Xurshid Davron. Shahidlar shohi yoxud Najmiddin Kubro tushlari. Ma’rifiy qissa (3).

042     Нажмиддин қанча алангламасин, бўрон арафасида шошиб қолганидан ерга давра қилиб чўктирилган туялардан бирининг панасига қўйган китоблари солинган хуржунни кўрмади. Аччиқ алам бўғзини қисиб, кўзлари ёшланай-ёшланай деб турганда, хотирасига Муҳаммад Абу Ҳомид Ғаззолийнинг бир ҳикояси тушди-ю, чекаётган ғуссаси нечоғли арзимас эканлигини англади.

ХУРШИД ДАВРОН
ШАҲИДЛАР ШОҲИ
ЁХУД НАЖМИДДИН КУБРО ТУШЛАРИ
I қисмнинг якуни ва II қисмнинг бошланиши
022

077Хоразмга қайтаётиб, манзилга уч кунлик йўл қолганда, карвон қум бўронига йўлиқди. Жуда қаттиқ шамол туриб, еру-осмонни чанг-тўзон қоплади; атрофни хира зулмат чулғади. Карвон йўлларининг билимдони бўлмиш йўловчиларнинг бири Нажмиддинга бола-чақасини олиб, шамолни тўсиб турган қумтепанинг панасига ўтиб, от-уловнинг жиловини ушлаган ҳолда устиларига чакмонларини ёпиб, мукка тушиб ётиш лозимлигини уқтирди. Қумбўрон пайтида шамол шундай қаттиқ кучайдики, Нажмиддин қўлида маҳкам ушлаб турган жиловларни биров атайин куч билан тортқилаётгандек бўларди. Юмуқ кўзлари ўнгида бўрон фарзандларини учириб кетаётган мудҳиш манзаралар кўринар экан, Нажмиддин бир қўли билан жиловни борган сари маҳкамроқ қисар, иккинчи қўли билан ўғлини бағрига босган хотинини қучоқлаб турарди. Икки соат деганда, бўрон бирдан тўхтаб, ҳаммаёқни оғир сукунат босди, йўловчилар бош кўтариб, мағриб томонни қорайтирганча чекинган даҳшат ортидан қўрқиб боқардилар. Дам ўтмай улар фалокатдан қутулганларига ишониб, уст-бошларини қоқа бошладилар, таниш-билишлар бир-биридан ҳол-аҳвол суриштирар, кўпчилик бўрондан омон қолган юкини йўлга ҳозирлаш билан овора эди.

Нажмиддин қанча алангламасин, бўрон арафасида шошиб қолганидан ерга давра қилиб чўктирилган туялардан бирининг панасига қўйган китоблари солинган хуржунни кўрмади. Аччиқ алам бўғзини қисиб, кўзлари ёшланай-ёшланай деб турганда, хотирасига Муҳаммад Абу Ҳомид Ғаззолийнинг бир ҳикояси тушди-ю, чекаётган ғуссаси нечоғли арзимас эканлигини англади.

Ғаззолийнинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилган эди: “Йўлда карвонимизга қароқчилар ҳужум қилиб, бор нарсамизни талаб кетдилар. Мен қароқчилар бошлиғининг ортидан бориб, “Олган нарсаларинг орасида сенга ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир тўрва бор, шуни қайтариб бергин”, деб ялиндим. “Тўрвангда нима бор эди?” – сўради у. “Унда менинг бор илмим – жуда кўп китоблардан олиб ёзилган шарҳ ва изоҳлар бор. Неча йиллардан бери мусофирлик азобини тортиб топган бойлигим шу”, — дедим. Қароқчи кулиб: “Ҳар қандай одам олиб қўйиши мумкин бўлган нарсани “менинг илмим” дейишга уялмайсанми?” – деди ва: “Унинг илмини қайтариб беринглар!” – деб буюрди. Бу гап менга шундай қаттиқ таъсир қилдики, Тусга қайтиб келганимдан кейин уч йилгача уйдан ташқарига бир қадам қўймасдан ўша ёзган шарҳ-изоҳларимнинг ҳаммасини ёд олиб, ҳеч қандай қароқчи ололмайдиган жойга – қалбимга жо қилдим”.

Шу ҳикоя туфайли Нажмиддин чекаётган ғуссаси нечоғли арзимас эканлигини англаб, бола-чақаси ташвиши билан овора бўлди.

Ниҳоят, Шероздан йўлга чиққан карвон сувсиз чўллару чексиз саҳролар, яшнаган воҳалар, бозорлари обод, серғалва шаҳарларни босиб ўтиб, бир ярим ой деганда Гурганжга етиб келди.

Хоразмга қайтгач, ўз хонақоҳини тузган ёш шайх тез орада довруғ қозониб, кўп издошларга эга бўлди. Унинг хонақоҳи Хоразмшоҳ доруссалтанатининг энг табаррук гўшасига айланди. Шайх қароқчи бўрон ўғирланган қўлёзмаларини тиклаб, уларни тўлдирди. Унинг қаламига мансуб Қуръони карим шарҳига бағишланган, “Айн ал-ҳаёт” аталган тафсир, “Фи одоби соликин”, “Рисолат ул-хоиф ул-хаям ан-лавмат ул-лоим”, “Фавотеҳ-ул жаноб” номли рисолалар, сўфиёна руҳда ёзган рубойилари маълуму-машҳур бўлди. Илло, Шайх Нажмиддин Кубро ўзи тузган Кубравия мактаби ақидаларини лисон ул-ғайб – шеър тили билан инсонлар қалбига сингдиришга кўп эътибор берди. Унинг тарбиясини олган шогирдлари ҳам устоз йўлидан юриб, беқиёс сатрлар яратдилар.

Нажмиддин Кубро она юртидан узоқда юрганида – 1172 йилда Хоразмшоҳ тахтида ўтирган Алп Арслон вафот этди. У дунёдан кўз юмган пайтда тўнғич ўғли Такаш пойтахтдан олисда – Жанд шаҳрининг волийси эди. Алп Арслон ўлими олдидан хотини малика Туркон хотуннинг гапига учиб, маликадан туғилган кенжа ўғли Султоншоҳни валиаҳд қилиб белгилаган, аммо беморнинг хаста фаросати эмас, балки маккор хотиннинг худбин хоҳиши туфайли юз берган бу фармойиш икки биродар ўртасига адоват қўзғаган эди. Илло, тожу-тахт расм-русумга кўра тўнғич ўғилники бўлиши лозим эди, буни акси бўлгани эса аркони давлатни қонуний тахт эгаси ва ғайран белгиланган валиаҳд тарафдорларига бўлиб, рақобатни кучайтирди.

Хоразмшоҳ деб эълон этилган Султоншоҳ акаси ҳузурига одам юбориб, “Такаш ҳузуримизга келиб, ўз ҳукмдорига садоқатли бўламан деб қасам ичсин”, — деб талаб этди. Такаш: “Мен Султоншоҳни ҳукмдорлигини тан олмайман”,- деган жавоб қайтаргач, Туркон хотуннинг маслаҳати билан уни тутиб келиш учун Жандга қўшин жўнатилди. Бундан хабар топган Такаш қорахитойликлар паноҳига қочди ва улардан кўмак сўраб, “Агар ҳокимият менга тегса, сизларга бож тўлайман”, деган ваъдалар қилди. Қорахитойликлар қўшини Хоразмга яқинлашиб келганидан хабар топган Султоншоҳ Хуросонга – Нишопур волийси Муаййид ҳузурига қочди.

1172 йилнинг охирида доруссултанат Такаш қўлига ўтди. Аммо бу билан кураш тўхтамади, аксинча кучая бошлади. Малика Туркон хотун волий Муаййидни Такашга қарши юришга даъват қилиб, агар ўғлининг яна Хоразмни эгаллашига кўмаклашса, унга мустақиллик беришини айтди.

Икки тарафнинг қўшини Гурганждан бор-йўғи йигирма фарсаҳли масофада жойлашган Субурна (бугунги Шоҳсанам) қалъаси яқинидаги ялангликда тўқнашдилар. Такаш манзилга мухолифлардан олдинроқ келиб, пухта ўрнашишга улгурган эди. У Хоразм қўшинини жангга ўзи бошлаб кирди. Султоншоҳ бўлса жиловни тўла волий ихтиёрига бериб, жангни четдан кузатишни маъқул кўрди. Хуфиялар бу ҳақда хабар етказишгач, Такаш ўзини тожу-тахт учун авайлаган биродари аҳволидан кулиб, “Агар ҳукмдор жангни бошқаролмас экан, мамлакатни қандай бошқарсин, бундай ҳукмдорнинг хотиндан нима фарқи бор!” – деди. Жанг хоразмликлар ғалабаси билан тугади. Қўлга тушган волий Муаййид қаҳри қаттиқ Такаш амри билан чопиб ташланди.

Жангда мағлуб бўлган, аммо давлат ҳавасидан кечмаган она-бола Гиркан (Каспий) денгизига яқин Диҳистон қалъасига амаллаб етиб олдилар. Аммо уларнинг ортидан етиб келган Такаш шаҳарни қамал қилди ва жуда қисқа вақт ичида забт этди. Бу гал ҳам Султоншоҳ тузоқдан эсон-омон қутулиб чиқди, аммо малика қўлга тушди. Такаш мамлакатда рўй бераётган ғавғолар сабабчисини қатл этди.

Султоншоҳ эса дастлаб Нишопурга, Муаййиднинг ўғли Тўғаншоҳ паноҳига, у ерда Тўғаншоҳнинг бетакаллуф муносабатидан қўрқиб, қолаверса, ҳокимият учун курашишга лойиқ ёрдам ололмаслигини англагач, парчаланган салжуқийлар сантанати харобалари ўрнида қарор топиб кучайиб бораётган давлат – ғурийлар мулкига, бир пайтлар ғазна шаҳрига ўт қўйгани учун Жаҳонсўз лақабини олган малик Алоуддин Ҳусайннинг ўғиллари малик Ғиёсиддин ва Шиҳобиддин ҳузурига кетди. Ака-ука уни тантана билан кутиб олдилар, зеро ғурийлар Хуросонда яккаҳокимлик учун кураш олиб борар, заиф бўлса-да, валиаҳдлик ҳуқуқи бор Султоншоҳга ёрдам бериш баҳона Хоразмшоҳлар мулкининг жанубий ерларини қўлга киритиш мумкин эди. қолаверса, бу пайтда Мовароуннаҳрда юзага келган вазият ҳам бу мақсадни амалга оширишга қулайлик туғдирарди.

Дарҳақиқат, Мовароуннаҳрда ҳукмронлик талаша бошлаган қорахитойликлар билан хоразмликлар ўртасида мухолифлик жуда кучайган эди. Зиддият қорахитойликларнинг тахтни эгаллашда кўрсатган кўмакларини пеш қилиб, Такашга тегишли ерларда хоҳлаган ишларини қила бошлаганлари туфайли бошланди. Бундай ўзбошимчаликлардан ғазабланган Такаш ҳузурига ваъда қилинган божни тўлашни талаб қилиб келган қорахитойликлар элчисини қиличи билан чопиб ташлади. Бу эса икки ўртада уруш вазиятини юзага чиқарди.

Бундай қулай имкониятдан тезкорлик билан фойдаланмоқ зарурлигини англаган Малик Ғиёсиддин ҳаялламай Султоншоҳга қўшин тўплашга кўмаклашди. Султоншоҳнинг ўзи бўлса Болосоғунга – қорахитойликлар пойтахтига бориб, малика Уэн Тяндан кўмак сўради.

Илтимоси ерда қолмаслиги учун маликани чалғитиб, “Хоразмда менинг тарафдорларим қўшиндаям, фуқаро ичидаям кўпдир, — деди. Ўзларини алданган деб ҳисоблаган қорахитойликлар Султоншоҳга ёрдам бериш билан Такашни жазолашга қасд қилдилар ва маликанинг эри Фума бошлиқ қўшин Хоразм устига юрди. Такаш бу гапдан хабар топиб, Гурганж қалъасини мустаҳкамлашга киришди, қорахитойликлар қўшини яқинлашганда эса, Амударё бандларини очиб ташлашни буюрди. Оқибатда Гурганж атрофини сув босиб, шаҳарга яқинлашган иложсиз бир ҳаракатга айланди.

Фума кутиш фойдасиз эканини англагач, орқага қайтишни маъқул кўрди. Султоншоҳ эса ундан бир қисм қўшинни ўзи билан қолдиришни илтимос қиларкан, бу куч ёрдамида Хоразмга яқин бирор-бир қалъани забт этиб, курашни давом эттиришни айтди. Фума бу фикрни маъқуллади. Султоншоҳ тез орада қолдирилган навкарлар кўмагида ўғизлар қўлидаги Сарахс қалъасини эгаллади. Бу воқеа 1180 йили содир бўлди. Муваффақиятдан илҳомланган Султоншоҳ тарих саҳнасидан тушган салжуқийлар давлатининг улуғ пойтахти – Марвни ҳам қўлга киритиб, итоатига киритган ерлар марказига айлантирди. Шундан кейин у қорахитойликларга жавоб берди. Аммо ўзи шаҳарда қамалиб ўтирмади, қўшин тўплаб, мулкини кенгайтиришни давом эттирди. Тез орада Тус, Зом, Насса, Абивард қалъаларини ўз тасарруфига киритди. Кейин эса бир пайтлар ўзига паноҳ берган волий Муаййиднинг ўғли Тўғоншоҳ мулки Нишопурга кўз олайтирди. Ўртада кечган жангда Тўғоншоҳ енгилиб, унинг бутун хазинаси Султоншоҳ қўлига тушди.

Онаси назоратидан ўз истаги билан бўлмаса-да, қутулиб мустақил ҳаракат қила бошлаган Султоншоҳ, ҳокимият учун кураш ўзини тахт учун авайламоқ эмас, балки жанггоҳда қилич ушлаб жанг қилиш, бошқаларни ўз ортидан эргаштириш йўли – қаҳрамонлик эканини тушуниб етган эди. Аммо Такаш ҳам рақибининг тобора кучайиб бораётганидан хавотирга тушиб, унинг пайини қирқиш хаёлида эди. Бу орада мағлубият аламига дош бермай вафот қилган отаси Тўғоншоҳ ўрнини эгаллаган Санжаршоҳ ўз отабеги бўлмиш маккор Менгли Тегиннинг қутқусига учиб, Хоразмга бўйсунишдан бўйин товлаб, фитна бошлади. Ҳар икки мухолифини бир зарб билан йўқотиш тадбирига киришган Такаш Нишопур устига отланди. Султоншоҳ эса эгасиз қолган доруссалтанатни қўлга киритиш пайида Марвдан чиқиб, ўз қўшинини Гурганж сари бошлади. Бундан хабар топган Такаш йўлини ўзгартирди – Марвга қайрилди. Амул қалъасига етган Султоншоҳ бу ҳақда айтишганда, у ваҳимага тушди ва қўшинини ташлаб, бир гуруҳ аскарлари билан Марвга қараб от чоптирди. Мана шу бир ҳовуч аскар билан Такаш қўшин сафларини ёриб ўтиб, Марвга кириб олди. Такаш эса шаҳарни қамал қилишдан сақланиб, яна Нишопурга йўналишни маъқул кўрди.

1186-1189 йиллар орасида кечган жангу-жадаллар туфайли Санжаршоҳ билан Менгли тегин фитнаси барҳам топди, Нишопур Такаш итоатига қайта бўйсундирилди, Султоншоҳ билан эса сулҳ тузилди. 1189 йилнинг 4 июлида Такаш тахтга ўтириб, ўзини бутун мулк эгаси – Хоразмшоҳ деб эълон қилди.

Аммо ўжар ва мудом ичимдан топ қабилида иш кўрувчи, бировдан ўчини олгунча тинмайдиган Султоншоҳ акаси Такаш ҳукмини тан олишни асло ўйламасди. Унинг ғурийлардан кўмак олиш умиди ҳали сўнмаган, сулҳ эса улар билан яширин музокара олиб бориш учун жуда зарур эди. Дарҳақиқат, ғурийлар унинг кўмак бериш ҳақидаги илтимосини бажонудил қабул қилдилар, ҳатто Султоншоҳ уларнинг таъсир доирасидаги ерларга кўз олайтирганда ҳам бундан кўз юмдилар. Илло, улар Султоншоҳнинг тобора кучайиб бораётганини билсалар-да, ундан-да қўрқинчлироқ Такашга муносиб рақиб ҳозирлашни муҳимроқ билардилар. Бутун ўй-ҳаёллари шу режа билан банд ғурийлар мухолиф биродарлар бир-бири билан уришиб, кучсизланишларини пойлашар, ана ўшанда ҳар иккаласининг мулкини қўлга киритиш режасини тузишарди. Султоншоҳ эса Малик Ғиёсиддиннинг унга қилаётган марҳаматининг боиси қўрқув деб англарди ва ғурийлардан Ҳирот, Бушанж, Бодғисни ўз итоатига беришни талаб қила бошлади. Ҳатто ака-ука Маликлар Ғиёсиддин ва Шиҳобиддин унинг бу куракда турмас талабини бажо келтиришларига бир баҳя қолди. Бироқ орага ғурийлар давлатининг шавкатли арбобларидан саналмиш Маждиддин ал-Алавий билан маликаларга жиян бўлмиш Носириддин Алп Ғозий тушдилару бу “марҳамат” юзага чиқмади.

Султоншоҳнинг талаби муҳокама этилган давлат девонида бу икки шахс маликлар ниятига қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Маждиддин ал-Алавий ғазабдан оташин кўзини Малик Ғиёсиддинга тикиб, бурро-бурро гапирди:

— Ул кўрнамай шаҳзода марҳаматингизни қўрқув аломати деб билмоқда, султоним! Шуни англайсизми, йўқми?! Ахир, у ўз биродари мамлакатидан қувғин қилган бир саргардон кимса бўлса-ю, сиз уни иззат қилсангиз, қиличингиз кучи билан ўғизлару Султон Санжар амирларидан тортиб олган мулкларни унинг нопок оёғи остига ташласангиз! Ахир сизнинг бу ишларингиздан унинг биродари – Хоразмшоҳ хабардор бўлса, нафақат бадбахт Султоншоҳ сўраган ерларни, сарҳади Ҳиндистонга етган бутун шавкатли мулкингизни олиш хаёлини қилмайдими?!

— Мард бўлса, майдонга чиқсин! – деди Алп Ғозий ғурур билан.

— Ҳа, зўр бўлса, келсин, олсин ўша ерларни!.. Аммо бизни ҳақорат қилишдан тийилсин, тузлиғингизга тупурмасин! – Алп Ғозий энтикиб тўхтади ва мажлисда қатнашаётган Султоншоҳ элчиларини кўрсатиб.

— Булар бориб айтсинларким, қилич зўри билан олинган мулкни қилич билан тортиб олиш марднинг иши, номарднинг иши эса тиланчилик қилишдур!

Ал-Алавий ҳам ўрнидан туриб, Султоншоҳ элчиларига яқинлашди ва боя қандай ошиқиб-тошиқиб гапирган бўлса, ўшандай давом этди:
— Сулҳни шавкатли султонимиз номидан туздик. Аммо биз, — у Алп Ғозийни кўрсатди, — биз қаршимиз! Давлатимиз шаъни қўрқмай айтаман, сизлар эса Султоншоҳга етказинг. Биз, мен ал-Алавий билан

Алп Ғозий бу кундан эътиборан унинг ашаддий душманимиз! Бундан сўнг ўртамизда қиличдан бошқа нарса бўлмағай!..

Элчилари бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қилиб беришгач, Султоншоҳ кибр билан бақирди:
— Ўртамизда қиличдан бошқа нарса бўлмағай?! Шундай дедиларму?! Жуда аъло! Қасамки, қиличимни бу икки мурдор қони билан бўямасам, — шаҳзода худди ал-Алавий билан Алп Ғозийни кўриб тургандек қиличини яланғочлаб пўписа қилди. – Ўладиган куним етса азобдан тўлғаниб ўлай!

Аммо Султоншоҳ қиличини жангда синдирдилар. У Марв яқинида ғурийлар қўшинидан мағлуб бўлди ва бир ҳовуч одамлари билан шаҳарга қайтиб кирди. Омадсиз валиаҳд яна қорахитойликларда кўмак сўраш ниятида йўлга отланди. Аммо унинг мағлубиятидан дарак топган Хоразмшоҳ Такаш қўшин тортиб келаётганини, боз устига унинг режасидан огоҳ бўлиб йўлларни тўсиб олганини эшитгач, қўлга тушмаслик учун йўлини ўзгартирди, ўлимдан уятсизликни аъло кўрди: кечагина қиличи дамини ғурийлар қони билан бўяшни дағдаға қилган Султоншоҳ рақиблари паноҳига қочишдан ўзга илож тополмади. Ғурийлар уни шундай тантанавор кутиб олдиларки, бутун дунёдан умидини узган Султоншоҳнинг юзига яна қон югурди. Хоразмшоҳ эса Малик Ғиёсиддин ал-Ғурийга нома йўллаб, Султоншоҳни мамлакатда вайронагарчиликларни юзага келтириб ва ўзига қарши қўшин тортишдан айблаб, фитначини тезда қўлига топширишларини талаб қилди. Бироқ, малик бу талабни бажаришдан бош тортиб, Такаш элчисига шундай деди:

— Бориб ўз ҳукмдорингга ушбу сўзларимни етказ: “Эй Такаш! Султоншоҳ мамлакатда вайронагарчиликлар юзага келтиргани, сенга қарши исён кўтаргани ҳақидаги сўзларингни эшитдим. Жоним ҳақи қасамки, ул мамлакат сеникимас, унга тегишлидур. Илло, у салтанат ҳукмдори ва ҳукмдорлар фарзандидур, унга энг олий муроду-мақсадлар ярашарлидур. Шундай экан, агар у ҳокимиятга эгалик қилишни истаган экан, бу унинг фазилатидур. Илло, ҳокимият унга ўхшаганларга хосдур. Қолаверса, Султоншоҳ менинг ҳузуримга паноҳ истаб келди ва мен ҳеч қачон уни сенинг қўлингга топширмайман. Яхшиси, сен ўз мулкингга қайтда, унинг отасидан қолган мулк, хазина ва бошқа бойликлардан ўз улушини ажратиб бер…”

Малика Ғиёсиддин шу гапларни айтаркан, сўзларини мароқ билан тинглаб ўтирган биродари Шиҳобиддин билан кўз уриштириб олгач, жилмайиб давом этди:
— Яна шуни етказ: “Эй Такаш, бундан кейин мен сизнинг ҳар иккингиздан меҳр-шафқатимни аямасман, сен эса Хоразмда номимни хутбага қўшдиргайсан ва гўзал синглингни менинг шон-шавкатли биродарим Шиҳобиддинга хотинликка бергайсан!..

Бу сўзларни эшитиб ўтирган Султоншоҳнинг юзи бирдан қизариб кетди, бироқ дам ўтмай ўзини ўнглаб, ҳеч нима бўлмагандай, миқ этмай ўтираверди.

Малик Ғиёсиддин жавобини эшитган Хоразмшоҳ Такаш энг аввал уни шундай шармандали сўзларни эшитишга мажбур қилган биродари Султоншоҳни бўралатиб сўкдики, унинг ҳузурида ўтирган илму адаб аҳли ўзларини қаерга қўйишни билмай қолдилар. Сўнг эса ғурийларга уруш очиш таҳдиди битилган мактуб жўнатди. Ҳар икки томон урушга қизғин тайёргарлик кўра бошладилар.

Биринчи ҳаракатни ғурийлар бошладилар. Султоншоҳ билан Алп Ғозий бошлиқ қўшин Хоразмга бостириб кирди. Гурганжга етай деганда, Султоншоҳ жанг қилишдан ҳайиқиб, орқасига чекинди.

Келаси – 1192 йили Хоразмшоҳ Ироқи Ажамга юриш бошлаб, Рай шаҳригача етди. Бироқ, об-ҳаво ноқулай келиб, қўшиннинг қарийб ярмидан ажралгач, орқасига қайтди. Йўлда унинг йўқлигидан фойдаланмоқчи бўлган Султоншоҳ Гурганжни қамал қилгани ҳақида эшитган Такаш илдам равишда доруссалтанатга шошилди. Султоншоҳ, бу гал ҳам биродари билан тўқнашишдан ҳайиқиб Марвга чекинди.

1193 йилнинг баҳори ака-уканинг қарийб йигирма йиллик курашини ниҳоясига етказган воқеалар билан бошланди. Такашнинг илғор қўшини Абивард қалъасига етганда, ўртада яна элчиларнинг борди-келдиси бошланди. Бу орада Султоншоҳ ғурийлардан кўмак олмоқ учун вақтдан ютмоқчи эди. Аммо кўп марта қўл келган режаси бу гал амалга ошмай қолди. Илло, ўртадаги курашда жуда муҳим ҳарбий ўрин тутган Сарахс қалъаси Такаш қўлига ўтди. Қалъа Қутволининг хиёнати туфайли юз берган бу фалокат ҳақида эшитган Султоншоҳ бутун умидларидан батамом айрилганига иқрор бўлди. Бу хиёнат унинг кундузини зулматга, кечасини азобга айлантирди.

Бир пайт ичган қасамини Оллоҳ рўёб этди: у икки кундан кейин чидаб бўлмас азоблардан тўлғаниб оламдан ўтди – умидлари барбод бўлганига чидолмаган юрак куйиб адо бўлди. Унинг ўлими туфайли тез орада Марв ва унинг атрофидаги ерлардан тортиб, Ҳиротгача бўлган Хуросоннинг катта қисми Хоразмшоҳ Такаш мулкига қўшилди.

Бу воқеалар кечган пайтда Шайх Нажмиддин Кубро неча йилдан буён Гурганжда хонақоҳ тиклаб яшаётган, тўнғич ўғли мактабни адо қилаётган, кенжаси отасидан Қуръон тиловат қилишнинг дастлабки урфларини ўргана бошлаган эди. Мамлакат сарҳадларини кенгайтириш мақсадида олиб борилаётган жангу-жадаллардан узоқда бўлган Гурганжда ҳаёт гўё бир маромда кечарди. Аммо бу хотиржамлик алдамчи эди: пойтахт, инсон ҳужайраларидаги ҳар бир ўзгаришни сезиб турган юрак каби, тобора кенгайиб бораётган салтанатдаги ҳар бир воқеадан хабардору-огоҳ, у зоҳиран тинч, ботинан ташвишли ҳаёт оғушида эди…

Сўнгги йилларда Хоразмшоҳ Такаш билан Бағдодда ўтириб бутун ислом дунёсини бошқаришга уринаётган халифа ан-Носир ўртасига совуқчилик тушиб, бир-бирларига бўлган адоват кучайиб кетганди. Беомон жангу-жадаллар, макру-фитналардан сўнг бетиним давом этган музокаралар, элчиларнинг бориб-келишлари, бир-бирларига бошқа ҳукмдорларни қайраш сиёсати узоқ давом этди. Ҳар икки томон паст тушгиси келмас, бири бутун ислом дунёсининг халифасиман деб баланд келса, иккинчиси бутун ислом мулкининг султониман деб даъво қилар эди, ўзаро ярашувлар вақтинча давом этар ва албатта яна жангу-жадал, қўшин тортиб бориш дағдағаси, ҳатто бир-бирларига суиқасд уюштиришлар билан якунланарди.

Хоразмшоҳ Такаш ўз умрининг сўнгги йилларини маркази Казвиннинг шимоли-ғарбида, Албурс тоғидаги тик қояларнинг бирида ўрнашган Аламут қалъаси бўлган, қарийб бир ярим аср аввал Ҳасан ас-Сабоҳ ташкил этган исмоилийлар давлатига қарши курашлар билан ўтказди. Мана шу жангу-жадаллар пайтида Хоразмшоҳ бир ўлимдан қолди. Аниқроғи, уни ўлимдан чолғуга бўлган муҳаббати қутқариб қолди. Дарҳақиқат, Хоразмшоҳ Такаш уд созини чалишда тенги йўқ маҳорат соҳиби эди, бирор кунни удни чалмасдан ўтказмас, қилич ушлаб дағаллашган бармоқлари уд торларига урилганда, ҳукмдорнинг мудом жиддий чеҳраси батамом ўзгариб кетарди. Мана шу муҳаббат уни ўлимдан сақлаб қолди.

Исмоилийлар ўз одатларига биноан бир фидойини пинҳога тарзда Хоразмшоҳни ўлдиришга юбордилар. Қотил шом қоронғисида соядай сирғалиб Такаш қароргоҳига кириб олди ва пайт пойлаб, Хоразмшоҳ чодирига билинтирмай яқинлашди. Бу пайт Такаш уд чалиб, қўшиқ куйларди. Қотил чодир оғзига эмаклаб борар экан, ичкаридан учиб чиққан куй аралаш Хоразмшоҳ овозини эшитди:
— Мен сени танидим, қоч, жонингни қутқариб қол!..

Бу овозни эшитган исмоилий қўрқиб кетди ва қочишга тушди. Орада шовқин-сурон кўтарилиб, соқчилар фидойини қўлга олдилар ва Такаш ҳузурига олиб кирдилар. Бўлган воқеани суриштирган Такаш ўзини ўлимдан ҳозиргина куйлаган қўшиқнинг бир сатри – маъшуқанинг ошиққа қарата айтган хитоби қутқариб қолганини англади, Исмоилийни ўлимга буюргач, удни қўлга олиб, ўша қўшиқни қайтадан бошлади:

Мен сени танидим, қоч, жонингни қутқариб қол!
Жонингни қутқармасанг, кел, менинг жонимни ол…

Исмоилийлар устидан ғалаба қозонган Такаш азалий орзуси – Бағдодни эгаллаш учун юриш бошлади, аммо тўсатдан аҳволи оғирлашиб, Нишопурга яқин Шаҳристон деган манзилда оламдан ўтди. Сана 1200 йилнинг 3 июн куни эди.

Хоразмшоҳ Такаш қарийб қирқ йиллик ҳукмронлиги даврида кўп хатоларга йўл қўйди. Бироқ унинг бир хатоси бор эдики, у туфайли кўп вақт ўтмай Хоразмшоҳлар давлати ғорат ва батамом нас-нобуд этилди. Бу хато унинг қипчоқлар хонининг қизи Туркон Хотунга уйланиши эди. Бу хато Туркон Хотун эди, маликанинг худбинлик ва манфаатпарастлик асосида тузган сиёсати эди. бу хато тантиқ хотинларга хос бўлган хислат – ҳеч бир ишнинг асосини мустаҳкам бўлишини ўйламаслик, оний орзу-ҳаваслар ихтиёрида яшаш, ўзининг кичик бир даъвоси олдида давлат ва халқни қурбон қилишгача бориш эди.

Туркон хотун бадфеъл, ўч олишга муккаси билан берилган, ҳокимиятга ҳавасманд малика эди. Бойликка ўчликдан зоҳир бўлувчи очкўзлиги ва рашкининг чегараси йўқ эди. Бир марта эрининг ҳарамдаги канизаклар билан ҳаммом ҳовузида чўмилаётганидан хабар топган Туркон хотун ҳаммом эшигини қулфлаб қўйди. Хоразмшоҳнинг иссиқдан бўғилиб ўлишига сал қолди, яхшиям сарой хизматчилари бундан огоҳ бўлиб, эшикни очиб, бечора “банди”ни қутқардилар. Хоразмшоҳ қутулди-ю, аммо бечора канизакларга жабр бўлди. Саройни тўла ўзига бўйсундириб олган малика одамлари канизакларни бирин-кетин бўғиб ўлдирдилар. Ҳа, Туркон хотун ғазаби ниҳоясиз эди. Бу ғазабнинг кўзлари кўр, у на гўдакни, на қарини аяр эди. Бу ғазабнинг кўзлари ёлғиз унга гирифтор бўлганларнинг қийноқли ўлимларини кўриш учунгина очиларди.

Малика сийму зарга ўч барча хотинлардек мамлакатда бўлган энг ноёб зебигардонлар, беқиёс тақинчоқларнинг ҳаммаси ўзиники бўлишини хоҳларди. Унинг бу феъли одамларга кўчган: салтанатнинг беназир ва шавкатли арбоблари, илму адаб соҳибларининг ҳам ўзига хизмат қилишини, ёлғиз ўзиники бўлишини истар, талаб қилар, бўйсунмаганларни итоатга келтириш учун ҳамма нарсани қўлларди. Шайх Кубронинг улуғ шогирди Маждиддин Бағдодийнинг қўрқинчли заволи ҳам шу хотин туфайли содир этилди. Ўз даврининг ибн Синоси бўлмиш бечора Маждиддин хаста маликани даволаш учун саройга йўл олган пайтида ўлим комига қараб кетганини, кўнглидаги даво истаги кун келиб уни ўлимга маҳкум этган асоссиз даъво бўлиб қайтажагини англаганмикан? Мана уч йилдирки, Шайх Кубро бу ҳақда кўп ўйлар, шаҳид кетган, шогирдликдан устозига тенг муршиди муқтадога айланган Маждиддинни унутолмас, доруссалтанатда содир бўлаётган бетавфиқ ишларнинг аксариятига малика ёки унинг ўғлининг қўли зоҳир бўлароқ, унутишга имкон бермас эди…

Хоразмшоҳ Такаш ўлимидан кейин тахтга Туркон хотуннинг ўғли Қутбиддин Муҳаммад ўтирди ва ўша ондан бошлаб ўғил билан онанинг ҳокимият учун яширин рақобати бошланди. Бу кураш Қутбиддин Муҳаммад ҳокимиятини тан олмай, мухолифлик йўлига кирган тожу-тахт даъвогарларига қарши она-бола ҳамжиҳат курашган пайтда ҳам давом этди. Такашнинг ўлими туфайли бошланган тўс-тўполонлардан фойдаланган маҳаллий ҳукмдорлар мустақиллик даъво қила бошладилар. Хоразмийлар Ироқи Ажамдан қувиб чиқарилдилар. Нишопур волийси бўлмиш Хоразмшоҳнинг амакиваччаси Ҳиндухон исён йўлига кирди ва ғурийларга ҳамтовоқ бўлди. Қариб қолган Малик Ғиёсиддин ал-Ғурий Хоразмшоҳ мулкига бостириб кириб, қисқа муддатда Талакон, Марв, Сарахс, Наса, Абивард ва Нишопурни забт этди. Воқеалар шундай шиддатли давом этдики, 1204 йил ёз билан куз ўртасида Шиҳобиддин ал-Ғурий бошлиқ қўшин Гурганж остонасига келиб етди. Шаҳар аҳолиси беомон жангга ҳозирлик бошлади, дин устуни ва салтанат таянчи деб ном олган имом Шиҳобиддин ал-Хивақийдан тортиб малика Туркон хотунча шаҳар мудофаасини тузишда фидокор бўлдилар. Шайх Кубро ҳам ўз шогирдлари билан кечалари шаҳар деворларини қўриқлади, мўйлаблари сабза урган фарзандларини фуқаролардан иборат қўшин сафига туришга даъват қилди. Уруш кўравериб, доруссалтанатнинг ҳар бир фуқароси жангга мудом шай: косиб ҳам, қаввол ҳам, баққолу-новвой ҳам жангчи эди. Ҳатто бир марта Хоразмшоҳ Такаш бир жангда мағлуб бўлиб, бир ҳовуч аскари билан кечаси шаҳарга қочиб кирган бўлса, тонгда дарвозалар очилганда, Хоразмшоҳ ортидан эллик минглик қўшин саф тортиб чиққани ҳам тарихдан маълум.

Аммо гурганжликлар четда қолиб, жанг ғурийлар билан Хоразмшоҳга кўмакка етиб келган қорахитойликлар ўртасида бўлди. Шиҳобиддин ал-Ғурий қўшини енгилиб қочди, бу мағлубият ғурийлар давлатининг таназзулга юз тутишига, охир-оқибатда парчаланиб кетишига сабаб бўлди. Қутбиддин Муҳаммад икки йил ичида ғурийлар мулкининг асосий қисмини ўзига тобе қилишга эришди ва 1207 йилдан бошлаб бутун ҳаракатини қорахитойликлар асоратида бўлган Мовароуннаҳрни қўлга олишга қаратди. Худди мана шу йили у қорахитойликларнинг Самарқанддаги ноиби хонлар хони Усмондан яширин мактуб олди.

Қорахонийларнинг машҳур давлат арбобларидан бири, Самарқандда салкам ўттиз йиллик ҳокимият юргизган Тамғачхон Иброҳимнинг ўғли бўлмиш Усмон тахминан 1204 йилда, ўн етти ёшида тахтга ўтирган эди. У 1210 йилда Гўрхоннинг қизига совчи юборади, аммо рад жавобини олгач, Хоразмшоҳга иккинчи мактубини жўнатади ва уни ҳамжиҳатликка чақиради. Илло, анчадан буён вазият тарозусининг Хоразмшоҳ палласи оғирлашган, Гўрхон эса ўз мамлакатида зимдан етилиб келаётган исёнларни олдини олиш билан овора эди… Усмон Хоразмшоҳга жўнатган биринчи махфий хатида қуйидагиларни ёзди: “Оллоҳ Таоло сенга улуғ вазифа – ҳукмдорлик ато этди, сенинг қўшинингни қудратли қилди. Унинг бу инояти сенинг аҳли мўмин ва уларнинг молу-мулкини кофирлар зулмидан халос этмоқ, уларга азоб берган ғайридинлар илкини қирқмоғинг учун бўлди. Шундай экан, энди биз сенинг ҳамфикрингмиз, сенинг итоатингдамиз. Уларга берганларимизни сенга бергаймиз, номингни хутба этармиз”.

Усмон мактубидан сўнг кетма-кет Бухоро садри жаҳонлари – бурҳонийлардан ҳам кўмак сўралган даъват келди. Бу даъватнинг сабаби маълум: Бухорои шарифда нотинчлик бошланган” Санжар исмли мажанфуруш бошчилигида халқ исён кўтарган эди. Бу исён аслида қорахитойликларнинг маҳаллий гумашталарига қаратилган эди. Бурҳонийлар бошлиқ бу тоифа мажанфурушни ўзини малик деб эълон қилишда, шаҳарнинг акобирларига жабр кўрсатиб, уларни шаҳардан қуваётганликда айблаб, Хоразмшоҳга мурожаат қилган эдилар. 1207 йилда Гурганж қўшини Бухорони эгаллаб, Санжар бошлиқ исённи бостирди. Бу орада Самарқандга бориб келган элчилар Усмон ўзи бўйсунган қорахитойликларга қарши уруш бошлашга шай эканлигини етказдилар.

Аммо бу ҳақда хабар топган Гўрхон урушга тайёргарлик кўриш билан баробар макру-ҳийла санъатидан усталик билан фойдаланди. У хуфияларни ишга солиб, Хоразмшоҳнинг айрим қўшин бошлиқларини катта ваъдалар эвазига ўзига оғдириб олди. Мана шу хиёнаткорлар душман тарафига ўтиб кетгани туфайли Қутбиддин Муҳаммад ҳал қилувчи жангда ютқазиб қўйди, қўшин таҳликага тушиб тумтарақай бўлди, оқибатда кўп навкарлари қаторида Хоразмшоҳнинг ўзи ҳам қорахитойликлар қўлига асир тушди. Унинг асир тушгани, ҳатто ўлдирилгани ҳақида миш-мишлар тарқалиб, мамлакатда бошбошдоқлик бошланди, жуда кўп тобе юртларда унинг номи хутбадан олинди. Асир шоҳнинг иниси Тожиддин Алишоҳ доруссалтанатдан олис Тобаристонда бўлишига қарамай, ўзини Хоразмшоҳ тахтининг янги эгаси деб эълон қилишга шошилди.

Аммо Қутбиддин Муҳаммад асирликдан қутулиб қайтди. Бу қутулишнинг чораси қуйидагича бўлди: Хоразмшоҳ одатдагидек оддий жангчи кийимини кийиб жанг қилгани учун уни асир олган қорахитойлик тожу-тахт эгаси эканлигидан бехабар ҳолда унга кўпчилик қатори муомалада бўлди: Хоразмшоҳ билан бирга унинг амирларидан бири – ибн Масъуд ҳам душман қўлига тушган эди. Ибн Масъуд ҳукмдорга ўзини унинг хизматкори қилиб кўрсатишни маслаҳат берди. Хоразмшоҳ ҳам бу фикрни маъқул билиб, амирнинг хизматини қила бошлади: овқат келтирар, кирини юварди. Қорахитойлик буни кўриб ибн Масъуддан: “Сен мартабали одамга ўхшайсан, айтчи, кимсан?” деб сўради. Ибн Масъуд: “Мен фалончи амирман, бу эса менинг ғуломимдур!” – деди. Шундан сўнг қорахитойлик: “Агар ғуломинг сени шунчалар улуғлар экан, мен сени қўйиб юборишим қийин!” – деди, аммо амирга эҳтиром кўрсата бошлади.

Орадан вақт ўтиб бир кун ибн Масъуд қорахитойликка: “Эй фалончи, сен мен учун бадал пули олмоқчисан. Аммо шошил, агар қариндошларим Хоразмга қайтган қўшин орасида мени кўрмасалар, улар мени ўлдига чиқарурлар, бутун молу-давлатимни бўлиб олишга киришарлар ва сен бадалсиз қолгайсан! Шошилмасанг бўлмайди!” – деди. Қорахитойлик унинг бу гапини маъқул топди ва улар Хоразмга одам юборишга келишдилар. Ибн Масъуд яна айтди: “Эй қорахитойлик, мен бир мактуб ёзиб, ўша одамга берай, токи оилам ва қариндошларим менинг тириклигимдан хабардор бўлсинлар, сен сўраган бадални ўша одамга берсинлар”, — деди ва бадални тезроқ қўлга киритиш истагида кўзлари ёниб турган қорахитойликка қараб сўзини давом этди: “Аммо сен юборадиган одам менинг оиламни топа олиши қийин, қолаверса, уни танишмайди. Яхшиси, менинг ғуломим боргани маъқул, йўлниям яхши билади, бола-чақалариму хешларим ҳам уни яхши танийдилар”. Қорахитойлик бу маслаҳатга кўниб, ўз амирига ғуломлик қилаётган Хоразмшоҳга бир одамини қўшиб Гурганж томонга йўллади. Доно ва садоқатли амирнинг тадбири туфайли Хоразмшоҳ асирликдан қутулди.

Қутбиддин Муҳаммад хиёнатчиларни қаттиқ жазолагач, жуда қисқа муддат ичида мамлакатда тартиб ўрнатди, ҳатто шу пайтгача бир қисми итоатда бўлган Хуросоннинг қолган мавзелари ҳам унинг қўл остига ўтди. Мана шундан сўнг у яна нигоҳини Мовароуннаҳрга қаратди. Бу орада уруш очишга баҳона ҳам топилди: Гўрхон юборган элчи Туши расм-русумни унутиб, аниқроғи, ўзи билан ёнма-ён тахтга ўтириб олганини кўрган Хоразмшоҳнинг қони қайнаб кетди, элчини чопиб ташлаб, мурдасини Амуга ташлашни буюрди. Бу ҳақдаги хабар Гўрхонга етиб бормасдан аввал у Мовароуннаҳрга бостириб кирди. Гўрхонга совчи юбориб, рад жавобини олган Усмон ҳам унга қўшилди. Ғайридинлар асоратида бўлган мовароуннаҳрликлар Хоразмшоҳ аскарларини ўз халоскорлари сифатида кутиб олдилар, улар билан баробар душманга қарши жанг қилдилар.

Хоразмшоҳ билан Гўрхон ўртасидаги ҳал қилувчи жанг 1210 йил кузнинг бошида Сирдарё ортидаги Иламиш даштида бўлди ва у хоразмийларнинг ғалабаси билан якунланди, натижада бутун Мовароуннаҳр Хоразмшоҳ давлати таркибига кирди.

Бу ғалабадан сўнг Қутбиддин Муҳаммад ўзига Искандари Соний лақабини олди. Туркон хотун эса Худованди Жаҳон-Жаҳон ҳукмдори лақабини ўзига маъқул билди ва ўзининг туғросида: “исмат ат-дунйа вад-дин Улуғ Таркон малика ниса ал-аламайн” сўзлари билн баробар “иътасамту биллаҳи” калимасидан иборат шиорни ўйдирди ва шу туғро босилган фармонлар чиқара бошлади. У туғросини Хоразмшоҳ туғроси билан тенг билар, бу эса аслида ўзини ўғлидан улуғ деб санашини билдирарди. Она билан фарзанднинг рақобати авжга чиқиб, олий мақомига етди.

Гурганжга қайтган Хоразмшоҳ Мовароуннаҳр мулкини қўлга киритишида кўмаклашган Самарқанд ҳукмдори Усмонга қизи Хонсултонни хотинликка берди. Тўйдан кейин ўз мулкига қайтишни истаган Усмонга Туркон хотуннинг талаби билан бир йилгача жавоб берилмади. Ҳар гал рухсат тилаган куёвга ота-боболар удумини пеш қилишди, “Чиллангиз чиқмасдан қандай қайтасиз”, — дейишарди. Аммо “чилла” бир йилга чўзилди.

Бир йилдан сўнг Самарқандга қайтган Усмон қайнотасига қарши исён бошлади. Унинг йўқлигида шаҳарни бошқарган Хоразмшоҳ амири аҳолини ўз жабр-зулми билан қон қақшатган эди, буни қайтиши билан сезган, қолаверса, бир йиллик шоҳона қамоқ азоблари жонидан ўтган Усмон халқни Хоразмийларга қарши кўтарди. У энг аввало, Хоразмдан хотинини кузатиб келганларни аямай қириб ташлашни буюрди, Хонсултонни эса бошқа хотинларининг хизматини қилишга мажбур қилди. Бундай ҳақоратга чидолмаган Хонсултон бир гуруҳ Хоразмийлар билан шаҳар қалъасига кириб бекинди.

Хоразмшоҳ ғазабидан қўрққан Усмон Гўрхонга элчи жўнатиб, яна унинг итоатида бўлишга тайёргарлигини изҳор қилди. Аммо тез орада етиб келган Хоразмшоҳ қўшини уч кунлик жангдан сўнг Самарқандни эгаллади. Шаҳар осмонини аланга ва тутун билан баробар қатли омга маҳкум одамларнинг оҳу-ноласи тутди. Фақат самарқандлик саййиду имомларнинг ялиниб-ёлворишларидан кейингина Хоразмшоҳ қирғинни тўхтатишга рози бўлди. Хонсултоннинг талаби билан Усмон қатл этилди – Мовароуннаҳрдаги сўнгги қорахоний ҳукмдор шундай ўлим топди.

Қутбиддин Муҳаммад узоқ муддат Самарқандда қолиб кетди. Бир пайтлар халифа ал-Маъмун таърифлагандек, Мовароуннаҳр беқиёс узугу унинг кўзи бўлмиш Самарқанд жамоли Хоразмшоҳ кўнглини ром этган, қолаверса, Хоразмшоҳ Гурганжга, яна онасининг ёнига, маликанинг уруғ-аймоғи билан тўлиб кетган ўша фитнакор саройга, ҳар қадами кузатилган, ҳатто кўнглида кечган хаёли ўша заҳоти онасига маълум бўладиган фитналар уйига қайтишни истамади. Нима бўлгандаям бу ҳол кейинчалик ҳам такрорлана бошланди ва Самарқанд Хоразмшоҳ давлатининг иккинчи пойтахти бўлиб қолди. Ҳукмдор фармойишига биноан шаҳарда янги жомеъ масжиди ва арки олий қад тиклади, қўшиннинг энг катта қисми ҳам шу ерда муқим бўлди.

Аммо унинг ғалабаси алдамчи эди, илло унинг ҳаракати билан заифлашган қорахитойликлар давлати ҳокимият учун бошланган кураш туфайли таназзулга юз тутди ва оқибатда Шарқда тобора кучга кириб бораётган Чингизхон давлати билан Хоразмшоҳ мулки орасидаги девор ўртадан кўтарилди. Аммо Қутбиддин Муҳаммад ҳали буни англаб етмаган, у салтанатнинг жануби-ғарбий сарҳадларини кенгайтиришга киришган эди. Изчил олиб борилган элчилик сиёсати ва уруш ҳаракатлари натижасида тез орада Ироқи Ажамдан ташқари Мозандарон, Аррон, Озарбайжон, Ширвон, Форс, Кирмон, Макрон, Манғишлоқ, Сижистон, Ғур, Ғазна ва Бомиён Хоразмшоҳ тасарруфига ўтди, Ҳиндистон сарҳадидан Ҳурмуз қўлтиғигача бўлган ерларда Хоразмшоҳ номига хутба ўқилди. Хоразмшоҳ салтанатидаги шаҳарлар сони тўрт юздан ошди.

Такаш билан халифа ан-Носир ўртасидаги адоват бу пайтга келиб яна қўзғалди. Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам отасига ўхшаб йўл тутди: пайғамбар ноиби, жумла мўминларнинг сардори – халифа ҳокимиятига дахл этди. У ўз итоатидаги тўрт юз шаҳардан ташқари халифалик пойтахтида – дунёнинг ўртаси ва ислом қуббаси саналмиш Бағдоднинг барча масжидларида ҳам ўз номига хутба ўқитишни, ўзига буюк салжуқий султонларга кўрсатилган иззат-икром қилинишини талаб қилиб элчи жўнатди. Бундан кўзлаган муроди ўзини жумла мусулмон мулкининг олий ҳукмдори деб эътироф этилиши эди. Халифа ан-Носир: “Хоразмшоҳ бошқа ҳукмдорлар қатори иноятимиз сарҳадидадур”, — деб унинг талабини рад этди. Қутбиддин Муҳаммад халифага қарши очиқдан-очиқ қарши бориш учун арзирли баҳона чиққунча кутишга аҳд қилди. Шу орада халифа ўғли Абу Носир Муҳаммадни давлат ишини юргизишга ноқобилликда айблаб, унинг номини хутбадан олиб ташлашни буюрди. Ёлғиз Хоразмшоҳ бундан бўйин товлади, ҳатто халифа фармойишига бўйсунган айрим мулкдорларга қарши қўшин тортди. Аммо Бағдод устига бориш учун бу баҳона бўлолмасди.

