar. Tushida yurganmish tirik
Allaqayoqlarga ketgan xotini…

She’r yakunidagi “tirik” degan so’z, uslub taqozosidan kelib chiqib sharhlansa, bir dunyo umidni, ilinjni, hamdardlikni ifodalaydi. Shoir hikoya yo’sinidagi ohangni o’zgartirib, mushfiq qiyofada ko’ringisi – so’zlagisi kelmaydi, xolos.

Ijodkor mahorat bilan poetik manzara chizar ekan, shunday bir tasavvur qoldiradiki, muallifning o’zi ham taqdirning o’yinlariga, tafakkur mavjlanishiga shunchaki bir go’yanda. She’rda muallif “men”ining ishtiroki matn sathidanoq sezilmaydi, bamaylixotir aytimchilik qilayotgan qalb ko’rinadi.

Nosirjon Jo’raevning ijodida, umumlashtirib aytganda, beorom o’ylarga g’arq bo’lgancha o’zini axtarayotgan inson qiyofasi bor. O’zini axtargan odam esa manzil sari odimlab boraveradi.

Nosirjon JO’RAEV
SHE’RLAR
033

Nosirjon Jo’raev — Namangan viloyatining Namangan tumaniga qarashli Sho’rqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan. Mirzo Ulug’bek nomidagi O’zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (2001-2007). “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” haftaligida muxbir, katta muxbir va bo’lim mudiri sifatida ishlagan (2005-2010). “Ulg’ayish kunlari”, “Muhabbatdan so’ng…” va boshqa kitoblari chop etilgan.

033

ETYUD

Oqshom suv taralgan ma’sum dalalar
Ulkan chiltor kabi yastanib yotar.
Shu soz eng muazzam kuylarni chalar,
Shu soz xotiramni qayta uyg’otar.

Ammo suv boshini berkitdi mirob,
Hali ko’k bag’ridan yulduzlar o’chmay…
Keyin xotiramni kuydirdi oftob,
Chiltor singib ketdi jo’yaklar ichra…

HIJRON KECHASI

Stulga o’tirdi bir og’ir soya,
Tamaki buyurdi va achchiq qahva.
Uning oyog’iga tiz cho’kdi royal,
Mahzun kuy boshladi muhabbat haqda:

“Armonu hijronlar kelsa ustma-ust,
Azobu iztirob tursa yonma-yon.
Hukm qil, bir bora bo’lay yuzma-yuz,
Meni o’tmish bilan bog’la, xudojon!”

Bellarini mahkam bog’lab pardalar,
Mohir raqqosaday etdilar xirom.
Bir nuqtaga boqib qotdi lampalar,
Ko’rsatib mashshoqqa chuqur ehtirom.

Keyin yorishdi tong — tugadi kontsert,
Notalar daftarin otdi bir chetga.
So’nggi umidlari uzildi chirt-chirt,
Ehtiyoj qolmadi boshqa kontsertga…

NAMANGON

Har gal qaytganimda bu qora yerga,
Shahar oq yaktakda qoshimga chiqar.
Chuqur sinch soladi menga bildirmay,
Boshimdan o’tganin ko’zimdan uqar.

Men esa, zil ketib boraman, ya’ni,
Ko’ksimga qo’rg’oshin quyilyotganday.
Sog’indim deganim, keldim deganim,
Unga minnat bo’lib tuyulayotganday.

Namangon – onamga o’xshagan shahar,
Onamdek yashirib o’tding dardingni.
O’g’ling kelyapti, deb eshitgan mahal
Ro’moling uchiga yoshing artdingmi?!

Boqsam, yuzingdagi quyuq ajindan
Bo’lak-bo’lak bo’lib ilg’anar tarix.
Jangda arqon uchun kesgan sochingday
Qoradaryo bo’lib to’lg’onar tarix.

Patqalamda qo’yib gajakdor imzo,
Fitnalar tuzganda Ahmad Tanballar,
Axsi qirlaridan Umarshayx Mirzo
Har kun qulab tushar yurak changallab.

Mulla Bozor Oxun – ko’hna pirxona,
Qancha avliyoga mudarris, ustoz.
Shikoyatxonamas, shoir, she’rxona
Bo’lgan kunlaringda yayraganing rost.

Qaysi bir muazzam, qutlug’ saharda
Xudo ixlos bilan qorgan zuvala.
Shundanmi, har kuni Eski shahardan –
Bomdoddan qaytadi Mashrab buvalar?!

Bugun ikki qadam biz bilan Sibir`,
Borib-qaytish mumkin bir kun ichida.
Ammo, hanuz Usmon yo’l qarar dilgir,
Tuynukdan termilib oyoq uchida.

Hayot qayta-qayta yasharar ekan,
Takror-takror orzu to’larkan dilga.
Bugun oliygohga qatnagan ukam
Ibrat domla bo’lib ko’rinar menga.

Namangon – men uchun bir umrlik yo’l,
Namangon, men uchun barhayot gulsan.
Onajon, men endi ulg’aygan o’g’il,
Ko’zyoshing yashirma yoningga kelsam.

AFSUS

Toliqdim,
bag’rimdan shamoling o’tsin,
jismim to’zg’ib ketsin,
endi arzimas.
Menga desa, bari qolmaymi o’ksib,
yashash – bu mening qarzimmas.

Xayol potrab ketar
chiroqnur kabi,
devorga urilib sinar nigohim.
Azoblar – o’zimning kutgan talabim,
o’zimga yoqadi gunohim.

Afsusim –
og’rigan joyim jonimdir,
sen haqda o’ylashga hamon qodirman.
Kimga tashlab ketsam ekan yodimni,
qanday kechsam ekan xotirdan?!

DENGIZ

Ehtimol to’fondir, toshqindir balki –
Bexos dengiz bosib kirdi xonamga.
Umidu sog’inchlar suv uzra qalqdi,
Men ham ulgurmadim tashlashga langar.

Limmo-lim suv bo’ldi to’rtta tomonim,
Devorlar sho’ng’idi mavjlar tubiga.
Men esa, ko’zimga ko’rinmay jonim,
Dengizga mahliyo bo’lgandim bu gal.

Naq o’lim qoshida turardim, baski,
Hayotimni bosib kelardi xatar.
Ammo yuragimda bor edi taskin,
Axir, xonam katta emas u qadar.

Elas-elas ko’rdim chehrangni shunda,
Shovqinlar ostida nimadir deding.
Bir bahya qolganda g’arq bo’lishimga,
Dengizni turmaklab uyga jo’nading.

ME’YOR

Tortibroq bog’lasam odatdagidan,
Sirtmoqqa aylanib qolar bo’yinbog’.
Hatto me’yor saqlab choyning rangida
Ichmasam, tusharmish jigarimga dog’.

Qara, har narsada o’lchov bor shaksiz,
Haddidan oshmaydi hayot degani.
Ammo nega sening qiynog’ing cheksiz,
Nega me’yor bilmay sevaman seni?!

MAKTUB

Ko’ksim aro sovuq shamol esgan dam,
Sening tomonlarda iliqmish havo.
Tashlagan emishsan ko’klamga qadam,
O’tli vujudingga to’lganmish navo.

Navolar qo’ynida yurarkan sarxush,
Qo’llaring titrarmish kitob varaqlab.
Har tong turarmishsan ko’rib bir xil tush:
Sevgini sharaflab dardni sharaflab.

Sharaf bo’lsin, demak, senga muhabbat,
Sizga ta’zim bo’lsin, go’zal ohanglar.
Shu umrim hurmati sizga ham rahmat,
Bahor nomi bilan to’kilgan ranglar.

Ranglar qamashtirgan ko’zlarimda nam,
Yo’lingga termulib o’tyapman hamon.
Bog’larga qo’shilib ketgan azizam,
Kuz oyoq bosmasin, aslo, sen tomon.

Ko’ksim aro iliq shamol esgan dam,
Bilmam, qanday ekan sen yoqda havo?
Bir hadik ketmaydi bugun dilimdan:
Etmoqdami-yo’qmi bahoring davom?

