1072 yilning 25 yanvarida Mahmud Koshg’ariy «Devonu lug’otit turk» ni yozishga kirishdi.

девон
Бундан роппа-роса 941 йил аввал 1072 йилнинг 25 январида -Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг олтин китоби «Девону луғотит турк»ни ёзишни бошлади ва икки йил давом этган машаққaтли меҳнатдан кейин 1074 йилнинг 10 февралида якунлади. Бу туркий халқлар тарихидаги энг салмоқли ва бебаҳо асарни бошлашдан аввал Кошғарий “Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган” туркий ўлкаларни, шаҳарлар, қишлоқ ва яйловларни кезиб чиқди, шу аснода турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой манба тўплади. Луғат тузишда араб тилшунослари яратган анъанадан унумли фойдаланган ҳолда, ишга ижодий ёндашди, туркий тил қонуниятларини биринчи навбатда инобатга олиб, китоби — “Девону луғотит турк”га тартиб берди.
“Девону луғотит турк” нафақат туркий халқлар,балки инсоният тафаккури тимсолларидан биридир. Шу пайтгача бу асар энг муътабар китоблар қаторида тилга олинади ва ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак.

сеп

«ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ ТУРК» ҲАҚИДА ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИДА БЕРИЛГАН МАЪЛУМОТ

“Девону луғотит турк” («Туркий сўзлар девони») — Маҳмуд Кошғарий нинг туркий тиллар ҳақидаги қомусий асари (1071—72). Бу асарда 11-а.нинг 2-ярмида Марказий Осиёда ва Ғарбий Хитой ҳудудида истиқомат қилган туркий уруғ ва қабилалар, уларнинг ижтимоий аҳволи, тили, тарихи, бу ҳудуднинг геогр.си, метрологияси ва астрономиясига оид қимматли маълумотлар ёзиб қолдирилган. “Девону луғотит турк”нинг қўлёзмаси 1914 й. Туркиянинг Диёрбакр ш.дан топилган. 319 саҳифали бу қўлёзма ҳоз. Истанбулда сакланади. Бу нусха “Девону луғотит турк” ёзилганидан салкам 200 й. кейин, яъни Маҳмуд Кошғарийнинг ўз қўли б-н ёзилган нусхадан 1266 й.да котиб Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Фотиҳал-Совий ал-Дамашқий томонидан кўчирилган.
“Девону луғотит турк” араб тилида ёзилган, 8 мингдан ортиқ туркий сўзларни тўғри талаффуз қилиш мақсадида арабча ҳаракатлар (ҳарфлардаги ост-уст ишоралар)дан фойдаланилган. Бунда, албатта, муаллиф анча қийинчиликка учраган, чунки арабча ҳарф ва алиф, вов, ё ) ишоралари б-н туркий товушларни бериб бўлмас эди. Туркий тилдаги чўзиқ ва қисқа унлилар, юмшоқ ва қаттиқ товушлар учун Махмуд Кошғарий махсус белгилар (ҳаракатлар)ни қўллайди ёки сўз бошидаги чўзиқ-ликни икки алиф б-н кўрсатади ёки 2 хил талаффуз қилинадиган сўзларга 2 хил ишора қўяди: азуқлуқ, эритмак сўзларидаги 3 ва Р ҳарфлари устига ҳам касра, ҳам дамма ишорасини қўйган, демак, бу сўзлар ўша даврда икки хил талаффуз этилган: азмқлуқ — азуқлуқ, эритмак — эрутмак каби. Арабча ҳарф б-н кўрсатиш мумкин бўлмаган туркий талаффузни “Девону луғотит турк”да изохлаб, таърифлаб ўтган. “Девону луғотит турк”да, аввало, отлар, сўнг феъллар изоҳланади. Сўзлар тартиби уларнинг таркибидаги ҳарфларнинг орта боришига (2 ҳарфдан 7 ҳарфгача) қараб амалга оширилган.
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк”га ўзи тузган дунё харитаси (дунёнинг доира шаклидаги тасвири)ни илова қилган.

Image

Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, довон, денгиз, кўл, дарё ва ҳ.к.нинг номлари ёзилган. Харитага ёзилмай қолган бир қанча номлар асар матнида изоҳланган. Харита, асосан, ҳоз. Шарқий ярим шарга тўғри келади. Асарда 11-а.даги шаҳарлар, қишлоқлар, денгиз, кўллар, туркий қабилалар ва уруғлар ҳақида, уруғларнинг ижтимоий ақволи, келиб чиқиши, номланиши, ички уруғ ва тоифалари, уларнинг жойланиши, урф-одатлари, тил хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Бундан ташқари, ҳайвонот ва ўсимликлари, уларнинг номланишига тўхталиб ўтади, астрономик маълумотлар, бурж ва мучал ҳақида ҳам маълумотлар бор. «Д.л.т.»да айниқса қабила ва уруғ тилларига оид лингвистик маълумотлар анча батафсил берилган. Бунда ҳар сўзнинг маънолари (полисемия, омоним, синоним, антоним ва арха-ик сўзлар) чуқур таҳлил қилинади, айрим сўзларнинг этимологиясига тўхталиб ўтади. Товушлар (фонемалар)нинг таҳлили анча мукаммал: унли ва ундош фонемалар, чўзиқ ва қисқа унлилар, уларнинг уруғ тилларидаги талаффузи ва орфографияси, тилдаги фонетик ҳодиса ва қонуниятлар батафсил изоҳланган. Морфология соҳасида сўз туркумларини, давр анъанасига кўра, 3 сўз туркумига: феъл, исм, боғловчига бўлиб, уларнинг ясалиш ва турланиш йўлларини кўрсатиб ўтади. «Д.л.т.»да 250 дан ортиқ мақол ва маталлар, ўнлаб шеърий парчалар келтирилган.
В. В. Бартольд “Девону луғотит турк”дан ўз илмий ишларида кенг фойдаланганини шарқшунос С. Волин кўрсатиб ўтган.Тилшунос олим В. И. Беляев “Девону луғотит турк” ҳақида шундай ёзади: «Биз бу асарга ниҳоятда юксак баҳо беришимиз керак, чунки у китоблардан олиб ёзилмаган, балки жонли материални шахсан кузатишга асосланган… Муаллиф берган маълумотлар… археологик кашфиётлар бу маълумотларнинг аксариятини исбот этмоқца». Немис шарқшуноси К. Броккельман “Девону луғотит турк” асарини 1928 й. немис тилига таржима қилди. “Девону луғотит турк” қўлёзмасининг фотонусхаси Истанбулда Килисли Рифат (3 жилдли; 1915—17) кейинчалик Бесим Аталай томонидан (3 жилдли; 1939—41) турк тилига таржима қилиниб, чоп этилган. “Девону луғотит турк”нинг турк тилидаги кейинги қайта нашри 1957 й. амалга оширилди. “Девону луғотит турк” иккинчи бўлиб ўзбек тилига таржима қилиниб, муҳим изоҳ ва тафсирлари б-н 1960—63 й.лари Тошкентда «Фан» нашриётида 3 жилдда чоп этилган. Бу тилшунос олим, филол. фанлари д-ри, проф. Солиҳ Муталлибовнинг 35 йиллик меҳнати натижаси эди. Ушбу нашр фақат таржима бўлмай, туркча таржимага муносабат, баҳо, атамалар, шахс номлари, шаҳар ва жой номларига изоҳ, ва тафсир ҳамдир. Ўзбекча нашрининг муқаддима қисмида 11-а. филологлари, «Қутадғу билиг» асари, Махмуд Кошғарийнинг лингвистик қарашлари, туркий қабилалар, уларнинг шаклланиши, бу уруғ ва қабилалар, тилларнинг ҳоз. туркий халқлар ва уларнинг тилига муносабати, таржима транскрипцияси тўғрисида маълумотлар берилган. “Девону луғотит турк” ўзбекча нашрининг охирида туркий уруғ, қабила, шаҳарлар ва б. тўғрисида батафсил маълумотлар бор, асарнинг ҳар бир жилдида ҳаволалар берилиб, унда учраган сўз ва иборалар кенг таърифланади, изоҳланади. Ўзбекча нашрининг муҳим томонларидан бири, унинг ҳар бир жилди асосида тузилган кўрсаткичдир. Унда “Девону луғотит турк”да учраган сўзлар алифбо тарзида келтирилиб, сўзнинг ўзбек ва рус тилида таржимаси берилади. Мазкур сўзнинг «Д.л.т.» нинг қайси бетларида учраши (олдин ўзбекча, сўнг туркча нашрларининг бети, сатри) кўрсатиб ўтилади (Ғанижон Абдураҳмонов).

сеп

«ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ ТУРК»ДАН

sep

«Тулку ўз инига урса, ужуз бўлур» («Тулки ўз уясига қараб улиса қўтир бўлади»). Маҳмуд Кошғарий изоҳлашича, «бу мақол ўз элини, уруғини ва мамлакатини ёмонловчиларга қарата айтилади».

sep

«Эрик эрпи яғлиғ, эрмагу баши қанлиғ» («Тиришқоқнинг лаби ёғлик, эринчоқнинг боши қонлик»). Бу мақол ялқовликни ташлашга, ғайрат билан ишлашга ундаб айтилади.

sep

«Сув ичирмасга сут бер». У сенга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қил, деган ма’нода ишлатилади.

sep

«Ўкуз азақи бўлғинча, бузағу баши бўлса йик» («Ҳўкизнинг оёғи бўлгунча, бузоқнинг боши бўлган яхшироқ»). У «муцақиллик бўйсунишдан яхши» деган ма’нода қўлланади.

sep

«Тавғач ханнинг тўрқуси телим, тенгламазиб бичмас» («+орахитой) хоқонининг ипак газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди»). Бу мақол ишни бошида пухта ўйлаб қилишга ундаб, исрофгарчиликка қарши айтилган.

sep

«Ума келса, қут келар» («Меҳмон келса қут келар»). Бунда «сенга меҳмон келса, у билан бирга барака, қут-бахт келади, қўноқни яхши қарши оладилар, малол олмайдилар» деган фикр илгари сурилган.

sep

«Қиз киши сави йўриғли бўлмас» («Бахил одам обрў топмайди»). Бу мақол одамларни яхши ном чиқариш, сахий бўлиш учун ундаб айтилади.

sep

«Эрдам баши тил» («Одобнинг боши тил») .

sep

«Тилин туғмишин тишин язмас» («Тил билан туғилганни, тиш билан ечиб бўлмас»)

сеп

sep

Олим киши сўзидан олгил ўгит,
Яхши сўзлар таъсири дилга сингар.

sep

Олим кишини эзгу тутиб сўзин эшит,
Ҳунарини ўрганибон амал қилғил.

sep

Қуш ов кўрса юксаклардан пастга тушар,
Олим киши ўгит берса, дарҳол уқар.

sep

Олимларга яқинлаш, баҳра олгил тутиб дил.

sep

Қўни-қўшни, қариндош,
Кўрсин севдан яхшилик.

sep

Келса биров йўқланиб,
Бергил яхши озуқ, нон.
Қарғаб кетар меҳмонлар,
Ўтар бўлсанг гар ёмон.

sep

Ундаб улуғ чақирса,
Тезлик билан чопиб кел,
Очликда бирга бўлгил,
Не ҳолда бўлса юрт, эл

sep

Яширин тутилган севги
Айрилган кун билинар.
Оғриқ кўзни беркитма,
Ёши ошкора қилар.

sep

Кулса киши юзингга,
Кўрклик бўлиб кўрингил.
Ширин, очиқ сўз сўйла,
Ёқмоқ учун урингил.

sep

Улуғлиғинг ошса хушхулқ бўлгил.

sep

Ёмонликка отланма,
Тилдан чиқар эзгу сўз.

sep

Бахил мезбон меҳмонни ўғри кўрар,
Берганини миннат қилиб юзга урар.

sep

Меҳмон келса ўтқазгил,
Ҳордиқ олиб тинч бўлсин.
Оти ҳам ёруғликда
Арпа, сомонга тўйсин.

sep

Илм, ҳикмат ўргангин, бўлма мағрур,
Мақтанчоқни шармандаси чиқди, кўр.

sep

Келса агар хонанг узра ғариб меҳмон,
Бор нарсангни олдига қўй, бўл меҳрибон.

sep

Қўлдошингни ҳурмат қил,
Ўзгаларга юзланма.
Боқолмасанг товуғинг,
Қуш боқай, деб сўзланма.

sep

Кетган молга ачинма,
Унга озроқ ўкингил.

sep

Эшитиб ота-онанинг
Сўзларини қадрла.
Молу мулкинг кўпайса,
Мағрурланиб қутурма.

sep

Иш бошлашда ҳовлиқмай, диққатла боқ
Чақмоқтошни шошиб чақсанг ўчар чироқ.

sep

Машаққатсиз ҳаёт йўқ бунда асло,
Эзгуликни кўрмасдан умр битар.

sep

Кўрклик тўнинг ўзингга,
Тотлиғ ошинг ўзингга.
Қўноққа кўргиз иззат,
Ёйсин шаънинг узоққа.

sep

Боқмас жаҳон совуқ сўз,
Шилқим, юзсиз бахилга,
Ёқимли бўл, хушхулқ бўл,
Қолсин номинг кўп йилга.

(Tashriflar: umumiy 18 034, bugungi 1)

13 izoh

  1. Махмуд Кашгорийни хаёти хакида хам аник маълумотлар булганида яхши булади

  2. Mani fikrimch yaxshi yozilgan lekin koshg’riy haqida ma’lumot ham bo’lsa yxshi bo’lardi

  3. Adabiyotimiz durdonasi Bôlgan bunday asarlar haqida yanada kòproq ma’lumot bõlsa yahshi bõlar edi

  4. Qoshģarining geografiya va astronomiya haqidagi kashfiyotlarini xam yoritish muhim deb òylayman.

  5. Berilgan ma’lumotlar juda kerakli ,tayyorlaganlarga minnatdorchilik bildiraman ,Ishlariga rivoj bersin .

Izoh qoldiring