Avaz Muhammad Attor Xo’qandiy. Tarixi jahonnamoyi

087  150 йил аввал —  1865 йилнинг  16-17 июнь кунлари миллий тарихимизнинг энг фожиали воқеаларидан бири юз берди: Тошкент босқинчи рус қўшинлари томонидан ишғол қилинди. Сайтимиз шу муносабат билан Тошкентни забт этилиши воқеаларига бағишланган тарихий асарлар ва мақолалар туркумини тақдим этишни бошлайди. Бугун ана шундай қимматли тарихий манбалардан бири бўлмиш Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандийнинг «Тарихи жаҳоннамойи» («Дунёни намоён этувчи тарих») китоби билан танишасиз. «Тарихи жаҳоннамойи»нинг  бениҳоя  қимматли асар  эканини рад этмаган ҳолда, ундаги менга ёҳмаган бир жиҳатни айтмоқчиман.  Бу  муаллиф ўз  ҳукмдорини «соҳибқирон» деб улуғлаб, Бухоро амирини уят сўзлар билан қоралаши билан боғлиқ жиҳат. Тўғри, бундай «маддоҳлик» нафақат Қўқон, шунингдек, Бухоро ва Хива тарихчилари асарларида ҳам учрайди. Аслида, ўша давр ҳукмдорларининг биронтасига  буюк Темур бобомизга нисбатан қўлланилган  «соҳибқирон»дек фахрли атамани айтишнинг ўзи уят. Уларнинг ҳаммаси   рус босқинига қарши  бир ёқадан бош чиқариб курашиш ўрнига бир-бирига қарши фитна қўзғаган, юртга кириб келаётган  душманни рақибига гиж-гижлаган, миллат ва юртни ҳимоя қилолмаган салоҳиятсиз, фаросатсиз  ҳукмдорлар эди. Уларни тарих тарозисига қўйсангиз,  барчасининг иродасизлиги, қатъиятсизлиги ва нодонлиги тенг келади.
Тўғри, Ҳайитметов домла ёзганларидек, «Тарих шуни кўрсатадики, хонлар билан хонларнинг, амирлар билан амирларнинг, беклар билан бекларнинг фарқи бор. Бирлари ўзидан яхши ном қолдириш учун курашган ва яшаган бўлса, иккинчилари кўп вақт ўз ҳузур-ҳаловатини, бойлик орттиришни, бор нарсаларни бузишни, йўқ қилишни ўйлаган, яратувчилик ғоясидан йироқ юрган». Афсуслар бўлсинким, бу фикрнинг иккинчи қисмини   босқин арафасида Туркистон бўлакларига эгалик қилиб, ҳукмфармолик қилган «соҳибқирон»ларнинг ҳаммасига нисбатан тўлиқ қўллаш мумкин. Бу давр эгаларининг  самарасиз ва маъносиз ҳаёти ва фаолиятини англаш учун Муҳаммадҳакимхон тўранинг рус босқинидан аввалги муҳит хусусида, Қўқон, Бухоро ва Хива тахтларида ўтирганларнинг  қиёфаси ҳақида ҳикоя қилгувчи «Мунтахаб ат-таворих» асарини синчиклаб ўқиб чиқишнинг ўзи кифоя. Олдин ҳам ёзганимдек, мен бу асарни   уятдан юзим лов-лов  қизариб ўқиган  эдим.

Миллатини, Ватанини севган инсон ўтмишдаги ғалабалардангина эмас, , миллат тарихидаги энг қора ва уятли саҳифалардан  ҳам хабардор бўлмоғи керак. Буюк Абдулла Қодирий ёзганидек:»Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги «хон замонлари»дан белгуладим…»

Хуршид Даврон

09
АСАР ҲАҚИДА
Шодмон ВОҲИД,
тарих фанлари доктори
04

XIX аср ўрталаридаги Қўқон маданий муҳитида тарихнавислар мактаби ҳам алоҳида ўрин тутади. Икки жилдли «Тарихи жаҳоннамойи» («Дунёни намоён этувчи тарих») китоби муаллифи Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий ибн Мулла Рўзи Муҳаммад Сўфи Аттор шу давр солномачи-адибларининг энг зуккоси ва нуктадони ҳисобланади. Қўқондаги бошқа тарихнавислар каби Аваз Муҳаммад Атторнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида кам маълумотга эгамиз. Ҳатто бизгача етиб келган асарлари ҳам унинг таржимаи ҳоли ҳақида ёрқин тасаввур бера олмайди.
Баъзи далилларга суяниб, уни XVIII аср охири ёки XIX аср бошларида туғилган деб ҳисоблаш мумкин. У отасидан атторлик касбини мерос қилиб олади. Аваз Муҳаммад табиблик, котиблик билан ҳам шуғулланган. Унинг мадрасада таҳсил олган-олмаганини билмаймиз. Аммо Аваз Муҳаммаднинг шарқ тиллари (араб, форс, туркий) ва адабиёти бўйича ғоят билимдон эканлигини, умуман, ўз даврининг етук маърифатли кишиларидан бўлганлигини «Тарихи жаҳоннамойи» асари исботлаб туради. У умрининг сўнгги йилларини тарих битмакка бағишлади. 1872 йилда икки жилдлик «Тарихи жаҳоннамойи» асарини ёзиб тугатди.

Бу асар дастлаб В. Наливкиннинг «Краткая история Кокандского ханства» (Казань, 1886) китобида тилга олинади. «Тарихи жаҳоннамойи» яқин-яқингача бирор-бир тадқиқот учун мавзу қилиб олинмади.
Н. Д. Миклухо-Маклай, Р. Н. Набиев, Ч. С. Сториларнинг тавсифларида асарга қисқача таъриф бериб ўтилган. Аваз Муҳаммаднинг баъзи маълумотларидан А. Қаюмов, В. Ромодин, Т. Бейсембиев, Э. Хуршут каби олимлар ҳам фойдаланишган.

Асарнинг биринчи жилдида қадимги даврлардан то муаллиф замонасигача бўлган бутун дунё тарихи ҳикоя қилинган. Унда XVIII—XIX асрдаги Туркистон тарихи бўйича ҳам жуда кўп материаллар мавжуд. Мазкур жилд қандайдир йўллар билан Россия Фанлар Академиясининг Осиё музейига келтирилган бўлиб, ҳозирги пайтда ушбу муаллиф нусхаси СССР ФА Шарқшунослик институтининг Ленинград бўлимида сақланади. Бу ҳақдаги илк ахборотни академик В. В. Бартольд асарларида ўқиймиз. У 1902 йилда ёзган бир мақоласида: «Россия ФА Осиё музейида Аваз Муҳаммад асарининг яккаю ягона нусхаси» сақланишини зўр қониқиш билан қайд этган эди. Аммо у Авазнинг қўлёзма нусхасини «Туҳфатут таворихи-хони» («Тарихнинг шоҳона туҳфаси») деб атайди. (Бартольд В. В. Отчет о командировке 1902. Сочинение, Г. VIII. с. 206.)
Китобнинг ёзилиши сабаблари тўғрисида муаллиф шундай ёзади: «Мен, бу авроқнинг мусаннифи, атторлик растасида ишсизликдан бир неча қоп доруларни сотиш билан шуғулланардим. Менинг муҳтожлигимдан кўп яқинларим ва эски қадрдонларим огоҳ эдилар. Биз кўпроқ форсий китоблардан парчалар ва нусхалар кўчирардик. Шу вақтда «Мунтахаб ут-таворих» номли кичкина китобча қўлимизга тушиб қолди. Ундан яна бир нусха кўчиришни ният қилиб, унинг ҳар бобида келтирилган ривоятларнинг ихтилофларига кўзимиз тушди. Шунинг учун биз дўст-биродарларимиздан ҳар турли тарих китобларини сўраб олдик.
Оллоҳ инояти ила улардан фойдаланиб, бир китоб битдикким, уни ўқиган ҳар бир мухлис таҳсин ва офарин айлар. Умид қиламизким, мўминларнинг мажлисида ва ҳар манзил базмида уни ўқиб, фараҳманд ва хурсанд бўлғайлар.
Китоб ҳазрати Одам алайҳиссалом тарихидан бошланиб, то шу вақт, Саид Муҳаммад Худоёрхон зуҳуригача баён қилинади…
Замона подшоҳлари ва дорулмакон умаролари инъом ва илтифот учун менга бир дирҳам ҳам бермаганлар. Ўзим ўз бечоралигимдан ёдгорлик учун деб шу нусхани Оллоҳ мадади ила зийнат бериб тугатдим». («Тарихи жаҳоннамойи», 1 жилд, 834-а — 835-а варақ).

Муаллифнинг бундай ижодий мустақиллиги асар мазмуни ва ғоявий-сиёсий йўналишига ўз таъсирини ўтказган, албатта. Аваз Муҳаммад асарида изчил халқчил руҳ ҳукмронлигига ҳам шу сабаб бўлса, ажабмас. Аваз Муҳаммад ўз ишида бадиий тасвир воситаларидан унумли фойдаланиб, замонасининг юксак дидли китобхони савиясига мослаб тарих яратди. Асарнинг тили, услуби, баён этиш воситалари бугунги кунда ҳатто тадқиқотчиларни ҳам ҳайратда қолдиради. «Тарихи жаҳоннамойи» асари биринчи навбатда Қўқон хонлиги тарихини ёритиб беришга қаратилган. Эълон этилаётган парчалардан кўрамизки, Аваз Муҳаммад ўз давридаги ҳукмронларни қўрқоқликда, эътиқодсизликда айблаб, қаттиқ танқид қилади. Тарихнавис Туркистоннинг руслар томонидан босиб олинишини қоралайди. У ҳар қандай урушларга ва ўзаро низоларга, қонхўрликка қарши эканлигини ўз асарида намоён этади. Манбаларнинг кенг қамровли эканлиги асарнинг бой ва ишо-нарли чиқишида муҳим ўрин тутган.
Биринчи жилдда кўчирмалар олинган китобларнинг сони қирқдан ошади. Қўқон хонлигининг ташкил топишидан то XIX асрнинг 60-йилларигача бўлган тарихга бағишланган иккинчи жилд эса асл манбалар асосида яратилгандир. Бундан ташқари, Аваз Муҳаммаднинг ўзи Умархондан (1810—1822) бошлаб то Худоёрхонгача (1866—1875) ҳукм сурган хонларнинг шоҳиди бўлган. У, шунингдек, бошқа жуда кўп гувоҳлар, турли воқеа-ҳодисаларда фаол иштирок этганларнинг маълумотларидан ҳамда Қўқон тарихнавислари асарларидан фойдаланган. Хонлик тарихи минг уруғи сулоласи хонларининг ҳукмронлик даврига қараб, тартиб билан баён этилади.
Қўқон хонлигининг тарихи бу ҳудудга кирадиган барча миллат ва элатларнинг ҳам тарихидир. Бу вақтда ҳозирги Тожикистоннинг жанубий туманлари, ғарбда Самарқандгача, шимолда ҳозирги Туркистон шаҳригача, шарқда эса Қошғаргача бўлган сарҳадлар Қўқон ҳокимлари тасарруфида эди. Шу жиҳатдан «Тарихи жаҳоннамойи» XVIII—XIX асрдаги элатларнинг ўзаро ҳамкорлиги тарихи бўйича ҳам муҳим манбадир. Қўқон хонлигининг руслар бостириб келиши арафасидаги ички аҳволи, Бухоро билан алоқаларнинг кечиши, шунингдек, Туркистоннинг чоризм томонидан босиб олиниши ҳақида муаллиф гувоҳлик берган ҳикоялар асарнинг энг қимматли боблари саналади. Шу вақтгача мунозарали бўлиб келган мазкур масала очиқлигича қолиб келмоқда. Ушбу муаммога доир кўпгина тадқиқотлар маҳаллий тарихнависларнинг асарларини ҳисобга олмаган ҳолда ёзилган эди. Маҳаллий тарихчи-муаллифларнинг ҳукмларию хулосаларини расмий мафкура мезонларига солиб қараш мантиққа тўғри келмайди. Бизнинг дастлабки ҳисобимизча, Қўқон хонлиги тарихига доир 30 дан ортиқ йирик асар мавжуд. Улар ҳали-ҳануз ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.
Биз Аваз Муҳаммад асаридан Туркистон тарихидаги ниҳоятда муҳим воқеаларни акс эттирувчи бир неча бобни эътиборингизга ҳавола этамиз.

005
Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандий
ТАРИХИ ЖАҲОННАМОЙИ
Форс-тожик тилидан Шодмон Воҳид таржимаси
04

Туркистонда бўлган даҳшатли ҳодиса ва нохуш воқеалардан кейин жаноби соқибқирон (Султон Саидхон)нинг беҳисоб лашкар ила қилғон ҳаракат ва жунбушлари, ҳазрати Авлиёота фуқаросининг шаҳидлиги, ўрус кофирларининг бедодлиги ва уларга (Алимқул) амирлашкарнинг хатму зафар билан берган танбеҳи ҳақида сўз.

Сичқон йили — тарих 1281 йил зул-ҳижжа иззуҳу ойи ўрус кофирлар беадаблик ила Олмаота мавзеидан ҳаёсизликнинг тошлоқ биёбонига бемуродлик қадамларини қўюб, Марка қалъасига яқинлашдилар. Бу қалъа Тошканд вилояти тасарруфида эди. Қалъа аҳолиси бу ҳолдан огоҳ бўлиб, ҳаммалари бирлашиб, Садди Искандардек ҳимояга турдилар. Улар ичлари қора кофирлар дафъига фурсат пойлаб мунтазир бўлдилар. Аҳли куффор (кофирлар) мусулмонлар журъатини яхшироқ кўриб билдиларким: қалъани забт этиш улар учун жуда ҳам мушкулдур, ҳатто қалъага яқинлашишнинг иложи йўқдир. Шунда ўруслар пасткаш ва дағал кишиларга хос бўлган макру ҳийладан фойдаландилар. Уларга ер тагини ковлаш иши осонроқ ва гўё дардларига малҳамдек кўринди. Тез фурсатда улар қалъа дарвозаси тагидан чуқур қазиб, ичини ҳар хил доривор ила тўлдириб, кечаси жаҳонсуз оташ билан ёқиб юбордилар. Хиёнаткор кишилар доимо шундай қиладилар. Олов шуъласи тез фурсатда манзилига етиб, шундай портладики, қалъа дарвозасини ўз жойидан девори ила кўтариб ташлади ва уни ер билан яксон этди.

Қалъа аҳолиси буни кўриб, баъзилари амонат жонини ғанимат билиб, тун қоронғисидан фойдаланиб қочиб кетдилар. Баъзилари эса жангга кириб золимлар қўлиға тушдилар. (Ўруслар) шу даҳшатли воқеадан сўнг қалъа иморатларини ер билан яксон қилиб, мазкур ойнинг ўн иккинчисида бу манзилдан кўчиб, ҳазрати Авлиёота қалъасига келдилар. Ниёз Али бу вилоятнинг ҳимоясида турган эди. У вазият танглигини баҳона қилиб, ҳамма одамларини олиб, Туркистон томонга Мирзо Давлат хизматига кетди. Шаҳар ўз ҳокимидан айрилди. Фаранги кофирлар (ўруслар) қўрқмасдан қалъа қамалини бошладилар. Улар тўрт томондан шаҳар ичини тўпга тутдилар. Вилоят фуқароси ҳар бир кўча ва бозорларда ғайрат ва журъатни ўзларига қалқон этиб, шаҳар дарвозасидан чиқиб, ул лаин кофирлар ила қаттиқ уруш қилди. Бу ҳам натижа бермади ва улар чекиниб, қалъа ичига яшириндилар.

Шақоват аҳли фуқарони ўзларига нолойиқ кўрди ва уларнинг журъати ошиб, қалъа деворларини тўпга тутган ҳолда дарвозага яқин келдилар. Алдаб, тутун босишидан фойдаланиб, тезда битта тўпни ичкарига олиб киришди. Фуқаро ўз аҳлу аёлини ғайрат ила мудофаа қилди, уч кеча-кундуз кўча ва бозорларда туруб, хотун ва болалари билан оғир жанг олиб бордилар. Бундай уруш ҳали бирон бир подшоҳ даврида бўлмаган эди. (Авлиёоталиклар) Чимкент йўлига интизорлик билан кўз тикиб, Тошкент ҳокими Нор Муҳаммад қўшбегидан мадад ва ёрдам кутар эдилар.
Бу номард (Нор Муҳаммад қўшбеги) икки ойдан бери Чимкентда макон тутган эди ва ҳамма воқеани билиб туриб, бечораларга бирон мадад бермади. Оллоҳ таоло амири кабир умрини узун ва давлатини фузун айласинки, унга яхши танбиҳ бериб оламга ибрат қилиб кўрсатди.

Ниҳоят, фуқаронинг аҳволи танг бўлиб, омонлик беришни сўрадилар. Кофирлар бундан хабар топиб, қатлни тўхтатдилар, ярашиш режасини тузиб, сулҳга рози бўлдилар.
Икки томон ҳам ўз ўликларини жанг майдонидан чиқариб, ўз ойин ва динларига кўра дафн қилдилар. Мусулмон аҳолисидан шул урушда бир мингу олти юз эркак ва аёл, каттаю-кичик шаҳидлик даражасига лойиқ бўлди. Кофир мақтуллар қурбонининг сони бу ҳисобга кирмайди.

Бу воқеалар юз бераётган вақтда бир неча минг ўрус ва кўпгина қазоқ (казак) сарбозлари Оқмасжиддан (кейинги) Ясси, яъни Туркистон шаҳрини муҳосара (қамал) қила бошладилар. Бу ернинг ҳокими Мирзо Давлат шижоат ва мардлик намунасини кўрсатди, ўз лашкари билан кофирлар урдусига қарши чиқиб, оғир жанг бошлади ва шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Аммо (Мирзо Давлат) келиб кўрса, вилоятнинг қаллоб, касофат ва бузғунчи кишилари олдиндан ўрусларга сотилиб, уларнинг хизматларида юрган эканлар. Улар вилоятни кофирларга тақдим қилиб, шаҳар дарвозасини мусулмонларга очмадилар. Улар қалъа деворларини тешиб, кофирларни шаҳарга қўйган эканлар. (Мирзо Давлат ўз сарбозлари билан) бу хиёнат хабарини эшитиб, афсусу надомат қилиб ўз жойига қайтди. Улар кечани бир навъ ўтказиб, эрта билан Тошкент вилоятига йўл олдилар. Йўл-йўлакай Чимкентга кириб, мазкур Нор Муҳаммадни кўрмасдан, Қорақамиш мавзеига етиб келдилар ва ҳазрат Миён Халил Соҳиб боғига тушдилар. Бу хабарлар ва шу можаролар жаноби амир Султон Саидхонга тез-тез етказиб туриларди. Бундан соҳибқирон руҳида ғайрат, шижоат ва мардлик қайнаб кетиб, сипоҳлик анжом ва асбобларини тайёрлаб, урушга отланди. (Хон) саъйи балиғ (улуғ ҳаракатлар) кўрсатиб, вилоятнинг ҳар томонига, музофот саркардаларига, қасаба сардорларига марғуб иноятномалар жўнатиб, қўшин жамлашга киришди.

АМИР САИД ХОН СОҲИБҚИРОННИ ЎРУСЛАРГА ҚАРШИ ҚИЛҒОН ЮРИШИ
ВА МАЛИКИ МУСТАЪОН ИНОЯТИ ИЛА ФАТҲУ ЗАФАР ТОПҒОНИ ҲАҚИДА

Жаноби соҳибқирони (Султон Саид хон) субҳон (оллоҳ) инояти ва худо муруввати нурлари ила комронлик маснади ва шодмонлик давлатига суяниб, барқарор ва осойишта эди. Адолат нурлари ва иноят партави одамлар юзида ва раъият ҳаётида кўринарди. Жаноби ҳумоюн хотиралари мамлакат харобалиги ва унга етказаётган ҳалалларни ислоҳ қилиш йўлига тушди. Бу тинч вилоятнинг хосу омига давр ҳодисалари кўп жафолар етказарди. У киши зулм ва тааддини йўқотиб, кейин осойишталик ила ҳукм сурмоқчи эди. Замона ҳодисаларининг қазосидан ва ногаҳонлик аломатларидан шул тарих сафар ойининг ўртасида кетма-кет жаноби соҳибқиронга даҳшатли хабарлар кела бошладиким, ўруслар лашкари ҳар томондан келиб, бир қисм Марка, Авлиёота қалъалари, яна бир фирқаси эса Туркистон фатҳига азм қилиб, фитна отига миниб, аҳли давлат кўзларига душманлик ва харобачилик чангини сепибдурлар. Яна бул нобакор кишилар (ўруслар)нинг бошида Чимкент ва Тошкандни олиш фикри пайдо бўлаётган эмиш. Умидимиз шулким, аъло ҳазрат шижоат байроғи ила бу диёрга келиб, ёнган бу оловни мардлик суви билан ўчирадилар, бўлмаса (тоқатимиз тоқ бўлиб) «пичоқ суякларимизга етади». Қитъа (мазмуни):

Агар шоҳ шамширннинг кучи бўлмаса,
Шаҳарда ҳар хил шўру балолар бўлар.
Кимки яхшини ямондан ажрата олмаса,
Ҳар фитна қўлидан келса қилар.

Бизнинг илтижоимиз шулдурким, жаноби соҳибқирон биз томонга тез ҳаракат қилиб, зафар байроғини кўтарсунлар. Байт:

Халқни куйдурадиган оловни
Ўчирмасдан бошқа илож йўқ.

Бу хабарни эшитиб ҳазрати соҳибқирон ҳаракат қилишга азм этди ва ҳамма қасаба, вилоятларга фармон ва иноятномалар жўнатиб, ислом дини орқали таъкид ва таҳдид кўрсатиб, қўшин йиғишга киришди. Хон фармонини эшитиб ҳар томондан жасур аскарлар ва ботир сарбозлар тўплашиб келдилар. Уларнинг саноғи фалак юлдузларидан ҳам кўп эди. Ҳисобдон оқилу олимлар сипоҳ миқдорининг кўплигидан ҳайратда эдилар. Ҳама ҳумоюн ўрдасига келиб, соҳибқирон соясида осойиш топарди…
Неча-неча манзиллардан ўтиб жаноби хон (лашкари ила) Тошкандга келиб, истиқомат режасини тузди. Бир неча муддатдан кейин қолган қўшин ҳам етиб келди. Сафар анжомларининг камчилигини тўлдириб, аста-секин Рахшсифат саманд жиловини мақсад томон тортдилар…

…Манзиллар ва маҳаллаларни кезиб (хон) Шаробхона мавзеига етиб келди ва бахт хаймасини жоҳу жалол ва шавкат ила фалак авжига урди ва шу ерни манзил қилди. Тун вақти истироҳат чоғида Тошканд вилояти уруғларидан бўлмиш Ниёз Али чаққон келиб шундай хабар берди: «Ўрус кофирлар Чимкент вилоятига икки томондан яқинлашиб, шаҳарга ярим фарсах қолганда тўхтаганлар. Давлат арконлари ва маслаҳат соҳиблари жанобнинг ижозатисиз жангга кирмасдан сизнинг ташрифингизни кутуб турубдилар. Омонсиз жангга (келиб) киришларини талаб қиламиз». Бу хабарни эшитгач, (Султон Саид хон) Мулла Алимқулни сардор айлаб, уни куффор жангига жўнатди. Мулла Алимқул кеч тунда кўчиб, ҳиммат рахшини мақсуд йўлига ҳайдади. Суръат билан йўлларни тай этиб, қуёш чиқаётган пайти Чимкентдан ўтиб, муддаосига етиб тўхтади. У бошараф кишилардан маслаҳат сўради. Улар, бор куч-қудратимиз билан динимиз душманларига қарши урушайлик ва зарба берайлик, шоядки кофирларга кимлигимизни кўрсатайлик, деган қарорга келишди.

Шу пайт Алимқул сардорни ҳужум қилиш хабари душман қулоғига етиб, ўзларини йўқотиб, ваҳимага тушиб, Оқмасжид ва Туркистон кофирларининг олдинги манзилгоҳи бўлган жойида нусратасар лашкарнинг йўлини Садди Искандардек тўсдилар. Улар атрофларида чуқур бир хандақ кавлаб, ҳамма ғалла рртилган арава, оту туялари, асбобу ашёлари билан маҳкам ўраб олиб, йўлда қолиб кетган ғарибларга ўхшаб турдилар.

Мулла Алимқул эшикоғаси қўлига зафар жиловини олиб, иқбол остонасига қадам қўйди, шарафи эса осмон авжига етиб, фатҳу зафар учун аскарларга ишорат қилди…
Икки томондан ҳам ҳарб ноғораси ва уруш найи чалинди. Мусулмонлар тантанаси фазода акс садо берарди. Довул садоси, ёшу қари фарёди аршдаги малак қулоғини (ҳам) кар қилди.
Ғазабнок суворийлар ва шиддаткор йигитлар душман томон ҳамла қилдилар. Омонлик товуси оромини йўқотиб, зоғга ўхшаб бир чеккада турарди. Ажал лочини уруш майдонида парвоз қилиб, руҳ қушини сайд этарди. Қатл олови шундай ёниб кетдики, осмон тоқига етарди, уруш шуъласини таъсири шундай эдики, унинг нури фалакни ёритарди. Диловар аскарлар ўз жонларидан кечиб, ширин ҳаётни унутиб, баҳордаги чақмоқ қамишзорга ургандек, курашга ташландилар. Хусусан, аҳли ислом кофирларни қаттиқ жазоладилар, уларни жило тиғи билан уруб, шижоат ўқини отиб, бошларини таналаридан жудо қилиб ташладилар…
Кўп кушойишлардан сўнг зафар насими Оллоҳ инояти ила мусулмонлар томонига эсди, кофирлар бошига бадбахтлик тупроғини ҳовучлаб сепди ва уларни шарманда қилди. Ўруслар тез орада омонлик сўраб, мусулмонлар олдида тиз чўкиб бош қўйдилар. Имонли ва фаросатли мусулмонлар уларга озодлик бериб, зафарпайкар отларини чодирлари томон сурдилар.

Шу куннинг эртасида фирўзлик хусрави бўлмиш қуёш ўзининг жаҳонтоб ва зарнигор байроғини осмон қалъасида кўтариб, зарфишон ўқлари билан ҳабаш сипоҳи — қора тун қўшинини паришон қилган пайт… кўп ўрус кофирлар бошяланг, кулоҳларини қўлга олиб, қўрқиб, узр сўраш учун Алимқул сардор ҳузурига келдилар. Совға-саломларини тортиқ этиб, душманлик ва адоват руҳидаги калималарни унутиб, улар ўз мақсадларини баён қилишди. Икки томон ҳам сулҳга рози бўлишди. Мусулмонлар сулҳ васиқасига имзо қўюб, (ўруслардан) икки лак миқдорида Россия тиллосида пул талаб қилишди, бу эса Ҳўқанди латифнинг 225 минг бир мисқолли ашрафийсига тенг эди. Улар Туркистон вилоятини ҳам қайтариб беришга рози бўлишди. (Ўруслар) рухсат олиб, ўз қўшларига қайтиб кетишди…

Мулла Алимқул сардор бу фараҳбахш хабарларни ҳамма вилоят ва музофотларга тарқатиб чиқди. Сағиру кабир ва ғанию шариф ҳамма жойда бир ҳафта хурсандчилик қилиб, бир-бирларига суюнчи берардилар. Нусратшиор мусулмонлар ўз ишларида тоғдек мустаҳкам бўлуб, Авлиёотадан келаётган кофирларни кутиб турардилар. Шу вақтда кофирларнинг бир неча минг нафари бир-биридан бехабар Чимкент мавзеига яқинлашиб, хавфсираб, кўрсичқонлар каби бахиллар қабрига ўхшаган чуқур ва қоронғу жойларга (окопларга — Ш. В.) кириб кетдилар.

Бу воқеалар тафсилоти жаноби соҳибқирон (Султон Саид хон)га маълум бўлди ва у ҳузурига ўзининг аҳли давлат ва аҳли қонунини йиғиб, маслаҳат солди. Мартабали амирлар кайвон даргоҳида тилларидан пургавҳар сўзлар сочиб айтдиларким: «Ҳозир душманга ҳужум қилиб бўлмайди. Уларни тўрт томондан муҳосара (қамал) қилиш керак. Муҳосара қанча чўзилса, шунча фойдалидир. Чунки кундан-кунга уларнинг озиқ-овқати тамом бўлади, ислом лашкарининг кучи бўлса кўпаяди». Бу фикрлар давлат умаросига маъқул бўлиб, ҳар бир саркарда ўз қўшини билан душман атрофини парголдек қамаб, (улардан) бохабар бўлиб турдилар.

Сафар ойининг чоршанба йигирма иккинчиси кунида бир неча минг кофир ўз «гўрхона»ларидан тўсатдан чиқиб, ислом лашкарини писанд қилмасдан уларга тўпу тўфангдан ўқ отиб, Чимкент қалъаси томон йўлга тушдилар. Камози талигача етиб келиб, шу ердан шаҳар қалъасини тўпга тутиб, шундай уруш бошладиларким (кўрган) одамнинг журъати ваҳимага тушиб, ҳайратдан гунг ва лол бўлди.
Мулла Алимқул сардор жаноблари ҳар бир паҳлавон гуруҳини ҳар жойга тайинлаб, Мингбой қўшбегини ўзининг орқасига жойлаштирди. Мулла Алимқул эшикоғасининг ўзи бир неча (душман) билан урушарди…
Куффор сипоҳи (умид ўқи ўрнига) тўпу тўфангга зўр берарди, мусулмон лашкари эса гинаю адоватдан ўқларини заҳарлаб курашарди. Бу зарбалардан қўрққан кофирлар симобга ўхшаб ҳар томонга оқиб кетардилар ва кабутарларга ўхшаб ўз жонларини асраш ҳаракатига тушардилар…

Алқисса, икки томон ҳам шу хатарли қамда хавфли жойда матонат ва сабот ила бир-бирлари билан қаттиқ олишди. Фарғона қўшини эртадан кечгача муҳораба қилди. Шунинг учун фалак тоқидаги малак шаҳодат қўлини ҳайрат тиши билан тишлаб, шу урушни мақтарди… Охирда зафар шамоли Фарғона томон эсди ва кофирлар тор-мор бўлиб, қочишга ихтиёр қилдилар… (Улар) бевафолик тупроғини мурувват кўзига ташлаб, (Россия) салтанати обрўйини фано боди (шамоли)га бердйлар. Назм (мазмуни):

Бири қўлидан мурод жмловини берди,
Яна бири ҳавас оти тепасидан тушиб кетди.
Бошқаси ўқдонини йўиртиб беҳол бўлди,
Бири қанотсиз қушдек учолмай қолди.

Душман сипоҳи қочиб орқага қайтишни ихтиёр этди… Кўп киши ул оташафрўз тиғ тобидан, пайкон шуъласидан ва жонсўз ўқдан жангда ўлиб, зоғу итларга ем бўлди. Нусратшиор аскарлар қўлига уруш асбоблари ва уруш аслаҳаларидан кўп ғанимат тушди.

Аҳли куффорнинг бир фирқаси Туркистон томонга, бошқаси Авлиёота тарафга кетдилар. Мусулмонларнинг бир гуруҳи қочоқлар орқасйдан қувиб, шеру йўлбарсдек ҳамла қилиб, (ўрусларни) таъқиб этиб кетди ва бир манзил улар билан урушиб-урушиб чекиндилар.
Шу аснода бир ўқ кофирлар томонидан отилди ва шижоат жангалининг шери, ягона ва фарзона, ул диловар ва рустамзода, мард, жасур лашкарбоши Мингбой қўшбеги баҳодир қипчоқ билагига тегди. Шу захмдан кейин бутун қўшин ўз манзилига қайтди. Кофирлар мусулмонлар қўлидан буткул озод бўлдилар.
Мингбой қўшбеги икки кун роҳат тўшагида ётиб, учинчи куни шаҳодат даражасига етиб, жаннат томон йўл олди.
Шундан кейин жаноби соҳибқирон фатҳу зафардан оллоҳга шукрлар қилиб, нусратшиор лашкарни жой-жойларига қўйиб, Чимкент қалъаси деворини янгитдан бино этди. Энди (бу қалъа) Садди Искандари зулқарнайндан дарак берарди.

Вилоят қалъаси қурилишидан кейин Чимкент ва Тошкандни Мирзо Аҳмад деган бир парвоначига тақдим қилиб, бир гуруҳ илғор чегарачи мерганларни кўмак (ҳамда қалъани мустаҳкамлаш) учун қолдирди.
Сартия, қирғизия ва бошқалар орасидан соҳибқиронга хиёнат қилганларни жазолаб, (Алимқул) занг босган хотирасига сайқал бериб, мусаффо қилди ва кўнгли жойига тушди. Ҳамда Султон Маҳмуд хон тўра, Улуғжон тўра, лашкар бошлиқларидан Нор Муҳаммад қўшбеги Муҳаммад Назарбек парвоначи, Ниёз Али додҳоҳ понсодбоши шаҳодат даражасига кўтарилди. (Қатл қилинди — Ш. В.)
Шундан сўнг Длимқул сардор азамат жиловини Тошканд томон тортиб, йўл босиб Тошканд вилоятига кирди ва Султон Саид хон остонасини ўпишга муяссар бўлди. Ўн кун ичида бу ерни макон ва истироҳат учун манзил қилди. Бир неча вақтдан сўнг Султон Саид хон азамат жиловини Хўқанди латиф томонига маътуф қилиб, йўл олди. Дашту саҳро ва манзилу мароҳилни ўтиб, 15-рабиул-аввал, жумъа куни (1281 йил) 3 манзилгоҳи бўлган ўрдага кириб келиб, хусравона тахтга хурсандлик ва хушбахтлик ила чиқди.
Вилоят раъияси ва аҳолиси ҳукмдорнинг адлу инсофи ила фориғболликда яшардилар. Шу муқаддимадан кейин бу мусаввада мусаннифи (яъни муаллиф — Ш. В.) соҳибқирон фатҳу зафари ҳақида бир муносиб тарих айтди…

ЎРУС КОФИРЛАРГА ҚАРШИ ИККИНЧИ ЮРИШГА СОҲИБҚИРОННИНГ ФАРМОН (БЕРИШИ)
ВА ИҚОН МАВЗЕИГА КЕЛИБ КУФФОР БИЛАН ҚИЛҒОН УРУШИ ҲАҚИДА

Жаноб соҳибқирон (Султон Саид хон) давлати азимга (Ҳўқандга) қайтдилар. Шум кофирлар маҳзул ва маҳрум бўлиб Авлиёотага келдилар. Бир неча кун осойишталик билан ҳарб олот-асбобини янгитдан тахлаб, вақтни ғанимат билиб яна Чимкент иродасини қилиб, Чимкент қалъасига яқинлашиб қолдилар.
Кофирларнинг дабдабали тарзда келаётгани ҳақидаги хабар Мирзо Аҳмад қушбегига маълум бўлди. Мирзо Аҳмад — зоғ каклик рафторига тақлид қилиб, эртаси беҳисоб лашкар ила кофирларнинг йўлини Садди Искандардек олиш учун Чимкент қалъасидан хиромон чиқди… (Улар) тез кофирларнинг маконига келиб, рақибга қарши муқобил сафландилар. Кофирлар бундан хабар топди, аммо улар шуни билардиларки, нобакор Мирзо Аҳмад қушбеги курашишга бел боғлаган бўлса ҳам аслида у хўроз эмас, макиёндир. Кофирларнинг ғайрати қайнаб, хавфли ва хатарли аҳволда ўзларини йўқотмасдан тўпу туфанглари ила урушга киришдилар.

Икки томон ҳам саъйи ҳаракат ила камоли паҳлавонлик кўрсатиб, сабту қарор қадамини босиб, бир-бирлари билан жанг қилдилар. Оқибатда худо амри ила кофирларнинг қўли баланд келди ва мусулмонлар орқага чекинишга мажбур бўлиб, Чимкент сари йўл олдилар.
Мирзо Аҳмад шу ернинг сипоҳсолари бўлатуриб, журъатсизлик ва қўрқоқлик қилди. Чимкент қалъасида паноҳ топмай, Тошкандга қайтди.
Пиёда ислом аскарлари имкон қадар кофирларга қарши курашиб, муродсизликдан тушкунликка тушган ҳолда нобакорлар ўқидан ҳалок бўлавердилар. Улар (ўруслар) 1281 йил жимод ул-аввал ойининг учинчисида, сешанба куни Чимкент қалъасига кириб, беҳисоб бедодлик ва ёвузликни мусулмон аҳлига раво кўрдиларким, бу ишларга ақл бовар қилмайди.
Баъзи шоҳидларнинг гувоҳлигига қараганда, ўруслар урушдан сўнг шаҳид бўлган мусулмонларнинг жасадларини санаб чиққан эканлар. Айтишларича, каттаю кичик, эркак ва аёллардан 1376 киши мақтул бўлган. Сипоҳнинг ҳамма асбоб-аслаҳаси, бир қанча ғалла тўла омбор кофирлар қўлига ўтди. Яна улар вақтни бой бермай, қочоқларни таъқиб этиб, Тошканд вилоятига етиб келиб, Тошканд қалъасини қамал қилишди. Бир неча кун дам олишгандан сўнг шаҳарга яқинлашиб, шундай ёвуз босқинчилик қилишдики, одамзод ақли кофирларнинг бундай журъатига ҳайрон қолди.
Баъзи қўрқоқлар қочиб қолдилар, шижоатли кишилар эса ҳозиру нозир бўлиб, кофирларнинг бошига тўпу туфанглардан жаладек ўқ ёғдирдилар ва аксар кофирларни ер билан яксон қилиб, минг азобу машаққат ила ўз қўшларига қайтдилар.

Шу воқеалар ичида жаноби соҳибқироннинг келиш хабари маълум бўлди. Кофирлар (ўз жойларига) қайтиб кетишди. Тошкандликлар бу фатҳу зафарни эшитиб, жаноби соҳибқиронга беҳисоб лашкар билан бир неча кофирнинг бошини ҳадя ва совға сифатида жўнатдилар. 19-жумодул-аввал, чаҳоршанба кунида бу башоратли хабар ул хосиятсиз бошлар билан бирга Ҳўқанди латифга келди.
Кабиру сағир, фуқаролар бир неча кун хурсандчилик қилдилар. Кетма-кет келаётган совуқ хабарларни эшитиб тоқати тоқ бўлган жаноби соҳибқирон вилоятнинг ҳар томонига мағруб номалар юбориб, ўзи бир неча киши билан ўн тўртинчи жумод-ул-аввал куни тезда Тошкандга етиб келди. Кофирларнинг кетганини билиб, Тошкандни ўзига маскан қилди. Қўшин аҳли ҳам бирма-бир соҳибқирон ҳузурига келиб қўшилдилар. Кофирлар соҳибқирондан қўрқиб, Чимкент қалъасига кириб яшириндилар.

Шундай қилиб, қиш ҳам кирди. Кундан кунга ҳаво совиб, қору ёмғир ёғиб, ер ях-лаб, қорнинг баландлиги оту туя кўкрагига тегадиган бўлди. «Туф десангиз музлайдиган» ҳавода жаноб соҳибқироннинг ғайрати тушиб, лашкар сафидан 12 минг ёш йигитни танлаб, уларга Мулла Алимқулни сардор қилди ва ражаб ойининг ўн тўртинчиси, душанба кунида Туркистонга кофирларга қарши жангга боришларини буюрди.
Шу вақт ҳавонинг совуқлигидан ҳис ва ҳаракат руҳи бадандан соқит бўлиб, нафас танадан худди пўст ташлайдиган илонга ўхшаб зўрға чиқарди. Айниқса, Тошканддан чиқиб Қайрағоч мавзеига етиб келган кун тунда шундай шамол кўтарилдики, Од қавмини йўқ қиладиган тўфонга ўхшарди… (Мусулмонлар)дан бир неча нафарининг оёқ-қўлини совуқ урди, баъзиларни юзлари, кўзлари музлади, баъзи кишилар эса ақлдан озиб сафдан чиқдилар. Бир ғаройиб аҳвол юз берди. Лашкар тез суръатлар билан ҳаракат қилиб Чулек мавзеига келди. Одамлар манзил қилган шу жойда кофирлар ҳам кичик қўрғон бино этиб, бир даста сарбозларини ҳимоя учун қолдирган эканлар. Шу қавмдан қарийб 50 кишини ўлдириб, хотирларни тоза ва мусаффо қилиб, Иқон қалъаси олдида қўш урдилар. Чун зим-зиё тун қоп-қора мағрибга ғарқ бўлди ва зарнигор офтоб малики жаббор амри ила машриқдан чиқди, қалъада ғафлат уйқусида қолган одамлар деворлардан қараб, истироҳат қилаётган бир олам нусратасар аскарларни кўрдилар. Улар вазият қанчалик оғирлигини билиб, душманни ушлашдан бошқа чора йўқлигини фаҳмладилар. Қалъадагилар бир неча хиёнаткорни боғлаб, узр сўратиш учун жаноби султон Саид хон хизматига (ҳузурига) олиб келдилар. Уларнинг ҳар бири ўз қилмишларига яраша хоқон марҳаматига сазовор бўлди. Жаноби олий фармойишлар ила бандиларнинг аксариятини асфоли жаҳаннамга жўнатиб, шу куни дам олмоққа азм этди…
Намози аср ва шом вақти орасида кетма-кет шундай хабар келдиким, бир неча юз ўрус кофирлари дабдаба билан яқинлашиб келмоқдалар. Бу хабарни эшитиб, соҳибқироннинг ғафлат уйқуси бошидан учди. Мардлик ғайрати унинг ҳамма паю суякларида ҳаракатга келиб, аҳли лашкарини қуроллантириб, кофирлар йўлини тўсиш учун жўнатди. Сарбозлар душман йўлини ҳамма томонлама босиб олдилар. Қору муз отларнинг кўкрагига тегар, ҳаво совуқлиги эса ифрот ҳаддига етарди. Шу кечани сарбозлар от устида ўтказдилар, уларнинг кўпчилигини совуқ урди. Кофирлар эса ўзлари ковлаган хандақларга кириб, юз минг ранжу азоб ила кечани кундуз қилдилар.

Қуёш малики фарҳанг амри ила машриқдан бош чиқариб, қоронғу зулматни ёрутди. Ислом лашкарининг ғозийлари тўрт томондан кофирларга қарата ўқ ёмғирини ёғдирдилар. Ёш паҳлавон йигитлар отларга миниб, ҳар тарафга чопиб кетдилар, кофирлар эса ваҳимага тушиб, уларни ўзларига яқин йўлатмасдилар. Шундай қилиб, кечгача жанг қилсалар-да, ҳеч бир натижага эришолмадилар. Кофирлар тоғдек мустаҳкам эдилар. Ақлли одамлар ўз расму ойинларига қараб, маслаҳат қилиб, ҳийла йўлини туттилар. Улар бир кеча-кундуздан кейин ҳар хил нарсалар — намат, дарахт шохлари, қору муздан қорабуйра ясаб, уни олдиларига қўйиб, юмалатиб кофирлар мавзеига яқинлашдилар. Уларнинг орқасидан паналаб келган навкарлар тўсатдан душманга ҳужум қилиб, кофирларни паришон ҳолида нобуд этдилар…
Баттоллардан ўттиз-қирқ киши от ва туяларга миниб, Туркистон сари қочишга тушди. Мард сарбозлар бундан хабардор бўлиб, уларга етиб олиб, ақлсиз кофирларни милтиқ билан отиб ўлдиришди. Минг хил ҳийла ва найранг билан шу қавмдан 3—4 нафари қутулиб, Туркистон қаяъасига етиб бордилар. Соҳибқирон (Султон Саид хон)нинг келиши ул разил қавмга маълум ва ошкор бўлди. Туркистон қалъасининг дарвозасини уч кун очмасдан улар кечаю кундуз ҳозир ва нозир турдилар .

Жаноби соҳибқирон фатҳу зафардан кейин Туркистон қалъасига назар ташламасдан, ўлжага тушган қанча нарса, тўпу туфангни олиб, мол, оту туяларни ҳайдаб келиб, саодатмандлик билан подшоҳлик тахтига ўлтириб, қарор ва осойиш топти. Агар у Туркистон қалъасига (яна юриш қилиб) борса эди, куффор ва ислом диёрининг ўртасида яна қирғин ва вайронагарчилик юз берарди.
Қарийб олти ой пойтахтда туриб, вилоятнинг ҳар чеккасидан нодир монийсират ҳунарманд усталарни чиқариб, кечаю кундуз найзаю тиғ ва бошқа уруш аслаҳалари ясалди. Тез орада 70—80 тўпи жангий муҳайё қилинди, бир неча минг саккиз — ўн қарич келадиган султоний милтиқ ҳам ясалди. Қурол-яроғларнинг адади аҳли ҳисобга ҳам маълум бўлмади. Шундай куч-қудрат билан душманга қарши боришга қарор қилинди. Ниҳоят, ўн иккинчи зул-ҳижжа ойида кофирларнинг Ниёзбек қалъасини олганлиги тўғрисидаги хабари ҳамма жойга тарқалди. Бу воқеанинг баёни шундай. Шанба куни тунда (ўруслар) ўғридек қалъа деворларидан чиқиб, тўпу туфангларидан созу наво чиқариб, ғафлатда ётганларни уйғотдилар. Тун зим-зиё бўлгани учун кулфатзада кишилар бу даҳшатли воқеадан хабар топиб, баъзилари ўзларини дарёга, баъзилари қалъа деворидан пастга ташладилар, кўплари кофирларга асир тушдилар.

Эртасига ранго-ранг қуёш оллоҳ амри ила бошини осмон даричасидан чиқариб, атрофни соф ва нуроний қилди. Ҳар тарафга паришон аҳволда тарқалган сарбозлар 19-зул-ҳижжа, якшанба куни бу хабарни Ҳўқандга етказдилар.
Замона умаролари ва фуқаронинг катта-кичиги бу даҳшатли воқеадан хотирлари паришон бўлди. Мазкур ойнинг йигирманчисида жаноби Султон Саид хон суръат ила Тошкандга йўл олишга фармон берди. (Ҳўқандликлар) чаҳоршанба кунида Тўйтепага етиб келдилар ва бир кун шу ерда дам олиб, орқадан келаётган лашкарни кутдилар. Жума куни лашкар ила Фарак, ҳозир Чирчиқ номи билан машҳур, дарёсидан ўтиб, ўйламасдан душман сари йўл олдилар…
Аҳли куффор мусулмонларнинг ҳиммат ва ғайрат билан келаётганини эшитди, исломнинг шукуҳи кофирлар қалбини босди. Улар ўз жойларидан кўчиб, бир манзил орқага Шўртепа мавзеига келиб, ўзларига қароргоҳ қурдилар.

Жаноби хон амирлашкари билан бирга келиб, Мингўрик манзилида нузул қилди.
Кечани истироҳатда ўтказиб, эртаси шанба куни Ховари аъзам (қуёш) малики фарҳанг амри ила машриқдан урушни ният қилиб бош чиқарганиданоқ жаноби шоҳ нусратпаноҳ лашкари билан дабдаба-ю шавкат ила Шўртепага яқин келдилар. Улар узоққа отадиган тўпу тўпхона, саккиз-ўн қарич келадиган қора қўндоқли милтиқларни олиб, шарҳи йўқ салтанат ила султоний кўсларни чалиб, кофирлар томон йўлга тушдилар…

Мулла Алимқул амир лашкар Султон Саид хон фотиҳасини олиб, душман ёқасини маҳкам тутиб жангга киришди. Филни йиқитадиган шергир диловарлар душманга қарши баҳри Хазарга ўхшаб мавж уруб, фитна ва ошубга азм қилдилар. Эртадан кечгача ул номсизлар билан урушиб, дарё мавжидек ғалаён кўтардилар. Кеч кирди ва кофирлар қайтиш учун ноғора чалиб, бахиллар қабридан ҳам тор бўлган бир чуқур жойга (окопларга — Ш. В.) қайтдилар. Ислом лашкари кечани ухламасдан ўтқазиб, малъунлар манзилини ҳалқадек босиб олиб, субҳи содиққача барқарор турдилар.
Давлат арконлари беодоблик ила арз қилдиларким, «аскарлар ҳаммаси ташна бўлиб оч қолдилар, ўз қўшларига қайтиб дам олишлари зарур, эртаси яна бу жамоанинг бошига етиб кела оламиз». Мулла Алимқул амирлашкар бу насиҳатларга қулоқ солмади ва ўз сўзида тоғдек маҳкам турди. Байт (мазмуни):

Насиҳатга қулоқ солгил, жоним, жондан ҳам яхши кўрар—
Саодатманд ёшлар барно пирларнинг ўгитини.

Эртаси якшанба куни қуёш машриқдан жанг толиби бўлиб, ғалаён қилиб, бошини гардун чашмасоридан чиқарганда аҳли ислом кофир лашкарига ҳимматини қаратиб, тўпу тўфангни ишга солиб жанг бошладилар. Кофирлар бу ҳужумга тоқат қилолмасдан саросимага тушиб, тор хандақларидан чиқиб, минг ҳийлаю найранг билан ўзларини тепаликларга олдилар…
Шу пайт оллоҳ амри ила 1281 йил, зул-ҳижжанинг 26-кунида кофирлар сафидан бир ўқ отилди ва у Мулла Алимқул амир лашкарга тегиб, уни ярадор қилди ва у отдан йиқилиб тушди. Шул сабаб лашкари ислом парокандаликка тушиб, ҳамма ўз жонинин ўйлаб паришонликка берилди. Сарбозлар жаноби амрлашкарани отга миндириб, ҳамма асбобу яроғ, тўпу тўфангларни олиб Тошканд қалъасига етиб келдилар. Алимқул амир-лашкар ҳушдан кетиб ётган эди. Ҳозиқ табиблар ва комил жарроҳларни топиб келдилар. Улар амирлашкарнинг жароҳатини кўруб, муолажага ожиз эдилар. Унинг аҳволи ҳар дам оғирлашарди. Инсоннинг тадбиркорлиги тақдир олдида заиф эди ва ҳар соатда ўлим аломати унинг юзида зоҳир бўларди. Буни ҳамма кўриб турарди. Назм (мазмуни):

Агарда бирон подшоҳнинг ажали келмаса,
Худо бўлишга ҳам даъво қиларди.
Ҳеч ким абадий яшай олмайди,
Фақат худодир оламда абадий,
Бу жаҳон ҳеч кимга вафо қилган эмас,
Оламни яратган фақат худо қолар, бас.

Бу уқубатсиз ҳол аҳли давлатга ва каттаю кичикка маълум бўлди. Қирғиз ва қипчоқлар вақтни ғанимат билиб, жангални мардлик шеридан холи деб, бузмачиликни ўзларига пеша қилиб, Қурама томон йўл олдилар. Тилов манзилгоҳига етиб келиб отдан тушдилар. Ақлу тамиз уларнинг мияларида йўқлиги учун (кейинроқ) кўз очиб, ҳушларини йиғиб кўрсаларки, ажаб бир қабоҳатли ишни бошлаган эканлар. (Мисраъ) «Нечук оқил қилур шундай ишким, яна пушаймонликка сабаб бўлса».
Шу жойда қўниб, кечаю кундуз ўзаро маслаҳат қилдилар, аммо бир қарорга келолмадилар. Охири орқага қайтиб Тўйтепага етиб келиб, Султон Саид Муҳаммад хон номига бир узрнома ёзиб, Тошкандга юбордилар. Уларнинг қосиди (элчиси) анча йўл босиб, Тошкандга келди, номани Султон Саид Муҳаммад хонга топширди. Аркони давлат ва аъёни салтанат ул одамларнинг сўзларидан қаноатланмадилар ва қосидни муродсизлик ила қайтардилар. Байт (мазмуни):

Мазлумларнинг жазосини бериб, марҳумлар мақсудин чиқар,
Дину доду ҳуш ила обод қилгил дунёни.

Ул номурод қосид (элчи) ўз лашкарига қайтиб, ҳамма кўрган-кечирганини шул тоифанинг сардори ва мингбошиси баҳодир қипчоқ Бек Муҳаммад ибнй Хол Муҳаммад ибни Муҳаммад Назар Кўрўғли ибни Санжарга айтиб берди. Қипчоқ ва қирғиз улусининг ҳаммаси маҳзун ва хафа бўлиб, бошқа чора топмасдан бу манзилдан кўчдилар. Ҳар бир янги жойдан кўчганларида ўзаро маслаҳатлашардилар, аммо ҳаммаси натижасиз эди. Улар бир-бирлари билан можаро қилиб Сайҳун дарёсининг бўйига етдилар. Ундан ўтиб, Турк ва Сарой қишлоғида тўхтадилар.

Энди Султон Саид хон ибни Малла Баҳодурхон ҳақида озгина эшитинг.
Қирғиз ва қипчоқлар вафосизлик қилиб, Ҳўқанди латифга кетган кунларида сартия аҳолиси замон хонига вафодорлик кўрсатиб, амирлашкар билан қолдилар. (Қипчоқ ва қирғизлар) хиёнати амирлашкарга ҳам маълум бўлди. Бундан дард чекиб (Алимқулнинг) касаллиги яна оғирлашди ва пешиндан кейин унинг руҳ қушчаси тананинг тор қафасидан халос бўлиб, жаннат оламининг фазосига учиб кетди, жонни жон ато қилганга бериб, шаҳодат даражасига етди…
Амирлашкарнинг фарзандлари, хотунлари ва тобеълари бу аҳволни мушоҳада қилиб, мажруҳ қалблари яна маҳзун бўлди. Сабру қарор жиловини қўлидан бериб, ғам ва қайғу тариқасига ўтдилар. Аркони давлат, аъёни шавкат сартия мамлакатининг акобиру ашрофлари, Тошканднинг каттаю кичиги, тожику турк ҳамма қайғуга тушуб йиғладилар. Уларнинг кўзларидаги ёшлар дурга ўхшаб оқарди…
Алқисса, ул жамоатнинг нолаю фарёди фойда қилмади ва бу дарди бедавога илож ҳам топилмади. Ниҳоят, фохира дунёнинг орият либосини амирлашкар танидан ечиб охират либосини кийинтирдилар. Аркони давлат ва аъёни мамлакат қайси маконга Мулла Алимқулхон жасадини қўяйлик деб машварат қилиб, бир қарорга келолмадилар. Шу маҳал амирлашкарнинг бир неча ишончли кишиси ўзаро маслаҳат қилиб, иттифоқликда жасадни фозиллар қуёши ҳазрати Шайх Хованд Таҳур мозорида дафн қилдилар…

Шундан кейин Мулла Алимқул арвоҳига фотиҳа ўқидилар. Мулла Алимқул амирлашкарнинг таржимаи ҳоли. У Ҳусайнбой отарчи, яъни байторнинг ўғлидир. Андижон тобеларидан бўлган қирғиз қипчоқ қабиласиндандур. Ёшлигида отаси уни илм таҳсили учун Андижонга муҳтасибга шогирдликка берди. 3—4 йилдан кейин шу шаҳарнинг муҳтасиби Мулла Алимқулни «гиранда» (олувчи) лавозимига қўйди. Худоёрхон ўзининг акаси Маллахонни авф этиб, Бухородан Ҳўқандга олиб келтириб, умаролар қаторида унга вазифа ва маош тайинлагандан сўнг Мулла Алимқул Маллахонга мулозим бўлуб хизматга кирди. Маллахон иккинчи марта ўз укаси Худоёрхонга мухолифат қилиб, Андижонга қочиб кетганда Мулла Алимқул Маллахонни Пўлодбий қирғиз олдига олиб борди. Пўлодбий қирғиз савсамир қабиласининг мўътабар раиси эди. Фитна ва фасод раъиясига эга бўлган Пўлодбий Маллахон қадамини муборак деб, ўз қабиласи ила унинг хизматига бел боғлади-да, Қорасувга борди. Бу ер Мулла Алимқул ва унинг қавми учун ватан эди. Шу атрофдаги Алимқулнинг қавми-уруғлари ҳам Маллахон хизматига ўтди. Маллахон Алимқулни элчилик учун кўп жойларга юбориб, одамларни ўзига тобе бўлишга ундади. Алимқул бу ишда кўп саъй ва ҳаракат қилиб, Қорасув ва унинг атрофидаги қабилаларни Маллахонга ёрдам беришга чорлади ва унинг олдига олиб келди. Маллахон Фарғонанинг ҳукмронлик тахти ва фармондорлик аврангига ўтурганидан сўнг Алимқул хизматларини эътиборга олиб, унга эшикоғаси ҳамда мири понсод унвонини берди. Шундан кейин у Чимён навоҳисининг ҳокими бўлди, Ўратепани фатҳ қилган пайтда ҳам Алимқул жасорат кўрсатган эди. Маллахон ҳукмдорлигининг охирларида Марғилонда вали (ҳоким) бўлди. Султон Сайид хон ўз ҳукмронлиги даврида унга Фарғона сипоҳсолори ва лашкарбошилик мансабини берди.

Алқисса, сўзнинг қисқаси шуки, жаноби Султон Саид хон салтанат шавкатига яраша зеб-зийнат бериб, сартия умароси ёрдамида мамлакатни ҳимоя қилиб яшар эди.
Кундан-кунга кофирларнинг қўли баланд келиб, ҳеч қаердан умид (ва ёрдам) дараги бўлмади. Қирғиз ва қипчоқлар эса мурувватсизлик ва ёвлик тупроғини ўз бошларига сепиб, қочиб кетдилар.
…Элчилар унинг (амир Музаффарнинг) олдига тез-тез бориб турардилар. Ҳар дафъа, Тошканд вилоятининг уламо ва оқсоқоллари Бухорога келиб бизни дуо қилсун, деган сўзни айтарди. Унинг сўзини қабул қилиб, вилоят улуғларини ул маломатзадайи фалокат олдига жўнатган эдилар.
Улар етиб боргандан кейин изма-из бошқа руқъалар етиб келди. Унда «Султон Саид Муҳаммад хон ҳам келсун» деб ёзилган эди. Бу амрни ижро этиш Султон Саидхон одамлари учун жуда оғир эди. Умаро ва фуқаро ўзаро маслаҳат ва машварат қилди, аммо ҳеч наф бўлмади. Боришдан ўзга чора қолмаган эди. Ниҳоят, (Султон Саид хон) сафар асбобларини йиғиб ҳозирлашга буюрди, мулкни худога топшуруб, Бухоро сари йўл олди. Қанча юриб ул икки аёлманд ҳезпешаларнинг олдига етиб боришди.
Уни (Султон Саид хонни) ҳам ушлаб, қайтишга ижозат бермадилар. Тошканд мамлакати беҳоким ва эгасиз қолди…

Алқисса, мусулмонлар бесаранжом бўлуб, бошсиз қолдилар. Ҳар бир фирқа ўз ҳолича эди. Бунга қўшимча яна Тошканд фуқароси навбат билан илғор учун қолдиришган бир неча минг ҳўқандлик сарбозларни боқардилар. Сафар ойининг 4—сешанба куни ўрус кофирларнинг лашкари субҳи содиқда Камолон дарвозасини босиб олиб, шаҳарга кирдилар. Ҳўқанд сартияларининг 6—7 илғор дасталари қалъа ёриқларидан чиқиб, ҳар хил йўллар билан қочиб кетди. Баъзилар Чирчиқ дарёсига чўкиб ўлдилар. Тошканд фуқароси эса икки кечаю икки кундуз кофирлар билан урушиб, уларни Масжиди баланд хонақоқига қамадилар, Бир кеча кундуз аҳли ислом уларни муҳосара қилиб, хонақоҳ атрофини ёқмоқчи бўлдилар. Кофирлар бундан хабар топиб, эски ўрдага ўтдилар ва йўлда бир неча маҳаллани ёндириб юбордилар. Шаҳарга шўру ғавғо тушди, унинг ҳар томонидан одамлар Бухоро подшосининг олдига, бепарво қипчоқлар ҳузурига жўнашиб, улардан ёрдам сўрардилар, аммо барчаси фойдасиз эди. Охири куффор билан сулҳ тузуб, уларнинг ҳамма шарт-шароитларига риоя қилишига мажбур бўлдилар.

ҲЎҚАНДИ ЛАТИФ ШАҲРИДА ҚИПЧОҚЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ХОН КЎТАРИШЛАРИ.
БУХОРО ПОДШОСИ ВА ХУДОЁРХОННИ (ФАРҒОНАГА) КЕЛИШЛАРИ
ВА ДАВЛАТ САЛТАНАТИГА ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТНИНГ ЎТУРГАНИ ҲАҚИДА

Сўз гулистонининг чаманороси, минг достоннинг булбули бўлган мусанниф (яъни китоб муаллифи — Ш. В.) воқеа дуру гавҳарини шундоғ баён этади. Ул замон ва ул вақтларда бесару сомон қипчоқлар ўз лашкарлари ила келиб Сайҳун дарёси бўйидаги Сарой деган қишлоқда тўхтадилар. Қирғиз ва қипчоқ улусининг улуғлари бир неча кун шул жойда қолиб, ўзаро маслаҳат қилиб шундай қарорга келдилар: «Бирор-бир мирбачани топиб уни хонлик салтанатига кўтариб, шаҳар (Ҳўқанд)га кириш керак». Шу фикр ҳаммага маъқул бўлди. Мирзо ибни Норқўзи додхо қирғизни Худойқул бек ибни Мақсудбекка маҳалладош ва қўшни бўлгани учун унинг олдига юбордилар. У шамолдек тез шаҳарга келиб, энди ўн олти ёшга кирган, аслзода мир авлодидан бўлмиш Худойқулбек ибни Мақсудбек ибни Бекбўтабек ибн Сулаймонбек ибни Шодибекни олиб, (Сарой) мавзеига етказди. Халқ мирбачанинг малоҳатли суратига ошиқи шайдо бўлиб, 1282 йил, душанба куни, муҳаррам ойининг бешинчисида уни салтанат ва шоҳлик маснадига хон қилиб кўтардилар.
Арбобу шариф, фақиру ғаний муборакбодлик учун дуога қўл кўтариб, масрурлик ва шодиёналик фотиҳасини ўқидилар. Шундан кейин аркони давлат ва салтанат аъёнлари ва бошқалар жам бўлуб шаҳарга келиб кирдилар. Улар Султон ўрдасига жойлашдилар.
Хон жаноби султонлик тахтига ўтуруб, Бек Муҳаммад қипчоқни мингбоши мансабига сарафроз қилди. Мирза Аҳмадга дастурхончилик (мансабини) ҳадя қилди.

Шу вақт давомида аҳли қирғизия ва қипчоқия ўн тўрт кун ўрдада яшади, душанба куни кечқурун эса фуқародан хавф олиб, подшолик салтанатини ташлаб, шаҳардан бир фарсаҳ нарига қочдилар. Бу хабарни баъзи бебошу авбошлар эшитиб, кечаси бориб ўрда ичини талон-тарож қилдилар. Буни шаҳарнинг баъзи улуғлари эшитиб, ул одамларни тафтиш ва таҳқиқ қилиб, олиб кетган нарсаларидан бир қисмини топдилар. Шаҳар фуқароси ва уламолари қипчоқлар аҳволини кўриб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб улар олдига бориб, шаҳарга қайтишни сўрадилар. Аммо бу ҳимматсиз кишиларда шаҳарга қайтиш учун юрак йўқ эди.
Ғамойил қишлоғини (қирғиз, қипчоқлар) ўзларига турар жой қилиб олдилар. Улар куффорга қарши ғазовот учун деб фуқарога солиқ солиб, юз минг тилла пул тўплаб олдилар. Уларнинг касофатли қилмишларига қарамасдан шаҳар аҳолиси сабр-тоқат айлаб, уларга ёрдам бердилар. Аммо бу иш шаҳар ва саҳро ўртасида бир неча кун давом этиб, икки томоннинг ҳам нафратига сабаб бўларди. Масал бордурким, унда айтилишича: «Йўлини йўқотган киши (гумроҳ)дан сўрадиларки, сенинг номинг нима?»— «Номим раҳбар (йўловчи)дир» деб жавоб берибди у. Қипчоқларнинг бу қилмишлари ва ҳамоқатлари жаноби бахтиёр Худоёрхон валинеъматга маълум эди. Жаноби валинеъмат воқеалар баёнини Бухоро подшоси амир Музаффарга дарҳол етказиб турарди. Шу ррада амир ўрусларга элчи жўнатишни баҳона қилиб, Ҳўқандга келмоқчи бўлди. Нажмиддин хўжа деган бир бухороликни Россияга элчи қилиб кўп туҳфалар ва ҳадялар, яъни улкан бир фил, амир Темур васиқаларини қўлига бериб, Петербургга — ўрус оқ подшосига жўнатиб, ўзи беҳисоб лашкар ила Бухородан Жиззахга келиб, манзили жалол қилди. Бу ердан Бухорога тижорат учун келаётган бир бой ўрусни саккиз юз туяга юкланган қимматбаҳо матолари, бир неча туя ўрусия олтин-кумуш пуллари ила қўлга тушириб, ҳамма молу матони олиб, ўзига хавф солиб, Тошкандга — ўрус жинироли (генерали — Ш. В.) олдига ҳайдади.

Амир Худоёрхон жанобларини ўзига ҳамроҳ ва қўлига ўйинчоқ қилиб Ҳўқанди латиф сари йўл олди. Хўжанд шаҳрига келиб осойиш топти. Жаноби валинеъматга (Худоёрхонга) ишониб, уни лашкарга сардор қилиб Хўқанди латифга жўнатди. Худоёрхон, Оллоёрбек парвоначи, Яъқуббек ғулом, Самарқанд ҳокими Шер Али ғулом саноқсиз лашкари ила Ҳўқанди латифга йўл олдилар.
Қипчоқлар уларга муқовамат қилмасдан якшанба куни Мўйи Муборакка келдилар. Кечани бир илож қилиб ўтказиб, душанба куни, лашкар келишидан олдинроқ пешин намози вақтида Марғилон йўлига чиқиб кетдилар. Шу куни кечаси манғит лашкарининг илғор қисми Ҳўқанди латифга жангу жадалсиз кириб келди. Сешанба куни пешингача лашкарнинг ҳаммаси шаҳарга дохил бўлди. (Худоёрхон) кетма-кет подшоҳ (Музаффар) хизматига хушхабарлар жўнатди. Амир (Музаффар) кўнглини чоғ қилиб, 1281 йил, сафар ойининг йигирманчи, панжшанба куни шаҳарга кириб келди. Аммо бу золимнинг авбош ва^бебош сарбозлари шаҳар атрофидаги жойларни талон-торож қилдилар. Бир муддат Ҳўқанди латифда истиқомат қилиб (амир) Оллоёрбек манғитни лашкарга сардор тайинлаб, қирғиз ва қипчоқлар орқасидан юборди. Иккала қўшин ҳам изма-из борардилар. Қипчоқлар Моди мавзеига бориб тўхтаб дам олдилар. Оллоёрбек эса манғит лашкари ила Аробон қалъасини манзил қилди.

Бир кундан кейин эрталаб қипчоқ ва қирғизлардан олти юз киши ўз сардорлари Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб баҳодур ва Хол понсод қирғиз ила Ахси мавзеига келиб, манғитларнинг йўлини пойладилар. Икки томон тўқнашиб, жанг бошланди. Баъзан қипчоқлар Гулбаҳор майдони саҳнидан манғитларни сиқиб, Аробон мавзеига қадар чекинтирардилар. Гоҳи манғитлар ғалаба қилиб, қипчоқларни жангоҳга қайтарардилар. Бир неча бор улар шундай бориб келдилар. Бу бечоралар (қипчоқлар)га Бек Муҳаммад ҳезалакдан ҳеч қандай мадад келмади. Манғитларнинг қўли баланд келиб, улардан 15 минг киши қипчоқлар атрофини ўраб олиб, бир тор жойга сиқиб қўйдилар. Эртадан-кечгача бўлган уруш ҳеч қандай фойда келтирмади. Ниҳоят, қипчоқ сардорлардан Хол понсод қирғиз, Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб қипчоқ ва яна юзта сарбоз қўлга тушдилар. Қолганлари манғит сафини ёриб қочиб кетдилар…

Шундай қилиб, манғитларнинг қўли баланд келиб, амирларни (Бухоро) подшоҳи хизматига жўнатдилар. Оллоёрбек парвоначи эса Ўш томонга кетиб, Моди мавзеида қарор топди. Қипчоқ лашкари эса Кулжага кетиб қолди. Улар бир-биридан ваҳм қилиб, анча муддат жойларида турдилар. Можаро бир ёқли бўлмай туриб, Оллоёрбек манғит қайтишга амр қилди ва Марғилонга келди. Қипчоқлар ҳам Арабон (қишлоғи)га келиб турдилар. Разил манғитлар аҳволларини ўз подшоҳларига маълум қилиб, маслаҳат сўрадилар. Тадбирсиз (амир) айтди: «Биз» шу ерда қоламиз. Ору номус деб биз бу ерга келганмиз. Бу мамлакат Худоёрхоннинг мулкидир, ўзи қирғизу қипчоқни дафъ қилиш йўлини топсун.» (Амир Музаффар) жаноби Худоёрхонга бир неча минг манғит ва Ҳўқанд сарбозларини жўнатди. Қочоқлар (қирғизу қипчоқлар) Худоёрхоннинг кели-шини эшитиб, тоқат қилмасдан Қошғар вилояти томон йўл олдилар. Жаноби султон ул бадбахтларни Тирак довонига таъқиб этиб борди. Уларнинг қанчасини банди қилди, учта тўп ва кўп асбоб-ускуна, қурол-яроғларини қўлга киритди. Катта иззат ила қайтиб, 22 рабби-ус-сонийда Ҳўқанди латифға етиб келди ва Бухоро амири ҳузурига. обрў билан ташриф буюриб, давлат маснадида қарор топди. Бухоро амири ўрдадан кўчиб, ҳазрати Мўйи Муборак боғига келди. У фалокат (амир Музаффар) шу ердан ҳамма подшоҳлик асбоб анжомлари, тўпу тўфанг, қурол-яроғларни, гилам ва бошқа бойликлар ҳамда тўрт юзга яқин хотин-қизларни олиб сешанба куни эрталаб Бухоро сари йўлга тушди…

Валинеъмат хон жаноблари давлат ва салтанат такягоҳига ўтуруб, қайғуларини унутиб, зафар топди. Бадбахт ва кулфатзада қирғизу қипчоқлар замона жафосидан қочиб, тоғу саҳролардан ўтиб, Яъқуббек олдига (Кошғарга) келдилар. Улардан қолганлари ўз сардорлари ила, хусусан, Абдураҳмон офтобачи ўз уруғи ила, Муҳаммад Диёр қушбеги ўғли ўз қабиласи ила, Тошқора ўз тобеълари ила, Саримсоқ додҳоҳ қирғиз ўз лашқари ила тўп-тўп бўлиб тортуқ ва ҳадялар олиб ҳазрат хон олдига узр сўраб келдилар. Жаноби валинеъмат ҳам уларга марҳамат айлаб, ҳар бирининг мартабасига қараб инъом-эҳсонлар берди. Шу аснода бир неча кун ичида уларнинг қолганлари ҳам келиб султон илтифотини ҳис қилиб, таслим бўлдилар.
Бир куни кечаси қирғиз ва қипчоқларнинг бир гуруҳи ваҳимага тушуб ўзлари интихоб қилган жойга қочиб кетдилар. Хусусан, амирлашкарнинг жияни Муҳаммад Аюббий Чимён томонга қочди, 200—300 қирғизни ўзига ҳамроҳ этиб, Ўш вилоятига қараб кетди.

Жаноби Султон Муродбек, хон ҳазратнинг акалари — Марғилоннинг ҳокими эди ва у бир неча вақтдан буён Ўш вилоятида закот йиғувчи эди. Муҳаммад Аюб унинг олдига келиб сурбетларча, «Амирзода, туринг, акангизни ўлдуруб, сизни уларнинг ўрнига хон кўтардилар. Мен шунинг учун олдингизга келдим», деб айтди. Амирзода ул аҳмоқни алдаб, қирғиз ва қипчоқ сардорлари қўли орқали ушлаб зиндон қилди. Тезда бир чобуксуворни хон ҳазрат олдига хабар бериш учун юборди. Ул чопар кечаю кундуз от суриб Худоёрхон олдига келди ва хоннинг соғлиғини ўз кўзи билан кўриб, амирзода номига бир иноятнома ҳам олиб қайтди ва амирзодага ҳамма кўрган-эшитганини айтди. Муҳаммад Аюбнинг ёлғончилиги маълум бўлди. Ундан ҳамма ғазабланиб, қатл қилинишига розилик бердилар…
Алқисса, унга ўлим мукофот бўлди ва фармони олийга кўра Марғилонга олиб келиб қатл этдилар.

Душманлардан яна бири Саримсоқ додҳоҳ қирғиз бўлиб, у Наманганга келган эди. Хон (Худоёр) Наманган ва Косон ҳокимлари лашкарларини унинг орқасидан юборди. Унга ета олмадилар ва у (Саримсоқ додҳоҳ) осонлик билан Чотқолга ўтиб кетди. Қолган қирғиз ва қипчоқлар хон марҳаматига сазовор бўлуб, тавба қилдилар. Фақат Тошқора қипчоқ ўрусларга қўшилиб кетган эди…

КИТОБНИНГ ХОТИМАСИ ЖАНОБ ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТ
ВА БУХОРО ПОДШОҲИ ЗАФАРСИЗ МУЗАФФАРГА БАҒИШЛАНГАН БЎЛИБ,
УЛАРНИНГ ДАВРИДА ЮЗ БЕРГАН ВОҚЕАЛАР БАЁН ЭТИЛАДИ

Фатонат арбобларининг гули, наво ва аҳли саноат нуктадонлари, соҳибфасоҳат ва зукко эшитувчилар жамоатига маълум ва равшан бўлсинким, ул вақт ва замонда Бухоро амири кўп лашкар билан келиб, қипчоқлар ишини саранжом этиб, Худоёрхонни унга мерос қолган мамлакати салтанатига қўйиб, ўзи Бухорога қайтиб, давлат қароргоҳига ором бўлган эди. (Амир Музаффар) ўзбилармонлик ила кеча-кундуз айш-ишратга машғул бўлиб, хотинбозлик қилиб, оламдан ғофил ва ҳатто ўзидан кетиб қолиб, ўзини Фиръавну Намруд деб биларди. Дўстни душмандан фарқ этмасди. Шундай аҳвол бир неча вақт давом қилди. Қиш ҳам кириб келиб, тўқсон тўққиз хил тортуқларни олиш вақти ҳам бошланди. Бу иш шу мамлакат подшоҳлари учун расм бўлуб, унга риоя қилиб, ўлканинг ҳар ёнидан саркардалар тортуқ ва туҳфалар билан Бухорога келардилар.
Жаноб хон ҳазрат ҳам шу удумга амал қилиб, Баҳодурхон тўра Косоний орқали кўпдан кўп ҳадя ва туҳфаларни Бухорога жўнатди.
Шу воқеаларни нақл қилиш пайтида 1282 йил, рамазони шариф ойининг охирги ўн кунлигида ўрус кофирлари Тошканд вилоятидан Жиззахни забт этиш учун лашкар йиғиб, қишнинг ўртасида ҳаракат бошладилар. Сайҳун дарёси бўйига келиб, ундан кемада сузиб ўтиб, бир муддат лашкар камчилигини тузатиб, Жиззах сари йўл олдилар. Рамазон ойининг охирларида кофирлар Жиззах яқинида жойлашган Учтепа мавзеига келиб нузул қилдилар.

Жиззах қалъасининг ҳокими Яъқуббек деган бир ғулом қалъа ҳимоясига тушуб, кутуб турди. Подшоҳ (амир Музаффар) Самарқандга келиб, шу ердан кетма-кет илғор дасталарни жўнатиб, Жиззахни беҳисоб лашкар ила тўлдириб юборди. Шунга қарамасдан кофирлар бу лашкарни ғафлатда қолдириб, шаввал ойининг бешинчисида, душанба куни 20—80 кишидан иборат гуруҳлар билан қалъа олдидан бозорга келиб, ҳийлаю найранг қўллаб шаҳарга кирмоқчи бўлдилар. Шу пайт одамлар бетаравот наҳс босган малъунларни таниб қолиб, шовқин солиб, уларни тўрт томондан иҳота қилдилар. Кофирлар манғитларнинг журъатсизлиги ва ҳимматсиз эканликларини билиб, тўпу тўфанглардан ўқ уздилар, кейин халос бўлуб орқага чекиниб, соғ-саломат ўз қўшинларига қайтдилар. Учтепа қишлоғига, ўз қароргоҳларига келиб, ўн беш кунча яшадилар. Икки томон ҳам урушга жазм қилмадилар. Шундан сўнг Яъқуббек ғулом замонасозлик ва одамийлик юзасидан туяларга озиқ-овқат ва ему хашак ортиб кофирларга жўнатди. Кофирларнинг аҳволлари танг бўлиб қайтишга фармон бўлди, (улар) Сайҳун дарёсининг бўйида жойлашган Бўёқчикўл мавзеига келдилар. (Ўрусларнинг саркардаси) бир неча сарбози билан Тошкандга қайтди.
Шу воқеалар юз бераётган чоғда валинеъмат (Худоёрхон) ёрлиғига биноан жоҳил Рустамбек Тошкандий Қурамага келиб, Тиловга кирди, Ботурбек қурама эса Бўка қалъасидан жой олди. Фармон додҳонинг ўғли Овлиқ вилоятига нузул қилди. Мусулмонларнинг бу ишлари кофирларнинг қулоқларига нохуш тегиб, улардан 300 киши дабдаба ила Тўйтепага яқинлашди. Бу даҳшатли хабар шижоатли мусулмон сарбозларига етиб-етмасдан, қўрқуб, ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз туғи билан қочиб кетдилар. (Мусулмонларнинг) бир гуруҳи Кандир довонидан ўтиб, бир қисми Саримсоқлиқ тоғидаги бир биёбонда истиқомат ихтиёр этдилар.

Шу вақтда Бухоро подшоҳи зафар кўрмаган амир Музаффари безафар ўзининг қўполлиги, мумсуклиги ва ақли кўрлиги билан ғазавот деб, шум ва номуборак ниятини яшириб, Ҳўқанди латифга юришдек фосид хаёлни бошдан кечирди. Бир неча минг авбошу бебош безори-дайди одамлардан лашкар йиғиб, катта дабдаба ва салтанат билан Жиззахга келди.
Ҳозиру ғойибдан ҳамма умид қилар эдиким, иншооллоҳ, энди замона амири кофирларга етиб бориб, ҳаммаларини журъату диловарлик ва шижоату мардлик ва баҳодурлик кучи бирла барбод қилади ва вилоятни озод этади деб.

Аммо ул номард ва ҳезтарош амир номуносиб фосид хаёлларга ботиб баҳона қидирарди. Хон Худоёр ҳам салтанат тахтида ўтуруб, ҳали мурод гулини ҳидламасдан, осойишталик дамини сурмасдан туриб, тинч Ҳўқанди латиф вилоятида катта фатарот юз берди.
Йигирма етти йил мобайнида йил сайин, ой сайин, кун сайин қотиллик, биродаркушлик жанжаллари авжига чиқади. Ҳатто душманга қарши чиқадиган бир мард киши топилмайдур. Ўн уч йилдурки, ўрус кофирлари бостириб кириб Оқмасжид, Қозонлидан то Авлиёота, Марка, Бишкак, Олма-ота, Чулек қўрғонларигача забт этдилар. Кўп одамлар кофирлар билан бўлган жангда талафот кўрди ва вилоятнинг шундай харобага айланиши олам аҳлига маълум ва равшандур. Бундан ташқари, шу йил қаҳатчилик келиб, одамларнинг тоқати тоқ бўлди. Ҳўқанди латиф вилоятининг аҳолиси давр жафоси кулфатига гирифтор бўлдилар. Алар Худоёрхон қадамини муборак билиб, жонларига янги руҳ кирган ҳолатда турардилар. Бу воқеаларга қўшимча куффор уруш бошланиб, ўруслар ҳўқандликларга ҳар томондан ҳужумга ўтдилар. Бу сўзлардан ғараз шулким, ул ножинс (амир Музаффар) Ҳўқанди латиф лашкарини олдинги сафда куффор урушига жўнатиб, ўзи бир-икки кунлик масофада туруб, «зафар тегса фақат ҳўқандликларга тегсун, улар нобуд бўлсун, мен безарар қолай» дерди. Маҳрами хосларини ва саноқсиз ясовулларини номалар ила дўқ-пўписа билан кетма-кет Худоёрхон олдига жўнатарди.

Хўдоёрхон амирнинг ношуд муддаосини фаросат ила тушуниб, замонасозлик қилйб, бир неча минг сарбоз, маҳраму ясовул ва бир нечта тўпларни олиб, шаҳардан ярим фарсангча узоқроқдаги Ермасжид қишлоғига келди. Ўн беш кунча шу жойда истиқомат қилиб турганда, яна амир ясовуллари етиб, уларни ҳол-жонига қўймасдан Қайрағоч қишлоғига олиб келдилар. Уч кун шу ерда туруб, зул-қаъда ойининг 26-сида сешанба куни ўрусларға қарши ғазавот учун Сайҳун дарёси соҳилиға етиб келдилар. Жаноб Султон икки навбатда дарёдан лашкари ила ўтиб, Оқжар мавзеида тўхтадилар.
Бўхоро амири кўрдики, валинеъмат хон унинг сўзига кирмасдан бошқа йўлни ихтиёр этди, шунда у кофирлар урушини бир томонға қўюб, қаҳру ғазаб ила Ҳўқанди латиф сари йўл олди.
Бухоро вилоятининг юзи қаро уламолари Ҳўқанд аҳолисини ўлдириш ва хотину болаларини асир олиб сотиш ҳақида ривоят чиқариб, фатво бердилар. Шундай фатво берганлари учун уларнинг қўллари синсин! (Амир Музаффар) кўзойнакли илондек ҳаракат қилиб, Ўратепадан ярим фарсанг келадиган Лаккат мавзеига келди…
Икки ой ичида шу мавзеда истиқомат (қилиб) ва ҳар куни ўз ҳарамида қизлар билан вақтини ўтказиб, бачабозлик қилиб, оламдаги бор фисқу фужур ила ҳаётини мурдор қилди. (Амир Музаффар) жаҳлу жоҳиллик ва фаросатсизлиги туфайли, кофирлардан атиги беш фарсанг нарида туриб, шундай номаъқулчиликлар билан шуғулланарди. Ҳар кун аҳолининг қиз ва хотинларини зўрлаб олиб (келиб) маишат қилиш шул бетавфиқнинг иши эди. Қатъа (мазмуни):

Мулк арбобининг маст бўлиши адабдан эмас,
Шоҳ салтанатиға ҳушёрлик ойини яхшидур.
Шоҳ посбондир, шунда мулк ширин уйқуда бўлар,
Посбонға ҳушёрлик яхшию, ғафлат лойиқ эмасдур.

(Амир Музаффар) валинеъмат хон хизматиға ҳар кун кишиларини юборуб, уларни куффорлар билан жанг қилишға мажбур этарди. Худоёр (хон) валинеъмат сомон тиқилган қоп ва кундага ўхшаган бу кишининг (амирнинг) сўзига кирмасдан, элчиларни яхши сўз ила қайтариб юборарди. Бундай муносабатни кўрган амир қаҳр-ғазабдан ўлимга ҳам рози бўларди. Ноилож ўзини кару кўрликка олиб, шу йил йигирма тўртинчи зул-ҳижжада уч фарсанглик масофани қийинчилик билан босиб ўтиб, Сайҳун дарёси соҳилидаги Майда лулғун деган мавзега етиб келди. Шу ердан Абдуғаффорбекни 5 гуруҳ туғли қўшинга сардор қилиб, Қурама вилоятиға жўнатди. Ўзи шу ерда (Майда лулғунда) қолиб, Оллоёрбек манғит, Яъқуббек ғулом, Шер Али ғулом ва бошқа сар-карда — понсодларни кўп минг лашкари билан ўрусларга қарши урушга боришга буюрди. Улар ҳар кун чиқиб, ўруслар билан урушиб қайтардилар. Бу маънони билиб олиб муҳаррам ал-ҳаром ойининг бир шанбасида кофирлар келиб (манғитлар билан) жанг қилиб қайтиб кетдилар. Бу воқеадан манғитлар хабар топиб, кофирларни заифу фақир деб, назарлари илмади ва улар билан катта тўқнашувни кутиб турдилар. Якшанба куни кирди. Қуёш шарқ буржидан малики фарҳанг амри-ла улуғ дабдабалар билан осмон гиламиға қадам босиб, содиқ кишиларнинг қалбидек оламни равшану намоён, софу мусаффо қилди. Ислом лашкари ҳаракатга келиб уруш майдонига жасорат билан кирдилар ва тўпу тўфангларни ҳозирлаб, сафларини Садди Искандарийдек маҳкам қилиб, кофирларни кутдилар. Якшанба кофирлар учун ибодат куни эди. Пешиндан сўнг ибодатдан фориғ бўлган ўруслар келиб ислом лашкарига қарши бирдан ҳужумға ўтдилар. Икки томон бир-бири билан учрашиб кўрган ва эшитган кишининг ақли ҳайратда қоладиган урушни бошлаб юбордилар.

Манғитлар эса кўп йилдан буён халқ нонини туя қилиб еб, на ўзлари ва на ота-боболари уруш кўрмаган эдилар. Ҳаммалари олд-орқаларига қарамасдан қочиш йўлини қидирардилар.
Нима бўлсанг ҳам, фақат ҳез бўлма дегандек, Бухоро подшоҳи бир фарсах масофада туриб дурбин орқали урушни томоша қиларди. Кофирлар ҳушсиз манғитларни тўпу тўфанг билан отардилар. Лашкари ислом паришон ва пароканда бўлиб, чўлу биёбонга қочиб қетдилар.

Ҳезалак подшоҳ (Амир Музаффар) дурбинда бу аҳволни кўрди ва шундай ҳез кишида ҳам тоқат қолмади ва кийиниб улгурмасдан минг ҳасрат ила отга миниб, намози аср вақтида Жиззах томон йўл олди, Унинг лашкарига путур етди ва паришон бўлиб жанг майдонидан қочиб қолдилар. Ҳеч ким бундай бесаранжомлик ва номардликни бундай тўнкабадан кишидан, амири ҳездан ҳозиргача кутмаган эди. Аждодларидан Мерос қолган шундай салтанатни, бухоролик баъзи бир мағрур кишилар учун ифтихор бўлган муфохиротни, қурол-яроқ, подшоҳлик анжомларини, ҳусусан, бир неча дилбанд маъшуқаларини бегоналарга ташлаб кетди.
Бу воқеа 1283 йил якшанба куни,_муҳаррам-ал-ҳаром ойининг 7-сида юз берганди. Катта ҳез жаноблари (амир Музаффар) шу қочишда жони ҳалқумига тиқилиб, кечқурун Жиззахга етиб келди. Унинг мулки бесоҳиб, беҳоким қолди. Абдул Ғаффорбек юз Ўратепага кириб, музофот ила эгаллаб, мустақил бўлди. Ҳўжанд аҳолиси жаноб (Худоёр) валинеъмат хон ҳузурига келиб, ундан сардор бўлишини илтижо қилиб сўради. Жаноб Шаҳриёр Мулло Тўйчи додҳоҳқирғизни бир неча ишончли кишилар билан Хўжандга юборди. Ўзи ҳам келиб шаҳарга кирди. Хўжандга тобеъ бўлган жойлардан Нов қалъаси, Қўштегирмон, Ғўлакандоз, Оқтепа, Далварзин, Маҳрам, Кароқчиқум, Конибодом ва бошқалар амири взлинеъмат (Худоёрхон) тасарруфига ўтиб, олам тинч ва осо-йиш бўлди. Туркистон шайхлари орасида шундай бир гап бор: «Отилмаган сопқон ҳам бошга тегар, ҳам кўзга». Уларнинг яна кўп масаллари амири (Музаффар)га қарата айтилган. У Жиззахда ҳам тўхтамасдан Самарқандга қочиб кетган эди, Амир Музаффарга ўлим ваҳимаси тушиб, бир неча кун шу ерда (Самарқандда) истиқомат қилди.

Оллоёрбек манғит эса Жиззахга кириб келди. Қолган молу хазина, тўпу тўфанг ҳаммаси кофирларнинг қўлига тушди. Неча йиллаб жамланган бойлик бир зумда нобуд бўлди. Шундан кейин баттол кофирлар Ўратепа ва Жиззахни қўйиб, ғайрат жиловини Хўжанд томон буриб, бир неча кун ичида етиб келиб, шаҳарни қамал қилдилар.
Ваъзи бедин ва дунёфуруш молпараст уламо, оқсоқоллару арбоблар бирлашиб, озгина пул-маблағ деб қанча одамларнинг қонидан ҳам қўрқмай, қалъа дарвозасини кофирларга очиб бердилар.
Хулосатул-калом шулким, амир валинеъмат (Худоёрхон) Баҳодур хожа понсодни қўшини билан (Хўжандга) юборди. Унинг юз кишидан кўпроқ қўшини кофирлар сафини ёриб ўтиб, шаҳарга кирдилар. Шунга қарамасдан, кофирлар Ҳўқанд дарвозасига яқинлашиб, жанг бошладилар. Хўжандликлар ғайрат камарини белларига боғлаб, уларни орқага қайтардилар. Шу пайт мазкур йил муҳаррам ал-ҳаром ойининг йигирма учида ул хиёнаткорлар кофирларга бошқа дарвозани очиб бердилар, Хўжанд қалъасини олиш кофирларга осон тушди. Хўжанд фуқароси кофирларнинг шаҳарга киригиларини кўриб ғайрат ва шижоат ила ўрусларнинг йўлини тўсиб, қатъий ҳаракатлар билан жангга кирдиларки, еру осмон, доно ва нодон кишилар афсус бармоқларини ҳайрат тишлари нла тишлаб таҳсин ва офаринлар айтдилар. Ҳар икки тараф тўпу тўфанг, чўбу таёқ ила бир-бирларини уриб (ўлим ила) яксон қилардилар.

Хусусан, мусулмонлар кўпроқ тўпу тўфанг қурбони бўлуб, орқага қайтиб, ҳар бири кўча, маҳалла ва боғлар ичидан қочиб қолдилар. Кофирлар ҳам улар орқаларидан қувлаб кетдилар, кўча, маҳалла ва бозорларда одам қолмасдан, аёлу бола демасдан кўп кишиларни милтиқ билан отиб шаҳид қилишди.
Файзосор шайх Муслиҳиддин ҳазратларининг мозорларида паноҳ топган ғарибу бекаслар, кўру чўлоқлар, гадою дарвешлар, майибу мажруҳлар ҳаммалари бирор киши қолмасдан нобудлик оламига кетдилар.
Мадраса ва саройларда кўплаб одамлар талон-тарож қилиниб, қатл этилдилар.

Икки томон ҳам тинчиб, қиёматсар можаролар тўхтагандан сўнг ҳар бир тоифа ўз ўликларини топиб, уларни санаш билан машғул бўлдилар. Мусулмонлардан 2600 киши эркагу аёл, кабиру сағирдан шаҳодат даражасига етиб эканлар ва куффордан эса 1200 киши — дўзаҳ ва жаҳаннам даргоҳига кетган экан. Шундай фожиа ила Хўжанд фуқаролари кофирларнинг зулм ситамиға гирифтор бўлдилар. (Хўжанд) вилоятининг мўътаадлари минг ажзу дард ила жаноб хон (Худоёрхон) валинеъматға кетма-кет элчи билан хат юбориб, ислом (аҳли)дан мадад сўрадилар.
Жаноб хон узоқ муддат андиша денгизига ғарқ бўлиб, кофирларга қарши бирон журъат қилмади.

Куффор аҳли саъй ва тараддудга тушди, аслаҳа-анжомини шай қилиб, 1263 йил, жумодул-аввал ойининг учинчисида жабру ситам хаёлини Ўратепа томон бурди. Кўп лашкар ила Оқсув дарёсининг соҳилига етиб келиб тушдилар. Шу ерда истиқомат қилишни ихтиёр этиб, уч юзга яқин қозоқ ва ўрис баттолларини илғор тариқасида Ўратепа томон юбордилар.
Абдул Ғаффорбек Ўратепа вилоятининг ҳокими ва етакчиси эди. У бир қанча мард ва жасур одамларини йўл қўриқлашга юборган экан. Йўлда бу икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашдилар. Мусулмонлар катта куч билан кофирларга шундай ҳамла қилишдики, аҳли куффорда тобу тоқат ва сабру сабот қолмади ва келган йўлларига қайтиб, минг найранг ила қочиб кетдилар. Ўктам йигитлар чаққонлик билан кофирларга етиб олиб, пўлатсимон найзалар отиб, ёмғирдек ўқ ёғдириб, қўшларигача қувиб бориб, қайтиб келдилар. Мусулмонларнинг журъати аҳли куффорга маълум бўлди. Беқарор юракларида сабру тоқат қолмади ва улар пайшанба куни, эрталаб ўз жойларидан кўчиб, Кўркат мавзеига келдилар. Ислом лашкари кофирларнинг йўлини тўсиб, саъйу кўшиш ила жанги азим қилдилар. Кофирларнинг ҳарбий қудрати зўрлиги туфайли аҳли ислом мағлуб бўлиб, уруша-уруша орқага қайтдилар. Навканд мавзеигача келиб, отларини тўхтатиб, яна шундай бир қаттиқ жангга киришдилар. Ҳар бир мавзе ва қароргоҳ учун бетиним жанг қила-қила Маховзор мавзеига яқинлашдилар…

Шу куннинг эртаси аҳли куффор қалъани эгаллаш қасди ила йўлга чиқди. Мусулмонлар ҳам бир қанча мерганларни қалъа атрофига жойлаб қўйган эканлар. Мерганлар баттол кофирлар яқинлашиши биланоқ уларнинг атрофларини ўраб олиб, тўпу тўфангни жўшу ҳуружга келтириб, тўрт томондан муҳоботсиз отдилар. Кофирларда тоб-тоқат қолмади ва улар катта зарар кўриб, қаттиқ зарба еб қайтдилар. Кундан-кунга жангу жадал кучайиб борарди. Якшанба кечаси, жумодул-охир ойининг 4-си ё 5-сида кофирлар учта дарвозага одамларни таъйинлаб Муғ дарвозасининг чуқур ҳандақини хас-хашак билан тўлдириб, шундай васиъ мсойни бир кечада текис қилиб, ўзларига йўл очиб, тонгни кутиб турдилар.

Шу пайт шаҳар аҳолиси ғофил ва ўз аҳлу ҳолига машғул бўлиб, оламдан бехабар уйқуда ётар эдилар. Бироз вақт ўтгач, саҳар пайтида шаҳар дарвозаларига бир минг-икки минг кишини қўйиб, ўрусларнинг губурнот (ури) ва жинироли (генерали— Ш. В.) кўп сонли тўда ила Муғ дарвозасида ҳозир бўлди. Тўсатдан ўзлари текислаган йўлдан ўтиб, шаҳар дарвозасидан кириб туғ санчиқини Муғ қалъасига ўрнатишни буюрди. (Муғ қалъаси) шу вилоят ҳокимининг жойи эди. Кофирларнинг қолган лашкари шаҳарга ҳар бир дарвозадан фирқа-фирқа, тўб-тўб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб қичқириб шовқин-сурон кўтариб кирдилар ва оламни тўс-тўполонга кўмиб бозорга яқинлашдилар. Аҳли ислом мусулмонлик ҳамиятини дилига жойлаб, Садди Искандардек устувор туриб жанг қилардилар. Улар ўз юртининг ҳокими Абдул Ғаффорбек юз кофирлар келиши биланоқ жуфтакни ростлаганини эшитиб, заиф ва бемадор бўлиб, қочишни мўлжал қилдилар. Одамлар хилват жойларга яшириниб, кофирлар назаридан махфий бўлдилар.

Қишлоқдан ва саҳродан шаҳарга келган аҳоли пана жой топмасдан ноиложликдан жангга тушиб, ўрусларнинг тўфу тўфанглари сочган оташ балосидан нобуд бўлиб, шаҳодат даражасига етуб, охират оламига кетардилар. (Ўруслар) уч соатга яқин вилоятни талон-тарож ва аҳолини қатл қилиб, замона мардумига омонлик бердилар. Шу даҳшатли жанг жараёнида мусулмонлардан саккиз мингдан кўпроқ киши кофирларнинг тўфанг ва шамширлари тиғидан ажал топди. Кофирлардан ўлганларнинг сони беш мингдан ошиб, дўзах оташига сазовор бўлдилар. (Ўруслар) куч ила Ўратепа мамлакатини ўз қўлларига олдилар.
Абдул Ғаффорбек хотин ва болалари билан Самарқандга қочиб кетди. Аҳл.и куффор етти кун Ўратепада туриб, вилоят ишларини саранжом қилиб, якшанба куни мазкур (жумодул охир) ойининг ўн учинсида Жиззах томон боришга амр этди. Неча йўл босиб, манзили муддао сарҳадиға етдилар. Шаҳарга бир ярим фарсах келадиган масофага қўниб, одамларнинг ҳафсаласини пир қилди ва бир неча кундан кейин, эрта тонгда қалъа дарвозаларига ҳужумга ўтди. Губурнот (ур) қалъа муҳосарасига буйруқ бериб, ўзи Бухоро дарвозаси олдида турди.

Лашкари ислом қалъа ичидан туриб тўпу тўфангни ишга солдилар. Кофирлар эса ташқаридан ўқ отиб, талотўб билан шаҳарга кирдилар. Мусулмонлар бесаранжом бўлиб, ҳар томонга паришонлик билан югурар ва нажот йўлини қидириб тополмасдилар. Кофирлар мусулмонларни уч томондан тўсиб, тўпу тўфанг зарби ила шундай урушардиларки, ўлганларнинг ҳисоби йўқдур. Манғит сипоҳидан тахминан 15—16 минг киши ўз сардорлари ила шаҳодат даражасига етган эди. Манғитлар ўз журъатсизликлари туфайли шундай балога гирифтор бўлдилар. Акс ҳолда, шунча одам жасорат кўрсатганда, кофирларнинг терисини шилиб олардилар. Вилоят ичи аҳли куффорга тўлиб кетди.

Жиззах забт этилгандан сўнг уч кун ўтиб, амир (Музаффар) Бухородан, Самарқандга келди. Унинг табиатида ғайрату ҳамият йўқлиги учун Самарқандда ҳам бемаза ва бемаъни амаллар билан шуғулланиб юрди.
Қиш келиб, далв ойи кирди. Оренбург волиси Киржижановски жинирол ва Русиянинг амирлашкари эди, Русияға кетди. Шундан кейин Бухоро амири Содиқ Тўра ибн Кенесари тўраниким, Дашти қипчоқ салотинларининг авлодидандир, бир неча минг суворий сипоҳ билан Оқмасжид сарҳадини чаповул қилиш (бостириш) учун жўнатди. Жавзо (май) ойининг бошларида ўруслар ҳам 200 га яқин сарбози билан Оқмасжид қалъасидан чиқиб, Бухоро чегарасида жойлашган Сариқ булоқ мавзеига келдилар. Улардан бир фавж сарбоз ажралиб, Содиқ тўра мулозимлари билан тўқнашдилар. Ўруслардан 13 киши ўлдирилди, 6 сарбоз асирликка тушди, қолганлари эса қочиб, халос бўлдилар. Содиқ тўра хушхабар билан асирларни Бухорога жўнатди, ўзи эса Оқжаргача бориб қайтиб келди.

Бухоро амирининг фармонига биноан Самарқанд волиси бир неча минг сарбозни (Жиззахга) жўнатди. Улар Жиззах қалъасига озуқа жўнатишга қаршилик кўрсатиб, шу жиҳатдан ўруслар вазиятини оғирлаштириб юбордилар. Бошқа томондан Бухоро амири ўрусларга элчи жўнатди. Бухоро амири элчиси ва вакили Оренбург вилоятида сулҳ тузди. Шартнома асосида ўруслар томонидан забт этилган Янгиқўрғонни Бухоро амирига қайтарилди. Бухоро амири эса Жиззахни ўрусларга берди. Бухоро томонидан элчи Абдуллахон… тўра эди.

Шу воқеалар айтилаётган замонда (Бухоро) вилояти хароб бўлди. Шаҳрисабз ва Қарши вилоятининг элот ва аҳолиси (амирга) қаршилик кўрсатиб, Жўйбор хўжазодалари ва тўралариниким, Бухоро амирига жиян бўладилар, Шаҳрисабзға олиб келдилар Амир (Музаффар) Самарқандда бу одамларнинг журъатини эшитиб, ғазабланиб, уларни камситди.
Шу воқеалар давомида хитой-қипчоқ қабиласи Миёнколотда қўзғолон кўтариб, Дубус, Челак ва Каттақўрғонгача бўлган бир қанча қишлоқларни босиб олдилар.
Амир шундай жасоратлардан кўп маъюс ва мағмум бўлиб, қипчоқларга қарши қўшин ташлашга ботинмади. Қипчоқлар бу кўзёшларга аҳамият бериб, хитой қабиласининг бир нечта улуғларини ушлаб амирга бердилар. Самарқандда уларни қатл этиб, лашкар ила Шаҳрисабз томон юриш қилди.

033

Мароҳилларни босиб ўтиб, Жом қалъасиға етиб келганда тўхташга буйруқ берди. (Жом мавзеи) Шаҳрисабздан қарийб уч фарсах келади. Амир (Музаффарнинг) табиатида ғайратдан ҳеч асорат қолмади ва аҳволи оғирлашиб, шу ерда қолди. Биринчи дафъадагидек сиёсат қилиб, дўқ-пўписа билан бир элчи юборди, аммо фойдасиз эди. Охири амир ярашишга мажбур бўлйб, орқаға қайтди ва қарши трмон йўл олди. Шу давру замонда Оренбурғ вилоятидан то Ҳўқанду-Бухоро вилоятларигача бўлган ҳудуд рус подшоси қўлиға ўтди. Шу ерлар бир аёлртга (генерал-губернатррликка) бирлаштирилди ва Русия пойтахтидан Кауфман номли қиши волий-амирлашкар тайин этилди. Янги Русия волийси олдинги амирлашкар ва амир ўртасида тасдиқланган битимни қабул қилмади, аксинча уни бузиш йўлидан борди.
(Кауфман) Бухоро амирига биринчи шартномадан ҳам оғир бўлган, ўзи тартиб ва танзим берган янги аҳдномани жуда оз муддатда кўриб чиқмоқ учун юборди.
Агарда Бухоро амири шу аҳдномани қабул қилмаса урушишга тайёр бўлсин, деб шарт ҳам қўйдй. Бухоро амири бу аҳднома шартларини ўз давлатига оғир билиб, шундай жавоб юборишни буюрдиким, «Русия арбобларининг аҳду паймонлари барқарор эмас экан. Ҳар қайси янгитдан амирлашкар ва волий бўлиб олса, энг аввал янги аҳдномалар қабул қилишга интилар эканлар. Аҳдноманинг шартлари бизнинг ҳукуматимизга зарари куллий етказади ва кунлар ўтиши ила бизнинг сабр-тоқатимизни тўлдиради. Биз ўз ихтиёримиз ила биринчи тузган аҳдномани бузиб табдил этмаймиз. Агарда Кауфман олдин тузган битимни қабул қилмасдан унинг бекор қилишга кўшиш этса, унда бузмакор ва аҳду паймонсиз номини олади». Шу мажлис-машварат охирига етмасдан ва Кауфмандан жавоб олмасдан бурун милодий 1867 йил, жаддий ойининг охирларида ўрус аскарларининг сардори Жиззахдан Бухоро ҳудудиға кириб, Ухум қасабасининг ерларигача босиб келди. Бу ерларнинг аҳолиси Бухоро раъияси ҳисобланар эди. Ўруслар уларнинг манзилларига ўт қўйиб, мол-ҳолларини талон-тарож қилиб, кейин Жиззахга қайтиб кетдилар.

Милодий 1868 йилда қуёш ҳамал буржига кирган маҳал Ўрусия аскарлари Ухум қасабасига иккинчи марта тажовуз қилиб, бухоролик қоровул тўдаларни босди ва уларни паришон қилди. Челак ҳокими бухороликлар мададига етиб келиб, ўруслар билан урушга тушди.
Қуёш савр буржининг 18 даражасида эдиким, Туркистон сипоҳсолари Кауфман тахминан 5 минг сараланган Ўрусия аскарлари билан Самарқандни забт этишни ўзиға мақсад қилиб, Тошканддан йўлга чиқди. Бир неча муддат Жиззахда туриб, жавзо ойининг бошларида Зарафшон дарёсиға яқинлашдилар. Шу ерда амирдан элчи келиб, Кауфман томонидан янгитдан тартиб ва танзим бериб амирға юборилғон аҳдномани олиб кетди. Амир (Музаффар) аҳдномани ўқиб, қўйилган шартларға мослаб қабул қилиб, Кауфманға жўнатган эди, Кауфман элчига айтдиким: «Бугун мен юруш учун энди отга минганман, кечқурун манзилга етсам, аҳд шартлари борасида музокара қиламан» Кауфман яқинлашиб, Зарафшон бўйида Тали сиёҳ тепасида Бухорони кўрди. Ўрус сипоҳсолари Кауфман элчига айтдиким: «Сенга 2 соат муҳлат, чопар жўнатиб, бухороликларни нариги соҳилдан қайтарасан, биз ҳеч қандай тўсиқсиз дарёни кечиб ўтсак, шу ерда сен билан сулҳ ҳақида гаплашамиз». Элчи чопар юбориб, бу шартни Бухоро амирига маълум қилди. Улар шу ваъдага ишониб, ўруслар Зарафшон дарёсидан кечиб ўтаётган пайтда уларга ҳеч қаршилик кўрсатмадилар. Кауфман бошлиқ ўрус аскарлари сувдан талафотсиз ўтиб, музокара ва сулҳни кутиб турган бухоролиқларга тўсатдан ҳужум қилиб, уларга талафот етказдилар. Шундан кейин Кауфман сулҳ таклифини қабул қилмаслиги ҳақида қатъий жавоб бериб, элчини қайтарди. Фирибга дуч келган содда элчи маъюс бўлиб Бухорога қайтди…

Бухоро сипоҳи Самарқандга кирмасдан азимат жиловини Бухоро томон бурдилар. Эртаси самарқандликлар ўруслар билан сулҳ туздилар. Ўруслар амир Темур пойтахти саналмиш Самарқанд шаҳрини тасарруф қилдилар. Жавзо ойининг ўртасигача улар Ургут шаҳри ва Челак қалъасини ҳам истило қилдилар. Бир неча аскарларини Кауфман бир жинирол етакчилигида Каттақўрғон тасарруфи учун юборди. Учинчи куни ўруслар Самарқанддан 8 фарсах келадиган Каттақўрғонга етиб келдилар. Шу ернинг ҳокими Яъқуббек шаҳарни ташлаб қочди. Ўруслар Каттақўрғонни жангсиз эгаллаб олдилар. Кауфман ҳам шу заҳоти Каттақўрғонға етиб келди. (У) Самарқандга қайтиб, бир неча гуруҳ аскарни икки фарсах келадиган Қоратепа қалъасига юборди. Шаҳрисабз сардори бир неча минг пиёда ва суворий қўшини билан келиб, ўруслар билан жанг қилиб, қайтиб кетди. Ўруслар Самарқандга қайтдилар.

Шу жангда шаҳрисабзликлардан кўп киши талафот кўрди. Самарқандлик Мирзо сўзига қараганда 50 киши ҳалок бўлган экан. Қуёш жавзо ойининг охирида эдики, Бухоро сипоҳи Зирабулоқ мавзеида жамъ бўлуб, Каттақўрғон қалъасини забт қилишга жазм этдилар. Бу хабар Кауфманға етиб борди. (У) Самарқанддан бир неча гуруҳ сара аскарлари ва тўпу тўфанглари билан Бухоро сипоҳига қарши курашмоқ учун Каттақўрғонга, ундан Зирабулоққа келди. Бухороликлар Зирабулоқ мавзеида Бухоро йўлига қўшилиб кетган қир тепасида сафланган эдилар. Ўрус аскарларини Кауфман икки қисмга бўлиб, ўнг ва чапдан ҳамла қилишди. Бухороликлар жанг кўрган аскарларнинг тўпу тўфанглари оташиға тоб бермасдан орқага қайтдилар.

Шу муҳорабада ҳозир бўлган кишиларнинг айтишича, бухоролик пиёда ва суворийлардан минг кишидан кўпроғи нобуд бўлиб, ўрусларнинг талафоти икки юз кишигинага етар экан, холос, Кауфман Зирабулоқда бухордликлар билан урушаетган вақтда минг, хитой-қипчоқ ва Шаҳрисабз кенагасларининг қабила сардорлари иттифоқ бўлиб, кўп сипоҳ ила Самарқандга келиб, бу шаҳарни фатҳ этмоқчи бўлдилар. (Улар) Саройнинг атрофида ички қалъани тўрт томондан босиб олиб, унинг икки дарвозаси — Самарқанд ва Бухоро дарвозасига ҳужум қилиб, мардлик билан саъйи балиғ кўрсатдилар. Ўрусларнинг аҳволи жуда танг бўлди. Қабилалар иттифоқи агар яна икки-уч кун иттифрқ ва ижтимоъ ила муҳосарага сабот кўрсатганда эди, ғолиб келиб, Самарқандни ўруслардан озод қилган бўлардилар. Аммо мовароуннаҳрлик бадбахтларнинг шунча саъйу ҳаракатлари ва меҳнату машаққатлари натижасиз анжом топди. Бухоро сипоҳининг Зирабулоқда мағлуб бўлганларини эшитиб, биринчи бўлуб Шаҳрисабз кенагаслари, кейин эса бошқа тоифалар сабот ва жалодат қадамларини тортиб олиб, муҳосарадан юз ўгуриб, ҳар томонга паришон бўлиб, парокандаликка берилдилар. Шунинг учун айтганларким, байт (мазмуни):

Пароканда лашкардан ҳеч фойда йўқ,
Уларнинг юз мингидан икки юз жанговар йигит яхшироқ.

Қолган лашкар беш кун муҳораба ва муҳосара ихтиёр этиб, Кауфман Самарқанддаги ўруслар мададига келаётир деган хабар маълум бўлгандан кейингина қамалини тўхтатиб, ўз ватанларига қайтдилар.
Воқеаларга шоҳид бўлган самарқандликларнинг сўзларига қараганда, ўзбекларнинг бирлашган қўшинлари кўп жасорат кўрсатиб, ўруслардан 270 кишини ўлдирган эканлар.
Милодий 1867 йили саратон ойининг ўрталарида зафар кўрмаган амир Музаффар ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида сулҳ тузилди. Бухоро амири Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ва уларга тааллуқли бўлган ерларни ҳамда ўруслар исгило қилган мавзеларни Русияга берди. Бунга қўшимча катта маблағ — товон тўлашни ўз бўйнига олди. Бухоро мамлакатида уларнинг сиёсий идораси таъсис топди. Шу вақтда қуёш далв буржининг рхирига етган эди. Бухоро амирининг сулҳидан 6 ой илгари Фарғона хони Саид Муҳаммад Худоёрхон ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида ҳам сулҳ битими бўлган эди ва адовату хусумат ўрнини амният эгаллади, мамлакат рифоҳияти эса тижоратга айланди. Қон тўкилиши ва мулку маданият харобалигига сабаб бўлган жангу жадаллар йўқ бўлди. Шу воқеалар юз бераётган бир пайтда Қарши волийси Абдулмалик тўра Бухоро хони амир Музаффарнинг катта ўғли Шаҳрисабз кенагасларининг улуғлари ва Содиқ тўра бинни Кенасари тўра Аблай Султрн юртдошлари ила Бухоро амирлиги ва салтанатига даъво қилди. У ўз отаси амир Музаффарга қарши ҳамлага ўтиб, жанговар сипоҳни йиғди. Бухородан амир Музаффар сипоҳ ва сарбозлар ила ўғлининг ҳужумини дафъ этмоқ учун Қарши томон отланди. Қарши чўлларида Абдулмалик билан жанг бўлди ва Абдулмалик тўранинг сипоҳи пароканда бўлди. Абдулмалик Шаҳрисабзга қочди. Ўз ўғлини таъқиб қилиб, отаси Шаҳрисабз қалъаларидан бўлган Чироқчини қуршаб олди. Шаҳрисабз волийсидан ўз ўғлини талаб қилди. Бу иш охирига етмасдан туриб, бошқа жойда қўзғолон кўтарилди. Абдулмалик тўра фармонига биноан Нурота ва Карманани Содиқ тўра олгани хабари амир Музаффар қулоғига етди. Бу фитна ва ихтилол сабабига кўра (амир) Чироқчидан орқаға қайтиб, бу даҳшатли ҳодисаларни бартараф қилмоқ учун Самарқанд волийси жинирол (Абрамов — Ш. В.)дан ёрдам сўради. Ўрусия учун Бухоро амирини қўллаш ҳайрли иш деб, жинирол амир илтимосини қабул айлаб, бир неча гуруҳ аскар билан Жом сарҳадиға келди. Шаҳрисабз волийси ўрусларнинг келишларини эшитиб. «Ўрусия Шаҳрисабзни ҳам олар экан» деб Чироқчидан Шаҳрисабзға қайтди. Абдулмалик тўра ҳам Қаршига келди. Бухоро амири бу аҳволдан фойдаланиб, Содиқ тўра фитнасини бостиришга ҳаракат қилди, унга шикаст етказиб, фасод ва шўру ғавғоларга озгина бўлса-да таскин берди. Амир Бухорога қайтди.

Қаршида турган Абдулмалик тўра пароканда бўлған сипоҳни йиғиб янақўзғолон кўтариб, ихтилофни бошлади. Бухорб амири иккинчи марта Самарқанд жйниролидан ёрдам сўради. Самарқанд жинироли Жомдан бир нёча гуруҳ қўшин ва бир неча тўп ила Қаршиға борди. Қуёш ақрабнинг 20—21-даражасида эди, ўруслар қаршида Абдулмалик билан тўқнашиб, унга зарба бердилар. Абдулмалик тўра Қаршидан қочди ва унинг сипоҳи мағлуб бўлди. Ақраб ойининг охирларида ўрус жинироли Қаршини амир маъмурларига топшириб, Самарқандга қайтди. Шу ҳодисалардан кейин Шарҳрисабз ҳокими, кенагас тоифасининг раислари, Киштут ва Фароб фуқаросйни ўрусларға қарши қайрадилар. Киштут, Фароб ва Моғиён раислари ўрусларға қарши чиқдилар. Уларга ёрдам деб Ҳайдар хожа деган кишини бир неча шаҳрисабзлик гуруҳлар билан юбордилар. Ҳайдар хожа Самарқанд чегарасида юрган ўрус суворийларига ҳамла қилиб, улардан бир қанчасини ўлдириб, баъзиларини ярадор қилди. Бундан Самарқанд волийси жиниролнинг жаҳли чиқиб, Туркистон сипоҳсолари Кауфманга бу аҳволни маълум қилди. Туркистон сипоҳсолари буйруқ бердиким, Шаҳрисабз юришини махфий равишда режалаштириб, вилоятни макр билан ишғол қилиб, Бухоро амирига берсин. Самарқанд жийироли сафар анжомларини муҳайё айлаб, амир Музаффарни бу ишидан бохабар этиб, ўз аскарларини икки дастага ажратди. Сунбула ойининг еттисида бирин-чи фавж Жомга йўл олди. Фавжи соний икки кундан кейин Қоратепа довонидан ўтиб, Китоб қалъасининг олдида биринчи қисм билан бирлашди. Улар қалъага яқин бўлган Ўрус қишлоқ деган жойга тушдилар. Сунбуланинг 13-кунида ўруслар аскар ва тўпларини ҳар нуқтага жойлаштириб, қалъани олиш билан машғул бўлдилар. Шаҳар ва қалъага алоҳида-алоҳида ҳамла қилиб, тўпга тутишни бошладилар. Кечаси эса ўрусларнинг бир неча гуруҳи қалъага юриш қилиб, хандаққа яқин келдилар. Қалъадагилар бундай огоҳ бўлиб, ўрусларни ўққа тутиб, мудофаага ўтдилар. Ўрусларнинг яна бир гуруҳи посбонсиз қолғон жойдан деворға нарвонлар қўйиб, қалъага кирдилар. Қолганлари эса деворнинг қулаган жойларидан шаҳарга бостириб кирдилар. Ўрус суворийлари ҳам Работак дарвозасини йиқитиб, тўрт томондан шаҳарга кирдилар. Қалъа аҳолиси ўзларини ғам-андуҳ денгизида кўриб, турли йўллар билан уруша-уруша чекиндилар. Ўруслар йўлларида учраган уй-жойларни, кишиларнинг тўплаб қўйган ем-хашакларини, заҳира қилиб қўйган ўтунларини ёндириб, унинг ёруғлигида олдинга қараб интилдилар. Шундай қилиб, тонггача ўруслар шаҳарни буткул забт этиб, ўз тасарруфига олдилар. Шу урушда шаҳрисабзликлардан 500 дан кўпроқ киши шаҳид бўлиб, кўп одам захмдор бўлди. Жангда қатнашган мўътабар кишиларнинг сўзларига қараганда ўруслардан 150 кишига яқин одам талафотга учрабди. Аммо 30 та чўян тўп, бир неча пилта милтиқ ва бошқа нарсалардан жуда кўп заҳира ўруслар қўлига ўтибди.

Сунбула ойининг ўрталарида Самарқанд жинироли (Шаҳрисабз) шаҳрига кириб, шаҳар аъёну ашрофини жамъ этиб, Шаҳрисабз Бухоро аморатига таалуқли эканини эълон қилиб аҳолини тинчитди, кейин Китобга келди. Шу ерда амир Музаффар Шаҳрисабзга юборган янги маъмур ва зобитлар билан мулоқот қилиб, вилоятни Бухоро амирининг мутасаддиларига топшириб, Самарқандга қараб жўнади. Шу аснода у эшитдики, Шаҳрисабз волийси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғли ва унинг ноиби Қаландар эшик-оғосининг ўғли Жўрабек додхоҳ Моғиён қасабасида 3 мингга яқин лашкар тўплаб кутиб турибди ва агарда рус аскарлари Шаҳрисабзни бухороликларга бериб қайтсалар, бухороликларни Шаҳрисабздан ҳайдаб, яна вилоятни ўз қўлларига олармишлар. Шунинг учун жинирол Китобдан Фаробга келди. Шаҳрисабз волийсини сипоҳи ила топмасдан Фароб аҳолисиға шундай эълон қилдиким, шу кундан бошлаб сизнинг қасабаларингиз Самарқанд музофотининг ҳайъатига тегишлидир ва сизлар рус тобелигига киргансизлар. Яна бир маъмурни бир фавж ила Моғиёнга юборди ва юқорида айтган мазмундаги хабарни у ернинг аҳолисига ҳам эълон қилди. Шу ишлардан сўнг Самарқанд жинироли ўз аскарлари билан Самарқандга қайтиб кетди. Шаҳрисабз волийси Бобобек ўз акалари ва ноиби Жўрабек додҳоҳ ҳамда хизматкорлари билан анча муддат сарсону саргардон бўлиб, Фарғона чегарисига яқинлашди. Буни Худоёрхонга маълум қилдилар. Жаноби Худоёрхон ўз амирлари билан машварат қилди. Хоннинг акаси Султон Муродбек, умаро ва вузаронинг аксарияти бирлашиб дедиларки: «Агарда биз Шаҳрисабз волийсини Фарғона саройида қабул қилсак, Бухоро амири Ўрусияни бизга қарши қайрайди ва ўруслар биздан волий (Бобобек)ни талаб қиладилар. Агар уни ўрусларга берсак, шарманда бўламиз, агар ўрусларнинг хоҳишини рад қилсак, бу билан аҳду паймонини бузиб, уларга баҳона ва сабаб топиб берган бўламиз. Бунинг чораси шуки, Шаҳрисабз волийсига сафар зарурияти ва лузимотини тахтлаб, аввал уни меҳмон қилиб, кейин Кошғарга жўнатсак. Бу савобли фикр қабул бўлди. Саройнинг бир ишончли мулозамини узру маъни ила зиёфат ва меҳмондорчиликка даъват қилиш учун Бобобек олдига юбордилар.

Мазкур маъмур Шаҳрисабз волийсининг олдига келиб аҳволни тушунтирди ва ҳамма нақдини бериб айтдики, «Фарғона ҳокими сиздан узр сўраб ўз мулкида бир неча кун меҳмон бўлишингизни хоҳлайди ва кейинроқ Кошғарга борсангиз, сизни чегарагача кузатиб қўймоқни зиммамизга рламиз». Шаҳрисабз волийси (Бобобек) унга жавоб бердики: «Биз Қошғар сафарини хоҳламаганмиз. Биз Шаҳрисабздан бу томонга Бухоро амири зулмидан қочиб келдик. Бухоро амири бизнинг кўп улуғларимизни — ўлдирди. Бизнинг ўртамизда кўҳна адоват бор. Биз Самарқанд жиниролининг олдига бориб таслим бўлмадик, чунки у Бухоро амирининг ўнг қўлидур. Агарда унга таслим бўлганимизда эди, эҳтимол, жинирол амирдан пора олиб, ўзини Туркистон сипоҳсолари Кауфманга яхши кўрсатиш учун бизни Бухоро амирига топширган бўлур эрди. Агарда Фарғона хонининг (Худоёрхон) ўаи бизни авлодимиз ила Кауфман ҳузурига юборса маъқул эрди. Самарқанд жинироли ва бошқаларнинг воситасисиз ўзимиз Туркистон сипоҳсолари Кауфманга таслим бўламиз. Бизнинг мақсадимиз шу, чунки Русия давлати буюкдур ва уларнинг қонун ва низомларида асирлар ва таслим бўлган кишиларни ўлдириш қоидаси йўқдур. Буни биз кўп мўътабар кишилардан эшитганмиз.
Кўп жойларнинг ва вилоятларнинг ҳокимлари, масалан, тоторлар, черкаслар ва бошқа ғайридинлар ўрусларга асир тушганда, уларни ўлдирмасдан тарбия қилганлар. Бинобарин, биз сафар саргардонлигидан кўра яхшиси, Тошкандга бориб, ўрусларга таслим бўламиз, агар ҳазрати Фарғона хони бизларни ўз элчиси билан Тошкандга жўнатса, ундан рози ва хушнуд бўлардик».

Мазкур маъмур бу сўзларни Шаҳрисабз волийсидан эшитиб, хон ҳазратлари олдига келиб, ҳаммасини арз қилди. Хон жаноблари волий илтимосини қабул айлаб, йўл эҳтиёжи ва харажатини хазинадан бериб юборди. Шаҳрисабз волийси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғлини баъзи шахсий мулозимлари ва ноиби Жўрабек додҳоҳ Қаландар эшикоғоси ўғли билан бирга Хўқанддан яна бир элчи қўшиб, Тошкандга жўнатдилар.
Уларнинг қолган қариндошларини, уруғларини Бобобек парвоначи илтимосига кўра Фарғонада қолдирдилар ва уларнинг мартаба ва мақомларига қараб, хазинадан маош муқаррар қилдилар.
Абдулмалик тўра ғозий Самарқанд жинироли билан Қаршида жанг қилиб талофотга дуч келгач, Оллоҳ иродаси ила бир муддат Урганж ва Афғонистонда мусофират заҳматини чекди. У ёқлардан Фарғона мамлакатига келиб, бир неча кун Фарғона хонининг дарборида меҳмон бўлиб, ўз хоҳиши ила Кошғарга ўтиб кетди ва бир неча вақт шу ерда яшади. Кейин Бритониё Азимага кетди. Маккаи мукаррама зиёратиға борган мўътабар кишиларнинг айтишларича, фозил амирзода ҳозир Ҳиндистонда иззату икром, офият ва саломат маснадида ўтурган эканлар. Ва бу жумлалар ҳам ғаройиб воқеаларнинг баёни эди ва биз уларни мухтасар ёздик.

011

ИЛОВА
Рус тилидан Шодмон ВОҲИД таржимаси
04

ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАННИНГ БУХОРО АМИРИ
ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИ САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА ТАКЛИФ ҚИЛҒОН СУЛҲ ШАРТЛАРИ

1

Аълоҳазрат Русия императори жаноблари ҳукуматига мансуб бўлган ерларга олдин руслар томонидан ишғол қилинган Кошғар, Довон ва Нурота тоғлари шимолидан ташқари Ой подшоҳ тобелигига ўтишини илтимос қилган Самарқанд шаҳри ўз музофотлари билан киради. Жануб томондан бу ўлка Шаҳрисабз тоғлари бйлан чегараланиб, Зарафшон водийси вв Нурота тоғлари ўртасидан ўтади. Бухоро билан бўладиган чегара эса, шу сулҳ битими Амир жаноби олийлари томонидан таклиф қилинган шартлар билан қабул қилиниб, улар ўз муҳрларини босиб қайтаргандан сўнг аниқланади. Шундан сўнг чегара ғарб томондан Нурота тоғларининг энг баланд жойидан ва Бухоро ҳудудида жойлашган Нурота қалъасидан ўтади. Шу ердан Қизилқум саҳроси ўртасидан ўтиб, Бўкантов орқали Янгидарё қуйилишигача етади.

2

Ҳамма рус фуқаролари, қайси динда бўлишларидан қатъи назар, Бухорога ва унинг бошқа шаҳарларига бориб савдо қилиш ҳуқуқига эга бўладилар, Бухоро амирининг фуқаролари ҳам илгаригидек Русия империяси билан савдо қилишларига ижозат берилади.
Амир жаноби олийлари Русия фуқароларини карвон ва барча мол-мулклари билан муҳофаэа қилиб, уларни ўз мулки ҳудудида хавфсизлигини назорат этади.

3

Русия тожирлари учун Бухоро шаҳарларида ва улар хоҳлаган жойларда, ўз товарларини сақлаш учун карвон саройлар қуришларига ижозат берилади. Русия шаҳарларида ҳам Бухоро тожирлари учун шундай ҳуқуқ берилади.

4

Савдо ишлари тўғри боришини ва қонуний бож олинишини назорат қилиш учун рус тожирлари хоҳишларига қараб Бухоро амирлигининг ҳар бир шаҳарида уларнинг карвонбошилари бўлишига ҳуқуқ берилади. Туркистон ўлкасига қарашли шаҳарларда Бухоро тожирларига ҳам шундай ҳуқуқ берилади.

5

Русия еркдан Бухорога ва ёки Русияга шу ердан борадиган ҳамма товарлардан Туркистон ўлкасида олинадиган миқдорда, ҳар ҳолатда Бухоронинг мусулмон фуқаролари билан бир хил, яъни товарнинг умумий қийматидан 2,5 фоиз миқдорида бож олинади.
Бу шартлар Самарқанд шаҳридан 1868 йил 11 май куни жўнатилган. Туркистон Генерал Губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони Генерал-адютант фон Кауфман имзоси.

БУХОРО АМИРИ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИ САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА
ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН ТАКЛИФ ҚИЛГАН СУЛҲ ШАРТЛАРИГА ИЛОВАЛАР

1

Русия императори аълоҳазрат жаноблари ва Бухоро амири жаноби олийлари мулкларининг чегара чизиғи жанубда Шаҳрисабз тоғларининг энг баланд жойларидан Зарафшон водийсига туташади, сўнгра Каттақўрғон ғарбидан бошланиб, Зарафшон водийси ўртасидан ўтади ва Оқтов, Нурота тоғлари билан кесишади. Сарҳад кейин Нурота тоғларининг энг баланд чўққиси орқали ўтади. Нурота қалъаси эса Бухорода қолади. Шу ердан бошлаб, яъни Қизилқум саҳросидан то Бўкантовгача, шунингдек, мазкур тоғлардан Янгидарё этакларига қадар бўлган жойлар ҳам Русияга ўтади.

2

Шу чегара чизиғидан Шимол ва Шарқ томонда жойлашган ҳамма ерлар Аълоҳазрат Русия императори жаноблари тасарруфи ва тобелигига ўтади ва шу чизиқдан жануби ғарбдаги ерлар Бухоро амири жаноб олийлари ихтиёрида қолади.

3

Сулҳ имзолангандан кейин, чегара чизиғи Бухоро амири жаноби олийлари юборадиган элчи ва Туркистон генерал-губернатори тайинлайдиган ваколатли шахсдан иборат бўлган махсус ҳайъат томонидан белгиланади. Чегарани аниқлаш ҳайъатига Русия императори қўшинидан посбонлар гайинланади.
Генерал-адютант фон Кауфман таклиф қилган ва Бухоро амири жаноби олийлари қабул қилган 2, 3, 4, 5 ва 6 сулҳнома шартлари ўзгартирилмайди.
Бу иловалар Каттақўрғондан 1868 йил 23 май куни юборилган.
Туркистон генерал-губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал-адютант фон Кауфман имзоси.

ГЕНАРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН ТОМОНИДАН БУХОРО АМИРИ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИ
САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА ТАКЛИФ ҚИЛГАН
СУЛҲНОМА ШАРТЛАРИНИНГ  МАХФИЙ ИЛОВАЛАРИ

1

Бухоро Амири Жаноби олийлари Русия давлати билан чин дўстликда яшаш ва жаноби аъло-ҳазрат Русия империяси подшоҳи аъзамнинг ҳомийлигини олиш учун шу йилдаги жанг харажатларини қопАаш учун 125000 тилла миқдорида товон тўлайди.

2

125000 тилла пул ё кумуш билан тўланади ва ҳар бир тилла 20 танга ҳисобланади.

3

Жаноби олийлари шу шартларга имзо чеккандан сўнг Русияга тўланадиғон 125000 тилла ҳисобидан зудлик билан 10 минг тилла ундирилади. 90000 тилла 1868 йилда 21 майдан бошлаб 30 кун давомида тўланиши шарт. Қолган 25000 тилла кейинроқ, бир йил ичида тўпланиши керак.

4

Бухоро амири жаноби олийлари беклар чегарадан Русия давлати ҳудудига ўтуб қароқчилик қилмаслигини назорат этади. Улар Русия ҳукумати билан дўстлик муносабатида бўлишлари лозим.
Туркистон генерал-губернатори ўз томонидан Русия ва Бухоро билан дўстлик муносабатларини кейинчалик иккала ҳукумат ва давлатнинг бахт ва саодати йўлида ривожлантириш учун ҳамма чораларни кўради.
Бу шартлар Каттақўрғондан 1868 йил, 23 май куни жўнатилган.
Туркистон генерал-губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал-адютант фон Кауфман I нинг имзоси.
«Правительственный вестник», 1872, № 238

ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРИ, ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН I
ВА БУХОРО АМИРИ САИД МУЗАФФАР ЎРТАЛАРИДА ТУЗИЛГАН АҲДНОМА

1-модда. Русия подшоҳи жаноблари Императори аъзам ва Бухоро Амири жаноби олий мулкларининг ўрталаридаги чегара чизиғи ўзгармайди.
Амударёнинг сўл соҳилидан бошлаб Хева ерлари рус мулкига қўшилгандан сўнг ҳамда Бухррр Амири ва Хева хонининг илгариги ғарбий чегаралари, яъни Амунинг сўлидаги Холота мавзеидан Гугертли тўқай томонига борадиган чегара бекор қилинади.
Бухоро амирининг мулкига илгари Бухоро ва Хева чегараси бўлган Амударё соҳилининг сўл томони: Гугертлидан то Мишекли тўқайгача ҳамда Мишеклидан бошлаб илгариги Бухоро ва Хева чегараси ва Русия давлати чегарасигача бўлган ҳудуд ўтади.
2-модда. Хева хонлигидан Амударё соҳилининг сўл қисмидаги ерлар ажратиб олингани учун Бухородан шимолдаги рус ерларига борадиган ҳамма карвон йўллари фақат Бухоро ва Русия ерлари орқали ўтади.
Ҳар иккала ҳуқумат Бухоро ва Русия ўз ерлари ҳудудида карвонлар ва тижоратни муҳофаза қйлиш устйдан назорат ўрнатадилар.
3-модда. Амударёнинг Бухоро амирига мансуб бўлган қисмида Бухоро кемалари билан бир қаторда Русия давлати кемалари ҳамда хусусий кемалар учун эркин сузиш ҳуқуқи берилади.
4-модда. Амударёнинг Бухоро давлатига тегишли соҳилларида руслар хоҳлаган қулай жойларда рмбрр ва бандар қуриш ҳуқуқига эгадирлар. Бу омбор ва бандарларни ҳимоя қилиш ишларини Бухоро ҳукумати ўз зиммасига олади. Бандар қурилиши учун белгиланган жойларни Туркистондаги русларнинг олий ҳукумати тасдиқлайди.
5-модда. Бухоро амирлигидаги ҳамма шаҳар ва қишлоқлар рус савдоси учун очиқдир. Рус тожирлари ва рус карвонлари амирлик ҳудудида эркин ҳаракат қилиб, маҳаллий ҳокимлар томонидан махсус ҳомийликка олинади. Рус карвонларининг Бухоро ҳудудидаги хавфсизлиги учун Бухоро ҳукумати жавоб беради.
6-модда. Русияда Бухорога ёки Бухородан Русияга олиб бориладиган рус тожирларининг ҳамма моллари умумий қийматидан 25 фоиз миқдорида бож олинади, Туркистон ўлкасида эса 1,40 қисм миқдорида бож олинади. Бу закотдан бошқа солиқ олинмайди.
7-модда. Рус тожирлари Бухородан бошқа қўшни жойларга солиқсиз товар олиб бориш ҳуқуқига эгадирлар.
8-модда. Рус тожирлари зарур ҳолатларда Бухоро шаҳарларида товарларини сақлаш учун карвонсаройлар қуришга ҳуқуқлидирлар.
9-модда. Савдо жараёни тўғри бориши ва ёрлиқ олишнинг қонуний бўлиши учун ҳамда маҳаллий ҳукумат билан тижорат ишларини олиб брриш учун рус тожирлари Бухоро шаҳарларида тижоратхона очишга ҳақлидирлар. Бухоро тожирлари учун Туркистон ўлкасида ҳам шундай ҳуқуқ берилади.
10-модда. Русия ва Бухрро ўртасидаги савдо мажбуриятлари ҳар иккала томонлама муқаддас саналади ва бузилмаслиги шарт. Бухоро ҳукумати савдо ва умуман тижорат ишлари одилона бўлишига кафолат беради ҳамда улар устидан назорат қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
11-модда. Русия тобелари Бухоро фуқаролари билан бир қаторда Бухорода шариат талабларига қараб, ҳар хил иш ва касблар билан машғул бўлиши ҳуқуқига эга бўладилар. Бухоро фуқаролари ҳам рус мулкларида Русия қонунлари ижозат берган барча фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақлидирлар.
12-модда. Русия тобелари амирлик ҳудудида хусусий мулк, яъни уй, боғ, ер сотиб олишга ҳуқуқлидирлар. Бу мулкдан Бухоро фуқаролари билан бир хилда хирож олинади. Шундай ҳуқуқдан Русия империясида Бухоро фуқаролари ҳам фойдаланадилар.
13-модда. Русия тобелари рус ҳукуматининг чегарадан эркин ўтишга доир ижозатномаси билан Бухорога келадилар: улар амирликнинг ҳамма жойларига бориш ҳуқуқига эга бўлиб, Бухоро ҳукуматининг махсус ҳомийлигидан фойдаланадилар.
14-модда. Русия ҳукуматидан ижозати бўлмаган, қайси халққа мансублигидан қатъий назар ҳар хил кимсаларни Бухоро ҳукумати қабул қилмайди. Агарда Русия тобеларидан қонун йўли билан таъқиб этилаётган бирон бир жинояткор Бухоро ҳудудида яширинса, Бухоро ҳокимияти томонидан бундай кишилар тутиб олиниб, рус ҳукуматига топширилади.
15-модда. Ўрта Осиёдаги русларнинг олий ҳукумати билан яқин ва доимо муносабатда бўлиш учун Бухоро Амири ўзининг ишончли кишиларидан бирон шахсни Тошкентда доимий ва ваколатли элчи қилиб тайинлайди. Бу ваколатли элчи Тошкентдаги амир ҳовлисида Амир ҳисобидан яшайди.
16-модда. Русия ҳукумати ҳам Бухорода ўз доимий намояндасини Амир жаноби олийлари ҳузурида тайинлаши мумкин. (Бухородаги Русия ҳукуматининг вакили Русия ҳукумати ҳисобидан яшайди.)
17-модда. Русия империяси Подшоҳига ёқиш ва Императори аъзам жанобларининг обрўсини кўтариш учун Амир Саид Музаффар жаноби олийлари қарор қилади: бугундан эътиборан Бухоро ҳудудида абадул-абад инсонпарварлик қонунига зид бўлган одамлар билан савдо қилиш бекор қилинади. Шу қарорга биноан Саид Музаффар ўзинмиг бекларига шу мазмунда қатъий буйруқ жўнатади: агарда Бухоро чегарасидаги шаҳарлар юқорида зикр этилган фармонга қарши Бухоро фуқаролари учун бошқа қўшни давлатлардан қуллар олиб келтирса, улар билан савдо қилиш хат орқали тўхтатилади. Амир фармонига риоя этмай олиб келтирилган одамлар эса ўз хўжайинларидан тортиб олиб, озод этилади.
18-модда. Саид Музаффар чин қалбдан дўстлик ва қўшнйчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун Русия ва Бухоро ўртасидаги дўстона шартномани ҳамда 5 йилдан буён амал қилиб келаётган 17-моддани Бухоро саодати учун қўлланма сифатида қабул қилади. Бу шартнома икки нусхада, икки тилда рус ва туркий тилларда ёзилди. Тасдиқлаш нишонаси учун Саид Музаффар ўз муҳрини босди ва уни ўзига ва ворислари учун қўлланма сифатида қабул қилди.
23 сентябрь 1873 йил, 1290 йил шаъбон ойининг 19-куни

«Правительственный вестник» 1873, № 300.

