Tomas Mann. Tazarru.

056 июнь — Буюк олмон адиби Томас Манн таваллуд топган кун.

Шунга қарамасдан дўстлигимиз қанчалик мукаммал ривожланмасин, икковлон меҳмонхонани тарк этаётганимизда ҳам, бир-биримизни кўргани борганимизда ҳам биз шунчалик ишончли, инсофли ва тўғри эдик, шунда ҳам, барибир орамизда кўпинча нимадир рўй берардики, бу ўзига хос муносабатимиздаги улуғвор совуқликка қараганда уч карра ўзгача бўлиши лозим эди…

Томас Манн
ТАЗАРРУ
Олмончадан Мирзаали Акбаров таржимаси
08

Пауль Томас Манн (Paul Thomas Mann, 1875—1955) — буюк немис адиби,интеллектуал эпик романлар муаллифи.Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби (1929). Таниқли немис адиби Генрих Манннинг укаси. “Будденброклар” (Buddenbrooks – Verfall einer Familie), “Венециядаги ўлим” (Der Tod in Venedig), тўрт романни бирлаштирган «Юсуф ва унинг биродарлари» (Joseph und seine Brüder) тетралогияси, “Сеҳрли тоғ” (Der Zauberberg),”Лотта Веймарда” (Lotte in Weimar), «Доктор Фаустус» (Doktor Faustus) каби ХХ аср адабиётининг олтин хазинасидан ўрин эгаллаган асарлар муаллифи.

08

Дуня Штегеманн билан танишган пайтимда йигирма яшар ғирт аҳмоқ йигитча эдим. Эс-ҳушимни йиғиб олиш учун тиришиб ҳаракат қилар эканман, бу ишни йиғиштириб қўя қолиш фикридан анча узоқлашиб кетгандим. Эҳтиросларим чек-чегараси йўқ, уларни қондириш учун эса ҳеч нарсадан тап тортмас, ҳаёт тарзимнинг ҳар нарсага қизиқувчан бузуқлигини ўша, аёл киши билан соф, маънавий – ҳа, мутлақ маънавий яқинликка дилимда ҳавас уйғотган ўша идеализм билан жуда чиройли бир тарзда бирлаштириб юборган эдим.

Штегеманнга келсак, у Москвада туғилган, ота-онаси немис бўлиб, ўша ерда ёхуд Россияда ўсиб улғайган эди. Учта – рус, фаранг ва немис тилларини билар, Германияга эса гувернантка[1] сифатида келганди; шу билан бирга, у артистлик қобилиятига ҳам эга эди, бироқ бир неча йилдан сўнг бу касбдан воз кечган ва энди зиёли ҳамда файласуф, озод, эркин сўққабош аёл бўлиб ҳаёт кечирар, иккинчи ёки учинчи даража мақомидаги газета учун адабий ҳамда мусиқага оид хабар ва мақолалар ёзиб турарди.

Уни Б. шаҳрига келган куним мўъжазгина меҳмонхона ошхонасида, камгина хўрандалар ўтирган умумий овқатланиш столи атрофида учратгандим, ўшанда у ўттиз ёшда: кўкраги кенг, сонлари текис, оч кўкимтир кўзларида уятчанлик-тортинчоқлик ифодасидан асар ҳам бўлмаган, бурни бениҳоя катта, сочлари жўнгина турмакланган, лоқайд, ҳеч нарсага қизиқмайдиган, гавдали малларанг жувон эди. Оддий, тўқ жигарранг кўйлаги ҳам қўллари каби зеб-зийнатсиз ва пардозсиз эди. Шу пайтгача ҳали биронта аёлда бунақанги аниқ-равшан ва ўтакетган бадбашараликни кўрмаган эдим.

