Alberto Moravia.Chaqaloq.

099
Алберто Моравиa адабий тахаллуси билан замонавий италян адабиётида ном қозонган ёзувчи Алберто Пинкерле 1907 йилнинг 28 ноябрида Римда таваллуд топди. Унинг 1929 йил ёзган «Иштиёқсиз» асари орадан бир неча йил ўтиб адибга шуҳрат келтирди. Моравиa асарларида замонавий шаҳар – севимли жойлар тасвири беқарор табиатли, ҳаётини инстинктлар: шаҳвоний нафс, очкўзлик, иззатталаблик бошқарадиган шаҳарликлар типидаги персонажлар ёрдамида тасвирланади.
Моравиa ижодининг характерли жиҳати, мухбирликка хос содда услуб ва маҳзун киноядадир. Бу йўлда адиб ҳаётнинг турли жабҳаларига, персонажларнинг руҳиятида, кайфиятида юз бераётган турланишларга ёндашувини муттасил ўзгартириб туради.
Унинг асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Ўзбек китобхонлари орасида эса «Римлик аёл» (1947) ва «Нафрат» (1954) романлари машҳур.
Моравиaнинг ҳикоялари ҳам роман ва қиссаларидан кам аҳамиятга эга эмас. Унинг «Рим ҳикоялари» (1954) ва «Янги Рим ҳикоялари» (1959) тўпламида Рим ҳаёти ихчам тасвирларда ўз ифодасини топган.

033

Алберто Моравиа
ЧАҚАЛОҚ
Дамин Жумақул таржимаси

Ҳатто муҳтожларга ёрдам кўрсатиш жамиятидан нафақа олиб келган олижаноб хоним ҳам болани нега бунчалик кўпайтираётганимизни сўради. Ўша куни хотинимнинг кайфияти ёмон эди. «Пулимиз бўлганида кечқурунлари кинога борардик, бўлмагандан кейин нима қиламиз, тўғри тўшакка йўл оламиз, ана шундай қилиб бола туғилаверади-да», дея бор ҳақиқатни айтди-қўйди. Бундай шартакиликдан ранжиган хоним узр сўраб қайтиб кетди. Хотинимга тўғри сўз ҳам ўз ўрнида эътиборли эканини, бировга зарда қилишдан олдин ким билан гаплашаётганини ҳисобга олиш зарурлигини айтиб бироз койиган бўлдим.

Турмуш ташвишларидан йироқ, ёш ва буйдоқ юрган кезларимда Рим ҳаётига оид газетларни кўп ўқирдим. Бу рўзномаларда инсонларнинг ҳаётида юз берган жамики бахтсиз ҳодисалар: ўғирлик, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш, майда безориликлар… тўғрисида ёзишарди. Ўша кезларда бундай кўргуликлар бир кун менинг ҳам бошимга тушади, деб сира ўйламаган эдим. Газетларда ёзганидек, «Ҳамдардликка лойиқ вазият», – қачон одам ўта бахтсиз бўлса, бу оламдаги ачиниш туйғусининг шунчасини ўзига чорлайди. Айтиб ўтганимдек, ўша вақтларда ёш эдим, вақти келиб бундай катта оила бошлиғи бўлишимни билмасдим. Энди эса секин-асталик билан энг ҳақиқий «ҳамдардликка лойиқ вазият» юз бераёганига ҳайратим ортиб боряпти. Мана, масалан, газетда бундай ёзилади: «Улар энг майда нарсаларга ҳам муҳтож». Ҳозир мен ана шундай энг арзимас нарсаларга муҳтож ҳолда яшамоқдаман. Ёки «Улар шундай уйларда тиқилиб яшайдики, уларнинг бошпанасини уй деб ҳам бўлмайди». Мен Тормаранчодаги (Рим яқинидаги қашшоқлар истиқомат қиладиган кулбалар) тўшакларнинг орасига оёқ қўйишга жой топилмайдиган, ёмғир чоғида сув худди Рипетта қирғоғидаги каби тошадиган биттагина хонада хотиним ва олти болам билан истиқомат қиламан. Ёхуд бундай ёзишади, айтайлик, «У бечора ҳомиладор эканини билганидан сўнг муҳаббатининг маҳсули бўлган гумонасидан қутулиш мақсадида жиноятга қўл уришга қарор қилди». Худди шундай: оиламизда яна бир чақалоқ туғилишини билгач эр-хотин маслаҳатлашиб ана шунга жазм этдик. Ҳаво яхши бўлган кун биринчи учраган одамнинг раҳмдиллигидан умид қилган ҳолда чақалоқни бирорта черковнинг олдига ташлаб кетишни режалаштирдик.

Бахтимиз чопиб ўша жамоат ташкилотининг марҳаматли жаноблари саъй-ҳаракати билан хотиним туғруқхонага жойлашди. Туғруқдан уч-тўрт кун ўтиб бир оз ўзига келганидан сўнг унга жавоб беришди ва Тормаранчога қайтди. Хонага кирганидан сўнг унинг биринчи айтган гапи шу бўлди:

– Тўғрисини айтсам, туғруқхона унчалик яхши жой бўлмаса ҳам, шу вайронага қайтиб келмаслик учун ўша ерда абадий қолиб кетишга рози эдим.

Чақалоқ бу гапни худди сўзма-сўз тушунгандек, қулоқни батанг қиладиган овозда ингалаб юборди. Зуваласи пишиқ, чиройли бола, овози шу қадар жарангдорки, сўз билан таърифлаб бўлмайди; агар ярим тунда йиғлашга тушса, бу яқин орада ҳеч кимга уйқу йўқ деяверинг.

Май ойи келиб, кунлар илиб қолди. Кўчага палтосиз ҳам чиқса бўларди. Режамизга биноан биз Тормаранчодан Римга қараб йўлга тушдик. Хотиним болани худди қорли далада қолдирадигандек, қават-қават латтага ўраб кўксига босиб олган. Шаҳарга етиб келгунимизга қадар ғамга ботиб бир ушоққина бўлиб қолган бечора қайғусидан чалғиш учун чакаги тинмай жавраб борар эди, охири нафас олиши оғирлашиб, кийимлари тўзиб, кўзлари олайиб қолди…

Дастлаб у ҳар хил черковлар ҳақида гапирди, болани қаерда қолдиришни менга тушунтирди, унинг айтишича, чақалоқни шундай жойга қолдириш керакки, у ердан бойлар ўтиб-қайтадиган бўлсин, агар уни ўзимизга ўхшаган камбағал одам топиб оладиган бўлса, яхшиси, бола ўзимизда қолгани маъқул. Кейин чақалоқни Мадонна черкови атрофида қолдиришни хоҳлаётганини айтди. Айтишларича, Мадоннанинг ҳам ўғли бўлган экан. Мадонна бизни тушунармиш ва ниятимизнинг амалга ошишига ёрдам қилармиш. Бу гаплардан чарчадим ва қалбимда ғазаб учқуни пайдо бўлди. Ахир, унинг мени овутиш учун айтаётган алмойи-алжойи гапларидан менга ҳечам яхши бўлаётгани йўқ эди-да. Аммо мен ўзимни босиб келардим, чунки жазавага тушмасдан хотинимга хотиржам кўринишим ва унга далда беришим керак эди. Унинг падар-пай сўзларини бир лаҳзага бўлса-да, тўхтатиш учун гапини бўлиб:

– Уни авлиё Пётр черковида қолдирсак бўлмайдими? – деб таклиф қилдим.

У бир чайқалиб олди-да, кейин:

– А йўқ, у ер карвонсаройнинг ўзгинаси… уни мутлақо кўрмаслиги ҳам мумкин… виа Кондоттидаги кичкина черковга уриниб кўриш керак: унинг гир атрофи ҳашаматли дўконлар… жуда кўп бойлар ўша атрофда юради… энг яхши жой – ўша, – деди.

Биз автобусга ўтирдик, одам кўп жойда у тинчиди. Фақат болани йўргакка қаттиқ ўради ва дам-бадам йўргакни эҳтиёткорлик билан очиб болага қараб қўяди. Чақалоқ эса қип-қизил юзини ўзи уралган латта-путталарга босиб ухлаб ётибди. Унинг кийимлари жуда афтода, фақат ҳаворанг жун матодан тикилган қўлқопчаси оҳорлигина эди, у ана шу қўлқопчасини кўрсатмоқчи бўлгандек йўргакдан қўлчаларини чиқариб олди.

Биз Голдони театри олдида тушдик, хотиним яна жаврамоқни бошлади. Заргарлик дўкони қаршисида тўхтаб кўргазмадаги қизил духобаларга териб қўйилган қимматбаҳо жавоҳирларни кўрсатиб, яна телба-тескари гапларини давом эттирди:

– Буни қара, қандай чиройли… бу кўчадан одамлар фақат қимматбаҳо тақинчоқлар ва чиройли буюмларни харид қилиш учун юради… бу ерда қашшоқлар бўлмайди… улар ана шу харидлари орасида черковга ибодат учун кириб чиқади… Бойларнинг кайфияти доим яхши бўлади… йўргакни кўрганлари ҳамон кўтариб олади.

У болани кўкрагига маҳкам босиб бриллиантларга қараб худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек гапирар, кўзлари эса аллақандай ёввойилик касб этгандики, унга гап қайтаришга журъатим етмасди.

Биз черковга кирдик. У ичкариси сариқ мармарга ўхшатиб бўялган, асосий меҳроб билан бирга яна бир неча меҳробчалари бор чоғроққина жой экан. Хотиним бу черковни бошқачароқ тасаввур қилгани, ҳозир эса ибодатхона унга унчалик ёқмаётганини айтди. Шундай бўлса ҳам, қўлларини муқаддас сув ботириб чўқиниб олди. Кейин чақалоқни кўксига босиб бадгумон нигоҳу норизо қиёфада секинлик билан черковни айланиб чиқди. Гумбаз тепасидаги ойнадан совуқ чарақлаган ёруғлик тушиб турарди. Хотиним эса болани бу ерда қолдириш мумкинми, деган саволга жавоб топмоқ қасдида ҳамон черковнинг бўлимидан бўлимига ўтиб, ўриндиқларга, меҳробларга, расмларга назар солиб юрарди. Мен кираверишдан кўз узмай унга бир неча қадам эргашдим. Қип-қизил кийинган, сочлари сариқ, худди тилладек товланадиган баланд бўйли бир хоним ибодатга кирди. Тиззалаб ўтирганда тор юбкаси йиртилиб кетгудек таранглашди, наридан-бери ибодат қилди-да, кейин зудлик билан чўқинди ва биз томон бир қаради-да черковдан чиқиб кетди.

Буни кўрган хотиним:

– Йўқ, бу ер бўлмайди… бу ерга анави хонимга ўхшаган дўконларни айланишга чиққан кишилар кўнгил хушлиги учун бирров кириб чиқади. Кетдик бу ердан, – деди. Шу гап билан у черковдан чиқди.

Биз Корсо бўйлаб узоқ юрдик, хотин олдинда, мен ортда ҳаллослаб югурдик деса ҳам бўлаверади, Венетсия майдонидан унча узоқ бўлмаган бошқа черковга кирдик. Бу олдингисидан анча катта ва виқорли эди, ҳашамдор зарҳал пардалар тутилган, девордаги ойналар таги ғира-шира ёруғликда товланиб турган алангали кумуш юраклар билан безатилган. Ибодатхона кўринишидан ўзига тўқ одамлар билан тўла эди: шляпа кийган аёллар, башанг кийинган эркаклар шундан далолат берарди. Руҳоний минбарда туриб хутба ўқир, жамоат унга юзланиб тик турарди. Мен ўзимча «Ана қулай вазият, бизни ҳеч ким сезиб қолмайди», деб ўйладим:

– Шу ерда уриниб кўрамиз, – дея хотинимнинг қулоғига шивирладим.

У бош ирғаб маъқуллади. Биз ён тарафдаги меҳроб томонга ўтдик. Ўша ёқда ҳеч ким йўққа ўхшади, боз устига қоронғу эди, биз бир-биримизни зўрға кўрардик. Хотиним йўргак чети билан боланинг юзини ёпти ва худди қўлига ёпишиб қолган оғир нарсадан қутулмоқчидек уни ўриндиққа ётқизди Кейин тиззалаб ўтирди ва юзига қўлларини босиб узоқ вақт дуою илтижо қилди. Мен эса нима қилишни билмасдан меҳроб деворига осилган юзлаб катта-кичик алангали кумуш юракларни томоша қилдим. Ниҳоят хотиним ўрнидан турди. Шу тобда унинг юзи мурданикига ўхшарди. У чўқинди ва оҳиста бўлимдан чиқа бошлади, мен эса унинг ортидан эргашдим. Кутилмаганда руҳоний:

– Ва Исо деди: «Келажакни кимга қолдиряпсан, эй Ота?» – дея ҳайқирди.

У бу гапни мендан сўраётгандек туюлди.

Бу вақтда хотиним чиқаверишдаги эшикнинг пардасини тортаётган эди. Шу дамда:

– Хоним, ўриндиқда тугунингиз қолибди, – деган чақириқдан иккаламиз бирдай сапчиб тушдик.

Қарасак, қоп-қора кийиниб гоҳ черковда, гоҳо бошқа ибодатхоналарда ўралашиб юрадиган мунофиқона қиёфали аёллардан бири.

– Вой, ўлай! – деди хотиним. – Раҳмат сизга, эсим қурсин… сал бўлмаса уни ташлаб кетаёзибман.

Биз йўргакни олиб на тирик, на ўлик ҳолда кўчага чиқдик.

Кўчада хотиним:

– Бечора болажоним… ҳеч ким уни олгиси келмайди, ҳеч кимга унинг кераги йўқ, – дея ўксинди.

Бу худди молини яхши нархга сотишни чамалаган, лекин ана шу молига бозорда бирор киши қайрилиб қарамаган савдогарнинг аҳволига ўхшарди.

Яна у ҳарсиллаб, ҳурпайиб олдинда ғизиллаб йўлга тушди, худди уни оёқларнинг ўзи бошқараётгандек эди. Шу юришда Апостол авлиёлари майдонига етдик. Ҳартугул бу ердаги черков ҳали ёпилмаган экан. Ичкарига кирдик. Қарасак, катта, кенг, чироқлар ҳам кўп эмас.

– Ана энг қулай жой, – шивирлади хотиним.

Қатъият-ла ён томондаги бўлимлардан бирига ўтдик. Хотиним болани ўриндиққа ётқизиб, гуё оёғининг тагига ўт туташгандек, чўқиниб, ибодат қилиб ўтирмай, ҳатто жигаргўшамизнинг пешонасидан ўпиб ҳам қўймасдан кўчага отилди. У ортига қайрилиб уч-тўрт қадам босиб улгурмасдан черковни боланинг жарангдор йиғиси тутди. Эмадиган вақти бўлган эди – чақалоқ ҳар доимги вақтни билиб очликдан чинқирганди. Хотиним бу йиғидан ўзини йўқотди: бир эшикка қараб югурди-да, кейин ортга чопди, у бу пайтда қаерда эканини ҳам унутиб қўйди, ўриндиққа ўтирдию болани кўксига босиб, уни эмизиш учун кўкрагини очди. Чақалоқ худди бўри боласидек, онасининг кўксига тамшаниб, қўлчаларини узатиб, энди эма бошлаган эди ҳамки:

– Худонинг уйида шу ишни қиласанларми… тур ўрнингдан, йўқол чиқ, кўчага, чиқ! – деган ваҳимали дағдаға эшитилди.

Бақирган одам соқоли кўксига тушган жиккак чол, пономар (православ черковида паст унвонли руҳоний) эди, унинг овози жуссасига қараганда анча ҳайбатли эди. Хотиним ўрнидан турди, боланинг бошини кўкрагига пана қилиб:

– Ахир картинадага Мадонна… ҳар доим болага кўкрак тутиб туради-ку, – деди.

У бўлса:

– Сен ҳали ўзингни Мадонна билан тенглаштирадиган бўлдингми, уятсиз! – дея баттар жазавага тушди.

Хуллас, биз черковдан ҳайдалиб Венетсия майдонидаги хиёбонга келиб ўтирдик. Бу ерда хотиним болани эмизиб олди, нафси ором олган чақалоқ яна ухлаб қолди.

Бу вақтда кеч бўлиб, қоронғу тушди. Черковлар ёпилди, биз эса чарчоқнинг зўридан тинкамиз қуриб ўтирибмиз, каллага бирор фикр келмайди. Бундай самарасиз юришлардан сўнг хаёлимга: биз бу ишга жуда катта куч сарфлаяпмиз, балки бу ишни бошламаган тузукмиди, деган фикр келди.

– Менга қара, кун кеч бўлди, тезроқ ҳал қилишимиз керак, бошқа юришга мадорим йўқ менинг, – деб хотинга зарда қилдим.

– Бу сенинг ўғлинг, сенинг қонинг… Нима қилмоқчисан – уни худди кераксиз нарсага ўхшатиб бир бурчакка ташлаб кетмоқчимисан, дайди мушукларга ем бўлади-ку!

– Йўқ, аммо бундай ишларни кўп ўйланиб юрмай тез бажариш керак ёки умуман қилмаслик керак.

– Сен уни уйга олиб қайтамиз деб қолишимдан қўрқяпсан… Сиз ҳаммангиз, эркаклар, қўрқоқсиз!

Ҳозир у билан баҳслашиш бефойда эканини сезиб, муроса йўлини тутдим:

– Сени тушуниб турибман, хавотирланма, аммо сен ҳам тушунгин: ҳар қандай шароитда ҳам болага Тормаранчодаги қишда қуртлар, ёзда чивинлар талаб чиқадиган ташландиқ, ҳатто ошхонаси ҳам йўқ бошпанамиздагидан яхши бўлади.

Бу сафар у ҳеч нарса деб гап қайтармади.

Биз виа Натсионалдаги Нерон минораси олдидан қаёққа бораётганимизни ўзимиз ҳам билмай кетавердик. Минора ортида, унча узоқ бўлмаган жойда бир кичкина кўча бор экан, одамлар ҳам йўқ. Йўлакларнинг бирининг олдида бўш турган, эшиклари берк кулранг мошинга кўзим тушди. Нима қилишни дарров фаҳмладим: мошинга яқинлашиб эшигини тортгандим – очилди.

– Тез бўл, мана қулай фурсат, уни орқа ўриндиққа ётқиз, – дедим хотинга.

У айтганимданоқ дарҳол болани мошинга қўйди ва мен ўша заҳоти эшикни ёпдим. Биз бу ишни шунчалик тез бажардикки, ҳатто мошинга яқинлашганимизни ҳам ҳеч ким сезмади; кейин мен унинг қўлидан тутдим ва биз Квиринал (Квиринал майдони жойлашган ҳудуд – бурунги қироллик саройи ўрни) майдони бўйлаб чопиб кетдик.

Майдон бўш ва қоронғу эди. Фақат саройда бир нечта чироқлар милтираб турибди, панжара ортида эса тунги Рим чироқлари шуъла сочмоқда. Хотиним ёдгорлик ёнидаги фавворага яқинлашди, ўша ердаги скамейкага ўтирди, менга юз ўгириб букчайиб олди-да, тўлиқиб йиғлади.

– Энди нега йиғлаяпсан? – дедим.

– Хуллас, ундан қутулдик, уни ўша ерда қолдирганим заҳоти юрагим бўм-бўш бўлиб қолди… у ётганда кўксимни тўлдириб турарди, ана шу еримга у етмаяпти.

– Шундай бўлади-да ўзи, ҳадемай ўтиб кетади.

У елкасини қисди-да, йиғлашда давом этди. Кутилмаганда худди кўприк устига ёққан ёмғирни шамол бир зумда қуритиб кетгандек, кўзёши тўхтади. Жойидан сакраб туриб кўрсаткич бармоғи билан саройга ишора қилиб:

– Энди ўша ёққа бораман, қиролнинг олдига кириб ҳаммасини айтиб бераман! – дея шахдланди.

– Тўхта! – дея бақириб унинг қўлидан тортдим. – Сенга нима бўлди, эсингни едингми?.. Қиролнинг қачонлар йўқ бўлиб кетганини билмайсанми?

– Менга барибир… қиролнинг ўрнида ким ўтирган бўлса ўшанга айтаман, ахир кимдир бордир у ёқда!

Шу гап билан у йўлакка отилди, фарёд кўтармаганимда у бир можарони бошлаши аниқ эди.

– Менга қара, мен ўйлаб кўрдим… Қайтиб бориб болани мошиндан оламиз… Бола ўзимизда қолади. Битта оз, битта кўп – барибир эмасми!

Бу фикр, тахминимча, доим унинг хаёлида юрган ва қиролга шикоятини ўйлаб топган.

– Ҳа, уни ҳали олиб кетиб қолишмадимикан? – дея кулранг машина турган кўчага қараб югурди.

– Йўқ, – дедим, – ҳали беш дақиқа ҳам ўтмади-ку.

Ҳақиқатдан, мошин жойида турган эди. Бироқ хотиним мошиннинг эшигини очган чоқ йўлакдан ўрта ёшлардаги паст бўйли, рангпар юзли бир эркак югуриб чиқди:

– Тўхта! Тўхта! Сенга нима керак менинг мошинимда?

– Мен ўзимнинг нарсамни олмоқчиман, – хотиним унга эътибор қилмасдан болани олиш учун ўриндиққа энгашди.

– Нима оляпсан ундан? Бу менинг мошиним, тушундингми? Меники! – деб жириллади мошин эгаси.

Ўша дамда хотинимни бир кўришингиз керак эди! У мошин эгасига юзланиб унга шунақанги ташланиб кетдики:

– Ким сенинг нимангни оляпти? Қўрқма, ҳеч нарсанг керакмас, тупурдим сенинг мошинингга… Мана, қара, – деди-да, мошиннинг эшигига ростакамига туфлаб юборди.

– Манави тугун?.. – довдираб сўради у.

– Бу тугун эмас… Бу менинг ўғлим… Кўрдингми!

У боланинг юзини очиб, унга кўрсатди-да, яна давом этди:

– Сен билан хотининг бундай чиройли болани ҳеч қачон дунёга келтира олмайсан, қайта туғилсанглар ҳам… Мени тўхтатаман деб овора бўлма, дод солиб политсия чақираман-да, боламни тортиб оляпти дейман.

Хуллас, хотиним унга шундай гапларни айтдики, бечоранинг дами ичига тушиб кетди, кутилмаган зарбага учрагани боис ҳамма қони юзига сапчиб чиқиб бақрайиб қолди. Ниҳоят, хотинимнинг жағи тиниб, чорраҳага етганимда йўрғалаб ортимдан етиб олди.

Дамин Жумақул таржимаси

«Ёшлик» журналининг 2010-йил, 12-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring