Suhrob Ziyo. She’rlar

09   Ажойиб ижодкор дўстим Дилмурод Дўст тавсия қилган ёш шоир Суҳроб Зиё ўз шеърларига илова қилган мактубида шундоқ ёзибди: Ассалому алайкум, устоз! Бардаммисиз? “Самарқанд шеър оқшомлари”да суҳбатинингизни олишга иймангандим. Лекин ўшанда сизга шеърларимни юборишга ният қилдим. Асли ёзганларимни кимгадир кўрсатгим келмайди. Кимдир қалам теккизишини, ўзгартиришини истамаганим учун бўлса керак. (Қўлга тушган ижодий ишни ишлаш керак деб ўйлайдиган адабий ходимлар бор бўлсин-да). Шеърдаги хатолар ҳам ҳаётдагиси сингари вақти-соати келиб тузалиб бораверади, назаримда. Балки, тузалмас… Сизга илинганларим орасида ҳам яқинда ёзилган, аввалроқ ёзилиб кейин устида ишланган қораламалар ҳам бор. Шу сўзларни ёзаётганимда ҳам қайсидир мисралар таҳрир бўлди. Қайсидир бандлар олиб ташланди. Нима бўлса ҳам бир кўринг. “Хуршид Даврон кутубхонаси”нинг адабий эркинлиги ёққани учун буларни юборгим келди. Чарчаманг, адабиётимиз бахтига омон бўлинг!..»
Суҳробнинг гапига амал қилиб, унинг шеърларига умуман қалам тегизмай, сизга тақдим этаяпман.

Суҳроб Зиё
ШЕЪРЛАР
05

СУҲРОБ

Кўнглим, сенинг заволинг тайин,11
Озодлигинг беҳад, беҳудуд.
Сени сиқиб борар кун сайин
Суҳроб дея аталган вужуд.

Кўнглим, сенинг кўзлаганинг –– кўк,
Кўнглим, сенинг қанотларинг ҳўл.
Сен султонсан, сендаги бор мулк
Суҳроб дея аталган бир қул.

Кўнглим – кўкка дохил фариштам,
Ишқсиз каслар касридан ҳайрон.
Оёғингга боғланган кишан –
Суҳроб дея аталган шайтон.

Кўнглим, сенсан энг гўзал ҳаёт,
Борлиғимни гуллатган гулим.
Аммо сени қилмас эҳтиёт
Суҳроб дея аталган ўлим.

Гоҳ орзуга шайлантиради,
Гоҳ етаклаб келади армон.
Сени шеърга айлантиради
Суҳроб дея аталган Исён.

***

Булут қовоғини очмаган кеча,
Қуёшнинг кулгичи кўринмаган тонг,
Ярадор кучукдай оқшомни кечиб
Ўтолмай шалаббо бўлиб қолган ой,
Бу осмон меники, сеники эмас.

Юзимни бир илиқ ханжар тилади,
Англамсиз, сўзламсиз дардлар келади,
Ёмғирнинг бу гўзал ёғишларида
Недир туғилади, недир ўлади.
Бу ёмғир меники, сеники эмас.

Кўлмакка ҳалқалар чизади томчи,
Кўлмак ҳалқаларга айланиб толар.
Осмоннинг узилган кишанларини
Шитирлатиб босиб ўтар автолар.
Бу йўллар меники, сеники эмас.

Ёғинлар фаслида ёнғинланар сўз,
Жимжит куй бошлайман, ёмғирга мослаб.
Кўнгилнинг кимсасиз дунёларига
Ёғила бошлайди оппоқ қасослар,
Бу дунё меники, сеники эмас.

***

Сиз мени билмайсиз, билмайди дунё.
Уйғондим дунёлар ёришмасидан.
Мендан маъдан излар хамон алкимё,
Қаҳр ва севгининг қоришмасиман.

Кўзим харитаю, адаштиради.
Қараманг демайман. Майли, адашинг.
Сизни топиб олай кўзим қаъридан,
Ўзни йўқотишим – сизга карашим.

Суҳробни танийсиз, у хам мен эмас.
Зулматга йўғрилар сиз билган Зиё,
Тилсимлаб ташланган ғорман безабон.
Сиз мени билмайсиз, билмайди дунё.

Қандай яшашимнинг кизиғи ҳам йўқ,
Чаёнман – тилимда ишқнинг заҳри бор.
Сиз менинг ёнимда бўлмас экансиз,
Қандай яшамоқнинг нима фарқи бор?

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИНИНГ
ТЕМУР МАЛИККА АЙТГАНИ

Ўжар бўлдим,
Ўжар бўлдинг,
Сен Малики Хўжанд бўлдинг.
Мен-ла сарсон кўчар бўлдинг.
Боламиздан кечар бўлдик,
Ёримиздан кечар бўлдик ––
Боримиздан кечар бўлдик,
Ватан қолсин,
Ватан қолсин!

