Frans Kafka. Milenaga maktublar (2).

001

Франц Кафка Прагада туғилган, немис тилида ижод қилган, аммо ёзиш услубига кўра, Австрия адабиётига мансуб ёзувчи. Унинг чех журналисти Милена Есенскаяга хатларини ўзбек тилига таржима қилишдан мақсад буюк ва сирли Кафканинг инсоний ҳиссиётлари билан ўқувчиларни таништиришдир.
Маълумки, Кафка ўзининг «Жараён», «Қалъа», «Америка», «Эврилиш», «Жазо колонияси» каби асарлари билан ХХ аср адабиёт дунёсини ларзага солди. Бироқ унинг ижоди ва ҳаётини ўрганишга бағишланган юзлаб асарлар яратилганига қарамасдан, Кафка сирлилигича қолиб келмоқда.
09Миленанинг ёзувчи Макс Бродга ёзган мактубида, жумладан, шундай сўзлар бор…
«…Албатта, биз ҳар ҳолда яшашга мослашгандаймиз. Чунки биз қачонлардир ёлғондан, калтабинликдан, кўтаринки руҳдан, оптимизмдан, эътиқодимизнинг собитлигидан, пессимизмдан ва бошқа исталган нарсадан нажот топганмиз. У бўлса ҳеч қачон, ҳеч нарсадан нажот кутмаган. У алдашга мутлақо уқувсиз. Унинг қочиб борадиган ҳеч қандай бошпанаси йўқ. У кийинган одамлар орасида яп-яланғоч тургандай…»
Кафка ҳаёти давомида бир неча марта унаштирилди, аммо бир марта ҳам уйлана олмади. Унинг Милена билан танишлиги, севги ёзишмалари чех журналистининг Кафка асарларини чет тилига таржима қилиши билан боғлиқ. Кафка унга кўплаб мактублар йўллаган. Биз ўша хатлардан айримларини жузъий қисқартиришлар билан таржима қилдик.
Мана ўша мактублар…

Таржимондан.

03

Франс Кафка
МИЛЕНАГА МАКТУБЛАР

011

(1920 йил, апрель).
Меран-Унтермайс, пансион Оттобург.
Франц Кафка: Миленага

Қадрли хоним, Милена.
Ҳозиргина ёмғир тинди, икки сутка тиним билмай қуйган ёмғирнинг тиниши, балки узоққа чўзилмас, аммо шунинг ўзи ҳам байрам қилишга арзийди ва мана мен шунинг учун ҳам Сизга ёзяпман. Умуман олганда, мен ёмғирдан у қадар қийналмадим, чунки мусофирликдаман, масканим унчалик катта бўлмаса-да, шунинг ўзи ҳам қалбни қувонтиради. Сиз ҳам, агар мен тўғри фаҳмлаган бўлсам, Венада мусофирликда яшаганингиздан мамнун эдингиз, балки кейинроқ вазият орага хафалик солгандир, лекин сиз ҳам ёлғизликда яшашни ёқтирсангиз керак? (Ҳар ҳолда бу яхшилик аломати эмас ва яхшиси, мусофирликда яшашдан қувонмаган маъқул).

Мен бу жойда бир нав яшаяпман, бундан ортиқ ғамхўрликка идраган тана, балки дош бермасди ҳам, хонамнинг айвончаси яшилликка бурканган, ҳамма ёқни гуллаб турган буталар қоплаб олган (бу ернинг гиёҳлари қизиқ – бундай ҳавода Прагада кўлмаклар ҳам музлаб қоларди, менинг айвончам олдида эса гул ғунчалари оҳиста очилмоқда). Улар қуёшга (тўғрироғи, мана бир ҳафтадирки, булутли осмонга) кўксини очиб турибди. Менинг бетакаллуф танишларим калтакесаклар ва қушлар мени кўргани келишади. О, Сизга Меранни туҳфа этишни жуда-жуда хоҳлардим. Сиз яқинда «диққинафас бўлиб кетаётганингизни» ёзган эдингиз. У ердаги ҳаёт худди айтганингизга мос- а, бу ўлкада озроқ бўлса ҳам енгил тин олармидингиз.

Самимий салом билан,
Сизнинг Ф.Кафка.

011

(1920 йил, апрель).
Меран-Унтермайс, пансион
Оттобург.