Кейин ан-Носир Маккаи Мукаррама ҳукмдорининг мустақил идора юргизаётганидан норози бўлиб, бўйсунмас ҳокимни ўлдирмоқчи бўлиб, ўз одамини юборгани маълум бўлди. Макка ҳукмдори Ҳазрати Али ибн Абутолибнинг авлодларидан эди. Хоразмшоҳ имомларга мурожаат қилиб, ан-Носир мансуб аббосийлар хонадони халифалик тахтини Ҳазрати Али хонадонидан зўрлик билан тортиб олгани, бу хонадонга мансуб кишиларни ўлдиришга киришганликда айблади, унинг бу хатти-ҳаракати халифага хос эмаслигини, қолаверса ҳақиқатни тиклаб, унинг ўрнига Ҳазрати Али авлодига мансуб кишини белгилаш лозимлигини айтаркан, имомлардан ан-Носирга қарши жиҳод эълон қилишга фатво беришларини талаб қилди. Иш шу даражага етдики, Хоразмшоҳ даргоҳи шиаъ мазҳабига мансуб саййидлару-уламоларнинг нажот қалъасига айлана бошлади. Хоразмшоҳнинг бундай сиёсати салтанатнинг сунний аҳолиси ғашини келтирди. Ҳатто Хоразмшоҳ шиаъ мазҳабини зўрлик билан тарқатармиш деган миш-мишлар, ваҳимали овозалар тўрт тарафга тарқалди. Мовароуннаҳру-Хуросон шаҳар-қишлоқларида: “Пок мазҳабимизга рофизийлар аралашмасин, илойим! Унда ҳаром бўламиз, чорёрларнинг қарғишига қоламиз! Яна уруш бўлғай, яна йўқчилик бўлғай!” – деган шивир-шивирлар эшитила бошланди. Аммо Хоразмшоҳ бу гаплардан бехабар, хуфиялару-фармонбардорлар бу ҳақда оғиз очишга қўрқишар, Туркон хотун эса ўғлининг йўл қўйган ҳар бир хатоси унинг фойдасига бўлаётганидан хурсанд эди. Малика икки йўл тутар, даргоҳига шикоят билан келган саййиду-уламоларга қўшилиб, ўғлининг бу ишини қоралар, ўғли билан юзма-юз бўлганда эса бу ҳақда чурқ этмасди.

1212 йили Хоразмшоҳ ҳузурига халифанинг элчиси, бағдодлик сўфийларнинг пири комили, шайх Шиҳобиддин ас-Сўҳравардий ташриф буюрди. Шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафс ас-Сўҳравардий ўша давр тасаввуфининг улуғ намояндаси эди. у нисбат ал-хирқа – хирқа кийганлар авлодидан эди. Унинг амакиси Шайх Абу Нажиб ас-Сўҳравардий кўп улуғ шайхларни, шу жумладан Шайх Кубро устозларини, хусусан, Шайх Рўзбеҳон Козаруний – Мифийни тарбиялаган муршид бўлди. Уларнинг деярли барчаси Сўҳравардия тариқатининг пешволари сифатида машҳур эдилар. Шайх Кубронинг ўзи ҳам бу тариқат аҳлига меҳр қўйган, унинг ақидаларини рад этмасди.

Абунажиб Абдулқодир ибн Абдуллоҳ Сўҳравардийнинг лақаби Зиёуддин эди. У ҳижрий 490 йилда Занжоннинг Сўҳравард манзилида дунёга келди. Абунажиб ўн уч ёки ўн тўрт восита орқали ҳазрати Абубакрга бориб уланарди. Ёшлик чоғларида Бағдодга келди, мадрасада таълим олар экан, тасаввуфга берилди ва узлатга чекинди. У Шайх Аҳмад Ғаззолийдан иршод топди. Сўфия аҳли русумига кўра, у касб ортидан ҳалол луқма топишга интилиб, мешкоблик билан шуғулланди. Йиллар ўтиб азамати ва қурбати тўрт томонга ёйилди. У тиклаган мадраса ва работ мухлислар зиёратгоҳига айланди. Умрининг сўнгида Байтулмуқаддасни тавоф қилишга отланди, аммо салибчилар қўзғаган уруш сабабидан орзусига етолмади. У Дамашқда қолиб, бир неча вақт ваъзгўйлик билан шуғулланди ва 563 йили Бағдодда оламдан ўтди. Шайх Абунажиб қаламига мансуб “Одоб ул-муридин” рисоласи тасаввуф аҳлининг эътиборли китоби саналарди. Бу рисола сўфия қоидаларини муридлар одоби орқали баён этишга бағишланган эди. Эронли тасаввуфшунос Абулҳусайн Зарринкўбнинг ёзишича, “бу рисола мутолаасидан маълум бўлдики, у (Абунажиб) фиқҳда ҳадис аҳлидан ва муомалатда дарвешликни давлатмандликдан устун санар ва ҳол бўйича илмни тан олмаган кишиларга зид равишда, илм фазилатига беҳад ишонган сўфийлар тоифасидан эди… Унинг назарида, тасаввуфнинг бошланиши – илм, ўртаси – амал ва охири – мавҳибат (эҳсон) эрур. Илм мурод этилган нарсани кашф этса, амал талабни муяссар этади ва мавҳибат амал орқали эришилмоғи лозим ғояга етади. Шу сабабдан тасаввуф аҳли уч табақадур: муриди толиб, мутавассати тойир ва мунтаҳо восил. Булар орасида мурид соҳиби вақт бўлса, мутавассит худованди ҳол эрур ва мунтаҳо соҳиби яқиндур”.

Абунажибдан бошланган Сўҳравардия тариқати вақт ўтиб, Баҳоуддин Закариё Мўлтоний ва Шайх Фахруддин Ироқий воситасида ҳинд заминида интишоф топди. Эрон сўфия силсиласида, жумладан, Неъматуллоҳи, Пири Жалолия ва Сафавия тариқатлари Сўҳравардия заминида ўсиб-унган ниҳоллар эди. Аммо Бағдодда унинг руҳоний меросини шайхнинг ҳам шогирди, ҳам жияни бўлмиш шайх ул-ислом лақаби билан машҳур шайх Шиҳобиддин Абуҳафс Умар ибн Муҳаммад Сўҳравардий қабул этди. Бу зот ҳижрий 539 йил шаъбонида Занжон Сўҳравардида оламга келган эди. У Бағдодда қариндоши шайх Нажибуддин Сўхравардий, Абдулқодир Гилонийдан, кейинчалик Басрада ўз даврининг улуғ алломаларидан сабоқ олди.

Замон ўтиб, унинг номи ҳам амакисиникидек оламга ёйилди. Унинг суҳбатига ташна илмпарварлар: шоҳу-гадо баравар Бағдодга оқиб кела бошладилар. 599 йилда халифа Носируддинуллоҳ (ан-Носир) Фурот дарёсининг тармоғи бўлмиш Исо соҳилида работ тиклаб, уни шайх Шиҳобиддинга инъом этди. Шайх мана шу работда яшаб кўп асарлар, шу жумладан сўфийлик баёнига оид “Авориф ал-маориф” рисоласини битди, кўп салоҳиятли шогирдлар тарбиялаб, “Шайх ат-таълим ва ат-тарбия” номини олди. Сўҳравардия тариқати тарихи Шайх Абунажибдан бошланган бўлса-да, шайх Шиҳобиддин номи билан қарор топди..

У бошланғич тарбияни амакиларидан олган бўлса-да, уларнинг йўлини қаттиқ тутмади, хилватнишинликдан кўра ҳукмдорлар, хусусан, халифа ан-Носир хизматида бўлишни маъқул кўрди, футувват руҳида турди. Халифа ҳам сўфийларнинг оммага бўлган кучли таъсиридан ўз манфаати йўлида унумли фойдаланишни кўзлади. Ан-Носир топшириғига биноан Мовароуннаҳрга келган шайх бундан аввал ҳам кўп ҳукмдорлар ҳузурига, элчиликка бориб, халифа номидан музоакаралар юритган. Шайх Шиҳобиддин ас-Сўҳравардий Хоразмшоҳнинг шиаъ тарафига оға бошлаганидан хавотирга тушган халифанинг кўнгил эътирозларини олиб келган эди.

055Муҳаммад Хоразмшоҳ халифа элчисини Бухорода катта эътибор билан кутиб олди. Дастлаб жуда мароқли мавзулар билан бошланган мажлис шайх ас-Сўҳравардий бир ҳадисни шарҳлаб, аббосийлар хонадонига зиён етказишдан сақланишни уқтира бошлаганидан сўнг ноқулай жимлик ичида қолди. Аммо сукут узоққа бормади, Хоразмшоҳнинг қони қайнаб, ҳозиргина табассум яшнатган юзи қип-қизарганча оғиз очди:

— Ҳазрати шайх, араб тилидан бехабарлигимиз боис, бизни бир содда ва нодон турк деб билмасинлар. Илло, мен у киши айтган ҳадис маъносини жуда яхши англадим. Яна шуни қулоқларига қуйсинларким, биз ҳали ал-Аббос хонадонига мансуб бирор-бир зотга зиён етказган, уларга қарши бирор-бир ғайри мақсадимиз ҳам йўқдур. Аммо биз эшитдикки, аҳли мўминлар сардори Салимнинг зиндонларида бу хонадонга мансуб кўп шахслар азоб чекмакдилар, ўша ерда туғилиб, ўша ерда ўлим топмоқдалар. Шул сабабдан ҳам, Ҳазрати шайх бу ҳадисларини Умар ул-мўъминин ҳузурида айтсалар ҳам ибратли, ҳам ўринли бир иш бўлур эди.

Бу гапни эшитиб қўрқувданми, ҳаяжонданми ранги дув оқариб кетган шайх ас-Сўхравардий тутила-тутила халифа ёнини олишни давом эттирди. Аммо Хоразмшоҳ бу гапларни эшитмаганга олиб, қўли билан машшоқларга “Чалинг!” – дегандай ишора қилди. Ўша заҳоти Хоразмий торининг мунгли саси янграб, ўртадаги нохуш сукунат ўрнини тўлдира бошлади. Аммо мунгли куй авжига чиққани сайин ғазаб ва қўрқув орасидаги диллар остонасида қолди: шайх тезроқ бу қўрқинчли даргоҳни тарк этмоқни, Хоразмшоҳ эса халифадан қай йўсинда ўч олмоқни ўйларди…

Орадан кўп вақт ўтмай, Хоразмшоҳ ҳаж мавсумида унинг мулкидан йўлга чиққан зиёратчиларга халифатга қарашли йўл ва манзилларда лаънати исмоилийлардан ҳам баттарроқ муносабатда бўлишганидан хабар топди. Бунга жавобан у ан-Носир номини хутбадан ва тангалардан олиб ташлашга фармон берди. Бунга қаноатланмай, салтанатдаги аҳли уламою имомларни тўплаб, фитначи халифани шариат номидан зеру-забар этишга ва Ҳазрати Али авлоди бўлмиш Ало ул-Мулк ат-Тирмизийни халифаликка тайинлаш учун фатво беришларини қатъиян талаб этди. Йиғилганлар унинг қаҳру-ғазабига дучор бўлишдан шундоқ фатвони беришни афзал топдилар. Аммо фатво олган Қутбиддин Муҳаммад бу гал ҳам Бағдодга қўшин тортишга шошилмади.

Аммо ғазна олинганида қўлга тушган ғурийларга мансуб ҳужжатлар орасида халифанинг маликларни Хоразмшоҳга қарши уруш очишга даъват этган бир неча мактуби топилди. Энг даҳшатлиси, бу қоғозлар орасида ан-Носирнинг қорахитойликларга юборган бир мактуби бор эди. унда ислом дунёсининг қўриқчиси бўлмиш халифа ғайридинларни Хоразмшоҳ давлатига бостириб киришга даъват этардики, бу эса, бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирган қабилида иш тутган халифанинг ислом дунёсига хиёнати эди. Буни Бағдод устига қўшин тортиш учун арзирли баҳона бўлишини англаган Хоразмшоҳ 1217 йил ёзининг охирларида ҳаракатга тушди.

Қўшин Ҳамадонга етганидан хабар топган ан-Носир яна шайх ас-Сўҳравардийни Хоразмшоҳ ҳузурига юбориб, нима қилиб бўлсаям, урушнинг олдини олишни тайинлади. Бу гал шайх олдингидек тантанавор кутиб олинмади, муомала жуда совуқ ва хатарли бўлди; бечора элчи ҳар лаҳза жонини ҳовучлаб турди.

Уни Хоразмшоҳнинг улкан ва қўш-қўш айвонли зарбоф безаклар билан безатилган чодирига таклиф қилишганда, қўрқуви яна ошди. Аммо қўрқув аралаш бўлса-да, қадам қўйган масканининг гўзаллиги ва ҳашамдорлигидан оғзи очилиб қолди. Ҳатто халифа ҳам бундай муҳташамликни етти ухлаб тушида кўрмаган бўлса керак, деб ўйлади шайх. Даҳлизда даражасига қараб саф тортиб турган Ажам мулкига қарашли Ҳамадон, Исфаҳон, Рой ва бошқа шаҳарлар ҳукмдорларини кўрди. Кейинги ипак айвонга ўтганда, у ерда Хуросон мулкидаги Марв, Нишопур, Балх ва бошқа манзиллар волийларини кўрди. Шайх учинчи айвонга ўтганда, унинг даҳлизида мовароуннаҳрлик ҳукмдорлар улуғворлик қиёфасида тизилган эдилар. Ниҳоят, олтин иплар билан беқиёс нақшлар чекилган улкан хиргоҳда ўтирган Хоразмшоҳга кўзи тушди. Унинг боши узра юксалиб турган сижоф қиёси ва баҳоси йўқ тошлар билан безатилган эди. Эгнида Бухоронинг зарбоф тўни, бошида мўйнали қалпоқ кийган Қутбиддин Муҳаммад сафарда фойдаланадиган оддий тахтда виқор билан ўтирарди.

Шайх Хоразмшоҳга яқинлашиб, халифа элчисига хос сиполик билан таъзим қилди ва салом берди. Аммо Муҳаммад Хоразмшоҳ жавоб бермади, етмиш уч яшар элчини ҳатто ўтиришга ҳам таклиф этмади.
Шайх ас-Сўҳравардий подшога тикиларди-ю, унинг хотиржам юзини эмас, ўша олис Бухородаги ғазабдан қип-қизариб кетган, даҳшатли ҳолатини кўриб турарди. Кўрарди-ю, дилида ўша таниш қўрқув ғимирлай бошлаганини сезарди. Аммо элчи бурчини адо этиши шарт, илло, вазият чатоқ: агар у бир неча йил аввал Бухорога Хоразмшоҳни номақбул мақсадларидан қайтаришга борган бўлса, бугун уни ёвуз ҳаракатлардан қайтариши лозим эди. Шайх ас-Сўҳравардий қўрқар, аммо бу қўрқув жон ҳифзининг эмас, аҳли муслим қони тўкилишининг олдини ололмай қайтишнинг – иложсизликнинг қўрқуви эди.
Бурч қўрқувдан устун келди: шайх гапини яна ал-Аббос хонадонининг фазилатлари ҳақида, халифа ан-Носир ислом посбони ва таянчи, аҳли мўминларнинг олий раҳбари, покдомон ва тақводор одам эканлигини айтишдан бошлади. Хоразмшоҳ чеҳрасида бирор-бир ҳис-ҳаяжон зоҳир этмаган ҳолатда, шайх гапини давом эттиришга ортиқ имкон бермай, қатъият билан сўзлади:

— Ҳазрати шайхга айтингларким, ул киши таъриф этган, тилларидан бол томиб ҳамду-сано қилган зот Бағдодда йўқдур. Мана биз Бағдодга борсак, ўшандай зот унда мужассам бўлғай! Ҳазрати шайх бизнинг даргоҳимизда қоладилар, ўзлари таърифлаган зотнинг Қуббаи Исломга қандай киришига гувоҳ бўладилар…

Хоразмшоҳ сўзини якунлаб, “Гап тамом!” дегандек бошини эгди. Шайх ас-Сўҳравардий қулоғига эса ўша олис Бухорода эшитган мунгли куй қуюла бошлади. Аммо хиргоҳда машшоқлар йўқ эди…

1217 йилнинг кеч кузида Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қўшини Бағдод устига юрди. Қўшин шундай улкан эдики, оралиқдаги дашту-биёбонлар, экин йиғиштириб олинган далалар отларнинг кишнаши, яроқларнинг жарангига тўлиб кетди. Қўшиннинг илғор қисми Бағдод мулкига яқинлашган, асосий қўшин эса Асадобод довонига етганда, кучли қор ёғини бошланиб, ҳаво ҳаддан ташқари қаттиқ музлаб, кеча-кундуз тинмаган қор бўрони бошланди. Уч кун давом этган даҳшат натижаси ҳалокатли бўлди: қанчадан-қанча аскарлар довоннинг ҳар икки тарафида муз қотиб ҳалок бўлдилар, отлар тарашадай қотдилар, устига-устак, совуқдан дийдираб адашиб юрган жангчиларни тоғлик курдлар қиличдан ўтказа бошладилар, эгасиз қолган захираларни талон-тарож этдилар. Улкан қўшиндан бир ҳовуч аскаргина омон қолди.

Хоразмшоҳ ортга – Бухоро томонга қайтар экан, бутун йўл давоми халифани лаънатлашдан чарчамади, тўхтаган манзилларида, Ажаму Хуросон, Мовароуннаҳрда халифа номини хутбада тилга олмасликни талаб қилди. Аммо айрим шаҳарларда унинг фармойишига зид халифа номи хутбада ёд этилиши давом этди. Дорулмулк Гурганжда ҳам унинг талабига қулоқ солмадилар. Қутбиддин Муҳаммад бундай бўйин товлашлар унинг хатоларидан усталик билан фойдаланаётган онасининг амри ёки ғойибдан қўллаб-қувватлаши билан бўлаётганини билар, фармони адо этилмаган ўша шаҳарларнинг кўпчилиги онасининг уруғ-аймоқлари томонидан идора қилинишидан хабардор, аммо чора кўриш қўлидан келмас, имконсиз эди. Ҳа, Асадобод довони унинг шавкатини ерга урди, Туркон хотуннинг эса қудратини оширди, бу аҳмоқ хотин авваллари ҳар бир гапида ўғлининг давлат ишида уқувсиз деб пинҳона таъкидлаган бўлса, энди уни салоҳиятсиз саркарда дейишгача борди, ҳатто қўшинниям ўз итоатига олишга уринмоқда.

Юртига қайтган Хоразмшоҳ нима қилишини билмас, асосан Бухорою-Самарқанд оралиғида, баъзан қисқа муддат Гурганжда туриб, Асадобод довонида қора тақдирдан зарба еган юрагини овунтиришга уринарди. Нафсонияти ерга топталган ҳукмдор аламини шаробдан олар, бу иши билан яна онасининг ҳокимиятга интилишига кенгроқ йўл очаётганини, шаробу-кўнгилчоғликлар унинг вужудини заифлаштиргани баробар салтанат қудратига раҳна солаётганини, шубҳаю-гумонлар юрагини қурт каби кемиргани сайин салтанат қудрати илдизларини ҳам чирий бошлаганини англамасди.
Кейин эса Хоразмшоҳ яна бир шармандали ишга қўл урди. Маждиддин Бағдодийни нобуд этди.

ИККИНЧИ ҚИСМ
045

09Фақат Азозил кибр ва ор қилиб Одамга сажда қилмади.

Оллоҳ сўради: “Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?” Азозил айтди: “Мен Одамдан яхшироқман, чунки  мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг. Мен қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилувчи эмасман!” Шунда Оллоҳ хитоб қилдиким: “Лавҳи Маҳфуз ёнида битган ва сақлаб юрган хатингни ўқи!” Азозил ўқиди: “Оллоҳ Таоло фармонига бўйсунмаган банданинг сазоси лаънатдур!” Оллоҳ Азозилга айтдиким: “Сен жаннатдан чиқ! Сен учун унда – кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Албатта, сен хор бўлгувчилардандирсан! Энди сен менинг даргоҳимдан қувилган малъунсан, энди сенинг номинг Иблисдур ва то жазо кунигача сенга барчанинг лаънати бўлур!”

Иблис илтижо қилиб: “Менга Башар тириладиган Кун – Қиёматгача ўлмасдан яшаш учун муҳлат бер!” – деди. Оллоҳ деди: “Сен муҳлат берилганлардансан!” Иблис айтдиким: “Қасамки, агар Сен мени Қиёмат кунигача тирик қолдирсанг, албатта, мен Одам зурриётини ҳам йўлдан оздируб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман, магар озгиналаригина ҳақ йўлда қолсалар-қолурлар”. Оллоҳ айтди: “Бор, сенга муҳлат бердим! Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда лашкарларингни торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл, уларга ёлғон ваъдалар қил! Аммо шуни билингким, Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат – ҳукмронлик йўқдир, ёлғиз гумроҳ кимсаларни бу Тўғри йўлдан оздира олурсан! Биз ҳар бир бандамизни Қиёмат кунида ўз номаи аъмоли билан чорлагаймиз. Бас, кимгаки ўз китоби – номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қанчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқирлар, яхши амалларининг савобларини билиб олурлар. Кимки, сенга эргашиб, кўр-гумроҳ экан, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир”.

Сўнг Оллоҳ Одамга қараб деди: “Эй Одам, сен эса жуфтинг Ҳаво билан Жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашманг, у ҳолда золимлардан бўлуб қолурсизлар”. Аммо Иблис Одам ва унинг жуфтини васвасага солди: “Эй Одам, мен сенга Абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми? Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ва жаннатда абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди. Сўзимга ишонинг, албатта, мен сизларга холисларданман”, — деб қасам ичди. Одам билан Ҳаво дарахт мевасидан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам яратган Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. Буни кўриб Парвардигор нидо қилиб деди: “Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?” Одам билан Ҳаво: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз!” – дедилар. Сўнгра Оллоҳ Таоло уларни сийлаб, яна ўзига яқин қилиб, тавбаларни қабул қилди ва Тўғри йўлга ҳидоят қилди ва яна деди: “Энди бир-бирингизга – шайтон одамга, одам шайтонга душман бўлган ҳолингизда Жаннатдан Ерга тушингиз. Энди сизлар учун ажалингиз етгунча Ерда қарор топиб, гуноҳингизни оқлаш билан машғул бўлинг. Ерда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан ҳисоб-китоб учун чиқарилурсизлар”.

Яна Оллоҳ деди: “Эй Одам, Биз сени лой мағзидан яратдик. Сенинг болаларингни ва қолган барча жонзотларни аввало, нутфи маноийдан, сўнгра инсон суратида шаклланиб битган-битмаган парча гўштдан оналарнинг қорнида уч қават зулмат ичида яратамиз. Уларни эркакнинг бели билан аёлнинг кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чиқувчи бир сувдан яратамиз. Ҳа, Оллоҳингиз шундай қудратли зотдирки, сенинг болаларингни энг ночор нарсадан – бир томчи сувдан яратгай. Сўнгра улар учун ночорликдан кейин куч-қувват пайдо қилғай, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни пайдо қилғай. Оллоҳингиз шундай зотки, у ўзи хоҳлаган нарсани яратур, илло, у қудратли ва билимдондир”.

Яна айтдиким: “Биз ўша Ерни ёйиқ ва кенг яратдик ва унда тўрт кун ичида тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда ҳар ернинг ўзига мослашган турли-туман нарсаларни ундириб-ўстирдик. Унда сизлар учунгина эмас, балки фақат Биз берадиган сизларнинг қўл остингиздаги кишилар учун ҳам ризқу насибаларни яратиб қўйдик. Сизларнинг ризқу-рўзингиз бўлмиш ҳар бир нарсанинг асли – манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчоқ билан сизларга туширурмиз. Биз шамолларни булутларга ҳомиладор бўлган ҳолларида юборамиз, осмондан ёмғир ёғдириб, сизларни у билан суғорамиз. Сўнг Биз сизлар учун шу сув ёрдамида экин ва боғларни пайдо қилдик. Сизлар учун у боғларда кўп мевалар бўлур, сизлар улардан ейсизлар. Сизлар учун етти жуфт чорва молларини яратдик, улар ҳам Бизнинг сизга умматларимиздирлар. Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларнинг юнгларидан кийим тўқиш, миниш каби кўп фойдалар бордир. Шунингдек, уларнинг гўшт-ёғидан ейсизлар. Яна уларнинг устида ва дарё-денгизларда эса кемаларда юк ташийсизлар.

Албатта, Биз ўзимиз барча жонзотларга ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Ҳеч бир одам Оллоҳ изнисиз, ажали етмай туриб ўлмайди, қаерда бўлсангиз ҳам сизларга ўлим етиб боражакдир. Биз барча ўтгандан кейин ҳам ёлғиз ўзи қоладиган ворисдурмиз. Аниқки, Биз сиздан илгари ўтган барча зотларни билдик, кейин келгувчи зотлардан ҳам хабардормиз”.

Яна айтдиким: “Огоҳ бўлинг! Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, қимматбаҳо отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишлар кўнгил қўйиш ҳаваси берилди, бу истак-хоҳишлар атайин чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг ўткинчи нарсаларидир. Билинглар, албатта, булар фитна-синовдир. Оллоҳнинг ҳузуридагина энг улкан савоб ва энг гўзал қайтадиган жой – Жаннат бордир. Шундай экан, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севинг”.

Яна айтдиким: “Оллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. У Зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидан) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудек, (Олов теккач) нур устига нур (бўлур). Оллоҳ ўзининг бу нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур”.

* * *

051Шайх Кубро олдидаги китобга бош эгиб тургани билан кўзлари юмуқ эди. У Замахшарий тафсирини ёддан биларди. Шайх шаҳар остонасида қонхўр ғайридинлар галаси турганидан, эрта-индин шаҳар забт этилишидан, ҳатто сўнгги жангда шаҳид кетишидан ҳам хабардор, шу қутлуғ айём яқинлашаётганини ич-ичидан туйиб руҳий устози китоби олдида тиз чўкиб ўтирганча, ул улуғ зотга ғойибона ташаккурлар айтар, Мовароуннаҳр тупроғига мўру малахдек ёпирилиб кирган куффорларнинг кирдикорлари айрим кимсалар худбинлиги, бадният орзуларга қул бўлгани туфайли бўлаётгани учун ёлғиз ўзи гуноҳкордек марҳаматли Тангридан узри-маъзур сўрар эди.

Шайх Кубро бир умр зўравонлик, зулм душмани бўлди. Чунки ҳамма ҳаром нарса мана шу зўравонлик, зулм ва жаҳолат туфайли эмасми?! Унинг йўли улуғ сўфийлар йўлининг давоми эди. Бу йўл ҳам машаққатли, ҳам шарафли йўлдир. Иншооллоҳ, уни шогирдлари давом эттиражак.

Алҳақ, Мовароуннаҳру-Хуросоннинг кўп азаматли ўғлонлари унинг хонақоси остонасидан ҳатлаб, унга иқтидо этдилар. Шайх уларнинг ҳар бирини фарзанддек азиз кўрди, аммо қаттиққўл отадек уларнинг йигитларга хос қайсарликларини букиб, ҳар бирининг кўнглига йўл топди, уларнинг беозор, аммо хира кўнгил ойналарини ёз осмонидек мусаффо этди, уларда ўз булутларини суздирди, юлдузлару ою қуёшини порлатди. Тариқат йўли – Ҳақни таниш йўлидан ҳеч қачон қайрилмасликлари учун уларнинг иродаларини ҳам турмуш, ҳам илм, ҳам тариқат синовлари билан тоблади, тобларкан, тасаввуф на русум, на улум, балки эҳтиёж эканини, агар русум бўлганда эди, ҳаракат билан қўлга киритмоқ мумкинлигини, агар илм бўлганда, таълим билан ҳосил қилишини, Оллоҳ мулкига эса на русум ва на илм билан кириб бўлмаслигини уқтирди. Бу шогирдларнинг ҳар бири битта йўлдан юрар, аммо ҳар бирининг ўз манзили тайин эди.

Ўнлаб шогирдлари ичида Маждиддин Бағдодий билан Сайфиддин Бохарзийга унинг бўлакча бир меҳру-муносабати бор эди. айниқса, Хоразмнинг Бағдодак мавзесидан бўлган Маждиддинга. Маждиддин аввал ҳеч кўрилмаган қисқа бир муддатда муршидлик ҳуқуқи – ижозат олишга мушарраф бўлди. Шайх Кубро даргоҳига илк қадам қўйганида, у ҳис-ҳаяжонга ўта мойил йигит эди. Шайх уни худди боғбон ноёб гул кўчатини эҳтиётлаб ўстиргандек, қунт ва сабр билан парваришлади. Аммо бари бир шогирди табиатида ҳаяжон устунлигича қолаверди. Валитарош унинг бу ҳаяжони асосий мақсадга эришишда ҳалақит беришидан қўрқарди. Аммо Маждиддиннинг ўзи ҳам охир-оқибат буни англади, ҳаяжонини жиловлаб, ундан моҳирлик билан фойдаланди. Бошқалар минг машаққат билан етишадиган ҳолга мана шу ҳаяжон туфайли оний лаҳзада эришадиган бўлди.

Мана шу ҳаяжони туфайли сўфийликнинг олий санъати – ғайб ул-лисонни эгаллади. Ў, қандай гўзал сатрлар битиши мумкин эди у! Водариғким, қисмати қора экан…

Шайх Кубро бўлиб ўтган машъум воқеадан сўнг шогирдидан қолган қоғозлар ичидан чиққан бир рубоийни эслаб, унсиз ларзага тушди. Бу рубоийни неча марта ўқимасин, ҳар гал унинг вужудида титроқ аралаш бир азоб зоҳир бўларди. “Наҳотки Маждиддиннинг ўзи ҳам қисматини олдиндан билган бўлса?” – дея ўйларкан, шогирдининг рубоийсини мунавваш ҳол шивирлаб ўқирди:

Дар баҳри муҳит ғўта хоҳам хўрдан,
Ё ғарқа, шудан, ё гуҳаре овардан.
Кори ту мухотар аст, хоҳам кардан,
Ё сурх кунам рўйи зи ту, ё гардан!

(Мазмуни: Баҳри муҳит аро шўнғисам дейман, ё ғарқ бўлмоқ, ёки гавҳар келтирмоқ истайман. Сенинг ишинг хатарлидир, бажо қилсам дейман, ё юзингни ол этсам ва ёки бўйнимни).

Маждиддин табобатда ҳам беқиёс эди. У кўп кишиларни, шу жумладан устозини ҳам оғир дарддан халос этди. Ҳатто шу йўлдан борганида ҳам у ўз даврининг Синосига айланиши мумкин эди. Афсус, минг бор афсуским, Маждиддин устозининг кўп гапларини уқмоқни истамади. Ўзини дунё эгалари деб билган султонларнинг касофатли саройларига борди, салтанат ишларига аралашди, бунинг оқибатида эрта нобуд бўлди.

Маждиддиннинг лисон ул-ғайб – шеъриятдаги иқтидори кундан-кун кучайиб борди, салтанатда унинг номи оғиздан-оғизга ўтиб, тўрт тарафга таралди. Тўрт томондан унинг ҳузурига муршиди муқтадолик тилаб шогирдлар кела бошладилар. Нишопурлик машҳур сўфий Фаридуддин Аттор ҳам Маждиддин Нишопурда бўлганида ўзини унинг муриди деб билди, неча вақт унинг хизматида ўтирди.

Бадфеъл Туркон хотун ёш шайх довруғини эшитиши заҳоти уни ўз ҳузурига чорлади. Биринчи суҳбатдаёқ Маждиддин Бағдодий малика эътиборини қозонишга эришди. Унинг шеърларидаги ақл ва эҳтирос бу дили қаттол аёлни ром этди. Шайхнинг кўзларидаги ёшлик олови унинг қарилик фаслининг совуқларида дийдираган юрагини илитгандек бўлди. Қиш пайти музлаб ётган биёбонда адашган йўлчи тўсатдан олдидан чиққан гулхан устига ўзини ташлагандек, малика ҳам зулмату фисқ-фужурдан иборат ҳаётига думли юлдуздек отилиб кирган шайхнинг этагини маҳкам ушлаб олди. Шайх ҳам маликани тақводорлик йўлига бошлаш ниятида у билан мунтазам суҳбатлар қурарди. Устига устак, Маждиддиннинг Хоразмшоҳ саройида мунший ва дабир бўлиб хизмат қиладиган биродари Баҳоуддин Бағдодий инисининг малика назарида кучайиб бораётган эътиборидан фойдаланиб, саройдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ўз таъсир доирасини кенгайтиришни истар, шу ниятда ёш шайхни Туркон хотун ҳузурига тез-тез келиши учун турли баҳонаю сабаблар ўйлаб топарди.

Шогирдининг саройга серқатнов бўлиб қолганидан ташвишланган Шайх Кубро уни ҳузурига чорлаб, панд-насиҳат беришга уринди.

— Бўтам, — деди у, — бу дунёда ўзини зўр деб билганларнинг кўзи кўр бўлади. Мен сизга дунё-ю охират яхшилигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатига эргашишда, неъматнинг тўла ва мукаммал бўлишини неъмат берувчидан миннатдор бўлишда деб ўргатдим. Тинчлик ва фароғат излаган қалбингиз йўли подшоҳларни тарк этиш, узлатла чекиниш, деб сабоқ бердим. Ахир Пири Ансорий “Султонлардан барҳазар бўлинг ва уларнинг навозишидан қўрқинг!” – демаганмидилар?! Алданишдан сақланинг! Сақланинг!

— Устоз, — деди шунда Маждиддин, — сабоқларингиз қулоғимда, Оллоҳнинг номи тилимда, ҳидоят афсари дилимда. Сиз барча подшоҳларни ўз дабдабаси билан овора бўлиб, ўзларидан ҳам, ўзларида содир бўлаётган нарсалардан ҳам бехабар, деб айтганларингиз эсимда. Шу сабаб уларнинг кўзини очмоқни ният қилдим. Муҳтарама малика ўз гуноҳларидан хижолатда, ўғли бўлмиш султони замонни шу йўлга ундаш истагида. Шариату диннинг пойдевори сабр билан ишонч, деб айтардингиз, ҳазратим. Сабр ва ишонч ила шу йўлдан борай…

Шайх Кубро кўз юмиб, бош чайқади ва алам билан пичирлади:

— Бўтам, султонларни нафс бошқаради. Сўзларингиз нафс уйғонгунча кор қилғай, уйғонса, унутгайлар…

Шайх шу сўзни айтди-ю, шогирдига панд-насиҳат кор қилмаслигини англаб, индамай хонақоҳига кириб кетди. Орадан оз вақт ўтмай, бир куни, оқшом дарвешлар суҳбатида Маждиддин устозига шукроналар айтмоқ бўлиб, шундай деди:

— Туш кўрдим. Биз дарё соҳилидаги қумлоқда ётган тухумлар эмишмиз. Ҳазрати шайхимиз қуш бўлиб учиб келмишлар. Ул киши бизни тухум ичидан ташқарига чиқардилар. Чиқибмизу шайхимизни соҳилда қолдириб, ёмон болалардек дарёга қараб югурибмиз…

Шайх Кубро шогирдининг сўзларини эшитиб, оғир ўйга толди. Кейин суҳбат охиригача гапирмай, Маждиддинга ўқтин-ўқтин тикилаверди ва ниҳоят маҳзун аҳволда оғиз очди:

— Бўтам, кароматли туш кўрибсиз. Бу туш сизни дарёда нобуд бўлишингизга ишоратдур.

Маждиддин Бағдодий устозининг бу сўзини эшитиб, қўрқиб кетди. Нима қилишини билмай, индамай чиқиб кетди. Бир неча кун унинг дараги бўлмади. Охири шайх хизматида юрган Саъдиддин Ҳамавийдан устозининг вақти хуш бўлган пайтда ўзига хабар беришни ўтинди. Шундай хабар етиши билан оёқяланг ҳолда шайх хонақоҳи пойгагига келиб тўхтади. Нажмиддин Кубро уни ичкарига чорлади.

— Бўтам, — деб нап бошлади одатдагидек Шайх Кубро, — имонингиз пок, ишончингиз мустаҳкам, ҳақиқат йўлидан юрдингиз. Аммо сиз бошингиздан айрилурсиз ва танангиз дарёда ғарқ бўлиб, нобуд бўлгайсиз… Буни ўзга эмас, ўзингиз каромат қилдингиз, мен уни еткурдим, холос.

Маждиддин устозининг сўзларини индамай эшитди. Шайхнинг босиқ овозида унга нисбатан на ачиниш, на ризолик туйғуси бор эди:

— Ул туш сизнинг нобуд бўлишингизга ишора бўлса, сизнинг ўлимингиз Хоразм сардорлари бошига тушадиган фалокатларга ишорадур. Хоразм хароб бўлғай, Гурганж сувга ғарқ бўлғай.

Шайх шундай деди-ю, бошини эгди, ичида нималарнидир пичирлаб ўқий бошлади. Маждиддин ўзини устози оёғи остига ташлади. Нажмиддин Кубро шогирдининг бошини силашга қўл чўзди-ю, қўли муаллақ қолди. Бу иши шогирдига нисбатан зулм бўлажагини англаб, қўлини тортди.

Машъум каромат тез кунларда амалга ошди. Маждиддин Бағдодий малика Туркон хотун эътиборини тўла қозониб олаётганини кўрган саройдаги айрим ҳасадчилар Муҳаммад Хоразмшоҳга ёш шайх битган шеърлардаги муҳаббат туйғулари маликага қаратилгани ҳақида ёлғон-яшиқ гапларни етказдилар. Хоразмшоҳнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Аммо қўшин ва девонда онасининг уруғ-аймоқлари барқарор эканини билгани учун қатъий ҳаракат қилишдан чўчиб, аламини ичига ютди. Аммо кунлардан бир кун саройдаги базм авжига чиқиб, Хоразмшоҳ қаттиқ маст бўлиб қолганини кўриб, Бағдодийнинг душманлари сўнгги ҳийлани ишга солдилар. Улар Хоразмшоҳ қулоғига: “Онанингиз – муҳтарама малика Имом Абуҳошим мазҳабига, энг даҳшатлиси Маждиддин Бағдодийдек ёш кимса никоҳига ўтдилар”, — деб ёлғон сўзни қуйдилар. Бадмаст ҳукмдор ғазабланганидан қиличини суғуриб, олдида турган май тўла мешни парча-парча қилиб ташлади. Сўнг “Шу заҳотиёқ Маждиддин Бағдодийни тутиб, бошини танидан жудо қилинг! Жасадини дарёга ташлаб, балиқларга ем қилинг!” – дея бақирди. Қора кийинган навкарлар гуруҳи Хоразмшоҳ амрини амалга ошириш учун саройдан от чоптириб чиққанида Гурганж аҳли уйқуда эди.

Тонгда ҳузурига фарёд солиб келган Баҳоуддин Бағдодийдан бу машъум хабарни эшитган шайх ғамгин шивирлади:

— Ё Оллоҳ, кароматинг тўғри чиқди… Маждиддин дарёда нобуд бўлди.

Сўнг бошини саждага қўйди ва узоқ ибодат билан машғул бўлди. Бошини саждадан кўтаргач, ўрнидан туриб шогирдларига қарата айтди:

— Ҳазрати Иззатдан фарзандим қони эвазига тавонлик тиладим. Тилагим ижобат бўлғай…

Хонақоҳда айтилган бу сўзлар тезда хуфиялар томонидан Хоразмшоҳ қулоғига етказилди. Султоннинг ўзи тунги қилмишидан ғоятда пушаймон эди, унинг қулоғига қуйилган гап туҳмат экан. Боз устига онасининг қаттиқ ранжиганидан ҳам хабар топиб, нима қилишини билмай ўтирарди. Шайх Кубронинг сўзларини эшитиб, қўрқиб кетди. Сўнг ҳузуридаги одамлардан маслаҳат тилади. Бирор арзирли гап чиқмагач, бир қарорга келди. Пиёда юриб шайх хонақоҳига етди. Ёнидаги мулозимларнинг бири тиллаю кумуш уюлган баркаш, иккинчиси қиличу кафанлик матони кўтариб олган эди. Муҳаммад Хоразмшоҳ пойгакда тўхтаб, бошини яланғочлади, сўнг:

— Агар товон тиласангиз, мана зар, агар қасос тиласангиз, мана қиличу мана бошим, — деди.

Шайх Кубро ўтирган жойидан қўзғалмади. Сўнг олдидаги лавҳда турган китобга кафтини қўйиб, оғиз очди:
— Кона фи ал-китоби мастуран…

Муҳаммад Хоразмшоҳнинг анграйиб турганини кўриб, қайтарди:

— Ҳукм улуғ китобда қайд этилган. Зулм қилишнинг, одамларга озор беришдан тийилмасликнинг товони ҳам зулм кўриш, озор чекиш. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмайди. Жазо яқин…

Муҳаммад Хоразмшоҳ ғазабини ичига ютди, қаҳрдан лаблари титраса-да, ўзини қўлга олди ва кескин бурилиб, шошилинч саройга қайтди. Ўша куни яна саҳаргача тўйиб ичди. У Шайх Кубронинг “Жазо яқин” деган сўзини базм давомида қайта-қайта эслар, ҳар сафар ичидан чиқишга уринган ғазаб алангасини шароб сели билан ўчирарди. Наҳотки, шайх мамлакат сарҳадларида пайдо бўлган мўғул лашкарларини назарда тутаётган бўлса? Наҳотки шайх жазо мана шу лашкарлар ҳукмдори ғайридин Чингизхон томонидан бўлажагини айтаётган бўлса?! Йўқ, йўқ, унга тенг келадиган султон на шарқда, на мағрибда бор! Ҳали у бадбахт халифани жазосини беради, ўз ҳукмини тан олдирмагунча қўймайди, керак бўлса, Бағдодга ҳам қўшин бошлаб боради. Чингизхон дегани ким бўпти?! Бир четда – дунёдан узоқ ва бехабар ҳолда яшаган қашшоқларнинг ҳукмдори-да!

Аммо шайхнинг гапларини ўйларкан, Хоразмшоҳ ичида қўрқув… йўқ, йўқ, қўрқув эмас, кейинги пайтларда тобора кучайиб бораётган шубҳа ва гумон ғимирлаб, ўзига тинчлик бермаётганини сезарди. Қўрқув ҳам, шубҳаю-гумон ҳам илондек совуқ бир нарса. Ҳақиқатан ҳам Муҳаммад Хоразмшоҳга тенг келадиган ҳукмдор на машриқда, на мағрибда бор эди. Аммо сўнгги йилларда юрагини тобора сиқувга солаётган совуқ илон оғуси ўзи билан баробар итоатидаги салтанатини ҳам ҳалок этажагидан у бехабар эди…

Орадан саноқсиз йиллар, кўп асрлар ўтади. Хоразмда Шайх Кубро ҳақида ғаройиб қиссалар, ажойиб ривоятлар, ҳикматомуз нақллар тўқилади. Уларнинг орасида шайхнинг эрта жувонмарг бўлган шогирди ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб ривоятлар ҳам бўлади. Мана шуларнинг бири:

Эмишким, Бағдод шаҳрида бир яҳудий бева аёл ёшгина ўғлони билан яшар экан. Аёлнинг касби табибчилик экан. Бир куни бева аёл туш кўрибди. Тушида оппоқ кийинган, сиймосидан нур ёғилиб турган чол унга шундай дебди: “Ўрнингдан тургин-да, ўғлингни олиб Хоразм мулкига отлан. Ўша ерда Шайх Кубро исмли бир мўътабар авлиё яшайди. Ўғлингни унинг қўлига топшир. Ягона Оллоҳ ҳаққи гувоҳлик бераман: ўғлингнинг камоли ўша шайх билан бўлажак, ўн йилдан сўнг фарзандинг довруғи оламни тутажак!”

Бева аёл уйғонгач, ҳовли-жойини сотиб, ўғли билан Хоразм томон йўл олибди. Гурганжга етиб келгач, Шайх Кубро хонақоҳини излаб борибди. Аёл остонага етар-етмай, Шайх Кубро унга пешвоз чиқибди ва айтибдиким: “Мен сизларни ўша сен туш кўрган кундан буён кутаман”. Аёл шайхнинг валийлигига иқрор бўлиб, ҳангу манг бўлибди. Сўнг фарзандини шайх қўлига топширибди.

Аму жўшиб оқаверибди, кунлар ўтаверибди. Шайх тарбиясига кирган бола ҳам улғайиб бораверибди. Устози нима ишга буюрмасин, бўйин товламай бажарибди. Бева аёл бир куни келиб кўрса, ўғли ҳожатхонани тозалаётган экан. “Мен шу ниятда ўғлимни шайх тарбиясига берганмидим, наҳотки ўғлимнинг камоли учун шу иш жоиз бўлса? Яхшиси, унга ўз касбимни ўргатганим маъқул эмасми?!” – деб ўйлабди, тушида айтилган кароматга шубҳа қилибди. Худди ўша пайт қаршисида Шайх Кубро пайдо бўлиб айтибди: “Шубҳа қилма, эй хотун! Ҳеч қандай меҳнатнинг уяти йўқдур, инонки, ўғлингни камолатини ҳали кўражаксан!”

Яна кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтибди. Ўғлон онасидан табобатни, устозидан қолган барча илмни қунт билан ўрганиб камолга етишибди. Идроки етилиб, ислом динини қабул қилибди. Шайх унга Маждиддин деб ном берибди.

Маждиддин ўз устозига садоқат билан хизмат қилар, садоқатда унга тенглашадиган мурид топилмас экан. Шу садоқати туфайли устозининг беқиёс меҳрини қозониб, шу меҳр туфайли иши ривож топиб бораркан, унинг шон-шуҳрати чор-атрофга ёйила бошлабди.

Аммо тўсатдан душманлар Хоразм мулкига бостириб кириб, Гурганжни қамал қилибди. Қамал узоқ давом этибди. Душман қанча уринмасин, шаҳарни ололмабди. Шунда душман Амударёдаги бандни бузиб, шаҳарни сувсиз қолдирибди.

Бир куни Шайх Кубро Маждиддиндан таҳорат учун сув келтиришни сўрабди. Маждиддин қараса, хонақоҳда сув қолмаган экан. Чор-атрофни излаб ҳам сув тополмабди. Аммо устозининг сўзини мудом бажаришга кўниккан шогирд сувсиз қайтишни истамабди. Шу сабабдан у устозига айтмай, девор ошиб Амударё томонга жўнабди. Аммо ёғийлар уни дарё соҳилида тутиб олиб, бошини танасидан жудо қилибдилар.

Таҳоратга сув олиб келиш учун кетган Маждиддинни кутган Шайх Кубро бу ҳолдан бехабар шогирдини сақирибди. Бир чақирибди, дарак йўқ эмиш. Икки чақирибди, дарак йўқ эмиш. Ниҳоят безовталаниб: “Ҳой Маждиддин, ўликмисан-тирикмисан, қайда бўлма, қай ҳолда бўлма, тезроқ етиб кел!” – деб чорлабди. Бу чорловни эшитган Маждиддин ўрнидан туриб, бир қўлида кесилган бошини, иккинчи қўлида сув тўла кўзани кўтариб устози ҳузурига етиб келган экан.

Бу ғаройиб ривоят Шайх Кубро азамати ҳақидагина эмас, шогирднинг устозига бўлган эътиқоди ҳақида ҳамдир.

Давоми бор

09

XURSHID DAVRON
SHAHIDLAR SHOHI
YOXUD NAJMIDDIN KUBRO TUSHLARI
I qismning yakuni va II qismning boshlanishi
022

* * *

0443Xorazmga qaytayotib, manzilga uch kunlik yo’l qolganda, karvon qum bo’roniga yo’liqdi. Juda qattiq shamol turib, yeru-osmonni chang-to’zon qopladi; atrofni xira zulmat chulg’adi. Karvon yo’llarining bilimdoni bo’lmish yo’lovchilarning biri Najmiddinga bola-chaqasini olib, shamolni to’sib turgan qumtepaning panasiga o’tib, ot-ulovning jilovini ushlagan holda ustilariga chakmonlarini yopib, mukka tushib yotish lozimligini uqtirdi. Qumbo’ron paytida shamol shunday qattiq kuchaydiki, Najmiddin qo’lida mahkam ushlab turgan jilovlarni birov atayin kuch bilan tortqilayotgandek bo’lardi. Yumuq ko’zlari o’ngida bo’ron farzandlarini uchirib ketayotgan mudhish manzaralar ko’rinar ekan, Najmiddin bir qo’li bilan jilovni borgan sari mahkamroq qisar, ikkinchi qo’li bilan o’g’lini bag’riga bosgan xotinini quchoqlab turardi. Ikki soat deganda, bo’ron birdan to’xtab, hammayoqni og’ir sukunat bosdi, yo’lovchilar bosh ko’tarib, mag’rib tomonni qoraytirgancha chekingan dahshat ortidan qo’rqib boqardilar. Dam o’tmay ular falokatdan qutulganlariga ishonib, ust-boshlarini qoqa boshladilar, tanish-bilishlar bir-biridan hol-ahvol surishtirar, ko’pchilik bo’rondan omon qolgan yukini yo’lga hozirlash bilan ovora edi.

Najmiddin qancha alanglamasin, bo’ron arafasida shoshib qolganidan yerga davra qilib cho’ktirilgan tuyalardan birining panasiga qo’ygan kitoblari solingan xurjunni ko’rmadi. Achchiq alam bo’g’zini qisib, ko’zlari yoshlanay-yoshlanay deb turganda, xotirasiga Muhammad Abu Homid G’azzoliyning bir hikoyasi tushdi-yu, chekayotgan g’ussasi nechog’li arzimas ekanligini angladi.

G’azzoliyning o’zi bu haqda shunday hikoya qilgan edi: “Yo’lda karvonimizga qaroqchilar hujum qilib, bor narsamizni talab ketdilar. Men qaroqchilar boshlig’ining ortidan borib, “Olgan narsalaring orasida senga hech qanday foydasi bo’lmagan bir to’rva bor, shuni qaytarib bergin”, deb yalindim. “To’rvangda nima bor edi?” – so’radi u. “Unda mening bor ilmim – juda ko’p kitoblardan olib yozilgan sharh va izohlar bor. Necha yillardan beri musofirlik azobini tortib topgan boyligim shu”, — dedim. Qaroqchi kulib: “Har qanday odam olib qo’yishi mumkin bo’lgan narsani “mening ilmim” deyishga uyalmaysanmi?” – dedi va: “Uning ilmini qaytarib beringlar!” – deb buyurdi. Bu gap menga shunday qattiq ta’sir qildiki, Tusga qaytib kelganimdan keyin uch yilgacha uydan tashqariga bir qadam qo’ymasdan o’sha yozgan sharh-izohlarimning hammasini yod olib, hech qanday qaroqchi ololmaydigan joyga – qalbimga jo qildim”.

Shu hikoya tufayli Najmiddin chekayotgan g’ussasi nechog’li arzimas ekanligini anglab, bola-chaqasi tashvishi bilan ovora bo’ldi.

Nihoyat, Sherozdan yo’lga chiqqan karvon suvsiz cho’llaru cheksiz sahrolar, yashnagan vohalar, bozorlari obod, serg’alva shaharlarni bosib o’tib, bir yarim oy deganda Gurganjga yetib keldi.

Xorazmga qaytgach, o’z xonaqohini tuzgan yosh shayx tez orada dovrug’ qozonib, ko’p izdoshlarga ega bo’ldi. Uning xonaqohi Xorazmshoh dorussaltanatining eng tabarruk go’shasiga aylandi. Shayx qaroqchi bo’ron o’g’irlangan qo’lyozmalarini tiklab, ularni to’ldirdi. Uning qalamiga mansub Qur’oni karim sharhiga bag’ishlangan, “Ayn al-hayot” atalgan tafsir, “Fi odobi solikin”, “Risolat ul-xoif ul-xayam an-lavmat ul-loim”, “Favoteh-ul janob” nomli risolalar, so’fiyona ruhda yozgan ruboyilari ma’lumu-mashhur bo’ldi. Illo, Shayx Najmiddin Kubro o’zi tuzgan Kubraviya maktabi aqidalarini lison ul-g’ayb – she’r tili bilan insonlar qalbiga singdirishga ko’p e’tibor berdi. Uning tarbiyasini olgan shogirdlari ham ustoz yo’lidan yurib, beqiyos satrlar yaratdilar.

Najmiddin Kubro ona yurtidan uzoqda yurganida – 1172 yilda Xorazmshoh taxtida o’tirgan Alp Arslon vafot etdi. U dunyodan ko’z yumgan paytda to’ng’ich o’g’li Takash poytaxtdan olisda – Jand shahrining voliysi edi. Alp Arslon o’limi oldidan xotini malika Turkon xotunning gapiga uchib, malikadan tug’ilgan kenja o’g’li Sultonshohni valiahd qilib belgilagan, ammo bemorning xasta farosati emas, balki makkor xotinning xudbin xohishi tufayli yuz bergan bu farmoyish ikki birodar o’rtasiga adovat qo’zg’agan edi. Illo, toju-taxt rasm-rusumga ko’ra to’ng’ich o’g’ilniki bo’lishi lozim edi, buni aksi bo’lgani esa arkoni davlatni qonuniy taxt egasi va g’ayran belgilangan valiahd tarafdorlariga bo’lib, raqobatni kuchaytirdi.

Xorazmshoh deb e’lon etilgan Sultonshoh akasi huzuriga odam yuborib, “Takash huzurimizga kelib, o’z hukmdoriga sadoqatli bo’laman deb qasam ichsin”, — deb talab etdi. Takash: “Men Sultonshohni hukmdorligini tan olmayman”,- degan javob qaytargach, Turkon xotunning maslahati bilan uni tutib kelish uchun Jandga qo’shin jo’natildi. Bundan xabar topgan Takash qoraxitoyliklar panohiga qochdi va ulardan ko’mak so’rab, “Agar hokimiyat menga tegsa, sizlarga boj to’layman”, degan va’dalar qildi. Qoraxitoyliklar qo’shini Xorazmga yaqinlashib kelganidan xabar topgan Sultonshoh Xurosonga – Nishopur voliysi Muayyid huzuriga qochdi.

1172 yilning oxirida dorussultanat Takash qo’liga o’tdi. Ammo bu bilan kurash to’xtamadi, aksincha kuchaya boshladi. Malika Turkon xotun voliy Muayyidni Takashga qarshi yurishga da’vat qilib, agar o’g’lining yana Xorazmni egallashiga ko’maklashsa, unga mustaqillik berishini aytdi.

Ikki tarafning qo’shini Gurganjdan bor-yo’g’i yigirma farsahli masofada joylashgan Suburna (bugungi Shohsanam) qal’asi yaqinidagi yalanglikda to’qnashdilar. Takash manzilga muxoliflardan oldinroq kelib, puxta o’rnashishga ulgurgan edi. U Xorazm qo’shinini jangga o’zi boshlab kirdi. Sultonshoh bo’lsa jilovni to’la voliy ixtiyoriga berib, jangni chetdan kuzatishni ma’qul ko’rdi. Xufiyalar bu haqda xabar yetkazishgach, Takash o’zini toju-taxt uchun avaylagan birodari ahvolidan kulib, “Agar hukmdor jangni boshqarolmas ekan, mamlakatni qanday boshqarsin, bunday hukmdorning xotindan nima farqi bor!” – dedi. Jang xorazmliklar g’alabasi bilan tugadi. Qo’lga tushgan voliy Muayyid qahri qattiq Takash amri bilan chopib tashlandi.

Jangda mag’lub bo’lgan, ammo davlat havasidan kechmagan ona-bola Girkan (Kaspiy) dengiziga yaqin Dihiston qal’asiga amallab yetib oldilar. Ammo ularning ortidan yetib kelgan Takash shaharni qamal qildi va juda qisqa vaqt ichida zabt etdi. Bu gal ham Sultonshoh tuzoqdan eson-omon qutulib chiqdi, ammo malika qo’lga tushdi. Takash mamlakatda ro’y berayotgan g’avg’olar sababchisini qatl etdi.

Sultonshoh esa dastlab Nishopurga, Muayyidning o’g’li To’g’anshoh panohiga, u yerda To’g’anshohning betakalluf munosabatidan qo’rqib, qolaversa, hokimiyat uchun kurashishga loyiq yordam ololmasligini anglagach, parchalangan saljuqiylar santanati xarobalari o’rnida qaror topib kuchayib borayotgan davlat – g’uriylar mulkiga, bir paytlar g’azna shahriga o’t qo’ygani uchun Jahonso’z laqabini olgan malik Alouddin Husaynning o’g’illari malik G’iyosiddin va Shihobiddin huzuriga ketdi. Aka-uka uni tantana bilan kutib oldilar, zero g’uriylar Xurosonda yakkahokimlik uchun kurash olib borar, zaif bo’lsa-da, valiahdlik huquqi bor Sultonshohga yordam berish bahona Xorazmshohlar mulkining janubiy yerlarini qo’lga kiritish mumkin edi. qolaversa, bu paytda Movarounnahrda yuzaga kelgan vaziyat ham bu maqsadni amalga oshirishga qulaylik tug’dirardi.

Darhaqiqat, Movarounnahrda hukmronlik talasha boshlagan qoraxitoyliklar bilan xorazmliklar o’rtasida muxoliflik juda kuchaygan edi. Ziddiyat qoraxitoyliklarning taxtni egallashda ko’rsatgan ko’maklarini pesh qilib, Takashga tegishli yerlarda xohlagan ishlarini qila boshlaganlari tufayli boshlandi. Bunday o’zboshimchaliklardan g’azablangan Takash huzuriga va’da qilingan bojni to’lashni talab qilib kelgan qoraxitoyliklar elchisini qilichi bilan chopib tashladi. Bu esa ikki o’rtada urush vaziyatini yuzaga chiqardi.

Bunday qulay imkoniyatdan tezkorlik bilan foydalanmoq zarurligini anglagan Malik G’iyosiddin hayallamay Sultonshohga qo’shin to’plashga ko’maklashdi. Sultonshohning o’zi bo’lsa Bolosog’unga – qoraxitoyliklar poytaxtiga borib, malika Uen Tyandan ko’mak so’radi.

Iltimosi yerda qolmasligi uchun malikani chalg’itib, “Xorazmda mening tarafdorlarim qo’shindayam, fuqaro ichidayam ko’pdir, — dedi. O’zlarini aldangan deb hisoblagan qoraxitoyliklar Sultonshohga yordam berish bilan Takashni jazolashga qasd qildilar va malikaning eri Fuma boshliq qo’shin Xorazm ustiga yurdi. Takash bu gapdan xabar topib, Gurganj qal’asini mustahkamlashga kirishdi, qoraxitoyliklar qo’shini yaqinlashganda esa, Amudaryo bandlarini ochib tashlashni buyurdi. Oqibatda Gurganj atrofini suv bosib, shaharga yaqinlashgan ilojsiz bir harakatga aylandi.

Fuma kutish foydasiz ekanini anglagach, orqaga qaytishni ma’qul ko’rdi. Sultonshoh esa undan bir qism qo’shinni o’zi bilan qoldirishni iltimos qilarkan, bu kuch yordamida Xorazmga yaqin biror-bir qal’ani zabt etib, kurashni davom ettirishni aytdi. Fuma bu fikrni ma’qulladi. Sultonshoh tez orada qoldirilgan navkarlar ko’magida o’g’izlar qo’lidagi Saraxs qal’asini egalladi. Bu voqea 1180 yili sodir bo’ldi. Muvaffaqiyatdan ilhomlangan Sultonshoh tarix sahnasidan tushgan saljuqiylar davlatining ulug’ poytaxti – Marvni ham qo’lga kiritib, itoatiga kiritgan yerlar markaziga aylantirdi. Shundan keyin u qoraxitoyliklarga javob berdi. Ammo o’zi shaharda qamalib o’tirmadi, qo’shin to’plab, mulkini kengaytirishni davom ettirdi. Tez orada Tus, Zom, Nassa, Abivard qal’alarini o’z tasarrufiga kiritdi. Keyin esa bir paytlar o’ziga panoh bergan voliy Muayyidning o’g’li To’g’onshoh mulki Nishopurga ko’z olaytirdi. O’rtada kechgan jangda To’g’onshoh yengilib, uning butun xazinasi Sultonshoh qo’liga tushdi.

Onasi nazoratidan o’z istagi bilan bo’lmasa-da, qutulib mustaqil harakat qila boshlagan Sultonshoh, hokimiyat uchun kurash o’zini taxt uchun avaylamoq emas, balki janggohda qilich ushlab jang qilish, boshqalarni o’z ortidan ergashtirish yo’li – qahramonlik ekanini tushunib yetgan edi. Ammo Takash ham raqibining tobora kuchayib borayotganidan xavotirga tushib, uning payini qirqish xayolida edi. Bu orada mag’lubiyat alamiga dosh bermay vafot qilgan otasi To’g’onshoh o’rnini egallagan Sanjarshoh o’z otabegi bo’lmish makkor Mengli Teginning qutqusiga uchib, Xorazmga bo’ysunishdan bo’yin tovlab, fitna boshladi. Har ikki muxolifini bir zarb bilan yo’qotish tadbiriga kirishgan Takash Nishopur ustiga otlandi. Sultonshoh esa egasiz qolgan dorussaltanatni qo’lga kiritish payida Marvdan chiqib, o’z qo’shinini Gurganj sari boshladi. Bundan xabar topgan Takash yo’lini o’zgartirdi – Marvga qayrildi. Amul qal’asiga yetgan Sultonshoh bu haqda aytishganda, u vahimaga tushdi va qo’shinini tashlab, bir guruh askarlari bilan Marvga qarab ot choptirdi. Mana shu bir hovuch askar bilan Takash qo’shin saflarini yorib o’tib, Marvga kirib oldi. Takash esa shaharni qamal qilishdan saqlanib, yana Nishopurga yo’nalishni ma’qul ko’rdi.

1186-1189 yillar orasida kechgan jangu-jadallar tufayli Sanjarshoh bilan Mengli tegin fitnasi barham topdi, Nishopur Takash itoatiga qayta bo’ysundirildi, Sultonshoh bilan esa sulh tuzildi. 1189 yilning 4 iyulida Takash taxtga o’tirib, o’zini butun mulk egasi – Xorazmshoh deb e’lon qildi.

Ammo o’jar va mudom ichimdan top qabilida ish ko’ruvchi, birovdan o’chini olguncha tinmaydigan Sultonshoh akasi Takash hukmini tan olishni aslo o’ylamasdi. Uning g’uriylardan ko’mak olish umidi hali so’nmagan, sulh esa ular bilan yashirin muzokara olib borish uchun juda zarur edi. Darhaqiqat, g’uriylar uning ko’mak berish haqidagi iltimosini bajonudil qabul qildilar, hatto Sultonshoh ularning ta’sir doirasidagi yerlarga ko’z olaytirganda ham bundan ko’z yumdilar. Illo, ular Sultonshohning tobora kuchayib borayotganini bilsalar-da, undan-da qo’rqinchliroq Takashga munosib raqib hozirlashni muhimroq bilardilar. Butun o’y-hayollari shu reja bilan band g’uriylar muxolif birodarlar bir-biri bilan urishib, kuchsizlanishlarini poylashar, ana o’shanda har ikkalasining mulkini qo’lga kiritish rejasini tuzishardi. Sultonshoh esa Malik G’iyosiddinning unga qilayotgan marhamatining boisi qo’rquv deb anglardi va g’uriylardan Hirot, Bushanj, Bodg’isni o’z itoatiga berishni talab qila boshladi. Hatto aka-uka Maliklar G’iyosiddin va Shihobiddin uning bu kurakda turmas talabini bajo keltirishlariga bir bahya qoldi. Biroq oraga g’uriylar davlatining shavkatli arboblaridan sanalmish Majdiddin al-Alaviy bilan malikalarga jiyan bo’lmish Nosiriddin Alp G’oziy tushdilaru bu “marhamat” yuzaga chiqmadi.

Sultonshohning talabi muhokama etilgan davlat devonida bu ikki shaxs maliklar niyatiga qattiq qarshilik ko’rsatdilar. Majdiddin al-Alaviy g’azabdan otashin ko’zini Malik G’iyosiddinga tikib, burro-burro gapirdi:

— Ul ko’rnamay shahzoda marhamatingizni qo’rquv alomati deb bilmoqda, sultonim! Shuni anglaysizmi, yo’qmi?! Axir, u o’z birodari mamlakatidan quvg’in qilgan bir sargardon kimsa bo’lsa-yu, siz uni izzat qilsangiz, qilichingiz kuchi bilan o’g’izlaru Sulton Sanjar amirlaridan tortib olgan mulklarni uning nopok oyog’i ostiga tashlasangiz! Axir sizning bu ishlaringizdan uning birodari – Xorazmshoh xabardor bo’lsa, nafaqat badbaxt Sultonshoh so’ragan yerlarni, sarhadi Hindistonga yetgan butun shavkatli mulkingizni olish xayolini qilmaydimi?!

— Mard bo’lsa, maydonga chiqsin! – dedi Alp G’oziy g’urur bilan.

— Ha, zo’r bo’lsa, kelsin, olsin o’sha yerlarni!.. Ammo bizni haqorat qilishdan tiyilsin, tuzlig’ingizga tupurmasin! – Alp G’oziy entikib to’xtadi va majlisda qatnashayotgan Sultonshoh elchilarini ko’rsatib.

— Bular borib aytsinlarkim, qilich zo’ri bilan olingan mulkni qilich bilan tortib olish mardning ishi, nomardning ishi esa tilanchilik qilishdur!

Al-Alaviy ham o’rnidan turib, Sultonshoh elchilariga yaqinlashdi va boya qanday oshiqib-toshiqib gapirgan bo’lsa, o’shanday davom etdi:
— Sulhni shavkatli sultonimiz nomidan tuzdik. Ammo biz, — u Alp G’oziyni ko’rsatdi, — biz qarshimiz! Davlatimiz sha’ni qo’rqmay aytaman, sizlar esa Sultonshohga yetkazing. Biz, men al-Alaviy bilan

Alp G’oziy bu kundan e’tiboran uning ashaddiy dushmanimiz! Bundan so’ng o’rtamizda qilichdan boshqa narsa bo’lmag’ay!..

Elchilari bo’lib o’tgan voqeani hikoya qilib berishgach, Sultonshoh kibr bilan baqirdi:
— O’rtamizda qilichdan boshqa narsa bo’lmag’ay?! Shunday dedilarmu?! Juda a’lo! Qasamki, qilichimni bu ikki murdor qoni bilan bo’yamasam, — shahzoda xuddi al-Alaviy bilan Alp G’oziyni ko’rib turgandek qilichini yalang’ochlab po’pisa qildi. – O’ladigan kunim yetsa azobdan to’lg’anib o’lay!

Ammo Sultonshoh qilichini jangda sindirdilar. U Marv yaqinida g’uriylar qo’shinidan mag’lub bo’ldi va bir hovuch odamlari bilan shaharga qaytib kirdi. Omadsiz valiahd yana qoraxitoyliklarda ko’mak so’rash niyatida yo’lga otlandi. Ammo uning mag’lubiyatidan darak topgan Xorazmshoh Takash qo’shin tortib kelayotganini, boz ustiga uning rejasidan ogoh bo’lib yo’llarni to’sib olganini eshitgach, qo’lga tushmaslik uchun yo’lini o’zgartirdi, o’limdan uyatsizlikni a’lo ko’rdi: kechagina qilichi damini g’uriylar qoni bilan bo’yashni dag’dag’a qilgan Sultonshoh raqiblari panohiga qochishdan o’zga iloj topolmadi. G’uriylar uni shunday tantanavor kutib oldilarki, butun dunyodan umidini uzgan Sultonshohning yuziga yana qon yugurdi. Xorazmshoh esa Malik G’iyosiddin al-G’uriyga noma yo’llab, Sultonshohni mamlakatda vayronagarchiliklarni yuzaga keltirib va o’ziga qarshi qo’shin tortishdan ayblab, fitnachini tezda qo’liga topshirishlarini talab qildi. Biroq, malik bu talabni bajarishdan bosh tortib, Takash elchisiga shunday dedi:

— Borib o’z hukmdoringga ushbu so’zlarimni yetkaz: “Ey Takash! Sultonshoh mamlakatda vayronagarchiliklar yuzaga keltirgani, senga qarshi isyon ko’targani haqidagi so’zlaringni eshitdim. Jonim haqi qasamki, ul mamlakat senikimas, unga tegishlidur. Illo, u saltanat hukmdori va hukmdorlar farzandidur, unga eng oliy murodu-maqsadlar yarasharlidur. Shunday ekan, agar u hokimiyatga egalik qilishni istagan ekan, bu uning fazilatidur. Illo, hokimiyat unga o’xshaganlarga xosdur. Qolaversa, Sultonshoh mening huzurimga panoh istab keldi va men hech qachon uni sening qo’lingga topshirmayman. Yaxshisi, sen o’z mulkingga qaytda, uning otasidan qolgan mulk, xazina va boshqa boyliklardan o’z ulushini ajratib ber…”

Malika G’iyosiddin shu gaplarni aytarkan, so’zlarini maroq bilan tinglab o’tirgan birodari Shihobiddin bilan ko’z urishtirib olgach, jilmayib davom etdi:
— Yana shuni yetkaz: “Ey Takash, bundan keyin men sizning har ikkingizdan mehr-shafqatimni ayamasman, sen esa Xorazmda nomimni xutbaga qo’shdirgaysan va go’zal singlingni mening shon-shavkatli birodarim Shihobiddinga xotinlikka bergaysan!..

Bu so’zlarni eshitib o’tirgan Sultonshohning yuzi birdan qizarib ketdi, biroq dam o’tmay o’zini o’nglab, hech nima bo’lmaganday, miq etmay o’tiraverdi.

Malik G’iyosiddin javobini eshitgan Xorazmshoh Takash eng avval uni shunday sharmandali so’zlarni eshitishga majbur qilgan birodari Sultonshohni bo’ralatib so’kdiki, uning huzurida o’tirgan ilmu adab ahli o’zlarini qaerga qo’yishni bilmay qoldilar. So’ng esa g’uriylarga urush ochish tahdidi bitilgan maktub jo’natdi. Har ikki tomon urushga qizg’in tayyorgarlik ko’ra boshladilar.

Birinchi harakatni g’uriylar boshladilar. Sultonshoh bilan Alp G’oziy boshliq qo’shin Xorazmga bostirib kirdi. Gurganjga yetay deganda, Sultonshoh jang qilishdan hayiqib, orqasiga chekindi.

Kelasi – 1192 yili Xorazmshoh Iroqi Ajamga yurish boshlab, Ray shahrigacha yetdi. Biroq, ob-havo noqulay kelib, qo’shinning qariyb yarmidan ajralgach, orqasiga qaytdi. Yo’lda uning yo’qligidan foydalanmoqchi bo’lgan Sultonshoh Gurganjni qamal qilgani haqida eshitgan Takash ildam ravishda dorussaltanatga shoshildi. Sultonshoh, bu gal ham birodari bilan to’qnashishdan hayiqib Marvga chekindi.

1193 yilning bahori aka-ukaning qariyb yigirma yillik kurashini nihoyasiga yetkazgan voqealar bilan boshlandi. Takashning ilg’or qo’shini Abivard qal’asiga yetganda, o’rtada yana elchilarning bordi-keldisi boshlandi. Bu orada Sultonshoh g’uriylardan ko’mak olmoq uchun vaqtdan yutmoqchi edi. Ammo ko’p marta qo’l kelgan rejasi bu gal amalga oshmay qoldi. Illo, o’rtadagi kurashda juda muhim harbiy o’rin tutgan Saraxs qal’asi Takash qo’liga o’tdi. Qal’a Qutvolining xiyonati tufayli yuz bergan bu falokat haqida eshitgan Sultonshoh butun umidlaridan batamom ayrilganiga iqror bo’ldi. Bu xiyonat uning kunduzini zulmatga, kechasini azobga aylantirdi.

Bir payt ichgan qasamini Olloh ro’yob etdi: u ikki kundan keyin chidab bo’lmas azoblardan to’lg’anib olamdan o’tdi – umidlari barbod bo’lganiga chidolmagan yurak kuyib ado bo’ldi. Uning o’limi tufayli tez orada Marv va uning atrofidagi yerlardan tortib, Hirotgacha bo’lgan Xurosonning katta qismi Xorazmshoh Takash mulkiga qo’shildi.

Bu voqealar kechgan paytda Shayx Najmiddin Kubro necha yildan buyon Gurganjda xonaqoh tiklab yashayotgan, to’ng’ich o’g’li maktabni ado qilayotgan, kenjasi otasidan Qur’on tilovat qilishning dastlabki urflarini o’rgana boshlagan edi. Mamlakat sarhadlarini kengaytirish maqsadida olib borilayotgan jangu-jadallardan uzoqda bo’lgan Gurganjda hayot go’yo bir maromda kechardi. Ammo bu xotirjamlik aldamchi edi: poytaxt, inson hujayralaridagi har bir o’zgarishni sezib turgan yurak kabi, tobora kengayib borayotgan saltanatdagi har bir voqeadan xabardoru-ogoh, u zohiran tinch, botinan tashvishli hayot og’ushida edi…

So’nggi yillarda Xorazmshoh Takash bilan Bag’dodda o’tirib butun islom dunyosini boshqarishga urinayotgan xalifa an-Nosir o’rtasiga sovuqchilik tushib, bir-birlariga bo’lgan adovat kuchayib ketgandi. Beomon jangu-jadallar, makru-fitnalardan so’ng betinim davom etgan muzokaralar, elchilarning borib-kelishlari, bir-birlariga boshqa hukmdorlarni qayrash siyosati uzoq davom etdi. Har ikki tomon past tushgisi kelmas, biri butun islom dunyosining xalifasiman deb baland kelsa, ikkinchisi butun islom mulkining sultoniman deb da’vo qilar edi, o’zaro yarashuvlar vaqtincha davom etar va albatta yana jangu-jadal, qo’shin tortib borish dag’dag’asi, hatto bir-birlariga suiqasd uyushtirishlar bilan yakunlanardi.

Xorazmshoh Takash o’z umrining so’nggi yillarini markazi Kazvinning shimoli-g’arbida, Alburs tog’idagi tik qoyalarning birida o’rnashgan Alamut qal’asi bo’lgan, qariyb bir yarim asr avval Hasan as-Saboh tashkil etgan ismoiliylar davlatiga qarshi kurashlar bilan o’tkazdi. Mana shu jangu-jadallar paytida Xorazmshoh bir o’limdan qoldi. Aniqrog’i, uni o’limdan cholg’uga bo’lgan muhabbati qutqarib qoldi. Darhaqiqat, Xorazmshoh Takash ud sozini chalishda tengi yo’q mahorat sohibi edi, biror kunni udni chalmasdan o’tkazmas, qilich ushlab dag’allashgan barmoqlari ud torlariga urilganda, hukmdorning mudom jiddiy chehrasi batamom o’zgarib ketardi. Mana shu muhabbat uni o’limdan saqlab qoldi.

Ismoiliylar o’z odatlariga binoan bir fidoyini pinhoga tarzda Xorazmshohni o’ldirishga yubordilar. Qotil shom qorong’isida soyaday sirg’alib Takash qarorgohiga kirib oldi va payt
poylab, Xorazmshoh chodiriga bilintirmay yaqinlashdi. Bu payt Takash ud chalib, qo’shiq kuylardi. Qotil chodir og’ziga emaklab borar ekan, ichkaridan uchib chiqqan kuy aralash Xorazmshoh ovozini eshitdi:

— Men seni tanidim, qoch, joningni qutqarib qol!..

Bu ovozni eshitgan ismoiliy qo’rqib ketdi va qochishga tushdi. Orada shovqin-suron ko’tarilib, soqchilar fidoyini qo’lga oldilar va Takash huzuriga olib kirdilar. Bo’lgan voqeani surishtirgan Takash o’zini o’limdan hozirgina kuylagan qo’shiqning bir satri – ma’shuqaning oshiqqa qarata aytgan xitobi qutqarib qolganini angladi, Ismoiliyni o’limga buyurgach, udni qo’lga olib, o’sha qo’shiqni qaytadan boshladi:

Men seni tanidim, qoch, joningni qutqarib qol!
Joningni qutqarmasang, kel, mening jonimni ol…

Ismoiliylar ustidan g’alaba qozongan Takash azaliy orzusi – Bag’dodni egallash uchun yurish boshladi, ammo to’satdan ahvoli og’irlashib, Nishopurga yaqin Shahriston degan manzilda olamdan o’tdi. Sana 1200 yilning 3 iyun kuni edi.

Xorazmshoh Takash qariyb qirq yillik hukmronligi davrida ko’p xatolarga yo’l qo’ydi. Biroq uning bir xatosi bor ediki, u tufayli ko’p vaqt o’tmay Xorazmshohlar davlati g’orat va batamom nas-nobud etildi. Bu xato uning qipchoqlar xonining qizi Turkon Xotunga uylanishi edi. Bu xato Turkon Xotun edi, malikaning xudbinlik va manfaatparastlik asosida tuzgan siyosati edi. bu xato tantiq xotinlarga xos bo’lgan xislat – hech bir ishning asosini mustahkam bo’lishini o’ylamaslik, oniy orzu-havaslar ixtiyorida yashash, o’zining kichik bir da’vosi oldida davlat va xalqni qurbon qilishgacha borish edi.

Turkon xotun badfe’l, o’ch olishga mukkasi bilan berilgan, hokimiyatga havasmand malika edi. Boylikka o’chlikdan zohir bo’luvchi ochko’zligi va rashkining chegarasi yo’q edi. Bir marta erining haramdagi kanizaklar bilan hammom hovuzida cho’milayotganidan xabar topgan Turkon xotun hammom eshigini qulflab qo’ydi. Xorazmshohning issiqdan bo’g’ilib o’lishiga sal qoldi, yaxshiyam saroy xizmatchilari bundan ogoh bo’lib, eshikni ochib, bechora “bandi”ni qutqardilar. Xorazmshoh qutuldi-yu, ammo bechora kanizaklarga jabr bo’ldi. Saroyni to’la o’ziga bo’ysundirib olgan malika odamlari kanizaklarni birin-ketin bo’g’ib o’ldirdilar. Ha, Turkon xotun g’azabi nihoyasiz edi. Bu g’azabning ko’zlari ko’r, u na go’dakni, na qarini ayar edi. Bu g’azabning ko’zlari yolg’iz unga giriftor bo’lganlarning qiynoqli o’limlarini ko’rish uchungina ochilardi.

Malika siymu zarga o’ch barcha xotinlardek mamlakatda bo’lgan eng noyob zebigardonlar, beqiyos taqinchoqlarning hammasi o’ziniki bo’lishini xohlardi. Uning bu fe’li odamlarga ko’chgan: saltanatning benazir va shavkatli arboblari, ilmu adab sohiblarining ham o’ziga xizmat qilishini, yolg’iz o’ziniki bo’lishini istar, talab qilar, bo’ysunmaganlarni itoatga keltirish uchun hamma narsani qo’llardi. Shayx Kubroning ulug’ shogirdi Majdiddin Bag’dodiyning qo’rqinchli zavoli ham shu xotin tufayli sodir etildi. O’z davrining ibn Sinosi bo’lmish bechora Majdiddin xasta malikani davolash uchun saroyga yo’l olgan paytida o’lim komiga qarab ketganini, ko’nglidagi davo istagi kun kelib uni o’limga mahkum etgan asossiz da’vo bo’lib qaytajagini anglaganmikan? Mana uch yildirki, Shayx Kubro bu haqda ko’p o’ylar, shahid ketgan, shogirdlikdan ustoziga teng murshidi muqtadoga aylangan Majdiddinni unutolmas, dorussaltanatda sodir bo’layotgan betavfiq ishlarning aksariyatiga malika yoki uning o’g’lining qo’li zohir bo’laroq, unutishga imkon bermas edi…

Xorazmshoh Takash o’limidan keyin taxtga Turkon xotunning o’g’li Qutbiddin Muhammad o’tirdi va o’sha ondan boshlab o’g’il bilan onaning hokimiyat uchun yashirin raqobati boshlandi. Bu kurash Qutbiddin Muhammad hokimiyatini tan olmay, muxoliflik yo’liga kirgan toju-taxt da’vogarlariga qarshi ona-bola hamjihat kurashgan paytda ham davom etdi. Takashning o’limi tufayli boshlangan to’s-to’polonlardan foydalangan mahalliy hukmdorlar mustaqillik da’vo qila boshladilar. Xorazmiylar Iroqi Ajamdan quvib chiqarildilar. Nishopur voliysi bo’lmish Xorazmshohning amakivachchasi Hinduxon isyon yo’liga kirdi va g’uriylarga hamtovoq bo’ldi. Qarib qolgan Malik G’iyosiddin al-G’uriy Xorazmshoh mulkiga bostirib kirib, qisqa muddatda Talakon, Marv, Saraxs, Nasa, Abivard va Nishopurni zabt etdi. Voqealar shunday shiddatli davom etdiki, 1204 yil yoz bilan kuz o’rtasida Shihobiddin al-G’uriy boshliq qo’shin Gurganj ostonasiga kelib yetdi. Shahar aholisi beomon jangga hozirlik boshladi, din ustuni va saltanat tayanchi deb nom olgan imom Shihobiddin al-Xivaqiydan tortib malika Turkon xotuncha shahar mudofaasini tuzishda fidokor bo’ldilar. Shayx Kubro ham o’z shogirdlari bilan kechalari shahar devorlarini qo’riqladi, mo’ylablari sabza urgan farzandlarini fuqarolardan iborat qo’shin safiga turishga da’vat qildi. Urush ko’raverib, dorussaltanatning har bir fuqarosi jangga mudom shay: kosib ham, qavvol ham, baqqolu-novvoy ham jangchi edi. Hatto bir marta Xorazmshoh Takash bir jangda mag’lub bo’lib, bir hovuch askari bilan kechasi shaharga qochib kirgan bo’lsa, tongda darvozalar ochilganda, Xorazmshoh ortidan ellik minglik qo’shin saf tortib chiqqani ham tarixdan ma’lum.

Ammo gurganjliklar chetda qolib, jang g’uriylar bilan Xorazmshohga ko’makka yetib kelgan qoraxitoyliklar o’rtasida bo’ldi. Shihobiddin al-G’uriy qo’shini yengilib qochdi, bu mag’lubiyat g’uriylar davlatining tanazzulga yuz tutishiga, oxir-oqibatda parchalanib ketishiga sabab bo’ldi. Qutbiddin Muhammad ikki yil ichida g’uriylar mulkining asosiy qismini o’ziga tobe qilishga erishdi va 1207 yildan boshlab butun harakatini qoraxitoyliklar asoratida bo’lgan Movarounnahrni qo’lga olishga qaratdi. Xuddi mana shu yili u qoraxitoyliklarning Samarqanddagi noibi xonlar xoni Usmondan yashirin maktub oldi.

Qoraxoniylarning mashhur davlat arboblaridan biri, Samarqandda salkam o’ttiz yillik hokimiyat yurgizgan Tamg’achxon Ibrohimning o’g’li bo’lmish Usmon taxminan 1204 yilda, o’n yetti yoshida taxtga o’tirgan edi. U 1210 yilda Go’rxonning qiziga sovchi yuboradi, ammo rad javobini olgach, Xorazmshohga ikkinchi maktubini jo’natadi va uni hamjihatlikka chaqiradi. Illo, anchadan buyon vaziyat tarozusining Xorazmshoh pallasi og’irlashgan, Go’rxon esa o’z mamlakatida zimdan yetilib kelayotgan isyonlarni oldini olish bilan ovora edi… Usmon Xorazmshohga jo’natgan birinchi maxfiy xatida quyidagilarni yozdi: “Olloh Taolo senga ulug’ vazifa – hukmdorlik ato etdi, sening qo’shiningni qudratli qildi. Uning bu inoyati sening ahli mo’min va ularning molu-mulkini kofirlar zulmidan xalos etmoq, ularga azob bergan g’ayridinlar ilkini qirqmog’ing uchun bo’ldi. Shunday ekan, endi biz sening hamfikringmiz, sening itoatingdamiz. Ularga berganlarimizni senga bergaymiz, nomingni xutba etarmiz”.

Usmon maktubidan so’ng ketma-ket Buxoro sadri jahonlari – burhoniylardan ham ko’mak so’ralgan da’vat keldi. Bu da’vatning sababi ma’lum: Buxoroi sharifda notinchlik boshlangan” Sanjar ismli majanfurush boshchiligida xalq isyon ko’targan edi. Bu isyon aslida qoraxitoyliklarning mahalliy gumashtalariga qaratilgan edi. Burhoniylar boshliq bu toifa majanfurushni o’zini malik deb e’lon qilishda, shaharning akobirlariga jabr ko’rsatib, ularni shahardan quvayotganlikda ayblab, Xorazmshohga murojaat qilgan edilar. 1207 yilda Gurganj qo’shini Buxoroni egallab, Sanjar boshliq isyonni bostirdi. Bu orada Samarqandga borib kelgan elchilar Usmon o’zi bo’ysungan qoraxitoyliklarga qarshi urush boshlashga shay ekanligini yetkazdilar.

Ammo bu haqda xabar topgan Go’rxon urushga tayyorgarlik ko’rish bilan barobar makru-hiyla san’atidan ustalik bilan foydalandi. U xufiyalarni ishga solib, Xorazmshohning ayrim qo’shin boshliqlarini katta va’dalar evaziga o’ziga og’dirib oldi. Mana shu xiyonatkorlar dushman tarafiga o’tib ketgani tufayli Qutbiddin Muhammad hal qiluvchi jangda yutqazib qo’ydi, qo’shin tahlikaga tushib tumtaraqay bo’ldi, oqibatda ko’p navkarlari qatorida Xorazmshohning o’zi ham qoraxitoyliklar qo’liga asir tushdi. Uning asir tushgani, hatto o’ldirilgani haqida mish-mishlar tarqalib, mamlakatda boshboshdoqlik boshlandi, juda ko’p tobe yurtlarda uning nomi xutbadan olindi. Asir shohning inisi Tojiddin Alishoh dorussaltanatdan olis Tobaristonda bo’lishiga qaramay, o’zini Xorazmshoh taxtining yangi egasi deb e’lon qilishga shoshildi.

Ammo Qutbiddin Muhammad asirlikdan qutulib qaytdi. Bu qutulishning chorasi quyidagicha bo’ldi: Xorazmshoh odatdagidek oddiy jangchi kiyimini kiyib jang qilgani uchun uni asir olgan qoraxitoylik toju-taxt egasi ekanligidan bexabar holda unga ko’pchilik qatori muomalada bo’ldi: Xorazmshoh bilan birga uning amirlaridan biri – ibn Mas’ud ham dushman qo’liga tushgan edi. Ibn Mas’ud hukmdorga o’zini uning xizmatkori qilib ko’rsatishni maslahat berdi. Xorazmshoh ham bu fikrni ma’qul bilib, amirning xizmatini qila boshladi: ovqat keltirar, kirini yuvardi. Qoraxitoylik buni ko’rib ibn Mas’uddan: “Sen martabali odamga o’xshaysan, aytchi, kimsan?” deb so’radi. Ibn Mas’ud: “Men falonchi amirman, bu esa mening g’ulomimdur!” – dedi. Shundan so’ng qoraxitoylik: “Agar g’uloming seni shunchalar ulug’lar ekan, men seni qo’yib yuborishim qiyin!” – dedi, ammo amirga ehtirom ko’rsata boshladi.

Oradan vaqt o’tib bir kun ibn Mas’ud qoraxitoylikka: “Ey falonchi, sen men uchun badal puli olmoqchisan. Ammo shoshil, agar qarindoshlarim Xorazmga qaytgan qo’shin orasida meni ko’rmasalar, ular meni o’ldiga chiqarurlar, butun molu-davlatimni bo’lib olishga kirisharlar va sen badalsiz qolgaysan! Shoshilmasang bo’lmaydi!” – dedi. Qoraxitoylik uning bu gapini ma’qul topdi va ular Xorazmga odam yuborishga kelishdilar. Ibn Mas’ud yana aytdi: “Ey qoraxitoylik, men bir maktub yozib, o’sha odamga beray, toki oilam va qarindoshlarim mening tirikligimdan xabardor bo’lsinlar, sen so’ragan badalni o’sha odamga bersinlar”, — dedi va badalni tezroq qo’lga kiritish istagida ko’zlari yonib turgan qoraxitoylikka qarab so’zini davom etdi: “Ammo sen yuboradigan odam mening oilamni topa olishi qiyin, qolaversa, uni tanishmaydi. Yaxshisi, mening g’ulomim borgani ma’qul, yo’lniyam yaxshi biladi, bola-chaqalarimu xeshlarim ham uni yaxshi taniydilar”. Qoraxitoylik bu maslahatga ko’nib, o’z amiriga g’ulomlik qilayotgan Xorazmshohga bir odamini qo’shib Gurganj tomonga yo’lladi. Dono va sadoqatli amirning tadbiri tufayli Xorazmshoh asirlikdan qutuldi.

Qutbiddin Muhammad xiyonatchilarni qattiq jazolagach, juda qisqa muddat ichida mamlakatda tartib o’rnatdi, hatto shu paytgacha bir qismi itoatda bo’lgan Xurosonning qolgan mavzelari ham uning qo’l ostiga o’tdi. Mana shundan so’ng u yana nigohini Movarounnahrga qaratdi. Bu orada urush ochishga bahona ham topildi: Go’rxon yuborgan elchi Tushi rasm-rusumni unutib, aniqrog’i, o’zi bilan yonma-yon taxtga o’tirib olganini ko’rgan Xorazmshohning qoni qaynab ketdi, elchini chopib tashlab, murdasini Amuga tashlashni buyurdi. Bu haqdagi xabar Go’rxonga yetib bormasdan avval u Movarounnahrga bostirib kirdi. Go’rxonga sovchi yuborib, rad javobini olgan Usmon ham unga qo’shildi. G’ayridinlar asoratida bo’lgan movarounnahrliklar Xorazmshoh askarlarini o’z xaloskorlari sifatida kutib oldilar, ular bilan barobar dushmanga qarshi jang qildilar.

Xorazmshoh bilan Go’rxon o’rtasidagi hal qiluvchi jang 1210 yil kuzning boshida Sirdaryo ortidagi Ilamish dashtida bo’ldi va u xorazmiylarning g’alabasi bilan yakunlandi, natijada butun Movarounnahr Xorazmshoh davlati tarkibiga kirdi.

Bu g’alabadan so’ng Qutbiddin Muhammad o’ziga Iskandari Soniy laqabini oldi. Turkon xotun esa Xudovandi Jahon-Jahon hukmdori laqabini o’ziga ma’qul bildi va o’zining tug’rosida: “ismat at-dunyavad-din Ulug’ Tarkon malika nisa al-alamayn” so’zlari biln barobar “i’tasamtu billahi” kalimasidan iborat shiorni o’ydirdi va shu tug’ro bosilgan farmonlar chiqara boshladi. U tug’rosini Xorazmshoh tug’rosi bilan teng bilar, bu esa aslida o’zini o’g’lidan ulug’ deb sanashini bildirardi. Ona bilan farzandning raqobati avjga chiqib, oliy maqomiga yetdi.

Gurganjga qaytgan Xorazmshoh Movarounnahr mulkini qo’lga kiritishida ko’maklashgan Samarqand hukmdori Usmonga qizi Xonsultonni xotinlikka berdi. To’ydan keyin o’z mulkiga qaytishni istagan Usmonga Turkon xotunning talabi bilan bir yilgacha javob berilmadi. Har gal ruxsat tilagan kuyovga ota-bobolar udumini pesh qilishdi, “Chillangiz chiqmasdan qanday qaytasiz”, — deyishardi. Ammo “chilla” bir yilga cho’zildi.

Bir yildan so’ng Samarqandga qaytgan Usmon qaynotasiga qarshi isyon boshladi. Uning yo’qligida shaharni boshqargan Xorazmshoh amiri aholini o’z jabr-zulmi bilan qon qaqshatgan edi, buni qaytishi bilan sezgan, qolaversa, bir yillik shohona qamoq azoblari jonidan o’tgan Usmon xalqni Xorazmiylarga qarshi ko’tardi. U eng avvalo, Xorazmdan xotinini kuzatib kelganlarni ayamay qirib tashlashni buyurdi, Xonsultonni esa boshqa xotinlarining xizmatini qilishga majbur qildi. Bunday haqoratga chidolmagan Xonsulton bir guruh Xorazmiylar bilan shahar qal’asiga kirib bekindi.

Xorazmshoh g’azabidan qo’rqqan Usmon Go’rxonga elchi jo’natib, yana uning itoatida bo’lishga tayyorgarligini izhor qildi. Ammo tez orada yetib kelgan Xorazmshoh qo’shini uch kunlik jangdan so’ng Samarqandni egalladi. Shahar osmonini alanga va tutun bilan barobar qatli omga mahkum odamlarning ohu-nolasi tutdi. Faqat samarqandlik sayyidu imomlarning yalinib-yolvorishlaridan keyingina Xorazmshoh qirg’inni to’xtatishga rozi bo’ldi. Xonsultonning talabi bilan Usmon qatl etildi – Movarounnahrdagi so’nggi qoraxoniy hukmdor shunday o’lim topdi.

Qutbiddin Muhammad uzoq muddat Samarqandda qolib ketdi. Bir paytlar xalifa al-Ma’mun ta’riflagandek, Movarounnahr beqiyos uzugu uning ko’zi bo’lmish Samarqand jamoli Xorazmshoh ko’nglini rom etgan, qolaversa, Xorazmshoh Gurganjga, yana onasining yoniga, malikaning urug’-aymog’i bilan to’lib ketgan o’sha fitnakor saroyga, har qadami kuzatilgan, hatto ko’nglida kechgan xayoli o’sha zahoti onasiga ma’lum bo’ladigan fitnalar uyiga qaytishni istamadi. Nima bo’lgandayam bu hol keyinchalik ham takrorlana boshlandi va Samarqand Xorazmshoh davlatining ikkinchi poytaxti bo’lib qoldi. Hukmdor farmoyishiga binoan shaharda yangi jome’ masjidi va arki oliy qad tikladi, qo’shinning eng katta qismi ham shu yerda muqim bo’ldi.

Ammo uning g’alabasi aldamchi edi, illo uning harakati bilan zaiflashgan qoraxitoyliklar davlati hokimiyat uchun boshlangan kurash tufayli tanazzulga yuz tutdi va oqibatda Sharqda tobora kuchga kirib borayotgan Chingizxon davlati bilan Xorazmshoh mulki orasidagi devor o’rtadan ko’tarildi. Ammo Qutbiddin Muhammad hali buni anglab yetmagan, u saltanatning janubi-g’arbiy sarhadlarini kengaytirishga kirishgan edi. Izchil olib borilgan elchilik siyosati va urush harakatlari natijasida tez orada Iroqi Ajamdan tashqari Mozandaron, Arron, Ozarbayjon, Shirvon, Fors, Kirmon, Makron, Mang’ishloq, Sijiston, G’ur, G’azna va Bomiyon Xorazmshoh tasarrufiga o’tdi, Hindiston sarhadidan Hurmuz qo’ltig’igacha bo’lgan yerlarda Xorazmshoh nomiga xutba o’qildi. Xorazmshoh saltanatidagi shaharlar soni to’rt yuzdan oshdi.

Takash bilan xalifa an-Nosir o’rtasidagi adovat bu paytga kelib yana qo’zg’aldi. Muhammad Xorazmshoh ham otasiga o’xshab yo’l tutdi: payg’ambar noibi, jumla mo’minlarning sardori – xalifa hokimiyatiga daxl etdi. U o’z itoatidagi to’rt yuz shahardan tashqari xalifalik poytaxtida – dunyoning o’rtasi va islom qubbasi sanalmish Bag’dodning barcha masjidlarida ham o’z nomiga xutba o’qitishni, o’ziga buyuk saljuqiy sultonlarga ko’rsatilgan izzat-ikrom qilinishini talab qilib elchi jo’natdi. Bundan ko’zlagan murodi o’zini jumla musulmon mulkining oliy hukmdori deb e’tirof etilishi edi. Xalifa an-Nosir: “Xorazmshoh boshqa hukmdorlar qatori inoyatimiz sarhadidadur”, — deb uning talabini rad etdi. Qutbiddin Muhammad xalifaga qarshi ochiqdan-ochiq qarshi borish uchun arzirli bahona chiqquncha kutishga ahd qildi. Shu orada xalifa o’g’li Abu Nosir Muhammadni davlat ishini yurgizishga noqobillikda ayblab, uning nomini xutbadan olib tashlashni buyurdi. Yolg’iz Xorazmshoh bundan bo’yin tovladi, hatto xalifa farmoyishiga bo’ysungan ayrim mulkdorlarga qarshi qo’shin tortdi. Ammo Bag’dod ustiga borish uchun bu bahona bo’lolmasdi.

Keyin an-Nosir Makkai Mukarrama hukmdorining mustaqil idora yurgizayotganidan norozi bo’lib, bo’ysunmas hokimni o’ldirmoqchi bo’lib, o’z odamini yuborgani ma’lum bo’ldi. Makka hukmdori Hazrati Ali ibn Abutolibning avlodlaridan edi. Xorazmshoh imomlarga murojaat qilib, an-Nosir mansub abbosiylar xonadoni xalifalik taxtini Hazrati Ali xonadonidan zo’rlik bilan tortib olgani, bu xonadonga mansub kishilarni o’ldirishga kirishganlikda aybladi, uning bu xatti-harakati xalifaga xos emasligini, qolaversa haqiqatni tiklab, uning o’rniga Hazrati Ali avlodiga mansub kishini belgilash lozimligini aytarkan, imomlardan an-Nosirga qarshi jihod e’lon qilishga fatvo berishlarini talab qildi. Ish shu darajaga yetdiki, Xorazmshoh dargohi shia’ mazhabiga mansub sayyidlaru-ulamolarning najot qal’asiga aylana boshladi. Xorazmshohning bunday siyosati saltanatning sunniy aholisi g’ashini keltirdi. Hatto Xorazmshoh shia’ mazhabini zo’rlik bilan tarqatarmish degan mish-mishlar, vahimali ovozalar to’rt tarafga tarqaldi. Movarounnahru-Xuroson shahar-qishloqlarida: “Pok mazhabimizga rofiziylar aralashmasin, iloyim! Unda harom bo’lamiz, choryorlarning qarg’ishiga qolamiz! Yana urush bo’lg’ay, yana yo’qchilik bo’lg’ay!” – degan shivir-shivirlar eshitila boshlandi. Ammo Xorazmshoh bu gaplardan bexabar, xufiyalaru-farmonbardorlar bu haqda og’iz ochishga qo’rqishar, Turkon xotun esa o’g’lining yo’l qo’ygan har bir xatosi uning foydasiga bo’layotganidan xursand edi. Malika ikki yo’l tutar, dargohiga shikoyat bilan kelgan sayyidu-ulamolarga qo’shilib, o’g’lining bu ishini qoralar, o’g’li bilan yuzma-yuz bo’lganda esa bu haqda churq etmasdi.

1212 yili Xorazmshoh huzuriga xalifaning elchisi, bag’dodlik so’fiylarning piri komili, shayx Shihobiddin as-So’hravardiy tashrif buyurdi. Shayx Shihobiddin Abu Hafs as-So’hravardiy o’sha davr tasavvufining ulug’ namoyandasi edi. u nisbat al-xirqa – xirqa kiyganlar avlodidan edi. Uning amakisi Shayx Abu Najib as-So’hravardiy ko’p ulug’ shayxlarni, shu jumladan Shayx Kubro ustozlarini, xususan, Shayx Ro’zbehon Kozaruniy – Mifiyni tarbiyalagan murshid bo’ldi. Ularning deyarli barchasi So’hravardiya tariqatining peshvolari sifatida mashhur edilar. Shayx Kubroning o’zi ham bu tariqat ahliga mehr qo’ygan, uning aqidalarini rad etmasdi.

Abunajib Abdulqodir ibn Abdulloh So’hravardiyning laqabi Ziyouddin edi. U hijriy 490 yilda Zanjonning So’hravard manzilida dunyoga keldi. Abunajib o’n uch yoki o’n to’rt vosita orqali hazrati Abubakrga borib ulanardi. Yoshlik chog’larida Bag’dodga keldi, madrasada ta’lim olar ekan, tasavvufga berildi va uzlatga chekindi. U Shayx Ahmad G’azzoliydan irshod topdi. So’fiya ahli rusumiga ko’ra, u kasb ortidan halol luqma topishga intilib, meshkoblik bilan shug’ullandi. Yillar o’tib azamati va qurbati to’rt tomonga yoyildi. U tiklagan madrasa va rabot muxlislar ziyoratgohiga aylandi. Umrining so’ngida Baytulmuqaddasni tavof qilishga otlandi, ammo salibchilar qo’zg’agan urush sababidan orzusiga yetolmadi. U Damashqda qolib, bir necha vaqt va’zgo’ylik bilan shug’ullandi va 563 yili Bag’dodda olamdan o’tdi. Shayx Abunajib qalamiga mansub “Odob ul-muridin” risolasi tasavvuf ahlining e’tiborli kitobi sanalardi. Bu risola so’fiya qoidalarini muridlar odobi orqali bayon etishga bag’ishlangan edi. Eronli tasavvufshunos Abulhusayn Zarrinko’bning yozishicha, “bu risola mutolaasidan ma’lum bo’ldiki, u (Abunajib) fiqhda hadis ahlidan va muomalatda darveshlikni davlatmandlikdan ustun sanar va hol bo’yicha ilmni tan olmagan kishilarga zid ravishda, ilm fazilatiga behad ishongan so’fiylar toifasidan edi… Uning nazarida, tasavvufning boshlanishi – ilm, o’rtasi – amal va oxiri – mavhibat (ehson) erur. Ilm murod etilgan narsani kashf etsa, amal talabni muyassar etadi va mavhibat amal orqali erishilmog’i lozim g’oyaga yetadi. Shu sababdan tasavvuf ahli uch tabaqadur: muridi tolib, mutavassati toyir va muntaho vosil. Bular orasida murid sohibi vaqt bo’lsa, mutavassit xudovandi hol erur va muntaho sohibi yaqindur”.

Abunajibdan boshlangan So’hravardiya tariqati vaqt o’tib, Bahouddin Zakariyo Mo’ltoniy va Shayx Faxruddin Iroqiy vositasida hind zaminida intishof topdi. Eron so’fiya silsilasida, jumladan, Ne’matullohi, Piri Jaloliya va Safaviya tariqatlari So’hravardiya zaminida o’sib-ungan nihollar edi. Ammo Bag’dodda uning ruhoniy merosini shayxning ham shogirdi, ham jiyani bo’lmish shayx ul-islom laqabi bilan mashhur shayx Shihobiddin Abuhafs Umar ibn Muhammad So’hravardiy qabul etdi. Bu zot hijriy 539 yil sha’bonida Zanjon So’hravardida olamga kelgan edi. U Bag’dodda qarindoshi shayx Najibuddin So’xravardiy, Abdulqodir Giloniydan, keyinchalik Basrada o’z davrining ulug’ allomalaridan saboq oldi.

Zamon o’tib, uning nomi ham amakisinikidek olamga yoyildi. Uning suhbatiga tashna ilmparvarlar: shohu-gado baravar Bag’dodga oqib kela boshladilar. 599 yilda xalifa Nosiruddinulloh (an-Nosir) Furot daryosining tarmog’i bo’lmish Iso sohilida rabot tiklab, uni shayx Shihobiddinga in’om etdi. Shayx mana shu rabotda yashab ko’p asarlar, shu jumladan so’fiylik bayoniga oid “Avorif al-maorif” risolasini bitdi, ko’p salohiyatli shogirdlar tarbiyalab, “Shayx at-ta’lim va at-tarbiya” nomini oldi. So’hravardiya tariqati tarixi Shayx Abunajibdan boshlangan bo’lsa-da, shayx Shihobiddin nomi bilan qaror topdi..

U boshlang’ich tarbiyani amakilaridan olgan bo’lsa-da, ularning yo’lini qattiq tutmadi, xilvatnishinlikdan ko’ra hukmdorlar, xususan, xalifa an-Nosir xizmatida bo’lishni ma’qul ko’rdi, futuvvat ruhida turdi. Xalifa ham so’fiylarning ommaga bo’lgan kuchli ta’siridan o’z manfaati yo’lida unumli foydalanishni ko’zladi. An-Nosir topshirig’iga binoan Movarounnahrga kelgan shayx bundan avval ham ko’p hukmdorlar huzuriga, elchilikka borib, xalifa nomidan muzoakaralar yuritgan. Shayx Shihobiddin as-So’hravardiy Xorazmshohning shia’ tarafiga og’a boshlaganidan xavotirga tushgan xalifaning ko’ngil e’tirozlarini olib kelgan edi.

055Muhammad Xorazmshoh xalifa elchisini Buxoroda katta e’tibor bilan kutib oldi. Dastlab juda maroqli mavzular bilan boshlangan majlis shayx as-So’hravardiy bir hadisni sharhlab, abbosiylar xonadoniga ziyon yetkazishdan saqlanishni uqtira boshlaganidan so’ng noqulay jimlik ichida qoldi. Ammo sukut uzoqqa bormadi, Xorazmshohning qoni qaynab, hozirgina tabassum yashnatgan yuzi qip-qizargancha og’iz ochdi:

— Hazrati shayx, arab tilidan bexabarligimiz bois, bizni bir sodda va nodon turk deb bilmasinlar. Illo, men u kishi aytgan hadis ma’nosini juda yaxshi angladim. Yana shuni quloqlariga quysinlarkim, biz hali al-Abbos xonadoniga mansub biror-bir zotga ziyon yetkazgan, ularga qarshi biror-bir g’ayri maqsadimiz ham yo’qdur. Ammo biz eshitdikki, ahli mo’minlar sardori Salimning zindonlarida bu xonadonga mansub ko’p shaxslar azob chekmakdilar, o’sha yerda tug’ilib, o’sha yerda o’lim topmoqdalar. Shul sababdan ham, Hazrati shayx bu hadislarini Umar ul-mo»minin huzurida aytsalar ham ibratli, ham o’rinli bir ish bo’lur edi.

Bu gapni eshitib qo’rquvdanmi, hayajondanmi rangi duv oqarib ketgan shayx as-So’xravardiy tutila-tutila xalifa yonini olishni davom ettirdi. Ammo Xorazmshoh bu gaplarni eshitmaganga olib, qo’li bilan mashshoqlarga “Chaling!” – deganday ishora qildi. O’sha zahoti Xorazmiy torining mungli sasi yangrab, o’rtadagi noxush sukunat o’rnini to’ldira boshladi. Ammo mungli kuy avjiga chiqqani sayin g’azab va qo’rquv orasidagi dillar ostonasida qoldi: shayx tezroq bu qo’rqinchli dargohni tark etmoqni, Xorazmshoh esa xalifadan qay yo’sinda o’ch olmoqni o’ylardi…

Oradan ko’p vaqt o’tmay, Xorazmshoh haj mavsumida uning mulkidan yo’lga chiqqan ziyoratchilarga xalifatga qarashli yo’l va manzillarda la’nati ismoiliylardan ham battarroq munosabatda bo’lishganidan xabar topdi. Bunga javoban u an-Nosir nomini xutbadan va tangalardan olib tashlashga farmon berdi. Bunga qanoatlanmay, saltanatdagi ahli ulamoyu imomlarni to’plab, fitnachi xalifani shariat nomidan zeru-zabar etishga va Hazrati Ali avlodi bo’lmish Alo ul-Mulk at-Tirmiziyni xalifalikka tayinlash uchun fatvo berishlarini qat’iyan talab etdi. Yig’ilganlar uning qahru-g’azabiga duchor bo’lishdan shundoq fatvoni berishni afzal topdilar. Ammo fatvo olgan Qutbiddin Muhammad bu gal ham Bag’dodga qo’shin tortishga shoshilmadi.

Ammo g’azna olinganida qo’lga tushgan g’uriylarga mansub hujjatlar orasida xalifaning maliklarni Xorazmshohga qarshi urush ochishga da’vat etgan bir necha maktubi topildi. Eng dahshatlisi, bu qog’ozlar orasida an-Nosirning qoraxitoyliklarga yuborgan bir maktubi bor edi. unda islom dunyosining qo’riqchisi bo’lmish xalifa g’ayridinlarni Xorazmshoh davlatiga bostirib kirishga da’vat etardiki, bu esa, burgaga achchiq qilib ko’rpani kuydirgan qabilida ish tutganxalifaning islom dunyosiga xiyonati edi. Buni Bag’dod ustiga qo’shin tortish uchun arzirli bahona bo’lishini anglagan Xorazmshoh 1217 yil yozining oxirlarida harakatga tushdi.

Qo’shin Hamadonga yetganidan xabar topgan an-Nosir yana shayx as-So’hravardiyni Xorazmshoh huzuriga yuborib, nima qilib bo’lsayam, urushning oldini olishni tayinladi. Bu gal shayx oldingidek tantanavor kutib olinmadi, muomala juda sovuq va xatarli bo’ldi; bechora elchi har lahza jonini hovuchlab turdi.

Uni Xorazmshohning ulkan va qo’sh-qo’sh ayvonli zarbof bezaklar bilan bezatilgan chodiriga taklif qilishganda, qo’rquvi yana oshdi. Ammo qo’rquv aralash bo’lsa-da, qadam qo’ygan maskanininggo’zalligi va hashamdorligidan og’zi ochilib qoldi. Hatto xalifa ham bunday muhtashamlikni yetti uxlab tushida ko’rmagan bo’lsa kerak, deb o’yladi shayx. Dahlizda darajasiga qarab saf tortib turgan Ajam mulkiga qarashli Hamadon, Isfahon, Roy va boshqa shaharlar hukmdorlarini ko’rdi. Keyingi ipak ayvonga o’tganda, u yerda Xuroson mulkidagi Marv, Nishopur, Balx va boshqa manzillar voliylarini ko’rdi. Shayx uchinchi ayvonga o’tganda, uning dahlizida movarounnahrlik hukmdorlar ulug’vorlik qiyofasida tizilgan edilar. Nihoyat, oltin iplar bilan beqiyos naqshlar chekilgan ulkan xirgohda o’tirgan Xorazmshohga ko’zi tushdi. Uning boshi uzra yuksalib turgan sijof qiyosi va bahosi yo’q toshlar bilan bezatilgan edi. Egnida Buxoroning zarbof to’ni, boshida mo’ynali qalpoq kiygan Qutbiddin Muhammad safarda foydalanadigan oddiy taxtda viqor bilan o’tirardi.

Shayx Xorazmshohga yaqinlashib, xalifa elchisiga xos sipolik bilan ta’zim qildi va salom berdi. Ammo Muhammad Xorazmshoh javob bermadi, yetmish uch yashar elchini hatto o’tirishga ham taklif etmadi.
Shayx as-So’hravardiy podshoga tikilardi-yu, uning xotirjam yuzini emas, o’sha olis Buxorodagi g’azabdan qip-qizarib ketgan, dahshatli holatini ko’rib turardi. Ko’rardi-yu, dilida o’sha tanish qo’rquv g’imirlay boshlaganini sezardi. Ammo elchi burchini ado etishi shart, illo, vaziyat chatoq: agar u bir necha yil avval Buxoroga Xorazmshohni nomaqbul maqsadlaridan qaytarishga borgan bo’lsa, bugun uni yovuz harakatlardan qaytarishi lozim edi. Shayx as-So’hravardiy qo’rqar, ammo bu qo’rquv jon hifzining emas, ahli muslim qoni to’kilishining oldini ololmay qaytishning – ilojsizlikning qo’rquvi edi.
Burch qo’rquvdan ustun keldi: shayx gapini yana al-Abbos xonadonining fazilatlari haqida, xalifa an-Nosir islom posboni va tayanchi, ahli mo’minlarning oliy rahbari, pokdomon va taqvodor odam ekanligini aytishdan boshladi. Xorazmshoh chehrasida biror-bir his-hayajon zohir etmagan holatda, shayx gapini davom ettirishga ortiq imkon bermay, qat’iyat bilan so’zladi:

— Hazrati shayxga aytinglarkim, ul kishi ta’rif etgan, tillaridan bol tomib hamdu-sano qilgan zot Bag’dodda yo’qdur. Mana biz Bag’dodga borsak, o’shanday zot unda mujassam bo’lg’ay! Hazrati shayx bizning dargohimizda qoladilar, o’zlari ta’riflagan zotning Qubbai Islomga qanday kirishiga guvoh bo’ladilar…

Xorazmshoh so’zini yakunlab, “Gap tamom!” degandek boshini egdi. Shayx as-So’hravardiy qulog’iga esa o’sha olis Buxoroda eshitgan mungli kuy quyula boshladi. Ammo xirgohda mashshoqlar yo’q
edi…

1217 yilning kech kuzida Muhammad Xorazmshohning qo’shini Bag’dod ustiga yurdi. Qo’shin shunday ulkan ediki, oraliqdagi dashtu-biyobonlar, ekin yig’ishtirib olingan dalalar otlarning kishnashi, yaroqlarning jarangiga to’lib ketdi. Qo’shinning ilg’or qismi Bag’dod mulkiga yaqinlashgan, asosiy qo’shin esa Asadobod dovoniga yetganda, kuchli qor yog’ini boshlanib, havo haddan tashqari qattiq muzlab, kecha-kunduz tinmagan qor bo’roni boshlandi. Uch kun davom etgan dahshat natijasi halokatli bo’ldi: qanchadan-qancha askarlar dovonning har ikki tarafida muz qotib halok bo’ldilar, otlar tarashaday qotdilar, ustiga-ustak, sovuqdan diydirab adashib yurgan jangchilarni tog’lik kurdlar qilichdan o’tkaza boshladilar, egasiz qolgan zaxiralarni talon-taroj etdilar. Ulkan qo’shindan bir hovuch askargina omon qoldi.

Xorazmshoh ortga – Buxoro tomonga qaytar ekan, butun yo’l davomi xalifani la’natlashdan charchamadi, to’xtagan manzillarida, Ajamu Xuroson, Movarounnahrda xalifa nomini xutbada tilga olmaslikni talab qildi. Ammo ayrim shaharlarda uning farmoyishiga zid xalifa nomi xutbada yod etilishi davom etdi. Dorulmulk Gurganjda ham uning talabiga quloq solmadilar. Qutbiddin Muhammad bunday bo’yin tovlashlar uning xatolaridan ustalik bilan foydalanayotgan onasining amri yoki g’oyibdan qo’llab-quvvatlashi bilan bo’layotganini bilar, farmoni ado etilmagan o’sha shaharlarning ko’pchiligi onasining urug’-aymoqlari tomonidan idora qilinishidan xabardor, ammo chora ko’rish qo’lidan kelmas, imkonsiz edi. Ha, Asadobod dovoni uning shavkatini yerga urdi, Turkon xotunning esa qudratini oshirdi, bu ahmoq xotin avvallari har bir gapida o’g’lining davlat ishida uquvsiz deb pinhona ta’kidlagan bo’lsa, endi uni salohiyatsiz sarkarda deyishgacha bordi, hatto qo’shinniyam o’z itoatiga olishga urinmoqda.

Yurtiga qaytgan Xorazmshoh nima qilishini bilmas, asosan Buxoroyu-Samarqand oralig’ida, ba’zan qisqa muddat Gurganjda turib, Asadobod dovonida qora taqdirdan zarba yegan yuragini ovuntirishga urinardi. Nafsoniyati yerga toptalgan hukmdor alamini sharobdan olar, bu ishi bilan yana onasining hokimiyatga intilishiga kengroq yo’l ochayotganini, sharobu-ko’ngilchog’liklar uning vujudini zaiflashtirgani barobar saltanat qudratiga rahna solayotganini, shubhayu-gumonlar yuragini qurt kabi kemirgani sayin saltanat qudrati ildizlarini ham chiriy boshlaganini anglamasdi.
Keyin esa Xorazmshoh yana bir sharmandali ishga qo’l urdi. Majdiddin Bag’dodiyni nobud etdi.

IKKINCHI QISM
045

09Faqat Azozil kibr va or qilib Odamga sajda qilmadi.

Olloh so’radi: “Senga buyurgan paytimda nima seni sajda qilishdan to’sdi?” Azozil aytdi: “Men Odamdan yaxshiroqman, chunki meni olovdan yaratgansan. Uni esa loydan yaratding. Men quritilgan loydan Sen yaratgan Odamga sajda qiluvchi emasman!” Shunda Olloh xitob qildikim: “Lavhi Mahfuz yonida bitgan va saqlab yurgan xatingni o’qi!” Azozil o’qidi: “Olloh Taolo farmoniga bo’ysunmagan bandaning sazosi la’natdur!” Olloh Azozilga aytdikim: “Sen jannatdan chiq! Sen uchun unda – kibru havo qilib yurish joiz emas. Albatta, sen xor bo’lguvchilardandirsan! Endi sen mening dargohimdan quvilgan mal’unsan, endi sening noming Iblisdur va to jazo kunigacha senga barchaning la’nati bo’lur!”

Iblis iltijo qilib: “Menga Bashar tiriladigan Kun – Qiyomatgacha o’lmasdan yashash uchun muhlat ber!” – dedi. Olloh dedi: “Sen muhlat berilganlardansan!” Iblis aytdikim: “Qasamki, agar Sen meni Qiyomat kunigacha tirik qoldirsang, albatta, men Odam zurriyotini ham yo’ldan ozdirub, halokat yo’llariga burib yuborurman, magar ozginalarigina haq yo’lda qolsalar-qolurlar”. Olloh aytdi: “Bor, senga muhlat berdim! Bas, ulardan kim senga ergashsa, u holda, shak-shubhasiz, jahannam sizlarga yetarli jazo bo’lur! Ulardan kuching yetgan kimsani ovozing bilan qo’zg’at, ularning ustiga otliq va piyoda lashkarlaringni tort, topgan mol-davlat va bola-chaqalarida ularga sherik bo’l, ularga yolg’on va’dalar qil! Ammo shuni bilingkim, Mening zimmamdagi To’g’ri yo’l budir: aniqki, Mening bandalarim ustida sen uchun hech qanday saltanat – hukmronlik yo’qdir, yolg’iz gumroh kimsalarni bu To’g’ri yo’ldan ozdira olursan! Biz har bir bandamizni Qiyomat kunida o’z nomai a’moli bilan chorlagaymiz. Bas, kimgaki o’z kitobi – nomai a’moli o’ng qo’lidan berilsa, ana o’sha kishilar o’zlariga qanchalik zulm qilinmagan holida, nomai a’mollarini o’qirlar, yaxshi amallarining savoblarini bilib olurlar. Kimki, senga ergashib, ko’r-gumroh ekan, u oxiratda ham ko’r va butunlay yo’ldan ozguvchidir”.

So’ng Olloh Odamga qarab dedi: “Ey Odam, sen esa jufting Havo bilan Jannatni maskan tutib, xohlagan joyingizdan taomlaning. Faqat mana bu daraxtga yaqinlashmang, u holda zolimlardan bo’lub qolursizlar”. Ammo Iblis Odam va uning juftini vasvasaga soldi: “Ey Odam, men senga Abadiyat daraxtini va yo’q bo’lmas mulku davlatni ko’rsataymi? Parvardigoringiz faqat farishtalarga aylanmasligingiz va jannatda abadiy yashab qolmasligingiz uchungina sizlarni bu daraxtdan qaytardi. So’zimga ishoning, albatta, men sizlarga xolislardanman”, — deb qasam ichdi. Odam bilan Havo daraxt mevasidan totib ko’rishlari bilanoq avratlari ochilib qoldi va o’zlarini jannat yaproqlari bilan to’sa boshladilar. Odam yaratgan Parvardigoriga osiy bo’lib, yo’ldan ozdi. Buni ko’rib Parvardigor nido qilib dedi: “Sizlarni bu daraxtdan qaytarmaganmidim va shayton sizlarning ochiq dushmaningiz demaganmidim?” Odam bilan Havo: “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr-zulm qildik. Agar bizlarni mag’firat va rahm qilmasang, shubhasiz, ziyon ko’rguvchilardan bo’lib qolurmiz!” – dedilar. So’ngra Olloh Taolo ularni siylab, yana o’ziga yaqin qilib, tavbalarni qabul qildi va To’g’ri yo’lga hidoyat qildi va yana dedi: “Endi bir-biringizga – shayton odamga, odam shaytonga dushman bo’lgan holingizda Jannatdan Yerga tushingiz. Endi sizlar uchun ajalingiz yetguncha Yerda qaror topib, gunohingizni oqlash bilan mashg’ul bo’ling. Yerda yashaysizlar va unda o’lursizlar va undan hisob-kitob uchun chiqarilursizlar”.

Yana Olloh dedi: “Ey Odam, Biz seni loy mag’zidan yaratdik. Sening bolalaringni va qolgan barcha jonzotlarni avvalo, nutfi manoiydan, so’ngra inson suratida shakllanib bitgan-bitmagan parcha go’shtdan onalarning qornida uch qavat zulmat ichida yaratamiz. Ularni erkakning beli bilan ayolning ko’krak qafasi o’rtasidan otilib chiquvchi bir suvdan yaratamiz. Ha, Ollohingiz shunday qudratli zotdirki, sening bolalaringni eng nochor narsadan – bir tomchi suvdan yaratgay. So’ngra ular uchun nochorlikdan keyin kuch-quvvat paydo qilg’ay, so’ngra kuch-quvvatdan keyin yana nochorlik va qarilikni paydo qilg’ay. Ollohingiz shunday zotki, u o’zi xohlagan narsani yaratur, illo, u qudratli va bilimdondir”.

Yana aytdikim: “Biz o’sha Yerni yoyiq va keng yaratdik va unda to’rt kun ichida tog’larni o’rnatib qo’ydik hamda har yerning o’ziga moslashgan turli-tuman narsalarni undirib-o’stirdik. Unda sizlar uchungina emas, balki faqat Biz beradigan sizlarning qo’l ostingizdagi kishilar uchun ham rizqu nasibalarni yaratib qo’ydik. Sizlarning rizqu-ro’zingiz bo’lmish har bir narsaning asli – manbai Bizning dargohimizdadir. Biz u narsalarni aniq o’lchoq bilan sizlarga tushirurmiz. Biz shamollarni bulutlarga homilador bo’lgan hollarida yuboramiz, osmondan yomg’ir yog’dirib, sizlarni u bilan sug’oramiz. So’ng Biz sizlar uchun shu suv yordamida ekin va bog’larni paydo qildik. Sizlar uchun u bog’larda ko’p mevalar bo’lur, sizlar ulardan yeysizlar. Sizlar uchun yetti juft chorva mollarini yaratdik, ular ham Bizning sizga ummatlarimizdirlar. Biz sizlarni ularning qornidagi sut bilan sug’orurmiz, yana sizlar uchun ularning yunglaridan kiyim to’qish, minish kabi ko’p foydalar bordir. Shuningdek, ularning go’sht-yog’idan yeysizlar. Yana ularning ustida va daryo-dengizlarda esa kemalarda yuk tashiysizlar.

Albatta, Biz o’zimiz barcha jonzotlarga hayot berurmiz va o’lim berurmiz. Hech bir odam Olloh iznisiz, ajali yetmay turib o’lmaydi, qaerda bo’lsangiz ham sizlarga o’lim yetib borajakdir. Biz barcha o’tgandan keyin ham yolg’iz o’zi qoladigan vorisdurmiz. Aniqki, Biz sizdan ilgari o’tgan barcha zotlarni bildik, keyin kelguvchi zotlardan ham xabardormiz”.

Yana aytdikim: “Ogoh bo’ling! Odamlarga ayollar, bolalar, tuganmas oltin-kumush boyliklar, qimmatbaho otlar, chorva va ekin-tikinlar kabi istak-xohishlar ko’ngil qo’yish havasi berildi, bu istak-xohishlar atayin chiroyli qilindi. Holbuki, bu narsalar hayoti dunyoning o’tkinchi narsalaridir. Bilinglar, albatta, bular fitna-sinovdir. Ollohning huzuridagina eng ulkan savob va eng go’zal qaytadigan joy – Jannat bordir. Shunday ekan, o’tkinchi narsalarga ko’ngil bermay, haqiqiy go’zallikni seving”.

Yana aytdikim: “Olloh osmonlar va yerning nuridir. U Zot nurining (mo’min banda qalbidagi) misoli xuddi bir tokcha, uning ustida bir chiroq, bu chiroq bir shisha ichida, u shisha go’yo bir dur yulduzga o’xshaydi. U (chiroq) na sharqiy va na g’arbiy bo’lmagan (balki zaminning qoq markazidan) muborak zaytun daraxtining (moyidan) yoqilur. Uning moyi (tiniq, musaffoligidan) garchi unga olov tegmasa-da, (atrofni) yoritib yuborgudek, (Olov tekkach) nur ustiga nur (bo’lur). Olloh o’zining bu nuriga O’zi xohlagan kishilarni hidoyat qilur”.

* * *

051Shayx Kubro oldidagi kitobga bosh egib turgani bilan ko’zlari yumuq edi. U Zamaxshariy tafsirini yoddan bilardi. Shayx shahar ostonasida qonxo’r g’ayridinlar galasi turganidan, erta-indin shahar zabt etilishidan, hatto so’nggi jangda shahid ketishidan ham xabardor, shu qutlug’ ayyom yaqinlashayotganini ich-ichidan tuyib ruhiy ustozi kitobi oldida tiz cho’kib o’tirgancha, ul ulug’ zotga g’oyibona tashakkurlar aytar, Movarounnahr tuprog’iga mo’ru malaxdek yopirilib kirgan kufforlarning kirdikorlari ayrim kimsalar xudbinligi, badniyat orzularga qul bo’lgani tufayli bo’layotgani uchun yolg’iz o’zi gunohkordek marhamatli Tangridan uzri-ma’zur so’rar edi.

Shayx Kubro bir umr zo’ravonlik, zulm dushmani bo’ldi. Chunki hamma harom narsa mana shu zo’ravonlik, zulm va jaholat tufayli emasmi?! Uning yo’li ulug’ so’fiylar yo’lining davomi edi. Bu yo’l ham mashaqqatli, ham sharafli yo’ldir. Inshoolloh, uni shogirdlari davom ettirajak.

Alhaq, Movarounnahru-Xurosonning ko’p azamatli o’g’lonlari uning xonaqosi ostonasidan hatlab, unga iqtido etdilar. Shayx ularning har birini farzanddek aziz ko’rdi, ammo qattiqqo’l otadek ularning yigitlarga xos qaysarliklarini bukib, har birining ko’ngliga yo’l topdi, ularning beozor, ammo xira ko’ngil oynalarini yoz osmonidek musaffo etdi, ularda o’z bulutlarini suzdirdi, yulduzlaru oyu quyoshini porlatdi. Tariqat yo’li – Haqni tanish yo’lidan hech qachon qayrilmasliklari uchun ularning irodalarini ham turmush, ham ilm, ham tariqat sinovlari bilan tobladi, toblarkan, tasavvuf na rusum, na ulum, balki ehtiyoj ekanini, agar rusum bo’lganda edi, harakat bilan qo’lga kiritmoq mumkinligini, agar ilm bo’lganda, ta’lim bilan hosil qilishini, Olloh mulkiga esa na rusum va na ilm bilan kirib bo’lmasligini uqtirdi. Bu shogirdlarning har biri bitta yo’ldan yurar, ammo har birining o’z manzili tayin edi.

O’nlab shogirdlari ichida Majdiddin Bag’dodiy bilan Sayfiddin Boxarziyga uning bo’lakcha bir mehru-munosabati bor edi. ayniqsa, Xorazmning Bag’dodak mavzesidan bo’lgan Majdiddinga. Majdiddin avval hech ko’rilmagan qisqa bir muddatda murshidlik huquqi – ijozat olishga musharraf bo’ldi. Shayx Kubro dargohiga ilk qadam qo’yganida, u his-hayajonga o’ta moyil yigit edi. Shayx uni xuddi bog’bon noyob gul ko’chatini ehtiyotlab o’stirgandek, qunt va sabr bilan parvarishladi. Ammo bari bir shogirdi tabiatida hayajon ustunligicha qolaverdi. Valitarosh uning bu hayajoni asosiy maqsadga erishishda halaqit berishidan qo’rqardi. Ammo Majdiddinning o’zi ham oxir-oqibat buni angladi, hayajonini jilovlab, undan mohirlik bilan foydalandi. Boshqalar ming mashaqqat bilan yetishadigan holga mana shu hayajon tufayli oniy lahzada erishadigan bo’ldi.

Mana shu hayajoni tufayli so’fiylikning oliy san’ati – g’ayb ul-lisonni egalladi. O’, qanday go’zal satrlar bitishi mumkin edi u! Vodarig’kim, qismati qora ekan…

Shayx Kubro bo’lib o’tgan mash’um voqeadan so’ng shogirdidan qolgan qog’ozlar ichidan chiqqan bir ruboiyni eslab, unsiz larzaga tushdi. Bu ruboiyni necha marta o’qimasin, har gal uning vujudida titroq aralash bir azob zohir bo’lardi. “Nahotki Majdiddinning o’zi ham qismatini oldindan bilgan bo’lsa?” – deya o’ylarkan, shogirdining ruboiysini munavvash hol shivirlab o’qirdi:

Dar bahri muhit g’o’ta xoham xo’rdan,
YO g’arqa, shudan, yo guhare ovardan.
Kori tu muxotar ast, xoham kardan,
YO surx kunam ro’yi zi tu, yo gardan!

(Mazmuni: Bahri muhit aro sho’ng’isam deyman, yo g’arq bo’lmoq, yoki gavhar keltirmoq istayman. Sening ishing xatarlidir, bajo qilsam deyman, yo yuzingni ol etsam va yoki bo’ynimni).

Majdiddin tabobatda ham beqiyos edi. U ko’p kishilarni, shu jumladan ustozini ham og’ir darddan xalos etdi. Hatto shu yo’ldan borganida ham u o’z davrining Sinosiga aylanishi mumkin edi. Afsus, ming bor afsuskim, Majdiddin ustozining ko’p gaplarini uqmoqni istamadi. O’zini dunyo egalari deb bilgan sultonlarning kasofatli saroylariga bordi, saltanat ishlariga aralashdi, buning oqibatida erta nobud bo’ldi.

Majdiddinning lison ul-g’ayb – she’riyatdagi iqtidori kundan-kun kuchayib bordi, saltanatda uning nomi og’izdan-og’izga o’tib, to’rt tarafga taraldi. To’rt tomondan uning huzuriga murshidi muqtadolik tilab shogirdlar kela boshladilar. Nishopurlik mashhur so’fiy Fariduddin Attor ham Majdiddin Nishopurda bo’lganida o’zini uning muridi deb bildi, necha vaqt uning xizmatida o’tirdi.

Badfe’l Turkon xotun yosh shayx dovrug’ini eshitishi zahoti uni o’z huzuriga chorladi. Birinchi suhbatdayoq Majdiddin Bag’dodiy malika e’tiborini qozonishga erishdi. Uning she’rlaridagi aql va ehtiros bu dili qattol ayolni rom etdi. Shayxning ko’zlaridagi yoshlik olovi uning qarilik faslining sovuqlarida diydiragan yuragini ilitgandek bo’ldi. Qish payti muzlab yotgan biyobonda adashgan yo’lchi to’satdan oldidan chiqqan gulxan ustiga o’zini tashlagandek, malika ham zulmatu fisq-fujurdan iborat hayotiga dumli yulduzdek otilib kirgan shayxning etagini mahkam ushlab oldi. Shayx ham malikani taqvodorlik yo’liga boshlash niyatida u bilan muntazam suhbatlar qurardi. Ustiga ustak, Majdiddinning Xorazmshoh saroyida munshiy va dabir bo’lib xizmat qiladigan birodari Bahouddin Bag’dodiy inisining malika nazarida kuchayib borayotgan e’tiboridan foydalanib, saroydagi o’rnini mustahkamlash, o’z ta’sir doirasini kengaytirishni istar, shu niyatda yosh shayxni Turkon xotun huzuriga tez-tez kelishi uchun turli bahonayu sabablar o’ylab topardi.

Shogirdining saroyga serqatnov bo’lib qolganidan tashvishlangan Shayx Kubro uni huzuriga chorlab, pand-nasihat berishga urindi.

— Bo’tam, — dedi u, — bu dunyoda o’zini zo’r deb bilganlarning ko’zi ko’r bo’ladi. Men sizga dunyo-yu oxirat yaxshiligini Rasululloh alayhissalomning sunnatiga ergashishda, ne’matning to’la va mukammal bo’lishini ne’mat beruvchidan minnatdor bo’lishda deb o’rgatdim. Tinchlik va farog’at izlagan qalbingiz yo’li podshohlarni tark etish, uzlatla chekinish, deb saboq berdim. Axir Piri Ansoriy “Sultonlardan barhazar bo’ling va ularning navozishidan qo’rqing!” – demaganmidilar?! Aldanishdan saqlaning! Saqlaning!

— Ustoz, — dedi shunda Majdiddin, — saboqlaringiz qulog’imda, Ollohning nomi tilimda, hidoyat afsari dilimda. Siz barcha podshohlarni o’z dabdabasi bilan ovora bo’lib, o’zlaridan ham, o’zlarida sodir bo’layotgan narsalardan ham bexabar, deb aytganlaringiz esimda. Shu sabab ularning ko’zini ochmoqni niyat qildim. Muhtarama malika o’z gunohlaridan xijolatda, o’g’li bo’lmish sultoni zamonni shu yo’lga undash istagida. Shariatu dinning poydevori sabr bilan ishonch, deb aytardingiz, hazratim. Sabr va ishonch ila shu yo’ldan boray…

Shayx Kubro ko’z yumib, bosh chayqadi va alam bilan pichirladi:

— Bo’tam, sultonlarni nafs boshqaradi. So’zlaringiz nafs uyg’onguncha kor qilg’ay, uyg’onsa, unutgaylar…

Shayx shu so’zni aytdi-yu, shogirdiga pand-nasihat kor qilmasligini anglab, indamay xonaqohiga kirib ketdi. Oradan oz vaqt o’tmay, bir kuni, oqshom darveshlar suhbatida Majdiddin ustoziga shukronalar aytmoq bo’lib, shunday dedi:

— Tush ko’rdim. Biz daryo sohilidagi qumloqda yotgan tuxumlar emishmiz. Hazrati shayximiz qush bo’lib uchib kelmishlar. Ul kishi bizni tuxum ichidan tashqariga chiqardilar. Chiqibmizu shayximizni sohilda qoldirib, yomon bolalardek daryoga qarab yuguribmiz…

Shayx Kubro shogirdining so’zlarini eshitib, og’ir o’yga toldi. Keyin suhbat oxirigacha gapirmay, Majdiddinga o’qtin-o’qtin tikilaverdi va nihoyat mahzun ahvolda og’iz ochdi:

— Bo’tam, karomatli tush ko’ribsiz. Bu tush sizni daryoda nobud bo’lishingizga ishoratdur.

Majdiddin Bag’dodiy ustozining bu so’zini eshitib, qo’rqib ketdi. Nima qilishini bilmay, indamay chiqib ketdi. Bir necha kun uning daragi bo’lmadi. Oxiri shayx xizmatida yurgan Sa’diddin Hamaviydan ustozining vaqti xush bo’lgan paytda o’ziga xabar berishni o’tindi. Shunday xabar yetishi bilan oyoqyalang holda shayx xonaqohi poygagiga kelib to’xtadi. Najmiddin Kubro uni ichkariga chorladi.

— Bo’tam, — deb nap boshladi odatdagidek Shayx Kubro, — imoningiz pok, ishonchingiz mustahkam, haqiqat yo’lidan yurdingiz. Ammo siz boshingizdan ayrilursiz va tanangiz daryoda g’arq bo’lib, nobud bo’lgaysiz… Buni o’zga emas, o’zingiz karomat qildingiz, men uni yetkurdim, xolos.

Majdiddin ustozining so’zlarini indamay eshitdi. Shayxning bosiq ovozida unga nisbatan na achinish, na rizolik tuyg’usi bor edi:

— Ul tush sizning nobud bo’lishingizga ishora bo’lsa, sizning o’limingiz Xorazm sardorlari boshiga tushadigan falokatlarga ishoradur. Xorazm xarob bo’lg’ay, Gurganj suvga g’arq bo’lg’ay.

Shayx shunday dedi-yu, boshini egdi, ichida nimalarnidir pichirlab o’qiy boshladi. Majdiddin o’zini ustozi oyog’i ostiga tashladi. Najmiddin Kubro shogirdining boshini silashga qo’l cho’zdi-yu, qo’li muallaq qoldi. Bu ishi shogirdiga nisbatan zulm bo’lajagini anglab, qo’lini tortdi.

Mash’um karomat tez kunlarda amalga oshdi. Majdiddin Bag’dodiy malika Turkon xotun e’tiborini to’la qozonib olayotganini ko’rgan saroydagi ayrim hasadchilar Muhammad Xorazmshohga yosh shayx bitgan she’rlardagi muhabbat tuyg’ulari malikaga qaratilgani haqida yolg’on-yashiq gaplarni yetkazdilar. Xorazmshohning qattiq jahli chiqdi. Ammo qo’shin va devonda onasining urug’-aymoqlari barqaror ekanini bilgani uchun qat’iy harakat qilishdan cho’chib, alamini ichiga yutdi. Ammo kunlardan bir kun saroydagi bazm avjiga chiqib, Xorazmshoh qattiq mast bo’lib qolganini ko’rib, Bag’dodiyning dushmanlari so’nggi hiylani ishga soldilar. Ular Xorazmshoh qulog’iga: “Onaningiz – muhtarama malika Imom Abuhoshim mazhabiga, eng dahshatlisi Majdiddin Bag’dodiydek yosh kimsa nikohiga o’tdilar”, — deb yolg’on so’zni quydilar. Badmast hukmdor g’azablanganidan qilichini sug’urib, oldida turgan may to’la meshni parcha-parcha qilib tashladi. So’ng “Shu zahotiyoq Majdiddin Bag’dodiyni tutib, boshini tanidan judo qiling! Jasadini daryoga tashlab, baliqlarga yem qiling!” – deya baqirdi. Qora kiyingan navkarlar guruhi Xorazmshoh amrini amalga oshirish uchun saroydan ot choptirib chiqqanida Gurganj ahli uyquda edi.

Tongda huzuriga faryod solib kelgan Bahouddin Bag’dodiydan bu mash’um xabarni eshitgan shayx g’amgin shivirladi:

— YO Olloh, karomating to’g’ri chiqdi… Majdiddin daryoda nobud bo’ldi.

So’ng boshini sajdaga qo’ydi va uzoq ibodat bilan mashg’ul bo’ldi. Boshini sajdadan ko’targach, o’rnidan turib shogirdlariga qarata aytdi:

— Hazrati Izzatdan farzandim qoni evaziga tavonlik tiladim. Tilagim ijobat bo’lg’ay…

Xonaqohda aytilgan bu so’zlar tezda xufiyalar tomonidan Xorazmshoh qulog’iga yetkazildi. Sultonning o’zi tungi qilmishidan g’oyatda pushaymon edi, uning qulog’iga quyilgan gap tuhmat ekan. Boz ustiga onasining qattiq ranjiganidan ham xabar topib, nima qilishini bilmay o’tirardi. Shayx Kubroning so’zlarini eshitib, qo’rqib ketdi. So’ng huzuridagi odamlardan maslahat tiladi. Biror arzirli gap chiqmagach, bir qarorga keldi. Piyoda yurib shayx xonaqohiga yetdi. Yonidagi mulozimlarning biri tillayu kumush uyulgan barkash, ikkinchisi qilichu kafanlik matoni ko’tarib olgan edi. Muhammad Xorazmshoh poygakda to’xtab, boshini yalang’ochladi, so’ng:

— Agar tovon tilasangiz, mana zar, agar qasos tilasangiz, mana qilichu mana boshim, — dedi.

Shayx Kubro o’tirgan joyidan qo’zg’almadi. So’ng oldidagi lavhda turgan kitobga kaftini qo’yib, og’iz ochdi:
— Kona fi al-kitobi masturan…

Muhammad Xorazmshohning angrayib turganini ko’rib, qaytardi:

— Hukm ulug’ kitobda qayd etilgan. Zulm qilishning, odamlarga ozor berishdan tiyilmaslikning tovoni ham zulm ko’rish, ozor chekish. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaydi. Jazo yaqin…

Muhammad Xorazmshoh g’azabini ichiga yutdi, qahrdan lablari titrasa-da, o’zini qo’lga oldi va keskin burilib, shoshilinch saroyga qaytdi. O’sha kuni yana sahargacha to’yib ichdi. U Shayx Kubroning “Jazo yaqin” degan so’zini bazm davomida qayta-qayta eslar, har safar ichidan chiqishga uringan g’azab alangasini sharob seli bilan o’chirardi. Nahotki, shayx mamlakat sarhadlarida paydo bo’lgan mo’g’ul lashkarlarini nazarda tutayotgan bo’lsa? Nahotki shayx jazo mana shu lashkarlar hukmdori g’ayridin Chingizxon tomonidan bo’lajagini aytayotgan bo’lsa?! Yo’q, yo’q, unga teng keladigan sulton na sharqda, na mag’ribda bor! Hali u badbaxt xalifani jazosini beradi, o’z hukmini tan oldirmaguncha qo’ymaydi, kerak bo’lsa, Bag’dodga ham qo’shin boshlab boradi. Chingizxon degani kim bo’pti?! Bir chetda – dunyodan uzoq va bexabar holda yashagan qashshoqlarning hukmdori-da!

Ammo shayxning gaplarini o’ylarkan, Xorazmshoh ichida qo’rquv… yo’q, yo’q, qo’rquv emas, keyingi paytlarda tobora kuchayib borayotgan shubha va gumon g’imirlab, o’ziga tinchlik bermayotganini
sezardi. Qo’rquv ham, shubhayu-gumon ham ilondek sovuq bir narsa. Haqiqatan ham Muhammad Xorazmshohga teng keladigan hukmdor na mashriqda, na mag’ribda bor edi. Ammo so’nggi yillarda yuragini tobora siquvga solayotgan sovuq ilon og’usi o’zi bilan
barobar itoatidagi saltanatini ham halok etajagidan u bexabar edi…

Oradan sanoqsiz yillar, ko’p asrlar o’tadi. Xorazmda Shayx Kubro haqida g’aroyib qissalar, ajoyib rivoyatlar, hikmatomuz naqllar to’qiladi. Ularning orasida shayxning erta juvonmarg bo’lgan shogirdi haqida hikoya qiluvchi ko’plab rivoyatlar ham bo’ladi. Mana shularning biri:

Emishkim, Bag’dod shahrida bir yahudiy beva ayol yoshgina o’g’loni bilan yashar ekan. Ayolning kasbi tabibchilik ekan. Bir kuni beva ayol tush ko’ribdi. Tushida oppoq kiyingan, siymosidan nur yog’ilib turgan chol unga shunday debdi: “O’rningdan turgin-da, o’g’lingni olib Xorazm mulkiga otlan. O’sha yerda Shayx Kubro ismli bir mo»tabar avliyo yashaydi. O’g’lingni uning qo’liga topshir. Yagona Olloh haqqi guvohlik beraman: o’g’lingning kamoli o’sha shayx bilan bo’lajak, o’n yildan so’ng farzanding dovrug’i olamni tutajak!”

Beva ayol uyg’ongach, hovli-joyini sotib, o’g’li bilan Xorazm tomon yo’l olibdi. Gurganjga yetib kelgach, Shayx Kubro xonaqohini izlab boribdi. Ayol ostonaga yetar-yetmay, Shayx Kubro unga peshvoz chiqibdi va aytibdikim: “Men sizlarni o’sha sen tush ko’rgan kundan buyon kutaman”. Ayol shayxning valiyligiga iqror bo’lib, hangu mang bo’libdi. So’ng farzandini shayx qo’liga topshiribdi.

Amu jo’shib oqaveribdi, kunlar o’taveribdi. Shayx tarbiyasiga kirgan bola ham ulg’ayib boraveribdi. Ustozi nima ishga buyurmasin, bo’yin tovlamay bajaribdi. Beva ayol bir kuni kelib ko’rsa, o’g’li hojatxonani tozalayotgan ekan. “Men shu niyatda o’g’limni shayx tarbiyasiga berganmidim, nahotki o’g’limning kamoli uchun shu ish joiz bo’lsa? Yaxshisi, unga o’z kasbimni o’rgatganim ma’qul emasmi?!” – deb o’ylabdi, tushida aytilgan karomatga shubha qilibdi. Xuddi o’sha payt qarshisida Shayx Kubro paydo bo’lib aytibdi: “Shubha qilma, ey xotun! Hech qanday mehnatning uyati yo’qdur, inonki, o’g’lingni kamolatini hali ko’rajaksan!”

Yana kunlar ketidan oylar, oylar ketidan yillar o’tibdi. O’g’lon onasidan tabobatni, ustozidan qolgan barcha ilmni qunt bilan o’rganib kamolga yetishibdi. Idroki yetilib, islom dinini qabul qilibdi. Shayx unga Majdiddin deb nom beribdi.

Majdiddin o’z ustoziga sadoqat bilan xizmat qilar, sadoqatda unga tenglashadigan murid topilmas ekan. Shu sadoqati tufayli ustozining beqiyos mehrini qozonib, shu mehr tufayli ishi rivoj topib borarkan, uning shon-shuhrati chor-atrofga yoyila boshlabdi.

Ammo to’satdan dushmanlar Xorazm mulkiga bostirib kirib, Gurganjni qamal qilibdi. Qamal uzoq davom etibdi. Dushman qancha urinmasin, shaharni ololmabdi. Shunda dushman Amudaryodagi  bandni buzib, shaharni suvsiz qoldiribdi.

Bir kuni Shayx Kubro Majdiddindan tahorat uchun suv keltirishni so’rabdi. Majdiddin qarasa, xonaqohda suv qolmagan ekan. Chor-atrofni izlab ham suv topolmabdi. Ammo ustozining so’zini mudom bajarishga ko’nikkan shogird suvsiz qaytishni istamabdi. Shu sababdan u ustoziga aytmay, devor oshib Amudaryo tomonga jo’nabdi. Ammo yog’iylar uni daryo sohilida tutib olib, boshini tanasidan judo qilibdilar.

Tahoratga suv olib kelish uchun ketgan Majdiddinni kutgan Shayx Kubro bu holdan bexabar shogirdini saqiribdi. Bir chaqiribdi, darak yo’q emish. Ikki chaqiribdi, darak yo’q emish. Nihoyat bezovtalanib: “Hoy Majdiddin, o’likmisan-tirikmisan, qayda bo’lma, qay holda bo’lma, tezroq yetib kel!” – deb chorlabdi. Bu chorlovni eshitgan Majdiddin o’rnidan turib, bir qo’lida kesilgan boshini, ikkinchi qo’lida suv to’la ko’zani ko’tarib ustozi huzuriga yetib kelgan ekan.

Bu g’aroyib rivoyat Shayx Kubro azamati haqidagina emas, shogirdning ustoziga bo’lgan e’tiqodi haqida hamdir.

Davomi bor

05

(Tashriflar: umumiy 939, bugungi 1)

Izoh qoldiring