Жоним оқар Жайҳун бўлиб,
Жонинг оқар Сайҳун бўлиб.
Чингиз келар…
Чингиз келар
Ўтган ери ашк, хун бўлиб.
Ким номусдан маҳрум бўлиб,
Кимдир қолар маҳкум бўлиб,
Томирларим қақшаб кетар,
Ҳайқираман мажнун бўлиб:
Ватан қолсин,
Ватан қолсин!

Анов юрган Гурганчми-ё?
Унда ётган бир ганжими-ё?
Қўлларида ёв ялови,
Тўни кафан Шайхим Кубро:
“Донишидан тонган элга
Келган бало –– кетмас қазо”.
Ўзинг асра, ё Илоҳо!
Ўзинг асра, ё Мустафо!
Ватан қолсин,
Ватан қолсин!

Ватан надир, Ватан шулдир:
Султон ул дир, зобит улдир,
Ўз аҳдида собит улдир,
Ким бошини эгса –– қулдир.
Темур Малик!
Темур Малик!
Шамширингни қучиб ухла,
Тушингда ҳам ёвни ўлдир,
Тушингда ҳам ёвни ўлдир.
Ватан қолсин,
Ватан қолсин!

Мунгли кўзлар мўлтиради,
Нажот кутиб ўлтиради,
Ноаҳл эл, ришвагар эл
Душманини кулдиради.
Душман бизга тенгсиз эмас,
Э-воҳ, бизни Чингиз эмас
Битта хоин ўлдиради,
Битта хоин ўлдиради.
Бироқ ўлим сўнгсўз эмас.
Ватан қолсин,
Ватан қолсин!

***

Бизни ишқнинг гадолари адаштирди,
Ширин сўзнинг адолари адаштирди,
Нурга кўзгу бўлган тошни Ой дебмиз биз,
Тонгу шомнинг аролари адаштирди.

Тонгдай кетдик битта шомнинг изларидан,
Яна тонгдек отмоқ учун кўзларидан.
Ортга қайтдик Шайх Санъоннинг изларидан,
Ул санамнинг хинолари адаштирди.

Қайдан билсин ўтпарастнинг зурёдлари,
Бир Каъбани вайрон қилди фарёдлари,
Тангрига йўл очар, девдим азоблари,
Ишқсиз дилнинг “худо”лари адаштирди.

Куймоқ дарди бизга раво бўлиб келган,
Кўзларимиз мотамсаро бўлиб келган,
Ул гўзаллар гўзал хато бўлиб келган,
Хатоларнинг хатолари адаштирди.

Ай, бир кетсак вафоси бор ўлкаларга,
Орзулардан қанот боғлаб елкаларга,
Дарахтман, деб керилган бу тўнкаларга
Кулдик, қадди расолари адаштирди.

Икки дилнинг бир суйгуси ибодатдир,
Ишқ оламни иситгучи ҳароратдир,
Ярим дунё муҳаббатдан иборатдир,
Қолган ярим дунёлари адаштирди.

ЮРАГИНГИЗ ҲАЛИЯМ БОРМИ?

Бўм-бўш шаҳар.Ташвишларни ортган таналар,
Бу тош йўллар зериктирар ҳатто баҳорни.
Бор оғриқлар юрагимга келиб қамалар,
Сиз сўрайсиз: юрагингиз ҳалиям борми?

Мен капалак қувиб юрган содда боладай
Бу дунёнинг рафторини билмаган ҳолда
Тош дунёга юрагимни очдим даладай,
Уни пайҳон қилиб ўтди дайди шамоллар.

Заҳарландим: ўпкам икки бўлинган осмон,
Титилмоқда ҳисларимнинг озон туйнуги.
Кейин мен ҳам заҳар соча кетдим ҳар томон,
Кўнглин пора-пора қилдим мен ҳам кимнидир.

Ойдан айру тунлар мени ўйга толдирар
Нурдан бино бўлмиш тонгнинг бахтиёрлиги.
Ўн иккита қовурғамни ҳайрон қолдирар
Кўксим ичра юрагимнинг ҳали борлиги.

АЧЧИҚ ҲАЗИЛ

Асир тушмоқ, болам, кўп ёмон:
Пешонангни хатар қашлайди.
Юртни сотсанг, қоласан омон,
Содиқ қолсанг, отиб ташлайди.

Тамшанасан жоннинг таъмидан,
Тилларингни тирнар шираси.
Ўтгинг келар юртнинг баҳридан
Тирик қолгинг келаверади.

Ҳар кимсанинг эрки ўзида.
Менсиз ёниб кетмасми олам?..
44-йилнинг кузида
Мени отиб ташлашди, болам.

***

Дил эдим,
Ғизолий куйларга
Талпиниб яралган дил эдим.
Ишонмай кароматгўйларга
Қароғлар қаърида тирилдим.

