Sayyid Tavakkalxon. Muhammad Ibrohimbek

Ashampoo_Snap_2016.10.03_16h51m13s_004_.png    Бугун сизга миллатимизнинг қаҳрамон фарзанди ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тожикистонлик ўзбек ижодкори Сайид Таваккалхоннинг  «Муҳаммад Иброҳимбек»  қиссасини тақдим этмоқдамиз. Қисса тажрибали муҳаррир томонидан жиддий таҳрирга муҳтожлиги дарров кўзга ташланса-да, асар тарихимизнинг машъум кунларидан ҳикоя қилиши билан қимматлидир. Айни шундай асарлар келгусида бадиий етук асар ёзилишига асос ва туртки бўлиб хизмат қилади деб ўйлайман.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

САЙИД ТАВАККАЛХОН БИЛАН
СУҲБАТДАН ПАРЧА
011

   Сайид Таваккалхон Азизхон ўғли Рудакий ноҳиясидаги «Кўктош» жамоатига қарашли Рангон қишлоғида туғилган. Ваҳдат ноҳиясидаги Статистика техникуми ва Тожикистон Миллий университети иқтисод факультетида таълим олган. Аввал иктисодчи, сўнгра Рудакийдаги 203 — ўрта мактабда араб тилидан дарс берган. Тожикистон Халқ Маорифи аълочиси. «Бошланғич араб тили» дарслик китоби ва «Рангон» шеърлари тўплами нашр этилган. Шеърлари ва ҳикоялари вақтли матбуотда эълон қилинган. Иш столида йигирмадан ортиқ ҳикоялари, шеърий китоблари, «Иккинчи бахт» номли қиссаси, араб тилидан таржима қилинган фиқҳга доир китоблари бор.

011

Савол: «Муҳаммад Иброҳимбек» қиссасини ёзишингизга нима туртки бўлди?

Жавоб: Йигитлик пайтларимда уйимизга ҳар куни эллик, олтмиш нафар меҳмон келиб турар эди. Худо раҳматлик отам Эшони Азизхон машҳур одам эдилар. Меҳмонлар турли миллат вакиллари бўлиб, турли ёшдаги кишилар эди. Улар орасида Муҳаммад Иброҳимбек билан бирга жанг қилганлар ҳам учраб турарди. Мен ана шу мужоҳидларнинг ўн иккитаси билан учрашганман. Улар ёвонлик Элмурод бобо, Жомий ноҳиясидан Субҳонқул ботир бобо, Рўдакий ноҳиясидан Мулло Абдураҳим бобо, панжлик Ўроқ бобо ва бошқалар. Худо раҳмат қилсин, уларнинг ҳаммаси дунёдан ўтиб кетганлар. Қиссани ёзишимга ушбу кишилар сабаб бўлишган.

Савол: Қисса қаҳрамонларидан бирортаси тирикми, улар билан учрашганмисиз?

Жавоб: Бу саволларга юқорида жавоб бердим.

Савол: Қандай олимларнинг илмий асарларидан фойдалангансиз?

Жавоб: Тарих фанлари доктори, профессор Насриддин Назаровнинг «Муҳаммад Иброҳимбек» номли ҳужжатли илмий асаридан, Налскийнинг «Шарқий Бухоро тоғларида» номли стенографик асаридан, таниқли ёзувчи Набижон Боқийнинг Тожикистон ва Ўзбекистон Марказий комитети партия архивидан олинган ҳужжат ва далиллари (ҳозирги вақтда ёзувчининг шахсий архивидаги далиллар)дан фойдаландим. Бек бобо тўғрисида 118 та асар ёзилган. Уларнинг рўйхати профессор Н. Назаровнинг китобида қайд этилган.

Савол: Қисса воқеалари содир бўлган жойларда бўлганмисиз?

Жавоб: Ўша жойларда туғилиб ўсганман.

Савол: Қиссани ёзишда қандай муаммоларга дуч келгансиз?

Жавоб: Худо ишимни келиштириб, ҳеч қандай муаммога дуч келмадим. Тошкентлик ёзувчи укахоним Набижон Боқий Тожикистонда икки йил яшаб, Марказий комитет ҳузуридаги партия архивидаги Муҳаммад Иброҳимбекка тегишли етмиш иккита делони кўчириб чикди ва 130 дан зиёд фотосуратларни ҳам суратга тушириб олди. Бир неча вақтлар бизнинг меҳмонхонамизда туни билан ишлаб чиқарди. Кўпгина далилларни ана шу пайт топганман.

Савол: Бекбобонинг сўнгги кунлари қаерда ўтди ва неча ёшларида вафот этганлар?

Жавоб: Партия архивидан олинган далилларга мувофиқ, Муҳаммад Иброҳимбек 16 нафар мужоҳиди билан Тожикистоннинг Рўдакий ноҳиясидаги Хўжабулбулон қишлоғида 1931 йил 30 июнда таслим бўлган. Ўша куни уларни аэроплан билан Тошкентга олиб кетишган. 13 ой терговда бўлган ва ниҳоят, 1932 йил 10 августда 16 нафар аскарлари қатл этилган. 31 август куни Бекнинг ўзлари қатл этилганлар. Бекбобо ўшанда қирқ икки ёшда бўлганлар.

Савол: Қиссани завқ билан ўқиб чиқдим. Лекин охирида «Муҳаммад Иброҳимбек мардларча таслим бўлди» деган жойига тушунмадим…

Жавоб: Тўғри савол. Қисса кўп чўзилиб кетмаслиги учун қисқароқ ёзишга тўғри келди. Иброҳимбек узоқ йиллар қизил армияга зарба бериб келади ва улар жаҳли чиққанлигидан Иброҳимбек лақай элатидан бўлганлиги учун бутун лақай элатини қатли ом (геноцид) қилмоқчи, яъни бутун бир элатни таг-томири билан йўқотишмоқчи бўлишади. Қизиллар ҳатто буни амалда синаб кўришади ҳам. Султонободнинг Пўстхона қишлоғида ва бошқа бир неча қишлоқларда қизиллар халқни мол сўйиб шўрва осиб зиёфатга таклиф қилади ва у ерга турли хил матоларни уйиб қўйиб, булар сизга совға дейишади. Одамлар қизиқишиб кўпайишган пайт атрофда пистирмада турган қизиллар уларни ўққа тутиб қириб ташлашади.

Тошкентда «Агар Иброҳимбек қўлга олинмас экан, биз лақай элатини қириб йўқотиб ташлаймиз»,- деган масала бўйича Москвадан келган Калинин бошчилигида катта мажлис бўлиб ўтади. Тожикистондан уч-тўрт киши мажлисда иштирок этадилар. Жумладан, Ёвоннинг Бошқайнар қишлоғидан революцион қўмита раиси Муҳаммадқул Имомбердиев ҳам иштирок этади. У киши лақай элатидан. Калинин чиқиб лақай элатини йўқ қилиб ташлаш фикрини ўртага ташлайди. Шунда Имомбердиев сўз олиб:

-Иброҳимбек лақайдан чиққан ва лақайларнинг ўзи уни ушлаб беради, — деб ваъда беради. Калинин Имомбердиевнинг гапини маъқуллайди. Лақайларни йўқ қилиш фикрига шу мажлисда нуқта қўйилади.

Имомбердиев лақай халқини шу бир оғиз гапи билан сақлаб қолади. Бу ҳақда газеталарда мақолалар эълон қилинган. Ҳозир Имомбердиев номидаги жамоа хўжалиги бор ва у кишининг авлодлари Бошқайнар қишлоғида яшайдилар. Имомбердиев Иброҳимбек билан учрашади ва агар таслим бўлмаса бутун лақай элати қирилиб кетишини айтади. Қизилларнинг қозон осиб, тўй қилиб, халқни йиғиб, отиб-қириб ётганлигини ҳам Иброҳимбек яхши биларди. Бу ишларнинг ҳаммаси фақат Иброҳимбек учун қилинаётганини ҳам тушунган эди. Шунинг учун ҳам у халқининг қирилиб кетмаслиги учун шаҳид бўлиб ўлиш мақсадида таслим бўлади. «Мардларча» деб урғу берганимнинг сабаби ҳам шунда. Бунда ҳам бир ҳикмат бор.

Савол: Муҳаммад Иброҳимбек ўз ажали билан 1989-90 йиллар Туркияда ўлган деган мақолани ўқиганман. Қай бирига ишонай?

Жавоб: Иброҳимбекнинг худди ўзига ўхшаган иккинчи кишиси (двойниги) ҳам бўлган. Иброҳимбекнинг Афғонистондаги жангларидан сўнг ўша иккинчи Иброҳимбек икки юздан ошиқ киши билан Туркияга ўтиб кетади ва ўз ажали билан вафот этади. Туркияда кўпчилик кишилар уни ҳақиқий Иброҳимбек деб билишган. Лекин ҳақиқий Иброҳимбек юқорида айтганимиздек Тошкентда отилган.

Агар у ҳақиқий Иброҳимбек бўлмаганда эди, қайнотаси Қаюм Фармоначи ва энг ишонган одами эшони Исохон ва қолган қўмондонлар сохта Иброҳимбек билан қўшилиб таслим бўлмаган бўларди. Руслар ҳам сохта Иброҳимбек билан қаноат ҳосил қилиб қолмаган бўларди. Иброҳимбекни Туркиядан бўлсада, топиб келтирган бўларди

Сайид ТАВАККАЛХОН
МУҲАММАД ИБРОҲИМБЕК
Тарихий қисса
011

005Муҳаммадқул оқсоқол пешин намозига таҳорат қилаётган эди қўшниси Рамазон келиб: «Оқсоқол ака, масжидга тез борар экансиз. Иброҳимбек, бек бобо аскарлари билан келибдилар, сизни сўряптилар»,- деди.

Муҳаммадкул оқсоқол шошилиб йўлга чиқди ҳатто масжид томон бораётган қишлоқ одамларини ҳам ортда қолдириб кетди. Масжид атрофида аскарларнинг отлари боғланган, ичкари одамга тўлиб, масжид ховлиси ҳам қарийб тўлаёзганди Муҳаммадқул оқсоқол белидаги рўмолини ерга ёзиб, намозга қўшилди. Намоз ўқилиб бўлгач, қишлоқ, йигитлари уйлардан кўрпача-гилам олиб келишиб, масжид ҳовлисига жой ҳозирлашди. Меҳмонлар ва қишлоқ, аҳли қаторлашиб ўтирдилар. Меҳмонлар юздан ошиқ эди. Ҳаммаси қуролли аскарлар эди. Бек бобо узун буйли, қотма, бурунлари эниб келган, қошу кўзи қора, қора соқол, тиниқ,оқ юзли, ёноқларида камроқ қизиллик акс этиб турар, хушбичим одам эди. Бир ёнларида бекнинг ишонган одами эшони Исохон бобо ўтирардилар. Бошқа ёнларида Мулло Хидир тўқсобанинг ўғли Асадулло бек, қаратегинлик Фузайл махсум, туркиялик Анвар пошша, Азим қурбоши, Эгамберди ботир, Субҳонқул ботир ва бир канча саркарда ва ботирлар жой олишганди. Қишлоқ аҳли ўзаро суҳбатлашиб, бироз ғала-ғовур, шовқин бўлавергач, мулло Абдураҳим (у киши бекнинг мирзаси эди) ўрнидан туриб одамларни тартибга чақирди, сўнгра Бек жаноблари ўтирган холатда гапириб бошладилар. Бек жаноблари аввал аузубиллоҳ, бисмиллоҳ, Аллоҳга ҳамда расулуллоҳга саловот айтдилар. Кейин босиқ овозда ва шошмасдан дилидаги гапларини тилига кўчирдилар.

-Азиз мусулмон биродарлар, хабарингиз бор — мамлакатимиз бошига оғир мусибат тушди. Тинч ватанимизга урусиялик коммунист кофирлар бостириб кириб, юртимизни ғорат қилмоқда. Қишлоқларимизга ўт қўймоқда, одамларимизни тириклай ерга кўммоқда, отмоқда, аёл-қизларимизнинг номусига тегиб, яна ўлдирмоқда. Улар динсиз. Ўзларининг ҳам бойларига ва уларнинг авлодларига худди шундай қирон келтиришган. Улар айёрлик ва хиёнат йули билан давлатни қўлга киритишган. Энди бизнинг Ватанимизни ҳам босиб олиб, одамларимизни динидан, иймонидан ажратмоқчи. Азиз мусулмон биродарлар, бизнинг Ватанимиз кофирлар қадамидан бўлганди, бинобарин бўйнимизга жиҳод фарз бўлди. Биз босқунчиларга қарши уришмасак, Аллоҳ, таъолонинг олдида қаттиқ, гуноҳга ботамиз. Ҳозирги кунда сафимиз мингдан ошди. Дастлаб қирқ, киши бўлиб жиҳодни бошлаган эдик. Келингизлар, сизлар ҳам бизнинг сафимизга қўшилингизлар. Бирга жиҳод қилайлик! Минг афсуски, халқимиз орасида ўрисларга сотилганлар ҳам бор. Улар кофирларнинг хизматини қилиб, ўзининг халқини, ватанини сотиб, хабаркашлик қилиб юрибдилар. Худо уларнинг жазосини бергуси, иншооллоҳ. Биз мужаҳидлармиз. Аллоҳ йулида, Ислом дини учун уришаяпмиз. Бизга улар «босмачи» деб ном қўйибди. Босмачи ўрисларнинг ўзидир. Улар бошқа мамлакатдан бизнинг юртимизга келиб босқинчиликни авж олдирмоқдалар. Дуо қилингизлар, биро¬дарлар, Аллоҳ бизга зафар берсин, кофирлар устидан ғолиб бўлайлик. Ҳамиша Ислом динимиз йулида хизмат қилайлик, амийн аллоҳу акбар!

Бек жанобларидан сўнг, ҳазрати пир — Эшони Исохон амри маъруф қилдилар. Бу пайт кишлоқ хонадонларининг бир қанчасида қўйлар сўйилмоқда, аёллар нон ёпиб, таом пиширмоқда эдилар. Қишлоқ ахли бу хайру эҳсонларини кофирлар зулмидан омон қолиш учун хайру садақа деб билишарди. Чунки «қизил армия»нинг ваҳшиёна амалларидан халқ мунтазам хабардор эди.

Амри маъруф тугагач, дастурхонлар ёзилиб шурва ва қовурилган гўшт тортилди. Янги пишган товаги нонлар ва юпқа патирлар хиди таралиб турарди. Зиёфат тугаб, таом учун ва кофирлар зулмидан омон бўлиш учун дуолар қилинди. Қишлоқ аҳлининг йигирмадан ошиқ йигити ва ўрта ёшли одамлари Иброҳимбек жаноблари аскарлари сафига ўтишди. Улар от ва қурол-яроқ билан таъминландилар. Бек жаноблари Муҳаммадкул оқсоқол билан бироз суҳбат қилгач, ҳамма аскарлар ва саркардаю қурбошилар отларига миниб саф тортишди, Эшони Исохон бобо қиблага қараб дуога қўл очдилар. Қишлоқ одамлари юзга яқин қўю эчкиларни Бекбобога назр қилишиб, дуо олишди. Шундан сўнг аскарлар тоғ томонга йўл олишди. Қишлоқ одамлари тарқалишар экан, Муҳаммадқул оқсоқол қўшни қишлоқлик Эшбўрини кўриб ҳайратланди: «Қани, Эшбўри, келиб қолинг. Бу ёқларга қайси шамол учирди?»

-Сигиримиз йўқолган эди. Шуни ахтариб келгандим. Бек бобо ташриф этган эканлар. У кишини бир курай деб, шу ерда ўтириб қолдим…

-Марҳамат, чой ичиб кетинг,- деди Муҳаммадқул оқсоқол.
-Раҳмат оқсоқол, зиёфат жуда зўр бўлди. Энди уйга борайлик, — жавоб қайтарди Эшбўри ва отига миниб қишлоғи томон ошиқди.

Эшбўрини кўриб Муҳаммадқул оқсоқолнинг юрагига ғулғула тушди. Чунки Эшбўрининг русларга сотилганини пешма-пеш хабар етказиб туришини орқаворотдан эшитган эди. «Ҳа, исқирт, итдай искаланиб келганини қара!»-деб қўйди Муҳаммадқул оқсоқол ғижиниб. Шу куни кечаси ярим тунда Муҳаммадқул оқсоқолни қизил аскарлар олиб кетишди. Эндигина тонг ёришай деганда, аёлу эркакларнинг доду фарёди қулоқни тешиб юборгудай ўқ овозларию, баланд овоздаги русча хақоратлар қишлоқ сукунатини бузиб юборди. Чор-атроф рус солдатларига тўлиб кетганди. Бирданига ўн-ўн беш чамаси уйлар ёна бошлади. Қишлоқ кўчаларни тутун босиб кетди. Рус солдатлари ёш болалар, аёлу кампирлар, қари чолларни Абдураҳим бойнинг ҳовлисига тўпламоқда эдилар. Йигитлар ва ўрта ёшли одамларни қишлоқ пастига қараб олиб кета бошладилар. Ҳар ер — ҳар ерда одамларнинг ўлиги ётар эди. Улар қочаётганида отилганлар бўлиши мумкин. Одамларнинг маълум қисми қочиб улгурган эдилар.

Абдураҳим бойнинг кенг ҳовлисида қатор саф тортган аёллар, бўйи етган қизлар, ёш болалару қари-қартанглар уввос солиб йиғлар эдилар. Ҳовли ичида отлиғ ва пиёда рус солдатлари сиғмай кетганди. Ҳовли ўртасида от устида турган барваста, мўйловли, юзи сариқ, кўзи кўк солдат нимадир деб бақирди. Унинг ёнидаги отлиқ маҳаллий йигит ўзбек тилида: «Жим бўлинглар!»- деди, шеригининг гапини таржима қилиб. Ҳовлига сукунат чўкди. Фақат ёш болалар «пиқ-пиқ» йиғлашар, катталар уларни юпатишга уринишарди. Рус командир отидан тушган эди, ёнидаги маҳаллий йигит ҳам эгарни тарк этиб, унинг ёнига келди. Солдатлар югуришиб, уларнинг отларини ушлашди. Солдатларнинг эгниларида милтиқ, ёнларида тўппонча, қилич ва пичоқ осилган эди. Рус командир аёллар ва чоллардан кимлигини суриштирар, қанча молию тиллоси борлигини сўрар, ёш аёлларнинг қўлидан ушлаб, қучоғига тортиб, тиржайиб гапирар эди. Бир маҳап командирнинг кўзи юзларини рўмол билан бекитганча, йиғлаб турган қизга тушди. Командир унинг олдига келиб қўлидан тортган эди, қизнинг рўмоли бошидан тушиб юзи очилиб қолди. У ўн беш-ўн олти ёшлардаги гўзал қиз эди. Командир тилло топгандек севиниб, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Қиз рўмоли билан юзини қайта бекитмоқчи бўлганди, командир ўз тилида нимадир деб ғулдираб, бунга изн бермади — унинг рўмолини олиб ерга ташлади. Қиз икки қўли билан юзини бекитди. Солдатларнинг бошлиғи норасидани ўзига тортиб, оппоқ юзига ҳирс билан тикилди, ҳамзамон қуюшқондан чиқиб, қизнинг лабларидан қаттиқ ва тўхтовсиз ўпишга тушди. Ожиза жонҳолатда типирчиларди. Аёллар, қари чоллар юзларини бекитиб, йиғлашга ўтдилар.

Командир ёш болани илкига олгандай қизни кўтариб, уйга олиб кириб кетди. Иккинчи бир командир келиб одамларни сўроқлай бошлади. Тилмоч тўхтовсиз бидирлаб таржима қиларди. Ярим соатлардан сўнг катта командир «ўлжа»сини яна кўтариб чиқди. Қизнинг юзлари докадек оқариб кетган, ярим беҳуш ҳолатда бўлиб, устида фақат кўйлаги қолганди, холос. Командир уни отига миндириб қўйди. Шунда қизнинг кўйлаги йиғилиб, оппоқ сонлари кўриниб қолди. Таранг олмадек юзларини тим қора сочлари ярим ёпиб турар, бошларини эгиб, худди йиқилиб кетадигандай отнинг эгарини маҳкам ушлаб олганди. Командир ўндан ортиқ чолларни орадан ажратиб, қишлоқ молларини давлатга топширишни буюрди ва уларга тўрт-беш солдатни бошлиқ қилиб тайинлади. Сўнг қизини орқароққа ўтирғизиб, ўзи ҳам отга сакраб минди. Ҳовлидан чиқар экан, хомуш одимлаётган чоллардан бирининг салласини энгашиб олдию, ичидаги тоқиясини четга итқитиб, салла билан қизни ўзининг белига қаттиқ боғлаб олди. Тез юриб, қишлоқ пастидаги кичик сойга келди. Изидан қаторлашиб отлиқ-пиёда солдатлар келишарди. Чуқур сойча атрофида юздан ортиқ солдат турарди. Улардан бир қанчаси чуқурга бел билан тупроқ ташлашарди.

-Нечта кўмдинглар?!-деб сўради командир.
-Етмишдан кўпроқ…- деди жавобан кичик командирлардан бири.

Чуқурдан ингранган овозлар яхши эшитилиб турарди.

-Тупроқни кўпроқ ташланглар, саслари тезроқ ўчсин,- деди командир ва яна йўлида давом этди.

Чуқур кўмилиб бўлгач, тўрт-беш солдат шу ерда қолдирилди, бошқалари жўнаб кетишди. Бир кеча-кундуз давомида чуқурдан тирик кўмилган одамларнинг инграб-сиқтаган овозлари келиб турди. Бу орада бояги солдатлар шу ерга яқинроқ жойлашган уйда қўй сўйдириб, арақ ичишиб, қўй гўшти еб роса маишат қилишди. Ниҳоят, солдатлар кўздан ғойиб бўлгач, масжидда Мулло Тожидин маҳзун овозда азон айтди. Одамлар масжидга йиғилиб, жойнамозга саф тортиб ўтиришгач, қомат ирод қилинди. Доимо юздан ошиқ намозга келадиган одамларнинг сони йигирма-йигирма беш кишига тушиб қолганди. Намоз ўқилиб бўлгач, мулло Тожидин дуо қилди. Ёшгина қори шогирди унинг ишораси билан хуш овозда узоқ ва ғамгин қироат қилди. Дуодан сўнг Муҳаммадраҳим бобо чидай олмади, бошини муллонинг тиззасига қўйиб бақириб йиғлашга тушди.

. -Воҳ, бу не кўргулик бўпди-я! Уч ўғлимни тириклайин кўмишди-я!!!

Ўтирганларнинг ҳаммаси ҳўнграб йиғлаб юборишди. Бири «воҳ акам», бошқаси: «воҳ болам», яна бири: «воҳ ўғлим»,-дея фиғон чиқаришарди. Мулло Тожидин ҳам йиғидан ўзини тута олмади:

-Воҳ шаҳид кетган болам, қандай олим бўлганди-я!… Воҳ, Мўъмина қизим, кофирларнинг қўлида қолиб кетган жигарим-ов!!!- дея нола қилар экан, йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам.

Ўрис командир олиб кетган ожиза Мулло Тожидиннинг қизи эди! У олима эди. Қишлоқ қизларига дарс берарди. Ўғли Абдулло ўн беш йил Бухоройи шарифда ўқиб, бир йил олдин келганди. Уни қочаётганида кўчада отиб ташлашганди! Муайян фурсатдан сўнг Мулло жиддий алфозда сўзлашга киришди:

-Биродарлар, бас қилайлик, овоз чиқариб йиғлаш ҳаром эканлигини унутмайлик. Ҳа, бу жуда оғир мусибат бўлди. Ҳаммаларингизга Аллоҳ таъолодан сабру тоқат тилаймиз. Ўлганлар шаҳид кетишди. Охиратда уларнинг  даражаси баланддир.

-Лекин менинг қизим билан қишлоғимиз оқсоқоли Муҳаммадқулдан дарак йўқ, — деяркан, мулло томоғига нимадир тиқилгандек мунгли сукутга толди. Одамлар Муллога тасалли беришди. «Худо хоҳласа, улар тирик. Қайтиб келишади»,- дейишди. Мулло ёш қори йигитларнинг бирига «Оят ўқинг, ўғлим»,-деди. Қуръон тиловатидан сўнг Мулло ўтганлар, янги шаҳидлар арвоҳига бағишлаб, Аллоҳдан уларни мағфират қилишликни сўраб дуо қилди.

Тун яримлаб қолган. Муҳаммадқул оқсоқолни қизил армия солдатлари ўзининг отига миндириб Душанбе томон олиб кети-шарди. Боргунча унинг хаёлидан не-не фикрлар ўтмади, дейсиз…

-Улар мени олиб боришадию сўроқ қилиб сўнг отиб ташласа керак,- деган ўй хаёлидан кетмасди. Лекин кўнгли қандайдир тинч эди.

Душанбега яқинлашганларида, олдиларидан кўп отлиқ аскарлар чиқди. Тун қоронғи эди. Улар элас-элас кўзга ташланар эди. Аскарлар яқинлашгач, улардан бири: «Кимсанлар?»- деб сўради рус тилида. Муҳаммадқулнинг ёнидаги аскар нимадир дея жавоб қайтарди, боягилар яна яқинлашиб келаверишди. Уларнинг олд сафида турган, катта от минган, барваста ҳарбий киши Муҳаммадқулнинг қаршисига отини кўндаланг тутиб, унга эгилиб қаради. Солдатлардан бири унинг қулоғига нимадир деб пичирлади. Командир ҳам бунинг гапини тасдиқлаган бўлди-да, яна йўлида давом этди. Улар Душанбега тонг арафасида кириб келдилар. Анча юришгач, баланд ҳовли олдидаги катта ёғоч дарвоза олдида тўхташди. Дарвозани тақиллатишди. Ичкаридан ёш солдатнинг боши кўринди. Улар ҳовлига кириб отдан тушдилар. Муҳаммадқулни алоҳида хонага қамаб устидан қулфлаб қўйишди. Хонада битта кигиз тўшалган бўлиб, иккита ёстиқ бор эди, холос. Муҳаммадқул оёқ кийимини ечиб, кигиз устида ўтирди. Қандайдир сассиқ ҳид димокка уриларди. Хона қоронғи эди, ёғоч дарча тахтасининг оралари очиқ бўлиб, ташқари кўриниб турарди.

Бироздан сўнг тонг ота бошлади. Муҳаммадқул дарча тирқишидан мўралади. Солдатлар у ёқ-бу ёққа юриб туришарди. Муҳаммадқул эшикни тақиллатди, солдатлардан бири келиб уни очди. Муҳаммадқул қўллари билан ишора қилиб гапирди. Солдат тушунмади-да, ёнидан ўтаётган сафдошларидан бирини олдига имлади. У келиб маҳаллий тилда: «Нима дейсиз?»- деб сўради хушламайгина. Муҳаммадқул: «Иложи борми таҳорат қилиб намоз ўқисам?»-деди. Солдат сопол офтобада сув бериб, ҳожатхонани кўрсатди. Муҳаммадқул таҳорат олиб уйга киргач, эшик яна қулфланди. У желагини ечиб устида намоз ўқиди, худодан омонлик тилаб дуо қилди. Бир соатлардан сўнг эшик очилиб, бир коса шўрва, бир коса сув ва бир парча нон бериб тағин эшикни ёпиб кетишди. Дастурхон йўқ эди. Муҳаммадқул қўлидаги нонни кўзига суртиб, тавоф қилиб овқатни еди, сувни ичди. Шундан сўнг туш пайтигача ҳеч ким эшикни очмади. Туш пайти бир солдат эшикни очиб, офтобага ишора қилди. Муҳаммадқул яна ҳожатхонага борди, таҳорат қилди. Уйга киргач, эшик қулфланди. Кигиз устида ликопда шавла, нон ва косада сув турарди. У овқатланиб. пешин намозини ўқиди. Шу аҳволда уч кун ўтди. Учинчи куни маҳаллий миллатга мансуб солдат уни қўшни ҳовлига олиб кирди. Бу ҳовли анча кўркам ва шинам эди. Улар хоналардан бирига киришгач, соқчи солдат иккинчи хона эшигини тиқиллатиб нимадир деганди, ички тарафдан: марҳамат» деган овоз келди. Солдат эшикни очиб Муҳаммадқулга: «Киринг»,-деди. Муҳаммадқул кирди. Уй тўридаги кенг каравотда бир барваста рус киши ярим яланғоч ҳолда ёнбошлаб ётар, яланг бош, қора сочли аёл унинг оёғини уқапар эди. Солдат Муҳаммадқулга стулни кўрсатиб «ўтиринг» деди ва ўзи ҳам ёғоч стулга ўтир-ди. Аёл Муҳаммадқулга бир муддат тикилиб турди ва ногаҳон: «Оқсоқол акажон, мени қутқаринг!»-деб ўзини унинг оёғига ташлади. Муҳаммадқул аёлни танимади. Қиз тўхтовсиз йиғлаб, зорланар эди.

-Мен сени таниёлмай турибман, қизим…- деди Муҳаммадқул ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам унғайсизланиб.
-Ахир, мен Тожидиннинг қизи Мўъминаман!- деди қиз баттар ҳўнграб. -Наҳотки эслолмаётган бўлсангиз?!

