Ahmad A’zam. Kichik ilmiy xodim Hamdamov & Soyasini yo’qotgan odam

09   Кичик илмий ходим Ҳамдамов симёғочга суянганча сигарет тутатаётган икки ўсмирга лоқайд нигоҳ ташлаб ўтиб кетдию тўрт-беш одим юрмасданоқ қулоғига уларнинг гапи чалиниб қолди…

Аҳмад Аъзам
КИЧИК ИЛМИЙ ХОДИМ ҲАМДАМОВ
09

033 Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
2014 йил 4 январида вафот этган

Кичик илмий ходим Ҳамдамов симёғочга суянганча сигарет тутатаётган икки ўсмирга лоқайд нигоҳ ташлаб ўтиб кетдию тўрт-беш одим юрмасданоқ қулоғига уларнинг гапи чалиниб қолди.

— Маҳаллангдаги истаган одамингни чалпак қиламан.

Униси нимадир деб ҳиринглади. Ҳамдамов қулоғини динг қилди, аммо эшитмади. Ҳалиги ўсмир овозини баландлатди:

— Қани, айт-чи, ким мен билан чиқади? Биттаси анавими?

«Анави” Ҳамдамов эди. Ҳозир қайтиб бориб, бу мишиқини бир солса, чаппа ағдарилиб тушади-ю, бироқ катта кўчада ҳаммага шарманда бўлади-да ёш болага қўл кўтаргани учун. Лекин қўрқитиб қўйиши ҳам керак, бўлмаса ҳар ўтганида майна қилавериб жонига тегади. Буларга бир ён бердингми — тамом, кейин томошангни кўраверасан.

Ҳамдамов бир қарорга келгунча яна тўрт-беш одим юриб, ўсмирлардан узоқлашиб қолган эди.

У шаҳд билан ортига қайрилди-ю, нима дейишини билмай, ўсмирларга тикилганча тек туриб қолди. Жин урсин, нима қиларди, қайрилиб! Тўғри йўлдан кетавермайдими, шуларга бас келиб қанча обрў топарди.

Дамдамовга тегизиб гапиргани тикроғи эди, унинг ўгирилишини кутиб турганди шекилли, бирдан ўшқирди:

— Ҳа, акам, нимага қарайсиз? Бирон нарса демоқчимисиз менга? Ҳамдамов яна бир зум гарангсиб турди-да;
— Қани, буёққа кел-чи!—деди.

Овози сал титраб чиққани учун кўнгли ғаш тортди. Дағалроқ гапириш, дўқ уриш керак эди.

Ўсмир жойидан жилмагач, Ҳамдамовнинг ўзи у томонга юрди. Шундан сўнг ўсмир ҳам Ҳамдамовга қараб хезланиб келаверди.

Ё ўнинчида ўқийди, ё шу йил битирган. Урсамикин, а? Ҳеч портфель кўтармаган одам келиб-келиб шу бугун…

Ҳамдамов бир қўли бандлигидан жуда афсусланди.

Ўсмир икки қўлини белига тираб Ҳамдамовнинг қаршисида ғоз турди.
Қўрқмайди ҳам. Вой, сенинг қоракуя суртилган мўйлабчаларингга…

— Мени танийсанми ўзи?—Ҳамдамовнинг тилига келган гап шу бўлди. Ўсмир ишшайди:
— Йўқ!

Ростдан ҳам. Ўзи яқинда кўчиб келган бўлса, бу бола уни қайдан танисин. Шунақа ҳам бўлмағур савол бўладими?!
Ҳамдамовнинг кўнгли хижил бўлди.

— Қаерда ишлашимни ҳам билмайсанми?

Ўсмир яна ишшайди:
— Йўқ!

У-уҳ, сурбет! Башарасига тушириб қолсами!.. Лекин одамлар нимага урдинг, дейишса, бнронта жиддийроқ сабабни рўкач қилиш керак-да.
Ҳамдамов, хуноби ошиб, бошқа гап эсига келмаганидан яна ўша саволини такрорлади:

— Билмайсанми!

— Билмайман. Ўзингиз айта қолинг, — деб эриклади ўсмир,— одамни кўп қийнаманг. Қаерда ишлайсиз?

Ҳамдамов индамади. Билдики, айтса баттар калака қилади. Кичик илмий ходимлигию академияда ишлаши буларга бир пул. Шунақа ҳам аҳмоқона савол бўладими?! Кўнглида бошқа гап-у, тилида… Бунақа ади-бади айтишиб ўтиргандан кўра, келибоқ солиб қолиши керак эди. Дўқ уришни эплолмагандан кейин… Энди кеч-да.

— Милицияда ишлайсизми, а?—дея ижикилашда давом этди ўсмир.— Мени қамаб қўясизми? Вой, қаманг!

Билади-да, милицияда ишламаслигини. Шунинг учун ҳаддидан ошяпти.

— Йўғ-э,— деб чайналди Ҳамдамов.— Сени қаматмоқчи эмасман, сал… мундоқ, ўзннгни… Қаерда туришимни ҳам билмайсанми?

Оббо, яна шунақа савол берадими, а?

У шоша-пиша саволига ўзи жавоб берди:

— Мен ҳу анави яшил дарвозали уйда тураман. Тўртинчи. Истаган пайтда боришларинг мумкин.

— Ароқ ҳам қуйиб берасизми?—деди ўсмир жуда эшилиб кетгандай.

Ҳамдамов кейинги гапини кўплашиб боришса ҳам муштлашишга тайёр эканлигини писанда қилиб айтган эди, ўсмир бутунлай бошқа нағмага ўтгандан сўнг сал довдираб, гапини йўқотиб қўйди.

— Боринг, ака, йўлингиздан қолманг!—деди ўсмир дабдурустдан, сиз ҳам одамми, дегандай.

— Э-э, сен жуда аҳмоқ бола экансан-ку!—деди Ҳамдамов бош чайқаб. Ўсмирнинг кўзлари чақчайиб кетди!

