Gulbahor Said G’ani. She’rlar.

гулбахор

2 июль -шоира Гулбаҳор Саид Ғани таваллуд топган кун.

   Гап Қўқон ҳақида кетганда, энг аввало, «Қўқон — шоирлар шаҳри» дейишади гап аввалида. Дарҳақиқат,шундай! Қўқон пайдо бўлибдики, унда шеър яшайди.
80-йилларнинг бошида илк марта Қўқонга борганимни эслайман. Мен борган кунимоқ Хон Ўрдасини кўрсатишларини илтимос қилдим. Аммо, Қўқонда бир ҳафта бўлиб, саройни кўрмай қайтганман. Бир мушоирадан иккинчисига, учинчисига…ўнинчисига ўтиб, Қўқон атрофидаги туманларнинг деярли ҳаммасида шеърхонлик қилиб ўрдани кўрмай Тошкентга қайтганман. Деярли бир ҳафта ажойиб шоир  акам — Ҳабибулла Саид Ғани мени ўрдага яқинлаштирмаган. Қайтадиган куним «Хон саройини кўрмадим-да!» деб ўкинганимда, Ҳабибулла ака «Кейинги сафар албатта уни кўраман деб Қўқонга яна келашингиз учун шундай қилдим!» деган эдилар.
Бугун ҳам Қўқон адабий муҳитида шу қутлуғ масканда яшаб ўтган шоиру шоираларнинг,шу жумладан Ҳабибулла аканинг ҳам руҳлари тирик. Шоир ёзганидек,ҳамон бу латиф масканда:

Нур ёйиб даврага кирар Ҳувайдо,
Ёркентдан нидоси бўйлар Фурқатнинг.
Муқимий яктакда «оҳ» тортади, «оҳ».
Ҳабибулло Саид Ғани шеър ўқир маҳзун.

Адабий муҳит  тириклигининг сабабчилардан бири дилбар шоира Гулбаҳор Саид Ғани десам, хато қилмайман. Шоиранинг олдинги шеърий тўпламларини, шу йилнинг бошида «Шарқ юлдузи» журналида босилган шеърларини ўқиб нечоғлик қувонган бўлсам, бугунги қувончим янада юксак.
Бугун Гулбаҳорнинг таваллуд куни. Шоирани чин дилдан самимий табриклар эканман, қаламига қувват, шогирдлари камолини кўриб қувониб юришини тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

калам
Гулбаҳор Саид Ғани
ШЕЪРЛАР

***

Ишқ азобим, ишқ маъсиятим,
қони билан ювадир юрак.
Шунча тақво, тоатим билан
мен жаннатдан қувилсам керак.

Гул боғлади ўсган азобим,
арши аъло кунжида балқар,
шунча шавқим, шунча ишқ билан
мен жаннатни тарк етсам керак.

Сен барибир жаннатга солдинг
тирилтириб эзгин руҳимни,
бир томчи май оғзимга томди,
мен энди ҳеч ўлмасам керак.

Энди мени ҳурликка чорлар
жаннатларда куйлаётган Дил,
бу ерларда ҳамма бегона –
энди Сенга айлансам керак.

***

Потирлайди ярадор бир қуш,
тонгни бўяр силқиган қони,
жон бермоққа қўймайди ҳайҳот-
илдизингга уланган жони…

Кўзларида гирёна соғинч,
қанотида парвози учар,
кўзларида яшайди факат
манзилини унутган тушлар.

Сен – бағримда ечилмас тугун,
Сен – бағримда паргола қўшиқ,
Осмон сени унутган бугун,
Сен бағримда ўласан, қушим…

***

Мaст кўзимгa тoртaди пaрдa
Сурoҳийгa aйлaнгaн жaҳoн.
Булут oсмoн oйнaсин aртaр,
oсмoнимдa дилгир ҳaяжoн.

Синиб чиқaр бўғзимдaн сoғинч,
aлaмдa бoр oғриқли aнглaм.
юрaгимдa oлтин тўғнoғич
сeнинг исминг битилгaн нoлaм.

Meнгa бугун ёзмaгин дoстoн,
мeни бугун oрзудaн ярaт!
Нигoҳлaрим – тун чўккaн oсмoн,
Тoвушлaрим-синиққaн ҳaйрaт…

***

Эшикни oч!
Мeн eтиб кeлдим!
Эшигингдa шиқирлaр қулф.
Ҳaлқaсидa ҳaлқaлaнгaн ёш,
Ҳaлқaлaниб судрaлaди зулф.

Тaшқaрининг қaйғуси билaн
Ичкaрининг нимa иши бoр?
Ичкaригa киришим кeрaк —
Ичкaридa aбaдий бaҳoр!

Қaрa, қaлбни сўйиб қўйгaнмaн –
Қoнгa бўяб қaдaмлaрингни…
Oстoнaнгдa гуллaр мунaққaш,
Сeнгa тутaр ҳур дaмлaрингни…

Эшикни oч!
Oxирги нaфaс
Урилaди тoнгдa aзoндeк!
Oстoнaнгдa юрaгим ётaр
Қурбoнликкa кeлтиргaн жoндeк!

Эшикни oч!
Сўйилгaн қaлбим
Тўккaн қoнлaр гунoгун бaлқсин
Axир мeнинг ҳaр бир нaфaсим
Бугун xудo уйигa яқин.

Эшикни oч…

***

Бaс қил энди!
Ғурурингни oт!
Ўтиб кeлгин иккилaнмaсдaн-
Сoч тoлaмдaн ясaдим сирoт.

Нигoҳимдa ғaмгин сaлoвoт,
Мeнгa қўл бeр, сaнo aйт aстa-
Кипригимни aйлaдим нaжoт.

Ғaмлaр мaйдa, aлaмлaр-зaррoт,
Кeл бaғримгa, oсмoнлaр пaстдa,
axир, қaрa, бaғримдa ҳaёт…

***

Дaфтaрим oчaрмaн фaрoмуш,
Қaтидa қуригaн қизғaлдoқ.
Дaфтaрим сaҳфaси сaрғaймиш,
Бaғрини куйдиргaн куюк дoғ.

Мeн сeни эслaдим,
ҳaяжoн
Қуршaгaн қaлбимгa нур сингaр.
Ҳaд қўйиб бoрoлмaм сeн тoмoн ––
Чизиқлaр тoртгaнмaн юзинггa.

Йиллaрнинг тaқвими тўзғигaн,
Қизғaлдoқ умричa йўқ ишoнч.
Йўқoлгaн ҳислaрим изидaн
Тўзғидим…тaқвимдeк бeнишoн.

***

Юрaгимнинг oғриқ тубидaн
бoсиб кeлaр кучли xўрсиниқ.
Кўз oчaмaн. Бaғримдa – мaҳбус.
Aнглaмaймaн тoнгнинг тусини.

Бoш урaди кўкрaк қaфaсдa,
йўл тoпoлмaс пoртлaб чиқмoққa.
Уринaмaн тoбoрa мaҳбус
xўрсиниқни гўргa тиқмoққa.

Мaйдaлaниб кeтaди ҳaвo,
сукутимдa синaр ўксиниқ.
Дoд дeмoққa eтмaс мaжoлим,
Бўғизимдa СЎЗЛAР xўр, синиқ

***

Унгa кeрaк эмaс сaрoйлaр,
Бaзмлaрдaн чaрчaгaн чoғи.
Кунлaригa шукрoнa ўқиб,
Титрaяпти рaнгпaр дудoғи.

Ҳoвлисидa гaрчи юмуши
Биттa oдaм умридaн oртaр,
Юрaгининг ғaриб чeккaси
Xилвaтнишин жoйлaргa тoртaр.

Гaрчи билмaс дуoю сaнo,
Зўрғa билaр oллoҳ, oвминни,
Кипригидa бир тoмчи қуёш-
Xудo йўқлaяпти мўминни…

***

Oртилaди eлкaмгa қутқу,
ҳaддaн oртди бaлки гунoҳим.
Тaрoзининг пoсaнгисидa
бoсиб турaр шикaстa oҳим.

Xaрoбoтинг кoшoнaсидa
кимгa шaрaф, кимгaдир сaрвaт,
мaйxoнaлaр кунжини тутдим,
ҳaр бeдилни кўрибмaн дилбaнд.

Сeнгa бeрдим дилгир дилимни-
чoрaмни туз,
oрoмимни буз!
Xудo, бугун мeн билaн гaплaш,
сaждaдaмaн – сeнгa юзмa-юз…

***

Жудa ёрқин, жудa шиддaтли
Рaнгтaсвирдa чизилгaн умрим.
Қувoнчлaрим бaъзидa дaрдли –
Тўқнaшaди кeскин рaнглaрим.

Ҳaяжoнлaр суврaти oсиқ
Юрaгимнинг кўргaзмaсидa,
Oлaқoлинг, сиз учун тoртиқ
Рaнглaр туси ўзгaрмaсидaн.

Мeн aлaмнинг суврaтин чиздим,
Муҳaббaтни нaқш eтдим гўзaл!
Бaxт суврaтин oзгинa буздим,
Чизoлмaдим тўкис вa тугaл…

Қaлтирaди қўлим мoлбeртдa,
Бaxт дeгaндa нeгa дил сиёҳ?
Чизoлмaймaн… рaнг фaқaт биттa –
Тугaб қoлгaн рaнгин мoйбўёқ.

Рaнгтaсвир йўқ, бaлким ҳaяллaб
Сурaтлaрни сaрaлaяпмaн,
Қoлгaнини… энди aмaллaб
Қaлaм билaн қoрaлaяпмaн

* * *

Ё раббим, уйғотгил дилимни
Оппоқ тонг юзларин очмасдан.
Зикрингга мойил эт тилимни
Бесамар садолар учмасдан.

Гуллашга имкон бер, очилай,
Пойимни хазонлар қучмасдан?
Оламга нур каби сочилай,
Юзимга синиқлик кўчмасдан?

Кажрафтор фалакни барбод эт,
Тарийқим барбодга етмасдан,
Ўзингга қайтаргин, озод эт,
То ўзим ўзимдан кетмасдан.

Муборак бўлсин

Осмонгача етмади қўлим –
Осмон сенга муборак бўлсин!

Юзларимни ювган ёмғирлар –
Найсон сенга муборак бўлсин!

Синиқ дилга май қуйдинг, дили
Вайрон сенга муборак бўлсин!

Ҳар томчи май ўрнида унган
Армон сенга муборак бўлсин!

Қизғалдоғу бойчечак гуллар
Ҳамон сенга муборак бўлсин!

Қайснинг даври ўтгандир балким,
Даврон сенга муборак бўлсин!

Толеимда кулган шом ҳаққи,
Ҳижрон сенга муборак бўлсин!

Назаримда

Назаримда баҳор кунлари
Ўтиб борар саросимада.
Сездирмасдан анор гуллари
Кечалари гуллар чамамда…

Атиргул ғунчаси жонингга
Бир қасд ила тугилган муштдир.
Бу ҳилқатлар ром этмас нега,
Кўзлаганинг балки беҳиштдир?

Билмам кимнинг омонатисан,
Тортиб олди сени кечалар.
Бир гул умри завол топару,
Гуллар нега сонсиз чечаклар.

Назаримда баҳор кунлари
Ўтиб кетар саросимада.
Сездирмасдан анор гуллари
Кечалари гуллар чамамда.

Ғазалнома

Кўнглим уйи кошонадир,
Сенсиз магар вайронадир.

Бор бойлигим ишқим эрур,
Олам анга ҳайронадир.

Ишқ учқуни тушгач қачон
Машҳар қадар ул ёнадур.

Ишқсиз агар кўнглим маним,
Ўздин ўзи бегонадур.

* * *

Балки кўнгилчанман. Балки кўнгилсиз.
Тескари бурганман кибрдан юзим.
Юлдуз нигоҳида титрадим. Эссиз.
Ҳеч шафқат қилмадим ўзимга ўзим.

Балки кўнгилчанман. Балки кўнгилсиз.
Тупроққа тенг бўлиб баҳорим,ёзим,
Катта дарахтларни тутгандек илдиз,
Ўзимга буюкроқ туюлдим ўзим.

Балки кўнгилчанман. Балки кўнгилсиз.
Ишқ, сенинг олдингда боғланар тилим.
Катта синовларга чоғланар илкис
Дунё ҳавасидан воз кечган дилим.

Балки кўнувчанман. Балки кўнгилчан.
Имконларим кетар сувлардек оқиб.
Ўзимга зиёнлар тиладим баъзан
Кўнгилсизларнинг кўнглига боқиб…

Кўнглимни биларми милёнта кўнгил?
Кўнглимда не маъно, кўнглимда сано.
Ишқингдан яралди не ҳузну, не гул?
Ҳар битта тажалли – ҳар битта садо.

Биламан, худойим, сен мендан огоҳ,
Бир мени сайлайсан ўзгалар қолиб,
Ишқ тахтига подшоҳ этарсан ногоҳ
Кўнгилсиз дунёдан кўнглимни олиб…

Қиш кечаси

Киприкларда эрир қишнинг кечаси.
Ўнгга айланар мен кўрмаган тушлар.
Симёғочга нота чизиғин осиб
Бир хил чуғурлайди мавсумий қушлар.

Эшиклар очилар изғиринларга,
Ёнган туйғуларнинг кули тўзғийди.
Захлаган девордан тўкилиб ерга
Баҳорни соғинган бир шеър изғийди.

Ранго-ранг тусларга сўзлар бўялган.
Асл сувратини хазон дараклар.
Бугун ўзлигини унутиб бўлган
Кузнинг оёғига йиқилган барглар.

Шовуллаган зангор қўшиқлар маним.
Мингта оҳанг эди маним билганим,
Гўзал эди шеърлар, ҳурлик лаҳжаси,
Аммо… бу ерларда – қишнинг кечаси.

Кўнглим ғарибликми ё шоҳлик истар?
Шоҳлик қисматидан ёзғириб бари
Пажмурда япроқни ўлмоққа қистар
Қўқон шамоллари, изғиринлари…

ИЛТИЖО

Бандаман, мўмин қулингман, марҳамат қил, раббано!
Бир ўзингга, бир ўзингга, бир ўзингга илтижо!

Этма хору зор жисмим, роҳу расмим ростлиғ,
Балки элга ёддур исмим билфаною билбақо.

Куйди ашъорим манимким бир жигарсўз лафз ила,
Бир санга ошиқлиғим бил, бир санга ҳамду сано.

Биру борим санда кўнглум улфати жонимки йўқ,
Санга қаршу бир ўзимман, бир санга ёрман мано.

Сан мани мандин халос эт, қайда жонимда ҳузур,
Бир ўзимман ўзлигимга мубталою вал бало.

Бир назар қил, санда кўнглум, санда чорам, раббано
Бир ўзингга, бир ўзингга, бир ўзингга илтижо!

* * *

Севинчу бахт, сафо қайда – алар мандин йироқ кетгай,
Санинг васлинг қачон етгай – шу боғлардин фироқ кетгай.

Кимам қодир овутмоққа жамолин истаган чоғда,
Неча кўз ёш тўкиб қолсанг, қадрдонлар бироқ кетгай.

Ахир дардим бирор вазну бирор бир шеърга сиққайму,
Азобим байтма-байт ўлғай, ки шеъримдин туроқ кетгай.

Ёқиб кетдинг жаҳонимни, кўзимга тор этиб кетдинг,
Кўришмак соатин билмай дилимда бир сўроқ кетгай.

“Сарахбор”у “Наво”лардин санга нома китоб этсам,
“Муножот” у яна “Ушшоқ”, яна “Чўли ироқ” кетгай.

Самандардек ёқиб жоним санга ишқим баён айлай,
Ани изҳор этмакка сабо мисли Буроқ кетгай.

Ҳажр шоми ё Гул фасли – самолардин ки моҳ кетгай,
На моҳ, балки мукаммал дил китобимдин вароқ кетгай.

калам

МАРИНА ЦВЕТАЕВАДАН ТАРЖИМАЛАР

***

Яхшики, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Яхшики, сиз сабаб эмасман ғамнок.
Хайрият, ҳеч қачон шу ер курраси
Бахтдан гир айланиб учмади бебок.

Хурсандман, кулгуга қолсам-да ўзим —
Бебошман – сўзлар-ла ўйнамам енгил,
Ҳислар тўлқинидан қизармас юзим
Енгингизга тегиб кетаркан енгим.

Менга хуш ёқади: кўзим ўнгида
Ўзгани қучасиз, бемалол, хурсанд.
Ёнгин деб дўзахда, қилмассиз гина
Мен ҳам бировга-да бўсалар берсам.

Ва нозик исмимни на кундуз, кеча
Ёдга олмагайсиз еру самода,
Ибодатгоҳдаги сокинлик ичра
Янграмас бош узра ҳамду санолар.

Аҳён тўқнашардик шом тушар пайти,
Шодман, сизсиз кечар тунларим узун.
Яшайман бахтимга шукрона айтиб
Мендек “бегона”га севгингиз учун.

Ойдинда яшадик сокин, висолсиз,
Бошимизда кулмас на қуёш, афлок,
Афсуски, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Афсуски, сиз сабаб эмасман ғамнок!..

ЖАННАТДА

Яна хотиралар елкамни эзар.
Юргум жаннатда ҳам ерни соғиниб.
Яширмасман қайта учрашсак агар
Сўзлар доғини.

Болалар қўшиғи, арфа, нилуфар,
Бунда фаришталар учар тизилиб.
Ҳамма нарса сокин, мен эса – мустар
Нигоҳинг излаб.

Ҳурлар даврасида кибр-ла, танҳо,
Назарга илмасдан жаннат рангларин,
Куйлайман – бегона – одамларга хос
Ер оҳангларин!

Елкамни эзади тинмай хотирот.
Пайт келар яширмам ёшларимни ман,
Энди кўришмасмиз ҳеч ерда, ҳайҳот!
Висол-чун жаннатда уйғонмасмиз шан!

* * *

Чил-чил синди кўзгу. Парчалар
Ичра боқар синиқ нигоҳлар.
Маконига қайтмоқда чарчаб
Оққушларим, дилдаги оҳлар.

Юксак булут бағридир нотинч,
Нақ кўксимга патлар санчилар.
Тушларимда юбордим сочиб,
Ҳовуч-ҳовуч кумуш парчалар.

Жарангдордир кумуш саслари,
Қўшиқларим кумушга монанд.
Оққушгинам! Менинг асрандим,
Парвозингда бормикан омад?!

Қариндошлар, на мунис онам
Билмас, кўнглим кимгадир шайдо,
Черков ичра турганча хомуш
Валилардан тиларман танҳо
Мурғак оққуш ҳаққига дуо.

* * *

Борарсан. Мен каби ва зимдан
Кўзларинг ер узра қадаб жим.
Нигоҳим ер чизиб ўзим ҳам
Яшадим. Тўхтагил, ўткинчи!

Сўқирдек ўқигин аста сен
Исмимнинг Марина бўлганин
(Қўлингда қизғалдоқ дастаси)
Ва ёшим нечага тўлганин.

Бу ерда қабр деб сесканма,
Пайдо ҳам бўлмасман чақиндай.
Мен ўзим, билсанг гар, севганман
Бемаврид кулмоқни, эҳ, қандай!

Танамда гупирган қоним, ҳам
Сочларим эдилар жингала …
Бор эдим дунёда, оҳ, мен ҳам!
Тўхтагин, ўтмагил жимгина!

Ёввойи шохлардан узиб ол,
Мевасин татиб кўр эринмай.
Тенги йўқ бўлади шу мозор
Бағрида етилган қулупнай.

Ва фақат турмагил сен ғамгин
Бошингни хам қилиб ушбу он.
Мен ҳақда шунчаки ўйлагин,
Ва мени унутгил сен осон.

Сен нурдан қанчалар нурафшон!
Зарларга ўраган бу шуъла…
Қабрнинг қаъридан товушим
Қалбингга солмагай ғулғула.

АЛЬБОМГА ЁЗУВ

Майли, альбомингда шеър бўлсам-да мен
Ё бир булоқ бўлсам жим куйлаётган.
(Кўҳна кулбам аро қалашиб ётган
Мен учун энг ноёб китоб бўлдинг сен!)

Майли, мен бир ниҳол, йўлингда турган
Ўзинг шафқат айлаб бермаган озор.
(Сен мен учун худди хазонсиз гулзор,
Гулзорки, муаттар ҳидлар уфурган!)

Майли, шундай. Ва лек энтикиш-ла сен
Мўъжаз саҳфа узра беҳол эгилдинг …
Барини эслайсан… ютиб фарёдинг …
– Майли, альбомингда шеър
бўлсам-да мен!

* * *

Қисматимнинг қўшиқларини
Куйлайверинг такрор ва такрор.
Қўлимдаги узукларимдан
Бўса олинг сира қилмай ор.

Қиш палласи кўриб аҳволим —
Наъра тортди момогулдирак.
Ҳатто йиртқич кўксида раҳм,
Соқов сўзлаб юборди бешак.

Тунда қуёш порлар мен учун!
Ҳатто кундуз чақнар юлдузлар!
Мени мутлақ кўмади тўлқин —
Қисматимда ғамларим гўзал.

Гўё марҳум тирилди яна!
Жазо куни келди муқаррар!
Қўнғироқлар бонг урар. Мени
Малоиклар кундага элтар!

* * *

Шошилмагил ҳукм этарга:
Дунёдаги жазо муваққат.
Қанча оққа бўясанг қарға
Кабутарга айланмас ҳеч вақт.

Хоҳласанг шу – билмам, не учун
Севибман ҳаммани мен нодон,
Мумкин эрур ўшал қаро кун
Уйғонурман – сендан покдомон!

ГУЛБАҲОР САИД ҒАНИНИНГ «БАРИБИР БАХТЛИМАН» КИТОБИНИ САLAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА ЎҚИШИНГИЗ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ВА ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

(Tashriflar: umumiy 195, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, Xurshid aka! Menga bo`lgan e`tiboringizdan benihoyat xursandman. Sizga katta rahmat! Xalqimiz baxtiga doim omon bo`ling! Ijodiy zafarlar tilayman!

Izoh qoldiring