Ҳар сафар тортдилар қўлимдан
Мен истар орзудан орқага.
Тонмадим, тонмадим йўлимдан,
Дош бериб учраган зарбага.

Қайт, деди, қайтмадим қасдланиб.
Айт, деди, айтмадим санолар.
Куч берди исёнга айланиб
Руҳимдан таралган “Тановар”.

Мен,
Вафо қадрини билмаган
Наздида, ожиз бир қил эдим.
Дил эдим ҳажрингда ўлмаган,
Ишқ учун яралган дил эдим.

ҚАРШИ ҚАРШИСИДА

Ҳарорат Селсийда эллик даража.
Бош кийимни ташла, кўзойнакни от.
Яримта жонингга бунча харажат,
Сенга меҳрим кўплик қилганди, наҳот?

Ташнанг қонмадими илиқ сувимга?
Қуруқ совуқлардан бездими жонинг?
Кеча шеърлар битиб юриб ўзимга,
Энди жаннатлардан айтар достонинг.

Соя бермадими ёки тутларим,
Ёки қамишларим найлар тутмади?
Шунча куй каммиди сенга, билмадим.
Мендан нима ўтди? Нима ўтмади?

Буғдойранг юзингни кўзгуга тутма,
Бу юз қуёшимга сийрат бўлади.
Соябон кўтариб ёнимдан ўтма,
Ўзимнинг боламсан, уят бўлади.

Бағримдаги гуллар ўгай боламдай:
Қанча севсам ҳамки ўзимникимас.
Сен –– янтоқ. Иборат бағринг тикандан,
Томиринг томири жонимга пайваст.

Ўзингни унутма, мени қилма хор,
Ёт куйнинг авжини нолам демасдан.
Қайга борсанг фақат янтоқ бўлиб бор,
Гулга тақлид қилсанг, болам эмассан.

Ҳарорат
Селсийда эллик даража…

БАХТ

Соат тўхтаб қолди,
Кун тўхтаб қолди,
Замин тўхтаб қолди
Айланмасидан.

Менинг юрагимни
Ишқ ўраб олди
Қорачиқларингнинг
Айланасида.

ҲОЛ

Ишқ тобора миннат бўлиб бораётир.
Мубталолиғ иллат бўлиб бораётир.
Изҳорлар ҳам туҳмат бўлиб бораётир…

Сўзлангунча минг бор ортга қайтган сўзим,
Дилдан нондай ушатиб бир айтган сўзим
Бошим узра кулфат бўлиб бораётир…

Дил доғлари қорайтирган чашмаларим —
Нигоҳларим — муҳаббатга ташналарим
Самоларга улфат бўлиб бораётир…

Куй сеҳрида тупроқ танга қайишган руҳ,
Гуноҳларнинг залворидан майишган руҳ
Қанотлари чиммат бўлиб бораётир…

Хазон бўлган сўнгги япроқ титроғидай,
Дилу жонни қоплаб олган ой доғидай
Изтироблар қисмат бўлиб бораётир…

Яшаш — дардга хизмат бўлиб бораётир…

***

Бир сокин макон бўлса
Оламдан ташқарида.
Заминдан юқорида,
Осмондан ташқарида.
Кетсак иккимиз танҳо,
Орқада қолса дунё.
Пойимиз гардларидан
Минг Ширину минг Фарҳод,
Минг Лайли, минг Мажнунзод
Ошиқ ясолса дунё.

Сенинг кўзларинг менга,
Менинг сўзларим сенга
Аёвсиз нишон бўлса.
Биз чеккан фироқлар ҳам
Бир сулув армон бўлса.
Бахт аталиб келса ғам,
Бор тўсиқларни енга
Юксалиб борсам сенга,
Ҳар тола сочинг менга
Аталган бир дор бўлса.

Қонунлар бекор бўлса,
Тартиблар яксон бўлса,
Бизга тикилган кўзлар
Охир пушаймон бўлса,
Шу кўзлар мунчоқ бўлса,
Кўнгил кўзмунчоқ бўлса,
Дунё деган дардистон
Бизга ўйинчоқ бўлса,
Сенинг кулгуларинг-чун
Чекканим қийноқ бўлса,
Қийноқлар узоқ бўлса,
Кулгунг ўшандоқ бўлса,
Фироқлар тупроқ бўлса,
Соғинчлар адоқ бўлса.

Сенга етмай йиқилсам,
Куйласам, тупурсам қон,
Май каби сузилса жон
Кўнглинг пиёласига.
Ишқим ҳимоясига,
Ҳижрон ниҳоясига
Етмоқ учун қайтадан
Турсам, югурсам сенга
Тилло топган тентакдек.
О, бу умрим эртакдек
Тугар яхшилик билан.

Мушкуллар осон бўлса,
Ке-е-етсак далли девона,
Бизга ҳамма қадрдон,
Бизга ҳамма бегона,
Шевамизни тушунган
Муҳаббатдан сўзлайди,
Улар нени излайди
Биз топишган замона?

Кўкдан бир фармон бўлса,
Ой нурига осилиб
Осмонга чиқиб олсам,
Оҳимнинг ҳавосидан,
Осмонни тутун қилсам,
Бағримни бутун қилсам,
Кўк бағрини поралаб,
Ўз оҳимни оралаб
Пойингга учиб келсам,
Баридан кечиб келсам,
Боридан кечиб келсам,
Изларинг ўпиб ўлсам,
Изларинг ўпиб ўлсам,
Яшагандек бўлардим…

МАКР

Сурнайга алданиб илон бўлди маст,
Донга учиб домга тушдилар қушлар.
Бу дунёни мудом ҳақни деб эмас,
Макру ҳийлани деб қўпди урушлар.

Шам адо қилади парвонани ҳам,
Итнинг садоқати суякка увол.
Бир саҳнада кўрдим масхарабоз билан
Ўйин кўрсатарди ўша Шер – қирол.

Одам-ку энг аввал илинди тўрга,
Иблиснинг макрига мағлуб келгач нафс.
Авлодлар ҳам бир-бир тушдилар қўлга,
Бир-бирига қирғин солди басма-бас.

Ишонч синаверди қуриган чўпдай,
Гумон ўсаверди ўзиб тоғлардан.
Чаённинг нишлари чиқарди тинмай
Ҳарирга ўрнган истиғнолардан.

Кетдик иймонимиз тортган ёқларга,
Ой қўнган боғларга бошлайди йўллар.
Бизни интиқ кутар аххир боғларда
Илоннинг ёғини ялаган гуллар.

***

Тошларни сев,
Улар ҳеч қачон
Юмшоқман деб алдамайдилар.
Яширмайди ўзликларини.
Майин кулиб ёрмайдилар бош.

Тошларни сев,
Улар безабон.
Ширин сўзлар айтиб ўлдирмас.
Минг-минг йиллар изтиробига
Парво қилмай берадилар дош.

Тошларни сев.
Токи бу жаҳон
Иқрор бўлсин: Ишқ қудратидан
Маъшуқага айлангуси тош.

ТАШБЕҲ

Сен йўқсан, сен йўқсан, йўқсан, йўқсан, йўқ…
Номинг лабларимга тутилган оғу.
Эй сароб етаклаб кетаётган ҳур,
Кўзларинг – дунёдир – дунё қоронғу.

Мен сени хаёлдай асрадим озод,
Руҳим занжирлардан эзилган пайти.
Қоғоз кабутардай ерладинг, ҳайҳот,
Кўзларинг – дунёдир – дунё алдайди.

Шамоллар сиқимлаб совурган виқор
Дарднинг қумсоатин ағдарган нафас
Кўзларингга қараб айтдим сўнгги бор:
Кўзларинг – дунёдир – дунё керакмас.

ЗАРРАЛАР

кулол

зилол туйғуларга руҳимни қориб
кўнгил дастгоҳида ясайман кўза,
сеҳриятнинг метин оташдонида
тобланиб-тобланиб пишади

сен келиб уларни нархлай бошлайсан,
олибсотар ҳусн, эй даллол чирой,
арзимас чақага сотиб олганча
чил-чил синдирасан, ғинг демас биров

атрофингда эса кезиб юради
синган кўзаларнинг безовта руҳи.

***

ким бу икки дона қора инжуни
сутга чайиб олиб, атрофларига
қора майсаларни бир-бир қадаган,

ким уларга исм қўйган кўз дея,
уларга сеҳр илмин ўргатган кимдир,

бир боқсам тоабад асир бўлишим
тайин эканини билмагандим мен,
бахтли гуноҳкорман ким сабаб?

***
менинг мактубларим қушга айланди,
кейин учиб кетди жанубларига
жануб йўқлигини билмаган қушлар

енди хотирамдан териб юрибман
уларнинг музлаган жасадларини…
жанубим, кўзларинг бунча чиройли!

қайтиш

қора чопон кийган қишлоқнинг
етагини силкиб қўяр тонг,
тўкилиб тушади ундан юлдузлар
қайдадир безовта ҳуради кучук,
бегона қадамнинг товушларидан
секин бош кўтариб қарайди қишлоқ:
– келдингми?
– келдим.

22Ajoyib ijodkor ukam Dilmurod Doʻst tavsiya qilgan yosh shoir Suhrob Ziyo oʻz sheʼrlariga ilova qilgan maktubida shundoq yozibdi: Assalomu alaykum, ustoz! Bardammisiz? “Samarqand sheʼr oqshomlari”da suhbatiningizni olishga iymangandim. Lekin oʻshanda sizga sheʼrlarimni yuborishga niyat qildim. Asli yozganlarimni kimgadir koʻrsatgim kelmaydi. Kimdir qalam tekkizishini, oʻzgartirishini istamaganim uchun boʻlsa kerak. (Qoʻlga tushgan ijodiy ishni ishlash kerak deb oʻylaydigan adabiy xodimlar bor boʻlsin-da). Sheʼrdagi xatolar ham hayotdagisi singari vaqti-soati kelib tuzalib boraveradi, nazarimda. Balki, tuzalmas… Sizga ilinganlarim orasida ham yaqinda yozilgan, avvalroq yozilib keyin ustida ishlangan qoralamalar ham bor. Shu soʻzlarni yozayotganimda ham qaysidir misralar tahrir boʻldi. Qaysidir bandlar olib tashlandi. Nima boʻlsa ham bir koʻring. “Xurshid Davron kutubxonasi”ning adabiy erkinligi yoqqani uchun bularni yuborgim keldi. Charchamang, adabiyotimiz baxtiga omon boʻling!..»

Suhrobning gapiga amal qilib, uning sheʼrlariga umuman qalam tegizmay, sizga taqdim etayapman.

Suhrob Ziyo
SHEʼRLAR
05

Suhrob Ziyo 1996 yil 25 oktyabrda Qarshi tumanining Toʻraqul (Qovchin) qishlogʻida tugʻilgan. Oʻzbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakulteti 4-bosqich talabasi. Hozirda “Maʻrifat” gazetasida faoliyat yuritib kelmoqda.

SUHROB

Koʻnglim, sening zavoling tayin,
Ozodliging behad, behudud.
Seni siqib borar kun sayin
Suhrob deya atalgan vujud.

Koʻnglim, sening koʻzlaganing –– koʻk,
Koʻnglim, sening qanotlaring hoʻl.
Sen sultonsan, sendagi bor mulk
Suhrob deya atalgan bir qul.

Koʻnglim – koʻkka doxil farishtam,
Ishqsiz kaslar kasridan hayron.
Oyogʻingga bogʻlangan kishan –
Suhrob deya atalgan shayton.

Koʻnglim, sensan eng goʻzal hayot,
Borligʻimni gullatgan gulim.
Ammo seni qilmas ehtiyot
Suhrob deya atalgan oʻlim.

Goh orzuga shaylantiradi,
Goh yetaklab keladi armon.
Seni sheʼrga aylantiradi
Suhrob deya atalgan Isyon.

***

Bulut qovogʻini ochmagan kecha,
Quyoshning kulgichi koʻrinmagan tong,
Yarador kuchukday oqshomni kechib
Oʻtolmay shalabbo boʻlib qolgan oy,
Bu osmon meniki, seniki emas.

Yuzimni bir iliq xanjar tiladi,
Anglamsiz, soʻzlamsiz dardlar keladi,
Yomgʻirning bu goʻzal yogʻishlarida
Nedir tugʻiladi, nedir oʻladi.
Bu yomgʻir meniki, seniki emas.

Koʻlmakka halqalar chizadi tomchi,
Koʻlmak halqalarga aylanib tolar.
Osmonning uzilgan kishanlarini
Shitirlatib bosib oʻtar avtolar.
Bu yoʻllar meniki, seniki emas.

Yogʻinlar faslida yongʻinlanar soʻz,
Jimjit kuy boshlayman, yomgʻirga moslab.
Koʻngilning kimsasiz dunyolariga
Yogʻila boshlaydi oppoq qasoslar,
Bu dunyo meniki, seniki emas.

***

Siz meni bilmaysiz, bilmaydi dunyo.
Uygʻondim dunyolar yorishmasidan.
Mendan maʼdan izlar xamon alkimyo,
Qahr va sevgining qorishmasiman.

Koʻzim xaritayu, adashtiradi.
Qaramang demayman. Mayli, adashing.
Sizni topib olay koʻzim qaʼridan,
Oʻzni yoʻqotishim – sizga karashim.

Suhrobni taniysiz, u xam men emas.
Zulmatga yoʻgʻrilar siz bilgan Ziyo,
Tilsimlab tashlangan gʻorman bezabon.
Siz meni bilmaysiz, bilmaydi dunyo.

Qanday yashashimning kizigʻi ham yoʻq,
Chayonman – tilimda ishqning zahri bor.
Siz mening yonimda boʻlmas ekansiz,
Qanday yashamoqning nima farqi bor?

JALOLIDDIN MANGUBЕRDINING
TЕMUR MALIKKA AYTGANI

Oʻjar boʻldim,
Oʻjar boʻlding,
Sen Maliki Xoʻjand boʻlding.
Men-la sarson koʻchar boʻlding.
Bolamizdan kechar boʻldik,
Yorimizdan kechar boʻldik ––
Borimizdan kechar boʻldik,
Vatan qolsin,
Vatan qolsin!

Jonim oqar Jayhun boʻlib,
Joning oqar Sayhun boʻlib.
Chingiz kelar…
Chingiz kelar
Oʻtgan yeri ashk, xun boʻlib.
Kim nomusdan mahrum boʻlib,
Kimdir qolar mahkum boʻlib,
Tomirlarim qaqshab ketar,
Hayqiraman majnun boʻlib:
Vatan qolsin,
Vatan qolsin!

Anov yurgan Gurganchmi-yo?
Unda yotgan bir ganjimi-yo?
Qoʻllarida yov yalovi,
Toʻni kafan Shayxim Kubro:
“Donishidan tongan elga
Kelgan balo –– ketmas qazo”.
Oʻzing asra, yo Iloho!
Oʻzing asra, yo Mustafo!
Vatan qolsin,
Vatan qolsin!

Vatan nadir, Vatan shuldir:
Sulton ul dir, zobit uldir,
Oʻz ahdida sobit uldir,
Kim boshini egsa –– quldir.
Temur Malik!
Temur Malik!
Shamshiringni quchib uxla,
Tushingda ham yovni oʻldir,
Tushingda ham yovni oʻldir.
Vatan qolsin,
Vatan qolsin!

Mungli koʻzlar moʻltiradi,
Najot kutib oʻltiradi,
Noahl el, rishvagar el
Dushmanini kuldiradi.
Dushman bizga tengsiz emas,
E-voh, bizni Chingiz emas
Bitta xoin oʻldiradi,
Bitta xoin oʻldiradi.
Biroq oʻlim soʻngsoʻz emas.
Vatan qolsin,
Vatan qolsin!

***

Bizni ishqning gadolari adashtirdi,
Shirin soʻzning adolari adashtirdi,
Nurga koʻzgu boʻlgan toshni Oy debmiz biz,
Tongu shomning arolari adashtirdi.

Tongday ketdik bitta shomning izlaridan,
Yana tongdek otmoq uchun koʻzlaridan.
Ortga qaytdik Shayx Sanʼonning izlaridan,
Ul sanamning xinolari adashtirdi.

Qaydan bilsin oʻtparastning zuryodlari,
Bir Kaʼbani vayron qildi faryodlari,
Tangriga yoʻl ochar, devdim azoblari,
Ishqsiz dilning “xudo”lari adashtirdi.

Kuymoq dardi bizga ravo boʻlib kelgan,
Koʻzlarimiz motamsaro boʻlib kelgan,
Ul goʻzallar goʻzal xato boʻlib kelgan,
Xatolarning xatolari adashtirdi.

Ay, bir ketsak vafosi bor oʻlkalarga,
Orzulardan qanot bogʻlab yelkalarga,
Daraxtman, deb kerilgan bu toʻnkalarga
Kuldik, qaddi rasolari adashtirdi.

Ikki dilning bir suygusi ibodatdir,
Ishq olamni isitguchi haroratdir,
Yarim dunyo muhabbatdan iboratdir,
Qolgan yarim dunyolari adashtirdi.

YURAGINGIZ HALIYAM BORMI?

Boʻm-boʻsh shahar.Tashvishlarni ortgan tanalar,
Bu tosh yoʻllar zeriktirar hatto bahorni.
Bor ogʻriqlar yuragimga kelib qamalar,
Siz soʻraysiz: yuragingiz haliyam bormi?

Men kapalak quvib yurgan sodda boladay
Bu dunyoning raftorini bilmagan holda
Tosh dunyoga yuragimni ochdim daladay,
Uni payhon qilib oʻtdi daydi shamollar.

Zaharlandim: oʻpkam ikki boʻlingan osmon,
Titilmoqda hislarimning ozon tuynugi.
Keyin men ham zahar socha ketdim har tomon,
Koʻnglin pora-pora qildim men ham kimnidir.

Oydan ayru tunlar meni oʻyga toldirar
Nurdan bino boʻlmish tongning baxtiyorligi.
Oʻn ikkita qovurgʻamni hayron qoldirar
Koʻksim ichra yuragimning hali borligi.

ACHCHIQ HAZIL

Asir tushmoq, bolam, koʻp yomon:
Peshonangni xatar qashlaydi.
Yurtni sotsang, qolasan omon,
Sodiq qolsang, otib tashlaydi.

Tamshanasan jonning taʼmidan,
Tillaringni tirnar shirasi.
Oʻtging kelar yurtning bahridan
Tirik qolging kelaveradi.

Har kimsaning erki oʻzida.
Mensiz yonib ketmasmi olam?..
44-yilning kuzida
Meni otib tashlashdi, bolam.

***

Dil edim,
Gʻizoliy kuylarga
Talpinib yaralgan dil edim.
Ishonmay karomatgoʻylarga
Qarogʻlar qaʼrida tirildim.

Har safar tortdilar qoʻlimdan
Men istar orzudan orqaga.
Tonmadim, tonmadim yoʻlimdan,
Dosh berib uchragan zarbaga.

Qayt, dedi, qaytmadim qasdlanib.
Ayt, dedi, aytmadim sanolar.
Kuch berdi isyonga aylanib
Ruhimdan taralgan “Tanovar”.

Men,
Vafo qadrini bilmagan
Nazdida, ojiz bir qil edim.
Dil edim hajringda oʻlmagan,
Ishq uchun yaralgan dil edim.

QARSHI QARSHISIDA

Harorat Selsiyda ellik daraja.
Bosh kiyimni tashla, koʻzoynakni ot.
Yarimta joningga buncha xarajat,
Senga mehrim koʻplik qilgandi, nahot?

Tashnang qonmadimi iliq suvimga?
Quruq sovuqlardan bezdimi joning?
Kecha sheʼrlar bitib yurib oʻzimga,
Endi jannatlardan aytar dostoning.

Soya bermadimi yoki tutlarim,
Yoki qamishlarim naylar tutmadi?
Shuncha kuy kammidi senga, bilmadim.
Mendan nima oʻtdi? Nima oʻtmadi?

Bugʻdoyrang yuzingni koʻzguga tutma,
Bu yuz quyoshimga siyrat boʻladi.
Soyabon koʻtarib yonimdan oʻtma,
Oʻzimning bolamsan, uyat boʻladi.

Bagʻrimdagi gullar oʻgay bolamday:
Qancha sevsam hamki oʻzimnikimas.
Sen –– yantoq. Iborat bagʻring tikandan,
Tomiring tomiri jonimga payvast.

Oʻzingni unutma, meni qilma xor,
Yot kuyning avjini nolam demasdan.
Qayga borsang faqat yantoq boʻlib bor,
Gulga taqlid qilsang, bolam emassan.

Harorat
Selsiyda ellik daraja…

BAXT

Soat toʻxtab qoldi,
Kun toʻxtab qoldi,
Zamin toʻxtab qoldi
Aylanmasidan.

Mening yuragimni
Ishq oʻrab oldi
Qorachiqlaringning
Aylanasida.

HOL

Ishq tobora minnat boʻlib borayotir.
Mubtaloligʻ illat boʻlib borayotir.
Izhorlar ham tuhmat boʻlib borayotir…

Soʻzlanguncha ming bor ortga qaytgan soʻzim,
Dildan nonday ushatib bir aytgan soʻzim
Boshim uzra kulfat boʻlib borayotir…

Dil dogʻlari qoraytirgan chashmalarim —
Nigohlarim — muhabbatga tashnalarim
Samolarga ulfat boʻlib borayotir…

Kuy sehrida tuproq tanga qayishgan ruh,
Gunohlarning zalvoridan mayishgan ruh
Qanotlari chimmat boʻlib borayotir…

Xazon boʻlgan soʻnggi yaproq titrogʻiday,
Dilu jonni qoplab olgan oy dogʻiday
Iztiroblar qismat boʻlib borayotir…

Yashash — dardga xizmat boʻlib borayotir…

***

Bir sokin makon boʻlsa
Olamdan tashqarida.
Zamindan yuqorida,
Osmondan tashqarida.
Ketsak ikkimiz tanho,
Orqada qolsa dunyo.
Poyimiz gardlaridan
Ming Shirinu ming Farhod,
Ming Layli, ming Majnunzod
Oshiq yasolsa dunyo.

Sening koʻzlaring menga,
Mening soʻzlarim senga
Ayovsiz nishon boʻlsa.
Biz chekkan firoqlar ham
Bir suluv armon boʻlsa.
Baxt atalib kelsa gʻam,
Bor toʻsiqlarni yenga
Yuksalib borsam senga,
Har tola soching menga
Atalgan bir dor boʻlsa.

Qonunlar bekor boʻlsa,
Tartiblar yakson boʻlsa,
Bizga tikilgan koʻzlar
Oxir pushaymon boʻlsa,
Shu koʻzlar munchoq boʻlsa,
Koʻngil koʻzmunchoq boʻlsa,
Dunyo degan dardiston
Bizga oʻyinchoq boʻlsa,
Sening kulgularing-chun
Chekkanim qiynoq boʻlsa,
Qiynoqlar uzoq boʻlsa,
Kulgung oʻshandoq boʻlsa,
Firoqlar tuproq boʻlsa,
Sogʻinchlar adoq boʻlsa.

Senga yetmay yiqilsam,
Kuylasam, tupursam qon,
May kabi suzilsa jon
Koʻngling piyolasiga.
Ishqim himoyasiga,
Hijron nihoyasiga
Yetmoq uchun qaytadan
Tursam, yugursam senga
Tillo topgan tentakdek.
O, bu umrim ertakdek
Tugar yaxshilik bilan.

Mushkullar oson boʻlsa,
Ke-ye-yetsak dalli devona,
Bizga hamma qadrdon,
Bizga hamma begona,
Shevamizni tushungan
Muhabbatdan soʻzlaydi,
Ular neni izlaydi
Biz topishgan zamona?

Koʻkdan bir farmon boʻlsa,
Oy nuriga osilib
Osmonga chiqib olsam,
Ohimning havosidan,
Osmonni tutun qilsam,
Bagʻrimni butun qilsam,
Koʻk bagʻrini poralab,
Oʻz ohimni oralab
Poyingga uchib kelsam,
Baridan kechib kelsam,
Boridan kechib kelsam,
Izlaring oʻpib oʻlsam,
Izlaring oʻpib oʻlsam,
Yashagandek boʻlardim…

MAKR

Surnayga aldanib ilon boʻldi mast,
Donga uchib domga tushdilar qushlar.
Bu dunyoni mudom haqni deb emas,
Makru hiylani deb qoʻpdi urushlar.

Sham ado qiladi parvonani ham,
Itning sadoqati suyakka uvol.
Bir sahnada koʻrdim masxaraboz bilan
Oʻyin koʻrsatardi oʻsha Sher – qirol.

Odam-ku eng avval ilindi toʻrga,
Iblisning makriga magʻlub kelgach nafs.
Avlodlar ham bir-bir tushdilar qoʻlga,
Bir-biriga qirgʻin soldi basma-bas.

Ishonch sinaverdi qurigan choʻpday,
Gumon oʻsaverdi oʻzib togʻlardan.
Chayonning nishlari chiqardi tinmay
Harirga oʻrngan istigʻnolardan.

Ketdik iymonimiz tortgan yoqlarga,
Oy qoʻngan bogʻlarga boshlaydi yoʻllar.
Bizni intiq kutar axxir bogʻlarda
Ilonning yogʻini yalagan gullar.

***

Toshlarni sev,
Ular hech qachon
Yumshoqman deb aldamaydilar.
Yashirmaydi oʻzliklarini.
Mayin kulib yormaydilar bosh.

Toshlarni sev,
Ular bezabon.
Shirin soʻzlar aytib oʻldirmas.
Ming-ming yillar iztirobiga
Parvo qilmay beradilar dosh.

Toshlarni sev.
Toki bu jahon
Iqror boʻlsin: Ishq qudratidan
Maʼshuqaga aylangusi tosh.

TASHBЕH

Sen yoʻqsan, sen yoʻqsan, yoʻqsan, yoʻqsan, yoʻq…
Noming lablarimga tutilgan ogʻu.
Ey sarob yetaklab ketayotgan hur,
Koʻzlaring – dunyodir – dunyo qorongʻu.

Men seni xayolday asradim ozod,
Ruhim zanjirlardan ezilgan payti.
Qogʻoz kabutarday yerlading, hayhot,
Koʻzlaring – dunyodir – dunyo aldaydi.

Shamollar siqimlab sovurgan viqor
Dardning qumsoatin agʻdargan nafas
Koʻzlaringga qarab aytdim soʻnggi bor:
Koʻzlaring – dunyodir – dunyo kerakmas.

ZARRALAR

kulol

zilol tuygʻularga ruhimni qorib
koʻngil dastgohida yasayman koʻza,
sehriyatning metin otashdonida
toblanib-toblanib pishadi

sen kelib ularni narxlay boshlaysan,
olibsotar husn, ey dallol chiroy,
arzimas chaqaga sotib olgancha
chil-chil sindirasan, gʻing demas birov

atrofingda esa kezib yuradi
singan koʻzalarning bezovta ruhi.

***

kim bu ikki dona qora injuni
sutga chayib olib, atroflariga
qora maysalarni bir-bir qadagan,

kim ularga ism qoʻygan koʻz deya,
ularga sehr ilmin oʻrgatgan kimdir,

bir boqsam toabad asir boʻlishim
tayin ekanini bilmagandim men,
baxtli gunohkorman kim sabab?

***
mening maktublarim qushga aylandi,
keyin uchib ketdi janublariga
janub yoʻqligini bilmagan qushlar

yendi xotiramdan terib yuribman
ularning muzlagan jasadlarini…
janubim, koʻzlaring buncha chiroyli!

qaytish

qora chopon kiygan qishloqning
yetagini silkib qoʻyar tong,
toʻkilib tushadi undan yulduzlar
qaydadir bezovta huradi kuchuk,
begona qadamning tovushlaridan
sekin bosh koʻtarib qaraydi qishloq:
– keldingmi?
– keldim.

033

(Tashriflar: umumiy 1 741, bugungi 1)

Izoh qoldiring