Zamiraxon Isoqova. Zahiriddin Muhammad Bobur va Shayboniyxon munosabatlariga yangicha yondashuv

032 Наманган давлат университети ижтимоий фанлар факультетининг доценти, фалсафа фанлари номзоди Замира Исоқова мақоласида акс этган масала хусусида 1989 йилда нашр этилган «Самарқанд хаёли» қиссамда ва кейинчалик бир қатор мақолаларимда, хусусан, кутубхонамиздан ўрин олган Муҳаммад Шайбонийхон саҳифасида (Хуршид Даврон. Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида мухтасар қайдлар), сўнгги марта ўтган ойда эълон қилинган интервьюда очиқлаганман. Афсуски, тарихчиларимиз узоқ вақтдан буён бу масалани ёритишдан чекланиб келдилар. Айни шу сабабдан сизга тақдим этилаётган мақолада аксини топган «янгича ёндашув»ни маъқуллайман.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР
ВА МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН

МУНОСАБАТЛАРИГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ
Замирахон Исақова — Наманган  университетиининг доценти, фалсафа фанлари номзоди


Тарихдан маълумки, 1499 йилда Шайбонийхон Самарқандни ишғол қилди ва темурийлар салтанати барҳам топди. Турон халқи Шайбонийхон байроғи остида жипслашди. Г.Вамберининг “Бухоро ёки Моварауннаҳр тарихи” асарида бу ҳодиса шундай очиқланган: “Темурий сулоласининг юлдузи сўнаётганди ва 19 ёшли Бобур Мирзо уни тўхтатишга қодир эмасди. Чингизхон авлоди, Жўчи улуси [Олтин Ўрта] вакили Шайбоний Муҳаммадхон темурийларнинг ўзаро уруши аланга олаётган ва босиб олиш учун қулай фурсат юзага келаётган лаҳзада кўп сонли ўзбек отлиқ аскарлари шарофати билан аллақачон Моварауннаҳрнинг кўплаб муҳим нуқталарини амалда эгаллаб олганди. Бу омадли жангчи Темурийлар ҳукмронлигига нуқта қўйди”.

Темурийлар ҳукмронлигига нуқта қўйган Шайбонийхон ким бўлган?

045Султон Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510) Абулхайрхоннинг невараси, Шоҳбудоғ султоннинг ўғли, шайбонийлар сулоласи асосчиси. Абулхайрхон уни “Шоҳбахт” деб атаган. Отаси бевақт вафот этгач, Абулхайрхоннинг қарамоғида қолган. Султон Мухаммад Шайбон Бойшайх оталиғида вояга етган. Абулхайрхоннинг вафотидан сўнг Шайбонийхон Дашти Қипчоқда ўз ҳукмронлигини ўрнатган. Шaйбoнийгa oтaсининг сoдиқ xизмaткoри Қoрaчaбeк ғaмxўрлик қилиб, “…бу шaҳзoдaгa сaдoқaт билaн xизмaт қилган” . Шaйбoнийгa Туркистoн вa Ўтрoр ҳукмдoри Муҳaммaд Мaзид Тaрxoн ҳoмийлик қилган. Ҳeрмaн Вaмбeри ёзишича, Мaзид Тaрxoн “…ўзбeк бoшлиқлaрининг елкaсигa чиқиб oлиши тaҳликaсини ҳис этгaндaн кeйин, xaвфдaн қутулиш учун улaрни Буxoрo ҳoкими Aбдулaли Тaрxoнгa юбoрган” . Мaҳaллий ҳукмдoрлaр Муҳaммaд Шaйбoнийхоннинг кучидaн ички вa тaшқи рaқиблaригa қaрши курaшдa фoйдaлaнганлaр. Бу курaшлaрдa Шaйбoнийхон мoҳир лaшкaрбoшилик қoбилиятини нaмoён қилган .

1490 йилдан шаҳзодалар ўртасидаги ўзаро кураш ва ички низолар туфайли заифлашган Мовароуннаҳрга юриш бошлаган. Бобур Мирзо 1500 йилда Самарқанд тахтини иккинчи марта эгаллаган, аммо маҳаллий зодагонларнинг кўпчилиги Бобур Мирзони қўллаб-қувватлашмаган. 1501 йилнинг баҳорида Бобур Мирзо Шайбонийхон билан бўлган жангда енгилиб, Самарқандни тарк этган.

Шайбонийхоннинг темурийларга қарши 1500-1509-йилларда олиб борган шиддатли урушлар оқибатида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросон, Сиғноқ, Саброн, Ясси, Ҳисор, Қундуз, Бадахшон, Балх, Хоразм, Ҳирот, Машҳад, Тусни ўз ичига олган “Шайбонийлар давлати” вужудга келган. Муҳaммaд Сoлиҳ томониддан 1506 йилдa ёзилган “Шaйбoнийнoмa” тарихий достони тeмурийлaр билaн шaйбoнийлaр ўртaсидaги курaш вa тўқнaшувлaр ёритилган қиммaтли ёдгoрликдир.

Муҳаммадёр ибн Араб Қатағоннинг “Мусаххир ал-билод” асарида келтирилишича, Шайбонийхон билан Шоҳ Исмоил Сафавий ўртасидаги биринчи тўқнашувдан сўнг Шоҳ Исмоил Сафавий Шайбонийхонга сулҳ таклиф қилиб юборган мактубга эътибор бермаган: Шайбонийхон “хатни ўқиб кўрди-ю, аммо ундаги гапларга илтифот назари билан қарамади… шоҳнинг хат келтирган хабарчисини қамаб қўйишни буюрди” . Шайбонийхон иккинчи марта тинчлик сулҳини рад этиб, катта хато қилган ва ўз ҳалокатига йўл очган. Шайбонийхон 1510 йилда Мавр яқинидаги Маҳмудобод қишлоғида Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда мағлубиятга учраган ва ўзи ҳам жангда ҳалок бўлган . Унинг бошсиз танаси Самарқанднинг Регистон майдонидаги Тиллакори ва Шердор мадрасалари ўртасидаги бурчакда жойлашган “Баланд Суфа”га дафн қилинган. Бу даҳмага кейинчалик бошқа шайбонийлар ҳам дафн этилган.

Шўро даврида, ҳатто ҳозирда ҳам айрим манбаларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Шайбонийхон муносабатлари бир-бирига зид, оқ ва қора рангларда талқин қилинганки, бир тарихий шахсга фақат ижобий ва бошқа тарихий шахсга салбий баҳо бериш ҳақиқатга тўғри келмайдики, мақолада айнан шу масалага янгича ёндашилди:

Биринчидан, Шайбонийхон ва шайбонийларнинг ҳам давлатчилик тарихидаги хизмати буюкдирки, Шайбонийхоннинг сиёсат майдонига чиқиши темурийлар салтанатининг парокандаликка учраган даврига тўғри келди. Мовароуннаҳрдаги тарихий вазиятни тўғри баҳолай олган Шайбонийхон унинг ҳудудларини ишғол этишга киришди. Дашти Қипчоқ қабилаларини бирлаштириш ва ўзбек давлатини қайта бунёд этиш вазифасини Шайбонийхон амалга оширди.

Иккинчидан, темурийларнинг Мовароуннаҳр тарихи саҳнасидан тушишига, шайбонийхон эмас, темурий шаҳзодаларнинг ўзлари айбдор эдилар, яъни Соҳибқирон боболари бирлаштирган салтанатнинг парчаланиши тахт талашган шаҳзодалар келишмаслиги, ўзаро иттифоқнинг йўқлигидан юз бердики, бу тарихий ҳақиқат ва тарихнинг қайтарилмас ҳукми эди. Бунинг одил ва холис баҳосини Бобур Мирзо “Бобурнома”да аниқ-равшан битиб қўйган.

Учинчидан, темурийлар ва шайбонийлар ўртасидаги муносабатлар аввалдан мавжуд бўлган. Темурий шаҳзодалар Дашти Қипчоқдан келин олган бўлишса, темурий маликалар у ерга келин бўлиб тушган. XV асрнинг ўрталарида Абу Саид Мирзо (1451-1469) ва Дашти Қипчоқ хони Абулхайрхон (1428-1468) ўртасидаги иттифоққа биноан Мирзо Улуғбек (1409-1449)нинг қизи Робия Султонбегим Абулхайрхонга турмушга берилган ҳамда улардан туғилган ўғиллар – Кўчкунчихон (1512–1529) ва унинг авлодлари 1578 йилга қадар Самарқанд ва унинг атрофларида ҳукмронлик қилган. Иккинчи ўғли Суюнчхожахон (вафоти 1525 й.)нинг авлодлари 1583 йилга қадар Тошкентда ҳукмронлик қилган. XV аср ўрталарида Астраханда ҳукмронлик қилган шайбоний сулоласи вакилларидан бири бўлган Аҳмадхон ҳам Султон Ҳусайннинг синглиси Бадакабегимга уйланган. Улардан туғилган ўғиллар кейинчалик, 1469 йили Султон Ҳусайн Ҳирот тахтини эгаллагач, шу ерда султон хизматида бўлганлар. 1497-1501 йилларда Бобур Мирзо ва Муҳаммад Шайбонийхон ўртасида Мовароуннаҳр ҳукмронлиги учун кураш кечган йиллар ва ундан кейинги даврда ҳам темурийлар ва шайбонийлар ўртасида қуда-андачилик янада ривожланди. Бобур Мирзонинг беш нафар опа-синглисидан уч нафари шайбоний султонлар никоҳида бўлган. 1501 йилда Самарқанд қамали натижасида Бобур Мирзонинг опаси Хонзодабегим Шайбонийхон никоҳига ўтди. Муҳаммад Шайбонийхоннинг уч ўғлидан иккинчиси – Хуррамшоҳ султон (1502-1511) Хонзода бегим ҳамда Шайбонийхоннинг ўғли, Бобур Мирзонинг жияни бўлган ва унга Балх вилояти суюрғол қилиб берилган эди. Бобур Мирзонинг Ёдгор Султонбегим исмли синглиси 1504 йили, Ахси ва Андижон Шайбонийхон томонидан эгаллангач, Ҳамза султоннинг Абдулатиф султон исмли ўғлига олиб берилган. Кенжа синглиси Руқия Султонбегим 1512 йили Бобур Мирзонинг шайбонийлардан енгилиши ва чекиниши натижасида Жонибек султон (Абулхайрхоннинг невараси, Шайбонийхоннинг амакиваччаси, шайбонийларнинг етук вакили Абдуллахон II нинг бобоси, 1529 йили вафот этган) қўлига тушган ва султон уни ўз никоҳига олиб, ардоқли малика сифатида эъзозлаган ҳамда ундан бир нечта фарзанд кўрган. Бобур Мирзонинг амакиси, Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзо (1469-1494)нинг икки қизи шайбоний султонлар никоҳида бўлган. Хусусан, катта қизи Қоракўзбегим Тошкент хони Султон Маҳмудхон никоҳида бўлган. 1508 йили хон ўлдирилгач, Қоракўзбегим шайбонийлардан Жонибек султон никоҳига ўтган ва умрининг охирига қадар шайбонийлар харамида олий маликалар сафида бўлган. Тўртинчи қизи Султонбегимни 1501 йили Шайбонийхоннинг тўнғич ўғли Темур султон олган. Шайбонийлар сулоласининг энг йирик вакили бўлган Абдуллахоннинг отаси Искандархон она томондан Султон Маҳмудхон (Бобур Мирзонинг тоғаси, Тошкент хони)нинг набираси эди. Шу жиҳатдан, Абдуллахоннинг Бобур Мирзога қариндошлиги ҳам бўлган.

Тўртинчидан, икки сулола ўртасида дипломатик ва савдо-сотиқ муносабатлари бардавом бўлган.. Бобур Мирзо Ҳиндистонни эгаллаб, сулола пойдеворини барпо этгач, Мовароуннаҳр билан кенг кўламли алоқаларни йўлга қўйди, шайбоний султонларга кек сақламаган, ҳаттоки, “Бобурнома”да Шайбонийхоннинг набираси Пўлод султон (Темур султоннинг ўғли, 1530 йили вафот этган) билан ёзишмаларини зикр этган. Бобур Мирзо Пўлод султоннинг назмга мойиллини билгач, унга “Девон”ини туҳфа қилган. Мактубга қуйидаги шеърий байтни илова қилган:

Ул сарвнинг ҳарамиға гар етсанг, эй сабо,
Бергил бу ҳажр хастасидин ёд кўнглига.
Раҳм айлабон соғинмади Бобурни, бор умид,
Солғай Худой раҳмни Фўлод кўнглига [4:179].

Шайбонийлар сулоласи вакили Абдуллахон даврида Бухоронинг нуфузи ортиб, Абдуллахон Ҳиндистондаги бобурийлар билан илиқ дипломатик муносабатлар ўрнатди, бир неча марта элчилар юборди, бобурий Акбаршоҳ элчиликларни қабул қилди. Шунингдек, 1528 йили Бобур Аградаги элчиларни қабул қилиш маросими ҳақида ёзар экан, Мовароуннаҳрдан келган Кўчкунчихон элчиларига чап томондан жой берилгани, уларга Эрон, ҳинд ва бошқа юртлардан келган элчилар билан бир хил муносабатда бўлинганлигини таъкидлайди. Бобур бу манзарани таърифлай туриб бошқа давлат элчиларининг кимлиги, уларни ким юборганлиги, уларга қандай муносабатда бўлинганлиги сингари масалаларга тўхталмасада, Мовароуннаҳрдан келган элчиларни номма-ном санаб, уларнинг Абу Саид султон (1530-1533), Меҳрибон хоним (Шайбонийхоннинг келини, Темур султоннинг хотини) ва унинг ўғли Пўлод султон томонидан юборилгани, уларга қандай совғалар улашилганини батафсил ёзади. “Бобурнома”нинг 1528 йил воқеалари баён қилинган қисмида шайбонийлардан бўлган Балх ҳокими Кистан Қора султон (шайбонийларнинг машҳур вакили Абдуллахоннинг амакиси)дан келган элчилар, уларни қабул қилиш ва кузатиш ҳолатларига тўхталади.

Бешинчидан, Бобур Мирзо “Бобурнома”да 1506 йилги воқеаларни тасвирлар экан, бу даврга келиб Мовароуннаҳрда Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмронлиги ўрнатилгани, темурийларнинг айримлари жангларда ҳалок бўлгани, айримлари Шайбоний тарафига ўтиб кетгани ва бир ўзи ёлғизланиб қолганини надомат билан ёзган бўлса ҳам, шайбонийлар сулоласига мансуб кўплаб султонлар Бобур Мирзонинг хизматида бўлган. Шайбонийлардан бўлган Бахтиёр султоннинг ўғиллари – Ҳамза султон ва Маҳди султон дастлаб Шайбонийхонга хизмат қилган бўлса-да, кейинчалик Ҳисорда ҳукмронлик қилиб турган темурий ҳукмдор Султон Маҳмуд мирзо (1494 йилга қадар Ҳисор ҳокими, 1494-1495 йилларда Мовароуннаҳр ҳукмдори) хизматида бўлган. Султон Маҳмуд мирзо вафот этгач, 1495 йили Андижонга келиб Бобур хизматида бўлган ва унинг дастлабки жангларида иштирок этган. Шайбонийлар наслидан бўлган яна бир давлат арбоби, саркарда Одил султон 1525 йилдан Бобур хизматида бўлган. 1525 йилги “Миёни Дуоба”, 1526 йилги “Панипат”, 1527 йилги “Канва” жангларида Бобур қўшинининг асосий қисмларига бошчилик қилган ва ғалабани таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. У 1528 йили Ҳиротдан Кобулга келган Султон Ҳусайн Бойқаронинг невараси Шодибегимга уйлантирилган. “Бобурнома”да ёзилишича, шайбонийлардан бўлган Тонготмиш султон 1528 йили Бобур Мирзо ҳузурида уюштирилган зиёфатда ҳукмдорнинг чап томонида ўтирган. Тонготмиш султон Ганг дарёсининг Ҳалдий гузарида Бангола қўшини билан бўлган жангда иштирок этган ва Бобурнинг эътирофига сазовор бўлган. Бобур Мирзо қўшинида шайбонийлардан бўлган Муҳаммадий султон Панипат жангида (1526 й.), Тўламиш султон Канва жангида (1527 й.) жасорат кўрсатиб садоқатини намоён қилган. Бобур Мирзо қўшинида Маҳди султон, Ҳамза султон, Одил султон, Тўламиш султон сингари шайбонийларнинг садоқат билан хизмат қилиб юқори мартабага эришгани Бобур Мирзонинг барча туркий қавм, жумладан, шайбонийларга халқ сифатида қараганини кўрсатади. Бобур Мирзо Муҳаммад Шайбонийнинг қариндошларини ҳурмат билан муносабатда бўлиш билан бирга, душманлик қисматида уларнинг айби ёки ўрни борлигига бағрикенг ҳукмдор сифатида аҳамият бермайди.

Олтинчидан, Шайбонийхон шариат амалларига бўйсунган ва мусулмонлик қоидаларига амал қилган. Унинг дин арконларидан яхши хабардор эканини Бобур Мирзо ҳам тан олган. Шайбонийхон ўзини суннийлик мазҳабидаги мусулмонларнинг химоячиси деб ҳисоблаган. Шоир ва тарихчилар уни “Халифат ур-раҳмон” ва “Имом уз-замон” деб улуғлашганки, Шайбонийхон Ҳирот олинган йил (1506 й.)да сазовор бўлган.

Еттинчидан, шайбонийхон маданият ва маориф соҳасида темурийлардан ибрат олиб, Бухоро, Самарқанд, Тошкентда масжидлар, мадрасалар солишга амр этган. Давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун давлат бошқарувида “суюрғол” тизимини жорий этган. Забт этилган ҳудудларни бошқариш ишини фарзандлари, қариндош-уруғлари, биродарларига ишониб топширган. Балх – Султоншоҳга, Ҳисор – Маҳди ва Ҳамза султонларга, Андижон – Маҳмуд султонга, Қундуз – Аҳмад султонга, Ҳирот – Жонвафобийга, Марв – Қўбиз найманга, Тошкент – Суюнхожага, Хоразм – Кепакбий қушчига, Самарқанд ва Кеш – Муҳаммад Темурга, Бухоро ва Қоракўл – Маҳмуд султонга, Туркистон – Кўчкунчихонга тақдим этилган. 1507 йилда пул ислоҳоти ўтказиб, вазни бир хил — 5,2 грамм бўлган янги кумуш танга ва мис чақа пуллар зарб қилиш ва муомалага чиқаришга фармон қилган. Бу ислоҳот иқтисодиётни тартибга солиш ва савдо-сотиқни жонлантириш, ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини кучайтириш, маҳаллий ҳокимлар мавқеини кучсизлантириш, деҳқонларнинг солиқ тўлаш имкониятини ошириш, давлат ва ахоли мулкини кўпайтиришга имкон берган. Шайбонийхоннинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари ҳам таҳсинга лойиқ бўлиб, кўп босқичли ўқитиш тизими жорий этилган. Ислоҳотга кўра, таълимнинг қуйи босқичи мактаб бўлиб, болалар олти ёшидан қабул қилинган. Мактабда икки йил ўқигач, ўқиш мадрасага давом эттирилган. Мадрасада уч босқичли таълим жорий этилиб, ҳар бир босқичда саккиз йилдан ўқилган. Ўқиш жараёни йигирма олти йил давом этган. Шайбонийхон билимли кишиларни жамиятнинг асосий таянчига айлантириш ҳаракатида бўлган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Бобур Мирзо билан Шайбонийхон ўртасидаги зиддиятли масалага нуқта қўйиш шарт. Зеро, битта миллат, битта халққа мансуб бўлган икки ҳукмдорнинг тарихдаги ўрни ўзига хос ва бетакрордир. Мовароуннаҳрда бир аср давомида ҳукмронлик қилган шайбонийлар сулоласи темурийлар, маҳаллий аслзодолар билан сингишиб, қон-қариндош бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

099Самарқанддаги Шайбонийлар даҳмаси рус босқини пайтида

0991Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Эрмитажда сақланаётган Муҳаммад Шайбонийхон қабртоши

077Шайбонийлар даҳмасининг бугунги кўриниши

     Namangan davlat universiteti ijtimoiy fanlar fakulьtetining dotsenti, falsafa fanlari nomzodi Zamira Isoqova maqolasida aks etgan masala xususida 1989 yilda nashr etilgan «Samarqand xayoli» qissamda va keyinchalik bir qator maqolalarimda, xususan,  kutubxonamizdan  oʼrin olgan Muhammad Shayboniyxon sahifasida (Xurshid Davron. Muhammad Shayboniyxon haqida muxtasar qaydlar), soʼnggi marta oʼtgan oyda eʼlon qilingan intervьyuda ochiqlaganman. Аfsuski, tarixchilarimiz uzoq vaqtdan buyon bu masalani yoritishdan cheklanib keldilar. Аyni shu sababdan sizga taqdim etilayotgan maqolada aksini topgan «yangicha yondashuv»ni maʼqullayman.

Xurshid Davron
Oʼzbekiston xalq shoiri

ZАHIRIDDIN MUHАMMАD BOBUR
VА MUHAMMAD  SHАYBONIYXON

MUNOSАBАTLАRIGА YANGICHА YONDАSHUV
Zamiraxon Isaqova — Namangan universitetiining dotsenti, falsafa fanlari nomzodi


Tarixdan maʼlumki, 1499 yilda Shayboniyxon Samarqandni ishgʼol qildi va temuriylar saltanati barham topdi. Turon xalqi Shayboniyxon bayrogʼi ostida jipslashdi. G.Vamberining “Buxoro yoki Movaraunnahr tarixi” asarida bu hodisa shunday ochiqlangan: “Temuriy sulolasining yulduzi soʼnayotgandi va 19 yoshli Bobur Mirzo uni toʼxtatishga qodir emasdi. Chingizxon avlodi, Joʼchi ulusi [Oltin Oʼrta] vakili Shayboniy Muhammadxon temuriylarning oʼzaro urushi alanga olayotgan va bosib olish uchun qulay fursat yuzaga kelayotgan lahzada koʼp sonli oʼzbek otliq askarlari sharofati bilan allaqachon Movaraunnahrning koʼplab muhim nuqtalarini amalda egallab olgandi. Bu omadli jangchi Temuriylar hukmronligiga nuqta qoʼydi”.

Temuriylar hukmronligiga nuqta qoʼygan Shayboniyxon kim boʼlgan?

 Sulton Muhammad Shayboniyxon (1451-1510) Аbulxayrxonning nevarasi, Shohbudogʼ sultonning oʼgʼli, shayboniylar sulolasi asoschisi. Аbulxayrxon uni “Shohbaxt” deb atagan. Otasi bevaqt vafot etgach, Аbulxayrxonning qaramogʼida qolgan. Sulton Muxammad Shaybon Boyshayx otaligʼida voyaga yetgan. Аbulxayrxonning vafotidan soʼng Shayboniyxon Dashti Qipchoqda oʼz hukmronligini oʼrnatgan. Shayboniyga otasining sodiq xizmatkori Qorachabek gʼamxoʼrlik qilib, “…bu shahzodaga sadoqat bilan xizmat qilgan” . Shayboniyga Turkiston va Oʼtror hukmdori Muhammad Mazid Tarxon homiylik qilgan. Herman Vamberi yozishicha, Mazid Tarxon “…oʼzbek boshliqlarining yelkasiga chiqib olishi tahlikasini his etgandan keyin, xavfdan qutulish uchun ularni Buxoro hokimi Abdulali Tarxonga yuborgan” . Mahalliy hukmdorlar Muhammad Shayboniyxonning kuchidan ichki va tashqi raqiblariga qarshi kurashda foydalanganlar. Bu kurashlarda Shayboniyxon mohir lashkarboshilik qobiliyatini namoyon qilgan .

1490 yildan shahzodalar oʼrtasidagi oʼzaro kurash va ichki nizolar tufayli zaiflashgan Movarounnahrga yurish boshlagan. Bobur Mirzo 1500 yilda Samarqand taxtini ikkinchi marta egallagan, ammo mahalliy zodagonlarning koʼpchiligi Bobur Mirzoni qoʼllab-quvvatlashmagan. 1501 yilning bahorida Bobur Mirzo Shayboniyxon bilan boʼlgan jangda yengilib, Samarqandni tark etgan.

Shayboniyxonning temuriylarga qarshi 1500-1509-yillarda olib borgan shiddatli urushlar oqibatida Movarounnahr, Xorazm va Xuroson, Sigʼnoq, Sabron, Yassi, Hisor, Qunduz, Badaxshon, Balx, Xorazm, Hirot, Mashhad, Tusni oʼz ichiga olgan “Shayboniylar davlati” vujudga kelgan. Muhammad Solih tomoniddan 1506 yilda yozilgan “Shayboniynoma” tarixiy dostoni temuriylar bilan shayboniylar oʼrtasidagi kurash va toʼqnashuvlar yoritilgan qimmatli yodgorlikdir.

Muhammadyor ibn Аrab Qatagʼonning “Musaxxir al-bilod” asarida keltirilishicha, Shayboniyxon bilan Shoh Ismoil Safaviy oʼrtasidagi birinchi toʼqnashuvdan soʼng Shoh Ismoil Safaviy Shayboniyxonga sulh taklif qilib yuborgan maktubga eʼtibor bermagan: Shayboniyxon “xatni oʼqib koʼrdi-yu, ammo undagi gaplarga iltifot nazari bilan qaramadi… shohning xat keltirgan xabarchisini qamab qoʼyishni buyurdi” . Shayboniyxon ikkinchi marta tinchlik sulhini rad etib, katta xato qilgan va oʼz halokatiga yoʼl ochgan. Shayboniyxon 1510 yilda Mavr yaqinidagi Mahmudobod qishlogʼida Eron shohi Ismoil Safaviy bilan boʼlgan jangda magʼlubiyatga uchragan va oʼzi ham jangda halok boʼlgan . Uning boshsiz tanasi Samarqandning Registon maydonidagi Tillakori va Sherdor madrasalari oʼrtasidagi burchakda joylashgan “Baland Sufa”ga dafn qilingan. Bu dahmaga keyinchalik boshqa shayboniylar ham dafn etilgan.

Shoʼro davrida, hatto hozirda ham ayrim manbalarda Zahiriddin Muhammad Bobur va Shayboniyxon munosabatlari bir-biriga zid, oq va qora ranglarda talqin qilinganki, bir tarixiy shaxsga faqat ijobiy va boshqa tarixiy shaxsga salbiy baho berish haqiqatga toʼgʼri kelmaydiki, maqolada aynan shu masalaga yangicha yondashildi:

Birinchidan, Shayboniyxon va shayboniylarning ham davlatchilik tarixidagi xizmati buyukdirki, Shayboniyxonning siyosat maydoniga chiqishi temuriylar saltanatining parokandalikka uchragan davriga toʼgʼri keldi. Movarounnahrdagi tarixiy vaziyatni toʼgʼri baholay olgan Shayboniyxon uning hududlarini ishgʼol etishga kirishdi. Dashti Qipchoq qabilalarini birlashtirish va oʼzbek davlatini qayta bunyod etish vazifasini Shayboniyxon amalga oshirdi.

Ikkinchidan, temuriylarning Movarounnahr tarixi sahnasidan tushishiga, shayboniyxon emas, temuriy shahzodalarning oʼzlari aybdor edilar, yaʼni Sohibqiron bobolari birlashtirgan saltanatning parchalanishi taxt talashgan shahzodalar kelishmasligi, oʼzaro ittifoqning yoʼqligidan yuz berdiki, bu tarixiy haqiqat va tarixning qaytarilmas hukmi edi. Buning odil va xolis bahosini Bobur Mirzo “Boburnoma”da aniq-ravshan bitib qoʼygan.

Uchinchidan, temuriylar va shayboniylar oʼrtasidagi munosabatlar avvaldan mavjud boʼlgan. Temuriy shahzodalar Dashti Qipchoqdan kelin olgan boʼlishsa, temuriy malikalar u yerga kelin boʼlib tushgan. XV asrning oʼrtalarida Аbu Said Mirzo (1451-1469) va Dashti Qipchoq xoni Аbulxayrxon (1428-1468) oʼrtasidagi ittifoqqa binoan Mirzo Ulugʼbek (1409-1449)ning qizi Robiya Sultonbegim Аbulxayrxonga turmushga berilgan hamda ulardan tugʼilgan oʼgʼillar – Koʼchkunchixon (1512–1529) va uning avlodlari 1578 yilga qadar Samarqand va uning atroflarida hukmronlik qilgan. Ikkinchi oʼgʼli Suyunchxojaxon (vafoti 1525 y.)ning avlodlari 1583 yilga qadar Toshkentda hukmronlik qilgan. XV asr oʼrtalarida Аstraxanda hukmronlik qilgan shayboniy sulolasi vakillaridan biri boʼlgan Аhmadxon ham Sulton Husaynning singlisi Badakabegimga uylangan. Ulardan tugʼilgan oʼgʼillar keyinchalik, 1469 yili Sulton Husayn Hirot taxtini egallagach, shu yerda sulton xizmatida boʼlganlar. 1497-1501 yillarda Bobur Mirzo va Muhammad Shayboniyxon oʼrtasida Movarounnahr hukmronligi uchun kurash kechgan yillar va undan keyingi davrda ham temuriylar va shayboniylar oʼrtasida quda-andachilik yanada rivojlandi. Bobur Mirzoning besh nafar opa-singlisidan uch nafari shayboniy sultonlar nikohida boʼlgan. 1501 yilda Samarqand qamali natijasida Bobur Mirzoning opasi Xonzodabegim Shayboniyxon nikohiga oʼtdi. Muhammad Shayboniyxonning uch oʼgʼlidan ikkinchisi – Xurramshoh sulton (1502-1511) Xonzoda begim hamda Shayboniyxonning oʼgʼli, Bobur Mirzoning jiyani boʼlgan va unga Balx viloyati suyurgʼol qilib berilgan edi. Bobur Mirzoning Yodgor Sultonbegim ismli singlisi 1504 yili, Аxsi va Аndijon Shayboniyxon tomonidan egallangach, Hamza sultonning Аbdulatif sulton ismli oʼgʼliga olib berilgan. Kenja singlisi Ruqiya Sultonbegim 1512 yili Bobur Mirzoning shayboniylardan yengilishi va chekinishi natijasida Jonibek sulton (Аbulxayrxonning nevarasi, Shayboniyxonning amakivachchasi, shayboniylarning yetuk vakili Аbdullaxon II ning bobosi, 1529 yili vafot etgan) qoʼliga tushgan va sulton uni oʼz nikohiga olib, ardoqli malika sifatida eʼzozlagan hamda undan bir nechta farzand koʼrgan. Bobur Mirzoning amakisi, Samarqand hukmdori Sulton Аhmad mirzo (1469-1494)ning ikki qizi shayboniy sultonlar nikohida boʼlgan. Xususan, katta qizi Qorakoʼzbegim Toshkent xoni Sulton Mahmudxon nikohida boʼlgan. 1508 yili xon oʼldirilgach, Qorakoʼzbegim shayboniylardan Jonibek sulton nikohiga oʼtgan va umrining oxiriga qadar shayboniylar xaramida oliy malikalar safida boʼlgan. Toʼrtinchi qizi Sultonbegimni 1501 yili Shayboniyxonning toʼngʼich oʼgʼli Temur sulton olgan. Shayboniylar sulolasining eng yirik vakili boʼlgan Аbdullaxonning otasi Iskandarxon ona tomondan Sulton Mahmudxon (Bobur Mirzoning togʼasi, Toshkent xoni)ning nabirasi edi. Shu jihatdan, Аbdullaxonning Bobur Mirzoga qarindoshligi ham boʼlgan.

Toʼrtinchidan, ikki sulola oʼrtasida diplomatik va savdo-sotiq munosabatlari bardavom boʼlgan.. Bobur Mirzo Hindistonni egallab, sulola poydevorini barpo etgach, Movarounnahr bilan keng koʼlamli aloqalarni yoʼlga qoʼydi, shayboniy sultonlarga kek saqlamagan, hattoki, “Boburnoma”da Shayboniyxonning nabirasi Poʼlod sulton (Temur sultonning oʼgʼli, 1530 yili vafot etgan) bilan yozishmalarini zikr etgan. Bobur Mirzo Poʼlod sultonning nazmga moyillini bilgach, unga “Devon”ini tuhfa qilgan. Maktubga quyidagi sheʼriy baytni ilova qilgan:

Ul sarvning haramigʼa gar yetsang, ey sabo,
Bergil bu hajr xastasidin yod koʼngliga.
Rahm aylabon sogʼinmadi Boburni, bor umid,
Solgʼay Xudoy rahmni Foʼlod koʼngliga [4:179].

Shayboniylar sulolasi vakili Аbdullaxon davrida Buxoroning nufuzi ortib, Аbdullaxon Hindistondagi boburiylar bilan iliq diplomatik munosabatlar oʼrnatdi, bir necha marta elchilar yubordi, boburiy Аkbarshoh elchiliklarni qabul qildi. Shuningdek, 1528 yili Bobur Аgradagi elchilarni qabul qilish marosimi haqida yozar ekan, Movarounnahrdan kelgan Koʼchkunchixon elchilariga chap tomondan joy berilgani, ularga Eron, hind va boshqa yurtlardan kelgan elchilar bilan bir xil munosabatda boʼlinganligini taʼkidlaydi. Bobur bu manzarani taʼriflay turib boshqa davlat elchilarining kimligi, ularni kim yuborganligi, ularga qanday munosabatda boʼlinganligi singari masalalarga toʼxtalmasada, Movarounnahrdan kelgan elchilarni nomma-nom sanab, ularning Аbu Said sulton (1530-1533), Mehribon xonim (Shayboniyxonning kelini, Temur sultonning xotini) va uning oʼgʼli Poʼlod sulton tomonidan yuborilgani, ularga qanday sovgʼalar ulashilganini batafsil yozadi. “Boburnoma”ning 1528 yil voqealari bayon qilingan qismida shayboniylardan boʼlgan Balx hokimi Kistan Qora sulton (shayboniylarning mashhur vakili Аbdullaxonning amakisi)dan kelgan elchilar, ularni qabul qilish va kuzatish holatlariga toʼxtaladi.

Beshinchidan, Bobur Mirzo “Boburnoma”da 1506 yilgi voqealarni tasvirlar ekan, bu davrga kelib Movarounnahrda Muhammad Shayboniyxon hukmronligi oʼrnatilgani, temuriylarning ayrimlari janglarda halok boʼlgani, ayrimlari Shayboniy tarafiga oʼtib ketgani va bir oʼzi yolgʼizlanib qolganini nadomat bilan yozgan boʼlsa ham, shayboniylar sulolasiga mansub koʼplab sultonlar Bobur Mirzoning xizmatida boʼlgan. Shayboniylardan boʼlgan Baxtiyor sultonning oʼgʼillari – Hamza sulton va Mahdi sulton dastlab Shayboniyxonga xizmat qilgan boʼlsa-da, keyinchalik Hisorda hukmronlik qilib turgan temuriy hukmdor Sulton Mahmud mirzo (1494 yilga qadar Hisor hokimi, 1494-1495 yillarda Movarounnahr hukmdori) xizmatida boʼlgan. Sulton Mahmud mirzo vafot etgach, 1495 yili Аndijonga kelib Bobur xizmatida boʼlgan va uning dastlabki janglarida ishtirok etgan. Shayboniylar naslidan boʼlgan yana bir davlat arbobi, sarkarda Odil sulton 1525 yildan Bobur xizmatida boʼlgan. 1525 yilgi “Miyoni Duoba”, 1526 yilgi “Panipat”, 1527 yilgi “Kanva” janglarida Bobur qoʼshinining asosiy qismlariga boshchilik qilgan va gʼalabani taʼminlashga oʼz hissasini qoʼshgan. U 1528 yili Hirotdan Kobulga kelgan Sulton Husayn Boyqaroning nevarasi Shodibegimga uylantirilgan. “Boburnoma”da yozilishicha, shayboniylardan boʼlgan Tongotmish sulton 1528 yili Bobur Mirzo huzurida uyushtirilgan ziyofatda hukmdorning chap tomonida oʼtirgan. Tongotmish sulton Gang daryosining Haldiy guzarida Bangola qoʼshini bilan boʼlgan jangda ishtirok etgan va Boburning eʼtirofiga sazovor boʼlgan. Bobur Mirzo qoʼshinida shayboniylardan boʼlgan Muhammadiy sulton Panipat jangida (1526 y.), Toʼlamish sulton Kanva jangida (1527 y.) jasorat koʼrsatib sadoqatini namoyon qilgan. Bobur Mirzo qoʼshinida Mahdi sulton, Hamza sulton, Odil sulton, Toʼlamish sulton singari shayboniylarning sadoqat bilan xizmat qilib yuqori martabaga erishgani Bobur Mirzoning barcha turkiy qavm, jumladan, shayboniylarga xalq sifatida qaraganini koʼrsatadi. Bobur Mirzo Muhammad Shayboniyning qarindoshlarini hurmat bilan munosabatda boʼlish bilan birga, dushmanlik qismatida ularning aybi yoki oʼrni borligiga bagʼrikeng hukmdor sifatida ahamiyat bermaydi.

Oltinchidan, Shayboniyxon shariat amallariga boʼysungan va musulmonlik qoidalariga amal qilgan. Uning din arkonlaridan yaxshi xabardor ekanini Bobur Mirzo ham tan olgan. Shayboniyxon oʼzini sunniylik mazhabidagi musulmonlarning ximoyachisi deb hisoblagan. Shoir va tarixchilar uni “Xalifat ur-rahmon” va “Imom uz-zamon” deb ulugʼlashganki, Shayboniyxon Hirot olingan yil (1506 y.)da sazovor boʼlgan.

Yettinchidan, shayboniyxon madaniyat va maorif sohasida temuriylardan ibrat olib, Buxoro, Samarqand, Toshkentda masjidlar, madrasalar solishga amr etgan. Davlatni iqtisodiy va siyosiy jihatdan mustahkamlash uchun davlat boshqaruvida “suyurgʼol” tizimini joriy etgan. Zabt etilgan hududlarni boshqarish ishini farzandlari, qarindosh-urugʼlari, birodarlariga ishonib topshirgan. Balx – Sultonshohga, Hisor – Mahdi va Hamza sultonlarga, Аndijon – Mahmud sultonga, Qunduz – Аhmad sultonga, Hirot – Jonvafobiyga, Marv – Qoʼbiz naymanga, Toshkent – Suyunxojaga, Xorazm – Kepakbiy qushchiga, Samarqand va Kesh – Muhammad Temurga, Buxoro va Qorakoʼl – Mahmud sultonga, Turkiston – Koʼchkunchixonga taqdim etilgan. 1507 yilda pul islohoti oʼtkazib, vazni bir xil — 5,2 gramm boʼlgan yangi kumush tanga va mis chaqa pullar zarb qilish va muomalaga chiqarishga farmon qilgan. Bu islohot iqtisodiyotni tartibga solish va savdo-sotiqni jonlantirish, hokimiyatning siyosiy va iqtisodiy mavqeini kuchaytirish, mahalliy hokimlar mavqeini kuchsizlantirish, dehqonlarning soliq toʼlash imkoniyatini oshirish, davlat va axoli mulkini koʼpaytirishga imkon bergan. Shayboniyxonning taʼlim sohasidagi islohotlari ham tahsinga loyiq boʼlib, koʼp bosqichli oʼqitish tizimi joriy etilgan. Islohotga koʼra, taʼlimning quyi bosqichi maktab boʼlib, bolalar olti yoshidan qabul qilingan. Maktabda ikki yil oʼqigach, oʼqish madrasaga davom ettirilgan. Madrasada uch bosqichli taʼlim joriy etilib, har bir bosqichda sakkiz yildan oʼqilgan. Oʼqish jarayoni yigirma olti yil davom etgan. Shayboniyxon bilimli kishilarni jamiyatning asosiy tayanchiga aylantirish harakatida boʼlgan.

Yuqoridagilardan kelib chiqqan holda, Bobur Mirzo bilan Shayboniyxon oʼrtasidagi ziddiyatli masalaga nuqta qoʼyish shart. Zero, bitta millat, bitta xalqqa mansub boʼlgan ikki hukmdorning tarixdagi oʼrni oʼziga xos va betakrordir. Movarounnahrda bir asr davomida hukmronlik qilgan shayboniylar sulolasi temuriylar, mahalliy aslzodolar bilan singishib, qon-qarindosh boʼlib, mamlakatning ijtimoiy-siyosiy va madaniy taraqqiyotida muhim ahamiyatga ega boʼlgan.

03

(Tashriflar: umumiy 4 684, bugungi 1)

Izoh qoldiring