Xurshid Davron. Shahidlar shohi yoxud Najmiddin Kubro tushlari. Ma’rifiy qissa (5).

042    Кейин баҳор келди, яна чечаклар унди, яна одамсиз шаҳар томларида, қоп-қорайиб ётган қамишлар ораларида лолақизғалдоқлар очилди, яна далалардан оқиб тушган сўқмоқлару-йўллар четида ажриқлар гилам ёзди, яна қуёш нуридан тирилган толлар ям-яшил новдалари шокила-шокила бўлиб осилди. Қобилон дарвозасининг ўрни бўлган култепа устида бир ниҳол бош кўтарди. У нимжон ва ҳимоясиз қаддини дунёга намойиш этар, қуёшга қараб бўй чўза бошлади. Бу ўша Маҳмуд исмли косиб йигит қўйнидаги шафтоли данаги ичида яширин дарахт эди.

ХУРШИД ДАВРОН
ШАҲИДЛАР ШОҲИ
ЁХУД НАЖМИДДИН КУБРО ТУШЛАРИ
Қиссанинг якуни (5)
022

033Элчилари ноумид ва натижасиз қайтганини кўган Ўқтойнинг қони қайнаб, ҳужумни кучайтирди. Баттар ваҳимага тушган Хумортегин ва айрим қўшин бошлиқлари кўнглидаги шум ният яна қатъийлашди. Худди буни сезгандек, Ўқтой яна ўз элчиларини Гурганжга юбориб, олдинги талабини такрорлади.

Аммо таслим бўлишни ўйламай, жанг қилаётган гурганжликлар ва қўшин ғазабидан қўрққан Хумортегин бу гал ҳам ўз ниятини ичига яширишга мажбур бўлди. У яна элчиларни жавобсиз қайтарди. Тез орада фуқаро ўртасида шаҳар ташқарисидан етиб келган миш-миш тарқалди: эмишким, элчилари жавобсиз қайтганидан ғазабланган Ўқтой: “Мен уларга меҳримни кўрсатдим, энди қаҳримни кўрсинлар!” – деганмиш.

Баҳор қартайиб, ўз ўрнини иссиқ ёзга ташлаб кетгиси келмай, осмонни булут билан тўлдирар, кечалари изиллаб илиқ ёмғир ёғдиргани-ёғдирган эди. Яшил япроқлар, сабзаранг кўкатлар осмон сувини ёз келаётганини билгандек, ташналик билан ютардилар. Аммо Оллоҳ ҳукмини қайтариб бўлмас: ёз бари бир борлиқни забт қила бошлади. Ёз иссиғининг кучайгани баробар Ўқтойнинг қаҳри ҳам орта борди.
Ёзнинг ойдин тунларининг бирида мўғуллар Амударё бандини бузиб ташлаб, шаҳарни сувга бостиришга уриндилар. Аммо уларнинг уч минглик қўшини банд остонасида хоразмийлар томонидан қириб ташланди. Бундай шиддатдан Ўқтой ҳам эсанкираб қолди. Аммо тез орада бу гурганжликларнинг сўнгги ҳамласи эканини англаб, сиқувни кучайтирди.

Мана шундай иложсиз ва қаттол кунларнинг бирида Балх тарафдан Чингизхон жўнатган қўшимча қўшин келганини кўрган хоразмликлар сўнгги жанг палласи яқинлашганини сезиб, ўша кунни шараф билан кутиб олиш тараддудини кўра бошладилар. Аммо Хумортегин бошлиқ аҳли сарой эса сўнгги жангни, шарафли ўлимни эмас, нима қилиб бўлса ҳам ундан қутулиш йўлларини излардилар. Бу йўл хиёнат йўли эди. Улар шу йўлга кирдилар. Қўшимча қўшин келганидан хабар топган, шу пайтгача таслим бўлишни мушриф Имомиддин бошлиқ боёнлар маслаҳатни талабга айлантирдилар. Улар ҳатто марҳум подшоҳ Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам ўлими олдидан мўғулларга таслим бўлишни васият қилганини пеш қилдилар. “Омон қолсак, яна Хоразмни олурмиз. Ўлиб кетсак, кимга фойда!” – дея уқтиради мушриф. “Омон қолсам яна Хоразмшоҳ бўларман, ўлиб кетсамчи?..” – дея ўйларди Хумортегин ҳам. Охир-оқибат Хумортегин қалъадан яширин одам чиқариб, доруссалтана дарвозаларидан бирини очажагини мўғулларга хабар қилди.

Хиёнат дарвозаси орқали қалъага кириб олишга муваффақ бўлган душман гурганжликларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Дарвоза очилган куниёқ шаҳарни забт этиш ҳаёлида ўтовларини бузиб ташлашни буюрган Чингизхон ўғиллари андак шошилганларини тезда англадилар. Хиёнат туфайли ягона раҳбарликдан айрилган шаҳар аҳли энди бутун қалъани эмас, ҳар бир маҳалла, ҳар бир ҳовли, ҳар бир хонадонни ҳимоя қилишга киришдилар. Жангчилар шу қадар зич туриб жанг қиладиларки, юир қадам ташлаш учун қалашиб ётган мурдалар устига чиқиш лозим бўларди. Аммо очликдан ҳориган гурганжликлар сони борган сари камаяр, шаҳарга кириб келаётган душманлар миқдори ошиб борарди.

* * *

Хумортегин хиёнати туфайли душман шаҳарга бостириб кирганини эшитган Шайх Кубро ўз атрофига шогирдларини тўплади. Унинг этагида йиғилганлар қиблага қараб намоз ўқидилар. Намоздан сўнг шайх ваъз айтди:

— Гувоҳлик бераманким, Оллоҳ Таолодан ўзга илоҳ йўқдур. У улуғ ва буюкдир. Унинг шериги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ. Яна шунга гувоҳлик бераманким, Муҳаммад (с.а.в.) унинг бандаси ва элчисидир…

Дунёнинг ярмини кезиб чиқдим, кўп ишларни тажриба қилдим, машаққатлар чекдим, кўп кишилар ила суҳбат қурдим, улуғ ишларга қадам босдим, тирикчиликнинг аччиқ-чучугини тотдим, китобларга мурожаат қилдим, олимлар хизматида бўлдим, умримни дунё излаш билан зое ўтказдим, ажойиботларни кўрдим… Шайх нафасини ростлаш учун бир дақиқа тўхтади ва яна давом этди: — Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тез, шошилиб йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан…

Кўрдимки, вақтини “эссиз”, “қанийди”, “кошкийди”лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр экан. Энг гўзал безак тавозеълик, энг хунук нарса бахиллик экан. Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир оғриқ эса ёмон ва мунофиқ дўстлар экан. Кўрдимки, дунё қуллигидан озод бўлган кишигина ҳақиқий ҳур экан…

Шайхнинг овози сукут қучган бошлар узра қуш каби чарх уриб айланар, тингловчилар юрагида мудроқ ҳисларни уйғотар, уларнинг вужудини сокин ларзага чулғар эди.

— Тўғрисўзлиликдан кўра юксакроқ зийнатни кўрмадим. Нафсни шармандалик ва дўзах сари ҳайдашда, ақлни эса яхшиликка чорлашда кўрдим. Кўрдимки, ўзини тарбиялай олган ва шаҳватлардан тийила олган киши энг кучли шахс экан…

Шайх бошини кўтариб, тобора кўпайиб бораётган оломонга тикилди.

— Шайтоннинг халойиққа султон бўлиб олиши дунёни яхши кўришликдан экан. Мана шу шайтонга қарши бўлмоқни хоҳлаб, уни ўз нафасимга қарши бўлиш ва унга қарши душманлик қилишдан топдим.
Барча халифаю-подшоҳларни, Хоразмшоҳдек шон-шавкатли, қудратли султонларни ўз дабдабалари билан машғул бўлиб, ўзларидан ва ўзларида содир бўлаётган нарсадан бехабарликда кўрдим. Уларни гуноҳкорлик домига маҳкум кўрдим, уларни гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилишга чорладим. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмаслигини айтдим. Афсус, минг афсус… – Шайх яна нафасини ростлаш учун жим қолди. – Ҳа, минг афсуским, ўлимдан оғирроқ кулфат ўтган ишдан пушаймонлик экан…

Бошимизга шундай кулфат келишини билардим. Худойим измидан чиққан муслимларни бошига қирон қиличи билан келувчи куффорлар ҳақида башорат қилиб: “Мен уларни ўз қаҳру-ғазабимдан яратдим”, — демишлар. Мен аҳли мўминни ҳақ йўлидан кетишга рағбат қилдим. Аммо худойим бизнинг гуноҳли бошимизга бу лаънатни юборган экан, демак, унинг ғазабига муносибмиз. Биз бугун ғайридинлар илкида ё шаҳид, ё уларни енгиб ғолиб бўлурмиз.

Шайх сўзини тугатиб, чуқур нафас олди. У ўзига тикилиб турган минглаб кўзларга назар солди. Оломон ичида турган ҳар бир киши шайхнинг унга тикилганини сезди, юраклар жунбушга келди, “Жангга! Жангга!” деган хитоблар янгради.

Шайх қўлини даст кўтариб, жимлик тилади. Оломон тинчигач, шайхнинг жарангдор овози майдон узра янгради:

— Ўлим йўли муборак йўлдур. Ватан учун ўлим топмоқ эса муқаддас одатдур. Худойим элчиси ўз ҳадисларида: “Ватан сарҳадини бир кун ҳимоя қилмоқ олтмиш йиллик нафл ибодатидан ортиқроқдур” демишлар. Илло, ўлимимиз бошқаларга ибрат бўлсин.

Шайх Кубро хонақоҳга кирди ва дам ўтмай қайтиб чиқди. Эгнидаги бир пайтлар устози кийдирган муборак либос – хирқа белидан маҳкам танғилган, қўлида найза. У эгилиб, майдонда сочилиб ётган қайроқтошларни териб, қўйнига солди ва майдонда йиғилган гуруҳни жанггоҳга – Қобилон дарвозаси томонга бошлади.

Улар етиб борганларида жанг авжида, душман дарвозахонадан ўтиб, шаҳар ичкариси томонга қадам-бақадам силжиб борарди. Шайх даставвал қўйнидаги тошларни ишга солди. Уч-тўртта мўғул аскарининг қаншарини қонатди. Тош қолмагач, найзасини пешлаб душманга рўпара бўлди.

Ёввойи дарё тўғоннинг ўпирилган чоҳига бор қудрати билан ёприлгандек, мўғул қўшини ҳам хиёнат очган қопқага бутун қувватини ташлаган эди. Аскарлар дарёси гоҳ шиддат билан олдинга ташланар, гоҳ найзалару-қиличлар сафига урилиб, қонли излар қолдириб орқага чекинарди. Аммо бир лаҳзада чекинган душман яна янги кучлар билан тўйиниб олға юрарди. Дарвозанинг икки тавақаси ловиллаб ёнарди. Аммо шунга қарамай, мўғуллар тошқин сувдек шаҳарга оқиб кирарди.

Ягона бошлиқсиз жанг қилаётган гурганжликлар душман билан охирги нафасгача урушишни қасд қилиб, совуққонлик билан уришардилар. Улар Ўқтойнинг таслим бўлиши ҳақидаги талабини рад этиб, ўз ихтиёрлари билан қуллик ва таҳқирдан ўлимни афзал деб билган, улар учун қаҳрамонларча ўлишдан бўлак нажот йўли қолмаган эди.

Найзасини олдинги сафда турганлардан бирининг кўксига ботиришга улгурган Шайх Кубро ўлиб ётган мўғул аскари қиличини олиб яна ҳужумга ташланди. Ўша заҳоти унга сап-сариқ бир мўғул рўпара бўлди. Қиличбозликда биринчи сабоғини олаётган шайх илк зарбадаёқ рақибининг кучли ва чапдаст эканини пайқади. Бироқ душманга қарши юрагида ёнган нафрат кекса шайхнинг кучига куч қўшарди. Пакана мўғул мушукдек чаққон эди, тўсатдан четга сакради-да, шайхнинг бошига қилич солди. Аммо бирдан кўзлари ола-кула бўлиб, қиличини қўлидан тушириб юборди. У бўшаган қўли билан курагини пайпаслай бошлади-ю, тўсатдан қўллари шалвираб тушиб, юзтубан қулади. Шундагина шайх рақиби курагида ботиб кирган найзани кўрди. Ўзини ўлимдан қутқарган кишини кўриш учун аланглаган шайх уч қадамча нарида кўзлари даҳшатдан чақнаб ёнаётган, қўлида алвон байроқни ушлаб олган мўғул навкарига тушди. У хавф-хатарни писанд қилмай, байроқни баландроқ кўтаришга уринар, бу билан сафдошларини яна шиддат билан олға босишга ундамоқчи бўларди. Шайхнинг кўзида унга хос бўлмаган нафрат ва адоват учқунлари чақнади. У бирдан олдинга ташланди-ю, қиличини мўғул кўкрагига санчди. Туғбардор қулаб тушар-тушмас, кокилига чанг солди. Аммо туғбардорнинг ўлимини кўрган орқадаги мўғуллар уни камондан ўққа тутдилар. Новакларнинг бири шайх кўксини тешиб ўтди. Шайх: “Оҳ!” деди-ю, ерга қулади. У туғбардор кокилини қўйиб юбормасдан чап қўли билан кўксидаги новакни суғуриб олди, сўнг бутун кучини йиғиб душман байроғига чанг солди. Ўша заҳот кўз ўнги қоронғилашди. Аммо кўз ўнги қоронғилашаркан, тўсатдан ялт этиб ҳаммаёқ ёп-ёруғ бўлиб кетди. У кенг даштда илиқ ёз кечаси қўйнида юриб кетаётган ота-онасини ва… ўзини – етти-саккиз яшар болани кўрди. Улар қўшни қишлоқдан қайтишарди.

Бола ҳар замон орқасига – онасига қараб қўяди-ю, олдинда зипиллаб бораётган отасига етиб юришга ҳаракат қилади. Ой шундай катта ва чароғон эдики, унинг кўзлари қамашарди. Отасининг оппоқ салласи ойнинг бир бўлагидай сузиб борарди.

Бирдан унинг оёғи тойилди-ю, қайгадир тушиб кета бошлади…

“Ўғлим, ўғилгинам!” – дея қичқирди бирдан онаси…

Отаси ялт этиб унга қараб қўлини чўзди…

Онаси оппоқ кабутар бўлиб, боши узра чарх ураркан: “Калима келтир!.. Калима келтир!..” – дея қичқирарди…

“Оллоҳу жилла жалалуҳу!..”

Мўғулларнинг бири жон берган шайхнинг қўлидан байроқни тортиб олишга уринди, аммо кучи етмади. Байроққа иккинчи мўғул ёпишди. Аммо Шайх Кубронинг бармоқлари душман байроғини шундай куч билан қисиб турардики, душманлар бу куч олдида ожиз қолдилар. Байроққа учинчи, тўртинчи, бешинчи… еттинчи мўғул навкари ёпишди. Улар барварига зарб билан тортган эдилар, байроқ йиртилиб кетди. Байроқнинг катта парчаси шайх панжасида ғижимланганча қолди.

Мўғуллар ғазабдан қутуриб, шайх мурдасини тўрт ёндан қилич билан чопа бошладилар. Кейин яна мурда қўлидан ялов парчасини олишга уриндилар. Аммо шайх қўли омбирдек маҳкам қисилган эди. Охири мўғулларнинг бири – юзи чўзинчоқ, малларанг, кўса ўнбоши бошқа навкарларни четга суриб, калта қиличини даст кўтарди-да, зарб билан шайх гарданига урди – бош танадан жудо бўлди. Сўнг ўнбоши яна қиличини кўтариб туғ парчасини ғижимлаб турган бармоқларни мўлжаллаб бор кучи билан урди. Аммо қисилиб, муштга айланган бармоқлар тошдек қаттиқ эди, қилич сакраб кетди. Жаҳли чиққан кўса қиличини четга ирғитиб, белида осилиб турган ханжарини суғуриб олди ва сўкина-сўкина шаҳид бармоқларини қирқа бошлади. Бармоқлар қони силқиллаб ерга томчилай бошлади. Ниҳоят, мурда бармоқларидан озод бўлган байроқ парчасини олишга муваффақ бўлган мўғуллар чунон бақирдиларки, қилич чопқилашаётган ҳар икки тараф ҳам ҳайратдан қотиб қолдилар. Айниқса, ўнбоши бутун бир қалъани қўлга киритгандек, мағрур эди. Ундан кейин кўса ўнбоши туғбардор мўғулнинг кокилини ғижимлаган шайхнинг ўнг қўлини чопди.

Яқиндаги тош устида бу машъум воқеани кузатиб турган бола (бу бола Саййид эди) уларнинг бу шодиёнасини кўриб, ўзини тута олмай, шундоқ ёнида ётган акаси – Маҳмуд жасадини қучоқлаганча, тўйиб-тўйиб йиғларди. Сўнг байроқ парчасини баланд кўтариб қийқираётган кўсани мўлжалга олиб новак отди. Кўса бир дам ҳайрон бўлиб, қотиб қолди-да, кейин бирдан танасига пичоқ санчилган тўнғиздек бўкириб чопа кетди. Аммо вужудига кириб олган ўлимдан қочиб кетолмади. Дам ўтмай кўзлари аланг-паланг бўлиб, юзтубан қулаб тушди…

Мўғуллар томни ўраб олиб, болани мўлжаллаб новак учира бошладилар. Аммо Саййид болаларга хос эпчиллик билан қўшни томга сакради, сўнг томма-том ўтиб қоча бошлади. Ниҳоят, саройга яқин бир ерда, томга туташ дарахтга осилиб, амаллаб ерга тушди. Бироқ, бир тўп мўғуллар уни қоралаб изма-из келаётган эдилар. Бола саройга кириб яширинмоқчи бўлди. Аммо бу фойдасиз эканини сезди – мўғуллар унга етиб қолганини кўриб тўхтади ва новаксиз қолган камонини четга ирғитиб, ёнгинасида ётган жасад қўлидаги совутни шоша-пиша кўтарганча, душманга юзланди.

Мўғуллар болани ўраб олдилар. Саййид яроқсиз бўлса-да, тап тортмай совут билан ўзини ҳимоя қила бошлади. Мўғуллар эса болага тўрт тарафдан найза ўқталишаркан, унинг болаларга хос қилиғини – бир ўзи тўрт-беш кишига тенг келмоқчи бўлганини кўриб, мазах аралаш қаҳ-қаҳлаб кула бошладилар. Улар Саййидни даврага олиб, найзалари билан туртишар, бу ўйин уларнинг меҳрсиз кўнгилларини қитиқлаб, роҳат берар, шу боисдан мўғуллар болани ўлдиришга шошилмасди. Найзалар санчилишидан бутун бадандан қон оқиб, бирпасда боланинг бошдан-оёқ либоси қизил доғлар билан бўялди.

Аммо бола ҳамон бўш келмас, совут билан ўзини тўсишга уриниб, бўш қўли билан мўғулларга зарба бермоқчи бўларди. Тўсатдан у ўзини писанд қилмай, бепарво турган мўғулга ҳамла қилиб, унинг қўлидан қилични тортиб олди ва анграйиб қолган мўғуллар эс-ҳушларини йиғиштириб олмасдан яроқсиз қолган навкарнинг қорнига қилични санчди. Мўғул бўкириб юборди-ю, орқасига тисарилиб кетди ва кўзлари косасидан чиққудайин кенгайди. Сўнг потирлаб қон чиқаётган қорнидаги ярага икки қўлини босар-босмас, ерга ағдарилиб тушди, питирлаб жон бера бошлади.

Мўғуллар ғазабдан қутуриб кетдилар, тўрт тарафдан баравар ҳамла қилиб, боланинг митти вужудига найзаларини санчдилар. Сўнг қийқиришганча уни баланд кўтардилару, даҳшатдан қотиб қолдилар. Вужуди тилка-пора боланинг юзида табассум зоҳир эди, гўё у душманлар устидан кулаётгандек эди.

Мўғуллар қўрқиб кетдилар, найзаларини баравар суғуриб олдилар. Бола жасади гурсиллаб ерга қулади. Аммо ўшанда ҳам қўлидаги қилич билан совутни қўйиб юбормади. Икки қўли ёзилганча ётган боланинг юзида табассум, кўзлари очиқ қолган эди…

* * *

Аҳвол жуда оғирлигини кўрган Гурганж муҳтасиби Алауддин ал-Ҳаййатий ал-Хоразмий бир амаллаб шаҳардан чиқиб шаҳзодалардан шафқат тилади. Аммо гурганжликларнинг туғёнли қаршилиги туфайли жуда кўп навкарларидан айрилган Чингизхон ўғиллари рад жавоб бердилар.

— Меҳримизни рад этганлар қаҳримизга сазовор бўлсинлар! – деди Жўжи мухтасибга қаттиқ тикилиб.
— Шаҳрингизни қабристонга айлантирмагунча тўхташ йўқ! – деди таҳдид билан Чиғатой.

Бу гаплардан бехабар шаҳарда жанг авжида эди. душман билан охирги нафасгача урушишни қасд қилган гурганжликлар совуққонлик билан олишардилар. Илло, улар учун қаҳрамонларча ўлишдан бошқа нажот йўли қолмаган эди. уйларнинг томига чиқиб олган келин-жувонлар золим ёғий қўлида бадном бўлмаслик учун ўзларини ловиллаб ёнаётган олов қўйнига ота бошладилар. Баъзи хотинлар эса чап қўлида боласи ва ўнг қўлида тиғ билан душманларга ҳамла қилар эдилар.

Қутуриб кетган ёғий кўзга кўринганни қилич билан чопиб, сут эмадиган гўдакларни найза билан санчиб ўтга отар эди. Кўп болалар мўғул оёқлари остида қолиб, нечалару ярадору жон чиқар ҳолатда ота-оналарига ёлворардилар. Бу ҳолдан гурганжликларнинг кўзларига дунёю-жаҳон қоронғу бўлиб, эсларини йўқотгандек, мўғул аскарларига ташланар эдилар.

Еттинчи кун сўнгида шаҳар тўла душман қўлига ўтди. Кўча-кўйда оммавий қирғин бир лаҳза тўхтамади, қон дарё бўлиб оқди…

Мана шу жанглар бораётган кунларнинг бирида, тонготар пайти шоир Қосим Ҳусайн билан хиёнаткор Хумортегинни Хуррамбоғда қатл этдилар.

Имом Мужтаҳиддин шоир Қосим Ҳусайн ҳақида илк дафъа Бухорода таълим олган чоғларида эшитган, бир-икки марта юзма-юз ҳам келган эди. Қосим Ҳусайн ғазалларини араб тилида ёзарди.

Ўша пайтлардаёқ номи тилларга тушган ёш шоирга вазир ал-Жайҳоний салтанат ҳисобидан етмиш динор ҳадя қилгани Бухорода анчагина шов-шув бўлган эди. Бир даврада ўтирганларида Қосим Ҳусайн: “Агар муҳтож бўлмаганимда, шу пулни олмас эдим”, — деб шикоят қилгани ҳам имомнинг эсида. Кейинчалик Хоразмшоҳга яқин бўлган аш-Шиҳаб ал-Хуфий исмли бир акобир шоирга қандайдир мансаб ва ўн динор бадалига ёнида шеър ўқиб ўтирадиган бир хизматга чорлаганда, шоир бу таклифни рад қилганини эшитди. Бухорони тарк этгач, йиллар ўтиб, у бир фозил кишидан Қосим Ҳусайн ҳақида “илм ул-маоний эгаси” деган баҳони эшитди. Шунча вақтдан кейин имом шоирни бугун кўрди.

Дастлаб, у Қосим Ҳусайнни танимади. Табиатан семиз бўлган шоир узоқ қамал давомида озиб кетган, эгнидаги либоси шалвираб осилиб қолган, фақат кўзлари худди ўттиз йил аввал қандай бўлса, ўшандай чарақлаб турар, аммо улар ҳам безовта эдилар.

Шоирни кеча кўча жангларидан бирида асир олиб, энди бошини танасидан жудо қилмоқчи бўлиб турганларида, мўғуллар хизматига ўтган бир хоразмлик таниб қутқариб қолган экан. Бугун тонгда уни Хумортегин билан баробар Ўқтойнинг ҳузурига олиб келдилар. Бир ҳафта ичида қуруқ устихонга айланган, кесиб ташланган қулоғи ўрни қорайиб кетган Хумортегин жон таҳликасида тизза чўккалаб олганича таъзим қила бошлади. Аммо қўллари боғлиқлиги панд бериб, тупроқ устига юзтубан ағдарилди. Аммо шу ётган кўйи ҳам бошини ерга ураверди.

Дарвозани очиб бериб, ўзи шаҳардан бир тўп одамлари билан қочиб чиққан Хумортегинни Ўқтой ҳузурига олиб келишганида, у қароргоҳга етмасданоқ отдан тушиб, пиёда ва бошяланг юриб келган эди.

Шаҳзодани кўриши билан тиз чўкиб, ер ўпди ва кўтариб келгани – бир қути жавоҳирни пешкаш қилди. Шаҳзода қутига беписанд назар ташларкан:
— Нега дарвозани очиб бердинг? – деб сўради тўсатдан.

Хумортегин нима дейишини билмай, гангираб қолди. Ахир неча ойким, одам кетидан одам юбориб, гоҳ қўрқитиб, гоҳ яхши ваъдалар билан сийлаб, уни шу ишга шаҳзоданиг ўзи даъват қилмаганмиди? Энди бўлса нега очганини суриштиради. Унинг ожиз ақли шаҳзода дарвозани нега очиб берганини эмас, қай ҳаёлда очганини билмоқчи эканини фаҳмламасди.

Ўқтой бошқа савол бермади, зериккан кишидек ҳомуза тортиб, қўли билан Хумортегиннни кўрсатиб, “Олиб кетинг!” дегандек ишора қилди ва кетма-кет амирга бир чодир ажратиб, кеча-кундуз қаттиқ қўриқлашни буюрди.

Уч кун бурун шаҳзода амри билан сотқинларга нисбатан қўлланиладиган дастлабки жазо амалга оширилган – амирнинг қулоқлари кесиб ташланган эди. илло, қулоқ эгасининг ҳукмдори олдида ичган қасамини эшитган. Бугун эса жазо давом этиши керак, аввал қасам айтган тилни, сўнг қасамни берган дилни суғуриб оладилар. Ўз ҳукмдорига, ўз қавмига вафо қилмаган хоиннинг жазоси шу.

Ўқтой ерга юзтубан ётган кўйи бошини тупроққа ураётган қулоқсиз Хумортегинга бор-йўғи бир мартагина ижирғаниб тикилди-ю, ўша заҳоти уни унутди. Унинг диққати шоир Қосим Ҳусайнга қаратилган эди.

Шоир эгнига ҳаворанг узун жулдир кўйлак кийган, боши яланг, қўли орқасига боғлоқлик эди. Чап кўзи ости кўкарган, оғзининг бир чеккаси шилиниб, қони қотиб қолган – шоир шаҳзодага қўрқувсиз, синчковлик билан тикилиб турарди.

Шоирнинг Ўқтойга таъзим қилмаганини кўриб, қароргоҳдагилар шовқин кўтардилар.

— Бош эг, малъун!
— Таъзим қил, кўрнамак!
— Улуғ шаҳзодамиз оёқларига бош ур, баттол!

Қосим Ҳусайн эса бу сўзларни эшитмагандек, Ўқтойга тикилиб тураверди. Шаҳзода ҳам “Қани буёғи қандоқ бўларкин?” деб, бўйинларини чўзиб бақираётганлар жазавасини томоша қилиб, кутмоқчи бўлди-ю, сабри чидамади.

У оҳиста қўл силтаган эди, четда турган навкарларнинг бири унинг истагини бажо келтирди. У шоир ёнига югуриб келиб, қамчисини маҳбуснинг елкасига туширди. Бу билан шоирни тиз чўктирмоқчи эди. лекин бечора қарши шоир шу заҳоти худди оёғига болта урилгандек қулаб тушди, нафаси қайтиб, ранги бўздек оқарди. Навкар бир қўли билан маҳбусни худди бўш қопни кўтаргандай осонгина кўтариб, оёққа турғазди. Кейин “Таъзим қил!” дегандек, қамчиси билан елкасига туртди.

Шаҳзода яна бир бор қўл силтади. Навкар ўша заҳот орқаси билан тисарилиб ўз ўрнини эгаллади. Ниҳоят, шаҳзода тилга кирди:

— Сен мендан қўрқмайсанми?
— Ёлғиз Оллоҳдан қўрқадилар! – деди шоир.

Бу шоир ҳеч кимдан имдод тиламаслигини, оғзига келганни қайтармай, шаҳзода ғазабини қўзғаши, бу ғазабнинг бир ниши уларга ҳам ботиши мумкинлигидан қўрққан қароргоҳ аҳли вужуди қулоққа айланиб Ўқтой билан Қосим Ҳусайн суҳбатини тингларди.

— Сен шоирмисен? – деб яна савол берди шаҳзода. Қосим Ҳусайн индамади.

— Бизнинг падаримиз бўлмиш улуғ ҳоқон ҳам шоирларни қаттиқ суядилар. Шуни билурмисен?..

— Падарингиз Чингиз шоирларни ҳам суяди, ҳам сўяди! – деди Қосим Ҳусайн.

— Нима?! Нима дединг?! 

Ўқтой ўтирган ўрнидан ёввойи мушукдек чаққон сакраб турди. Сўнг атрофидагиларга аланг-паланг тикиларкан, ўзини босиб қаҳрли кўзларини шоирга қаратди.

— Сен бизнинг буюк ғалабамизга бағишлаб фатҳнома битурсан, биз-да уни падаримиз улуғ ҳоқон даргоҳига юборурмиз. Англадингми?!

Қосим Ҳусайн индамади.

Ўқтой олдида турган қимиз тўла шокосани тепа солиб, бақирди:

— Англадингми, деяпман сенга, кўппак?!

— Сен қашқирдан туғилган ҳаромисан! – дея оташин сўзлади Қосим Ҳусайн. – Мен она юртимни ғорат қилган босқинчига, гўрида тўнғиз қўпгур Чингизга фатҳнома битадиган қўлимни ўзим чопиб ташлайман!..

— Шундайми?! – деди Ўқтой ўрнига ўрнашиб ўтираркан, — қўлингни чопишга тайёрмисан, аммо биз сенинг бошингни чопиб ташлурмиз!

Шу пайт Имом Мужтаҳиддиннинг кўзи шоир кўзи билан тўқнашди. “Сен ҳам шу ердамисан?!” дегандек бўлди шоирнинг кўзлари. Имом қўрқиб кетди. Кўзларини яшириб, издиҳомдан секин ортига сурилиб чиқаркан, икки навкар судраб кетаётган Қосим Ҳусайннинг сўнгги сўзларини эшитди:

— Туф сенинг тожу-тахтингга, тезак ҳиди анқиган куффор! Ўқтой ғазаби ҳануз босилмаганидан титраётган қўли билан калта қиличи дастасини маҳкам сиқди – бу билан ҳаяжонини яширмоқчи бўлди. Аммо барибир титроқ тўхтамади ва шаҳзода юзидаги бор заҳру-қаҳр мужассамлашган кўзларини чақчайтириб, тупроққа қоришиб ётган Хумортегинга тикиларкан бақирди:

— Олиб бориб тили билан дилини суғуриб олинг! Хумортегин заифлашиб онги билан бўлса-да, бу сўзлар маъносини англадию, юзи қийшайиб кетди. Шу ҳолда бутун мажолини йиғиб, Ўқтойдан омонлик тиламоқчи бўлди, аммо азобга тоқат қилолмай тишланавериб, гўшти чиққан лаблари очилмади, фақат бўғзидан нолага ўхшаш бир ингроқ чиқди. Шу ондаёқ у бутунлай ҳушидан кетди. Икки навкар жонсиз жасадга айланиб қолган Хумортегинни судраб кетдилар. Дам ўтмай унинг ҳали титраб турган юрагини ва тилини косага солиб шаҳзода олдига келтирдилар. Ўқтой бир нафас қонолуд икки парча гўштга тикилиб қолди, сўнг бошини кўтарди:

— Бу хиёнаткор юракни ҳеч қачон эгасига хиёнат қилмайдиган итларга беринг!

Имом Мужтаҳиддин нима қилишини билмай қароргоҳни айланиб юрарди. Кўнгли дарё бўйига боришни истар, аммо қароргоҳни ҳалқа қилиб ўраб олган навкарлар бирор кишини ижозатсиз ўтказмасликларини билиб бошқа бир сокин гўша изларди. Ниҳоят, у қароргоҳ ўрнашган тепа ёнбағридаги бир туп гужум соясини танлади – у ер тинч, ҳеч ким унга ҳалал бермасди.

Офтоб нуридан ва азобли уйқусизликдан кўзлари қизарган имом гужум остидаги тошда хомуш ўтираркан, қўйнидан аслида бир пайтлар зангори тусда бўлган-у, қўлма-қўл юравериб ранги ўчган, кўкимтир тус олган чарм билан муқоваланган мўъжазгина китобчани олди. Бу Шайх ул-раис Ибн Синонинг рубойилари жамланган китоб эди. Имом уни Гурганжга борганида, қамал бўлишига қарамай, гавжум китоб растасидан сотиб олган эди. Имом фол очмоқчи бўлгандек, китобчани тўғри келган жойини очди. Очди-ю, назари тушган рубоийни ўқиб, ўкириб йиғлаб юборди. У узоқ вақт кўзёшсиз пиқиллаб йиғлади ва яна ўша рубоийни қайта ўқишга тутинди:

Ҳой-ҳавасга берилмаким, нафсим дея,
Ҳимоят эт бир нафасинг, нафсинг тия,
Дунё дема, шону-шавкат, ишва дема-
 Ким, душманга кўнгул берма дўстим дея.

Имом китобдан бошини кўтариб, мўматалоқ ярадек зирқираб азоб бераётган юрагидан дардни аритмоқчи бўлган каби кўксини силаб дам-бадам хўрсиниб, гоҳ кўзларини азоб билан осмонга қаратиб олисдаги жанггоҳ узра чарх уриб, айланаётган қузғунлар галасини кузатар, гоҳ умидсиз нигоҳини сарғайган ерга тикиб, остидаги тош ёриғидан чиқиб қаёққадир тизилиб бораётган чумолилар карвонига тикилиб ўтирарди.

Имом шу қадар қаттиқ изтиробда эдики, эсини йўқотиб қўйгандек, ўзи билан ўзи гаплаша бошлади.

— О, мен дўстни сотиб, душманга йўлиққан аҳмоқ! – деб ғўлдиради у тош устида руҳан азоб чекиб, чайқалиб ўтираркан. – Ким эдим, ким бўлдим! Муслим эдим, кофир бўлдим! Илмим кўпу, илмсиз қолдим! Юрагимни йўқотдим, юрагимни! Одам эмас, шайтон васвасасига учган бир ўлимтикман!

Имом хиёнатчи “наврўзий подшоҳ” дарвозани очиши арафасида яна бир марта Ўқтойдан шаҳарга бориб Шайх Куброни олиб чиқишга изн тилаган, даставвал рад жавобини берган шаҳзода, имом қатъият билан Чингизхоннинг амрини ўртага солганидан кейин ноилож рухсат берган эди. Аммо имом Гурганжга бора олмади. Кутилмаганда у аллақандай мудҳиш дардга чалиниб ётиб қолди. Унинг бутун вужуи титраб-қақшаб, аланга бўлиб ёна бошлади, тишлари такиллаб, оёқлари учидан бошланган совуқлик кўксига оқиб ўтиб аъзойи баданини муз билан тўлдирди. Унинг қўл қўтаргулик мажоли ҳам қолмаган эди. дам-бадам кўз ўнги қоронғилашиб, чуқур бир қудуқ тубига тушиб қолгандек ҳис қилди ўзини. Бинобарин, у ҳеч қаёққа кета олмади. У ўз чодирида намат шолчаларга ўралиб, икки кун оғир дарддан ҳушини йўқотиб ётди. Лекин дард имом Мужтаҳиддинга қандай кутилмаганда ёпишган бўлса, энди уни шундай тез қўйиб юборди. Гарчи у ҳали заиф, оёқлари бедармон бўлса ҳам кўнгли қандайдир фалокат бўлишини сезиб беором бўлаверди, оқибат амаллаб кийим-бошини алмаштириб чодиридан чиқди. Қароргоҳга келиб, гумони тўғри чиққанини билди. Фалокат юз берган эди. сотқин Хумортегин тунда дарвозани очиб берганидан фойдаланган мўғул қўшини шаҳарга ёприлиб кира бошлаган эди.

— Э худо! – деб инграб юборди бу хабарни эшитган имом. У кечиккан эди. Имом бўғзига оқиб келаётган фарёдни биров эшитмаслиги учун яна чодирига қайтиб келди. Чодирга кирдию, бутун ихтиёрини бўш қўйди.

У умида биринчи марта маза-бемаза гаплар билан бўралаб сўкинар, итдай ириллар, қутурган нордек оғзидан кўпик сочар, аҳмоқ ўғилни дунёга келтирган ота-онасига лаънатлар ўқирди.
Шунча оҳу-фарёд қилгани, сўкингани билан бу фалокат бошини ололмаслигини англаб, худога илтижо қилиб фақат бир нарсани – ўз умрида зиғирча ҳам ёмонлик қилмаган Шайх Кубронинг қийноқсиз ўлишини тилади.

Ҳозир ҳам гужум соясидаги тош устида ўтираркан, имом яна ўша илтижо билан Оллоҳга юзланди. Кетма-кет шоир Қосим Ҳусайнга ҳам фотиҳа бағишлаб, гуноҳкор бандасининг дуосини қабул қилишини Тангридан қайта-қайта ўтинди.

Имом қароргоҳ томондан тушиб келаётган одамни кўрди. У яқинлашгач, шаҳзоданинг хос соқчиларидан бўлмиш Анку исмли қиличнинг бир зарби билан одамни иккига бўлиб юборадиган сарбозни таниди. Имом бу навкарни биринчи марта Бухоро жангида кўрган эди. Ўшанда уни икки киши етаклаб қароргоҳга – жарроҳ олдига олиб келишган эди. Бухоролик жангчилардан бири Анкунинг қаншарига қилич урган ва юзини то қулоғигача иккига бўлиб юборган эди. Юзининг ярми унинг кўкрагигача осилиб турарди, юзи ўртасида эса бир қаричча кесилган жой бор эди. Шунга қарамай, навкар икки киши ўртасида юриб келаётганини кўрган имом кўзига ишонмаган, бари бир жарроҳ ёрдам беролмаслиги ҳақида ўйлаган эди. Аммо хитойлик жарроҳ унинг ярасини тикиб, даволади. Яра кутилмаганда жуда тез битиб кетди, фақат тикилган жойи чандиқ бўлиб қолди. Шунда тез орада Анку исми унутилиб, уни ҳамма Чандиқ деб чақира бошлади. Ўқтой бўлса, бўлган воқеани эшитиб, навкарни ўз ҳузурида қолдирган эди. Чандиқ имомга яқинлашгач, уни шаҳзода ҳузурига чорлаётганини айтди. Имом аламини ичига ютиб, қароргоҳга шошилди.

* * *

Бола кўзларини очганда, у нур чулғаган дунёни кўрди, қайдандир қўшиқ куйлаган одам овози эшитилди. Бу овоз унга ҳам бир қадар таниш, ҳам бегона эди. У ям-яшил ўтлар устида ётар, эгнида оппоқ либос, вужудида худди булоқ сувидек тиниқлик бор эди. Бола бошини кўтариб атрофига аланглади. Олисда, сабзавор далалар ўртасидаги сўқмоқ бўйлаб кетаётган бир тўда оппоқ либосли кишилар сафини кўрди. Улар уфқ томонга қараб боришар, уфқ эса шуъладан нурафшон эди. Бу одамлар узра ҳам нур ёғилиб турар, Қуръони каримнинг муқаддас оятлари янграрди.

Бола ўзидан йигирма қадамча нарида оппоқ от етаклагн йигитни кўрди. Йигит ёнида бир чол турар, улар нималарнидир сокинлик билан сўзлаб келишарди. Йигит бола томонга қаради-ю, кўзлари чақнаб кетди. Ҳаяжонини босолмай Саййид томон югурди. Бола акаси Маҳмудни таниб, ирғиб ўрнидан турди ва акасини қаршисига отилди. Улар қучоқлашиб кўришдилар. Акаси сўради:

— Қийналмадингми, Сайид?

Бола акасининг сўзларини тушунмади. У қуш каби енгил, осмонга учиб кетгудек кайфиятда эди. Шунинг учун акасига нима деб жавоб беришни билмади.

Чол оппоқ отнинг жиловини ушлаб, уларга яқинлаша бошлади. Бола чолни таниди. У Шайх Кубро эди. Шайх Саййиднинг елкасига оҳиста кафтини қўйди:
— Қийналмадингми, Сайид?

Бола шундагина уларнинг нима ҳақида сўраганларини англади. Кўзлар ўнгида бадбашара юзлар, таҳдид солиб яқинлашаётган найзалар кўринди. Бола қўрқиб кетиб, акасига маҳкам ёпишди. Аммо уни қўрқитган даҳшат қандй кўринган бўлса, шундай тўсатдан йўқолди. Саид баданини пайпаслаб кўра бошлади. Аммо бирор жойидан қон оқмас, кўйлаги қордек оппоқ эди. У нима дейишини билмай, акасига жилмайиб қўйди. Чол сўради:
— Кетдикми?

Ака-ука баравар жавоб бердилар:
— Кетдик.

Маҳмуд Шайх Куброни оппоқ от устига ўтқазгач, жиловни ушлаб йўлга тушди. Саййид югуриб бориб акасининг қўлидан тутди. Улар нурафшон уфқ томон кетаётган одамларга эргашдилар.

— Қаерга кетяпмиз, ака? – деб сўради Саййид.
— Билмайман, — деди Маҳмуд.

Анча юришгандан кейин Маҳмуд ўгирилиб, Шайх Куброга қаради:
— Қаерга кетяпмиз, устоз?

Шайх Кубро ака-укага тикиларкан:
— Ватанга, бўтам, — деди.

Бу жавобни эшитган Маҳмуд Саййиднинг қўлини қаттиқ-қаттиқ сиқиб қўйди.

Орқадан кимдир қичқиргандек бўлди. Улар орқаларига қарадилар. Бир шарпа кўринди. У ҳам оппоқ либосда эди. Бола уни танимади. Шайх эса таниб, овоз берди:

— Шошмай келавер, Қосим Ҳусайн! Биз сенсиз кетмаймиз…

Қосим Ҳусайн уларга яқинлашиб, салом бергач, сўради:

— Йўл бўлсин, устоз?
— Асл Ватанга боряпмиз, Қосим Ҳусайн! – деди шайх. Қосим Ҳусайн жилмайди:

— Ўлимингиз муборак! Уччовлон жавоб беришди:
— Ўлим барҳақ, шаҳидлик қутлуғ!

Олдинда от етаклаган Маҳмуд билан унинг қўлини ушлаб олган Саййид, орқада от минган Шайх Кубро уфқ сари кета бошладилар. Уфқ эса нурафшон ажриқли қирлардан бўлак осмонда бутун вужудидан нур таралиб учиб юрган малойиқлар ва нурафшон уфққа сингиб кетган сўқмоқ бўйлаб кетаётган одамлардан бўлак ҳеч нима йўқ эди.

Фақат ортдан келаётган одамларнинг охири кўринмасди. Болалар, эмизикли гўдакларини қучоқлаб олган келинчак-жувонлар, йўл-йўлакай эртак айтиб келаётган момолар, бир-бирини таниб олқишлаётган йигитлар устида манбаи кўзга кўринмас ёғду тўкилар, сўқмоқ устига тўшалиб ётар эди. улар бораётган номаълум манзил бу шуълалардан сонсиз карра нурафшон эди. Бу шаҳидларга Оллоҳ Таолонинг инояти, унинг нури эди.

Бола нур дунёсига яқинлашган сари ҳамроҳларининг қиёфалари ўзгара бошлаганини кўрди. У ўзидаги ўзгаришларни сезмас, аммо Шайх Кубро қанчалик ўзгариб кетганини аниқ кўриб турарди. Аммо бола бу ўзгаришларни тасвирлаб беришга ожиз эди.

Улар нур дунёсига яқинлашган сайин ажриқзор қирлар, сабза ўтлар ҳам кўринмай қолди, улар нур оғушида юриб борардилар. Саййид тўсатдан қулоғи остида янграган Шайх Кубро сўзларини эшитди:
— Бўтам, сукунатга қулоқ сол, — дерди шайх. – Сен дунёда ҳеч қачон насиб бўлмайдиган нарса – сукунатни тинглаб ҳузур қил. Бу сукунатнинг номи абадият. Сенинг бола кўнглингдаги қувонч ўхшайди, сенинг маҳзун ўйларингдай покиза у. Уни тинглаб, ҳузур қил. Сен асл Ватанингга қайтдинг, бўтам!..

Саййиднинг назарида шайхнинг бу сўзлари ортда қолган, аммо у ҳали англаб-уқмаган тарафларда қолган, қор ёғиши арафасида оламни қучган тинчлик оғушида ётган Гурганжга етиб турган Жайхуннинг сокин жилдирашидек эшитиларди. Шунда бола вужуди худди либосдек сирғалиб тушиб қолиб, руҳи нурга қориша бошлаганини сезди…

* * *

Ўқтой қатл этилган шоирнинг оппоқ соқолли бошини найзага санчиб, жанггоҳга яқин туриб ҳужумни бошқараётган иниси Чиғатойга тортиқ қилиб юборди.

Чиғатой иниси юборган тортиққа муҳтож эмасди. У қароргоҳ ўрнашган тепаликда падари Чингизхонга ўхшаб чордона қуриб ўтирганча ҳалаба ҳақидаги хабарни кутишдан бошқасига ярамайдиган Ўқтойнинг бу ҳимматидан кулгиси қўзғади. У ҳозир бунақа тортиқдан бир эмас, мингтасини юбориши мумкин ўша Ўқтойга! Аммо инисига нисбатан кўнглидаги кекни билдирмади ва калла санчилган найзани соқчиларидан бирига узатар экан, жанг шовқини аралаш бақирди:
— Бу салтанатда бирор шоир зоти қолмагунча, қуртлаб кетгунича кўтариб юрасан! Токим улуғ ҳоқонни олқишламоқдан бош тортган ҳар бир одам боши кетишини англасун!

Чиғатойнинг бу сўзларини етказганларида Ўқтой мамнун илжайди.

— Инимиз бундай тортиқларни жуда яхши кўрадилар, қўйиб берсангиз, бутун Мовароуннаҳр аҳлини бошидан жудо қилишга тайёр. Биз ундай эмасмиз! Биз падаримиз улуғ ҳоқон каби меҳр-шафқатлимиз, — деди Ўқтой оғасининг сўзларини эшитиб ваҳимага тушган мовароуннаҳрлик амалдорларга қараб сўйлоқ тишларини иржайтариб…

Шоирнинг бошсиз танасини қамал давомида ўлаксахўрлика ўрганган дайди итлар галасига ташлашга буюрган Ўқтой Имом Мужтаҳиддинни кутиб тановул қилиб ўтирар, атрофида хос соқчилардан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

— Ҳой, имом, қаёққа ғойиб бўлдинг? Қани, яқинроқ кел, — Ўқтой от гўшти тўла оғзини чапиллата, кумуш табоқдаги суяклардан бирини олиб имомгача етиб борган узун кир дастурхон устига ирғитди. – Сен бу шоирни танирмидинг?..

Имом “Йўқ” дея бош чайқади-ю, овқат билан банд шаҳзода буни сезмаганини билиб овоз чиқарди: — Йўқ!

— Имом, падаримиз улуғ ҳоқон омонлик бермоқчи бўлган ўша шайх ҳам шеър ёзади, деганмидинг?
— Ҳа, шаҳзодам, шундай дегандим!

— Агар ундан буюк ғалабамиз мадҳ этилган фатҳнома битишни сўраганимизда ёзармиди? А?! – Ўқтой “Амр этганимизда” эмас, “сўраганимизда” деганидан пушаймон ижирғанди.

Ҳали падари улуғ ҳоқон даражасига етишига анча бор эди. Улуғ ҳоқон сўзи ипга тизилган марварид шодасидек гўзал, қиндан суғурилган найман қиличидек қўрқинчли эди.

— Йўқ, шаҳзодам, ёзмасди, — деди имом.
— Агар унга икки ўғлингни ҳам отларга боғлаб чорпора этамиз, десак ёзармиди?

— Йўқ, шаҳзодам, ёзмасди…
— Агар биз унга аёлингни навкарларга берамиз, десакчи, ёзмасмиди?

— Йўқ, шаҳзодам, ёзмасди!..
— Йўқ дейишдан бошқа нарсани биласанму, имом?! — Ўқтойнинг ғазаби қўзғади. – Нима, сизлар сиғинган ўша худо фарзандингни, аёлингни ўлдиришаётганда, бадном қилишаётганда, индамай қараб тур дейдиму?!

— Йўқ! – деди Имом Мужтаҳиддин.
— Йўқ бўлса, нега шайхинг ҳам, бу шоиринг ҳам ёзишни истамайди!

Имом нима дейишни билмай сукут сақлаб тураверди. Ўқтой бақирди:

— Билмайсанми? Биласан, билмасанг падаримиз улуғ ҳоқон сени аллақачонлар отнинг думига боғларди, сақлаб ўтирмасди. Биласан фақат айтишдан қўрқасан! Қўрқама, айт!

Имом индамай тураверди. Ўқтой ҳам уни тинч қўйиб, оҳзини чапиллатишга зўр берди. Охири, қорни тўйди шекилли, бир кекириб қўйди-да, косадаги қимизни бир кўтаришда қулдиратиб ичиб тугатди.

Сўнг имомга қараб тиржайди.

— Ўша шайхинг битган бирорта шеърни билсанг, ўқиб бер! Имом тарадудда қолди. У умрида овоз чиқариб бировга шеър ўқимаган эди.
— Қани, имом, қулоғимиз сенда, бошла!.. Ўқи, деяпман, нима бало қулоғинг карми?

Имом Мужтаҳиддин диққатини жамлаб, хотирасида қолган Шайх Кубро рубоийларини бирма-бир эслай бошлади-ю, Ўқтой яна “Ўқи!” – деб бақирганини эшитиб, чуқур нафас олди-да, оғзини очди. Очишга очди-ю, Ўқтойнинг ўрнидан ирғиб турганини кўриб тўхтади. Олисда қийқириб келаётган уч хабарчи отлиқ ушлаб олган туғлар ғалабадан дарак эди – Ўқтой ўзини унутиб қичқириб юборди. Ниҳоят, отасини қувонтирадиган бўлди! Чиғатой юборган хабарчилар шаҳар тўла олинганини, фақат икки-уч жойда хоразмликлар қамалиб олиб ҳамон қаршилик кўрсатаётганликлари, аммо ҳадемай улар ҳам бутунлай қириб ташланажакларини айтишди. Қароргоҳда бўлаётган тўс-тўполондан фойдаланиб, Имом Мужтаҳиддин ёлғиз бир ўзи шаҳар томон – минора-минора бўлиб кўкка ўрлаётган тутунлар, қиёмат кунини эслатиб оламни бузиб янграётган оҳу-фарёдлар томон йўл олди.

* * *

Хоразмшгоҳ саройининг қалин деворлари оламни бузган ҳайқириқ, оҳ-воҳ, йиғи-сиғи садоларини бир қадар тўсар, бу садолар имом чўзилган кўйи вужудидаги оғриққа чидолмай ўтирган хилват гўшага, мўғул ноғорасининг овози янглиғ бўғиқ эшитилар эди. Имом Мужтаҳиддин Чингизга юкуниб хизматига киргандан бери учқур ва шафқатсиз мўғул қўшини билан юравериб, жазирама иссиққа, изғирин совуққа кўникиб қолгани каби ҳар сафарги қамалдан, ҳар галги ғалабадан сўнг кўкка ўрлайдиган бу нола-ю, афғонларга кўникиб қолсам керак; дея умид қилар, аммо умиди ҳар сафар уни алдар, ҳар гал бу дод-фарёдлардан бекинишга хилват гўша қидиришга мажбур бўларди.

Аммо вужудида яширинган оғриқдан бекинадиган хилват бу дунёда йўқ. Бу галги оғриқ ёмон келди. Энди у мияга чанг солди. Гўё шаҳардан кўкка ўрлаган бутун тутун охир-оқибатда унинг миясига қамалиб қолгандек. Қора илонга айланган тутун мия қатламларини чирмаб қисар, чиқиб кетишга йўл тополмай заҳар қусарди… Имом:
— Улуғ Тангрим, бу оғриқдан мени қутқар, менга тўзим бер, бандангга раҳминг келсин! – дея илтижо қила бошлади, сўнг бошини маҳкам чангаллаганича ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

Боягина сарой остонасида қилич-қалқон ушлаган қўлларини икки ёнига чўзиб, очиқ кўзларини осмонга тикканча қотиб қолган ўн-ўн икки яшар болани кўриб ғалати бўлиб кетганини эслади, вужуди дир-дир титрай бошлади. У боланинг кўзларини ёпмоқчи бўлиб эгиларкан, очиқ қолган кўзларда осмон акс этиб, булутлар сузиб юрганини кўрди. Наҳот, шу бола қўрқувни билмаса? Наҳот у душманга тобе бўлишдан жангда ўлиш афзал эканини ўзининг мурғак идроки билан англаган бўлса? Наҳот?.. Наҳот?..

Сарой эшиги олдида бошсиз бир танани қучоқлаб йиғлаб ўтирган кампир-чи?! У душманлар кўз ўнгида шаҳид бўлган фарзанди устида йиғлашдан қўрқмай, тебранган кўйи марсия айтмоқда эди. Имом кампирга яқинлашиб, биров эшитиб қолмасин, деган хавотирда оҳиста:
— Эна, бу ердан кетинг, тезроқ кетинг! – деди.

Кампир бошини кўтарди, бироқ қаршисидаги одамнинг кимлигини билмагани учун яна бошини эгиб оларкан:

— Ҳой, болам, — деди йиғлайвериб бўғииб қолган овоз билан, — мени ўз ҳолимга қўй. Раҳминг келаётган бўлса, мениям ўлдир, қўлингдан келмаса, кет. Юрагимни бўшатиб олай…

У саройга кираётганда ортидан янграган кампир қарғишини эшитди:

— Наслингга қирон келсун, эй, тезак ҳиди анқиган маҳлуқлар!

Имом Мужтаҳиддин ҳайратдан қотиб қолди: Қосим Ҳусайн ҳам Ўқтойга шундай бақирмаганмиди?

У юрагини кимга бўшатсин? Унинг дардини эшитадиган борми? Унинг ичга ютаверганидан оғриққа айланиб вужудига сингиб кетган фарёди қачон бу оҳу-нолаларга қўшилиб кўкка ўрлайди?

Имом кўзларини юмди: ўша заҳоти зулматга сачраб турган нурни – қоронғилик қўйнидаги олис юлдузни кўрди. Бу нур, бу юлдуз шуъласи аста-секин эриган тиллага айланиб жилдираб-жилдираб доруссалтана кўчаларини оловга тўлдириб оқа бошлади ва охири ҳамма кўчалар бирлашадиган жой – саройга етди. Сарой олов ичида қолди. Имом вужудида шундай бир кучли оғриқ сездики, боши айланиб, қоп-қоронғи жарга тушиб кетгандек бўлди. Вужуди тушиб кетаётган жар остида қайнаб ётган оташни кўрди ва бу жар жаҳаннам эканини билди-ю, кўксидан шундай бир оҳ кўпдики, бу оҳ унинг онгидаги ўша олис юлдуз шуъласи ёритиб турган энг сўнгги уйғоқ қатламдан чиққан фарёди эди. шундан кейин у ўзини унутди. Миясида қора илон қусган заҳар бутун вужудига тарқалиб бўлди.

Шу пайт хона эшиги шарақлаб очилди-ю, у ялт этиб кўзларини очди, остонада… шоир Қосим Ҳусайн турарди! Шоирнинг қонга бўялган вужуди, ёниб турган кўзлари шундай ваҳимали ва оташин эдики, Имом Мужтаҳиддин ўрнидан тураркан, беихтиёр орқага тисарилиб кетди.

“Ё раб! Ахир у қатл этилмагандими?! Чопилган бошини Чиғатойга тортиқ қилишган эди-у?! Қаердан тирилиб келди?! Ким уни тирилтирди?!”

Қосим Ҳусайн қўлида ушлаб турган қилични унга пешлаб яқинлаша бошлади:
— Сен… қ-қотилсан? М-мен с-сени ўл…ўлдираман!..

“Йўқ! Йўқ! Мен қотил эмасман! Кимни ўлдирибман, кимни?” – Имом Мужтаҳиддин ўзини қиличдан пана қилмоқчидек қўллари билан юзини тўсиб олганича хона бурчагига тиқилиб олиб бўғизланган қўйдек типирчиларди. Охири бутун кучини йиғиб бақирган эди, бўғзидан хириллаган товуш чиқди:

— Мен қотил эмасман! Мен ҳеч кимни ўлдирмадим!

— Сен қотилсан! С-сен юракни ўлдирдинг! Ўз юрагини ўлдирган с-сендай р-разил хунрезни нечун ер ютмайди?! Нечун кўзида булут сузиб юрган болани ўлдирдинг, малъун?! – Қосим Ҳусайн кўзлари совуқ чақнаб, яқинлашиб келарди. – Не қилдинг уни? Не қилдинг, иймонсиз?!

“Ҳозир чопиб ташлайди! Чопиб ташлайди!” – ўйлади Имом Мужтаҳиддин, қўрқув аралаш деворни пайпаслаганича орқага тисариларкан. У чўғдай қизиган пешонасини нақшкор деворга ўрнатилган муздек совуқ чиннига тираганча бир муддат қотди, сўнг бирдан Қосим Ҳусайнга ташланди. Ташланди-ю, ерда ётган болишлар устига юзтубан ағдарилиб тушди. Дам ўтмай, бошини кўтариб қаради. Хонада ҳеч ким йўқ эди. Ёлғиз ўзи зарбоф бахмал болишлар устида ётарди… У қиқирлаб кулди. Қосим Ҳусайн уни ўлдиролмади! Қосим Ҳусайн ундан қўрқиб қочди! “Бу ҳифзи ҳимоятингга минг қатла шукур, эй Холиқи Олам! Эй мўминлар эгаси, ўз марҳаматингни дариғ тутмагайсан!” Имомнинг вужудини ёқимли бир ҳаяжон чулғади. У гўё қанот ёзиб кўкда парвоз қилаётгандек бўлди, кўзларини юмди. Юмди-ю, даҳшатдан бақириб юборди: у яна ўзини олов пуркаб турган жарга қулаётганини кўрди. Кўзларини юмишдан қўрқиб, оташ бўлиб ёнаётган лаблари оҳиста пичирлади: “Мен Шайхи

Валитарошнинг итиман, Қосим Ҳусайн! Сен мени ўлдирма, Қосим Ҳусайн! Мен Чингизни тишлаб-тишлаб ўлдираман, мени ўлдирма, Қосим Ҳусайн!”

Имом Мужтаҳиддин ўрнидан туриб, ўзича алланималарни шивирлаб ташқарига юрди. Остонадаги бошсиз танани қучоқлаб ўтирган кампирга кўзи тушиб, унга яқинлашди.

— Эна, туринг, — деди у қиқирлаб кулганича, — ўғлингизни ҳам уйғотинг. Ҳаммамиз бориб Чингизни тишлаб-тишлаб ўлдирамиз. Юринг, эна! – имом кампирнинг қўлидан ушлаб тортганди, кампир шилқ этиб ёнбошига ағдарилди. Шаҳид фарзанди устида дунёнинг энг ҳазин, энг ёниқ марсиясини айтиб ўтирган кампир фарзанд доғига чидолмай аллақачон ўлиб қолган эди.

Имом Мужтаҳиддин кампир унинг гапига кирмай ётиб олганини кўргач, бақирди:

— Майли, ухланг, эна! Мен ўзим… ўзим бориб тишлайман. Мен Шайхи Валитарошнинг итиман… Ҳув анави бола мени Чингизнинг олдига олиб боради!

Имом булутлар сузган кўзларни эслаб, “Ҳалиям сузяптимикан?!” – дегандек, боланинг устига эгилди. Дир-дир титраётган қўллари билан боягина ўзи ёпган қабоқларни очиб тикилди: тип-тиниқ кўзларда осмон ва булутлар акс этди. Имом қувонганча қийқирди:

— Булутлар сузяпти, булутлар!.. – сўнг боланинг қўлидаги қилични олди ва мурдага қараб гапира бошлади:
— Бўлди энди, ўғлим, тур… Майли, булутларни ҳам олиб юравер.. Сен менга Чингизни кўрсатиб қўйсанг, бас! Бўғзидан шундай тишлаб олайки, қони тамом оқиб битмагунча қўйвормайман! Қани, кетдик! –

Имом Мужтаҳиддин бола қўлидан тортди. Қушдек енгил бола мурдасини судраган имом сарой қаршисидаги кўчага қараб юрди. Дам ўтмай қаршисидан чиққан, қоп елкалаб олган сап-сариқ мўғул навкарини кўрди-ю, мурда қўлини бўшатиб, қиличини пешлаб югурди.

— Ҳа-а, Чингиз, қўлга тушдингму? Ҳозир сени тишлаб-тишлаб ўлдираман! Қонингни ичаман, Чингиз!

Шу пайтгача не-не жангу-жадални кўрган мўғул ўзи томонга қилич пешлаб югуриб келаётган телбасифат кимсани кўриб, қопни бир силтаб елкасига яхшилаб ўрнаштириб олди-ю,ўқдек орқасига қараб қочди. Мўғул жонидан эмас, елкасидаги қопдан хавотирда эди. Имом Мужтаҳиддин, умрида бунақа тез чопмагани учун, нафаси ҳарсиллаб тўхтаб қолди ва қиличини ерга тираганича, қочиб кетаётган мўғул ортидан бақирди:
— Ҳой Чингиз, Шайхи Валитарошнинг итидан қочиб бўпсан! Осмонга чиқсанг оёғингдан тишлаб тортаман, ерга кирсанг қулоғингдан!..

Шу пайт у сарой томон яқинлашиб келаётган отлиқларни кўрди. Бу шаҳарга тантана билан кириб келаётган Ўқтой бошлиқ қароргоҳ аҳли эди. Ўқтой тундек қоп-қора отини тўхтатиб, мағлуб этилган пойтахт маркази – Хоразмшоҳ саройига бир дақиқа тикилиб қолди. Ҳар гал у бунақа муҳташам саройларни кўрса, негадир асабийлашарди: у жонидек азиз ўтовни совуқ ва ҳаддан ташқари маҳобатли бир гўшага алмаштираётганидан асабийлашарди. Аммо қанча асабийлашмасин, мағлуб бўлган подшоҳларнинг саройларида бир дақиқа эгалик қилиш – ғалабанинг бош тантанаси эди. Ундан кейин бу сарой ёндириладими, вайрон этиладими, бари бир эди.

Унинг ҳаёлини аллақандай шов-шув бўлди. Оти тўхтаган жойдан сал олисроқда тўрт навкар бир кишини қувиб юришар, “Ушла!”, “Тўхта!” – деган хитоблар эшитиларди. Ниҳоят, тўртовлон қочоққа етиб олдилару, ерга босдилар. Лекин у қандайдир ғайритабиий бир шиддат билан навкарларни силтаб ташлади-да, Ўқтой томонга қараб югурди. Шу лаҳза Ўқтой уни таниди: важоҳати мудҳиш, уст-боши олишувда йиртилган, кўзлари чақчайиб кетган бу кимса Имом Мужтаҳиддин эди. Имом ҳам отлиқларни кўриб шартта тўхтади, телба кўзларини ерга қадаганча бир зум турди, сўнг кўзларини алақ-чалақ қилиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб бақира бошлади:

— Қиличим қани менинг?! Ким олди қиличимни?! Мен Чингизни ўлдираман ўша қилич билан! Ким олди қиличимни?! Ким?!

Имомнинг нафаси бўғзига тиқилиб қолди. – Ҳа-а! Қилични нима қиламан?! Ахир мен Шайх Кубронинг итиман-ку! Чингизнинг бўғзидан шундай тишлаб олайки, қони тамом оқиб тугамагунча қўйвормайман! Қўйвориб бўпман, Чингиз!

Ўқтойни қуршаб турган издиҳом нималар бўлаётганини тушунмасди. Аммо Ўқтой Имом Мужтаҳиддин ақлдан озганини дарров англади. Телба бўлмаса “Чингизни ўлдираман!” деб бақирармиди? Агар шундай демаганида эди, у бу девонадан раҳм-шафқатини дариғ тутмасди: ўлдирмасди! Қўл-оёғини занжирлаб қўярди, холос. Ана – Шайх Кубронинг итиман деяпти, занжирланган итдек яшайверарди. Телба бўлмаса, Чингизни ўлдираман деб бақирармиди? Бундай гапни айтган экан, соғми, телбами, ҳар қандай одам ўлимга маҳкум! Ҳа, ўлимга маҳкум!

Ўқтой бугунги зафар кунида ҳали қиличини қинидан чиқармаган, ҳали унинг дамини қонга бўямаган эди. Шу сабабданми, қўллари қилични соғинган, қулоғи қиличнинг ҳавонинг кесиб тушаётганида юракни қитиқлаб тараладиган ёқимли товушни қўмсаган Ўқтой калтагина қиличини суғурди-ю, отини олдинга ниқтади. Ҳаётдек гўзал тулпор ёлларига урилган Азроил нафасидан қўрқиб кетди ва шиддат билан олдинга ташланди.

Имом Мужтаҳиддин ўзига яқинлашиб келаётган отлиқни кўрди-ю, бир лаҳза қора илон чирмаб турган онгида тиниқлик пайдо бўлди: ич-ичида уят туйди. Ўлимнинг нимасидан қўрққан экан? Ана, ўлим яқинлашиб келяпти, аммо қўрқув қани? Қани қўрқув?! Имом ерга эгилиб тош олди ва қиличини яланғочлаб келаётган отлиқ томонга ота туриб бақирди:

— Наслингга қирон келсин, тезак ҳиди анқиган куффор! Дам ўтмай Ўқтойнинг сўйлоқ тишларини иршайтирганча боши узра кўтарган қиличини кўрди, кўрди-ю, калима келтирди: “Аманту биллаҳи ва расулиҳи!”

Кайфияти бузилган Ўқтой биринчи марта одатга амал қилмади: мағлуб душман саройида ўтириб базм қурмади. Ҳозиргина Имом Мужтаҳиддин қонига бўялган қиличини эгнидаги зарбоф тўнга артди-да, отига қамчи урди. Ҳаётдек гўзал тулпор яна ёлларига урилган Азроил нафасидан қўрқиб, шамолдек учди.

Эски қароргоҳига қайтган Ўқтой ҳузурига шонли ғалаба билан қутлашга кирган аскарбошиларга ғазаб тўла кўзларини қадаб буюрди: “Бирортаси тирик қолмагандан кейин мени келиб қутлайсиз! Аямай қиринг! Ҳатто бирорта ит ҳам соғ қолмасин!”

Босқинчилар қўлида қуроли бор одамларнинг барчасини ўлдириб бўлгач, қолган аҳолини шаҳардан ташқарига – Хуррамбоғ яқинидаги ялангликка ҳайдаб чиқдилар. Улар дастлаб Мўғулистонга юбориш мақсадида юз мингга яқин ҳунармандни ажратиб, алоҳида майдонга тўпладилар. Шундан сўнг эркакларни, бола демай, қари демай, қатл қилдилар. Муаррихлар ёзишича, бу қирғинни амалга оширган эллик минглик қўшиндаги мўғул аскарларининг ҳар бири йигирма тўрттадан одамни қатл этган. Бу даҳшатни кўриб эси оққан хотин-қизларни мўғуллар даставвал ечинтирдилар. Сўнг эса уларни икки гуруҳга бўлиб, бир-бирлари билан муштлашишга жуда уста деб эшитганмиз, қани ҳунарларингни бир кўрсатинглар-чи!” – дея қичқирарди. Бечора хотинлар нима қилишларини билмай, бир-бирларига тикилиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлардилар. Охири Чиғатойнинг ишораси билан уч-тўрт аёлни чопиб ташлашгач, ноилож қолдилар. Машъум жанг манзарасини томоша қилиш жонларига теккандан кейин мўғул аскарлари ўзларига маъқул ёш аёлларни танлаб, қолганларни бир сафга тизиб, қиррали оғир чўқморлар билан бошларига уриб, қиличу-ханжарлар билан чопиб ўлдирдилар. Бу даҳшатли воқеани кўриб, қурбонларнинг оҳу-фарёдини эшитиб турган ҳунармандлар худодан ёрдам тилашар, уларни душман қўлига ташлаб, ўзи қочган Муҳаммад Хоразмшоҳни қарғаб, кўз ёш тўкардилар…
Даҳшатли қирғиндан бир неча кун ўтгач – Гурганж мўғул аскарлари томонидан таланиб бўлгач, Амударёдаги банд бузиб ташланди ва Гурганжни сув босди. Сув устида қалқиб сузиб юрган мурдаларнинг қўланса ҳиди бу атрофга яқинлашган кимса димоғини ёрарди.

Кейин ёмғирлар мавсуми бошланди. Кечаю-кундуз изиллаб ёғилган ёмғир яна ўз изига қайтган, дарёдан қолган қуйқум қатламларини оқизиб кетолмади, шаҳар вужудига сингиб қолган ўлим ҳидини ювишга ожизлик қилди. Кейин қиш келди. Қор тушиб, машъум манзарани олам кўзидан яширди. Кетма-кет етиб келган бўронлар яйдоқ шаҳар узра ёпилган қор кўрпаси остида қолган саноқсиз шаҳидлар руҳини йўқлагандек бетиним увиллади.

Кейин баҳор келди, яна чечаклар унди, яна одамсиз шаҳар томларида, қоп-қорайиб ётган қамишлар ораларида лолақизғалдоқлар очилди, яна далалардан оқиб тушган сўқмоқлару-йўллар четида ажриқлар гилам ёзди, яна қуёш нуридан тирилган толлар ям-яшил новдалари шокила-шокила бўлиб осилди. Қобилон дарвозасининг ўрни бўлган култепа устида бир ниҳол бош кўтарди. У нимжон ва ҳимоясиз қаддини дунёга намойиш этар, қуёшга қараб бўй чўза бошлади. Бу ўша Маҳмуд исмли косиб йигит қўйнидаги шафтоли данаги ичида яширин дарахт эди. Бу дарахт юксалгани сайин ҳаёт ва абадият тимсоли сифатида ўз қошига одамларни чорлаб турарди…

* * *

Абулфатҳ ас-Самарқандий шу кетишда ватанига қайтолмади. У мағрибга қараб қочган сайин, мўғуллар ҳам янги-янги ўлкаларни забт этиб силжиб келишарди. У мағрибга қочган сайин ватан шунча узоқлашар, ватанга қайтиш чорасиз умидга айланиб борарди. Бир пайтлар юзлаб теваларга мол ортиб, мамлакатма-мамлакат кезган омадли савдогар энди бор аламини ичига ютган, бор мулки бир хуржунга сиққан қочқинга айланган эди. У Нишопурда истиқомат қилганида Хоразмдан Ироққача оғизма-оғиз кўчиб келган Гурганжнинг мўғуллар томонидан қандай олингани, Хумортегиннинг хиёнати,

Шайх Нажиддин Кубронинг ўлими ҳақидаги ҳикояни эшитди. Яна Самарқанддаги ота-онаси, бола-чақасини эслади, Худодан ул мазлумларга иноят тилаб ўтинди.

Абулфатҳ Бағдодга қараб йўл олди, бу шаҳардаям у узоқ туролмади. Душман шу ёққа қараб келаётганини эшитиб, у ердан ҳам қочди. Охири бориб-бориб Кўнё шаҳрига етди. Шу ерда у Шайх Кубронинг улуғ шогирдларидан Баҳоуддин Валад истиқомат қилишини эшитди. Бир неча кундан сўнг Абулфатҳ “Султон ул-уламо” деб муборак ном олган шайх хонадонига ташриф буюриб, Хоразмнинг забт этилгани ва Шайх Нажмиддин Кубронинг ҳалокати ҳақида эшитганларини ҳикоя қилиб берди. Султон ул-уламо уни диққат билан тингларкан, ҳар замон ёнида бош эгиб сукут сақлаган йигирма-йигирма бир яшар йигитчага зимдан қараб қўяр, кўксини ғижимлаб, алам билан бош чайқарди. Йигит унинг ўғли – Муҳаммад эди. Йигит Абулфатҳ ҳикоясини чурқ этмай тингларди. Фақат Нажмиддин Кубронинг қаҳрамонона ўлими, шайх бармоқлари ғижимлаган ғаним кокили ва байроғи ҳақидаги тафсилотни эшитаркан, бошини кўтариб, отасига қаради, аммо индамади. Бу лаҳза сўз йигит қалбида туғён урган алам тўфонини сиғдиролмас, ҳар қандай сўз ортиқча эди.

Абулфатҳ ҳикоясини тугатгач, орага оғир сукунат чўкди. Сўнг Шайх Баҳоуддин устозининг руҳини ёдлаб, узоқ тиловат қилди. Шундан кейин ҳам сукут бузилмади. Охири Мавлоно бош эгиш билан Абулфатҳга кетишга ижозат берди. Қочқин савдогар шайхга таъзим қилгандан сўнг Муҳаммадга назар солди. Кейин хайрлашди. Кузатишга ёлғиз Муҳаммад чиқди. Шом зулмати Кўнёни чодирдек чулғаб олган эди. Абулфатҳ сукут ҳукмрон кўчаю-майдонлардан ўтиб, шаҳарнинг Ҳалқабагўш дарвозаси ёнидаги карвонсаройга қайтди.

Аммо Муҳаммад ўша кеча ухлолмади. У меҳмон туфайли дастлаб Самарқанд ҳақида ўйлади. Отасининг айтишича, у мана шу кўҳна шаҳарда дунёга келган, аммо чилласи чиқар-чиқмас Балхга олиб кетилган экан. Онасининг насл-насаби ҳам Самарқанднинг мўътабар ва маърифатли хонадонига уланади. Шу сабабдан ҳам у Самарқанд ҳақидаги ҳар қандай гапни жон қулоғи билан эшитарди. У олис-олисларда қолган шаҳар ҳақида кўзларини юмиб ўйлар экан, тасаввурида ёнаётган китоблар уюмини кўрди-ю, вужуди титраб кетди.

Кейин у меҳмоннинг Шайх Кубро ҳақида айтган гапларини эслади. Муҳаммад кекса отасининг устози бўлмиш бу шайх ҳақида кўп эшитган, Марвда яшаган кезларидаёқ шу улуғ зот тарбиясини олишни орзу қилган эди. Наҳотки, мовароуннаҳрлик савдогар сўйлаган ҳикоя эшитган ҳикояларининг энг сўнггиси бўлса?! Наҳотки, шундай бўлса?! Йўқ, йўқ, асло ундай бўлмайди! Келажакда Мавлоно Жалолиддин Румий номи билан дунёни маърифат нурига чулғаган бу йигитча Шайх Куброни ҳеч қачон унутмайди. Умрининг охирларида эса Шайхга бағишлаб, ҳаяжонли сатрларни битади:

Мо аз он муҳташамонем, ки соғар гиранд,
На аз он муфлисакон, ки бузи лоғар гиранд,
Ба яке даст маи холиси имон нўшанд,
Ба яке дасте дигар парчаме кофир гиранд.

(Мазмуни:

Биз шундай улуғларданмизки, гавҳар тутамиз,
Ориқ эчки тутган пасткаш – муфлис эмасмиз,
Бир қўлимиз билан имон қадаҳидан май ичсак,
Иккинчи қўлимиз билан кофир яловини тутамиз.

Орадан икки асрдан зиёд вақт ўтди, буюк донишманд подшоҳ Мирзо Улуғбек “Тарихи арбаъи улус” китобида Шайхи Валитарошнинг аламли тарихига бир неча варақ ажратиб, Шайх вафотига бағишланган тарихни қайд этади: “Ҳазрати Шайхи бузургворнинг Хоразм қатли омидаги қатли муборак туркий юнд йилига мувофиқ келадиган 618 ҳижрийда содир бўлди. Ҳазрати Шайхи Валитарош Шайхи Нажмиддин Кубро, Тангри унинг руҳини муқаддас тутсин, (вафотига битилган) тарихда шундай дейилади.

Назм (мазмуни):
Муршиди аъзам Шайх Нажмиддин Кубро Худо амри билан Хоразм учун бошини тикди. Бошини топширишда қотил яловига ёпишди. Дини Ҳақ иқлимининг подшоҳи, ул пир сарпанжасидан ўн забардаст йигит яловини кўриб ҳайратда, қолган оқиллар бу ҳолни шарҳладилар: Ялов учини шайх тутиб, таърих айтдики, вафотим санаси “Шоҳи шуҳадо” (“Шаҳидлар шоҳи”) дир.
Жамеи мусулмонлар аълосига Оллоҳи Таоло раҳмати ёғилсин”.

Орадан яна бир неча ўн йилликлар ўтгач, темурийлар сулоласининг сўнгги қудратли вакилларидан бири ва буюк шоир бўлмиш Ҳусайн Бойқаро бир куни туркий шеърият султони Ҳазрат Мир Алишер Навоийга қарата айтадиким: “Агар мен подшоҳлик ишлари ила шуғулланишдан қўл тортишга жазм этсам, Шайх Нажмиддин Кубро мозори остонасининг жўрубкаши (супурувчиси) бўламан”.

Яна бир неча йиллар ўтади, темурийлар сулоласини тарих саҳнасидан туширган, ҳам шеър, ҳам жанг санъатида беназир Муҳаммад Шайбонийхон ҳазрати Шайх Кубро ўлими тарихини шундай битади:

Онинг тарихидур “Шаҳи шуҳадо”,
Яна бир “алиф” бирла бўлур адо.

* * *

Оллоҳ Таоло Одам ўз нуқсонларини очиб ташламоғи учун унга Қалб, уларни бартараф этишга Тақво берди. У Қалбни ўзига тахт деб билди ва ўзининг руҳини бу тахтга ўтқазиб, Одам вужудини ҳайвон руҳига миндириб Ерга юборди. Юбораётиб шундай деди: “Кунту каназан аммахфиё”, яъни пинҳон эдим, истадимки, танилсам, ўз жамолимни кўрсатсам…

Яна айтдиким: “Огоҳ бўлинг? Менинг тўғри йўлим устида сизларни кутиб ўтирган шайтон бордур. Ҳар лаҳза, ҳар сония сизларга олдингиздан ва ортингиздан, ўнгу-сўлингиздан келиб Тўғри йўлдан оздирмоқчи бўлади, барча гуноҳ ишларни чиройли қилиб кўрсатиб қўяди. Ҳолбуки, бу нарсалар дунёнинг ўткинчи матоларидир. Билинглар, албатта, булар фитна – синовдир. Шуни билингким, Биз ҳар бир бандамизни Қиёмат кунида ўз номаи аъмоли билан чорлагаймиз. Бас, кимгаки ўз китоби – номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қанчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларида битилган яхши амалларининг савобларини билиб олурлар. Кимки шайтонга эргашиб, Тўғри йўлдан озган кўр-гумроҳ экан, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир ва мен жаҳаннамни улар билан тўлдирадурман!”

Оллоҳ Таоло яна айтди: “Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида, ким менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Албатта, Оллоҳингиз золим кишиларни ҳидоятга бошламайди. Албатта, Оллоҳингиз ким ёлғончи, кофир бўлса, ҳидоятга бошламайди, Ким Оллоҳга иймон келтирса, унинг қалбига Оллоҳ ҳидоят солади. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун тангчилик – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз! У: “Парвардигор, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдимку”, — деганида, Биз айтурмизки: “Шундай. Сенга изнинг оят – мўъжизаларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен каби иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва узоқроқдир”.
Яна айтдиким: “Кимниким Биз йўлдан оздирсак, бас, унинг, учун бирор ҳидоят қилувчи бўлмас. Кимни Биз ҳидоят қилсак, бас, унинг учун бирор йўлдан оздиргувчи бўлмас. Оллоҳ қудратли ва интиқом олувчи эмасми? Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, ўз фойдасига юрган бўлур. Ким бу ҳидоят йўлидан озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Ҳеч ким уларнинг устида вакил – қўриқчи эмас. Сизга ишонмаганларга айтинг: “Менга Оллоҳнинг ўзи етарлидур”. Таваккул қилувчи – суянгувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар”.

Оллоҳ Таоло яна айтдиким: “Бутун Ер Қиёмат кунида Оллоҳнинг чангалидадир. Осмонлар эса Унинг қудрат қўлида йиғилгандир. У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир. Сур чалинади-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, ёлғиз Оллоҳ хоҳлаган зотларгина тирик қоладилар. Сўнг сур иккинчи бор чалинади-ю, баногоҳ барча халойиқ қайта тирилади ва қабрларидан туриб, Оллоҳнинг амрига кўз тутадилар. Маҳшаргоҳ Парвардигорининг нури билан ёришади, номаи аъмол ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирланиб қўйилади, пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади ва барча бандаларнинг ўрталарида бирорталарига зулм қилинмаган ҳолда ҳақ билан ҳукм қилинади ва ҳар бир жонга қилган амалининг мукофот ва жазоси комил қилиб берилади. Илло, Оллоҳ уларнинг қилган ишларини жуда яхши билур.

Кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалади, то қачон улар жаҳаннамга келиб етганларида, унинг дарвозалари очилади ва унинг қўриқчилари кофирларга: “Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Парвардигорингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар”, — деганларида, улар: “Ҳа, келганлар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик”, дейдилар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!” Парвардигорларидан қўрққан, унинг Тўғри йўлидан озмаган, Ҳақиқий Гўзалликни севган зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: “Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз”, — деганларида улар беҳад шодланурлар ва “Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу жаннат ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда ўрин-жой олишимизга мувафақ қилган Оллоҳга ҳамду-сано бўлсин”, дерлар.

Яна Оллоҳ айтдиким: “Ўша кун қуёш нурсизланиб қолур, юлдузлар ўз фалакларидан дув-дув тўкилур, денгизлар тандир каби қизиб, сув ўрнида олов билан тўлур, осмон ёрилиб кетар ва ер устидан сидириб олинур, номаи аълом саҳифалари очилур, қабрлар тўнкариб қўйилур! У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар. Тоғлар эса титилган жун каби осмонда учиб юрадиган бўлиб қолур! Ана ўша Кунда ҳар бир жон ўзи дунёдалик чоғида қилиб ўтган ва ўзидан кейин қолдирган барча нарсаларни билур! Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигорингга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб алдаб қўйди?! У сени яратиб сўнг барча аъзоларингни тиклаб, сўнг қоматингни ҳам расо қилиб қўйган зот-ку!

У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, ўша шаклда ижод қилди-ку!

Балки, сизлар Қиёмат кунини ёлғон дерсизлар, шунинг учун ҳам Оллоҳ буюрган амалларни қилмайсизлар, шунинг учун ёмон амаллардан қайтмайсизлар! Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингиздан ҳар бир амалингизни ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ фаришталар бордир. Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидандир.

Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар дўзахидирлар! Улар дўзахга жазо кунида кирурлар! Ва улар дўзахдан халос бўлгувчи эмасдирлар! Эй инсон, сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан? У Кунда ҳеч бир жон бошқа бир жонга бирор нарса қилишга эга бўлмас! У Кунда барча иш ёлғиз Оллоҳники бўлур!..”

Жазон Кунида Шайх Нажмиддин Кубро, Имом Мужтаҳиддин Қозихон, малика Туркон хотун, Муҳаммад Хоразмшоҳ, Хумортегин, очиқ қолган кўзларида булутлар сузган бола, шаҳид фарзанди устида дунёнинг энг мунгли марсиясини айтиб жон берган кампир, шоир Қосим Ҳусайн, Темурмалик, Шайх Маждиддин Бағдодий ва биз билган-билмаган кишилар, биз ҳаммамиз қайтадан тирилурмиз. Қай биримиз қайси бир тўпга қўшиламиз – бу ёлғиз Оллоҳга маълум.

Қуёш ва унинг ёғдусига қасам,
Унинг ортидан келган ойга қасам,
У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам.
У (қуёшни ўз зулмати билан) ўраб-яширган кечага қасам.
Осмонга ва уни бино қилган зотга қасам.

Ерга ва уни ёйиб, текис қилиб қўйган зотга қасам. Жонга ва уни расо қилиб, яратиб унга фисқ-фужурни ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб, ўргатиб қўйган зотга қасамки, дарҳақиқат уни – нафсини, жонини иймон ва тақво билан поклаган киши нажот топади ва у жонини фисқ-фужур билан кўмиб хор қилган кимса номурод бўлади.

Тамом.

1990-1992 йиллар

003

XURSHID DAVRON
SHAHIDLAR SHOHI
YOXUD NAJMIDDIN KUBRO TUSHLARI
Qissaning yakuni (5)
022

008Elchilari noumid va natijasiz qaytganini ko’gan O’qtoyning qoni qaynab, hujumni kuchaytirdi. Battar vahimaga tushgan Xumortegin va ayrim qo’shin boshliqlari ko’nglidagi shum niyat yana qat’iylashdi. Xuddi buni sezgandek, O’qtoy yana o’z elchilarini Gurganjga yuborib, oldingi talabini takrorladi.

Ammo taslim bo’lishni o’ylamay, jang qilayotgan gurganjliklar va qo’shin g’azabidan qo’rqqan Xumortegin bu gal ham o’z niyatini ichiga yashirishga majbur bo’ldi. U yana elchilarni javobsiz qaytardi. Tez orada fuqaro o’rtasida shahar tashqarisidan yetib kelgan mish-mish tarqaldi: emishkim, elchilari javobsiz qaytganidan g’azablangan O’qtoy: “Men ularga mehrimni ko’rsatdim, endi qahrimni ko’rsinlar!” – deganmish.

Bahor qartayib, o’z o’rnini issiq yozga tashlab ketgisi kelmay, osmonni bulut bilan to’ldirar, kechalari izillab iliq yomg’ir yog’dirgani-yog’dirgan edi. Yashil yaproqlar, sabzarang ko’katlar osmon suvini yoz kelayotganini bilgandek, tashnalik bilan yutardilar. Ammo Olloh hukmini qaytarib bo’lmas: yoz bari bir borliqni zabt qila boshladi. Yoz issig’ining kuchaygani barobar O’qtoyning qahri ham orta bordi.
Yozning oydin tunlarining birida mo’g’ullar Amudaryo bandini buzib tashlab, shaharni suvga bostirishga urindilar. Ammo ularning uch minglik qo’shini band ostonasida xorazmiylar tomonidan qirib tashlandi. Bunday shiddatdan O’qtoy ham esankirab qoldi. Ammo tez orada bu gurganjliklarning so’nggi hamlasi ekanini anglab, siquvni kuchaytirdi.

Mana shunday ilojsiz va qattol kunlarning birida Balx tarafdan Chingizxon jo’natgan qo’shimcha qo’shin kelganini ko’rgan xorazmliklar so’nggi jang pallasi yaqinlashganini sezib, o’sha kunni sharaf bilan kutib olish taraddudini ko’ra boshladilar. Ammo Xumortegin boshliq ahli saroy esa so’nggi jangni, sharafli o’limni emas, nima qilib bo’lsa ham undan qutulish yo’llarini izlardilar. Bu yo’l xiyonat yo’li edi. Ular shu yo’lga kirdilar. Qo’shimcha qo’shin kelganidan xabar topgan, shu paytgacha taslim bo’lishni mushrif Imomiddin boshliq boyonlar maslahatni talabga aylantirdilar. Ular hatto marhum podshoh Muhammad Xorazmshoh ham o’limi oldidan mo’g’ullarga taslim bo’lishni vasiyat qilganini pesh qildilar. “Omon qolsak, yana Xorazmni olurmiz. O’lib ketsak, kimga foyda!” – deya uqtiradi mushrif. “Omon qolsam yana Xorazmshoh bo’larman, o’lib ketsamchi?..” – deya o’ylardi Xumortegin ham. Oxir-oqibat Xumortegin qal’adan yashirin odam chiqarib, dorussaltana darvozalaridan birini ochajagini mo’g’ullarga xabar qildi.

Xiyonat darvozasi orqali qal’aga kirib olishga muvaffaq bo’lgan dushman gurganjliklarning qattiq qarshiligiga duch keldi. Darvoza ochilgan kuniyoq shaharni zabt etish hayolida o’tovlarini buzib tashlashni buyurgan Chingizxon o’g’illari andak shoshilganlarini tezda angladilar. Xiyonat tufayli yagona rahbarlikdan ayrilgan shahar ahli endi butun qal’ani emas, har bir mahalla, har bir hovli, har bir xonadonni himoya qilishga kirishdilar. Jangchilar shu qadar zich turib jang qiladilarki, yuir qadam tashlash uchun qalashib yotgan murdalar ustiga chiqish lozim bo’lardi. Ammo ochlikdan horigan gurganjliklar soni borgan sari kamayar, shaharga kirib kelayotgan dushmanlar miqdori oshib borardi.

* * *

Xumortegin xiyonati tufayli dushman shaharga bostirib kirganini eshitgan Shayx Kubro o’z atrofiga shogirdlarini to’pladi. Uning etagida yig’ilganlar qiblaga qarab namoz o’qidilar. Namozdan so’ng shayx va’z aytdi:

— Guvohlik beramankim, Olloh Taolodan o’zga iloh yo’qdur. U ulug’ va buyukdir. Uning sherigi ham, o’xshashi ham yo’q. Yana shunga guvohlik beramankim, Muhammad (s.a.v.) uning bandasi va elchisidir…

Dunyoning yarmini kezib chiqdim, ko’p ishlarni tajriba qildim, mashaqqatlar chekdim, ko’p kishilar ila suhbat qurdim, ulug’ ishlarga qadam bosdim, tirikchilikning achchiq-chuchugini totdim, kitoblarga murojaat qildim, olimlar xizmatida bo’ldim, umrimni dunyo izlash bilan zoe o’tkazdim, ajoyibotlarni ko’rdim… Shayx nafasini rostlash uchun bir daqiqa to’xtadi va yana davom etdi: — Ko’rdimki, umr va dunyodan ko’ra tez, shoshilib yo’q bo’lib ketadiganroq, o’lim va oxiratdan ko’ra yaqinroq, orzudan ko’ra uzoqroq, xotirjamlikdan ko’ra go’zalroq narsa yo’q ekan…

Ko’rdimki, vaqtini “essiz”, “qaniydi”, “koshkiydi”lar bilan o’tkazgan kishining umri eng qisqa umr ekan. Eng go’zal bezak tavoze’lik, eng xunuk narsa baxillik ekan. Ko’rdimki, eng noyob ne’mat rostgo’ylik va qahramonlik, eng og’ir og’riq esa yomon va munofiq do’stlar ekan. Ko’rdimki, dunyo qulligidan ozod bo’lgan kishigina haqiqiy hur ekan…

Shayxning ovozi sukut quchgan boshlar uzra qush kabi charx urib aylanar, tinglovchilar yuragida mudroq hislarni uyg’otar, ularning vujudini sokin larzaga chulg’ar edi.

— To’g’riso’zlilikdan ko’ra yuksakroq ziynatni ko’rmadim. Nafsni sharmandalik va do’zax sari haydashda, aqlni esa yaxshilikka chorlashda ko’rdim. Ko’rdimki, o’zini tarbiyalay olgan va shahvatlardan tiyila olgan kishi eng kuchli shaxs ekan…

Shayx boshini ko’tarib, tobora ko’payib borayotgan olomonga tikildi.

— Shaytonning xaloyiqqa sulton bo’lib olishi dunyoni yaxshi ko’rishlikdan ekan. Mana shu shaytonga qarshi bo’lmoqni xohlab, uni o’z nafasimga qarshi bo’lish va unga qarshi dushmanlik qilishdan topdim.
Barcha xalifayu-podshohlarni, Xorazmshohdek shon-shavkatli, qudratli sultonlarni o’z dabdabalari bilan mashg’ul bo’lib, o’zlaridan va o’zlarida sodir bo’layotgan narsadan bexabarlikda ko’rdim. Ularni gunohkorlik domiga mahkum ko’rdim, ularni gunohlardan, odamlarga ozor berishdan tiyilishga chorladim. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmasligini aytdim. Afsus, ming afsus… – Shayx yana nafasini rostlash uchun jim qoldi. – Ha, ming afsuskim, o’limdan og’irroq kulfat o’tgan ishdan pushaymonlik ekan…

Boshimizga shunday kulfat kelishini bilardim. Xudoyim izmidan chiqqan muslimlarni boshiga qiron qilichi bilan keluvchi kufforlar haqida bashorat qilib: “Men ularni o’z qahru-g’azabimdan yaratdim”, — demishlar. Men ahli mo’minni haq yo’lidan ketishga rag’bat qildim. Ammo xudoyim bizning gunohli boshimizga bu la’natni yuborgan ekan, demak, uning g’azabiga munosibmiz. Biz bugun g’ayridinlar ilkida yo shahid, yo ularni yengib g’olib bo’lurmiz.

Shayx so’zini tugatib, chuqur nafas oldi. U o’ziga tikilib turgan minglab ko’zlarga nazar soldi. Olomon ichida turgan har bir kishi shayxning unga tikilganini sezdi, yuraklar junbushga keldi, “Jangga! Jangga!” degan xitoblar yangradi.

Shayx qo’lini dast ko’tarib, jimlik tiladi. Olomon tinchigach, shayxning jarangdor ovozi maydon uzra yangradi:

— O’lim yo’li muborak yo’ldur. Vatan uchun o’lim topmoq esa muqaddas odatdur. Xudoyim elchisi o’z hadislarida: “Vatan sarhadini bir kun himoya qilmoq oltmish yillik nafl ibodatidan ortiqroqdur” demishlar. Illo, o’limimiz boshqalarga ibrat bo’lsin.

Shayx Kubro xonaqohga kirdi va dam o’tmay qaytib chiqdi. Egnidagi bir paytlar ustozi kiydirgan muborak libos – xirqa belidan mahkam tang’ilgan, qo’lida nayza. U egilib, maydonda sochilib yotgan qayroqtoshlarni terib, qo’yniga soldi va maydonda yig’ilgan guruhni janggohga – Qobilon darvozasi tomonga boshladi.

Ular yetib borganlarida jang avjida, dushman darvozaxonadan o’tib, shahar ichkarisi tomonga qadam-baqadam siljib borardi. Shayx dastavval qo’ynidagi toshlarni ishga soldi. Uch-to’rtta mo’g’ul askarining qansharini qonatdi. Tosh qolmagach, nayzasini peshlab dushmanga ro’para bo’ldi.

Yovvoyi daryo to’g’onning o’pirilgan chohiga bor qudrati bilan yoprilgandek, mo’g’ul qo’shini ham xiyonat ochgan qopqaga butun quvvatini tashlagan edi. Askarlar daryosi goh shiddat bilan oldinga tashlanar, goh nayzalaru-qilichlar safiga urilib, qonli izlar qoldirib orqaga chekinardi. Ammo bir lahzada chekingan dushman yana yangi kuchlar bilan to’yinib olg’a yurardi. Darvozaning ikki tavaqasi lovillab yonardi. Ammo shunga qaramay, mo’g’ullar toshqin suvdek shaharga oqib kirardi.

Yagona boshliqsiz jang qilayotgan gurganjliklar dushman bilan oxirgi nafasgacha urushishni qasd qilib, sovuqqonlik bilan urishardilar. Ular O’qtoyning taslim bo’lishi haqidagi talabini rad etib, o’z ixtiyorlari bilan qullik va tahqirdan o’limni afzal deb bilgan, ular uchun qahramonlarcha o’lishdan bo’lak najot yo’li qolmagan edi.

Nayzasini oldingi safda turganlardan birining ko’ksiga botirishga ulgurgan Shayx Kubro o’lib yotgan mo’g’ul askari qilichini olib yana hujumga tashlandi. O’sha zahoti unga sap-sariq bir mo’g’ul ro’para bo’ldi. Qilichbozlikda birinchi sabog’ini olayotgan shayx ilk zarbadayoq raqibining kuchli va chapdast ekanini payqadi. Biroq dushmanga qarshi yuragida yongan nafrat keksa shayxning kuchiga kuch qo’shardi. Pakana mo’g’ul mushukdek chaqqon edi, to’satdan chetga sakradi-da, shayxning boshiga qilich soldi. Ammo birdan ko’zlari ola-kula bo’lib, qilichini qo’lidan tushirib yubordi. U bo’shagan qo’li bilan kuragini paypaslay boshladi-yu, to’satdan qo’llari shalvirab tushib, yuztuban quladi. Shundagina shayx raqibi kuragida botib kirgan nayzani ko’rdi. O’zini o’limdan qutqargan kishini ko’rish uchun alanglagan shayx uch qadamcha narida ko’zlari dahshatdan chaqnab yonayotgan, qo’lida alvon bayroqni ushlab olgan mo’g’ul navkariga tushdi. U xavf-xatarni pisand qilmay, bayroqni balandroq ko’tarishga urinar, bu bilan safdoshlarini yana shiddat bilan olg’a bosishga undamoqchi bo’lardi. Shayxning ko’zida unga xos bo’lmagan nafrat va adovat uchqunlari chaqnadi. U birdan oldinga tashlandi-yu, qilichini mo’g’ul ko’kragiga sanchdi. Tug’bardor qulab tushar-tushmas, kokiliga chang soldi. Ammo tug’bardorning o’limini ko’rgan orqadagi mo’g’ullar uni kamondan o’qqa tutdilar. Novaklarning biri shayx ko’ksini teshib o’tdi. Shayx: “Oh!” dedi-yu, yerga quladi. U tug’bardor kokilini qo’yib yubormasdan chap qo’li bilan ko’ksidagi novakni sug’urib oldi, so’ng butun kuchini yig’ib dushman bayrog’iga chang soldi. O’sha zahot ko’z o’ngi qorong’ilashdi. Ammo ko’z o’ngi qorong’ilasharkan, to’satdan yalt etib hammayoq yop-yorug’ bo’lib ketdi. U keng dashtda iliq yoz kechasi qo’ynida yurib ketayotgan ota-onasini va… o’zini – yetti-sakkiz yashar bolani ko’rdi. Ular qo’shni qishloqdan qaytishardi.

Bola har zamon orqasiga – onasiga qarab qo’yadi-yu, oldinda zipillab borayotgan otasiga yetib yurishga harakat qiladi. Oy shunday katta va charog’on ediki, uning ko’zlari qamashardi. Otasining oppoq sallasi oyning bir bo’lagiday suzib borardi.

Birdan uning oyog’i toyildi-yu, qaygadir tushib keta boshladi…

“O’g’lim, o’g’ilginam!” – deya qichqirdi birdan onasi…

Otasi yalt etib unga qarab qo’lini cho’zdi…

Onasi oppoq kabutar bo’lib, boshi uzra charx urarkan: “Kalima keltir!.. Kalima keltir!..” – deya qichqirardi…

“Ollohu jilla jalaluhu!..”

Mo’g’ullarning biri jon bergan shayxning qo’lidan bayroqni tortib olishga urindi, ammo kuchi yetmadi. Bayroqqa ikkinchi mo’g’ul yopishdi. Ammo Shayx Kubroning barmoqlari dushman bayrog’ini shunday kuch bilan qisib turardiki, dushmanlar bu kuch oldida ojiz qoldilar. Bayroqqa uchinchi, to’rtinchi, beshinchi… yettinchi mo’g’ul navkari yopishdi. Ular barvariga zarb bilan tortgan edilar, bayroq yirtilib ketdi. Bayroqning katta parchasi shayx panjasida g’ijimlangancha qoldi.

Mo’g’ullar g’azabdan quturib, shayx murdasini to’rt yondan qilich bilan chopa boshladilar. Keyin yana murda qo’lidan yalov parchasini olishga urindilar. Ammo shayx qo’li ombirdek mahkam qisilgan edi. Oxiri mo’g’ullarning biri – yuzi cho’zinchoq, mallarang, ko’sa o’nboshi boshqa navkarlarni chetga surib, kalta qilichini dast ko’tardi-da, zarb bilan shayx gardaniga urdi – bosh tanadan judo bo’ldi. So’ng o’nboshi yana qilichini ko’tarib tug’ parchasini g’ijimlab turgan barmoqlarni mo’ljallab bor kuchi bilan urdi. Ammo qisilib, mushtga aylangan barmoqlar toshdek qattiq edi, qilich sakrab ketdi. Jahli chiqqan ko’sa qilichini chetga irg’itib, belida osilib turgan xanjarini sug’urib oldi va so’kina-so’kina shahid barmoqlarini qirqa boshladi. Barmoqlar qoni silqillab yerga tomchilay boshladi. Nihoyat, murda barmoqlaridan ozod bo’lgan bayroq parchasini olishga muvaffaq bo’lgan mo’g’ullar chunon baqirdilarki, qilich chopqilashayotgan har ikki taraf ham hayratdan qotib qoldilar. Ayniqsa, o’nboshi butun bir qal’ani qo’lga kiritgandek, mag’rur edi. Undan keyin ko’sa o’nboshi tug’bardor mo’g’ulning kokilini g’ijimlagan shayxning o’ng qo’lini chopdi.

Yaqindagi tosh ustida bu mash’um voqeani kuzatib turgan bola (bu bola Sayyid edi) ularning bu shodiyonasini ko’rib, o’zini tuta olmay, shundoq yonida yotgan akasi – Mahmud jasadini quchoqlagancha, to’yib-to’yib yig’lardi. So’ng bayroq parchasini baland ko’tarib qiyqirayotgan ko’sani mo’ljalga olib novak otdi. Ko’sa bir dam hayron bo’lib, qotib qoldi-da, keyin birdan tanasiga pichoq sanchilgan to’ng’izdek bo’kirib chopa ketdi. Ammo vujudiga kirib olgan o’limdan qochib ketolmadi. Dam o’tmay ko’zlari alang-palang bo’lib, yuztuban qulab tushdi…

Mo’g’ullar tomni o’rab olib, bolani mo’ljallab novak uchira boshladilar. Ammo Sayyid bolalarga xos epchillik bilan qo’shni tomga sakradi, so’ng tomma-tom o’tib qocha boshladi. Nihoyat, saroyga yaqin bir yerda, tomga tutash daraxtga osilib, amallab yerga tushdi. Biroq, bir to’p mo’g’ullar uni qoralab izma-iz kelayotgan edilar. Bola saroyga kirib yashirinmoqchi bo’ldi. Ammo bu foydasiz ekanini sezdi – mo’g’ullar unga yetib qolganini ko’rib to’xtadi va novaksiz qolgan kamonini chetga irg’itib, yonginasida yotgan jasad qo’lidagi sovutni shosha-pisha ko’targancha, dushmanga yuzlandi.

Mo’g’ullar bolani o’rab oldilar. Sayyid yaroqsiz bo’lsa-da, tap tortmay sovut bilan o’zini himoya qila boshladi. Mo’g’ullar esa bolaga to’rt tarafdan nayza o’qtalisharkan, uning bolalarga xos qilig’ini – bir o’zi to’rt-besh kishiga teng kelmoqchi bo’lganini ko’rib, mazax aralash qah-qahlab kula boshladilar. Ular Sayyidni davraga olib, nayzalari bilan turtishar, bu o’yin ularning mehrsiz ko’ngillarini qitiqlab, rohat berar, shu boisdan mo’g’ullar bolani o’ldirishga shoshilmasdi. Nayzalar sanchilishidan butun badandan qon oqib, birpasda bolaning boshdan-oyoq libosi qizil dog’lar bilan bo’yaldi.

Ammo bola hamon bo’sh kelmas, sovut bilan o’zini to’sishga urinib, bo’sh qo’li bilan mo’g’ullarga zarba bermoqchi bo’lardi. To’satdan u o’zini pisand qilmay, beparvo turgan mo’g’ulga hamla qilib, uning qo’lidan qilichni tortib oldi va angrayib qolgan mo’g’ullar es-hushlarini yig’ishtirib olmasdan yaroqsiz qolgan navkarning qorniga qilichni sanchdi. Mo’g’ul bo’kirib yubordi-yu, orqasiga tisarilib ketdi va ko’zlari kosasidan chiqqudayin kengaydi. So’ng potirlab qon chiqayotgan qornidagi yaraga ikki qo’lini bosar-bosmas, yerga ag’darilib tushdi, pitirlab jon bera boshladi.

Mo’g’ullar g’azabdan quturib ketdilar, to’rt tarafdan baravar hamla qilib, bolaning mitti vujudiga nayzalarini sanchdilar. So’ng qiyqirishgancha uni baland ko’tardilaru, dahshatdan qotib qoldilar. Vujudi tilka-pora bolaning yuzida tabassum zohir edi, go’yo u dushmanlar ustidan kulayotgandek edi.

Mo’g’ullar qo’rqib ketdilar, nayzalarini baravar sug’urib oldilar. Bola jasadi gursillab yerga quladi. Ammo o’shanda ham qo’lidagi qilich bilan sovutni qo’yib yubormadi. Ikki qo’li yozilgancha yotgan bolaning yuzida tabassum, ko’zlari ochiq qolgan edi…

* * *

Ahvol juda og’irligini ko’rgan Gurganj muhtasibi Alauddin al-Hayyatiy al-Xorazmiy bir amallab shahardan chiqib shahzodalardan shafqat tiladi. Ammo gurganjliklarning tug’yonli qarshiligi tufayli juda ko’p navkarlaridan ayrilgan Chingizxon o’g’illari rad javob berdilar.

— Mehrimizni rad etganlar qahrimizga sazovor bo’lsinlar! – dedi Jo’ji muxtasibga qattiq tikilib.
— Shahringizni qabristonga aylantirmaguncha to’xtash yo’q! – dedi tahdid bilan Chig’atoy.

Bu gaplardan bexabar shaharda jang avjida edi. dushman bilan oxirgi nafasgacha urushishni qasd qilgan gurganjliklar sovuqqonlik bilan olishardilar. Illo, ular uchun qahramonlarcha o’lishdan boshqa najot yo’li qolmagan edi. uylarning tomiga chiqib olgan kelin-juvonlar zolim yog’iy qo’lida badnom bo’lmaslik uchun o’zlarini lovillab yonayotgan olov qo’yniga ota boshladilar. Ba’zi xotinlar esa chap qo’lida bolasi va o’ng qo’lida tig’ bilan dushmanlarga hamla qilar edilar.

Quturib ketgan yog’iy ko’zga ko’ringanni qilich bilan chopib, sut emadigan go’daklarni nayza bilan sanchib o’tga otar edi. Ko’p bolalar mo’g’ul oyoqlari ostida qolib, nechalaru yaradoru jon
chiqar holatda ota-onalariga yolvorardilar. Bu holdan gurganjliklarning ko’zlariga dunyoyu-jahon qorong’u bo’lib, eslarini yo’qotgandek, mo’g’ul askarlariga tashlanar edilar.

Yettinchi kun so’ngida shahar to’la dushman qo’liga o’tdi. Ko’cha-ko’yda ommaviy qirg’in bir lahza to’xtamadi, qon daryo bo’lib oqdi…

Mana shu janglar borayotgan kunlarning birida, tongotar payti shoir Qosim Husayn bilan xiyonatkor Xumorteginni Xurrambog’da qatl etdilar.

Imom Mujtahiddin shoir Qosim Husayn haqida ilk daf’a Buxoroda ta’lim olgan chog’larida eshitgan, bir-ikki marta yuzma-yuz ham kelgan edi. Qosim Husayn g’azallarini arab tilida yozardi.

O’sha paytlardayoq nomi tillarga tushgan yosh shoirga vazir al-Jayhoniy saltanat hisobidan yetmish dinor hadya qilgani Buxoroda anchagina shov-shuv bo’lgan edi. Bir davrada o’tirganlarida Qosim Husayn: “Agar muhtoj bo’lmaganimda, shu pulni olmas edim”, — deb shikoyat qilgani ham imomning esida. Keyinchalik Xorazmshohga yaqin bo’lgan ash-Shihab al-Xufiy ismli bir akobir shoirga qandaydir mansab va o’n dinor badaliga yonida she’r o’qib o’tiradigan bir xizmatga chorlaganda, shoir bu taklifni rad qilganini eshitdi. Buxoroni tark etgach, yillar o’tib, u bir fozil kishidan Qosim Husayn haqida “ilm ul-maoniy egasi” degan bahoni eshitdi. Shuncha vaqtdan keyin imom shoirni bugun ko’rdi.

Dastlab, u Qosim Husaynni tanimadi. Tabiatan semiz bo’lgan shoir uzoq qamal davomida ozib ketgan, egnidagi libosi shalvirab osilib qolgan, faqat ko’zlari xuddi o’ttiz yil avval qanday bo’lsa, o’shanday charaqlab turar, ammo ular ham bezovta edilar.

Shoirni kecha ko’cha janglaridan birida asir olib, endi boshini tanasidan judo qilmoqchi bo’lib turganlarida, mo’g’ullar xizmatiga o’tgan bir xorazmlik tanib qutqarib qolgan ekan. Bugun tongda uni Xumortegin bilan barobar O’qtoyning huzuriga olib keldilar. Bir hafta ichida quruq ustixonga aylangan, kesib tashlangan qulog’i o’rni qorayib ketgan Xumortegin jon tahlikasida tizza cho’kkalab olganicha ta’zim qila boshladi. Ammo qo’llari bog’liqligi pand berib, tuproq ustiga yuztuban ag’darildi. Ammo shu yotgan ko’yi ham boshini yerga uraverdi.

Darvozani ochib berib, o’zi shahardan bir to’p odamlari bilan qochib chiqqan Xumorteginni O’qtoy huzuriga olib kelishganida, u qarorgohga yetmasdanoq otdan tushib, piyoda va boshyalang yurib kelgan edi.

Shahzodani ko’rishi bilan tiz cho’kib, yer o’pdi va ko’tarib kelgani – bir quti javohirni peshkash qildi. Shahzoda qutiga bepisand nazar tashlarkan:
— Nega darvozani ochib berding? – deb so’radi to’satdan.

Xumortegin nima deyishini bilmay, gangirab qoldi. Axir necha oykim, odam ketidan odam yuborib, goh qo’rqitib, goh yaxshi va’dalar bilan siylab, uni shu ishga shahzodanig o’zi da’vat qilmaganmidi? Endi bo’lsa nega ochganini surishtiradi. Uning ojiz aqli shahzoda darvozani nega ochib berganini emas, qay hayolda ochganini bilmoqchi ekanini fahmlamasdi.

O’qtoy boshqa savol bermadi, zerikkan kishidek homuza tortib, qo’li bilan Xumorteginnni ko’rsatib, “Olib keting!” degandek ishora qildi va ketma-ket amirga bir chodir ajratib, kecha-kunduz qattiq qo’riqlashni buyurdi.

Uch kun burun shahzoda amri bilan sotqinlarga nisbatan qo’llaniladigan dastlabki jazo amalga oshirilgan – amirning quloqlari kesib tashlangan edi. illo, quloq egasining hukmdori oldida ichgan qasamini eshitgan. Bugun esa jazo davom etishi kerak, avval qasam aytgan tilni, so’ng qasamni bergan dilni sug’urib oladilar. O’z hukmdoriga, o’z qavmiga vafo qilmagan xoinning jazosi shu.

O’qtoy yerga yuztuban yotgan ko’yi boshini tuproqqa urayotgan quloqsiz Xumorteginga bor-yo’g’i bir martagina ijirg’anib tikildi-yu, o’sha zahoti uni unutdi. Uning diqqati shoir Qosim Husaynga qaratilgan edi.

Shoir egniga havorang uzun juldir ko’ylak kiygan, boshi yalang, qo’li orqasiga bog’loqlik edi. Chap ko’zi osti ko’kargan, og’zining bir chekkasi shilinib, qoni qotib qolgan – shoir shahzodaga qo’rquvsiz, sinchkovlik bilan tikilib turardi.

Shoirning O’qtoyga ta’zim qilmaganini ko’rib, qarorgohdagilar shovqin ko’tardilar.

— Bosh eg, mal’un!
— Ta’zim qil, ko’rnamak!
— Ulug’ shahzodamiz oyoqlariga bosh ur, battol!

Qosim Husayn esa bu so’zlarni eshitmagandek, O’qtoyga tikilib turaverdi. Shahzoda ham “Qani buyog’i qandoq bo’larkin?” deb, bo’yinlarini cho’zib baqirayotganlar jazavasini tomosha qilib, kutmoqchi bo’ldi-yu, sabri chidamadi.

U ohista qo’l siltagan edi, chetda turgan navkarlarning biri uning istagini bajo keltirdi. U shoir yoniga yugurib kelib, qamchisini mahbusning yelkasiga tushirdi. Bu bilan shoirni tiz cho’ktirmoqchi edi. lekin bechora qarshi shoir shu zahoti xuddi oyog’iga bolta urilgandek qulab tushdi, nafasi qaytib, rangi bo’zdek oqardi. Navkar bir qo’li bilan mahbusni xuddi bo’sh qopni ko’targanday osongina ko’tarib, oyoqqa turg’azdi. Keyin “Ta’zim qil!” degandek, qamchisi bilan yelkasiga turtdi.

Shahzoda yana bir bor qo’l siltadi. Navkar o’sha zahot orqasi bilan tisarilib o’z o’rnini egalladi. Nihoyat, shahzoda tilga kirdi:

— Sen mendan qo’rqmaysanmi?
— Yolg’iz Ollohdan qo’rqadilar! – dedi shoir.

Bu shoir hech kimdan imdod tilamasligini, og’ziga kelganni qaytarmay, shahzoda g’azabini qo’zg’ashi, bu g’azabning bir nishi ularga ham botishi mumkinligidan qo’rqqan qarorgoh ahli vujudi quloqqa aylanib O’qtoy bilan Qosim Husayn suhbatini tinglardi.

— Sen shoirmisen? – deb yana savol berdi shahzoda. Qosim Husayn indamadi.

— Bizning padarimiz bo’lmish ulug’ hoqon ham shoirlarni qattiq suyadilar. Shuni bilurmisen?..

— Padaringiz Chingiz shoirlarni ham suyadi, ham so’yadi! – dedi Qosim Husayn.

— Nima?! Nima deding?!

O’qtoy o’tirgan o’rnidan yovvoyi mushukdek chaqqon sakrab turdi. So’ng atrofidagilarga alang-palang tikilarkan, o’zini bosib qahrli ko’zlarini shoirga qaratdi.

— Sen bizning buyuk g’alabamizga bag’ishlab fathnoma bitursan, biz-da uni padarimiz ulug’ hoqon dargohiga yuborurmiz. Angladingmi?!

Qosim Husayn indamadi.

O’qtoy oldida turgan qimiz to’la shokosani tepa solib, baqirdi:

— Angladingmi, deyapman senga, ko’ppak?!

— Sen qashqirdan tug’ilgan haromisan! – deya otashin so’zladi Qosim Husayn. – Men ona yurtimni g’orat qilgan bosqinchiga, go’rida to’ng’iz qo’pgur Chingizga fathnoma bitadigan qo’limni o’zim chopib tashlayman!..

— Shundaymi?! – dedi O’qtoy o’rniga o’rnashib o’tirarkan, — qo’lingni chopishga tayyormisan, ammo biz sening boshingni chopib tashlurmiz!

Shu payt Imom Mujtahiddinning ko’zi shoir ko’zi bilan to’qnashdi. “Sen ham shu yerdamisan?!” degandek bo’ldi shoirning ko’zlari. Imom qo’rqib ketdi. Ko’zlarini yashirib, izdihomdan sekin ortiga surilib chiqarkan, ikki navkar sudrab ketayotgan Qosim Husaynning so’nggi so’zlarini eshitdi:

— Tuf sening toju-taxtingga, tezak hidi anqigan kuffor! O’qtoy g’azabi hanuz bosilmaganidan titrayotgan qo’li bilan kalta qilichi dastasini mahkam siqdi – bu bilan hayajonini yashirmoqchi bo’ldi. Ammo baribir titroq to’xtamadi va shahzoda yuzidagi bor zahru-qahr mujassamlashgan ko’zlarini chaqchaytirib, tuproqqa qorishib yotgan Xumorteginga tikilarkan baqirdi:

— Olib borib tili bilan dilini sug’urib oling! Xumortegin zaiflashib ongi bilan bo’lsa-da, bu so’zlar ma’nosini angladiyu, yuzi qiyshayib ketdi. Shu holda butun majolini yig’ib, O’qtoydan omonlik tilamoqchi bo’ldi, ammo azobga toqat qilolmay tishlanaverib, go’shti chiqqan lablari ochilmadi, faqat bo’g’zidan nolaga o’xshash bir ingroq chiqdi. Shu ondayoq u butunlay hushidan ketdi. Ikki navkar jonsiz jasadga aylanib qolgan Xumorteginni sudrab ketdilar. Dam o’tmay uning hali titrab turgan yuragini va tilini kosaga solib shahzoda oldiga keltirdilar. O’qtoy bir nafas qonolud ikki parcha go’shtga tikilib qoldi, so’ng boshini ko’tardi:

— Bu xiyonatkor yurakni hech qachon egasiga xiyonat qilmaydigan itlarga bering!

Imom Mujtahiddin nima qilishini bilmay qarorgohni aylanib yurardi. Ko’ngli daryo bo’yiga borishni istar, ammo qarorgohni halqa qilib o’rab olgan navkarlar biror kishini ijozatsiz o’tkazmasliklarini bilib boshqa bir sokin go’sha izlardi. Nihoyat, u qarorgoh o’rnashgan tepa yonbag’ridagi bir tup gujum soyasini tanladi – u yer tinch, hech kim unga halal bermasdi.

Oftob nuridan va azobli uyqusizlikdan ko’zlari qizargan imom gujum ostidagi toshda xomush o’tirarkan, qo’ynidan aslida bir paytlar zangori tusda bo’lgan-u, qo’lma-qo’l yuraverib rangi o’chgan, ko’kimtir tus olgan charm bilan muqovalangan mo»jazgina kitobchani oldi. Bu Shayx ul-rais Ibn Sinoning ruboyilari jamlangan kitob edi. Imom uni Gurganjga borganida, qamal bo’lishiga qaramay, gavjum kitob rastasidan sotib olgan edi. Imom fol ochmoqchi bo’lgandek, kitobchani to’g’ri kelgan joyini ochdi. Ochdi-yu, nazari tushgan ruboiyni o’qib, o’kirib yig’lab yubordi. U uzoq vaqt ko’zyoshsiz piqillab yig’ladi va yana o’sha ruboiyni qayta o’qishga tutindi:

Hoy-havasga berilmakim, nafsim deya,
Himoyat et bir nafasing, nafsing tiya,
Dunyo dema, shonu-shavkat, ishva dema-
Kim, dushmanga ko’ngul berma do’stim deya.

Imom kitobdan boshini ko’tarib, mo’mataloq yaradek zirqirab azob berayotgan yuragidan dardni aritmoqchi bo’lgan kabi ko’ksini silab dam-badam xo’rsinib, goh ko’zlarini azob bilan osmonga qaratib olisdagi janggoh uzra charx urib, aylanayotgan quzg’unlar galasini kuzatar, goh umidsiz nigohini sarg’aygan yerga tikib, ostidagi tosh yorig’idan chiqib qayoqqadir tizilib borayotgan chumolilar karvoniga tikilib o’tirardi.

Imom shu qadar qattiq iztirobda ediki, esini yo’qotib qo’ygandek, o’zi bilan o’zi gaplasha boshladi.

— O, men do’stni sotib, dushmanga yo’liqqan ahmoq! – deb g’o’ldiradi u tosh ustida ruhan azob chekib, chayqalib o’tirarkan. – Kim edim, kim bo’ldim! Muslim edim, kofir bo’ldim! Ilmim ko’pu, ilmsiz qoldim! Yuragimni yo’qotdim, yuragimni! Odam emas, shayton vasvasasiga uchgan bir o’limtikman!

Imom xiyonatchi “navro’ziy podshoh” darvozani ochishi arafasida yana bir marta O’qtoydan shaharga borib Shayx Kubroni olib chiqishga izn tilagan, dastavval rad javobini bergan shahzoda, imom qat’iyat bilan Chingizxonning amrini o’rtaga solganidan keyin noiloj ruxsat bergan edi. Ammo imom Gurganjga bora olmadi. Kutilmaganda u allaqanday mudhish dardga chalinib yotib qoldi. Uning butun vujui titrab-qaqshab, alanga bo’lib yona boshladi, tishlari takillab, oyoqlari uchidan boshlangan sovuqlik ko’ksiga oqib o’tib a’zoyi badanini muz bilan to’ldirdi. Uning qo’l qo’targulik majoli ham qolmagan edi. dam-badam ko’z o’ngi qorong’ilashib, chuqur bir quduq tubiga tushib qolgandek his qildi o’zini. Binobarin, u hech qayoqqa keta olmadi. U o’z chodirida namat sholchalarga o’ralib, ikki kun og’ir darddan hushini yo’qotib yotdi. Lekin dard imom Mujtahiddinga qanday kutilmaganda yopishgan bo’lsa, endi uni shunday tez qo’yib yubordi. Garchi u hali zaif, oyoqlari bedarmon bo’lsa ham ko’ngli qandaydir falokat bo’lishini sezib beorom bo’laverdi, oqibat amallab kiyim-boshini almashtirib chodiridan chiqdi. Qarorgohga kelib, gumoni to’g’ri chiqqanini bildi. Falokat yuz bergan edi. sotqin Xumortegin tunda darvozani ochib berganidan foydalangan mo’g’ul qo’shini shaharga yoprilib kira boshlagan edi.

— E xudo! – deb ingrab yubordi bu xabarni eshitgan imom. U kechikkan edi. Imom bo’g’ziga oqib kelayotgan faryodni birov eshitmasligi uchun yana chodiriga qaytib keldi. Chodirga kirdiyu, butun ixtiyorini bo’sh qo’ydi.

U umida birinchi marta maza-bemaza gaplar bilan bo’ralab so’kinar, itday irillar, quturgan nordek og’zidan ko’pik sochar, ahmoq o’g’ilni dunyoga keltirgan ota-onasiga la’natlar o’qirdi.
Shuncha ohu-faryod qilgani, so’kingani bilan bu falokat boshini ololmasligini anglab, xudoga iltijo qilib faqat bir narsani – o’z umrida zig’ircha ham yomonlik qilmagan Shayx Kubroning qiynoqsiz o’lishini tiladi.

Hozir ham gujum soyasidagi tosh ustida o’tirarkan, imom yana o’sha iltijo bilan Ollohga yuzlandi. Ketma-ket shoir Qosim Husaynga ham fotiha bag’ishlab, gunohkor bandasining duosini qabul qilishini Tangridan qayta-qayta o’tindi.

Imom qarorgoh tomondan tushib kelayotgan odamni ko’rdi. U yaqinlashgach, shahzodaning xos soqchilaridan bo’lmish Anku ismli qilichning bir zarbi bilan odamni ikkiga bo’lib yuboradigan sarbozni tanidi. Imom bu navkarni birinchi marta Buxoro jangida ko’rgan edi. O’shanda uni ikki kishi yetaklab qarorgohga – jarroh oldiga olib kelishgan edi. Buxorolik jangchilardan biri Ankuning qanshariga qilich urgan va yuzini to qulog’igacha ikkiga bo’lib yuborgan edi. Yuzining yarmi uning ko’kragigacha osilib turardi, yuzi o’rtasida esa bir qarichcha kesilgan joy bor edi. Shunga qaramay, navkar ikki kishi o’rtasida yurib kelayotganini ko’rgan imom ko’ziga ishonmagan, bari bir jarroh yordam berolmasligi haqida o’ylagan edi. Ammo xitoylik jarroh uning yarasini tikib, davoladi. Yara kutilmaganda juda tez bitib ketdi, faqat tikilgan joyi chandiq bo’lib qoldi. Shunda tez orada Anku ismi unutilib, uni hamma Chandiq deb chaqira boshladi. O’qtoy bo’lsa, bo’lgan voqeani eshitib, navkarni o’z huzurida qoldirgan edi. Chandiq imomga yaqinlashgach, uni shahzoda huzuriga chorlayotganini aytdi. Imom alamini ichiga yutib, qarorgohga shoshildi.

* * *

Bola ko’zlarini ochganda, u nur chulg’agan dunyoni ko’rdi, qaydandir qo’shiq kuylagan odam ovozi eshitildi. Bu ovoz unga ham bir qadar tanish, ham begona edi. U yam-yashil o’tlar ustida yotar, egnida oppoq libos, vujudida xuddi buloq suvidek tiniqlik bor edi. Bola boshini ko’tarib atrofiga alangladi. Olisda, sabzavor dalalar o’rtasidagi so’qmoq bo’ylab ketayotgan bir to’da oppoq libosli kishilar safini ko’rdi. Ular ufq tomonga qarab borishar, ufq esa shu’ladan nurafshon edi. Bu odamlar uzra ham nur yog’ilib turar, Qur’oni karimning muqaddas oyatlari yangrardi.

Bola o’zidan yigirma qadamcha narida oppoq ot yetaklagn yigitni ko’rdi. Yigit yonida bir chol turar, ular nimalarnidir sokinlik bilan so’zlab kelishardi. Yigit bola tomonga qaradi-yu, ko’zlari chaqnab ketdi. Hayajonini bosolmay Sayyid tomon yugurdi. Bola akasi Mahmudni tanib, irg’ib o’rnidan turdi va akasini qarshisiga otildi. Ular quchoqlashib ko’rishdilar. Akasi so’radi:

— Qiynalmadingmi, Sayid?

Bola akasining so’zlarini tushunmadi. U qush kabi yengil, osmonga uchib ketgudek kayfiyatda edi. Shuning uchun akasiga nima deb javob berishni bilmadi.

Chol oppoq otning jilovini ushlab, ularga yaqinlasha boshladi. Bola cholni tanidi. U Shayx Kubro edi. Shayx Sayyidning yelkasiga ohista kaftini qo’ydi:
— Qiynalmadingmi, Sayid?

Bola shundagina ularning nima haqida so’raganlarini angladi. Ko’zlar o’ngida badbashara yuzlar, tahdid solib yaqinlashayotgan nayzalar ko’rindi. Bola qo’rqib ketib, akasiga mahkam yopishdi. Ammo uni qo’rqitgan dahshat qandy ko’ringan bo’lsa, shunday to’satdan yo’qoldi. Said badanini paypaslab ko’ra boshladi. Ammo biror joyidan qon oqmas, ko’ylagi qordek oppoq edi. U nima deyishini bilmay, akasiga jilmayib qo’ydi. Chol so’radi:
— Ketdikmi?

Aka-uka baravar javob berdilar:
— Ketdik.

Mahmud Shayx Kubroni oppoq ot ustiga o’tqazgach, jilovni ushlab yo’lga tushdi. Sayyid yugurib borib akasining qo’lidan tutdi. Ular nurafshon ufq tomon ketayotgan odamlarga ergashdilar.

— Qaerga ketyapmiz, aka? – deb so’radi Sayyid.
— Bilmayman, — dedi Mahmud.

Ancha yurishgandan keyin Mahmud o’girilib, Shayx Kubroga qaradi:
— Qaerga ketyapmiz, ustoz?

Shayx Kubro aka-ukaga tikilarkan:
— Vatanga, bo’tam, — dedi.

Bu javobni eshitgan Mahmud Sayyidning qo’lini qattiq-qattiq siqib qo’ydi.

Orqadan kimdir qichqirgandek bo’ldi. Ular orqalariga qaradilar. Bir sharpa ko’rindi. U ham oppoq libosda edi. Bola uni tanimadi. Shayx esa tanib, ovoz berdi:

— Shoshmay kelaver, Qosim Husayn! Biz sensiz ketmaymiz…

Qosim Husayn ularga yaqinlashib, salom bergach, so’radi:

— Yo’l bo’lsin, ustoz?
— Asl Vatanga boryapmiz, Qosim Husayn! – dedi shayx. Qosim Husayn jilmaydi:

— O’limingiz muborak! Uchchovlon javob berishdi:
— O’lim barhaq, shahidlik qutlug’!

Oldinda ot yetaklagan Mahmud bilan uning qo’lini ushlab olgan Sayyid, orqada ot mingan Shayx Kubro ufq sari keta boshladilar. Ufq esa nurafshon ajriqli qirlardan bo’lak osmonda butun vujudidan nur taralib uchib yurgan maloyiqlar va nurafshon ufqqa singib ketgan so’qmoq bo’ylab ketayotgan odamlardan bo’lak hech nima yo’q edi.

Faqat ortdan kelayotgan odamlarning oxiri ko’rinmasdi. Bolalar, emizikli go’daklarini quchoqlab olgan kelinchak-juvonlar, yo’l-yo’lakay ertak aytib kelayotgan momolar, bir-birini tanib olqishlayotgan yigitlar ustida manbai ko’zga ko’rinmas yog’du to’kilar, so’qmoq ustiga to’shalib yotar edi. ular borayotgan noma’lum manzil bu shu’lalardan sonsiz karra nurafshon edi. Bu shahidlarga Olloh Taoloning inoyati, uning nuri edi.

Bola nur dunyosiga yaqinlashgan sari hamrohlarining qiyofalari o’zgara boshlaganini ko’rdi. U o’zidagi o’zgarishlarni sezmas, ammo Shayx Kubro qanchalik o’zgarib ketganini aniq ko’rib turardi. Ammo bola bu o’zgarishlarni tasvirlab berishga ojiz edi.

Ular nur dunyosiga yaqinlashgan sayin ajriqzor qirlar, sabza o’tlar ham ko’rinmay qoldi, ular nur og’ushida yurib borardilar. Sayyid to’satdan qulog’i ostida yangragan Shayx Kubro so’zlarini eshitdi:
— Bo’tam, sukunatga quloq sol, — derdi shayx. – Sen dunyoda hech qachon nasib bo’lmaydigan narsa – sukunatni tinglab huzur qil. Bu sukunatning nomi abadiyat. Sening bola ko’nglingdagi quvonch o’xshaydi, sening mahzun o’ylaringday pokiza u. Uni tinglab, huzur qil. Sen asl Vataningga qaytding, bo’tam!..

Sayyidning nazarida shayxning bu so’zlari ortda qolgan, ammo u hali anglab-uqmagan taraflarda qolgan, qor yog’ishi arafasida olamni quchgan tinchlik og’ushida yotgan Gurganjga yetib turgan Jayxunning sokin jildirashidek eshitilardi. Shunda bola vujudi xuddi libosdek sirg’alib tushib qolib, ruhi nurga qorisha boshlaganini sezdi…

* * *

O’qtoy qatl etilgan shoirning oppoq soqolli boshini nayzaga sanchib, janggohga yaqin turib hujumni boshqarayotgan inisi Chig’atoyga tortiq qilib yubordi.

Chig’atoy inisi yuborgan tortiqqa muhtoj emasdi. U qarorgoh o’rnashgan tepalikda padari Chingizxonga o’xshab chordona qurib o’tirgancha halaba haqidagi xabarni kutishdan boshqasiga yaramaydigan O’qtoyning bu himmatidan kulgisi qo’zg’adi. U hozir bunaqa tortiqdan bir emas, mingtasini yuborishi mumkin o’sha O’qtoyga! Ammo inisiga nisbatan ko’nglidagi kekni bildirmadi va kalla sanchilgan nayzani soqchilaridan biriga uzatar ekan, jang shovqini aralash baqirdi:
— Bu saltanatda biror shoir zoti qolmaguncha, qurtlab ketgunicha ko’tarib yurasan! Tokim ulug’ hoqonni olqishlamoqdan bosh tortgan har bir odam boshi ketishini anglasun!

Chig’atoyning bu so’zlarini yetkazganlarida O’qtoy mamnun iljaydi.

— Inimiz bunday tortiqlarni juda yaxshi ko’radilar, qo’yib bersangiz, butun Movarounnahr ahlini boshidan judo qilishga tayyor. Biz unday emasmiz! Biz padarimiz ulug’ hoqon kabi mehr-shafqatlimiz, — dedi O’qtoy og’asining so’zlarini eshitib vahimaga tushgan movarounnahrlik amaldorlarga qarab so’yloq tishlarini irjaytarib…

Shoirning boshsiz tanasini qamal davomida o’laksaxo’rlika o’rgangan daydi itlar galasiga tashlashga buyurgan O’qtoy Imom Mujtahiddinni kutib tanovul qilib o’tirar, atrofida xos soqchilardan boshqa hech kim yo’q edi.

— Hoy, imom, qayoqqa g’oyib bo’lding? Qani, yaqinroq kel, — O’qtoy ot go’shti to’la og’zini chapillata, kumush taboqdagi suyaklardan birini olib imomgacha yetib borgan uzun kir dasturxon ustiga irg’itdi. – Sen bu shoirni tanirmiding?..

Imom “Yo’q” deya bosh chayqadi-yu, ovqat bilan band shahzoda buni sezmaganini bilib ovoz chiqardi: — Yo’q!

— Imom, padarimiz ulug’ hoqon omonlik bermoqchi bo’lgan o’sha shayx ham she’r yozadi, deganmiding?
— Ha, shahzodam, shunday degandim!

— Agar undan buyuk g’alabamiz madh etilgan fathnoma bitishni so’raganimizda yozarmidi? A?! – O’qtoy “Amr etganimizda” emas, “so’raganimizda” deganidan pushaymon ijirg’andi.

Hali padari ulug’ hoqon darajasiga yetishiga ancha bor edi. Ulug’ hoqon so’zi ipga tizilgan marvarid shodasidek go’zal, qindan sug’urilgan nayman qilichidek qo’rqinchli edi.

— Yo’q, shahzodam, yozmasdi, — dedi imom.
— Agar unga ikki o’g’lingni ham otlarga bog’lab chorpora etamiz, desak yozarmidi?

— Yo’q, shahzodam, yozmasdi…
— Agar biz unga ayolingni navkarlarga beramiz, desakchi, yozmasmidi?

— Yo’q, shahzodam, yozmasdi!..
— Yo’q deyishdan boshqa narsani bilasanmu, imom?! — O’qtoyning g’azabi qo’zg’adi. – Nima, sizlar sig’ingan o’sha xudo farzandingni, ayolingni o’ldirishayotganda, badnom qilishayotganda, indamay qarab tur deydimu?!

— Yo’q! – dedi Imom Mujtahiddin.
— Yo’q bo’lsa, nega shayxing ham, bu shoiring ham yozishni istamaydi!

Imom nima deyishni bilmay sukut saqlab turaverdi. O’qtoy baqirdi:

— Bilmaysanmi? Bilasan, bilmasang padarimiz ulug’ hoqon seni allaqachonlar otning dumiga bog’lardi, saqlab o’tirmasdi. Bilasan faqat aytishdan qo’rqasan! Qo’rqama, ayt!

Imom indamay turaverdi. O’qtoy ham uni tinch qo’yib, ohzini chapillatishga zo’r berdi. Oxiri, qorni to’ydi shekilli, bir kekirib qo’ydi-da, kosadagi qimizni bir ko’tarishda quldiratib ichib tugatdi.

So’ng imomga qarab tirjaydi.

— O’sha shayxing bitgan birorta she’rni bilsang, o’qib ber! Imom taradudda qoldi. U umrida ovoz chiqarib birovga she’r o’qimagan edi.
— Qani, imom, qulog’imiz senda, boshla!.. O’qi, deyapman, nima balo qulog’ing karmi?

Imom Mujtahiddin diqqatini jamlab, xotirasida qolgan Shayx Kubro ruboiylarini birma-bir eslay boshladi-yu, O’qtoy yana “O’qi!” – deb baqirganini eshitib, chuqur nafas oldi-da, og’zini ochdi. Ochishga ochdi-yu, O’qtoyning o’rnidan irg’ib turganini ko’rib to’xtadi. Olisda qiyqirib kelayotgan uch xabarchi otliq ushlab olgan tug’lar g’alabadan darak edi – O’qtoy o’zini unutib qichqirib yubordi. Nihoyat, otasini quvontiradigan bo’ldi! Chig’atoy yuborgan xabarchilar shahar to’la olinganini, faqat ikki-uch joyda xorazmliklar qamalib olib hamon qarshilik ko’rsatayotganliklari, ammo hademay ular ham butunlay qirib tashlanajaklarini aytishdi. Qarorgohda bo’layotgan to’s-to’polondan foydalanib, Imom Mujtahiddin yolg’iz bir o’zi shahar tomon – minora-minora bo’lib ko’kka o’rlayotgan tutunlar, qiyomat kunini eslatib olamni buzib yangrayotgan ohu-faryodlar tomon yo’l oldi.

* * *

Xorazmshgoh saroyining qalin devorlari olamni buzgan hayqiriq, oh-voh, yig’i-sig’i sadolarini bir qadar to’sar, bu sadolar imom cho’zilgan ko’yi vujudidagi og’riqqa chidolmay o’tirgan xilvat go’shaga, mo’g’ul nog’orasining ovozi yanglig’ bo’g’iq eshitilar edi. Imom Mujtahiddin Chingizga yukunib xizmatiga kirgandan beri uchqur va shafqatsiz mo’g’ul qo’shini bilan yuraverib, jazirama issiqqa, izg’irin sovuqqa ko’nikib qolgani kabi har safargi qamaldan, har galgi g’alabadan so’ng ko’kka o’rlaydigan bu nola-yu, afg’onlarga ko’nikib qolsam kerak; deya umid qilar, ammo umidi har safar uni aldar, har gal bu dod-faryodlardan bekinishga xilvat go’sha qidirishga majbur bo’lardi.

Ammo vujudida yashiringan og’riqdan bekinadigan xilvat bu dunyoda yo’q. Bu galgi og’riq yomon keldi. Endi u miyaga chang soldi. Go’yo shahardan ko’kka o’rlagan butun tutun oxir-oqibatda uning miyasiga qamalib qolgandek. Qora ilonga aylangan tutun miya qatlamlarini chirmab qisar, chiqib ketishga yo’l topolmay zahar qusardi… Imom:
— Ulug’ Tangrim, bu og’riqdan meni qutqar, menga to’zim ber, bandangga rahming kelsin! – deya iltijo qila boshladi, so’ng boshini mahkam changallaganicha ho’ng-ho’ng yig’ladi.

Boyagina saroy ostonasida qilich-qalqon ushlagan qo’llarini ikki yoniga cho’zib, ochiq ko’zlarini osmonga tikkancha qotib qolgan o’n-o’n ikki yashar bolani ko’rib g’alati bo’lib ketganini esladi, vujudi dir-dir titray boshladi. U bolaning ko’zlarini yopmoqchi bo’lib egilarkan, ochiq qolgan ko’zlarda osmon aks etib, bulutlar suzib yurganini ko’rdi. Nahot, shu bola qo’rquvni bilmasa? Nahot u dushmanga tobe bo’lishdan jangda o’lish afzal ekanini o’zining murg’ak idroki bilan anglagan bo’lsa? Nahot?.. Nahot?..

Saroy eshigi oldida boshsiz bir tanani quchoqlab yig’lab o’tirgan kampir-chi?! U dushmanlar ko’z o’ngida shahid bo’lgan farzandi ustida yig’lashdan qo’rqmay, tebrangan ko’yi marsiya aytmoqda edi. Imom kampirga yaqinlashib, birov eshitib qolmasin, degan xavotirda ohista:
— Ena, bu yerdan keting, tezroq keting! – dedi.

Kampir boshini ko’tardi, biroq qarshisidagi odamning kimligini bilmagani uchun yana boshini egib olarkan:

— Hoy, bolam, — dedi yig’layverib bo’g’iib qolgan ovoz bilan, — meni o’z holimga qo’y. Rahming kelayotgan bo’lsa, meniyam o’ldir, qo’lingdan kelmasa, ket. Yuragimni bo’shatib olay…

U saroyga kirayotganda ortidan yangragan kampir qarg’ishini eshitdi:

— Naslingga qiron kelsun, ey, tezak hidi anqigan mahluqlar!

Imom Mujtahiddin hayratdan qotib qoldi: Qosim Husayn ham O’qtoyga shunday baqirmaganmidi?

U yuragini kimga bo’shatsin? Uning dardini eshitadigan bormi? Uning ichga yutaverganidan og’riqqa aylanib vujudiga singib ketgan faryodi qachon bu ohu-nolalarga qo’shilib ko’kka
o’rlaydi?

Imom ko’zlarini yumdi: o’sha zahoti zulmatga sachrab turgan nurni – qorong’ilik qo’ynidagi olis yulduzni ko’rdi. Bu nur, bu yulduz shu’lasi asta-sekin erigan tillaga aylanib jildirab-jildirab dorussaltana ko’chalarini olovga to’ldirib oqa boshladi va oxiri hamma ko’chalar birlashadigan joy – saroyga yetdi. Saroy olov ichida qoldi. Imom vujudida shunday bir kuchli og’riq sezdiki, boshi aylanib, qop-qorong’i jarga tushib ketgandek bo’ldi. Vujudi tushib ketayotgan jar ostida qaynab yotgan otashni ko’rdi va bu jar jahannam ekanini bildi-yu, ko’ksidan shunday bir oh ko’pdiki, bu oh uning ongidagi o’sha olis yulduz shu’lasi yoritib turgan eng so’nggi uyg’oq qatlamdan chiqqan faryodi edi. shundan keyin u o’zini unutdi. Miyasida qora ilon qusgan zahar butun vujudiga tarqalib bo’ldi.

Shu payt xona eshigi sharaqlab ochildi-yu, u yalt etib ko’zlarini ochdi, ostonada… shoir Qosim Husayn turardi! Shoirning qonga bo’yalgan vujudi, yonib turgan ko’zlari shunday vahimali va otashin ediki, Imom Mujtahiddin o’rnidan turarkan, beixtiyor orqaga tisarilib ketdi.

“YO rab! Axir u qatl etilmagandimi?! Chopilgan boshini Chig’atoyga tortiq qilishgan edi-u?! Qaerdan tirilib keldi?! Kim uni tiriltirdi?!”

Qosim Husayn qo’lida ushlab turgan qilichni unga peshlab yaqinlasha boshladi:
— Sen… q-qotilsan? M-men s-seni o’l…o’ldiraman!..

“Yo’q! Yo’q! Men qotil emasman! Kimni o’ldiribman, kimni?” – Imom Mujtahiddin o’zini qilichdan pana qilmoqchidek qo’llari bilan yuzini to’sib olganicha xona burchagiga tiqilib olib bo’g’izlangan qo’ydek tipirchilardi. Oxiri butun kuchini yig’ib baqirgan edi, bo’g’zidan xirillagan tovush chiqdi:

— Men qotil emasman! Men hech kimni o’ldirmadim!

— Sen qotilsan! S-sen yurakni o’ldirding! O’z yuragini o’ldirgan s-senday r-razil xunrezni nechun yer yutmaydi?! Nechun ko’zida bulut suzib yurgan bolani o’ldirding, mal’un?! – Qosim Husayn ko’zlari sovuq chaqnab, yaqinlashib kelardi. – Ne qilding uni? Ne qilding, iymonsiz?!

“Hozir chopib tashlaydi! Chopib tashlaydi!” – o’yladi Imom Mujtahiddin, qo’rquv aralash devorni paypaslaganicha orqaga tisarilarkan. U cho’g’day qizigan peshonasini naqshkor devorga o’rnatilgan muzdek sovuq chinniga tiragancha bir muddat qotdi, so’ng birdan Qosim Husaynga tashlandi. Tashlandi-yu, yerda yotgan bolishlar ustiga yuztuban ag’darilib tushdi. Dam o’tmay, boshini ko’tarib qaradi. Xonada hech kim yo’q edi. Yolg’iz o’zi
zarbof baxmal bolishlar ustida yotardi… U qiqirlab kuldi. Qosim Husayn uni o’ldirolmadi! Qosim Husayn undan qo’rqib qochdi! “Bu hifzi himoyatingga ming qatla shukur, ey Xoliqi Olam! Ey mo’minlar egasi, o’z marhamatingni darig’ tutmagaysan!” Imomning vujudini yoqimli bir hayajon chulg’adi. U go’yo qanot yozib ko’kda parvoz qilayotgandek bo’ldi, ko’zlarini yumdi. Yumdi-yu, dahshatdan baqirib yubordi: u yana o’zini olov purkab turgan jarga qulayotganini ko’rdi. Ko’zlarini yumishdan qo’rqib, otash bo’lib yonayotgan lablari ohista pichirladi: “Men Shayxi

Valitaroshning itiman, Qosim Husayn! Sen meni o’ldirma, Qosim Husayn! Men Chingizni tishlab-tishlab o’ldiraman, meni o’ldirma, Qosim Husayn!”

Imom Mujtahiddin o’rnidan turib, o’zicha allanimalarni shivirlab tashqariga yurdi. Ostonadagi boshsiz tanani quchoqlab o’tirgan kampirga ko’zi tushib, unga yaqinlashdi.

— Ena, turing, — dedi u qiqirlab kulganicha, — o’g’lingizni ham uyg’oting. Hammamiz borib Chingizni tishlab-tishlab o’ldiramiz. Yuring, ena! – imom kampirning qo’lidan ushlab tortgandi, kampir shilq etib yonboshiga ag’darildi. Shahid farzandi ustida dunyoning eng hazin, eng yoniq marsiyasini aytib o’tirgan kampir farzand dog’iga chidolmay allaqachon o’lib qolgan edi.

Imom Mujtahiddin kampir uning gapiga kirmay yotib olganini ko’rgach, baqirdi:

— Mayli, uxlang, ena! Men o’zim… o’zim borib tishlayman. Men Shayxi Valitaroshning itiman… Huv anavi bola meni Chingizning oldiga olib boradi!

Imom bulutlar suzgan ko’zlarni eslab, “Haliyam suzyaptimikan?!” – degandek, bolaning ustiga egildi. Dir-dir titrayotgan qo’llari bilan boyagina o’zi yopgan qaboqlarni ochib tikildi: tip-tiniq ko’zlarda osmon va bulutlar aks etdi. Imom quvongancha qiyqirdi:

— Bulutlar suzyapti, bulutlar!.. – so’ng bolaning qo’lidagi qilichni oldi va murdaga qarab gapira boshladi:
— Bo’ldi endi, o’g’lim, tur… Mayli, bulutlarni ham olib yuraver.. Sen menga Chingizni ko’rsatib qo’ysang, bas! Bo’g’zidan shunday tishlab olayki, qoni tamom oqib bitmaguncha qo’yvormayman! Qani, ketdik! –

Imom Mujtahiddin bola qo’lidan tortdi. Qushdek yengil bola murdasini sudragan imom saroy qarshisidagi ko’chaga qarab yurdi. Dam o’tmay qarshisidan chiqqan, qop yelkalab olgan sap-sariq mo’g’ul navkarini ko’rdi-yu, murda qo’lini bo’shatib, qilichini peshlab yugurdi.

— Ha-a, Chingiz, qo’lga tushdingmu? Hozir seni tishlab-tishlab o’ldiraman! Qoningni ichaman, Chingiz!

Shu paytgacha ne-ne jangu-jadalni ko’rgan mo’g’ul o’zi tomonga qilich peshlab yugurib kelayotgan telbasifat kimsani ko’rib, qopni bir siltab yelkasiga yaxshilab o’rnashtirib oldi-yu,o’qdek orqasiga qarab qochdi. Mo’g’ul jonidan emas, yelkasidagi qopdan xavotirda edi. Imom Mujtahiddin, umrida bunaqa tez chopmagani uchun, nafasi harsillab to’xtab qoldi va qilichini yerga tiraganicha, qochib ketayotgan mo’g’ul ortidan baqirdi:
— Hoy Chingiz, Shayxi Valitaroshning itidan qochib bo’psan! Osmonga chiqsang oyog’ingdan tishlab tortaman, yerga kirsang qulog’ingdan!..

Shu payt u saroy tomon yaqinlashib kelayotgan otliqlarni ko’rdi. Bu shaharga tantana bilan kirib kelayotgan O’qtoy boshliq qarorgoh ahli edi. O’qtoy tundek qop-qora otini to’xtatib, mag’lub etilgan poytaxt markazi – Xorazmshoh saroyiga bir daqiqa tikilib qoldi. Har gal u bunaqa muhtasham saroylarni ko’rsa, negadir asabiylashardi: u jonidek aziz o’tovni sovuq va haddan tashqari mahobatli bir go’shaga almashtirayotganidan asabiylashardi. Ammo qancha asabiylashmasin, mag’lub bo’lgan podshohlarning saroylarida bir daqiqa egalik qilish – g’alabaning bosh tantanasi edi. Undan keyin bu saroy yondiriladimi, vayron etiladimi, bari bir edi.

Uning hayolini allaqanday shov-shuv bo’ldi. Oti to’xtagan joydan sal olisroqda to’rt navkar bir kishini quvib yurishar, “Ushla!”, “To’xta!” – degan xitoblar eshitilardi. Nihoyat, to’rtovlon qochoqqa yetib oldilaru, yerga bosdilar. Lekin u qandaydir g’ayritabiiy bir shiddat bilan navkarlarni siltab tashladi-da, O’qtoy tomonga qarab yugurdi. Shu lahza O’qtoy uni tanidi: vajohati mudhish, ust-boshi olishuvda yirtilgan, ko’zlari chaqchayib ketgan bu kimsa Imom Mujtahiddin edi. Imom ham otliqlarni ko’rib shartta to’xtadi, telba ko’zlarini yerga qadagancha bir zum turdi, so’ng ko’zlarini alaq-chalaq qilib, u yoq-bu yoqqa alanglab baqira boshladi:

— Qilichim qani mening?! Kim oldi qilichimni?! Men Chingizni o’ldiraman o’sha qilich bilan! Kim oldi qilichimni?! Kim?!

Imomning nafasi bo’g’ziga tiqilib qoldi. – Ha-a! Qilichni nima qilaman?! Axir men Shayx Kubroning itiman-ku! Chingizning bo’g’zidan shunday tishlab olayki, qoni tamom oqib tugamaguncha qo’yvormayman! Qo’yvorib bo’pman, Chingiz!

O’qtoyni qurshab turgan izdihom nimalar bo’layotganini tushunmasdi. Ammo O’qtoy Imom Mujtahiddin aqldan ozganini darrov angladi. Telba bo’lmasa “Chingizni o’ldiraman!” deb baqirarmidi? Agar shunday demaganida edi, u bu devonadan rahm-shafqatini darig’ tutmasdi: o’ldirmasdi! Qo’l-oyog’ini zanjirlab qo’yardi, xolos. Ana – Shayx Kubroning itiman deyapti, zanjirlangan itdek yashayverardi. Telba bo’lmasa, Chingizni o’ldiraman deb baqirarmidi? Bunday gapni aytgan ekan, sog’mi, telbami, har qanday odam o’limga mahkum! Ha, o’limga mahkum!

O’qtoy bugungi zafar kunida hali qilichini qinidan chiqarmagan, hali uning damini qonga bo’yamagan edi. Shu sababdanmi, qo’llari qilichni sog’ingan, qulog’i qilichning havoning kesib tushayotganida yurakni qitiqlab taraladigan yoqimli tovushni qo’msagan O’qtoy kaltagina qilichini sug’urdi-yu, otini oldinga niqtadi. Hayotdek go’zal tulpor yollariga urilgan Azroil nafasidan qo’rqib ketdi va shiddat bilan oldinga tashlandi.

Imom Mujtahiddin o’ziga yaqinlashib kelayotgan otliqni ko’rdi-yu, bir lahza qora ilon chirmab turgan ongida tiniqlik paydo bo’ldi: ich-ichida uyat tuydi. O’limning nimasidan qo’rqqan ekan? Ana, o’lim yaqinlashib kelyapti, ammo qo’rquv qani? Qani qo’rquv?! Imom yerga egilib tosh oldi va qilichini yalang’ochlab kelayotgan otliq tomonga ota turib baqirdi:

— Naslingga qiron kelsin, tezak hidi anqigan kuffor! Dam o’tmay O’qtoyning so’yloq tishlarini irshaytirgancha boshi uzra ko’targan qilichini ko’rdi, ko’rdi-yu, kalima keltirdi: “Amantu billahi va rasulihi!”

Kayfiyati buzilgan O’qtoy birinchi marta odatga amal qilmadi: mag’lub dushman saroyida o’tirib bazm qurmadi. Hozirgina Imom Mujtahiddin qoniga bo’yalgan qilichini egnidagi zarbof to’nga artdi-da, otiga qamchi urdi. Hayotdek go’zal tulpor yana yollariga urilgan Azroil nafasidan qo’rqib, shamoldek uchdi.

Eski qarorgohiga qaytgan O’qtoy huzuriga shonli g’alaba bilan qutlashga kirgan askarboshilarga g’azab to’la ko’zlarini qadab buyurdi: “Birortasi tirik qolmagandan keyin meni kelib qutlaysiz! Ayamay qiring! Hatto birorta it ham sog’ qolmasin!”

Bosqinchilar qo’lida quroli bor odamlarning barchasini o’ldirib bo’lgach, qolgan aholini shahardan tashqariga – Xurrambog’ yaqinidagi yalanglikka haydab chiqdilar. Ular dastlab Mo’g’ulistonga yuborish maqsadida yuz mingga yaqin hunarmandni ajratib, alohida maydonga to’pladilar. Shundan so’ng erkaklarni, bola demay, qari demay, qatl qildilar. Muarrixlar yozishicha, bu qirg’inni amalga oshirgan ellik minglik qo’shindagi mo’g’ul askarlarining har biri yigirma to’rttadan odamni qatl etgan. Bu dahshatni ko’rib esi oqqan xotin-qizlarni mo’g’ullar dastavval yechintirdilar. So’ng esa ularni ikki guruhga bo’lib, bir-birlari bilan mushtlashishga juda usta deb eshitganmiz, qani hunarlaringni bir ko’rsatinglar-chi!” – deya qichqirardi. Bechora xotinlar nima qilishlarini bilmay, bir-birlariga tikilib, ho’ng-ho’ng yig’lardilar. Oxiri Chig’atoyning ishorasi bilan uch-to’rt ayolni chopib tashlashgach, noiloj qoldilar. Mash’um jang manzarasini tomosha qilish jonlariga tekkandan keyin mo’g’ul askarlari o’zlariga ma’qul yosh ayollarni tanlab, qolganlarni bir safga tizib, qirrali og’ir cho’qmorlar bilan boshlariga urib, qilichu-xanjarlar bilan chopib o’ldirdilar. Bu dahshatli voqeani ko’rib, qurbonlarning ohu-faryodini eshitib turgan hunarmandlar xudodan yordam tilashar, ularni dushman qo’liga tashlab, o’zi qochgan Muhammad Xorazmshohni qarg’ab, ko’z yosh to’kardilar…
Dahshatli qirg’indan bir necha kun o’tgach – Gurganj mo’g’ul askarlari tomonidan talanib bo’lgach, Amudaryodagi band buzib tashlandi va Gurganjni suv bosdi. Suv ustida qalqib suzib yurgan murdalarning qo’lansa hidi bu atrofga yaqinlashgan kimsa dimog’ini yorardi.

Keyin yomg’irlar mavsumi boshlandi. Kechayu-kunduz izillab yog’ilgan yomg’ir yana o’z iziga qaytgan, daryodan qolgan quyqum qatlamlarini oqizib ketolmadi, shahar vujudiga singib qolgan o’lim hidini yuvishga ojizlik qildi. Keyin qish keldi. Qor tushib, mash’um manzarani olam ko’zidan yashirdi. Ketma-ket yetib kelgan bo’ronlar yaydoq shahar uzra yopilgan qor ko’rpasi ostida qolgan sanoqsiz shahidlar ruhini yo’qlagandek betinim uvilladi.

Keyin bahor keldi, yana chechaklar undi, yana odamsiz shahar tomlarida, qop-qorayib yotgan qamishlar oralarida lolaqizg’aldoqlar ochildi, yana dalalardan oqib tushgan so’qmoqlaru-yo’llar chetida ajriqlar gilam yozdi, yana quyosh nuridan tirilgan tollar yam-yashil novdalari shokila-shokila bo’lib osildi. Qobilon darvozasining o’rni bo’lgan kultepa ustida bir nihol bosh ko’tardi. U nimjon va himoyasiz qaddini dunyoga namoyish etar, quyoshga qarab bo’y cho’za boshladi. Bu o’sha Mahmud ismli kosib yigit qo’ynidagi shaftoli danagi ichida yashirin daraxt edi. Bu daraxt yuksalgani sayin hayot va abadiyat timsoli sifatida o’z qoshiga odamlarni chorlab turardi…

* * *

Abulfath as-Samarqandiy shu ketishda vataniga qaytolmadi. U mag’ribga qarab qochgan sayin, mo’g’ullar ham yangi-yangi o’lkalarni zabt etib siljib kelishardi. U mag’ribga qochgan sayin vatan shuncha uzoqlashar, vatanga qaytish chorasiz umidga aylanib borardi. Bir paytlar yuzlab tevalarga mol ortib, mamlakatma-mamlakat kezgan omadli savdogar endi bor alamini ichiga yutgan, bor mulki bir xurjunga siqqan qochqinga aylangan edi. U Nishopurda istiqomat qilganida Xorazmdan Iroqqacha og’izma-og’iz ko’chib kelgan Gurganjning mo’g’ullar tomonidan qanday olingani, Xumorteginning xiyonati,

Shayx Najiddin Kubroning o’limi haqidagi hikoyani eshitdi. Yana Samarqanddagi ota-onasi, bola-chaqasini esladi, Xudodan ul mazlumlarga inoyat tilab o’tindi.

Abulfath Bag’dodga qarab yo’l oldi, bu shahardayam u uzoq turolmadi. Dushman shu yoqqa qarab kelayotganini eshitib, u yerdan ham qochdi. Oxiri borib-borib Ko’nyo shahriga yetdi. Shu yerda u Shayx Kubroning ulug’ shogirdlaridan Bahouddin Valad istiqomat qilishini eshitdi. Bir necha kundan so’ng Abulfath “Sulton ul-ulamo” deb muborak nom olgan shayx xonadoniga tashrif buyurib, Xorazmning zabt etilgani va Shayx Najmiddin Kubroning halokati haqida eshitganlarini hikoya qilib berdi. Sulton ul-ulamo uni diqqat bilan tinglarkan, har zamon yonida bosh egib sukut saqlagan yigirma-yigirma bir yashar yigitchaga zimdan qarab qo’yar, ko’ksini g’ijimlab, alam bilan bosh chayqardi. Yigit uning o’g’li – Muhammad edi. Yigit Abulfath hikoyasini churq etmay tinglardi. Faqat Najmiddin Kubroning qahramonona o’limi, shayx barmoqlari g’ijimlagan g’anim kokili va bayrog’i haqidagi tafsilotni eshitarkan, boshini ko’tarib, otasiga qaradi, ammo indamadi. Bu lahza so’z yigit qalbida tug’yon urgan alam to’fonini sig’dirolmas, har qanday so’z ortiqcha edi.

Abulfath hikoyasini tugatgach, oraga og’ir sukunat cho’kdi. So’ng Shayx Bahouddin ustozining ruhini yodlab, uzoq tilovat qildi. Shundan keyin ham sukut buzilmadi. Oxiri Mavlono bosh egish bilan Abulfathga ketishga ijozat berdi. Qochqin savdogar shayxga ta’zim qilgandan so’ng Muhammadga nazar soldi. Keyin xayrlashdi. Kuzatishga yolg’iz Muhammad chiqdi. Shom zulmati Ko’nyoni chodirdek chulg’ab olgan edi. Abulfath sukut hukmron ko’chayu-maydonlardan o’tib, shaharning Halqabago’sh darvozasi yonidagi karvonsaroyga qaytdi.

Ammo Muhammad o’sha kecha uxlolmadi. U mehmon tufayli dastlab Samarqand haqida o’yladi. Otasining aytishicha, u mana shu ko’hna shaharda dunyoga kelgan, ammo chillasi chiqar-chiqmas Balxga
olib ketilgan ekan. Onasining nasl-nasabi ham Samarqandning mo»tabar va ma’rifatli xonadoniga ulanadi. Shu sababdan ham u Samarqand haqidagi har qanday gapni jon qulog’i bilan eshitardi. U olis-olislarda qolgan shahar haqida ko’zlarini yumib o’ylar ekan, tasavvurida yonayotgan kitoblar uyumini ko’rdi-yu, vujudi titrab ketdi.

Keyin u mehmonning Shayx Kubro haqida aytgan gaplarini esladi. Muhammad keksa otasining ustozi bo’lmish bu shayx haqida ko’p eshitgan, Marvda yashagan kezlaridayoq shu ulug’ zot tarbiyasini olishni orzu qilgan edi. Nahotki, movarounnahrlik savdogar so’ylagan hikoya eshitgan hikoyalarining eng so’nggisi bo’lsa?! Nahotki, shunday bo’lsa?! Yo’q, yo’q, aslo unday bo’lmaydi! Kelajakda Mavlono Jaloliddin Rumiy nomi bilan dunyoni ma’rifat nuriga chulg’agan bu yigitcha Shayx Kubroni hech qachon unutmaydi. Umrining oxirlarida esa Shayxga bag’ishlab, hayajonli satrlarni bitadi:

Mo az on muhtashamonem, ki sog’ar girand,
Na az on muflisakon, ki buzi log’ar girand,
Ba yake dast mai xolisi imon no’shand,
Ba yake daste digar parchame kofir girand.

(Mazmuni:

Biz shunday ulug’lardanmizki, gavhar tutamiz,
Oriq echki tutgan pastkash – muflis emasmiz,
Bir qo’limiz bilan imon qadahidan may ichsak,
Ikkinchi qo’limiz bilan kofir yalovini tutamiz.

Oradan ikki asrdan ziyod vaqt o’tdi, buyuk donishmand podshoh Mirzo Ulug’bek “Tarixi arba’i ulus” kitobida Shayxi Valitaroshning alamli tarixiga bir necha varaq ajratib, Shayx vafotiga bag’ishlangan tarixni qayd etadi: “Hazrati Shayxi buzurgvorning Xorazm qatli omidagi qatli muborak turkiy yund yiliga muvofiq keladigan 618 hijriyda sodir bo’ldi. Hazrati Shayxi Valitarosh Shayxi Najmiddin Kubro, Tangri uning ruhini muqaddas tutsin, (vafotiga bitilgan) tarixda shunday deyiladi.

Nazm (mazmuni):
Murshidi a’zam Shayx Najmiddin Kubro Xudo amri bilan Xorazm uchun boshini tikdi. Boshini topshirishda qotil yaloviga yopishdi. Dini Haq iqlimining podshohi, ul pir sarpanjasidan o’n zabardast yigit yalovini ko’rib hayratda, qolgan oqillar bu holni sharhladilar: Yalov uchini shayx tutib, ta’rix aytdiki, vafotim sanasi “Shohi shuhado” (“Shahidlar shohi”) dir.
Jamei musulmonlar a’losiga Ollohi Taolo rahmati yog’ilsin”.

Oradan yana bir necha o’n yilliklar o’tgach, temuriylar sulolasining so’nggi qudratli vakillaridan biri va buyuk shoir bo’lmish Husayn Boyqaro bir kuni turkiy she’riyat sultoni Hazrat Mir Alisher Navoiyga qarata aytadikim: “Agar men podshohlik ishlari ila shug’ullanishdan qo’l tortishga jazm etsam, Shayx Najmiddin Kubro mozori ostonasining jo’rubkashi (supuruvchisi) bo’laman”.

Yana bir necha yillar o’tadi, temuriylar sulolasini tarix sahnasidan tushirgan, ham she’r, ham jang san’atida benazir Muhammad Shayboniyxon hazrati Shayx Kubro o’limi tarixini shunday bitadi:

Oning tarixidur “Shahi shuhado”,
Yana bir “alif” birla bo’lur ado.

* * *

Olloh Taolo Odam o’z nuqsonlarini ochib tashlamog’i uchun unga Qalb, ularni bartaraf etishga Taqvo berdi. U Qalbni o’ziga taxt deb bildi va o’zining ruhini bu taxtga o’tqazib, Odam vujudini hayvon ruhiga mindirib Yerga yubordi. Yuborayotib shunday dedi: “Kuntu kanazan ammaxfiyo”, ya’ni pinhon edim, istadimki, tanilsam, o’z jamolimni ko’rsatsam…

Yana aytdikim: “Ogoh bo’ling? Mening to’g’ri yo’lim ustida sizlarni kutib o’tirgan shayton bordur. Har lahza, har soniya sizlarga oldingizdan va ortingizdan, o’ngu-so’lingizdan kelib To’g’ri yo’ldan ozdirmoqchi bo’ladi, barcha gunoh ishlarni chiroyli qilib ko’rsatib qo’yadi. Holbuki, bu narsalar dunyoning o’tkinchi matolaridir. Bilinglar, albatta, bular fitna – sinovdir. Shuni bilingkim, Biz har bir bandamizni Qiyomat kunida o’z nomai a’moli bilan chorlagaymiz. Bas, kimgaki o’z kitobi – nomai a’moli o’ng qo’lidan berilsa, ana o’sha kishilar o’zlariga qanchalik zulm qilinmagan holida, nomai a’mollarida bitilgan yaxshi amallarining savoblarini bilib olurlar. Kimki shaytonga ergashib, To’g’ri yo’ldan ozgan ko’r-gumroh ekan, u oxiratda ham ko’r va butunlay yo’ldan ozguvchidir va men jahannamni ular bilan to’ldiradurman!”

Olloh Taolo yana aytdi: “Sizlarga Men tarafdan hidoyat kelganida, kim mening hidoyatimga ergashsa, yo’ldan ozmas va baxtsiz bo’lmas. Albatta, Ollohingiz zolim kishilarni hidoyatga boshlamaydi. Albatta, Ollohingiz kim yolg’onchi, kofir bo’lsa, hidoyatga boshlamaydi, Kim Ollohga iymon keltirsa, uning qalbiga Olloh hidoyat soladi. Kim Mening eslatmamdan yuz o’girsa, bas, albatta, uning uchun tangchilik – baxtsiz hayot bo’lur va Biz uni Qiyomat kunida ko’r holda tiriltirurmiz! U: “Parvardigor, nega meni ko’r qilib tiriltirding, axir ko’rar edimku”, — deganida, Biz ayturmizki: “Shunday. Senga izning oyat – mo»jizalarimiz kelganida, ularni unutding. Bugun sen kabi iymon keltirmagan kimsalarni mana shunday jazolarmiz. Oxirat azobi esa shak-shubhasiz qattiqroq va uzoqroqdir”.
Yana aytdikim: “Kimnikim Biz yo’ldan ozdirsak, bas, uning, uchun biror hidoyat qiluvchi bo’lmas. Kimni Biz hidoyat qilsak, bas, uning uchun biror yo’ldan ozdirguvchi bo’lmas. Olloh qudratli va intiqom oluvchi emasmi? Bas, kim hidoyat yo’liga yursa, o’z foydasiga yurgan bo’lur. Kim bu hidoyat yo’lidan ozsa, faqat o’zining ziyoniga adashgan bo’lur. Hech kim ularning ustida vakil – qo’riqchi emas. Sizga ishonmaganlarga ayting: “Menga Ollohning o’zi yetarlidur”. Tavakkul qiluvchi – suyanguvchi zotlar yolg’iz Unga tavakkul qilurlar”.

Olloh Taolo yana aytdikim: “Butun Yer Qiyomat kunida Ollohning changalidadir. Osmonlar esa Uning qudrat qo’lida yig’ilgandir. U zot ularning shirklaridan pok va yuksakdir. Sur chalinadi-yu, osmonlar va Yerdagi bor jonzot o’ladi, yolg’iz Olloh xohlagan zotlargina tirik qoladilar. So’ng sur ikkinchi bor chalinadi-yu, banogoh barcha xaloyiq qayta tiriladi va qabrlaridan turib, Ollohning amriga ko’z tutadilar. Mahshargoh Parvardigorining nuri bilan yorishadi, nomai a’mol hisob-kitob qilish uchun hozirlanib qo’yiladi, payg’ambarlar va guvohlar keltiriladi va barcha bandalarning o’rtalarida birortalariga zulm qilinmagan holda haq bilan hukm qilinadi va har bir jonga qilgan amalining mukofot va jazosi komil qilib beriladi. Illo, Olloh ularning qilgan ishlarini juda yaxshi bilur.

Kofir bo’lgan kimsalar to’da-to’da qilinib, jahannamga haydaladi, to qachon ular jahannamga kelib yetganlarida, uning darvozalari ochiladi va uning qo’riqchilari kofirlarga: “Sizlarga o’zlaringizdan bo’lgan payg’ambarlar Parvardigoringizning oyatlarini sizlarga tilovat qilgan hollarida va sizlarni mana shu kuningizdagi muloqotdan ogohlantirgan hollarida kelmaganmidilar”, — deganlarida, ular: “Ha, kelganlar, lekin bizlar ularni yolg’onchi qilganimiz sababli mana shu azobga giriftor bo’ldik”, deydilar! Sizlar o’sha joyda mangu qolursizlar!” Parvardigorlaridan qo’rqqan, uning To’g’ri yo’lidan ozmagan, Haqiqiy Go’zallikni sevgan zotlar esa to’p-to’p holda jannatga kelib yetganlarida va uning qo’riqchilari: “Sizlarga tinchlik-omonlik bo’lsin! Xush keldingiz! Bas unga mangu qolguvchi bo’lgan hollaringizda kiringiz”, — deganlarida ular behad shodlanurlar va “Bizlarga va’dasini rost qilgan va bizlarni bu jannat yeriga voris qilgan hamda jannatdan o’zimiz xohlagan tarafda o’rin-joy olishimizga muvafaq qilgan Ollohga hamdu-sano bo’lsin”, derlar.

Yana Olloh aytdikim: “O’sha kun quyosh nursizlanib qolur, yulduzlar o’z falaklaridan duv-duv to’kilur, dengizlar tandir kabi qizib, suv o’rnida olov bilan to’lur, osmon yorilib ketar va yer ustidan sidirib olinur, nomai a’lom sahifalari ochilur, qabrlar to’nkarib qo’yilur! U Kunda odamlar to’zg’itib yuborilgan parvonalar kabi bo’lib qolurlar. Tog’lar esa titilgan jun kabi osmonda uchib yuradigan bo’lib qolur! Ana o’sha Kunda har bir jon o’zi dunyodalik chog’ida qilib o’tgan va o’zidan keyin qoldirgan barcha narsalarni bilur! Ey inson, nima seni ulug’ Parvardigoringga ibodat qilmasang ham bo’laveradi, deb aldab qo’ydi?! U seni yaratib so’ng barcha a’zolaringni tiklab, so’ng qomatingni ham raso qilib qo’ygan zot-ku!

U seni O’zi qay suratni xohlagan bo’lsa, o’sha shaklda ijod qildi-ku!

Balki, sizlar Qiyomat kunini yolg’on dersizlar, shuning uchun ham Olloh buyurgan amallarni qilmaysizlar, shuning uchun yomon amallardan qaytmaysizlar! Holbuki, shak-shubhasiz sizlarning ustingizdan har bir amalingizni yod olib, yozib turguvchi ulug’ farishtalar bordir. Shak-shubhasiz, yaxshilar jannat ne’matlaridandir.

Shak-shubhasiz, fisq-fujur qilguvchi kimsalar do’zaxidirlar! Ular do’zaxga jazo kunida kirurlar! Va ular do’zaxdan xalos bo’lguvchi emasdirlar! Ey inson, sen jazo Kuni nima ekanini qayerdan ham bilursan? U Kunda hech bir jon boshqa bir jonga biror narsa qilishga ega bo’lmas! U Kunda barcha ish yolg’iz Ollohniki bo’lur!..”

Jazon Kunida Shayx Najmiddin Kubro, Imom Mujtahiddin Qozixon, malika Turkon xotun, Muhammad Xorazmshoh, Xumortegin, ochiq qolgan ko’zlarida bulutlar suzgan bola, shahid farzandi ustida dunyoning eng mungli marsiyasini aytib jon bergan kampir, shoir Qosim Husayn, Temurmalik, Shayx Majdiddin Bag’dodiy va biz bilgan-bilmagan kishilar, biz hammamiz qaytadan tirilurmiz. Qay birimiz qaysi bir to’pga qo’shilamiz – bu yolg’iz Ollohga ma’lum.

Quyosh va uning yog’dusiga qasam,
Uning ortidan kelgan oyga qasam,
U (quyoshni olamga) oshkor qilgan kunduzga qasam.
U (quyoshni o’z zulmati bilan) o’rab-yashirgan kechaga qasam.
Osmonga va uni bino qilgan zotga qasam.

Yerga va uni yoyib, tekis qilib qo’ygan zotga qasam. Jonga va uni raso qilib, yaratib unga fisq-fujurni ham, taqvosini ham ilhom qilib, o’rgatib qo’ygan zotga qasamki, darhaqiqat uni – nafsini, jonini iymon va taqvo bilan poklagan kishi najot topadi va u jonini fisq-fujur bilan ko’mib xor qilgan kimsa nomurod bo’ladi.

Tamom.

1990-1992 yillar

003

(Tashriflar: umumiy 1 002, bugungi 1)

Izoh qoldiring