SHE’RIM

She’rim, yana o’zing yaxshisan…
Usmon NOSIR.

Daryoga quyilmay qo’ydi irmoqlar,
Bir-biridan yelka tortdi alp tog’lar,
Yo’llar ayro tushdi vaqt o’tgan sari,
Oltiga bo’linib ketdi yer shari.
Keyin oy, quyoshni atadik har xil,
Yer uzra tarqaldi allaqancha til,
Endi agar borsak okean ortiga,
Qanday tushunamiz “yot til” dardiga?!
Ular bizga boqar bo’lib lolu gung,
Gapirsayam, aslo, qizimas gurung.
O’zga sayyoradan kelgan mehmonday
Odamzod bir-birin tanimas shunday.

Nogoh bir-biridan qo’l tortdi do’stlar,
Boshqa-boshqa manzil izladi ko’zlar.
Mayli, maqsadlari o’zlariga tan,
Mayli, o’zib ketsin ular hammadan,
Ammo, har uzilgan rishtalar uchun
Boy berib boryapmiz ona yer kuchin.
Lekin, sen qo’limni mahkam tut, she’rim,
Senga kelar qo’llarni ham kut, she’rim.
Garchand, daryolarga yetmaydi irmoq,
Garchand, bir-birini suyamaydi tog’,
Garchi, milyon tilda so’ylasin olam,
She’rim, sen tut lekin qo’limni mahkam.

Shunda, sening yorug’ yo’llaring haqqi,
Yer sharini quchgan qo’llaring haqqi,
Hayot davom etar, davom etar so’z,
Sening irodangga dunyo tikkan ko’z —
Bos, desang — dunyoni suv yutdi, ko’rdim,
Bas, desang — har tomchi suvda gul undi.
Endi, ayt, bu olam birlashsin tezroq,
Odamlar bir-birin quchsin qattiqroq,
Yo’qolsin manglaydan tirishlarimiz,
Yuzimiz burishib yurishlarimiz,
Ayt, Sag’ri teridek ko’rinmasin yer,
Va boshqa hech qachon bo’linmasin yer!

NATYURMORT

Yerga oltin muhr bosdi kuz,
Har to’kilgan yaproq – bir imzo.
Qilganicha hosilin ko’z-ko’z,
Shovullaydi hayot – uzumzor.

Ne’matlari bunchalar totli,
Anor kabi uvalanar so’z.
Tillo rangga bo’yab hayotni,
Bog’ to’ridan chiqib kelar kuz.

FARQ

Mening ko’zim tundagi chaqmoq,
Sening ko’zing oftobday chaqnoq.

Mening sochim bo’ron, shamoldir,
Sening soching bir majnuntoldir.

Mening ko’ksim guldiragan tog’,
Sening ko’ksing osoyishtaroq.

Mening qo’lim qartaygan ildiz,
Sening qo’ling eng xushbo’y yalpiz.

Mening boshim o’tdi egilmay,
Sening boshing o’tdi dard bilmay.

Mening qalbim muhabbat, ammo,
Sening qalbing bundan mustasno.

YOSHLIKNI KUZATISH

Xona. Eshik yopiq. Yolg’izsan.
Stol uzra kitoblar uyum.
Bugun tugar eng go’zal qissa —
Sen yoshlikni kuzatasan jim.

Allaqancha suratlar tashlab,
Yana allaqancha narsani
Qo’llaringga topshirar shoshmay
Va yakunlar so’nggi darsini.

Shunda og’riy boshlaydi birdan
Tanangdagi jami hujayrang.
O’chib keta boshlar xotirdan
Sen o’rgangan millionta rang.

Va gupirar bir hovuch qoning:
Alam, afsus, keyin iztirob.
To’rt devordan chiqmas isyoning —
Nega bexos tugaydi kitob?!

Xona. Eshik yopiq. Alvido.
Haddi sig’ib kirmaydi hech kim.
Faqat — derazangning oldida
Yoshlik seni kuzatadi jim.

DARYO

O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri Abdulla Oripovga

Har o’zanning o’zin tarixi bor, yo
Har tarix o’ziga o’zan ochar bir.
Bugun butun elga suv bergan daryo
Olis zamonlarning jilg’alaridir.

O’sha qilich bilan nayzadan ko’ra
Bitta satr kuchi qudrat topgan dam,
Birda shiddat bilan, birda jildirab
Bu chashmalar yo’lga chiqqandi shahdam.

Toshlar orasida pishdi bu suvlar,
Kuchga to’lib bordi har bir zarrasi.
Gohi mahzun oqdi, gohida quvnab,
Harqalay, dars bo’ldi toshlar orasi.

Bugun butun elga mavj bergan daryo —
Olis zamonlarda uyg’ongan jilg’a
Endi bir umidda boqadi har yon:
Ishqilib, ko’p bo’lsin chiqqanlar yo’lga!

Niyatim: daryomi, irmoqmi, ne u —
O’zanida sobit oldinga yursin,
Jilg’alar kun kelib daryo bo’lsin-u
Daryolarga daryoligi buyursin!

2011

O’Y

Ko’zim kuzgi suvlar kabi tiniqdi,
Yuzimga rang kirdi g’arq pishgan bog’dek.
Axir butun yozda obdon chiniqdim,
Xuddi kuzda menga muhim ish bordek.

Ammo yana hech ne bo’lmadi sodir,
Kasalmand polvondek ezildi ruhim.
Nahot o’ttiz yoshga kirgan bahodir
Bir ish qilolmasa yashashdan muhim!

2011

YASHAYMAN

Yam-yashil umrimni sizga bog’ladim,
Barvaqt to’kilyapsiz nechun, bog’larim?
Nahot endi xazon to’lgan bog’da jim
Zangori xotirlar uchun yashayman.

Olov bo’lib kelgan edim olamga —
Ildizimdan bargimgacha alanga.
Bir uchi otamga, biri bolamga
Tutashgan tomirlar uchun yashayman.

Har yangi yurakda yangilanar dard,
Men ham bir g’am topdim o’zimga monand:
Aytolmagan so’zin menga omonat
Qoldirgan taqdirlar uchun yashayman.

Yam-yashil umrimni sizga bog’ladim,
Barvaqt to’kilyapsiz nechun, bog’larim?
Nahot endi xazon to’lgan bog’da jim
Zangori xotirlar uchun yashayman.

OYBEK HAYKALI POYIDA

Dengiz mavjlariday sochlari toshib,
Egilgan qaddini qayta tutib tik.
Endi men sizlarga bobo bo’ldim, deb
Bizlarga qo’l berib turibdi Oybek.

Bu so’lim xiyobon pirxona bo’ldi,
Qahhorga jon qo’shni bo’ldi bu adib.
Bu dargohga qancha yo’l bosib keldi,
Navoiy hazratga yaqin bo’lay deb.

SO’NGGI SO’Z

Bir odam keksaydi, yiqildi,
Boshiga yig’ildi jigarlar.
Ularga birma-bir tikildi
“Mendan rozi bo’ling”, deganday.

Ammo chol uzildi bexosdan,
Xayr-xo’sh — vasiyat qilmadi.
Faqat bir g’ijimroq qog’ozga
Ko’zi bilan asta imladi.

Keyin dod-faryodlar (bu bor gap),
Hammaning qalbi naq cho’g’ edi.
Shu payti to’ng’ichi hiqillab,
Boyagi varaqni o’qidi:

“Dard topdim, xudodan so’rab baxt,
Sen deb dard chekmoq ham joziba.
Muhabbat! Muhabbat! Muhabbat!
Rozi bo’l! Rozi bo’l! Roziman!”

* * *

Ko’ksim aro iliq shamol esgan dam,
Bilmam, qanday ekan sen yoqda havo…
Bir hadik ketmaydi bugun dilimdan —
Etmoqdami-yo’qmi bahoring davom!

021

(Tashriflar: umumiy 1 849, bugungi 1)

Izoh qoldiring