Шоир Шафоат Раҳмутулло Термизий вафот этди. Мен «шоир» сўзи олдидан бирон бир эпитет ишлатишни истамадим. Зеро, Шафоат ака ШОИР эди. Яратган унга тоза юрак ва беназир иқтидор ато қилган эди. Шоир ўлими ҳақидаги хабарни эшитишим билан бир пайтлар Шафоат аканинг ўзи битган сатр ўз-ўзидан тилимга келади:
Шоир ўтди. Ҳа, ўтди-я, шоир ўтди…
Май ойида 75 ёшга тўлар эди. Биз тошкентлик шоирнинг дўстлари, укалари, шогирдлари айёмга боришни ният қилган эдик. Аммо, ўлим ҳақ! Шафоат ака бу дунёда беғубор яшади, асл мўмин инсон эканини ҳар бир ҳаракати, ҳар бир айтган сўзида намоён этиб яшади. Сўнгги пайтда адабиётни бозорга айлантирган кимсаларга басма-бас адабиётни покиза даргоҳ эканини исботлаб яшади. Ўзини бозорга солмади,илло, у ўзининг баҳосини яхши биларди. Унинг суратидаги камтарлик сийратида мавжуд фикрий теранликни ҳеч қачон яшира олмасди.
Бир йил аввал, эрта баҳорда Сурхондарёга борганимда, шоир акам билан дўсту биродарлар даврасида тўйиб суҳбатлашган эдим. Фақат ўшанда эмас, бундан аввал ҳам Шафоат ака билан ўртамиздаги 10 йиллик фарқни мутлақо сезмаганман. Худди тенгдошлардек, худди ёши 1-2 йил фарқ қилган ака билан укадек яқинлик бор эди ўртамизда.
Шафоат ака донишманд шоир эди. Унинг шеърларидаги ҳикмат бобо Термизийлар нафасига уланган эди:
Гарчи хасдан баланд, касдан камдирман,
Дўстим, сенга ёндош қувонч, ғамдирман,
Термизий бободан қолган шамдирман,
Минг йил пуфласанг ҳам, асло ўчмайман…
Илоҳим, Яратган Шафоат акани раҳматига олсин!
Хуршид Даврон
ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО ТЕРМИЗИЙГА
БАҒИШЛОВ
Саида Зуннунова
МЕН ШАФОАТНИ ТАНИДИМ
( Оқ йўл )
Бир суҳбатда шеър ва шоирлар ҳақида гап кетди. Ўтирган меҳмонлардан бири ёшроқ йигитдан шеър ўқиб беришни сўраб қолди. Шундай қилиб мен Шафоатни шунда биринчи марта танидим. Унинг ҳеч кимга ўхшамаган ўз кузатишлари, сезгирлиги ўзига хос услуб изланишлари сезилиб турарди.
Шафоат сурхондарёлик йигит. Ўша ёқда мусиқадан дарс беради. Мусиқани билиши ҳам шубҳасиз, шеърининг майин бўлишига хизмат қилган. Бу шеърлар Сурхон тоғларидан эсган шабададек соф, фикрлар оригинал, кузатишлар янги .
1975 йил 16 майда ”Ўзбекистон маданияти” газетасида босилган
Иброҳим Ғафуров
БУ- ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛАЕВ
Бир ёш шоир чиройли рубоий ёзиб,унда шундай дейди:
Ҳаёт рубоб,ҳамма чолғучи,
Ҳар ким ўз куйини чалади.
Кимнинг куйи бир лаҳзаликдир,
Кимнинг куйи мангу қолади…
Бу шеъриятимизнинг узоқ Сурхондан эшитилаётган янгроқ саси, Бу — Шафоат Раҳматуллаев. Бугунги лирикада бораётган ҳаракатни жуда лўнда ифодалайди бу шеър. Ростдан ҳам бугунги шеъриятимиз зўр оркестр, Унда ҳар кимнинг ўз куйи жарангламоқда. Кимнинг куйи ёрқин бир лаҳзада давом этади, Кимнинг куйи абадиян қудратли овоз касб этиб келажакка ўтиб боради. Лекин ҳаётнинг рубоб эканлиги аниқ. Лирика шу рубобнинг энг нозик, энг нафис, энг тиниқ оҳанги. Лирика — одам қалбининг рози.
1980 йил № 10. “ Гулистон”
Гулчеҳра Нуруллаева
ШАФОАТ САНЪАТ СОҲИБИ
Шеър сатрдан сатрга тўлқин билан ўтиб борар, обидаларнинг ёди ЮНЕСКО тўйхатида бўлган, Абросиёб ва Холчаёнлари жаҳоннинг ҳайрати бўлган Ўзбекистоннинг гўзал суратини чизарди у:
Ғўзангнинг ҳар чаноғи тилло узатган бир жом,
Кўнглингдай опппоқ пахтанг “оқ олтин” деб олмиш ном,
Ҳар хирмонинг билганга бир буюк олтин эҳром,
Шундан жаҳон кўзлари хамиша ҳуснингга ром,
Эй,сен қадри осмоним-ўзбегим, онажоним,
Қадрингга тортиқ десанг, бераман, мана жоним!
Қулоғим шеърда-ю, кўзим боғни тўлдириб ўтирган одамларда. Мингга яқин кўзлар шоирига тикилган, вужудлар қулоққа айланган. Шаҳар боғига ўрнатилган радио карнайлар шоир овозини боғ ичидан олиб чиқиб, атроф-атрофларга таратади. Ўлтирганлар ёнига яна одамлар келиб қўшила боради. Шеър эса ўз тингловчилари қалбини энтиктиришда давом этади:
Оқ ўтовдан отилиб, сўлқиллаб чиқсанг, сен қиз,
От бошини бурганман, баҳона- ичмоқ қимиз.
Ибо билан ўтовга бошладинг, юзи қирмиз,
То қимиз симиргунча қозонда қилдинг “жиз-биз”.
Кетай десам, қўймадинг янгам бўлиб ўпкалаб,
Кайвони момом бўлиб, улайвердинг гапга гап,
Оқсоқол бобом бўлиб дединг: “Болам кепсан зап”.
Сулув қиз кўзларинг-ла қўйдинг ҳар дам эркалаб.
Эй менинг меҳрибоним-ўзбегим онажоним,
Меҳрингга тортиқ десанг,бераман,мана жоним.
Минбарда янграётган бу жўшқин сатрларнинг муаллифи Шафоат Раҳматуллаев эди. Мен Шафоатнинг айрим шеърларини вақтли матбуот саҳифаларида, альманахларда ўқигандим. Энди эса унинг янги шеърларини ўз оғзидан эшитардим.
Биз шоирларнинг кўпчилигига хос бир “касаллик” бор: ёзишга ёзамизу, лекин уни тингловчиларга етказиб ўқишга қолганда нўноқлик қиламиз. Шафоат эса ҳам чиройли ёзаркан, ҳам чиройли ўқиркан. Эҳтимол, бунга унинг Тошкент Консерваториясида беш йил таҳсил кўргани ҳам ёрдам бергандир, эҳтимол, шеър ўқий билиш ҳам туғма талантдир. Майли, нима бўлмасин, Шафоат шу санъат соҳиби эди. У яна ўзи ёзган шеърга куй басталаб, яна ўзи ижро этаркан. Мен унинг катта-кичик турли давраларда шеър ўқиганини кўрдим. Тўғрироғи, шеърлар ўқиганини…Негаки,тингловчилар битта шеър билан уни қўйиб юборишмас, қизғин чапаклар билан ”жуфт бўлсин”,” тағин бирини ўқинг” деган илтимослар билан шоирни ўқишга чорлашар эди. Хатто кимлардир, нимани ўқисамикин? –дея бир неча сония тараддудланиб турган шоирга кўмакка ҳам келишарди:
-Бўса ҳақидаги ҳазилингизни эшитсак…
-Тунда адашганингизни ўқисангиз…
Мен Шафоатда кўпчилик шоирлар орзу қиладиган фазилат-ўз шеърларини ёд ўқиш фазилатини ҳам кўрдим.
-Тўпламингиз чиққанми? –сўрадим ундан.
— Энди чиқиб қолса керак. Топширганимга анча бўлганди.
Шафоатнинг сўзларини тингларканман , ўйлардим: пойтахтда яшаб, нашриётма-нашриёт югириб, ўз сўзи ўтмаса, қайси бир таниш-билишларини ишга солиб китоб чиқарувчилар ҳам бор. Областлардаги Шафоатга ўхшаш бир ҳафсала қилиб, шеърларини нашриётга юбориб, 3-4 йил индамай жавоб кутиб юрувчи истеъдодли қалам соҳиблари ҳам бор. Твардовский айтгандай, талантсизлар ҳар тешикка суқилиб бўлса-да, ўз йўлини топиб кетишаверади. Талантлиларга ёрдам бериш керак.
Мен Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё область ходими ,ёзувчи Менгзиё Сафаровга Шафоатнинг шеърларидан ҳузур қилганимни айтаман.
-Унинг ютуғи – халқчиллигида — дейди Менгзиё ака — Шафоат халқ дилидагини топиб айта билади.
1980 йил 14 октябрь “Ўзбекистон маданияти”
Миразиз Аъзам
ШАФОАТНИ ЎҚИГАНДА
Мен Шафоат Раҳматуллаев ижодини ўн йилддан бери кузатиб келаман.Унинг шеърлари ўзиининг самимияти, халқчиллиги, мусиқийлиги билан, ҳазил-мутоибалари билан киши диққатини жалб қилади.
Яна Шафоатни ўқиганда унинг адресини ҳам яққол ҳис қилиб туриш мумкин: унда Сурхон воҳасининг дала-қирлари, такрорланмас табиатга эга бўлган шаҳар ва қишлоқлари, тоғлари, сойлари ва энг муҳими ҳаётсевар кайфиятли шўх-хушчақчақ йигит-қизлари манаман деб ўзини кўз-кўз қилиб туради.
Қадимий ўзбек халқ оҳанглари унинг шеърларида янги тароват билан янграйди. Унинг мавзу уфқи ҳам тор эмас: Ватан, ҳаёт, табиат, меҳнат, кеча, бугун, келажак-буларнинг биронтасига Шафоат муҳаббатсиз, завқсиз қарай олмайди.
1981 йил 17 апрель.
Маҳкам Маҳмудов
ШАФОАТ — ГЎЗАЛ ДИЁР ФАРЗАНДИ
Шафоат — тулпорлари чопганда “туёғидан учқун сачрайдиган, дупурлари тоғ хаёлии қочирадиган, кишнашлари эшикларни очирадиган”, ”тош деворлар, панжарали дарвозалар” меҳмонга қучоқ очадиган, ”нилуфар гумбазлари осмон ичра бир осмон, булоқ сувлари қизларга кузгу” бўлган гўзал диёр фарзанди. Шунинг учун ҳам Шафоатнинг илҳомланиши, сержило ва сероҳанг шеърлар, қўшиқлар тўқиши табиий. Унинг шеърларида “дунё зангор куйга шайланиб, ғунча рубобланиб, майса найланиб, жала қуйиб, сокин сойлар жўш олиб, овлоқларда алвон гуллар тўшалиб, ёмғирнинг кокилдай эшилишига турналар овози қўшилиб, хумор гуллар бода нўш қилиб” туради (Суратда Шафоат Раҳматулло Термизий Абдулла Орипов билан).