Қадрли хоним, Милена.
Сизга аввал Прагадан, кейин Мерандан бир неча сатргина ёзиб жўнатган эдим. Жавоби келмади. Аммо менинг хатим шошилинч жавобни талаб этмасди, албатта ва агар Сизнинг сукутингиз шунчаки хат ёзишга иштиёқингиз йўқлиги аломати бўлса, унда менинг кўнглим бутунлай тўқ бўларди. Лекин Сизни хафа қилиб қўймадимми, шундай бўлиши ҳам мумкин-ку – шу боисдан қайта мактуб йўллаяпман (агар шундай бўлса, мен ўзим истамаган ҳолда дағалликка йўл қўйганман) ёки менга ёзганингиздек, ўша нафасни ростлаб олиш дамлари яна оғир кунлар билан алмашинган бўлса, бу ҳаммасидан ёмон. Биринчи тахминимга тўхталиб ўтирмасам ҳам бўлади. Чунки сизни хафа қилиш хаёлимда ҳам йўқ эди, лекин бошқачароқ бўлиш эҳтимоли бор; иккинчи тахминга келадиган бўлсак, унда мен бундай тахминга боролмайман – қандай қилиб фол кўрай – фақат шуни билмоқчиманки, қисқагина муддатга бўлса ҳам Венадан бирор ёққа чиқа олмайсизми? Бошқалардай борадиган бошпанангиз йўқ эмас-ку. Богемияга томон келсангиз, балки тетиклашармидингиз? Ёки мен кўра билмаган бирор сабаб билан Богемияга келишни истамасангиз, унда бошқа бирор жойга – балки, ҳатто Меранга келсангиз ҳам ёмон бўлмасмиди? Сиз Меранда бўлганмисиз?

Шундай қилиб мен иккала ҳолатнинг биридан умидворман. Агар сукутни давом эттирсангиз, бу: «Хотиржам бўлинг, ҳаммаси жойида» деганингиз бўлади, балки ҳеч бўлмаганда бир неча сатр ёзиб юборасиз.
Чин қалбдан Сизнинг Кафка.

Ногоҳ мен, сирасини айтганда, жамолингиздаги бирор-бир тафсилотни эслолмаслигимни тушундим. Фақат ўшанда кафедаги столлар оралаб кўча эшиги томон бораётганингиз кўз ўнгимда. Қоматингизни, кўйлагингизни ҳамон кўриб турибман.

011

(Меран. 1920 йил, апрель).

Назаримда бу ўпкадан. Кун бўйи шу фикрдан қутула олмадим. Миямда айланаверди, бошқа ҳеч нарсани ўйлай олмадим. Бу касалликдан қўрққанимдан эмас, менимча (умид қиламан ва Сизнинг шама қилганингиз ҳам буни тасдиқлайди) касалингиз оғир эмас. Агар жиддий бўлганда ҳам (ҳозир Ғарбий Европадагиларнинг ярми озми-кўпми ўпкаси касалланган) мана уч йилдирки, бу дард менга зиёндан кўра кўпроқ фойда келтирди. Бу уч йиллар муқаддам юз берди – ярим тунда оғзимдан қон келди. Тўшакдан турдим (кейинчалик ўқиб билсам, ўриндан турмаслик керак экан) рўй берган ҳолат мени ҳаяжонга солди, чунки бу янгилик эди, шу билан бирга бироз чўчитди ҳам; мен ташқари томон эгилдим, кейин ювиндим, хона бўйлаб юриб келиб кароватга ўтирдим – қон тўхтамади. Шунга қарамай мен ўзимни мутлақо бахтсиз сезмадим – сабаби нима учундир бир дақиқа ўтиб, шуни аниқ ҳис қилдимки, уч йилдан кейин, э, йўқ, тўрт йил давом этган бедорликдан кейин – албатта, қон келиши тўхтаса – ухлашим мумкин. Тез орада ҳаммаси ўз ўрнига тушди (бошқа такрорланмади) туннинг қолган қисмида тинчгина ухладим. Тўғри, эрталаб уй ходимаси келди (ўшанда мен Пол Шёнборнда ижарада яшардим) саховатли, қай даражададир фидойи, аммо беҳад даражада ишчан бу қиз қонни кўриб шундай деди: «Pane doktore, s Vamito oflouho nerotrva.»* Лекин мен ўзимни ҳар доимгидан яхши ҳис қилмоқда эдим, ишга ҳам бордим, фақат тушликдан кейин врачга учрашдим. Бу воқеанинг давоми қизиқарли эмас. Айтмоқчи эдимки, мени қўрқитган нарса сизнинг касалингиз эмас (ўйлаганим сари сизнинг нозик бўлишингизга қарамай, қарийб деҳқон қизларидай тетик, мустаҳкамлигингизни хаёлимга келтириб, ўз фикримни ўзим бўлиб, хулоса қиламанки, йўқ, Сиз касал эмассиз, бу шунчаки ўпканинг огоҳлантириши, касаллиги эмас) – ана шундай, мени қўрқитган бошқа нарса – мана шундай кўргуликка етаклайдиган фикрлар қўрқитяпти. Шу боис, мен ҳозирча бошқа нарсаларни ҳисобдан чиқараман. Сиз: чўнтакда ҳемири ҳам йўқлиги, ҳар кун иккидан саккизгача фақат чой ва олма билан қилинаётган тирикчилик тўғрисида ёзгансиз, ана шуни тушунмаяпман. Бу нарсалар юзма-юз гаплашиб ҳал қилишни тақозо этади. Шунинг учун мен ҳозир чалғиб кетяпман (фақат хатда чалғияпман – ахир, буларни унутиб бўлмайди) ва ўзим бошдан кечирган касалликка қарши қўллаган чораларим бошқалар учун ҳам асқотишини тушунтириб бериш тўғрисида бош қотираяпман. Менинг миям ўшанда ўзига юкланган ташвишлар ва азобларни бошқа кўтара олмасди. У шундай нидо қилди: «Мен таслим бўламан, агар менинг омон қолиш имкониятим кимгадир керак бўлса, юкимни енгиллаштираман, шундагина биз яна маълум муддат жон сақлаймиз». Шунда ўпкалар ҳам овоз бердилар – кўриниб турибди, улар ҳеч нарса йўқотмайдилар. Менинг ихтиёримдан ташқарида рўй бераётган ўпка билан миянинг бундай айтишуви қўрқинчли эди.

Шундай қилиб энди қандай қарорга келдингиз? Фаҳмлашимча, ўзингизни бироз эҳтиёт қилишингиз кўп нарса талаб қилмайди, бу жуда оддий. Сизни озгина бўлса-да, кимки севса, ҳаммаси учун маълум савдо. Бу ҳолда бошқача фикр қилишга ўрин йўқ. Халос бўлиш имкони шу эмасми? Худди айтганимдай – йўқ, мен ҳазиллашмоқчи эмасман – қувонишга ўрин йўқ ва Сиз ҳаётингизни янгидан, соғлом тарзда қурганингиз тўғрисида ёзган экансиз, мен қувона билмайман. Нима сабабдан бир неча кунга бўлса ҳам Венадан кетмайсиз – охирги хатингиздан кейин мен бу тўғрида Сиздан сўраб ўтиришни ҳам ортиқча деб биламан. Ҳаммасини тушундим, ахир Вена атрофида ҳам ажойиб жойлар, сизга ғамхўрлик кўрсатиш имкониятлари бор-ку. Мен бугун бошқа ҳеч нарса ёзмайман, кўнглимга қил ҳам сиғмайди. Қолган ҳаммасини, жумладан, журнал* учун миннатдорчилик билдиришни ҳам эртага қолдираман – кўнглим тўлиқиб ва хижолат чекиб, қайғуриб ва қувониб турибди. Йўқ, яна бир нарса: агар Сиз менинг таржималарим учун бир дақиқангизни бўлса ҳам қурбон қилиб уйқудан қолсангиз, бу менга абадий лаънат тамғасини босади.

Рус тилидан Неъмат АРСЛОН таржимаси.

* Жаноб доктор, сиз узоқ яшамайсиз. (чех).
*Чех ҳафталик адабий журнали. «Кмен» Унда Кафканинг «Гўлах» асаридан Милена қилган таржима босилган эди. (№-6) 22 апрель, 1920 йил.

Манба: Неъмат Арслон вебсаҳифаси

(Tashriflar: umumiy 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring