Marhabo Shodmonova. She’rlar

003   Фейсбукдаги даврадошим Марҳабо шеърларини тавсия қилар экан таъкидлайди: «Хуршид Даврон кутубхонаси» — бу шоиримиз кўнглида фахр уйғотиши билан бирга унинг зиммасига масъулият ҳам юклайди, деган умиддаман…»

Марҳабо Шодмонова
ШЕЪРЛАР
04

Марҳабо Шодмонова 1984 йилда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида туғилган. Каттақўрғон Иқтисодиёт коллежининг молия бўлимини тугатган. «New Life insurance» Суғурта компаниясида менеджер ассистенти бўлиб ишлаймоқда.

* * *

Кўнгилнинг аёвсиз сўроқларидан003
Толиққан кунларим ортимда қолар.
Хотирамнинг сарғиш вароқларидан
Ўчиб кетмагандек ҳануз хатолар.

Хатодан юз буриб кета қолмадим,
Қадрим йиғлар ўтмиш харобасида.
Аммо… мен юракдан йиғлай олмадим,
Ўлган туйғуларим жанозасида.

Мотам ҳам тутмадим қайғуга ботиб,
Сохта табассум-ла боқдим оламга.
Отмаган тонгимда умид уйғотиб,
Етишдим сочлари оқарган ғамга.

Одамзод азалдан меҳрга тўймас,
Йўқдир ишқдан ўзга кўнгил шеваси.
Дунёдан қўл силтаб кетмоққа қўймас,
Аччиқ хатоларнинг ширин меваси…

* * *

Худди дарахтлардай яшасам эди…
Оёғим заминда, бошим кўк қадар.
Шунда қийнамасди аламлар ёди,
Балки, юрмас эдим бесар, дарбадар.

Дарахтдай яшасам эди, бир муддат,
Қалбимда илоҳий ҳисларни туйиб.
Ҳар ўтган онимда қилсам ибодат,
Ҳар фасл турфа ранг либослар кийиб.

Аммо, мен яшадим йўлларда сарсон,
Ёлғончи елларга қилиб дийдиё.
Кўнгилни ҳавасга топшириб осон,
Шукурни унутиб қўйдиммикин ё…

Яна сафар бонги… Жаранг тинмайди,
Яна изтиробга тўлар жомадон.
Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайди,
Қачон бир манзилни этарман макон.

Қора булут сузар осмон юзида,
Армоним қушлари ёзганда қанот.
Наҳот, оромим йўқ ернинг устида,
Ернинг остидадир илдизим, наҳот!..

* * *

Ўксиндим, ҳолимни сўрди хазонлар,
Қисматим қўйнида тўлиб кетди тош.
Қулайди, курашга тўймаган жондай,
Ёруғ кунларимга етмаган бардош.

Энди йиғлаб-йиғлаб чидамоқ даркор,
Қадрсиз ҳисларнинг озорларига.
Бошимни зарб билан урдим неча бор,
Кўнгилнинг дарз кетган деворларига.

Бемажол юракдан совуқ ел елар,
Саркаш хаёлимни элтар бир тўфон.
Менсиз қайларгадир кетгиси келар,
Ўзимни ўзимдан зериктирган жон.

Қафасдаги қушдай уради фарёд
Руҳим…
Қочмоқ истар гуноҳдан чўчиб.
У кетсин, мен қолай бунда умрбод,
Жон берай…
Ердаги осмонни қучиб…

* * *

Ёрқин рангларимни йўқотдим бугун,
Ғамнинг сувратига киргандек дунё.
Умримнинг тақвимин безатган, гулгун
Кўклам ҳам сен билан кетгандай гўё.

Қалбларга жўшқинлик берармиш баҳор,
Ишққа чўмилармиш барча тирик жон.
Менинг оламимда кўклам – беқарор,
Менинг майсаларим ранги – заъфарон.

Қушлар дардларимга бўлишар малҳам,
Башорат қилишар баҳор қайтишин.
Сирли эртагида: Сеҳрли олам,
Унда шаҳзодамнинг изҳор айтишин.

Аммо… Ҳар галгидек, кутганим – сароб,
Камалак қайтмайди осмонни безаб.
Сендан хабар олиб келмайди офтоб,
Фақат, соғинч кезар юракни эзиб.

Дийдорнинг баҳоси бунчалар қиммат?!
Телбадек тақвимни титганим бекор.
Англаб етолганим битта ҳақиқат:
Яшил кўзларингда яшайди баҳор!

* * *

Мени кечир…
Кўп ҳаялладим,
Жуда узоқ қилдим интизор.
“Борса-келмас” йўлни танладим
Ва қисматни билдим гуноҳкор.
Чарчаганман…
Йўлим қолмаган,
Юзим – қора,
Маънолар – саёз.
Ҳали гуллаб улгуролмаган
Юрагимни қақшатар аёз.
Иккимизни икки ён отиб
Ҳаёт қийнар,
Шуми одиллик?!
Ўз бахтимга ўзим чанг солиб
Бўғаяпман, худди… қотилдек.
Яшамоқдан муддао нима?
Тинчлик бермас хаёл – дардисар.
Эҳ, қалбим-а, увол қалбим-а,
Қилгандик-ку балодан ҳазар!..
Наҳот, барча тоатим – бекор,
Халоскор деб билдим хатарни?
Тағин асрай олмадим бедор,
Тун аро қон қусган саҳарни…

Мени кечир…

* * *

Ярим тун…
Самога термулиб узоқ,
Тинглайман юлдузлар суҳбатларини.
Кўринмайди ойнинг юзида ҳам доғ,
Ёритар кўнглимнинг зулматларини.
Кўнглим осмони ҳам шундай бепоён,
Чегарасин топмай ўзим ҳам лолман.
Маломатдан энди ранжимас бу жон,
Тонг сари йўл олган ёруғ хаёлман.
Эгик бошим билан эргашдим бесас
Қалбимнинг умидбахш тариқатига.
Ишондим, сўзларнинг жилосигамас,
Ростгўй нигоҳларнинг ҳақиқатига.
Қаерда адашдим?
Қаерда тойдим?
Наҳот, йўлларимга ғов бўлар хато.
Қайтар дунё – дерди энам…
Билмадим,
Қай гуноҳим учун қайтар бу жазо?
Манзилин ахтариб елар орзулар,
Жонимни азоблар алам қузғуни.
Кўнглим осмонини кўтариб турар
Кўкка етиб борган оҳим тутуни…

* * *

Дунё ишларига дил кўндиролмай,
Қисмат савдосида тўловман ҳамон.
Онам кўнглида бир гул ундиролмай,
Ҳасратим боғларин қоплади хазон.

Оппоқ тонгларини зулматга ўраб,
Тим қора сочини оққа беладим.
Умри ўтар менга омонлик сўраб,
Мен эса боламга умр тиладим.

Худодан ўзига ҳеч не сўрамай
Яшар “тўртта дард”ин бағрига босиб.
Умри ўтиб борар ортга қарамай,
Бахтин елкасига ғамларин ортиб.

Яна жим тинглайди таъналаримни,
Бошдан то оёғи – тоқат ва бардош.
Тангрим қабул айлар тавбаларимни,
Шу кўнгил юртига олиб кетсам бош…

* * *

Қара, ўлмаяпман…
Ҳамон тирикман,
Ҳануз умидимдан эмасман жудо. –
Сен томон элтувчи эски кўприкдан
Ўтолмай, орзуим бўлса ҳам адо.
Нега ўлмаяпман?
Тирикман нега?
Жоним азоблардан безмайди нечун?
Бошимни урарман бу қаттиқ ерга,
Олис осмонларга боқарман ҳар кун.
Наҳот, ўлмаяпман?..
Минг йил яшадим,
Турфа синовларга солиб сабрингни.
На сенинг борлигинг таскин берар жим,
Қучиб йиғлагайман ва на қабрингни.
Кўрарман, дуога қўл очганимда:
Сенинг борлигингдан дарак берса не.
Фақат, хафа бўлма кўз ёшларимдан,
Шўрлик пешонамга битилган толеъ…