Шоир ҳаётнинг чексиз рангларнини ва оҳангларини нозик ҳис қилади, кўзлар ”ҳар кун,ҳар соат минг турли товланган ранглар оҳангини, миллиард йиллар куйлаётган хилол қўшиғини” тинглайди. У “қирмиз, яшил, зангори осмон шифтли замин” ни ўз уйим деб, шу еру кўк оғушидаги ҳамма рангларни ўз куйим деб билади. Шафоатнинг “Жануб шамоли” деб аталган илк тўплами бизни ана шундай сеҳрли табиат ва оҳанглар оламига олиб киради. Тўпламни ўқишимиз билан дарров шоирнинг софдиллигини, камолотлилик оламини, табиатга, бутун борлиққа меҳр-шафқат, муҳаббат билан қарашини, одамларнинг маънавий оламидаги зарра-зарра дуру гавҳарларнинг қадрига етишини, ўзи ҳам латиф ва зариф, хушчақчақ ва хушаҳлоқ, руҳан бой инсон эканлигини сезамиз.
Шафоат она диёрининг гўзалликларини мафтунлик билан, ифтихор билан куйлайди. Унинг рангин ташбеҳларга, нозик ҳазил-мутоибага, лиризмга бой шеърларида йигитларнинг тантилиги, шўхлигию, қизларнинг нозли ва майин, оловли нигоҳлари, ёш қалбларнинг оташин, эҳтирослари, ҳаяжон, энтикишлари, мусаффо орзу, хаёллари равшан манзараларда чизилади.
Алпомиш, Барчин, Гўрўғлидай шон-шавкатли қаҳрамонларни етиштирган диёрнинг фарзанди бўлгани учун ҳам Шафоат халқ оғзаки ижоди дарёларидан тўйиб-тўйиб симирган, унинг шеърларида оҳангдорлик, ўйноқилик, жозиба, халқ қўшиқларига хос теранлик равшан кўринади. Шунинг учун ҳам шоир мухлисларининг қалбига жиз этиб тегадиган, халқчил, пурмаъно сўзларни эркин ишлатади.
Шафоатнинг газета, журналларда,”Ёшлик” ва “Ёшлик баёзи” тўпламларида босилган шеърларини адабий танқидчилик қизғин кутиб олган эди. “ Жаниб шамоли” тўплами эса шоирнинг етуклик палласига кираётганини кўрсатиб турибди. Поэзиямизнинг келгусидаги камолотига бошқа истеъдодлар қаторида Шафоат ҳам катта ҳисса қўшади.
1981 йил 18 апрель.
Ҳалима Худойбердиева
ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО САТРЛАРИНИНГ ЖАРАНГИ
Адабиётимиз, прозамиз, поэзиямизнинг бугунги баландликларга кўтарилишида Сурхон воҳаси фарзандлари, унинг салоҳияти баланд иқтидорли фарзандлари, қарқарали султон фарзандлари, чин маликаларининг хизматлари катта.
Тўпроқ тўшаклари пардан бўлиб, жойлари жаннатдан бўлсин, устоз Менгзиё Сафаровнинг дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлганман.
Шафоат Раҳматулло сатрларининг жарангги Сурхондан Тошкентгача келиб, кўнглимизни сафолантириб, сергаклантириб туради.
Бугунги прозамиз юкларини кўтараётган забардаст елкаларимиз-сўзи, ўзи паҳлавон акаларимиздан бири Шукур Холмирзаевнинг умрлари узоқ бўлсин, ҳаётлари фаровон бўлишини истайман.
Жамила Эргашева менга йилдан йилга рангдарроқ, гўзалроқ, тароватлироқ, гулга кираётган воҳаними, водийними эслатади.
Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукурларнинг шаршарадай қуйма, халқона шеърияти, фикрларининг тиниқлиги, теранлигидан мен ҳамиша ҳайратга тушаман.
Қучқор Норқобил шиддатли, тошқин Тўполон дарёлиги билан адабиётимизда ўз ўрни бор.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, прозамизнинг ишончли устунларидан Эркин Аъзам, Нодир Норматов—булар ўзбек адабиётининг бугунги гуркираган кучлари.
Усмон Азим
ХУДО ЁҚҚАН ЧИРОҒИМ
Шоирга хат
Шафоат!
Биродарим! Бу мақолани нега хат деб атадим? Чунки сизга бўлган кўнглимдаги гапларни ақллиликка даъвогар мақола “жанри”га сиғдиролмаслигимни ҳис қилдим. Одам ким билан гаплашаётганини билдиши керак-да! Хат ёзаётганингда эса суҳбатдошингни юзими, кўзими қаршингда туради. Носамимийлик, ёлғон ўзини, хеч бўлмаса, ноқулай сезади. Ўртадаги чин сўзлардан ийманибми, ҳар ҳолда орани тарк этади.