Ростбиф[2] тановул қилаётиб яқинлашиб қолдик, суҳбатимиз мавзуи умуман айтганда Вангер ҳақида, хусусан эса “Тристан” тўғрисида бўлди. Аёл руҳиятидаги эркинлик мени танг қолдирди. Ундаги озодлик ҳис-туйғуси шунақанги ғайриихтиёрий, ҳеч қандай муболаға ва таъкидсиз шундайин сокин, хотиржам ва ўз-ўзидан маълум, очиқ-ойдин эдики, бунга ҳеч ҳам ақлим бовар қилмасди. Суҳбат давомида “ялонғоч эҳтирос” қабилидаги ибораларни холисона вазминлик билан қўллаши мени ларзага солди. Унинг қарашлари, ҳаракатлари, қўлимга кафтини қўйиб, дўстона муомала қилиши ҳам бунга монанд эди…

Қизғин ва теран суҳбатимиз таомдан сўнг ҳам соатлаб давом этди, бу пайтда тўрт-беш чоғли меҳмонлар тамаддихонани аллақачон тарк этган эдилар, бизлар кечки овқат чоғида ҳам кўришдик, кечқурун эса меҳмонхонадаги носоз фортепьянода мусиқа чалиб, вақтичоғлик қилдик, ўз навбатида, ўзаро фикрлар ва ҳис туйғулар алмашиб, бир-биримизни обдан ўргандик ва шу тариқа ўзаро тил топишиб олдик. Мен бундан қониқиш ҳосил қилдим. Бу хотин бутун эркакча таълим олган экан, унинг сўзлари муайян мақсадгагина хизмат қилар, ҳар қандай ноз карашмадан холи эди, шу аснода ундаги бефарқлик, ҳеч нарсадан қайтмаслик кечинмалар, кайфиятлар, шов-шув, ваҳималар алмашиш жараёнида ўша интим радикализмга имкон туғдирардики, ўшанда бу нарса менинг дарди-фикрим эди. Шу билан бирга, каминанинг талаби қондирилган: хотин ошна топилган, унинг ўтакетган бетакаллуфлиги мени хавотирга солмас, унинг олдида ўзимни хотиржам ва дадил ҳис эта олардим ва ниҳоят қалбим ҳам қандайдир ҳаракатга тушиб қолган эди; чунки бу зиёли хонимнинг жисмоний жозибадорлигига келсак, у худди супургининг ўзи эди. Ҳа, бу жиҳатдан менинг ишончлилигим Дуня Штегеманникига қараганда шу қадар кучли эдики, руҳий яқинлигимиз ошиб борган сайин бу нарса шунчалик ёқимсиз туюлиб, бора-бора ахири кўнглим қола бошлади: бу қалбим тантанаси, у кутганимдан ҳам зиёда бўлган эди.

Шундай бўлса-да… шунга қарамасдан дўстлигимиз қанчалик мукаммал ривожланмасин, икковлон меҳмонхонани тарк этаётганимизда ҳам, бир-биримизни кўргани борганимизда ҳам биз шунчалик ишончли, инсофли ва тўғри эдик, шунда ҳам, барибир орамизда кўпинча нимадир рўй берардики, бу ўзига хос муносабатимиздаги улуғвор совуқликка қараганда уч карра ўзгача бўлиши лозим эди… Бу нарса дилларимиз айнан бир-бирларига сўнгги ва энг сирларини очаётган, қалбларимиз нозик жумбоқларини ечаётган ва бир-биримизга “сиз”лаб мурожаат қилишимиз баъзан бенуқсон “сен”га айланаётган пайтларда содир бўларди… Шунда бемаза васваса пайдо бўлиб, ҳавони булғар ва нафас олишимизга тўсқинлик қиларди… У эса буни мутлақо сезмагандек кўринарди. Унинг кучи ва эркинлиги шу қадар зўр эди! Мен буни ҳис қилар ва бундан изтироб чекардим.

Шундай қилиб, бир куни оқшом хонамда икковлон дилдан суҳбатлашиб ўтирганимизда бу нарса ҳар қачонгидан кўра яққолроқ сезилди. Бу гал меникида овқатланганди; думалоқ стол йиғиштирилган, ича бошлаганимиз қизил мусаллас ҳам олиб қўйилган, биз сигарета чекардик ва одобсизлик ҳукм сураётган мана шу вазият муносабатларимизни белгилаб турар эди: Дуня Штегеманн стол атрофида тик ва мағрур ўтирар, мен эса у томонга қараган ҳолда шезлонг (юмшоқ узун курси)да ётардим. Эркак ва аёл муҳаббати уйғотадиган руҳий ҳолатлар ҳақидаги пармалаб, нимталаб ташлайдиган ва буткул самимий суҳбатимиз шу зайлда давом этарди. Бироқ мен эркин, хотиржам эмасдим, эҳтимол кўп ичганлигим боис фавқулодда серзарда, жиззаки бўлиб қолгандим. Ўша нимадир яна тағин ҳозир бўлаётган эди… Ўша бўлмағур васваса ҳавода муаллақ сузар ва уни шундай бир тарзда булғаётгандики, бу мен учун тобора чидаш маҳол ҳолатга айланиб борарди. Ҳозироқ деразани очиб юбориб, тўғри ва қўпол сўз билан бўлса-да, ноўрин хавотирга ниҳоят қатъиян барҳам бериш эҳтиёжи мени буткул ўз измига олди. Айтишга аҳд қилган гапимни, гарчи у орамизда айтиб ўтилган бошқа кўп нарсаларга нисбатан муҳимроқ ва тўғрироқ бўлмаса-да, бир мартага айтволишим керак эди. Э худо, хушмуомалалик ва илтифотга эътибор учун унинг миннатдор бўлиши даргумон эди…

– Менга қаранг, – дедим унга, тиззамни букиб, оёқларимни чалиштирарканман, – яна бир нимани аниқлаштириш эсимдан чиқибди. Ўзаро муносабатимиздаги энг зўр ажойиб жозиба мен учун нималигини биласанми? У қалбларимизнинг интим яқинлиги, гарчи сенга бўлган очиқ-ойдин нафратимни жисмонан ҳис қилаётган бўлсам-да, у мен учун жуда ҳам зарурдир.

Жимжитлик.
– Ҳа, ҳа, – деди у сўнгра, – бу қизиқ экан.

Унинг ана шу луқмасидан сўнг суҳбатимиз қовушиб, яна ишқ-муҳаббат мавзуига кўчди. Мен енгил нафас олдим. Дераза очилган эди. Ҳозирги ҳолатимизга, ниҳоят, тўғрилик, ишончлилик ва ойдинлик киритилган, бунга шубҳасиз унинг ўзи ҳам эҳтиёж сезганди. Биз чекиб, гаплаша бошладик.

– Яна бир гап, – деди у бехосдан, – буни айтиб қўйишим керак… мен илгари бир марта ишқий алоқада бўлганимни сен ҳойнаҳой билмасанг керак.

Мен ўгирилиб қараганимча унга серрайиб тикилиб қолдим. У адл ва бутунлай хотиржам ўтирар, сигарета тутган қўли стол устида у ёқдан-бу ёққа бориб келар эди. Даҳани хиёл очиқ, оч кўкимтир кўзлари эса ҳаракатсиз тик боқарди. Шунда беихтиёр қичқириб юбордим:
– Сен?.. сиз-а?.. У маънавий муҳаббатми?
– Йўқ; жиддий.

– Қачон… қаерда… ким билан?!
– Франкфурт-Майнда, бундан бир йил муқаддам, банк хизматчиси билан, у ёш, жуда келишган йигит эди… шуни сенга айтиб қўйиш учун эҳтиёж сезаяпман… буни билиб олганингдан хурсандман. Ё сенинг назарингда паст кетибманми?

Мен кулиб қўйиб, яна чўзилдим ва бармоқларим билан ёнгинамдаги деворни черта бошладим.

– Эҳтимол! – дедим мен зўр киноя билан. Мен энди унга ортиқ қарамас, балки юзимни девор томонга бурволиб, уни чертаётган бармоқларимдан кўз узмасдим. Боягина покланган вазият бир зарб билан шунақанги кескин тус олгандики, бундан миямга қон қуйилиб, кўзларим хиралашиб кетди… Демак, бу хотин ишқ нималигини билади. Унинг бадани эркак оғушида бўлган. Девордан кўз узмай туриб, хаёлимда аёлни қип-яланғоч ҳолда тасаввур қилдим ва бу манзара менга ёқимсиз туюлди. Қизил мусаллас тўла яна бир қадаҳни – бир нечанчаси эди? – бўшатдим.

Жимжитлик.

– Ҳа, – такрорлади у яна паст овоз билан, – буни билиб олганингдан хурсандман.

Шубуҳасиз, маънодор урғу бериб гапираётганидан аъзои баданим дағ-дағ титрай бошлади. У мен билан бир хонада ярим кечада ёлғиз қимир этмасдан, адл, талабчан бир қиёфада ўтирарди… Менинг бадахлоқ туйғуларим эса жунбишга кела бошлаганди. Мана шу аёл билан беҳаё ва иблисона разолатга берилишим мумкинлиги йўлидаги макр-ҳийлани тасаввур қиларканман, юрагим чидаб бўлмас даражада пўкиллаб урарди.

– Буни қара-я! – дедим мен тилим аранг айланиб. – Жуда қизиқиб қолдим-ку!.. Анави банк хизматчиси вақтингни чоғ қилолдими ишқилиб?
– Бўлмасам-чи, – жавоб қайтарди у.

– Ундай бўлса, – ҳамон унга қарамасдан давом этдим мен, – шунақанги нарса яна бўлса, йўқ демассан?
– Ҳечам-да.

Мен шартта ўгирилидим, қўлимни юмшоқ жилдга тираган кўйи ҳаддан зиёд суқлик ва сурбетлик билан дедим:
– Икковимиз демоқчийдим?

У секин мен томон бурилиб қаради, кўзларида самимий таажжуб аломати зоҳир эди.
– О азизим, бу фикр сизга қаёқдан кела қолди? Йўқ, ахир бизнинг муносабатларимиз соф маънавий…

– Хўш… хўш… ахир бу ўз-ўзидан маълум нарса-ку! Биз одатдаги дўстлигимизга ҳеч бир зиён етказмаган ҳолда ва истисно тариқасида, бирор марта бўлса ҳам қовушишимиз мумкин-ку…
– Йўқ дедим! Йўқ деяётганимни эшитиб турибсиз-ку! – янада ажабланганнамо жавоб берди у.

Мен энди ярамас феълини ташлашга одатланмаган ишратпарастдек дарғазаб ҳолда қичқирдим:
– Нега йўқ? Нега йўқ дейсан? Таманнонгни қара сению!

Ҳозирги важоҳатимни кўрган одам қўрқиб кетиши аниқ эди.

Дуня Штегеманн аста ўрнидан турди.

– Ўзингизни қўлга олсангиз-чи. Бу нима қилиқ?! Аҳволингизни тушуниб турибман, бироқ бу иш сизга номуносиб. Сизга йўқ дедим ва бизнинг ўзаро хайрихоҳлигимиз мутлақ маънавий эканлигини ҳам айтиб эдим. Наҳотки шуни тушунмасангиз? Мен энди борай. Кеч бўлиб қолди.

Камина ҳушёр тортиб, ўзимни тутиб олдим.

– Демак йўқ, шундайми? дедим мен кулиб. – Бу билан дўстлигимиз ҳеч бир ўзгариб қолмаса керак…
– Нега энди ўзгармас экан!

У шундай деб, қўлимни дўстона қисиб қўйди, шу аснода унинг ёқимсиз лабларида кинояомиз табассум кўринди. Сўнг у кетди. Мен хона ўртасида туриб қолдим, чеҳрамдаги кўтаринкилик йўқолгач, ушбу ажойиб саргузаштни яна бир бор ўйлаб, хаёлимдан ўтказиш билан банд эдим. Охири пешонамга бир урдим-да, ётиб ухладим.

______________

[1] Гувернантка – дворян ва буржуа оилаларида ёш болаларни ўқитиш учун одатда чет элдан чақирилган мураббий, тарбиячи аёл (тарж).
[2] Ростбиф – молнинг биқин гўштидан қилинган қовурма (тарж).

046 iyun — Buyuk olmon adibi Tomas Mann tavallud topgan kun

Shunga qaramasdan do‘stligimiz qanchalik mukammal rivojlanmasin, ikkovlon mehmonxonani tark etayotganimizda ham, bir-birimizni ko‘rgani borganimizda ham biz shunchalik ishonchli, insofli va to‘g‘ri edik, shunda ham, baribir oramizda ko‘pincha nimadir ro‘y berardiki, bu o‘ziga xos munosabatimizdagi ulug‘vor sovuqlikka qaraganda uch karra o‘zgacha bo‘lishi lozim edi…

Tomas Mann
TAZARRU
Olmonchadan Mirzaali Akbarov tarjimasi
08

Paul` Tomas Mann (Paul Thomas Mann, 1875—1955) — buyuk nemis adibi,intellektual epik romanlar muallifi.Adabiyot bo’yicha Nobel` mukofoti sohibi (1929). Taniqli nemis adibi Genrix Mannning ukasi. “Buddenbroklar” (Buddenbrooks – Verfall einer Familie), “Venetsiyadagi o’lim” (Der Tod in Venedig), to’rt romanni birlashtirgan «Yusuf va uning birodarlari» (Joseph und seine Bruder) tetralogiyasi, “Sehrli tog’” (Der Zauberberg),”Lotta Veymarda” (Lotte in Weimar), «Doktor Faustus» (Doktor Faustus) kabi XX asr adabiyotining oltin xazinasidan o’rin egallagan asarlar muallifi.

08

Dunya Shtegemann bilan tanishgan paytimda yigirma yashar g‘irt ahmoq yigitcha edim. Es-hushimni yig‘ib olish uchun tirishib harakat qilar ekanman, bu ishni yig‘ishtirib qo‘ya qolish fikridan ancha uzoqlashib ketgandim. Ehtiroslarim chek-chegarasi yo‘q, ularni qondirish uchun esa hech narsadan tap tortmas, hayot tarzimning har narsaga qiziquvchan buzuqligini o‘sha, ayol kishi bilan sof, ma’naviy – ha, mutlaq ma’naviy yaqinlikka dilimda havas uyg‘otgan o‘sha idealizm bilan juda chiroyli bir tarzda birlashtirib yuborgan edim.

Shtegemannga kelsak, u Moskvada tug‘ilgan, ota-onasi nemis bo‘lib, o‘sha yerda yoxud Rossiyada o‘sib ulg‘aygan edi. Uchta – rus, farang va nemis tillarini bilar, Germaniyaga esa guvernantka* sifatida kelgandi; shu bilan birga, u artistlik qobiliyatiga ham ega edi, biroq bir necha yildan so‘ng bu kasbdan voz kechgan va endi ziyoli hamda faylasuf, ozod, erkin so‘qqabosh ayol bo‘lib hayot kechirar, ikkinchi yoki uchinchi daraja maqomidagi gazeta uchun adabiy hamda musiqaga oid xabar va maqolalar yozib turardi.

Uni B. shahriga kelgan kunim mo‘‘jazgina mehmonxona oshxonasida, kamgina xo‘randalar o‘tirgan umumiy ovqatlanish stoli atrofida uchratgandim, o‘shanda u o‘ttiz yoshda: ko‘kragi keng, sonlari tekis, och ko‘kimtir ko‘zlarida uyatchanlik-tortinchoqlik ifodasidan asar ham bo‘lmagan, burni benihoya katta, sochlari jo‘ngina turmaklangan, loqayd, hech narsaga qiziqmaydigan, gavdali mallarang juvon edi. Oddiy, to‘q jigar rang ko‘ylagi ham qo‘llari kabi zeb-ziynatsiz va pardozsiz edi. Shu paytgacha hali bironta ayolda bunaqangi aniq-ravshan va o‘taketgan badbasharalikni ko‘rmagan edim.

Rostbif** tanovul qilayotib yaqinlashib qoldik, suhbatimiz mavzui umuman aytganda Vanger haqida, xususan esa “Tristan” to‘g‘risida bo‘ldi. Ayol ruhiyatidagi erkinlik meni tang qoldirdi. Undagi ozodlik his-tuyg‘usi shunaqangi g‘ayriixtiyoriy, hech qanday mubolag‘a va ta’kidsiz shundayin sokin, xotirjam va o‘z-o‘zidan ma’lum, ochiq-oydin ediki, bunga hech ham aqlim bovar qilmasdi. Suhbat davomida “yalang‘och ehtiros” qabilidagi iboralarni xolisona vazminlik bilan qo‘llashi meni larzaga soldi. Uning qarashlari, harakatlari, qo‘limga kaftini qo‘yib, do‘stona muomala qilishi ham bunga monand edi…

Qizg‘in va teran suhbatimiz taomdan so‘ng ham soatlab davom etdi, bu paytda to‘rt-besh chog‘li mehmonlar tamaddixonani allaqachon tark etgan edilar, bizlar kechki ovqat chog‘ida ham ko‘rishdik, kechqurun esa mehmonxonadagi nosoz fortepya¬noda musiqa chalib, vaqtchog‘lik qildik, o‘z navbatida, o‘zaro fikrlar va his tuyg‘ular almashib, bir-birimizni obdan o‘rgandik va shu tariqa o‘zaro til topishib oldik. Men bundan qoniqish hosil qildim. Bu xotin butun erkakcha ta’lim olgan ekan, uning so‘zlari muayyan maqsadgagina xizmat qilar, har qanday nozu karashmadan xoli edi, shu asnoda undagi befarqlik, hech narsadan qaytmaslik kechinmalar, kayfiyatlar, shov-shuv, vahimalar almashish jarayonida o‘sha intim radikalizmga imkon tug‘dirardiki, o‘shanda bu narsa mening dardi-fikrim edi. Shu bilan birga, kaminaning talabi qondirilgan: xotin oshna topilgan, uning o‘taketgan betakallufligi meni xavotirga solmas, uning oldida o‘zimni xotirjam va dadil his eta olardim va nihoyat qalbim ham qandaydir harakatga tushib qolgan edi; chunki bu ziyoli xonimning jismoniy jozibadorligiga kelsak, u xuddi supurgining o‘zi edi. Ha, bu jihatdan mening ishonchliligim Dunya Shtegemannikiga qaraganda shu qadar kuchli ediki, ruhiy yaqinligimiz oshib borgan sayin bu narsa shunchalik yoqimsiz tuyulib, bora-bora axiri ko‘nglim qola boshladi: bu qalbim tantanasi, u kutganimdan ham ziyoda bo‘lgan edi.

Shunday bo‘lsa-da… shunga qaramasdan do‘stligimiz qanchalik mukammal rivojlanmasin, ikkovlon mehmonxonani tark etayotganimizda ham, bir-birimizni ko‘rgani borganimizda ham biz shunchalik ishonchli, insofli va to‘g‘ri edik, shunda ham, baribir oramizda ko‘pincha nimadir ro‘y berardiki, bu o‘ziga xos munosabatimizdagi ulug‘vor sovuqlikka qaraganda uch karra o‘zgacha bo‘lishi lozim edi… Bu narsa dillarimiz aynan bir-birlariga so‘nggi va muhim sirlarini ochayotgan, qalblarimiz nozik jumboqlarini yechayotgan va bir-birimizga “siz”lab murojaat qilishimiz ba’zan benuqson “sen”ga aylanayotgan paytlarda sodir bo‘lardi… Shunda bemaza vasvasa paydo bo‘lib, havoni bulg‘ar va nafas olishimizga to‘sqinlik qilardi… U esa buni mutlaqo sezmagandek ko‘rinardi. Uning kuchi va erkinligi shu qadar zo‘r edi! Men buni his qilar va bundan iztirob chekardim.

