Nazar Eshonqul. Adabiyot — tarbiya vositasimi?

0415 июн — ёзувчи Назар Эшонқул таваллуд топган кун.

Санъат, жумладан, адабиёт тарбияламаган қалб ваҳшийликка, ёвузликка, тубанликка мойил қалбдир. Чунки адабиёт билан тўлган қалбга ёвузлик кириб олиши қийин кечади, кўнгил майли ёвузлик томонга ўтишдан олдин у ерда адабиёт бунёд этган қўрғонларни, қалъаларни бузиб ташлашига тўғри келади. Адабиёт билан тўйинган қалб, онг – пойдевори мустаҳкам бинога ўхшайди. У залолатга бошловчи кўплаб зилзилаларга дош бера олади. Адабиёт ва санъат тарбияламаган қалб “энг паст балли силкинишларга” дош беролмай, тўкилиб кетади. Бу – асрлар оша исботланган ҳақиқат.

055
Назар ЭШОНҚУЛ
АДАБИЁТ – ТАРБИЯ ВОСИТАСИМИ?..
“Шарқ юлдузи” журнали таҳририяти саволларига жавоблар
055

null“Ҳа!”, адабиёт тарбия воситаси. Буни тан олмасликни мен адабий бодилик, деб тушунаман. Тўғри, адабиёт муаллим ёки ота-она каби бевосита тарбия билан шуғулланмайди, аммо у туйғуни, дидни, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги тасаввур чегарасини, кўнгил ва қалбни тарбиялайди. Шунинг учун у тарбия воситасидир. Инсониятнинг бугунги кўплаб фожиаси маълум маънода адабиётдан узоқлашиши ёки у билан қалбларини тарбияламай қўйгани билан боғлиқ экани дунё алломалари ўртасида таҳлил қилинган ва қилинаяпти. Санъат, жумладан, адабиёт тарбияламаган қалб ваҳшийликка, ёвузликка, тубанликка мойил қалбдир. Чунки адабиёт билан тўлган қалбга ёвузлик кириб олиши қийин кечади, кўнгил майли ёвузлик томонга ўтишдан олдин у ерда адабиёт бунёд этган қўрғонларни, қалъаларни бузиб ташлашига тўғри келади. Адабиёт билан тўйинган қалб, онг – пойдевори мустаҳкам бинога ўхшайди. У залолатга бошловчи кўплаб зилзилаларга дош бера олади. Адабиёт ва санъат тарбияламаган қалб “энг паст балли силкинишларга” дош беролмай, тўкилиб кетади. Бу – асрлар оша исботланган ҳақиқат.

Адабиётнинг кишилик онгу тафаккурида, маънавий олами, маданий тараққиётида тутган ўрнидан хабари бор, калом санъатининг нима учун пайдо бўлгани-ю унинг бош вазифаси нималигини билганларга бу гапларни гапириб ўтириш ортиқчадай туюлиши мумкин. Аммо хавотир-савол бекорга қўйилгани йўқ, афтидан. ХХI асрга келиб, адабиётнинг ҳаётда, ижтимоий муносабатларда, оммавий эътирофларда, тарбияда, “оломончилик диди ҳукмрон дидга айланган” (Ортега Гассет) паллада очиқчасига шубҳа қилинаётгани туфайли бир оғиз “Ҳа!” деб қўйишнинг ўзи ҳам етарли эмасга ўхшайди. Тан олиш қанчалик оғир ва ачинарли бўлмасин, адабиёт бугунги кунда ўзининг эллик йил олдинги ўрнини бутунлай оломон дидига – Ҳерман Ҳессенинг 1943 йилда ёзилган “Бисер ўйини” романида тилга олинган оммавий маданият унсурларига бўшатиб бераётгани айни ҳақиқат. (Романдаги асосий воқеа 2200 йилда юз беради. Олис келажакнинг тарихчи ровийси ўз давридан туриб, бош қаҳрамон Кнехт нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўтмиш – ХХ аср маданий ҳаёти ва жамиятини илмий, фалсафий-психологик таҳлил қилади. ХХ аср “фельтончилик”, бугунги тил билан айтилганда, оммавий маданият гуллаб-яшнаган давр. Бу даврда одамларни оломончилик кайфияти ўз чангалига олган. Асар ровийси бу кайфиятни “фельтончилик” маданияти, деб атайди. “Фельтон” немис тилида “кўнгилочар”, “эрмак” деган маъноларни беради. Одамлар юксак туйғулар, юксак мақсадлар қолиб, ҳаётларини эрмак ва кўнгилочар фаолият билан ўтказишади. Газеталар, оммавий матбуот, китоблар, асарлар, санъат намуналари ана шу мақсадда яратилади. Бу давр олимлари ҳам ҳақиқий илм билан эмас, “Фридрих Ницшенинг аёлларга муносабати”, “Россинининг севимли таоми”, “Бўйдоқ бўлишнинг ўзига хос фазилатлари” каби тадқиқотлар, тўғрироғи, олди-қочдилар билан шуғулланишади. Омма маиший ва эрмак маданиятга муккасидан кетган. Жамият эса уларни энг кераксиз, ҳаёт ва гўзалликка, инсоннинг моҳияти ва миссиясига зид ахборотлар билан манипуляция, муте қилиб туради. Бу давр одамлари бўш қолди дегунча ё олди-қочди ўқишади, ё турли шоулар, масхарабозликларни томоша қилишади, турли кроссвордлар, сканвордлар ва бошқа эрмак ўйинлар билан машғул бўлишади, санъат асари деб томоша қиладиганлари, мусиқа деб эшитадиганлари – барчаси шунчаки эрмак, кўнгилхушлик, жазава, кун ўтказиш воситалари, холос. Бу ўйинларда инсонни маънан бойитадиган, уни тозалайдиган, уни бани олам уйғунлигига, руҳ ва жисм бирлиги – ваҳдат ул-вужудга ундайдиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар ўзларини иқтисодий ва сиёсий буҳронлардан чалғитиш учун, ичларидаги эртанги кун олдидаги хавотир ва қўрқувларини яшириш, ўзларини алдаш учун шундай фаолият билан машғул бўлишади. Ҳессе ровий тилидан бундай маданият ва жамият таназзулга маҳкум, деб хулоса чиқаради.) Мабодо шундай экан, бу хавотир ва савол ўз-ўзидан туғилгани йўқ.

Йигирма йилча олдин Шукур Холмирзаев ҳам “Адабиёт ўладими?!” деган савол билан чиққанди. Гарчи ўша пайти ҳурматли адибимизнинг ўзи ҳам, шу баҳсда иштирок этганлар ҳам “Адабиёт ўлмайди!” деган ўта кўтаринки руҳдаги чиқишлар қилишган бўлса-да, адабиёт ўзининг таъсир ҳудудларини, қамров доирасини бутун дунёда ўтган йигирма йил ичида яна ҳам кўпроқ бой берди. Чинакам санъат асарлари, чинакам адабиёт тор доирадаги кишиларнинг кўнгил ишлари, ташвиш ва куйинишлари бўлиб қолаётганини кўриб турибмиз. Бугунги диднинг оломонлашуви ва муаммоларнинг глобаллашуви даврида адабиётга “тарбия воситаси” сифатида қаралаётгани йўқ. Чунки оломон бугун ўзининг кўнгил эрмагини, кўнгил эҳтиёжини бошқа воситалардан топиб олди – у бугун сериаллар, олди-қочдилар, шоулар, машшоқ ва масхарабозларнинг томошалари билан овора. Чинакам адабиётга эҳтиёж сезаётгани ҳам йўқ. Унинг диди, савияси, руҳи, тасаввурига шоу-бизнес, томошалар, шов-шувлар ва сериаллар “зеб” бераяпти, ўзига мослашатираяпти. Ҳессенинг башоратлари ХХI асрга келиб ўзининг исботини топмоқда. Ачинарли бўлса ҳам бугун дунё адабий диди, бадиий манзараси шу ҳолатда.

Аслида, дидга, савияга, ҳақиқий адабиётга ҳамиша ҳам хуруж бўлиб турган. Айнан шу сабабли ҳам биз ёзилган ҳар бир асарни адабиёт, деб қабул қилолмаймиз. Адабиётнинг ўз қонунлари ва талаблари бор. Ана шу қонунга ва талабга бўйсунмаганлар адабиёт бўлолмайди. Шулардан энг биринчи талаб – адабиёт ҳамиша эзгулик тарафида бўлган ва эзгуликни ҳимоя қилган, руҳни эзгулик томон бошлаган. Ана шу бирламчи қоидага амал қилинмаган бўлса, бундай асарни адабиёт, деб бўлмайди. Тарихда ёзганларини адабий асар сифатида эътироф этишларини истаганлар хоҳлаганча топилади. Адабиётнинг бош вазифасига тўғри келмаганларни вақт, барибир, ўчириб ташлайверган. Аммо бу ерда адабиётни қабул қилиш ўқувчининг савиясига, ёшига ва идрокига боғлиқлигини инкор қилиб бўлмайди. Кафка билан Киплингни, Фолькнер билан Марк Твенни бир хил қабул қилиб бўлмайди. Кафка билан Фолькнер ўқувчидан маълум бир тайёргарликни, сиз айтмоқчи бўлган, “хослик”ни талаб қилади. Шу сабабли Кафка ва Фолькнерни мактаб ўқувчисига тавсия қилиш, агар у алоҳида қобилият эгаси бўлмаса, бола руҳиятини синдиришдан бошқа нарса эмас. Кафка, Фолькнер асарларидаги “эзгулик” ўзини идроки баланд ўқувчига намоён қила олади. Оддий асарга кўниккан ўқувчида нохуш таассурот, ҳатто тескари таъсир ўтказиши ҳам мумкин. Сиз айтган ёшлар ҳали дунё адабиёти оқимлари ва услубларининг фарқига бормай туриб, инкор таъсирига тушиб қолган ўқувчилар. Лекин бу ҳолат Кафканинг ҳам, Фолькнернинг ҳам айби эмас, балки уларни ҳазм қилолмаган, улар ҳақида тўлақонли билимга эга бўлмаган ўқувчиларнинг айбидир.