* * *

Ёдингни ўғирлаб келар хаёлим,
Ёдимни ёритар ёруғ хотира.
Бир ишқки, ҳаққига тўланар жоним,
Бир ишқки, ҳилолдай маъсум, бокира.
Жим туриб тинглайман сукунат сасин,
Лаҳзалар бахтимдан сўйлар ҳикоя.
Тонг аста кўтарар зулмат пардасин,
Ўртанган хаёлим ахтарар соя…
Илинжим мулкидан кетдим юз буриб,
Юрагим ўрнида қолди вайрона.
Ҳасрат оловига ўзини уриб,
Орзуларим ёнар мисли парвона.
Бироқ, мени тағин етаклар хаёл,
Ёдингдан бир лаҳза кетолганим йўқ.
Ахир, умидимни овутар беҳол,
Кипригинг қатида ёнаётган чўғ…

ИРОДАГА

Сабрингдан менга ҳам озроққина бер,
Бардошим манзили бўлсин тўрт томон.
Мени ҳам кўтарсин кўнгилдаги ер,
Токи бошим узра эгилсин осмон.

Яхши-ю ёмоним – Худога аён,
Борлигим бағрида бўзлайди фано.
Шовқинзорлар ичра излайман ҳамон
Сенинг кўзларингдек бир тоза дунё.

Биламан, қайдадир қадрдон баҳор
Сарғиш қисматимга термулар маъюс.
Эзгу дуолардан бўлиб умидвор,
Тўкилар орзулар япроғи ҳануз.

Кўнгил дашти ичра кезармиз, фақат,
Олисларда эмас биз ахтарган нур.
Ерга кўмилмайди биз эришган дард,
Гўрда ҳам ўлмайди биз топган ғурур…

Сабрингдан менга ҳам озроқ бер, синглим…

* * *
Орзулар мўл,
Бари имконсиз,
Бир ҳаловат истайди кўнглим.
Булутдан соф,
Осмондан олис
Манзил ичра топсайдим қўним.
Орзулар мўл,
Бари – чалажон,
Илинжимга қуллуқ қилади.
Балки, шудир ўлган ғалаён…
Мен билмайман, Худо билади.
Нигоҳларим осмонда қотган,
Тош бўл – деди, тошга айландим.
Ўз қадрини арзонга сотган
Кўнгилга қул этиб сайландим.
Ўзлигини англаб етмаган
Бардошимни кемирар азоб.
Эгик бошин қилич кесмаган
Қўрув ҳолин этсайдим хароб.
Кетсам…
Ҳеч ким куймаса йиғлаб,
Пок ёдларда қолсам жилмайиб.
Кўзлар юмуқ…
Ярим очиқ лаб…
Эркдан мастлик этсайди насиб…

Орзулар мўл…

* * *

Хотира — кундалик, варақлайман жим,
Ундан камалакни топгим келади.
Сочимга оқ тушар, юзимга ажин,
Аламдан дафтарни ёпгим келади.

Отилиб чиқаман хаёлни қарғаб,
Боғлар — сариқ ранглар, кузнинг эҳсони.
Яна жим яшайман армонни алқаб,
Юрагим — бетизгин туйғулар кони.

Хотира — барҳаёт! Айланар шеърга,
Ёмғирлару-қорлар остида карахт.
Нозик шоҳларини эгганча ерга,
Барглари тўкилган дарахтман, дарахт!

* * *

Ҳаётим зулматин ёритар ногоҳ
Кўзларинг қаърида порлаган оташ.
Энди армонлардан ахтарма паноҳ,
Энди қайғулардек бўлма асокаш.
Аросатда юзи қорайган, бекас,
Беқарор тунларга видолар айтай.
Сенсизлик ваҳмининг уясигамас,
Умидим кулбаси – қалбингга қайтай.
То қисмат тунлари улансин тонгга,
Бу ёлғон дунёда қолсин рост сўзим.
Ишқинг йўлатмайди ўлимни жонга,
Сенсиз ўлолмасман…
Ёпилмас кўзим…

* * *

Мен – ўзлигин англамаган қалб,
Тирик жоним кўмилган вужуд.
На қоларман эркимни алдаб,
На кетарман билмай ҳад-ҳудуд.

Шаклпараст дўстлар ёдига
Келтирмасман юрак қайғусин.
Қанча ботмай гуноҳ лойига,
Асл дўстим бурмади юзин…

Бақираман, эшитмас бир жон,
Шивирлайман, титрайди само.
Саждага бош қўйганим ҳамон
Раҳматини ёғдирар Худо.

Ноҳақсан, деб тергар бир хатар,
Тавбам – ёлғиз умид чораси.
Умрим – шомга талпинган саҳар,
Ҳаёт билан ўлим ораси…

* * *

Тунларимда ҳилол қилмайди пардоз,
Кунлар – изтиробда, Шамсини кўрмай.
Шундан оромимни йўқотганим рост,
Ҳассасин ҳар лаҳза йўқотган кўрдай.

Ҳар кун кечиб ўтар зулматни қалбим,
Кўзларим ўнгини қоплаган парда.
Тавбалардан таскин ахтарар дардим,
Хотиржам яшадим хиёнатларда…

Ҳаммани турлича сийламиш тақдир,
Кимнинг тили ширин, пешонаси шўр.
Мендан омадлироқ, бахтлироқ, ахир,
Йўлини бир бор ҳам йўқотмаган кўр.

Манзил ахтараман, нетай, ҳар қадам
Нигоҳга айланиб кетганда қўллар…
Менинг топганим ҳам, йўқотганим ҳам –
Ўзимдан ўзимга элтувчи йўллар.

Ҳар куни қадримга қиламан туҳмат,
Сабрини синайман, ҳолини сўрмай.
Ҳамон тонгим сари йўл бошлар зулмат,
Ҳамон яшаяпман ҳассасиз кўрдай.

003Feysbukdagi davradoshim Marhabo sheʼrlarini tavsiya qilar ekan taʼkidlaydi: “Xurshid Davron kutubxonasi” — bu shoirimiz koʻnglida faxr uygʻotishi bilan birga uning zimmasiga masʼuliyat ham yuklaydi, degan umiddaman…»

Marhabo Shodmonova
SHEʼRLAR
04

Marhabo Shodmonova 1984 yilda Samarqand viloyati, Ishtixon tumanida tugʻilgan. Kattaqoʻrgʻon Iqtisodiyot kollejining moliya boʻlimini tugatgan. “New Life insurance” Sugʻurta kompaniyasida menedjer assistenti boʻlib ishlaymoqda.

* * *

Koʻngilning ayovsiz soʻroqlaridan002
Toliqqan kunlarim ortimda qolar.
Xotiramning sargʻish varoqlaridan
Oʻchib ketmagandek hanuz xatolar.

Xatodan yuz burib keta qolmadim,
Qadrim yigʻlar oʻtmish xarobasida.
Ammo… men yurakdan yigʻlay olmadim,
Oʻlgan tuygʻularim janozasida.

Motam ham tutmadim qaygʻuga botib,
Soxta tabassum-la boqdim olamga.
Otmagan tongimda umid uygʻotib,
Yetishdim sochlari oqargan gʻamga.

Odamzod azaldan mehrga toʻymas,
Yoʻqdir ishqdan oʻzga koʻngil shevasi.
Dunyodan qoʻl siltab ketmoqqa qoʻymas,
Achchiq xatolarning shirin mevasi…

* * *

Xuddi daraxtlarday yashasam edi…
Oyogʻim zaminda, boshim koʻk qadar.
Shunda qiynamasdi alamlar yodi,
Balki, yurmas edim besar, darbadar.

Daraxtday yashasam edi, bir muddat,
Qalbimda ilohiy hislarni tuyib.
Har oʻtgan onimda qilsam ibodat,
Har fasl turfa rang liboslar kiyib.

Ammo, men yashadim yoʻllarda sarson,
Yolgʻonchi yellarga qilib diydiyo.
Koʻngilni havasga topshirib oson,
Shukurni unutib qoʻydimmikin yo…

Yana safar bongi… Jarang tinmaydi,
Yana iztirobga toʻlar jomadon.
Yaratgandan oʻzga hech kim bilmaydi,
Qachon bir manzilni etarman makon.

Qora bulut suzar osmon yuzida,
Armonim qushlari yozganda qanot.
Nahot, oromim yoʻq yerning ustida,
Yerning ostidadir ildizim, nahot!..

* * *

Oʻksindim, holimni soʻrdi xazonlar,
Qismatim qoʻynida toʻlib ketdi tosh.
Qulaydi, kurashga toʻymagan jonday,
Yorugʻ kunlarimga yetmagan bardosh.

Endi yigʻlab-yigʻlab chidamoq darkor,
Qadrsiz hislarning ozorlariga.
Boshimni zarb bilan urdim necha bor,
Koʻngilning darz ketgan devorlariga.

Bemajol yurakdan sovuq yel yelar,
Sarkash xayolimni eltar bir toʻfon.
Mensiz qaylargadir ketgisi kelar,
Oʻzimni oʻzimdan zeriktirgan jon.

Qafasdagi qushday uradi faryod
Ruhim…
Qochmoq istar gunohdan choʻchib.
U ketsin, men qolay bunda umrbod,
Jon beray…
Yerdagi osmonni quchib…

* * *

Yorqin ranglarimni yoʻqotdim bugun,
Gʻamning suvratiga kirgandek dunyo.
Umrimning taqvimin bezatgan, gulgun
Koʻklam ham sen bilan ketganday goʻyo.

Qalblarga joʻshqinlik berarmish bahor,
Ishqqa choʻmilarmish barcha tirik jon.
Mening olamimda koʻklam – beqaror,
Mening maysalarim rangi – zaʼfaron.

Qushlar dardlarimga boʻlishar malham,
Bashorat qilishar bahor qaytishin.
Sirli ertagida: Sehrli olam,
Unda shahzodamning izhor aytishin.

Ammo… Har galgidek, kutganim – sarob,
Kamalak qaytmaydi osmonni bezab.
Sendan xabar olib kelmaydi oftob,
Faqat, sogʻinch kezar yurakni ezib.

Diydorning bahosi bunchalar qimmat?!
Telbadek taqvimni titganim bekor.
Anglab yetolganim bitta haqiqat:
Yashil koʻzlaringda yashaydi bahor!

* * *

Meni kechir…
Koʻp hayalladim,
Juda uzoq qildim intizor.
“Borsa-kelmas” yoʻlni tanladim
Va qismatni bildim gunohkor.
Charchaganman…
Yoʻlim qolmagan,
Yuzim – qora,
Maʼnolar – sayoz.
Hali gullab ulgurolmagan
Yuragimni qaqshatar ayoz.
Ikkimizni ikki yon otib
Hayot qiynar,
Shumi odillik?!
Oʻz baxtimga oʻzim chang solib
Boʻgʻayapman, xuddi… qotildek.
Yashamoqdan muddao nima?
Tinchlik bermas xayol – dardisar.
Eh, qalbim-a, uvol qalbim-a,
Qilgandik-ku balodan hazar!..
Nahot, barcha toatim – bekor,
Xaloskor deb bildim xatarni?
Tagʻin asray olmadim bedor,
Tun aro qon qusgan saharni…

Meni kechir…

* * *

Yarim tun…
Samoga termulib uzoq,
Tinglayman yulduzlar suhbatlarini.
Koʻrinmaydi oyning yuzida ham dogʻ,
Yoritar koʻnglimning zulmatlarini.
Koʻnglim osmoni ham shunday bepoyon,
Chegarasin topmay oʻzim ham lolman.
Malomatdan endi ranjimas bu jon,
Tong sari yoʻl olgan yorugʻ xayolman.
Egik boshim bilan ergashdim besas
Qalbimning umidbaxsh tariqatiga.
Ishondim, soʻzlarning jilosigamas,
Rostgoʻy nigohlarning haqiqatiga.
Qayerda adashdim?
Qayerda toydim?
Nahot, yoʻllarimga gʻov boʻlar xato.
Qaytar dunyo – derdi enam…
Bilmadim,
Qay gunohim uchun qaytar bu jazo?
Manzilin axtarib yelar orzular,
Jonimni azoblar alam quzgʻuni.
Koʻnglim osmonini koʻtarib turar
Koʻkka yetib borgan ohim tutuni…

* * *

Dunyo ishlariga dil koʻndirolmay,
Qismat savdosida toʻlovman hamon.
Onam koʻnglida bir gul undirolmay,
Hasratim bogʻlarin qopladi xazon.

Oppoq tonglarini zulmatga oʻrab,
Tim qora sochini oqqa beladim.
Umri oʻtar menga omonlik soʻrab,
Men esa bolamga umr tiladim.

Xudodan oʻziga hech ne soʻramay
Yashar “toʻrtta dard”in bagʻriga bosib.
Umri oʻtib borar ortga qaramay,
Baxtin yelkasiga gʻamlarin ortib.

Yana jim tinglaydi taʼnalarimni,
Boshdan to oyogʻi – toqat va bardosh.
Tangrim qabul aylar tavbalarimni,
Shu koʻngil yurtiga olib ketsam bosh…

* * *

Qara, oʻlmayapman…
Hamon tirikman,
Hanuz umidimdan emasman judo. –
Sen tomon eltuvchi eski koʻprikdan
Oʻtolmay, orzuim boʻlsa ham ado.
Nega oʻlmayapman?
Tirikman nega?
Jonim azoblardan bezmaydi nechun?
Boshimni urarman bu qattiq yerga,
Olis osmonlarga boqarman har kun.
Nahot, oʻlmayapman?..
Ming yil yashadim,
Turfa sinovlarga solib sabringni.
Na sening borliging taskin berar jim,
Quchib yigʻlagayman va na qabringni.
Koʻrarman, duoga qoʻl ochganimda:
Sening borligingdan darak bersa ne.
Faqat, xafa boʻlma koʻz yoshlarimdan,
Shoʻrlik peshonamga bitilgan toleʼ…

* * *

Yodingni oʻgʻirlab kelar xayolim,
Yodimni yoritar yorugʻ xotira.
Bir ishqki, haqqiga toʻlanar jonim,
Bir ishqki, hilolday maʼsum, bokira.
Jim turib tinglayman sukunat sasin,
Lahzalar baxtimdan soʻylar hikoya.
Tong asta koʻtarar zulmat pardasin,
Oʻrtangan xayolim axtarar soya…
Ilinjim mulkidan ketdim yuz burib,
Yuragim oʻrnida qoldi vayrona.
Hasrat oloviga oʻzini urib,
Orzularim yonar misli parvona.
Biroq, meni tagʻin yetaklar xayol,
Yodingdan bir lahza ketolganim yoʻq.
Axir, umidimni ovutar behol,
Kipriging qatida yonayotgan choʻgʻ…

IRODAGA

Sabringdan menga ham ozroqqina ber,
Bardoshim manzili boʻlsin toʻrt tomon.
Meni ham koʻtarsin koʻngildagi yer,
Toki boshim uzra egilsin osmon.

Yaxshi-yu yomonim – Xudoga ayon,
Borligim bagʻrida boʻzlaydi fano.
Shovqinzorlar ichra izlayman hamon
Sening koʻzlaringdek bir toza dunyo.

Bilaman, qaydadir qadrdon bahor
Sargʻish qismatimga termular maʼyus.
Ezgu duolardan boʻlib umidvor,
Toʻkilar orzular yaprogʻi hanuz.

Koʻngil dashti ichra kezarmiz, faqat,
Olislarda emas biz axtargan nur.
Yerga koʻmilmaydi biz erishgan dard,
Goʻrda ham oʻlmaydi biz topgan gʻurur…

Sabringdan menga ham ozroq ber, singlim…

* * *
Orzular moʻl,
Bari imkonsiz,
Bir halovat istaydi koʻnglim.
Bulutdan sof,
Osmondan olis
Manzil ichra topsaydim qoʻnim.
Orzular moʻl,
Bari – chalajon,
Ilinjimga qulluq qiladi.
Balki, shudir oʻlgan gʻalayon…
Men bilmayman, Xudo biladi.
Nigohlarim osmonda qotgan,
Tosh boʻl – dedi, toshga aylandim.
Oʻz qadrini arzonga sotgan
Koʻngilga qul etib saylandim.
Oʻzligini anglab yetmagan
Bardoshimni kemirar azob.
Egik boshin qilich kesmagan
Qoʻruv holin etsaydim xarob.
Ketsam…
Hech kim kuymasa yigʻlab,
Pok yodlarda qolsam jilmayib.
Koʻzlar yumuq…
Yarim ochiq lab…
Erkdan mastlik etsaydi nasib…

Orzular moʻl…

* * *

Xotira — kundalik, varaqlayman jim,
Undan kamalakni topgim keladi.
Sochimga oq tushar, yuzimga ajin,
Alamdan daftarni yopgim keladi.

Otilib chiqaman xayolni qargʻab,
Bogʻlar — sariq ranglar, kuzning ehsoni.
Yana jim yashayman armonni alqab,
Yuragim — betizgin tuygʻular koni.

Xotira — barhayot! Aylanar sheʼrga,
Yomgʻirlaru-qorlar ostida karaxt.
Nozik shohlarini eggancha yerga,
Barglari toʻkilgan daraxtman, daraxt!

* * *

Hayotim zulmatin yoritar nogoh
Koʻzlaring qaʼrida porlagan otash.
Endi armonlardan axtarma panoh,
Endi qaygʻulardek boʻlma asokash.
Arosatda yuzi qoraygan, bekas,
Beqaror tunlarga vidolar aytay.
Sensizlik vahmining uyasigamas,
Umidim kulbasi – qalbingga qaytay.
To qismat tunlari ulansin tongga,
Bu yolgʻon dunyoda qolsin rost soʻzim.
Ishqing yoʻlatmaydi oʻlimni jonga,
Sensiz oʻlolmasman…
Yopilmas koʻzim…

* * *

Men – oʻzligin anglamagan qalb,
Tirik jonim koʻmilgan vujud.
Na qolarman erkimni aldab,
Na ketarman bilmay had-hudud.

Shaklparast doʻstlar yodiga
Keltirmasman yurak qaygʻusin.
Qancha botmay gunoh loyiga,
Asl doʻstim burmadi yuzin…

Baqiraman, eshitmas bir jon,
Shivirlayman, titraydi samo.
Sajdaga bosh qoʻyganim hamon
Rahmatini yogʻdirar Xudo.

Nohaqsan, deb tergar bir xatar,
Tavbam – yolgʻiz umid chorasi.
Umrim – shomga talpingan sahar,
Hayot bilan oʻlim orasi…

* * *

Tunlarimda hilol qilmaydi pardoz,
Kunlar – iztirobda, Shamsini koʻrmay.
Shundan oromimni yoʻqotganim rost,
Hassasin har lahza yoʻqotgan koʻrday.

Har kun kechib oʻtar zulmatni qalbim,
Koʻzlarim oʻngini qoplagan parda.
Tavbalardan taskin axtarar dardim,
Xotirjam yashadim xiyonatlarda…

Hammani turlicha siylamish taqdir,
Kimning tili shirin, peshonasi shoʻr.
Mendan omadliroq, baxtliroq, axir,
Yoʻlini bir bor ham yoʻqotmagan koʻr.

Manzil axtaraman, netay, har qadam
Nigohga aylanib ketganda qoʻllar…
Mening topganim ham, yoʻqotganim ham –
Oʻzimdan oʻzimga eltuvchi yoʻllar.

Har kuni qadrimga qilaman tuhmat,
Sabrini sinayman, holini soʻrmay.
Hamon tongim sari yoʻl boshlar zulmat,
Hamon yashayapman hassasiz koʻrday.

04

(Tashriflar: umumiy 432, bugungi 1)

Izoh qoldiring