Яна бир гап Шафоат… Одам соғинган кишисигагина хат ёзгиси келади. Мен баъзан ота-боболаримизга хавас қиламан. Бир-бирини соғинса, неча кунлар йўл юриб дийдорлашгани боришган. Ана суҳбат, ана гурунг… Инсон инсонни ана шу суҳбатларда кашф этган. Боришолмаса эса, хат ёзишган. Бу хатлар ҳамдард юракларни бир-бирига чамбарчас боғлаган. Фикрлар эса ўткирлашган, туйғулар нозиклашган; кўнгил савдолари ,дунё муаммолари ойдинлашган… Чунки қоғозга тушган сўз (билмайман нимага?) инсонни моддий дунёдан кўра руҳий оламга яқинлаштиради. Умуман, менимча, ёзишга бўлган ишқбозлик улкан илоҳий соғинчким, бу дарднинг бир ёғдуси дўстлар дийдори билан ҳам боғлиқ. (Суратда: Усмон Азим Шафоат акани табрикламоқда)
Шу сабаб, азиз дўст, хат ёзмоқ парвардигор сизу бизнинг кўнглимизга солган улуғ бир мурувватдир. ( Сиз ёзасиз: “ Назм осмонида ким юлдуз, ким кун, Дилимга улардан тушган бир учқун, Уриниб ётаман шу учқун билан, Мен ўзга дилларга ўт бермоқ учун”). Чунки аслида, шоиру адибнинг кўнглидан чиқариб ёзган ( айтгандай ,ҳозир дунё тақозоси билан кўнгилдан чиқармай ёзиш ҳам барқ ураяпти ) ҳар бир сатри келажакка мактубдир. Оллоҳ, менимча, теварагида кечаётган дарду ҳасратларни—инсоният унитмаслиги керак бўлган буюк дарсларни – “ келажакдагилар учун ёзиб қўй “ деб қанчадан-қанча олимлардан бирига илҳому истеъдод беради. ( Бўлмаса бу илҳому истеъдоднинг кимга кераги бор?). Бу тоифа оловда ўртанган юраккина, кўкка тутуни ўрлаб, бу вазифани бажаришга киришади. Чунки у, бир тарафдан, одамлар дунёси ҳақиқатларининг, дарду давронларининг номукаммаллигини ҳис қилади, қийналади ва бу нотўкисликнинг “ айб”ларини қоғозга туширади. Шунинг билан бирга у, иккинчи тарафдан, оллоҳ яратган дунёдаги мукаммалликдан ҳайратга тушади, лол қолади. Бу номутаносибликнинг кўнгилдаги тортишувидан (“Ер менинг тўшагим, шу олам кулбам, Кулбамга шам эрур Ой ҳам,Қуёш ҳам, Шу улкан даргоҳнинг эгасиману Ҳаётимда ҳар кун яна недир кам”.) эса буюк асарлар – буюк мактублар дунёга келади. Мана шу тортишувнинг оғриғидан Ҳақпараст шоирлар инсоният кўксидан отилиб чиққан “ оҳ” каби, абадий зулумотга таҳдид солиб, руҳнинг қувватига яраша шуълалар сочади.
Шафоат! Сиз мен учун жуда қадрлисиз! Чунки ҳар дам ёзганларингизни ўқирканман, сизнинг ҳам юрагингиз мудом шуъла сочиб турганига амин бўламан! Эҳтимол сизга бундай зиёкор бўлиш Тошкентда яшаётган адиблардан кўра оғирроқдир? Ростини айтайлик, Тошкентдан нари борганинг сари осмон пасая бошлайди. Қанчадан-қанча дўстларимизнинг қадди букилмади, дейсиз! Аммо сиз мана шундай паст осмон тагида ҳам қаддини рост тутиб қолмоққа имкон топдингиз! Энди нима учун қадрлашимнинг маъносини тушунгандирсиз? Сиздаги камтарлик, хуштабиатлик сабр-қаноат, адабиётга беминнат хизматкорлик каби фазилатлар балки қоматингизни тик ушлаб қолгандир?
Дўст, мен сиз билан фахрланишимни ҳам айтиб қўяй! Сурхондарёга тошкентлик меҳмонлар билан борган чоғларимда, олатдагидай, сиз бир чеккада кўринмайгина ўтирасиз. Аммо мабода сўз тегиб қолса, шундай мантиқли, шундай илму фаросатга йўғирилган гаплар айтасизки, менман деган интелектуаллар “ҳайрат бармоғи”ни тишлаб қолишади. Сизга бирдан бошқача кўз билан қарашади.” Сурхонингизда аломат одамлар бор-да “, деб шипшийди улар менга. Мен эса Сурхонга обрў олиб бераётган сиздай одам билан дўстлигимдан фахрларга тўлиб ўтираман.
Дўст! Мен бошда соғинч ҳақда гапиргандим. Ёш ўтган сари бу туйғу маҳобатли бўлиб борар экан, Ишқилиб,умрнинг ўткинчилги тобора сезилган сайин, одамнинг қадри ортаяпти. Биродарим! Ҳозир ҳамманинг ташвиши кўпайиб кетган. Юртга бораётганда, дўстларни ташвишлантиришдан, ишдан қолдиришдан чўчиб тураман. Бироқ сизнинг борлигингизни ўйлаб кўнглим ёришади. “Шафоат бор-ку, дейман” қувониб. Ўшанда кўз олдимга нима келади? Чироқ! Эсимга тушганингизда, кўнглимни равшан этадиган чироқ! Ҳа, ҳақиқатдан сиз Сурхонга борганда, алпинадиган дўстим-парвардигор ёққан чироғимсиз!
Шафоат, энди фақат олтмишга-қутлуғ ёшга кирганлигингиз билан қутлаш қолди! Чин юракдан қутлайман! Сиз кўп иш қилдингиз! Аммо ҳали амалга оширадиган ишларингиз олдинда! Бу гапни тасалли учун айтаётганим йўқ! Ўзини билган ижодкорга олтмишдан кейин ҳақиқий ижод фасли бошланади. Шеър ёлғиз юракнинг узун-аччиқ тажрибасидир. Ижодга хиёнат қилмаган шоирлар учун парвардигор олтмишдан кейин янги мукофотлар-янги ҳасратли қўшиқлар беради.
Умрингиз узоқ булсин ,азиз дўст!
2003 йил апрель
Маҳмад Абулфайз
“ЮРАК БИР МАРОМДА КУЙЛОВЧИ БУЛБУЛ”
Ўн йиллар бурун машҳур шоир Шафоат Раҳматулло Термизий таваллудининг олтмиш йиллиги муносабати билан Термиз шаҳрида унитилмас кунлар бўлган эди. Албатта адабиёт, шеърият кунлари, дилга ёруғлик соладиган дамлар бўлган эди. Агар шунчаки туғилган кун кўп чиқим, еб-ичиш, тўн устига тўн ёпиш билан нишонланганида эди, бугун балки эсламасдик ҳам. Чунки кўнгилга ёруғлик солган нарса бирибир юзага қалқиб чиқарган. Шоирнинг таваллуд – шеърият байрамига Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоир Абдулла Орипов ўзи билан бир гуруҳ истеъдодли шоирлар. Ёзувчиларни ҳам бошлаб келган эдики, гувоҳи бўлганлар буни ҳамон эслашса керак. (Суратда: Шафоат Раҳматуллоҳ Маҳмуд Абулфайз билан)
Ижодкорлар, олимлар, кўп сонли мухлислар даврасида Абдулла Орипов сўз олиб, “Агар ўзбек шеърияти катта бир шода бўлса, Шафоат Рҳматулло Термизий ундаги бир дона гавҳар “,деган эди. Кимдир ўшанда балки бу гапларни тўғри маънода қабул қилгандир, кимдир эса “ бундай тантанали онларда айтиладиган кўтарма гаплардан навбатдагиси” дея қабуд қилгандир. Бу ўтган ўн йил давомида кўп бор тарозига солинди, ақл чиғириғидан такрор ва такрор ўтказилди, элакланди. Лекин назаримда , кўпчилик ижодкор ва мухлислар Шафоат акани, яъни Шафоат Раҳматулло Термизийни ўзбек шеъриятдаги бир дона гавҳар дея тан олишди. Бу — тақдирнинг туҳфаси Кейинги тўпламларидан бирини шоир “Кўринмай гулладим” дея номлади. Бир томондан қарасангиз буям тўғри чиқади.
Яна бир томондан қарасангиз, Шафоат ака овозсиз куйлаётган шоир деб ўйлайсиз. Қаранг, “кўринмай гулласа ҳам , овозсиз куйласа ҳам бўларкан”. Айтилаётган бу ва бошқа насбатларнинг бариси Шафоат Термизийнинг инсон ва ижодкор сифатидаги хокисорлигига, фавқулодда камтарлигига бориб тақлади. Агар бу каби сифатлар кишининг “хамиртуруши”да, фитратида бўлмаса, уни кейинчалик ҳосил қилиб бўлмаслигини яхши биласиз. Шафоат ака камтарликка, камтарлик эса Шафоат акага жуда муносиб тушиб турибди. Биласизми, нима, мен гоҳи – гоҳи “Яхшиямки, қўҳна Термизда, кекса ва навқирон адабиётимизда Шафоат Термизийдек одам бор”, дея ўзимча ифтихор қиламан. Адабиёт бахтига шу одамнинг жони соғ бўлсин, дейман. Азалий севги-муҳаббатни, она юртимизни, Ватан истиқлолини, неча минг йиллик тўфон-тўзонларни бошидан кечирган қадим тупроғимизни бор овоз билан шеърга солиб келаётган ўктам шоиримиз ҳамон баланд пардаларда куйлаб турибди.
Бундан кўп йиллар аввал турналар ҳақидаги бир шеърида “Турналарнинг тизимига кўксим нишон,жўралар” дея ёзган эди. Эсда қоладиган чиройли ўхшатиш эдики, ҳамон эслаб турибмиз. Шоирнинг қай бир шеърини ўқиманг, дилдан яқинлик, оҳангдошлик топасиз. Шафоат ака тўқимайди, ўйлаб – ўйлаб топмайди, балки ёзади, ёзаверади. Шуниси яхши, шунинг учун ҳам уни ўқийдилар.
Агар Шафоат Раҳматулло Термизийни адабиётимизнинг Суқроти деб айтсак, “буям йўлига айтилаётган мақтовнинг бири-да”, дея қабул қилмасайдингиз деган андишадаман. Халқимизга хос бўлган чуқур донишмандликнинг айрича аломатларини шу шоир шеъриятида кўришингиз мумкин.
Шафоат ака шоир бўламан деб шеър ёзганлардан эмас. Балки шеър ёзавериб шоир бўлганлардандир. Ёки бўлмаса, у киши шоир бўламан деб адабиётга кирмади, балки шоир бўлиб адабиётга кириб келди. Бошқа кўплардан фарқи ҳам шунда Шафоат аканинг.
Шоирнинг қарийб қирқ йиллик давр мобайнида ёзган шеърларини кўздан ўтказсангиз , уларда ҳам ҳайрат, ҳам ҳаяжон ва ҳам эса доншимандлик уйғунлашиб, бир – бирига мослашиб кетганлигини кўрасиз. Агар шу унсурлардан биттаси шоир шеъриятида иштирок этмаса эди, шоир шеърлари мукаммаллик касб этмаган бўлур эди.
Вақт ўтиб, оёқдан мадор, кўздан нур кетиши экан. Бироқ фикр, туйғулар қаримас экан. ( Бу энди истеъдодли ижодкорларга тааллуқли гап) Бугун Шафоат шоир (бобо) етмиш баҳорни қаршилаб турибди. Лекин шеърларида ҳамон шиддат, ҳайрат, ва донишмандлик барқ уриб турибди. Шоир яқинда туюқ жанрида ижод қилган тўртликларини жамлаб жажжи китоб ҳолига келтирди. Унда 100 та туюқ тўртлик бор. Бу тўртликларни қандийдир маънода у ёки бу даврнинг мухтасар таржимаи ҳоли деб ҳам англаса бўлади. Бу тўртликларни шоир “Шамъи шафоат” деб номлаган.
Ўтган гоҳи чигал, гоҳи зиддиятли даврларимизни, бугунги шодон, бахтиёр дамларимизни шеърга солиб турган шоир ҳали чоп этилмаган достон, назмий намуналар жуда кўп. Биз учун қувонарлиси шундаки, отахон шоир бардавомлик билан ёзиб келаётир. Одат бўлиб қолганлиги учун эмас, балки ёзмаса бўлмаслигидан ёзаяпти.
Яқиндагина “Ёшлик” ёшлик журнали таҳририяти илтимосига биноан Шафоат Раҳматулло Термизий ўзининг таржимаи ҳолини ёзиб берди. Бу битиклари журналда чоп этилди. “ Дўмбира менинг илк устозим” деб номланган бу таржимаи ҳол адабий жамоатчиликда катта таасурот қолдирди. Уни ўқиган таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев шошилинч қўнғироқ қилади: “ Шафоат , журналдаги ёзганларингни ўқидим, агар Тошкентга келсанг, мени кўрмасдан кетма…” Шоир шу билан гапини қисқа қилди. Гап шунда эдики, оддийгина таржимаи ҳолдан ҳам Турсунбой ака таъсирланган, ҳаяжонга тушган эди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, Шафоат ака ўз таржимаи ҳолини ҳам шунчаки ёзмайди. Тошкентда яшаб, ижод қилаётган шоир дўстларимиздан яна бири Очил Тоҳир қўнғироқ қилиб депти: “Сизларда Шафоат Раҳматулло Термизий” деган шоир блр-ку?” Мен эса “Ҳа бор”, дея жавоб қиламан. “Ана шу шоирнинг таржимаи ҳолини ўқиб қаттиқ таъсирландим, унда ўзимнинг ҳаётимга ўхшаш нуқталарни учратдим. Таъсирландим, бир нечта шеърлар ҳам ёздим”.
Дарвоқе, Шафоат Термизий нафақат ўзининг,балки она юртимизнинг таржимаи ҳолини ҳам маҳорат билан ёзиб келаётган шижоатли шоирларимиздан бир сифатида адабиётда турибди.
Гапнинг келишига қараб баландпарвоз, кўтарма гапларни кўп айтишимиз мумкин. Бироқ биз бундай гаплардан тийиламиз – да ўзимизча шундай хулосага келамиз: Шафоат Раҳматулло Термизий ўз ҳаёти ва ижодини, истеъдоди ҳамда маҳоратини Ватан адабиётига бағишлаб келаётир. Илло бу гапларда бўрттирма ҳам, ортиқча мақтов ҳам йўқ.
2012 йил апрель
Сирожиддин Саййид
Ш А М
Шафоат Раҳматулло Термизийга
Менинг муҳабббатим- тупроғимдадир,
Тупроқ кўчмас бўлур, мен ҳам кўчмайман.
Бир жуфт қалдирғочим қароғимдадир,
Улар учиб юрар мен-чи учмайман.
Асли мушкил ишга мен кўнгил қўйдим,
Умримни гоҳ хаёл, гоҳ тушга йўйдим.
Сўз ичра кўкариб, сўз ичра куйдим,
Ўздан кечдим, лекин сўздан кечмайман.
Ёшлик ўтди кетди — ул оппоқ тулпор,
Ундан қирлараро қолмиш оқ ғубор.
Юзларинг лолага ўхшарди, эй ёр,
Гулгун шаробингдан энди ичмайман.
Гарчи хасдан баланд, касдан камдирман,
Дўстим сенга ёндош қувонч, ғамдирман.
Термизий бободан қолган шамдирман,
Минг йил пуфласанг ҳам асло ўчмайман.
2003
Абдул Аҳад
ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО
-Нечун сиз яшайсиз пойтахтдан йироқ,
Наҳот, истамайсиз шуҳрату шонни?!
-Дилимга шу ерда тушган илк титроқ,
Қандай ташлаб кетай, иним, Сурхонни.
-Пойтахтда Сизни давралар кутар,
Юксак мартабалар — берманг имконни,
-Мени эл шоир деб тан олса етар,
Қандай ташлаб кетай, иним. Сурхонни.
Шоирнинг қисмати қийналмоқ, ёнмоқ,
Шоир покламоқчи бўлар дунёни.
У қайда бўлмасин виждони уйғоқ,
Қандай ташлаб кетай, иним, Сурхонни.
2007
Шайх Абдол Мўмин
ҚАЛАНДАР
(У тақволардан тақвороқ… Устоз Шафоат Раҳматулло Термизий ҳақида ўйлаганимда, нуқул шундай фикр хаёлимга келаверади. 25-30 йиллик таниш-билишлигимиз давомида ҳеч кимдан у ҳақда салбий фикр эшитмадим. Азиз оғам, меҳрибон устозим билан фахрланаман. Шу сатрларни унга чексиз эҳтиром билан бағишлайман.)
Эй, дарвеш дўст, девона дўст-камина,
Сен бу дунё қимматисан,қаландар!
Олам ичра одам гултож заминга,
Ҳақ тажалли,ҳимматисан ,қаландар.
Нафсинг тортмас дунёлиғ — мол қайғуси,
Ишинг хайр, савоб-аъмол қайғуси,
Комилга йўқ аммо завол қайғуси,
Фоний дунё ҳикматисан қаландар.
Тавҳид билан ҳолда”анал-ҳақ”дединг,
Ўлмас ўди ея, ҳирқа — шол кийдинг.
Одат сенга кўнгил ови, қалб-сайдинг,
Хўп ингратиб бор бадни сен, қаландар.
Хуморисан, савму салот кайф сенга,
Ҳам хайрда сустлик гўё айб — сенга.
Таълим берган устод хотиб-ғайб сенга,
Дўсти азиз – Аҳмадисан, қаландар.
Ҳамдардлигинг чексиз, мушфиқ, мухлисга,
Боринг армон ул ҳасадгўй, муфлисга.
Ёмонликка тимсол бўлган иблисга,
Яхшиликнинг ҳайбатисан, қаландар.
Чаман ичра- гулсан, булбул- боғларда,
Уммонда дур десам, ганжсан тоғларда.
Оғир ҳангом, тугал ажиб чоғларда,
Ҳақнинг бизга раҳматисан, қаландар.
Кўнгил истар ҳузурингни давомми,
Умринг шарҳлар одам ҳақда саволни,
Дунё- фоний, айла мажлис давомли,
Кел, қурна, мўл суҳбатни сен, қаландар.
Садо бир-ла сол чашмимни уйғоға,
Зикр тушгил, дўниб шамга-зиёга.
Қора куннинг ранги дўнсин риёга,
Кел кўнгиллар хушвақтисан қаланадар.
Икки дунё даражага лойиқсан,
Ваҳдад майи маст айлаган ойиқсан.
Кел, бошимга тож айласам лойиқсан,
Инснинг улё — рифъатисан, қаландар
Бу бири кам дунё мудом кам била,
Сен руҳларнинг табиби-дард эм била.
Ёвмил-ҳашр жумла бўлса жам- била,
Саккиз беҳишт ҳурматисан, қаландар.
Қисмат деган гўзал фалак беқарор,
Кўз — гузаллик истар, кўнгил чўҳ қарор.
Шайх, бу дунё тинчимайин- барқарор,
У сен ненинг туҳматисан қаландар?!!
2003
Шодмонқул Салом
ШОИР БИСОТИДА ЯШАЙДИ ХАЛҚИ…
( Шогирд эҳтироми )
Кўрсат бисотингда яна нима бор,
Тунлар мени шундай қилади сўроқ.
Бу қандай роҳатдир, айт парвардигор,
Қачон поёнига етар бу қийноқ.
Олтмиш йилча бўлди мана шу аҳвол,
Саволлар шамширдек тилар бағримни.
Йиллар бўронига қилмасдан увол.
Авайлаб юрибман шундай дардимни.
Ўртаниб юрибман шундай бир ғамда,
Шеър ҳаққи, шу ғамга килгум ибодат.
Олтмиш йилдан бери ёқилган шамда,
Тунлар Навоийни қилдим тиловат.
Сўнг хаёл хуружи…хаёллар бебош,
Тортқилар хотира водийларига.
Қайтганда кўзлари бўлар жиққа ёш,
У мағлуб ҳақиқат ғозийларига.
Кўрсат бисотингда яна нима бор,
Яна савол тиғи оёққа қалқар.
Шоирлар- дунёда энг муқим тождор,
Шоир бисотида яшайди халқи.
Қалбимни ёритар олтмиш йиллик шам,
Унга парвонадек туйғулар дилгир.
Халқнинг бисотига айланмасам ҳам,
Менинг бисотимда яшайди халқим.
Билдим бисотимда энди нима бор,
Охир адоғига етар бу сўроқ.
Бошимда бўлади Ҳайрат-ул аброр,
Пойимда Термизий туғилган тупроқ.
2003
Б О Р
Устоз Шафоат Раҳматулло Термизийга
Қаранг шоир,кўкда қанча юлдузлар бор,
Ёниқлари, ёриқлари, ёлғизлар бор
Юрагимда тиғдай занглаб борар бир сўз,
Мабодалар,эҳтимоллар ҳанузлар бор.
Кечмиш надир? Баҳор кузнинг уволими,
Шоир дилин оғриқлари саволими.
Ё ҳар юрак бир Пайғамбар оролими,
Хонгуллар бор, йўлбарслар бор, андизлар бор.
Кимдир айтар, бир сайёҳни кўрган экан,
Ўттиз йилки, сайёҳ йўлда юрган экан,
Тўқсон тўққиз мамлакатни кўрган экан,
Ким сайёҳ дер, ким саёқ дер, кўп сўзлар бор.
Кечмиш надир баҳору куз талошими,
Эски қўрга янги олов қалашими,
Шоир сўзи изтиробнинг адашими,
Мен билмайман нозимлар бор, воизлар бор.
Ровий демиш: Дарёни дард ювар эмиш,
Дардни эса дарё диллар қувар эмиш.
Бўлгани шу.Бариси жо — олам кенгиш,
Қаранг унда кечалар бор,кундузлар бор.
Бу бир хаёл. Хаёлимда хаёл сурсам.
Боботоғдан Бойсун тоққа кўприк қурсам.
Шул кўприкда шоирлардай эркин юрсам,
Ва кўрсамки, Термизлар бор, Термизлар бор.
2006
Сирожиддин Иброҳим
БАҒИШЛОВ
Шафоат Раҳматулло Термизийга
Соҳир қалб соҳиби,Термизий изи,
Эзгулик нурлари ёғар юзидан.
Сурхонда шеърият сарбони ўзи,
Кўп ўгит уқасиз айтган сўзидан.
Оддийлик хислатин этгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.
Шеърият дардида тунлари бедор,
Илҳом парилари олади ўраб.
Бу кун бошларига ёғди кумуш қор,
Ҳамон бораяпти ширин дард сўраб.
Дардга қўшилмоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.
Сўзларни дардига этадир малҳам,
Яна шу сўз билан орттиради ғам.
Дилларга ўт солар шеърлари билан,
Қўлида Ҳайёмдан мерос бир қалам.
Ёниб яшамоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.
Шеърият боғининг алп чинорига,
Азизлар дилимда эҳтиром бисёр.
Шеър битсин ҳамиша ўзбек шаънига,
Яратганнинг ўзи доим бўлсин ёр.
Дунёдан топгани бўлсин саодат,
“Кўринмай гуллади” шоир Шафоат.
2010
Халқимизнинг буюк шоири ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО ТЕРМИЗИЙ оламдан ўтдилар. Оллоҳ раҳмат қилсин. Жойлари жаннатдан бўлсин.
Yo mehribon Alloh! Ustozni o’zing rahmatingga olgin!
Bugun ustozni bolaligi o’tgan Qoraqir qishlog’idagi qabristonga qo’yib keldik. Yor-u do’stlari barchasi mulzam. Ustoz Usmon Azim ham rtalab Toshkentdan yetib keldilar. Birga mozorga bordilar, farzandlariga dalda bergandek bo’ldi.
Ustoz Xurshid Davron marhum haqida yaxshi xotiralarni e’lon qilib, ruhini shod etibdilar, tashakkur! Oxirida mening 16-17 yoshda yozgan bag’ishlovimni ham havola etibdi. She’r sifatida hech nima yo’q bo’lsa ham o’sha paytdagi samimiy mehrimni ifodalab turibdi, xursand bo’ldim.
Устоз Шафоат Раҳматуллаевнинг қалби Сангардак шаршаралари пойида доимо жилваланиб турувчи камалакка ўхшарди.Доимо мавжуд, сержилва, мафтункор. У эътиқодига собит, самимияти беҳад, шогирдларига меҳри баланд эди. Фаолиятимиз давомида шоир ҳақида ўнлаб телеасарлар яратган бўлсакда, ҳар гал янги, фақат ўзигагина хос Шафоат Раҳматуллаевни кашф этардик. Устознинг бетизгин ҳаёти ва сермаҳсул ижоди ёш ижодкорларга каттагина мактаб саналади. Шафоат Раҳматуллаевнинг ўзига хос катта ижоди ва кўп йиллик самарали меҳнатлари доимо юртимизда қадр топиб келган. Давлатимизнинг бир қатор орден ва медаллар билан тақдирлаганлар. Шоирни сўнгги манзилга кузатишда таниқли шоир ва ёзувчилар, илм-фан фидоийлари, зиёлилар, рассомлар, кўплаб ижод аҳли вакилларини, шунингдек беҳад кўп шогирдларини кўриш мумкин эди. Бу эса у кишининг қалблардан мустаҳкам жой олганидан далолат эди. Зеро, Шоир айтганидек,
У Термизий бободан қолган шам эди,Минг йил пуфласа ҳам асло ўчмайди.
Беш йиллар нарида, худди ҳозиргидек апрель ойининг бошлари эди, Сурхон воҳасига сафаримиз чоғи алвон лолаларга бурканган кенг далада шеърларини тинглагандик… Шеърларида шу далаларнинг соф нафаси, узоқдаги тоғларнинг улуғворлиги… лола бағридаги қора нуқта мисоли ярашиқли, сокин, кўнгилларни тозартирадиган дард бор эди… Охиратлари обод бўлсин!
Шоир Шафоат Термизийнинг руҳлари шод бўлсин. У киши жуда яхши инсон эдилар.
Пушкинда бир ажойи гап бор: «Айримлар орамизда бирон бир ночор овчилар тўдасига бош бўлмаган Наполеон борлигини, бирон бир тўртлиги эълон қилинмаган Декартдек буюк шоир ҳамрохимиз эканлигини ўйламайди, зеро, биз фақат номлари машхурларга ишониб қолганмиз». Шафоат оға каби туғма ёмбилар эл орасида бисёр. Бу недан далолат, демак, адабиёт ва маънавият борасидаги ички сиёсатда катта сакталик -хатолик мавжуд. Зудлик билан бунга бархам бермоқ керак. Чунки ўтган юз йилда на фольклоримиз тўлиқ жамланди, на ёзувчи-шоирларимиз тўла-тўкис муносиб баҳолана олди.Асосий мезон мафкуравийлик, замонасозлик бўлиб қолаверди. Бу миллат ва башарият олдидаги кечириб бўлмас, тазатиб бўлмас хатолардандир. Минг афсуски,пайпоқ ишлаб чиқарувчи китоб ёзувчидан қадрлироқ жамиятда ўзгача бўлиши ҳам даргумон. Зудлик билан маънавий мўлжални қайта олмоқ даркор.