Shunday qilib, bir kuni oqshom xonamda ikkovlon dildan suhbatlashib o‘tirganimizda bu narsa har qachongidan ko‘ra yaqqolroq sezildi. Bu gal menikida ovqatlangandi; dumaloq stol yig‘ishtirilgan, icha boshlaganimiz qizil musallas ham olib qo‘yilgan, biz sigareta chekardik va odobsizlik hukm surayotgan mana shu vaziyat munosabatlarimizni belgilab turar edi: Dunya Shtegemann stol atrofida tik va mag‘rur o‘tirar, men esa u tomonga qaragan holda shezlong (yumshoq uzun kursi)da yotardim. Erkak va ayol muhabbati uyg‘otadigan ruhiy holatlar haqidagi parmalab, nimtalab tashlaydigan va butkul samimiy suhbatimiz shu zaylda davom etardi. Biroq men erkin, xotirjam emasdim, ehtimol ko‘p ichganligim bois favqulodda serzarda, jizzaki bo‘lib qolgandim. O‘sha nimadir yana tag‘in hozir bo‘layotgan edi… O‘sha bo‘lmag‘ur vasvasa havoda muallaq suzar va uni shunday bir tarzda bulg‘ayotgandiki, bu men uchun tobora chidash mahol holatga aylanib borardi. Hoziroq derazani ochib yuborib, to‘g‘ri va qo‘pol so‘z bilan bo‘lsa-da, noo‘rin xavotirga nihoyat qat’iyan barham berish ehtiyoji meni butkul o‘z izmiga oldi. Aytishga ahd qilgan gapimni, garchi u oramizda aytib o‘tilgan boshqa ko‘p narsalarga nisbatan muhimroq va to‘g‘riroq bo‘lmasa-da, bir martaga aytvolishim kerak edi. E xudo, xushmuomalalik va iltifotga e’tibor uchun uning minnatdor bo‘lishi dargumon edi…

– Menga qarang, – dedim unga, tizzamni bukib, oyoqlarimni chalishtirarkanman, – yana bir nimani aniqlashtirish esimdan chiqibdi. O‘zaro munosabatimizdagi eng zo‘r ajoyib joziba men uchun nimaligini bilasanmi?

U qalblarimizning intim yaqinligi, garchi senga bo‘lgan ochiq-oydin nafratimni jismonan his qilayotgan bo‘lsam-da, u men uchun juda ham zarurdir.

Jimjitlik.

– Ha, ha, – dedi u so‘ngra, – bu qiziq ekan.

Uning ana shu luqmasidan so‘ng suhbatimiz qovushib, yana ishq-muhabbat mavzuiga ko‘chdi. Men yengil nafas oldim. Deraza ochilgan edi. Hozirgi holatimizga, nihoyat, to‘g‘rilik, ishonchlilik va oydinlik kiritilgan, bunga shubhasiz uning o‘zi ham ehtiyoj sezgandi. Biz chekib, gaplasha boshladik.

– Yana bir gap, – dedi u bexosdan, – buni aytib qo‘yishim kerak… men ilgari bir marta ishqiy aloqada bo‘lganimni sen hoynahoy bilmasang kerak.

Men o‘girilib qaraganimcha unga serrayib tikilib qoldim. U adl va butunlay xotirjam o‘tirar, sigareta tutgan qo‘li stol ustida u yoqdan-bu yoqqa borib kelar edi. Dahani xiyol ochiq, och ko‘kimtir ko‘zlari esa harakatsiz tik boqardi. Shunda beixtiyor qichqirib yubordim:
– Sen?.. siz-a?.. U ma’naviy muhabbatmi?
– Yo‘q; jiddiy.

– Qachon… qaerda… kim bilan?!

– Frankfurt-Maynda, bundan bir yil muqaddam, bank xizmatchisi bilan, u yosh, juda kelishgan yigit edi… shuni senga aytib qo‘yish uchun ehtiyoj sezayapman… buni bilib olganingdan xursandman. Yo sening nazaringda past ketibmanmi?

Men kulib qo‘yib, yana cho‘zildim va barmoqlarim bilan yonginamdagi devorni cherta boshladim.
– Ehtimol! – dedim men zo‘r kinoya bilan. Men endi unga ortiq qaramas, balki yuzimni devor tomonga burvolib, uni chertayotgan barmoqlarimdan ko‘z uzmasdim. Boya¬gina poklangan vaziyat bir zarb bilan shunaqangi keskin tus olgandiki, bundan miyamga qon quyilib, ko‘zlarim xiralashib ketdi… Demak, bu xotin ishq nimaligini biladi. Uning badani erkak og‘ushida bo‘lgan. Devordan ko‘z uzmay turib, xayolimda ayolni qip-yalang‘och holda tasavvur qildim va bu manzara menga yoqimsiz tuyuldi. Qizil musallas to‘la yana bir qadahni – bu nechanchasi edi? – bo‘shatdim.

Jimjitlik.

– Ha, – takrorladi u yana past ovoz bilan, – buni bilib olganingdan xursandman.

Shubuhasiz, ma’nodor urg‘u berib gapirayotganidan a’zoi badanim dag‘-dag‘ titray boshladi. U men bilan bir xonada yarim kechada yolg‘iz qimir etmasdan, adl, talabchan bir qiyofada o‘tirardi… Mening badaxloq tuyg‘ularim esa junbishga kela boshlagandi. Mana shu ayol bilan behayo va iblisona razolatga berilishim mumkinligi yo‘lidagi makr-hiylani tasavvur qilarkanman, yuragim chidab bo‘lmas darajada po‘killab urardi.

– Buni qara-ya! – dedim men tilim arang aylanib. – Juda qiziqib qoldim-ku!.. Anavi bank xizmatchisi vaqtingni chog‘ qiloldimi ishqilib?
– Bo‘lmasam-chi, – javob qaytardi u.

– Unday bo‘lsa, – hamon unga qaramasdan davom etdim men, – shunaqangi narsa yana bo‘lsa, yo‘q demassan?
– Hecham-da.

Men shartta o‘girildim, qo‘limni yumshoq jildga tiragan ko‘yi haddan ziyod suqlik va surbetlik bilan dedim:
– Ikkovimiz demoqchiydim?

U sekin men tomon burilib qaradi, ko‘zlarida samimiy taajjub alomati zohir edi.
– O azizim, bu fikr sizga qayoqdan kela qoldi? Yo‘q, axir bizning munosabatlarimiz sof ma’naviy…

– Xo‘sh… xo‘sh… axir bu o‘z-o‘zidan ma’lum narsa-ku! Biz odatdagi do‘stligimizga hech bir ziyon yetkazmagan holda va istisno tariqasida, biror marta bo‘lsa ham qovushishimiz mumkin-ku…
– Yo‘q dedim! Yo‘q deyayotganimni eshitib turibsiz-ku! – yanada ajablangannamo javob berdi u.

Men endi yaramas fe’lini tashlashga odatlanmagan ishratparastdek darg‘azab holda qichqirdim:
– Nega yo‘q? Nega yo‘q deysan? Tamannongni qara seniyu!

Hozirgi vajohatimni ko‘rgan odam qo‘rqib ketishi aniq edi.

Dunya Shtegemann asta o‘rnidan turdi.
– O‘zingizni qo‘lga olsangiz-chi. Bu nima qiliq?! Ahvolingizni tushunib turibman, biroq bu ish sizga nomunosib. Sizga yo‘q dedim va bizning o‘zaro xayrixohligimiz mutlaq ma’naviy ekanligini ham aytib edim. Nahotki shuni tushunmasangiz? Men endi boray. Kech bo‘lib qoldi.

Kamina hushyor tortib, o‘zimni tutib oldim.
– Demak yo‘q, shundaymi? – dedim men kulib. – Bu bilan do‘stligimiz hech bir o‘zgarib qolmasa kerak…
– Nega endi o‘zgarmas ekan!

U shunday deb, qo‘limni do‘stona qisib qo‘ydi, shu asnoda uning yoqimsiz lablarida kinoyaomiz tabassum ko‘rindi. So‘ng u ketdi. Men xona o‘rtasida turib qoldim, dilimdagi ko‘tarinkilik yo‘qolgach, ushbu ajoyib sarguzashtni yana bir bor o‘ylab, xayolimdan o‘tkazish bilan band edim. Oxiri peshonamga bir urdim-da, yotib uxladim.

______________

* Guvernantka – dvoryan va burjua oilalarida yosh bolalarni o‘qitish uchun odatda chet eldan chaqirilgan murabbiy, tarbiyachi ayol (tarj).
** Rostbif – molning biqin go‘shtidan qilingan qovurma (tarj).

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali

07

(Tashriflar: umumiy 3 658, bugungi 2)

Izoh qoldiring