— Ким аҳмоқ?
— Бор-э, сен билан пачакилашиб…

Ҳамдамов гўё қаттиқ афсуслангандай бир қўл силтадию ортига ўгирилди.

— Вой, ака, қамаб қўймадингиз-ку, уни!—деб қичқирди шу пайт уларнинг баҳсига аралашмай бир четда турган иккинчиси.

Ўсмирлар шарақлаб кулишди.

Ҳамдамов тишини тишига босди. Энди ортига қайтса ёмон бўлади.
Агар қайтса…

Ҳамдамов ўсмирларга қарамай, яна бир марта “Бор-э!”—дея қўл силтаб йўлига равона бўлди.

Дарвозанинг эски, занглаган қулфи ҳадеганда очилавермагач Ҳамдамовнинг ўбдон ғазаби ошди. Уйда ўтириб устларидан дарвозани қулфлаб олишади-я. Ўғри уриб кетармиди!

У шарақ-шуруқ қилиб дарвозани очгунча бўғилиб кетди, калитни синдиришига оз қолди.

Она сути оғзидан кетмаган мишиқилар! Бир урсанг етти юмалаб турадию бодиланишини айтмайсанми! Ҳе ўша…

Хуррам келибди. Семириб кетганини қара! Ўттизга чиқмасданоқ қорин қўйиб… Йигит деган сал уёқ-бу-ёғига қараб юрмайдими. Тиқмачоқ! Дўмбоқ! Ўл-е!

Хуррам қучоғини ёзиб пешвоз чиқди.

Ҳозир лабини чўччайтиради — ўпишиб кўришмоқчи. Ҳамдамов ўзини орқага тортиб қўлини чўзди
— Яхшимисиз? Қалай энди?

Шундан сўнг Хуррам ҳам қуруққина: “Юрибмиз-да”, деб қўя қолди, Ҳамдамовиинг ёзғиришидан ранжиб.

Ҳамдамов шахмат тахтасига энкайган ҳамхоналари олдига келди.

— Келдингизми?— деди Турсун бош кўтармасдан.
— Келдим. И-и, ундай юрманг, чатоқ бўлади. Исмоил ҳайрон бўлиб қўлини тортди:

— Нега?
— Фарзинингизни олиб қўяди бир юришдан кейин,— деди Ҳамдамов.

— Қанақасига?
— От билан шоҳ беради, фарзинга ҳам тушади.

Бу юриш Турсуннинг ҳам хаёлида йўқ эди чоғи, ўйланиб қолди. Исмоил пиёдани сурди.

— Боринг, аралашманг. Нуқул шунақа қилиб одамни чалғитиб юрасиз,— деди Турсун,

Ҳамдамов индамади.

Муштдай болалар-а?! Шунақа ҳам без бўладими! Бир урсанг… Кайфиятни ҳам расво қилишди-да.

— Вой тирмизаклар-эй,— деди Ҳамдамов жаҳлини ютиб юбора олмай.
— Ким? — деб қизиқсинди Хуррам. Турсун Ҳамдамовга ялт этиб цараб қўйди.

— Ҳе, ҳозир кўчада келаётсам… Турсун, ҳар куни симёғоч тагида тўпланиб турадиган болалар бор-ку?..

— Ҳа-а,— деди Турсун тахтадан кўз узмай.— Очмас. Кўрмаяпсанми, руҳ турибди-ку. Ҳамсояларнинг болалари-да.

— Ўшалар.— Ҳикояси ҳеч кимни қизиқтирмаётганлигини сезса-да, Ҳамдамов гапида давом этди.— Келаётсам…

— Шоҳ!— деди Исмоил.

— Э-э, кўрмабмиз-да уни, — деди Турсун ва кафтларини бир-бирига ишқаб бургут қараш қилди.— Ҳозир, ҳозир! Шундай боплаймизки!

Орага жимлик ч…кди. Ҳамдамов сиқилиб кетди. Ноилождан тахтага тикилди. Отни юрса Нега ёмон кўришади уни? Тавба! Текканга тегиб, тегмаганга кесак отишади-я. Отни юрса шоҳни бекитиб руҳга ҳам тушар экан.

— Турсун, пиёдани суринг,— деди Хуррам.

— Йўқ-йўқ,— дея яна аралашди Ҳамдамов.— Отни юриш керак.

— Тўхтанглар, бир ўзимга қарши неча киши?— деди Исмоил хафа бўлиб.

— Ўзим ҳозир отни юрмоқчи эдим,— деди Турсун хуноб бўлиб,— энди сиз ўргатган бўлиб чиқасиз.
— Ҳа майли, энди индамайман.

Ҳамдамов бошқа ўргатмасликка қарор қилди.

Филни ишлатиш керак энди. Ўзи ҳам латта-да, бўлмаса шу боладан дакки ейдими. “Боринг, акам, йўлингиздан қолманг”. Ҳақорат қиляпти-ю, у эса…

— Жон дўстим, бориб мақолангизни ёзмайсизми!— деди Турсун ялиниб.

— Жим турибман-ку, ахир!—деди Ҳамдамов ўксиниб.— Нафасимни ҳам ичимга ютиб юрайми!

— Бари бир чалғитяпсиз-да одамни. Илтимос, боринг. Шу… тепамда турсангиз, негадир…

Ҳамдамов қаттиқ ранжиди: миқ этмай қараб турса ҳам Турсун асабийлашади-я. Бугун ҳаммага бир гап бўлганми ўзи!

Ҳамдамов ечинаётиб тошойнага ўғринча қаради. Елкалари кенг. Мушаклари ўйнаб турмаса ҳам бақувват, йўғон-йўғон. Бўйи ҳам у қадар дароз бўлмаса-да, ҳар қалай, баланд. Улар нимасига ишонди экан, а?

Ҳамдамов ҳаворанг спорт кийимини кийиб нариги хонага — «кабинет»ига ўтди. Анча ўтирди. Қўли ишга бормади. Кейин стол устидаги сочилиб ётган китобу қоғозларни йиғиштирди, кулдонни тозалади, латта ҳўллаб келиб столни артди: тартибни яхши кўради — уй қўқиб ётса, стол устида ортиқча нарсалар бўлса, ёза олмайди.

Ҳамдамов анча ўтирди. На бирон жумла ёзди, на бирон саҳифа ўқиди. Чекди, ёқмади: тутун томоғини ачиштирди. Кўчада чиқиши керак бўлган ғазаби шундан сўнг бирдан жунбушга келди.

Йўқ, бунақаси кетмайди. Бу, бу… қандай гап ахир! Ишхонада катта-катта одамлар ундан ҳайиқишади! Ҳамкасб тенгқурлари, Ҳамдамовнинг жаҳли чиқибди деб эшитсалар, ҳай-ҳайлашиб қолишади… Бошқа рақиб йўқмиди! Ҳозир чиқиб иккаловини ҳам дабдала қилади. Жуда бўлмаса қаттиқроқ танбеҳ бериб қўяди. Маъсуда келмоқчи бўлиб юрган эди. Бирга келишаётганда бу болакайлар албатта гап отишади. Ана ўшанда изза бўлади. Маъсуда эса уни ҳеч кимдан қўрқмайди деб ўйлайди. Ўтиришда қўполроқ ҳазил қилгани учун Ҳалимовни урмоқчи бўлганида, Маъсуда уни хонасига қамаб, бир соатча авраб, тинчитган эди, “Сариқ эмассиз-у, ғазабингиз мунча тез!..” Шундан бери Ҳалимов бечора ундан юрак олдириб қўйган… Одам қуриб кетгандай шу тирмизаклар!

Ҳамдамов шартта ўрнидан турдию бир муддат ўйланиб қолди. Кейин вазмин қадам ташлаганча, ҳамхоналарига ҳеч нарса демай, шиппагини тақиллатиб кўчага йўналди. Йўл-йўлакай сигарет тутатди.

Улар кўпайишиб қолибди. Ҳамдамов санади: бешов. Бешовига ҳам бас келади — бари ушоқ эди.

Ўсмир Ҳамдамовга орқа ўгирганча ёнидагиларга, қўлларини ҳаволатишига қараганда, алланарсаларни куйиб-пишиб уқтирарди шекилли, бояги шериги унга им қоқиб, Ҳамдамов томонга ишора қилгач, бурилиб қаради, кейин саросималаниб ёнидагилар билан кўз уриштирди.
Ўсмирлар Ҳамдамовнинг рўпарасида ярим доира бўлиб турардилар.

Кўришиш керакми, йўқми? Ишни нимадандир бошлаш керак-ку. Ҳе йўқ, бе йўқ, бирдан мушт кўтариш ақлга сиғмайди. Спорт кийимида, тайёрланиб, чаққон бўлиб келибди деб ўйлашмасмикин? Майли, зарари йўқ, оёғидаги шиппак буларни менсимаслигини кўрсатади.
Уларнинг олдига боргач, Ҳамдамов четдаги болага қўл чўзди. Икинчиси билан ҳам кўришиб, учинчиси — боя “қамаб қўймадингиз-ку уни”, деб қичқирганига қўл узатган эди, у шошилиб қолдими, негадир ҳадеганда, қўли ёпишиб қолгандек, шимининг киссасидан чиқавермади. Ҳамдамов ҳам қўлини тортмай унга тикилган кўйи тураверди. Ниҳоят бола илтифот билан қўш қўллаб кўришди, қироат билан “Ассало-му алайкум” деб қўйди.

Жўрттага шундай қилди шайтон!

Ҳамдамов энди нима дейишини билмай боши ғовлаб турарди. Ўсмир унга чўчинқираб тикиларди. Бошқалар ҳам жим эди.
Ҳамдамов ўпкасини тўлдириб сигарет тортди, буруқситиб тутун қайтарди: томоғи қичишмаса ҳам йўталиб қўйди.

— Хўш,— деди у ўсмирга.

Ўсмир индамай қараб тураверди. Бўйи қарийб баравар экан-да.

— Мен сенга нима ёмонлик қилдим,— деб Ҳамдамов ўсмирнинг тирсагидан тутди.— Ҳар куни шу ердан ўтаман, эрталаб, кечқурун… Кўрган бўлсанг керак?

Ўсмирнинг кўзларида истеҳзо чақнаб кетди.
— Қўлни қўйворинг, қўлни,— деди дағаллик билан.

Ҳамдамов берухсат иш қилиб танбеҳ эшитган боладай, шоша-пиша қўлини тортди.

— Ука,— деди,— биронталарингга зарарим тегдими ё хафа қилдимми? Нега унда менга бунақа гапирасан?

Ўсмир укасининг шикоятини эшитаётгандек, қуш боқиш қилиб қаққайиб турарди.

Ҳамдамов негадир эзилиб, гапида давом этдш

— Текканга тегиб, тегмаганга кесак отасан. Ураман, дейсан. Мен сендан катта бўлсам, сен мендан кичик бўлсанг. Мен ҳам сенга тенгқур бўлганимда бошқа гап эди. Ҳозир сендан ўн ёш катта бўлиб қандай ёқалашаман? Одамлар кулмайдими?.. Уят, ука, уят! Ўзингдан каттани ҳурмат қилишинг керак.

Ҳамдамов қолганларга мурожаат қилди:
— Тўғрими, йигитлар?

— Тўғри, — дея илиб кетди “қамаб қўймадингиз-ку”, дегани. — Зоир, нега бу акамни ҳурмат қилмайсан?

Ўсмир тиржайиб қўйди.
Энди муштлашиб бўлмайди.

— Нега майнавозчилик қиласан? Мен жиддий гапиряпман, — деди Ҳамдамов.

— Мен ҳам жиддий айтяпман-да, — дея бидирлади бола. — Ахир, ростдан ҳам, у сизни ҳурмат қилмаяпти-ку. Мен унга одобли бўл, ўзингдан каттага бунақа қилма, деб насиҳат ўқияпман-да.

Ҳамдамов бу гапларнинг маънисини тушуниб, из-за бўлди, гўё болага эътибор бермагандай, яна ўсмирга ўгирилди.

— Иккаламиз катта кўчада ёқалашиб юрсак яхшими, ука? Яхши эмас-да. Сенинг оғайниларинг бўлса, менда ҳам бор…
Нималар деяпти ўзи! Бирга-бир чиқса кучи етмайдими бу тирмизакка!

Ҳамдамов ноўрин гапирганини англаб, энди нима дейишини билмай, тўхтаб қолди.

— Менга қаранг, — деди ўсмир, Ҳамдамов унга қараб турган бўлса ҳам. -Мундай тушунтириброқ гапиринг, нима демоқчисиз ўзи? Агар мен билан чиқиш ниятингиз бўлса…

Нега бунча ўзига бино қўйган, а? Ахир, ўз-ўзидан кўриниб турибди-ку: Ҳамдамов уни мажақлаб ташлаши мумкин.
Лекин, кейин… безори акаларини бошлаб келмоқчими? Ҳамдамов улардан қўрқмайди-ю, бироқ бу ҳовлидан ҳам кўчиши керак бўлади.

— Қўйсанг-чи бунақа гапларни, — деди Ҳамдамов яраш оҳангида, гўё сулҳ садақа қилаётгандек. — Мен тескарисини айтаяпман. Жанжал нимага керак, иккаламизга ҳам ярашмайди…

Кейин ҳаммалари жим қолишди. Ҳамдамов яна нима дейишини билмай, бир оз ўйланиб турди-да, уларга ҳеч гап айтмасдан, келган йўлига равона бўлди.

Унинг кўнгли ғаш, ютқизганини ҳис қилиб, эзилар эди.

Агар ҳозир болалар кулса ёки намойишкорона йўталиб қўйишса ҳам Ҳамдамов қайтиб бормас эдн, эринарди.

Итдай қилишди-да. “Нима демоқчисиз”, деб муштлашишга чорлади-я. У эса шармандаларча чекинди. Чиқиб таъзирини бераман деб, баттар бўлиб қайтаяпти. Иккаловини ҳам дабдала қилармиш-а! Билагида кучи бўла туриб чекинди-я. Жанжалнинг ҳадисини билмас экансан, уйда ўтирмайсанми!

Ҳамдамов уйга яқинлашган сари жаҳли чиқиб, ўзини ўзи тузларди.

Муштлашиш ҳайвоний иллат, йиртқичлик, зиёли одамга ёт деб, бировнинг бурнини ҳам қонатмадинг. Ҳалимовни урмоқчи бўлганинг ҳам артистлик эди, шунчаки Маъсуданинг олдида ўзингни кўрсатмоқчи эдинг… Сен ҳеч кимга қўл кўтармадинг, бирон кимса ҳам сени урмади. Икки марта боплаб калтаклашганда эди, кўзинг очиларди, кўкайингда ўт бўларди, ўт!

Ҳозиргидек туядан тушган жабдуқдек бўлмасдинг, қиличинг синиб, қалқонинг тешилиб қайтмасдинг.

Ҳамдамов ҳовлига кирганда дум-думалоқ кучукбола пилдираб келиб оёқларига суйкалди. Ҳамдамов сигарет тутатди-да, яна ўйлай кетди.
Нима ҳам қилсин, китоб ўқишни, диссертация ёзишни тўхтатиб қўйиб, безориликни, муштлашиш илмини ўргансинми? Фан соҳасида у дадил-ку, ахир! Илмий жасорат ҳам йигитнинг кўрки эмасми! Иложи қанча — кундалик майда-чуйда жасорат қўлидан келмайди, унга керак ҳам эмас.

Ҳамдамов уйга кирди.

Мана, муштлашишни семиз бўлса ҳам Хуррамлар учун чиқарган. Булар шу учун яратилган — талашиб-тортишиб ҳақларини юлиб олишмаса, қуруқ қоладилар.

— Э-э, бориб келдим, — деди Ҳамдамов Хуррамга.
— Қаёққа!

— Бояги чурвақаларнинг олдига-да, қаёққа бўларди! Менга ўчакишма, иккинчи марта бунақа қилсанг, кунингни кўрсатаман, дедим.

Негадир шу топда Ҳамдамов Хуррамга ёлғон гапиришга ўзини ҳақли деб билди.

Исмоил тахтадан кўз узмай:
— Эринмаган одамсиз-да, — деб қўйди.

— Шоҳ! -деб қичқирди Турсун ва чапак чалиб юбордн.— Мот экан-ку! Мот, укам, мот!

Исмоил Турсуннинг ирғишлашига эътибор бермай, бошини чангаллаганча шахмат тахтасига термиларди.
Ҳаммалари тахтага энгашдилар.

— Мот эмас,— деди Ҳамдамов бир оздан кейин.— Битта йўл бор ҳали.

Исмоилга жон кирди:
— Қани?
— Ўзингиз топинг!

044   Kichik ilmiy xodim Hamdamov simyog‘ochga suyangancha sigaret tutatayotgan ikki o‘smirga loqayd nigoh tashlab o‘tib ketdiyu to‘rt-besh odim yurmasdanoq qulog‘iga ularning gapi chalinib qoldi…

Ahmad A’zam
KICHIK ILMIY XODIM HAMDAMOV
09

   033Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G‘azira qishlog‘ida tug‘ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o‘zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O‘zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug‘ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo‘lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O‘zbekiston televideniyesida bosh muharrir, “O‘zbekiston” telekanali bosh direktori, “O‘zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O‘zbekiston televideniyesida yuzlab ko‘rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O‘zlik”, “Xalqning ko‘ngli”, To‘rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog‘ tomonlarda”, “Soyasini yo‘qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so‘z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to‘plamlari, “O‘zi uylanmagan sovchi”, “Ro‘yo yoxud G‘ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
2014 yil 4 yanvarida vafot etgan

Kichik ilmiy xodim Hamdamov simyog‘ochga suyangancha sigaret tutatayotgan ikki o‘smirga loqayd nigoh tashlab o‘tib ketdiyu to‘rt-besh odim yurmasdanoq qulog‘iga ularning gapi chalinib qoldi.

— Mahallangdagi istagan odamingni chalpak qilaman.

Unisi nimadir deb hiringladi. Hamdamov qulog‘ini ding qildi, ammo eshitmadi. Haligi o‘smir ovozini balandlatdi:

— Qani, ayt-chi, kim men bilan chiqadi? Bittasi anavimi?

«Anavi” Hamdamov edi. Hozir qaytib borib, bu mishiqini bir solsa, chappa ag‘darilib tushadi-yu, biroq katta ko‘chada hammaga sharmanda bo‘ladi-da yosh bolaga qo‘l ko‘targani uchun. Lekin qo‘rqitib qo‘yishi ham kerak, bo‘lmasa har o‘tganida mayna qilaverib joniga tegadi. Bularga bir yon berdingmi — tamom, keyin tomoshangni ko‘raverasan.

Hamdamov bir qarorga kelguncha yana to‘rt-besh odim yurib, o‘smirlardan uzoqlashib qolgan edi.

U shahd bilan ortiga qayrildi-yu, nima deyishini bilmay, o‘smirlarga tikilgancha tek turib qoldi. Jin ursin, nima qilardi, qayrilib! To‘g‘ri yo‘ldan ketavermaydimi, shularga bas kelib qancha obro‘ topardi.

Damdamovga tegizib gapirgani tikrog‘i edi, uning o‘girilishini kutib turgandi shekilli, birdan o‘shqirdi:

— Ha, akam, nimaga qaraysiz? Biron narsa demoqchimisiz menga? Hamdamov yana bir zum garangsib turdi-da;
— Qani, buyoqqa kel-chi!—dedi.

Ovozi sal titrab chiqqani uchun ko‘ngli g‘ash tortdi. Dag‘alroq gapirish, do‘q urish kerak edi.

O‘smir joyidan jilmagach, Hamdamovning o‘zi u tomonga yurdi. Shundan so‘ng o‘smir ham Hamdamovga qarab xezlanib kelaverdi.

Yo o‘ninchida o‘qiydi, yo shu yil bitirgan. Ursamikin, a? Hech portfel ko‘tarmagan odam kelib-kelib shu bugun…

Hamdamov bir qo‘li bandligidan juda afsuslandi.

O‘smir ikki qo‘lini beliga tirab Hamdamovning qarshisida g‘oz turdi.
Qo‘rqmaydi ham. Voy, sening qorakuya surtilgan mo‘ylabchalaringga…

— Meni taniysanmi o‘zi?—Hamdamovning tiliga kelgan gap shu bo‘ldi. O‘smir ishshaydi:
— Yo‘q!

Rostdan ham. O‘zi yaqinda ko‘chib kelgan bo‘lsa, bu bola uni qaydan tanisin. Shunaqa ham bo‘lmag‘ur savol bo‘ladimi?!
Hamdamovning ko‘ngli xijil bo‘ldi.

— Qayerda ishlashimni ham bilmaysanmi?

O‘smir yana ishshaydi:
— Yo‘q!

U-uh, surbet! Basharasiga tushirib qolsami!.. Lekin odamlar nimaga urding, deyishsa, bnronta jiddiyroq sababni ro‘kach qilish kerak-da.
Hamdamov, xunobi oshib, boshqa gap esiga kelmaganidan yana o‘sha savolini takrorladi:

— Bilmaysanmi!

— Bilmayman. O‘zingiz ayta qoling, — deb erikladi o‘smir,— odamni ko‘p qiynamang. Qayerda ishlaysiz?

Hamdamov indamadi. Bildiki, aytsa battar kalaka qiladi. Kichik ilmiy xodimligiyu akademiyada ishlashi bularga bir pul. Shunaqa ham ahmoqona savol bo‘ladimi?! Ko‘nglida boshqa gap-u, tilida… Bunaqa adi-badi aytishib o‘tirgandan ko‘ra, keliboq solib qolishi kerak edi. Do‘q urishni eplolmagandan keyin… Endi kech-da.

— Militsiyada ishlaysizmi, a?—deya ijikilashda davom etdi o‘smir.— Meni qamab qo‘yasizmi? Voy, qamang!

Biladi-da, militsiyada ishlamasligini. Shuning uchun haddidan oshyapti.

— Yo‘g‘-e,— deb chaynaldi Hamdamov.— Seni qamatmoqchi emasman, sal… mundoq, o‘znngni… Qayerda turishimni ham bilmaysanmi?

Obbo, yana shunaqa savol beradimi, a?

U shosha-pisha savoliga o‘zi javob berdi:

— Men hu anavi yashil darvozali uyda turaman. To‘rtinchi. Istagan paytda borishlaring mumkin.

— Aroq ham quyib berasizmi?—dedi o‘smir juda eshilib ketganday.

Hamdamov keyingi gapini ko‘plashib borishsa ham mushtlashishga tayyor ekanligini pisanda qilib aytgan edi, o‘smir butunlay boshqa nag‘maga o‘tgandan so‘ng sal dovdirab, gapini yo‘qotib qo‘ydi.

— Boring, aka, yo‘lingizdan qolmang!—dedi o‘smir dabdurustdan, siz ham odammi, deganday.

— E-e, sen juda ahmoq bola ekansan-ku!—dedi Hamdamov bosh chayqab. O‘smirning ko‘zlari chaqchayib ketdi!

— Kim ahmoq?
— Bor-e, sen bilan pachakilashib…

Hamdamov go‘yo qattiq afsuslanganday bir qo‘l siltadiyu ortiga o‘girildi.

— Voy, aka, qamab qo‘ymadingiz-ku, uni!—deb qichqirdi shu payt ularning bahsiga aralashmay bir chetda turgan ikkinchisi.

O‘smirlar sharaqlab kulishdi.

Hamdamov tishini tishiga bosdi. Endi ortiga qaytsa yomon bo‘ladi.
Agar qaytsa…

Hamdamov o‘smirlarga qaramay, yana bir marta “Bor-e!”—deya qo‘l siltab yo‘liga ravona bo‘ldi.

Darvozaning eski, zanglagan qulfi hadeganda ochilavermagach Hamdamovning o‘bdon g‘azabi oshdi. Uyda o‘tirib ustlaridan darvozani qulflab olishadi-ya. O‘g‘ri urib ketarmidi!

U sharaq-shuruq qilib darvozani ochguncha bo‘g‘ilib ketdi, kalitni sindirishiga oz qoldi.

Ona suti og‘zidan ketmagan mishiqilar! Bir ursang yetti yumalab turadiyu bodilanishini aytmaysanmi! He o‘sha…

Xurram kelibdi. Semirib ketganini qara! O‘ttizga chiqmasdanoq qorin qo‘yib… Yigit degan sal uyoq-bu-yog‘iga qarab yurmaydimi. Tiqmachoq! Do‘mboq! O‘l-ye!

Xurram quchog‘ini yozib peshvoz chiqdi.

Hozir labini cho‘chchaytiradi — o‘pishib ko‘rishmoqchi. Hamdamov o‘zini orqaga tortib qo‘lini cho‘zdi
— Yaxshimisiz? Qalay endi?

Shundan so‘ng Xurram ham quruqqina: “Yuribmiz-da”, deb qo‘ya qoldi, Hamdamoviing yozg‘irishidan ranjib.

Hamdamov shaxmat taxtasiga enkaygan hamxonalari oldiga keldi.

— Keldingizmi?— dedi Tursun bosh ko‘tarmasdan.
— Keldim. I-i, unday yurmang, chatoq bo‘ladi. Ismoil hayron bo‘lib qo‘lini tortdi:

— Nega?
— Farziningizni olib qo‘yadi bir yurishdan keyin,— dedi Hamdamov.

— Qanaqasiga?
— Ot bilan shoh beradi, farzinga ham tushadi.

Bu yurish Tursunning ham xayolida yo‘q edi chog‘i, o‘ylanib qoldi. Ismoil piyodani surdi.

— Boring, aralashmang. Nuqul shunaqa qilib odamni chalg‘itib yurasiz,— dedi Tursun,

Hamdamov indamadi.

Mushtday bolalar-a?! Shunaqa ham bez bo‘ladimi! Bir ursang… Kayfiyatni ham rasvo qilishdi-da.

— Voy tirmizaklar-ey,— dedi Hamdamov jahlini yutib yubora olmay.
— Kim? — deb qiziqsindi Xurram. Tursun Hamdamovga yalt etib sarab qo‘ydi.

— He, hozir ko‘chada kelayotsam… Tursun, har kuni simyog‘och tagida to‘planib turadigan bolalar bor-ku?..

— Ha-a,— dedi Tursun taxtadan ko‘z uzmay.— Ochmas. Ko‘rmayapsanmi, ruh turibdi-ku. Hamsoyalarning bolalari-da.

— O‘shalar.— Hikoyasi hech kimni qiziqtirmayotganligini sezsa-da, Hamdamov gapida davom etdi.— Kelayotsam…

— Shoh!— dedi Ismoil.

— E-e, ko‘rmabmiz-da uni, — dedi Tursun va kaftlarini bir-biriga ishqab burgut qarash qildi.— Hozir, hozir! Shunday boplaymizki!

Oraga jimlik ch…kdi. Hamdamov siqilib ketdi. Noilojdan taxtaga tikildi. Otni yursa Nega yomon ko‘rishadi uni? Tavba! Tekkanga tegib, tegmaganga kesak otishadi-ya. Otni yursa shohni bekitib ruhga ham tushar ekan.

— Tursun, piyodani suring,— dedi Xurram.

— Yo‘q-yo‘q,— deya yana aralashdi Hamdamov.— Otni yurish kerak.

— To‘xtanglar, bir o‘zimga qarshi necha kishi?— dedi Ismoil xafa bo‘lib.

— O‘zim hozir otni yurmoqchi edim,— dedi Tursun xunob bo‘lib,— endi siz o‘rgatgan bo‘lib chiqasiz.
— Ha mayli, endi indamayman.

Hamdamov boshqa o‘rgatmaslikka qaror qildi.

Filni ishlatish kerak endi. O‘zi ham latta-da, bo‘lmasa shu boladan dakki yeydimi. “Boring, akam, yo‘lingizdan qolmang”. Haqorat qilyapti-yu, u esa…

— Jon do‘stim, borib maqolangizni yozmaysizmi!— dedi Tursun yalinib.

— Jim turibman-ku, axir!—dedi Hamdamov o‘ksinib.— Nafasimni ham ichimga yutib yuraymi!

— Bari bir chalg‘ityapsiz-da odamni. Iltimos, boring. Shu… tepamda tursangiz, negadir…

Hamdamov qattiq ranjidi: miq etmay qarab tursa ham Tursun asabiylashadi-ya. Bugun hammaga bir gap bo‘lganmi o‘zi!

Hamdamov yechinayotib toshoynaga o‘g‘rincha qaradi. Yelkalari keng. Mushaklari o‘ynab turmasa ham baquvvat, yo‘g‘on-yo‘g‘on. Bo‘yi ham u qadar daroz bo‘lmasa-da, har qalay, baland. Ular nimasiga ishondi ekan, a?

Hamdamov havorang sport kiyimini kiyib narigi xonaga — “kabinet”iga o‘tdi. Ancha o‘tirdi. Qo‘li ishga bormadi. Keyin stol ustidagi sochilib yotgan kitobu qog‘ozlarni yig‘ishtirdi, kuldonni tozaladi, latta ho‘llab kelib stolni artdi: tartibni yaxshi ko‘radi — uy qo‘qib yotsa, stol ustida ortiqcha narsalar bo‘lsa, yoza olmaydi.

Hamdamov ancha o‘tirdi. Na biron jumla yozdi, na biron sahifa o‘qidi. Chekdi, yoqmadi: tutun tomog‘ini achishtirdi. Ko‘chada chiqishi kerak bo‘lgan g‘azabi shundan so‘ng birdan junbushga keldi.

Yo‘q, bunaqasi ketmaydi. Bu, bu… qanday gap axir! Ishxonada katta-katta odamlar undan hayiqishadi! Hamkasb tengqurlari, Hamdamovning jahli chiqibdi deb eshitsalar, hay-haylashib qolishadi… Boshqa raqib yo‘qmidi! Hozir chiqib ikkalovini ham dabdala qiladi. Juda bo‘lmasa qattiqroq tanbeh berib qo‘yadi. Ma’suda kelmoqchi bo‘lib yurgan edi. Birga kelishayotganda bu bolakaylar albatta gap otishadi. Ana o‘shanda izza bo‘ladi. Ma’suda esa uni hech kimdan qo‘rqmaydi deb o‘ylaydi. O‘tirishda qo‘polroq hazil qilgani uchun Halimovni urmoqchi bo‘lganida, Ma’suda uni xonasiga qamab, bir soatcha avrab, tinchitgan edi, “Sariq emassiz-u, g‘azabingiz muncha tez!..” Shundan beri Halimov bechora undan yurak oldirib qo‘ygan… Odam qurib ketganday shu tirmizaklar!

Hamdamov shartta o‘rnidan turdiyu bir muddat o‘ylanib qoldi. Keyin vazmin qadam tashlagancha, hamxonalariga hech narsa demay, shippagini taqillatib ko‘chaga yo‘naldi. Yo‘l-yo‘lakay sigaret tutatdi.

Ular ko‘payishib qolibdi. Hamdamov sanadi: beshov. Beshoviga ham bas keladi — bari ushoq edi.

O‘smir Hamdamovga orqa o‘girgancha yonidagilarga, qo‘llarini havolatishiga qaraganda, allanarsalarni kuyib-pishib uqtirardi shekilli, boyagi sherigi unga im qoqib, Hamdamov tomonga ishora qilgach, burilib qaradi, keyin sarosimalanib yonidagilar bilan ko‘z urishtirdi.
O‘smirlar Hamdamovning ro‘parasida yarim doira bo‘lib turardilar.

Ko‘rishish kerakmi, yo‘qmi? Ishni nimadandir boshlash kerak-ku. He yo‘q, be yo‘q, birdan musht ko‘tarish aqlga sig‘maydi. Sport kiyimida, tayyorlanib, chaqqon bo‘lib kelibdi deb o‘ylashmasmikin? Mayli, zarari yo‘q, oyog‘idagi shippak bularni mensimasligini ko‘rsatadi.
Ularning oldiga borgach, Hamdamov chetdagi bolaga qo‘l cho‘zdi. Ikinchisi bilan ham ko‘rishib, uchinchisi — boya “qamab qo‘ymadingiz-ku uni”, deb qichqirganiga qo‘l uzatgan edi, u shoshilib qoldimi, negadir hadeganda, qo‘li yopishib qolgandek, shimining kissasidan chiqavermadi. Hamdamov ham qo‘lini tortmay unga tikilgan ko‘yi turaverdi. Nihoyat bola iltifot bilan qo‘sh qo‘llab ko‘rishdi, qiroat bilan “Assalo-mu alaykum” deb qo‘ydi.

Jo‘rttaga shunday qildi shayton!

Hamdamov endi nima deyishini bilmay boshi g‘ovlab turardi. O‘smir unga cho‘chinqirab tikilardi. Boshqalar ham jim edi.
Hamdamov o‘pkasini to‘ldirib sigaret tortdi, buruqsitib tutun qaytardi: tomog‘i qichishmasa ham yo‘talib qo‘ydi.

— Xo‘sh,— dedi u o‘smirga.

O‘smir indamay qarab turaverdi. Bo‘yi qariyb baravar ekan-da.

— Men senga nima yomonlik qildim,— deb Hamdamov o‘smirning tirsagidan tutdi.— Har kuni shu yerdan o‘taman, ertalab, kechqurun… Ko‘rgan bo‘lsang kerak?

O‘smirning ko‘zlarida istehzo chaqnab ketdi.
— Qo‘lni qo‘yvoring, qo‘lni,— dedi dag‘allik bilan.

Hamdamov beruxsat ish qilib tanbeh eshitgan boladay, shosha-pisha qo‘lini tortdi.

— Uka,— dedi,— birontalaringga zararim tegdimi yo xafa qildimmi? Nega unda menga bunaqa gapirasan?

O‘smir ukasining shikoyatini eshitayotgandek, qush boqish qilib qaqqayib turardi.

Hamdamov negadir ezilib, gapida davom etdsh

— Tekkanga tegib, tegmaganga kesak otasan. Uraman, deysan. Men sendan katta bo‘lsam, sen mendan kichik bo‘lsang. Men ham senga tengqur bo‘lganimda boshqa gap edi. Hozir sendan o‘n yosh katta bo‘lib qanday yoqalashaman? Odamlar kulmaydimi?.. Uyat, uka, uyat! O‘zingdan kattani hurmat qilishing kerak.

Hamdamov qolganlarga murojaat qildi:
— To‘g‘rimi, yigitlar?

— To‘g‘ri, — deya ilib ketdi “qamab qo‘ymadingiz-ku”, degani. — Zoir, nega bu akamni hurmat qilmaysan?

O‘smir tirjayib qo‘ydi.
Endi mushtlashib bo‘lmaydi.

— Nega maynavozchilik qilasan? Men jiddiy gapiryapman, — dedi Hamdamov.

— Men ham jiddiy aytyapman-da, — deya bidirladi bola. — Axir, rostdan ham, u sizni hurmat qilmayapti-ku. Men unga odobli bo‘l, o‘zingdan kattaga bunaqa qilma, deb nasihat o‘qiyapman-da.

Hamdamov bu gaplarning ma’nisini tushunib, iz-za bo‘ldi, go‘yo bolaga e’tibor bermaganday, yana o‘smirga o‘girildi.

— Ikkalamiz katta ko‘chada yoqalashib yursak yaxshimi, uka? Yaxshi emas-da. Sening og‘aynilaring bo‘lsa, menda ham bor…
Nimalar deyapti o‘zi! Birga-bir chiqsa kuchi yetmaydimi bu tirmizakka!

Hamdamov noo‘rin gapirganini anglab, endi nima deyishini bilmay, to‘xtab qoldi.

— Menga qarang, — dedi o‘smir, Hamdamov unga qarab turgan bo‘lsa ham. -Munday tushuntiribroq gapiring, nima demoqchisiz o‘zi? Agar men bilan chiqish niyatingiz bo‘lsa…

Nega buncha o‘ziga bino qo‘ygan, a? Axir, o‘z-o‘zidan ko‘rinib turibdi-ku: Hamdamov uni majaqlab tashlashi mumkin.
Lekin, keyin… bezori akalarini boshlab kelmoqchimi? Hamdamov ulardan qo‘rqmaydi-yu, biroq bu hovlidan ham ko‘chishi kerak bo‘ladi.

— Qo‘ysang-chi bunaqa gaplarni, — dedi Hamdamov yarash ohangida, go‘yo sulh sadaqa qilayotgandek. — Men teskarisini aytayapman. Janjal nimaga kerak, ikkalamizga ham yarashmaydi…

Keyin hammalari jim qolishdi. Hamdamov yana nima deyishini bilmay, bir oz o‘ylanib turdi-da, ularga hech gap aytmasdan, kelgan yo‘liga ravona bo‘ldi.

Uning ko‘ngli g‘ash, yutqizganini his qilib, ezilar edi.

Agar hozir bolalar kulsa yoki namoyishkorona yo‘talib qo‘yishsa ham Hamdamov qaytib bormas edn, erinardi.

Itday qilishdi-da. “Nima demoqchisiz”, deb mushtlashishga chorladi-ya. U esa sharmandalarcha chekindi. Chiqib ta’zirini beraman deb, battar bo‘lib qaytayapti. Ikkalovini ham dabdala qilarmish-a! Bilagida kuchi bo‘la turib chekindi-ya. Janjalning hadisini bilmas ekansan, uyda o‘tirmaysanmi!

Hamdamov uyga yaqinlashgan sari jahli chiqib, o‘zini o‘zi tuzlardi.

Mushtlashish hayvoniy illat, yirtqichlik, ziyoli odamga yot deb, birovning burnini ham qonatmading. Halimovni urmoqchi bo‘lganing ham artistlik edi, shunchaki Ma’sudaning oldida o‘zingni ko‘rsatmoqchi eding… Sen hech kimga qo‘l ko‘tarmading, biron kimsa ham seni urmadi. Ikki marta boplab kaltaklashganda edi, ko‘zing ochilardi, ko‘kayingda o‘t bo‘lardi, o‘t!

Hozirgidek tuyadan tushgan jabduqdek bo‘lmasding, qiliching sinib, qalqoning teshilib qaytmasding.

Hamdamov hovliga kirganda dum-dumaloq kuchukbola pildirab kelib oyoqlariga suykaldi. Hamdamov sigaret tutatdi-da, yana o‘ylay ketdi.
Nima ham qilsin, kitob o‘qishni, dissertatsiya yozishni to‘xtatib qo‘yib, bezorilikni, mushtlashish ilmini o‘rgansinmi? Fan sohasida u dadil-ku, axir! Ilmiy jasorat ham yigitning ko‘rki emasmi! Iloji qancha — kundalik mayda-chuyda jasorat qo‘lidan kelmaydi, unga kerak ham emas.

Hamdamov uyga kirdi.

Mana, mushtlashishni semiz bo‘lsa ham Xurramlar uchun chiqargan. Bular shu uchun yaratilgan — talashib-tortishib haqlarini yulib olishmasa, quruq qoladilar.

— E-e, borib keldim, — dedi Hamdamov Xurramga.
— Qayoqqa!

— Boyagi churvaqalarning oldiga-da, qayoqqa bo‘lardi! Menga o‘chakishma, ikkinchi marta bunaqa qilsang, kuningni ko‘rsataman, dedim.

Negadir shu topda Hamdamov Xurramga yolg‘on gapirishga o‘zini haqli deb bildi.

Ismoil taxtadan ko‘z uzmay:
— Erinmagan odamsiz-da, — deb qo‘ydi.

— Shoh! -deb qichqirdi Tursun va chapak chalib yubordn.— Mot ekan-ku! Mot, ukam, mot!

Ismoil Tursunning irg‘ishlashiga e’tibor bermay, boshini changallagancha shaxmat taxtasiga termilardi.
Hammalari taxtaga engashdilar.

— Mot emas,— dedi Hamdamov bir ozdan keyin.— Bitta yo‘l bor hali.

Ismoilga jon kirdi:
— Qani?
— O‘zingiz toping!

007

(Tashriflar: umumiy 129, bugungi 1)

Izoh qoldiring