043

150 yil avval —  1865 yilning  15-16 iyun` kunlari milliy tariximizning eng fojiali voqealaridan biri yuz berdi: Toshkent bosqinchi rus qo’shinlari tomonidan ishg’ol qilindi. Saytimiz shu munosabat bilan Toshkentni zabt etilishi voqealariga bag’ishlangan tarixiy asarlar va maqolalar turkumini taqdim etishni boshlaydi. Bugun ana shunday qimmatli tarixiy manbalardan biri bo’lmish Avaz Muhammad Attor Ho’qandiyning «Tarixi jahonnamoyi» («Dunyoni namoyon etuvchi tarix») kitobi bilan tanishasiz. «Tarixi jahonnamoyi»ning  benihoya  qimmatli asar  ekanini rad etmagan holda, undagi menga yohmagan bir jihatni aytmoqchiman.  Bu  muallif o’z  hukmdorini «sohibqiron» deb ulug’lab, Buxoro amirini uyat so’zlar bilan qoralashi bilan bog’liq jihat. To’g’ri, bunday «maddohlik» nafaqat Qo’qon, shuningdek, Buxoro va Xiva tarixchilari asarlarida ham uchraydi. Aslida, o’sha davr hukmdorlarining birontasiga  buyuk Temur bobomizga nisbatan qo’llanilgan  «sohibqiron»dek faxrli atamani aytishning o’zi uyat. Ularning hammasi   rus bosqiniga qarshi  bir yoqadan bosh chiqarib kurashish o’rniga bir-biriga qarshi fitna qo’zg’agan, yurtga kirib kelayotgan  dushmanni raqibiga gij-gijlagan, millat va yurtni himoya qilolmagan salohiyatsiz, farosatsiz  hukmdorlar edi. Ularni tarix tarozisiga qo’ysangiz,  barchasining irodasizligi, qat’iyatsizligi va nodonligi teng keladi.
To’g’ri, Hayitmetov domla yozganlaridek, «Tarix shuni ko’rsatadiki, xonlar bilan xonlarning, amirlar bilan amirlarning, beklar bilan beklarning farqi bor. Birlari o’zidan yaxshi nom qoldirish uchun kurashgan va yashagan bo’lsa, ikkinchilari ko’p vaqt o’z huzur-halovatini, boylik orttirishni, bor narsalarni buzishni, yo’q qilishni o’ylagan, yaratuvchilik g’oyasidan yiroq yurgan». Afsuslar bo’lsinkim, bu fikrning ikkinchi qismini   bosqin arafasida Turkiston bo’laklariga egalik qilib, hukmfarmolik qilgan «sohibqiron»larning hammasiga nisbatan to’liq qo’llash mumkin. Bu davr egalarining  samarasiz va ma’nosiz hayoti va faoliyatini anglash uchun Muhammadhakimxon to’raning rus bosqinidan avvalgi muhit xususida, Qo’qon, Buxoro va Xiva taxtlarida o’tirganlarning  qiyofasi haqida hikoya qilguvchi «Muntaxab at-tavorix» asarini sinchiklab o’qib chiqishning o’zi kifoya. Oldin ham yozganimdek, men bu asarni   uyatdan yuzim lov-lov  qizarib o’qigan  edim.

Millatini, Vatanini sevgan inson o’tmishdagi g’alabalardangina emas, , millat tarixidagi eng qora va uyatli sahifalardan  ham xabardor bo’lmog’i kerak. Buyuk Abdulla Qodiriy yozganidek:»Moziyg’a qaytib ish ko’rish xayrlik, deydilar. Shunga ko’ra mavzu’ni moziydan, yaqin o’tkan kunlardan, tariximizning eng kirlik, qora kunlari bo’lg’an keyingi «xon zamonlari»dan belguladim…»

Xurshid Davron

09
ASAR HAQIDA
Shodmon VOHID,
tarix fanlari doktori
04

XIX asr o’rtalaridagi Qo’qon madaniy muhitida tarixnavislar maktabi ham alohida o’rin tutadi. Ikki jildli «Tarixi jahonnamoyi» («Dunyoni namoyon etuvchi tarix») kitobi muallifi Avaz Muhammad Attor Xo’qandiy ibn Mulla Ro’zi Muhammad So’fi Attor shu davr solnomachi-adiblarining eng zukkosi va nuktadoni hisoblanadi. Qo’qondagi boshqa tarixnavislar kabi Avaz Muhammad Attorning hayoti va ijodiy faoliyati haqida kam ma’lumotga egamiz. Hatto bizgacha yetib kelgan asarlari ham uning tarjimai holi haqida yorqin tasavvur bera olmaydi.
Ba’zi dalillarga suyanib, uni XVIII asr oxiri yoki XIX asr boshlarida tug’ilgan deb hisoblash mumkin. U otasidan attorlik kasbini meros qilib oladi. Avaz Muhammad tabiblik, kotiblik bilan ham shug’ullangan. Uning madrasada tahsil olgan-olmaganini bilmaymiz. Ammo Avaz Muhammadning sharq tillari (arab, fors, turkiy) va adabiyoti bo’yicha g’oyat bilimdon ekanligini, umuman, o’z davrining yetuk ma’rifatli kishilaridan bo’lganligini «Tarixi jahonnamoyi» asari isbotlab turadi. U umrining so’nggi yillarini tarix bitmakka bag’ishladi. 1872 yilda ikki jildlik «Tarixi jahonnamoyi» asarini yozib tugatdi.

Bu asar dastlab V. Nalivkinning «Kratkaya istoriya Kokandskogo xanstva» (Kazan`, 1886) kitobida tilga olinadi. «Tarixi jahonnamoyi» yaqin-yaqingacha biror-bir tadqiqot uchun mavzu qilib olinmadi.  N. D. Mikluxo-Maklay, R. N. Nabiev, CH. S. Storilarning tavsiflarida asarga qisqacha ta’rif berib o’tilgan. Avaz Muhammadning ba’zi ma’lumotlaridan A. Qayumov, V. Romodin, T. Beysembiev, E. Xurshut kabi olimlar ham foydalanishgan.

Asarning birinchi jildida qadimgi davrlardan to muallif zamonasigacha bo’lgan butun dunyo tarixi hikoya qilingan. Unda XVIII—XIX asrdagi Turkiston tarixi bo’yicha ham juda ko’p materiallar mavjud. Mazkur jild qandaydir yo’llar bilan Rossiya Fanlar Akademiyasining Osiyo muzeyiga keltirilgan bo’lib, hozirgi paytda ushbu muallif nusxasi SSSR FA Sharqshunoslik institutining Leningrad bo’limida saqlanadi. Bu haqdagi ilk axborotni akademik V. V. Bartol`d asarlarida o’qiymiz. U 1902 yilda yozgan bir maqolasida: «Rossiya FA Osiyo muzeyida Avaz Muhammad asarining yakkayu yagona nusxasi» saqlanishini zo’r qoniqish bilan qayd etgan edi. Ammo u Avazning qo’lyozma nusxasini «Tuhfatut tavorixi-xoni» («Tarixning shohona tuhfasi») deb ataydi. (Bartol`d V. V. Otchet o komandirovke 1902. Sochinenie, G. VIII. s. 206.)
Kitobning yozilishi sabablari to’g’risida muallif shunday yozadi: «Men, bu avroqning musannifi, attorlik rastasida ishsizlikdan bir necha qop dorularni sotish bilan shug’ullanardim. Mening muhtojligimdan ko’p yaqinlarim va eski qadrdonlarim ogoh edilar. Biz ko’proq forsiy kitoblardan parchalar va nusxalar ko’chirardik. Shu vaqtda «Muntaxab ut-tavorix» nomli kichkina kitobcha qo’limizga tushib qoldi. Undan yana bir nusxa ko’chirishni niyat qilib, uning har bobida keltirilgan rivoyatlarning ixtiloflariga ko’zimiz tushdi. Shuning uchun biz do’st-birodarlarimizdan har turli tarix kitoblarini so’rab oldik.
Olloh inoyati ila ulardan foydalanib, bir kitob bitdikkim, uni o’qigan har bir muxlis tahsin va ofarin aylar. Umid qilamizkim, mo’minlarning majlisida va har manzil bazmida uni o’qib, farahmand va xursand bo’lg’aylar.
Kitob hazrati Odam alayhissalom tarixidan boshlanib, to shu vaqt, Said Muhammad Xudoyorxon zuhurigacha bayon qilinadi…
Zamona podshohlari va dorulmakon umarolari in’om va iltifot uchun menga bir dirham ham bermaganlar. O’zim o’z bechoraligimdan yodgorlik uchun deb shu nusxani Olloh madadi ila ziynat berib tugatdim». («Tarixi jahonnamoyi», 1 jild, 834-a — 835-a varaq).

Muallifning bunday ijodiy mustaqilligi asar mazmuni va g’oyaviy-siyosiy yo’nalishiga o’z ta’sirini o’tkazgan, albatta. Avaz Muhammad asarida izchil xalqchil ruh hukmronligiga ham shu sabab bo’lsa, ajabmas. Avaz Muhammad o’z ishida badiiy tasvir vositalaridan unumli foydalanib, zamonasining yuksak didli kitobxoni saviyasiga moslab tarix yaratdi. Asarning tili, uslubi, bayon etish vositalari bugungi kunda hatto tadqiqotchilarni ham hayratda qoldiradi. «Tarixi jahonnamoyi» asari birinchi navbatda Qo’qon xonligi tarixini yoritib berishga qaratilgan. E’lon etilayotgan parchalardan ko’ramizki, Avaz Muhammad o’z davridagi hukmronlarni qo’rqoqlikda, e’tiqodsizlikda ayblab, qattiq tanqid qiladi. Tarixnavis Turkistonning ruslar tomonidan bosib olinishini qoralaydi. U har qanday urushlarga va o’zaro nizolarga, qonxo’rlikka qarshi ekanligini o’z asarida namoyon etadi. Manbalarning keng qamrovli ekanligi asarning boy va isho-narli chiqishida muhim o’rin tutgan.

Birinchi jildda ko’chirmalar olingan kitoblarning soni qirqdan oshadi. Qo’qon xonligining tashkil topishidan to XIX asrning 60-yillarigacha bo’lgan tarixga bag’ishlangan ikkinchi jild esa asl manbalar asosida yaratilgandir. Bundan tashqari, Avaz Muhammadning o’zi Umarxondan (1810—1822) boshlab to Xudoyorxongacha (1866—1875) hukm surgan xonlarning shohidi bo’lgan. U, shuningdek, boshqa juda ko’p guvohlar, turli voqea-hodisalarda faol ishtirok etganlarning ma’lumotlaridan hamda Qo’qon tarixnavislari asarlaridan foydalangan. Xonlik tarixi ming urug’i sulolasi xonlarining hukmronlik davriga qarab, tartib bilan bayon etiladi.

Qo’qon xonligining tarixi bu hududga kiradigan barcha millat va elatlarning ham tarixidir. Bu vaqtda hozirgi Tojikistonning janubiy tumanlari, g’arbda Samarqandgacha, shimolda hozirgi Turkiston shahrigacha, sharqda esa Qoshg’argacha bo’lgan sarhadlar Qo’qon hokimlari tasarrufida edi. Shu jihatdan «Tarixi jahonnamoyi» XVIII—XIX asrdagi elatlarning o’zaro hamkorligi tarixi bo’yicha ham muhim manbadir. Qo’qon xonligining ruslar bostirib kelishi arafasidagi ichki ahvoli, Buxoro bilan aloqalarning kechishi, shuningdek, Turkistonning chorizm tomonidan bosib olinishi haqida muallif guvohlik bergan hikoyalar asarning eng qimmatli boblari sanaladi. Shu vaqtgacha munozarali bo’lib kelgan mazkur masala ochiqligicha qolib kelmoqda. Ushbu muammoga doir ko’pgina tadqiqotlar mahalliy tarixnavislarning asarlarini hisobga olmagan holda yozilgan edi. Mahalliy tarixchi-mualliflarning hukmlariyu xulosalarini rasmiy mafkura mezonlariga solib qarash mantiqqa to’g’ri kelmaydi. Bizning dastlabki hisobimizcha, Qo’qon xonligi tarixiga doir 30 dan ortiq yirik asar mavjud. Ular hali-hanuz o’z tadqiqotchilarini kutmoqda.
Biz Avaz Muhammad asaridan Turkiston tarixidagi nihoyatda muhim voqealarni aks ettiruvchi bir necha bobni e’tiboringizga havola etamiz.

005
Avaz Muhammad Attor Ho’qandiy
TARIXI JAHONNAMOYI
Fors-tojik tilidan Shodmon Vohid tarjimasi
04

Turkistonda bo’lgan dahshatli hodisa va noxush voqealardan keyin janobi soqibqiron (Sulton Saidxon)ning behisob lashkar ila qilg’on harakat va junbushlari, hazrati Avliyoota fuqarosining shahidligi, o’rus kofirlarining bedodligi va ularga (Alimqul) amirlashkarning xatmu zafar bilan bergan tanbehi haqida so’z.

Sichqon yili — tarix 1281 yil zul-hijja izzuhu oyi o’rus kofirlar beadablik ila Olmaota mavzeidan hayosizlikning toshloq biyoboniga bemurodlik qadamlarini qo’yub, Marka qal’asiga yaqinlashdilar. Bu qal’aToshkand viloyati tasarrufida edi. Qal’a aholisi bu holdan ogoh bo’lib, hammalari birlashib, Saddi Iskandardek himoyaga turdilar. Ular ichlari qora kofirlar daf’iga fursat poylab muntazir bo’ldilar. Ahli kuffor (kofirlar) musulmonlar jur’atini yaxshiroq ko’rib bildilarkim: qal’ani zabt etish ular uchun juda ham mushkuldur, hatto qal’aga yaqinlashishning iloji yo’qdir. Shunda o’ruslar pastkash va dag’al kishilarga xos bo’lgan makru hiyladan foydalandilar. Ularga yer tagini kovlash ishi osonroq va go’yo dardlariga malhamdek ko’rindi. Tez fursatda ular qal’a darvozasi tagidan chuqur qazib, ichini har xil dorivor ila to’ldirib, kechasi jahonsuz otash bilan yoqib yubordilar. Xiyonatkor kishilar doimo shunday qiladilar. Olov shu’lasi tez fursatda manziliga yetib, shunday portladiki, qal’a darvozasini o’z joyidan devori ila ko’tarib tashladi va uni yer bilan yakson etdi.

Qal’a aholisi buni ko’rib, ba’zilari amonat jonini g’animat bilib, tun qorong’isidan foydalanib qochib ketdilar. Ba’zilari esa jangga kirib zolimlar qo’lig’a tushdilar. (O’ruslar) shu dahshatli voqeadan so’ng qal’a imoratlarini yer bilan yakson qilib, mazkur oyning o’n ikkinchisida bu manzildan ko’chib, hazrati Avliyoota qal’asiga keldilar. Niyoz Ali bu viloyatning himoyasida turgan edi. U vaziyat tangligini bahona qilib, hamma odamlarini olib, Turkiston tomonga Mirzo Davlat xizmatiga ketdi. Shahar o’z hokimidan ayrildi. Farangi kofirlar (o’ruslar) qo’rqmasdan qal’a qamalini boshladilar. Ular to’rt tomondan shahar ichini to’pga tutdilar. Viloyat fuqarosi har bir ko’cha va bozorlarda g’ayrat va jur’atni o’zlariga qalqon etib, shahar darvozasidan chiqib, ul lain kofirlar ila qattiq urush qildi. Bu ham natija bermadi va ular chekinib, qal’a ichiga yashirindilar.

Shaqovat ahli fuqaroni o’zlariga noloyiq ko’rdi va ularning jur’ati oshib, qal’a devorlarini to’pga tutgan holda darvozaga yaqin keldilar. Aldab, tutun bosishidan foydalanib, tezda bitta to’pni ichkariga olib kirishdi. Fuqaro o’z ahlu ayolini g’ayrat ila mudofaa qildi, uch kecha-kunduz ko’cha va bozorlarda turub, xotun va bolalari bilan og’ir jang olib bordilar. Bunday urush hali biron bir podshoh davrida bo’lmagan edi. (Avliyootaliklar) Chimkent yo’liga intizorlik bilan ko’z tikib, Toshkent hokimi Nor Muhammad qo’shbegidan madad va yordam kutar edilar.
Bu nomard (Nor Muhammad qo’shbegi) ikki oydan beri Chimkentda makon tutgan edi va hamma voqeani bilib turib, bechoralarga biron madad bermadi. Olloh taolo amiri kabir umrini uzun va davlatini fuzun aylasinki, unga yaxshi tanbih berib olamga ibrat qilib ko’rsatdi.

Nihoyat, fuqaroning ahvoli tang bo’lib, omonlik berishni so’radilar. Kofirlar bundan xabar topib, qatlni to’xtatdilar, yarashish rejasini tuzib, sulhga rozi bo’ldilar.
Ikki tomon ham o’z o’liklarini jang maydonidan chiqarib, o’z oyin va dinlariga ko’ra dafn qildilar. Musulmon aholisidan shul urushda bir mingu olti yuz erkak va ayol, kattayu-kichik shahidlik darajasiga loyiq bo’ldi. Kofir maqtullar qurbonining soni bu hisobga kirmaydi.

Bu voqealar yuz berayotgan vaqtda bir necha ming o’rus va ko’pgina qazoq (kazak) sarbozlari Oqmasjiddan (keyingi) Yassi, ya’ni Turkiston shahrini muhosara (qamal) qila boshladilar. Bu yerning hokimi Mirzo Davlat shijoat va mardlik namunasini ko’rsatdi, o’z lashkari bilan kofirlar urdusiga qarshi chiqib, og’ir jang boshladi va shaharga qaytmoqchi bo’ldi. Ammo (Mirzo Davlat) kelib ko’rsa, viloyatning qallob, kasofat va buzg’unchi kishilari oldindan o’ruslarga sotilib, ularning xizmatlarida yurgan ekanlar. Ular viloyatni kofirlarga taqdim qilib, shahar darvozasini musulmonlarga ochmadilar. Ular qal’a devorlarini teshib, kofirlarni shaharga qo’ygan ekanlar. (Mirzo Davlat o’z sarbozlari bilan) bu xiyonat xabarini eshitib, afsusu nadomat qilib o’z joyiga qaytdi. Ular kechani bir nav’ o’tkazib, erta bilan Toshkent viloyatiga yo’l oldilar. Yo’l-yo’lakay Chimkentga kirib, mazkur Nor Muhammadni ko’rmasdan, Qoraqamish mavzeiga yetib keldilar va hazrat Miyon Xalil Sohib bog’iga tushdilar. Bu xabarlar va shu mojarolar janobi amir Sulton Saidxonga tez-tez yetkazib turilardi. Bundan sohibqiron ruhida g’ayrat, shijoat va mardlik qaynab ketib, sipohlik anjom va asboblarini tayyorlab, urushga otlandi. (Xon) sa’yi balig’ (ulug’ harakatlar) ko’rsatib, viloyatning har tomoniga, muzofot sarkardalariga, qasaba sardorlariga marg’ub inoyatnomalar jo’natib, qo’shin jamlashga kirishdi.

AMIR SAID XON SOHIBQIRONNI O’RUSLARGA QARSHI QILG’ON YURISHI
VA MALIKI MUSTA’ON INOYATI ILA FATHU ZAFAR TOPG’ONI HAQIDA

Janobi sohibqironi (Sulton Said xon) subhon (olloh) inoyati va xudo muruvvati nurlari ila komronlik masnadi va shodmonlik davlatiga suyanib, barqaror va osoyishta edi. Adolat nurlari va inoyat partavi odamlar yuzida va ra’iyat hayotida ko’rinardi. Janobi humoyun xotiralari mamlakat xarobaligi va unga yetkazayotgan halallarni isloh qilish yo’liga tushdi. Bu tinch viloyatning xosu omiga davr hodisalari ko’p jafolar yetkazardi. U kishi zulm va taaddini yo’qotib, keyin osoyishtalik ila hukm surmoqchi edi. Zamona hodisalarining qazosidan va nogahonlik alomatlaridan shul tarix safar oyining o’rtasida ketma-ket janobi sohibqironga dahshatli xabarlar kela boshladikim, o’ruslar lashkari har tomondan kelib, bir qism Marka, Avliyoota qal’alari, yana bir firqasi esa Turkiston fathiga azm qilib, fitna otiga minib, ahli davlat ko’zlariga dushmanlik va xarobachilik changini sepibdurlar. Yana bul nobakor kishilar (o’ruslar)ning boshida Chimkent va Toshkandni olish fikri paydo bo’layotgan emish. Umidimiz shulkim, a’lo hazrat shijoat bayrog’i ila bu diyorga kelib, yongan bu olovni mardlik suvi bilan o’chiradilar, bo’lmasa (toqatimiz toq bo’lib) «pichoq suyaklarimizga yetadi». Qit’a (mazmuni):

Agar shoh shamshirnning kuchi bo’lmasa,
Shaharda har xil sho’ru balolar bo’lar.
Kimki yaxshini yamondan ajrata olmasa,
Har fitna qo’lidan kelsa qilar.

Bizning iltijoimiz shuldurkim, janobi sohibqiron biz tomonga tez harakat qilib, zafar bayrog’ini ko’tarsunlar. Bayt:

Xalqni kuyduradigan olovni
O’chirmasdan boshqa iloj yo’q.

Bu xabarni eshitib hazrati sohibqiron harakat qilishga azm etdi va hamma qasaba, viloyatlarga farmon va inoyatnomalar jo’natib, islom dini orqali ta’kid va tahdid ko’rsatib, qo’shin yig’ishga kirishdi. Xon farmonini eshitib har tomondan jasur askarlar va botir sarbozlar to’plashib keldilar. Ularning sanog’i falak yulduzlaridan ham ko’p edi. Hisobdon oqilu olimlar sipoh miqdorining ko’pligidan hayratda edilar. Hama humoyun o’rdasiga kelib, sohibqiron soyasida osoyish topardi…
Necha-necha manzillardan o’tib janobi xon (lashkari ila) Toshkandga kelib, istiqomat rejasini tuzdi. Bir necha muddatdan keyin qolgan qo’shin ham yetib keldi. Safar anjomlarining kamchiligini to’ldirib, asta-sekin Raxshsifat samand jilovini maqsad tomon tortdilar…

…Manzillar va mahallalarni kezib (xon) Sharobxona mavzeiga yetib keldi va baxt xaymasini johu jalol va shavkat ila falak avjiga urdi va shu yerni manzil qildi. Tun vaqti istirohat chog’ida Toshkand viloyati urug’laridan bo’lmish Niyoz Ali chaqqon kelib shunday xabar berdi: «O’rus kofirlar Chimkent viloyatiga ikki tomondan yaqinlashib, shaharga yarim farsax qolganda to’xtaganlar. Davlat arkonlari va maslahat sohiblari janobning ijozatisiz jangga kirmasdan sizning tashrifingizni kutub turubdilar. Omonsiz jangga (kelib) kirishlarini talab qilamiz». Bu xabarni eshitgach, (Sulton Said xon) Mulla Alimqulni sardor aylab, uni kuffor jangiga jo’natdi. Mulla Alimqul kech tunda ko’chib, himmat raxshini maqsud yo’liga haydadi. Sur’at bilan yo’llarni tay etib, quyosh chiqayotgan payti Chimkentdan o’tib, muddaosiga yetib to’xtadi. U bosharaf kishilardan maslahat so’radi. Ular, bor kuch-qudratimiz bilan dinimiz dushmanlariga qarshi urushaylik va zarba beraylik, shoyadki kofirlarga kimligimizni ko’rsataylik, degan qarorga kelishdi.

Shu payt Alimqul sardorni hujum qilish xabari dushman qulog’iga yetib, o’zlarini yo’qotib, vahimaga tushib, Oqmasjid va Turkiston kofirlarining oldingi manzilgohi bo’lgan joyida nusratasar lashkarning yo’lini Saddi Iskandardek to’sdilar. Ular atroflarida chuqur bir xandaq kavlab, hamma g’alla rrtilgan arava, otu tuyalari, asbobu ashyolari bilan mahkam o’rab olib, yo’lda qolib ketgan g’ariblarga o’xshab turdilar.

Mulla Alimqul eshikog’asi qo’liga zafar jilovini olib, iqbol ostonasiga qadam qo’ydi, sharafi esa osmon avjiga yetib, fathu zafar uchun askarlarga ishorat qildi…
Ikki tomondan ham harb nog’orasi va urush nayi chalindi. Musulmonlar tantanasi fazoda aks sado berardi. Dovul sadosi, yoshu qari faryodi arshdagi malak qulog’ini (ham) kar qildi.
G’azabnok suvoriylar va shiddatkor yigitlar dushman tomon hamla qildilar. Omonlik tovusi oromini yo’qotib, zog’ga o’xshab bir chekkada turardi. Ajal lochini urush maydonida parvoz qilib, ruh qushini sayd etardi. Qatl olovi shunday yonib ketdiki, osmon toqiga yetardi, urush shu’lasini ta’siri shunday ediki, uning nuri falakni yoritardi. Dilovar askarlar o’z jonlaridan kechib, shirin hayotni unutib, bahordagi chaqmoq qamishzorga urgandek, kurashga tashlandilar. Xususan, ahli islom kofirlarni qattiq jazoladilar, ularni jilo tig’i bilan urub, shijoat o’qini otib, boshlarini tanalaridan judo qilib tashladilar…
Ko’p kushoyishlardan so’ng zafar nasimi Olloh inoyati ila musulmonlar tomoniga esdi, kofirlar boshiga badbaxtlik tuprog’ini hovuchlab sepdi va ularni sharmanda qildi. O’ruslar tez orada omonlik so’rab, musulmonlar oldida tiz cho’kib bosh qo’ydilar. Imonli va farosatli musulmonlar ularga ozodlik berib, zafarpaykar otlarini chodirlari tomon surdilar.

Shu kunning ertasida firo’zlik xusravi bo’lmish quyosh o’zining jahontob va zarnigor bayrog’ini osmon qal’asida ko’tarib, zarfishon o’qlari bilan habash sipohi — qora tun qo’shinini parishon qilgan payt… ko’p o’rus kofirlar boshyalang, kulohlarini qo’lga olib, qo’rqib, uzr so’rash uchun Alimqul sardor huzuriga keldilar. Sovg’a-salomlarini tortiq etib, dushmanlik va adovat ruhidagi kalimalarni unutib, ular o’z maqsadlarini bayon qilishdi. Ikki tomon ham sulhga rozi bo’lishdi. Musulmonlar sulh vasiqasiga imzo qo’yub, (o’ruslardan) ikki lak miqdorida Rossiya tillosida pul talab qilishdi, bu esa Ho’qandi latifning 225 ming bir misqolli ashrafiysiga teng edi. Ular Turkiston viloyatini ham qaytarib berishga rozi bo’lishdi. (O’ruslar) ruxsat olib, o’z qo’shlariga qaytib ketishdi…

Mulla Alimqul sardor bu farahbaxsh xabarlarni hamma viloyat va muzofotlarga tarqatib chiqdi. Sag’iru kabir va g’aniyu sharif hamma joyda bir hafta xursandchilik qilib, bir-birlariga suyunchi berardilar. Nusratshior musulmonlar o’z ishlarida tog’dek mustahkam bo’lub, Avliyootadan kelayotgan kofirlarni kutib turardilar. Shu vaqtda kofirlarning bir necha ming nafari bir-biridan bexabar Chimkent mavzeiga yaqinlashib, xavfsirab, ko’rsichqonlar kabi baxillar qabriga o’xshagan chuqur va qorong’u joylarga (okoplarga — SH. V.) kirib ketdilar.

Bu voqealar tafsiloti janobi sohibqiron (Sulton Said xon)ga ma’lum bo’ldi va u huzuriga o’zining ahli davlat va ahli qonunini yig’ib, maslahat soldi. Martabali amirlar kayvon dargohida tillaridan purgavhar so’zlar sochib aytdilarkim: «Hozir dushmanga hujum qilib bo’lmaydi. Ularni to’rt tomondan muhosara (qamal) qilish kerak. Muhosara qancha cho’zilsa, shuncha foydalidir. Chunki kundan-kunga ularning oziq-ovqati tamom bo’ladi, islom lashkarining kuchi bo’lsa ko’payadi». Bu fikrlar davlat umarosiga ma’qul bo’lib, har bir sarkarda o’z qo’shini bilan dushman atrofini pargoldek qamab, (ulardan) boxabar bo’lib turdilar.

Safar oyining chorshanba yigirma ikkinchisi kunida bir necha ming kofir o’z «go’rxona»laridan to’satdan chiqib, islom lashkarini pisand qilmasdan ularga to’pu to’fangdan o’q otib, Chimkent qal’asi tomon yo’lga tushdilar. Kamozi taligacha yetib kelib, shu yerdan shahar qal’asini to’pga tutib, shunday urush boshladilarkim (ko’rgan) odamning jur’ati vahimaga tushib, hayratdan gung va lol bo’ldi.
Mulla Alimqul sardor janoblari har bir pahlavon guruhini har joyga tayinlab, Mingboy qo’shbegini o’zining orqasiga joylashtirdi. Mulla Alimqul eshikog’asining o’zi bir necha (dushman) bilan urushardi…
Kuffor sipohi (umid o’qi o’rniga) to’pu to’fangga zo’r berardi, musulmon lashkari esa ginayu adovatdan o’qlarini zaharlab kurashardi. Bu zarbalardan qo’rqqan kofirlar simobga o’xshab har tomonga oqib ketardilar va kabutarlarga o’xshab o’z jonlarini asrash harakatiga tushardilar…

Alqissa, ikki tomon ham shu xatarli qamda xavfli joyda matonat va sabot ila bir-birlari bilan qattiq olishdi. Farg’ona qo’shini ertadan kechgacha muhoraba qildi. Shuning uchun falak toqidagi malak shahodat qo’lini hayrat tishi bilan tishlab, shu urushni maqtardi… Oxirda zafar shamoli Farg’ona tomon esdi va kofirlar tor-mor bo’lib, qochishga ixtiyor qildilar… (Ular) bevafolik tuprog’ini muruvvat ko’ziga tashlab, (Rossiya) saltanati obro’yini fano bodi (shamoli)ga berdylar. Nazm (mazmuni):

Biri qo’lidan murod jmlovini berdi,
Yana biri havas oti tepasidan tushib ketdi.
Boshqasi o’qdonini yo’irtib behol bo’ldi,
Biri qanotsiz qushdek ucholmay qoldi.

Dushman sipohi qochib orqaga qaytishni ixtiyor etdi… Ko’p kishi ul otashafro’z tig’ tobidan, paykon shu’lasidan va jonso’z o’qdan jangda o’lib, zog’u itlarga yem bo’ldi. Nusratshior askarlar qo’liga urush asboblari va urush aslahalaridan ko’p g’animat tushdi.

Ahli kufforning bir firqasi Turkiston tomonga, boshqasi Avliyoota tarafga ketdilar. Musulmonlarning bir guruhi qochoqlar orqasydan quvib, sheru yo’lbarsdek hamla qilib, (o’ruslarni) ta’qib etib ketdi va bir manzil ular bilan urushib-urushib chekindilar.
Shu asnoda bir o’q kofirlar tomonidan otildi va shijoat jangalining sheri, yagona va farzona, ul dilovar va rustamzoda, mard, jasur lashkarboshi Mingboy qo’shbegi bahodir qipchoq bilagiga tegdi. Shu zaxmdan keyin butun qo’shin o’z manziliga qaytdi. Kofirlar musulmonlar qo’lidan butkul ozod bo’ldilar.
Mingboy qo’shbegi ikki kun rohat to’shagida yotib, uchinchi kuni shahodat darajasiga yetib, jannat tomon yo’l oldi.
Shundan keyin janobi sohibqiron fathu zafardan ollohga shukrlar qilib, nusratshior lashkarni joy-joylariga qo’yib, Chimkent qal’asi devorini yangitdan bino etdi. Endi (bu qal’a) Saddi Iskandari zulqarnayndan darak berardi.

Viloyat qal’asi qurilishidan keyin Chimkent va Toshkandni Mirzo Ahmad degan bir parvonachiga taqdim qilib, bir guruh ilg’or chegarachi merganlarni ko’mak (hamda qal’ani mustahkamlash) uchun qoldirdi.
Sartiya, qirg’iziya va boshqalar orasidan sohibqironga xiyonat qilganlarni jazolab, (Alimqul) zang bosgan xotirasiga sayqal berib, musaffo qildi va ko’ngli joyiga tushdi. Hamda Sulton Mahmud xon to’ra, Ulug’jon to’ra, lashkar boshliqlaridan Nor Muhammad qo’shbegi Muhammad Nazarbek parvonachi, Niyoz Ali dodhoh ponsodboshi shahodat darajasiga ko’tarildi. (Qatl qilindi — SH. V.)
Shundan so’ng Dlimqul sardor azamat jilovini Toshkand tomon tortib, yo’l bosib Toshkand viloyatiga kirdi va Sulton Said xon ostonasini o’pishga muyassar bo’ldi. O’n kun ichida bu yerni makon va istirohat uchun manzil qildi. Bir necha vaqtdan so’ng Sulton Said xon azamat jilovini Xo’qandi latif tomoniga ma’tuf qilib, yo’l oldi. Dashtu sahro va manzilu marohilni o’tib, 15-rabiul-avval, jum’a kuni (1281 yil) 3 manzilgohi bo’lgan o’rdaga kirib kelib, xusravona taxtga xursandlik va xushbaxtlik ila chiqdi.
Viloyat ra’iyasi va aholisi hukmdorning adlu insofi ila forig’bollikda yashardilar. Shu muqaddimadan keyin bu musavvada musannifi (ya’ni muallif — SH. V.) sohibqiron fathu zafari haqida bir munosib tarix aytdi…

O’RUS KOFIRLARGA QARSHI IKKINCHI YURISHGA SOHIBQIRONNING FARMON (BERISHI)
VA IQON MAVZEIGA KELIB KUFFOR BILAN QILG’ON URUSHI HAQIDA

Janob sohibqiron (Sulton Said xon) davlati azimga (Ho’qandga) qaytdilar. Shum kofirlar mahzul va mahrum bo’lib Avliyootaga keldilar. Bir necha kun osoyishtalik bilan harb olot-asbobini yangitdan taxlab, vaqtni g’animat bilib yana Chimkent irodasini qilib, Chimkent qal’asiga yaqinlashib qoldilar.
Kofirlarning dabdabali tarzda kelayotgani haqidagi xabar Mirzo Ahmad qushbegiga ma’lum bo’ldi. Mirzo Ahmad — zog’ kaklik raftoriga taqlid qilib, ertasi behisob lashkar ila kofirlarning yo’lini Saddi Iskandardek olish uchun Chimkent qal’asidan xiromon chiqdi… (Ular) tez kofirlarning makoniga kelib, raqibga qarshi muqobil saflandilar. Kofirlar bundan xabar topdi, ammo ular shuni bilardilarki, nobakor Mirzo Ahmad qushbegi kurashishga bel bog’lagan bo’lsa ham aslida u xo’roz emas, makiyondir. Kofirlarning g’ayrati qaynab, xavfli va xatarli ahvolda o’zlarini yo’qotmasdan to’pu tufanglari ila urushga kirishdilar.

Ikki tomon ham sa’yi harakat ila kamoli pahlavonlik ko’rsatib, sabtu qaror qadamini bosib, bir-birlari bilan jang qildilar. Oqibatda xudo amri ila kofirlarning qo’li baland keldi va musulmonlar orqaga chekinishga majbur bo’lib, Chimkent sari yo’l oldilar.
Mirzo Ahmad shu yerning sipohsolari bo’laturib, jur’atsizlik va qo’rqoqlik qildi. Chimkent qal’asida panoh topmay, Toshkandga qaytdi.
Piyoda islom askarlari imkon qadar kofirlarga qarshi kurashib, murodsizlikdan tushkunlikka tushgan holda nobakorlar o’qidan halok bo’laverdilar. Ular (o’ruslar) 1281 yil jimod ul-avval oyining uchinchisida, seshanba kuni Chimkent qal’asiga kirib, behisob bedodlik va yovuzlikni musulmon ahliga ravo ko’rdilarkim, bu ishlarga aql bovar qilmaydi.
Ba’zi shohidlarning guvohligiga qaraganda, o’ruslar urushdan so’ng shahid bo’lgan musulmonlarning jasadlarini sanab chiqqan ekanlar. Aytishlaricha, kattayu kichik, erkak va ayollardan 1376 kishi maqtul bo’lgan. Sipohning hamma asbob-aslahasi, bir qancha g’alla to’la ombor kofirlar qo’liga o’tdi. Yana ular vaqtni boy bermay, qochoqlarni ta’qib etib, Toshkand viloyatiga yetib kelib, Toshkand qal’asini qamal qilishdi. Bir necha kun dam olishgandan so’ng shaharga yaqinlashib, shunday yovuz bosqinchilik qilishdiki, odamzod aqli kofirlarning bunday jur’atiga hayron qoldi.
Ba’zi qo’rqoqlar qochib qoldilar, shijoatli kishilar esa hoziru nozir bo’lib, kofirlarning boshiga to’pu tufanglardan jaladek o’q yog’dirdilar va aksar kofirlarni yer bilan yakson qilib, ming azobu mashaqqat ila o’z qo’shlariga qaytdilar.

Shu voqealar ichida janobi sohibqironning kelish xabari ma’lum bo’ldi. Kofirlar (o’z joylariga) qaytib ketishdi. Toshkandliklar bu fathu zafarni eshitib, janobi sohibqironga behisob lashkar bilan bir necha kofirning boshini hadya va sovg’a sifatida jo’natdilar. 19-jumodul-avval, chahorshanba kunida bu bashoratli xabar ul xosiyatsiz boshlar bilan birga Ho’qandi latifga keldi.
Kabiru sag’ir, fuqarolar bir necha kun xursandchilik qildilar. Ketma-ket kelayotgan sovuq xabarlarni eshitib toqati toq bo’lgan janobi sohibqiron viloyatning har tomoniga mag’rub nomalar yuborib, o’zi bir necha kishi bilan o’n to’rtinchi jumod-ul-avval kuni tezda Toshkandga yetib keldi. Kofirlarning ketganini bilib, Toshkandni o’ziga maskan qildi. Qo’shin ahli ham birma-bir sohibqiron huzuriga kelib qo’shildilar. Kofirlar sohibqirondan qo’rqib, Chimkent qal’asiga kirib yashirindilar.

Shunday qilib, qish ham kirdi. Kundan kunga havo sovib, qoru yomg’ir yog’ib, yer yax-lab, qorning balandligi otu tuya ko’kragiga tegadigan bo’ldi. «Tuf desangiz muzlaydigan» havoda janob sohibqironning g’ayrati tushib, lashkar safidan 12 ming yosh yigitni tanlab, ularga Mulla Alimqulni sardor qildi va rajab oyining o’n to’rtinchisi, dushanba kunida Turkistonga kofirlarga qarshi jangga borishlarini buyurdi.
Shu vaqt havoning sovuqligidan his va harakat ruhi badandan soqit bo’lib, nafas tanadan xuddi po’st tashlaydigan ilonga o’xshab zo’rg’a chiqardi. Ayniqsa, Toshkanddan chiqib Qayrag’och mavzeiga yetib kelgan kun tunda shunday shamol ko’tarildiki, Od qavmini yo’q qiladigan to’fonga o’xshardi… (Musulmonlar)dan bir necha nafarining oyoq-qo’lini sovuq urdi, ba’zilarni yuzlari, ko’zlari muzladi, ba’zi kishilar esa aqldan ozib safdan chiqdilar. Bir g’aroyib ahvol yuz berdi. Lashkar tez sur’atlar bilan harakat qilib Chulek mavzeiga keldi. Odamlar manzil qilgan shu joyda kofirlar ham kichik qo’rg’on bino etib, bir dasta sarbozlarini himoya uchun qoldirgan ekanlar. Shu qavmdan qariyb 50 kishini o’ldirib, xotirlarni toza va musaffo qilib, Iqon qal’asi oldida qo’sh urdilar. Chun zim-ziyo tun qop-qora mag’ribga g’arq bo’ldi va zarnigor oftob maliki jabbor amri ila mashriqdan chiqdi, qal’ada g’aflat uyqusida qolgan odamlar devorlardan qarab, istirohat qilayotgan bir olam nusratasar askarlarni ko’rdilar. Ular vaziyat qanchalik og’irligini bilib, dushmanni ushlashdan boshqa chora yo’qligini fahmladilar. Qal’adagilar bir necha xiyonatkorni bog’lab, uzr so’ratish uchun janobi sulton Said xon xizmatiga (huzuriga) olib keldilar. Ularning har biri o’z qilmishlariga yarasha xoqon marhamatiga sazovor bo’ldi. Janobi oliy farmoyishlar ila bandilarning aksariyatini asfoli jahannamga jo’natib, shu kuni dam olmoqqa azm etdi…
Namozi asr va shom vaqti orasida ketma-ket shunday xabar keldikim, bir necha yuz o’rus kofirlari dabdaba bilan yaqinlashib kelmoqdalar. Bu xabarni eshitib, sohibqironning g’aflat uyqusi boshidan uchdi. Mardlik g’ayrati uning hamma payu suyaklarida harakatga kelib, ahli lashkarini qurollantirib, kofirlar yo’lini to’sish uchun jo’natdi. Sarbozlar dushman yo’lini hamma tomonlama bosib oldilar. Qoru muz otlarning ko’kragiga tegar, havo sovuqligi esa ifrot haddiga yetardi. Shu kechani sarbozlar ot ustida o’tkazdilar, ularning ko’pchiligini sovuq urdi. Kofirlar esa o’zlari kovlagan xandaqlarga kirib, yuz ming ranju azob ila kechani kunduz qildilar.

Quyosh maliki farhang amri ila mashriqdan bosh chiqarib, qorong’u zulmatni yorutdi. Islom lashkarining g’oziylari to’rt tomondan kofirlarga qarata o’q yomg’irini yog’dirdilar. Yosh pahlavon yigitlar otlarga minib, har tarafga chopib ketdilar, kofirlar esa vahimaga tushib, ularni o’zlariga yaqin yo’latmasdilar. Shunday qilib, kechgacha jang qilsalar-da, hech bir natijaga erisholmadilar. Kofirlar tog’dek mustahkam edilar. Aqlli odamlar o’z rasmu oyinlariga qarab, maslahat qilib, hiyla yo’lini tuttilar. Ular bir kecha-kunduzdan keyin har xil narsalar — namat, daraxt shoxlari, qoru muzdan qorabuyra yasab, uni oldilariga qo’yib, yumalatib kofirlar mavzeiga yaqinlashdilar. Ularning orqasidan panalab kelgan navkarlar to’satdan dushmanga hujum qilib, kofirlarni parishon holida nobud etdilar…
Battollardan o’ttiz-qirq kishi ot va tuyalarga minib, Turkiston sari qochishga tushdi. Mard sarbozlar bundan xabardor bo’lib, ularga yetib olib, aqlsiz kofirlarni miltiq bilan otib o’ldirishdi. Ming xil hiyla va nayrang bilan shu qavmdan 3—4 nafari qutulib, Turkiston qaya’asiga yetib bordilar. Sohibqiron (Sulton Said xon)ning kelishi ul razil qavmga ma’lum va oshkor bo’ldi. Turkiston qal’asining darvozasini uch kun ochmasdan ular kechayu kunduz hozir va nozir turdilar .

Janobi sohibqiron fathu zafardan keyin Turkiston qal’asiga nazar tashlamasdan, o’ljaga tushgan qancha narsa, to’pu tufangni olib, mol, otu tuyalarni haydab kelib, saodatmandlik bilan podshohlik taxtiga o’ltirib, qaror va osoyish topti. Agar u Turkiston qal’asiga (yana yurish qilib) borsa edi, kuffor va islom diyorining o’rtasida yana qirg’in va vayronagarchilik yuz berardi.
Qariyb olti oy poytaxtda turib, viloyatning har chekkasidan nodir moniysirat hunarmand ustalarni chiqarib, kechayu kunduz nayzayu tig’ va boshqa urush aslahalari yasaldi. Tez orada 70—80 to’pi jangiy muhayyo qilindi, bir necha ming sakkiz — o’n qarich keladigan sultoniy miltiq ham yasaldi. Qurol-yarog’larning adadi ahli hisobga ham ma’lum bo’lmadi. Shunday kuch-qudrat bilan dushmanga qarshi borishga qaror qilindi. Nihoyat, o’n ikkinchi zul-hijja oyida kofirlarning Niyozbek qal’asini olganligi to’g’risidagi xabari hamma joyga tarqaldi. Bu voqeaning bayoni shunday. Shanba kuni tunda (o’ruslar) o’g’ridek qal’a devorlaridan chiqib, to’pu tufanglaridan sozu navo chiqarib, g’aflatda yotganlarni uyg’otdilar. Tun zim-ziyo bo’lgani uchun kulfatzada kishilar bu dahshatli voqeadan xabar topib, ba’zilari o’zlarini daryoga, ba’zilari qal’a devoridan pastga tashladilar, ko’plari kofirlarga asir tushdilar.

Ertasiga rango-rang quyosh olloh amri ila boshini osmon darichasidan chiqarib, atrofni sof va nuroniy qildi. Har tarafga parishon ahvolda tarqalgan sarbozlar 19-zul-hijja, yakshanba kuni bu xabarni Ho’qandga yetkazdilar.
Zamona umarolari va fuqaroning katta-kichigi bu dahshatli voqeadan xotirlari parishon bo’ldi. Mazkur oyning yigirmanchisida janobi Sulton Said xon sur’at ila Toshkandga yo’l olishga farmon berdi. (Ho’qandliklar) chahorshanba kunida To’ytepaga yetib keldilar va bir kun shu yerda dam olib, orqadan kelayotgan lashkarni kutdilar. Juma kuni lashkar ila Farak, hozir Chirchiq nomi bilan mashhur, daryosidan o’tib, o’ylamasdan dushman sari yo’l oldilar…
Ahli kuffor musulmonlarning himmat va g’ayrat bilan kelayotganini eshitdi, islomning shukuhi kofirlar qalbini bosdi. Ular o’z joylaridan ko’chib, bir manzil orqaga Sho’rtepa mavzeiga kelib, o’zlariga qarorgoh qurdilar.

Janobi xon amirlashkari bilan birga kelib, Mingo’rik manzilida nuzul qildi.
Kechani istirohatda o’tkazib, ertasi shanba kuni Xovari a’zam (quyosh) maliki farhang amri ila mashriqdan urushni niyat qilib bosh chiqarganidanoq janobi shoh nusratpanoh lashkari bilan dabdaba-yu shavkat ila Sho’rtepaga yaqin keldilar. Ular uzoqqa otadigan to’pu to’pxona, sakkiz-o’n qarich keladigan qora qo’ndoqli miltiqlarni olib, sharhi yo’q saltanat ila sultoniy ko’slarni chalib, kofirlar tomon yo’lga tushdilar…

Mulla Alimqul amir lashkar Sulton Said xon fotihasini olib, dushman yoqasini mahkam tutib jangga kirishdi. Filni yiqitadigan shergir dilovarlar dushmanga qarshi bahri Xazarga o’xshab mavj urub, fitna va oshubga azm qildilar. Ertadan kechgacha ul nomsizlar bilan urushib, daryo mavjidek g’alayon ko’tardilar. Kech kirdi va kofirlar qaytish uchun nog’ora chalib, baxillar qabridan ham tor bo’lgan bir chuqur joyga (okoplarga — SH. V.) qaytdilar. Islom lashkari kechani uxlamasdan o’tqazib, mal’unlar manzilini halqadek bosib olib, subhi sodiqqacha barqaror turdilar.
Davlat arkonlari beodoblik ila arz qildilarkim, «askarlar hammasi tashna bo’lib och qoldilar, o’z qo’shlariga qaytib dam olishlari zarur, ertasi yana bu jamoaning boshiga yetib kela olamiz». Mulla Alimqul amirlashkar bu nasihatlarga quloq solmadi va o’z so’zida tog’dek mahkam turdi. Bayt (mazmuni):

Nasihatga quloq solgil, jonim, jondan ham yaxshi ko’rar—
Saodatmand yoshlar barno pirlarning o’gitini.

Ertasi yakshanba kuni quyosh mashriqdan jang tolibi bo’lib, g’alayon qilib, boshini gardun chashmasoridan chiqarganda ahli islom kofir lashkariga himmatini qaratib, to’pu to’fangni ishga solib jang boshladilar. Kofirlar bu hujumga toqat qilolmasdan sarosimaga tushib, tor xandaqlaridan chiqib, ming hiylayu nayrang bilan o’zlarini tepaliklarga oldilar…
Shu payt olloh amri ila 1281 yil, zul-hijjaning 26-kunida kofirlar safidan bir o’q otildi va u Mulla Alimqul amir lashkarga tegib, uni yarador qildi va u otdan yiqilib tushdi. Shul sabab lashkari islom parokandalikka tushib, hamma o’z joninin o’ylab parishonlikka berildi. Sarbozlar janobi amrlashkarani otga mindirib, hamma asbobu yarog’, to’pu to’fanglarni olib Toshkand qal’asiga yetib keldilar. Alimqul amir-lashkar hushdan ketib yotgan edi. Hoziq tabiblar va komil jarrohlarni topib keldilar. Ular amirlashkarning jarohatini ko’rub, muolajaga ojiz edilar. Uning ahvoli har dam og’irlashardi. Insonning tadbirkorligi taqdir oldida zaif edi va har soatda o’lim alomati uning yuzida zohir bo’lardi. Buni hamma ko’rib turardi. Nazm (mazmuni):

Agarda biron podshohning ajali kelmasa,
Xudo bo’lishga ham da’vo qilardi.
Hech kim abadiy yashay olmaydi,
Faqat xudodir olamda abadiy,
Bu jahon hech kimga vafo qilgan emas,
Olamni yaratgan faqat xudo qolar, bas.

Bu uqubatsiz hol ahli davlatga va kattayu kichikka ma’lum bo’ldi. Qirg’iz va qipchoqlar vaqtni g’animat bilib, jangalni mardlik sheridan xoli deb, buzmachilikni o’zlariga pesha qilib, Qurama tomon yo’l oldilar. Tilov manzilgohiga yetib kelib otdan tushdilar. Aqlu tamiz ularning miyalarida yo’qligi uchun (keyinroq) ko’z ochib, hushlarini yig’ib ko’rsalarki, ajab bir qabohatli ishni boshlagan ekanlar. (Misra’) «Nechuk oqil qilur shunday ishkim, yana pushaymonlikka sabab bo’lsa».
Shu joyda qo’nib, kechayu kunduz o’zaro maslahat qildilar, ammo bir qarorga kelolmadilar. Oxiri orqaga qaytib To’ytepaga yetib kelib, Sulton Said Muhammad xon nomiga bir uzrnoma yozib, Toshkandga yubordilar. Ularning qosidi (elchisi) ancha yo’l bosib, Toshkandga keldi, nomani Sulton Said Muhammad xonga topshirdi. Arkoni davlat va a’yoni saltanat ul odamlarning so’zlaridan qanoatlanmadilar va qosidni murodsizlik ila qaytardilar. Bayt (mazmuni):

Mazlumlarning jazosini berib, marhumlar maqsudin chiqar,
Dinu dodu hush ila obod qilgil dunyoni.

Ul nomurod qosid (elchi) o’z lashkariga qaytib, hamma ko’rgan-kechirganini shul toifaning sardori va mingboshisi bahodir qipchoq Bek Muhammad ibny Xol Muhammad ibni Muhammad Nazar
Ko’ro’g’li ibni Sanjarga aytib berdi. Qipchoq va qirg’iz ulusining hammasi mahzun va xafa bo’lib, boshqa chora topmasdan bu manzildan ko’chdilar. Har bir yangi joydan ko’chganlarida o’zaro maslahatlashardilar, ammo hammasi natijasiz edi. Ular bir-birlari bilan mojaro qilib Sayhun daryosining bo’yiga yetdilar. Undan o’tib, Turk va Saroy qishlog’ida to’xtadilar.

Endi Sulton Said xon ibni Malla Bahodurxon haqida ozgina eshiting.
Qirg’iz va qipchoqlar vafosizlik qilib, Ho’qandi latifga ketgan kunlarida sartiya aholisi zamon xoniga vafodorlik ko’rsatib, amirlashkar bilan qoldilar. (Qipchoq va qirg’izlar) xiyonati amirlashkarga ham ma’lum bo’ldi. Bundan dard chekib (Alimqulning) kasalligi yana og’irlashdi va peshindan keyin uning ruh qushchasi tananing tor qafasidan xalos bo’lib, jannat olamining fazosiga uchib ketdi, jonni jon ato qilganga berib, shahodat darajasiga yetdi…
Amirlashkarning farzandlari, xotunlari va tobe’lari bu ahvolni mushohada qilib, majruh qalblari yana mahzun bo’ldi. Sabru qaror jilovini qo’lidan berib, g’am va qayg’u tariqasiga o’tdilar. Arkoni davlat, a’yoni shavkat sartiya mamlakatining akobiru ashroflari, Toshkandning kattayu kichigi, tojiku turk hamma qayg’uga tushub yig’ladilar. Ularning ko’zlaridagi yoshlar durga o’xshab oqardi…
Alqissa, ul jamoatning nolayu faryodi foyda qilmadi va bu dardi bedavoga iloj ham topilmadi. Nihoyat, foxira dunyoning oriyat libosini amirlashkar tanidan yechib oxirat libosini kiyintirdilar. Arkoni davlat va a’yoni mamlakat qaysi makonga Mulla Alimqulxon jasadini qo’yaylik deb mashvarat qilib, bir qarorga kelolmadilar. Shu mahal amirlashkarning bir necha ishonchli kishisi o’zaro maslahat qilib, ittifoqlikda jasadni fozillar quyoshi hazrati Shayx Xovand Tahur mozorida dafn qildilar…

Shundan keyin Mulla Alimqul arvohiga fotiha o’qidilar. Mulla Alimqul amirlashkarning tarjimai holi. U Husaynboy otarchi, ya’ni baytorning o’g’lidir. Andijon tobelaridan bo’lgan qirg’iz qipchoq qabilasindandur. Yoshligida otasi uni ilm tahsili uchun Andijonga muhtasibga shogirdlikka berdi. 3—4 yildan keyin shu shaharning muhtasibi Mulla Alimqulni «giranda» (oluvchi) lavozimiga qo’ydi. Xudoyorxon o’zining akasi Mallaxonni avf etib, Buxorodan Ho’qandga olib keltirib, umarolar qatorida unga vazifa va maosh tayinlagandan so’ng Mulla Alimqul Mallaxonga mulozim bo’lub xizmatga kirdi. Mallaxon ikkinchi marta o’z ukasi Xudoyorxonga muxolifat qilib, Andijonga qochib ketganda Mulla Alimqul Mallaxonni Po’lodbiy qirg’iz oldiga olib bordi. Po’lodbiy qirg’iz savsamir qabilasining mo»tabar raisi edi. Fitna va fasod ra’iyasiga ega bo’lgan Po’lodbiy Mallaxon qadamini muborak deb, o’z qabilasi ila uning xizmatiga bel bog’ladi-da, Qorasuvga bordi. Bu yer Mulla Alimqul va uning qavmi uchun vatan edi. Shu atrofdagi Alimqulning qavmi-urug’lari ham Mallaxon xizmatiga o’tdi. Mallaxon Alimqulni elchilik uchun ko’p joylarga yuborib, odamlarni o’ziga tobe bo’lishga undadi. Alimqul bu ishda ko’p sa’y va harakat qilib, Qorasuv va uning atrofidagi qabilalarni Mallaxonga yordam berishga chorladi va uning oldiga olib keldi. Mallaxon Farg’onaning hukmronlik taxti va farmondorlik avrangiga o’turganidan so’ng Alimqul xizmatlarini e’tiborga olib, unga eshikog’asi hamda miri ponsod unvonini berdi. Shundan keyin u Chimyon navohisining hokimi bo’ldi, O’ratepani fath qilgan paytda ham Alimqul jasorat ko’rsatgan edi. Mallaxon hukmdorligining oxirlarida Marg’ilonda vali (hokim) bo’ldi. Sulton Sayid xon o’z hukmronligi davrida unga Farg’ona sipohsolori va lashkarboshilik mansabini berdi.

Alqissa, so’zning qisqasi shuki, janobi Sulton Said xon saltanat shavkatiga yarasha zeb-ziynat berib, sartiya umarosi yordamida mamlakatni himoya qilib yashar edi.
Kundan-kunga kofirlarning qo’li baland kelib, hech qaerdan umid (va yordam) daragi bo’lmadi. Qirg’iz va qipchoqlar esa muruvvatsizlik va yovlik tuprog’ini o’z boshlariga sepib, qochib ketdilar.
…Elchilar uning (amir Muzaffarning) oldiga tez-tez borib turardilar. Har daf’a, Toshkand viloyatining ulamo va oqsoqollari Buxoroga kelib bizni duo qilsun, degan so’zni aytardi. Uning so’zini qabul qilib, viloyat ulug’larini ul malomatzadayi falokat oldiga jo’natgan edilar.
Ular yetib borgandan keyin izma-iz boshqa ruq’alar yetib keldi. Unda «Sulton Said Muhammad xon ham kelsun» deb yozilgan edi. Bu amrni ijro etish Sulton Saidxon odamlari uchun juda og’ir edi. Umaro va fuqaro o’zaro maslahat va mashvarat qildi, ammo hech naf bo’lmadi. Borishdan o’zga chora qolmagan edi. Nihoyat, (Sulton Said xon) safar asboblarini yig’ib hozirlashga buyurdi, mulkni xudoga topshurub, Buxoro sari yo’l oldi. Qancha yurib ul ikki ayolmand hezpeshalarning oldiga yetib borishdi.
Uni (Sulton Said xonni) ham ushlab, qaytishga ijozat bermadilar. Toshkand mamlakati behokim va egasiz qoldi…

Alqissa, musulmonlar besaranjom bo’lub, boshsiz qoldilar. Har bir firqa o’z holicha edi. Bunga qo’shimcha yana Toshkand fuqarosi navbat bilan ilg’or uchun qoldirishgan bir necha ming ho’qandlik sarbozlarni boqardilar. Safar oyining 4—seshanba kuni o’rus kofirlarning lashkari subhi sodiqda Kamolon darvozasini bosib olib, shaharga kirdilar. Ho’qand sartiyalarining 6—7 ilg’or dastalari qal’a yoriqlaridan chiqib, har xil yo’llar bilan qochib ketdi. Ba’zilar Chirchiq daryosiga cho’kib o’ldilar. Toshkand fuqarosi esa ikki kechayu ikki kunduz kofirlar bilan urushib, ularni Masjidi baland xonaqoqiga qamadilar, Bir kecha kunduz ahli islom ularni muhosara qilib, xonaqoh atrofini yoqmoqchi bo’ldilar. Kofirlar bundan xabar topib, eski o’rdaga o’tdilar va yo’lda bir necha mahallani yondirib yubordilar. Shaharga sho’ru g’avg’o tushdi, uning har tomonidan odamlar Buxoro podshosining oldiga, beparvo qipchoqlar huzuriga jo’nashib, ulardan yordam so’rardilar, ammo barchasi foydasiz edi. Oxiri kuffor bilan sulh tuzub, ularning hamma shart-sharoitlariga rioya qilishiga majbur bo’ldilar.

HO’QANDI LATIF SHAHRIDA QIPCHOQLARNING O’ZLARIGA XON KO’TARISHLARI.
BUXORO PODSHOSI VA XUDOYORXONNI (FARG’ONAGA) KELISHLARI
VA DAVLAT SALTANATIGA XUDOYORXON VALINE’MATNING O’TURGANI HAQIDA

So’z gulistonining chamanorosi, ming dostonning bulbuli bo’lgan musannif (ya’ni kitob muallifi — SH. V.) voqea duru gavharini shundog’ bayon etadi. Ul zamon va ul vaqtlarda besaru somon qipchoqlar o’z lashkarlari ila kelib Sayhun daryosi bo’yidagi Saroy degan qishloqda to’xtadilar. Qirg’iz va qipchoq ulusining ulug’lari bir necha kun shul joyda qolib, o’zaro maslahat qilib shunday qarorga keldilar: «Biror-bir mirbachani topib uni xonlik saltanatiga ko’tarib, shahar (Ho’qand)ga kirish kerak». Shu fikr hammaga ma’qul bo’ldi. Mirzo ibni Norqo’zi dodxo qirg’izni Xudoyqul bek ibni Maqsudbekka mahalladosh va qo’shni bo’lgani uchun uning oldiga yubordilar. U shamoldek tez shaharga kelib, endi o’n olti yoshga kirgan, aslzoda mir avlodidan bo’lmish Xudoyqulbek ibni Maqsudbek ibni Bekbo’tabek ibn Sulaymonbek ibni Shodibekni olib, (Saroy) mavzeiga yetkazdi. Xalq mirbachaning malohatli suratiga oshiqi shaydo bo’lib, 1282 yil, dushanba kuni, muharram oyining beshinchisida uni saltanat va shohlik masnadiga xon qilib ko’tardilar.
Arbobu sharif, faqiru g’aniy muborakbodlik uchun duoga qo’l ko’tarib, masrurlik va shodiyonalik fotihasini o’qidilar. Shundan keyin arkoni davlat va saltanat a’yonlari va boshqalar jam bo’lub shaharga kelib kirdilar. Ular Sulton o’rdasiga joylashdilar.
Xon janobi sultonlik taxtiga o’turub, Bek Muhammad qipchoqni mingboshi mansabiga sarafroz qildi. Mirza Ahmadga dasturxonchilik (mansabini) hadya qildi.

Shu vaqt davomida ahli qirg’iziya va qipchoqiya o’n to’rt kun o’rdada yashadi, dushanba kuni kechqurun esa fuqarodan xavf olib, podsholik saltanatini tashlab, shahardan bir farsah nariga qochdilar. Bu xabarni ba’zi beboshu avboshlar eshitib, kechasi borib o’rda ichini talon-taroj qildilar. Buni shaharning ba’zi ulug’lari eshitib, ul odamlarni taftish va tahqiq qilib, olib ketgan narsalaridan bir qismini topdilar. Shahar fuqarosi va ulamolari qipchoqlar ahvolini ko’rib, guruh-guruh bo’lib ular oldiga borib, shaharga qaytishni so’radilar. Ammo bu himmatsiz kishilarda shaharga qaytish uchun yurak yo’q edi.
G’amoyil qishlog’ini (qirg’iz, qipchoqlar) o’zlariga turar joy qilib oldilar. Ular kufforga qarshi g’azovot uchun deb fuqaroga soliq solib, yuz ming tilla pul to’plab oldilar. Ularning kasofatli qilmishlariga qaramasdan shahar aholisi sabr-toqat aylab, ularga yordam berdilar. Ammo bu ish shahar va sahro o’rtasida bir necha kun davom etib, ikki tomonning ham nafratiga sabab bo’lardi. Masal bordurkim, unda aytilishicha: «Yo’lini yo’qotgan kishi (gumroh)dan so’radilarki, sening noming nima?»— «Nomim rahbar (yo’lovchi)dir» deb javob beribdi u. Qipchoqlarning bu qilmishlari va hamoqatlari janobi baxtiyor Xudoyorxon valine’matga ma’lum edi. Janobi valine’mat voqealar bayonini Buxoro podshosi amir Muzaffarga darhol yetkazib turardi. Shu rrada amir o’ruslarga elchi jo’natishni bahona qilib, Ho’qandga kelmoqchi bo’ldi. Najmiddin xo’ja degan bir buxorolikni Rossiyaga elchi qilib ko’p tuhfalar va hadyalar, ya’ni ulkan bir fil, amir Temur vasiqalarini qo’liga berib, Peterburgga — o’rus oq podshosiga jo’natib, o’zi behisob lashkar ila Buxorodan Jizzaxga kelib, manzili jalol qildi. Bu yerdan Buxoroga tijorat uchun kelayotgan bir boy o’rusni sakkiz yuz tuyaga yuklangan qimmatbaho matolari, bir necha tuya o’rusiya oltin-kumush pullari ila qo’lga tushirib, hamma molu matoni olib, o’ziga xavf solib, Toshkandga — o’rus jiniroli (generali — SH. V.) oldiga haydadi.

Amir Xudoyorxon janoblarini o’ziga hamroh va qo’liga o’yinchoq qilib Ho’qandi latif sari yo’l oldi. Xo’jand shahriga kelib osoyish topti. Janobi valine’matga (Xudoyorxonga) ishonib, uni lashkarga sardor qilib Xo’qandi latifga jo’natdi. Xudoyorxon, Olloyorbek parvonachi, Ya’qubbek g’ulom, Samarqand hokimi Sher Ali g’ulom sanoqsiz lashkari ila Ho’qandi latifga yo’l oldilar.
Qipchoqlar ularga muqovamat qilmasdan yakshanba kuni Mo’yi Muborakka keldilar. Kechani bir iloj qilib o’tkazib, dushanba kuni, lashkar kelishidan oldinroq peshin namozi vaqtida Marg’ilon yo’liga chiqib ketdilar. Shu kuni kechasi mang’it lashkarining ilg’or qismi Ho’qandi latifga jangu jadalsiz kirib keldi. Seshanba kuni peshingacha lashkarning hammasi shaharga doxil bo’ldi. (Xudoyorxon) ketma-ket podshoh (Muzaffar) xizmatiga xushxabarlar jo’natdi. Amir (Muzaffar) ko’nglini chog’ qilib, 1281 yil, safar oyining yigirmanchi, panjshanba kuni shaharga kirib keldi. Ammo bu zolimning avbosh va^bebosh sarbozlari shahar atrofidagi joylarni talon-toroj qildilar. Bir muddat Ho’qandi latifda istiqomat qilib (amir) Olloyorbek mang’itni lashkarga sardor tayinlab, qirg’iz va qipchoqlar orqasidan yubordi. Ikkala qo’shin ham izma-iz borardilar. Qipchoqlar Modi mavzeiga borib to’xtab dam oldilar. Olloyorbek esa mang’it lashkari ila Arobon qal’asini manzil qildi.

Bir kundan keyin ertalab qipchoq va qirg’izlardan olti yuz kishi o’z sardorlari Yusufboy Mirzo, Eltarkub bahodur va Xol ponsod qirg’iz ila Axsi mavzeiga kelib, mang’itlarning yo’lini poyladilar. Ikki tomon to’qnashib, jang boshlandi. Ba’zan qipchoqlar Gulbahor maydoni sahnidan mang’itlarni siqib, Arobon mavzeiga qadar chekintirardilar. Gohi mang’itlar g’alaba qilib, qipchoqlarni jangohga qaytarardilar. Bir necha bor ular shunday borib keldilar. Bu bechoralar (qipchoqlar)ga Bek Muhammad hezalakdan hech qanday madad kelmadi. Mang’itlarning qo’li baland kelib, ulardan 15 ming kishi qipchoqlar atrofini o’rab olib, bir tor joyga siqib qo’ydilar. Ertadan-kechgacha bo’lgan urush hech qanday foyda keltirmadi. Nihoyat, qipchoq sardorlardan Xol ponsod qirg’iz, Yusufboy Mirzo, Eltarkub qipchoq va yana yuzta sarboz qo’lga tushdilar. Qolganlari mang’it safini yorib qochib ketdilar…

Shunday qilib, mang’itlarning qo’li baland kelib, amirlarni (Buxoro) podshohi xizmatiga jo’natdilar. Olloyorbek parvonachi esa O’sh tomonga ketib, Modi mavzeida qaror topdi. Qipchoq lashkari esa Kuljaga ketib qoldi. Ular bir-biridan vahm qilib, ancha muddat joylarida turdilar. Mojaro bir yoqli bo’lmay turib, Olloyorbek mang’it qaytishga amr qildi va Marg’ilonga keldi. Qipchoqlar ham Arabon (qishlog’i)ga kelib turdilar. Razil mang’itlar ahvollarini o’z podshohlariga ma’lum qilib, maslahat so’radilar. Tadbirsiz (amir) aytdi: «Biz» shu yerda qolamiz. Oru nomus deb biz bu yerga kelganmiz. Bu mamlakat Xudoyorxonning mulkidir, o’zi qirg’izu qipchoqni daf’ qilish yo’lini topsun.» (Amir Muzaffar) janobi Xudoyorxonga bir necha ming mang’it va Ho’qand sarbozlarini jo’natdi. Qochoqlar (qirg’izu qipchoqlar) Xudoyorxonning keli-shini eshitib, toqat qilmasdan Qoshg’ar viloyati tomon yo’l oldilar. Janobi sulton ul badbaxtlarni Tirak dovoniga ta’qib etib bordi. Ularning qanchasini bandi qildi, uchta to’p va ko’p asbob-uskuna, qurol-yarog’larini qo’lga kiritdi. Katta izzat ila qaytib, 22 rabbi-us-soniyda Ho’qandi latifg’a yetib keldi va Buxoro amiri huzuriga. obro’ bilan tashrif buyurib, davlat masnadida qaror topdi. Buxoro amiri o’rdadan ko’chib, hazrati Mo’yi Muborak bog’iga keldi. U falokat (amir Muzaffar) shu yerdan hamma podshohlik asbob anjomlari, to’pu to’fang, qurol-yarog’larni, gilam va boshqa boyliklar hamda to’rt yuzga yaqin xotin-qizlarni olib seshanba kuni ertalab Buxoro sari yo’lga tushdi…

Valine’mat xon janoblari davlat va saltanat takyagohiga o’turub, qayg’ularini unutib, zafar topdi. Badbaxt va kulfatzada qirg’izu qipchoqlar zamona jafosidan qochib, tog’u sahrolardan o’tib, Ya’qubbek oldiga (Koshg’arga) keldilar. Ulardan qolganlari o’z sardorlari ila, xususan, Abdurahmon oftobachi o’z urug’i ila, Muhammad Diyor qushbegi o’g’li o’z qabilasi ila, Toshqora o’z tobe’lari ila, Sarimsoq dodhoh qirg’iz o’z lashqari ila to’p-to’p bo’lib tortuq va hadyalar olib hazrat xon oldiga uzr so’rab keldilar. Janobi valine’mat ham ularga marhamat aylab, har birining martabasiga qarab in’om-ehsonlar berdi. Shu asnoda bir necha kun ichida ularning qolganlari ham kelib sulton iltifotini his qilib, taslim bo’ldilar.
Bir kuni kechasi qirg’iz va qipchoqlarning bir guruhi vahimaga tushub o’zlari intixob qilgan joyga qochib ketdilar. Xususan, amirlashkarning jiyani Muhammad Ayubbiy Chimyon tomonga qochdi, 200—300 qirg’izni o’ziga hamroh etib, O’sh viloyatiga qarab ketdi.

Janobi Sulton Murodbek, xon hazratning akalari — Marg’ilonning hokimi edi va u bir necha vaqtdan buyon O’sh viloyatida zakot yig’uvchi edi. Muhammad Ayub uning oldiga kelib surbetlarcha, «Amirzoda, turing, akangizni o’ldurub, sizni ularning o’rniga xon ko’tardilar. Men shuning uchun oldingizga keldim», deb aytdi. Amirzoda ul ahmoqni aldab, qirg’iz va qipchoq sardorlari qo’li orqali ushlab zindon qildi. Tezda bir chobuksuvorni xon hazrat oldiga xabar berish uchun yubordi. Ul chopar kechayu kunduz ot surib Xudoyorxon oldiga keldi va xonning sog’lig’ini o’z ko’zi bilan ko’rib, amirzoda nomiga bir inoyatnoma ham olib qaytdi va amirzodaga hamma ko’rgan-eshitganini aytdi. Muhammad Ayubning yolg’onchiligi ma’lum bo’ldi. Undan hamma g’azablanib, qatl qilinishiga rozilik berdilar…
Alqissa, unga o’lim mukofot bo’ldi va farmoni oliyga ko’ra Marg’ilonga olib kelib qatl etdilar.

Dushmanlardan yana biri Sarimsoq dodhoh qirg’iz bo’lib, u Namanganga kelgan edi. Xon (Xudoyor) Namangan va Koson hokimlari lashkarlarini uning orqasidan yubordi. Unga yeta olmadilar va u (Sarimsoq dodhoh) osonlik bilan Chotqolga o’tib ketdi. Qolgan qirg’iz va qipchoqlar xon marhamatiga sazovor bo’lub, tavba qildilar. Faqat Toshqora qipchoq o’ruslarga qo’shilib ketgan edi…

KITOBNING XOTIMASI JANOB XUDOYORXON VALINE’MAT
VA BUXORO PODSHOHI ZAFARSIZ MUZAFFARGA BAG’ISHLANGAN BO’LIB,
ULARNING DAVRIDA YUZ BERGAN VOQEALAR BAYON ETILADI

Fatonat arboblarining guli, navo va ahli sanoat nuktadonlari, sohibfasohat va zukko eshituvchilar jamoatiga ma’lum va ravshan bo’lsinkim, ul vaqt va zamonda Buxoro amiri ko’p lashkar bilan kelib, qipchoqlar ishini saranjom etib, Xudoyorxonni unga meros qolgan mamlakati saltanatiga qo’yib, o’zi Buxoroga qaytib, davlat qarorgohiga orom bo’lgan edi. (Amir Muzaffar) o’zbilarmonlik ila kecha-kunduz aysh-ishratga mashg’ul bo’lib, xotinbozlik qilib, olamdan g’ofil va hatto o’zidan ketib qolib, o’zini Fir’avnu Namrud deb bilardi. Do’stni dushmandan farq etmasdi. Shunday ahvol bir necha vaqt davom qildi. Qish ham kirib kelib, to’qson to’qqiz xil tortuqlarni olish vaqti ham boshlandi. Bu ish shu mamlakat podshohlari uchun rasm bo’lub, unga rioya qilib, o’lkaning har yonidan sarkardalar tortuq va tuhfalar bilan Buxoroga kelardilar.
Janob xon hazrat ham shu udumga amal qilib, Bahodurxon to’ra Kosoniy orqali ko’pdan ko’p hadya va tuhfalarni Buxoroga jo’natdi.
Shu voqealarni naql qilish paytida 1282 yil, ramazoni sharif oyining oxirgi o’n kunligida o’rus kofirlari Toshkand viloyatidan Jizzaxni zabt etish uchun lashkar yig’ib, qishning o’rtasida harakat boshladilar. Sayhun daryosi bo’yiga kelib, undan kemada suzib o’tib, bir muddat lashkar kamchiligini tuzatib, Jizzax sari yo’l oldilar. Ramazon oyining oxirlarida kofirlar Jizzax yaqinida joylashgan Uchtepa mavzeiga kelib nuzul qildilar.

Jizzax qal’asining hokimi Ya’qubbek degan bir g’ulom qal’a himoyasiga tushub, kutub turdi. Podshoh (amir Muzaffar) Samarqandga kelib, shu yerdan ketma-ket ilg’or dastalarni jo’natib, Jizzaxni behisob lashkar ila to’ldirib yubordi. Shunga qaramasdan kofirlar bu lashkarni g’aflatda qoldirib, shavval oyining beshinchisida, dushanba kuni 20—80 kishidan iborat guruhlar bilan qal’a oldidan bozorga kelib, hiylayu nayrang qo’llab shaharga kirmoqchi bo’ldilar. Shu payt odamlar betaravot nahs bosgan mal’unlarni tanib qolib, shovqin solib, ularni to’rt tomondan ihota qildilar. Kofirlar mang’itlarning jur’atsizligi va himmatsiz ekanliklarini bilib, to’pu to’fanglardan o’q uzdilar, keyin xalos bo’lub orqaga chekinib, sog’-salomat o’z qo’shinlariga qaytdilar. Uchtepa qishlog’iga, o’z qarorgohlariga kelib, o’n besh kuncha yashadilar. Ikki tomon ham urushga jazm qilmadilar. Shundan so’ng Ya’qubbek g’ulom zamonasozlik va odamiylik yuzasidan tuyalarga oziq-ovqat va yemu xashak ortib kofirlarga jo’natdi. Kofirlarning ahvollari tang bo’lib qaytishga farmon bo’ldi, (ular) Sayhun daryosining bo’yida joylashgan Bo’yoqchiko’l mavzeiga keldilar. (O’ruslarning sarkardasi) bir necha sarbozi bilan Toshkandga qaytdi.
Shu voqealar yuz berayotgan chog’da valine’mat (Xudoyorxon) yorlig’iga binoan johil Rustambek Toshkandiy Quramaga kelib, Tilovga kirdi, Boturbek qurama esa Bo’ka qal’asidan joy oldi. Farmon dodhoning o’g’li Ovliq viloyatiga nuzul qildi. Musulmonlarning bu ishlari kofirlarning quloqlariga noxush tegib, ulardan 300 kishi dabdaba ila To’ytepaga yaqinlashdi. Bu dahshatli xabar shijoatli musulmon sarbozlariga yetib-yetmasdan, qo’rqub, vahimaga tushib, har biri o’z tug’i bilan qochib ketdilar. (Musulmonlarning) bir guruhi Kandir dovonidan o’tib, bir qismi Sarimsoqliq tog’idagi bir biyobonda istiqomat ixtiyor etdilar.

Shu vaqtda Buxoro podshohi zafar ko’rmagan amir Muzaffari bezafar o’zining qo’polligi, mumsukligi va aqli ko’rligi bilan g’azavot deb, shum va nomuborak niyatini yashirib, Ho’qandi latifga yurishdek fosid xayolni boshdan kechirdi. Bir necha ming avboshu bebosh bezori-daydi odamlardan lashkar yig’ib, katta dabdaba va saltanat bilan Jizzaxga keldi.
Hoziru g’oyibdan hamma umid qilar edikim, inshoolloh, endi zamona amiri kofirlarga yetib borib, hammalarini jur’atu dilovarlik va shijoatu mardlik va bahodurlik kuchi birla barbod qiladi va viloyatni ozod etadi deb.

Ammo ul nomard va heztarosh amir nomunosib fosid xayollarga botib bahona qidirardi. Xon Xudoyor ham saltanat taxtida o’turub, hali murod gulini hidlamasdan, osoyishtalik damini surmasdan turib, tinch Ho’qandi latif viloyatida katta fatarot yuz berdi.
Yigirma yetti yil mobaynida yil sayin, oy sayin, kun sayin qotillik, birodarkushlik janjallari avjiga chiqadi. Hatto dushmanga qarshi chiqadigan bir mard kishi topilmaydur. O’n uch yildurki, o’rus kofirlari bostirib kirib Oqmasjid, Qozonlidan to Avliyoota, Marka, Bishkak, Olma-ota, Chulek qo’rg’onlarigacha zabt etdilar. Ko’p odamlar kofirlar bilan bo’lgan jangda talafot ko’rdi va viloyatning shunday xarobaga aylanishi olam ahliga ma’lum va ravshandur. Bundan tashqari, shu yil qahatchilik kelib, odamlarning toqati toq bo’ldi. Ho’qandi latif viloyatining aholisi davr jafosi kulfatiga giriftor bo’ldilar. Alar Xudoyorxon qadamini muborak bilib, jonlariga yangi ruh kirgan holatda turardilar. Bu voqealarga qo’shimcha kuffor urush boshlanib, o’ruslar ho’qandliklarga har tomondan hujumga o’tdilar. Bu so’zlardan g’araz shulkim, ul nojins (amir Muzaffar) Ho’qandi latif lashkarini oldingi safda kuffor urushiga jo’natib, o’zi bir-ikki kunlik masofada turub, «zafar tegsa faqat ho’qandliklarga tegsun, ular nobud bo’lsun, men bezarar qolay» derdi. Mahrami xoslarini va sanoqsiz yasovullarini nomalar ila do’q-po’pisa bilan ketma-ket Xudoyorxon oldiga jo’natardi.

Xo’doyorxon amirning noshud muddaosini farosat ila tushunib, zamonasozlik qilyb, bir necha ming sarboz, mahramu yasovul va bir nechta to’plarni olib, shahardan yarim farsangcha uzoqroqdagi Yermasjid qishlog’iga keldi. O’n besh kuncha shu joyda istiqomat qilib turganda, yana amir yasovullari yetib, ularni hol-joniga qo’ymasdan Qayrag’och qishlog’iga olib keldilar. Uch kun shu yerda turub, zul-qa’da oyining 26-sida seshanba kuni o’ruslarg’a qarshi g’azavot uchun Sayhun daryosi sohilig’a yetib keldilar. Janob Sulton ikki navbatda daryodan lashkari ila o’tib, Oqjar mavzeida to’xtadilar.
Bo’xoro amiri ko’rdiki, valine’mat xon uning so’ziga kirmasdan boshqa yo’lni ixtiyor etdi, shunda u kofirlar urushini bir tomong’a qo’yub, qahru g’azab ila Ho’qandi latif sari yo’l oldi.
Buxoro viloyatining yuzi qaro ulamolari Ho’qand aholisini o’ldirish va xotinu bolalarini asir olib sotish haqida rivoyat chiqarib, fatvo berdilar. Shunday fatvo berganlari uchun ularning qo’llari sinsin! (Amir Muzaffar) ko’zoynakli ilondek harakat qilib, O’ratepadan yarim farsang keladigan Lakkat mavzeiga keldi…
Ikki oy ichida shu mavzeda istiqomat (qilib) va har kuni o’z haramida qizlar bilan vaqtini o’tkazib, bachabozlik qilib, olamdagi bor fisqu fujur ila hayotini murdor qildi. (Amir Muzaffar) jahlu johillik va farosatsizligi tufayli, kofirlardan atigi besh farsang narida turib, shunday noma’qulchiliklar bilan shug’ullanardi. Har kun aholining qiz va xotinlarini zo’rlab olib (kelib) maishat qilish shul betavfiqning ishi edi. Qat’a (mazmuni):

Mulk arbobining mast bo’lishi adabdan emas,
Shoh saltanatig’a hushyorlik oyini yaxshidur.
Shoh posbondir, shunda mulk shirin uyquda bo’lar,
Posbong’a hushyorlik yaxshiyu, g’aflat loyiq emasdur.

(Amir Muzaffar) valine’mat xon xizmatig’a har kun kishilarini yuborub, ularni kufforlar bilan jang qilishg’a majbur etardi. Xudoyor (xon) valine’mat somon tiqilgan qop va kundaga o’xshagan bu kishining (amirning) so’ziga kirmasdan, elchilarni yaxshi so’z ila qaytarib yuborardi. Bunday munosabatni ko’rgan amir qahr-g’azabdan o’limga ham rozi bo’lardi. Noiloj o’zini karu ko’rlikka olib, shu yil yigirma to’rtinchi zul-hijjada uch farsanglik masofani qiyinchilik bilan bosib o’tib, Sayhun daryosi sohilidagi Mayda lulg’un degan mavzega yetib keldi. Shu yerdan Abdug’afforbekni 5 guruh tug’li qo’shinga sardor qilib, Qurama viloyatig’a jo’natdi. O’zi shu yerda (Mayda lulg’unda) qolib, Olloyorbek mang’it, Ya’qubbek g’ulom, Sher Ali g’ulom va boshqa sar-karda — ponsodlarni ko’p ming lashkari bilan o’ruslarga qarshi urushga borishga buyurdi. Ular har kun chiqib, o’ruslar bilan urushib qaytardilar. Bu ma’noni bilib olib muharram al-harom oyining bir shanbasida kofirlar kelib (mang’itlar bilan) jang qilib qaytib ketdilar. Bu voqeadan mang’itlar xabar topib, kofirlarni zaifu faqir deb, nazarlari ilmadi va ular bilan katta to’qnashuvni kutib turdilar. Yakshanba kuni kirdi. Quyosh sharq burjidan maliki farhang amri-la ulug’ dabdabalar bilan osmon gilamig’a qadam bosib, sodiq kishilarning qalbidek olamni ravshanu namoyon, sofu musaffo qildi. Islom lashkari harakatga kelib urush maydoniga jasorat bilan kirdilar va to’pu to’fanglarni hozirlab, saflarini Saddi Iskandariydek mahkam qilib, kofirlarni kutdilar. Yakshanba kofirlar uchun ibodat kuni edi. Peshindan so’ng ibodatdan forig’ bo’lgan o’ruslar kelib islom lashkariga qarshi birdan hujumg’a o’tdilar. Ikki tomon bir-biri bilan uchrashib ko’rgan va eshitgan kishining aqli hayratda qoladigan urushni boshlab yubordilar.

Mang’itlar esa ko’p yildan buyon xalq nonini tuya qilib yeb, na o’zlari va na ota-bobolari urush ko’rmagan edilar. Hammalari old-orqalariga qaramasdan qochish yo’lini qidirardilar.
Nima bo’lsang ham, faqat hez bo’lma degandek, Buxoro podshohi bir farsax masofada turib durbin orqali urushni tomosha qilardi. Kofirlar hushsiz mang’itlarni to’pu to’fang bilan otardilar. Lashkari islom parishon va parokanda bo’lib, cho’lu biyobonga qochib qetdilar.

Hezalak podshoh (Amir Muzaffar) durbinda bu ahvolni ko’rdi va shunday hez kishida ham toqat qolmadi va kiyinib ulgurmasdan ming hasrat ila otga minib, namozi asr vaqtida Jizzax tomon yo’l oldi, Uning lashkariga putur yetdi va parishon bo’lib jang maydonidan qochib qoldilar. Hech kim bunday besaranjomlik va nomardlikni bunday to’nkabadan kishidan, amiri hezdan hozirgacha kutmagan edi. Ajdodlaridan Meros qolgan shunday saltanatni, buxorolik ba’zi bir mag’rur kishilar uchun iftixor bo’lgan mufoxirotni, qurol-yaroq, podshohlik anjomlarini, hususan, bir necha dilband ma’shuqalarini begonalarga tashlab ketdi.
Bu voqea 1283 yil yakshanba kuni,_muharram-al-harom oyining 7-sida yuz bergandi. Katta hez janoblari (amir Muzaffar) shu qochishda joni halqumiga tiqilib, kechqurun Jizzaxga yetib keldi. Uning mulki besohib, behokim qoldi. Abdul G’afforbek yuz O’ratepaga kirib, muzofot ila egallab, mustaqil bo’ldi. Ho’jand aholisi janob (Xudoyor) valine’mat xon huzuriga kelib, undan sardor bo’lishini iltijo qilib so’radi. Janob Shahriyor Mullo To’ychi dodhohqirg’izni bir necha ishonchli kishilar bilan Xo’jandga yubordi. O’zi ham kelib shaharga kirdi. Xo’jandga tobe’ bo’lgan joylardan Nov qal’asi, Qo’shtegirmon, G’o’lakandoz, Oqtepa, Dalvarzin, Mahram, Karoqchiqum, Konibodom va boshqalar amiri vzline’mat (Xudoyorxon) tasarrufiga o’tib, olam tinch va oso-yish bo’ldi. Turkiston shayxlari orasida shunday bir gap bor: «Otilmagan sopqon ham boshga tegar, ham ko’zga». Ularning yana ko’p masallari amiri (Muzaffar)ga qarata aytilgan. U Jizzaxda ham to’xtamasdan Samarqandga qochib ketgan edi, Amir Muzaffarga o’lim vahimasi tushib, bir necha kun shu yerda (Samarqandda) istiqomat qildi.

Olloyorbek mang’it esa Jizzaxga kirib keldi. Qolgan molu xazina, to’pu to’fang hammasi kofirlarning qo’liga tushdi. Necha yillab jamlangan boylik bir zumda nobud bo’ldi. Shundan keyin battol kofirlar O’ratepa va Jizzaxni qo’yib, g’ayrat jilovini Xo’jand tomon burib, bir necha kun ichida yetib kelib, shaharni qamal qildilar.
Va’zi bedin va dunyofurush molparast ulamo, oqsoqollaru arboblar birlashib, ozgina pul-mablag’ deb qancha odamlarning qonidan ham qo’rqmay, qal’a darvozasini kofirlarga ochib berdilar.
Xulosatul-kalom shulkim, amir valine’mat (Xudoyorxon) Bahodur xoja ponsodni qo’shini bilan (Xo’jandga) yubordi. Uning yuz kishidan ko’proq qo’shini kofirlar safini yorib o’tib, shaharga kirdilar. Shunga qaramasdan, kofirlar Ho’qand darvozasiga yaqinlashib, jang boshladilar. Xo’jandliklar g’ayrat kamarini bellariga bog’lab, ularni orqaga qaytardilar. Shu payt mazkur yil muharram al-harom oyining yigirma uchida ul xiyonatkorlar kofirlarga boshqa darvozani ochib berdilar, Xo’jand qal’asini olish kofirlarga oson tushdi. Xo’jand fuqarosi kofirlarning shaharga kirigilarini ko’rib g’ayrat va shijoat ila o’ruslarning yo’lini to’sib, qat’iy harakatlar bilan jangga kirdilarki, yeru osmon, dono va nodon kishilar afsus barmoqlarini hayrat tishlari nla tishlab tahsin va ofarinlar aytdilar. Har ikki taraf to’pu to’fang, cho’bu tayoq ila bir-birlarini urib (o’lim ila) yakson qilardilar.

Xususan, musulmonlar ko’proq to’pu to’fang qurboni bo’lub, orqaga qaytib, har biri ko’cha, mahalla va bog’lar ichidan qochib qoldilar. Kofirlar ham ular orqalaridan quvlab ketdilar, ko’cha, mahalla va bozorlarda odam qolmasdan, ayolu bola demasdan ko’p kishilarni miltiq bilan otib shahid qilishdi.
Fayzosor shayx Muslihiddin hazratlarining mozorlarida panoh topgan g’aribu bekaslar, ko’ru cho’loqlar, gadoyu darveshlar, mayibu majruhlar hammalari biror kishi qolmasdan nobudlik olamiga ketdilar.
Madrasa va saroylarda ko’plab odamlar talon-taroj qilinib, qatl etildilar.

Ikki tomon ham tinchib, qiyomatsar mojarolar to’xtagandan so’ng har bir toifa o’z o’liklarini topib, ularni sanash bilan mashg’ul bo’ldilar. Musulmonlardan 2600 kishi erkagu ayol, kabiru sag’irdan shahodat darajasiga yetib ekanlar va kuffordan esa 1200 kishi — do’zah va jahannam dargohiga ketgan ekan. Shunday fojia ila Xo’jand fuqarolari kofirlarning zulm sitamig’a giriftor bo’ldilar. (Xo’jand) viloyatining mo»taadlari ming ajzu dard ila janob xon (Xudoyorxon) valine’matg’a ketma-ket elchi bilan xat yuborib, islom (ahli)dan madad so’radilar.
Janob xon uzoq muddat andisha dengiziga g’arq bo’lib, kofirlarga qarshi biron jur’at qilmadi.

Kuffor ahli sa’y va taraddudga tushdi, aslaha-anjomini shay qilib, 1263 yil, jumodul-avval oyining uchinchisida jabru sitam xayolini O’ratepa tomon burdi. Ko’p lashkar ila Oqsuv daryosining sohiliga yetib kelib tushdilar. Shu yerda istiqomat qilishni ixtiyor etib, uch yuzga yaqin qozoq va o’ris battollarini ilg’or tariqasida O’ratepa tomon yubordilar.
Abdul G’afforbek O’ratepa viloyatining hokimi va yetakchisi edi. U bir qancha mard va jasur odamlarini yo’l qo’riqlashga yuborgan ekan. Yo’lda bu ikki guruh bir-biri bilan to’qnashdilar. Musulmonlar katta kuch bilan kofirlarga shunday hamla qilishdiki, ahli kufforda tobu toqat va sabru sabot qolmadi va kelgan yo’llariga qaytib, ming nayrang ila qochib ketdilar. O’ktam yigitlar chaqqonlik bilan kofirlarga yetib olib, po’latsimon nayzalar otib, yomg’irdek o’q yog’dirib, qo’shlarigacha quvib borib, qaytib keldilar. Musulmonlarning jur’ati ahli kufforga ma’lum bo’ldi. Beqaror yuraklarida sabru toqat qolmadi va ular payshanba kuni, ertalab o’z joylaridan ko’chib, Ko’rkat mavzeiga keldilar. Islom lashkari kofirlarning yo’lini to’sib, sa’yu ko’shish ila jangi azim qildilar. Kofirlarning harbiy qudrati zo’rligi tufayli ahli islom mag’lub bo’lib, urusha-urusha orqaga qaytdilar. Navkand mavzeigacha kelib, otlarini to’xtatib, yana shunday bir qattiq jangga kirishdilar. Har bir mavze va qarorgoh uchun betinim jang qila-qila Maxovzor mavzeiga yaqinlashdilar…

Shu kunning ertasi ahli kuffor qal’ani egallash qasdi ila yo’lga chiqdi. Musulmonlar ham bir qancha merganlarni qal’a atrofiga joylab qo’ygan ekanlar. Merganlar battol kofirlar yaqinlashishi bilanoq ularning atroflarini o’rab olib, to’pu to’fangni jo’shu hurujga keltirib, to’rt tomondan muhobotsiz otdilar. Kofirlarda tob-toqat qolmadi va ular katta zarar ko’rib, qattiq zarba yeb qaytdilar. Kundan-kunga jangu jadal kuchayib borardi. Yakshanba kechasi, jumodul-oxir oyining 4-si yo 5-sida kofirlar uchta darvozaga odamlarni ta’yinlab Mug’ darvozasining chuqur handaqini xas-xashak bilan to’ldirib, shunday vasi’ msoyni bir kechada tekis qilib, o’zlariga yo’l ochib, tongni kutib turdilar.

Shu payt shahar aholisi g’ofil va o’z ahlu holiga mashg’ul bo’lib, olamdan bexabar uyquda yotar edilar. Biroz vaqt o’tgach, sahar paytida shahar darvozalariga bir ming-ikki ming kishini qo’yib, o’ruslarning guburnot (uri) va jiniroli (generali— SH. V.) ko’p sonli to’da ila Mug’ darvozasida hozir bo’ldi. To’satdan o’zlari tekislagan yo’ldan o’tib, shahar darvozasidan kirib tug’ sanchiqini Mug’ qal’asiga o’rnatishni buyurdi. (Mug’ qal’asi) shu viloyat hokimining joyi edi. Kofirlarning qolgan lashkari shaharga har bir darvozadan firqa-firqa, to’b-to’b, guruh-guruh bo’lib qichqirib shovqin-suron ko’tarib kirdilar va olamni to’s-to’polonga ko’mib bozorga yaqinlashdilar. Ahli islom musulmonlik hamiyatini diliga joylab, Saddi Iskandardek ustuvor turib jang qilardilar. Ular o’z yurtining hokimi Abdul G’afforbek yuz kofirlar kelishi bilanoq juftakni rostlaganini eshitib, zaif va bemador bo’lib, qochishni mo’ljal qildilar. Odamlar xilvat joylarga yashirinib, kofirlar nazaridan maxfiy bo’ldilar.

Qishloqdan va sahrodan shaharga kelgan aholi pana joy topmasdan noilojlikdan jangga tushib, o’ruslarning to’fu to’fanglari sochgan otash balosidan nobud bo’lib, shahodat darajasiga yetub, oxirat olamiga ketardilar. (O’ruslar) uch soatga yaqin viloyatni talon-taroj va aholini qatl qilib, zamona mardumiga omonlik berdilar. Shu dahshatli jang jarayonida musulmonlardan sakkiz mingdan ko’proq kishi kofirlarning to’fang va shamshirlari tig’idan ajal topdi. Kofirlardan o’lganlarning soni besh mingdan oshib, do’zax otashiga sazovor bo’ldilar. (O’ruslar) kuch ila O’ratepa mamlakatini o’z qo’llariga oldilar.
Abdul G’afforbek xotin va bolalari bilan Samarqandga qochib ketdi. Ahl.i kuffor yetti kun O’ratepada turib, viloyat ishlarini saranjom qilib, yakshanba kuni mazkur (jumodul oxir) oyining o’n uchinsida Jizzax tomon borishga amr etdi. Necha yo’l bosib, manzili muddao sarhadig’a yetdilar. Shaharga bir yarim farsax keladigan masofaga qo’nib, odamlarning hafsalasini pir qildi va bir necha kundan keyin, erta tongda qal’a darvozalariga hujumga o’tdi. Guburnot (ur) qal’a muhosarasiga buyruq berib, o’zi Buxoro darvozasi oldida turdi.

Lashkari islom qal’a ichidan turib to’pu to’fangni ishga soldilar. Kofirlar esa tashqaridan o’q otib, taloto’b bilan shaharga kirdilar. Musulmonlar besaranjom bo’lib, har tomonga parishonlik bilan yugurar va najot yo’lini qidirib topolmasdilar. Kofirlar musulmonlarni uch tomondan to’sib, to’pu to’fang zarbi ila shunday urushardilarki, o’lganlarning hisobi yo’qdur. Mang’it sipohidan taxminan 15—16 ming kishi o’z sardorlari ila shahodat darajasiga yetgan edi. Mang’itlar o’z jur’atsizliklari tufayli shunday baloga giriftor bo’ldilar. Aks holda, shuncha odam jasorat ko’rsatganda, kofirlarning terisini shilib olardilar. Viloyat ichi ahli kufforga to’lib ketdi.

Jizzax zabt etilgandan so’ng uch kun o’tib, amir (Muzaffar) Buxorodan, Samarqandga keldi. Uning tabiatida g’ayratu hamiyat yo’qligi uchun Samarqandda ham bemaza va bema’ni amallar bilan shug’ullanib yurdi.
Qish kelib, dalv oyi kirdi. Orenburg volisi Kirjijanovski jinirol va Rusiyaning amirlashkari edi, Rusiyag’a ketdi. Shundan keyin Buxoro amiri Sodiq To’ra ibn Kenesari to’ranikim, Dashti qipchoq salotinlarining avlodidandir, bir necha ming suvoriy sipoh bilan Oqmasjid sarhadini chapovul qilish (bostirish) uchun jo’natdi. Javzo (may) oyining boshlarida o’ruslar ham 200 ga yaqin sarbozi bilan Oqmasjid qal’asidan chiqib, Buxoro chegarasida joylashgan Sariq buloq mavzeiga keldilar. Ulardan bir favj sarboz ajralib, Sodiq to’ra mulozimlari bilan to’qnashdilar. O’ruslardan 13 kishi o’ldirildi, 6 sarboz asirlikka tushdi, qolganlari esa qochib, xalos bo’ldilar. Sodiq to’ra xushxabar bilan asirlarni Buxoroga jo’natdi, o’zi esa Oqjargacha borib qaytib keldi.

Buxoro amirining farmoniga binoan Samarqand volisi bir necha ming sarbozni (Jizzaxga) jo’natdi. Ular Jizzax qal’asiga ozuqa jo’natishga qarshilik ko’rsatib, shu jihatdan o’ruslar vaziyatini og’irlashtirib yubordilar. Boshqa tomondan Buxoro amiri o’ruslarga elchi jo’natdi. Buxoro amiri elchisi va vakili Orenburg viloyatida sulh tuzdi. Shartnoma asosida o’ruslar tomonidan zabt etilgan Yangiqo’rg’onni Buxoro amiriga qaytarildi. Buxoro amiri esa Jizzaxni o’ruslarga berdi. Buxoro tomonidan elchi Abdullaxon… to’ra edi.

Shu voqealar aytilayotgan zamonda (Buxoro) viloyati xarob bo’ldi. Shahrisabz va Qarshi viloyatining elot va aholisi (amirga) qarshilik ko’rsatib, Jo’ybor xo’jazodalari va to’ralarinikim, Buxoro amiriga jiyan bo’ladilar, Shahrisabzg’a olib keldilar Amir (Muzaffar) Samarqandda bu odamlarning jur’atini eshitib, g’azablanib, ularni kamsitdi.
Shu voqealar davomida xitoy-qipchoq qabilasi Miyonkolotda qo’zg’olon ko’tarib, Dubus, Chelak va Kattaqo’rg’ongacha bo’lgan bir qancha qishloqlarni bosib oldilar.
Amir shunday jasoratlardan ko’p ma’yus va mag’mum bo’lib, qipchoqlarga qarshi qo’shin tashlashga botinmadi. Qipchoqlar bu ko’zyoshlarga ahamiyat berib, xitoy qabilasining bir nechta ulug’larini ushlab amirga berdilar. Samarqandda ularni qatl etib, lashkar ila Shahrisabz tomon yurish qildi.

032

Marohillarni bosib o’tib, Jom qal’asig’a yetib kelganda to’xtashga buyruq berdi. (Jom mavzei) Shahrisabzdan qariyb uch farsax keladi. Amir (Muzaffarning) tabiatida g’ayratdan hech asorat qolmadi va ahvoli og’irlashib, shu yerda qoldi. Birinchi daf’adagidek siyosat qilib, do’q-po’pisa bilan bir elchi yubordi, ammo foydasiz edi. Oxiri amir yarashishga majbur bo’lyb, orqag’a qaytdi va qarshi trmon yo’l oldi. Shu davru zamonda Orenburg’ viloyatidan to Ho’qandu-Buxoro viloyatlarigacha bo’lgan hudud rus podshosi qo’lig’a o’tdi. Shu yerlar bir ayolrtga (general-gubernatrrlikka) birlashtirildi va Rusiya poytaxtidan Kaufman nomli qishi voliy-amirlashkar tayin etildi. Yangi Rusiya voliysi oldingi amirlashkar va amir o’rtasida tasdiqlangan bitimni qabul qilmadi, aksincha uni buzish yo’lidan bordi.
(Kaufman) Buxoro amiriga birinchi shartnomadan ham og’ir bo’lgan, o’zi tartib va tanzim bergan yangi ahdnomani juda oz muddatda ko’rib chiqmoq uchun yubordi.
Agarda Buxoro amiri shu ahdnomani qabul qilmasa urushishga tayyor bo’lsin, deb shart ham qo’ydy. Buxoro amiri bu ahdnoma shartlarini o’z davlatiga og’ir bilib, shunday javob yuborishni buyurdikim, «Rusiya arboblarining ahdu paymonlari barqaror emas ekan. Har qaysi yangitdan amirlashkar va voliy bo’lib olsa, eng avval yangi ahdnomalar qabul qilishga intilar ekanlar. Ahdnomaning shartlari bizning hukumatimizga zarari kulliy yetkazadi va kunlar o’tishi ila bizning sabr-toqatimizni to’ldiradi. Biz o’z ixtiyorimiz ila birinchi tuzgan ahdnomani buzib tabdil etmaymiz. Agarda Kaufman oldin tuzgan bitimni qabul qilmasdan uning bekor qilishga ko’shish etsa, unda buzmakor va ahdu paymonsiz nomini oladi». Shu majlis-mashvarat oxiriga yetmasdan va Kaufmandan javob olmasdan burun milodiy 1867 yil, jaddiy oyining oxirlarida o’rus askarlarining sardori Jizzaxdan Buxoro hududig’a kirib, Uxum qasabasining yerlarigacha bosib keldi. Bu yerlarning aholisi Buxoro ra’iyasi hisoblanar edi. O’ruslar ularning manzillariga o’t qo’yib, mol-hollarini talon-taroj qilib, keyin Jizzaxga qaytib ketdilar.

Milodiy 1868 yilda quyosh hamal burjiga kirgan mahal O’rusiya askarlari Uxum qasabasiga ikkinchi marta tajovuz qilib, buxorolik qorovul to’dalarni bosdi va ularni parishon qildi. Chelak hokimi buxoroliklar madadiga yetib kelib, o’ruslar bilan urushga tushdi.
Quyosh savr burjining 18 darajasida edikim, Turkiston sipohsolari Kaufman taxminan 5 ming saralangan O’rusiya askarlari bilan Samarqandni zabt etishni o’zig’a maqsad qilib, Toshkanddan yo’lga chiqdi. Bir necha muddat Jizzaxda turib, javzo oyining boshlarida Zarafshon daryosig’a yaqinlashdilar. Shu yerda amirdan elchi kelib, Kaufman tomonidan yangitdan tartib va tanzim berib amirg’a yuborilg’on ahdnomani olib ketdi. Amir (Muzaffar) ahdnomani o’qib, qo’yilgan shartlarg’a moslab qabul qilib, Kaufmang’a jo’natgan edi, Kaufman elchiga aytdikim: «Bugun men yurush uchun endi otga minganman, kechqurun manzilga yetsam, ahd shartlari borasida muzokara qilaman» Kaufman yaqinlashib, Zarafshon bo’yida Tali siyoh tepasida Buxoroni ko’rdi. O’rus sipohsolari Kaufman elchiga aytdikim: «Senga 2 soat muhlat, chopar jo’natib, buxoroliklarni narigi sohildan qaytarasan, biz hech qanday to’siqsiz daryoni kechib o’tsak, shu yerda sen bilan sulh haqida gaplashamiz». Elchi chopar yuborib, bu shartni Buxoro amiriga ma’lum qildi. Ular shu va’daga ishonib, o’ruslar Zarafshon daryosidan kechib o’tayotgan paytda ularga hech qarshilik ko’rsatmadilar. Kaufman boshliq o’rus askarlari suvdan talafotsiz o’tib, muzokara va sulhni kutib turgan buxoroliqlarga to’satdan hujum qilib, ularga talafot yetkazdilar. Shundan keyin Kaufman sulh taklifini qabul qilmasligi haqida qat’iy javob berib, elchini qaytardi. Firibga duch kelgan sodda elchi ma’yus bo’lib Buxoroga qaytdi…

Buxoro sipohi Samarqandga kirmasdan azimat jilovini Buxoro tomon burdilar. Ertasi samarqandliklar o’ruslar bilan sulh tuzdilar. O’ruslar amir Temur poytaxti sanalmish Samarqand shahrini tasarruf qildilar. Javzo oyining o’rtasigacha ular Urgut shahri va Chelak qal’asini ham istilo qildilar. Bir necha askarlarini Kaufman bir jinirol yetakchiligida Kattaqo’rg’on tasarrufi uchun yubordi. Uchinchi kuni o’ruslar Samarqanddan 8 farsax keladigan Kattaqo’rg’onga yetib keldilar. Shu yerning hokimi Ya’qubbek shaharni tashlab qochdi. O’ruslar Kattaqo’rg’onni jangsiz egallab oldilar. Kaufman ham shu zahoti Kattaqo’rg’ong’a yetib keldi. (U) Samarqandga qaytib, bir necha guruh askarni ikki farsax keladigan Qoratepa qal’asiga yubordi. Shahrisabz sardori bir necha ming piyoda va suvoriy qo’shini bilan kelib, o’ruslar bilan jang qilib, qaytib ketdi. O’ruslar Samarqandga qaytdilar.

Shu jangda shahrisabzliklardan ko’p kishi talafot ko’rdi. Samarqandlik Mirzo so’ziga qaraganda 50 kishi halok bo’lgan ekan. Quyosh javzo oyining oxirida ediki, Buxoro sipohi Zirabuloq mavzeida jam’ bo’lub, Kattaqo’rg’on qal’asini zabt qilishga jazm etdilar. Bu xabar Kaufmang’a yetib bordi. (U) Samarqanddan bir necha guruh sara askarlari va to’pu to’fanglari bilan Buxoro sipohiga qarshi kurashmoq uchun Kattaqo’rg’onga, undan Zirabuloqqa keldi. Buxoroliklar Zirabuloq mavzeida Buxoro yo’liga qo’shilib ketgan qir tepasida saflangan edilar. O’rus askarlarini Kaufman ikki qismga bo’lib, o’ng va chapdan hamla qilishdi. Buxoroliklar jang ko’rgan askarlarning to’pu to’fanglari otashig’a tob bermasdan orqaga qaytdilar.

Shu muhorabada hozir bo’lgan kishilarning aytishicha, buxorolik piyoda va suvoriylardan ming kishidan ko’prog’i nobud bo’lib, o’ruslarning talafoti ikki yuz kishiginaga yetar ekan, xolos, Kaufman Zirabuloqda buxordliklar bilan urushaetgan vaqtda ming, xitoy-qipchoq va Shahrisabz kenagaslarining qabila sardorlari ittifoq bo’lib, ko’p sipoh ila Samarqandga kelib, bu shaharni fath etmoqchi bo’ldilar. (Ular) Saroyning atrofida ichki qal’ani to’rt tomondan bosib olib, uning ikki darvozasi — Samarqand va Buxoro darvozasiga hujum qilib, mardlik bilan sa’yi balig’ ko’rsatdilar. O’ruslarning ahvoli juda tang bo’ldi. Qabilalar ittifoqi agar yana ikki-uch kun ittifrq va ijtimo’ ila muhosaraga sabot ko’rsatganda edi, g’olib kelib, Samarqandni o’ruslardan ozod qilgan bo’lardilar. Ammo movarounnahrlik badbaxtlarning shuncha sa’yu harakatlari va mehnatu mashaqqatlari natijasiz anjom topdi. Buxoro sipohining Zirabuloqda mag’lub bo’lganlarini eshitib, birinchi bo’lub Shahrisabz kenagaslari, keyin esa boshqa toifalar sabot va jalodat qadamlarini tortib olib, muhosaradan yuz o’gurib, har tomonga parishon bo’lib, parokandalikka berildilar. Shuning uchun aytganlarkim, bayt (mazmuni):

Parokanda lashkardan hech foyda yo’q,
Ularning yuz mingidan ikki yuz jangovar yigit yaxshiroq.

Qolgan lashkar besh kun muhoraba va muhosara ixtiyor etib, Kaufman Samarqanddagi o’ruslar madadiga kelayotir degan xabar ma’lum bo’lgandan keyingina qamalini to’xtatib, o’z vatanlariga qaytdilar.
Voqealarga shohid bo’lgan samarqandliklarning so’zlariga qaraganda, o’zbeklarning birlashgan qo’shinlari ko’p jasorat ko’rsatib, o’ruslardan 270 kishini o’ldirgan ekanlar.
Milodiy 1867 yili saraton oyining o’rtalarida zafar ko’rmagan amir Muzaffar va Turkiston sipohsolari Kaufman o’rtalarida sulh tuzildi. Buxoro amiri Jizzax, Samarqand, Kattaqo’rg’on va ularga taalluqli bo’lgan yerlarni hamda o’ruslar isgilo qilgan mavzelarni Rusiyaga berdi. Bunga qo’shimcha katta mablag’ — tovon to’lashni o’z bo’yniga oldi. Buxoro mamlakatida ularning siyosiy idorasi ta’sis topdi. Shu vaqtda quyosh dalv burjining rxiriga yetgan edi. Buxoro amirining sulhidan 6 oy ilgari Farg’ona xoni Said Muhammad Xudoyorxon va Turkiston sipohsolari Kaufman o’rtalarida ham sulh bitimi bo’lgan edi va adovatu xusumat o’rnini amniyat egalladi, mamlakat rifohiyati esa tijoratga aylandi. Qon to’kilishi va mulku madaniyat xarobaligiga sabab bo’lgan jangu jadallar yo’q bo’ldi. Shu voqealar yuz berayotgan bir paytda Qarshi voliysi Abdulmalik to’ra Buxoro xoni amir Muzaffarning katta o’g’li Shahrisabz kenagaslarining ulug’lari va Sodiq to’ra binni Kenasari to’ra Ablay Sultrn yurtdoshlari ila Buxoro amirligi va saltanatiga da’vo qildi. U o’z otasi amir Muzaffarga qarshi hamlaga o’tib, jangovar sipohni yig’di. Buxorodan amir Muzaffar sipoh va sarbozlar ila o’g’lining hujumini daf’ etmoq uchun Qarshi tomon otlandi. Qarshi cho’llarida Abdulmalik bilan jang bo’ldi va Abdulmalik to’raning sipohi parokanda bo’ldi. Abdulmalik Shahrisabzga qochdi. O’z o’g’lini ta’qib qilib, otasi Shahrisabz qal’alaridan bo’lgan Chiroqchini qurshab oldi. Shahrisabz voliysidan o’z o’g’lini talab qildi. Bu ish oxiriga yetmasdan turib, boshqa joyda qo’zg’olon ko’tarildi. Abdulmalik to’ra farmoniga binoan Nurota va Karmanani Sodiq to’ra olgani xabari amir Muzaffar qulog’iga yetdi. Bu fitna va ixtilol sababiga ko’ra (amir) Chiroqchidan orqag’a qaytib, bu dahshatli hodisalarni bartaraf qilmoq uchun Samarqand voliysi jinirol (Abramov — SH. V.)dan yordam so’radi. O’rusiya uchun Buxoro amirini qo’llash hayrli ish deb, jinirol amir iltimosini qabul aylab, bir necha guruh askar bilan Jom sarhadig’a keldi. Shahrisabz voliysi o’ruslarning kelishlarini eshitib. «O’rusiya Shahrisabzni ham olar ekan» deb Chiroqchidan Shahrisabzg’a qaytdi. Abdulmalik to’ra ham Qarshiga keldi. Buxoro amiri bu ahvoldan foydalanib, Sodiq to’ra fitnasini bostirishga harakat qildi, unga shikast yetkazib, fasod va sho’ru g’avg’olarga ozgina bo’lsa-da taskin berdi. Amir Buxoroga qaytdi.

Qarshida turgan Abdulmalik to’ra parokanda bo’lg’an sipohni yig’ib yanaqo’zg’olon ko’tarib, ixtilofni boshladi. Buxorb amiri ikkinchi marta Samarqand jynirolidan yordam so’radi. Samarqand jiniroli Jomdan bir nyocha guruh qo’shin va bir necha to’p ila Qarshig’a bordi. Quyosh aqrabning 20—21-darajasida edi, o’ruslar qarshida Abdulmalik bilan to’qnashib, unga zarba berdilar. Abdulmalik to’ra Qarshidan qochdi va uning sipohi mag’lub bo’ldi. Aqrab oyining oxirlarida o’rus jiniroli Qarshini amir ma’murlariga topshirib, Samarqandga qaytdi. Shu hodisalardan keyin Sharhrisabz hokimi, kenagas toifasining raislari, Kishtut va Farob fuqarosyni o’ruslarg’a qarshi qayradilar. Kishtut, Farob va Mog’iyon raislari o’ruslarg’a qarshi chiqdilar. Ularga yordam deb Haydar xoja degan kishini bir necha shahrisabzlik guruhlar bilan yubordilar. Haydar xoja Samarqand chegarasida yurgan o’rus suvoriylariga hamla qilib, ulardan bir qanchasini o’ldirib, ba’zilarini yarador qildi. Bundan Samarqand voliysi jinirolning jahli chiqib, Turkiston sipohsolari Kaufmanga bu ahvolni ma’lum qildi. Turkiston sipohsolari buyruq berdikim, Shahrisabz yurishini maxfiy ravishda rejalashtirib, viloyatni makr bilan ishg’ol qilib, Buxoro amiriga bersin. Samarqand jiyiroli safar anjomlarini muhayyo aylab, amir Muzaffarni bu ishidan boxabar etib, o’z askarlarini ikki dastaga ajratdi. Sunbula oyining yettisida birin-chi favj Jomga yo’l oldi. Favji soniy ikki kundan keyin Qoratepa dovonidan o’tib, Kitob qal’asining oldida birinchi qism bilan birlashdi. Ular qal’aga yaqin bo’lgan O’rus qishloq degan joyga tushdilar. Sunbulaning 13-kunida o’ruslar askar va to’plarini har nuqtaga joylashtirib, qal’ani olish bilan mashg’ul bo’ldilar. Shahar va qal’aga alohida-alohida hamla qilib, to’pga tutishni boshladilar. Kechasi esa o’ruslarning bir necha guruhi qal’aga yurish qilib, xandaqqa yaqin keldilar. Qal’adagilar bunday ogoh bo’lib, o’ruslarni o’qqa tutib, mudofaaga o’tdilar. O’ruslarning yana bir guruhi posbonsiz qolg’on joydan devorg’a narvonlar qo’yib, qal’aga kirdilar. Qolganlari esa devorning qulagan joylaridan shaharga bostirib kirdilar. O’rus suvoriylari ham Rabotak darvozasini yiqitib, to’rt tomondan shaharga kirdilar. Qal’a aholisi o’zlarini g’am-anduh dengizida ko’rib, turli yo’llar bilan urusha-urusha chekindilar. O’ruslar yo’llarida uchragan uy-joylarni, kishilarning to’plab qo’ygan yem-xashaklarini, zahira qilib qo’ygan o’tunlarini yondirib, uning yorug’ligida oldinga qarab intildilar. Shunday qilib, tonggacha o’ruslar shaharni butkul zabt etib, o’z tasarrufiga oldilar. Shu urushda
shahrisabzliklardan 500 dan ko’proq kishi shahid bo’lib, ko’p odam zaxmdor bo’ldi. Jangda qatnashgan mo»tabar kishilarning so’zlariga qaraganda o’ruslardan 150 kishiga yaqin odam talafotga uchrabdi. Ammo 30 ta cho’yan to’p, bir necha pilta miltiq va boshqa narsalardan juda ko’p zahira o’ruslar qo’liga o’tibdi.

Sunbula oyining o’rtalarida Samarqand jiniroli (Shahrisabz) shahriga kirib, shahar a’yonu ashrofini jam’ etib, Shahrisabz Buxoro amoratiga taaluqli ekanini e’lon qilib aholini tinchitdi, keyin Kitobga keldi. Shu yerda amir Muzaffar Shahrisabzga yuborgan yangi ma’mur va zobitlar bilan muloqot qilib, viloyatni Buxoro amirining mutasaddilariga topshirib, Samarqandga qarab jo’nadi. Shu asnoda u eshitdiki, Shahrisabz voliysi Bobobek parvonachi Hakimbiy o’g’li va uning noibi Qalandar eshik-og’osining o’g’li Jo’rabek dodxoh Mog’iyon qasabasida 3 mingga yaqin lashkar to’plab kutib turibdi va agarda rus askarlari Shahrisabzni buxoroliklarga berib qaytsalar, buxoroliklarni Shahrisabzdan haydab, yana viloyatni o’z qo’llariga olarmishlar. Shuning uchun jinirol Kitobdan Farobga keldi. Shahrisabz voliysini sipohi ila topmasdan Farob aholisig’a shunday e’lon qildikim, shu kundan boshlab sizning qasabalaringiz Samarqand muzofotining hay’atiga tegishlidir va sizlar rus tobeligiga kirgansizlar. Yana bir ma’murni bir favj ila Mog’iyonga yubordi va yuqorida aytgan mazmundagi xabarni u yerning aholisiga ham e’lon qildi. Shu ishlardan so’ng Samarqand jiniroli o’z askarlari bilan Samarqandga qaytib ketdi. Shahrisabz voliysi Bobobek o’z akalari va noibi Jo’rabek dodhoh hamda xizmatkorlari bilan ancha muddat sarsonu sargardon bo’lib, Farg’ona chegarisiga yaqinlashdi. Buni Xudoyorxonga ma’lum qildilar. Janobi Xudoyorxon o’z amirlari bilan mashvarat qildi. Xonning akasi Sulton Murodbek, umaro va vuzaroning aksariyati birlashib dedilarki: «Agarda biz Shahrisabz voliysini Farg’ona saroyida qabul qilsak, Buxoro amiri O’rusiyani bizga qarshi qayraydi va o’ruslar bizdan voliy (Bobobek)ni talab qiladilar. Agar uni o’ruslarga bersak, sharmanda bo’lamiz, agar o’ruslarning xohishini rad qilsak, bu bilan ahdu paymonini buzib, ularga bahona va sabab topib bergan bo’lamiz. Buning chorasi shuki, Shahrisabz voliysiga safar zaruriyati va luzimotini taxtlab, avval uni mehmon qilib, keyin Koshg’arga jo’natsak. Bu savobli fikr qabul bo’ldi. Saroyning bir ishonchli mulozamini uzru ma’ni ila ziyofat va mehmondorchilikka da’vat qilish uchun Bobobek oldiga yubordilar.

Mazkur ma’mur Shahrisabz voliysining oldiga kelib ahvolni tushuntirdi va hamma naqdini berib aytdiki, «Farg’ona hokimi sizdan uzr so’rab o’z mulkida bir necha kun mehmon bo’lishingizni xohlaydi va keyinroq Koshg’arga borsangiz, sizni chegaragacha kuzatib qo’ymoqni zimmamizga rlamiz». Shahrisabz voliysi (Bobobek) unga javob berdiki: «Biz Qoshg’ar safarini xohlamaganmiz. Biz Shahrisabzdan bu tomonga Buxoro amiri zulmidan qochib keldik. Buxoro amiri bizning ko’p ulug’larimizni — o’ldirdi. Bizning o’rtamizda ko’hna adovat bor. Biz Samarqand jinirolining oldiga borib taslim bo’lmadik, chunki u Buxoro amirining o’ng qo’lidur. Agarda unga taslim bo’lganimizda edi, ehtimol, jinirol amirdan pora olib, o’zini Turkiston sipohsolari Kaufmanga yaxshi ko’rsatish uchun bizni Buxoro amiriga topshirgan bo’lur erdi. Agarda Farg’ona xonining (Xudoyorxon) o’ai bizni avlodimiz ila Kaufman huzuriga yuborsa ma’qul erdi. Samarqand jiniroli va boshqalarning vositasisiz o’zimiz Turkiston sipohsolari Kaufmanga taslim bo’lamiz. Bizning maqsadimiz shu, chunki Rusiya davlati buyukdur va ularning qonun va nizomlarida asirlar va taslim bo’lgan kishilarni o’ldirish qoidasi yo’qdur. Buni biz ko’p mo»tabar kishilardan eshitganmiz.
Ko’p joylarning va viloyatlarning hokimlari, masalan, totorlar, cherkaslar va boshqa g’ayridinlar o’ruslarga asir tushganda, ularni o’ldirmasdan tarbiya qilganlar. Binobarin, biz safar sargardonligidan ko’ra yaxshisi, Toshkandga borib, o’ruslarga taslim bo’lamiz, agar hazrati Farg’ona xoni bizlarni o’z elchisi bilan Toshkandga jo’natsa, undan rozi va xushnud bo’lardik».

Mazkur ma’mur bu so’zlarni Shahrisabz voliysidan eshitib, xon hazratlari oldiga kelib, hammasini arz qildi. Xon janoblari voliy iltimosini qabul aylab, yo’l ehtiyoji va xarajatini xazinadan berib yubordi. Shahrisabz voliysi Bobobek parvonachi Hakimbiy o’g’lini ba’zi shaxsiy mulozimlari va noibi Jo’rabek dodhoh Qalandar eshikog’osi o’g’li bilan birga Xo’qanddan yana bir elchi qo’shib, Toshkandga jo’natdilar.
Ularning qolgan qarindoshlarini, urug’larini Bobobek parvonachi iltimosiga ko’ra Farg’onada qoldirdilar va ularning martaba va maqomlariga qarab, xazinadan maosh muqarrar qildilar.
Abdulmalik to’ra g’oziy Samarqand jiniroli bilan Qarshida jang qilib talofotga duch kelgach, Olloh irodasi ila bir muddat Urganj va Afg’onistonda musofirat zahmatini chekdi. U yoqlardan Farg’ona mamlakatiga kelib, bir necha kun Farg’ona xonining darborida mehmon bo’lib, o’z xohishi ila Koshg’arga o’tib ketdi va bir necha vaqt shu yerda yashadi. Keyin Britoniyo Azimaga ketdi. Makkai mukarrama ziyoratig’a borgan mo»tabar kishilarning aytishlaricha, fozil amirzoda hozir Hindistonda izzatu ikrom, ofiyat va salomat masnadida o’turgan ekanlar. Va bu jumlalar ham g’aroyib voqealarning bayoni edi va biz ularni muxtasar yozdik.

ILOVA
Rus tilidan Shodmon VOHID tarjimasi
04

GENERAL-ADYUTANT FON KAUFMANNING BUXORO AMIRI
JANOBI OLIYLARI SAID MUZAFFAR BAHODURXONGA TAKLIF QILG’ON SULH SHARTLARI

1

A’lohazrat Rusiya imperatori janoblari hukumatiga mansub bo’lgan yerlarga oldin ruslar tomonidan ishg’ol qilingan Koshg’ar, Dovon va Nurota tog’lari shimolidan tashqari Oy podshoh tobeligiga o’tishini iltimos qilgan Samarqand shahri o’z muzofotlari bilan kiradi. Janub tomondan bu o’lka Shahrisabz tog’lari bylan chegaralanib, Zarafshon vodiysi vv Nurota tog’lari o’rtasidan o’tadi. Buxoro bilan bo’ladigan chegara esa, shu sulh bitimi Amir janobi oliylari tomonidan taklif qilingan shartlar bilan qabul qilinib, ular o’z muhrlarini bosib qaytargandan so’ng aniqlanadi. Shundan so’ng chegara g’arb tomondan Nurota tog’larining eng baland joyidan va Buxoro hududida joylashgan Nurota qal’asidan o’tadi. Shu yerdan Qizilqum sahrosi o’rtasidan o’tib, Bo’kantov orqali Yangidaryo quyilishigacha yetadi.

2

Hamma rus fuqarolari, qaysi dinda bo’lishlaridan qat’i nazar, Buxoroga va uning boshqa shaharlariga borib savdo qilish huquqiga ega bo’ladilar, Buxoro amirining fuqarolari ham ilgarigidek Rusiya imperiyasi bilan savdo qilishlariga ijozat beriladi.
Amir janobi oliylari Rusiya fuqarolarini karvon va barcha mol-mulklari bilan muhofaea qilib, ularni o’z mulki hududida xavfsizligini nazorat etadi.

3

Rusiya tojirlari uchun Buxoro shaharlarida va ular xohlagan joylarda, o’z tovarlarini saqlash uchun karvon saroylar qurishlariga ijozat beriladi. Rusiya shaharlarida ham Buxoro tojirlari uchun shunday huquq beriladi.

4

Savdo ishlari to’g’ri borishini va qonuniy boj olinishini nazorat qilish uchun rus tojirlari xohishlariga qarab Buxoro amirligining har bir shaharida ularning karvonboshilari bo’lishiga huquq beriladi. Turkiston o’lkasiga qarashli shaharlarda Buxoro tojirlariga ham shunday huquq beriladi.

5

Rusiya yerkdan Buxoroga va yoki Rusiyaga shu yerdan boradigan hamma tovarlardan Turkiston o’lkasida olinadigan miqdorda, har holatda Buxoroning musulmon fuqarolari bilan bir xil, ya’ni tovarning umumiy qiymatidan 2,5 foiz miqdorida boj olinadi.
Bu shartlar Samarqand shahridan 1868 yil 11 may kuni jo’natilgan. Turkiston General Gubernatori va Turkiston harbiy okrugi qo’shinlarining qo’mondoni General-adyutant fon Kaufman imzosi.

BUXORO AMIRI JANOBI OLIYLARI SAID MUZAFFAR BAHODURXONGA
GENERAL-ADYUTANT FON KAUFMAN TAKLIF QILGAN SULH SHARTLARIGA ILOVALAR

1

Rusiya imperatori a’lohazrat janoblari va Buxoro amiri janobi oliylari mulklarining chegara chizig’i janubda Shahrisabz tog’larining eng baland joylaridan Zarafshon vodiysiga tutashadi, so’ngra Kattaqo’rg’on g’arbidan boshlanib, Zarafshon vodiysi o’rtasidan o’tadi va Oqtov, Nurota tog’lari bilan kesishadi. Sarhad keyin Nurota tog’larining eng baland cho’qqisi orqali o’tadi. Nurota qal’asi esa Buxoroda qoladi. Shu yerdan boshlab, ya’ni Qizilqum sahrosidan to Bo’kantovgacha, shuningdek, mazkur tog’lardan Yangidaryo etaklariga qadar bo’lgan joylar ham Rusiyaga o’tadi.

2

Shu chegara chizig’idan Shimol va Sharq tomonda joylashgan hamma yerlar A’lohazrat Rusiya imperatori janoblari tasarrufi va tobeligiga o’tadi va shu chiziqdan janubi g’arbdagi yerlar Buxoro amiri janob oliylari ixtiyorida qoladi.

3

Sulh imzolangandan keyin, chegara chizig’i Buxoro amiri janobi oliylari yuboradigan elchi va Turkiston general-gubernatori tayinlaydigan vakolatli shaxsdan iborat bo’lgan maxsus hay’at tomonidan belgilanadi. Chegarani aniqlash hay’atiga Rusiya imperatori qo’shinidan posbonlar gayinlanadi.
General-adyutant fon Kaufman taklif qilgan va Buxoro amiri janobi oliylari qabul qilgan 2, 3, 4, 5 va 6 sulhnoma shartlari o’zgartirilmaydi.
Bu ilovalar Kattaqo’rg’ondan 1868 yil 23 may kuni yuborilgan.
Turkiston general-gubernatori va Turkiston harbiy okrugi qo’shinlarining qo’mondoni general-adyutant fon Kaufman imzosi.

GENARAL-ADYUTANT FON KAUFMAN TOMONIDAN BUXORO AMIRI JANOBI OLIYLARI
SAID MUZAFFAR BAHODURXONGA TAKLIF QILGAN
SULHNOMA SHARTLARINING MAXFIY ILOVALARI

1

Buxoro Amiri Janobi oliylari Rusiya davlati bilan chin do’stlikda yashash va janobi a’lo-hazrat Rusiya imperiyasi podshohi a’zamning homiyligini olish uchun shu yildagi jang xarajatlarini qopAash uchun 125000 tilla miqdorida tovon to’laydi.

2

125000 tilla pul yo kumush bilan to’lanadi va har bir tilla 20 tanga hisoblanadi.

3

Janobi oliylari shu shartlarga imzo chekkandan so’ng Rusiyaga to’lanadig’on 125000 tilla hisobidan zudlik bilan 10 ming tilla undiriladi. 90000 tilla 1868 yilda 21 maydan boshlab 30 kun davomida to’lanishi shart. Qolgan 25000 tilla keyinroq, bir yil ichida to’planishi kerak.

4

Buxoro amiri janobi oliylari beklar chegaradan Rusiya davlati hududiga o’tub qaroqchilik qilmasligini nazorat etadi. Ular Rusiya hukumati bilan do’stlik munosabatida bo’lishlari lozim.
Turkiston general-gubernatori o’z tomonidan Rusiya va Buxoro bilan do’stlik munosabatlarini keyinchalik ikkala hukumat va davlatning baxt va saodati yo’lida rivojlantirish uchun hamma choralarni ko’radi.
Bu shartlar Kattaqo’rg’ondan 1868 yil, 23 may kuni jo’natilgan.
Turkiston general-gubernatori va Turkiston harbiy okrugi qo’shinlarining qo’mondoni general-adyutant fon Kaufman I ning imzosi.
«Pravitel`stvenniy vestnik», 1872, № 238

TURKISTON GENERAL-GUBERNATORI, GENERAL-ADYUTANT FON KAUFMAN I
VA BUXORO AMIRI SAID MUZAFFAR O’RTALARIDA TUZILGAN AHDNOMA

1-modda. Rusiya podshohi janoblari Imperatori a’zam va Buxoro Amiri janobi oliy mulklarining o’rtalaridagi chegara chizig’i o’zgarmaydi.
Amudaryoning so’l sohilidan boshlab Xeva yerlari rus mulkiga qo’shilgandan so’ng hamda Buxrrr Amiri va Xeva xonining ilgarigi g’arbiy chegaralari, ya’ni Amuning so’lidagi Xolota mavzeidan Gugertli to’qay tomoniga boradigan chegara bekor qilinadi.
Buxoro amirining mulkiga ilgari Buxoro va Xeva chegarasi bo’lgan Amudaryo sohilining so’l tomoni: Gugertlidan to Mishekli to’qaygacha hamda Misheklidan boshlab ilgarigi Buxoro va Xeva chegarasi va Rusiya davlati chegarasigacha bo’lgan hudud o’tadi.
2-modda. Xeva xonligidan Amudaryo sohilining so’l qismidagi yerlar ajratib olingani uchun Buxorodan shimoldagi rus yerlariga boradigan hamma karvon yo’llari faqat Buxoro va Rusiya yerlari orqali o’tadi.
Har ikkala huqumat Buxoro va Rusiya o’z yerlari hududida karvonlar va tijoratni muhofaza qylish ustydan nazorat o’rnatadilar.
3-modda. Amudaryoning Buxoro amiriga mansub bo’lgan qismida Buxoro kemalari bilan bir qatorda Rusiya davlati kemalari hamda xususiy kemalar uchun erkin suzish huquqi beriladi.
4-modda. Amudaryoning Buxoro davlatiga tegishli sohillarida ruslar xohlagan qulay joylarda rmbrr va bandar qurish huquqiga egadirlar. Bu ombor va bandarlarni himoya qilish ishlarini Buxoro hukumati o’z zimmasiga oladi. Bandar qurilishi uchun belgilangan joylarni Turkistondagi ruslarning oliy hukumati tasdiqlaydi.
5-modda. Buxoro amirligidagi hamma shahar va qishloqlar rus savdosi uchun ochiqdir. Rus tojirlari va rus karvonlari amirlik hududida erkin harakat qilib, mahalliy hokimlar tomonidan maxsus homiylikka olinadi. Rus karvonlarining Buxoro hududidagi xavfsizligi uchun Buxoro hukumati javob beradi.
6-modda. Rusiyada Buxoroga yoki Buxorodan Rusiyaga olib boriladigan rus tojirlarining hamma mollari umumiy qiymatidan 25 foiz miqdorida boj olinadi, Turkiston o’lkasida esa 1,40 qism miqdorida boj olinadi. Bu zakotdan boshqa soliq olinmaydi.
7-modda. Rus tojirlari Buxorodan boshqa qo’shni joylarga soliqsiz tovar olib borish huquqiga egadirlar.
8-modda. Rus tojirlari zarur holatlarda Buxoro shaharlarida tovarlarini saqlash uchun karvonsaroylar qurishga huquqlidirlar.
9-modda. Savdo jarayoni to’g’ri borishi va yorliq olishning qonuniy bo’lishi uchun hamda mahalliy hukumat bilan tijorat ishlarini olib brrish uchun rus tojirlari Buxoro shaharlarida tijoratxona ochishga haqlidirlar. Buxoro tojirlari uchun Turkiston o’lkasida ham shunday huquq beriladi.
10-modda. Rusiya va Buxrro o’rtasidagi savdo majburiyatlari har ikkala tomonlama muqaddas sanaladi va buzilmasligi shart. Buxoro hukumati savdo va umuman tijorat ishlari odilona bo’lishiga kafolat beradi hamda ular ustidan nazorat qilish majburiyatini o’z zimmasiga oladi.
11-modda. Rusiya tobelari Buxoro fuqarolari bilan bir qatorda Buxoroda shariat talablariga qarab, har xil ish va kasblar bilan mashg’ul bo’lishi huquqiga ega bo’ladilar. Buxoro fuqarolari ham rus mulklarida Rusiya qonunlari ijozat bergan barcha faoliyat turlari bilan shug’ullanishga haqlidirlar.
12-modda. Rusiya tobelari amirlik hududida xususiy mulk, ya’ni uy, bog’, yer sotib olishga huquqlidirlar. Bu mulkdan Buxoro fuqarolari bilan bir xilda xiroj olinadi. Shunday huquqdan Rusiya imperiyasida Buxoro fuqarolari ham foydalanadilar.
13-modda. Rusiya tobelari rus hukumatining chegaradan erkin o’tishga doir ijozatnomasi bilan Buxoroga keladilar: ular amirlikning hamma joylariga borish huquqiga ega bo’lib, Buxoro hukumatining maxsus homiyligidan foydalanadilar.
14-modda. Rusiya hukumatidan ijozati bo’lmagan, qaysi xalqqa mansubligidan qat’iy nazar har xil kimsalarni Buxoro hukumati qabul qilmaydi. Agarda Rusiya tobelaridan qonun yo’li bilan ta’qib etilayotgan biron bir jinoyatkor Buxoro hududida yashirinsa, Buxoro hokimiyati tomonidan bunday kishilar tutib olinib, rus hukumatiga topshiriladi.
15-modda. O’rta Osiyodagi ruslarning oliy hukumati bilan yaqin va doimo munosabatda bo’lish uchun Buxoro Amiri o’zining ishonchli kishilaridan biron shaxsni Toshkentda doimiy va vakolatli elchi qilib tayinlaydi. Bu vakolatli elchi Toshkentdagi amir hovlisida Amir hisobidan yashaydi.
16-modda. Rusiya hukumati ham Buxoroda o’z doimiy namoyandasini Amir janobi oliylari huzurida tayinlashi mumkin. (Buxorodagi Rusiya hukumatining vakili Rusiya hukumati hisobidan yashaydi.)
17-modda. Rusiya imperiyasi Podshohiga yoqish va Imperatori a’zam janoblarining obro’sini ko’tarish uchun Amir Said Muzaffar janobi oliylari qaror qiladi: bugundan e’tiboran Buxoro hududida abadul-abad insonparvarlik qonuniga zid bo’lgan odamlar bilan savdo qilish bekor qilinadi. Shu qarorga binoan Said Muzaffar o’zinmig beklariga shu mazmunda qat’iy buyruq jo’natadi: agarda Buxoro chegarasidagi shaharlar yuqorida zikr etilgan farmonga qarshi Buxoro fuqarolari uchun boshqa qo’shni davlatlardan qullar olib keltirsa, ular bilan savdo qilish xat orqali to’xtatiladi. Amir farmoniga rioya etmay olib keltirilgan odamlar esa o’z xo’jayinlaridan tortib olib, ozod etiladi.
18-modda. Said Muzaffar chin qalbdan do’stlik va qo’shnychilik munosabatlarini rivojlantirish va mustahkamlash uchun Rusiya va Buxoro o’rtasidagi do’stona shartnomani hamda 5 yildan buyon amal qilib kelayotgan 17-moddani Buxoro saodati uchun qo’llanma sifatida qabul qiladi. Bu shartnoma ikki nusxada, ikki tilda rus va turkiy tillarda yozildi. Tasdiqlash nishonasi uchun Said Muzaffar o’z muhrini bosdi va uni o’ziga va vorislari uchun qo’llanma sifatida qabul qildi.
23 sentyabr` 1873 yil, 1290 yil sha’bon oyining 19-kuni

«Pravitel`stvenniy vestnik» 1873, № 300.

043

(Tashriflar: umumiy 2 481, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring