Shodiqul Hamro. Qaqnus qanotidagi umr. Qissa

Ashampoo_Snap_2017.02.06_00h24m53s_001_.png    У менинг тўнғич фарзандим, кўзимнинг оқу қораси эди: унинг бу кўҳна дунёга келиши, илк марта гўё она қорнидаги тафтли ва оромбахш ҳаёти бузилганидан кўнгли қаттиқ озор чеккандек, дафъатан чинқириб йиғлаб юбориши жисму жуссамдаги мудроқ тортган туйғуларимни бирдан жунбушга келтирган, тушкун ва зерикарли, имиллаб кечаётган ҳаётимга ранг ва мазмун олиб кирган эди, йўқ, йўқ, унинг дунёга келгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб туриб, гўё узоқ йиллардан буён ҳаётнинг қоронғи пучмоқларидан жоним ҳалак бўлиб излаб юрган муқаддас нарсани кутилмаганда топиб олгандек, қувончдан ўзимни буткул йўқотиб қўйган, юрагим азбаройи орзиқиб кетганидан, тўйиб-тўйиб йиғлагим келган эди.

Шодиқул ҲАМРО
ҚАҚНУС  ҚАНОТИДАГИ  УМР
006

Шодиқул Ҳамро 1965 йили туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини тамомлаган. “Суратдаги аёл” , “Қора кун”, “Карвон қўнғироғи” каби насрий тўпламлари нашр этилган. Сизга тақдим этилаётган «Қақнус қанотидаги умр» қиссаси  «Ёшлик» журналида чоп этилганда муаллиф  қуйидаги сўзини илова қилган эди:

shh-q.jpgҲар бир гўдакнинг дунёга келиши аслида тенгсиз мўъжиза. Шу боис халқимиз азал-­азалдан бунга алоҳида эътибор билан қараган. Элимизнинг бу борадаги кўп мингйиллик тараққиёти давомида шаклланиб келган, асрлар синовидан ўтган анъана ва удумлари юксак қадрият даражасига кўтарилган.

Масалан, аждодларимиз яратган бешик, исм қўйиш маросими ёки оналаримизнинг қадимий алласи кишини ҳайратга солмай қўймайди.

Аммо мустабид шўро тузуми даврида миллий ўзлигимизнинг устунларидан саналган ана шу қадриятларимиз ҳам кўр-кўрона топталди, бу бебаҳо мерос­ни халқимизнинг хотирасидан ўчириб ташлашга уринишлар бўлди.

Бугун кўпчиликнинг ёдида бўлса керак: ўтган асрнинг 80-йилларида оналаримиз томонидан минг йиллардан буён айтиб келинаётган, гўдак қалбида миллий туйғуларни шакллантиришда тенгсиз ўрин тутадиган алла ҳам “эскилик сарқити” дея қаттиқ қораланган эди.

Ватанимизнинг мустақилликка эришиши ана шундай бедодликларга, халқимизни ўзлигидан мосуво қилишга қаратилган машъум сиёсатга батамом чек қўйди.

Биз, ижодкорлар элимиз бошидан кечирган ана шундай аянчли воқеаларни бадиий талқин этиб, кўпроқ ёзишимиз, бу машъум даврнинг мақсад-моҳиятини ҳаққоний равишда кўрсатиб беришимиз керак, деб ўйлайман. Шундагина Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлигининг қадр-қиммати янада теранроқ намоён бўлади.

Эътиборингизга ҳавола этилган “Қақнус қанотидаги умр” қиссасида ҳам ўша рутубатли даврда азалий қадриятлар, илоҳий борлиққа туташтирувчи риштани топа олмай бахти забун бўлган қаҳрамонларнинг аянчли қисматини бадиий тарзда талқин этишга ҳаракат қилдим.

Бу қораламалар Сизга манзур бўлган бўлса, бугунги ёруғ кунларимизга шукроналик уйғотган бўлса, ўзимни бахтиёр деб биламан.

006

shh-qa.jpgУ менинг тўнғич фарзандим, кўзимнинг оқу қораси эди: унинг бу кўҳна дунёга келиши, илк марта гўё она қорнидаги тафтли ва оромбахш ҳаёти бузилганидан кўнгли қаттиқ озор чеккандек, дафъатан чинқириб йиғлаб юбориши жисму жуссамдаги мудроқ тортган туйғуларимни бирдан жунбушга келтирган, тушкун ва зерикарли, имиллаб кечаётган ҳаётимга ранг ва мазмун олиб кирган эди, йўқ, йўқ, унинг дунёга келгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб туриб, гўё узоқ йиллардан буён ҳаётнинг қоронғи пучмоқларидан жоним ҳалак бўлиб излаб юрган муқаддас нарсани кутилмаганда топиб олгандек, қувончдан ўзимни буткул йўқотиб қўйган, юрагим азбаройи орзиқиб кетганидан, тўйиб-тўйиб йиғлагим келган эди.

У менинг тўнғич фарзандим эди: унга нисбатан кўнглимда меҳру муҳаббат, шафқату мурувват ва ишончу умидим чексиз эди, ўша дунё аста-секин туннинг ҳарир пардасига ўралиб бораётган, тим қора осмонда юлдузлар милтираб жилва қилаётган айни оқшом палласида мен туғруқхонанинг бетартиб бўёқ чаплаб ташланган деразаси ортида қўрқув ва ҳаяжон гирдобида ғарқ бўлиб турар эканман, ногоҳ ичкаридан унинг худди дунёни бузиб юборгудек чинқириб йиғлашини эшитиб туриб, гарчи бунга узоқ пайт ўзимни ишонтиролмай юрган бўлсам-да, умримда биринчи марта юрагимда оталик туйғуси уйғонган ва ўзимни туйқус улғайиб қолгандек ҳис этган эдим.

У менинг тўнғич фарзандим эди: у ҳақда ўйларканман, гўё кутилмаганда ҳаётнинг сирли кўчасига кириб қолгандек, ақлим шошиб, муқаддас битик сингари қадим аждодларимдан ўтиб келаётган, баъзан ноҳақ тўкилиб-сочилган, баъзан ғазабдан кўпириб тошган, баъзан эса зулм ва қабоҳат кўз очирмаганидан тўнглаб қолган, аммо ҳеч қачон кўзи бекитилган булоқ сингари қуриб битмаган қайноқ қон энди унинг жажжи вужудида жимирлаб оқаётганини сира ақлу тасаввуримга сиғдира олмас ва дафъатан одам боласи яралгандан то йўқ бўлиб кетгунга қадар англаб бўлмас хилқат эканига иймон келтирардим.

У менинг тўнғич фарзандим эди: менга, аввалига, ким туғилиши – ўғил кўраманми ёки қизми, мутлақо фарқсиз ва аҳамиятсиз туюлган эди, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган, фақат кунлардан бир кун юрак қўримдан яралган мужда сокин оқаётган ҳаётимга ташриф буюришини, у билан менинг қисмату аъмолим то абад эш бўлиб кетишига қаттиқ ишонар ва шундай саодатманд кунлар тезроқ етиб келишини орзиқиб кутиб яшардим. Фақат хотинимнинг тақдири азалдан кутган инояти, истак-хоҳиши бошқача эди, у ўша кўнгли айниб, ҳеч нарса ёқмай юрган илк кунларидаёқ қиз туғилишини орзу қилар, йиллар ўтган сайин сўлиб-сарғайиб, унут бўлиб бораётган ўн саккиз ёшидаги ўй-хаёл, орзу умидларини мана шу беғубор истак тимсолида қайта кашф этган ва охир-оқибат бунга қаттиқ ишониб қолган бўлса-да, бари бир ўғил туғилди. Йўқ, йўқ, мен хотинимнинг сароб бўлиб чиққан орзу-умиди устидан кулаётганим йўқ, бундай бемаъни ўйни ҳеч қачон ҳаёлимга ҳам келтирмаганман, аксинча, ўша кезларда унинг шундай беғубор ўй-хаёллар қуршовида масрур қиёфада юрганини кузатиб туриб, рост гап, ич-ичимдан унга ҳавасим келган, у кўзимга янада жозибали ва гўзал бўлиб кўринган эди. Бунинг устига, мен ўғил эмас, қиз туғилган тақдирда ҳам толеимдан шундай суюнган бўлардим.

У менинг тўнғич фарзандим эди, мен унинг дунёга келгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб, ўзимни худди ҳаётнинг тез ва шитоб билан оқаётган катта ўзанига тушиб қолгандек ҳис этган, дафъатан дунё ҳам, одамлар ҳам кўзимга ўта сахий ва меҳр-мурувватли кўринган, ҳамма-ҳамма нарсани кўнглимга яқин олган эдим.

У менинг тўнғич фарзандим, у гўё митти сеҳргар каби қалбимда яшашга, ҳаётда завқ-шавқ олишга бетизгин иштиёқ уйғотган эди.

Мен ўша кун, одатдагидек, туғруқхонага егулик кўтариб бордим, бу, чамаси, ўғлим туғилганининг иккинчи куни эди, хотиним дераза табақасидан энгашиб егуликни олар экан, ўғлимга исм қўйиш лозимлигини айтиб қолди. У, боя айтганимдек, ўғил эмас, қиз туғилган тақдирда, бу ҳақда гапириб ҳам ўтирмас, балки тўққиз ойдан буён юрагининг қат-қатида асраб-авайлаб келаётган, ҳатто мендан ҳам қаттиқ сир тутган ўша сирли исмни энди қизариб-тортиниб ошкор қилар ва бу исм менга ҳам, ҳеч шубҳасиз, ёқиб тушар эди. Чунки хотинимнинг диди жуда нозик ва баланд эди, у ҳаётдан оддий, аммо гўзал нарсаларни сира адашмай топа олар эди. Аммо кутилмаганда ўғлимнинг туғилиши унинг кўнглини жўштириб келган орзу-умидларини бир зумда чиппакка чиқариб юборди. Унинг “Энди ўғлингизга ўзингиз исм топинг”, дея хиёл зарда ва иддао аралаш айтган сўзларида ҳам шу нарса сезилиб турар эди.

Аммо бу мен учун унчалик муҳим эмасди, чунки ўғлим тўрт мучаси бут ва соппа-соғ дунёга келган, ҳаёт ҳам меҳри ийиб, унга ўз бағридан жой берган эди. Энди унга муносиб исм қўйишим кераклигини англаб турардим.

Аслида ўғлим бу сершовқин ва нотинч шаҳарда эмас, балки ўзимнинг киндик қоним тўкилган олис қишлоқда туғилганда, ҳеч шубҳасиз, ҳамма-ҳаммаси бошқача кечарди. Биргина унинг дунёга келиши барчани бирдек қувонтириб юборар, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар худди ўзларининг ҳаётида мўъжиза юз кўрсатгандек, бир-бирларини қутлашиб, суюнчи улашишга тушар, онам азбаройи шошиб қолганидан ўзини қўярга жой тополмай қолар, у ёқдан-бу ёққа югурганча, шу митти меҳмоннинг ташвишини чеккан бўларди. Отам эса бундай хосиятли кунда, албатта, жонлиқ сўйиб, қон чиқарарди. Шундай пайтда кимдир ўғлимга ҳеч кимнинг хаёлига келмаган мўъжаз исм ҳам топар ва бу исм ҳаммага бирдек маъқул тушар эди. Кейин отам эрта тонгда ҳовлимизга муллони бошлаб келар ва у ўғлимнинг қулоғига исми билан бирга азон айтган бўларди…

Буларнинг бари қишлоқдаги ҳаётнинг ўзи каби табиий бир йўсинда кечар, ҳеч ким олдиндан шундай қилиш керак, деб атай ўйлаб қўймасди.

Мен буларни худди умримнинг аллақайси палласида рўй бериб ўтган воқеа сингари хаёлимдан ўтказар эканман, беихтиёр кўнглим чўкиб кетар, айни дамда ҳайҳотдек шаҳарда ҳатто қувончу шодлигимни баҳам кўрадиган яқин одамим йўқлигини ўйлаб туриб, ўзимни ёлғиз ҳис этардим.

У менинг тўнғич фарзандим эди, мен ҳам унинг бу мусофир шаҳарда туғилишини сира истамаган, аммо шунга қарамай, айни чоғда, шаҳарни ташлаб ҳам кетолмасдим, уч йилдан буён ниҳоясига етмай чўзилиб келаётган илмий ишим қўл-оёғимни ипсиз боғлаб турарди. Хотиним эса ёлғиз ўзи қишлоқда туришни сира хоҳламас, айниқса, ой-куни яқин қолганда уни шунга кўндиришга нечоғлик уринмай, барибир, бирор-бир натижа чиқмаган эди. Биз эски шаҳардаги танг-тор, деворлари зах тортиб кетганидан илвираб ётган кўримсизгина ҳовлида ижарада турардик. Хотиним қишлоқда эмин-эркин ҳаётга кўникканидан, бу ерда қисиниб-қимтиниб яшар, назаримда, ранг-рўйи ҳам салқи тортиб кетгандек туюлар эди. Аммо бунга қарамай, у ортиқча инжиқлик ва гина-кудрат қилмас, ҳамиша менинг кўнглимга қараб иш тутарди.

Мен хотиним билан хайрлашгач, туғруқхона ҳовлисидан чиқиб, бекат томон келар эканман, ўғлимга исм қўйиш ҳақида ўйлар, бу фикр аллақачон хаёлимни банд этиб олган эди. Албатта, ўғлимга муносиб исм қўйиш, энг аввало, менинг биринчи оталик бурчим эканлигини ич-ичимдан ҳис этардим.

Яшириб нима қилдим, ўғлимга исм қўйиш ҳақидаги фикр бирдан ўзимга жуда ёқиб тушган, у худди ҳузурбахш ва лаззатли ўй сингари юрагимни ҳаприқтирар, хаёлимни ўйноқлаб, олис- олисларга олиб кетар эди. Аслида эса, бу шунчаки жўн ва оддий юмуш эмасди, балки мен кечагина дунёга келган ва нажот сўраётгандек, жавдираб тикилиб турган бир тирик жонга исм беришим керак эди. У келажакда ана шу исм остида ўсиб-улғаяди, ҳаётнинг бағрига шу ном билан кириб боради, ҳамма уни шу исм орқали танийди.

Аввалига ўғлимга исм топиш жуда осон ва енгил туюлган, узоқ вақт бошим қотиб қийналаман, деган фикрни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ахир, дунёда нима кўп – исм кўп, шулардан биттасини танлайман, тамом-вассалом.

Аммо кўз очиб юмгунча орадан икки кун ўтиб кетганига қарамай, бирор-бир тўхтамга келишим қийин бўлди. Мен кечаю кундуз шу ҳақда ўйлаганимдан, бошимда минг битта исм ғужғон тортиб айланар, улар бир-биридан чиройли, оҳангдор, қулоққа худди майин куйдек ёқимли эшитилар ва бир зумда кишини ўзига маҳлиё этиб қўярди. Аммо мен уларнинг қайси бирини танлашни билмасдим. Баъзан қайсидир исм кўнглимга ёқиб тушар ва енгил тортган кўйи ўғлимга муносиб исм топдим, деб ўйлардим. Аммо ҳали чувалашиб ётган ўй-хаёлларимни йиғиштириб олишга улгурмай туриб, гўё ўғлимга шу исмни қўйсам, қандайдир нохуш воқеа рўй бериб қоладигандек, шоша-пиша фикримдан қайтардим. Сўнг яна бутун вужудим билан исмлар аралаш-қуралаш бўлиб ётган оламга шўнғиб кетардим. Мени аввалига исмларнинг чиройи, кўрки ва жарангдорлиги кўпроқ қизиқтирган ва хаёлим дунёсида сузиб юрган исмларнинг кўпроқ шу томонига эътибор берган эдим. Аммо кейинчалик бу мени қизиқтирмай қўйди. Мен энди исмларнинг қулоққа ёқимли ва жарангдор эшитилишидан кўра қандай маънони англатишига кўпроқ қизиқиб қолганим боис бутун фикру хаёлим билан шуни билишга уринар эдим.

Мен узоқ манзилни қора тортиб, сафарга отланган, бироқ ўзи сезмаган ҳолда йўлдан адашиб кетаётган йўловчига ўхшар, исмларнинг маъно-моҳиятини билишга уринар эканман, асосий мақсадимдан тобора олислаб бораётганимни ўзим ҳам ич- ичимдан сезиб турардим.

Бир сафар – ўшанда оқшом маҳали уйда ёлғиз ўзим хаёлга ботиб ўтирган эдим – бошимга кутилмаганда урилган фикрдан беихтиёр қўрқувга тушиб, юрагим орқага тортиб кетди. Менинг назаримда, бу дунёда одам боласи кўтариб юришга арзийдиган бирорта ҳам муносиб исм қолмаган, барча исмлар худди эскирган либос сингари аллақачон оҳори тўкилиб, путуридан кетган эди. Йўқ, йўқ, исмлар узоқ йиллар оғиздан-оғизга чайналиб ўтиб келаётганидан ўзининг улуғворлиги, жаранги ва жозибасини йўқотиб қўйган, у энди худди бойқуш чинқириғидек қулоққа хунук ва ёқимсиз эшитилар, гўё исм исм эмас, балки тавқи лаънат теккан кимсанинг иҳрашига ўхшаб қолган эди.

Йўқ, йўқ, тўғрироғи, исмда айб йўқ, балки одам боласи қўл урган жамики ёвузлик, жаҳолат ва тубанлик нуқси айнан исмга муҳрланиб қолган, о, нафақат муҳрланиб қолган, балки уни буткул ўраб-чирмаб олган эди, шунинг учун қайси бир исмдан фаҳшнинг шилта ҳиди “гуп” этиб димоққа урилар, бошқа бир исм қонга ботган, яна бошқа бир исм эса тубанлик ва разолат тимсоли сифатида юракка ваҳм ва қўрқув солиб янграрди. Ким билади, эҳтимол, исм ҳеч қачон қариб-қартаймайди, эскирмайди, абадий ёш ва кўркам, у ўз соҳибини қабргача кузатиб қўйиб, яна бир бошқа одамнинг елкасига “миниб” олиб, ҳеч нарса кўрмагандек яшайверади, деган фикрда ҳам жон бордир. Аммо мени айни пайтда кўнглимнинг бир четида ғимирлаб турган бошқа фикр қийнар эди: исм ҳам инсоннинг ўзи каби нечоғлик узоқ яшаса, шунчалик разолатга ботади, тубанлашиб кетади ва охир-оқибат, ҳеч ким унга ҳавас қилмай қўяди.

Эҳтимол, мен пича ошириб юбораётгандирман, бироқ айни дамда бошқача фикр юрита олмасдим. Чунки мен кечагина дунёга келган ўғлимга исм излаётгандим. Ҳа, шундай, мен бугун исмга харидор эдим, одатда, харидор миридан-сиригача сўраб-суриштиради, тортишиб-баҳслашади, сўнг қайси мол кўнглига ёқса, шуни танлайди. Мен ҳам инжиқ ва талабчан харидор сингари ҳамма-ҳаммасини билишни истардим.

Албатта, исм тўғрисидаги бундай совуқ ва тушкун ўйлар менинг безовта тортган руҳимга жуда ёмон таъсир қилар, кўнглимдаги қизиқиш ва иштиёқ ҳиссини сўндирар эди.

Бироқ айни пайтда бундай мушкул аҳволга тушиб қолганимга қарамай, ўғлимга таваккал қилиб бирор-бир исмни қўйишни хаёлимга келтирмасдим.

Мен хаёлимнинг олис ўнгирларида сузиб юрган ҳар бир исм ҳақида эринмай бош қотирар эдим: бу исм қачондан бошлаб одамларнинг тилига тушган, у қандай маънони англатади, ўтмишда шу ном остида кимлар яшаб ўтган, улар ҳаётда қандай из қолдирган, хуллас, ҳамма-ҳаммасини билишга уринар, турли-туман китобларни титкилар, ўзимга тинчлик бермаётган саволларга жавоб излар эдим.

Бунинг устига, ўғлимга исм излаб ўй-хаёлим чувалашиб ётган айни ўша кунлари аллақайси китобдан “Қорайимлар қиссаси”сини ўқиб қолдим-у, исм тўғрисидаги фикрларим янада қатъий тортди.

О, ўшанда нафақат исм тўғрисидаги фикрларим кутилмаганда ғойибдан рағбат ва қувват олгандек янада қатъий тортган, балки ҳув қадимда яшаб ўтган ва асрларнинг суронли тўфонию эврилишлари остида кўмилиб қолган қорайимларнинг аччиқ қисмату аъмоли, ҳаётий тутуми ва эътиқоду интилишлари сирли мужда янглиғ мени чинакамига ҳайратга солиб қўйган эди.

Мен ҳаяжонга тушган кўйи ушбу асарни ўқир эканман, хаёлан йиллар усталик билан парда тортган олис ўтмишга, қорайимлар яшаган даврга сайр қилар, бу ёвқур одамларнинг поёнсиз саҳрода мағрур қад ростлаган ўтовларига кириб борар, улар билан гулхан атрофида тонгга қадар суҳбат қурардим.

Айниқса, қорайимларнинг исмни муқаддас туғ каби бошлари узра озод кўтариб яшагани, гўё бу исм эмас, балки ўзларининг қисмату аъмоли битилган илоҳий битик каби унга чуқур эътиқод қўйишгани юрагимни орзиқтириб юборар эди.

Бундан ҳам қизиғи шунда эдики, қорайимлар қабилада фарзанд дунёга келса, унга исм қўйишга асло шошилмас, балки аввалига гўдакни шунчаки бир ном билан, масалан, чўмичбойми, қозонбойми, деб аташар эди. Албатта, бу болага берилган муваққат ном эди, ҳақиқий исмни ўсиб-улғайиб, вояга етгач, ўспириннинг ўзи олиши шарт қилиб қўйилар эди.

Йўқ, йўқ, китобда қайд этилишича, қабилада исм бериш маросими қувончу ҳаяжон, асасаю қийқириқларга ғарқ бўлиб кечар, у баъзан бир неча кунга чўзилиб кетар, каттаю кичик барча қабила аҳли байрамона ясанганча катта майдонга тўпланишар ва исмга талабгор ўспириннинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кўздан қочирмай кузатишар эди. Қабила оқсоқоллари эса, халойиқнинг кўз ўнгида исмга талабгор ўспиринни минг битта синовдан ўтказишар, унга турли-туман саволлар беришар, аллақандай мураккаб ва хатарли шартларни бажаришни талаб қилишар ва шундан сўнг узоқ кенгашиб, унга муносиб исм беришарди.

Маросимда ўспиринга исм билан бирга совут, қилич ва оқ от ҳам тортиқ этилар ва у энди қабиланинг ҳақиқий аъзосига айланарди.

Китобда қайд этилишича, қорайимларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган исм бериш маросими ўта қатъий тартибда, муросасиз руҳда ўтар ва бу маросимга ўзгартириш киритишга ҳеч ким журъат этолмасди.

Албатта, маросимда ҳукм сурадиган ана шундай қатъият ва муросасизлик туфайли исм олиш насиб этмаган, яъни машаққатли синовлардан ўта олмаган ўспириннинг кейинги қисмати жуда аянчли кечарди: майдонга йиғилган халойиқ оқсоқолнинг “Унга исм берилмасин!” деган сўзлари янграши билан туйқус жунбушга келар, ҳамма қаҳр-ғазаби, нафратию аламини ўша бахтиқаро ўспириннинг устига сочар, ҳеч ким раҳм-шафқат қилишни хаёлига келтирмас, одамлар қаҳрдан гувраниб ташланар ва уни уриб-сўкиб ҳайдаганча қабиладан мангу бадарға этардилар. Кейин эса қорайимлар бу ношуд, шўрпешона ўспиринни, гўё ўзлари билан ҳеч қачон бақамти яшамагандек, қайта ёдга олмасди ҳам.

Исмни ана шундай улуғлаб яшаш қорайимларнинг ҳаёт тарзига шу қадар чуқур сингиб кетган эдики, бу ақидани бузишга ёки унга жиндай бўлса-да, ўзгартириш киритишга ҳеч ким журъат этолмаган.

Қорайимлар асрлар қаддини букканча, шу тахлит яшаб ўтган эди.

Мен “Қорайимлар қиссаси”ни ўқигач, азбаройи ҳаяжонланганимдан илмий раҳбарим бўлмиш профессорга ҳам таассуротларимни гапириб бердим. Аммо кутганимдан фарқли ўлароқ, унинг тунд юзида бирор-бир ҳайратланиш ёки ўзгариш ифодаси сезилмади.

– Эрамиздан олдинги асрда яшаган қорайимларни айтаяпсизми? – деди у хотиржам овозда. – Ҳа, биламан, тарихда шундай элат яшаб ўтган. Уларнинг исмга нисбатан ғалати муносабати, тўғрироғи, исмни илоҳийлаштириши бир пайтлар мени ҳам худди сизга ўхшаб қаттиқ ҳаяжонга солган эди. Лекин кейинчалик чуқурроқ мулоҳаза юритиб, ўйлаб қарасам, қорайимларнинг таназзулга юз тутиши ва охир-оқибат тарих саҳнидан бутунлай йўқ бўлиб кетишига, аввало, уларнинг ўзи қаттиқ эътиқод қўйган ана шу исм сабаб бўлган. Нега дейсизми? Бунинг изоҳи жуда оддий: қорайимлар ўзига муносиб исм ололмаган ношуд ўспиринни ўйлаб ҳам ўтирмай қабиладан ҳайдаб солган. Яъни, исмсиз қолган кимсани ҳеч ким қорайим санамаган. Йиллар ўтиши билан ўзига муносиб исм ололмаган ва қабиладан бадарға қилинганлар сони кўпайиб кетган. Бу, иккинчи томондан, ҳақиқий қорайимлар тобора камайиб борган, деган маънони англатади. Охир-оқибат аҳвол шу даражага бориб етганки, қабилада бармоқ билан санаса бўладиган, беш-ўн нафар қорайим қолган. Бироқ шунда ҳам бу ўжар одамлар эски ақидадан воз кечишни хаёлларига келтирмаган. Охир-оқибат қорайимлардан ном-нишон қолмаган. Мана сизга, қандайдир ақидага кўр-кўрона эътиқод қўйиб яшашнинг оқибати.

Профессорнинг ишонч билан кесиб-кесиб гапириши ва унинг аччиқ хулосаси мени бир зумда гангитиб қўйди. Аммо ҳар нарса бўлганда ҳам кўнглимда қорайимларга нисбатан чуқур ҳурмат туйғуси уйғонган, айниқса, уларнинг исмни улуғлаб яшагани ҳамон ҳайратимни қўзғатарди.

* * *

Ким билади, эҳтимол, мен бундай мантиқсиз, нотайин ўй-хаёлларга берилиб, беҳуд қўрқув ва ваҳимага тушаётгандирман?! Эҳтимол, ўғлимни азбаройи яхши кўрганимдан унга ҳар қандай исмни раво кўрмаётгандирман?! Балки исм топишга қийналаётганимга ўзимнинг табиатимдаги инжиқлик ва худбинлик сабаб бўлаётгандир?!

Ҳозир бу ҳақда аниқ бир нарса дея олмайман. Аммо мен бутунлай умидсизликка тушмаган, ўзим ўжарлик билан излаётган исм ҳақида, гарчи буни сўз билан аниқ-таниқ ифодалаб беролмасам-да, ғира-шира тасаввурга эга эдим. Бу исм ўғлим туғилган кундан буён хаёлимнинг олис ўнгирларида бир уюм оппоқ булут каби оҳиста сузиб юрар, баъзан тушларимда уни аллаким қўшиқ сингари куйлаётганини эшитиб қолар эдим. У минг бир оҳангда жаранглаб, юрагимда умид ва қувонч гулханини ёқиб, ўзига томон бетиним чорлар, фақат уни эслаб қолишга қийналаётган эдим. Баъзан нохуш ўйлар таъсирида тушкунликка берилиб, ҳафсалам пир бўлиб турган пайтларда ана шу сирли исм хаёлимда “ялт” этиб пайдо бўлар ва у қудратли куч сингари кўнглимда яна умид ва иштиёқ чироғини ёқар, тинимсиз ўйлаш ва изланишга ундар эди. Шунинг учун мен кунлар ўтиб бораётганига қарамай, ҳамон ўғлимга муносиб исм топмаганимга унчалик эътибор бермас, кўнглим нимадандир анча хотиржам эди.

Ҳар гал туғруқхонага егулик кўтариб борганимда, хотиним кўзлари жавдираб оғзимни пойлар, ўғлимга қандай исм қўйганимни эшитишни тоқатсизлик билан кутар эди. Бироқ ҳали исм топмаганимни эшитаркан, бирдан авзойи ўзгариб кетар, азбаройи жаҳли чиққанидан ёноқлари “пир-пир” учиб, андишани ҳам унутган кўйи шанғиллаб гапиришга тушарди:

– Хаёлингиз қаерда, ўзи? Ўғлингиз қолиб, нималарни ўйлаб юрибсиз?

Хотиним гўё исм ўғлимга эмас, балки ўзига зарурдек, астойдил куюниб гапирар, ора-сира ўпкаланиб, кўз ёши ҳам қилиб олар, изимга қайтаётганимда эса, қайта-қайта яна шуни уқтирар эди:

– Эртага ўғлингизга исм қўйиб, гувоҳномасини олиб келиш эсингиздан чиқмасин! Йўқса, дўхтирлар уйга жавоб бермасмиш…

Мен қадамимни судраб босганча, туғруқхона ҳовлисидан чиқарканман, ўзимни худди адашиб, боши берк кўчага кириб қолган кимса сингари ночор ҳис этар, ўй-хаёлларим буткул чувалашиб кетганидан, исм ҳақида ортиқ ўйлашга ҳам юрагим безиллар эди.

Бунинг устига, айнан ўша кунлари худди атай қилгандек, йўлак четида танда қўйиб ўтирадиган тиланчи чолнинг кутилмаганда айтган сўзлари хаёлимни баттар остин-устун қилиб юборди.

У – тиланчи чол худонинг берган куни университет кутубхонасига борадиган йўлакнинг бир четида танда қўйиб ўтирар ва зориққан овозда алланималар дея минғирлаган кўйи ўтган-кетган йўловчилардан хайр-садақа сўрар эди. Унинг афт-ангорига қараб бўлмасди, бетартиб ўсиб кетган соч-соқоли юзига қўрқинчли ва ёввойи тус бериб турар, кўзлари маъносиз ва тушкун боқар, жуссаси қилтириқдек озғин, елка суяклари тугилган муштдек бўртиб чиққан, эгнидан эса қишин-ёзин ранг-туси ўчган эски тўн тушмасди. Унинг мана шундай ислиқи, ташландиқ, ғариб ва бенаво қиёфасига қараб туриб, кишининг кўнглидан беихтиёр туриш-турмуши шундай бўлгач, бу дунёда тиланчи бўлмай қайга ҳам борарди, деган ўй кечарди. Афтидан, у ҳаётда одамдек яшаш, умргузаронлик қилишни аллақачонлар унутиб юборган, кўнглида ҳам соф ва беғубор туйғулар аллақачон ўчиб кетган ва ўзини ерга уриб, одамлар оёғи остида ўралашиб яшашдан ор қилмай қўйганди.

Унинг йўлакда танда қўйиб ўтириши, қоқсуяк қўлларини чўзганча жавдираб хайр-садақа сўраши, умуман айтганда, ислиқи афт-ангори кўнгилда фақат нафрат ва ижирғаниш ҳиссини қўзғар эди. Одатда, йўловчилар худди нуқси уриб қоладигандек, уни четлаб ўтишга уринишар, кўпинча очиқ-ошкор нафрат билан тикилиб қўйишар эди.

Мен ўша куни ана шу тиланчи чолнинг оғзидан сира ақл бовар қилмайдиган сўзларни эшитиб, дафъатан ҳушёр тортдим.

Аслини айтганда, у билан ўртамизда бирор-бир танишлик ёки шунга ўхшаш яқин муносабат йўқ эди. Бундай муносабат қайдан бўлсин, ахир, у ким эди-ю, мен ким эдим?! Шу пайтга қадар онда-сонда, шунда ҳам чўнтагимда майда чақалар пайдо бўлиб қолганда, хайр-садақа қилганимни айтмасам, унга бирор марта тузук-қуруқ эътибор ҳам бермаган, бирор оғиз сўз ҳам қотмаган эдим. Ҳар доим унинг қаршисидан беэътибор ва лоқайд ўтиб-қайтар, унинг йўлакда ивирсиб ўтириши мени мутлақо қизиқтирмасди.

Аммо айни ўша кунларда у ўғлим дунёга келгани-ю, мен унга исм излаб буткул хаёлга ботиб юрганимдан қандай хабар топди, буни қаердан била қолди – шунга ҳали-ҳануз ақлим етмайди. Ким билади, эҳтимол, мен йўлакдан ўтаётиб, кимгадир ўғил кўрганим-у, унга исм излаб юрганим тўғрисида гапирган ва бу гап-сўзлар тасодифан унинг қулоғига ҳам чалиниб қолган, энди эса у писмиқлик билан ўзини салкам авлиё чоғлаб, нимаики эшитган бўлса, барини оқизмай-томизмай ўзимга қайтариб айтаётгандир. Эҳтимол, у бу писмиқлиги эвазига мўмайгина садақа ундириш пайидадир. Эҳтимол, кейинги кунларда менинг ҳаётимда қандай воқеа рўй бериб ўтган бўлса, барини у савқи табиий хислати билан билиб олгандир.

Билмайман, ҳар нарса бўлиши мумкин. Аммо мени буткул танг қолдирган нарса ўша кун эрталаб, одатдагидек, кутубхонага бораётиб, негадир кўнглимда садақа бериш истаги туғилди ва чўнтагимдан қўлдан-қўлга ўтаверганидан увадаси чиқиб кетган қоғоз пулни олиб, энгашган кўйи унга узатаётганимда, кутилмаганда, бошини илкис кўтарди ва киприк қоқмай, юзимга совуқ тикилганча, сўз қотиб қолди:

– Ўғлим, – деди у худди қироат қилаётгандек босиқ ва дўриллаган овозда, – аввало ҳаммаси худодан, аммо исм танлашда асло шошилманг. Ҳар бир исм ўзининг руҳи ва юки билан яралган. Шуни сира ёддан чиқарманг: исмда сир бор, унинг қатида боланинг қисмати яшириб қўйилган. Ўғлингизга чуқур ўйлаб, сўнг исм қўйинг. Омийн, атаган хайр-садақангизни худо ўз даргоҳида қабул қилсин! – у қоқсуяк қўлларини очиб, юзига фотиҳа тортди-да, сўнг яна бошини қуйи солиб олди.

Ҳа, ҳа, у худди қироат қилаётгандек, салобатли овозда: “Исмда ҳам сир бор”, деди. Кейин сира кутилмаганда, унинг турқи-авзойи бирдан ўзгарди, гўё ҳозиргина ўртамизда ҳеч қандай гап-сўз бўлиб ўтмагандек, бошини кўксига теккизгудек алфозда қуйи солиб олди-да, тағин зориққан овозда алланималар дея минғирлашга тушди. Мен унинг боши устида азбаройи ҳайрат ва таажжубга тушганимдан тошдек қотиб қолган, оёқларим остида букчайиб ўтирган тиланчи чолга ички бир қўрқув ва ҳайрат билан тикилар ва тикилган сайин у ҳақидаги бурунги узуқ-юлуқ тасаввурларим худди путуридан кетган уй сингари бирдан қулаб тушган ва у кўзимга бу кўҳна ва қув дунёнинг барча сир-синоатини беш бармоғидек биладиган сеҳргарга ўхшаб кўринарди. Мен тик қотган кўйи тиланчи чолга тикиларканман, кўнглимда қизиқиш ва ҳайратим тобора ортиб борар, тиланчи чолни яна гапга солишни, ўзимни шу пайтга қадар қийнаб келган барча жумбоқ ва чигалликларга жавоб олишни истардим. Аммо у менинг истак-хоҳишимга зид ўлароқ, аллақачон тўнини буткул тескари кийиб олган, бошини кўтарай демас, овози ҳам ичига тушиб кетгандек, тиниб қолган эди. Фақат у дам-бадам кўзи ости билан оёқларимга қараб-қараб қўяр, афтидан, менинг бу ердан тезроқ кетишимни кутаётган эди.

Мен унинг боши устида анча пайт туриб қолдим, аммо ундан сас-садо чиқмади, бунинг устига, йўлакдан ўтиб-қайтаётган йўловчилар ажабланиб қараётганини сезгач, ноилож кутубхона томон йўл олдим.

Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз? Аммо тиланчи чол мени, ростдан ҳам, қаттиқ ҳайратга солиб, хаёлимни бир зумда остин-устун қилиб юборган эди. Мен боягина унинг оғзидан эшитган гап-сўзларга ўзимни сира ишонтиролмас, бу воқеа ўнгимда эмас, балки тушимда рўй бериб ўтганга ўхшаб туюлар эди. Бошқа бир кимса шундай башорат қилса, эҳтимол, мен бунчалик ҳайратга тушмас, барчасини табиий йўсинда қабул қилган бўлардим. Аммо ҳар кун йўлакда ивирсиб ўтирадиган, на зоти, на насл-насабининг тайини бор дайди ва ислиқи бир кимсадан ногаҳон бундай дилхоҳ сўзларни эшитишни сира тасаввуримга сиғдиролмай қийналар эдим. Аслида ким ўзи бу тиланчи чол?! Менинг фикру-хаёлимни ана шу ўй банд этиб олган, кутубхонанинг зах ҳиди анқиб ётган нимқоронғи хонасида илмий ишимга тааллуқли китобларни номигагина титкилаб ўтирар, бироқ бошимга ҳеч нарса кирмасди.

Аммо эртаси куни эрталаб, чамаси, ҳафтанинг сешанба куни эди, кутилмаганда, шундай ғалати воқеанинг устидан чиқдимки, кимдир бошимга туйқус бир мушт туширгандек, баттар гангиб қолдим.

Шу куни эрталаб туғруқхонадан чиқиб, кутубхонага бораётган эдим, йўлак ўртасида – айнан ҳалиги тиланчи чол танда қўйиб ўтирадиган жойда бир тўда одамлар тўпланиб, бир-бирларининг елкаси оша бўйинларини чўзганча, алланимани берилиб томоша қилаётганига ҳали олисдан кўзим тушган ва кўнглимда қандай воқеа рўй берибдийкин, деган ўй кечиб, қадамимни қандай тезлатганимни ўзим ҳам сезмай қолгандим. Одамлар тўпланиб турган жойга етиб келиб, дафъатан шундай воқеага гувоҳ бўлдимки, ақлим шошганидан нима қилишни билмай қолдим. Рости гап, мен кунлардан бир кун шундай воқеа рўй беради, дея сира ўйламаган, бу ҳатто етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Шундан туйқус қўл-оёғим бўшашиб, кўз олдим қоронғи тортиб кетгандек бўлди. Эй, худо, нималар рўй бераётганини ҳатто айтишга ҳам одамнинг тили бормайди ахир. Икки барваста йигит бошқа бировни эмас, айнан ҳалиги тиланчи чолни қўлларидан маҳкам тутган кўйи ҳув нарида эшиги ланг очиб қўйилган машина томон судрагандек бир алфозда олиб борар, йўлакнинг бир четида эса, тумонат одам, нафасини ичига ютган кўйи улардан кўз узмай турарди. Ҳалиги икки йигит алланимадан қаттиқ ғазабга минган, уларнинг юзида қаҳрнинг оғир шарпаси сузиб юрар, азбаройи жаҳлнинг зўридан кўзлари косасидан чиққудек каттариб кетган эди. Улар тиланчи чолнинг мушакларидан худди жирканч бир нарсани тутгандек очиқ-ошкор ижирғаниб ушлаб олганча, судраб боришар, дам-бадам, гарчи бунга ҳеч қандай зарурат бўлмаса-да, овозларини кўтариб, шалоқ сўзлар билан сўкинганча, уни силтаб-силтаб ташлашар ва қўнжи калта этиклари учи билан тепиб-тепиб қўйишар эди. Бечора тиланчи чол бундай таҳдид ва зуғумдан буткул ўзини йўқотиб қўйган эди, назаримда, унинг жуссаси баттар кичрайиб, бир бурда бўлиб қолгандек туюлар, шалвираган кўйи оёқларини базўр судраб босаркан, қўрқув тўла кўзлари атрофга худди нажот ва ёрдам сўраётгандек, жавдираб боқар ва анча олисдан ҳам аъзойи бадани қалт-қалт учиб тушаётгани аниқ-равшан сезилиб турарди.

Мен бу манзарани анча олисдан кузатиб турар, худди туйқус тузоққа илинган қуш сингари буткул умидсизликка тушиб қолган тиланчи чолга қарарканман, юрагим гурсилаб тез-тез урар, ич-ичимдан қаттиқ бир ҳаяжон кўтарилиб келарди. Мен ана шу ҳаяжон ва ҳадик таъсирида йўлакни банд этиб олган одамларни итариб-туртиб олдинга қандай ўтганимни сезмай ҳам қолдим. Ва ҳалиги тиланчи чолнинг афт-ангорига яқиндан назар ташлар эканман, буткул бошқа манзарага кўзим тушиб, ақлим баттар шошиб қолди. Ё, тавба, нималар бўлаяпти, ўзи?! Йўқ, йўқ, тиланчи чол, мен боя ўйлагандек, қўрқув ва ваҳимадан сира ўзини йўқотиб қўймаган эди, аксинча, гўё бошига ҳеч қандай кўргилик ва мусибат тушмаган, балки ҳамма нарса азал- азалдаги сингари тинч ва осуда кечаётгандек, ўзини мутлақо хотиржам ва бепарво тутар, юзида сокин ва хотиржам бир ифода кезинар, фақат лабининг бир четида аллақандай заҳарханда ва истеҳзоли кулги шарпаси билинар-билинмас кўзга ташланиб турарди. Менга унга қараб туриб, кўзларимга ишонмасдим. Ахир, тиланчи чол ўзини бундай боқибеғам алфозда тутиши жуда қизиқ ва ғалати эди. Йўқ, йўқ, чамаси, у ўзини атай шундай гўлликка солиб олган, гўё ўзимни овсардек қиёфага солиб олсам, бу бало-қазонинг чангалидан оппа-осон қутулиб кетаман, деб хомтаъма бўлаётганга ўхшар эди. Ким билади, эҳтимол, кутилмаган таҳдид ва зуғумдан унинг юраги кичрайиб, ақлу шуури буткул карахт тортиб қолган ва айни пайтда ана шу юрагини ўраб-чирмаб олган қўрқув ва ваҳима таъсирида ҳеч нарсани идрок этмай қўйгандир. Ҳа, ҳа, шундай, бошқача бўлиши мумкин эмас, чунки анави икки барзанги йигит унинг боши устида худди осмондан тушгандек, тўсатдан пайдо бўлиб, қўлларидан маҳкам тутганча судрашга тушганда, унинг юраги қўрқув ва ваҳимага тўлиб, эси оғиб қолган ва шундан ҳали-ҳануз ўзига кела олмаганди. Ким билади, балки уни узоқ вақт пойлаб юриб, ниҳоят, бугун нақд айб устида қўлга туширишган ва шундан у дами ичига тушиб кетиб, миқ этмай қолгандир. Билмадим, ҳар нарса бўлиши мумкин. Лекин, назаримда, айни дамда тиланчи чолнинг ҳуши ўзида эмасга ўхшаб кўринар эди.

Ҳалиги икки барзанги йигит уни судрагандек бир алфозда машина олдига олиб келгач, қўлларини қўйиб юбориб, машинага чиқишни буюрди. Тиланчи чол эса ёшига ярашмайдиган бир эпчиллик билан машинанинг темир зинасига оёғини дадил қўйди-да, ичкарига бош суқди ва сўнг худди тубсиз чоҳга тушиб кетгандек, бирдан кўздан ғойиб бўлди. Фақат машинанинг ён томонидаги кичкина туйнукдан унинг қоп-қора юзи ғира-шира кўзга ташланиб турар, у, чамаси, ўриндиққа чўккан ва бошини қуйи солиб олган эди. Унинг айни мана шу қоп-қора тортиб кетган юзи хотирамга қаттиқ муҳрланиб қолди. Кейинчалик ҳар гал тиланчи чолни эслаганимда, энг аввало, унинг машинанинг кичкина туйнуги ортидан дунёга ийманган ва тортингандек бир алфозда қараб турган мана шу ҳолати лоп этиб, хотирамда жонланар ва худди ўзимнинг ҳаётимга бевосита дахлдор аянчли воқеа сингари дафъатан юрагимда алам ва оғриқ қўзғар, ич-ичимдан кўтарилиб келган изтиробми, ўксинишдан дунёга сиғмай қолардим. О, аслида ҳам, унинг ўша туйнукдан кўзга элас-элас ташланиб турган чуваккина юзи ва зим-зиё тун қўйнида унутиб қолдирилган бир жуфт шамдек ёниб турган кўзлари жуда қайғули ва аламнок эди, бу оғир манзара тиланчи чолнинг кўпчиликка ноаён қисмату аъмоли, саргашта умри ҳақида жуда кўп нарсаларни унсиз сўзлаётганди.

Ҳалиги икки барзанги йигит машина эшигини зарб билан шарақлатиб ёпди. Шундан сўнг машина шиддат билан ўрнидан қўзғалди-да, тез орада кўздан ғойиб бўлди. Йўлакда томошаталаб йўловчилар тирбанд бўлиб кетган эди, улар тобора олислаб бораётган машинадан базўр кўзларини узиб, бирдан шивир-шивир қилишга тушишди: кимдир тиланчи чолни ислиқи қиёфада бекиниб юрган ашаддий қотил деса, яна кимдир қип-қизил ўғри экан, кўпдан буён изига тушиб, бугун қўлга олишга муваффақ бўлишибди, дер, яна кимдир бундан ҳам ваҳимали тахминни тўқир эди. Йўловчиларнинг бундай тутуруқсиз тахмину фаразлари менинг энсамни қотириб, ғашимга тегарди. Шунинг учун бундай гап-сўзларни эшитишга ортиқ сабрим чидамай қадамимни судраб босганча кутубхона томон йўл олдим.

Мен бу тиланчи чолни анча пайтдан буён билар эдим, унинг ислиқи турқу рафторига худонинг берган куни кўзим тушар, аммо шунга қарамай, ҳеч қачон унга тузук-қуруқ эътибор бермаган, ким ўзи бу чол, нега бундай аянчли аҳволга тушиб қолган, унинг оиласи, бола-чақаси борми, улар қаерда, деб лоақал бирор марта ўйлаб кўрмаган эдим. Аслини айтганда, унга нафақат менинг, балки йўлакдан ўтиб-қайтадиган барча йўловчиларнинг кўзи кўникиб кетган, ҳеч ким ортиқча эътибор бермас, унинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам ҳеч кимни қизиқтирмасди. Бунинг устига, шу пайтга қадар уни бирор-бир кимса йўлакдан қувиб солмаган ва у бу ердаги ҳаётга шунчалик сингишиб кетган эдики, агар бир кун қорасини кўрсатмай қўйса, гўё йўлак бўм-бўш тортиб, ҳувиллаб қоладигандек туюлар эди.

Йўқ, йўқ, мен бугун – умримда биринчи марта бундай чуқурроқ ўйлаб қарасам, у хайр-садақа илинжида лаблари гезариб ўтирадиган олчоқ тиланчиларга ҳам унчалик ўхшамас экан. Ҳа, рост, мен уни олчоқларча қўлларини чўзиб, ўтган-қайтганнинг этагига ёпишгани, оғзидан тупугини сачратиб дийдиё қилганини ҳеч қачон кўрмаганман. У, одатда, йўлакнинг бир четида бошини қуйи солган кўйи ўтирар, баъзан кун узоғи ҳам бошини кўтариб, атрофига қарамас, фақат паст ва тушуниксиз товушда алланималар деб минғиллар, аммо унинг овозида ҳасрат ва зориқиш оҳанги сезилмас, балки у кўҳна бир қўшиқни чўзиб-чўзиб ҳиргойи қилаётган ва шунинг таъсирида масту мустариқ бўлиб қолган кимсага ўхшар эди. У йўлак четида нафсининг илинжида эмас, балки бу қув дунё буткул зада қилиб ташлаган ёлғиз ва ўксик кўнглини овутиб ўтиргандек, йўловчилар онда-сонда ташлаб ўтадиган хайр-садақаларга ҳам бошини кўтариб қарамас, сариқ чақа ва ғижимланган қоғоз пуллар унинг оёғи остида бетартиб сочилиб ётар эди.

Бироқ кишини танг қолдирадиган томони шундаки, у буткул орому хотиржамлигини ҳаётнинг мана шу хилват гўшасидан топиб олгандек, ҳар кун йўлакка чиқишни канда қилмас, қишин-ёзин уни ҳеч иккиланмай йўлакдан оппа-осон топиб олиш мумкин эди. Фақат у тунлари алла-қаёққа ғойиб бўлар ва яна тонг азонда йўлакка биринчи бўлиб унинг пойқадами тегар эди.

Мен тиланчи чол ҳақида ўйлаган сайин қизиқишим тобора ортиб борар, кўнглимда бир-биридан ғалати ва жумбоқли саволлар бош кўтариб келар эди: тиланчи чол ким эди, ўзи? У ҳаётнинг қоп-қоронғи ва бўм-бўш йўлагидан нимани излаб ўтди? Унинг шунча пайт одамлар оёғи остида ўзининг ғуруру шаъни, ор-номуси ва умрини топтаб ўтиришдан кўзлаган мақсад-муддаоси нима эди? У ўзига нега бундай аянчли ва тубан қисматни раво кўрди? У кимнинг васвасаси, макру ҳийласига учиб, ўзини ерга урди, умрини елга совуриб юборди? Ёки у бу қадим ва қув дунё-дун нечоғлик жилвакор ва жодули кўринмасин, барибир, шундан бўлак ҳеч нарсага арзимаслигини туйқус англаб етдими?!

Билмайман, ҳар нарса бўлиши мумкин. Аммо, назаримда, тиланчи чол кунидан қолган ғариб ва нотавон, шунинг учун ҳам йўлакда танда қўйиб, одамларнинг хайр-садақасига кўз тикиб яшайдиган кимсага сира ўхшамасди. Мен энди бунга шак-шубҳа қилмай қўйган эдим. Зеро, кўнглимнинг туб-тубида унга нисбатан ачиниш ҳисси аралаш илиқ меҳрга ўхшаш туйғу уйғониб кела бошлаган, у акам ё амаким, ишқилиб, яқин бир кишимга айланиб қолгандек туюлар эди.

Хўш, у кунидан қолган нотавон кимса бўлмаса, унда ким эди? Бу савол аста-секин хотиржам тортаётган хаёлимни яна қайта тўзғитиб юборар, ўзимни туйқус боши берк кўчага кириб қолган кимса сингари ночор ҳис этар ва тиланчи чолни нечоғлик кўнглимга яқин олишга уринмай, барибир, у ҳақда мутлақо ҳеч нарса билмаслигимга, мен учун буткул бегона ва ёт кимса эканлигига дафъатан иқрор бўлардим.

О, йўқ, у нафақат менга, балки мана шу ҳайҳотдек кенг ва кўҳна дунёга ҳам бегона эди. У ҳеч қачон ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб ётган ҳаёт бағрига сингишиб кетмаган, ҳар доим худди сувнинг лойқаси сингари тубга чўккан, аммо умри бино бўлиб, бирор-бир кимсага қисматнинг бундай шафқатсиз ёздиғидан зорланмаган, кўнглидаги аламу изтиробини тўкиб солмаган, ўзининг чувалашиб ётган умр йўлидан нимаики топган ва нимаики йўқотган бўлса, ҳамма-ҳаммасини жимгина ичига ютган ва охир-оқибат ҳеч кимга ошкор этмай ўзи билан олиб кетган эди.

Ҳа, дарвоқе, кечагина у менга исм тўғрисида жуда ғалати ва ажиб ҳикматомуз гапларни айтган эди. Йўқ, бу шунчаки жўн ва омади гаплар эмасди, ахир, бундай нарсалар ҳақида шунчаки номига гапириб бўлмайди. Менингча, бу сўзлар унинг саркаш ва шафқатсиз кечган, изтироб ва алам бир лаҳза ҳам кўз очирмаган умри давомида қайта-қайта бошидан кечирган, аммо ҳар гал тан олишни истамай ўжарлик билан рад этган, тушкунлик ва умидсизликка юз тутган ўй-хаёлларини атай бошқа нарсалар билан овутган, ҳамиша ўзини худди омади чопган кимсадек мағрур ва бахтиёр тутган, бироқ бахтга қарши бу кўргулик ва азоб-уқубатларнинг адоғи кўринмай, қисмат ҳамиша йўлдан адаштириб кетавергач, охир-оқибат тақдирга тан бериб, ишониб қолган қатъий хулосаси эди. Чунки кеча у ортиқча ҳаяжону эҳтиросга берилмай, ишонч билан кесиб-кесиб гапирган, ҳар бир сўзи юрагининг қат-қатидан отилиб чиққан, кўзлари эса гўё айтаётган фикрларини тасдиқлаётган сингари оловдек чақнаб турган эди. Ҳа, шундай, у ёлғон гапирмаган эди, аслида мени алдаш ва лақиллатишдан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди. Бунинг устига, у лоақал берган хайр-садақамга номига бўлса-да, кўз ташлаб қўймаган эди. Мен шу фикрни хаёлимдан ўтказар эканман, туйқус жуда муҳим сирни англаб етгандек, бирдан юрагим шитоб билан тез-тез уриб кетди: қизиқ, тиланчи чолнинг исми нима экан?!

Ҳарқалай, у исмсиз кимса эмас, бир пайтлар дунёга келганда, ота-онаси унга яхши ният билан исм қўйгандир?!

Бироқ менга унинг исми ҳам умри сингари қоронғи ва нотаниш эди.

Мен айни дамда бошқа бир нарсага ич- ичимдан қаттиқ ишониб турардим: уни ким деб аташганидан қатъи назар, у умр бўйи ўз исмидан кўнгли тўлмай яшаган, ҳаётининг ҳар бир қадамида бўйнига осиб қўйилган бу тавқилаънатдан халос бўлишга уринган, қаттол қисмат раҳм-шафқат қилмай бошига қандай мусибат ва кўргиликларни тўкиб солган, юрак-бағрини пора-пора қилган бўлса, у барча-барчасини мана шу пешонасига азалдан битиб қўйилган исмдан кўрган, йўқ, йўқ, бу исм эмас, балки ёвузлик ва разолат тамғаси сингари уни бир умр таъқиб этиб келган, юрагига қўрқув ва ваҳм солган, кўзига дунёни хунук ва ваҳимали қиёфага солиб кўрсатган, узоқ йиллар давомида ҳаётнинг чигал ва қоронғи сўқмоқларида мақсад-муддаосиз сарсон-сардон адаштириб юрган, дунё, одамлар ва умрнинг маъно-мазмуни ҳақида турли хил ёлғон ваъзлар ўқиган ва охир-оқибат бошига шунча дарду ситам ва изтиробга солгани етмагандек, баттар масхара қилган кўйи йўлакка – одамлар оёғи остига олиб келиб ташлаган эди.

Афтидан, шундан сўнггина у исм ҳақида юраги безиллаб ўйлайдиган бўлиб қолган ва бояги қатъий хулосага келган эди.

Ҳа, шундай, бошқача бўлиши мумкин эмас. Ахир, ҳаётда ҳеч ким ўзи бошидан кечириб, ишонч ҳосил қилмаган нарса ҳақида бунчалик қатъият билан гапира олмайди.

Нимасини айтай, тиланчи чол, унинг ноаён кечмиши фикру хаёлимни буткул банд этиб олган, гарчи ўзим қайси бирига ишонишни билмай турсам-да, у ҳақида турли-туман тахмину фаразлар тўқир эдим. Бунинг устига, унинг кеча исм ҳақида айтган сўзлари ҳали-ҳануз юрагимга қўрқув солиб турарди. Зеро, мен ўғлим туғилганига олти кун бўлганига қарамай, ҳали унга исм қўймаган эдим.

* * *

Иттифоқо, мен ана шундай кунларнинг бирида ўғлимга исм топдим: уни Муайяд деб атадим. Бу исм тўзғиб ётган хаёлимда кутилмаганда қаердан пайдо бўлди, ўғлимга нега айнан шундай исм қўйдим, бу исм қандай сеҳру жозибаси билан кўнглимни забт эта қолди, гапнинг рости, ҳозир буни тузуқ-қуруқ тушунтириб беролмайман. Ким билади, эҳтимол, бу исм шууру тасаввуримнинг қат-қатларида узоқ йиллардан буён кўмилиб ётган, бироқ мен унинг хаёлим уммонида яшаётганини ҳеч қачон пайқамаган, фақат ўғлим чинқириб йиғлаганча дунёнинг залворли эшигини нозиккина бармоқлари ила оҳистагина қоқаётган маҳал шу исм ҳам узоқ сафарга отланган йўловчи сингари бирдан қалқиб юзага чиққандир. Эҳтимол, ҳалиги тиланчи чол айтгандек, ўғлимнинг пешонасига битилган қисмату аъмолнинг ўзи уни ёдимга солиб қўйгандир. Билмайман. Фақат бу исмни хотиним илк марта тилга олганда нечоғлик энсаси қотиб, жаҳли қўзиган бўлса, у ўзимга шунчалик ёқар, назаримда, бу исм то уфққа қадар чўзилиб кетган, ҳали бирор-бир кимсанинг изи тушмаган ёлғизоёқ йўл каби сирли ва жозибали кўринар эди.

Хотиним менинг оғзимдан бу исмни эшитган заҳотиёқ худди ёқимсиз нарсанинг таъмини туйгандек, бирдан юзи буришиб кетган, ич-ичидан аччиғи кўтарилиб келганидан очиқ-ошкор шанғиллашга тушган эди:

– Муайяд дегани нима эмиш? Дунёда шундан бўлак тузукроқ исм қуриб қолгандими? Сиз алмисоқдан қолган шундай исм топишингизни ўзим ҳам билардим… Одамлар битта ўғлига ҳам эплаб тузукроқ исм қўёлмабди, демайдими?!

Одатда, хотиним ўғлимнинг исмини айтаётганда ҳадеганда тили айланмай қийналганидан баттар жаҳли қўзиб кетарди. Бироқ унинг бундай норози оҳангда жаврашлари узоққа чўзилмади, орадан кўп ўтмай у индамай қўйди.

Демак, бундан буён ҳамма ўғлимни Муайяд деб атайди. У шу исмнинг остида ўсиб-улғайди. Бу гўё исм эмас, муқаддас тумор сингари уни ҳаётнинг хатарнок кўчаларидан кипригига гард ҳам юқтирмай олиб ўтади, кўнглига ҳамиша энг ҳузурбахш орзу-умидларни солиб туради.

Ким билади, балки мен ҳавойи ва пуч ўйлар таъсирида хаёлпараст бир кимсага айланиб қолгандирман. Эҳтимол, ўғлимнинг исми бу дунёдаги миллионлаб бошқа исмлардан бирор-бир жиҳати билан фарқ қилмайди, у ҳам оддий ва жўн бир исмдир.

Умуман айтганда, исм ҳам аллақайси бир замонда худком бир кимса томонидан илоҳийлаштирилган, безаб-бежалган ва у ҳақда бир-биридан ғаройиб ривоятлар тўқилгандир. Аслида эса, исмда ҳеч қандай сир-синоат ҳам, хосият ҳам йўқ, у инсоннинг тақдиру аъмоли, кечмиш ҳаётига зиғирча дахл қилолмайдиган шунчаки бир жўн нарсадир.

Мен бу совуқ ўйлар таъсирида тушкунликка тушгандек бирдан бўшашиб кетар, ўзимнинг ҳолатим ўзимга ҳам кулгили бўлиб туюларди. Бироқ орадан бир лаҳза ўтиб-ўтмай, тағин умидбахш ўйлар хаёлимни банд этиб олар ва яна ўғлимнинг исми ҳақида ўйлардим.

Менинг назаримда, ўғлимга қўйган исм бағрида ҳали одамзот боласига насиб этмаган, бир қарашдаёқ ақлу тасаввурни буткул лол қолдираган мўъжиза яшириниб ётгандек туюлар эди.

Мана шу ўй юрагимни хулё каби жунбушга солар, хаёлан жуда кўп нарсалар ҳақида ваъда берар эди. Бунинг устига, мен худди тақдирдан ҳеч қачон меҳру мурувват кўрмаган, балки ҳар доим ўгай ўғил сингари бир четга итқитиб ташлаган кимса каби ўғлимнинг келажагига умид ва хавотир билан қарар, гўё ҳаётда шундан бўлак илинжу ишончим қолмагандек, мудом у ҳақда ўйлар эдим.

Ўғлимнинг чақалоқлик дамлари худди қадим эртаклардаги сингари тинч, осойишта ва сирли тарзда ўтиб борарди: одатда, кечаю кундуз уйқудан кўз очай демас, узоқ вақт қотиб ухлар, ҳатто биз билан битта уйда яшаётгани ҳам айтарли сезилмасди. Фақат қорни очган пайт тамшаниб-тамшаниб паст овозда йиғлар, унинг овози йиғидан кўра кўпроқ энди кўз очаётган кучук боласининг ғингшишига ўхшаб кетар ва хотиним шоша-пиша кўкрак тутганда, у бир-икки марта тортқилаб-тортқилаб кўкрак сўрар ва эма туриб, тағин кўзлари уйқунинг сирли тўрларига илиниб қолар эди. Баъзан уйқу уни ўзининг сирли домига шунчалик чуқур тортиб кетардики, ҳатто нафас олаётгани ҳам сезилмай қолар, чиппа юмилган кўзлари ва ифодасиз тусга кирган оқпар юзига тикилиб туриб, киши дафъатан нохуш ва совуқ ўйга борганини сезмай қолар эди. Гоҳида хотиним унга тикилиб туриб, чамаси, кўнглидан шундай нохуш ўй кечганданми, туйқус ранг-қути ўчиб типирчилаб қолар ва шоша-пиша ўғлимнинг кўксига бош қўйиб, юрак уришига қулоқ тутар, аммо бироз ўзини босиб олганига қарамай, барибир, юрагидаги хавотири босилмасди, шекилли, атай бурнини чимчилаб, уйқусини бузиб уйғотар эди.

Бунинг устига, ўғлимнинг жисму жуссаси жуда кичкина ва нозик эди. Мен у туғилган кунлари жуда кўп марта унинг юзи, кўзларининг ранги ва мийиғида ёйилиб кулишини ўзимча тасаввур қилишга уринган ва охир-оқибат чеҳраси кулгидан ёришиб турган лўппигина гўдакнинг қиёфаси хаёлимдан жой олиб улгурган эди. Мен ўғлим тасаввуримда яшаётган ана шу гўдакка қуйиб қўйгандек ўхшайди, деб ўйлар ва бунга қаттиқ ишонар эдим.

Бунинг устига, у туғилган кунларда ҳар гал туғруқхонага егулик кўтариб борганимда, хотиним деразадан бошини чиқариб, ўғлимни худди эсини таниб қолган боладек таърифлар, унинг лабларини ёйиб, беғубор кулишию қўл-оёқларини типирчилатиши, ҳатто сочларининг ранги, қошу кўзлари кимга ўхшаб кетишини шундай завқ-шавқ билан гапириб берардики, беихтиёр ўзимнинг ҳам юрагим орзиқиб кетарди.

Бироқ ўғлимни туғруқхонадан олиб келган кун мен ҳаяжонга тушган кўйи ҳарир чойшабни кўтариб, унинг юзига қарарканман, дафъатан аянчли манзарага кўзим тушгандек, аъзойи баданим бирдан сесканиб, кўнглим нохуш тортиб кетди: йўргакда ётган гўдак – менинг ўғлим тасаввуримда анча пайтдан буён яшаб келаётган ва кўнглимга жуда яқин бўлиб қолган гўдакка сира ўхшамас эди. Ростини айтганда, йўргакдаги гўдакни росмана чақалоқ деб ҳам бўлмасди, унинг кўпчиган хамирдек рангпар юзига ҳали қош-киприк битмаган ва у бир парча қип-қизил гўштга ўхшар, фақат она қорнида ўсган сийрак сочлари қоп-қора ва узун эди. Мен унга қараб турарканман, худди орзу-умидим бир зумда саробга айланган кимсадек бўшашган кўйи унинг олдидан қандай нари кетганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

Энг ёмони, ўшанда бу ҳолат хаёлимда қаттиқ ўрнашиб қолди, ундан узоқ вақт қутула олмай қийналиб юрдим. Шу ўй таъсирида ўғлимнинг бешигига яқинлашишга юрагим бетламасди.

Аммо буларнинг бари ўткинчи экан, чунки ўғлим кунлар ўтган сайин аста-секин улғайиб борар эди: ҳадемай унинг тўлишиб, тип-тиниқ тортиб қолган юзига ранг ва чирой кирди, қошу киприклари худди шитоб билан ўса бошлаган баҳорги майса сингари ялт этиб кўзга ташланиб қолди, назаримда, у энди хаёлимда яшаётган гўдакка ўхшар, кулгичлари туйқус ёйилиб кетганда, кишига бир дунё завқ-шавқ бағишлар эди. Мен ўғлим ўзининг жисму жуссасида ҳар дақиқада қандай қудратли ва ҳайратомуз ўзгариш рўй бераётган бўлса, барини уйқунинг сирли ҳамда лаззатбахш бағридан топаётганини ич-ичимдан сезиб турардим. У кунни тунга, тунни кунга улаб ухлар, уйқу худди меҳрибон ва оқкўнгил энага сингари ундан меҳру муруввати, қалб қўри ва қувончу шодлигини сира аямас, туну кун боши узра парвона бўлар, унинг мўъжаз руҳиятига ором ва ҳаловат, кўзларига эса нур бағишлар, мушакларини куч-қувват билан тўлдирар эди. Ўғлим уйқунинг сирли қучоғида ором олган кўйи улғайиб борарди. О, йўқ, йўқ, уйқу худди кекса ва устамон афсунгар каби уни бир нафас ҳам ўз қучоғидан бўшатмай, ҳаётнинг кўз илғамас олис сўқмоқларига сафарга ҳозирлар эди. Ўғлимнинг айни дамдаги ҳаётида бизнинг меҳру муҳаббатимиздан кўра уйқунинг сеҳри ва қудрати устувор эди.

* * *

Орадан кўз очиб, юмгунча саккиз ойдан зиёд вақт ўтиб кетди. Кунлар гўё шамол сингари шитоб билан елиб ўтган, мен вақт қандай кечганини сезмай қолган эдим. Йўқ, йўқ, аниқроқ айтсам, ҳаётдан кутилмаганда катта маъно ва мазмун топган кимсадек, кўнглим буткул хотиржам тортган, ўтаётган кунлар тўғрисида сира ўйламай қўйган эдим. Ўғлим соғлом ўсар, у ёшига нисбатан анча тетик, ердан аллақачон бағрини узиб олиб, апил-тапил эмаклашга тушган, баъзан алланимани қўлчалари билан маҳкам тутиб, довдираб-довдираб ўрнидан турар ва қадам ташлашга уринар эди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, гўдакларга хос муғомбирлигию соддалиги, кўзи тушган нарсага хаёлга толган кўйи узоқ-узоқ тикилиб қолиши, уйқусидаги сирли жилмайишлари, хуллас, ҳамма-ҳаммаси кишини чинакамига ҳайратга солар, кўнгилнинг туб-тубида забун ва унут бўлиб ётган туйғуларни туйқус уйғотиб юборар, хаёлни болаликнинг олис дунёсига бошлаб кетарди.

Баъзан мен ўғлимга тикилиб туриб, одамзот боласи ўсиб-улғайиб, бу дунёнинг бағрида нечоғлик чуқур илдиз отмасин, нега барибир, ўзи бир пайтлар тарк этиб кетган ва умрининг ҳув олис бекатида қолган болалигига қайтишни, яна бир марта дунёга гўдак назари билан қарашни истайди, қўмсайди, нега бу ўй гарчи сароб бўлса-да, ҳеч қачон одамзот кўнглини тарк этмайди, балки у олисдаги маёқ янглиғ ҳамиша кўнгилни жунбушга солиб, ўзи томонга бетиним чорлайди, деб ўйлардим. Аслида ўзим ҳам болалик кезларимни жуда кўп қўмсар, айниқса, киндик қоним тўкилган қишлоқдан узоқда – мусофир шаҳарда яшай бошлаганимдан буён болаликдаги хотираларим ҳаётимнинг ажралмас бир бўлагига айланиб қолган эди. Йўқ, деб ўйлардим мен, одам боласи аслида умр йўлининг ибтидосида худди эски либос сингари ташлаб кетган болалик даврини эмас, балки ҳаётининг айни шу палласида қадимий алла каби қалбини эркалаб, маъсум ва умидбахш туйғулар билан тўлдирган, хаёллари юксак-юксакларга парвоз этишида қанот бўлган, кўзига бу кекса ва қув дунёни содда ва жўн қиёфага солиб кўрсатган масрур туйғуларини соғинади, юрагини оғир кўланка сингари босиб ётган изтиробу аламини унутиб, шафқатсиз дунёнинг юзига яна бир марта гўдак назари билан қарашни, уни ёвуз ва мудҳиш эмас, болаликнинг ўзи каби содда ва беғубор қиёфада кўришни истайди, кўнгилнинг туб-тубида хира милтираб турган бу истак-хоҳиш унга сира тинчлик бермайди.

Мен ана шундай ўй-фикрларни хаёлимдан ўтказар эканман, дафъатан одам боласи асли фаришта қавмидан яралгани, унинг кўнгил интилиши, бўй-бастидан ҳамиша анвойи гулларнинг муаттар ҳиди баралла уфуриб туриши, бу қаримсиқ дунё унга жирканч ва ёвуз нарсалардан бетиним сабоқ бериб, ўз изму ихтиёрига солишга уринмасин, барибир, кўнглининг тубида милтираб турган гўзаллик, меҳр-шафқатга ташналик ҳиссидан батамом маҳрум қилиб, охир-оқибат ҳиссиз бир маҳлуққа айлантириб қўйишга ожиз эканлигига юракдан иймон келтирар эдим.

Аслида ҳам шундай эмасми?!

Ахир, шундай кўз ўнгимда ҳеч нарсани хаёлига келтирмай ўйнаётган ўғлим ҳам кўнглимдан кечаётган бу ўйларни унсиз тасдиқлаб турарди: у кўзига ташланган ҳар бир нарсага ўзининг рўй-рост ва адолатли фикрини билдирар – буни унинг юзига дафъатан қалқиб чиққан ифодадан ҳам билиш мумкин эди, ҳеч нарсага шубҳа ва бадгумонлик билан қарамас, таъма илинжида ялиниб-ялтоқланмасди. Йўқ, йўқ, у бу қадим дунё аслида қандай жўн ва содда яралган бўлса, уни шундай табиий йўсинда қабул қилар, унинг мурғак ва тонгги шабнамдек мусаффо кўнгли салтанатида ҳали худбинлик ва ёвузлик дарахти илдиз отмаган, у дунёда энг ҳақгўй ва холис ҳакам эди. У айни шу жиҳатлари билан биздан улуғ ва устун эди.

Аммо ўғлим ҳам бетиним талпинганча, қаршисида улкан маҳлуқдек ястаниб ётган ҳаёт қўйнига кириб борар эди, йўқ, аниқроғи, дунёнинг ўзи минг бир тусда жилваланиб, жодугар кампир сингари алдаб-авраб уни бағрига чорлаётган эди. Ўғлимнинг кўзига бу кўҳна дунёнинг қўйнида айқаш-уйқаш бўлиб ётган ҳамма нарса қизиқ ва сирли кўринар, кўнглида чексиз ҳайрат ва таажжуб уйғотар, ипакдек майин хаёлларини ўз домига тортиб кетарди. У кўзи тушган ҳар бир нарсага киприк қоқмай узоқ тикилиб қолар, гўё хаёлида алланималарни муҳокама қилаётгандек, пешонасини тириштирар, ҳайратдан катта-катта очилган кўзларида ҳадик ва қизиқиш ифодаси сузиб юрарди.

Эҳтимол, айтсам ишонмайсиз, бир сафар ўғлимни ҳатто бизнинг – мен ва хотинимнинг қиёфамиз, юриш-туришимиз, сўз қотишу кулгуларимиз ҳам мўъжиза янглиғ ҳайратга солиши, унинг мурғак тасаввурида адоқсиз қизиқиш уйғотишини илкис пайқаб қолдим. Ўшанда ёзнинг илиқ оқшом маҳали эди, хотиним болалик чоғида рўй берган қизиқ бир воқеани гапириб бераётган эди: у аллақачон хотирага айланиб қолган ўша воқеани айни дамда бошидан кечираётгандек, ҳаяжонга тушган кўйи жўшиб гапирар ва завқи келгандан дам-бадам шарақлаб-шарақлаб кулиб қўяр эди. Унинг чеҳраси янада очилиб кетган, ҳаяжонланаётганданми ёноқлари қип-қизил тортган, берилиб завқ-шавқ билан гапириши қулоғимга майин ва ёқимли эшитилар эди. Шу боис мен унинг гапларига буткул маҳлиё бўлиб, қилт этмай ўтирардим. Аммо бир чоғ туйқус алланимадан хаёлим бўлинди-ю, ғалати ҳолатга кўзим тушиб қолди: ўғлим – тўққиз ойлик гўдак гўё ҳамма нарсани аниқ-таниқ англаётган сингари қилт этмай онасига тикилиб ўтирар, унинг қиёфаси буткул жиддий тортган, фақат онда-сонди алланимадан завқи келгандами, мийиғида кулиб-кулиб қўяр эди. Мен унга тикилиб қарарканман, дафъатан уни онаси гапириб бераётган воқеа эмас, балки унинг қандай алфозда гапириши, лабларини тез-тез қимирлатишию шарақлаб кулиши ҳайратга солаётганини пайқаб қолдим-у, ўзимни тутолмай бирдан кулиб юбордим. Овозим уй ичини тутиб кетди. Ўғлим ҳам сергак тортди ва менга ялт этиб қаради-ю, юзи қизариб кетди ва ёйилиб кулганча апил-тапил юзини яшириб олди. Хотиним, табиийки, ҳеч нарсани пайқамади. Кейин мен унга қандай воқеа рўй берганини гапириб бергандим, аммо у мени хаёлпарастга йўйиб, гапларимга ишонмади.

Ўғлимнинг табиатидаги гўдакларга хос соддалик кўнглида кечаётган ўй-хаёлларни яшириб қолишга имкон бермасди. Агар унга бирор-бир нарса ёқиб тушса, кулгичлари ўз-ўзидан ёйилиб кетар ва у қўрқув ҳамда ҳадикни ҳам унутган кўйи бетиним ирғишлаганча ўша томонга талпиниб қолар эди. Хунук ва ёқимсиз нарсалар, табиийки, ўғлимнинг руҳиятига ёмон таъсир қилар, бундай пайтда унинг юзи бирдан буришиб, аянчли тусга кирар ва туйқус чинқириб йиғлаб юборар эди.

Бир куни шундай воқеа рўй берган эди: ўшанда кун энди узилаётган палла – айни шом маҳали эди. Уй деразасининг табақалари очиб қўйилганидан ичкарига салқин шабада ғир-ғир оқиб кирар ва димиққан ҳавони ҳайдаб солар эди. Мен ботаётган қуёшнинг дераза ойнасида ўйнаётган шафақларига жимгина тикилиб ўтирар, кун бўйи кутубхонада китоб титкилаганимдан бошим тинимсиз ғувиллар ва ўзимни қаттиқ толиққандек ҳис этардим. Ўғлим ҳам боягина уйқудан уйғонган, аммо онг-шуурини ҳали уйқу карахтлиги буткул тарк этмаганидан, ўзига кела олмай хомуш тортиб ўтирар эди. Хотиним ташқарида – ошхонада кечки овқатга уннар, уй ичига аллақандай оғир жимлик чўккан эди.

Биз, ўғлим иккимиз мана шундай хаёлга ғарқ бўлиб турган пайт кутилмаганда уй ичига қандайдир адашган капалак довдирай-довдирай учиб кирди. Капалак жуда чиройли ва нафис эди, унинг сарғиш тусдаги қанотлари қуёшнинг алвон шафақларида ялт-ялт этиб товланиб, кўзни олар, ҳавода капалак эмас, гўё бир парча чўғ учиб юрганга ўхшаб туюлар эди. Капалак қўрқув ва ҳадикни ҳам унутганча тўппа-тўғри менинг бошим устида доира солиб, айланиб уча бошлади.

Мен унга кўзим тушиб, беихтиёр кўнглимдан арвоҳ капалак бўлса керак, деган ўй кечди-ю, бирдан сергак тортдим. Мен табиатан ирим-сиримларга унчалик ишонмасдим. Лекин капалаклар тўғрисидаги нохуш таассурот болалигимдан хотира бўлиб қолган, орадан узоқ йиллар ўтган бўлишига қарамай, ҳали-ҳануз бу ўйдан қутула олмасдим. Болалигимда оқшом маҳаллари ҳовлимизда тез-тез аллақаёқдан сариқ капалаклар пайдо бўлиб қолар, онам эса уларга кўзи тушган заҳотиёқ бирдан тинчини йўқотиб, безовта тортар, дам уйга кириб, дам ташқарига чиқиб, ўзини қўярга жой топа олмас, пичирлаб аллақандай дуоларни ўқир ва ора-сирада бизга бир қадар ҳаяжонли ваҳимали овозда: «Булар арвоҳ капалаклар, тағин тега кўрманглар», дея қайта-қайта уқтирар эди.

Сариқ капалаклар жуда юввош, ҳеч кимга зарари тегмас, улар ҳовлидаги гулларга қўниб, узоқ вақт учиб юрарди. Онам тун чўкиб, капалаклар кўздан буткул ғойиб бўлгунга қадар бизга номаълум қўрқув ва саросимадан қутула олмас, у баъзан капалакларнинг катта-кичиклиги, учишига қараб туриб, бугун отамнинг ёки онамнинг арвоҳи келди, деб ўз-ўзига пичирлаб қўярди. Сўнг арвоҳлар умидвор бўлаяпти, дея албатта бўғирсоқ ёки чалпак пишириб, қўни-қўшниларга тарқатарди. Онамнинг ўшанда ўта ғалати тарздаги қўрқув тўла сўзлари болалик хотирамга қаттиқ муҳрланиб қолган, шундан буён нафақат сариқ капалаклар, балки барча капалакларга чўчиб, аллақандай қўрқув билан қарар, уларга кўзим тушган заҳотиёқ ўз-ўзидан юрагимга ваҳима оралаб қоларди.

Айни дамда уйга учиб кирган капалакни кўздан қочирмай кузатар эканман, ичимда унинг шом маҳали пайдо бўлганини қандайдир фалокатнинг аломатига йўяр, бироқ юрагим қаттиқ безовта тортиб кетаётган эса-да, ўрнимдан туриб, уни ташқарига қувиб чиқаришга зинҳор ботина олмасдим.

Ўғлим уй ичига капалак учиб кирганини пайқамай қолди, у ҳали-ҳануз хомуш тортиб ланж қиёфада ўтирар, лабларини чўччайтириб, бошини қуйи солиб олган, дам-бадам кўзлари юмилиб-юмилиб кетар эди. Мен ҳам ич-ичимдан унинг кўзлари капалакка тушиб қолишини сира истамас, гўё бу шумният жонзотга кўзи тушса, қандайдир фалокат содир бўладигандек, хавотир билан тез-тез унга қараб-қараб қўярдим.

Буни қарангки, бир чоғ капалак худди кўнглимдан кечаётган хавотирни сезгандек, тўппа-тўғри ўғлимнинг боши устига учиб борди-да, доира солиб айлана бошлади. Уй ичига оғир жимлик чўккан, капалакнинг ҳавони оҳиста-оҳиста сирмаётган қанотлари саси, назаримда, аниқ-таниқ эшитилаётгандек туюлар ва юрагимдаги ваҳима баттар ортиб борар эди.

Капалак шу алфозда жимир-жимир этиб учганча, анча пайт ўғлимнинг боши устида айланди. Бир пайт ҳамон мудраб ўтирган ўғлим бошини илкис кўтарди ва кўзларини катта-катта очиб, юқорига қаради. У боши устида пир-пир ўйнаётган капалакка кўзи тушиб, бир муддат анграйган кўйи қотиб қолди. Аммо унинг ҳайрати узоққа чўзилмади, кўнглида қизиқиш ва иштиёқ ҳисси устун келди, шекилли, кулгичлари ўз-ўзидан ёйилиб кетди.

О, мен нимасини ҳам айтай, анави айёр ва қув капалак ҳавода ял-ял товланганча бир зумда ўғлимни ўзига маҳлиё қилиб қўйди. Ўғлим ҳам кўзлари ёниб унга қараркан, юрагида туйғулари жунбушга келганидан, ўзини тутиб тура олмади, шекилли, митти қўлчаларини худди капалак қанотларидек апил-тапил силкитганча ирғишлашга тушди. У, афтидан, капалак сингари учишни истаб қолган, шу боис қўлчаларини шитоб билан тез-тез силкитар ва тушуниксиз, аммо ҳаяжон тўла товушда алланималар деб қичқириб-қичқириб қўяр эди. Унинг катта-катта очилган кўзлари чўғдек ёниб турар, ёноқлари қип-қизил тортиб кетган эди. Капалак ҳам аллақачон ундан чўчимай қўйган, худди атай ўғлим билан ўйнаш учун уйга учиб киргандек, унинг боши устида тинимсиз айланар, гоҳ юқорилаб, гоҳо пастлаб учар, қаноатларини эса рақсга тушаётгандек нозли-нозли силкитиб қўярди.

Мен, рости гап, ўғлим капалак билан бунчалик тез эл бўлиб кетишини сира кутмаган эдим. Уларга қараб туриб, юрагим орзиқиб кетар, хаёлимни банд этиб олган бояги ваҳимали ва нохуш ўйлар аста-секин кўтарилиб борар эди. Мен ич-ичимдан ўғлимга ҳавасим келарди, зеро, у ҳали тили чиқмаган гўдак бирор-бир илму амалсиз табиий йўсинда бу дунёнинг бағридан адашмай-оғишмай гўзалликни излаб топган ва ундан завқ-шавқ олаётган эди.

Аслида капалак ҳам гўё фаришталар юртидан учиб келгандек, гўзал ва мафтункор эди, шунинг баробарида, ҳали суяги қотмаган ўғлимнинг руҳияти ҳам масъум ва беғубор эди. Улар бир-бирини оппа-осон топиб олган ва қўрқув ҳамда ҳадик билмай ўйнаётган эдилар.

Шу кун қуёшнинг алвон шафақлари батамом сўниб, тун чўка бошлаганга қадар ўғлим капалак билан ўйнаган эди.

У менинг тўнғич фарзандим, кўзимнинг оқу-қораси эди, унинг исми Муайяд эди. Ҳаётимиз шундай тинч ва осойишта ўтиб борар, биз Муайяд билан овунар ва қувонар, уни ўзимизга тақдирнинг энг катта сийлови деб билардик. У митти сеҳргар каби кўнглимизга ҳамиша умиду ишонч солиб турар, кўзимизга бу кекса дунё ўта сахий ва мурувватли бўлиб кўринар, яшаш эса нақадар завқли туюлар эди.

У менинг тўнғич фарзандим эди, биз, хотиним иккимиз энди фарзанд меҳрини туйган, биримиз ўзимизни ота, биримиз эса она деб ҳис эта бошлаган эдик.

Аммо ёз ўтиб, шаҳарга кузнинг намхуш нафаси кириб келган, дов-дарахтлар япроғи заъфарон тус олган кезларда кутилмаганда ўғлимнинг руҳиятида ғалати ўзгариш юз кўрсатди ва биз, хотиним иккимиз азбаройи қўрқув ва ваҳимага тушганимиздан ўзимизни буткул йўқотиб қўйдик.

Бу ҳақда хотиним илгари ҳам икки-уч марта хавотирга тушган кўйи гапирган, аммо мен у шунчаки ваҳима қилаяпти, деган ўйда бу шўришларга тузук-қуруқ эътибор бермаган эдим. Аслида нимадан хавотирга тушишни билмасдим, ахир, ўғлим шундай кўз ўнгимда тўрт мучаси соппа-соғ ўйнаб юрар, аҳвол-руҳияси, юз-кўзида бирор-бир дарднинг аломати сезилмасди. Мен баъзан ўғлимга қараб туриб, хотиним нега бунчалик хавотирга тушаётганини сира тушуна олмасдим.

Ўша куни эса кечга томон уйга қайтганимда, хотиним шундай ваҳимага тушган кўйи гапирдики, беихтиёр ўзимнинг ҳам кўнглимга хавотир оралаганини сезмай қолдим.

– Ўғлингизга нима бўлган – сира тушунолмайман, – деди у йиғлагудек бир овозда. – Кун узоғи кўзига бир чимдим уйқу олмайди, бешигини тебратавериб, қўлим узилиб тушай деди. Қани энди, кўзини юма қолса, қайда дейсиз, биғиллаб йиғлаганча қўл-оёғини типирчилатиб, бешикдан ечиб ол, дегандай тинмай хархаша қилади. Бешикдан ечиб қўйсам, боладек ўз кўйида ўйнаб ўтирса, майли эди. Бунингиз гўдакка ўхшаб бир нафас ўйнаш ўрнига одамннг хаёлига келмаган қилиқ чиқарган. Ҳали гиламнинг қатини кўтариб, остидан алланима излайди, ҳали тахмоннинг орасига қўл суқиб титкилайди, ҳали сизнинг анави китобларингизни олиб, битта-битта варақлайди. Ўйнаган бўлиб, шундай қилса, гўрга эди, йўқ, бунингиз титкилаб-титкилаб, ахийри, ўз-ўзидан чинқириб йиғлаб юборади. Товба, худди алланарса чақиб олгандек, шундай қақшаб йиғлайдики, овозидан уй кўчиб кетай дейди. Йиғлаганда ранг-рўйини кўрсангиз, қўрқиб кетасиз. Уни овутиб, ўзига келтирганча, жоним нақ бўғзимга келади. Бола бўлиб, болага ўхшамайди, бир бурда ҳоли билан нимани излайди, ҳайронман…

Мен хотинимнинг гапларини эшита туриб, уй ўртасида худди ўзи ҳақида гапираётганимизни англагандек бошини қуйи солиб, хомуш ўтирган ўғлимга яхшироқ разм солдим: у дафъатан кўзимга ғамгин ва маъюс кўринди. Кўзлари ҳам ботган, ранги синиқ эди, афтидан, қандайдир дард қийнаётганга ўхшар эди. Мен шунча кундан буён ўғлимга тузук-қуруқ эътибор бермаганимга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Айни дамда, у кўзимга қандайдир оғир дардга чалиниб, бирдан сўлиб қолганга ўхшаб кўринди. Мен уни кўтариб олиб, бағримга босдим ва юзидан ўпиб, эркалаган бўлдим. Аммо у, одатдагидек, қувончдан ирғишлаб, бағримга талпинмади, эркалашларимга ҳам парво қилмади. У қўлларимда шалвирабгина турар, бутун вужуди карахт тортиб қолгандек, ҳеч нарсани пайқамас, чамаси, унинг хаёли ўзида эмас, аллақаёқларда учиб юрарди.

Оқшом хотиним иккимиз бир-биримизга сўз қотишга ҳам ҳафсала қилмай жимгина овқатландик. Ўғлим туғилгандан буён уйимизга ҳеч қачон бундай оғир жимлик чўкмаган, кутилмаганда унинг руҳиятида рўй берган ўзгариш бизни бирдан ғам-ғуссага ботириб қўйган эди.

Аммо овқатланиб бўлиб, дастурхонга фотиҳа ўқилгач, ғалати воқеа юз берди: шунча пайтдан буён чиройи очилмай тумшайиб ўтирган ўғлим бирдан ўз-ўзидан жонланиб қолди, унинг сўник ва рутубатли кўзлари чақнаб кетди, юзига ҳам қизиллик югуриб, гўёки дафъатан нимадир ёдига тушиб қолгандек, шошиб ўрнидан қўзғалди-да, апил-тапил эмаклаганча уй тўридаги тахмон томон кета бошлади. Мен унинг кутилмаганда жонланиб қолганини кўриб, бирдан ҳушёр тортдим ва унга қараб туриб, ҳайрат ва таажжубга тушганимдан тошдек қотиб қолдим: ўғлим муштдек бола боши билан аллақандай ёвқур ва ўжар қиёфага кирган, юзини шиддатли ифода қоплаб олган, кўзлари ёниб турарди. У айни дамда ҳали эсини танимаган гўдакка эмас, балки ўлжаси томон шитоб билан бостириб бораётган сиртлонга ўхшар, ҳаракатлари кескин ва қатъий, шу тобда уни ҳеч қандай куч изига қайтаришга қурби етмасди, чоғи. Афтидан, ўғлимнинг ўзи тахмон томонга нега бунчалик шошиб эмаклаб бораётганини яхши билар, фикру хаёлини ёлғиз шу нарсанинг ёди банд этиб олган эди.

Уй ичига юракни тарс ёрадиган жимлик чўккан, биз, хотиним иккимиз нафасимизни ичимизга ютганча ўғлимдан кўз узмай турардик. Аммо ўғлим тахмон қаршисигача эмаклаб боришга негадир сабри чидамади, шекилли, сал бу ёқда, деворга яқин жойда тўхтади. Ким билади, эҳтимол, у аслида тахмон томонга эмаклаб бормаётган, фақат менга шундай туюлгандир. Билмадим, ишқилиб, ўғлим уй ўртасида деворга яқин жойда тўхтаб, оёқларини узатган кўйи ястаниб, ўтириб олди-да, қўлчалари билан шошиб гилам қатини кўтарди ва бўйнини чўзиб, унинг остига қаради. Чамаси, хотиним боя рост гапирган, ўғлим, чиндан ҳам, алланимани излар ва ўша ўзи излаётган нарсасини гилам остидан топиб олишга сира иккиланмасди, шекилли, ишонч ва умид билан киприк қоқмай тикилар, бутун қиёфасидан мана шу ифода шуъласи ёғилиб турарди.

Биз, хотиним иккимиз ундан кўз узмай турар, кўнглимизда қизиқиш ва хавотир ҳисси устун келаётган бўлса-да, унинг хаёлини бузишга журъатимиз етмасди.

Орадан имиллаб бир неча дақиқа ўтгач, ўғлим хўрсингандек, оғир нафас олди-да, қўлчаси билан тутиб турган гилам қатини ўзига ярашмаган аллақандай зарда ва иддао билан қўйиб юборди ва яна бояги важоҳат билан уй тўрига, тахмон томонга эмаклаб кетди.

У ҳадемай тахмон қаршисига етиб борди: кўрпа-ёстиқ йиғиб қўйилган тахмон унинг бўйидан анча баланд эди. Бироқ ўғлим тахмон чеккасига чираниб осилганча ўрнидан туриб, ўнг қўлини тахмон қатига суққанча ҳафсала билан титкилашга тушди. У гўё ҳаммасини олдиндан пухта ўйлаб олган ва ўзини шунга руҳан ҳозирлагандек, ҳар битта ҳаракатини адашмай-оғишмай бажарар, ўнг қўлини чаққонлик билан кўрпа-тўшак қатига суқиб, тез-тез титкилар, чап қўли билан эса, азбаройи йиқилиб тушмаслик учун, тахмон четини маҳкам чангаллаб ушлаган эди. У, афтидан, илгари ҳам мана шу ҳолатда тахмон қатини кўп марта титкилагани ва шундан бунинг яхшигина ҳадисини олгани кўриниб турарди.

У қўлчасини тахмон қатига узатаркан, кўзларини оҳиста юмган кўйи узоқ пайт пайпасланиб изланар, бундай чоғда юзини ҳозир кутилмаган воқеа содир бўлиб қоладигандек, ҳаяжонли бир ифода қоплаб оларди. Баъзан қўли тахмон орасида туйқус алланимага теккандек, бирдан кўзлари ярқ этиб катта-катта очилиб кетар, баъзан эса, чамаси, ҳадеб титкилашга сабри чидамай қоларди, шекилли, кўрпа-тўшакларнинг четидан тутиб, тортқилаганча, тахмонни йиқитишга уринар, азбаройи чиранганидан икки юзи қип-қизил тортиб қоларди. Фақат, у негадир йиғлаб хархаша қилмас ва ҳеч кимни кўмакка чақирай демас, ҳамма нарсани унутган кўйи тахмон атрофида ўралашар, биз нафасимизни ичимизга ютганча унга тикилиб турганимизни хаёлига ҳам келтирмас, гўё уй ичида ўзидан бошқа бирор тирик жон йўқдек, бошини хиёл ўгириб қараб ҳам қўймасди.

Мен ўғлимга киприк қоқмай тикилиб турар эканман, дафъатан хаёлимга у ниманидир излаб, тахмон қатини титкилаяпти, деган ўй урилди. Аммо бунга шу заҳотиёқ биринчи бўлиб ўзим ишонмадим. Ҳатто шундай ўйга борганимдан ўз-ўзимдан уялиб кетдим. Ахир, буни ақлу тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди, ўғлим – ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак муштдек боши билан нимани излаши мумкин?! У кечагина дунёга келган, ҳали оқни қорадан, қорани оқдан тузук-қуруқ ажратиб олмайди, бунинг устига унинг ҳали тили ҳам чиқмаган, бирор бир нарсанинг номини билиб олишга улгурмаган бўлса, яна нимани излаши мумкин?

Ким билади, аслида, ўғлим ҳам бирор нимани излаб тахмон қатини титкиламаётган, балки шунчаки ўз кўйида ўйнаётгандир. Эҳтимол, мен унинг ёшига номананд хатти-ҳаракатларидан буткул бошқа маъно излаб янглишаётгандирман. Ахир, биз кўпинча болаларнинг хаёлини банд этиб олган, ўзини қизиқтирган оддий ва жўн нарсаларни ҳам тушунмаймиз, идрок этишга қийналамиз ва охир-оқибат уларнинг устидан янглиш хулоса чиқариб қўямиз.

О, йўқ, мен айни дамда, гарчи ич-ичимдан шундай бўлишини қаттиқ истаб турган бўлсам-да, нотўғри ва янглиш хаёлга бормаган эдим. Бунинг устига шундай қаршимда турган ўғлимнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юз-кўзини қоплаб олган ифода менинг шубҳа-гумонларимни тўлиқ тасдиқлаб турар, буни сира бош­қача изоҳлаб бўлмасди. Ўғлим, ростдан ҳам, ичиккан кўйи тахмон орасидан алланимани излаётган эди. Айни дамда унинг фикру зикрини фақат ўзи жони ҳалак бўлиб қидираётган ўша нарсанинг сурати банд этиб олган, фақат шу ҳақда ўйлар ва уни тезроқ топишга уринар эди. Мен яна шунга қаттиқ ишониб турардимки, ўғлим ўзи излаётган ўша нарсани илгари ҳам кўрган, унинг ранг-туси, шаклу шамойили ва ўзига нима учун кераклигини жуда яхши билар эди, шунинг учун у ортиқ ҳеч нарсага эътибор бермас, умиду ишонч, шижоату қатъият билан тахмон қатини титкилашда давом этарди. Ўғлимнинг хаёлини ўғирлаб қўйган нарса фақат бизгагина қоронғи эди.

Ўғлим ҳали-ҳануз тахмонни четидан тутганча тортқилар, у худди қояга ўжарлик билан ёпишиб олган бургут боласига ўхшар, ўзига мутлақо ярашмаган важоҳат билан боши устида турган тахмонни тортқилаб йиқитишга уринар, пишиллаган кўйи зўриқиб, тез-тез нафас оларди. У ҳали-бери шаштидан қайтадиганга ўхшамас, аксинча, қиёфаси баттар қатъий ва ўжар тус олиб борарди.

Аммо унинг барча уриниш ва чиранишлари беҳуда кетаётган эди, чунки тахмон унинг боши устида худди қоядек соя ташлаб турар, у нечоғлик уринмасин, барибир йиқитишга қурби етмасди. Мен ўғлимдан кўз узмай қараб турар эканман, у ниманидир излаётгани ва шундан буткул тинчини йўқотиб қўйганига тобора ишониб борар, хаёлимни бир-биридан сирли ва чигал ўйлар банд эта бошлаган эди. Ўғлим бунчалик ичиккан кўйи нимани излаяпти, ўзи? Бу савол бир қарашда жуда оддий ва ўта жўн туюлса-да, мен айни пайтда қанчалик бош қотирмай, барибир жўяли жавоб топа олмасдим.

Аслида, бу саволга ўғлимдан бўлак ҳеч ким жавоб беролмасди. Аммо ҳали унинг тили чиқмаган, шу боис, табиийки, хаёлини қандай сирли нарса ўғирлаб қўйганини аниқ-таниқ айтиб беролмасди. Фақат унинг кўнглида қандай ўйлар кечаётган бўлса, барча-барчаси кўзларида акс этган эди. Бироқ нигоҳидаги маънони уқиб олишга бизнинг ақл-идрокимиз ожизлик қиларди.

Ўғлим ҳамон тахмон четини қўйиб юбормаган, лекин энди унинг хатти-ҳаракатлари аста-секин асабий тус олиб борар, қўлчалари ўзига бўйсунмай зир-зир титрар, ҳансираб оғир-оғир нафас олиши эса, уй ичини тутиб кетган, юзини ҳам тушкун бир ифода қоплаб олган, кўзларида гир-гир ёш айланар ва у тахмон четини тутганча омонатгина чайқалиб турарди.

Мен ўғлимнинг хатти-ҳаракати охир-оқибат шундай аянчли якун топишини олдиндан сезган ва юрагим қўрқув ва хавотирга тўлиб тоқатсизланиб турган эдим. Ўйлаганимдек, бир чоғ ўғлим алам ва иддао билан ўзини ерга ташлаб юборди ва уй ичини унинг чинқириб йиғлагани тутиб кетди. У саркашлик билан ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб йиғлар, оёқчалари билан ерни тап-тап тепиб қўяр ва кўзларидан тирқираб ёш қуйилиб келар эди. Овози шунчалик алам ва изтиробга тўла эдики, бу оддий гўдакнинг хархашасига сира ўхшамас, балки бошига оғир жудолик тушган кимсанинг фарёди сингари юракка санчилиб ботар эди.

Менинг бирдан кўнглим бузилиб, кўзларим ўзим сезмаган ҳолда ёшга тўлиб қолди ва ўрнимдан отилиб туриб, ўғлимни ердан кўтариб олдим. Аммо унинг кўнгли баттар ўксиб кетди, шекилли, юзини кўксимга босиб, боягидан ҳам аянчлироқ овозда чинқириб йиғлашга тушди. У сўз билан ифода этолмаган изтиробу аламини йиғи орқали англатмоқчидек, ўзини босолмай селу селоб бўлиб йиғлар, йиғи зарбидан миттигина жуссаси силкиниб-силкиниб тушар, аъзойи бадани темирдек қизиб кетган, кўзларидан тирқираб чиқаётган иссиқ кўз ёш кўксимга шилқиллаб сингиб бораётгандек эди.

Мен уй ўртасида ўғлимни бағримга босиб турарканман, уни қандай қилиб овутишни билмасдим, назаримда, одатдаги ширин сўз ва эркалашларим айни дамда ўзининг таъсирини буткул йўқотиб қўйган эди.

Бунинг устига унинг миттигина жисму жуссасини ўраб-чирмаб олган изтиробу ўкинч, алам ва қайғу, ўзини буткул унутганча чинқириб йиғлаши мени ҳам бирдан карахт қилиб ташлаган, бошим ҳеч нарсани идрок этмас, худди чорасиз қолган кимса каби ўғлимни бағримга босганча тошдек қотиб турардим.

Хотиним ҳам аллақачон ўғлимга қўшилиб, пиқ-пиқ йиғлашга тушган, аммо у нега йиғлаётганини ўзи ҳам тузук-қуруқ билмас, фақат кўнгли қандайдир нохушликнинг шарпасини сезганидан кўзлари қўрқув ва ваҳимага тўлиб қолган эди. У ўғлимнинг бошини силаган кўйи алланималар деб овутишга уринар, аммо тили сира калимага келмаётганидан ғўлдирашдан нарига ўтмасди.

Ўғлимнинг ҳадеганда йиғиси босилавермагач, хотиним уни қўлимдан олиб, бағрига босди ва, зора, овуниб қолармикин, деган ўйда кўкрак тутди, одатда ўғлим хархаша қилиб йиғлашга тушган пайт хотиним дарров шундай қилар ва бола бирдан андармон бўлар эди. Бироқ бу гал ўғлим кутилмаганда, оғзига кўк­рак олишни истамади, худди ўзига сут эмас, балки заҳар бераётгандек, бошини орқага ташлаб йиғлар, оёқчаларини бетиним типирчилатиб, онасининг бағридан халос бўлишга уринарди.

Хотиним дам унинг қўлига қандайдир ширинлик тутар, дам ўйинчоқларини шиқирлатиб, хаёлини чалғитишга уринар, лекин буларнинг барини унинг адоқсиз йиғиси босиб кетарди.

Ахийри, хотиним ўғлимни бешикка ётқизди-да, бешикни оҳиста тебратган кўйи ҳазин овозда алла айта бошлади, у алла айтаётгандан кўра кўпроқ нола қилаётганга ўхшар, ғамгин овози ҳали-ҳануз биғиллаб йиғлаётган ўғлимнинг йиғисига қоришиб, хонани тутиб кетганди.

Хотиним бешикни узоқ тебратди. Ўғлимни йиғи қаттиқ ҳолдан тойдириб ташлаган эди, кўп ўтмай кўзлари уйқунинг сирли домига илинди-ю, тинчиб қолди. Аммо жуда нотинч ухлар, алаҳсираганча алланималар дея ғудранар, гоҳо у ёқдан-бу ёққа ағдарилишга уринар, бироқ бешикнинг маҳкам тортиб боғланган боғичлари бунга имкон бермасди.

Ҳа, шундай, ўғлимнинг хаёлини ўғирлаган ўша сирли нарса уйқусида ҳам тинчлик бермасди, у ухлаб ётаркан, юзидаги ифода тез-тез ўзгариб турар, гоҳида қуруқшаган лабларида кутилмаганда беғубор кулги шарпалари югургилаб қолар, аммо кулгичлари ҳали росмана ёйилишга улгурмай туриб, бирдан сўнар, сўнг чеҳрасини тағин тунд ва рутубатли, мутлақо тушуниксиз ифода қоплаб оларди. Баъзан эса, уйқусида алланимадан чўчиб-чўчиб тушганидан ранг-рўйи терс оқариб кетар ва лаблари тортилиб, йиғлашга чоғланарди-ю, лекин уйқу бунга йўл қўймасди.

Ўғлимнинг руҳияти қаттиқ безовта тортган, ич-ичидан қандайдир дард қийнаётгани кўриниб турарди. Мен унинг изтиробга ботган юзига қараб туришга ортиқ сабрим чидамади, бешикнинг ёпинғичини секин тортиб қўйдим.

* * *

Эртаси куни эрталаб институтда илмий раҳбарим бўлмиш қирқ беш ёшлар чамасидаги, пакана бўйли профессор билан учрашдим: илмий ишим аллақачон ниҳоясига етган, фақат ҳимоя кунини белгилаш қолган эди. Профессор мен билан ҳол-аҳвол сўрашгач, кейинги ойнинг охирида илмий ишим ҳимояга тавсия этилганини айтар экан, баъзи бир камчиликлар устида жиддий ишлашим лозимлигини қайта-қайта тайинлади:

– Иш ҳар жиҳатдан пухта бўлгани яхши, – деди у. – Ҳали олдинда етарлича вақт бор. Илмий ишингизни яна бир марта бошдан-охир қайта кўздан кечириб чиқинг.

Профессор тағин бир талай топшириқларни берди. У ҳимоя муросасиз ва кескин ўтишини, тирноқ остидан кир қидирадиган айрим кимсалар пайт пойлаб юрганини, уларнинг ҳар бир илмоқли саволига ўзимни йўқотиб қўймай, босиқлик билан жавоб қайтаришим лозимлигини қайта-қайта уқтирди.

Профессор анча бадгумон одам эди, илмда ғанимларим кўп деб ўйлар, гўё ҳар бир босган қадамини кимдир таъқиб этиб юргандек, ўта эҳтиёткор эди.

Мени негадир жуда қобилиятли, кўп нарсага қодир ёшлардан бири деб ҳисоблар, бундан беш йил бурун ҳам, институтни тугатиш арафасида талабалар орасидан ёлғиз мени илм билан шуғулланишга ундаган эди.

Профессор билан хайрлашгач, тўппа-тўғри уйга йўл олдим. Айни пайтда илмий ишим, ниҳоят, ҳимояга тавсия этилгани ҳам кўнглимга таскин беролмасди. Ҳолбуки, ҳаётимдаги энг катта мақсадим – шу илмий ишни ҳимоя қилиш эди. Мен бунинг учун қарийб беш йил машаққат чеккан, тунларни уйқусиз ўтказган, кутубхонанинг зах босган хоналарида ойлаб китоб титкилаб ўтирган эдим. Айниқса, ота-онам ва хотиним худди мўъжиза содир бўладигандек, ҳимоя кунини сабрсизлик билан кутар эди.

Тунни нотинч ўтказганимдан бошим лўқиллаб оғрир, бутун вужудим ланж ва карахт тортган, ҳеч нарса ёқмас, хаёлим паришон эди. Аммо шундай афтодаҳол аҳволга тушиб қолганимга қарамай, ўғлим нимани излаб бунча безовта тортаяпти, деб дам-бадам ўз-ўзимдан сўраб қўярдим. Бироқ кеча оқшомдан буён бу ҳақда тинимсиз ўйлаганимга қарамай, ўзимни қониқтирадиган жўяли жавоб топа олмаган эдим. Ўғлим уйдаги бирор буюм ёки ўйинчоқнинг дардида шунчалик ичикиб безовта тортаётган бўлса, аввало, унинг ўзи ўша кўзига қизиқ кўринган нарса томонга талпинар, қўли билан имо-ишора қилиб кўрсатганча, олиб бер, дея хархаша қиларди. Аммо кеча оқшомдан буён бирор-бир буюм ёки жиҳозга қайрилиб ҳам қарамаган эди. Қолаверса, ҳар қандай ўжар бола ҳам ўйинчоқ ёки буюмнинг кўйида бунчалик ичикиб, безовта бўлмайди. Ким билади, эҳтимол, ўғлим излаётган нарса нафақат уйимизда, балки умуман дунёда йўқдир?! Эҳтимол, ўғлим нимани излаётганини ўзи ҳам тузук-қуруқ билмас?! Эҳтимол, бу узоқ вақт яширинча давом этган ва кутилмаганда қалқиб юзага чиққан қандайдир оғир дарднинг аломатидир? Ахир, дунёда нима кўп, дард кўп, ўғлим ҳам шуларнинг бирига чалинган ва шундан қаттиқ безовта тортаётгандир?!

Шундай ўй-хаёлларга ғарқ бўлганча уйга етиб келиб, ичкарига қадам босарканман, эшикни очган хотинимнинг ғуссага ботган сўлғин юзига кўзим тушиб, хаёлимдан ўғлим кеча оқшомдагидек тинчини йўқотганча яна алланимани излаяпти, деган ўй кечди. Кўнглим баттар қоронғи тортиб, хотинимга сўз қотишга ҳам ҳафсалам етмай, ичкарига бош суқдим.

Ўғлим бешик қаватида тўшалган кўрпача устида хаёлга чўмган кўйи тиззаси устига қўйиб олган қалин муқовали китобни – менинг илмий ишимга тааллуқли “Қадимги дунё солномаси” эди – бир-бир варақлаб ўтирар эди. Менинг уйга кирганимни пайқамади, шекилли, бошини кўтариб ҳам қарамади. О, йўқ, айни дамда, у нафақат мени, балки бутун дунёни унутган, гўё тиззаси устига қўйиб олган китобнинг қат-қатига сингиб кетгандек, бирор-бир туки қилт этмас, юз-кўзида хаёлнинг оғир шарпалари сузиб юрар, лабларини чўччайтириб олган эди. Китобни шошилмай, битта-битта варақлар, ҳар бир саҳифани берилиб, диққат билан кўздан кечирар, ҳеч нарсани кўздан қочирмас, баъзан аллақайси суратга узоқ тикилиб қолар, пешонасини тириштириб алланималарни хаёлидан ўтказар, бундай пайтда юзининг бир чеккаси хиёл ёришиб кетгандек туюлар, аммо бу ифода бир лаҳзада ғойиб бўлар, сўнг худди хўрсингандек, чуқур нафас олиб, жимгина навбатдаги саҳифани очар эди. Ҳали эсини танимаган гўдакнинг бундай вазмин ва жиддий тортганча китоб варақлаб ўтириши, табиийки, ҳар қандай кишини ҳайратга соларди. Аммо ўғлим шунчаки ўйнаган бўлиб, китоб титкилаётгани йўқ, балки юрагига қутқу солган ўша сирли нарсани китоб орасидан излаётганди. Боя уйга бош суқиб, унга кўзим тушган заҳотиёқ кўнглимдан шундай ўй кечган эди.

Остонада анча пайт туриб қолдим. Бир пайт ўғлим нимадандир хаёли бўлинди, шекилли, китобдан нигоҳини узди-да, бошини ўгириб менга қаради: аммо кўзимиз кўзимизга тушганда ҳам, унинг юзида қилт этган ўзгариш аломати сезилмади. Худди мени танимаётгандек совуқ ва бегонасираб тикилиб турар, нигоҳи аллақандай қайғули ва ғамгин эди. Афтидан, уни хаёл буткул чалғитиб қўйган ёки жисму жуссаси карахт тортиб қолганидан ҳеч нарса сезмас ва идрок этмасди. Мен буларни ичимдан тўқиб-бичиб айтаётганим йўқ, балки ўғлимнинг айни дамдаги ҳолатини бошқача изоҳлаб бўлмасди. Одатда, ҳар куни уйга келганимда у мени кўрган заҳотиёқ ирғишлаб, бағримга талпинар, қувончдан кўзлари порлаб кетарди. Айни дамда эса, биз худди икки нотаниш кимса каби бир-биримизга бегонасираб тикилиб турардик.

Анча пайтдан сўнг ўғлим нигоҳини худди қийналгандек базўр узиб олди-да, оғир хўрсиниб, тағин жимгина китобни титкилашга тушди. У менинг остонада ўзига тикилиб турганимни бирдан эсидан чиқариб юборгандек, қайта ўгрилиб қарамади ҳам.

Мен кутилмаганда жуда ғалати аҳволга тушдим, худди бегона уйга адашиб кириб қолган кимсадек, ўзимни ноқулай ҳис этар, остонада тош қотиб туришни ҳам, ташқарига чиқиб кетишни ҳам билмасдим.

Шу пайт боя уйга қайтаётиб, йўл-йўлакай дўкондан харид қилган ўйинчоқлар туйқус ёдимга тушиб қолди-ю, ҳали қўлимдан ҳам қўйишга улгурмаган тўрхалтани шоша-пиша титкилай бошладим. Мен ҳаяжонланган кўйи ўйинчоқларни тўрхалтадан олиб, ўғлимнинг қаршисига териб қўйдим. Кейин қаддимни ростлаб: – Муайяд! – дедим овозимни кўтариб. Овозим ҳаяжон ва энтикишга қоришиб эшитилганидан ўзим ҳам ғалати бўлиб кетдим. – Қара, ўғлим, сенга қандай чиройли ўйинчоқлар олиб келдим.

Дарвоқе, ўйинчоқлар жуда бежирим ва чиройли эди, ҳар қандай боланинг эътиборини бирдан ўзига тортиб, кўзини ўйнатиб юбориши тайин эди. Ўғлим ҳам китобдан нигоҳини узиб, ўйинчоқларга тикилиб қолди. Афтидан, ўйинчоқлар унга ёқиб тушди, шекилли, бирдан қуруқшаган лаблари ёйилиб, кўзларидаги рутубатли ифода аллақаёққа ғойиб бўлди. Аммо тиззаси устидаги китобни маҳкам ушлаб олган, чамаси, ундан ҳали хаёлини бутунлай узолмаган эди.

Бироқ орадан бир лаҳза ўтиб-ўтмай, унинг кўнглида уйғонган қизиқиш ҳисси бирдан сўниб қолди, шекилли, тағин қабоқлари солиниб кела бошлади. Ўғлим ўйинчоқларга қўл уриш у ёқда турсин, ҳатто шу томонга талпинишга ҳам рўйхуш қилмади. Фақат ўйинчоқлардан нигоҳини узиб олаётиб, гўё буларни нима мақсадда олиб келганимни ич-ичидан яхши англаб тургандек, кўзларини катта-катта очганча, ялт этиб менга қаради ва бир муддат киприк қоқмай тикилиб қолди. О, унинг тиғдек ўткир, изтиробу алам қоришиб кетган нигоҳига дош бериш жуда оғир эди. Аммо бизнинг кўзларимиз тўқнаш келганда, мен унинг нигоҳидан шунчалик кўп нарсани уқиб олдимки, азбаройи юрагим қўрқув ва ваҳимага тўлиб қолганидан, бирдан бўшашиб кетдим.

Ўғлим ўзини қийнаётган дарду балога кеча ёки бугун чалинмаган, балки бунга анча пайт бўлган, эҳтимол, дунёга келган заҳотиёқ у мўру малахдек унинг этагига ёпишган ва кунлар ўтган сайин буткул жисму жуссасини ўраб-чирмаб олган эди.

Ҳа, ҳа, шундай, айни дамда ўғлимнинг инон-ихтиёри ўзида эмасди, бу дард қора хаёл каби фикру зикрини банд этиб, буткул ўз измига солиб олишга улгурган эди.

Энг даҳшатлиси, ўғлимнинг биздан – мен ва хотинимдан аллақачон кўнгли совиган ва биз, икки қутбнинг ўртасида тубсиз жарлик пайдо бўлган эди. Бизнинг меҳру муҳаббатимиз, еру кўкка ишонмай суюб эркалашларимиз унинг муз тортган юрагини энди қайта илита олмас, худди меҳрга тўймаган, мудом хўрлик, жабру ситамдан боши чиқмаган ўгай фарзанд сингари аллақачон бағримиздан бош олиб кетган ва ўзга бир дунёда сарсон-саргардон тентираб юрар эди.

У ўзи адашиб кириб қолган бу дунё мурғак кўнглига муттасил азоб ва изтироб ўтини солиб турса-да, бизнинг бағримизга қайтишни сира хаёлига келтирмас, гўё бошидан кечираётган жабру ситамлар жисму жуссасига роҳат бағиш­лаётгандек тобора узоқлашиб борарди.

Эҳтимол, ўғлим бу дарду ситам худди қора кўланка сингари ваҳм билан устига бостириб келган пайт кўмак ва нажот истаб, бизнинг бағримизга талпинган, чинқириб йиғлаганча нола қилган, умид ва илинж билан оғзимизга тикилган, соғинч ва изтиробдан кўзлари толиб қолган, аммо умиду илтижоси, нолаю фиғони худди сувга отилган тош сингари сас-садосиз кетаётганини кўргач, тушкунликнинг беаёв исканжасида бизнинг бағримиздан бош олиб кетишга мажбур бўлгандир.

Йўқ, йўқ, ўғлим хаёлини ўғирлаб, буткул ўз изму ихтиёрига солиб олган ўша сирли нарсани, энг аввало, бизнинг жисму жуссамиздан излаган, кўнглимизнинг ҳеч қачон очилмагани боис занг ва рутубат босиб кетган эшикларини умид ва илинж билан узоқ пайт тақиллатиб турган, ҳатто овоз бериб чақирган, аммо ичкаридан ўзини дафъатан қувонтириб юборадиган бирор-бир сас-садо эшитилавермагач, тушкун ва умидсиз қиёфада изига қайтиб кетган. Биз эса, унинг аҳвол-руҳияси, юрак уриши, интилишу изтиробларидан мутлақо бехабар ҳолда ғафлат кўрпасига бурканиб яшаган, ширин сўз ва эркалашларимиз билан мурғак қалбини қувонтираяпмиз, деб ўз-ўзимизни алдаб келган, аслида эса, унинг кўм-кўк майса сингари ўса бошлаган умиду ишончини шафқатсизларча топтаб ташлаган эдик. Ўғлим бизнинг бағримизга талпинаркан, буткул ўзга нарсаларни излаган, аммо ташландиқ уй сингари харобага айланиб, ҳувиллаб ётган қалбимизни кўргач, бирдан ишончу умиди сўниб қолган эди. У биздан қанчалик тез узоқлашса, шунчалик енгил тортиб борарди.

Мен боя ўғлимнинг нигоҳидан шуларни уқиб олган ва азбаройи даҳшатга тушганимдан юрагим муз тортиб кетган эди.

* * *

Оқшом биз ўғлимни бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйдик. Ўғлим тун алламаҳал бўлгунга қадар уй ичида у ёқдан-бу ёққа тентираб, хаёлини буткул ўғирлаб қўйган ўша нарсани бесамар излаб юрди. На менинг, на онасининг қучоғига талпинди; инжиқлик ва хархаша ҳам қилмади. Фақат кўзларига уйқунинг аччиқ заҳри қадалгандан сўнггина инжиқланиб, йиғлашга тушди. Онаси уни жимгина бешикка ётқизиб, тебратгач, тезда ухлаб қолди.

* * *

Аниқ ёдимда йўқ, ҳафтанинг чоршанба ё пайшанба куни эди, биз Муайядни дўхтирга олиб бордик. Зеро, бундан бўлак чорамиз қолмаган, уни росмана касал деб айта олмасак-да, алланиманинг кўйида ичиккандан сўлиб-сарғайиб бораётган юзига жимгина тикилиб яшай олмасдик.

Буни қарангки, ҳаммаси мен ўйлагандан мутлақо бошқача бўлиб чиқди. Дўхтир ўзининг биргина истеҳзоли кулгиси билан кўнг­лимга тинимсиз қўрқув ва ваҳима солаётган нохуш ўйларни чиппакка чиқариб юборди. У, афтидан, ўз касбини миридан-сиригача билар, ҳар бир сўзини ишонч билан гапирар, ортиқча эътироз ва тушунмовчиликка ўрин қолдирмасди.

Дўхтир бизни очиқ юз билан илиққина қарши олар экан, менинг ўғлим қандай касалликка чалиниб қолгани ҳақидаги гапларимни охиригача жимгина эшитди. Унинг ўйчан тортган юзидан бирор-бир маънони уқиб олиш қийин эди, фақат хотинимнинг тиззасида лаб-лунжини осилтирганча, тумшайиб ўтирган ўғлимга тикилиб разм соларкан, кутилмаганда ўзини тутолмай бирдан қаҳ-қаҳ уриб юборди. Кулгиси зарбидан хона деразаси ойналари зирқираб кетгандек туюлди. Мен ҳайрон қолганча саволомуз қарадим: кулги таъсирида унинг кўзлари ёшланиб, икки юзи қип-қизил тортган эди.

– Оббо сизни-ей, – деди у ўзини кулгидан базўр тияр экан. – Ўйлаб топган гапингизни қаранг: алланимани излармиш! Ўғлингиз ҳали эсини таниб улгурмаган гўдак-ку, муштдек боши билан нимани излаши мумкин?! Бундай гапларни қаердан топдингиз, сира ақлим етмайди.

У сўзини қисқа қилди, боя нечоғлик тез шарақлаб кулган бўлса, шунчалик кутилмаганда жиддий тортиб, ўғлимни хона тўридаги оппоқ чойшаб тўшалган тўшакка ётқизди-да, кўздан кечира бошлади. У энгашган ҳолда, бегонасираётганидан тинимсиз типирчилаётган ўғлимнинг гоҳ қорнини босиб кўрар, гоҳо қабоқларини кўтариб, кўзи остига қарар ва ора-сирада хотинимга юзланиб, туғилганда йиғлаганмиди, асосан қайси пайтлар безовта бўлади, деб сўраб қўярди. Унинг кўзлари ўйчан тортган, юзида аллақандай мубҳам фикрнинг шарпаси сузиб юрар, чамаси, ўғлимни қандай дард безовта қилаётгани ҳақида ўйларди. Кейин у дераза қаршисидаги ўриндиққа келиб ўтирар экан, менга юзланди:

– Хўш, хавотир олмасангиз ҳам бўлади, – деди у сўзларига имкон қадар салмоқ беришга тиришиб. – Ўғлингиз айтарли жиддий касалга чалинмаган. Тўғри, бола нимадандир қаттиқ безовта бўлиб, тинчини йўқотган. Аммо у, сиз ўйлагандек, алланимани излаётгани йўқ. Асаб­лари бузилган. Одатда, асаби бузилган болалар шундай тинчини йўқотиб қўяди. Ўз вақтида олдини олиш керак, йўқса, ёмон асорат қолдириши мумкин. Болани фақат уйда олиб ўтириш ҳам ярамайди, тез-тез тоза ҳавога олиб чиқиб, айлантириб туриш зарур. Онаси ҳам ҳамма нарсага сиқилавермасин, бу ҳам сут орқали болага таъсир қилади. Ҳозир зарур дориларни ёзиб бераман, кунига уч маҳал ичириб турасизлар. Бир ҳафтада ҳаммаси ўз ўрнига тушади.

Мен унинг гапларини жимгина тинглар эканман, ўзим ҳам юрагимни босиб ётган ваҳм ва қўрқувдан халос бўлиб, руҳим енгил тортиб борардим. Хотинимни билмайман, аммо, менинг назаримда, ўғлим аллақачон соғайиб кетгандек туюлар ва шунча кундан буён беҳуда қўрқинчли хаёлларга берилиб, ваҳимага тушиб юрганимни ўйлаб, ўз-ўзимдан уялиб кетдим.

Биз дўхтирнинг ҳузуридан енгил тортиб чиқдик.

* * *

Оқшом уйимизда анча кундан буён биринчи марта сокин ва ёқимли жимлик чўкди: хотиним ўғлим касалга чалинганидан буён тузук-қуруқ қўл урмаганидан тўзиб кетган уйни супуриб-сидирар, буюм ва жиҳозларнинг чанг-чунгини артиб, тартибга келтирар эди. Унинг анча чиройи очилган, кўзларидаги ғуссали ифода ғойиб бўлган эди.

Ўғлим дўхтир тавсия этган дориларни ичгач, гўёки мўъжиза рўй бергандек, кечаги безовталиги бирдан йўқолиб, мулойим тортиб қолган, гарчи юз-кўзидан ҳали-ҳануз тунд ва рутубатли ифода аримаган эса-да, энди ортиқ ниманидир излашга уринмас, бўшашган кўйи мудраб ўтирар, уйқу сели бостириб келаётганидан кўзлари дам-бадам юмилиб-юмилиб кетар эди. Энг муҳими, онаси кўкрак тутганда, инжиқлик қилмай олган ва чўлпиллатиб-чўлпиллатиб узоқ эмган эди. Бу, табиийки, яхшилик аломати эди. Унинг иштаҳаси очилгани дард аста-секин ортга чекинаётганини сўзсиз айтиб турарди.

Бунинг устига, одатдагидан анча барвақт – ҳали онаси бешикка белашга улгурмай туриб, шундай кўрпача устида ухлаб қолди. Тош қотиб ухлар, нафас олиши сокинлашган, чамаси, унинг ичикиш ва безовталикдан толиққан вужуди ором олаётган эди.

Мен дўхтир тавсия этган дориларнинг биринчи кундан шундай таъсир қилганини хаёлимдан ўтказар эканман, ўғлим ҳадемай дард кўрмагандек, буткул соғайиб кетиши, унинг кулгуси тағин уйимизни тўлдириши, кўнглимизга қувонч ва умид олиб киришига асло шубҳа қилмасдим.

* * *

Илмий ишимни ҳимоя қилиш куни яқин қолган, жиддий тайёргарлик кўришим керак эди. Шу боис диссертациямни яна бир карра кўздан кечириб чиқиб, тартибга солиш, уч нусхада кўпайтириб, институтдаги обрўли домлаларга тақризга бериш ва ҳатто ҳимоядан сўнг мўлжалланган зиёфат тўғрисида ўйлашим лозим эди. Мен шуларни ўйлаб, эрталаб уйдан чиқиб кетар, кун узоғи югур-югурдан дайди итдек толиқиб, оқшом пайти қайтиб келардим.

Ўғлим ҳам, назаримда, аста-секин соғайиб­­ борар, уни ортиқ ҳеч нарса безовта қилмай қўйган, ранг-рўйи ҳам ўзига келиб қолганди. Фақат чақалоқлик кезларидаги каби кунни тунга, тунни кунга улаб ухлар, уйқудан уйғонган кезлари ҳам кўзларини базўр очиб, эснаб-эснаб ўтирар эди. Хотиним унинг бу ҳолатини касалликдан кейинги дармонсизликка йўяркан, болам шўрлик озмунча дард чекдими, бир ҳафтанинг ичида озиб-тўзиб, чўпдек бўп қолди, илоё, барча кўрганлари шу бўлсин, дея ёзғириб қўярди. Назаримда, у ўғлимдан кўра кўпроқ ўзининг зада тортиб қолган кўнглига таскин-тасалли бераётгандек туюлар, ҳали-ҳануз овозининг қат-қатида ҳадик ва хавотир шарпалари сезилиб турарди.

* * *

Орадан кўп йиллар ўтгач, мен шаҳарда айни илмий ишимни ҳимоя қилиш арафасида худди қўрқинчли туш сингари беҳаловат кечган ҳаётимни ҳар гал эслаганимда, жисму жуссамни алам ва ўкинч ҳисси совуқ илондек ўраб-чирмаб олганидан беихтиёр ўрнимдан отилиб туриб кетар, шафқатсизлик билан ич-этимни кемираётган мудҳиш ва азобли ўйлардан сира қутула олмас, ҳали тилу забони чиқмаган, бу ҳаётнинг қўйнига бир лаҳзагина қўниб ўтган мана шу гўдак – ўғлим қаршисида ўзимни нафақат гуноҳкор, балки унинг шаффоф туйғуларини аёвсиз топтаб ташлаган, умиду ишончини поймол этган ёвуз кимсадек ҳис этардим.

Аммо мен юрагим куйиб, нечоғли ўртанмай, барибир ўғлимга ич-ичимдан ҳавасим келарди. У гарчи бу дунёнинг бағрига бир нафасгина қўниб ўтган, ҳали бирор-бир ниманинг номини билишга ҳам улгурмаган бўлса-да, биз ҳеч қачон хаёлимизга келтирмаган, аммо ҳаётнинг маъно-мазмуни ва мезони саналган ўша муқаддас нарсани гўдак тасаввури билан англаб етган ва бир кўришдаёқ унга ошуфта бўлиб қолган, бу сирли хилқат унинг масъум хаёлларини юксак-юксакларга парвоз қилдирган, митти юрагини жунбушга солган, ёр ҳажрида ўзини унутган ошиқ сингари бутун вужуди билан унга томон интилган, интила туриб юраги туйғуларга тор келганидан нолаю фиғон қилган, қувончдан қийқириб юборган, аммо унинг қувончу ноласи, аламу изтироб­лари худди аллакимнинг бефаросатларча ташлаган қадамидан кўзи бекилиб қолган муқаддас булоқ сингари кўнглининг туб-тубида қолиб кетган эди.

Мен, рости гап, ўша кунларда ўғлим буткул ҳузур-ҳаловатини йўқотиб, ўжарлик билан кечаю кундуз нимани излагани ва излаётган нарсаси унга нега керак бўлиб қолганидан мутлақо бехабар, ҳаётимда қандай кўргилик рўй берган бўлса, барини тақдири азалнинг ҳукмига йўйиб, тинчгина яшаб юраверишим мумкин эди. Ким билади, эҳтимол, қисматнинг йўриғи шундай кечганда изтиробу азоб чекмай, турли хаёлларга берилмай, қисматнинг ёздиғига кўникиб кетар ва охир-оқибат ҳамма-ҳаммасини унутиб юборар эдим. Ахир, бу дунёда нималар унутилмайди, қандай муқаддас туйғулар эскириб бурда-бурда бўлган либос каби йўқолиб кетмайди, дейсиз? Бу дунёда аввал бошдан ҳамма нарса унут бўлишга маҳкум этилмаганми?!

Бироқ ўғлимнинг дарди кутилмаганда қайта хуруж қилиб қолган, биз азбаройи саросимага тушганимиздан буткул эс-ҳушимиздан айрилган ўша кунларда йўлак четида ўтирадиган анави тиланчи чол ердан чиқдими, осмондан тушдими, билмайман, туйқус ҳовлимизда пайдо бўлди-ю, бир зумда ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборди, у бизга ўғлим шунча кундан буён жонсарак ва ичиккан кўйи қандай сирли нарсани излаётганини айтиб кетди…

* * *

Ўшанда ҳафтанинг охири – якшанба куни эди. Ўғлим дўхтир буюрган дориларни аллақачон ичиб бўлган ва, назаримда, унинг юз-кўзидан дарднинг оғир сояси аста-секин кўтарилиб борарди. Фақат ҳали-ҳануз уйқудан кўз очай демас, уйқунинг аччиқ заҳридан қабоқлари шишиб кетган, афтидан, ўзи ҳам аллақандай карахт тортиб қолган эди. Муҳими, у бурунгидек алланимани излаб безовта бўлмасди.

Аммо якшанба куни эрталаб биз хаёлимизга ҳам келтирмаган воқеа юз берди: ўғлим гўё аъзойи-танида чидаб бўлмайдиган оғриқ тургандек, ваҳм билан йиғлаганча уйқудан уйғониб кетди. Аллақандай бўғиқ, алам ва изтироб қоришиб кетган йиғиси бир зумда уй ичини тутди. Ўғлим бўғилиб йиғлар ва чиранган кўйи бешик боғичларидан қўл-оёғини бўшатишга уринар, юзи бўзариб қонталаш тусга кирган, типирчилашидан бешик “ғийқ-ғийқ” этиб чайқалганча тебранарди.

Унинг йиғиси қулоғимга урилган заҳотиёқ, гўёки аллақачон унутилган мудҳиш хотира кутилмаганда қайта ёдимга тушиб қолгандек, бирдан юрагим совуқ тортиб кетди: ҳа, бу ўша, бир ҳафта бурунги йиғининг айнан ўзгинаси эди, фақат айни дамда узоқ вақт дамини ичига ютиб юрган аламзада кимсанинг фарёди сингари зардали ва қаҳрли тус олганидан, юракни сескантириб юборар эди.

Хотиним ҳовлида қандайдир юмуш билан куймаланиб юрарди, ўғлимнинг йиғлаганини эшитган заҳотиёқ отилиб уйга кирди. Афтидан, у қаттиқ қўрқиб кетган, ранг-рўйи оқариб, қўл-оёғи дағ-дағ қалтирар ва энтиккан аҳволда тез-тез нафас олар эди. У уйга кира солиб, ўзини бешикнинг устига ташлади ва шоша-пиша ўғлимни ечиб олди-да, бағрига босди.

Аммо ўғлим онаси бағрига боришни истамади, аксинча, баттар чинқириб йиғлаганча, зарда билан кескин равишда ўзини орқага силтаб ташлаб юборди. Унинг боши худди жонсиздек осилиб қолди, нафаси ичига тушиб кетганидан овози хириллаб, базўр эшитилар, кўзлари орқага тортиб кетган ва пешонасидан тер селдек қуйилиб келар эди. Хотиним унинг аянчли аҳволини кўриб, баттар қўрқиб кетди ва дарров кўрпачага ўтирғизиб, пиёлада сув олиб, тутди. Ўғлим сувни ҳам ичишни хоҳламади, аммо кўрпачада омонатгина чайқалиб ўтирар экан, кутилмаганда, бирдан йиғлашдан тўхтади ва уйқу ҳамда йиғининг таъсирида шишиб кетган кўзларини йириб-йириб очганча, уй ичига жавдираб тикилиб қолди. У гўё бу торгина уй ва ундаги жиҳозларни биринчи марта кўриб тургандек, ҳайрат ва қўрқув аралаш киприк қоқмай боқар, ўткир ҳамда аллақандай аламли нигоҳини ҳамма нарсага бир-бир қадаб чиқарди. У дафъатан тинч тортиб қолган эди, аммо кўзларини катта-катта очганча жавдираб тикилиб туришининг ўзи оғир ва қайғули эди. Ўғлимни бу дарду бало буткул ҳолдан тойдириб ташлаган, эти устихонига бориб ёпишган, пажмурда жуссасига қарашга юрак бетламасди.

Мен унинг мана шундай аянчли қиёфасига қараб туриб, ҳамма-ҳаммасини бирдан тушуниб етдим-у, кўнглим баттар қоронғи тортиб кетди. Биз, хотиним иккаламиз шунча кундан буён ўғлимиз дарддан халос бўлаяпти, деган ўйда ўз-ўзимизни беҳуда алдаб келган, унинг дарди тузалиш ўрнига баттар зўрайган эди. Дўхтир тавсия этган дорилар ўғлимга зиғирча таъсир қилмаган, аксинча, асабларини қақшатиб, баттар жиззаки ва инжиқ қилиб ташлаган эди. Бояги жазавага тушган кўйи чинқириб йиғлаши ҳам шундан дарак бериб турар, чунки илгари ҳеч қачон бунчалик ўзини йўқотиб зорланмаган эди.

Ҳа, шундай, биз кутгандек, ўғлим этагига ёпишган бу дарддан халос бўлмаган, гарчи ўн кундан буён уйқудан кўз очмай ётган эса-да, ўша хаёлини ўғирлаган сирли нарсани унутиб юборолмаган эди. Йўқ, чамаси, ўғлим кечаю кундуз ишончу умидини йўқотмай, ўша сирли хилқатнинг ёди билан яшаган, уйқу салтанатининг кўз илғамас сарҳадларида сарсон-саргардон кезинган, ўзини ҳар томонга ташлаб, нолаю фиғон қилган, типирчилаб безовта ураётган юраги алам ва изтиробга тўлиб кетган, аммо уйқунинг кўз илғамас тўрларидан халос бўлишнинг имконини топа олмаган. Йўқ, йўқ, уйқу салтанати уни худди эртаклардаги жодулаб ташланган паҳлавон каби бағрида маҳкам тутиб турган, қимир этишга имкон бермаган эди.

Ўғлимнинг ўша, ўзи ичиккан кўйи излаётган сирли нарсага муҳаббатию ошуфталиги янада ортган, у гўё маъшуқасидан айрилган ошиқ сингари телбага айланиб қолган, ўртаниб олов каби ёнаётган юрагининг ҳовурини эса ҳеч вақо боса олмас, афтидан, унинг кўзига ўша сирли хилқатдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди.

У айни дамда йиқилиб тушадигандек бир аҳволда чайқалибгина ўтириб, уйнинг қоронғи тортган бурчакларига киприк қоқмай тикилар экан, ҳеч шубҳасиз, ўша хаёлини ўғирлаб қўйган сирли нарсани излар эди.

* * *

Ўғлим ўша куни ортиқча инжиқлик ва хархаша қилмай, уй ичини обдон кўздан кечириб чиқди. Илгари ҳам минг марта нигоҳи тушган, қўлчалари билан ушлаб кўрган буюмларни яна эринмай қайта титкилар, синчков ва безовта разм солар эди. Аммо ўзи жонсарак бўлиб излаётган ўша сирли нарсани ҳеч қаердан топа олмас, бундай пайтда бирдан бўшашиб, қўлчалари шалвираб осилиб тушар ва истамайгина нарёққа эмак­лаб кетарди. У, афтидан, бизни бутунлай эсдан чиқариб қўйганга ўхшар, ўзини шунчалик бефарқ ва эътиборсиз тутардики, қараб туриб беихтиёр таажжубга тушарди киши. У эрталаб ваҳм билан йиғлаган кўйи уйқудан уйғонганидан буён бирор марта бўлсин, на менинг ва на онасининг бағрига талпинган, лоақал бошини ўгириб қараб қўймаган эди. Чамаси, хаёлида ин қуриб олган бу дард ўғлимни буткул гангитиб ташлаган ва у ўз-ўзи билан овора бўлиб қолганга ўхшарди.

Ўғлим шу алпозда уй ичини бир қур титкилаб чиққач, кутилмаганда шитоб билан эмаклаганча остонага келди ва ерга ястаниб ўтириб олди-да, қўлчалари билан апил-тапил тирнаганча эшикни очишга урина бошлади. У худди қотган нонни очкўзлик билан кемираётган сичқондек эшикни тез-тез тирнар, тирноқлари остидан чиқаётган “қирт-қирт” этган бўғиқ овоз юракка оғир санчилиб, сукунатга ботиб ётган уй ичига таҳликали ёйилар эди.

Ўғлим шунчаки ўйинқароқлиги тутиб, эшикни тирнаётганга ўхшамасди, балки уни ростакамига очишга уринар, ҳар бир хатти-ҳаракати қатъий ва зардали эди. О, йўқ, уни остонага бош­қа ўй етаклаб келганга ўхшар, чамаси, ўзининг хаёлини ўғирлаб қўйган ўша сирли нарсани уйдан жони ҳалак бўлиб қанчалик изламасин, барибир топа олмаслигига кўзи етган ва уни энди ташқаридан излаш мақсадида эшикни очишга уринаётган эди. Ҳа, ҳа, рост, унинг қиёфасини чулғаб олган ўжар ифода ҳам шундан дарак бериб турар, айни дамда эшик очиқ бўлса, бизга – ортида нафасини ичига ютган кўйи юрак ҳовучлаб турган ота-онасига қайрилиб ҳам қарамай, ташқарига чиқиб кетиши аниқ эди.

Ўғлим ўжарлик билан эшикни очишга узоқ уринди, аммо оча олмади, эшик зилдек оғир, бунинг устига, ичкаридан қулфлаб қўйилган эди, сўнг тирноқлари тирналиб оғриганиданми ёки азбаройи хўрлик ва алам ҳисси босиб келганиданми, иддао билан ўзини орқага ташлаб юборди, боши “гурс” этиб ерга урилди ва бўғзидан отилиб чиққан аччиқ йиғи уй ичини тутиб кетди.

Ўғлим ер билан битта бўлиб ётар, ўзини боса олмай йиғлар, юраги аламга тўлганидан оёқчалари билан ерни “гурс-гурс” тепиб қўярди.

Хотиним ўзини тута олмай ҳиқиллаб йиғлаганча дарров уни кўтариб олди-да, бағрига босди. Мен ўғлимни худди ўтган сафаргидек ҳеч нарса билан овутиб бўлмаслигини, бизнинг ширин сўзу эркалашларимиз унинг зимистонга айланиб кетган кўнглига ёруғлик олиб кирмаслигини ич-ичимдан сезиб турардим. Мен шу ўйни хаёлимдан ўтказар эканман, худди чорасиз қолган кимсадек судралиб қадам босганча ташқарига чиқдим.

Ўғлимнинг бояги аянчли ҳолати сира кўз ўнгимдан нари кетмас, худди мудҳиш ва хунук манзара сингари юрагимда қаттиқ оғриқ қўзғар, хаёлимни тўзғитиб юборган эди.

Ростини айтганда, мен ўғлим ҳадемай дард кўрмагандек, буткул соғайиб кетишига қаттиқ ишонган ва бу ҳақда деярли ўйламай қўйгандим. Аммо кутилмаганда унинг дарди қайта хуруж қилиши менинг оройиш топган хаёлимни бирдан остин-устун этиб юборган, айни дамда ақлим ҳеч нарсани тузук-қуруқ идрок қилмасди.

Аслида бу дарду бедаво ўғлимнинг этагига қаердан ёпишганига сира ақлим етмасди. У онадан соппа-соғ ва тўрт мучаси бут туғилган, чақалоқлик дамлари ҳам тинч ва осойишта ўтган, айтишга арзийдиган бирор-бир касалликка чалинмаган, биз ўша кезларда унинг на уйқусида ва на ўнгида бирор нохушлик юз кўрсатганини сезмаган эдик.

Эҳтимол, бу дард суяк сурганмикин?! Ахир, шундай ҳам бўлиши мумкин-ку! Йўқ, йўқ, нималар деб алжираяпман, ўзи, бундай бўлиши асло мумкин эмас. Авлодимизда ҳеч ким бунақа дард билан оғримаган, боболарим ҳаётда қандайдир қора хаёлга берилмай, тинчгина умргузаронлик қилишган – мен буни аниқ биламан.

Аммо ўғлим-чи, ўғлим?! У кутилмаганда бу дардга қандай чалиниб қолди?! Бу қандай дард, ўзи?! Унинг давоси борми?!

Айни дамда мен ўзимни ҳеч нарса билан овутолмас, ваҳима ва хавотир тўлиб кетган кўнглимга ёлғондан таскин-тасалли бера олмасдим. Ахир, шундай кўз ўнгимда ўғлимни қандайдир дард аёвсиз эзғилаб, тобора ўз комига тортиб борар, мен эса унга на нажот ва на далда бера оламан…

Дарвоқе, ўғлим бу гал аввалгидан ҳам оғир аҳволга тушган, уни бу сирли дард буткул исканжасига олиб, қутурган шамол япроқни қандай чирпирак айлантирса, худди шундай шафқатсизлик билан эзғилар, бир дам бўлса-да ўз ҳолига қўймасди. Мен кунлар ўтган сайин бунга янада қаттиқроқ ишонч ҳосил қилиб борардим. Ўғлим уйқусини буткул йўқотган, оқшом маҳали хотиним уни мажбуран бешикка белаганда, кўзига бир чимдим уйқу олганини айтмаганда, деярли ухламас, тунда худди ойпараст кимса сингари уй ичида у ёқдан-бу ёққа тинимсиз эмаклаб юрар, алланималарни қитир-қитир ковлаштирар, баъзан эса қайсидир бурчакда бир нуқтага тикилганча тошдек қотиб ўтирар, кўзлари қоронғилик қаърида худди унутилиб қолдирилган бир жуфт чироқдек чақнаб турарди. Унинг ҳаётида кун билан тун буткул қоришиб кетган эди.

У овқатга ҳам қарамасди, фақат онаси кўкрак тутганда, инжиқлик қилмай жимгина эмар, гўё сутнинг лаззатли ва ҳаётбахш таъмидан бутун аъзойи-тани роҳат қилаётгандек кўзлари юмилиб-юмилиб кетар ва шундай дамларда унинг юзига қон югуриб қолгандек туюлар эди. Аммо буларнинг бари ўткинчи бир ҳол эди, чунки ўғлим ҳали онасининг бағридан бўшашга улгурмай туриб, кутилмаганда қийналиб-қийналиб ўқчиганча ҳозиргина эмган сутини қайт қилиб ташларди.

Ҳайратланарли томони шунда эдики, ўғлимга уйқусизлик ва очлик негадир таъсир қилмаётгандек туюларди, аслида мени ана шу ҳол қаттиқ ташвишга соларди. Чунки ўғлимнинг жисму жуссасида толиқиш ёки чарчоқ аломатли сезилмас, у ҳамиша аллақандай тетик қиёфада уй ичида тентираб юрар, хатти-ҳаракатлари қатъий ва шиддатли эди. Мен баъзан унга тикилиб туриб, гўдак боши билан шунчалик куч-қуд­рат ва сабр-бардошни қаердан олаётганини ўйлаб, ақлим шошарди.

Аммо бу дарду бало ўғлимга зоҳиран таъсирини ўтказаётганини, уни усталик билан аста-секин ҳолдан тойдириб бораётганини ич-­ичимдан сезиб турардим. Аслида менинг кўнг­лимга ана шу ўй қўрқув ва ваҳм соларди: ахир, ҳаммаси бир умрга шундай давом этавермайди, бугун бўлмаса, эртага ҳаётимда нимадир кутилмаганда “чирт” этиб узилади-ю, барчаси бирдан тамом бўлади, деган фикрдан баъзан юрагим увишиб кетарди.

Назаримда, ўғлимнинг руҳиятига қандайдир ёвуз куч бостириб кириб, макон тутиб олган ва уни усталик билан бошқариб турарди. Ўғлим бутун инон-ихтиёрини шу маккор кучнинг изму ихтиёрига бериб қўйган, у қаёққа бошласа, шу томонга юрар, нимани буюрса, итоаткорлик билан шуни бажарар эди. Ҳа, аслида ҳам шундай: ўғлим ҳали ақлини ҳам танимаган мурғак гўдак, унинг қандайдир сирли нарсанинг кў­йида бунчалик ичикишини сира ақлга сиғдириб бўлмайди. Уни, ҳеч шубҳасиз, дард шаклида кўриниш берган қандайдир қора куч бошқариб турибди. Шу ёвуз куч уни бизнинг қучоғимиздан юлқиб олган ва етти ёт бегона хилқатга айлантириб қўйган.

Албатта, бу ҳақда ўйлаш менга жуда оғир эди. Ахир, у бегона эмас, юрак қўримдан яралган тўнғич фарзандим эди, унинг бу дунёга келиши бўм-бўш тортган кўнглимни тўлдирган, ҳаётимга ранг ва мазмун олиб кирган эди. Йўқ, йўқ, бу ҳаётда ҳар қандай разолат, хунрезлик рўй бериши, ҳатто дунё тескари айланиши мумкин, бу мени сира ажаблантирмайди. Аммо менга тортиқ этилган шу норасида жондан – ўғлимдан жудо бўлишга, ажал уни бағримдан юлқиб олишига тоқат қилиб бўлармиди?!

Аммо ўғлимнинг туриш-турмуши худди рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат сингари буткул бошқа нарсаларни айтиб турарди. Унинг ичи-­ичига чўккан кўзларига тикилиб туриб, ўзимга нисбатан на меҳру муҳаббат, на талпиниш ифодасини топардим. Йўқ, йўқ, бу шунчаки араз ёки иддао эмасди, балки ўғлимнинг кўнглида нималар кечаётган бўлса, барисини нигоҳи аниқ-таниқ сўзлаб турарди. Унинг кўзларига тикилиб, ўзим ҳақимдаги ҳақиқатни янада аниқ-таниқ ўқирдим. Назаримда, ўғлимнинг гўдак тасаввуридан бизнинг – мен ва хотинимнинг қиёфамиз буткул ўчиб кетган эди. Ваҳоланки, унинг булоқ сувидек зилол, тип-тиниқ хотирасидан энг аввало, биз жой олишимиз керак эди. Ҳайҳот, ўғлим бизни унутиб қўйган, о, нафақат унутган, балки ташландиқ буюм сингари шуури тасаввуридан бутунлай ўчириб ташлаган эди.

Ким билади, эҳтимол, ўша, ўзи жони ҳалак бўлиб излаётган нарса унинг хаёлини буткул чалғитган, дунё сингари бизни ҳам ёвуз ва жирканч қиёфага солиб кўрсатгандир. Билмайман, ҳар нарса бўлиши мумкин. Аммо мен ўғлимни биздан кўнгли совиб, бегона тортиб қолганини ҳеч нарса билан инкор эта олмасдим.

* * *

Ўғлимнинг дарди қайта хуруж қилганининг тўртинчи куни эди, уйимизга кутилмаганда талаба йилларидаги дўстим эшик қоқиб кириб келди. Унинг исми Ҳаёт эди. Жанубий вилоятларнинг бирида туғилиб ўсган, қорамағиз, бўйчан ва чайир йигит эди. Биз у билан талабалик даврининг барча қувончу заҳматини бирга “баҳам” кўрган, юпун ва ғариб, аммо орзу-умид­ларга бой навқиронлик фасли бизни ўзимиз сезмаган ҳолда бир-биримизга жуда яқин қилиб қўйганди. Ҳаёт очиқкўнгил, дали-ғули, бир сўзли йигит эди. Биз бир-биримизни тез ва осон тушунар, кўнглимизда пайдо бўлган сир узоқ вақт яшириниб ётмасди.

Фақат дорилфунунни тугатиш арафасида бизнинг йўлимиз турмушнинг бошқа-бошқа кўчаларига қайрилиб кетган, ўртамизда илимилиқ муносабат юзага келган эди. Ҳаёт талабалик йилларида институтни тугатгач, қишлоққа қайтиб бориб, болаларга сабоқ беришни орзиқиб гапириб юрса-да, бахтга қарши шаҳарда қолиб кетди. Аммо мен айни дамда у шаҳарнинг қайси қўнжида яшаши-ю, қандай юмуш билан банд эканини билмасдим. Ўзи ҳам бу ҳақда оғиз очишни истамас, баъзан учрашиб қолган пайтларимизда сўраб-суриштиришга тушсам, узуқ-юлуқ жавоб беришдан нарига ўтмасди.

Ким қандай ўйлайди, билмайман, аммо бу ҳаётда одамнинг дўсти жуда кам бўлади. У менинг талабалик йилларида орттирган яккаю ёлғиз дўстим эди. Унинг исми Ҳаёт эди, бир пайтлар ҳаётнинг ўзи каби жўшқин, саркаш ва ўт-олов эди. Хотирамда ана шундай қиёфада қаттиқ муҳрланиб қолган эди.

Аммо кейинчалик у менинг шундай кўз ўнгимда бирдан ўзгариб кетди, яшашга бўлган жўшқин муҳаббатию иштиёқи, хаёлдек покиза ва учқур орзу-умидлари худди бозиллаб яшнаб турган чўққа сув сепилгандек, бирдан сўниб қолди. Афтидан, у тушкун ва умидсиз кайфиятдан сира халос бўла олмасди, шекилли, ҳамма нарсага лоқайд ва эътиборсиз қарарди. Мен кўпинча унинг қаримсиқ тусга кирган афт-ангорига қараб туриб, кечагина ҳаёт, келажакдаги орзу-умидлари ҳақида баъзан тонгга қадар жўшиб гапирган, бу дунёдан фақат эзгулик излаган йигитни мутлақо таний олмай қолардим. У ақл бовар қилмас аснода ўзгариб кетганди.

Аслида унинг табиатидаги бу фавқулодда ўзгариш анча илгари, институтни тугаллаш арафасида рўй берган эди. Ҳали таътил кунлари етиб келишига ҳам сабри чидамай, тўсатдан қишлоғига отланиб қолганди. Жўнаб кетишдан аввал хавотирга тушган кўйи, жуда нохуш туш кўрдим, ишқилиб, уйда тинчлик бўлсин-да, деган эди. У фақиргина оилада ўсиб-улғайган, камхарж, шаҳарда ўз кунини ўзи кўрар, одатда, тўрт-беш ойда бир марта қишлоғига бориб келарди.

У ўшанда орадан уч кун ўтиб қайтиб келган. Аммо мен уни дафъатан таний олмаган эдим: бор-йўғи уч кун ичида буткул озиб-тўзиб, арвоҳга ўхшаб қолган, тим қора сочлари бирдан оқариб кетган, кўзлари тушкун ва умидсиз боқар эди. Мен унинг бундай қайғуга ботган афт-ангорига қараб туриб, уйида қандайдир мусибат юз берган бўлса керак, деган ўйга борган, бироқ дабдурустдан сўрашга ботина олмаган эдим. Йўқ, аниқроғи, ундан юрак ютиб, қандай сўрашни билмаганман, чунки қиёфаси шунчалик тушкун ва аламли эдики, кишини бирдан эсанкиратиб қўярди. Унинг ўзи ҳам гўё қўрқув ва ваҳмдан жисму жуссаси буткул карахт тортиб қолгандек, икки кун миқ этмаган, фақат бир нуқтага тикилиб ўтирган эди.

Кейин, оқшом маҳали у кутилмаганда тилга кирган ва худди бўғзига тош қадалгандек юзини аянчли тириштирганча қийналиб-қийналиб, қишлоғидаги яккаю ягона тобут ўз-ўзидан аллақаёққа ғойиб бўлгани ва жинни қиз ҳақидаги ғалати воқеаларни гапириб берган эди. Мен ўшанда унинг овозида занг ураётган қўрқув ва ваҳм шарпасини аниқ-таниқ ҳис этган ва бундан ўзимнинг юрагимга ҳам қўрқув оралаб қолган эди. Аммо ўшанда мен унинг телба-тескари гап­ларига сира ишонмаган, кўнглимдан Ҳаёт ақлдан озиб қолибди, деган нохуш ўй кечган эди. У эса, ўзини буткул унутган кўйи узоқ гапирган, кўнглидаги барча дарду ҳасратини оқизмай-томизмай тўкиб солган, алам ва изтироб жисму жуссасини жунбушга солганидан ўзини босолмай қон бўлиб узоқ йиғлаган эди.

Шундан сўнг у бу ҳақда қайта оғиз очмади. Амал-тақал қилиб ўқишни тугатгач, шаҳарда қолиб кетди. Мен, боя айтганимдек, айни пайтда у шаҳарнинг қайси қўнжида яшашию, қандай юмуш билан машғул эканини билмасдим. Унинг ўзи онда-сонда мени йўқлаб, ижара уйимга келиб турарди. Одатда, худди осмондан тушгандек, кутилмаганда, ҳовлимизда пайдо бўлар ва баъзан тузук-қуруқ ҳол-аҳвол сўрашишга ҳам улгурмай туриб дарров изига қайтиб кетарди.

Ростини айтганда, Ҳаёт билан ўртамизда талабалик йилларининг тиниқ ва беғубор хотираларидан бўлак ҳеч нарса қолмаган эди. Мен илгари унинг куйиб бораётган умри, афтадаҳол ва савдойи афт-ангорини хаёлимдан ўтказар эканман, юрагим туз сепгандек ачишар, унга кўмак бериш, кўнглида яна умид ва ишонч уйғотиш ҳақида ўйлардим.

Бахтга қарши, барча уринишларим, насиҳатомуз гап-сўзларим бесамар кетаётганини кўргач, ўзим сезмаган ҳолда уни ёмон кўриб қолган эдим. У уйимизга кириб келган пайтда ўзимни негадир ноқулай сезар, юрагим қисилиб, бетоқат бўлар ва ич-ичимдан унинг тезроқ кетишини истардим. Уни кўрсам, ўзимнинг ҳам кўнглимни тушкун ўйлар қоплаб олар ва бирдан ҳаётдан совиб кетгандек бўлардим.

Афтидан, у ҳали-ҳануз уйланмаган – сўққабош яшар, ўзига муқим бошпана ҳам топмаган, дуч келган жойда ётиб-туриб юрганга ўхшар эди. Чунки уни ҳар сафар соч-соқоли ўсган, ки­йим-боши кир-чирга ботган иркит қиёфада учратар эдим. У тарки дунё қилган кимсадек ўзига мутлақо қарамай қўйган, эгнидаги талабалик давридан қолган кийимларининг ҳам аллақачон оҳори буткул тўкилиб кетган эди.

Бироқ ўша куни у ижара уйимга кўнгли алланимадан чоғ, кайфияти баланд бир қиёфада кириб келди. Уни институтни тугатгандан буён биринчи марта чиройи очилган, юз-кўзидан тушкунлик ифодаси хиёл ариган ҳолда кўриб туришим эди. Рости гап, бундан ўзим ҳам бироз шошиб қолдим. У мен билан қуюққина ҳол-аҳвол сўрашди, ҳатто алланима дея ҳазил қилган ҳам бўлди. Аммо уйга кириб, хонтахта атрофида ўтиргач, хаёлим паришонлигини пайқади, шекилли, бирдан ҳушёр тортди.

– Тинчликми, ўзи? – деб сўради ботинмайгина.

– Ҳа, тинчлик, тинчлик, – дедим базўр жилмайишга уриниб.

Ўзимни хотиржам тутишга ҳар қанча тиришмай, барибир кўнглим тўлиб турар, ўғлимнинг дардга чалиниб қолгани мени шунчалик эзиб ташлаган эдики, дунё кўзимга қоп-қоронғи кўринар, кимгадир дарду аламимни тўкиб солиб, юрагимни бўшатгим келар эди. Боя Ҳаётнинг ҳовлига кириб келганини кўриб, рост гап, ўзимга юпанч топилгандек, қувониб кетгандим.

Анча пайт у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтирдик, аммо ҳадеганда гапимиз қовушмас, ўртамизга қандайдир ноқулайлик тушган эди. Ҳаётнинг ҳам бояги кайфияти ўзгарган, бевақт келдиммикан, деган ўйга борди, шекилли, ўнғайсизланар ва дам-бадам худди кетишга чоғлангандек ўрнидан қўзғалиб қўярди.

Ахийри, мен Ҳаётга кўнглимни ёрдим: ўғлим ғалати дардга чалиниб қолгани, анча пайтдан буён эс-ҳушини йўқотган кўйи алланимани излаётгани, бироқ у излаётган нарса бизга батамом мавҳум экани, шундан нима қилишни билмай бошимиз қотиб қолганини айтиб бердим.

– Энг ёмони, ўғлим ўша нарсанинг дардида ичикиб, кундан-кунга адойи-тамом бўлиб бораяпти. Озиб-тўзиб кетганидан афтига қараб бўлмайди, – дедим мен.

Азбаройи ҳаяжонга тушганимдан тез-тез гапирар, сўзларим ҳам пойинтар-сойинтар чиқаётган эди. Аммо Ҳаёт бунга эътибор бермай гапларимни диққат билан тинглаб, дам-бадам кўз ости билан бир четда тўмшайиб ўтирган ўғлимга қараб-қараб қўярди.

Мен ўғлимнинг аллақандай дардга чалиниб қолгани ҳақида гапирар эканман, барибир кўнглимнинг бир четида Ҳаёт ҳам анави дўхтир сингари гапларимга ишонмайди, қайтага, устимдан кулгани қолади, деган хавотир ғимирлаб турарди.

Аммо ҳаммаси кутганимдан бошқача бўлиб чиқди.

– Жуда қизиқ-ку! – деди Ҳаёт чинакамига ҳайратга тушганча кўзларини катта-катта очиб ўғлимга тикилар экан. – Ниманидир излайди, дегин. Ҳали гўдак боши билан ниманидир излаши жуда ғалати…

Аммо Ҳаёт ортиқ ҳеч нима демади, балки узоқ пайтдан буён жони ҳалак бўлиб излаб юрган сирли нарсани айни дамда ўғлимнинг қиёфасида кўриб қолгандек, ҳаяжонга ботган кўйи ундан кўз уза олмай қолди. У ўғлимнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кўздан қочирмай кузатар, ўзича алланималарни мулоҳаза қилар, гоҳида эркалаган кўйи уни гапга солишга уринар эди. Бироқ ўғлим ундан ҳали-ҳануз бегонасираганча, қовоғини очмай тумшайиб ўтирар эди. Ҳаёт барча уринишию эркалаб гапиришлари зое кетаётганига қарамай, асло кайфиятини туширмас, аксинча, ҳаммаси шундай бўлиши керакдек, ўғлимнинг атрофидан парвона бўларди.

Шу кун Ҳаёт уйимизда узоқ қолиб кетди. Кейин ўғлимдан базўр кўзларини узиб, уйдан чиқаркан, менга юзланиб шундай деди:

– Ўғлинг, ростдан ҳам, ниманидир излаяпти, мен буни унинг кўзларига қараб билиб олдим. Бола бечора жуда ичикиб кетибди. Мен у нимани излаётганини билмайман, аммо унинг ўзи қидираётган нарсасини жуда яхши билади. Илгари ҳам уни кўрган. Мана мени айтди дейсан, агар излаётган ўша нарсасини топса, ҳаёти жуда равон кечади, жуда улуғ одам бўлади…

Ҳаёт яна алланималар тўғрисида узоқ гапирди, гўё бу дунёда ақл бовар қилмайдиган мўъжиза юз берган-у, унинг шоҳиди бўлиб қолгандек, сира ҳаяжонини босолмас, сўзларига мени ҳам ишонтиришга уринар, ҳар бир гапини қайта-қайта таъкидлаб айтар эди.

Аммо менинг кўнглим сира ёришай демас, аксинча, баттар қоронғи тортиб борар, дўстимнинг тинимсиз жавраши кўнгилга таскин-тасалли бермас, балки Ҳаёт ўзининг телба-тескари дунёсидан келиб чиқиб гапираяпти, деган фикр хаёлимни банд этиб олганди.

Ким билади, эҳтимол, Ҳаётнинг гапларида ҳам жон бордир?! Аммо бунинг ўғлимга қандай фойдаси тегади? Бу қуруқ, ҳавойи сўзлар ўғлимнинг дардига малҳам бўладими? Мени айни дамда шундан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасди.

Ҳаёт кетгач, уйга киришга шошилмай, ҳовли саҳнида узоқ туриб қолдим. Тўғрисини айтганда, уйимизда гўё азоб-уқубат, изтиробу алам макон тутиб олгандек, ичкарига бош суқишга юрагим бетламас, оёқларим ўз-ўзидан орқага тортиб кетаверарди. Ҳаммасидан ҳам, миттигина жисму жуссасини дард эзиб ташлаган ўғлимнинг афт-ангорига қараш ниҳоятда оғир эди. Нимасини айтай, бу дард охир-оқибат ўғлимни енгган ва уни аста-секин ҳаётнинг қучоғидан юлқиб олаётган эди.

Ўғлимнинг айни дамдаги аҳвол-руҳияси ҳам шундан дарак бериб турарди: у буткул ҳолдан тойган, юзида қон йўқ, худди мурданики сингари оқариб кетган, кўзлари сўник ва бемажол боқар эди. Аммо шунга қарамай, уни ҳамон ўша қора хаёл ўз ҳолига қўймас, у оғир судралган кўйи уй ичида эмаклаб юрар, фақат тез-тез ҳолдан тойганидан оғир-оғир нафас олганча ётиб қоларди. Баъзан остонани қучоқлаганча узоқ вақт қимир этмай ётар, кўзлари олайиб орқага тортиб кетар ва ҳатто нафас олаётгани ҳам сезилмасди. Бундай пайтда у жонсиз жасаддан сира фарқ қилмас, аммо мен ёки онаси қўлимизга олишга уринсак, кутилмаганда жонланиб, хархаша қилишга тушарди.

Мен ич-ичимдан ҳаммасини сезиб турардим: бу шунчаки оддий ва ўткинчи дард эмас, балки қора хаёл шамойилига кириб, ўғлимнинг этагидан тортқилаётган нақ ажалнинг ўзи эди…

Энг ачинарлиси, ҳар гал ўғлимнинг ҳаёт талъати аста-секин сўниб бораётган юзига кўзим тушганда, ўзимнинг нақадар ожиз ва нотавонлигимни ҳис этиб, юрагим кўксимга сиғмай қоларди. Мен уни қанчалик яхши кўрмай, унинг учун ҳатто жонимни қурбон этишга тайёр бўлмай, барибир бефойда эди. Бу дард менинг ўтинчу илтижом, оҳу нолам, ғазабу аламим ва ялиниб-ёлворишларимга қулоқ солмасди, худди ўлжасини батамом янчиб ташлашга чоғланган махлуқдек, ўғлимни тобора ҳолдан тойдириб борарди.

Бу дарднинг қаршисида мен ҳам ўғлим сингари ожиз қолган эдим.

Яккаю ягона умидим дўхтирдан эди, ўша кун унинг сўзларига қаттиқ ишонган, аммо ҳаммаси охир-оқибат сароб бўлиб чиққан эди. Ўғлимни яна дўхтирнинг ҳузурига олиб боришни сира истамас, кўнглимнинг бир четида унинг дарди баттар зўрайиб кетишига дўхтир тавсия этган дорилар ҳам сабаб бўлди, деган ўй ғимирлаб турарди.

Ҳаммасини тақдири азалнинг измига ташлаб, индамай қўл қовуштириб ўтириб ҳам бўлмасди. Аммо мен айни дамда қандай йўл тутишни ҳам билмасдим.

Мана шундай оғир ўйлар қуршовида қадамимни судраб босганча уйга кирар эканман, туйқус хаёлимга қишлоққа – ота-онамнинг олдига борсак-чи, деган ўй урилди-ю, худди калаванинг учини топгандек, бирдан онг-шу­урим ёришиб кетди. Бу ҳақда нега илгари ўйламаганимни хаёлдан ўтказар эканман, ўзим ҳам ҳайратга тушдим. Уйга киргач, хотинимга Муайядни бугуноқ қишлоққа олиб кетиш ҳақидаги фикримни айтганимда, дафъатан, унинг сўлиб, қаримсиқ тусга кирган юзига “дув” этиб қон югуриб, кўзлари ёшга тўлиб қолди. Хотиним менга тикилган кўйи унсиз йиғлар, кўзларидан думалаб тушган ёш ёноғи устида муаллақ туриб қолган эди.

Мен унга бир муддат жимгина тикилиб турдим, сўнг кечки поездга чипта харид қилиш учун шошиб уйдан чиқдим.

Трамвайда вокзал томон кетиб борар эканман, хотинимнинг бояги унсиз йиғлаётган ҳолати сира кўз ўнгимдан нари кетмасди. Ўғлимнинг кутилмаганда дардга чалиниб қолиши ва соғайиб кетиш ўрнига тобора оғирлашиб бораётгани унга жуда ёмон таъсир қилган, мен буни уйда кечган ҳар дақиқада ҳис этиб турардим. Афтидан, унинг юрагини адоқсиз ўйлар кемириб борар, дам-бадам “уф” тортиб қўйганини айтмаганда, “миқ” этиб оғиз очмас, одатда, ўғлимга унсизгина термилиб ўтирар эди. Унинг мана шундай тез-тез “уф” тортиши кишининг кўнглига хавотир ва қўрқув соларди. Одатда, қандайдир нохушликнинг шарпасини илғаган кимса шундай оғир-оғир хўрсиниб қўяди.

Айниқса, икки кун бурун ярим тунда хотиним жуда ғалати аҳволга тушганига тасодифан гувоҳ бўлгандим. Ўша оқшом мен одатдагидан анча барвақт ухлаб қолгандим. Аммо бир чоғ, туннинг қайси палласи эканини аниқ эслай олмайман, қулоғимга чалинган овоздан чўчиб уйғониб кетдим: тунчироқ зулмат чўккан уйни хира-шира ёритиб турар, эшик томонда – бурчакда эса кимдир қиблага юзланган кўйи алланималар дея ёзғирарди. У гарчи худди пичирлаётгандек паст овозда нола қилаётган эса-да, овози тун сукунатини бузиб, уй ичини тутиб кетган эди. Мен ёстиқдан бошимни илкис кўтариб, бурчакда чўкка тушиб ўтирган кимсага қарар эканман, дафъатан ўзимни қаерда ётганимни-ю, бемаҳалда ким бунчалик фарёд қилаётганини англай олмадим. Ҳалиги кимсанинг овози эса ҳадеганда тинай демас, балки гувраниб қўзғалган бўрон сингари тобора шиддатли ва қаҳрли тус олиб борарди. Мен қаттиқ қўрқувга тушган, пешонамдан совуқ тер ёғилиб келар, нималар рўй бераётганига сира ақлим етмас, юрагим ваҳм билан гурс-гурс урар, аммо қимир этишга журъатим етмасди.

Шундай алпозда қанча вақт ётганимни билмайман, балки бир неча лаҳза, эҳтимол, бир соат ётгандирман, фақат бир чоғ, онг-шууримни уйқу карахтлиги бирдан тарк этди, шекилли, бурчакда ўтирганча нола қилаётган кимсани бирдан таниб қолдим: хотиним-ку!..

Хотиним – бу фикр унинг хаёлига қаердан келганига сира ақлим етмайди – қиблага юзланган кўйи, йиғлаб-ёлвориб, Яратганга илтижо қилар, яккаю ёлғиз ўғлимиз Муайяднинг дардига шифо сўрарди. У худди тош ҳайкалчадек чўкка тушиб ўтириб олган, қўллари тиззаси устига узатилган, қоронғилик қаъридан жуссаси аллақандай пажмурда ва кичкина бўлиб кўринар, аммо овози шиддатли ва телбавор эди. Йўқ, у худди меҳроб қаршисида бўйин эгиб, тавба-тазарру қилаётган кимсага ўхшар, кўнгли, чамаси, мумдек эриб борарди, шекилли, тез-тез гапирар, юрагида нимаики бўлса, барини тўкиб солар, ўзи ҳам тузук-қуруқ билмайдиган аллақайси гуноҳу айблари учун минг тавалло билан шафқат ва мағфират сўрар, йиғлар ва ёлворар, сўнг йиғи ва илтижо саси қоришиб кетган овозда Муайядни жонидан ортиқ яхши кўришини, бу дунёга келиб, тентираб-тентираб топган ёлғиз бахти шу ўғли эканлигини, ундан айрилиб қолса, ўзини ҳеч нарса билан овута олмаслигини, то умри адо бўлганча тақдирини қарғаб ўтишини аллақандай ўжарлик билан айтаркан, кутилмаганда ўпкаси тўлиб кетганидан ўзини тутолмай ўкраб йиғлаб юборди. У иҳраётгандек азобли овозда узоқ йиғлади, йиғи ва изтироб зарбидан озғин жуссаси қандай силкиниб-силкиниб тушаётганини аниқ-тиниқ ҳис этиб ётардим. Аммо бошимни кўтариб, унга қарашга, алланималар дея юпатишга ўзимда журъат сезмас, унинг айни дамдаги ҳолати мени буткул карахт қилиб ташлаган эди.

Ҳа, хотиним жуда аянчли ва афтодаҳол аҳволга тушган эди. Йўқ, йўқ, менинг назаримда, у айни мана шу паллада ўзининг қиёфасини тарк этиб, тун қўйнида улкан нолага айланиб қолган, бу нола тўрт томони девор билан ўралган мана шу пастак томли уй ичидан эмас, балки дунёнинг ҳув нариги чеккасидан ёйилиб оқиб келар, худди афсунгарнинг дуоси сингари сирли ва жунунвор янграр, хаёл дунёсига шитоб билан бостириб кириб, кишини бир зумда маҳв этиб қўярди.

Ҳа, бу улуғвор ва маҳобатли нола эди, гўё хотинимнинг юрагидан эмас, балки фалакнинг бўғзидан отилиб чиқар, ҳайҳотдек кенг оламда ундан бўлак “тиқ” этган товуш қулоққа чалинмас, унинг селу селоб бўлиб оқиши ҳамма-ҳамма нарсани босиб кетган эди.

Йўқ, йўқ, бу нола ва фиғон эмасди, балки асли фаришта қавмидан яралган, аммо кейинчалик юрагини ялмоғиз еб қўйган одам боласидан қолган кўҳна мунгли қўшиқ эди. Мен ҳам дунёда шундай мунгли қўшиқ борлигини ўша тунда англаб етган ва унинг юрагимга оқиб кираётган эзғин оҳангидан тонгга қадар селу селоб бўлиб ётган эдим.

Бу қўшиқни куйлаш ҳам, тинглаш ҳам ўта оғир эди, у бамисоли олов сингари жисму жуссани ёндириб юборар, юракни жунбушга солиб, одам боласи яралгандан буён бошидан кечирган изтиробу армони, топталган умиду ишончи, муҳаббат ва хиёнати, айрилиқ ва соғинчидан сарбасар огоҳ этарди.

Эртаси кун эрталаб хотинимни аллақандай паришонхотир ва ҳолсиз бир қиёфада кўрдим. Аммо унга ҳеч нарсани сездирмадим.

Фақат хотиним ўша кун ниманидир кутаётгандек бетоқат бўлиб юрди.

* * *

Кун, чамаси, чошкайидан ўтгач, мен кечки поездга иккита чипта харид қилиб, уйга қайт­дим. Поезд оқшом саккизу ўттизда жўнаши керак эди. Мен дарвозани очиб, ичкарига кирар эканман, дафъатан ўзимга пешвоз чиқиб келаётган хотинимга кўзим тушди-ю, турган ўрнимда тошдек қотиб қолдим. Йўқ, йўқ, мен туйқус хотинимни таний олмай қолдим, унга тикилиб туриб, кўзларимга сира ишонмас, бояги ғам-ғуссага ботган ва чўкиб қолган қиёфасини фавқулодда бир ҳаяжон чулғаб олган, ёноқлари чўғдек қип-қизил тусга кирган ва кулиб турган кўзларидан дув-дув ёш қуйилиб келарди. У мен томонга алпанг-талпанг қадам ташлаб келар экан, ўзини сира боса олмас, энтикиб-энтикиб нафас олар ва алланимани гапиришга чоғланарди-ю, бироқ овози чиқмасди.

Мен унга кўзим тушган заҳотиёқ юрагимга хавотир оралаган ва уйда, албатта, ўғлимнинг тақдирига дахлдор қандайдир воқеа рўй берган ва хотиним шундан ақлдан озгудек кўйга тушганини ғайришуурий тарзда англаб етган эдим. Аммо мен ҳам қандай воқеа юз берганини сўрашга ботинолмас, тилим худди тангла­йимга ёпишиб қолгандек сира айланмас, фақат юрагим мумдек эриб бораётганидан йиғлагим келар эди.

Ана шундай ҳаяжон ва хавотир гирдобига ғарқ бўлиб қанча вақт турганимни билмайман, бир пайт хотинимнинг ҳовлиққан кўйи айтган сўзлари қулоғимга урилди-ю, бирдан ҳушим ўзимга келди.

– Муайяд шунча кун ўз ёғига ўзи қовурилиб нимани излаганини биласизми? – деди қичқиргандек бир овозда. Унинг овози қувонч ва ўкинчга тўла эди.

– Йўқ, – дедим дафъатан ҳушёр тортиб. – Нимани излаган экан?

– Болам шўрлик, – деди хотиним, аммо ўпкаси тўлиб кетганидан пиқ этиб йиғлаб юборди. Сўнг йиғи саси қоришиб кетган овозда гапира бошлади. – Туғилган пайтида кесилган киндиги бор-ку, шуни излаётган экан…

Мен унинг сўзларини эшитиб, кимдир тўсатдан бошимга зарб билан ургандек, карахт тортиб қолган онг-шууримнинг оғир эшиклари бирдан шарақлаб очилиб кетди: тавба, ўғлим шунча кундан буён ҳузуру ҳаловати, тинчи ва оромини йўқотиб излаган нарсасини қаранг… Унинг кўнглига бу ўй қаердан келдийкин, шунча кундан буён ичикканча излаётган бу нарса ўзига шунчалик зарурлигини, бусиз ҳаёт ҳам, дунё ҳам ўзининг қадр-қиммати, мазмун-моҳиятини буткул йўқотиб, сариқ чақага ҳам арзимайдиган матога айланиб қолишини у гўдак ақли билан қандай англаб етдийкин?

Мен қаттиқ ҳаяжон ичида қолган, ўзимни сира боса олмас, хотинимнинг оғзидан ўғлим излаган нарсанинг номини қайта-қайта эшитишни ва эшита туриб бутун вужудимда оғриқ ва лаззат туйишни истардим.

– Муайяд нимани излаган экан?

– Нима бало, қулоғингиз том битганми? Қирқ марта айтдим-ку, туғилган пайтида кесилган киндиги бор-ку, шуни излаётган экан. Шуни топиб, ёстиғининг остига қўйсак, бир пасда тинчиб қоларкан…

– Сенга буни ким айтди?

Саволимни эшитиб, хотиним негадир бирдан ҳушёр тортди, атрофга олазарак қараб оларкан, гўё муҳим сирни ошкор этаётгандек, шивирлаб гапиришга тушди:

– Сиз боя вокзалга кетганингиздан сўнг ҳовлига битта чол кириб келди, – деди у. – У ичкарида қандай пайдо бўлиб қолганига сира ақлим етмайди, дарвозани қулфлаб қўйгандим. Мен уйда ўтиргандим, бир маҳал ҳовлида кимнингдир қадам товуши эшитилгандек бўлди. Шошиб ташқарига чиқсам, ҳалиги тиланчи чол анави ерда, – у қўли билан ҳовли ўртасини кўрсатди, – қаққайиб турган экан. Афт-ангорига қараб бўлмайди, туғилгандан бери сув тегмаганми, ўлардек ислиқи, соч-соқоли ўсиб кетган, эгнида увадаси чиққан тўн. Унга кўзим тушиб, қўрққанимдан юрагим ёрилиб кетай деди. Бирдан ўзимни шоша-пиша ичкарига урдим-да, эшикни қулфлаб олдим. Кейин деразадан аста мўралаб қарасам, у ҳали ҳам жойида қимир этмай турган экан. Ана кетади, мана кетади, деб ичим тапиллаб роса кутдим. Йўқ, қайда дейсиз, қоққан қозиқдек қимир этмайди, тағин денг, уйнинг деразасидан кўзини узмайди. Охири, тоқатим тоқ бўлди, кунидан қолган тиланчи бўлса керак, деган хаёлда яримта нонни қўлимга олиб, секин ташқарига чиқдим. Қўрққанимдан дағ-дағ қалтираб, унинг олдига бордим-да, нонни узатдим. У нонни олиб, тўрвасига солаётиб, негадир ғалати кулди, сўнг менга қараб нима дейди денг: «Қизим, мен ҳовлингизга садақа сўраб келганим йўқ. Майли, кўнглингиз шуни тусаган экан, қўлингиз қайтмасин», деди. Қуриб кетгур, ўзи тиланчи бўлса ҳам, овози жуда ғалати, эшитган одамнинг юраги жимирлаб кетади. Шунданми, мен қўрқувни ҳам эсимдан чиқариб, унинг қаршисида туриб қолибман. Бир пайт тағин унинг ўзи гапириб қолди. Бу гал нима дейди денг: “Қизим, анчадан буён болангиз бетоб-а?”. “Ҳа, ҳа, – дедим мен, – анчадан буён боламнинг мазаси йўқ. Емайдиям, ичмайдиям, ухламайдиям. Алланимани излаб, тинчини йўқотган”, дедим. “Болангиз нимани излаётганини биласизми?” деб сўради у. “Йўқ, – дедим мен, – агар билсак, шунча кундан буён ўғлимнинг рангини сарғайтириб қўл қовуштириб ўтирардикми?!”. “Ҳалиям гумроҳлик қилиб, болага кўп азоб берибсизлар, – деди у. – Оҳу ноласи етти осмонни тутиб кетган. Ҳозир унинг кўзига на нон, на сув кўринади. У туғилганида кесилган киндиги бор-ку, шуни излаяпти. Унга шуни топиб беринглар!”. Тиланчи чол бошқа ҳеч нарса демади, фақат атаган садақангизни худо ўз даргоҳида қабул қилсин, деб юзига фотиҳа тортди-да, ҳовлидан чиқиб кетди. Ҳа, айтмоқчи, сиз уни танийсиз. Анави, йўлак четида ўтирадиган тиланчи чол бор эди-ку, ўша у! Мен ҳам уни ҳовлидан чиқиб кетгандан сўнг таниб қолдим.

Хотинимнинг сўзларини эшита туриб, баттар ҳайрат ва таажжубга тушдим. Нималар рўй бер­япти, ўзи?! Тушми бу ё ўнгим? Анави тиланчи чол ҳеч кутилмаганда ҳовлимизда қаердан пайдо бўлди? Манзилимизни сира адашмай-оғишмай қандай топиб келди? Ҳовлимизга қаердан кирди, эшик ичкаридан ёпилган бўлса?! Ўғлим ниманинг дардида бунчалик ичикиб ётганини у қайдан била қолди? Нега бунчалик жон куйдириб менинг ҳаётимга аралашиб юрибди? Ким у, ўзи? Одамми ё…

Тиланчи чолни бир неча ой бурун анави йўлакдан оёғини ерга теккизмай олиб кетишган, шундан буён ҳеч қаерда қораси кўринмаган эди-ку! Аммо сира кутилмаганда ҳовлимизда пайдо бўлгани, тағин денг, ўғлим нимани излаётганини оқизмай-томизмай айтганини сира ақлу тасаввурга сиғдириб бўлмасди.

Мен яна танг аҳволга тушиб қолган, тиланчи чол ҳақида қанчалик бош қотириб ўйламай, барибир ҳеч нарса билмаслигимга ич-ичимдан иқрор бўлардим. Бунинг устига, айни дамда у ҳақда ўйлаб ўтиришга тоқатим етмас, балки ўғлим ичикиб излаётган нарсани тезроқ топишим зарур эди. Мен бошимни кўтариб, рўй бераётган воқеаларга худди ўзим сингари ақли етмай, лол қолиб ўтирган хотинимга қарадим.

– Муайяднинг кесилган киндигини энди қаердан топамиз?

– Унинг киндигини туғилган пайти туғруқхонада кесишган. Ўша ерда қолиб кетган, – деди хотиним.

Хотинимга бир муддат қараб турдим-да, сўнг ҳозир келаман, сен Муайядга қарагин, дея шошиб кўчага чиқдим.

* * *

Туғруқхонада мени қирқ беш ёшлардаги, сарғиштоб юзини ажин босган бақалоққина хотин қарши олди. У ўзини дояман, деб таништирди. Мен унга ўғлим қандай дардга чалиниб қолгани-ю, ўзим нима мақсадда бу ёққа келганимни батафсил айтиб бердим. Доя хотин гапларимни киприк қоқмай эшитди, аммо кутганимга зид ўлароқ, унинг юзида бирор-бир ўзгариш аломати сезилмади. Афтидан, унга бундай масалалар юзасидан жуда кўп марта мурожаат этишган ва у эшитавериб аллақачон дийдаси қотиб кетганга ўхшар эди.

– Ҳм, – деди у хўрсингандек овоз билан. – Ўғлингиз туғилганига бир йил бўлай деб қолибди-ю, сиз энди унинг киндигини излаб келдингизми? Биз бирорта ҳам боланинг киндигини атай асраб қўймаймиз. Кесилган заҳотиёқ ахлатга чиқариб ташлаймиз. Дайди итлар еб кетади…

Туғруқхонадан қандай отилиб чиққанимни ўзим ҳам билмайман. Ҳушим ўзимда эмас, бошим ғувиллаб оғрир эди. Қадамимни судраб босганча кетиб борарканман, ўғлим ҳақида ўйлар, унинг худди чақмоқ урган қушдек уй ичида бемажол эмаклаб юриши кўз ўнгимдан сира нари кетмасди. Ўғлимга энди нима дейман, унинг ичиккан кўзларига қандай қарайман – билмайман…

5385.jpgShodiqul HAMRO
QAQNUS QANOTIDAGI UMR
006

Shodiqul Hamro 1965 yili tug‘ilgan. O‘zMU jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Suratdagi ayol” , “Qora kun”, “Karvon qo‘ng‘irog‘i” kabi nasriy to‘plamlari nashr etilgan. Sizga taqdim etilayotgan “Qaqnus qanotidagi umr” qissasi “Yoshlik” jurnalida chop etilganda (2015 yil 8-9-sonlar)  muallif  quyidagi so‘zini ilova qilgan edi:

Har bir go‘dakning dunyoga kelishi aslida tengsiz mo‘’jiza. Shu bois xalqimiz azal-­azaldan bunga alohida e’tibor bilan qaragan. Elimizning bu boradagi ko‘p mingyillik taraqqiyoti davomida shakllanib kelgan, asrlar sinovidan o‘tgan an’ana va udumlari yuksak qadriyat darajasiga ko‘tarilgan.

Masalan, ajdodlarimiz yaratgan beshik, ism qo‘yish marosimi yoki onalarimizning qadimiy allasi kishini hayratga solmay qo‘ymaydi.

Ammo mustabid sho‘ro tuzumi davrida milliy o‘zligimizning ustunlaridan sanalgan ana shu qadriyatlarimiz ham ko‘r-ko‘rona toptaldi, bu bebaho meros­ni xalqimizning xotirasidan o‘chirib tashlashga urinishlar bo‘ldi.

Bugun ko‘pchilikning yodida bo‘lsa kerak: o‘tgan asrning 80-yillarida onalarimiz tomonidan ming yillardan buyon aytib kelinayotgan, go‘dak qalbida milliy tuyg‘ularni shakllantirishda tengsiz o‘rin tutadigan alla ham “eskilik sarqiti” deya qattiq qoralangan edi.

Vatanimizning mustaqillikka erishishi ana shunday bedodliklarga, xalqimizni o‘zligidan mosuvo qilishga qaratilgan mash’um siyosatga batamom chek qo‘ydi.

Biz, ijodkorlar elimiz boshidan kechirgan ana shunday ayanchli voqealarni badiiy talqin etib, ko‘proq yozishimiz, bu mash’um davrning maqsad-mohiyatini haqqoniy ravishda ko‘rsatib berishimiz kerak, deb o‘ylayman. Shundagina Vatanimiz mustaqilligi, xalqimiz ozodligining qadr-qimmati yanada teranroq namoyon bo‘ladi.

E’tiboringizga havola etilgan “Qaqnus qanotidagi umr” qissasida ham o‘sha rutubatli davrda azaliy qadriyatlar, ilohiy borliqqa tutashtiruvchi rishtani topa olmay baxti zabun bo‘lgan qahramonlarning ayanchli qismatini badiiy tarzda talqin etishga harakat qildim.

Bu qoralamalar Sizga manzur bo‘lgan bo‘lsa, bugungi yorug‘ kunlarimizga shukronalik uyg‘otgan bo‘lsa, o‘zimni baxtiyor deb bilaman.

006

shh-ф.jpgU mening to‘ng‘ich farzandim, ko‘zimning oqu qorasi edi: uning bu ko‘hna dunyoga kelishi, ilk marta go‘yo ona qornidagi taftli va orombaxsh hayoti buzilganidan ko‘ngli qattiq ozor chekkandek, daf’atan chinqirib yig‘lab yuborishi jismu jussamdagi mudroq tortgan tuyg‘ularimni birdan junbushga keltirgan, tushkun va zerikarli, imillab kechayotgan hayotimga rang va mazmun olib kirgan edi, yo‘q, yo‘q, uning dunyoga kelgani haqidagi xushxabarni eshitib turib, go‘yo uzoq yillardan buyon hayotning qorong‘i puchmoqlaridan jonim halak bo‘lib izlab yurgan muqaddas narsani kutilmaganda topib olgandek, quvonchdan o‘zimni butkul yo‘qotib qo‘ygan, yuragim azbaroyi orziqib ketganidan, to‘yib-to‘yib yig‘lagim kelgan edi.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi: unga nisbatan ko‘nglimda mehru muhabbat, shafqatu muruvvat va ishonchu umidim cheksiz edi, o‘sha dunyo asta-sekin tunning harir pardasiga o‘ralib borayotgan, tim qora osmonda yulduzlar miltirab jilva qilayotgan ayni oqshom pallasida men tug‘ruqxonaning betartib bo‘yoq chaplab tashlangan derazasi ortida qo‘rquv va hayajon girdobida g‘arq bo‘lib turar ekanman, nogoh ichkaridan uning xuddi dunyoni buzib yuborgudek chinqirib yig‘lashini eshitib turib, garchi bunga uzoq payt o‘zimni ishontirolmay yurgan bo‘lsam-da, umrimda birinchi marta yuragimda otalik tuyg‘usi uyg‘ongan va o‘zimni tuyqus ulg‘ayib qolgandek his etgan edim.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi: u haqda o‘ylarkanman, go‘yo kutilmaganda hayotning sirli ko‘chasiga kirib qolgandek, aqlim shoshib, muqaddas bitik singari qadim ajdodlarimdan o‘tib kelayotgan, ba’zan nohaq to‘kilib-sochilgan, ba’zan g‘azabdan ko‘pirib toshgan, ba’zan esa zulm va qabohat ko‘z ochirmaganidan to‘nglab qolgan, ammo hech qachon ko‘zi bekitilgan buloq singari qurib bitmagan qaynoq qon endi uning jajji vujudida jimirlab oqayotganini sira aqlu tasavvurimga sig‘dira olmas va daf’atan odam bolasi yaralgandan to yo‘q bo‘lib ketgunga qadar anglab bo‘lmas xilqat ekaniga iymon keltirardim.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi: menga, avvaliga, kim tug‘ilishi – o‘g‘il ko‘ramanmi yoki qizmi, mutlaqo farqsiz va ahamiyatsiz tuyulgan edi, hatto bu haqda o‘ylab ham ko‘rmagan, faqat kunlardan bir kun yurak qo‘rimdan yaralgan mujda sokin oqayotgan hayotimga tashrif buyurishini, u bilan mening qismatu a’molim to abad esh bo‘lib ketishiga qattiq ishonar va shunday saodatmand kunlar tezroq yetib kelishini orziqib kutib yashardim. Faqat xotinimning taqdiri azaldan kutgan inoyati, istak-xohishi boshqacha edi, u o‘sha ko‘ngli aynib, hech narsa yoqmay yurgan ilk kunlaridayoq qiz tug‘ilishini orzu qilar, yillar o‘tgan sayin so‘lib-sarg‘ayib, unut bo‘lib borayotgan o‘n sakkiz yoshidagi o‘y-xayol, orzu umidlarini mana shu beg‘ubor istak timsolida qayta kashf etgan va oxir-oqibat bunga qattiq ishonib qolgan bo‘lsa-da, bari bir o‘g‘il tug‘ildi. Yo‘q, yo‘q, men xotinimning sarob bo‘lib chiqqan orzu-umidi ustidan kulayotganim yo‘q, bunday bema’ni o‘yni hech qachon hayolimga ham keltirmaganman, aksincha, o‘sha kezlarda uning shunday beg‘ubor o‘y-xayollar qurshovida masrur qiyofada yurganini kuzatib turib, rost gap, ich-ichimdan unga havasim kelgan, u ko‘zimga yanada jozibali va go‘zal bo‘lib ko‘ringan edi. Buning ustiga, men o‘g‘il emas, qiz tug‘ilgan taqdirda ham toleimdan shunday suyungan bo‘lardim.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi, men uning dunyoga kelgani haqidagi xushxabarni eshitib, o‘zimni xuddi hayotning tez va shitob bilan oqayotgan katta o‘zaniga tushib qolgandek his etgan, daf’atan dunyo ham, odamlar ham ko‘zimga o‘ta saxiy va mehr-muruvvatli ko‘ringan, hamma-hamma narsani ko‘nglimga yaqin olgan edim.

U mening to‘ng‘ich farzandim, u go‘yo mitti sehrgar kabi qalbimda yashashga, hayotda zavq-shavq olishga betizgin ishtiyoq uyg‘otgan edi.

Men o‘sha kun, odatdagidek, tug‘ruqxonaga yegulik ko‘tarib bordim, bu, chamasi, o‘g‘lim tug‘ilganining ikkinchi kuni edi, xotinim deraza tabaqasidan engashib yegulikni olar ekan, o‘g‘limga ism qo‘yish lozimligini aytib qoldi. U, boya aytganimdek, o‘g‘il emas, qiz tug‘ilgan taqdirda, bu haqda gapirib ham o‘tirmas, balki to‘qqiz oydan buyon yuragining qat-qatida asrab-avaylab kelayotgan, hatto mendan ham qattiq sir tutgan o‘sha sirli ismni endi qizarib-tortinib oshkor qilar va bu ism menga ham, hech shubhasiz, yoqib tushar edi. Chunki xotinimning didi juda nozik va baland edi, u hayotdan oddiy, ammo go‘zal narsalarni sira adashmay topa olar edi. Ammo kutilmaganda o‘g‘limning tug‘ilishi uning ko‘nglini jo‘shtirib kelgan orzu-umidlarini bir zumda chippakka chiqarib yubordi. Uning “Endi o‘g‘lingizga o‘zingiz ism toping”, deya xiyol zarda va iddao aralash aytgan so‘zlarida ham shu narsa sezilib turar edi.

Ammo bu men uchun unchalik muhim emasdi, chunki o‘g‘lim to‘rt muchasi but va soppa-sog‘ dunyoga kelgan, hayot ham mehri iyib, unga o‘z bag‘ridan joy bergan edi. Endi unga munosib ism qo‘yishim kerakligini anglab turardim.

Aslida o‘g‘lim bu sershovqin va notinch shaharda emas, balki o‘zimning kindik qonim to‘kilgan olis qishloqda tug‘ilganda, hech shubhasiz, hamma-hammasi boshqacha kechardi. Birgina uning dunyoga kelishi barchani birdek quvontirib yuborar, qarindosh-urug‘, qo‘ni-qo‘shnilar xuddi o‘zlarining hayotida mo‘’jiza yuz ko‘rsatgandek, bir-birlarini qutlashib, suyunchi ulashishga tushar, onam azbaroyi shoshib qolganidan o‘zini qo‘yarga joy topolmay qolar, u yoqdan-bu yoqqa yugurgancha, shu mitti mehmonning tashvishini chekkan bo‘lardi. Otam esa bunday xosiyatli kunda, albatta, jonliq so‘yib, qon chiqarardi. Shunday paytda kimdir o‘g‘limga hech kimning xayoliga kelmagan mo‘’jaz ism ham topar va bu ism hammaga birdek ma’qul tushar edi. Keyin otam erta tongda hovlimizga mulloni boshlab kelar va u o‘g‘limning qulog‘iga ismi bilan birga azon aytgan bo‘lardi…

Bularning bari qishloqdagi hayotning o‘zi kabi tabiiy bir yo‘sinda kechar, hech kim oldindan shunday qilish kerak, deb atay o‘ylab qo‘ymasdi.

Men bularni xuddi umrimning allaqaysi pallasida ro‘y berib o‘tgan voqea singari xayolimdan o‘tkazar ekanman, beixtiyor ko‘nglim cho‘kib ketar, ayni damda hayhotdek shaharda hatto quvonchu shodligimni baham ko‘radigan yaqin odamim yo‘qligini o‘ylab turib, o‘zimni yolg‘iz his etardim.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi, men ham uning bu musofir shaharda tug‘ilishini sira istamagan, ammo shunga qaramay, ayni chog‘da, shaharni tashlab ham ketolmasdim, uch yildan buyon nihoyasiga yetmay cho‘zilib kelayotgan ilmiy ishim qo‘l-oyog‘imni ipsiz bog‘lab turardi. Xotinim esa yolg‘iz o‘zi qishloqda turishni sira xohlamas, ayniqsa, oy-kuni yaqin qolganda uni shunga ko‘ndirishga nechog‘lik urinmay, baribir, biror-bir natija chiqmagan edi. Biz eski shahardagi tang-tor, devorlari zax tortib ketganidan ilvirab yotgan ko‘rimsizgina hovlida ijarada turardik. Xotinim qishloqda emin-erkin hayotga ko‘nikkanidan, bu yerda qisinib-qimtinib yashar, nazarimda, rang-ro‘yi ham salqi tortib ketgandek tuyular edi. Ammo bunga qaramay, u ortiqcha injiqlik va gina-kudrat qilmas, hamisha mening ko‘nglimga qarab ish tutardi.

Men xotinim bilan xayrlashgach, tug‘ruqxona hovlisidan chiqib, bekat tomon kelar ekanman, o‘g‘limga ism qo‘yish haqida o‘ylar, bu fikr allaqachon xayolimni band etib olgan edi. Albatta, o‘g‘limga munosib ism qo‘yish, eng avvalo, mening birinchi otalik burchim ekanligini ich-ichimdan his etardim.

Yashirib nima qildim, o‘g‘limga ism qo‘yish haqidagi fikr birdan o‘zimga juda yoqib tushgan, u xuddi huzurbaxsh va lazzatli o‘y singari yuragimni hapriqtirar, xayolimni o‘ynoqlab, olis- olislarga olib ketar edi. Aslida esa, bu shunchaki jo‘n va oddiy yumush emasdi, balki men kechagina dunyoga kelgan va najot so‘rayotgandek, javdirab tikilib turgan bir tirik jonga ism berishim kerak edi. U kelajakda ana shu ism ostida o‘sib-ulg‘ayadi, hayotning bag‘riga shu nom bilan kirib boradi, hamma uni shu ism orqali taniydi.

Avvaliga o‘g‘limga ism topish juda oson va yengil tuyulgan, uzoq vaqt boshim qotib qiynalaman, degan fikrni xayolimga ham keltirmagan edim. Axir, dunyoda nima ko‘p – ism ko‘p, shulardan bittasini tanlayman, tamom-vassalom.

Ammo ko‘z ochib yumguncha oradan ikki kun o‘tib ketganiga qaramay, biror-bir to‘xtamga kelishim qiyin bo‘ldi. Men kechayu kunduz shu haqda o‘ylaganimdan, boshimda ming bitta ism g‘ujg‘on tortib aylanar, ular bir-biridan chiroyli, ohangdor, quloqqa xuddi mayin kuydek yoqimli eshitilar va bir zumda kishini o‘ziga mahliyo etib qo‘yardi. Ammo men ularning qaysi birini tanlashni bilmasdim. Ba’zan qaysidir ism ko‘nglimga yoqib tushar va yengil tortgan ko‘yi o‘g‘limga munosib ism topdim, deb o‘ylardim. Ammo hali chuvalashib yotgan o‘y-xayollarimni yig‘ishtirib olishga ulgurmay turib, go‘yo o‘g‘limga shu ismni qo‘ysam, qandaydir noxush voqea ro‘y berib qoladigandek, shosha-pisha fikrimdan qaytardim. So‘ng yana butun vujudim bilan ismlar aralash-quralash bo‘lib yotgan olamga sho‘ng‘ib ketardim. Meni avvaliga ismlarning chiroyi, ko‘rki va jarangdorligi ko‘proq qiziqtirgan va xayolim dunyosida suzib yurgan ismlarning ko‘proq shu tomoniga e’tibor bergan edim. Ammo keyinchalik bu meni qiziqtirmay qo‘ydi. Men endi ismlarning quloqqa yoqimli va jarangdor eshitilishidan ko‘ra qanday ma’noni anglatishiga ko‘proq qiziqib qolganim bois butun fikru xayolim bilan shuni bilishga urinar edim.

Men uzoq manzilni qora tortib, safarga otlangan, biroq o‘zi sezmagan holda yo‘ldan adashib ketayotgan yo‘lovchiga o‘xshar, ismlarning ma’no-mohiyatini bilishga urinar ekanman, asosiy maqsadimdan tobora olislab borayotganimni o‘zim ham ich- ichimdan sezib turardim.

Bir safar – o‘shanda oqshom mahali uyda yolg‘iz o‘zim xayolga botib o‘tirgan edim – boshimga kutilmaganda urilgan fikrdan beixtiyor qo‘rquvga tushib, yuragim orqaga tortib ketdi. Mening nazarimda, bu dunyoda odam bolasi ko‘tarib yurishga arziydigan birorta ham munosib ism qolmagan, barcha ismlar xuddi eskirgan libos singari allaqachon ohori to‘kilib, puturidan ketgan edi. Yo‘q, yo‘q, ismlar uzoq yillar og‘izdan-og‘izga chaynalib o‘tib kelayotganidan o‘zining ulug‘vorligi, jarangi va jozibasini yo‘qotib qo‘ygan, u endi xuddi boyqush chinqirig‘idek quloqqa xunuk va yoqimsiz eshitilar, go‘yo ism ism emas, balki tavqi la’nat tekkan kimsaning ihrashiga o‘xshab qolgan edi.

Yo‘q, yo‘q, to‘g‘rirog‘i, ismda ayb yo‘q, balki odam bolasi qo‘l urgan jamiki yovuzlik, jaholat va tubanlik nuqsi aynan ismga muhrlanib qolgan, o, nafaqat muhrlanib qolgan, balki uni butkul o‘rab-chirmab olgan edi, shuning uchun qaysi bir ismdan fahshning shilta hidi “gup” etib dimoqqa urilar, boshqa bir ism qonga botgan, yana boshqa bir ism esa tubanlik va razolat timsoli sifatida yurakka vahm va qo‘rquv solib yangrardi. Kim biladi, ehtimol, ism hech qachon qarib-qartaymaydi, eskirmaydi, abadiy yosh va ko‘rkam, u o‘z sohibini qabrgacha kuzatib qo‘yib, yana bir boshqa odamning yelkasiga “minib” olib, hech narsa ko‘rmagandek yashayveradi, degan fikrda ham jon bordir. Ammo meni ayni paytda ko‘nglimning bir chetida g‘imirlab turgan boshqa fikr qiynar edi: ism ham insonning o‘zi kabi nechog‘lik uzoq yashasa, shunchalik razolatga botadi, tubanlashib ketadi va oxir-oqibat, hech kim unga havas qilmay qo‘yadi.

Ehtimol, men picha oshirib yuborayotgandirman, biroq ayni damda boshqacha fikr yurita olmasdim. Chunki men kechagina dunyoga kelgan o‘g‘limga ism izlayotgandim. Ha, shunday, men bugun ismga xaridor edim, odatda, xaridor miridan-sirigacha so‘rab-surishtiradi, tortishib-bahslashadi, so‘ng qaysi mol ko‘ngliga yoqsa, shuni tanlaydi. Men ham injiq va talabchan xaridor singari hamma-hammasini bilishni istardim.

Albatta, ism to‘g‘risidagi bunday sovuq va tushkun o‘ylar mening bezovta tortgan ruhimga juda yomon ta’sir qilar, ko‘nglimdagi qiziqish va ishtiyoq hissini so‘ndirar edi.

Biroq ayni paytda bunday mushkul ahvolga tushib qolganimga qaramay, o‘g‘limga tavakkal qilib biror-bir ismni qo‘yishni xayolimga keltirmasdim.

Men xayolimning olis o‘ngirlarida suzib yurgan har bir ism haqida erinmay bosh qotirar edim: bu ism qachondan boshlab odamlarning tiliga tushgan, u qanday ma’noni anglatadi, o‘tmishda shu nom ostida kimlar yashab o‘tgan, ular hayotda qanday iz qoldirgan, xullas, hamma-hammasini bilishga urinar, turli-tuman kitoblarni titkilar, o‘zimga tinchlik bermayotgan savollarga javob izlar edim.

Buning ustiga, o‘g‘limga ism izlab o‘y-xayolim chuvalashib yotgan ayni o‘sha kunlari allaqaysi kitobdan “Qorayimlar qissasi”sini o‘qib qoldim-u, ism to‘g‘risidagi fikrlarim yanada qat’iy tortdi.

O, o‘shanda nafaqat ism to‘g‘risidagi fikrlarim kutilmaganda g‘oyibdan rag‘bat va quvvat olgandek yanada qat’iy tortgan, balki huv qadimda yashab o‘tgan va asrlarning suronli to‘foniyu evrilishlari ostida ko‘milib qolgan qorayimlarning achchiq qismatu a’moli, hayotiy tutumi va e’tiqodu intilishlari sirli mujda yanglig‘ meni chinakamiga hayratga solib qo‘ygan edi.

Men hayajonga tushgan ko‘yi ushbu asarni o‘qir ekanman, xayolan yillar ustalik bilan parda tortgan olis o‘tmishga, qorayimlar yashagan davrga sayr qilar, bu yovqur odamlarning poyonsiz sahroda mag‘rur qad rostlagan o‘tovlariga kirib borar, ular bilan gulxan atrofida tongga qadar suhbat qurardim.

Ayniqsa, qorayimlarning ismni muqaddas tug‘ kabi boshlari uzra ozod ko‘tarib yashagani, go‘yo bu ism emas, balki o‘zlarining qismatu a’moli bitilgan ilohiy bitik kabi unga chuqur e’tiqod qo‘yishgani yuragimni orziqtirib yuborar edi.

Bundan ham qizig‘i shunda ediki, qorayimlar qabilada farzand dunyoga kelsa, unga ism qo‘yishga aslo shoshilmas, balki avvaliga go‘dakni shunchaki bir nom bilan, masalan, cho‘michboymi, qozonboymi, deb atashar edi. Albatta, bu bolaga berilgan muvaqqat nom edi, haqiqiy ismni o‘sib-ulg‘ayib, voyaga yetgach, o‘spirinning o‘zi olishi shart qilib qo‘yilar edi.

Yo‘q, yo‘q, kitobda qayd etilishicha, qabilada ism berish marosimi quvonchu hayajon, asasayu qiyqiriqlarga g‘arq bo‘lib kechar, u ba’zan bir necha kunga cho‘zilib ketar, kattayu kichik barcha qabila ahli bayramona yasangancha katta maydonga to‘planishar va ismga talabgor o‘spirinning har bir xatti-harakatini ko‘zdan qochirmay kuzatishar edi. Qabila oqsoqollari esa, xaloyiqning ko‘z o‘ngida ismga talabgor o‘spirinni ming bitta sinovdan o‘tkazishar, unga turli-tuman savollar berishar, allaqanday murakkab va xatarli shartlarni bajarishni talab qilishar va shundan so‘ng uzoq kengashib, unga munosib ism berishardi.

Marosimda o‘spiringa ism bilan birga sovut, qilich va oq ot ham tortiq etilar va u endi qabilaning haqiqiy a’zosiga aylanardi.

Kitobda qayd etilishicha, qorayimlarning avloddan-avlodga o‘tib kelayotgan ism berish marosimi o‘ta qat’iy tartibda, murosasiz ruhda o‘tar va bu marosimga o‘zgartirish kiritishga hech kim jur’at etolmasdi.

Albatta, marosimda hukm suradigan ana shunday qat’iyat va murosasizlik tufayli ism olish nasib etmagan, ya’ni mashaqqatli sinovlardan o‘ta olmagan o‘spirinning keyingi qismati juda ayanchli kechardi: maydonga yig‘ilgan xaloyiq oqsoqolning “Unga ism berilmasin!” degan so‘zlari yangrashi bilan tuyqus junbushga kelar, hamma qahr-g‘azabi, nafratiyu alamini o‘sha baxtiqaro o‘spirinning ustiga sochar, hech kim rahm-shafqat qilishni xayoliga keltirmas, odamlar qahrdan guvranib tashlanar va uni urib-so‘kib haydagancha qabiladan mangu badarg‘a etardilar. Keyin esa qorayimlar bu noshud, sho‘rpeshona o‘spirinni, go‘yo o‘zlari bilan hech qachon baqamti yashamagandek, qayta yodga olmasdi ham.

Ismni ana shunday ulug‘lab yashash qorayimlarning hayot tarziga shu qadar chuqur singib ketgan ediki, bu aqidani buzishga yoki unga jinday bo‘lsa-da, o‘zgartirish kiritishga hech kim jur’at etolmagan.

Qorayimlar asrlar qaddini bukkancha, shu taxlit yashab o‘tgan edi.

Men “Qorayimlar qissasi”ni o‘qigach, azbaroyi hayajonlanganimdan ilmiy rahbarim bo‘lmish professorga ham taassurotlarimni gapirib berdim. Ammo kutganimdan farqli o‘laroq, uning tund yuzida biror-bir hayratlanish yoki o‘zgarish ifodasi sezilmadi.

– Eramizdan oldingi asrda yashagan qorayimlarni aytayapsizmi? – dedi u xotirjam ovozda. – Ha, bilaman, tarixda shunday elat yashab o‘tgan. Ularning ismga nisbatan g‘alati munosabati, to‘g‘rirog‘i, ismni ilohiylashtirishi bir paytlar meni ham xuddi sizga o‘xshab qattiq hayajonga solgan edi. Lekin keyinchalik chuqurroq mulohaza yuritib, o‘ylab qarasam, qorayimlarning tanazzulga yuz tutishi va oxir-oqibat tarix sahnidan butunlay yo‘q bo‘lib ketishiga, avvalo, ularning o‘zi qattiq e’tiqod qo‘ygan ana shu ism sabab bo‘lgan. Nega deysizmi? Buning izohi juda oddiy: qorayimlar o‘ziga munosib ism ololmagan noshud o‘spirinni o‘ylab ham o‘tirmay qabiladan haydab solgan. Ya’ni, ismsiz qolgan kimsani hech kim qorayim sanamagan. Yillar o‘tishi bilan o‘ziga munosib ism ololmagan va qabiladan badarg‘a qilinganlar soni ko‘payib ketgan. Bu, ikkinchi tomondan, haqiqiy qorayimlar tobora kamayib borgan, degan ma’noni anglatadi. Oxir-oqibat ahvol shu darajaga borib yetganki, qabilada barmoq bilan sanasa bo‘ladigan, besh-o‘n nafar qorayim qolgan. Biroq shunda ham bu o‘jar odamlar eski aqidadan voz kechishni xayollariga keltirmagan. Oxir-oqibat qorayimlardan nom-nishon qolmagan. Mana sizga, qandaydir aqidaga ko‘r-ko‘rona e’tiqod qo‘yib yashashning oqibati.

Professorning ishonch bilan kesib-kesib gapirishi va uning achchiq xulosasi meni bir zumda gangitib qo‘ydi. Ammo har narsa bo‘lganda ham ko‘nglimda qorayimlarga nisbatan chuqur hurmat tuyg‘usi uyg‘ongan, ayniqsa, ularning ismni ulug‘lab yashagani hamon hayratimni qo‘zg‘atardi.

* * *

Kim biladi, ehtimol, men bunday mantiqsiz, notayin o‘y-xayollarga berilib, behud qo‘rquv va vahimaga tushayotgandirman?! Ehtimol, o‘g‘limni azbaroyi yaxshi ko‘rganimdan unga har qanday ismni ravo ko‘rmayotgandirman?! Balki ism topishga qiynalayotganimga o‘zimning tabiatimdagi injiqlik va xudbinlik sabab bo‘layotgandir?!

Hozir bu haqda aniq bir narsa deya olmayman. Ammo men butunlay umidsizlikka tushmagan, o‘zim o‘jarlik bilan izlayotgan ism haqida, garchi buni so‘z bilan aniq-taniq ifodalab berolmasam-da, g‘ira-shira tasavvurga ega edim. Bu ism o‘g‘lim tug‘ilgan kundan buyon xayolimning olis o‘ngirlarida bir uyum oppoq bulut kabi ohista suzib yurar, ba’zan tushlarimda uni allakim qo‘shiq singari kuylayotganini eshitib qolar edim. U ming bir ohangda jaranglab, yuragimda umid va quvonch gulxanini yoqib, o‘ziga tomon betinim chorlar, faqat uni eslab qolishga qiynalayotgan edim. Ba’zan noxush o‘ylar ta’sirida tushkunlikka berilib, hafsalam pir bo‘lib turgan paytlarda ana shu sirli ism xayolimda “yalt” etib paydo bo‘lar va u qudratli kuch singari ko‘nglimda yana umid va ishtiyoq chirog‘ini yoqar, tinimsiz o‘ylash va izlanishga undar edi. Shuning uchun men kunlar o‘tib borayotganiga qaramay, hamon o‘g‘limga munosib ism topmaganimga unchalik e’tibor bermas, ko‘nglim nimadandir ancha xotirjam edi.

Har gal tug‘ruqxonaga yegulik ko‘tarib borganimda, xotinim ko‘zlari javdirab og‘zimni poylar, o‘g‘limga qanday ism qo‘yganimni eshitishni toqatsizlik bilan kutar edi. Biroq hali ism topmaganimni eshitarkan, birdan avzoyi o‘zgarib ketar, azbaroyi jahli chiqqanidan yonoqlari “pir-pir” uchib, andishani ham unutgan ko‘yi shang‘illab gapirishga tushardi:

– Xayolingiz qayerda, o‘zi? O‘g‘lingiz qolib, nimalarni o‘ylab yuribsiz?

Xotinim go‘yo ism o‘g‘limga emas, balki o‘ziga zarurdek, astoydil kuyunib gapirar, ora-sira o‘pkalanib, ko‘z yoshi ham qilib olar, izimga qaytayotganimda esa, qayta-qayta yana shuni uqtirar edi:

– Ertaga o‘g‘lingizga ism qo‘yib, guvohnomasini olib kelish esingizdan chiqmasin! Yo‘qsa, do‘xtirlar uyga javob bermasmish…

Men qadamimni sudrab bosgancha, tug‘ruqxona hovlisidan chiqarkanman, o‘zimni xuddi adashib, boshi berk ko‘chaga kirib qolgan kimsa singari nochor his etar, o‘y-xayollarim butkul chuvalashib ketganidan, ism haqida ortiq o‘ylashga ham yuragim bezillar edi.

Buning ustiga, aynan o‘sha kunlari xuddi atay qilgandek, yo‘lak chetida tanda qo‘yib o‘tiradigan tilanchi cholning kutilmaganda aytgan so‘zlari xayolimni battar ostin-ustun qilib yubordi.

U – tilanchi chol xudoning bergan kuni universitet kutubxonasiga boradigan yo‘lakning bir chetida tanda qo‘yib o‘tirar va zoriqqan ovozda allanimalar deya ming‘irlagan ko‘yi o‘tgan-ketgan yo‘lovchilardan xayr-sadaqa so‘rar edi. Uning aft-angoriga qarab bo‘lmasdi, betartib o‘sib ketgan soch-soqoli yuziga qo‘rqinchli va yovvoyi tus berib turar, ko‘zlari ma’nosiz va tushkun boqar, jussasi qiltiriqdek ozg‘in, yelka suyaklari tugilgan mushtdek bo‘rtib chiqqan, egnidan esa qishin-yozin rang-tusi o‘chgan eski to‘n tushmasdi. Uning mana shunday isliqi, tashlandiq, g‘arib va benavo qiyofasiga qarab turib, kishining ko‘nglidan beixtiyor turish-turmushi shunday bo‘lgach, bu dunyoda tilanchi bo‘lmay qayga ham borardi, degan o‘y kechardi. Aftidan, u hayotda odamdek yashash, umrguzaronlik qilishni allaqachonlar unutib yuborgan, ko‘nglida ham sof va beg‘ubor tuyg‘ular allaqachon o‘chib ketgan va o‘zini yerga urib, odamlar oyog‘i ostida o‘ralashib yashashdan or qilmay qo‘ygandi.

Uning yo‘lakda tanda qo‘yib o‘tirishi, qoqsuyak qo‘llarini cho‘zgancha javdirab xayr-sadaqa so‘rashi, umuman aytganda, isliqi aft-angori ko‘ngilda faqat nafrat va ijirg‘anish hissini qo‘zg‘ar edi. Odatda, yo‘lovchilar xuddi nuqsi urib qoladigandek, uni chetlab o‘tishga urinishar, ko‘pincha ochiq-oshkor nafrat bilan tikilib qo‘yishar edi.

Men o‘sha kuni ana shu tilanchi cholning og‘zidan sira aql bovar qilmaydigan so‘zlarni eshitib, daf’atan hushyor tortdim.

Aslini aytganda, u bilan o‘rtamizda biror-bir tanishlik yoki shunga o‘xshash yaqin munosabat yo‘q edi. Bunday munosabat qaydan bo‘lsin, axir, u kim edi-yu, men kim edim?! Shu paytga qadar onda-sonda, shunda ham cho‘ntagimda mayda chaqalar paydo bo‘lib qolganda, xayr-sadaqa qilganimni aytmasam, unga biror marta tuzuk-quruq e’tibor ham bermagan, biror og‘iz so‘z ham qotmagan edim. Har doim uning qarshisidan bee’tibor va loqayd o‘tib-qaytar, uning yo‘lakda ivirsib o‘tirishi meni mutlaqo qiziqtirmasdi.

Ammo ayni o‘sha kunlarda u o‘g‘lim dunyoga kelgani-yu, men unga ism izlab butkul xayolga botib yurganimdan qanday xabar topdi, buni qayerdan bila qoldi – shunga hali-hanuz aqlim yetmaydi. Kim biladi, ehtimol, men yo‘lakdan o‘tayotib, kimgadir o‘g‘il ko‘rganim-u, unga ism izlab yurganim to‘g‘risida gapirgan va bu gap-so‘zlar tasodifan uning qulog‘iga ham chalinib qolgan, endi esa u pismiqlik bilan o‘zini salkam avliyo chog‘lab, nimaiki eshitgan bo‘lsa, barini oqizmay-tomizmay o‘zimga qaytarib aytayotgandir. Ehtimol, u bu pismiqligi evaziga mo‘maygina sadaqa undirish payidadir. Ehtimol, keyingi kunlarda mening hayotimda qanday voqea ro‘y berib o‘tgan bo‘lsa, barini u savqi tabiiy xislati bilan bilib olgandir.

Bilmayman, har narsa bo‘lishi mumkin. Ammo meni butkul tang qoldirgan narsa o‘sha kun ertalab, odatdagidek, kutubxonaga borayotib, negadir ko‘nglimda sadaqa berish istagi tug‘ildi va cho‘ntagimdan qo‘ldan-qo‘lga o‘taverganidan uvadasi chiqib ketgan qog‘oz pulni olib, engashgan ko‘yi unga uzatayotganimda, kutilmaganda, boshini ilkis ko‘tardi va kiprik qoqmay, yuzimga sovuq tikilgancha, so‘z qotib qoldi:

– O‘g‘lim, – dedi u xuddi qiroat qilayotgandek bosiq va do‘rillagan ovozda, – avvalo hammasi xudodan, ammo ism tanlashda aslo shoshilmang. Har bir ism o‘zining ruhi va yuki bilan yaralgan. Shuni sira yoddan chiqarmang: ismda sir bor, uning qatida bolaning qismati yashirib qo‘yilgan. O‘g‘lingizga chuqur o‘ylab, so‘ng ism qo‘ying. Omiyn, atagan xayr-sadaqangizni xudo o‘z dargohida qabul qilsin! – u qoqsuyak qo‘llarini ochib, yuziga fotiha tortdi-da, so‘ng yana boshini quyi solib oldi.

Ha, ha, u xuddi qiroat qilayotgandek, salobatli ovozda: “Ismda ham sir bor”, dedi. Keyin sira kutilmaganda, uning turqi-avzoyi birdan o‘zgardi, go‘yo hozirgina o‘rtamizda hech qanday gap-so‘z bo‘lib o‘tmagandek, boshini ko‘ksiga tekkizgudek alfozda quyi solib oldi-da, tag‘in zoriqqan ovozda allanimalar deya ming‘irlashga tushdi. Men uning boshi ustida azbaroyi hayrat va taajjubga tushganimdan toshdek qotib qolgan, oyoqlarim ostida bukchayib o‘tirgan tilanchi cholga ichki bir qo‘rquv va hayrat bilan tikilar va tikilgan sayin u haqidagi burungi uzuq-yuluq tasavvurlarim xuddi puturidan ketgan uy singari birdan qulab tushgan va u ko‘zimga bu ko‘hna va quv dunyoning barcha sir-sinoatini besh barmog‘idek biladigan sehrgarga o‘xshab ko‘rinardi. Men tik qotgan ko‘yi tilanchi cholga tikilarkanman, ko‘nglimda qiziqish va hayratim tobora ortib borar, tilanchi cholni yana gapga solishni, o‘zimni shu paytga qadar qiynab kelgan barcha jumboq va chigalliklarga javob olishni istardim. Ammo u mening istak-xohishimga zid o‘laroq, allaqachon to‘nini butkul teskari kiyib olgan, boshini ko‘taray demas, ovozi ham ichiga tushib ketgandek, tinib qolgan edi. Faqat u dam-badam ko‘zi osti bilan oyoqlarimga qarab-qarab qo‘yar, aftidan, mening bu yerdan tezroq ketishimni kutayotgan edi.

Men uning boshi ustida ancha payt turib qoldim, ammo undan sas-sado chiqmadi, buning ustiga, yo‘lakdan o‘tib-qaytayotgan yo‘lovchilar ajablanib qarayotganini sezgach, noiloj kutubxona tomon yo‘l oldim.

Hayotda nimalar bo‘lmaydi, deysiz? Ammo tilanchi chol meni, rostdan ham, qattiq hayratga solib, xayolimni bir zumda ostin-ustun qilib yuborgan edi. Men boyagina uning og‘zidan eshitgan gap-so‘zlarga o‘zimni sira ishontirolmas, bu voqea o‘ngimda emas, balki tushimda ro‘y berib o‘tganga o‘xshab tuyular edi. Boshqa bir kimsa shunday bashorat qilsa, ehtimol, men bunchalik hayratga tushmas, barchasini tabiiy yo‘sinda qabul qilgan bo‘lardim. Ammo har kun yo‘lakda ivirsib o‘tiradigan, na zoti, na nasl-nasabining tayini bor daydi va isliqi bir kimsadan nogahon bunday dilxoh so‘zlarni eshitishni sira tasavvurimga sig‘dirolmay qiynalar edim. Aslida kim o‘zi bu tilanchi chol?! Mening fikru-xayolimni ana shu o‘y band etib olgan, kutubxonaning zax hidi anqib yotgan nimqorong‘i xonasida ilmiy ishimga taalluqli kitoblarni nomigagina titkilab o‘tirar, biroq boshimga hech narsa kirmasdi.

Ammo ertasi kuni ertalab, chamasi, haftaning seshanba kuni edi, kutilmaganda, shunday g‘alati voqeaning ustidan chiqdimki, kimdir boshimga tuyqus bir musht tushirgandek, battar gangib qoldim.

Shu kuni ertalab tug‘ruqxonadan chiqib, kutubxonaga borayotgan edim, yo‘lak o‘rtasida – aynan haligi tilanchi chol tanda qo‘yib o‘tiradigan joyda bir to‘da odamlar to‘planib, bir-birlarining yelkasi osha bo‘yinlarini cho‘zgancha, allanimani berilib tomosha qilayotganiga hali olisdan ko‘zim tushgan va ko‘nglimda qanday voqea ro‘y beribdiykin, degan o‘y kechib, qadamimni qanday tezlatganimni o‘zim ham sezmay qolgandim. Odamlar to‘planib turgan joyga yetib kelib, daf’atan shunday voqeaga guvoh bo‘ldimki, aqlim shoshganidan nima qilishni bilmay qoldim. Rosti gap, men kunlardan bir kun shunday voqea ro‘y beradi, deya sira o‘ylamagan, bu hatto yetti uxlab tushimga ham kirmagan edi. Shundan tuyqus qo‘l-oyog‘im bo‘shashib, ko‘z oldim qorong‘i tortib ketgandek bo‘ldi. Ey, xudo, nimalar ro‘y berayotganini hatto aytishga ham odamning tili bormaydi axir. Ikki barvasta yigit boshqa birovni emas, aynan haligi tilanchi cholni qo‘llaridan mahkam tutgan ko‘yi huv narida eshigi lang ochib qo‘yilgan mashina tomon sudragandek bir alfozda olib borar, yo‘lakning bir chetida esa, tumonat odam, nafasini ichiga yutgan ko‘yi ulardan ko‘z uzmay turardi. Haligi ikki yigit allanimadan qattiq g‘azabga mingan, ularning yuzida qahrning og‘ir sharpasi suzib yurar, azbaroyi jahlning zo‘ridan ko‘zlari kosasidan chiqqudek kattarib ketgan edi. Ular tilanchi cholning mushaklaridan xuddi jirkanch bir narsani tutgandek ochiq-oshkor ijirg‘anib ushlab olgancha, sudrab borishar, dam-badam, garchi bunga hech qanday zarurat bo‘lmasa-da, ovozlarini ko‘tarib, shaloq so‘zlar bilan so‘kingancha, uni siltab-siltab tashlashar va qo‘nji kalta etiklari uchi bilan tepib-tepib qo‘yishar edi. Bechora tilanchi chol bunday tahdid va zug‘umdan butkul o‘zini yo‘qotib qo‘ygan edi, nazarimda, uning jussasi battar kichrayib, bir burda bo‘lib qolgandek tuyular, shalviragan ko‘yi oyoqlarini bazo‘r sudrab bosarkan, qo‘rquv to‘la ko‘zlari atrofga xuddi najot va yordam so‘rayotgandek, javdirab boqar va ancha olisdan ham a’zoyi badani qalt-qalt uchib tushayotgani aniq-ravshan sezilib turardi.

Men bu manzarani ancha olisdan kuzatib turar, xuddi tuyqus tuzoqqa ilingan qush singari butkul umidsizlikka tushib qolgan tilanchi cholga qararkanman, yuragim gursilab tez-tez urar, ich-ichimdan qattiq bir hayajon ko‘tarilib kelardi. Men ana shu hayajon va hadik ta’sirida yo‘lakni band etib olgan odamlarni itarib-turtib oldinga qanday o‘tganimni sezmay ham qoldim. Va haligi tilanchi cholning aft-angoriga yaqindan nazar tashlar ekanman, butkul boshqa manzaraga ko‘zim tushib, aqlim battar shoshib qoldi. Yo, tavba, nimalar bo‘layapti, o‘zi?! Yo‘q, yo‘q, tilanchi chol, men boya o‘ylagandek, qo‘rquv va vahimadan sira o‘zini yo‘qotib qo‘ymagan edi, aksincha, go‘yo boshiga hech qanday ko‘rgilik va musibat tushmagan, balki hamma narsa azal- azaldagi singari tinch va osuda kechayotgandek, o‘zini mutlaqo xotirjam va beparvo tutar, yuzida sokin va xotirjam bir ifoda kezinar, faqat labining bir chetida allaqanday zaharxanda va istehzoli kulgi sharpasi bilinar-bilinmas ko‘zga tashlanib turardi. Menga unga qarab turib, ko‘zlarimga ishonmasdim. Axir, tilanchi chol o‘zini bunday boqibeg‘am alfozda tutishi juda qiziq va g‘alati edi. Yo‘q, yo‘q, chamasi, u o‘zini atay shunday go‘llikka solib olgan, go‘yo o‘zimni ovsardek qiyofaga solib olsam, bu balo-qazoning changalidan oppa-oson qutulib ketaman, deb xomta’ma bo‘layotganga o‘xshar edi. Kim biladi, ehtimol, kutilmagan tahdid va zug‘umdan uning yuragi kichrayib, aqlu shuuri butkul karaxt tortib qolgan va ayni paytda ana shu yuragini o‘rab-chirmab olgan qo‘rquv va vahima ta’sirida hech narsani idrok etmay qo‘ygandir. Ha, ha, shunday, boshqacha bo‘lishi mumkin emas, chunki anavi ikki barzangi yigit uning boshi ustida xuddi osmondan tushgandek, to‘satdan paydo bo‘lib, qo‘llaridan mahkam tutgancha sudrashga tushganda, uning yuragi qo‘rquv va vahimaga to‘lib, esi og‘ib qolgan va shundan hali-hanuz o‘ziga kela olmagandi. Kim biladi, balki uni uzoq vaqt poylab yurib, nihoyat, bugun naqd ayb ustida qo‘lga tushirishgan va shundan u dami ichiga tushib ketib, miq etmay qolgandir. Bilmadim, har narsa bo‘lishi mumkin. Lekin, nazarimda, ayni damda tilanchi cholning hushi o‘zida emasga o‘xshab ko‘rinar edi.

Haligi ikki barzangi yigit uni sudragandek bir alfozda mashina oldiga olib kelgach, qo‘llarini qo‘yib yuborib, mashinaga chiqishni buyurdi. Tilanchi chol esa yoshiga yarashmaydigan bir epchillik bilan mashinaning temir zinasiga oyog‘ini dadil qo‘ydi-da, ichkariga bosh suqdi va so‘ng xuddi tubsiz chohga tushib ketgandek, birdan ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Faqat mashinaning yon tomonidagi kichkina tuynukdan uning qop-qora yuzi g‘ira-shira ko‘zga tashlanib turar, u, chamasi, o‘rindiqqa cho‘kkan va boshini quyi solib olgan edi. Uning ayni mana shu qop-qora tortib ketgan yuzi xotiramga qattiq muhrlanib qoldi. Keyinchalik har gal tilanchi cholni eslaganimda, eng avvalo, uning mashinaning kichkina tuynugi ortidan dunyoga iymangan va tortingandek bir alfozda qarab turgan mana shu holati lop etib, xotiramda jonlanar va xuddi o‘zimning hayotimga bevosita daxldor ayanchli voqea singari daf’atan yuragimda alam va og‘riq qo‘zg‘ar, ich-ichimdan ko‘tarilib kelgan iztirobmi, o‘ksinishdan dunyoga sig‘may qolardim. O, aslida ham, uning o‘sha tuynukdan ko‘zga elas-elas tashlanib turgan chuvakkina yuzi va zim-ziyo tun qo‘ynida unutib qoldirilgan bir juft shamdek yonib turgan ko‘zlari juda qayg‘uli va alamnok edi, bu og‘ir manzara tilanchi cholning ko‘pchilikka noayon qismatu a’moli, sargashta umri haqida juda ko‘p narsalarni unsiz so‘zlayotgandi.

Haligi ikki barzangi yigit mashina eshigini zarb bilan sharaqlatib yopdi. Shundan so‘ng mashina shiddat bilan o‘rnidan qo‘zg‘aldi-da, tez orada ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Yo‘lakda tomoshatalab yo‘lovchilar tirband bo‘lib ketgan edi, ular tobora olislab borayotgan mashinadan bazo‘r ko‘zlarini uzib, birdan shivir-shivir qilishga tushishdi: kimdir tilanchi cholni isliqi qiyofada bekinib yurgan ashaddiy qotil desa, yana kimdir qip-qizil o‘g‘ri ekan, ko‘pdan buyon iziga tushib, bugun qo‘lga olishga muvaffaq bo‘lishibdi, der, yana kimdir bundan ham vahimali taxminni to‘qir edi. Yo‘lovchilarning bunday tuturuqsiz taxminu farazlari mening ensamni qotirib, g‘ashimga tegardi. Shuning uchun bunday gap-so‘zlarni eshitishga ortiq sabrim chidamay qadamimni sudrab bosgancha kutubxona tomon yo‘l oldim.

Men bu tilanchi cholni ancha paytdan buyon bilar edim, uning isliqi turqu raftoriga xudoning bergan kuni ko‘zim tushar, ammo shunga qaramay, hech qachon unga tuzuk-quruq e’tibor bermagan, kim o‘zi bu chol, nega bunday ayanchli ahvolga tushib qolgan, uning oilasi, bola-chaqasi bormi, ular qayerda, deb loaqal biror marta o‘ylab ko‘rmagan edim. Aslini aytganda, unga nafaqat mening, balki yo‘lakdan o‘tib-qaytadigan barcha yo‘lovchilarning ko‘zi ko‘nikib ketgan, hech kim ortiqcha e’tibor bermas, uning borligi ham, yo‘qligi ham hech kimni qiziqtirmasdi. Buning ustiga, shu paytga qadar uni biror-bir kimsa yo‘lakdan quvib solmagan va u bu yerdagi hayotga shunchalik singishib ketgan ediki, agar bir kun qorasini ko‘rsatmay qo‘ysa, go‘yo yo‘lak bo‘m-bo‘sh tortib, huvillab qoladigandek tuyular edi.

Yo‘q, yo‘q, men bugun – umrimda birinchi marta bunday chuqurroq o‘ylab qarasam, u xayr-sadaqa ilinjida lablari gezarib o‘tiradigan olchoq tilanchilarga ham unchalik o‘xshamas ekan. Ha, rost, men uni olchoqlarcha qo‘llarini cho‘zib, o‘tgan-qaytganning etagiga yopishgani, og‘zidan tupugini sachratib diydiyo qilganini hech qachon ko‘rmaganman. U, odatda, yo‘lakning bir chetida boshini quyi solgan ko‘yi o‘tirar, ba’zan kun uzog‘i ham boshini ko‘tarib, atrofiga qaramas, faqat past va tushuniksiz tovushda allanimalar deb ming‘illar, ammo uning ovozida hasrat va zoriqish ohangi sezilmas, balki u ko‘hna bir qo‘shiqni cho‘zib-cho‘zib hirgoyi qilayotgan va shuning ta’sirida mastu mustariq bo‘lib qolgan kimsaga o‘xshar edi. U yo‘lak chetida nafsining ilinjida emas, balki bu quv dunyo butkul zada qilib tashlagan yolg‘iz va o‘ksik ko‘nglini ovutib o‘tirgandek, yo‘lovchilar onda-sonda tashlab o‘tadigan xayr-sadaqalarga ham boshini ko‘tarib qaramas, sariq chaqa va g‘ijimlangan qog‘oz pullar uning oyog‘i ostida betartib sochilib yotar edi.

Biroq kishini tang qoldiradigan tomoni shundaki, u butkul oromu xotirjamligini hayotning mana shu xilvat go‘shasidan topib olgandek, har kun yo‘lakka chiqishni kanda qilmas, qishin-yozin uni hech ikkilanmay yo‘lakdan oppa-oson topib olish mumkin edi. Faqat u tunlari alla-qayoqqa g‘oyib bo‘lar va yana tong azonda yo‘lakka birinchi bo‘lib uning poyqadami tegar edi.

Men tilanchi chol haqida o‘ylagan sayin qiziqishim tobora ortib borar, ko‘nglimda bir-biridan g‘alati va jumboqli savollar bosh ko‘tarib kelar edi: tilanchi chol kim edi, o‘zi? U hayotning qop-qorong‘i va bo‘m-bo‘sh yo‘lagidan nimani izlab o‘tdi? Uning shuncha payt odamlar oyog‘i ostida o‘zining g‘ururu sha’ni, or-nomusi va umrini toptab o‘tirishdan ko‘zlagan maqsad-muddaosi nima edi? U o‘ziga nega bunday ayanchli va tuban qismatni ravo ko‘rdi? U kimning vasvasasi, makru hiylasiga uchib, o‘zini yerga urdi, umrini yelga sovurib yubordi? Yoki u bu qadim va quv dunyo-dun nechog‘lik jilvakor va joduli ko‘rinmasin, baribir, shundan bo‘lak hech narsaga arzimasligini tuyqus anglab yetdimi?!

Bilmayman, har narsa bo‘lishi mumkin. Ammo, nazarimda, tilanchi chol kunidan qolgan g‘arib va notavon, shuning uchun ham yo‘lakda tanda qo‘yib, odamlarning xayr-sadaqasiga ko‘z tikib yashaydigan kimsaga sira o‘xshamasdi. Men endi bunga shak-shubha qilmay qo‘ygan edim. Zero, ko‘nglimning tub-tubida unga nisbatan achinish hissi aralash iliq mehrga o‘xshash tuyg‘u uyg‘onib kela boshlagan, u akam yo amakim, ishqilib, yaqin bir kishimga aylanib qolgandek tuyular edi.

Xo‘sh, u kunidan qolgan notavon kimsa bo‘lmasa, unda kim edi? Bu savol asta-sekin xotirjam tortayotgan xayolimni yana qayta to‘zg‘itib yuborar, o‘zimni tuyqus boshi berk ko‘chaga kirib qolgan kimsa singari nochor his etar va tilanchi cholni nechog‘lik ko‘nglimga yaqin olishga urinmay, baribir, u haqda mutlaqo hech narsa bilmasligimga, men uchun butkul begona va yot kimsa ekanligiga daf’atan iqror bo‘lardim.

O, yo‘q, u nafaqat menga, balki mana shu hayhotdek keng va ko‘hna dunyoga ham begona edi. U hech qachon hamma narsa aralash-quralash bo‘lib yotgan hayot bag‘riga singishib ketmagan, har doim xuddi suvning loyqasi singari tubga cho‘kkan, ammo umri bino bo‘lib, biror-bir kimsaga qismatning bunday shafqatsiz yozdig‘idan zorlanmagan, ko‘nglidagi alamu iztirobini to‘kib solmagan, o‘zining chuvalashib yotgan umr yo‘lidan nimaiki topgan va nimaiki yo‘qotgan bo‘lsa, hamma-hammasini jimgina ichiga yutgan va oxir-oqibat hech kimga oshkor etmay o‘zi bilan olib ketgan edi.

Ha, darvoqe, kechagina u menga ism to‘g‘risida juda g‘alati va ajib hikmatomuz gaplarni aytgan edi. Yo‘q, bu shunchaki jo‘n va omadi gaplar emasdi, axir, bunday narsalar haqida shunchaki nomiga gapirib bo‘lmaydi. Meningcha, bu so‘zlar uning sarkash va shafqatsiz kechgan, iztirob va alam bir lahza ham ko‘z ochirmagan umri davomida qayta-qayta boshidan kechirgan, ammo har gal tan olishni istamay o‘jarlik bilan rad etgan, tushkunlik va umidsizlikka yuz tutgan o‘y-xayollarini atay boshqa narsalar bilan ovutgan, hamisha o‘zini xuddi omadi chopgan kimsadek mag‘rur va baxtiyor tutgan, biroq baxtga qarshi bu ko‘rgulik va azob-uqubatlarning adog‘i ko‘rinmay, qismat hamisha yo‘ldan adashtirib ketavergach, oxir-oqibat taqdirga tan berib, ishonib qolgan qat’iy xulosasi edi. Chunki kecha u ortiqcha hayajonu ehtirosga berilmay, ishonch bilan kesib-kesib gapirgan, har bir so‘zi yuragining qat-qatidan otilib chiqqan, ko‘zlari esa go‘yo aytayotgan fikrlarini tasdiqlayotgan singari olovdek chaqnab turgan edi. Ha, shunday, u yolg‘on gapirmagan edi, aslida meni aldash va laqillatishdan unga hech qanday foyda yo‘q edi. Buning ustiga, u loaqal bergan xayr-sadaqamga nomiga bo‘lsa-da, ko‘z tashlab qo‘ymagan edi. Men shu fikrni xayolimdan o‘tkazar ekanman, tuyqus juda muhim sirni anglab yetgandek, birdan yuragim shitob bilan tez-tez urib ketdi: qiziq, tilanchi cholning ismi nima ekan?!

Harqalay, u ismsiz kimsa emas, bir paytlar dunyoga kelganda, ota-onasi unga yaxshi niyat bilan ism qo‘ygandir?!

Biroq menga uning ismi ham umri singari qorong‘i va notanish edi.

Men ayni damda boshqa bir narsaga ich- ichimdan qattiq ishonib turardim: uni kim deb atashganidan qat’i nazar, u umr bo‘yi o‘z ismidan ko‘ngli to‘lmay yashagan, hayotining har bir qadamida bo‘yniga osib qo‘yilgan bu tavqila’natdan xalos bo‘lishga uringan, qattol qismat rahm-shafqat qilmay boshiga qanday musibat va ko‘rgiliklarni to‘kib solgan, yurak-bag‘rini pora-pora qilgan bo‘lsa, u barcha-barchasini mana shu peshonasiga azaldan bitib qo‘yilgan ismdan ko‘rgan, yo‘q, yo‘q, bu ism emas, balki yovuzlik va razolat tamg‘asi singari uni bir umr ta’qib etib kelgan, yuragiga qo‘rquv va vahm solgan, ko‘ziga dunyoni xunuk va vahimali qiyofaga solib ko‘rsatgan, uzoq yillar davomida hayotning chigal va qorong‘i so‘qmoqlarida maqsad-muddaosiz sarson-sardon adashtirib yurgan, dunyo, odamlar va umrning ma’no-mazmuni haqida turli xil yolg‘on va’zlar o‘qigan va oxir-oqibat boshiga shuncha dardu sitam va iztirobga solgani yetmagandek, battar masxara qilgan ko‘yi yo‘lakka – odamlar oyog‘i ostiga olib kelib tashlagan edi.

Aftidan, shundan so‘nggina u ism haqida yuragi bezillab o‘ylaydigan bo‘lib qolgan va boyagi qat’iy xulosaga kelgan edi.

Ha, shunday, boshqacha bo‘lishi mumkin emas. Axir, hayotda hech kim o‘zi boshidan kechirib, ishonch hosil qilmagan narsa haqida bunchalik qat’iyat bilan gapira olmaydi.

Nimasini aytay, tilanchi chol, uning noayon kechmishi fikru xayolimni butkul band etib olgan, garchi o‘zim qaysi biriga ishonishni bilmay tursam-da, u haqida turli-tuman taxminu farazlar to‘qir edim. Buning ustiga, uning kecha ism haqida aytgan so‘zlari hali-hanuz yuragimga qo‘rquv solib turardi. Zero, men o‘g‘lim tug‘ilganiga olti kun bo‘lganiga qaramay, hali unga ism qo‘ymagan edim.

* * *

Ittifoqo, men ana shunday kunlarning birida o‘g‘limga ism topdim: uni Muayyad deb atadim. Bu ism to‘zg‘ib yotgan xayolimda kutilmaganda qayerdan paydo bo‘ldi, o‘g‘limga nega aynan shunday ism qo‘ydim, bu ism qanday sehru jozibasi bilan ko‘nglimni zabt eta qoldi, gapning rosti, hozir buni tuzuq-quruq tushuntirib berolmayman. Kim biladi, ehtimol, bu ism shuuru tasavvurimning qat-qatlarida uzoq yillardan buyon ko‘milib yotgan, biroq men uning xayolim ummonida yashayotganini hech qachon payqamagan, faqat o‘g‘lim chinqirib yig‘lagancha dunyoning zalvorli eshigini nozikkina barmoqlari ila ohistagina qoqayotgan mahal shu ism ham uzoq safarga otlangan yo‘lovchi singari birdan qalqib yuzaga chiqqandir. Ehtimol, haligi tilanchi chol aytgandek, o‘g‘limning peshonasiga bitilgan qismatu a’molning o‘zi uni yodimga solib qo‘ygandir. Bilmayman. Faqat bu ismni xotinim ilk marta tilga olganda nechog‘lik ensasi qotib, jahli qo‘zigan bo‘lsa, u o‘zimga shunchalik yoqar, nazarimda, bu ism to ufqqa qadar cho‘zilib ketgan, hali biror-bir kimsaning izi tushmagan yolg‘izoyoq yo‘l kabi sirli va jozibali ko‘rinar edi.

Xotinim mening og‘zimdan bu ismni eshitgan zahotiyoq xuddi yoqimsiz narsaning ta’mini tuygandek, birdan yuzi burishib ketgan, ich-ichidan achchig‘i ko‘tarilib kelganidan ochiq-oshkor shang‘illashga tushgan edi:

– Muayyad degani nima emish? Dunyoda shundan bo‘lak tuzukroq ism qurib qolgandimi? Siz almisoqdan qolgan shunday ism topishingizni o‘zim ham bilardim… Odamlar bitta o‘g‘liga ham eplab tuzukroq ism qo‘yolmabdi, demaydimi?!

Odatda, xotinim o‘g‘limning ismini aytayotganda hadeganda tili aylanmay qiynalganidan battar jahli qo‘zib ketardi. Biroq uning bunday norozi ohangda javrashlari uzoqqa cho‘zilmadi, oradan ko‘p o‘tmay u indamay qo‘ydi.

Demak, bundan buyon hamma o‘g‘limni Muayyad deb ataydi. U shu ismning ostida o‘sib-ulg‘aydi. Bu go‘yo ism emas, muqaddas tumor singari uni hayotning xatarnok ko‘chalaridan kiprigiga gard ham yuqtirmay olib o‘tadi, ko‘ngliga hamisha eng huzurbaxsh orzu-umidlarni solib turadi.

Kim biladi, balki men havoyi va puch o‘ylar ta’sirida xayolparast bir kimsaga aylanib qolgandirman. Ehtimol, o‘g‘limning ismi bu dunyodagi millionlab boshqa ismlardan biror-bir jihati bilan farq qilmaydi, u ham oddiy va jo‘n bir ismdir.

Umuman aytganda, ism ham allaqaysi bir zamonda xudkom bir kimsa tomonidan ilohiylashtirilgan, bezab-bejalgan va u haqda bir-biridan g‘aroyib rivoyatlar to‘qilgandir. Aslida esa, ismda hech qanday sir-sinoat ham, xosiyat ham yo‘q, u insonning taqdiru a’moli, kechmish hayotiga zig‘ircha daxl qilolmaydigan shunchaki bir jo‘n narsadir.

Men bu sovuq o‘ylar ta’sirida tushkunlikka tushgandek birdan bo‘shashib ketar, o‘zimning holatim o‘zimga ham kulgili bo‘lib tuyulardi. Biroq oradan bir lahza o‘tib-o‘tmay, tag‘in umidbaxsh o‘ylar xayolimni band etib olar va yana o‘g‘limning ismi haqida o‘ylardim.

Mening nazarimda, o‘g‘limga qo‘ygan ism bag‘rida hali odamzot bolasiga nasib etmagan, bir qarashdayoq aqlu tasavvurni butkul lol qoldiragan mo‘’jiza yashirinib yotgandek tuyular edi.

Mana shu o‘y yuragimni xulyo kabi junbushga solar, xayolan juda ko‘p narsalar haqida va’da berar edi. Buning ustiga, men xuddi taqdirdan hech qachon mehru muruvvat ko‘rmagan, balki har doim o‘gay o‘g‘il singari bir chetga itqitib tashlagan kimsa kabi o‘g‘limning kelajagiga umid va xavotir bilan qarar, go‘yo hayotda shundan bo‘lak ilinju ishonchim qolmagandek, mudom u haqda o‘ylar edim.

O‘g‘limning chaqaloqlik damlari xuddi qadim ertaklardagi singari tinch, osoyishta va sirli tarzda o‘tib borardi: odatda, kechayu kunduz uyqudan ko‘z ochay demas, uzoq vaqt qotib uxlar, hatto biz bilan bitta uyda yashayotgani ham aytarli sezilmasdi. Faqat qorni ochgan payt tamshanib-tamshanib past ovozda yig‘lar, uning ovozi yig‘idan ko‘ra ko‘proq endi ko‘z ochayotgan kuchuk bolasining g‘ingshishiga o‘xshab ketar va xotinim shosha-pisha ko‘krak tutganda, u bir-ikki marta tortqilab-tortqilab ko‘krak so‘rar va ema turib, tag‘in ko‘zlari uyquning sirli to‘rlariga ilinib qolar edi. Ba’zan uyqu uni o‘zining sirli domiga shunchalik chuqur tortib ketardiki, hatto nafas olayotgani ham sezilmay qolar, chippa yumilgan ko‘zlari va ifodasiz tusga kirgan oqpar yuziga tikilib turib, kishi daf’atan noxush va sovuq o‘yga borganini sezmay qolar edi. Gohida xotinim unga tikilib turib, chamasi, ko‘nglidan shunday noxush o‘y kechgandanmi, tuyqus rang-quti o‘chib tipirchilab qolar va shosha-pisha o‘g‘limning ko‘ksiga bosh qo‘yib, yurak urishiga quloq tutar, ammo biroz o‘zini bosib olganiga qaramay, baribir, yuragidagi xavotiri bosilmasdi, shekilli, atay burnini chimchilab, uyqusini buzib uyg‘otar edi.

Buning ustiga, o‘g‘limning jismu jussasi juda kichkina va nozik edi. Men u tug‘ilgan kunlari juda ko‘p marta uning yuzi, ko‘zlarining rangi va miyig‘ida yoyilib kulishini o‘zimcha tasavvur qilishga uringan va oxir-oqibat chehrasi kulgidan yorishib turgan lo‘ppigina go‘dakning qiyofasi xayolimdan joy olib ulgurgan edi. Men o‘g‘lim tasavvurimda yashayotgan ana shu go‘dakka quyib qo‘ygandek o‘xshaydi, deb o‘ylar va bunga qattiq ishonar edim.

Buning ustiga, u tug‘ilgan kunlarda har gal tug‘ruqxonaga yegulik ko‘tarib borganimda, xotinim derazadan boshini chiqarib, o‘g‘limni xuddi esini tanib qolgan boladek ta’riflar, uning lablarini yoyib, beg‘ubor kulishiyu qo‘l-oyoqlarini tipirchilatishi, hatto sochlarining rangi, qoshu ko‘zlari kimga o‘xshab ketishini shunday zavq-shavq bilan gapirib berardiki, beixtiyor o‘zimning ham yuragim orziqib ketardi.

Biroq o‘g‘limni tug‘ruqxonadan olib kelgan kun men hayajonga tushgan ko‘yi harir choyshabni ko‘tarib, uning yuziga qararkanman, daf’atan ayanchli manzaraga ko‘zim tushgandek, a’zoyi badanim birdan seskanib, ko‘nglim noxush tortib ketdi: yo‘rgakda yotgan go‘dak – mening o‘g‘lim tasavvurimda ancha paytdan buyon yashab kelayotgan va ko‘nglimga juda yaqin bo‘lib qolgan go‘dakka sira o‘xshamas edi. Rostini aytganda, yo‘rgakdagi go‘dakni rosmana chaqaloq deb ham bo‘lmasdi, uning ko‘pchigan xamirdek rangpar yuziga hali qosh-kiprik bitmagan va u bir parcha qip-qizil go‘shtga o‘xshar, faqat ona qornida o‘sgan siyrak sochlari qop-qora va uzun edi. Men unga qarab turarkanman, xuddi orzu-umidim bir zumda sarobga aylangan kimsadek bo‘shashgan ko‘yi uning oldidan qanday nari ketganimni o‘zim ham bilmay qoldim.

Eng yomoni, o‘shanda bu holat xayolimda qattiq o‘rnashib qoldi, undan uzoq vaqt qutula olmay qiynalib yurdim. Shu o‘y ta’sirida o‘g‘limning beshigiga yaqinlashishga yuragim betlamasdi.

Ammo bularning bari o‘tkinchi ekan, chunki o‘g‘lim kunlar o‘tgan sayin asta-sekin ulg‘ayib borar edi: hademay uning to‘lishib, tip-tiniq tortib qolgan yuziga rang va chiroy kirdi, qoshu kipriklari xuddi shitob bilan o‘sa boshlagan bahorgi maysa singari yalt etib ko‘zga tashlanib qoldi, nazarimda, u endi xayolimda yashayotgan go‘dakka o‘xshar, kulgichlari tuyqus yoyilib ketganda, kishiga bir dunyo zavq-shavq bag‘ishlar edi. Men o‘g‘lim o‘zining jismu jussasida har daqiqada qanday qudratli va hayratomuz o‘zgarish ro‘y berayotgan bo‘lsa, barini uyquning sirli hamda lazzatbaxsh bag‘ridan topayotganini ich-ichimdan sezib turardim. U kunni tunga, tunni kunga ulab uxlar, uyqu xuddi mehribon va oqko‘ngil enaga singari undan mehru muruvvati, qalb qo‘ri va quvonchu shodligini sira ayamas, tunu kun boshi uzra parvona bo‘lar, uning mo‘’jaz ruhiyatiga orom va halovat, ko‘zlariga esa nur bag‘ishlar, mushaklarini kuch-quvvat bilan to‘ldirar edi. O‘g‘lim uyquning sirli quchog‘ida orom olgan ko‘yi ulg‘ayib borardi. O, yo‘q, yo‘q, uyqu xuddi keksa va ustamon afsungar kabi uni bir nafas ham o‘z quchog‘idan bo‘shatmay, hayotning ko‘z ilg‘amas olis so‘qmoqlariga safarga hozirlar edi. O‘g‘limning ayni damdagi hayotida bizning mehru muhabbatimizdan ko‘ra uyquning sehri va qudrati ustuvor edi.

* * *

Oradan ko‘z ochib, yumguncha sakkiz oydan ziyod vaqt o‘tib ketdi. Kunlar go‘yo shamol singari shitob bilan yelib o‘tgan, men vaqt qanday kechganini sezmay qolgan edim. Yo‘q, yo‘q, aniqroq aytsam, hayotdan kutilmaganda katta ma’no va mazmun topgan kimsadek, ko‘nglim butkul xotirjam tortgan, o‘tayotgan kunlar to‘g‘risida sira o‘ylamay qo‘ygan edim. O‘g‘lim sog‘lom o‘sar, u yoshiga nisbatan ancha tetik, yerdan allaqachon bag‘rini uzib olib, apil-tapil emaklashga tushgan, ba’zan allanimani qo‘lchalari bilan mahkam tutib, dovdirab-dovdirab o‘rnidan turar va qadam tashlashga urinar edi. Uning har bir xatti-harakati, go‘daklarga xos mug‘ombirligiyu soddaligi, ko‘zi tushgan narsaga xayolga tolgan ko‘yi uzoq-uzoq tikilib qolishi, uyqusidagi sirli jilmayishlari, xullas, hamma-hammasi kishini chinakamiga hayratga solar, ko‘ngilning tub-tubida zabun va unut bo‘lib yotgan tuyg‘ularni tuyqus uyg‘otib yuborar, xayolni bolalikning olis dunyosiga boshlab ketardi.

Ba’zan men o‘g‘limga tikilib turib, odamzot bolasi o‘sib-ulg‘ayib, bu dunyoning bag‘rida nechog‘lik chuqur ildiz otmasin, nega baribir, o‘zi bir paytlar tark etib ketgan va umrining huv olis bekatida qolgan bolaligiga qaytishni, yana bir marta dunyoga go‘dak nazari bilan qarashni istaydi, qo‘msaydi, nega bu o‘y garchi sarob bo‘lsa-da, hech qachon odamzot ko‘nglini tark etmaydi, balki u olisdagi mayoq yanglig‘ hamisha ko‘ngilni junbushga solib, o‘zi tomonga betinim chorlaydi, deb o‘ylardim. Aslida o‘zim ham bolalik kezlarimni juda ko‘p qo‘msar, ayniqsa, kindik qonim to‘kilgan qishloqdan uzoqda – musofir shaharda yashay boshlaganimdan buyon bolalikdagi xotiralarim hayotimning ajralmas bir bo‘lagiga aylanib qolgan edi. Yo‘q, deb o‘ylardim men, odam bolasi aslida umr yo‘lining ibtidosida xuddi eski libos singari tashlab ketgan bolalik davrini emas, balki hayotining ayni shu pallasida qadimiy alla kabi qalbini erkalab, ma’sum va umidbaxsh tuyg‘ular bilan to‘ldirgan, xayollari yuksak-yuksaklarga parvoz etishida qanot bo‘lgan, ko‘ziga bu keksa va quv dunyoni sodda va jo‘n qiyofaga solib ko‘rsatgan masrur tuyg‘ularini sog‘inadi, yuragini og‘ir ko‘lanka singari bosib yotgan iztirobu alamini unutib, shafqatsiz dunyoning yuziga yana bir marta go‘dak nazari bilan qarashni, uni yovuz va mudhish emas, bolalikning o‘zi kabi sodda va beg‘ubor qiyofada ko‘rishni istaydi, ko‘ngilning tub-tubida xira miltirab turgan bu istak-xohish unga sira tinchlik bermaydi.

Men ana shunday o‘y-fikrlarni xayolimdan o‘tkazar ekanman, daf’atan odam bolasi asli farishta qavmidan yaralgani, uning ko‘ngil intilishi, bo‘y-bastidan hamisha anvoyi gullarning muattar hidi baralla ufurib turishi, bu qarimsiq dunyo unga jirkanch va yovuz narsalardan betinim saboq berib, o‘z izmu ixtiyoriga solishga urinmasin, baribir, ko‘nglining tubida miltirab turgan go‘zallik, mehr-shafqatga tashnalik hissidan batamom mahrum qilib, oxir-oqibat hissiz bir mahluqqa aylantirib qo‘yishga ojiz ekanligiga yurakdan iymon keltirar edim.

Aslida ham shunday emasmi?!

Axir, shunday ko‘z o‘ngimda hech narsani xayoliga keltirmay o‘ynayotgan o‘g‘lim ham ko‘nglimdan kechayotgan bu o‘ylarni unsiz tasdiqlab turardi: u ko‘ziga tashlangan har bir narsaga o‘zining ro‘y-rost va adolatli fikrini bildirar – buni uning yuziga daf’atan qalqib chiqqan ifodadan ham bilish mumkin edi, hech narsaga shubha va badgumonlik bilan qaramas, ta’ma ilinjida yalinib-yaltoqlanmasdi. Yo‘q, yo‘q, u bu qadim dunyo aslida qanday jo‘n va sodda yaralgan bo‘lsa, uni shunday tabiiy yo‘sinda qabul qilar, uning murg‘ak va tonggi shabnamdek musaffo ko‘ngli saltanatida hali xudbinlik va yovuzlik daraxti ildiz otmagan, u dunyoda eng haqgo‘y va xolis hakam edi. U ayni shu jihatlari bilan bizdan ulug‘ va ustun edi.

Ammo o‘g‘lim ham betinim talpingancha, qarshisida ulkan mahluqdek yastanib yotgan hayot qo‘yniga kirib borar edi, yo‘q, aniqrog‘i, dunyoning o‘zi ming bir tusda jilvalanib, jodugar kampir singari aldab-avrab uni bag‘riga chorlayotgan edi. O‘g‘limning ko‘ziga bu ko‘hna dunyoning qo‘ynida ayqash-uyqash bo‘lib yotgan hamma narsa qiziq va sirli ko‘rinar, ko‘nglida cheksiz hayrat va taajjub uyg‘otar, ipakdek mayin xayollarini o‘z domiga tortib ketardi. U ko‘zi tushgan har bir narsaga kiprik qoqmay uzoq tikilib qolar, go‘yo xayolida allanimalarni muhokama qilayotgandek, peshonasini tirishtirar, hayratdan katta-katta ochilgan ko‘zlarida hadik va qiziqish ifodasi suzib yurardi.

Ehtimol, aytsam ishonmaysiz, bir safar o‘g‘limni hatto bizning – men va xotinimning qiyofamiz, yurish-turishimiz, so‘z qotishu kulgularimiz ham mo‘’jiza yanglig‘ hayratga solishi, uning murg‘ak tasavvurida adoqsiz qiziqish uyg‘otishini ilkis payqab qoldim. O‘shanda yozning iliq oqshom mahali edi, xotinim bolalik chog‘ida ro‘y bergan qiziq bir voqeani gapirib berayotgan edi: u allaqachon xotiraga aylanib qolgan o‘sha voqeani ayni damda boshidan kechirayotgandek, hayajonga tushgan ko‘yi jo‘shib gapirar va zavqi kelgandan dam-badam sharaqlab-sharaqlab kulib qo‘yar edi. Uning chehrasi yanada ochilib ketgan, hayajonlanayotgandanmi yonoqlari qip-qizil tortgan, berilib zavq-shavq bilan gapirishi qulog‘imga mayin va yoqimli eshitilar edi. Shu bois men uning gaplariga butkul mahliyo bo‘lib, qilt etmay o‘tirardim. Ammo bir chog‘ tuyqus allanimadan xayolim bo‘lindi-yu, g‘alati holatga ko‘zim tushib qoldi: o‘g‘lim – to‘qqiz oylik go‘dak go‘yo hamma narsani aniq-taniq anglayotgan singari qilt etmay onasiga tikilib o‘tirar, uning qiyofasi butkul jiddiy tortgan, faqat onda-sondi allanimadan zavqi kelgandami, miyig‘ida kulib-kulib qo‘yar edi. Men unga tikilib qararkanman, daf’atan uni onasi gapirib berayotgan voqea emas, balki uning qanday alfozda gapirishi, lablarini tez-tez qimirlatishiyu sharaqlab kulishi hayratga solayotganini payqab qoldim-u, o‘zimni tutolmay birdan kulib yubordim. Ovozim uy ichini tutib ketdi. O‘g‘lim ham sergak tortdi va menga yalt etib qaradi-yu, yuzi qizarib ketdi va yoyilib kulgancha apil-tapil yuzini yashirib oldi. Xotinim, tabiiyki, hech narsani payqamadi. Keyin men unga qanday voqea ro‘y berganini gapirib bergandim, ammo u meni xayolparastga yo‘yib, gaplarimga ishonmadi.

O‘g‘limning tabiatidagi go‘daklarga xos soddalik ko‘nglida kechayotgan o‘y-xayollarni yashirib qolishga imkon bermasdi. Agar unga biror-bir narsa yoqib tushsa, kulgichlari o‘z-o‘zidan yoyilib ketar va u qo‘rquv hamda hadikni ham unutgan ko‘yi betinim irg‘ishlagancha o‘sha tomonga talpinib qolar edi. Xunuk va yoqimsiz narsalar, tabiiyki, o‘g‘limning ruhiyatiga yomon ta’sir qilar, bunday paytda uning yuzi birdan burishib, ayanchli tusga kirar va tuyqus chinqirib yig‘lab yuborar edi.

Bir kuni shunday voqea ro‘y bergan edi: o‘shanda kun endi uzilayotgan palla – ayni shom mahali edi. Uy derazasining tabaqalari ochib qo‘yilganidan ichkariga salqin shabada g‘ir-g‘ir oqib kirar va dimiqqan havoni haydab solar edi. Men botayotgan quyoshning deraza oynasida o‘ynayotgan shafaqlariga jimgina tikilib o‘tirar, kun bo‘yi kutubxonada kitob titkilaganimdan boshim tinimsiz g‘uvillar va o‘zimni qattiq toliqqandek his etardim. O‘g‘lim ham boyagina uyqudan uyg‘ongan, ammo ong-shuurini hali uyqu karaxtligi butkul tark etmaganidan, o‘ziga kela olmay xomush tortib o‘tirar edi. Xotinim tashqarida – oshxonada kechki ovqatga unnar, uy ichiga allaqanday og‘ir jimlik cho‘kkan edi.

Biz, o‘g‘lim ikkimiz mana shunday xayolga g‘arq bo‘lib turgan payt kutilmaganda uy ichiga qandaydir adashgan kapalak dovdiray-dovdiray uchib kirdi. Kapalak juda chiroyli va nafis edi, uning sarg‘ish tusdagi qanotlari quyoshning alvon shafaqlarida yalt-yalt etib tovlanib, ko‘zni olar, havoda kapalak emas, go‘yo bir parcha cho‘g‘ uchib yurganga o‘xshab tuyular edi. Kapalak qo‘rquv va hadikni ham unutgancha to‘ppa-to‘g‘ri mening boshim ustida doira solib, aylanib ucha boshladi.

Men unga ko‘zim tushib, beixtiyor ko‘nglimdan arvoh kapalak bo‘lsa kerak, degan o‘y kechdi-yu, birdan sergak tortdim. Men tabiatan irim-sirimlarga unchalik ishonmasdim. Lekin kapalaklar to‘g‘risidagi noxush taassurot bolaligimdan xotira bo‘lib qolgan, oradan uzoq yillar o‘tgan bo‘lishiga qaramay, hali-hanuz bu o‘ydan qutula olmasdim. Bolaligimda oqshom mahallari hovlimizda tez-tez allaqayoqdan sariq kapalaklar paydo bo‘lib qolar, onam esa ularga ko‘zi tushgan zahotiyoq birdan tinchini yo‘qotib, bezovta tortar, dam uyga kirib, dam tashqariga chiqib, o‘zini qo‘yarga joy topa olmas, pichirlab allaqanday duolarni o‘qir va ora-sirada bizga bir qadar hayajonli vahimali ovozda: “Bular arvoh kapalaklar, tag‘in tega ko‘rmanglar”, deya qayta-qayta uqtirar edi.

Sariq kapalaklar juda yuvvosh, hech kimga zarari tegmas, ular hovlidagi gullarga qo‘nib, uzoq vaqt uchib yurardi. Onam tun cho‘kib, kapalaklar ko‘zdan butkul g‘oyib bo‘lgunga qadar bizga noma’lum qo‘rquv va sarosimadan qutula olmas, u ba’zan kapalaklarning katta-kichikligi, uchishiga qarab turib, bugun otamning yoki onamning arvohi keldi, deb o‘z-o‘ziga pichirlab qo‘yardi. So‘ng arvohlar umidvor bo‘layapti, deya albatta bo‘g‘irsoq yoki chalpak pishirib, qo‘ni-qo‘shnilarga tarqatardi. Onamning o‘shanda o‘ta g‘alati tarzdagi qo‘rquv to‘la so‘zlari bolalik xotiramga qattiq muhrlanib qolgan, shundan buyon nafaqat sariq kapalaklar, balki barcha kapalaklarga cho‘chib, allaqanday qo‘rquv bilan qarar, ularga ko‘zim tushgan zahotiyoq o‘z-o‘zidan yuragimga vahima oralab qolardi.

Ayni damda uyga uchib kirgan kapalakni ko‘zdan qochirmay kuzatar ekanman, ichimda uning shom mahali paydo bo‘lganini qandaydir falokatning alomatiga yo‘yar, biroq yuragim qattiq bezovta tortib ketayotgan esa-da, o‘rnimdan turib, uni tashqariga quvib chiqarishga zinhor botina olmasdim.

O‘g‘lim uy ichiga kapalak uchib kirganini payqamay qoldi, u hali-hanuz xomush tortib lanj qiyofada o‘tirar, lablarini cho‘chchaytirib, boshini quyi solib olgan, dam-badam ko‘zlari yumilib-yumilib ketar edi. Men ham ich-ichimdan uning ko‘zlari kapalakka tushib qolishini sira istamas, go‘yo bu shumniyat jonzotga ko‘zi tushsa, qandaydir falokat sodir bo‘ladigandek, xavotir bilan tez-tez unga qarab-qarab qo‘yardim.

Buni qarangki, bir chog‘ kapalak xuddi ko‘nglimdan kechayotgan xavotirni sezgandek, to‘ppa-to‘g‘ri o‘g‘limning boshi ustiga uchib bordi-da, doira solib aylana boshladi. Uy ichiga og‘ir jimlik cho‘kkan, kapalakning havoni ohista-ohista sirmayotgan qanotlari sasi, nazarimda, aniq-taniq eshitilayotgandek tuyular va yuragimdagi vahima battar ortib borar edi.

Kapalak shu alfozda jimir-jimir etib uchgancha, ancha payt o‘g‘limning boshi ustida aylandi. Bir payt hamon mudrab o‘tirgan o‘g‘lim boshini ilkis ko‘tardi va ko‘zlarini katta-katta ochib, yuqoriga qaradi. U boshi ustida pir-pir o‘ynayotgan kapalakka ko‘zi tushib, bir muddat angraygan ko‘yi qotib qoldi. Ammo uning hayrati uzoqqa cho‘zilmadi, ko‘nglida qiziqish va ishtiyoq hissi ustun keldi, shekilli, kulgichlari o‘z-o‘zidan yoyilib ketdi.

O, men nimasini ham aytay, anavi ayyor va quv kapalak havoda yal-yal tovlangancha bir zumda o‘g‘limni o‘ziga mahliyo qilib qo‘ydi. O‘g‘lim ham ko‘zlari yonib unga qararkan, yuragida tuyg‘ulari junbushga kelganidan, o‘zini tutib tura olmadi, shekilli, mitti qo‘lchalarini xuddi kapalak qanotlaridek apil-tapil silkitgancha irg‘ishlashga tushdi. U, aftidan, kapalak singari uchishni istab qolgan, shu bois qo‘lchalarini shitob bilan tez-tez silkitar va tushuniksiz, ammo hayajon to‘la tovushda allanimalar deb qichqirib-qichqirib qo‘yar edi. Uning katta-katta ochilgan ko‘zlari cho‘g‘dek yonib turar, yonoqlari qip-qizil tortib ketgan edi. Kapalak ham allaqachon undan cho‘chimay qo‘ygan, xuddi atay o‘g‘lim bilan o‘ynash uchun uyga uchib kirgandek, uning boshi ustida tinimsiz aylanar, goh yuqorilab, goho pastlab uchar, qanoatlarini esa raqsga tushayotgandek nozli-nozli silkitib qo‘yardi.

Men, rosti gap, o‘g‘lim kapalak bilan bunchalik tez el bo‘lib ketishini sira kutmagan edim. Ularga qarab turib, yuragim orziqib ketar, xayolimni band etib olgan boyagi vahimali va noxush o‘ylar asta-sekin ko‘tarilib borar edi. Men ich-ichimdan o‘g‘limga havasim kelardi, zero, u hali tili chiqmagan go‘dak biror-bir ilmu amalsiz tabiiy yo‘sinda bu dunyoning bag‘ridan adashmay-og‘ishmay go‘zallikni izlab topgan va undan zavq-shavq olayotgan edi.

Aslida kapalak ham go‘yo farishtalar yurtidan uchib kelgandek, go‘zal va maftunkor edi, shuning barobarida, hali suyagi qotmagan o‘g‘limning ruhiyati ham mas’um va beg‘ubor edi. Ular bir-birini oppa-oson topib olgan va qo‘rquv hamda hadik bilmay o‘ynayotgan edilar.

Shu kun quyoshning alvon shafaqlari batamom so‘nib, tun cho‘ka boshlaganga qadar o‘g‘lim kapalak bilan o‘ynagan edi.

U mening to‘ng‘ich farzandim, ko‘zimning oqu-qorasi edi, uning ismi Muayyad edi. Hayotimiz shunday tinch va osoyishta o‘tib borar, biz Muayyad bilan ovunar va quvonar, uni o‘zimizga taqdirning eng katta siylovi deb bilardik. U mitti sehrgar kabi ko‘nglimizga hamisha umidu ishonch solib turar, ko‘zimizga bu keksa dunyo o‘ta saxiy va muruvvatli bo‘lib ko‘rinar, yashash esa naqadar zavqli tuyular edi.

U mening to‘ng‘ich farzandim edi, biz, xotinim ikkimiz endi farzand mehrini tuygan, birimiz o‘zimizni ota, birimiz esa ona deb his eta boshlagan edik.

Ammo yoz o‘tib, shaharga kuzning namxush nafasi kirib kelgan, dov-daraxtlar yaprog‘i za’faron tus olgan kezlarda kutilmaganda o‘g‘limning ruhiyatida g‘alati o‘zgarish yuz ko‘rsatdi va biz, xotinim ikkimiz azbaroyi qo‘rquv va vahimaga tushganimizdan o‘zimizni butkul yo‘qotib qo‘ydik.

Bu haqda xotinim ilgari ham ikki-uch marta xavotirga tushgan ko‘yi gapirgan, ammo men u shunchaki vahima qilayapti, degan o‘yda bu sho‘rishlarga tuzuk-quruq e’tibor bermagan edim. Aslida nimadan xavotirga tushishni bilmasdim, axir, o‘g‘lim shunday ko‘z o‘ngimda to‘rt muchasi soppa-sog‘ o‘ynab yurar, ahvol-ruhiyasi, yuz-ko‘zida biror-bir dardning alomati sezilmasdi. Men ba’zan o‘g‘limga qarab turib, xotinim nega bunchalik xavotirga tushayotganini sira tushuna olmasdim.

O‘sha kuni esa kechga tomon uyga qaytganimda, xotinim shunday vahimaga tushgan ko‘yi gapirdiki, beixtiyor o‘zimning ham ko‘nglimga xavotir oralaganini sezmay qoldim.

– O‘g‘lingizga nima bo‘lgan – sira tushunolmayman, – dedi u yig‘lagudek bir ovozda. – Kun uzog‘i ko‘ziga bir chimdim uyqu olmaydi, beshigini tebrataverib, qo‘lim uzilib tushay dedi. Qani endi, ko‘zini yuma qolsa, qayda deysiz, big‘illab yig‘lagancha qo‘l-oyog‘ini tipirchilatib, beshikdan yechib ol, deganday tinmay xarxasha qiladi. Beshikdan yechib qo‘ysam, boladek o‘z ko‘yida o‘ynab o‘tirsa, mayli edi. Buningiz go‘dakka o‘xshab bir nafas o‘ynash o‘rniga odamnng xayoliga kelmagan qiliq chiqargan. Hali gilamning qatini ko‘tarib, ostidan allanima izlaydi, hali taxmonning orasiga qo‘l suqib titkilaydi, hali sizning anavi kitoblaringizni olib, bitta-bitta varaqlaydi. O‘ynagan bo‘lib, shunday qilsa, go‘rga edi, yo‘q, buningiz titkilab-titkilab, axiyri, o‘z-o‘zidan chinqirib yig‘lab yuboradi. Tovba, xuddi allanarsa chaqib olgandek, shunday qaqshab yig‘laydiki, ovozidan uy ko‘chib ketay deydi. Yig‘laganda rang-ro‘yini ko‘rsangiz, qo‘rqib ketasiz. Uni ovutib, o‘ziga keltirgancha, jonim naq bo‘g‘zimga keladi. Bola bo‘lib, bolaga o‘xshamaydi, bir burda holi bilan nimani izlaydi, hayronman…

Men xotinimning gaplarini eshita turib, uy o‘rtasida xuddi o‘zi haqida gapirayotganimizni anglagandek boshini quyi solib, xomush o‘tirgan o‘g‘limga yaxshiroq razm soldim: u daf’atan ko‘zimga g‘amgin va ma’yus ko‘rindi. Ko‘zlari ham botgan, rangi siniq edi, aftidan, qandaydir dard qiynayotganga o‘xshar edi. Men shuncha kundan buyon o‘g‘limga tuzuk-quruq e’tibor bermaganimga o‘zim ham hayron qoldim. Ayni damda, u ko‘zimga qandaydir og‘ir dardga chalinib, birdan so‘lib qolganga o‘xshab ko‘rindi. Men uni ko‘tarib olib, bag‘rimga bosdim va yuzidan o‘pib, erkalagan bo‘ldim. Ammo u, odatdagidek, quvonchdan irg‘ishlab, bag‘rimga talpinmadi, erkalashlarimga ham parvo qilmadi. U qo‘llarimda shalvirabgina turar, butun vujudi karaxt tortib qolgandek, hech narsani payqamas, chamasi, uning xayoli o‘zida emas, allaqayoqlarda uchib yurardi.

Oqshom xotinim ikkimiz bir-birimizga so‘z qotishga ham hafsala qilmay jimgina ovqatlandik. O‘g‘lim tug‘ilgandan buyon uyimizga hech qachon bunday og‘ir jimlik cho‘kmagan, kutilmaganda uning ruhiyatida ro‘y bergan o‘zgarish bizni birdan g‘am-g‘ussaga botirib qo‘ygan edi.

Ammo ovqatlanib bo‘lib, dasturxonga fotiha o‘qilgach, g‘alati voqea yuz berdi: shuncha paytdan buyon chiroyi ochilmay tumshayib o‘tirgan o‘g‘lim birdan o‘z-o‘zidan jonlanib qoldi, uning so‘nik va rutubatli ko‘zlari chaqnab ketdi, yuziga ham qizillik yugurib, go‘yoki daf’atan nimadir yodiga tushib qolgandek, shoshib o‘rnidan qo‘zg‘aldi-da, apil-tapil emaklagancha uy to‘ridagi taxmon tomon keta boshladi. Men uning kutilmaganda jonlanib qolganini ko‘rib, birdan hushyor tortdim va unga qarab turib, hayrat va taajjubga tushganimdan toshdek qotib qoldim: o‘g‘lim mushtdek bola boshi bilan allaqanday yovqur va o‘jar qiyofaga kirgan, yuzini shiddatli ifoda qoplab olgan, ko‘zlari yonib turardi. U ayni damda hali esini tanimagan go‘dakka emas, balki o‘ljasi tomon shitob bilan bostirib borayotgan sirtlonga o‘xshar, harakatlari keskin va qat’iy, shu tobda uni hech qanday kuch iziga qaytarishga qurbi yetmasdi, chog‘i. Aftidan, o‘g‘limning o‘zi taxmon tomonga nega bunchalik shoshib emaklab borayotganini yaxshi bilar, fikru xayolini yolg‘iz shu narsaning yodi band etib olgan edi.

Uy ichiga yurakni tars yoradigan jimlik cho‘kkan, biz, xotinim ikkimiz nafasimizni ichimizga yutgancha o‘g‘limdan ko‘z uzmay turardik. Ammo o‘g‘lim taxmon qarshisigacha emaklab borishga negadir sabri chidamadi, shekilli, sal bu yoqda, devorga yaqin joyda to‘xtadi. Kim biladi, ehtimol, u aslida taxmon tomonga emaklab bormayotgan, faqat menga shunday tuyulgandir. Bilmadim, ishqilib, o‘g‘lim uy o‘rtasida devorga yaqin joyda to‘xtab, oyoqlarini uzatgan ko‘yi yastanib, o‘tirib oldi-da, qo‘lchalari bilan shoshib gilam qatini ko‘tardi va bo‘ynini cho‘zib, uning ostiga qaradi. Chamasi, xotinim boya rost gapirgan, o‘g‘lim, chindan ham, allanimani izlar va o‘sha o‘zi izlayotgan narsasini gilam ostidan topib olishga sira ikkilanmasdi, shekilli, ishonch va umid bilan kiprik qoqmay tikilar, butun qiyofasidan mana shu ifoda shu’lasi yog‘ilib turardi.

Biz, xotinim ikkimiz undan ko‘z uzmay turar, ko‘nglimizda qiziqish va xavotir hissi ustun kelayotgan bo‘lsa-da, uning xayolini buzishga jur’atimiz yetmasdi.

Oradan imillab bir necha daqiqa o‘tgach, o‘g‘lim xo‘rsingandek, og‘ir nafas oldi-da, qo‘lchasi bilan tutib turgan gilam qatini o‘ziga yarashmagan allaqanday zarda va iddao bilan qo‘yib yubordi va yana boyagi vajohat bilan uy to‘riga, taxmon tomonga emaklab ketdi.

U hademay taxmon qarshisiga yetib bordi: ko‘rpa-yostiq yig‘ib qo‘yilgan taxmon uning bo‘yidan ancha baland edi. Biroq o‘g‘lim taxmon chekkasiga chiranib osilgancha o‘rnidan turib, o‘ng qo‘lini taxmon qatiga suqqancha hafsala bilan titkilashga tushdi. U go‘yo hammasini oldindan puxta o‘ylab olgan va o‘zini shunga ruhan hozirlagandek, har bitta harakatini adashmay-og‘ishmay bajarar, o‘ng qo‘lini chaqqonlik bilan ko‘rpa-to‘shak qatiga suqib, tez-tez titkilar, chap qo‘li bilan esa, azbaroyi yiqilib tushmaslik uchun, taxmon chetini mahkam changallab ushlagan edi. U, aftidan, ilgari ham mana shu holatda taxmon qatini ko‘p marta titkilagani va shundan buning yaxshigina hadisini olgani ko‘rinib turardi.

U qo‘lchasini taxmon qatiga uzatarkan, ko‘zlarini ohista yumgan ko‘yi uzoq payt paypaslanib izlanar, bunday chog‘da yuzini hozir kutilmagan voqea sodir bo‘lib qoladigandek, hayajonli bir ifoda qoplab olardi. Ba’zan qo‘li taxmon orasida tuyqus allanimaga tekkandek, birdan ko‘zlari yarq etib katta-katta ochilib ketar, ba’zan esa, chamasi, hadeb titkilashga sabri chidamay qolardi, shekilli, ko‘rpa-to‘shaklarning chetidan tutib, tortqilagancha, taxmonni yiqitishga urinar, azbaroyi chiranganidan ikki yuzi qip-qizil tortib qolardi. Faqat, u negadir yig‘lab xarxasha qilmas va hech kimni ko‘makka chaqiray demas, hamma narsani unutgan ko‘yi taxmon atrofida o‘ralashar, biz nafasimizni ichimizga yutgancha unga tikilib turganimizni xayoliga ham keltirmas, go‘yo uy ichida o‘zidan boshqa biror tirik jon yo‘qdek, boshini xiyol o‘girib qarab ham qo‘ymasdi.

Men o‘g‘limga kiprik qoqmay tikilib turar ekanman, daf’atan xayolimga u nimanidir izlab, taxmon qatini titkilayapti, degan o‘y urildi. Ammo bunga shu zahotiyoq birinchi bo‘lib o‘zim ishonmadim. Hatto shunday o‘yga borganimdan o‘z-o‘zimdan uyalib ketdim. Axir, buni aqlu tasavvurga ham sig‘dirib bo‘lmaydi, o‘g‘lim – hali ona suti og‘zidan ketmagan go‘dak mushtdek boshi bilan nimani izlashi mumkin?! U kechagina dunyoga kelgan, hali oqni qoradan, qorani oqdan tuzuk-quruq ajratib olmaydi, buning ustiga uning hali tili ham chiqmagan, biror bir narsaning nomini bilib olishga ulgurmagan bo‘lsa, yana nimani izlashi mumkin?

Kim biladi, aslida, o‘g‘lim ham biror nimani izlab taxmon qatini titkilamayotgan, balki shunchaki o‘z ko‘yida o‘ynayotgandir. Ehtimol, men uning yoshiga nomanand xatti-harakatlaridan butkul boshqa ma’no izlab yanglishayotgandirman. Axir, biz ko‘pincha bolalarning xayolini band etib olgan, o‘zini qiziqtirgan oddiy va jo‘n narsalarni ham tushunmaymiz, idrok etishga qiynalamiz va oxir-oqibat ularning ustidan yanglish xulosa chiqarib qo‘yamiz.

O, yo‘q, men ayni damda, garchi ich-ichimdan shunday bo‘lishini qattiq istab turgan bo‘lsam-da, noto‘g‘ri va yanglish xayolga bormagan edim. Buning ustiga shunday qarshimda turgan o‘g‘limning har bir xatti-harakati, yuz-ko‘zini qoplab olgan ifoda mening shubha-gumonlarimni to‘liq tasdiqlab turar, buni sira bosh­qacha izohlab bo‘lmasdi. O‘g‘lim, rostdan ham, ichikkan ko‘yi taxmon orasidan allanimani izlayotgan edi. Ayni damda uning fikru zikrini faqat o‘zi joni halak bo‘lib qidirayotgan o‘sha narsaning surati band etib olgan, faqat shu haqda o‘ylar va uni tezroq topishga urinar edi. Men yana shunga qattiq ishonib turardimki, o‘g‘lim o‘zi izlayotgan o‘sha narsani ilgari ham ko‘rgan, uning rang-tusi, shaklu shamoyili va o‘ziga nima uchun kerakligini juda yaxshi bilar edi, shuning uchun u ortiq hech narsaga e’tibor bermas, umidu ishonch, shijoatu qat’iyat bilan taxmon qatini titkilashda davom etardi. O‘g‘limning xayolini o‘g‘irlab qo‘ygan narsa faqat bizgagina qorong‘i edi.

O‘g‘lim hali-hanuz taxmonni chetidan tutgancha tortqilar, u xuddi qoyaga o‘jarlik bilan yopishib olgan burgut bolasiga o‘xshar, o‘ziga mutlaqo yarashmagan vajohat bilan boshi ustida turgan taxmonni tortqilab yiqitishga urinar, pishillagan ko‘yi zo‘riqib, tez-tez nafas olardi. U hali-beri shashtidan qaytadiganga o‘xshamas, aksincha, qiyofasi battar qat’iy va o‘jar tus olib borardi.

Ammo uning barcha urinish va chiranishlari behuda ketayotgan edi, chunki taxmon uning boshi ustida xuddi qoyadek soya tashlab turar, u nechog‘lik urinmasin, baribir yiqitishga qurbi yetmasdi. Men o‘g‘limdan ko‘z uzmay qarab turar ekanman, u nimanidir izlayotgani va shundan butkul tinchini yo‘qotib qo‘yganiga tobora ishonib borar, xayolimni bir-biridan sirli va chigal o‘ylar band eta boshlagan edi. O‘g‘lim bunchalik ichikkan ko‘yi nimani izlayapti, o‘zi? Bu savol bir qarashda juda oddiy va o‘ta jo‘n tuyulsa-da, men ayni paytda qanchalik bosh qotirmay, baribir jo‘yali javob topa olmasdim.

Aslida, bu savolga o‘g‘limdan bo‘lak hech kim javob berolmasdi. Ammo hali uning tili chiqmagan, shu bois, tabiiyki, xayolini qanday sirli narsa o‘g‘irlab qo‘yganini aniq-taniq aytib berolmasdi. Faqat uning ko‘nglida qanday o‘ylar kechayotgan bo‘lsa, barcha-barchasi ko‘zlarida aks etgan edi. Biroq nigohidagi ma’noni uqib olishga bizning aql-idrokimiz ojizlik qilardi.

O‘g‘lim hamon taxmon chetini qo‘yib yubormagan, lekin endi uning xatti-harakatlari asta-sekin asabiy tus olib borar, qo‘lchalari o‘ziga bo‘ysunmay zir-zir titrar, hansirab og‘ir-og‘ir nafas olishi esa, uy ichini tutib ketgan, yuzini ham tushkun bir ifoda qoplab olgan, ko‘zlarida gir-gir yosh aylanar va u taxmon chetini tutgancha omonatgina chayqalib turardi.

Men o‘g‘limning xatti-harakati oxir-oqibat shunday ayanchli yakun topishini oldindan sezgan va yuragim qo‘rquv va xavotirga to‘lib toqatsizlanib turgan edim. O‘ylaganimdek, bir chog‘ o‘g‘lim alam va iddao bilan o‘zini yerga tashlab yubordi va uy ichini uning chinqirib yig‘lagani tutib ketdi. U sarkashlik bilan o‘zini u yoqdan-bu yoqqa tashlab yig‘lar, oyoqchalari bilan yerni tap-tap tepib qo‘yar va ko‘zlaridan tirqirab yosh quyilib kelar edi. Ovozi shunchalik alam va iztirobga to‘la ediki, bu oddiy go‘dakning xarxashasiga sira o‘xshamas, balki boshiga og‘ir judolik tushgan kimsaning faryodi singari yurakka sanchilib botar edi.

Mening birdan ko‘nglim buzilib, ko‘zlarim o‘zim sezmagan holda yoshga to‘lib qoldi va o‘rnimdan otilib turib, o‘g‘limni yerdan ko‘tarib oldim. Ammo uning ko‘ngli battar o‘ksib ketdi, shekilli, yuzini ko‘ksimga bosib, boyagidan ham ayanchliroq ovozda chinqirib yig‘lashga tushdi. U so‘z bilan ifoda etolmagan iztirobu alamini yig‘i orqali anglatmoqchidek, o‘zini bosolmay selu selob bo‘lib yig‘lar, yig‘i zarbidan mittigina jussasi silkinib-silkinib tushar, a’zoyi badani temirdek qizib ketgan, ko‘zlaridan tirqirab chiqayotgan issiq ko‘z yosh ko‘ksimga shilqillab singib borayotgandek edi.

Men uy o‘rtasida o‘g‘limni bag‘rimga bosib turarkanman, uni qanday qilib ovutishni bilmasdim, nazarimda, odatdagi shirin so‘z va erkalashlarim ayni damda o‘zining ta’sirini butkul yo‘qotib qo‘ygan edi.

Buning ustiga uning mittigina jismu jussasini o‘rab-chirmab olgan iztirobu o‘kinch, alam va qayg‘u, o‘zini butkul unutgancha chinqirib yig‘lashi meni ham birdan karaxt qilib tashlagan, boshim hech narsani idrok etmas, xuddi chorasiz qolgan kimsa kabi o‘g‘limni bag‘rimga bosgancha toshdek qotib turardim.

Xotinim ham allaqachon o‘g‘limga qo‘shilib, piq-piq yig‘lashga tushgan, ammo u nega yig‘layotganini o‘zi ham tuzuk-quruq bilmas, faqat ko‘ngli qandaydir noxushlikning sharpasini sezganidan ko‘zlari qo‘rquv va vahimaga to‘lib qolgan edi. U o‘g‘limning boshini silagan ko‘yi allanimalar deb ovutishga urinar, ammo tili sira kalimaga kelmayotganidan g‘o‘ldirashdan nariga o‘tmasdi.

O‘g‘limning hadeganda yig‘isi bosilavermagach, xotinim uni qo‘limdan olib, bag‘riga bosdi va, zora, ovunib qolarmikin, degan o‘yda ko‘krak tutdi, odatda o‘g‘lim xarxasha qilib yig‘lashga tushgan payt xotinim darrov shunday qilar va bola birdan andarmon bo‘lar edi. Biroq bu gal o‘g‘lim kutilmaganda, og‘ziga ko‘k­rak olishni istamadi, xuddi o‘ziga sut emas, balki zahar berayotgandek, boshini orqaga tashlab yig‘lar, oyoqchalarini betinim tipirchilatib, onasining bag‘ridan xalos bo‘lishga urinardi.

Xotinim dam uning qo‘liga qandaydir shirinlik tutar, dam o‘yinchoqlarini shiqirlatib, xayolini chalg‘itishga urinar, lekin bularning barini uning adoqsiz yig‘isi bosib ketardi.

Axiyri, xotinim o‘g‘limni beshikka yotqizdi-da, beshikni ohista tebratgan ko‘yi hazin ovozda alla ayta boshladi, u alla aytayotgandan ko‘ra ko‘proq nola qilayotganga o‘xshar, g‘amgin ovozi hali-hanuz big‘illab yig‘layotgan o‘g‘limning yig‘isiga qorishib, xonani tutib ketgandi.

Xotinim beshikni uzoq tebratdi. O‘g‘limni yig‘i qattiq holdan toydirib tashlagan edi, ko‘p o‘tmay ko‘zlari uyquning sirli domiga ilindi-yu, tinchib qoldi. Ammo juda notinch uxlar, alahsiragancha allanimalar deya g‘udranar, goho u yoqdan-bu yoqqa ag‘darilishga urinar, biroq beshikning mahkam tortib bog‘langan bog‘ichlari bunga imkon bermasdi.

Ha, shunday, o‘g‘limning xayolini o‘g‘irlagan o‘sha sirli narsa uyqusida ham tinchlik bermasdi, u uxlab yotarkan, yuzidagi ifoda tez-tez o‘zgarib turar, gohida quruqshagan lablarida kutilmaganda beg‘ubor kulgi sharpalari yugurgilab qolar, ammo kulgichlari hali rosmana yoyilishga ulgurmay turib, birdan so‘nar, so‘ng chehrasini tag‘in tund va rutubatli, mutlaqo tushuniksiz ifoda qoplab olardi. Ba’zan esa, uyqusida allanimadan cho‘chib-cho‘chib tushganidan rang-ro‘yi ters oqarib ketar va lablari tortilib, yig‘lashga chog‘lanardi-yu, lekin uyqu bunga yo‘l qo‘ymasdi.

O‘g‘limning ruhiyati qattiq bezovta tortgan, ich-ichidan qandaydir dard qiynayotgani ko‘rinib turardi. Men uning iztirobga botgan yuziga qarab turishga ortiq sabrim chidamadi, beshikning yoping‘ichini sekin tortib qo‘ydim.

* * *

Ertasi kuni ertalab institutda ilmiy rahbarim bo‘lmish qirq besh yoshlar chamasidagi, pakana bo‘yli professor bilan uchrashdim: ilmiy ishim allaqachon nihoyasiga yetgan, faqat himoya kunini belgilash qolgan edi. Professor men bilan hol-ahvol so‘rashgach, keyingi oyning oxirida ilmiy ishim himoyaga tavsiya etilganini aytar ekan, ba’zi bir kamchiliklar ustida jiddiy ishlashim lozimligini qayta-qayta tayinladi:

– Ish har jihatdan puxta bo‘lgani yaxshi, – dedi u. – Hali oldinda yetarlicha vaqt bor. Ilmiy ishingizni yana bir marta boshdan-oxir qayta ko‘zdan kechirib chiqing.

Professor tag‘in bir talay topshiriqlarni berdi. U himoya murosasiz va keskin o‘tishini, tirnoq ostidan kir qidiradigan ayrim kimsalar payt poylab yurganini, ularning har bir ilmoqli savoliga o‘zimni yo‘qotib qo‘ymay, bosiqlik bilan javob qaytarishim lozimligini qayta-qayta uqtirdi.

Professor ancha badgumon odam edi, ilmda g‘animlarim ko‘p deb o‘ylar, go‘yo har bir bosgan qadamini kimdir ta’qib etib yurgandek, o‘ta ehtiyotkor edi.

Meni negadir juda qobiliyatli, ko‘p narsaga qodir yoshlardan biri deb hisoblar, bundan besh yil burun ham, institutni tugatish arafasida talabalar orasidan yolg‘iz meni ilm bilan shug‘ullanishga undagan edi.

Professor bilan xayrlashgach, to‘ppa-to‘g‘ri uyga yo‘l oldim. Ayni paytda ilmiy ishim, nihoyat, himoyaga tavsiya etilgani ham ko‘nglimga taskin berolmasdi. Holbuki, hayotimdagi eng katta maqsadim – shu ilmiy ishni himoya qilish edi. Men buning uchun qariyb besh yil mashaqqat chekkan, tunlarni uyqusiz o‘tkazgan, kutubxonaning zax bosgan xonalarida oylab kitob titkilab o‘tirgan edim. Ayniqsa, ota-onam va xotinim xuddi mo‘’jiza sodir bo‘ladigandek, himoya kunini sabrsizlik bilan kutar edi.

Tunni notinch o‘tkazganimdan boshim lo‘qillab og‘rir, butun vujudim lanj va karaxt tortgan, hech narsa yoqmas, xayolim parishon edi. Ammo shunday aftodahol ahvolga tushib qolganimga qaramay, o‘g‘lim nimani izlab buncha bezovta tortayapti, deb dam-badam o‘z-o‘zimdan so‘rab qo‘yardim. Biroq kecha oqshomdan buyon bu haqda tinimsiz o‘ylaganimga qaramay, o‘zimni qoniqtiradigan jo‘yali javob topa olmagan edim. O‘g‘lim uydagi biror buyum yoki o‘yinchoqning dardida shunchalik ichikib bezovta tortayotgan bo‘lsa, avvalo, uning o‘zi o‘sha ko‘ziga qiziq ko‘ringan narsa tomonga talpinar, qo‘li bilan imo-ishora qilib ko‘rsatgancha, olib ber, deya xarxasha qilardi. Ammo kecha oqshomdan buyon biror-bir buyum yoki jihozga qayrilib ham qaramagan edi. Qolaversa, har qanday o‘jar bola ham o‘yinchoq yoki buyumning ko‘yida bunchalik ichikib, bezovta bo‘lmaydi. Kim biladi, ehtimol, o‘g‘lim izlayotgan narsa nafaqat uyimizda, balki umuman dunyoda yo‘qdir?! Ehtimol, o‘g‘lim nimani izlayotganini o‘zi ham tuzuk-quruq bilmas?! Ehtimol, bu uzoq vaqt yashirincha davom etgan va kutilmaganda qalqib yuzaga chiqqan qandaydir og‘ir dardning alomatidir? Axir, dunyoda nima ko‘p, dard ko‘p, o‘g‘lim ham shularning biriga chalingan va shundan qattiq bezovta tortayotgandir?!

Shunday o‘y-xayollarga g‘arq bo‘lgancha uyga yetib kelib, ichkariga qadam bosarkanman, eshikni ochgan xotinimning g‘ussaga botgan so‘lg‘in yuziga ko‘zim tushib, xayolimdan o‘g‘lim kecha oqshomdagidek tinchini yo‘qotgancha yana allanimani izlayapti, degan o‘y kechdi. Ko‘nglim battar qorong‘i tortib, xotinimga so‘z qotishga ham hafsalam yetmay, ichkariga bosh suqdim.

O‘g‘lim beshik qavatida to‘shalgan ko‘rpacha ustida xayolga cho‘mgan ko‘yi tizzasi ustiga qo‘yib olgan qalin muqovali kitobni – mening ilmiy ishimga taalluqli “Qadimgi dunyo solnomasi” edi – bir-bir varaqlab o‘tirar edi. Mening uyga kirganimni payqamadi, shekilli, boshini ko‘tarib ham qaramadi. O, yo‘q, ayni damda, u nafaqat meni, balki butun dunyoni unutgan, go‘yo tizzasi ustiga qo‘yib olgan kitobning qat-qatiga singib ketgandek, biror-bir tuki qilt etmas, yuz-ko‘zida xayolning og‘ir sharpalari suzib yurar, lablarini cho‘chchaytirib olgan edi. Kitobni shoshilmay, bitta-bitta varaqlar, har bir sahifani berilib, diqqat bilan ko‘zdan kechirar, hech narsani ko‘zdan qochirmas, ba’zan allaqaysi suratga uzoq tikilib qolar, peshonasini tirishtirib allanimalarni xayolidan o‘tkazar, bunday paytda yuzining bir chekkasi xiyol yorishib ketgandek tuyular, ammo bu ifoda bir lahzada g‘oyib bo‘lar, so‘ng xuddi xo‘rsingandek, chuqur nafas olib, jimgina navbatdagi sahifani ochar edi. Hali esini tanimagan go‘dakning bunday vazmin va jiddiy tortgancha kitob varaqlab o‘tirishi, tabiiyki, har qanday kishini hayratga solardi. Ammo o‘g‘lim shunchaki o‘ynagan bo‘lib, kitob titkilayotgani yo‘q, balki yuragiga qutqu solgan o‘sha sirli narsani kitob orasidan izlayotgandi. Boya uyga bosh suqib, unga ko‘zim tushgan zahotiyoq ko‘nglimdan shunday o‘y kechgan edi.

Ostonada ancha payt turib qoldim. Bir payt o‘g‘lim nimadandir xayoli bo‘lindi, shekilli, kitobdan nigohini uzdi-da, boshini o‘girib menga qaradi: ammo ko‘zimiz ko‘zimizga tushganda ham, uning yuzida qilt etgan o‘zgarish alomati sezilmadi. Xuddi meni tanimayotgandek sovuq va begonasirab tikilib turar, nigohi allaqanday qayg‘uli va g‘amgin edi. Aftidan, uni xayol butkul chalg‘itib qo‘ygan yoki jismu jussasi karaxt tortib qolganidan hech narsa sezmas va idrok etmasdi. Men bularni ichimdan to‘qib-bichib aytayotganim yo‘q, balki o‘g‘limning ayni damdagi holatini boshqacha izohlab bo‘lmasdi. Odatda, har kuni uyga kelganimda u meni ko‘rgan zahotiyoq irg‘ishlab, bag‘rimga talpinar, quvonchdan ko‘zlari porlab ketardi. Ayni damda esa, biz xuddi ikki notanish kimsa kabi bir-birimizga begonasirab tikilib turardik.

Ancha paytdan so‘ng o‘g‘lim nigohini xuddi qiynalgandek bazo‘r uzib oldi-da, og‘ir xo‘rsinib, tag‘in jimgina kitobni titkilashga tushdi. U mening ostonada o‘ziga tikilib turganimni birdan esidan chiqarib yuborgandek, qayta o‘grilib qaramadi ham.

Men kutilmaganda juda g‘alati ahvolga tushdim, xuddi begona uyga adashib kirib qolgan kimsadek, o‘zimni noqulay his etar, ostonada tosh qotib turishni ham, tashqariga chiqib ketishni ham bilmasdim.

Shu payt boya uyga qaytayotib, yo‘l-yo‘lakay do‘kondan xarid qilgan o‘yinchoqlar tuyqus yodimga tushib qoldi-yu, hali qo‘limdan ham qo‘yishga ulgurmagan to‘rxaltani shosha-pisha titkilay boshladim. Men hayajonlangan ko‘yi o‘yinchoqlarni to‘rxaltadan olib, o‘g‘limning qarshisiga terib qo‘ydim. Keyin qaddimni rostlab: – Muayyad! – dedim ovozimni ko‘tarib. Ovozim hayajon va entikishga qorishib eshitilganidan o‘zim ham g‘alati bo‘lib ketdim. – Qara, o‘g‘lim, senga qanday chiroyli o‘yinchoqlar olib keldim.

Darvoqe, o‘yinchoqlar juda bejirim va chiroyli edi, har qanday bolaning e’tiborini birdan o‘ziga tortib, ko‘zini o‘ynatib yuborishi tayin edi. O‘g‘lim ham kitobdan nigohini uzib, o‘yinchoqlarga tikilib qoldi. Aftidan, o‘yinchoqlar unga yoqib tushdi, shekilli, birdan quruqshagan lablari yoyilib, ko‘zlaridagi rutubatli ifoda allaqayoqqa g‘oyib bo‘ldi. Ammo tizzasi ustidagi kitobni mahkam ushlab olgan, chamasi, undan hali xayolini butunlay uzolmagan edi.

Biroq oradan bir lahza o‘tib-o‘tmay, uning ko‘nglida uyg‘ongan qiziqish hissi birdan so‘nib qoldi, shekilli, tag‘in qaboqlari solinib kela boshladi. O‘g‘lim o‘yinchoqlarga qo‘l urish u yoqda tursin, hatto shu tomonga talpinishga ham ro‘yxush qilmadi. Faqat o‘yinchoqlardan nigohini uzib olayotib, go‘yo bularni nima maqsadda olib kelganimni ich-ichidan yaxshi anglab turgandek, ko‘zlarini katta-katta ochgancha, yalt etib menga qaradi va bir muddat kiprik qoqmay tikilib qoldi. O, uning tig‘dek o‘tkir, iztirobu alam qorishib ketgan nigohiga dosh berish juda og‘ir edi. Ammo bizning ko‘zlarimiz to‘qnash kelganda, men uning nigohidan shunchalik ko‘p narsani uqib oldimki, azbaroyi yuragim qo‘rquv va vahimaga to‘lib qolganidan, birdan bo‘shashib ketdim.

O‘g‘lim o‘zini qiynayotgan dardu baloga kecha yoki bugun chalinmagan, balki bunga ancha payt bo‘lgan, ehtimol, dunyoga kelgan zahotiyoq u mo‘ru malaxdek uning etagiga yopishgan va kunlar o‘tgan sayin butkul jismu jussasini o‘rab-chirmab olgan edi.

Ha, ha, shunday, ayni damda o‘g‘limning inon-ixtiyori o‘zida emasdi, bu dard qora xayol kabi fikru zikrini band etib, butkul o‘z izmiga solib olishga ulgurgan edi.

Eng dahshatlisi, o‘g‘limning bizdan – men va xotinimdan allaqachon ko‘ngli sovigan va biz, ikki qutbning o‘rtasida tubsiz jarlik paydo bo‘lgan edi. Bizning mehru muhabbatimiz, yeru ko‘kka ishonmay suyub erkalashlarimiz uning muz tortgan yuragini endi qayta ilita olmas, xuddi mehrga to‘ymagan, mudom xo‘rlik, jabru sitamdan boshi chiqmagan o‘gay farzand singari allaqachon bag‘rimizdan bosh olib ketgan va o‘zga bir dunyoda sarson-sargardon tentirab yurar edi.

U o‘zi adashib kirib qolgan bu dunyo murg‘ak ko‘ngliga muttasil azob va iztirob o‘tini solib tursa-da, bizning bag‘rimizga qaytishni sira xayoliga keltirmas, go‘yo boshidan kechirayotgan jabru sitamlar jismu jussasiga rohat bag‘ish­layotgandek tobora uzoqlashib borardi.

Ehtimol, o‘g‘lim bu dardu sitam xuddi qora ko‘lanka singari vahm bilan ustiga bostirib kelgan payt ko‘mak va najot istab, bizning bag‘rimizga talpingan, chinqirib yig‘lagancha nola qilgan, umid va ilinj bilan og‘zimizga tikilgan, sog‘inch va iztirobdan ko‘zlari tolib qolgan, ammo umidu iltijosi, nolayu fig‘oni xuddi suvga otilgan tosh singari sas-sadosiz ketayotganini ko‘rgach, tushkunlikning beayov iskanjasida bizning bag‘rimizdan bosh olib ketishga majbur bo‘lgandir.

Yo‘q, yo‘q, o‘g‘lim xayolini o‘g‘irlab, butkul o‘z izmu ixtiyoriga solib olgan o‘sha sirli narsani, eng avvalo, bizning jismu jussamizdan izlagan, ko‘nglimizning hech qachon ochilmagani bois zang va rutubat bosib ketgan eshiklarini umid va ilinj bilan uzoq payt taqillatib turgan, hatto ovoz berib chaqirgan, ammo ichkaridan o‘zini daf’atan quvontirib yuboradigan biror-bir sas-sado eshitilavermagach, tushkun va umidsiz qiyofada iziga qaytib ketgan. Biz esa, uning ahvol-ruhiyasi, yurak urishi, intilishu iztiroblaridan mutlaqo bexabar holda g‘aflat ko‘rpasiga burkanib yashagan, shirin so‘z va erkalashlarimiz bilan murg‘ak qalbini quvontirayapmiz, deb o‘z-o‘zimizni aldab kelgan, aslida esa, uning ko‘m-ko‘k maysa singari o‘sa boshlagan umidu ishonchini shafqatsizlarcha toptab tashlagan edik. O‘g‘lim bizning bag‘rimizga talpinarkan, butkul o‘zga narsalarni izlagan, ammo tashlandiq uy singari xarobaga aylanib, huvillab yotgan qalbimizni ko‘rgach, birdan ishonchu umidi so‘nib qolgan edi. U bizdan qanchalik tez uzoqlashsa, shunchalik yengil tortib borardi.

Men boya o‘g‘limning nigohidan shularni uqib olgan va azbaroyi dahshatga tushganimdan yuragim muz tortib ketgan edi.

* * *

Oqshom biz o‘g‘limni butunlay o‘z holiga tashlab qo‘ydik. O‘g‘lim tun allamahal bo‘lgunga qadar uy ichida u yoqdan-bu yoqqa tentirab, xayolini butkul o‘g‘irlab qo‘ygan o‘sha narsani besamar izlab yurdi. Na mening, na onasining quchog‘iga talpindi; injiqlik va xarxasha ham qilmadi. Faqat ko‘zlariga uyquning achchiq zahri qadalgandan so‘nggina injiqlanib, yig‘lashga tushdi. Onasi uni jimgina beshikka yotqizib, tebratgach, tezda uxlab qoldi.

* * *

Aniq yodimda yo‘q, haftaning chorshanba yo payshanba kuni edi, biz Muayyadni do‘xtirga olib bordik. Zero, bundan bo‘lak choramiz qolmagan, uni rosmana kasal deb ayta olmasak-da, allanimaning ko‘yida ichikkandan so‘lib-sarg‘ayib borayotgan yuziga jimgina tikilib yashay olmasdik.

Buni qarangki, hammasi men o‘ylagandan mutlaqo boshqacha bo‘lib chiqdi. Do‘xtir o‘zining birgina istehzoli kulgisi bilan ko‘ng­limga tinimsiz qo‘rquv va vahima solayotgan noxush o‘ylarni chippakka chiqarib yubordi. U, aftidan, o‘z kasbini miridan-sirigacha bilar, har bir so‘zini ishonch bilan gapirar, ortiqcha e’tiroz va tushunmovchilikka o‘rin qoldirmasdi.

Do‘xtir bizni ochiq yuz bilan iliqqina qarshi olar ekan, mening o‘g‘lim qanday kasallikka chalinib qolgani haqidagi gaplarimni oxirigacha jimgina eshitdi. Uning o‘ychan tortgan yuzidan biror-bir ma’noni uqib olish qiyin edi, faqat xotinimning tizzasida lab-lunjini osiltirgancha, tumshayib o‘tirgan o‘g‘limga tikilib razm solarkan, kutilmaganda o‘zini tutolmay birdan qah-qah urib yubordi. Kulgisi zarbidan xona derazasi oynalari zirqirab ketgandek tuyuldi. Men hayron qolgancha savolomuz qaradim: kulgi ta’sirida uning ko‘zlari yoshlanib, ikki yuzi qip-qizil tortgan edi.

– Obbo sizni-yey, – dedi u o‘zini kulgidan bazo‘r tiyar ekan. – O‘ylab topgan gapingizni qarang: allanimani izlarmish! O‘g‘lingiz hali esini tanib ulgurmagan go‘dak-ku, mushtdek boshi bilan nimani izlashi mumkin?! Bunday gaplarni qayerdan topdingiz, sira aqlim yetmaydi.

U so‘zini qisqa qildi, boya nechog‘lik tez sharaqlab kulgan bo‘lsa, shunchalik kutilmaganda jiddiy tortib, o‘g‘limni xona to‘ridagi oppoq choyshab to‘shalgan to‘shakka yotqizdi-da, ko‘zdan kechira boshladi. U engashgan holda, begonasirayotganidan tinimsiz tipirchilayotgan o‘g‘limning goh qornini bosib ko‘rar, goho qaboqlarini ko‘tarib, ko‘zi ostiga qarar va ora-sirada xotinimga yuzlanib, tug‘ilganda yig‘laganmidi, asosan qaysi paytlar bezovta bo‘ladi, deb so‘rab qo‘yardi. Uning ko‘zlari o‘ychan tortgan, yuzida allaqanday mubham fikrning sharpasi suzib yurar, chamasi, o‘g‘limni qanday dard bezovta qilayotgani haqida o‘ylardi. Keyin u deraza qarshisidagi o‘rindiqqa kelib o‘tirar ekan, menga yuzlandi:

– Xo‘sh, xavotir olmasangiz ham bo‘ladi, – dedi u so‘zlariga imkon qadar salmoq berishga tirishib. – O‘g‘lingiz aytarli jiddiy kasalga chalinmagan. To‘g‘ri, bola nimadandir qattiq bezovta bo‘lib, tinchini yo‘qotgan. Ammo u, siz o‘ylagandek, allanimani izlayotgani yo‘q. Asab­lari buzilgan. Odatda, asabi buzilgan bolalar shunday tinchini yo‘qotib qo‘yadi. O‘z vaqtida oldini olish kerak, yo‘qsa, yomon asorat qoldirishi mumkin. Bolani faqat uyda olib o‘tirish ham yaramaydi, tez-tez toza havoga olib chiqib, aylantirib turish zarur. Onasi ham hamma narsaga siqilavermasin, bu ham sut orqali bolaga ta’sir qiladi. Hozir zarur dorilarni yozib beraman, kuniga uch mahal ichirib turasizlar. Bir haftada hammasi o‘z o‘rniga tushadi.

Men uning gaplarini jimgina tinglar ekanman, o‘zim ham yuragimni bosib yotgan vahm va qo‘rquvdan xalos bo‘lib, ruhim yengil tortib borardim. Xotinimni bilmayman, ammo, mening nazarimda, o‘g‘lim allaqachon sog‘ayib ketgandek tuyular va shuncha kundan buyon behuda qo‘rqinchli xayollarga berilib, vahimaga tushib yurganimni o‘ylab, o‘z-o‘zimdan uyalib ketdim.

Biz do‘xtirning huzuridan yengil tortib chiqdik.

* * *

Oqshom uyimizda ancha kundan buyon birinchi marta sokin va yoqimli jimlik cho‘kdi: xotinim o‘g‘lim kasalga chalinganidan buyon tuzuk-quruq qo‘l urmaganidan to‘zib ketgan uyni supurib-sidirar, buyum va jihozlarning chang-chungini artib, tartibga keltirar edi. Uning ancha chiroyi ochilgan, ko‘zlaridagi g‘ussali ifoda g‘oyib bo‘lgan edi.

O‘g‘lim do‘xtir tavsiya etgan dorilarni ichgach, go‘yoki mo‘’jiza ro‘y bergandek, kechagi bezovtaligi birdan yo‘qolib, muloyim tortib qolgan, garchi yuz-ko‘zidan hali-hanuz tund va rutubatli ifoda arimagan esa-da, endi ortiq nimanidir izlashga urinmas, bo‘shashgan ko‘yi mudrab o‘tirar, uyqu seli bostirib kelayotganidan ko‘zlari dam-badam yumilib-yumilib ketar edi. Eng muhimi, onasi ko‘krak tutganda, injiqlik qilmay olgan va cho‘lpillatib-cho‘lpillatib uzoq emgan edi. Bu, tabiiyki, yaxshilik alomati edi. Uning ishtahasi ochilgani dard asta-sekin ortga chekinayotganini so‘zsiz aytib turardi.

Buning ustiga, odatdagidan ancha barvaqt – hali onasi beshikka belashga ulgurmay turib, shunday ko‘rpacha ustida uxlab qoldi. Tosh qotib uxlar, nafas olishi sokinlashgan, chamasi, uning ichikish va bezovtalikdan toliqqan vujudi orom olayotgan edi.

Men do‘xtir tavsiya etgan dorilarning birinchi kundan shunday ta’sir qilganini xayolimdan o‘tkazar ekanman, o‘g‘lim hademay dard ko‘rmagandek, butkul sog‘ayib ketishi, uning kulgusi tag‘in uyimizni to‘ldirishi, ko‘nglimizga quvonch va umid olib kirishiga aslo shubha qilmasdim.

* * *

Ilmiy ishimni himoya qilish kuni yaqin qolgan, jiddiy tayyorgarlik ko‘rishim kerak edi. Shu bois dissertatsiyamni yana bir karra ko‘zdan kechirib chiqib, tartibga solish, uch nusxada ko‘paytirib, institutdagi obro‘li domlalarga taqrizga berish va hatto himoyadan so‘ng mo‘ljallangan ziyofat to‘g‘risida o‘ylashim lozim edi. Men shularni o‘ylab, ertalab uydan chiqib ketar, kun uzog‘i yugur-yugurdan daydi itdek toliqib, oqshom payti qaytib kelardim.

O‘g‘lim ham, nazarimda, asta-sekin sog‘ayib­­ borar, uni ortiq hech narsa bezovta qilmay qo‘ygan, rang-ro‘yi ham o‘ziga kelib qolgandi. Faqat chaqaloqlik kezlaridagi kabi kunni tunga, tunni kunga ulab uxlar, uyqudan uyg‘ongan kezlari ham ko‘zlarini bazo‘r ochib, esnab-esnab o‘tirar edi. Xotinim uning bu holatini kasallikdan keyingi darmonsizlikka yo‘yarkan, bolam sho‘rlik ozmuncha dard chekdimi, bir haftaning ichida ozib-to‘zib, cho‘pdek bo‘p qoldi, iloyo, barcha ko‘rganlari shu bo‘lsin, deya yozg‘irib qo‘yardi. Nazarimda, u o‘g‘limdan ko‘ra ko‘proq o‘zining zada tortib qolgan ko‘ngliga taskin-tasalli berayotgandek tuyular, hali-hanuz ovozining qat-qatida hadik va xavotir sharpalari sezilib turardi.

* * *

Oradan ko‘p yillar o‘tgach, men shaharda ayni ilmiy ishimni himoya qilish arafasida xuddi qo‘rqinchli tush singari behalovat kechgan hayotimni har gal eslaganimda, jismu jussamni alam va o‘kinch hissi sovuq ilondek o‘rab-chirmab olganidan beixtiyor o‘rnimdan otilib turib ketar, shafqatsizlik bilan ich-etimni kemirayotgan mudhish va azobli o‘ylardan sira qutula olmas, hali tilu zaboni chiqmagan, bu hayotning qo‘yniga bir lahzagina qo‘nib o‘tgan mana shu go‘dak – o‘g‘lim qarshisida o‘zimni nafaqat gunohkor, balki uning shaffof tuyg‘ularini ayovsiz toptab tashlagan, umidu ishonchini poymol etgan yovuz kimsadek his etardim.

Ammo men yuragim kuyib, nechog‘li o‘rtanmay, baribir o‘g‘limga ich-ichimdan havasim kelardi. U garchi bu dunyoning bag‘riga bir nafasgina qo‘nib o‘tgan, hali biror-bir nimaning nomini bilishga ham ulgurmagan bo‘lsa-da, biz hech qachon xayolimizga keltirmagan, ammo hayotning ma’no-mazmuni va mezoni sanalgan o‘sha muqaddas narsani go‘dak tasavvuri bilan anglab yetgan va bir ko‘rishdayoq unga oshufta bo‘lib qolgan, bu sirli xilqat uning mas’um xayollarini yuksak-yuksaklarga parvoz qildirgan, mitti yuragini junbushga solgan, yor hajrida o‘zini unutgan oshiq singari butun vujudi bilan unga tomon intilgan, intila turib yuragi tuyg‘ularga tor kelganidan nolayu fig‘on qilgan, quvonchdan qiyqirib yuborgan, ammo uning quvonchu nolasi, alamu iztirob­lari xuddi allakimning befarosatlarcha tashlagan qadamidan ko‘zi bekilib qolgan muqaddas buloq singari ko‘nglining tub-tubida qolib ketgan edi.

Men, rosti gap, o‘sha kunlarda o‘g‘lim butkul huzur-halovatini yo‘qotib, o‘jarlik bilan kechayu kunduz nimani izlagani va izlayotgan narsasi unga nega kerak bo‘lib qolganidan mutlaqo bexabar, hayotimda qanday ko‘rgilik ro‘y bergan bo‘lsa, barini taqdiri azalning hukmiga yo‘yib, tinchgina yashab yuraverishim mumkin edi. Kim biladi, ehtimol, qismatning yo‘rig‘i shunday kechganda iztirobu azob chekmay, turli xayollarga berilmay, qismatning yozdig‘iga ko‘nikib ketar va oxir-oqibat hamma-hammasini unutib yuborar edim. Axir, bu dunyoda nimalar unutilmaydi, qanday muqaddas tuyg‘ular eskirib burda-burda bo‘lgan libos kabi yo‘qolib ketmaydi, deysiz? Bu dunyoda avval boshdan hamma narsa unut bo‘lishga mahkum etilmaganmi?!

Biroq o‘g‘limning dardi kutilmaganda qayta xuruj qilib qolgan, biz azbaroyi sarosimaga tushganimizdan butkul es-hushimizdan ayrilgan o‘sha kunlarda yo‘lak chetida o‘tiradigan anavi tilanchi chol yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi, bilmayman, tuyqus hovlimizda paydo bo‘ldi-yu, bir zumda hamma narsani ostin-ustun qilib yubordi, u bizga o‘g‘lim shuncha kundan buyon jonsarak va ichikkan ko‘yi qanday sirli narsani izlayotganini aytib ketdi…

* * *

O‘shanda haftaning oxiri – yakshanba kuni edi. O‘g‘lim do‘xtir buyurgan dorilarni allaqachon ichib bo‘lgan va, nazarimda, uning yuz-ko‘zidan dardning og‘ir soyasi asta-sekin ko‘tarilib borardi. Faqat hali-hanuz uyqudan ko‘z ochay demas, uyquning achchiq zahridan qaboqlari shishib ketgan, aftidan, o‘zi ham allaqanday karaxt tortib qolgan edi. Muhimi, u burungidek allanimani izlab bezovta bo‘lmasdi.

Ammo yakshanba kuni ertalab biz xayolimizga ham keltirmagan voqea yuz berdi: o‘g‘lim go‘yo a’zoyi-tanida chidab bo‘lmaydigan og‘riq turgandek, vahm bilan yig‘lagancha uyqudan uyg‘onib ketdi. Allaqanday bo‘g‘iq, alam va iztirob qorishib ketgan yig‘isi bir zumda uy ichini tutdi. O‘g‘lim bo‘g‘ilib yig‘lar va chirangan ko‘yi beshik bog‘ichlaridan qo‘l-oyog‘ini bo‘shatishga urinar, yuzi bo‘zarib qontalash tusga kirgan, tipirchilashidan beshik “g‘iyq-g‘iyq” etib chayqalgancha tebranardi.

Uning yig‘isi qulog‘imga urilgan zahotiyoq, go‘yoki allaqachon unutilgan mudhish xotira kutilmaganda qayta yodimga tushib qolgandek, birdan yuragim sovuq tortib ketdi: ha, bu o‘sha, bir hafta burungi yig‘ining aynan o‘zginasi edi, faqat ayni damda uzoq vaqt damini ichiga yutib yurgan alamzada kimsaning faryodi singari zardali va qahrli tus olganidan, yurakni seskantirib yuborar edi.

Xotinim hovlida qandaydir yumush bilan kuymalanib yurardi, o‘g‘limning yig‘laganini eshitgan zahotiyoq otilib uyga kirdi. Aftidan, u qattiq qo‘rqib ketgan, rang-ro‘yi oqarib, qo‘l-oyog‘i dag‘-dag‘ qaltirar va entikkan ahvolda tez-tez nafas olar edi. U uyga kira solib, o‘zini beshikning ustiga tashladi va shosha-pisha o‘g‘limni yechib oldi-da, bag‘riga bosdi.

Ammo o‘g‘lim onasi bag‘riga borishni istamadi, aksincha, battar chinqirib yig‘lagancha, zarda bilan keskin ravishda o‘zini orqaga siltab tashlab yubordi. Uning boshi xuddi jonsizdek osilib qoldi, nafasi ichiga tushib ketganidan ovozi xirillab, bazo‘r eshitilar, ko‘zlari orqaga tortib ketgan va peshonasidan ter seldek quyilib kelar edi. Xotinim uning ayanchli ahvolini ko‘rib, battar qo‘rqib ketdi va darrov ko‘rpachaga o‘tirg‘izib, piyolada suv olib, tutdi. O‘g‘lim suvni ham ichishni xohlamadi, ammo ko‘rpachada omonatgina chayqalib o‘tirar ekan, kutilmaganda, birdan yig‘lashdan to‘xtadi va uyqu hamda yig‘ining ta’sirida shishib ketgan ko‘zlarini yirib-yirib ochgancha, uy ichiga javdirab tikilib qoldi. U go‘yo bu torgina uy va undagi jihozlarni birinchi marta ko‘rib turgandek, hayrat va qo‘rquv aralash kiprik qoqmay boqar, o‘tkir hamda allaqanday alamli nigohini hamma narsaga bir-bir qadab chiqardi. U daf’atan tinch tortib qolgan edi, ammo ko‘zlarini katta-katta ochgancha javdirab tikilib turishining o‘zi og‘ir va qayg‘uli edi. O‘g‘limni bu dardu balo butkul holdan toydirib tashlagan, eti ustixoniga borib yopishgan, pajmurda jussasiga qarashga yurak betlamasdi.

Men uning mana shunday ayanchli qiyofasiga qarab turib, hamma-hammasini birdan tushunib yetdim-u, ko‘nglim battar qorong‘i tortib ketdi. Biz, xotinim ikkalamiz shuncha kundan buyon o‘g‘limiz darddan xalos bo‘layapti, degan o‘yda o‘z-o‘zimizni behuda aldab kelgan, uning dardi tuzalish o‘rniga battar zo‘raygan edi. Do‘xtir tavsiya etgan dorilar o‘g‘limga zig‘ircha ta’sir qilmagan, aksincha, asablarini qaqshatib, battar jizzaki va injiq qilib tashlagan edi. Boyagi jazavaga tushgan ko‘yi chinqirib yig‘lashi ham shundan darak berib turar, chunki ilgari hech qachon bunchalik o‘zini yo‘qotib zorlanmagan edi.

Ha, shunday, biz kutgandek, o‘g‘lim etagiga yopishgan bu darddan xalos bo‘lmagan, garchi o‘n kundan buyon uyqudan ko‘z ochmay yotgan esa-da, o‘sha xayolini o‘g‘irlagan sirli narsani unutib yuborolmagan edi. Yo‘q, chamasi, o‘g‘lim kechayu kunduz ishonchu umidini yo‘qotmay, o‘sha sirli xilqatning yodi bilan yashagan, uyqu saltanatining ko‘z ilg‘amas sarhadlarida sarson-sargardon kezingan, o‘zini har tomonga tashlab, nolayu fig‘on qilgan, tipirchilab bezovta urayotgan yuragi alam va iztirobga to‘lib ketgan, ammo uyquning ko‘z ilg‘amas to‘rlaridan xalos bo‘lishning imkonini topa olmagan. Yo‘q, yo‘q, uyqu saltanati uni xuddi ertaklardagi jodulab tashlangan pahlavon kabi bag‘rida mahkam tutib turgan, qimir etishga imkon bermagan edi.

O‘g‘limning o‘sha, o‘zi ichikkan ko‘yi izlayotgan sirli narsaga muhabbatiyu oshuftaligi yanada ortgan, u go‘yo ma’shuqasidan ayrilgan oshiq singari telbaga aylanib qolgan, o‘rtanib olov kabi yonayotgan yuragining hovurini esa hech vaqo bosa olmas, aftidan, uning ko‘ziga o‘sha sirli xilqatdan boshqa hech narsa ko‘rinmasdi.

U ayni damda yiqilib tushadigandek bir ahvolda chayqalibgina o‘tirib, uyning qorong‘i tortgan burchaklariga kiprik qoqmay tikilar ekan, hech shubhasiz, o‘sha xayolini o‘g‘irlab qo‘ygan sirli narsani izlar edi.

* * *

O‘g‘lim o‘sha kuni ortiqcha injiqlik va xarxasha qilmay, uy ichini obdon ko‘zdan kechirib chiqdi. Ilgari ham ming marta nigohi tushgan, qo‘lchalari bilan ushlab ko‘rgan buyumlarni yana erinmay qayta titkilar, sinchkov va bezovta razm solar edi. Ammo o‘zi jonsarak bo‘lib izlayotgan o‘sha sirli narsani hech qayerdan topa olmas, bunday paytda birdan bo‘shashib, qo‘lchalari shalvirab osilib tushar va istamaygina naryoqqa emak­lab ketardi. U, aftidan, bizni butunlay esdan chiqarib qo‘yganga o‘xshar, o‘zini shunchalik befarq va e’tiborsiz tutardiki, qarab turib beixtiyor taajjubga tushardi kishi. U ertalab vahm bilan yig‘lagan ko‘yi uyqudan uyg‘onganidan buyon biror marta bo‘lsin, na mening va na onasining bag‘riga talpingan, loaqal boshini o‘girib qarab qo‘ymagan edi. Chamasi, xayolida in qurib olgan bu dard o‘g‘limni butkul gangitib tashlagan va u o‘z-o‘zi bilan ovora bo‘lib qolganga o‘xshardi.

O‘g‘lim shu alpozda uy ichini bir qur titkilab chiqqach, kutilmaganda shitob bilan emaklagancha ostonaga keldi va yerga yastanib o‘tirib oldi-da, qo‘lchalari bilan apil-tapil tirnagancha eshikni ochishga urina boshladi. U xuddi qotgan nonni ochko‘zlik bilan kemirayotgan sichqondek eshikni tez-tez tirnar, tirnoqlari ostidan chiqayotgan “qirt-qirt” etgan bo‘g‘iq ovoz yurakka og‘ir sanchilib, sukunatga botib yotgan uy ichiga tahlikali yoyilar edi.

O‘g‘lim shunchaki o‘yinqaroqligi tutib, eshikni tirnayotganga o‘xshamasdi, balki uni rostakamiga ochishga urinar, har bir xatti-harakati qat’iy va zardali edi. O, yo‘q, uni ostonaga bosh­qa o‘y yetaklab kelganga o‘xshar, chamasi, o‘zining xayolini o‘g‘irlab qo‘ygan o‘sha sirli narsani uydan joni halak bo‘lib qanchalik izlamasin, baribir topa olmasligiga ko‘zi yetgan va uni endi tashqaridan izlash maqsadida eshikni ochishga urinayotgan edi. Ha, ha, rost, uning qiyofasini chulg‘ab olgan o‘jar ifoda ham shundan darak berib turar, ayni damda eshik ochiq bo‘lsa, bizga – ortida nafasini ichiga yutgan ko‘yi yurak hovuchlab turgan ota-onasiga qayrilib ham qaramay, tashqariga chiqib ketishi aniq edi.

O‘g‘lim o‘jarlik bilan eshikni ochishga uzoq urindi, ammo ocha olmadi, eshik zildek og‘ir, buning ustiga, ichkaridan qulflab qo‘yilgan edi, so‘ng tirnoqlari tirnalib og‘riganidanmi yoki azbaroyi xo‘rlik va alam hissi bosib kelganidanmi, iddao bilan o‘zini orqaga tashlab yubordi, boshi “gurs” etib yerga urildi va bo‘g‘zidan otilib chiqqan achchiq yig‘i uy ichini tutib ketdi.

O‘g‘lim yer bilan bitta bo‘lib yotar, o‘zini bosa olmay yig‘lar, yuragi alamga to‘lganidan oyoqchalari bilan yerni “gurs-gurs” tepib qo‘yardi.

Xotinim o‘zini tuta olmay hiqillab yig‘lagancha darrov uni ko‘tarib oldi-da, bag‘riga bosdi. Men o‘g‘limni xuddi o‘tgan safargidek hech narsa bilan ovutib bo‘lmasligini, bizning shirin so‘zu erkalashlarimiz uning zimistonga aylanib ketgan ko‘ngliga yorug‘lik olib kirmasligini ich-ichimdan sezib turardim. Men shu o‘yni xayolimdan o‘tkazar ekanman, xuddi chorasiz qolgan kimsadek sudralib qadam bosgancha tashqariga chiqdim.

O‘g‘limning boyagi ayanchli holati sira ko‘z o‘ngimdan nari ketmas, xuddi mudhish va xunuk manzara singari yuragimda qattiq og‘riq qo‘zg‘ar, xayolimni to‘zg‘itib yuborgan edi.

Rostini aytganda, men o‘g‘lim hademay dard ko‘rmagandek, butkul sog‘ayib ketishiga qattiq ishongan va bu haqda deyarli o‘ylamay qo‘ygandim. Ammo kutilmaganda uning dardi qayta xuruj qilishi mening oroyish topgan xayolimni birdan ostin-ustun etib yuborgan, ayni damda aqlim hech narsani tuzuk-quruq idrok qilmasdi.

Aslida bu dardu bedavo o‘g‘limning etagiga qayerdan yopishganiga sira aqlim yetmasdi. U onadan soppa-sog‘ va to‘rt muchasi but tug‘ilgan, chaqaloqlik damlari ham tinch va osoyishta o‘tgan, aytishga arziydigan biror-bir kasallikka chalinmagan, biz o‘sha kezlarda uning na uyqusida va na o‘ngida biror noxushlik yuz ko‘rsatganini sezmagan edik.

Ehtimol, bu dard suyak surganmikin?! Axir, shunday ham bo‘lishi mumkin-ku! Yo‘q, yo‘q, nimalar deb aljirayapman, o‘zi, bunday bo‘lishi aslo mumkin emas. Avlodimizda hech kim bunaqa dard bilan og‘rimagan, bobolarim hayotda qandaydir qora xayolga berilmay, tinchgina umrguzaronlik qilishgan – men buni aniq bilaman.

Ammo o‘g‘lim-chi, o‘g‘lim?! U kutilmaganda bu dardga qanday chalinib qoldi?! Bu qanday dard, o‘zi?! Uning davosi bormi?!

Ayni damda men o‘zimni hech narsa bilan ovutolmas, vahima va xavotir to‘lib ketgan ko‘nglimga yolg‘ondan taskin-tasalli bera olmasdim. Axir, shunday ko‘z o‘ngimda o‘g‘limni qandaydir dard ayovsiz ezg‘ilab, tobora o‘z komiga tortib borar, men esa unga na najot va na dalda bera olaman…

Darvoqe, o‘g‘lim bu gal avvalgidan ham og‘ir ahvolga tushgan, uni bu sirli dard butkul iskanjasiga olib, quturgan shamol yaproqni qanday chirpirak aylantirsa, xuddi shunday shafqatsizlik bilan ezg‘ilar, bir dam bo‘lsa-da o‘z holiga qo‘ymasdi. Men kunlar o‘tgan sayin bunga yanada qattiqroq ishonch hosil qilib borardim. O‘g‘lim uyqusini butkul yo‘qotgan, oqshom mahali xotinim uni majburan beshikka belaganda, ko‘ziga bir chimdim uyqu olganini aytmaganda, deyarli uxlamas, tunda xuddi oyparast kimsa singari uy ichida u yoqdan-bu yoqqa tinimsiz emaklab yurar, allanimalarni qitir-qitir kovlashtirar, ba’zan esa qaysidir burchakda bir nuqtaga tikilgancha toshdek qotib o‘tirar, ko‘zlari qorong‘ilik qa’rida xuddi unutilib qoldirilgan bir juft chiroqdek chaqnab turardi. Uning hayotida kun bilan tun butkul qorishib ketgan edi.

U ovqatga ham qaramasdi, faqat onasi ko‘krak tutganda, injiqlik qilmay jimgina emar, go‘yo sutning lazzatli va hayotbaxsh ta’midan butun a’zoyi-tani rohat qilayotgandek ko‘zlari yumilib-yumilib ketar va shunday damlarda uning yuziga qon yugurib qolgandek tuyular edi. Ammo bularning bari o‘tkinchi bir hol edi, chunki o‘g‘lim hali onasining bag‘ridan bo‘shashga ulgurmay turib, kutilmaganda qiynalib-qiynalib o‘qchigancha hozirgina emgan sutini qayt qilib tashlardi.

Hayratlanarli tomoni shunda ediki, o‘g‘limga uyqusizlik va ochlik negadir ta’sir qilmayotgandek tuyulardi, aslida meni ana shu hol qattiq tashvishga solardi. Chunki o‘g‘limning jismu jussasida toliqish yoki charchoq alomatli sezilmas, u hamisha allaqanday tetik qiyofada uy ichida tentirab yurar, xatti-harakatlari qat’iy va shiddatli edi. Men ba’zan unga tikilib turib, go‘dak boshi bilan shunchalik kuch-qud­rat va sabr-bardoshni qayerdan olayotganini o‘ylab, aqlim shoshardi.

Ammo bu dardu balo o‘g‘limga zohiran ta’sirini o‘tkazayotganini, uni ustalik bilan asta-sekin holdan toydirib borayotganini ich-­ichimdan sezib turardim. Aslida mening ko‘ng­limga ana shu o‘y qo‘rquv va vahm solardi: axir, hammasi bir umrga shunday davom etavermaydi, bugun bo‘lmasa, ertaga hayotimda nimadir kutilmaganda “chirt” etib uziladi-yu, barchasi birdan tamom bo‘ladi, degan fikrdan ba’zan yuragim uvishib ketardi.

Nazarimda, o‘g‘limning ruhiyatiga qandaydir yovuz kuch bostirib kirib, makon tutib olgan va uni ustalik bilan boshqarib turardi. O‘g‘lim butun inon-ixtiyorini shu makkor kuchning izmu ixtiyoriga berib qo‘ygan, u qayoqqa boshlasa, shu tomonga yurar, nimani buyursa, itoatkorlik bilan shuni bajarar edi. Ha, aslida ham shunday: o‘g‘lim hali aqlini ham tanimagan murg‘ak go‘dak, uning qandaydir sirli narsaning ko‘­yida bunchalik ichikishini sira aqlga sig‘dirib bo‘lmaydi. Uni, hech shubhasiz, dard shaklida ko‘rinish bergan qandaydir qora kuch boshqarib turibdi. Shu yovuz kuch uni bizning quchog‘imizdan yulqib olgan va yetti yot begona xilqatga aylantirib qo‘ygan.

Albatta, bu haqda o‘ylash menga juda og‘ir edi. Axir, u begona emas, yurak qo‘rimdan yaralgan to‘ng‘ich farzandim edi, uning bu dunyoga kelishi bo‘m-bo‘sh tortgan ko‘nglimni to‘ldirgan, hayotimga rang va mazmun olib kirgan edi. Yo‘q, yo‘q, bu hayotda har qanday razolat, xunrezlik ro‘y berishi, hatto dunyo teskari aylanishi mumkin, bu meni sira ajablantirmaydi. Ammo menga tortiq etilgan shu norasida jondan – o‘g‘limdan judo bo‘lishga, ajal uni bag‘rimdan yulqib olishiga toqat qilib bo‘larmidi?!

Ammo o‘g‘limning turish-turmushi xuddi rad etib bo‘lmaydigan haqiqat singari butkul boshqa narsalarni aytib turardi. Uning ichi-­ichiga cho‘kkan ko‘zlariga tikilib turib, o‘zimga nisbatan na mehru muhabbat, na talpinish ifodasini topardim. Yo‘q, yo‘q, bu shunchaki araz yoki iddao emasdi, balki o‘g‘limning ko‘nglida nimalar kechayotgan bo‘lsa, barisini nigohi aniq-taniq so‘zlab turardi. Uning ko‘zlariga tikilib, o‘zim haqimdagi haqiqatni yanada aniq-taniq o‘qirdim. Nazarimda, o‘g‘limning go‘dak tasavvuridan bizning – men va xotinimning qiyofamiz butkul o‘chib ketgan edi. Vaholanki, uning buloq suvidek zilol, tip-tiniq xotirasidan eng avvalo, biz joy olishimiz kerak edi. Hayhot, o‘g‘lim bizni unutib qo‘ygan, o, nafaqat unutgan, balki tashlandiq buyum singari shuuri tasavvuridan butunlay o‘chirib tashlagan edi.

Kim biladi, ehtimol, o‘sha, o‘zi joni halak bo‘lib izlayotgan narsa uning xayolini butkul chalg‘itgan, dunyo singari bizni ham yovuz va jirkanch qiyofaga solib ko‘rsatgandir. Bilmayman, har narsa bo‘lishi mumkin. Ammo men o‘g‘limni bizdan ko‘ngli sovib, begona tortib qolganini hech narsa bilan inkor eta olmasdim.

* * *

O‘g‘limning dardi qayta xuruj qilganining to‘rtinchi kuni edi, uyimizga kutilmaganda talaba yillaridagi do‘stim eshik qoqib kirib keldi. Uning ismi Hayot edi. Janubiy viloyatlarning birida tug‘ilib o‘sgan, qoramag‘iz, bo‘ychan va chayir yigit edi. Biz u bilan talabalik davrining barcha quvonchu zahmatini birga “baham” ko‘rgan, yupun va g‘arib, ammo orzu-umid­larga boy navqironlik fasli bizni o‘zimiz sezmagan holda bir-birimizga juda yaqin qilib qo‘ygandi. Hayot ochiqko‘ngil, dali-g‘uli, bir so‘zli yigit edi. Biz bir-birimizni tez va oson tushunar, ko‘nglimizda paydo bo‘lgan sir uzoq vaqt yashirinib yotmasdi.

Faqat dorilfununni tugatish arafasida bizning yo‘limiz turmushning boshqa-boshqa ko‘chalariga qayrilib ketgan, o‘rtamizda ilimiliq munosabat yuzaga kelgan edi. Hayot talabalik yillarida institutni tugatgach, qishloqqa qaytib borib, bolalarga saboq berishni orziqib gapirib yursa-da, baxtga qarshi shaharda qolib ketdi. Ammo men ayni damda u shaharning qaysi qo‘njida yashashi-yu, qanday yumush bilan band ekanini bilmasdim. O‘zi ham bu haqda og‘iz ochishni istamas, ba’zan uchrashib qolgan paytlarimizda so‘rab-surishtirishga tushsam, uzuq-yuluq javob berishdan nariga o‘tmasdi.

Kim qanday o‘ylaydi, bilmayman, ammo bu hayotda odamning do‘sti juda kam bo‘ladi. U mening talabalik yillarida orttirgan yakkayu yolg‘iz do‘stim edi. Uning ismi Hayot edi, bir paytlar hayotning o‘zi kabi jo‘shqin, sarkash va o‘t-olov edi. Xotiramda ana shunday qiyofada qattiq muhrlanib qolgan edi.

Ammo keyinchalik u mening shunday ko‘z o‘ngimda birdan o‘zgarib ketdi, yashashga bo‘lgan jo‘shqin muhabbatiyu ishtiyoqi, xayoldek pokiza va uchqur orzu-umidlari xuddi bozillab yashnab turgan cho‘qqa suv sepilgandek, birdan so‘nib qoldi. Aftidan, u tushkun va umidsiz kayfiyatdan sira xalos bo‘la olmasdi, shekilli, hamma narsaga loqayd va e’tiborsiz qarardi. Men ko‘pincha uning qarimsiq tusga kirgan aft-angoriga qarab turib, kechagina hayot, kelajakdagi orzu-umidlari haqida ba’zan tongga qadar jo‘shib gapirgan, bu dunyodan faqat ezgulik izlagan yigitni mutlaqo taniy olmay qolardim. U aql bovar qilmas asnoda o‘zgarib ketgandi.

Aslida uning tabiatidagi bu favqulodda o‘zgarish ancha ilgari, institutni tugallash arafasida ro‘y bergan edi. Hali ta’til kunlari yetib kelishiga ham sabri chidamay, to‘satdan qishlog‘iga otlanib qolgandi. Jo‘nab ketishdan avval xavotirga tushgan ko‘yi, juda noxush tush ko‘rdim, ishqilib, uyda tinchlik bo‘lsin-da, degan edi. U faqirgina oilada o‘sib-ulg‘aygan, kamxarj, shaharda o‘z kunini o‘zi ko‘rar, odatda, to‘rt-besh oyda bir marta qishlog‘iga borib kelardi.

U o‘shanda oradan uch kun o‘tib qaytib kelgan. Ammo men uni daf’atan taniy olmagan edim: bor-yo‘g‘i uch kun ichida butkul ozib-to‘zib, arvohga o‘xshab qolgan, tim qora sochlari birdan oqarib ketgan, ko‘zlari tushkun va umidsiz boqar edi. Men uning bunday qayg‘uga botgan aft-angoriga qarab turib, uyida qandaydir musibat yuz bergan bo‘lsa kerak, degan o‘yga borgan, biroq dabdurustdan so‘rashga botina olmagan edim. Yo‘q, aniqrog‘i, undan yurak yutib, qanday so‘rashni bilmaganman, chunki qiyofasi shunchalik tushkun va alamli ediki, kishini birdan esankiratib qo‘yardi. Uning o‘zi ham go‘yo qo‘rquv va vahmdan jismu jussasi butkul karaxt tortib qolgandek, ikki kun miq etmagan, faqat bir nuqtaga tikilib o‘tirgan edi.

Keyin, oqshom mahali u kutilmaganda tilga kirgan va xuddi bo‘g‘ziga tosh qadalgandek yuzini ayanchli tirishtirgancha qiynalib-qiynalib, qishlog‘idagi yakkayu yagona tobut o‘z-o‘zidan allaqayoqqa g‘oyib bo‘lgani va jinni qiz haqidagi g‘alati voqealarni gapirib bergan edi. Men o‘shanda uning ovozida zang urayotgan qo‘rquv va vahm sharpasini aniq-taniq his etgan va bundan o‘zimning yuragimga ham qo‘rquv oralab qolgan edi. Ammo o‘shanda men uning telba-teskari gap­lariga sira ishonmagan, ko‘nglimdan Hayot aqldan ozib qolibdi, degan noxush o‘y kechgan edi. U esa, o‘zini butkul unutgan ko‘yi uzoq gapirgan, ko‘nglidagi barcha dardu hasratini oqizmay-tomizmay to‘kib solgan, alam va iztirob jismu jussasini junbushga solganidan o‘zini bosolmay qon bo‘lib uzoq yig‘lagan edi.

Shundan so‘ng u bu haqda qayta og‘iz ochmadi. Amal-taqal qilib o‘qishni tugatgach, shaharda qolib ketdi. Men, boya aytganimdek, ayni paytda u shaharning qaysi qo‘njida yashashiyu, qanday yumush bilan mashg‘ul ekanini bilmasdim. Uning o‘zi onda-sonda meni yo‘qlab, ijara uyimga kelib turardi. Odatda, xuddi osmondan tushgandek, kutilmaganda, hovlimizda paydo bo‘lar va ba’zan tuzuk-quruq hol-ahvol so‘rashishga ham ulgurmay turib darrov iziga qaytib ketardi.

Rostini aytganda, Hayot bilan o‘rtamizda talabalik yillarining tiniq va beg‘ubor xotiralaridan bo‘lak hech narsa qolmagan edi. Men ilgari uning kuyib borayotgan umri, aftadahol va savdoyi aft-angorini xayolimdan o‘tkazar ekanman, yuragim tuz sepgandek achishar, unga ko‘mak berish, ko‘nglida yana umid va ishonch uyg‘otish haqida o‘ylardim.

Baxtga qarshi, barcha urinishlarim, nasihatomuz gap-so‘zlarim besamar ketayotganini ko‘rgach, o‘zim sezmagan holda uni yomon ko‘rib qolgan edim. U uyimizga kirib kelgan paytda o‘zimni negadir noqulay sezar, yuragim qisilib, betoqat bo‘lar va ich-ichimdan uning tezroq ketishini istardim. Uni ko‘rsam, o‘zimning ham ko‘nglimni tushkun o‘ylar qoplab olar va birdan hayotdan sovib ketgandek bo‘lardim.

Aftidan, u hali-hanuz uylanmagan – so‘qqabosh yashar, o‘ziga muqim boshpana ham topmagan, duch kelgan joyda yotib-turib yurganga o‘xshar edi. Chunki uni har safar soch-soqoli o‘sgan, ki­yim-boshi kir-chirga botgan irkit qiyofada uchratar edim. U tarki dunyo qilgan kimsadek o‘ziga mutlaqo qaramay qo‘ygan, egnidagi talabalik davridan qolgan kiyimlarining ham allaqachon ohori butkul to‘kilib ketgan edi.

Biroq o‘sha kuni u ijara uyimga ko‘ngli allanimadan chog‘, kayfiyati baland bir qiyofada kirib keldi. Uni institutni tugatgandan buyon birinchi marta chiroyi ochilgan, yuz-ko‘zidan tushkunlik ifodasi xiyol arigan holda ko‘rib turishim edi. Rosti gap, bundan o‘zim ham biroz shoshib qoldim. U men bilan quyuqqina hol-ahvol so‘rashdi, hatto allanima deya hazil qilgan ham bo‘ldi. Ammo uyga kirib, xontaxta atrofida o‘tirgach, xayolim parishonligini payqadi, shekilli, birdan hushyor tortdi.

– Tinchlikmi, o‘zi? – deb so‘radi botinmaygina.

– Ha, tinchlik, tinchlik, – dedim bazo‘r jilmayishga urinib.

O‘zimni xotirjam tutishga har qancha tirishmay, baribir ko‘nglim to‘lib turar, o‘g‘limning dardga chalinib qolgani meni shunchalik ezib tashlagan ediki, dunyo ko‘zimga qop-qorong‘i ko‘rinar, kimgadir dardu alamimni to‘kib solib, yuragimni bo‘shatgim kelar edi. Boya Hayotning hovliga kirib kelganini ko‘rib, rost gap, o‘zimga yupanch topilgandek, quvonib ketgandim.

Ancha payt u yoq-bu yoqdan gurunglashib o‘tirdik, ammo hadeganda gapimiz qovushmas, o‘rtamizga qandaydir noqulaylik tushgan edi. Hayotning ham boyagi kayfiyati o‘zgargan, bevaqt keldimmikan, degan o‘yga bordi, shekilli, o‘ng‘aysizlanar va dam-badam xuddi ketishga chog‘langandek o‘rnidan qo‘zg‘alib qo‘yardi.

Axiyri, men Hayotga ko‘nglimni yordim: o‘g‘lim g‘alati dardga chalinib qolgani, ancha paytdan buyon es-hushini yo‘qotgan ko‘yi allanimani izlayotgani, biroq u izlayotgan narsa bizga batamom mavhum ekani, shundan nima qilishni bilmay boshimiz qotib qolganini aytib berdim.

– Eng yomoni, o‘g‘lim o‘sha narsaning dardida ichikib, kundan-kunga adoyi-tamom bo‘lib borayapti. Ozib-to‘zib ketganidan aftiga qarab bo‘lmaydi, – dedim men.

Azbaroyi hayajonga tushganimdan tez-tez gapirar, so‘zlarim ham poyintar-soyintar chiqayotgan edi. Ammo Hayot bunga e’tibor bermay gaplarimni diqqat bilan tinglab, dam-badam ko‘z osti bilan bir chetda to‘mshayib o‘tirgan o‘g‘limga qarab-qarab qo‘yardi.

Men o‘g‘limning allaqanday dardga chalinib qolgani haqida gapirar ekanman, baribir ko‘nglimning bir chetida Hayot ham anavi do‘xtir singari gaplarimga ishonmaydi, qaytaga, ustimdan kulgani qoladi, degan xavotir g‘imirlab turardi.

Ammo hammasi kutganimdan boshqacha bo‘lib chiqdi.

– Juda qiziq-ku! – dedi Hayot chinakamiga hayratga tushgancha ko‘zlarini katta-katta ochib o‘g‘limga tikilar ekan. – Nimanidir izlaydi, degin. Hali go‘dak boshi bilan nimanidir izlashi juda g‘alati…

Ammo Hayot ortiq hech nima demadi, balki uzoq paytdan buyon joni halak bo‘lib izlab yurgan sirli narsani ayni damda o‘g‘limning qiyofasida ko‘rib qolgandek, hayajonga botgan ko‘yi undan ko‘z uza olmay qoldi. U o‘g‘limning har bir xatti-harakatini ko‘zdan qochirmay kuzatar, o‘zicha allanimalarni mulohaza qilar, gohida erkalagan ko‘yi uni gapga solishga urinar edi. Biroq o‘g‘lim undan hali-hanuz begonasiragancha, qovog‘ini ochmay tumshayib o‘tirar edi. Hayot barcha urinishiyu erkalab gapirishlari zoye ketayotganiga qaramay, aslo kayfiyatini tushirmas, aksincha, hammasi shunday bo‘lishi kerakdek, o‘g‘limning atrofidan parvona bo‘lardi.

Shu kun Hayot uyimizda uzoq qolib ketdi. Keyin o‘g‘limdan bazo‘r ko‘zlarini uzib, uydan chiqarkan, menga yuzlanib shunday dedi:

– O‘g‘ling, rostdan ham, nimanidir izlayapti, men buni uning ko‘zlariga qarab bilib oldim. Bola bechora juda ichikib ketibdi. Men u nimani izlayotganini bilmayman, ammo uning o‘zi qidirayotgan narsasini juda yaxshi biladi. Ilgari ham uni ko‘rgan. Mana meni aytdi deysan, agar izlayotgan o‘sha narsasini topsa, hayoti juda ravon kechadi, juda ulug‘ odam bo‘ladi…

Hayot yana allanimalar to‘g‘risida uzoq gapirdi, go‘yo bu dunyoda aql bovar qilmaydigan mo‘’jiza yuz bergan-u, uning shohidi bo‘lib qolgandek, sira hayajonini bosolmas, so‘zlariga meni ham ishontirishga urinar, har bir gapini qayta-qayta ta’kidlab aytar edi.

Ammo mening ko‘nglim sira yorishay demas, aksincha, battar qorong‘i tortib borar, do‘stimning tinimsiz javrashi ko‘ngilga taskin-tasalli bermas, balki Hayot o‘zining telba-teskari dunyosidan kelib chiqib gapirayapti, degan fikr xayolimni band etib olgandi.

Kim biladi, ehtimol, Hayotning gaplarida ham jon bordir?! Ammo buning o‘g‘limga qanday foydasi tegadi? Bu quruq, havoyi so‘zlar o‘g‘limning dardiga malham bo‘ladimi? Meni ayni damda shundan boshqa hech narsa qiziqtirmasdi.

Hayot ketgach, uyga kirishga shoshilmay, hovli sahnida uzoq turib qoldim. To‘g‘risini aytganda, uyimizda go‘yo azob-uqubat, iztirobu alam makon tutib olgandek, ichkariga bosh suqishga yuragim betlamas, oyoqlarim o‘z-o‘zidan orqaga tortib ketaverardi. Hammasidan ham, mittigina jismu jussasini dard ezib tashlagan o‘g‘limning aft-angoriga qarash nihoyatda og‘ir edi. Nimasini aytay, bu dard oxir-oqibat o‘g‘limni yenggan va uni asta-sekin hayotning quchog‘idan yulqib olayotgan edi.

O‘g‘limning ayni damdagi ahvol-ruhiyasi ham shundan darak berib turardi: u butkul holdan toygan, yuzida qon yo‘q, xuddi murdaniki singari oqarib ketgan, ko‘zlari so‘nik va bemajol boqar edi. Ammo shunga qaramay, uni hamon o‘sha qora xayol o‘z holiga qo‘ymas, u og‘ir sudralgan ko‘yi uy ichida emaklab yurar, faqat tez-tez holdan toyganidan og‘ir-og‘ir nafas olgancha yotib qolardi. Ba’zan ostonani quchoqlagancha uzoq vaqt qimir etmay yotar, ko‘zlari olayib orqaga tortib ketar va hatto nafas olayotgani ham sezilmasdi. Bunday paytda u jonsiz jasaddan sira farq qilmas, ammo men yoki onasi qo‘limizga olishga urinsak, kutilmaganda jonlanib, xarxasha qilishga tushardi.

Men ich-ichimdan hammasini sezib turardim: bu shunchaki oddiy va o‘tkinchi dard emas, balki qora xayol shamoyiliga kirib, o‘g‘limning etagidan tortqilayotgan naq ajalning o‘zi edi…

Eng achinarlisi, har gal o‘g‘limning hayot tal’ati asta-sekin so‘nib borayotgan yuziga ko‘zim tushganda, o‘zimning naqadar ojiz va notavonligimni his etib, yuragim ko‘ksimga sig‘may qolardi. Men uni qanchalik yaxshi ko‘rmay, uning uchun hatto jonimni qurbon etishga tayyor bo‘lmay, baribir befoyda edi. Bu dard mening o‘tinchu iltijom, ohu nolam, g‘azabu alamim va yalinib-yolvorishlarimga quloq solmasdi, xuddi o‘ljasini batamom yanchib tashlashga chog‘langan maxluqdek, o‘g‘limni tobora holdan toydirib borardi.

Bu dardning qarshisida men ham o‘g‘lim singari ojiz qolgan edim.

Yakkayu yagona umidim do‘xtirdan edi, o‘sha kun uning so‘zlariga qattiq ishongan, ammo hammasi oxir-oqibat sarob bo‘lib chiqqan edi. O‘g‘limni yana do‘xtirning huzuriga olib borishni sira istamas, ko‘nglimning bir chetida uning dardi battar zo‘rayib ketishiga do‘xtir tavsiya etgan dorilar ham sabab bo‘ldi, degan o‘y g‘imirlab turardi.

Hammasini taqdiri azalning izmiga tashlab, indamay qo‘l qovushtirib o‘tirib ham bo‘lmasdi. Ammo men ayni damda qanday yo‘l tutishni ham bilmasdim.

Mana shunday og‘ir o‘ylar qurshovida qadamimni sudrab bosgancha uyga kirar ekanman, tuyqus xayolimga qishloqqa – ota-onamning oldiga borsak-chi, degan o‘y urildi-yu, xuddi kalavaning uchini topgandek, birdan ong-shu­urim yorishib ketdi. Bu haqda nega ilgari o‘ylamaganimni xayoldan o‘tkazar ekanman, o‘zim ham hayratga tushdim. Uyga kirgach, xotinimga Muayyadni bugunoq qishloqqa olib ketish haqidagi fikrimni aytganimda, daf’atan, uning so‘lib, qarimsiq tusga kirgan yuziga “duv” etib qon yugurib, ko‘zlari yoshga to‘lib qoldi. Xotinim menga tikilgan ko‘yi unsiz yig‘lar, ko‘zlaridan dumalab tushgan yosh yonog‘i ustida muallaq turib qolgan edi.

Men unga bir muddat jimgina tikilib turdim, so‘ng kechki poyezdga chipta xarid qilish uchun shoshib uydan chiqdim.

Tramvayda vokzal tomon ketib borar ekanman, xotinimning boyagi unsiz yig‘layotgan holati sira ko‘z o‘ngimdan nari ketmasdi. O‘g‘limning kutilmaganda dardga chalinib qolishi va sog‘ayib ketish o‘rniga tobora og‘irlashib borayotgani unga juda yomon ta’sir qilgan, men buni uyda kechgan har daqiqada his etib turardim. Aftidan, uning yuragini adoqsiz o‘ylar kemirib borar, dam-badam “uf” tortib qo‘yganini aytmaganda, “miq” etib og‘iz ochmas, odatda, o‘g‘limga unsizgina termilib o‘tirar edi. Uning mana shunday tez-tez “uf” tortishi kishining ko‘ngliga xavotir va qo‘rquv solardi. Odatda, qandaydir noxushlikning sharpasini ilg‘agan kimsa shunday og‘ir-og‘ir xo‘rsinib qo‘yadi.

Ayniqsa, ikki kun burun yarim tunda xotinim juda g‘alati ahvolga tushganiga tasodifan guvoh bo‘lgandim. O‘sha oqshom men odatdagidan ancha barvaqt uxlab qolgandim. Ammo bir chog‘, tunning qaysi pallasi ekanini aniq eslay olmayman, qulog‘imga chalingan ovozdan cho‘chib uyg‘onib ketdim: tunchiroq zulmat cho‘kkan uyni xira-shira yoritib turar, eshik tomonda – burchakda esa kimdir qiblaga yuzlangan ko‘yi allanimalar deya yozg‘irardi. U garchi xuddi pichirlayotgandek past ovozda nola qilayotgan esa-da, ovozi tun sukunatini buzib, uy ichini tutib ketgan edi. Men yostiqdan boshimni ilkis ko‘tarib, burchakda cho‘kka tushib o‘tirgan kimsaga qarar ekanman, daf’atan o‘zimni qayerda yotganimni-yu, bemahalda kim bunchalik faryod qilayotganini anglay olmadim. Haligi kimsaning ovozi esa hadeganda tinay demas, balki guvranib qo‘zg‘algan bo‘ron singari tobora shiddatli va qahrli tus olib borardi. Men qattiq qo‘rquvga tushgan, peshonamdan sovuq ter yog‘ilib kelar, nimalar ro‘y berayotganiga sira aqlim yetmas, yuragim vahm bilan gurs-gurs urar, ammo qimir etishga jur’atim yetmasdi.

Shunday alpozda qancha vaqt yotganimni bilmayman, balki bir necha lahza, ehtimol, bir soat yotgandirman, faqat bir chog‘, ong-shuurimni uyqu karaxtligi birdan tark etdi, shekilli, burchakda o‘tirgancha nola qilayotgan kimsani birdan tanib qoldim: xotinim-ku!..

Xotinim – bu fikr uning xayoliga qayerdan kelganiga sira aqlim yetmaydi – qiblaga yuzlangan ko‘yi, yig‘lab-yolvorib, Yaratganga iltijo qilar, yakkayu yolg‘iz o‘g‘limiz Muayyadning dardiga shifo so‘rardi. U xuddi tosh haykalchadek cho‘kka tushib o‘tirib olgan, qo‘llari tizzasi ustiga uzatilgan, qorong‘ilik qa’ridan jussasi allaqanday pajmurda va kichkina bo‘lib ko‘rinar, ammo ovozi shiddatli va telbavor edi. Yo‘q, u xuddi mehrob qarshisida bo‘yin egib, tavba-tazarru qilayotgan kimsaga o‘xshar, ko‘ngli, chamasi, mumdek erib borardi, shekilli, tez-tez gapirar, yuragida nimaiki bo‘lsa, barini to‘kib solar, o‘zi ham tuzuk-quruq bilmaydigan allaqaysi gunohu ayblari uchun ming tavallo bilan shafqat va mag‘firat so‘rar, yig‘lar va yolvorar, so‘ng yig‘i va iltijo sasi qorishib ketgan ovozda Muayyadni jonidan ortiq yaxshi ko‘rishini, bu dunyoga kelib, tentirab-tentirab topgan yolg‘iz baxti shu o‘g‘li ekanligini, undan ayrilib qolsa, o‘zini hech narsa bilan ovuta olmasligini, to umri ado bo‘lgancha taqdirini qarg‘ab o‘tishini allaqanday o‘jarlik bilan aytarkan, kutilmaganda o‘pkasi to‘lib ketganidan o‘zini tutolmay o‘krab yig‘lab yubordi. U ihrayotgandek azobli ovozda uzoq yig‘ladi, yig‘i va iztirob zarbidan ozg‘in jussasi qanday silkinib-silkinib tushayotganini aniq-tiniq his etib yotardim. Ammo boshimni ko‘tarib, unga qarashga, allanimalar deya yupatishga o‘zimda jur’at sezmas, uning ayni damdagi holati meni butkul karaxt qilib tashlagan edi.

Ha, xotinim juda ayanchli va aftodahol ahvolga tushgan edi. Yo‘q, yo‘q, mening nazarimda, u ayni mana shu pallada o‘zining qiyofasini tark etib, tun qo‘ynida ulkan nolaga aylanib qolgan, bu nola to‘rt tomoni devor bilan o‘ralgan mana shu pastak tomli uy ichidan emas, balki dunyoning huv narigi chekkasidan yoyilib oqib kelar, xuddi afsungarning duosi singari sirli va jununvor yangrar, xayol dunyosiga shitob bilan bostirib kirib, kishini bir zumda mahv etib qo‘yardi.

Ha, bu ulug‘vor va mahobatli nola edi, go‘yo xotinimning yuragidan emas, balki falakning bo‘g‘zidan otilib chiqar, hayhotdek keng olamda undan bo‘lak “tiq” etgan tovush quloqqa chalinmas, uning selu selob bo‘lib oqishi hamma-hamma narsani bosib ketgan edi.

Yo‘q, yo‘q, bu nola va fig‘on emasdi, balki asli farishta qavmidan yaralgan, ammo keyinchalik yuragini yalmog‘iz yeb qo‘ygan odam bolasidan qolgan ko‘hna mungli qo‘shiq edi. Men ham dunyoda shunday mungli qo‘shiq borligini o‘sha tunda anglab yetgan va uning yuragimga oqib kirayotgan ezg‘in ohangidan tongga qadar selu selob bo‘lib yotgan edim.

Bu qo‘shiqni kuylash ham, tinglash ham o‘ta og‘ir edi, u bamisoli olov singari jismu jussani yondirib yuborar, yurakni junbushga solib, odam bolasi yaralgandan buyon boshidan kechirgan iztirobu armoni, toptalgan umidu ishonchi, muhabbat va xiyonati, ayriliq va sog‘inchidan sarbasar ogoh etardi.

Ertasi kun ertalab xotinimni allaqanday parishonxotir va holsiz bir qiyofada ko‘rdim. Ammo unga hech narsani sezdirmadim.

Faqat xotinim o‘sha kun nimanidir kutayotgandek betoqat bo‘lib yurdi.

* * *

Kun, chamasi, choshkayidan o‘tgach, men kechki poyezdga ikkita chipta xarid qilib, uyga qayt­dim. Poyezd oqshom sakkizu o‘ttizda jo‘nashi kerak edi. Men darvozani ochib, ichkariga kirar ekanman, daf’atan o‘zimga peshvoz chiqib kelayotgan xotinimga ko‘zim tushdi-yu, turgan o‘rnimda toshdek qotib qoldim. Yo‘q, yo‘q, men tuyqus xotinimni taniy olmay qoldim, unga tikilib turib, ko‘zlarimga sira ishonmas, boyagi g‘am-g‘ussaga botgan va cho‘kib qolgan qiyofasini favqulodda bir hayajon chulg‘ab olgan, yonoqlari cho‘g‘dek qip-qizil tusga kirgan va kulib turgan ko‘zlaridan duv-duv yosh quyilib kelardi. U men tomonga alpang-talpang qadam tashlab kelar ekan, o‘zini sira bosa olmas, entikib-entikib nafas olar va allanimani gapirishga chog‘lanardi-yu, biroq ovozi chiqmasdi.

Men unga ko‘zim tushgan zahotiyoq yuragimga xavotir oralagan va uyda, albatta, o‘g‘limning taqdiriga daxldor qandaydir voqea ro‘y bergan va xotinim shundan aqldan ozgudek ko‘yga tushganini g‘ayrishuuriy tarzda anglab yetgan edim. Ammo men ham qanday voqea yuz berganini so‘rashga botinolmas, tilim xuddi tangla­yimga yopishib qolgandek sira aylanmas, faqat yuragim mumdek erib borayotganidan yig‘lagim kelar edi.

Ana shunday hayajon va xavotir girdobiga g‘arq bo‘lib qancha vaqt turganimni bilmayman, bir payt xotinimning hovliqqan ko‘yi aytgan so‘zlari qulog‘imga urildi-yu, birdan hushim o‘zimga keldi.

– Muayyad shuncha kun o‘z yog‘iga o‘zi qovurilib nimani izlaganini bilasizmi? – dedi qichqirgandek bir ovozda. Uning ovozi quvonch va o‘kinchga to‘la edi.

– Yo‘q, – dedim daf’atan hushyor tortib. – Nimani izlagan ekan?

– Bolam sho‘rlik, – dedi xotinim, ammo o‘pkasi to‘lib ketganidan piq etib yig‘lab yubordi. So‘ng yig‘i sasi qorishib ketgan ovozda gapira boshladi. – Tug‘ilgan paytida kesilgan kindigi bor-ku, shuni izlayotgan ekan…

Men uning so‘zlarini eshitib, kimdir to‘satdan boshimga zarb bilan urgandek, karaxt tortib qolgan ong-shuurimning og‘ir eshiklari birdan sharaqlab ochilib ketdi: tavba, o‘g‘lim shuncha kundan buyon huzuru halovati, tinchi va oromini yo‘qotib izlagan narsasini qarang… Uning ko‘ngliga bu o‘y qayerdan keldiykin, shuncha kundan buyon ichikkancha izlayotgan bu narsa o‘ziga shunchalik zarurligini, busiz hayot ham, dunyo ham o‘zining qadr-qimmati, mazmun-mohiyatini butkul yo‘qotib, sariq chaqaga ham arzimaydigan matoga aylanib qolishini u go‘dak aqli bilan qanday anglab yetdiykin?

Men qattiq hayajon ichida qolgan, o‘zimni sira bosa olmas, xotinimning og‘zidan o‘g‘lim izlagan narsaning nomini qayta-qayta eshitishni va eshita turib butun vujudimda og‘riq va lazzat tuyishni istardim.

– Muayyad nimani izlagan ekan?

– Nima balo, qulog‘ingiz tom bitganmi? Qirq marta aytdim-ku, tug‘ilgan paytida kesilgan kindigi bor-ku, shuni izlayotgan ekan. Shuni topib, yostig‘ining ostiga qo‘ysak, bir pasda tinchib qolarkan…

– Senga buni kim aytdi?

Savolimni eshitib, xotinim negadir birdan hushyor tortdi, atrofga olazarak qarab olarkan, go‘yo muhim sirni oshkor etayotgandek, shivirlab gapirishga tushdi:

– Siz boya vokzalga ketganingizdan so‘ng hovliga bitta chol kirib keldi, – dedi u. – U ichkarida qanday paydo bo‘lib qolganiga sira aqlim yetmaydi, darvozani qulflab qo‘ygandim. Men uyda o‘tirgandim, bir mahal hovlida kimningdir qadam tovushi eshitilgandek bo‘ldi. Shoshib tashqariga chiqsam, haligi tilanchi chol anavi yerda, – u qo‘li bilan hovli o‘rtasini ko‘rsatdi, – qaqqayib turgan ekan. Aft-angoriga qarab bo‘lmaydi, tug‘ilgandan beri suv tegmaganmi, o‘lardek isliqi, soch-soqoli o‘sib ketgan, egnida uvadasi chiqqan to‘n. Unga ko‘zim tushib, qo‘rqqanimdan yuragim yorilib ketay dedi. Birdan o‘zimni shosha-pisha ichkariga urdim-da, eshikni qulflab oldim. Keyin derazadan asta mo‘ralab qarasam, u hali ham joyida qimir etmay turgan ekan. Ana ketadi, mana ketadi, deb ichim tapillab rosa kutdim. Yo‘q, qayda deysiz, qoqqan qoziqdek qimir etmaydi, tag‘in deng, uyning derazasidan ko‘zini uzmaydi. Oxiri, toqatim toq bo‘ldi, kunidan qolgan tilanchi bo‘lsa kerak, degan xayolda yarimta nonni qo‘limga olib, sekin tashqariga chiqdim. Qo‘rqqanimdan dag‘-dag‘ qaltirab, uning oldiga bordim-da, nonni uzatdim. U nonni olib, to‘rvasiga solayotib, negadir g‘alati kuldi, so‘ng menga qarab nima deydi deng: «Qizim, men hovlingizga sadaqa so‘rab kelganim yo‘q. Mayli, ko‘nglingiz shuni tusagan ekan, qo‘lingiz qaytmasin», dedi. Qurib ketgur, o‘zi tilanchi bo‘lsa ham, ovozi juda g‘alati, eshitgan odamning yuragi jimirlab ketadi. Shundanmi, men qo‘rquvni ham esimdan chiqarib, uning qarshisida turib qolibman. Bir payt tag‘in uning o‘zi gapirib qoldi. Bu gal nima deydi deng: “Qizim, anchadan buyon bolangiz betob-a?”. “Ha, ha, – dedim men, – anchadan buyon bolamning mazasi yo‘q. Yemaydiyam, ichmaydiyam, uxlamaydiyam. Allanimani izlab, tinchini yo‘qotgan”, dedim. “Bolangiz nimani izlayotganini bilasizmi?” deb so‘radi u. “Yo‘q, – dedim men, – agar bilsak, shuncha kundan buyon o‘g‘limning rangini sarg‘aytirib qo‘l qovushtirib o‘tirardikmi?!”. “Haliyam gumrohlik qilib, bolaga ko‘p azob beribsizlar, – dedi u. – Ohu nolasi yetti osmonni tutib ketgan. Hozir uning ko‘ziga na non, na suv ko‘rinadi. U tug‘ilganida kesilgan kindigi bor-ku, shuni izlayapti. Unga shuni topib beringlar!”. Tilanchi chol boshqa hech narsa demadi, faqat atagan sadaqangizni xudo o‘z dargohida qabul qilsin, deb yuziga fotiha tortdi-da, hovlidan chiqib ketdi. Ha, aytmoqchi, siz uni taniysiz. Anavi, yo‘lak chetida o‘tiradigan tilanchi chol bor edi-ku, o‘sha u! Men ham uni hovlidan chiqib ketgandan so‘ng tanib qoldim.

Xotinimning so‘zlarini eshita turib, battar hayrat va taajjubga tushdim. Nimalar ro‘y ber­yapti, o‘zi?! Tushmi bu yo o‘ngim? Anavi tilanchi chol hech kutilmaganda hovlimizda qayerdan paydo bo‘ldi? Manzilimizni sira adashmay-og‘ishmay qanday topib keldi? Hovlimizga qayerdan kirdi, eshik ichkaridan yopilgan bo‘lsa?! O‘g‘lim nimaning dardida bunchalik ichikib yotganini u qaydan bila qoldi? Nega bunchalik jon kuydirib mening hayotimga aralashib yuribdi? Kim u, o‘zi? Odammi yo…

Tilanchi cholni bir necha oy burun anavi yo‘lakdan oyog‘ini yerga tekkizmay olib ketishgan, shundan buyon hech qayerda qorasi ko‘rinmagan edi-ku! Ammo sira kutilmaganda hovlimizda paydo bo‘lgani, tag‘in deng, o‘g‘lim nimani izlayotganini oqizmay-tomizmay aytganini sira aqlu tasavvurga sig‘dirib bo‘lmasdi.

Men yana tang ahvolga tushib qolgan, tilanchi chol haqida qanchalik bosh qotirib o‘ylamay, baribir hech narsa bilmasligimga ich-ichimdan iqror bo‘lardim. Buning ustiga, ayni damda u haqda o‘ylab o‘tirishga toqatim yetmas, balki o‘g‘lim ichikib izlayotgan narsani tezroq topishim zarur edi. Men boshimni ko‘tarib, ro‘y berayotgan voqealarga xuddi o‘zim singari aqli yetmay, lol qolib o‘tirgan xotinimga qaradim.

– Muayyadning kesilgan kindigini endi qayerdan topamiz?

– Uning kindigini tug‘ilgan payti tug‘ruqxonada kesishgan. O‘sha yerda qolib ketgan, – dedi xotinim.

Xotinimga bir muddat qarab turdim-da, so‘ng hozir kelaman, sen Muayyadga qaragin, deya shoshib ko‘chaga chiqdim.

* * *

Tug‘ruqxonada meni qirq besh yoshlardagi, sarg‘ishtob yuzini ajin bosgan baqaloqqina xotin qarshi oldi. U o‘zini doyaman, deb tanishtirdi. Men unga o‘g‘lim qanday dardga chalinib qolgani-yu, o‘zim nima maqsadda bu yoqqa kelganimni batafsil aytib berdim. Doya xotin gaplarimni kiprik qoqmay eshitdi, ammo kutganimga zid o‘laroq, uning yuzida biror-bir o‘zgarish alomati sezilmadi. Aftidan, unga bunday masalalar yuzasidan juda ko‘p marta murojaat etishgan va u eshitaverib allaqachon diydasi qotib ketganga o‘xshar edi.

– Hm, – dedi u xo‘rsingandek ovoz bilan. – O‘g‘lingiz tug‘ilganiga bir yil bo‘lay deb qolibdi-yu, siz endi uning kindigini izlab keldingizmi? Biz birorta ham bolaning kindigini atay asrab qo‘ymaymiz. Kesilgan zahotiyoq axlatga chiqarib tashlaymiz. Daydi itlar yeb ketadi…

Tug‘ruqxonadan qanday otilib chiqqanimni o‘zim ham bilmayman. Hushim o‘zimda emas, boshim g‘uvillab og‘rir edi. Qadamimni sudrab bosgancha ketib borarkanman, o‘g‘lim haqida o‘ylar, uning xuddi chaqmoq urgan qushdek uy ichida bemajol emaklab yurishi ko‘z o‘ngimdan sira nari ketmasdi. O‘g‘limga endi nima deyman, uning ichikkan ko‘zlariga qanday qarayman – bilmayman…

06

(Tashriflar: umumiy 1 488, bugungi 1)

Izoh qoldiring