-Э-э… сенмисан?!-дедию Муҳаммадқул турган жойида қотиб қолди. Маҳаллий солдат командирга уларнинг гапини таржима қилиб турди. Муҳаммадқул даҳшатли хаёлга чўмган эди. Вужуди титрарди.

«Ҳа, лаънатилар-ей, булар бизнинг қишлоқнинг ҳам кулини кўкка совуришибди-да, одамларимизнинг аҳволи не кеч-ди экан-а?!- ўйларди у. -Ишқилиб, яхшиликка буюрсин, Худо. Мўъминадай қизнинг шундай аҳволга тушишидан вазият буткул тангга ўхшайди-ёв!?!»

У Мўъминани беш ёшида кўчада ўйнаб юрганида кўрарди. Шундан сўнг у ҳижобга кириб, эркак зотига рўбарў келмай қўйди. «Аввал онасининг, сўнг отасининг сабоғини олган, яхшигина илми бор, қизларга, аёлларга дарс беради», -деб эшитган эди. Муҳаммадқулнинг кичик қизи ҳам вақтида унинг олдида ўқирди.

Рус командир каравотдан туриб стол ёнидаги стулга ўтириб папирос тутатди ва қизни олиб чиқиб кетишни буюрди. Қиз чиқиб кетар экан: «Ака, мени қандай қилиб бўлмасин қутқаришга ҳаракат қилинг!»- деб неча бор қайтаришга улгурди. Командир Муҳаммадқулга юзланиб, таржима орқали суҳбатга киришди:

-Хўш оқсоқол! Иброҳимбекни яхши кутиб олдинглар, ҳа?! Зиёфат бердинглар, қўй-эчки сўйдинглар, мол-буюм, аскар билан таъминладинглар, от бердинглар. Улар бизларни ўлдириши учун кўмаклашдинглар, шундайми?! Мана нимага эришдинглар?! Аввал сени бу ёққа олиб келдик, кейин қишлоғингга ўт кўйдик, одамларингни отдик, қолганларини тириклай кўмдик, қизларингни олиб келиб хотин қилдик. Қани айт-чи, қўлларингдан нима келди?! Қани ўша Иброҳим бегинг? Энди ёрдам берсин! Давлат билан ўйнашганига ўлайми буларнинг!? Жаҳонга машҳур Союз давлати билан-а?!! Иброҳимбек ким бўпти ўзи? У бир қароқчи, холос. Ё фикрим нотўғрими? Гапир оқсоқол?! Нега сасинг чиқмаяпти?!? Энди ўлим навбати сенга! Тушундингми?…

Таржимон солдат: «Жавоб берсангиз-чи?» деб ниқтади.

-Тақдирда нима бўлса шуни кўрамиз…- жавоб қайтарди Муҳаммадқул ўзини бардам тутиб.

-Зиёфат охирида Иброҳимбек сени ёнига чақириб нима деди?-ўдағайлашда давом этди командир. -Тўғрисини айт! Сен қишлоқ оқсоқолисан. У ерда нима гап бўлса, бизга бериб тур, деди…

-Сен қандай фикрдасан, шу гап сенга маъқулми?
-Ҳозирча ўйлаб кўрганим йўқ, билмайман…
-Яна нима деди, очиқроқ сўзла!?

-Бошқа ҳеч гап айтгани йўқ, бошимда Худо турибди, тўғриси шу! Мен ёлғон гапиришга ўрганмаганман, доим тўғри гапираман,- деди Муҳаммадқул рус офицерига тик боқиб.

Командир бироз юмшаб юзига табассум югурди, энди хиёл юмшоқоҳангда гапира бошлади:
-Биласанми оқсоқол, сенинг бизга ёрдаминг керак. .

У жуда пухта ва айёр одам эди. Муҳаммадқул уни диққат билан тинглаб ўтирарди.

-Сен қишлоқ оқсоқолисан, биз нуронийларни ҳурмат қиламиз, уларга тегишмаймиз ва ўзимизга ёрдамчи деб биламиз. Мабодо сотқинлик қилишса дарров нариги дунёга жўнатиб юборишдан бошқа иложимиз қолмайди. Тўғри иш олиб боришса, нур устига аъло нур. Бизга ёрдам беришса, биз ҳам юз фоиз ёрдам кўрсатамиз. Сенинг хизматинг шу: биз сенга Иброҳимбекка фалон гапни етказ деймиз. Сен бориб айтасан ва у нима фикр билдирса очиқ-ойдин бизга етказасан. Сен аслида бизнинг одамсан. Лекин Иброҳимбек билан бизнинг орамизда элчи ҳисобида турасан. Бекга очиқ тушунтир. У ҳарбий одам, буни яхши тушунади, уқдингми?!

Муҳаммадқул:
-Майли, мен бунга розиман, лекин бир шартим бор. Очиқ-ойдин гапни етказиш бўлса бажараман, лекин айғоқчилик қилмайман!- деди.

Командир унинг қўлини сиқиб «келишдик»,- деди. Сўнг суратчини чақириб расмга туширди. Муҳаммадқул умрида илк бор суратга тушиши эди. Салласини олиб, ялангбош тушди. Сўнг командир қандайдир ялтироқ қоғозга унинг ном-насабини ёзиб, айлана муҳр босиб қўлига тутқазди: «Бу сенга зарурий ҳужжат, бизнинг одамларимиз ушлашса, кўрсатасан, улар сенга ҳеч нарса дейишмайди, кейинчалик сенга қурол ҳам берамиз…»-деди ва яна алоҳида қўшимча қилди. -Сенга биринчи топшириқ қуйидагича: шу бугуноқ бориб Иброҳимбекни топасан ва жойини аниқлайсан, эрталаб Лоҳур қишлоғидан нариги тарафдаги кенгликда учрашамиз, хўпми?! Қайтиб келиб кўктошдаги постга хабарни етказасан…. Бўпти, яхши бор. Сенга муваффақият!»

Муҳаммадқул таржимон билан ташқарига чиққанда бирдан Мўъмина ёдига тушди. Хаёлга ботди. Нима қилсам экан, командирга у ҳақида оғиз очсаммикин? Жаҳли чиқармикин? Кел, бир оғиз сўраб кўрай, ахир у юз фоиз ёрдам бераман деди-ку. «Мени командир билан яна бир учраштиринг»,- деб таржимон солдатдан илтимос қилди. Улар қайтиб киришди. Муҳаммадқул «Командир, сиздан бир ўтинчим бор, ҳалиги қиз менинг яқин оғайнимнинг қизи. Шуни озод этишингизни сўрайман,- деди қўлини кўксига қўйиб. Командир бошини чайқаб кулди ва: «Майли, кутиб тур, мен ҳозир…- деб чиқиб кетди. Бироздан сўнг Мўъминани олиб кирди. Мана, уни сенга топширдим!»- деди. Мўъмина Муҳаммадқулнинг қўлига маҳкам ёпишиб олганди. Дарвоза олдида солдатлар унинг отини ушлаб туришарди. Дашунбе кўчаларидан ўтар экан, одамлар Мўъминанинг ялангбош ва сонла-ри очиқ кетаётганини кўриб ажабланишар эди. Муҳаммадқул ноқулай аҳволга тушганди. У кўча четидаги уйлардан бирининг дарвозасини қоқди. Бир эркак киши чиқиб келди. Муҳаммадқул отдан тушиб кўришиб: «Сиздан илтимос, шу қизимизга кийим берсангиз пулини тўлайман»,- деди. Уй эгаси тушунди ва: «Уйга кирсин»,- деди. Бир пасдан сўнг Мўъмина кийиниб чикди. Уй эгаси оҳиста: «Уни ким бу аҳволга солди?»- деб сўради. Муҳаммадқул хонадон соҳибининг қулоғига секин шивирлади: «қизил армия!». Уй эгаси лабини тишлаб, надоматла бошини чайқади. «Неча пул бўлади?»- савол ташлади Муҳаммадқул. «Бепул, дуо қилсангиз бас»- дея жавоб қайтарди хайрихоҳ киши. Муҳаммадқул дуо қилар экан, оламда яхши одамлар оз эмаслигини ўйлаб, руҳи анча ёришди. Муҳаммадқул йўлда бўлиб ўтган фожиалар ҳақида толеи шум қиздан сўраб борди. Мўъмина ҳам, Муҳаммадқул ҳам кўз ёшларини тўхтата олмадилар. Муҳаммадқул қирқ беш ёшда эди. Икки ўғли ва уч қизи бор эди. У оиласидан хавотирда эди. Мўъминадан шу хусусларда сўради. Мўъмина билмаслигини айтди. «Фақат шуни биламанки, — деди қиз ҳиқиллаб йиғларкан,- қишлоқ уйларининг бир нечтасига ўт қўйдилар, кўчаларда одамлар ўлиб ётарди, уларнинг қанча-қанчасини тириклай кўмиб юборишди, яшамагурлар!… Ахир, бечораларнинг айби нима эди!??- дерди Мўъмина дув-дув ёшларини тўкиб.

«Эсиз ҳамқишлоқларим, шаҳид кетган жигарбандларим!… -нола чекарди Муҳаммадқул.

Қишлоққа кириб келишганида одамлар ҳам уларни йиғлаб кутиб олишди. Мулло Тожидин Муҳаммадқулни қучоқлаб бўзла ди. Муҳаммадқул баттар эзилиб кетди. Мулло меҳмонхонага таклиф қилди. Муҳаммадқулнинг ичини ит тирнар эди.

-Мулло, менинг болаларимнинг ҳоли не кечди? Шуни айтинг, беҳад хавотирдаман!… -унинг биринчи саволи шу бўлди.

-Худога мингбор шукр, оила аъзоларингизнинг ҳаммаси соппа-соғ. Хотинингиз оқила экан. Қарса-қурс ўқовози эшитилиши билан иккала ўғлингизни сой томонга қочирибди. Улар тоққа чиқиб кетиб, қутилиб қолишди. Худога шукр, анча йигитларимиз тоққа бекиниб омон қолдилар. Лекин кўплари ғафлатда қолишди, отилдилар, тириклайин кўмилдилар…- деяр экан, мулланинг муштлари қисирлаб кетди.

Муҳаммадқул уйма-уй юриб мотамсаро кишиларнинг кўнглини кўтарган бўлди, қишлоқ мозорига янги қўйилганлар кўчада шаҳид бўлганлар ва чуқурга тирик кўмилганлар ҳаққига Қуръон тиловат қилди. Сўнг тоғ тарафга, Иброҳимбек жаноблари ҳузурига жўнаб кетди…

* * *

Иброҳимбек аскарлари билан Хўжазарин тоғи бағридаги Рангон қишлоғига туташ майдонда жойлашган эди. Бу ерда мингдан ортиқ отлиқ аскар бўлиб, улар тинимсиз машқ қилишарди. Муҳаммадқул оқсоқол аскарлардан биридан бек ҳазратларини сўради. Аскар йигит кичкина тепалик устида ўтиришган ўттиз чоғлик одамлар томонга ишора қилди. Муҳаммадқул отини боғлаб, улар билан кўришиб, Бек ҳазратлари ёнидаги кўрпачага ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Зийрак эмасми, Иброҳимбек меҳмоннинг руҳиятини дарҳол илғади. Жасур саркарда ғам-аламдан кўзлари ич-ичига ботиб кетган Муҳаммадқул оқсоқолга меҳрибон нигоҳини қадаб, ўктам оҳангда гап бошлади:

-Оқсоқол, сизга ва қишлоғингиз аҳлига Аллоҳдан сабр-бардош тилаймиз. Сизларнинг бошларингизга тушган бу мусибатлар бизнинг ҳам мусибатимиздир. Улар шундай разилки, қилган ишлари бошқа бирор халқда йўқ. Чунки ҳамма халқда дин бор, коммунист эса динсиз. Улар барча динларга қарши. Инсонда дин бўлмагандан сўнг, Худодан кўрқмагандан кейин у йиртқич ҳай вондан ҳам баттар бўлади.

-Оқсоқоп, босқинчилар сизни ва Мулло Тожидиннинг қизини олиб кетишган экан. Унинг аҳволи қандай бўлди?!- деб сўраб   қолди Бек.

Муҳаммадқул кўрган-кечирганларини, улар оқсоқолга махсус топшириқ берганларини ва эрталаб Лоҳур майдонига жангга таклиф қилишганини сўзлаб берди ва пировардида:

-Менинг улар ва сизлар орангизга элчилик қилишим динимизга тўғри келадими? Шу ишни бажарайми ё йўқми, Бек жаноблари?-деган саволни ўртага қўйди.
-Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ, — деди Иброҳимбек жавобан,- бемалол хизматни бажараверинг.

Муҳаммадқул улар топширган қоғозни Бек ҳазратлари олдига қўйди. Унинг котибларидан бири кирилл ҳарфини ва рус тилини билар экан, дарҳол ўқиб, тушунтириб берди. Бек майдонда машқ қилаётган Азим қўрбошини ёнига чорлади.

-Азимбек, рус ҳарбийлари бизни эрталаб Лоҳурга жангга таклиф қилишибди, сизшунга нима дейсиз?

Азим қўрбоши лозим топилганида эски кийимлар кийиб, қиёфасини ўзгартириб, Душанбега борар, рус ҳарбийлари билан учрашар, «Иброҳимбек қўшини фалон ерда жойлашган» деб уларни чалғитар, ҳатто рус ҳарбийларидан ишончли ҳужжат ҳам олиб қўйган эди. Ҳужжатда унинг номи ҳам, қиёфаси ҳам бошқача эди.

У қўлини кўксига қўйиб Иброҳимбекка ахборот берди: -Бек жаноблари, мен сизга айтган эдим, улар Москвадан аэроплан олиб келишган деб. Лоҳурга таклиф қилишганига қараганда, аэропланни ишлатишмоқчи кўринади. Аэропланда пулемётчиси ҳам бор. Учувчиси жанг пайти аскарлар ғуж бўлган жойларга ҳужумга ўтади ва пулемётчи ўққа тутади!

— Сизнингча, қандай йўл тутганимиз маъқул?- сўради Бек  ҳазратлари.

-Бунинг учун улар таклиф қилган жойга бориш ва қўрқмасдан жанг қилиши керак. Аскарлар ғуж бўлиб эмас, тарқоқроқ бўлиб ҳаракат қилсалар ва мерганларимиз аэропланни нишонга олиш пайидан бўлсалар, айни муддаодир. Ё учувчини, ё аэропланнинг олдидаги шамол паррагини бехато уриш керак бўлади. Шунга эришилса, аскарлар Эсанбой томонга чекинишга мажбур бўладилар. Уларнинг отлари тоғли жойларга ярамайди. Мен Эгамберди ботирга тушунтирдим,- деди Азим қўрбоши рўпарасидаги барваста йигит томонга ишора қилиб.- Эсанбой яқинидаги сой ичида ўрин олган калта бурилиш биз учун кулай жой. Ўша танг жойда жанг қиламиз. Худо хоҳласа, босқинчилар у ерда енгилмай қолмайдилар. Биз уларни қайта Лоҳур томонга қувамиз. Менинг режам шундай!- деди Азим қўрбоши ўзига ишонч билан. Бек мулозимларига қаради. Бу фикр ҳаммага маъкул тушган эди.

-Мўъминани олиб кетган ўрисни билдингизми?- сўради Бек Азим қўрбошидан. Бек Мулло Тожидин билан мадрасада бирга ўқиган эди.
-Билдим, яхши таниб олдим, -жавоб қайтарди қўрбоши.

-Айғоқчисини-чи?
-Уни ҳам Бек жаноблари.

-Яхши. Иккаласини ҳам тирик ушлайсизлар, қишлокда сазойи қилиш керак.
-Хўп бўлади, Бек жаноблари!

-Сизга рухсат,- деди Бек Азим қўрбошига. Азимбек таъзим қилиб пастга эниб кетди.
-Бек жаноблари, менга рухсат берсангиз. Сизнинг Лоҳур жангига рози бўлганингизни уларнинг кўктошдаги постига хабар беришим керак…

Бек жаноблари котибга оқсоқол учун ҳужжат тайёрлашни буйруқ берди. Бу ҳужжат мужоҳид аскарлардан омон бўлиш учун эди. Бек ҳазратлари «элчи»га бердилар. Муҳаммадқул Кўктошга қараб йўл олди.

* * *

Лоҳур қишлоғи атрофидаги майдонларда ва тоғлар ёнбағрида эрта тонгдан бошланган шиддатли жанг чоштгоҳ чоғидаям Бек жаноблари кунчиқар томондаги тепа устида, тошлар орқасидан мулозимлари билан биргаликда дурбин орқали жангни кузатиб турарди. Пастроқдаги тепаликда дурбинли милтиқ тутган мерганлар олдиндан қазилган ҳандаққа кириб олгандилар. Юздан ошиқ отлиқ аскар улардан пастроқдаги сойчада буйруқ кутиб туришарди. Қолган барча куч майдонда эди. Қуйидаги тепача устида Азим қўрбоши ва Эгамберди ботир одамларининг бир қисми билан туришарди. Азим қўрбоши Мўъминани олиб кетган рус командирини дурбин билан ахтарарди. Ниҳоят от устида қўл пулемёти билан жанг қилаётган рус аскарига анча тикилиб турди-ю бирдан «топдим!»- деб юборди. Эгамберди ботирга дурбинни тутқазиб: -Анаву пулемётчига қаранг, топдингиз-ми?- деб сўради. Эгамберди ботир:

-Ҳа, шуми?!- деди.
-Худди ўша!- деди Азим қўрбоши ва йигитларнинг бирини ёнига чақирди.

-Мирохур, буёқка кел, арқонинг тайёрми?
-Тайёр, қўрбоши ҳазратлари.

-Ҳув, ана у пулемётчини кўраяпсанми? Биз ҳозир унга ҳужумга ўтамиз, сен арқон ташлайсан, хўпми,- деб бошқа йигитларга: «Уни тириклай ушлашимиз шарт», деган кўрсатма берди.

Пулемётчининг орқасидан ўн бештага яқин солдат уни қўриқлашмоқда эди. Азим қўрбоши ўн чоғли йигит ва Эгамберди ботир билан уларга яқинлашиб келишди ва руслар билан отишма қизиб кетди. Рус командир орқасига бурилиб, пулемётларни мужоҳидлар томонга тўғриламоқчи бўлганида, унга ўн беш қадамча яқинлашиб, учида симли айланма ва илгичи бор арқон-ни айлантириб отди. Арқоннинг бошқа учи ўзида турарди. Мўлжал хато кетмади, ёвнинг бўйнига бориб тушди. Мирохур дарҳол арқонни силтаб тортиб ўрис командирини ерга қулатди ва арқонни анча тутиб турди.

Бу орада Азим қўрбоши Эгамберди ботир ва бошқа йигитлари рус солдатларини ер тишлатишди, фақат уч-тўрт нафари бошқа маррадаги шериклари томон қочишди. Эгамберди ботир отдан ирғиб тушиб рус командири тепасига келиб, бўйнидаги арқонни чиқараётганида, у ирғиб турмоқчи бўлган эди, калласи ботирнинг бошига тўқнашиб, яна жойига ётиб қолди. Ботир тезлик билан унинг икки қўлини танасига қўшиб боғлаб, Мирохурнинг олдига ўнгариб берди. Мирохур отини суриб уни Бек ҳазратлари ҳузурига олиб кетар экан, бир гуруҳ қизиллар Эгамберди ботир ва қўрбоши томонга ҳужумга ўтишди. Улар командирни асир олишганини кўриб қолган эдилар. Бирдан Бек ҳазратлари томондан олтмишдан ошиқ мужоҳидлар ёрдамга ошиқишди. Қиличлар жаранги ва отишма авжига чиқди. Пастки тарафда эса Субҳонқул ботир, Асадуллобек ва Анвар пошша гуруҳи астойдил жанг қилмоқда эдилар. Фузайл махсум гуруҳи Бек жаноблари томонда ҳужумга шай турарди. Шу пайт Душанбе томондан қарсиллаган баланд овоз яқинлашаверди. Ниҳоят узоқдан қушга ўхшаб кетадиган икки самолёт учиб келди ва гоҳ юқорилаб, гоҳ пастлаб учиб, ўққа тута бошлади. Юқорига кўтарилганида отмасдию пастга шўнғиганида мужоҳидларни ўққа тутиб, тағин баландликка кўтарилар эди. Бу ҳол узлуксиз давом этиб турди. Мужоҳидлар ўзларини анча йўқотишиб қўйишди. Самолёт ҳар пастлаганида тўрт-беш кишининг бошига етарди. Мужоҳидлар ҳар томон тортқилашиб кетишди. Бундан руҳланган қизиллар қийқиришиб, қутуришар, ҳужумга зўр беришарди. Мужоҳидлар тушкунликка туша бошладилар. «Мана-ман» деган ботирлар ҳам бу «темир қуш» олдида ҳушини йўқотиб, гангиб қолди. Бундан фойдаланган қизиллар баттар қийқиришар, тинмай ўқ ёғдиришарди. Хуллас, мужоҳидлар анча талафот кўрдилар ва қоча бошладилар. Бек ҳазратлари самолётни нишонга олишни буйруқ бердилар.

Мерганлар иккала самолётни мўлжалга олишга киришдилар. Иттифоқо самолётлардан бирининг овози ўзгариб, пақ-пақ этиб тутай бошлади ва пасайиб бориб қизиллар маррасида ерга қўнди. Ундан қочиб чиққан учувчи ва пулемётчи қизилларга бориб қўшилди. Самолёт ёна бошлади ва бир пасдан сўнг портлаб кетди. Бундан руҳланган мужоҳидлар қий-чув қилишиб яна ҳужумга зўр бердилар. Иккинчи самолёт ҳамон айланиб, ажал уруғини сочарди. Мерганлар уни нишонга олишаётганини сезиб, учувчи самолётини улар томонга бурди. Самолёт мерганлар устидан жаладай ўқ ёғдириб ўтиб кетди. Мерганларнинг икки нафари шаҳид бўлди. Самолёт яна айланиб шу томонга парвоз қилар экан, улар ўзларини тошлар панасига олишди. Майдоннинг ўртасига учиб келганда, туйқус овози пақиллаб, тутай бошлади. Самолёт бирдан  Душанбе томонга бурилди-да, Лоҳур қишлоғи устидан учиб борар экан тутаб, тобора пасайишга ўтди. У Тувбек қишлоғидан ҳам ўтганида, кичик айлана тепаликка урилди ва портлаб, титилиб кетди (Иттифоқ даврида ўша учувчига ёдгорлик ўрнатилди. Ҳозир ҳам турибди- муаллиф). Шундай қилиб, самолёт жанги атиги ўн беш дақиқача давом этди. Лекин ўнлаб мужоҳидларнинг бошини еди. Самолётнинг талафотидан руҳланган мужоҳидлар янгитдан ҳужумга ўтишди. Энди улар ҳеч нарсадан қўрқмас эдилар. Жанг яна бир соатга давом этди. Бирдан мужоҳидлар Эсанбой томонга чекина бошладилар. Қизиллар ҳайрон бўлишди. Улар «яна бошқа самолёт «ташрифи»дан қўрқишди шекилли» деб, қизиллар мужоҳидларни қува бошладилар. Рус аскарлари қувиб кетишгач, Бек ҳазратлари ён тарафдаги сойдан ўрин олган пистирмада турган юздан ортиқ мужоҳидлар билан уларнинг изидан тушдилар. Эгамберди ботир ва Азим қурбоши бошлиқ йигитлар Эсанбой яқинидаги тангроқ сой ичида калта муюлишли йулдан бурилиб, паналаб туришдилар.

«Қочаётган» мужоҳидларни олдинга ўтказиб юборган қуйи қатор туришиб қизилларни кута бошладилар. Йўл шундай қисқа муюлишли эдики, қизиллар мужоҳидларни икки-уч метр қолгандаги-на кўрардилар. Мужоҳидлар бир неча дақиқа кутиб туришгач, ниҳоят қизиллар минган отларининг дукур-дукури эшитилаверди. Улар жуда тез келишарди. Бирдан уч-тўрт отлиқ отилиб чиқиб келган эди, мужоҳидлар уларни шу заҳоти қиличдан ўтказишди. Қизиллар ўзларини ўнглай олмай қолдилар. Яна бир-икки дақиқа ўтиб-ўтмай, тағин ўн-ўн беш отлиқ муюлишдан ўқдай отилиб чиқди ва уларни ҳам асфаласофилинга равона қилинди. Азим қўрбоши мужоҳидларга: «Ўқ отилмасин, қизиллар билиб қолишади», деб буйруқ берган эди. Ана шу йўсинда қанчалаб қизиллар шу ерда қириб ташланди. Ниҳоят уларнинг бир қанча разведкачилари пйёдалаб тоғ тепасига чиқиб келдилар ва ўнлаб қуролдошлари ўлиб ётганини кўриб, «Орқага қайтинглар!» деб буйруқ беришди. Бу сафар мужоҳидлар ёвни Лоҳур томонга қува бошлашди. Қизилларнинг отлари тоғли жойларда югуришга қийналарди. Шунинг учун улар қочганда, мужоҳидлар тезда етиб олишар, натижада босқинчилар тўхталиб, қиличлашишга мажбур бўлишарди. Хуллас, улар кўп талафотлар беришиб, чекинишаётганида икки тоғ орасидаги кенгликда Иброҳимбек жаноблари душман солдатларини кутиб турар эдилар. Шундай қилиб қизиллар қамалда қолдилар. Узлуксиз қирилавергач, отларини ташлаб тоққа тирмашдилар. Кўплари шу жараёнда қурбон бўлдилар. Маълум қисми тепаликлардан ошиб кўздан ғойиб бўлдилар. Мужоҳидлар бу гал ҳам ғалаба билан қайтдилар.

* * *

Муҳаммадқул оқсоқол марҳум шаҳидлар ҳаққига худойи ўтказди. Бутун қишлоқ биргалашиб катта садақа қилдилар. Атрофдаги қишлоқлардан вафот қилганларнинг қариндош-уруғлари келишди. Катта маърака бўлди. Йиғи-сиғи авжига чикди. Мунтазам Қуръон тиловат қилиниб турилди. Сўнг одамлар қишлоқ тепасидаги мазоратга дафн этилган шаҳидлар дахмалари атрофини беркитишди. Бир гуруҳ одамлар чуқурга тирик кўмилган шаҳидлар мангу қароргоҳи атрофини иҳоталашди ва унга «тўда шаҳид» деб ном беришди. (Бундай «тўда шаҳид»лар Тожикистоннинг жуда кўп жойларида бор. Жумладан, Хуросон ноҳиясидаги Фахробод қишлоғида, Ёвон ноҳиясидаги Эшма қишлоғида мавжуд. Ҳозиргача одамлар бу жойлар атрофини тартибга солиб, тозалаб дуо қилиб турадилар. Булар «қизил армия»нинг ваҳшиёна жиноятларига далилдир.-муаллиф).

Худойи тугади. Одамлар тарқалди. Муҳаммадқул оқсоқол энди чўзилиб ҳордиқ чиқаришга чоғланаётганида, кўчадан шовқин овози келаверди. У нима гап экан деб кўчага чиқди. Қишлоқ одамлари бақиришиб, кимгадир ҳамла қилишар, баъзилар уларни тўхтатиб: «Оқсоқол келсин, қишлоқ пешвоси нима деркин?» дейишарди. Оқсоқол тўдани оралаб қаради. Тўрт-беш қуролли мужоҳидлар рус командири ва Эшбўрининг ёнида туришарди. Одамлар ғазабга тўлиб:

-Уринглар, уларни бир қишлоқни йўқ қилиб юборишди-я! Ўт қўйишди, отишди, ҳамқишлоқпаримизни тириклай кўмишди, хо-. тин-қизларимизнинг номусига тегишди, яна нима керак сизлар-га?! Топширинг уларни бизга!!! Дея жумбушга келмоқда эдилар. Мужоҳидлар эса: «Бек ҳазратлари, бу аблаҳларни қишлоқни айлантиринглар-да, қайтариб олиб келинглар, ўзимиз жазолаймиз,- дедилар» дёб халоиқни-тинчитишга уринишарди.

-Бек жаноблари тўғри айтибдилар,- деди Муҳаммадқул одамларни тартибга чақириш асносида.

-Буларни ўлдириш ҳеч гапмас, бир дақиқалик иш. Лекин эртага яна ўзимиз балога қоламиз. Мана бу чўчқани ит ҳам сўрамайди!- деди оқсоқол Эшбўрини кўрсатиб. Аммо мана бунисининг орқасида исковучлари бор. Агар ўлдирсак, қизиллар яна келади, отади, ўт қўяди, тириклай кўмади. Қишлокда қолганларимизни ҳам қириб тугатади. Бек ҳазратларининг аскари бор, қуроли бор. Бизда нима бор?! Биз қизиллар учун тайёр қўймиз ҳисоби. Бек ҳазратларининг одамлари тутибдими буларни, ўзлари жазо беришсин!..

Тўпланганларнинг аксарияти оқсоқолнинг гапини маъқуллашди. Мужоҳидлар маҳбусларни олиб тоғ томон кетишди. Одамлар тарқалишди.

* * *

Орадан уч ой ўтди. Мўъминанинг кундан кунга ранги сарғайиб, озиб борарди. Бундан отаси ва онаси чуқур изтироб комида эди. Мўъмина «ичимдан топ» бўлиб қолган, бир бурчакда ўтириб олиб, унсиз йиғлагани-йиғлаган эди. Ахийри волидасига ёрилишдан ўзга иложи қолмади. У онасининг тиззасига бош қўйиб ўксиб ёш тўкар экан:

-Онажон! Бир бор шарманда бўлганим етмагандай, яна юзи қора бўладиганга ўхшайман!…- дедию ўкраб юборди.
-Нима бўлди сенга ўзи, тушунтириб айтсанг-чи!?? -сўради онаси қон ютиб. -Онажон, бўйимда бўпти, қутқаринг, онажон, ҳеч ким билмасин,;0лдириб ташланг!!!

-Эби, шўрим қурсин!… -деганича анграйиб қолди она. -Яна бу шармандалик ҳам бошимизда бормиди?! У узоқ аламли ўйга толди, ниҳоят бир тўхтамга келди шекилли:
-Қизим, бу ҳақда отанг билан маслаҳатлашмасак бўлмайдиганга ўхшайди,-деди.

-Йўқ-йўқ, айтманг онажон, отамнинг юзларига қандай қарайман! -бўзларди Мўъмина.
-Ахир, ўзинг ўқиган қизсан, шариатимизни яхши тушунасан, шу ёшга келиб отангдан беижозат бирор иш қилганим йўқ. Айтмасам, эртага қиёматда нима жавоб бераман?!

Мулло Тожидин меҳмонхонада лавҳни олдига қўйиб китоб ўқиб ўтирарди. Хотини унинг олдига бориб, оҳиста чўкди. Мулло китобни ёпиб унга қаради. Хотини йиғлаб юборди. -Нима гап, тинчликми?- деди сергакланиб Мулло. -Отаси бошимиздаги кўргуликлар кўп экан… Қизимизнинг бўйига бўлиб қолибди. Ўғлимнинг куйиги совумасдан, яна бу кўргуликка учрадик! Қизингиз отамга айтманг, олдириб ташлайлик, деяпти. Мен отангнинг ижозатисиз ҳеч иш қилолмайман,-дедим…

Мулло бир сапчиб тушгандай бўлди, тишлари ғичирлаб кет- ди, сўнг ерга тикилиб оғир сукутга чўмди. У ўғли вафотидан кейин анча чўкиб қолган эди. Ниҳоят чуқур хўрсиндию аста сўзлай бошлади:
-Ҳамма нарсага сабр қилиш керак. Аллоҳга шукр қилиш керак. Тангри бизни яратибди. Ризқ бериб, тарбия қилибди ва энди имтиҳон қиляпти. Биз ҳеч қачон Аллоҳнинг айтганидан чиқмаслигимиз керак. Қизимизнинг фарзанди гарчи ғайридиндан бўлган бўлса ҳам, у бизнинг фарзандимиз, Аллоҳнинг бандаси. Бола олдириб ташланса, уни қатл қилган бўламиз. Одам ўлдириш –энг ашаддий, оғир гуноҳ. Гуноҳи кабир. Кимки одам ўлдиради, у дўзахда абадий қолади. Қизинг бизга билиб-билмай одам ўлдиришни таклиф қиляпти. Биз унинг боласини ўлдирсак, қизинг ҳам, сен ҳам, мен ҳам абадий жаҳаннам ўтида ёнамиз. Шунинг учун мен то тирик эканман, бу ишга ҳеч қачон йўл бермайман!..

Мулло дилидаги андишаларини қизига ҳам айтишни лозим кўрди. Мўъмина эса ғайридиннинг боласига «она бўлишликни хаёлигаям келтиролмасди. Мўъмина:

-Отажон, эл олдида ўлгудай шарманда бўлгандим, яна шарманда бўламанми?-деди юзларини чангаллаб йиғларкан.

-Қизим, сенда ҳеч қандай айб йўқ, сен жабр кўрдинг, тўғри. Лекин болани олдирсанг, қиёмат куни Аллоҳ олдида шарманда бўласан ва сени Аллоҳ дўзахга иқоб қилади, яъни жазолайди. Қизим, мана бу гапларимни қулоғингга қуйиб ол: иншооллоҳ, Аллоҳ икки дунёда ҳам сени бахтли қилади. Сабр қил, шайтонга хайр бер, болам…

Мўъмина жим бўлиб қолди. Отаси чиқиб кетди. Қулоғи остида падари бузрукворининг: «Сени Аллоҳ бахтли қилади, сабр қил» -деган сўзи муттасил жаранглаб турарди.

-Мен ҳам бахтли бўлар эканманми?! Наҳот!? Ахир менинг иқболим чил-чил синдику. Энди Муҳаммадроҳим мени ёдига ҳам олмайди. У мендан жирканади. Ахир мен ташландиқман, шармандаман…

Мўъмина тинмай йиғларди, кофирларни қарғарди.

Муҳаммадроҳим отасининг дўстининг ўғли эди. У мадраса- ни тамомлагач, катта олим бўлиб етишган эди. Мўъмина унга бир йил олдин фотиҳа қилинганди. Мўъмина виждон азобида қийналар, тунлари ҳам уйқуси учиб кетар, унсиз фарёд чекар, онаси қизининг руҳиятидан огоҳ бўлиб, қўлидан унга тасалли  беришдан бошқа ҳеч иш келмасди…

* * *

Путовский Шарқий Бухоро Комиссарлар Советининг раиси эди. У Душанбедан кичик самолётга чиқиб Москвага учиб кетди. Уни ўртоқ Сталин чақиртирган эди. Сталин уни қабул қилиб жой кўрсатар экан: -Ўртоқ Путовский, Шарқий Бухорода вазият қандай?- деб сўради. Путовский тиқ туриб жавоб берарди: -Аҳвол анча оғир, кўп талафот кўряпмиз, Иосиф Виссарионович.

Сталиннинг қовоғи солинди.

-Биз сизларга ҳамма ҳарбий шароитларни яратиб бердик, босмачилар масаласи ҳалиям ҳал бўлмайди, бунинг туб сабаби нимада?

Путовскийнинг бир муддат дами ичига тушиб кетди ва ниҳоят ўзини тутиб олиб жавоб беришга ўтди:

-Сабаби уларда тажрибали жангарилар кўп, қуроллари етарли, тоғ-адирлар йўлларини яхши билишади. Отлари ҳам шу шароитларга мослашган. Маҳаллий халқ уларга ёрдам бермоқда…

-Биз сизларга ёрдам беролмаяпмизми?- унинг гапини бўлди Сталин.
-Ёрдам бориб турибди…- тутилиб қолди Путовский.

-Ундай бўлса ишнинг уддасидан чиқолмаяпсизми?
-Йўғ-е, йўқ, мен ишнинг уддасидан чиқаман, менга яна бир оз муддат берсангиз…- деди Путовский.

У қалтирар, вужуди терлаб кетганди. Агар у ишнинг уддасидан чиқолмайман деса тамом, масаласи ҳал эди. Шу сабаб қўрқув оғушида яна такрорлади: -Иосиф Виссарионович, Ватан учун жонимни фидо қилишга тайёрман. Бор кучим билан ҳаракат қиламан.

-Ўтиринг,- деди Сталин.

Путовскийга қайта жон кира бошлади.

Сталин қисқа ҳам кескин гапирар ва унинг ҳар қандай кўрсатмаси шу заҳотиёқ амалга ошар эди. Шунинг учун унинг олдида ҳар қандай қўмондон довдираб қоларди. Мамлакат бош қўмондони бошқа раҳбарларга ўгирилиб деди:

-Ўртоқ Калинин, сиз шу масала бўйича эртага Тошкентга учасиз. Ўртоқ Ракасовский билан бирга Шарқий Бухоро масаласига киришинг, ижозат сизларга. Путовский Раккасовскийнинг қабулида бўлди. У билан қуроллар, солдатлар ва озиқ-овқат, медицина борасидаги камчиликлар хусусида гаплашиб олди.

-Иброҳим босмачининг ишонган одами ким?- деб сўради Ракасовский.
-Унинг ишонган одамлари кўп…

-Энг зўр баҳодири-чи?
-Эгамберди ботир деган кимса…- деди Путовский. -У қиличбоз, зўр мерган ҳам жуда бақувват киши!

Ракасовский аллакимга телефон қилди ва кимнидир олиб келишни буюрди. Бир пасдан сўнг генераллардан бири ўттиз беш ёшлардаги барваста кишини бошлаб келди. Раккасовский унга:

-Иброҳимбекнинг энг зўр қиличбози бор экан, ўша билан яккама-якка қиличбозликка чиқа оласанми?-деб савол берди. Агар уни енгсанг сени катта мукофот кутиб турибди!

-Мен учун рақиб зўр-ожизлигининг фарқи йўқ,- деди рус баҳодири.
-Бўлмаса тайёрлан, бугун Путовский билан учиб кетасан,- деди қатъий қилиб Ракасовский.

Баҳодир чест бериб чиқиб кетди. У ниҳоятда баҳайбат одам  эди.

-Сенингча, бизнинг баҳодир ўша босмачини енга оладими?-  дея ўсмоқчилади Ракасовский хайрлашаётиб.
-Бунга ишониш қийинроқ…-деб қўйди Путовский.

Путовский ўша куни рус баҳодири билан Душанбега учиб келди.

Муҳаммадқул оқсоқолни Кўктош ҳарбий постига чақиришди. У қишлоқдан чиқиб Кўктошга яқинлашар экан, шу атрофдаги жангалзорлар ёнмоқда эди. Одамлар, аёллар йиғи-сиғи қилиб, ўрмон ичида ва теварагида ётган ўликларни бир жойга йиғиштирмоқда эдилар. Оқсоқол уларнинг олдига бориб, отдан тушиб кўришиб, таъзия билдирди. Мурдалар бошида йиғилиб турган чоллардан бири: -Оқсоқол, сизларнинг бошларингизга тушган мусибат бизнинг ҳам бошимизга тушди. Қизил аскарлар қишлоққа кириб одамларни отаверди, одамларнинг баъзиси тоққа қочди, бир қисми ўрмонга яширинди. Кофирлар ўрмонга ўт қўйдилар, қочиб чиққанларини отавердилар, чиқмаганлари ёниб кетишди,- деди йиғлаб.

Муҳаммадқул жуда оғир қайғуга чўмди, ўйлаб ўйининг тагига етолмай қолди. нега бундай бўлаяпти экан-а? Бу келгинди газандалар қачон қонга тўйишаркин?!?

У постга етиб келгач, қўлига бир қоғоз беришди. «Сизни комиссар Путовский чақиртирибди»,- деди унга мактуб тутқазган солдат.

Муҳаммадқул оқсоқол Душанбега йўл олди. Борар экан, хаёллари чувалашиб кетди. Рус командирининг ўлими учун уни жазолашмасайди ишқилиб… Ҳай, майли, нима бўлсаям, ўзимни Аллоҳга топширдим. Аллоҳдан бошқа ҳеч таянчим йўқ!..

Муҳаммадқул Душанбега етгач, сўраб-сўраб Путовский турадиган маҳкамани топди. Чақириқ қоғозини кўрсатгач, уни ҳарбийлар Путовскийнинг ҳузурига олиб киришди. Таржимон чақиртирилди. Рус ҳарбий қўмондони Муҳаммадқулга илиқ муомалада гапира бошлади: -Хабарим бор, сиз Иброҳимбек ва бизнинг орамизга воситачисиз. Лоҳур жангини ҳам улар билан сиз орқали келишиб олган эдик. Бундан буён ҳам биз сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз. Сиз асосан бизнинг одамимиз ҳисобланасиз.

Бу сир. Буни Бек ва унинг одамлари билмаслиги керак, тушундингизми?- сўради Путовский. -Тушундим,- деди оқсоқол. Путовский кимнидир чақиришни буюрди. Бир пасдан сўнг кенг елкали паҳлавон одам кириб келди ва кўрсатилган жойга ўтирди.

-Сизни чақиртиришимиздан яна бир мақсад,- деди Путовский Муҳаммадқулга,- мана бу йигит Иброҳимбекнинг Эгамберди ботири билан бирма-бир қиличлашиш учун келган. Сиз Бекка тушунтирасиз, Эгамберди ботир йигирма киши билан, бизнинг баҳодир ҳам йигирма йигити билан учрашадилар. Учрашув жойини, майли, улар белгиласинлар. Вақтини ҳам. Иккала баҳодир қиличлашишади. Қайсиси енгилса, «ўйин» тугаган ҳисоб. Қолган йигитлар уруш қилмасдан из-изларига қайтадилар. Тушунарлими?- деди Путовский. Бу таклифга Бекнинг жавобини бизга етказасиз, тушунарлими?

-Хўп бўлади, — деди оқсоқол ва кўнглига тугиб келган фикрини юзага чиқарди. -Сизга битта муҳим гапим ҳам бор…

Путовский таржимондан бошқасига жавоб берди ва оқсоқолга қараб:
-Қулоғим сизда,- деди.

-«Қизил аскар»лар томонидан жуда кўп бедодликлар бўляпти. Қишлоқлар ёняпти. Одамлар отиляпти, тирик кўмиляпти. Ахир, бу одамларда ҳеч айб йўқ-ку? Сиздан илтимос, шунақа тартибсизликларнинг олдини олсангиз, халқ жонидан тўйиб кетди,- деди Муҳаммадқул титраб.

-Гапингиз тўфи, биз худди шу муаммо борасида ҳам иш бошладик,- деди Путовский. -Бунинг тафсилотларини айтиб ўтирмайман. Вақтимиз танг. Халқни тинчлантиринг. Совет Ҳукумати сизларнинг озодлигингиз учун кураш олиб боряпти, деб айтинг.

Суҳбат тугади. Муҳаммадқул тоғ тарафга йўл олди. Уч соатлар йўл юргач, Иброҳимбек жанобларининг ҳузурига етиб борди. Мужаҳидлар пешин намозини ўқиш учун таҳорат қилишмоқда эдилар. Муҳаммадқул ҳам таҳорат олиб, намозга қўшилди. Ибодатдан сўнг оқсоқол Бек билан ҳол-аҳвол сўрашди ва Путовский томонидан айтилган шартларни изоҳлаб берди.

-Ботир билади, ботирни чақиринглар, — деди Бек.

-Лаббай, Бек ака.-дея Эгамберди ботир Бекнинг олдига яқинлашиб, қўл қовуштириб турди. Бектаклифни тушунтирди. Эгамберди ботир: «Агар дуо берсангизлар, мен тайёрман», деди қаддини ғоз тутиб.

Бек мулозимлари билан маслаҳатлашиб: «Эртага соат ўнда Султонободнинг Жалоқбулоқ қишлоғидан юқорисидаги сойга келишсин»,- деди. Муҳаммадқул Бек билан хайрлашиб, йўлга тушди. Кўктош постига келиб хабарни етказди. Бу маълумот Душанбега етиб келгач, «қизил армия» офицерлари ўзаро маслаҳат қилишди. Москвадан келган қиличбознинг ёнига йигирма нафар ўктам ҳарбийни ажратдилар ва уларнинг ичидан энг зўр қиличбозини танлаб алоҳида суҳбат ўтказдилар. Генерал унга махфий топшириқ бериб бундай деди: «Биз Москвадан келган қиличбознинг босмачи қиличбозни ўлдиришига ишонмаймиз. Чунки жангларда Эгамберди ботирнинг қиличбозлигини кўрганмиз. Бизда унга тенг келадиган қиличбоз йўқ. Бинобарин, сенга топшириқ шулки, улар қиличлашишаётган вақтда сен тайёр турасан. Эгамберди қилич уриши биланоқ изидан етиб уни чопиб ташлайсан, тушундингми?!

Генерал пировардида:
-Эгамбердини ўлдирганга катта мукофот бор,-деб алоҳида таъкидлади.

Улар отларга минишиб, Душанбедан Султонобод томонга йўл олишди.

* * *

Эгамберди ботир қиличини ясси қора қайроққа қайрар экан, у ёқ-бу ёғига кўз югуртирди. Қилич бошқаларнинг қиличига қараганда каттароқ ва оғиррроқ эди. Бу қилични ботир машҳур ака-ука усталар — Муҳаммадмурод ва Абдумуродларга буюриб яса тирган. Улар бу қилични ботирнинг кучини ва қоматини ҳисобгаолиб тайёрлашган. Бир минг икки юз даража иссиқликда қиздириб, сув беришган. Бек ҳазратлари Қўрбошилар, домуллолар ва эшонбоболар билан биргаликда қиблага қараб Эгамберди ботирга дуо бердилар. Дуодан сўнг ҳаммалари унинг билан бир-бир қучоқлашдилар. Бек ҳазратлари ботирни қучар экан: -Хайр ука, сенга ишонаман, сенинг отинг танганинг устидан қайтади…- дедилар. Бу гапнинг маъносини ботир дарҳол тушунди. Маъноси: «Қилич уриш навбатини биринчи русга бер»,- дегани эди.

-Хўп бўлади ака,- деди ботир. У бекни доим «ака» деярди. Чунки Бек билан иккови сарполашиб қиёматлик ака-ука тутинган эдилар.

Эгамберди ботир йигитлари билан Хўжазаррин тоғидан Султонобод томонга йўл олишди. Улар йигирма бир отлиқ эдилар. Олдинда ботир кетар эди. Унинг бўйи бошқа аскарлардан анча баландлиги билан ажралиб турарди. Мужоҳидлар Жалаб улоқ қишлоғи юқорисидаги сойга яқинлашганда, қизил аскарлар тўдасини кўришди. Рус солдатлари отдан тушиб давра қуриб туришарди. Ўртада икки қоматли ҳарбий фақат шимми бор, ярим яланғоч ҳолда бўлиб, ҳар иккаласининг икки қўлида ҳам қилич тутишган эди. Улар қиличларини шундай тез ўйнатишардики, ҳатто қиличнинг айланганини кўз илғамай қоларди. Мужоҳидлар бундай қилич ўйинини умрларида биринчи кўришлари эди. Мужоҳидлардан уч-тўрт нафарини ваҳима босди. Отларини орқага буриб жўнаб қолдилар. Ботир отини буриб: -Ҳо-ой, деб бир наъра тортганди, тоғлардан кучли акс садо қайтди. Русларнингҳаммаси ботирга чўчинқираб тикилишди.

-Қайт ҳамманг орқангга, бўлмаса, аввал мана бу ўрисни ўлдираман, кейин сенларнинг хотинларингни бева, болаларингни сағирқолдираман!..Капалаги учган бояги мужоҳидлар дарров изларига қайтдилар. Қизил аскарларнинг ичидан маҳаллий тилни биладигани ўртага чиқиб, ўзбек тилида гапирди:

-Келишувга биноан фақат мана шу икки ботир қиличлашадилар. Қайсиси енгилишидан қатъий назар, икки томон ҳам тинчгина из-изига қайтишлари керак. Сўнг фикрини шерикларига ўз тилида баён қилди. Рус қиличбози ярим яланғоч ҳолда от устида жангга тайёр турарди. У нимадир деди. Таржимон ботирга қараб:

-Рус қиличбози «биринчи навбат кимга» деб сўраяпти, деди.

Ботир: -Майли, биринчи қилич уриш навбатини мен унга бераман,- деди. Рус қиличбози отига қамчи босиб ҳамлага ўтди. Ботир ундан узоқлашаверди. Ботирнинг оти ниҳоятда тез чопар эди. У от жиловини тортиб астароқ елиб борарди. Рус қиличбози қиличини бошида ўйнатиб келар эди. Ботир ундан кўзини узмай кетарди. Рус қиличбози қиличини чап қўлига ушлаб олган эди. Ботир уни кузатар экан, «Демак, отни чап томонга буришим керак» деган фикрга келди. Ботирнинг оти ўргатилган эди. У чопиб бораётганида ҳам, бургани ҳамоно жойида тўлиқ бурилиб, яна йўлида чопиб кетаверар эди. Рус қиличбози етиб келди ва қилични ҳавога кўтариши билан ботир отини буриб юборди. Рақибининг қиличи ҳавода беҳуда силтанди. Ботир эса унинг орқасига ўтиб олган эди. У жуда ҳам тезлик билан ёв бошига қилич солди. Рус қиличбозининг оти икки оёғини тик кўтариб, кишнаб юборди ва қулаб тушди. Рус қиличбози икки бўлиниб отнинг икки томонига йиқилди. Қилич отнинг олд кўкрагига ҳам бир қарич ботиб кетганди. От жонҳолатда осмонга ирғишига ҳам шу зарба сабаб бўлган эди. Ботир тезлик билан рақибини қиличдан ўтказиб, ундан ўзиб кетган ватқтида орқа томондан бир шарпани сезгандай бўлди, бошини буриб қараса, икки қиличбоз етиб келиб, унга қилич кўтариб улгурган эди. Рус бунга улгурмасданоқ, ботир унга қилични тиқиб юборди. У ҳам отдан қулаб тушди. Ботир бурилиб орқага қаради. Йигитлари уни олқишлаб туришарди. Рус солдатлари эса қочиб кетишмоқда эдилар. Ботир йигитлари томон от суриб келар экан:

-Уринглар уларни, шартни бузишди. Номардга авф йўқ!- деб ҳайқирди. Руслар анча узоқлашиб қолишганди. Жалоқбулоқни ортда қолдириб, Пўтсхона қишлоғидан ўтаёзганда ботир яна иккитасини чопиб ташлади. Ботирнинг йигитлари ҳам қийқиришиб, унинг икки ёнида келишарди. Улар Эгамберди ботирнинг ғалабасидан беҳад руҳланиб кетишганди. Бурма қишлоғи яқинида улар ёв аскарларига етиб олишди ва кўпчилигини қиличдан ўтказишди. Фақат улардан икки нафари омон қолган, жон ҳолатда от суриб боришарди. Арпабулоқ қишлоғидан ўтилганидан сўнг уларни ҳам қувлаб етишди.

Мужоҳидлар энди ҳамлага ўтишганида  ботир:

-Тўхтанглар!- деб қичқирди. Йигитлар ҳайрон бўлишиб тўхташди. Руслар орқаларига қарай-қарай ўқдай учиб боришарди.
-Майли, бу иккитасини ўлдирмайлик. Улар тирик гувоҳдирлар. Ўзларининг «қаҳрамонликлари»ни командирларига айтиб беришгани маъқул!..- деди ботир уларнинг кетидан мийиғида кулиб боқар экан.

* * *

Мўъминанинг ойи куни етиб, ўғил туғди. Ўғлининг кўзлари кўм-кўк, юзи сап-сариқ эди. Оиладагилар болани унчалик хуш кўрмасдилар. «Ўрисдан бўлган» деб йирканишардилар. Фақат мулло Тожидин болани қўлига олиб эркалатарди. Бола уч кунлик бўлганида мулло ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб номини Сайфиддин (диннинг қиличи) деб қўйди. «Худо хоҳ-ласа, буни ўқитамиз», деярди. Бу гапларни мулло ё чин дилдан, ё қизининг кўнглини кўтариш учун айтарди — буниси энди ёлғиз Тангригагина аён. Болакай уч ойлик бўлди. Кулиб бошлади. Мўъмина ниҳоятда гўзал қиз эди. Икки юзида кулгичлари бор эди. Ўғлининг юз тузилишлари ҳам Мўъминага ўхшарди. Жилмайганида унинг юзидаям кулгичлар ҳосил бўларди. Аста-аста болага оиладагилар меҳр қўя бошладилар. Мўъмина ҳам у билан овуниб, ғам-ғуссаларини анча унутган эди. Лекин у Муҳаммадраҳимни ўйлар экан, ўксиб йиғлар эди. Мўъмина бу йигитни ёшлигидан билар ва унга қаттиқ кўнгил қўйган эди. Айниқса фотиҳа қилингач, қиз уни не-не орзулар билан эслар, никоҳ тўйлари тезроқ бўлишини истарди. Энди ўша ширин орзуларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлгандай ҳис қиларди ўзини. Лекин қалбининг бир четида умид учқунлари барибир узлуксиз шуълаланиб турарди.

* * *

Муҳаммадраҳим бир йилдан ошибдики, севги оловида қовриларди. Мўъминани тарк этиб бошқага уйланай деса, қизга бўлган кучли севгиси бунга йўл бермас эди. Мўъминага уйланай деса, халқ орасидаги гаплар… Устига устак унинг ўғли борлиги йигит қалбини исканжага олгани-олган эди. Ота-онаси эса:

-Домулло (улар Муҳаммадраҳимни шундай деб аташарди), келинг, бирор қизга уйлантириб қўяйлик,- деган гапни тез-тез такрорлашга ўтган эдилар.

У эса: «Шошмангизлар, ўзим айтаман»,- дейиш билан кифояланар, китоб ўқиб ўзини овутарди. Мўъмина яшайдиган қишлоқ уларнинг қишлоғидан уч километр узоқроқ эди. Бир куни Муҳаммадраҳимни Мўъминаларнинг қўшниси хатми Қуръонга таклиф қилиб қолди. Муҳаммадраҳим қишлоққа етиб келгач, аввал дўстининг арвоҳига дуо қилиш учун Мулло Тожидинникига бош суқди. Ҳовли ўртасида ўғлини кўтариб турган Мўъминани кўриб, бир зум ундан кўзини узолмай қолди. Мўъмина ҳам худди шундай ҳолатга тушди, лекин тезда ҳушини йиғиб, бошини хам қилганча уйга кириб кетди. «Ниҳоятда чиройлик бўлиб кетибди!» — хаёлидан ўтказди Муҳаммадраҳим-Юраги гуп-гуп ура бошлади. У севгилисининг ҳусну жамолига маст бўлиб қолган эди. Ҳамзамон ичкаридан чиқиб келган Мулло Тожидин уни кўрдию, марҳум ўғлини эслаб беихтиёр дийдаси намланди ва йигитни ўз фарзандидек бағрига босиб кўришди.

Шу Мўъминанинг сиймоси Муҳаммадраҳимнинг ўй-хаёлини буткул эгаллаб олди. У ўйлай-ўйлай охири бир қарорга келди. Мўъминани олмаса, юраги армон чангалидан бўшамаслигини тушуниб етди. Бўлиб ўтган воқеага исломий шариат нуқтаи назаридан қаралганида, Мўъминада ҳеч қандай айб йўқ эди. Унинг боласини ўлдирмай сақлаб қолиши ҳам шаръий эди. «Лекин Мўъминанинг қалбида алам доғи бор,- ўйлади Муҳаммадраҳим.- Ана шу алам доғини фақат мен кеткиза олишим мумкин. У чуқур руҳий тушкунликка тушган. Бу тушкунликдан ҳам уни фақат мен қутқара оламан. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ хафа бўлган кишининг кўнглини кўтариш Каъбатуллони қайта созлаган кабидир, деганлар-ку!» У шу кундан бошлаб Мўъминага уйланишга қатъий қарор қилди. Эртаси куни отаси ва онаси уни ҳузурларига чақириб гап бошладилар: «Ўғлим, худога минг бор шукроналар бўлсинки, кўп йиллар узоқ юртларда таҳсил олиб, домулло бўлиб келдингиз. Ёшингиз ҳам анчага бориб қолди. уйланиш вақтингиз ҳам ўтиб кетаяпти, деяр экан, ота андак сукутга чўмдида, сўнг асосий гапини ўртага ташлади. — Биз сизга бир қиз топиб қўйдик…

Муҳаммадраҳим қизаринқираб, отасига савол назари билан боқди. «Аммангизнинг қизи»,- деди отаси. «жуда яхши қиз!- дея гапни илиб кетди онаси. -Қўлли-оёқли, эпчил, ўзи ҳам оймисан, ойдай».
Муҳаммадраҳимнинг устидан бир сатил совуқсув қуйилгандай жунжикиб кетди, аммо сир бой бермай волидайнларини тинглашга қарор қилди. Гапириб бўлишгач, Муҳаммадраҳим минг истиҳола билан Мўъмина ҳақида оғиз очди.

-Энди у… сизга ҳеч тўғри келмайди, деган андишани айтди отаси. Онаси эса «вай-вай»лаб кетди: -Э вой, юзим қурсин, уни қандай оласиз? Шунча гапу сўздан кейин-а?! Унинг ўрис боласини қаёққа қиласан? У энди сенинг тенгинг эмас. Уни бирор хотин қўйган ёки хотини ўлган киши олса бўлади!» «Йўқ,- деди Муҳаммадраҳим сўзида қатъий туриб,- мен Мўъминадан бошқани олмайман, тамом!»

-Вой, уни олиб келиб элу халқнинг орасида бизни шарманда қиласиз-ку, болам йиғлаб юборди онаси. Отаси эса хаёл уммонига ғарқ бўлган эди.

-Эна, сиз тушунинг, Мўъминада айб йўқ, у зулм кўрди. Аллоҳ олдида у бокирадир, ҳеч қандай гуноҳ қилгани йўқ. Унинг отаси отамнинг қиёматлик дўсти. Биз Мўъминани фотиҳа қилиб қўйганмиз.

Қолаверса, Мўъмина шаръий жиҳатдан менинг тенгим. Унинг қалбида Аллоҳнинг илми бор,- деди куйиниб Муҳаммадраҳим.

-Хотин, домулланинг гапи тўғри,- дея гапга тушди ниҳоят отаси. -Тожидинни кўрдим, чўкиб қолибди. Ўғлидан айрилди, қизи бу ҳолатга тушди, унга жуда қийин бўлди. Агар биз ўғлимизга Мўъминани олиб берсак, мулло анча қаддини тиклаб олади…

Бир ҳафтадан кейин Муҳаммадраҳимнинг отаси Мулло То- жидинникига тўй олиб борди. Никоҳдан бир кун олдин Мўъмина  Муҳаммадраҳимни яшириқча чақиртириб учрашди. «Нима қилардингиз ўзингизни қийнаб… Ахир, мен сизнинг тенгингиз эмасман!»- деди Мўъмина йиғлаб.

-Мен нима иш қилган бўлсам, қалбимнинг амри билан қилдим. Менинг энг севикли дўстим, маҳбубам сенсан. Сенсиз яшай олмаслигимни англаб етгач, сенга уйланишга аҳд қилдим!- деди ва онаси берган тилло узукни ва ўзи олиб келган совғаларни унга тақдим этди. Мўъмина узукни қабул қилар экан:

-Ахир, менинг ўғлим бор-ку?-деди.
-Ўғлинг менинг ўғлим бўлади. Худо хоҳласа, мен унга яхши  тарбия бераман,- деди Муҳаммадраҳим.

Мўъмина бу гапдан хурсанд бўлиб кетди.

Тўйдан бери ҳам бир ой ўтиб кетибди. Улар иккови ширин висол оғушида кунлар қандай ўтаётганини ҳам сезмас эдилар гуё. Мўъмина эрига ҳомиладор бўлганлигини уялиб, қимтиниб айтганида, Муҳаммадраҳим бахт сасидан энтикиб кетди.

* * *

Иброҳимбек аскарлари Рангон қишлоғи яқинидаги Тошмачитда қарор топиб турган пайтлар эди. Қосим Иброҳимбекнинг ноибларидан бири бўлмиш Асадуллобекнинг аскари эди. У кўпинча қишлоқ ва ноҳиялардан хабар олиб келиб турарди. Бир неча кундирки, у Ёвон ноҳиясидаги Норин қишлоғидан ахборот етказиб турибди. Қосимнинг ота-онаси, рафиқаси ва ўғилчаси шу қишлоқда эди. У шом намозини Тошмачитда ўқигач, Асадуллобек дан дуо олиб Норин қишлоғи томон жўнади. У қишлоқ аҳли уйқуга кетган чоғда уйига кириб борди. Норин Иброҳимбекнинг туғилиб ўсган қишлоғи эди. Шунинг учун ҳам бу қишлоқни қизиллар босиб олиб, ўзларининг истилочилик одатларига кўра катта талафот етказган эдилар.

Қизиллар қишлоқ аҳлининг баъзиларини «Иброҳимбек авлодисан» деб қийнаб ўлдирар, мол-мулкини мусодара қилар, халққа азоб берарди. Қосим отини оғилга солиб чиққанида одамларнинг баланд кулишган овози эшитилди. У ҳадиксираб атрофга бокди. Овоз қўшниси Равшанникидан келарди. У тез юриб ҳовлидан чиқдию ҳамсояси уйининг дарчаси тирқишидан мўралади. Улар йигирма чоғли одам бўлиб, шу қишлоқдаги қизилларга қўшилган йигитлар эди. Ҳаммасининг ёнида қуроллари бор эди. Қосим орқага қайтиб ҳовлисига, сўнг уйига кирди. Уй қоронғу эди. У хотинига оҳиста: «Мастура, қўрқма, мен келдим»,-деди. Мастура уйғоқ эди.

-Ҳозиргача ухламадингми?-деб сўради.

-Йўқ, қўшникида шубҳали одамлар тўпланишган, шулардан хавотирдаман. Отаси кетинг, улар сизни пойлаб ўтиришибди шекилли…-деди Мастура юрак ҳовучлаб.

-Анвар ухлаб ётибдими?- пичирлаб сўради Қосим. У эндигина бир ярим яшар бўлган ўғлини уч ойдан бери кўрмаган, роса соғинган эди. Бошини бешикка тиқиб пишиллаб ухлаб ётган дилбандининг юзларидан ўпди.

Мастура билан ҳафтада бир марта қишлоқдан анча узоқдаги тоғ тепасида учрашиб туришарди. У ердан Қосим ўзига яширинадиган жой тайёрлаб, устини ёғочлар билан бекитиб олганди. Мастура ҳафтанинг белгиланган кунлари эшакка кўза ортиб тоғ тарафдаги чашмадан сув олиб келиш баҳонасида ўша ёққа жўнарди. У қишлокдаги баъзи бир хабарларни Қосимга етказарди-да, чашмадан сув олиб изига қайтарди. Мастурага зарур хабарларни Қаҳҳор ака етказиб.турарди. Қаҳҳор ака шу қишлоқлик бўлиб, Иброҳимбекнинг яқин одами эди.

-Хайр, мен кетдим, отам ва онамга келганимни айтиб қўй,-деди Қосим.

Шу пайт отхонадан отнинг ҳуркиб «пирх» этган овози келди. Қосим тез юриб отхонага кирди. Оти нимадандир ҳуркиб, қулоқларини тик қилиб турарди. Қосим қоронғи бўлганлиги учун, отхона тўрида яшириниб турган Равшанни сезмади. У Қосимнинг уйига келганлигидан огоҳ бўлган ва аввал отни яшириб, кейин уни ушлаб бермоқчи эди. От ҳамон безовталанарди. У отни ташқарига чиқариб миниб, энди йигирма қадамча юрган эди ҳамки, ҳовлисидан бир одам югуриб чиқиб Равшаннинг уйига кириб кетди. Қосим вазиятни дарҳол англаб, отга қамчи боса-боса танг кўчалардан чоптириб, сой ичидаги майда йўлга тушиб олди. Анча юриб сойдан чиққач, текисликка қаради: етти-саккиз отлиқ одам бир чақирим узоқца от чопишиб, уни ахтаришиб юрардилар. Улар сой томонга кетар экан, Қосим тоғ томонга йўл олди. У тонг отмай Тошмачитга етиб келди. Асадуллобекка бор гапни етказди. Орадан бир кун ўтгач, бомдод намозидан сўнг, Асадулло бек унга топшириқ бериб деди:

-Кун чиқавериб ўша тоғдаги жойингда бўласан. Биз ҳам аскарлар билан етиб борамиз. Норинни қизиллардан албатта озод қиламиз!

Қосим яна тоғ томон жўнади. У бир соатдан бери Мастурани кутмоқда. Қуёш рўбарўдаги тоғ ортидан бош кўтара бошлади. Қосим тоғдан уч чақирим наридаги қишлоққа кўз тикиб ўтирарди. Ниҳоят қишлоқтомондан биров кела бошлади. Анча юриб тоғга яқин қолганда Қосим уни таниди. Бу Мастура эди. Қишлоқдан яна беш-олти отлиқ чиқиб кела бошлади. Қосим сергак тортди. Отлиқлар анча юришгач, ўнг томонга бурилишиб кетишди. Бир зумдан сўнг яна қишлоқдан олти отлиқ чиқди. Улар ҳам ўнг томонга бурилишди. Бу орада Мастура анча яқинлашиб қолганди. У одатдагидай эшакка кўза ортиб олганди. Олдида биров борга ўхшарди. «Анвар бўлса керак!» -хаёлидан ўтказди Қосим. Мастура тоғ бағрига келгач, эшакни боғлади-да, ўғилчасини кўтариб қия йўлдан юқорига кўтарила бошлади. Қосим хавотирланиб отлиқлар кетган йўлга қаради. Ҳеч ким кўринмасди. Отлиқлар бурилган ўнг тарафдаги йўл Қосимга бошдан-оёқ кўриниб турар-ди. Отлиқлар эса кўзга ташланмасди. «Яна бизни таъқиб қилишаётган бўлса-я?!» -ўйлади Қосим. У ўнг тарафдаги қояга чиқиб қаради. Ҳеч ким йўқ эди. Сўнг пастда-тоғнинг этагидаги текисликда тўртта от боғланиб турганини кўрди. Юраги шув этиб кетди. Қўлидаги бешотарини шайлаб қўйди. Пастроқда шақир-шуқур қилиб тош юмалади. Қосим эгилиб қараганди, иккита одамни кўрди. Орқасига чекиниб, ўзи тайёрлаган чуқурчага кирди. Қосим ҳамон Мастура билан Анвардан хавотирда эди. Чунки қизиллар Мастурани кузатиб келишмокда эди, чамаси.

Улар Қосимни йўқ қилишлари керак эди. Қосим турган чуқурча анчайин хавфсиз жой эди. Тепаси ва пасти жарлик бўлиб, чуқурчанинг олди тошлоқ текислик эди. Бирдан Қосимнинг чап тарафидаги йўлакдан Мастура чиқиб қолди.

-Мастура, орқага қайт, қизиллар!-бақирди Қосим. Шу пайт унинг ўнг тарафидан пастроқда, жарликнинг лабидан икки одам Мастурага милтиқ тўғриламоқда эди. Қосим чаққонлик билан уларнинг биттасини нишонга олиб тепкини босди. Ўқ овозидан тоғу тошлар гумбурлаб садо берди. Боягиларнинг биттаси додлаганича пастга тушиб кетди. Мастура ҳангу манг алфозда қотиб турарди. Шу маҳал паст тарафдан яна ўқ овози чиқди. Мастура орқасидаги тошга суяниб йиқилди, чалқанча ётиб қолди. Унга ўқ текканди. Қўлидаги боласи тошлоқ устига қулаб тушди. Юмалаган кўйи жарликнинг лабига бориб қолди. Қосим иккинчи одамни ҳам нишонга олиб отди. Униси ҳам жарликка учиб кетди. Қосим бу кимсаларни таниди. Улар қизилларга қўшилган ҳамқишлоқлари эди. Қосим жонҳолатда Анварга томон интилди. У инграниб йиғлар, тошга тегиб тилинган манглайидан қон оқмоқда эди. Бола бечора тобора жарликка томон тойиб борар, агар яна бир қарич тойса, жарликка тушиб кетиши аниқ эди. Мастура тошга суянганча жон берар, боласига қўлини узатар эди. Қосим чуқурдан югуриб чиқиб жар ёқасидаги Анварни илиб олди-да, изига бурилиб, чуқурга қайтиб кираётганида яна ўнг тарафдан ўқ овози келди. Ўқ Қосимнинг орқа курагини тешиб ўтди. У ўғлини бағрига босганча чукурча четида йиқилди. Бирдан чап ва ўнг томондан ўқ овозлари кучая бошлади. Отишма авжига чиқаверди. Асадуллобекнинг йигитлари етиб келишган эди. Улар тоғдан бир чақиримча узоқ жойдан ўқ овозини эшитиб, шошилиб етиб келишган, бироқ кечиккан эдилар. Анвар бўғилиб йиғлар, отасининг қўли остида типирчилар эди. У уриниб-уриниб отасининг жонсиз қўллари тагидан чиқиб олди. Сўнг унинг нигоҳи тошга суянганча кўзлари очиқ ётган онасига тушди. У эмаклаб-эмаклаб волидаси ёнига келди. Ўксиб-ўксиб йиғлаб: «Она! Она!» деб чақирди. Онасининг тўзғиб ётган тим қора сочларидан тортқила- ди. Лекин Мастура гапирмади, қимир ҳам этмади. Бола онасининг тиззаларига тирмаша-тирмаша, зўрға чиқиб олди. У ҳамон йиғлар эди. Қўлчалари билан онасининг кўйлаги ёқасини тортқиларди. Бола онасининг қонли кўкрагига бошини қўйиб оғзини унинг сийнасига теккизгандагина йиғлашдан тўхтади.

Тоғлар бағрини ларзага келтирган ўқ овозлари ҳам тинди. Мужоҳидлар қизил армия газандаларининг қолганини ҳам ер тишлатиб чуқурча олдига келганларида бола жонсиз ётган она-сини ҳамон эммоқда эди. Мужоҳидлардан бири болани оҳиста кўтариб олмоқчи бўлди. Анвар додлаб онасига маҳкам ёпишиб олди-да, яна эма бошлади. Унинг манглайидан қон силқиб оқиб турарди. Мужоҳидни шериги қайтарар экан: -«Тегма унга! Тегма, эмсин, онасининг сўнгги сутини тўйиб эмиб олсин!»- деди. Улар Мастура ва Қосимнинг жасадларига боқишар эканлар, овоз чиқармай кўз ёши тўкардилар.
Асадуллобек ўн йигитини ажратиб,Қосим ва Мастуранинг жасадини ва Анварни уйларига олиб боришни буюрди ва ўзи мужоҳидлар билан Норин қишлоғи томон йўл олди. Мужаҳидлар икки юздан ортиқ эди. Қизиллар эса бу ерда бор йўғи эллик нафар атрофида эди. Бир соатлик отишмадан сўнг қизиллар чекина бошладилар. Улар анча талафот кўрган эдилар. Қизиллар «Чормағзак» қишлоғи томон қочиб, сўнг Янгибозор (ҳозирги Ваҳдат ноҳияси)ға ўтиб кетдилар.

Эртаси куни Қосим ва Мастуранинг жанозаси ҳамда дафн маросими бўлиб ўтди. Мужоҳидлар Қосимнинг ота-онасига ва  етим қолган Анварга пул, мол ёрдам қилдилар.

* * *

Иброҳимбекнинг ёвқур аскарлари қизил армия солдатларини Ёвон, Даҳанакийик, Янгибозор ноҳияларидан суриб чиқиб, Душанбега тўплаган пайтлар эди. Мужаҳидлар катта жангга тайёргарлик кўрар эдилар. Улар қизил армияни Душанбедан ҳам ҳайлаб чиқаришни бош мақсад қилиб қўйган эдилар. Иброҳимбек шунга ўхшаш катта мухорабалардан олдин албатта пирларидан дуо оларди. Иброҳимбек ўзбек халқи, лақай элатининг оқсари уруғидан эди. Халқ орасида: «Лақайнинг пири зўр», -деган гап машҳур эди. Лақайларнинг пирлари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодидан эди. Яъни, ҳазрати Али ва Биби Фотиманинг ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусан бўлиб, Имом Ҳусаннинг Зайналобиддин ўғлидан келиб чиққан. Бу кишининг кейинги авлодлари Урта Осиёга Ислом динини жорий қилиш учун саҳобалар билан бирга келадилар ва шу ерларда қолиб кетадилар. Иброҳимбекнинг пирлари Саид Атоий эдилар. Саид Ато эса машҳур жаҳонгир Амир Темурнинг пири бўлган.

Иброҳимбек эрталаб бомдод намозини жамоат билан ўқиб, Рангон қишлоғи томон йўл олди. Рангонда унинг энг яқин пири Иброҳимхон эшонбобо турардилар. Иброҳимхон эшонбобо билан Иброҳимбекнинг ёшлари тенг эди. Иброҳимбекни ёшлигида отаси Чақабой тўқсаба ҳар йили пири Тошхонхўжа бобоникига олиб борар, дуо олар эди. Ёшгина Иброҳим, ёшгина пири Иброҳимхон билан бирга ўйнаб юрардилар.

Мана орадан йиллар ўтиб, Тошхонхўжа бобо ҳам Чақабой тўқсаба ҳам оламдан ўтиб кетдилар. Иброҳимбек отини қамчилаб, Рангон томон кетар экан, отасининг Тошхонхўжа пири ҳақидаги нақлини эслади.

Чақабой тўқсаба лақайнинг улуғ кишиларидан бўлиб, бою бадавлат эди. Унинг умр йўлдоши ўғил фарзанд туғади. У пайтлар тўқсаба Норин қишлоғида ўтирарди. Кўктошдаги Кўлбулоқ ва Қоракамар қишлоқларида ҳам уй-жойлари, моллари бор эди. Тўқсаба ўғил кўрганидан хурсанд бўлиб Норин қишлоғида бир неча кун тўй беради. Олишу улоққа навбат етганида, пирини олиб келиш учун Кўктошга жўнайди. Тошхонхўжа пирлариникига етиб келганида эшонбобо йигирма чоғли киши билан энди йўлга отланган пайт эди. Тўқсаба отдан тушиб от устидаги пири билан кўришар экан, унинг қўлларини юзига суртиб тавоф қилади. Сўнгра пирига юзланиб; «Пирим, мен ўғил фарзандли бўлдим. Сизни тўйга олиб кетгани келдим»,- деди. Эшон бобо: «Муборак бўлсин!» -дедилар ва дуо қилдилар. Сўнг тўқсабага юзланиб:

-Дарёнинг нариги тарафида марқа муридимиз тўйга таклиф қилган. Иншооллох, биз билан бирга борасиз, сўнг у ердан чиқиб, сизникига йўл оламиз,- дейдилар. Тўқсаба ҳайрон бўлади.Сув тошқин вақти, дарёнинг кўприги йўқ эди. «Қандай ўтар эканмиз»,- деб хаёлга берилган эди ҳамки, бирдан эшонбобо: «Дарёдан хавотир олманг, биз билан юринг»,- дедилар. эшонбобонинг сўзларини ҳеч ким қайтаролмас эди. Улар пирнинг изларидан Қоракамар қишлоғи томон йўлга тушдилар. Ниҳоят, дарё лабига етиб келдилар. Дарё шиддат билан оқар, сув жуда катта эди. Отлиқларни ваҳима босиб, сувдан қандай ўтишни ўйлашарэдилар. Шунда эшонбобо орқадагиларга: «Кўзларингни юмиб менинг изимдан келаверинглар»,- дедилар. ҳамма кўзини юмиб, худога таваккал қилиб, отларини ҳайдашди. Отлар саёзгина сув ичида кетаётгандай «чилп-чилп» этиб одимламоқда эди. Шунда  ёшроқ мулло йигит: «Қани, мен кўзимни сал очайчи, нима гап экан?» -деб ўнг ёнига, яъни сув оқиб келаётган тарафга оҳиста назар ташлайдию бирдан қўрқиб кетади. Дарё суви баланд тепа мисол тўпланиб турар эди. Бирдан дарё сатҳи пастлаб, сув унинг отининг қорнигача чиқади. Шу пайт мулло қўрққанидан кўзларини чирт юмиб дейди:

-Дарё яна тинчиб қолади. Улар эсон-омон соҳилга ўтиб оладилар.
-Мулло, қўрқдингиз-а? — дейдилар эшонбобо бояги йигитга.

Мулло хижолатга тушиб, ерга қарайди. Ҳамманинг отининг туёғи нам бўлган, муллонинг отининг эса қорнигача ҳўл эди! Эшонбобо шериклари билан тўй зиёфатини еб, дарёдан яна тинчгина кечиб ўтиб, Норин томонга йўл олдилар. Икки тоғдан ошиб Норинга етиб келганларида, аср намози вақти бўлиб қолган эди. Эшонбобо одатларига кўра, қайси қишлоққа борсалар, албатта энг камбағал кишининг уйига бориб тушардилар. Муридлар нима берсалар, ўша камбағалга инъом қилар, қолган нарсаларни бошқа камбағалларгаям улашар эдилар. Бугун ҳам одатлари бўйича: «Тўқсаба, кимникига меҳмон бўлайлик?!»- деб сўрадилар. Тўқсаба эшон бобонинг майлларини яхши билгани учун уйига таклиф қилиб ўтирмасдан «Холиқулникига борақо- лайлик»,- деди ва ўзи йўл бошлади. Эшонбобонинг ташрифидан огоҳ бўлган бутун қишлоқ аҳли — аёлу эркак ҳамма уни ўраб олишди.

Ниҳоят Чақабой тўқсаба эшонбобонинг оти жиловидан тутди ва халққа юзланиб:
-Бўлди энди, бас қилинглар, пиримиз отдан тушсинлар!- дея баъзўр одамларни эшонбободан ажратди. Эшонбобо ерга тушганларидан сўнг ҳам, кўришиш ярим соатдан ортиқ давом этди. Бирпасда Холиқулнинг уйида тўй бўлиб кетди. Биров буқа, биров от, бошқа бировлар қўй, эчки, буғдой, пул бериб дуо олишарди. Эшонбобо қўй-эчкиларнинг бир қанчасини сўйишга буюрдилар. Бир нечта сигир ва қўй-эчкиларни Холиқулга бердилар. Қолган нарсаларни бошқа етим-есирларга улашдилар. Пулларни олишни Али халифага буюриб: «Бошқа қишлоқлардаги камбағал муридларга бўлиб берасиз!»-дедилар. Хуфтон намозидан сўнг Чақабой тўқсабаникига ўтдилар. Эрталабки нонуштадан сўнг,Тўқсаба йигирма кунлик ўғлини эшонбобонинг олдиларига олиб келди. Эшонбобо ўнг қулоғига азон, чап қулоғига қомат айтдилар. Тўқсаба болага ном қўйишни таклиф қилди. Эшонбобо:

-Биз ҳам яқинда ўғилли бўлдик, исмини Иброҳимхон қўйдик. Тўқсабанинг ўғли бек бўлсин, исмини Муҳаммад Иброҳимбек қўяйлик. Амин, доим Аллоҳ йўлида, Ислом дини учун хизмат қилсин, фарзанди солиҳ бўлсин!- дедилар ва дуо бердилар.

Иброҳимбек Иброҳимхон эшонбобонинг меҳмонхоналари олдига бир неча мулозимлари билан яқинлашар экан, эшонбобонинг халифалари югуришиб, меҳмонларнинг отини ушлаб кутиб олишди. Эшонбобо ҳам бекка қучоқ очиб пешвоз чиқди.

Иброҳимхон эшонбобо узун бўйли, хушбичим, кулча юзли, буғдой ранг инсон эдилар. Юзларидан нур ёғилиб турарди. Меҳмонлар эшонбобонинг оддийгина меҳмонхонасига кириб тўрга ўтишди. Эшонбобо меҳмонхонанинг паст томонидаги ўчоқ лабига тўшалган пўстак устига ўтириб, дуога қўл очдилар, меҳмонлар билан сидқидилдан ҳол-аҳвол сўрашдилар. Дастурхон ёзилиб, нозу неъматлар тортилди. Эшикдан хушбичим, чиройлик йигитча кириб келгач, ҳамма ўрнидан туриб унинг билан куришди. Бек ҳам у эшонбобонинг ўғиллари эканлигини сезиб, қучоқлашиб сўрашди ва ёнига ўтқазди. Бу йигит эшонбобонинг яккаю ёлғиз фарзанди Азизхон эди (яъни менинг падари бузрукворим — муаллиф).

Бек хазиначиси мулло Абдураҳимга ишора қилди. Хазиначи дарҳол мис лаганчада тилло тангаларни бекка узатди. Иброҳимбек уни пирзодаси Азизхоннинг олдига қўйиб дуо қилишини сўради. Азизхон падари бузрукворига қаради. Оталари Бекка зафар тилаб дуо бердилар.

Зиёфатдан сўнг ҳамма ташқарига чиқди. Бек: «Пирим, жиҳод сафарига отланаяпмиз, бизга дуо беринг!»- деди. Иброҳимхон эшонбобо қиблага қараб узоқ дуо қилдилар.

Бек пири ҳузуридан қайтар экан, унинг кўнглини икки нарса ғаш қилмоқда эди. Биринчиси, Амир Олимхон ҳазратларининг Афғонистонга бориб Амонуллохон томонидан уй зиндонига маҳкум этилганлиги бўлса, иккинчиси, Бекнинг хотини Туймахолни Норбой ғайри шаръий равишда никоҳпаб олганлиги эди. Қизил армия Бухорога уруш очганида истилочиларни енгишга кўзи етмаган Амир Олимхон ҳазратлари Афғонистон подшоси Амонуллохонга чопар жўнатиб, ёрдам беришини сўраган эдилар. Бу ҳолдан аллақачон хабар топган қизил армия саркардалари ҳам Афғонистонга чопар юборган эди. Қизилларнинг элчилари форс тилини яхши биладиган бир неча мусулмонлар ва руслар эдилар. Руслар ҳам мусулмонлар каби бошларига салла, узун желак ва махси-ковуш кийиб олишадилар. Улар Амонуллохон билан битим тузишадилар. Амир Олимхонга ёрдам бермаслик, ва унга: «ўзингиз келинг, келсангиз, кўмаклашамиз», деб чақириб олиш ва келгани ҳамоно ўзини ва одамларини зиндон қилиш шартини қўядилар. Агар Амонуллохон шу шартни бажарса, Совет Иттифоқи Афғонистон билан абадий дўстлик алоқасини тузади,- деб ваъда беришади. Анча вақтдан бери Русларнинг ҳужуми хавфидан қўрқиб юрган Амонуллохонга бу таклиф маъқул тушади. Дарҳол мактуб тайёрлатиб, унда Амир Олимхонни Афғонистонга таклиф қилади. Келгач, русларга қарши қўшин жўнатишини ваъда беради. Бу мактубдан кўнгли кўтарилган Амир Олимхон Бухородан Ҳисорга томон отланади. Йўл-йўлакай Иброҳимбек билан учрашиб, уни ғайратга чорлайди ва Афғонистондан катта қўшин тўплаб келишини таъкидлаб, Амударёнинг нариги томонига жўнаб кетади. Тез орада Иброҳимбек Амир Олимхоннинг Амонуллохон томонидан ҳибсга олинганлиги хабари етиб келади. Бу хабар Иброҳимбекни ўйлантириб кўяди ва янада ғазабини келтиради.

* * *

Марқа ва Лақай элати қадимдан бир-бири билан қиз бериб, қиз олиб келаёттан, бир-бири билан дўст элатлардир. Марқа элатидан бўлган Иймонқул бой, Чақабой тўқсаба билан қадрдон, иноқ эди. Улар доим тўю маъракаларида «борди-келди»ни канда қилмасдилар. Чақабой тўқсаба вафотидан кейин ҳам, Иброҳимбек Иймонқул бойникига бориб, аҳволидан хабар олиб турарди. Бу муносабатлар Иброҳимбек халқ томонидан бек бўлиб сайланганидан кейин ҳам узилиб қолмади. Ана шундай ташрифларнинг бири чоғида Иброҳимбек Иймонқулбойнинг қизи Туймахолни яхши кўриб қолади. Туймахол ҳам Иброҳимбекка ич-ичидан кўнгил қўяди. Иброҳимбек ҳарбу зарблардан бўшаб-бўшамай, уйланишга ҳам вақт тополмай келарди. Ватани, халқи ва дини унинг энг буюк муҳаббати эди. Ниҳоят у бўйи етган, қадди-қомати келишган, кўзлари чақнаб тургувчи гўзал Туймахолни кўрдию вужудига севги олови югурди. У Азим қўрбошига маслаҳат солди «Қизнинг кўнглини билинг, агар у хоҳламаса уйланмайман»,- деди. Азим кўрбоши Туймахолларнинг уйига бориб чечалар орқали қизнинг кўнглини сўради. Қиз ҳам Иброҳимбекка кўнгли борлигини билдиргач, совчилар бориб фотиҳа қилишди. Қизнинг уйида тўй ўтказилиб, никоҳ ўқилди. Қиз отаси хонадонида турарди. Иброҳимбек бу ерга тез-тез келиб-кетар, Туй- махолни нафақа билан етарлича таъминлаб турар эди. Орадан анча вақт ўтиб, Руслар Янгибозор ноҳиясини босиб олдилар. Туймахолларнинг қишлоқларига ёши қирқдан ошган Норбой исмли бола-чақали одамни руслар жамоат раиси қилиб тайинлагач, у қишлоқ аҳлига ғам бериш, одамларни русларга талатиш, кўплаб кишиларни «бу бой, кулак», деб оттиришдан боши чиқмай қолди. У Туймахолларнинг ҳам уйларини талатади, «Бу Иброҳимбекнинг хотини» деб беҳад азоблар беради ва охир-оқибат уни иккинчи хотин қилиб олади. Бу воқеаларни эшитган Азим қўрбошининг кўзига қон қуйилади, «Ҳали сен ҳаромзодадан қасдимни олмасам, Азим номимни бошқа қўяман!» — деб қасам ичади. Янгибозор русларнинг қўлида бўлишига қарамай, Азим қўрбоши кечаси бемаҳалда Норбойнинг Туймахол билан тунаган уйига тўғри кириб боради ва тўшакда ётган Норбойнинг устига миниб олади. «Мени танидингми? Мен Азимман»,- дейди тишларини ғижирлатиб. Сўнг уйқусидан қўрқиб уйғонган Туймахолга қараб: «Энажон, сизда айб йўқ, ташқарига чиқибтуринг!»-деб илтимос қилади. Туймахол чиқиб кетгач, Норбойнинг бошини танасидан жудо этади. Ва унинг бошини яна жойига қўйиб, хонадонни тарк этади. Буни ҳеч ким сезмайди. Ушбу хабарни эшитиб, Иброҳимбек айрилиқ ўтида куйди. Чунки Туймахолни қайтиб олишдан Бек ор қиларди. Мулозимлари Бекка бошқага уйланишни таклиф этишганида у доимо: «Энди бошқа уйланмасам керак»,- деярди. Чунки Бек Туймахолни жуда қаттиқ севарди.

Сўнг орадан муайян давр ўтгач, Бек аскарбоши Қаюм фармоначининг қизига уйланади.

Асарнинг давомини саҳифа якунида онлайн форматда ўқишингиз ва юклаб олишингиз мумкин.

2eqasyb.jpg

Sayyid Tavakkalhon. Muhammad Ibrohimbek

022

(Tashriflar: umumiy 748, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жудаям таъсирли асар бупти. Рахмат.

Izoh qoldiring