Шу сабабли кейинги уч юз йил ичида, ўша сиз айтган де Саддан тортиб, Казанову Мазохларнинг наҳс ва тубанликдан, инсонни таҳқирлашдан лаззат олиш ҳисси тўлиб тошган ёзмишларини “ижод намунаси”, деб тавсия қилишганини кўз олдимизга келтирсак, унда адабиётнинг бош вазифасига нисбатан ишончсизлик уйғониши табиийдек туюлади. Умуман, сўнгги уч юз йилликда инсон табиат сирларини ўзлаштиргани, илм-фан тараққий этгани, дунё сирлари ва инсон анатомияси, руҳий-ботиний дунёси кашф этилгани сари адабиёт ва санъатнинг ҳам асл вазифасидан четлашиш, ётлашишни “ижод” деб даво қилиш ёки шарҳлашга интилишлар ҳам шунчалик қамровли ва кучли бўлди. Фаҳш, шаҳват, зўрлик мадҳ этиб ёзилган ёзишмаларни санъат асарлари, деб даъво қилганлар кўпайгани сари адабиётнинг ҳам бош ва азалий вазифаси атрофида шубҳа орта борди. Бугунги кунда бу хавотир фақат сизнинг саволларингизда эмас, бутун дунё адабиёти ва санъатида долзарб масала сифатида кун тартибга қўйилмоқда. Шунинг учун биз воқеликка, ҳаётга тик қарашимиз ва бор ҳақиқатни тан олишимиз керакка ўхшайди. Гап шундаки, агар “адабиёт керак эмас, адабиётнинг вазифаси тугади”, деган тушкун кайфиятни ифодаласак ҳам ёки “адабиёт тугагани йўқ, у ҳали ҳам инсонни тарбиялашда, олдинга бошлашда давом этаяпти, маёқ бўлаяпти”, дея умид қилсак ҳам, жавобимиз бугунги сўз санъатининг ҳолатига тўлиқ ташҳис қўйолмайди.

Аслида эса, анча сийқа, жўн бўлса-да, бор гап шу – адабиёт тарбия воситаси. Буни инкор қилиш тафаккурни, онгни, маънавиятни, инсонийликни, сўзнинг муқаддаслигини, умуман, инсоннинг муқаддаслиги ва уни илоҳият билан боғлаб турувчи ришталарни тан олмаслик, рад этиш билан баробардир.

Менимча, бу саволга асл жавоб бизни, барибир, ижод ўзи нима деган савол билан рўбарў қилаверади. Чунки ҳақиқий адабиёт бу ижод маҳсулидир. Ижод маҳсули бўлмаган нарса адабиёт бўлолмайди. Шундай экан, “ижод” ўзи нима? Биз қай ҳолатда асарни ижод маҳсули, дея оламиз? Ижоднинг ҳунармандчиликдан фарқи нима?! Қунт қилинса, ҳунарни ўрганса, ўзлаштирса бўлади. Бироқ ижодни ўзлаштириб, ўрганиб бўладими? Шу пайтгача “ўрганиб” ижодкор бўлганларни эшитганимиз йўқ. Ўрганиб олим бўлиши мумкин, бироқ ижодкор бўлолмайди. Ижодкорлик инсонда туғма бўлади. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Мабодо, ижодкорлик кишида туғма бўлар экан, унда ижод қай маънодадир илоҳий ҳодисадир. Фақат бундай қобилияти бор киши уни юзага чиқишига имконият бериши қолади, холос. Имконият эса билимлар, ўқиб-ўрганишлар, “99 фоиз меҳнат-машаққат” эвазига яратилади. Ижодкорлик асл Маънони ўқий олиш ва бошқаларга етказа олиш қобилияти деганидир. Маъно – эзгулик шоҳсупасининг сўнгги поғонасидир. Бу хил қобилият инсон вужудига руҳ билан бирга киради ва ҳамиша яхлитликка, бутунликка, ўзагига, аслга қараб интилади, одамдан ҳам шуни талаб қилади. Айнан шунинг учун ҳам ижодкорлик – илоҳиятга дахлдорликдир.

Олам бутун эди, кейин парчаланди, зарраларга бўлиниб кетди. Зарраларга бўлиниш ҳамма фожианинг асоси бўлди. Дунё ана шу парчаланишнинг уқубат ва буҳронларини бошдан кечираяпти. Ижод эса зарраларни бутунликка томон ундайди, яхлитликка, бирикишга борадиган йўлларни кўрсатади, таҳлил қилади. Ана шу яхлитликка ундаши билан у яратган маҳсулотларнинг ҳаммаси тарбиявийдир. Яхлитлик ва уйғунликка ундамаган барча нарса тарбияга ҳам, инсонийликка ҳам зиддир.

Ижодкорлик илоҳий дахлдорлик, илоҳий уйғунликка борадиган йўл, илоҳий боғланиш, илоҳий англаниш, илоҳий гўзаллашиш, илоҳий гўзалликни тушунтириш, изоҳлаш, шарҳлаш, барча оламларни, табиат ва набототни, ҳайвонот ва мавжудотни руҳан бирлаштириб турадиган уйғунлик билан боғланиш, бирикишдир. Бу тушунча бизни фалак билан, ой-юлдузлар, кўзимизга кўриниб турган ва кўринмаётган бани олам – чумолидан тортиб, майса-шабнамлар билан боғлаб туради ва уларни бизга, бизни уларга яшаш учун, англаш учун, меъёр ва мувозанатни сақлаш, илоҳий ришталарни ҳис этиб туриш учун масъул қилиб қўяди. Мана шу масъулиятни англаш ва тан олишдан сўнггина ижодкорлик бошланади. Ижодкорлик ана шу оламий масъулиятни тушунтириб бериш, гўзаллик томон интилиш, гўзалликка, бирлашишга, яхлитликка йўл излаш дегани. Ҳар қандай ижод маҳсулотининг тагзаминида шу излаш ва изланиш туради. Мажозлар ҳам, образлар ҳам, бадиият ва поэтика ҳам ана шу жойда уйғунлашади, улуғлашади, гўзаллашади. Бу илоҳий вазифани тан олмаслик адабиётни бош вазифасидан чалғитаверади. Яхши ва ёмон, ёвузлик ва эзгуликка хизмат қилувчи китоб деган тушунчалар ана шу масъулият ҳиссидан келиб чиқиб баҳоланади, хулосаланади.

Ижоднинг моҳиятини англамасак ва ижоднинг илоҳийлигини тан олмасак, адабиётнинг вазифаси ҳақидаги барча жавобларимиз пуч ва шунчаки вайсақилик бўлиб қолаверади. Чунки худди фалсафанинг бош масаласи каби ижодкорлик, ижодни қандай тушуниш ва тушунтириш адабиётни тушунишнинг ҳам бирламчи масаласидир. Энг аввало, ижодни барчага хос бўлган таассуротдан, қизиқиш ва эҳтиросдан, майл ва истаклардан, ҳавас ва кўникмадан, ҳунар ва, А.Қаҳҳор айтганидек, “косибчиликдан” фарқлай олишимиз зарур. Шундагина адабиётнинг, санъатнинг муқаддас вазифасини тасаввур қила оламиз ва нималар санъат бўлади, нималар бўлолмайди, деган саволга жавоб бера оламиз. Чунки ҳунар маҳсули моддийлик, ижод маҳсули эса руҳонийликка ўхшайди: бири – тирикчилик эҳтиёжини қондиради, иккинчиси – қалб, руҳ эҳтиёжини. Шу жиҳати билан у илоҳий ҳодисадир. Бугун бизга “ижод маҳсули” деб тавсия қилинаётган кўплаб маънавий маҳсулотлар, аслида, устаси фаранг бўлган саноатчилар ва турли ҳунарларнинг маҳсулотларидир. Бугун ўзини ижод намуналари сифатида кўрсатаётган, бу намуналарни шов-шувлар билан эътироф эттираётган бутун бошли тижорат, реклама, манипуляция саноати ишлаяпти. Бу улкан индустрия де Садларни ҳам ортда қолдирмоқда. Бугун улар бутун бошли шаҳар аҳолисини киприк қоқмай, завқ билан қириб ташлайдиган суперқаҳрамонларни, фаҳшни гўзалликдан баҳра олиш деб талқин қиладиган ва фахрланадиганларни, одамларнинг чўнтакларини ўмаргани, одам ўлдиргани учун қаҳрамонлик сифатида талқин этилувчиларни яратмоқда, бу маҳсулотлар инсоният минглаб йиллар сайқал берган фазилатларни вайрон қилиш, путурдан кетказиш, инсонни моҳиятдан узиб қўйиш, санъатнинг асосий мазмуни бўлган гуманизмдан чекиниш билан шуғулланишяпти. Бу маҳсулотлар ҳам, бу қаҳрамонларнинг маънавий дунёси ҳам, аслида, ижоднинг туб моҳиятига зид. Аммо улар бугунги замоннинг қаҳрамонлари сифатида талқин этилаяпти ва шу талқин биланоқ ижод ҳам, унинг илоҳий завқи ҳам оммавий тарзда инкор қилинмоқда. Эзгулик, шафқат, меҳру муҳаббат, гўзаллик, инсонпарварлик учун курашган қаҳрамонлар бугун эскилик қолдиғига айланиш арафасида турибди. Бу қаҳрамонларни ҳақиқий ижод яратаётгани йўқ, бадиийлашган саноат яратяпти. Бошқача айтганда, турли манфаатларга хизмат қилаётган ижоддан холи “ҳунармандлар санъати” пайдо бўлаяпти. Бугун бу каби “косибчилик” маҳсулоти бўлган китоблар ҳам тўлиб тошиб ётибди. Шу туфайли ҳам сиз қўлингизга олган нашр “ёмон китоб” ёки “яхши китоб” бўлиши табиийдир.

Ижод ёвузликка хизмат қилмайди, унинг илоҳий асоси бунга изн бермайди. Ўзининг бош миссиясидан ташқари ҳолатда ижод сунъийлашади, ўз қиёфасини, завқини йўқотади, оддий “косибчиликка” айланади. Косиб эса ким пул тўласа, ўшанинг ковушини тикиб беради. Косибчиликни ҳар қандай қунти ва ҳафсаласи бор одам эгаллай олади, лекин ҳамма ҳам ижодкор бўлолмайди. Бугунги маънавий дунёнинг фожиаси ижод билан косибчиликнинг фарқига бормаётганидадир, бошқача айтганда, косибчиликни ижод деб қабул қилишаётганидадир. Ижод йўқ жойда воқелик ҳам, туйғулар ҳам, инсоннинг ўзи ҳам сунъийлашади, унда илоҳий-табиий завқ қолмайди. Бугунги глобал-оломончилик ижоддан кўра ҳунар маҳсулотлари билан тўйинмоқда. Бошқача айтганда, ХХ асрга келиб, табиий маҳсулотлардан кўра сунъийлашган, гибридлашган маҳсулотлар ошқозон эҳтиёжини қондираётгани каби сунъий санъат маҳсулотлари маънавий эҳтиёжни қондирмоқда. Сиз келтирган, гарчи у даҳоларга мансуб бўлса-да, лекин моҳияти билан ижоднинг бош миссиясига зид яратилган кўплаб асарлар ҳам шундай маҳсулотлардан бошқа нарса эмас. Сунъийлик ижодга хос эмас, шундай экан сунъийлик инсон манфаати ва интилиши меваси, табиийлик эса илоҳий неъматдир. Тирикликнинг парадоксини қаранг: тараққий этган мамлакатларнинг деярли барчасида табиий, экологик тоза маҳсулотларни топиш муаммо бўлиб бораяпти. Табиий маҳсулотларни бугун бир ҳовуч энг бадавлат кишилар истеъмол қила олади. Бошқаларнинг қурби, чўнтаги кўтармайди. Худди шунингдек, бугунги кунда бир ҳовуч, Ортега Гассет таъкидлаганидек, “жамиятнинг хос кишилари”гина ҳақиқий ижод маҳсулотини “истеъмол” қилмоқда. Ҳақиқий ижод маҳсулотини тушунишга кенг оломон “онг” чўнтагининг қурби етмаяпти. Оломон ҳали табиийлик билан сунъийлик, илоҳият билан залолатнинг маъносига тушунгани йўқ: буни фақат ижод маҳсулотлари тушунтиради, саноат маҳсулотлари эмас. Аслида ҳам санъат асарини азалдан фақат хос кишилар тушунган ва шарҳлаган, бошқаларга ҳам тушунтирган. Мана шундай кишиларгина тафаккурнинг, дид ва савиянинг, санъатнинг, ижодкорликнинг эртанги кунини белгилаб берган. Фақат шу хос кишиларгина ижодни илоҳийлик билан боғланиш, илоҳийликка қайтиш, илоҳийлик билан тўйиниш, инсонни олам ва фалак билан боғловчи ришта, деб қабул қилган. Ҳозир ҳам шундай. ХХ асрнинг дастлабки 70 йилига хос бўлган оммавий китобхонликдан келиб чиқиб, “адабий дид шу паллада тараққий этганди”, деган хулоса қилиб бўлмайди. Оммавийлик санъатнинг қадрини белгилайдиган омил эмас. Бугунги бадиий индустрияси санъатни оммавийлигига қараб баҳо бериши унинг чинакам ижод маҳсули эканидан эмас, оломонга, унинг диди ва кайфиятига мослашиб, кўпроқ фойда олишни кўзлаётганини билдиради, холос. Омма диди қанчалик юксалмасин, ўзининг тирикчилик доирасидаги тасаввуридан баландга кўтарилолмайди. Навоийни ўз замонида ҳам, бугун ҳам фақат хос кишилар, кўнглида ижодий маҳсулотга эҳтиёжи бор кишилар тушунган, тушунади. Лекин бу ҳолат Навоий даҳосига заррача дахл қилолмайди. Ижод адабиётнинг илоҳиятга дахлдорлиги, илоҳият билан боғланувчи, боғлаб турувчи маҳсулот эканини белгилайди.

Такрор бўлса ҳам, айтиш керакки, ижодкорлик илоҳиятга дахлдорлик, илоҳиятни, ғайб ва кўз олдимиздаги мўъжизани англаш, ўзини шу илоҳиятни, шу мўъжизанинг бир қисми эканини ҳис этиш, ана шу ҳис этилганларни бошқаларга етказиш дегани. Мен фикримга диний-руҳонийона тус бермоқчи эмасман. Ижодкорликнинг асл моҳиятини тақводорлару диний тасаввурлар ҳам тушунтириб беролмайди. Тақводорлик ҳам буни англашга ожиз. Чунки ижод мутаассиблик, бадбинлик, худбинлик, динлар ўртасидаги чегаралар билан ҳам келишолмайди. Агар асар ҳақиқий ва биз тушунган ижод намунаси экан, у эскирмайди, йўқолмайди, бой берилмайди. Уни нечта киши ўқишидан қатъи назар, яшаб қолаверади. Инсоният адашиб-адашиб бўлса ҳам, барибир, бу маҳсулотларга эҳтиёж сезади, Камю айтмоқчи, дўзахда ҳам ижод инсонни ўз кўнглига қайтаради, орзу-истакларини қайтадан бунёд этади, унинг номини ва шарафини яна юксакликка олиб чиқади.

Ижодкор ўзини ўраб турган оламдан, ўзи яшаётган муҳитдан, атрофидаги одамлардан, ўзининг кўнглидан, руҳидан “ўқиган”ларини бошқаларга етказиш учун ёзади. Ҳар бир даврнинг ўз битиги бор. Уни ўқиш ва ёзиш ижодкорликдир. Кийимлар, қуроллар, бадиий воситалар, шиорлар, одатлар, урфлар даврлар ўтиши билан эскиради, аммо эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва хунуклик, улуғлик ва тубанлик, яъни дастлабки бадиий асарлар мажозий тарзда таърифлаган “Раҳмон ва шайтон ўртасидаги кураш” мавзуси эскирмайди. Бу кураш жараёни шаклини, қиёфасини, исмини ўзгартириб, даврга мослашиб, давр талаб қилган ниқобларга, кўринишларга ўтиб туради, холос. Инсон кўнглида эзгуликка, гўзалликка, шафқатга, меҳрга, муҳаббатга озгина эҳтиёж турар экан ва буларга қарши хавф-хатар мавжуд экан, ижодкорга иш топилади. Фақат ижодий ифоданинг шакли ўзгариши мумкин, лекин моҳият ўзгармайди. Ҳатто виртуал олам ҳам, барибир, ижодга суянади, ундан куч-қувват олади. Агар ижодкорлик бўлмаса, виртуал олам фақат физик олам бўлиб қолади, тасаввурлар, мўъжизалар, илоҳий кечинмаларни туйиш ва завқ олами эмас. Инсон кўнглини ўзиники қилишни истаса, виртуал олам ҳам азалий қувват бўлган ижодга суянади, у билан ўзининг имкониятларини кенгайтиради, у билан битим тузади, шундай экан, келажакда ҳам, гарчи бизнинг тушунчамиздаги босма адабиётнинг шакли ўзгарса-да, янги даврнинг ўз қиёфасидаги адабиёти бўлади. Чунки адабиёт инсонга ўз қалбини, ўз илдизини, ўз моҳиятини эслатиб, боғлаб туради – бу илдиздан узилган тараққиёт эса муқаррар таназзулга қараб кетади. Қанчалар даҳо бўлмасин, қанчалар буюк саналмасин, шу масъулият унутилиб ёзилган ҳар қандай даҳонинг ёзганлари – адабиёт эмас. Шу сабабли мен Достоевскийни, Жойсни ва улар каби турли қутбга тааллуқли асарлар битганларни беҳад ҳурмат қиламан, уларнинг асарларини ҳар йили бир марта қараб, ўзим учун керакли нарсаларни оламан, аммо уларнинг мен тасаввур қилган адабиётдан ташқаридаги қарашларига, ёзганларига қўшилмайман. Мен учун адабиётдан ташқаридаги қарашларда Достоевский шунчаки босқинчи юрт вакили, империянинг маддоҳи ва мафкурачиси, холос. Шу нарса маълумки, бу улуғ адиб ҳақиқий адабиётга қайтганда, ҳақиқий гўзалликни мадҳ этганда, “Ака-ука Карамазовлар”, “Жинлар”, “Жиноят ва жазо”, “Телба” каби буюк асарларни яратган паллада адабиётдаги илоҳий яхлитликни кўра олган, илоҳий гўзалликни ҳис қилган, ана шу яхлитлик ва оламий гўзалликка таяниб, “Дунёни гўзаллик қутқаради!” деган, асло империянинг маддоҳи бўлган паллада эмас. Биз даҳо ва ижодкор Достоевский билан босқинлар эвазига ўзини қудратли қилиб олган мамлакат вакили бўлган, ўлжага кўз тиккан босқинчилар қаторида турган Достоевскийни фарқлашимиз керак. Начора, унинг – бошқа буюк истеъдодларнинг қисмати буюклик билан бирга замон, давр худбинлиги, бадбинлиги қутбида ўзини намоён қилиб туради.

Ижод масъулияти унутиб ёзилган ва бизга адабиёт қиёфасида тақдим этилган битиклар кўп. Айнан шунинг учун ҳам китобни фарқлаб ўқитиш керак. Бу зарур. Айниқса, болаларга, ҳали Ғарб тафаккур тарзи, адабий оқимлари ва услубларининг фарқига бормаганлар танлаб, саралаб ўқиши керак. Ғарб тафаккурининг қанчалар оҳанрабо бўлмасин, барча намуналари ҳамма учун бирдек ўқишли ва тушунарли эмас. Хусусан, мен Жойснинг сиз келтирган боби манзараларига умуман эътибор бермайман, мени бу саҳнадаги шаҳвоний майллар тасвири эмас, адибнинг инсон онгу шуурини қанчалар чуқур, маҳорат билан, табиий тасвирлаётгани, адибнинг устамонлиги қизиқтиради ва мен Жойсга хос бўлган онг оқими ости тасвирларидаги эркин ифодага ва табиийликка маҳлиё бўламан. Албатта, кимдир шу саҳифалардаги сиз келтирган манзараларга эътиборни қаратар?! Шунинг учун ҳам Жойсни ўқишдан олдин уни ўқишга тайёргарлик керак. Дўкондан пичоқ сотиб олаётган харидорларнинг мақсади ҳар хил бўлади: кимдир оддий рўзғор учун, кимдир эса қотиллик учун, бошқа биров яна бошқа мақсад учун. Пичоқ – сотиб олаётган одамнинг барча мақсадига хизмат қила олади. Шунинг учун китоб ўқишдан мақсад ўзи нима? Китобдан одам ўзи излаган нарсасини топади. Мабодо шундай экан, инсон қалбини забт этиш учун абадий курашнинг қутблари бўлган “Раҳмон” сўз орқали ўзининг қудратини, гўзаллигини, таъсирини намойиш этгани каби, “шайтон” ҳам сўз санъатидан ўз мақсади йўлида фойдаланишга уринади. Шунинг учун сўз санъати, маълум маънода, эътиқодлар, мақсад ва манфаатлар, майл ва истаклар кураш тушадиган саҳна ҳамдир. Бу саҳнага ижод масъулиятидан келиб чиқиб баҳо бериш, фарқлаш мумкин. Шу сабабли ҳам китобларни саралаб ўқитиш зарур ва шарт. Ёшга қараб, савияга қараб, тайёргарликка қараб. Кўпгина Ғарб мамлакатларининг мактаб дарсликларида, мутахассислик бўлмаган коллеж ва университетларда Кафка, Жойс, Фолькнер каби улуғ адиблар асарлари ўқитилмайди. Улар ҳақида умумий тушунча бериш билан чегараланади. Уларнинг асарлари ҳали тафаккур тарзи бу адиблар бадиий услуби ва ҳаётга қарашларидан бехабар бола, ёшлар руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкинлиги инобатга олинган. Бу билан мазкур адиблар ижоди инкор қилинмаган, аксинча, тайёргарлиги йўқ ёшлар иҳота қилинган. Бу тажриба барча миллатга хос. Ҳазрат Навоий Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини болалигида ўқиб, мутаассир бўлиб қолгани учун ота-онаси бу китобни ўқишни таъқиқ қилганини эслашнинг ўзи кифоя. Ҳамма ҳам ҳазрат Навоий каби Аттор фалсафасини болаликдан тўғри англайвермайди. Аслида, Мансур Халложнинг “Аналҳақ” деган эътирофи ва унга берилган ҳукм тагида ҳам ана шу таъқиқни бузгани, хос кишилар тушуниши мумкин бўлган ҳақиқатни оммага ошкор қилгани учун жазо ётади. Бу тарихий воқелик бизга абадий ибрат бўлиши керак. Хос кишилар тушунадиган масалаларни оммага ошкор қилиш – оммани жазавага тушириш дегани. Жазава эса шайтоний жунбушдир. Хос кишилар ва омма диди орасида фарқ ҳали йўқолгани йўқ, афсуски, бугунги оломончилик даврида йўқолиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Аксинча, оломончилик бугун ҳукмрон дидга, ҳукмрон савияга айланаяпти: чинакам санъат асари қолиб, оломон кайфиятига мос думбул, мўрт асарларни адабиёт деб тарғиб қилиш, дидни мослаштириш жараёни кенг миқёсда давом этаяпти. Бугун бу муҳорабага ҳақиқий санъат асарлари дош беролаётгани йўқ. Бу – ачинарли ҳол. Лекин, барибир, умид бор. Дид бир куни чинакам мўъжизага, чинакам ҳайратга, илоҳий завққа – яъни чинакам ижодга ва ижодкорга муҳтож бўлади: муҳтожлик эҳтиёжни келтириб чиқаради. Эҳтиёж эса чинакам дидни, чинакам адабиётни туғиб беради…

055
Назар ЭШОНҚУЛ
ФИҚРАЛАР
055

***

Китоб илоҳдан куч олишга ўргатади, руҳни тарбиялайди, одамни ўз жисмидан узиб, осмонга, коинотга яқинлаштиради. Унинг тафаккурига, идрокига қанот ва қувват беради.

***

Инсонда жаҳолатдан, ёвузлик, худбинлик, зулм, маҳдудлик, бадбинлик, онгзулматидан қутулиш қуроли бор. Бу – китоб. Афсуски, бу қуролдан бугун ҳар ким ҳар хил мақсадда фойдаланаяпти.

***

Китоб инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот.

***

Фақат китобгина тасаввур ва хаёл чегараларини бузиб ўтўтишига қодир.

***

Инсоннинг қалби ҳақидаги ҳар қандай китоб ўқилишга муҳтож, шубҳасиз, у инсон ҳақидаги билимдир.

***

Ёзилган китобига қараб, миллатнинг қудратини ҳис этамиз, миллат ҳақидаги, мамлакат ҳақидаги тушунчалардан олдин биз китобларига қараб, миллат ёки мамлакатнинг даражасини ҳис этамиз.

***

Ижод завқи ва ижод қудрати билан яратилган ҳар бир нарсада илоҳий завқ ва қувват мужассам бўлади.

***

Китоб ўқиётган одам ўзини ва ўзгаларни халос қилишни, поклашни ўйлаётган, шунинг йўлини излаётган одам.

***

Китоб изидан эргашганнинг йўли ҳам барибир ойдин бўлади. Чунки китоб зулматга қараб эмас, қуёшга қараб яшашни ўргатади.

***

Китоб сеҳри тушган қалб сеҳрли қалб – у мўъжизалар яратишга, ҳеч бўлмаганда мўъжизалар яратилишага ҳисса қўшишга қодир қалбдир.

***

Санъаткор яратган воқеликда инсон қиёфаси теранроқ акс этади.

***

Хаёл ва тафаккур қудрати уфуриб турган асарлар барча замонларда севиб ўқилади!

***

Санъат хаёлот ва реаллик кураш тушадиган ҳамда ҳеч қачон ғолиб аниқланмайдиган саҳнадир.

***

Санъат тилсимланганқўрғонгаўхшайди.

***

Моҳият тассаввур чизиғидан сўнг бошланади.

***

Тасаввур– санъатнингкиришэшигидир.

***

Тасаввурниянгиламайтуриб наметафорани, насўзниянгилаббўлади.

***

Воқеликни тасвир этиш бу қобилият эмас, воқеликни яратиш қобилиятдир.

***

Адабий шахслар – булар ўз давр тафаккури ва эътиқодининг инъикосларидар.

***

Ўз эътиқоди, қатъияти, сўзга содиқлиги билан ўзидан кейинги авлодга ўрнак бўладиган ёзувчи-миллатнинг, унинг маданиятининг бахти.

***

Ҳаёт ва адабиёт биздан чинакам истеъдодларни ва “Мен”ларни талаб қилмоқда. Чунки у бизнинг “Мен”имизга қараб эртанги кунини яратади.

***

Ёзувчи қобилияти ва маҳорати унинг қанча ёзгани билан ўлчанмайди. Қобилият ўзига хос дунё ярата олиш санъатидир.

***

Ижодкорни давр қули бўлиб қолишдан фақат хаёлотгина сақлай олади, шу билан бирга, уни хаёлот буткул ютиб юборишидан воқелик асраб қолади.

***

Санъат даврлар, асрлар ҳамда ўзгараётган қараш, тушунчалар олдига инсон муаммосини, унинг руҳияти ва тафаккурини ваҳдат ул-вужуд номидан тўхтовсиз янгилаб туриш зарурлигини кўндаланг қўяди.

***

Фикрсизлик фақат ижтимоий плюрализм кушандасигина эмас. Фикрсизлик маданият кушандасидир.

***

Фикрлаётган одам – ўзининг мавжудлигини исботлашга уринаётган одам.

***

Адабиёт ҳамиша мангулик олдида мағлуб бўлган. Лекин мағлублиги унинг ғалабасидир.

***

Миллатнинг эстетик савияси, диди давлат чегараси каби қаттиқ ҳимоя қилиниши шарт бўлган ҳудуд деб ўйлайман.

022

15 iyun — yozuvchi Nazar Eshonqul tavallud topgan kun.

San’at, jumladan, adabiyot tarbiyalamagan qalb vahshiylikka, yovuzlikka, tubanlikka moyil qalbdir. Chunki adabiyot bilan to’lgan qalbga yovuzlik kirib olishi qiyin kechadi, ko’ngil mayli yovuzlik tomonga o’tishdan oldin u yerda adabiyot bunyod etgan qo’rg’onlarni, qal’alarni buzib tashlashiga to’g’ri keladi. Adabiyot bilan to’yingan qalb, ong – poydevori mustahkam binoga o’xshaydi. U zalolatga boshlovchi ko’plab zilzilalarga dosh bera oladi. Adabiyot va san’at tarbiyalamagan qalb “eng past balli silkinishlarga” dosh berolmay, to’kilib ketadi. Bu – asrlar osha isbotlangan haqiqat.

055
Nazar ESHONQUL
ADABIYOT – TARBIYA VOSITASIMI?..
“Sharq yulduzi” jurnali tahririyati savollariga javoblar
055

“Ha!”, adabiyot tarbiya vositasi. Buni tan olmaslikni men adabiy bodilik, deb tushunaman. To’g’ri, adabiyot muallim yoki ota-ona kabi bevosita tarbiya bilan shug’ullanmaydi, ammo u tuyg’uni, didni, ezgulik va yovuzlik o’rtasidagi tasavvur chegarasini, ko’ngil va qalbni tarbiyalaydi. Shuning uchun u tarbiya vositasidir. Insoniyatning bugungi ko’plab fojiasi ma’lum ma’noda adabiyotdan uzoqlashishi yoki u bilan qalblarini tarbiyalamay qo’ygani bilan bog’liq ekani dunyo allomalari o’rtasida tahlil qilingan va qilinayapti. San’at, jumladan, adabiyot tarbiyalamagan qalb vahshiylikka, yovuzlikka, tubanlikka moyil qalbdir. Chunki adabiyot bilan to’lgan qalbga yovuzlik kirib olishi qiyin kechadi, ko’ngil mayli yovuzlik tomonga o’tishdan oldin u yerda adabiyot bunyod etgan qo’rg’onlarni, qal’alarni buzib tashlashiga to’g’ri keladi. Adabiyot bilan to’yingan qalb, ong – poydevori mustahkam binoga o’xshaydi. U zalolatga boshlovchi ko’plab zilzilalarga dosh bera oladi. Adabiyot va san’at tarbiyalamagan qalb “eng past balli silkinishlarga” dosh berolmay, to’kilib ketadi. Bu – asrlar osha isbotlangan haqiqat.

Adabiyotning kishilik ongu tafakkurida, ma’naviy olami, madaniy taraqqiyotida tutgan o’rnidan xabari bor, kalom san’atining nima uchun paydo bo’lgani-yu uning bosh vazifasi nimaligini bilganlarga bu gaplarni gapirib o’tirish ortiqchaday tuyulishi mumkin. Ammo xavotir-savol bekorga qo’yilgani yo’q, aftidan. XXI asrga kelib, adabiyotning hayotda, ijtimoiy munosabatlarda, ommaviy e’tiroflarda, tarbiyada, “olomonchilik didi hukmron didga aylangan” (Ortega Gasset) pallada ochiqchasiga shubha qilinayotgani tufayli bir og’iz “Ha!” deb qo’yishning o’zi ham yetarli emasga o’xshaydi. Tan olish qanchalik og’ir va achinarli bo’lmasin, adabiyot bugungi kunda o’zining ellik yil oldingi o’rnini butunlay olomon didiga – Herman Hessening 1943 yilda yozilgan “Biser o’yini” romanida tilga olingan ommaviy madaniyat unsurlariga bo’shatib berayotgani ayni haqiqat. (Romandagi asosiy voqea 2200 yilda yuz beradi. Olis kelajakning tarixchi roviysi o’z davridan turib, bosh qahramon Knext nuqtai nazaridan kelib chiqib, o’tmish – XX asr madaniy hayoti va jamiyatini ilmiy, falsafiy-psixologik tahlil qiladi. XX asr “fel`tonchilik”, bugungi til bilan aytilganda, ommaviy madaniyat gullab-yashnagan davr. Bu davrda odamlarni olomonchilik kayfiyati o’z changaliga olgan. Asar roviysi bu kayfiyatni “fel`tonchilik” madaniyati, deb ataydi. “Fel`ton” nemis tilida “ko’ngilochar”, “ermak” degan ma’nolarni beradi. Odamlar yuksak tuyg’ular, yuksak maqsadlar qolib, hayotlarini ermak va ko’ngilochar faoliyat bilan o’tkazishadi. Gazetalar, ommaviy matbuot, kitoblar, asarlar, san’at namunalari ana shu maqsadda yaratiladi. Bu davr olimlari ham haqiqiy ilm bilan emas, “Fridrix Nitsshening ayollarga munosabati”, “Rossinining sevimli taomi”, “Bo’ydoq bo’lishning o’ziga xos fazilatlari” kabi tadqiqotlar, to’g’rirog’i, oldi-qochdilar bilan shug’ullanishadi. Omma maishiy va ermak madaniyatga mukkasidan ketgan. Jamiyat esa ularni eng keraksiz, hayot va go’zallikka, insonning mohiyati va missiyasiga zid axborotlar bilan manipulyatsiya, mute qilib turadi. Bu davr odamlari bo’sh qoldi deguncha yo oldi-qochdi o’qishadi, yo turli shoular, masxarabozliklarni tomosha qilishadi, turli krossvordlar, skanvordlar va boshqa ermak o’yinlar bilan mashg’ul bo’lishadi, san’at asari deb tomosha qiladiganlari, musiqa deb eshitadiganlari – barchasi shunchaki ermak, ko’ngilxushlik, jazava, kun o’tkazish vositalari, xolos. Bu o’yinlarda insonni ma’nan boyitadigan, uni tozalaydigan, uni bani olam uyg’unligiga, ruh va jism birligi – vahdat ul-vujudga undaydigan hech narsa yo’q. Odamlar o’zlarini iqtisodiy va siyosiy buhronlardan chalg’itish uchun, ichlaridagi ertangi kun oldidagi xavotir va qo’rquvlarini yashirish, o’zlarini aldash uchun shunday faoliyat bilan mashg’ul bo’lishadi. Hesse roviy tilidan bunday madaniyat va jamiyat tanazzulga mahkum, deb xulosa chiqaradi.) Mabodo shunday ekan, bu xavotir va savol o’z-o’zidan tug’ilgani yo’q. Yigirma yilcha oldin Shukur Xolmirzaev ham “Adabiyot o’ladimi?!” degan savol bilan chiqqandi. Garchi o’sha payti hurmatli adibimizning o’zi ham, shu bahsda ishtirok etganlar ham “Adabiyot o’lmaydi!” degan o’ta ko’tarinki ruhdagi chiqishlar qilishgan bo’lsa-da, adabiyot o’zining ta’sir hududlarini, qamrov doirasini butun dunyoda o’tgan yigirma yil ichida yana ham ko’proq boy berdi. Chinakam san’at asarlari, chinakam adabiyot tor doiradagi kishilarning ko’ngil ishlari, tashvish va kuyinishlari bo’lib qolayotganini ko’rib turibmiz. Bugungi didning olomonlashuvi va muammolarning globallashuvi davrida adabiyotga “tarbiya vositasi” sifatida qaralayotgani yo’q. Chunki olomon bugun o’zining ko’ngil ermagini, ko’ngil ehtiyojini boshqa vositalardan topib oldi – u bugun seriallar, oldi-qochdilar, shoular, mashshoq va masxarabozlarning tomoshalari bilan ovora. Chinakam adabiyotga ehtiyoj sezayotgani ham yo’q. Uning didi, saviyasi, ruhi, tasavvuriga shou-biznes, tomoshalar, shov-shuvlar va seriallar “zeb” berayapti, o’ziga moslashatirayapti. Hessening bashoratlari XXI asrga kelib o’zining isbotini topmoqda. Achinarli bo’lsa ham bugun dunyo adabiy didi, badiiy manzarasi shu holatda.

Aslida, didga, saviyaga, haqiqiy adabiyotga hamisha ham xuruj bo’lib turgan. Aynan shu sababli ham biz yozilgan har bir asarni adabiyot, deb qabul qilolmaymiz. Adabiyotning o’z qonunlari va talablari bor. Ana shu qonunga va talabga bo’ysunmaganlar adabiyot bo’lolmaydi. Shulardan eng birinchi talab – adabiyot hamisha ezgulik tarafida bo’lgan va ezgulikni himoya qilgan, ruhni ezgulik tomon boshlagan. Ana shu birlamchi qoidaga amal qilinmagan bo’lsa, bunday asarni adabiyot, deb bo’lmaydi. Tarixda yozganlarini adabiy asar sifatida e’tirof etishlarini istaganlar xohlagancha topiladi. Adabiyotning bosh vazifasiga to’g’ri kelmaganlarni vaqt, baribir, o’chirib tashlayvergan. Ammo bu yerda adabiyotni qabul qilish o’quvchining saviyasiga, yoshiga va idrokiga bog’liqligini inkor qilib bo’lmaydi. Kafka bilan Kiplingni, Fol`kner bilan Mark Tvenni bir xil qabul qilib bo’lmaydi. Kafka bilan Fol`kner o’quvchidan ma’lum bir tayyorgarlikni, siz aytmoqchi bo’lgan, “xoslik”ni talab qiladi. Shu sababli Kafka va Fol`knerni maktab o’quvchisiga tavsiya qilish, agar u alohida qobiliyat egasi bo’lmasa, bola ruhiyatini sindirishdan boshqa narsa emas. Kafka, Fol`kner asarlaridagi “ezgulik” o’zini idroki baland o’quvchiga namoyon qila oladi. Oddiy asarga ko’nikkan o’quvchida noxush taassurot, hatto teskari ta’sir o’tkazishi ham mumkin. Siz aytgan yoshlar hali dunyo adabiyoti oqimlari va uslublarining farqiga bormay turib, inkor ta’siriga tushib qolgan o’quvchilar. Lekin bu holat Kafkaning ham, Fol`knerning ham aybi emas, balki ularni hazm qilolmagan, ular haqida to’laqonli bilimga ega bo’lmagan o’quvchilarning aybidir.

Shu sababli keyingi uch yuz yil ichida, o’sha siz aytgan de Saddan tortib, Kazanovu Mazoxlarning nahs va tubanlikdan, insonni tahqirlashdan lazzat olish hissi to’lib toshgan yozmishlarini
“ijod namunasi”, deb tavsiya qilishganini ko’z oldimizga keltirsak, unda adabiyotning bosh vazifasiga nisbatan ishonchsizlik uyg’onishi tabiiydek tuyuladi. Umuman, so’nggi uch yuz yillikda inson tabiat sirlarini o’zlashtirgani, ilm-fan taraqqiy etgani, dunyo sirlari va inson anatomiyasi, ruhiy-botiniy dunyosi kashf etilgani sari adabiyot va san’atning ham asl vazifasidan chetlashish, yotlashishni “ijod” deb davo qilish yoki sharhlashga intilishlar ham shunchalik qamrovli va kuchli bo’ldi. Fahsh, shahvat, zo’rlik madh etib yozilgan yozishmalarni san’at asarlari, deb da’vo qilganlar ko’paygani sari adabiyotning ham bosh va azaliy vazifasi atrofida shubha orta bordi. Bugungi kunda bu xavotir faqat sizning savollaringizda emas, butun dunyo adabiyoti va san’atida dolzarb masala sifatida kun tartibga qo’yilmoqda. Shuning uchun biz voqelikka, hayotga tik qarashimiz va bor haqiqatni tan olishimiz kerakka o’xshaydi. Gap shundaki, agar “adabiyot kerak emas, adabiyotning vazifasi tugadi”, degan tushkun kayfiyatni ifodalasak ham yoki “adabiyot tugagani yo’q, u hali ham insonni tarbiyalashda, oldinga boshlashda davom etayapti, mayoq bo’layapti”, deya umid qilsak ham, javobimiz bugungi so’z san’atining holatiga to’liq tashhis qo’yolmaydi.

Aslida esa, ancha siyqa, jo’n bo’lsa-da, bor gap shu – adabiyot tarbiya vositasi. Buni inkor qilish tafakkurni, ongni, ma’naviyatni, insoniylikni, so’zning muqaddasligini, umuman, insonning muqaddasligi va uni ilohiyat bilan bog’lab turuvchi rishtalarni tan olmaslik, rad etish bilan barobardir.

Menimcha, bu savolga asl javob bizni, baribir, ijod o’zi nima degan savol bilan ro’baro’ qilaveradi. Chunki haqiqiy adabiyot bu ijod mahsulidir. Ijod mahsuli bo’lmagan narsa adabiyot bo’lolmaydi. Shunday ekan, “ijod” o’zi nima? Biz qay holatda asarni ijod mahsuli, deya olamiz? Ijodning hunarmandchilikdan farqi nima?! Qunt qilinsa, hunarni o’rgansa, o’zlashtirsa bo’ladi. Biroq ijodni o’zlashtirib, o’rganib bo’ladimi? Shu paytgacha “o’rganib” ijodkor bo’lganlarni eshitganimiz yo’q. O’rganib olim bo’lishi mumkin, biroq ijodkor bo’lolmaydi. Ijodkorlik insonda tug’ma bo’ladi. Buni hech kim inkor qilolmaydi. Mabodo, ijodkorlik kishida tug’ma bo’lar ekan, unda ijod qay ma’nodadir ilohiy hodisadir. Faqat bunday qobiliyati bor kishi uni yuzaga chiqishiga imkoniyat berishi qoladi, xolos. Imkoniyat esa bilimlar, o’qib-o’rganishlar, “99 foiz mehnat-mashaqqat” evaziga yaratiladi. Ijodkorlik asl Ma’noni o’qiy olish va boshqalarga yetkaza olish qobiliyati deganidir. Ma’no – ezgulik shohsupasining so’nggi pog’onasidir. Bu xil qobiliyat inson vujudiga ruh bilan birga kiradi va hamisha yaxlitlikka, butunlikka, o’zagiga, aslga qarab intiladi, odamdan ham shuni talab qiladi. Aynan shuning uchun ham ijodkorlik – ilohiyatga daxldorlikdir.

Olam butun edi, keyin parchalandi, zarralarga bo’linib ketdi. Zarralarga bo’linish hamma fojianing asosi bo’ldi. Dunyo ana shu parchalanishning uqubat va buhronlarini boshdan kechirayapti. Ijod esa zarralarni butunlikka tomon undaydi, yaxlitlikka, birikishga boradigan yo’llarni ko’rsatadi, tahlil qiladi. Ana shu yaxlitlikka undashi bilan u yaratgan mahsulotlarning hammasi tarbiyaviydir. Yaxlitlik va uyg’unlikka undamagan barcha narsa tarbiyaga ham, insoniylikka ham ziddir.

Ijodkorlik ilohiy daxldorlik, ilohiy uyg’unlikka boradigan yo’l, ilohiy bog’lanish, ilohiy anglanish, ilohiy go’zallashish, ilohiy go’zallikni tushuntirish, izohlash, sharhlash, barcha olamlarni, tabiat va nabototni, hayvonot va mavjudotni ruhan birlashtirib turadigan uyg’unlik bilan bog’lanish, birikishdir. Bu tushuncha bizni falak bilan, oy-yulduzlar, ko’zimizga ko’rinib turgan va ko’rinmayotgan bani olam – chumolidan tortib, maysa-shabnamlar bilan bog’lab turadi va ularni bizga, bizni ularga yashash uchun, anglash uchun, me’yor va muvozanatni saqlash, ilohiy rishtalarni his etib turish uchun mas’ul qilib qo’yadi. Mana shu mas’uliyatni anglash va tan olishdan so’nggina ijodkorlik boshlanadi. Ijodkorlik ana shu olamiy mas’uliyatni tushuntirib berish, go’zallik tomon intilish, go’zallikka, birlashishga, yaxlitlikka yo’l izlash degani. Har qanday ijod mahsulotining tagzaminida shu izlash va izlanish turadi. Majozlar ham, obrazlar ham, badiiyat va poetika ham ana shu joyda uyg’unlashadi, ulug’lashadi, go’zallashadi. Bu ilohiy vazifani tan olmaslik adabiyotni bosh vazifasidan chalg’itaveradi. Yaxshi va yomon, yovuzlik va ezgulikka xizmat qiluvchi kitob degan tushunchalar ana shu mas’uliyat hissidan kelib chiqib baholanadi, xulosalanadi.

Ijodning mohiyatini anglamasak va ijodning ilohiyligini tan olmasak, adabiyotning vazifasi haqidagi barcha javoblarimiz puch va shunchaki vaysaqilik bo’lib qolaveradi. Chunki xuddi falsafaning bosh masalasi kabi ijodkorlik, ijodni qanday tushunish va tushuntirish adabiyotni tushunishning ham birlamchi masalasidir. Eng avvalo, ijodni barchaga xos bo’lgan taassurotdan, qiziqish va ehtirosdan, mayl va istaklardan, havas va ko’nikmadan, hunar va, A.Qahhor aytganidek, “kosibchilikdan” farqlay olishimiz zarur. Shundagina adabiyotning, san’atning muqaddas vazifasini tasavvur qila olamiz va nimalar san’at bo’ladi, nimalar bo’lolmaydi, degan savolga javob bera olamiz. Chunki hunar mahsuli moddiylik, ijod mahsuli esa ruhoniylikka o’xshaydi: biri – tirikchilik ehtiyojini qondiradi, ikkinchisi – qalb, ruh ehtiyojini. Shu jihati bilan u ilohiy hodisadir. Bugun bizga “ijod mahsuli” deb tavsiya qilinayotgan ko’plab ma’naviy mahsulotlar, aslida, ustasi farang bo’lgan sanoatchilar va turli hunarlarning mahsulotlaridir. Bugun o’zini ijod namunalari sifatida ko’rsatayotgan, bu namunalarni shov-shuvlar bilan e’tirof ettirayotgan butun boshli tijorat, reklama, manipulyatsiya sanoati ishlayapti. Bu ulkan industriya de Sadlarni ham ortda qoldirmoqda. Bugun ular butun boshli shahar aholisini kiprik qoqmay, zavq bilan qirib tashlaydigan superqahramonlarni, fahshni go’zallikdan bahra olish deb talqin qiladigan va faxrlanadiganlarni, odamlarning cho’ntaklarini o’margani, odam o’ldirgani uchun qahramonlik sifatida talqin etiluvchilarni yaratmoqda, bu mahsulotlar insoniyat minglab yillar sayqal bergan fazilatlarni vayron qilish, puturdan ketkazish, insonni mohiyatdan uzib qo’yish, san’atning asosiy mazmuni bo’lgan gumanizmdan chekinish bilan shug’ullanishyapti. Bu mahsulotlar ham, bu qahramonlarning ma’naviy dunyosi ham, aslida, ijodning tub mohiyatiga zid. Ammo ular bugungi zamonning qahramonlari sifatida talqin etilayapti va shu talqin bilanoq ijod ham, uning ilohiy zavqi ham ommaviy tarzda inkor qilinmoqda. Ezgulik, shafqat, mehru muhabbat, go’zallik, insonparvarlik uchun kurashgan qahramonlar bugun eskilik qoldig’iga aylanish arafasida turibdi. Bu qahramonlarni haqiqiy ijod yaratayotgani yo’q, badiiylashgan sanoat yaratyapti. Boshqacha aytganda, turli manfaatlarga xizmat qilayotgan ijoddan xoli “hunarmandlar san’ati” paydo bo’layapti. Bugun bu kabi “kosibchilik” mahsuloti bo’lgan kitoblar ham to’lib toshib yotibdi. Shu tufayli ham siz qo’lingizga olgan nashr “yomon kitob” yoki “yaxshi kitob” bo’lishi tabiiydir.

Ijod yovuzlikka xizmat qilmaydi, uning ilohiy asosi bunga izn bermaydi. O’zining bosh missiyasidan tashqari holatda ijod sun’iylashadi, o’z qiyofasini, zavqini yo’qotadi, oddiy “kosibchilikka” aylanadi. Kosib esa kim pul to’lasa, o’shaning kovushini tikib beradi. Kosibchilikni har qanday qunti va hafsalasi bor odam egallay oladi, lekin hamma ham ijodkor bo’lolmaydi. Bugungi ma’naviy dunyoning fojiasi ijod bilan kosibchilikning farqiga bormayotganidadir, boshqacha aytganda, kosibchilikni ijod deb qabul qilishayotganidadir. Ijod yo’q joyda voqelik ham, tuyg’ular ham, insonning o’zi ham sun’iylashadi, unda ilohiy-tabiiy zavq qolmaydi. Bugungi global-olomonchilik ijoddan ko’ra hunar mahsulotlari bilan to’yinmoqda. Boshqacha aytganda, XX asrga kelib, tabiiy mahsulotlardan ko’ra sun’iylashgan, gibridlashgan mahsulotlar oshqozon ehtiyojini qondirayotgani kabi sun’iy san’at mahsulotlari ma’naviy ehtiyojni qondirmoqda. Siz keltirgan, garchi u daholarga mansub bo’lsa-da, lekin mohiyati bilan ijodning bosh missiyasiga zid yaratilgan ko’plab asarlar ham shunday mahsulotlardan boshqa narsa emas. Sun’iylik ijodga xos emas, shunday ekan sun’iylik inson manfaati va intilishi mevasi, tabiiylik esa ilohiy ne’matdir. Tiriklikning paradoksini qarang: taraqqiy etgan mamlakatlarning deyarli barchasida tabiiy, ekologik toza mahsulotlarni topish muammo bo’lib borayapti. Tabiiy mahsulotlarni bugun bir hovuch eng badavlat kishilar iste’mol qila oladi. Boshqalarning qurbi, cho’ntagi ko’tarmaydi. Xuddi shuningdek, bugungi kunda bir hovuch, Ortega Gasset ta’kidlaganidek, “jamiyatning xos kishilari”gina haqiqiy ijod mahsulotini “iste’mol” qilmoqda. Haqiqiy ijod mahsulotini tushunishga keng olomon “ong” cho’ntagining qurbi yetmayapti. Olomon hali tabiiylik bilan sun’iylik, ilohiyat bilan zalolatning ma’nosiga tushungani yo’q: buni faqat ijod mahsulotlari tushuntiradi, sanoat mahsulotlari emas. Aslida ham san’at asarini azaldan faqat xos kishilar tushungan va sharhlagan, boshqalarga ham tushuntirgan. Mana shunday kishilargina tafakkurning, did va saviyaning, san’atning, ijodkorlikning ertangi kunini belgilab bergan. Faqat shu xos kishilargina ijodni ilohiylik bilan bog’lanish, ilohiylikka qaytish, ilohiylik bilan to’yinish, insonni olam va falak bilan bog’lovchi rishta, deb qabul qilgan. Hozir ham shunday. XX asrning dastlabki 70 yiliga xos bo’lgan ommaviy kitobxonlikdan kelib chiqib, “adabiy did shu pallada taraqqiy etgandi”, degan xulosa qilib bo’lmaydi. Ommaviylik san’atning qadrini belgilaydigan omil emas. Bugungi badiiy industriyasi san’atni ommaviyligiga qarab baho berishi uning chinakam ijod mahsuli ekanidan emas, olomonga, uning didi va kayfiyatiga moslashib, ko’proq foyda olishni ko’zlayotganini bildiradi, xolos. Omma didi qanchalik yuksalmasin, o’zining tirikchilik doirasidagi tasavvuridan balandga ko’tarilolmaydi. Navoiyni o’z zamonida ham, bugun ham faqat xos kishilar, ko’nglida ijodiy mahsulotga ehtiyoji bor kishilar tushungan, tushunadi. Lekin bu holat Navoiy dahosiga zarracha daxl qilolmaydi. Ijod adabiyotning ilohiyatga daxldorligi, ilohiyat bilan bog’lanuvchi, bog’lab turuvchi mahsulot ekanini belgilaydi. Takror bo’lsa ham, aytish kerakki, ijodkorlik ilohiyatga daxldorlik, ilohiyatni, g’ayb va ko’z oldimizdagi mo»jizani anglash, o’zini shu ilohiyatni, shu mo»jizaning bir qismi ekanini his etish, ana shu his etilganlarni boshqalarga yetkazish degani. Men fikrimga diniy-ruhoniyona tus bermoqchi emasman. Ijodkorlikning asl mohiyatini taqvodorlaru diniy tasavvurlar ham tushuntirib berolmaydi. Taqvodorlik ham buni anglashga ojiz. Chunki ijod mutaassiblik, badbinlik, xudbinlik, dinlar o’rtasidagi chegaralar bilan ham kelisholmaydi. Agar asar haqiqiy va biz tushungan ijod namunasi ekan, u eskirmaydi, yo’qolmaydi, boy berilmaydi. Uni nechta kishi o’qishidan qat’i nazar, yashab qolaveradi. Insoniyat adashib-adashib bo’lsa ham, baribir, bu mahsulotlarga ehtiyoj sezadi, Kamyu aytmoqchi, do’zaxda ham ijod insonni o’z ko’ngliga qaytaradi, orzu-istaklarini qaytadan bunyod etadi, uning nomini va sharafini yana yuksaklikka olib chiqadi.

Ijodkor o’zini o’rab turgan olamdan, o’zi yashayotgan muhitdan, atrofidagi odamlardan, o’zining ko’nglidan, ruhidan “o’qigan”larini boshqalarga yetkazish uchun yozadi. Har bir davrning o’z bitigi bor. Uni o’qish va yozish ijodkorlikdir. Kiyimlar, qurollar, badiiy vositalar, shiorlar, odatlar, urflar davrlar o’tishi bilan eskiradi, ammo ezgulik va yovuzlik, go’zallik va xunuklik, ulug’lik va tubanlik, ya’ni dastlabki badiiy asarlarmajoziy tarzda ta’riflagan “Rahmon va shayton o’rtasidagi kurash” mavzusi eskirmaydi. Bu kurash jarayoni shaklini, qiyofasini, ismini o’zgartirib, davrga moslashib, davr talab qilgan niqoblarga, ko’rinishlarga o’tib turadi, xolos. Inson ko’nglida ezgulikka, go’zallikka, shafqatga, mehrga, muhabbatga ozgina ehtiyoj turar ekan va bularga qarshi xavf-xatar mavjud ekan, ijodkorga ish topiladi. Faqat ijodiy ifodaning shakli o’zgarishi mumkin, lekin mohiyat o’zgarmaydi. Hatto virtual olam ham, baribir, ijodga suyanadi, undan kuch-quvvat oladi. Agar ijodkorlik bo’lmasa, virtual olam faqat fizik olam bo’lib qoladi, tasavvurlar, mo»jizalar, ilohiy kechinmalarni tuyish va zavq olami emas. Inson ko’nglini o’ziniki qilishni istasa, virtual olam ham azaliy quvvat bo’lgan ijodga suyanadi, u bilan o’zining imkoniyatlarini kengaytiradi, u bilan bitim tuzadi, shunday ekan, kelajakda ham, garchi bizning tushunchamizdagi bosma adabiyotning shakli o’zgarsa-da, yangi davrning o’z qiyofasidagi adabiyoti bo’ladi. Chunki adabiyot insonga o’z qalbini, o’z ildizini, o’z mohiyatini eslatib, bog’lab turadi – bu ildizdan uzilgan taraqqiyot esa muqarrar tanazzulga qarab ketadi. Qanchalar daho bo’lmasin, qanchalar buyuk sanalmasin, shu mas’uliyat unutilib yozilgan har qanday dahoning yozganlari – adabiyot emas. Shu sababli men Dostoevskiyni, Joysni va ular kabi turli qutbga taalluqli asarlar bitganlarni behad hurmat qilaman, ularning asarlarini har yili bir marta qarab, o’zim uchun kerakli narsalarni olaman, ammo ularning men tasavvur qilgan adabiyotdan tashqaridagi qarashlariga, yozganlariga qo’shilmayman. Men uchun adabiyotdan tashqaridagi qarashlarda Dostoevskiy shunchaki bosqinchi yurt vakili, imperiyaning maddohi va mafkurachisi, xolos. Shu narsa ma’lumki, bu ulug’ adib haqiqiy adabiyotga qaytganda, haqiqiy go’zallikni madh etganda, “Aka-uka Karamazovlar”, “Jinlar”, “Jinoyat va jazo”, “Telba” kabi buyuk asarlarni yaratgan pallada adabiyotdagi ilohiy yaxlitlikni ko’ra olgan, ilohiy go’zallikni his qilgan, ana shu yaxlitlik va olamiy go’zallikka tayanib, “Dunyoni go’zallik qutqaradi!” degan, aslo imperiyaning maddohi bo’lgan pallada emas. Biz daho va ijodkor Dostoevskiy bilan bosqinlar evaziga o’zini qudratli qilib olgan mamlakat vakili bo’lgan, o’ljaga ko’z tikkan bosqinchilar qatorida turgan Dostoevskiyni farqlashimiz kerak. Nachora, uning – boshqa buyuk iste’dodlarning qismati buyuklik bilan birga zamon, davr xudbinligi, badbinligi qutbida o’zini namoyon qilib turadi.

Ijod mas’uliyati unutib yozilgan va bizga adabiyot qiyofasida taqdim etilgan bitiklar ko’p. Aynan shuning uchun ham kitobni farqlab o’qitish kerak. Bu zarur. Ayniqsa, bolalarga, hali G’arb tafakkur tarzi, adabiy oqimlari va uslublarining farqiga bormaganlar tanlab, saralab o’qishi kerak. G’arb tafakkurining qanchalar ohanrabo bo’lmasin, barcha namunalari hamma uchun birdek o’qishli va tushunarli emas. Xususan, men Joysning siz keltirgan bobi manzaralariga umuman e’tibor bermayman, meni bu sahnadagi shahvoniy mayllar tasviri emas, adibning inson ongu shuurini qanchalar chuqur, mahorat bilan, tabiiy tasvirlayotgani, adibning ustamonligi qiziqtiradi va men Joysga xos bo’lgan ong oqimi osti tasvirlaridagi erkin ifodaga va tabiiylikka mahliyo bo’laman. Albatta, kimdir shu sahifalardagi siz keltirgan manzaralarga e’tiborni qaratar?! Shuning uchun ham Joysni o’qishdan oldin uni o’qishga tayyorgarlik kerak. Do’kondan pichoq sotib olayotgan xaridorlarning maqsadi har xil bo’ladi: kimdir oddiy ro’zg’or uchun, kimdir esa qotillik uchun, boshqa birov yana boshqa maqsad uchun. Pichoq – sotib olayotgan odamning barcha maqsadiga xizmat qila oladi. Shuning uchun kitob o’qishdan maqsad o’zi nima? Kitobdan odam o’zi izlagan narsasini topadi. Mabodo shunday ekan, inson qalbini zabt etish uchun abadiy kurashning qutblari bo’lgan “Rahmon” so’z orqali o’zining qudratini, go’zalligini, ta’sirini namoyish etgani kabi, “shayton” ham so’z san’atidan o’z maqsadi yo’lida foydalanishga urinadi. Shuning uchun so’z san’ati, ma’lum ma’noda, e’tiqodlar, maqsad va manfaatlar, mayl va istaklar kurash tushadigan sahna hamdir. Bu sahnaga ijod mas’uliyatidan kelib chiqib baho berish, farqlash mumkin. Shu sababli ham kitoblarni saralab o’qitish zarur va shart. Yoshga qarab, saviyaga qarab, tayyorgarlikka qarab. Ko’pgina G’arb mamlakatlarining maktab darsliklarida, mutaxassislik bo’lmagan kollej va universitetlarda Kafka, Joys, Fol`kner kabi ulug’ adiblar asarlari o’qitilmaydi. Ular haqida umumiy tushuncha berish bilan chegaralanadi. Ularning asarlari hali tafakkur tarzi bu adiblar badiiy uslubi va hayotga qarashlaridan bexabar bola, yoshlar ruhiyatiga salbiy ta’sir qilishi mumkinligi inobatga olingan. Bu bilan mazkur adiblar ijodi inkor qilinmagan, aksincha, tayyorgarligi yo’q yoshlar ihota qilingan. Bu tajriba barcha millatga xos. Hazrat Navoiy Attorning “Mantiq ut-tayr” asarini bolaligida o’qib, mutaassir bo’lib qolgani uchun ota-onasi bu kitobni o’qishni ta’qiq qilganini eslashning o’zi kifoya. Hamma ham hazrat Navoiy kabi Attor falsafasini bolalikdan to’g’ri anglayvermaydi. Aslida, Mansur Xallojning “Analhaq” degan e’tirofi va unga berilgan hukm tagida ham ana shu ta’qiqni buzgani, xos kishilar tushunishi mumkin bo’lgan haqiqatni ommaga oshkor qilgani uchun jazo yotadi. Bu tarixiy voqelik bizga abadiy ibrat bo’lishi kerak. Xos kishilar tushunadigan masalalarni ommaga oshkor qilish – ommani jazavaga tushirish degani. Jazava esa shaytoniy junbushdir. Xos kishilar va omma didi orasida farq hali yo’qolgani yo’q, afsuski, bugungi olomonchilik davrida yo’qolish haqida so’z ham bo’lishi mumkin emas. Aksincha, olomonchilik bugun hukmron didga, hukmron saviyaga aylanayapti: chinakam san’at asari qolib, olomon kayfiyatiga mos dumbul, mo’rt asarlarni adabiyot deb targ’ib qilish, didni moslashtirish jarayoni keng miqyosda davom etayapti. Bugun bu muhorabaga haqiqiy san’at asarlari dosh berolayotgani yo’q. Bu – achinarli hol. Lekin, baribir, umid bor. Did bir kuni chinakam mo»jizaga, chinakam hayratga, ilohiy zavqqa – ya’ni chinakam ijodga va ijodkorga muhtoj bo’ladi: muhtojlik ehtiyojni keltirib chiqaradi. Ehtiyoj esa chinakam didni, chinakam adabiyotni tug’ib beradi…

055
Nazar ESHONQUL
FIQRALAR
055

***

Kitob ilohdan kuch olishga o’rgatadi, ruhni tarbiyalaydi, odamni o’z jismidan uzib, osmonga, koinotga yaqinlashtiradi. Uning tafakkuriga, idrokiga qanot va quvvat beradi.

***

Insonda jaholatdan, yovuzlik, xudbinlik, zulm, mahdudlik, badbinlik, ongzulmatidan qutulish quroli bor. Bu – kitob. Afsuski, bu quroldan bugun har kim har xil maqsadda foydalanayapti.

***

Kitob inson qalbi haqidagi eng ulkan bilim, eng ulkan tadqiqot.

***

Faqat kitobgina tasavvur va xayol chegaralarini buzib o’to’tishiga qodir.

***

Insonning qalbi haqidagi har qanday kitob o’qilishga muhtoj, shubhasiz, u inson haqidagi bilimdir.

***

Yozilgan kitobiga qarab, millatning qudratini his etamiz, millat haqidagi, mamlakat haqidagi tushunchalardan oldin biz kitoblariga qarab, millat yoki mamlakatning darajasini his etamiz.

***

Ijod zavqi va ijod qudrati bilan yaratilgan har bir narsada ilohiy zavq va quvvat mujassam bo’ladi.

***

Kitob o’qiyotgan odam o’zini va o’zgalarni xalos qilishni, poklashni o’ylayotgan, shuning yo’lini izlayotgan odam.

***

Kitob izidan ergashganning yo’li ham baribir oydin bo’ladi. Chunki kitob zulmatga qarab emas, quyoshga qarab yashashni o’rgatadi.

***

Kitob sehri tushgan qalb sehrli qalb – u mo»jizalar yaratishga, hech bo’lmaganda mo»jizalar yaratilishaga hissa qo’shishga qodir qalbdir.

***

San’atkor yaratgan voqelikda inson qiyofasi teranroq aks etadi.

***

Xayol va tafakkur qudrati ufurib turgan asarlar barcha zamonlarda sevib o’qiladi!

***

San’at xayolot va reallik kurash tushadigan hamda hech qachon g’olib aniqlanmaydigan sahnadir.

***

San’at tilsimlanganqo’rg’ongao’xshaydi.

***

Mohiyat tassavvur chizig’idan so’ng boshlanadi.

***

Tasavvur– san’atningkirisheshigidir.

***

Tasavvurniyangilamayturib nametaforani, naso’zniyangilabbo’ladi.

***

Voqelikni tasvir etish bu qobiliyat emas, voqelikni yaratish qobiliyatdir.

***

Adabiy shaxslar – bular o’z davr tafakkuri va e’tiqodining in’ikoslaridar.

***

O’z e’tiqodi, qat’iyati, so’zga sodiqligi bilan o’zidan keyingi avlodga o’rnak bo’ladigan yozuvchi-millatning, uning madaniyatining baxti.

***

Hayot va adabiyot bizdan chinakam iste’dodlarni va “Men”larni talab qilmoqda. Chunki u bizning “Men”imizga qarab ertangi kunini yaratadi.

***

Yozuvchi qobiliyati va mahorati uning qancha yozgani bilan o’lchanmaydi. Qobiliyat o’ziga xos dunyo yarata olish san’atidir.

***

Ijodkorni davr quli bo’lib qolishdan faqat xayolotgina saqlay oladi, shu bilan birga, uni xayolot butkul yutib yuborishidan voqelik asrab qoladi.

***

San’at davrlar, asrlar hamda o’zgarayotgan qarash, tushunchalar oldiga inson muammosini, uning ruhiyati va tafakkurini vahdat ul-vujud nomidan to’xtovsiz yangilab turish zarurligini ko’ndalang qo’yadi.

***

Fikrsizlik faqat ijtimoiy plyuralizm kushandasigina emas. Fikrsizlik madaniyat kushandasidir.

***

Fikrlayotgan odam – o’zining mavjudligini isbotlashga urinayotgan odam.

***

Adabiyot hamisha mangulik oldida mag’lub bo’lgan. Lekin mag’lubligi uning g’alabasidir.

***

Millatning estetik saviyasi, didi davlat chegarasi kabi qattiq himoya qilinishi shart bo’lgan hudud deb o’ylayman.

022

(Tashriflar: umumiy 962, bugungi 1)

Izoh qoldiring