Gulbahor Said G’ani. Ey,Habib, umring kabi bir shiddati aflok yo’q…Esse-xotira.

025
Бугун  10 декабр куни  таниқли шоир Ҳабибулло Саид Ғани таваллудига 70 йил тўлди.

    Мен ўз идеалимни, ижобий қаҳрамонимни топган эдим! Бу маънавий идеал Ҳабиб ака сиймосида намоён бўлди. Атрофимдаги кишилар, ўз тенг-тўшим бўлган йигит-қизлар суҳбати мени унчалик ўзига тортмасди. Улар суҳбатидан маънавий озиқ, руҳ ололмасдим. Аслини олганда, Ҳабиб акага қизнинг йигитга муҳаббати билан эмас, бошқача интилган эканман, яъни ирфонга интилган эканман.

pero
Гулбаҳор Саид Ғани
ЭЙ ҲАБИБ, УМРИНГ КАБИ БИР ШИДДАТИ АФЛОК ЙЎҚ…
Эссе
011

012  Гулбаҳор Саид Ғани 1969 йилда туғилган.Таниқли шоир Ҳабибулло Саид Ғанининг умр йўлдоши. Филология фанлари номзоди. У Қўқон Давлат педагогика институтини тугаллаган. Ҳозир шу институтда фаолият олиб боради. Шоиранинг “Ёввойи ушшоқ”, “Барибир бахтлиман”, “Қўшиғимни кутмоқда дунё” номли шеърий тўпламлари нашр қилинган. Қўқон шаҳридаги “Ниҳол” адабий тўгараги раҳбари.Бугун ҳам довруғли Қўқон адабий муҳити тириклигининг сабабчилардан бири дилбар шоира Гулбаҳор Саид Ғани десак, хато қилмаймиз

БИРИНЧИ УЧРАШУВ
011

…Ўшанда 17 ёшда эдим… 1986 йил мен учун омад йили бўлди. Мактабни кумуш медал, имтиёзли аттестат билан тамомлаб, шу йилиёқ Фарғона Давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФарДУ) ўзбек филологияси факултети талабаси бўлдим. Ўқишга чанқоқ эдим, шеъриятга қалбим ошуфта эди, жамоатчилик ишларида толмас эдим. Биз — талабаларни шоирлар билан учрашувларга олиб боришарди. Бир сафар собиқ СССР ёзувчи, шоирларидан бир гуруҳи Ўзбекистонда ўтказилган ўн кунлик (декада) муносабати билан Фарғонада бўлдилар. Фарғона санъат билим юртида учрашув уюштирилди. Турли республикалардан ташриф буюрган шоирлар шеър ўқидилар. Ўзимизнинг шоирларга ҳам навбат берилди.

Негадир ҳамма саҳнага чап томондан чиқиб келса, ўнг томондан чиқиб келиб шеър ўқиган чиройли қоматли, келишган, қора костюм-шим кийган шоир ўқиган шеъри билан ёдимда қолди:

Қора қузғун, қора қузғун,
Чарх урмагил бошимда.
Ҳали менинг умрим узун
Йигит ўлмас шу ёшда…

Бу қўқонлик забардаст шоир, “Ниҳол” адабий уюшмасининг раҳбари, СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ҳабибулло Саид Ғани бўлиб, “Ҳамзанинг Шоҳимардондаги ўйлари” шеърини ўқиб берган эди.
Мен бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламадим, яна ўз ўқиш ва ташвишларимга шўнғиб кетдим. Лекин ўша одам ёдимда қолди. Не бахтки, уч йилдан сўнг биз яна учрашдик.

БИРИНЧИ СУҲБАТ
011

Мени мен истаған ўз суҳбатида аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Навоий

011 … Ўшанда 20 ёшда эдим. Шеърият оламига ошуфта қалбим, Ватан тақдиридан безовта дардим бор эди. Унча-мунча шеърларим вилоят ва республика матбуотида кўрина бошлаганди.
1989 йил. Ўзбек шеърияти айни жанговар тусга кирган пайтлар. Ўзбекистон мустақиллиги, тилимиз учун уюштирилган турли митинг ва намойишлар, йиғилишларда биз талабалар ҳам қатнашардик. Бир гал Фарғонада (“Домполитпросвешения” деб аталадиган бинода) вилоят шоир ва ёзувчиларининг вилоят раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу учрашувда устоз шоирлар шеърлар ўқидилар. Шунингдек, ёшлар ҳам. Менга ҳам навбат берилди. “Тўсиқлар” номли сиёсий-ижтимоий руҳдаги шеъримни ўқидим. Жойимга ўтираётиб менга тикилган бир жуфт нигоҳни пайқаб қолдим. Бу нигоҳ йиғилиш охиригача ҳам мени таъқиб этди. Бу – забардаст шоир, улкан қалб эгаси ва чин инсон Ҳабибулло Саид Ғанининг нигоҳлари эди. Шу кунгача дугонам Гулнор билан у кишининг шеърий тўпламини (“Қўқон ушшоғи”) чанқоқлик билан ўқиб чиққандик. Ўзларини айрим йиғилишларда учратганман, лекин суҳбатлашмагандик.
Йиғилиш тугагач, у киши менга ўзлари янгигина нашрдан чиқарган “Абадият дарахти” китобини (Ҳамзадан кейинги давр қўқонлик ижодкорларнинг баёзи) ёзиб тақдим этдилар. Шундай очсам, 89-бетни – Ҳабиб аканинг суратлари ва шеърлари берилган саҳифани очибман. Бу гўёки тақдиримдан фол очгандай гап эди.
Шу куни мен Ҳабиб акани севиб қолишимни хаёлимга ҳам келтирган эмасман. У кишига устоз сифатида қарадим. Шеърларимни олиб Қўқонга боришимни тайинладилар.

ИККИНЧИ СУҲБАТ. КЎПЧИЛИКНИНГ ДУОСИ
011

Муқаввас қошларингким вўсма бирла ранг дутмишлар,
Қиличдурларки, қонлар тўкмак ила занг дутмишлар…
Фузулий

Ўша кунги йиғилишда Муқимий “Саёҳатнома”си бўйлаб ижодкорларнинг анъанавий саёҳати режалаштирилган эди. Вақти келиб шу йўналиш бўйича фарғоналик шоирлар аввал Қўқонга бориши, кейин у ердан юришни бошлашимиз керак эди.
Устозимиз – таниқли ёзувчи ва шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона бўлими раиси (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!) Йўлдош Сулаймон бошчилигида Қўқонга автобусда йўл олдик. Қўқонлик шоирлар бизни кутиб олишди. Учрашувларда бўлдик. Кечқурун “Қўқон” меҳмонхонасига жойлашдик ва у ерда ҳам мушоира ўтказдик.

Эртаси куни саёҳатни Чорсу майдонидаги Жомеъ масжиди(Ўлкашунослик музейига айлантирилганди)ни зиёрат қилишдан бошладик. Жомеъ олдида автобусларимиз тўхтади. Шу онда негадир Хўқанди латиф кўзимга янада латиф кўринди:
— Қўқон ҳам чиройли шаҳар-а? – дедим мен.
Шунда бир автобус одам дуога қўл очиб:
— Омин! Илоҳим Гулбаҳорга Қўқондан зўр куёв ато қилсин! – деб тилак билдирди.

Негадир яратган эгам шу улуғ жойда шунча одамнинг қалбига шу тилакни солганди.
Саёҳат давомида Фарғона вилоятининг кўп жойларида бўлдик. Турли давраларда ҳар ким ўз иқтидорига яраша ёзган шеърларини ўқиди. Кимгадир олқишлар ёғилди, кимдир ўз ижодига баҳо берди, кимдир кимдандир илҳом олди. Бу учрашувларда, албатта, Ҳабиб ака ёрқин фигура эди. У киши барчанинг диққатини тортган иҳсон эдилар. Аскияга усталиклари билан йўл-йўлакай манзилдан манзилгача ҳам бир автобус одамни кулдириб борардилар.
Саёҳатимиз Шоҳимардонда якун топиши керак эди. Ва ниҳоят тоғлар бағрига кириб бордик. Бу ерда икки кун дам олдик. Шу ерда Ҳабиб ака билан суҳбатлашдик. Ёнларида бирга Қўқон шаҳар уй-жой хўжалик трести бошқарувчиси ўринбосари, аммо ижодни севадиган биродарлари, архитектор Жамолхон ака бор эди. Ҳабиб ака: “Мана ўша Гулбаҳор!” деб таништирдилар. Жамолхон ака: “Шу бугунги кунгача оғзиларидан “Гулбаҳор” тушгани йўқ”, — дедилар.

Ҳабиб ака сўзласалар оддий эмас, албатта, шеър билан сўзлардилар. Шу куни ҳам ўзларининг сўзлари билан менга чиройли сўзлар айтмадилар. Фақат Фузулийнинг:

Муқаввас қошларингким, вўсма бирла ранг дутмишлар,
Қиличдурларким, қонлар тўкмак ила занг дутмишлар…

сатрларини ўқидилар.
Фузулийни яхши кўрардилар… Муҳаббат изҳори ҳам Фузулий шеърлари билан айтилган эди.
Шу куни “Қўқон ушшоғи” номли шеърий тўпламларини менга ёзиб тақдим этдилар. Ҳозир ўйлашимча, у киши муҳаббатларини “Қўқон ушшоғи”даги жамики шеърлари билан изҳор этган эканлар.

Бир неча кундан кейин шеърларимни олиб Қўқонга бордим. “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Қўқон садоси”) газетаси редакциясидан (кимдан сўраганим ҳозир эсимда йўқ) Ҳабиб акани суриштирдим. Менга у кишининг бошқа жойда ишлашларини, бу ердан унча узоқ эмаслигини айтиб, йўлни кўрсатишди.

Мен “Уй-жой хўжалик трести”га кириб бордим. Ҳабиб ака ишда эканлар. Бу ерда катта инженер лавозимида фаолият олиб борарканлар. Тўғрисини айтганда, шу ерга етиб келгунимча мени қандай куч олиб келганлигини тушунолмайман. Умримда Қўқонда бўлмаганман (“Саёҳатнома”да келганимни ҳисобга олмаса). Бу тақдирнинг изми бўлса керак. Ҳабиб ака ҳам кейинчалик шундай дегандилар:
— Ўша куни Шоҳимардондан тақдиримдан қочиб кетган эдим. Орамизда шунча йиллар тафовути бўлишига қарамай, Сизни севиб қолишимдан қўрқардим. Лекин тақдир бизни яна учраштирди.

Яна “Ёмғирли кунда Беҳзоднинг сувратидаги малика” шеърларидаги сатрларни эслардилар:

Менман толеингда кулмаган юлдуз,
Сен ҳам менга насиб этмаган тақдир.
Агар мард бўлганда бу дунё, сўзсиз,
Йиллар-ла ажратиб қўймасди, ахир.

Ўша куни Ҳабиб ака менинг шарафимга шаҳардаги ресторанлардан бирида зиёфат бердилар. Мусаввир дўстлари Муҳаммаджон Фозилов, у кишининг акалари, яна 1-2 киши биз билан бирга эди.

САНИНГТАК НОЗАНИНА НОЗАНИН ИШЛАР МУНОСИБТУР…
011

Мен ўз идеалимни, ижобий қаҳрамонимни топган эдим! Бу маънавий идеал Ҳабиб ака сиймосида намоён бўлди.
Атрофимдаги кишилар, ўз тенг-тўшим бўлган йигит-қизлар суҳбати мени унчалик ўзига тортмасди. Улар суҳбатидан маънавий озиқ, руҳ ололмасдим. Аслини олганда, Ҳабиб акага қизнинг йигитга муҳаббати билан эмас, бошқача интилган эканман, яъни ирфонга интилган эканман. Шунинг учун мени севасизми, десалар, албатта, йўқ! дер эдим. У киши: Омон бўлсак кўрамиз Ҳожихоннинг ҳолини, деб матал айтиб кулардилар.
Бора-бора англадимки, кўп соҳаларда Ҳабиб ака билан яқин фикрлар эканмиз, маънавий идеалларимиз, қарашларимиз яқин экан. Кўнгли кўнглимга мос, диди дидимга мос ёримни топган эдим.

1990 йил 10 март куни Фарғонада тўйимиз бўлиб ўтди. Мен 20 ёшда, Ҳабиб ака 44 ёшда эдик.

Биз бахтли эдик, 18 йиллик севги-муҳаббат достони гўзал ибтидода эди. Бирин-кетин фарзандларимиз: қизим Гулхумор Саид Ғани ва ўғлим Ҳумоюнхон Саид Ғани дунёга келдилар. Ҳабиб ака болаларга доимо хон авлодидан ҳамда саййидлардан эканликларини ва шу номларга муносиб бўлишлари кераклигини болаликлариданоқ тайинлардилар.
Бирор қусурли томонимни кўрганда ҳам яна Фузулийнинг тили билан сўзлардилар:

Санингтак нозанина нозанин ишлар муносибтур…
Бу сўзлардан қилган ишим учун ўзим уялиб кетардим.

Оилада Ҳабиб ака ҳечам овқатга инжиқлик қилмаганлар. Агар ишдан чарчаб келган бўлсам, овқат қилиб уринманг, дердилар. Менинг чарчаганимдан кўра оч қолишни афзал кўрардилар.
Мен ҳақимда бошқаларга:
-Аҳмоқ одам хотинини мақтайди, лекин Гулбаҳорни мақтамай иложим йўқ, — деб боридан ҳам ошириб мақтардилар.
Аммо шеърият бобида ундай эмасдилар. Шеърларимни ҳеч қачон ўзимга ортиқча мақтамасдилар. Ҳабиб ака талабчан ва қаттиққўл муҳаррир эдилар.

ҚЎҚОН – ШОИРЛАР ШАҲРИ
011

Қора қузғун, қора қузғун,
Чарх урмагил бошимда.
Ҳали менинг умрим узун,
Йигит ўлмас шу ёшда…

Хўқанди латиф дунёга шоирлари билан машҳур. Маълумотларга кўра, 200 йил ичида Қўқон адабий муҳитидан чиққан биргина аёл шоираларнинг сони бутун дунё шоиралари сонидан ортиқ. Бу шаҳар ўз иқлими, табиати, ажойиб инсонлари, урф-одатлари билан ажралиб туради. Шунингдек, шоиртабиат инсонлари, сўзга зукко кишилари билан ҳам. Ана шундай шаҳар маданиятимиз ва санЪатимизга кўплаб алломаларни йетказиб берган. Жумладан, бой ва гўзал адабиётимиз ривожи ҳам шу шаҳардан, Қўқон адабий муҳитидан йетишиб чиққан сиймолар ижоди билан боғлиқ. Амирий, Нодира, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Ҳ.Ҳ.Ниёзий, Ҳ.Шамс, Абдулла Қаҳҳор, Чархий ва ҳоказо… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

ХХ аср замонавий ўзбек адабиёти ривожига ҳам қўқонлик забардаст ижодкорлар ўз ҳиссаларини қўшдилар, йетакчилик қилдилар.
ХХ асрнинг 60-йилларига келиб бу жараён андак пасайганга ўхшаб қолди. Қўқонлик шоир ва ёзувчиларни жамлаб, уларнинг бадиий ижодларида баркамоллик сари қадам босишларида ижодий мактаб ўрнини ўтовчи бир уюшма кераклиги яққол сезилиб қолди.
1965 йилга келиб республикада анчайин номлари танилиб қолган шоирлар қаторида янги тўлқин ҳам пайдо бўла бошлаган эди. Бу республикада ҳали айтилмаган сиёсий-ижтимоий масалалар ва унга бўлган муносабат пайдо бўлганлигидан, унинг йечими кутилаётганлигидан дарак эди.

Ўзбекистонда ёш шоирларнинг қудратли тўлқини кўтарилган эди. Бу тўлқиннинг энг кучлиси ўша пайтда Қўқонда шаклланди, десак кўпам муболаға бўлмайди. Бу, ўз-ўзидан, 1965 йилда Қўқон шаҳрининг “Меҳнат байроғи”(ҳозирги “Қўқон садоси”) газетаси редактори Бурҳонхўжа Фозилхўжаев ташаббуси билан редакция қошида “Ниҳол” тўгарагининг ташкил топишига сабаб бўлди. Тўгаракнинг биринчи раҳбари редакция ходими ва шоир Адҳам Олим эди. 2 йилдан сўнг “Ниҳол”га истеъдодли шоирлар Анвар Юнус ва Ҳабибулло Саид Ғанилар бошчилик қилишди. 80-йиллардан то умрининг охиригача Ҳабибулло Саид Ғани бу тўгаракни бошқариб келди, унинг “Ниҳол” адабий уюшмаси даражасига кўтарилишига сабаб бўлди. Бу уюшма йиғилишларида қизғин муҳокамалар ўтказилар, шоирларнинг шеърлари сараланар, пишитиларди. Ҳар сафарги йиғилиш олдидан “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Қўқон садоси”) газетасида эълон бериларди. Ана шу шеърият мактаби кўплар учун катта сабоқ бўлди.
Бу уюшмага 90-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қўқон бўлими мақоми берилди.

ХХ асрнинг 2-ярмида Қўқон адабий муҳити ўз ижодкорлари, айниқса, шоирлари билан бутун республика миқёсида катта шуҳрат тутди. Ўтган йиллар мобайнида “Ниҳол”да юзлаб шоир ва ёзувчилар қатнашдилар. Республика шоирлари қаторига Адҳам Олим, Коммуна Олимова, Комил Жўра, Анвар Юнус, Ҳабибулло Саид Ғани, Азимжон Азизов, Ўрмон Омон, Маҳмуд Раҳматуллаев, Рафиқ Отажонов, Абдуллатиф Турдиалиев, Маъмур Қаҳҳор, Мақсуда Эгамбердиева, Дилбар Ҳамзахўжаева, Фарида Афрўз, Адҳам Мир Саид, Абдулҳамид Муҳаммадиев, Абдумалик Исомиддинов, Фарида Ҳусаинова, Илмер Назаров, Михаил Чарний, Геннадий Ким, Носир Зоҳид, Мансур Абдулла, Собир Жаббор, Жамолиддин Муҳаммад, Зафар Исомиддинов, Ҳамидулла Абдуллаев, Толибжон Холматов каби кўплаб шоир-ёзувчилар қўшилдилар. Улардан кўплари Ёзувчилар уюшмасининг аъзоларидир.

044Айнан шу “Ниҳол” уюшмаси фаолияти республика адабиётшунослари ва шоирлари диққатини ҳам тортди. Уюшма йиғилишларига республиканинг жамики таниқли шоир ва ёзувчилари, мунаққидлари қатнашдилар. Бу уюшмага бағишлаб мақолалар, шеърлар ёзилди. Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла “Ниҳоллар” номли шеър бағишлаганлар. Кўплаб танқидчилар мақолалар ёзганлар. Жумладан, ўша пайтлардаги Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг секретари Нормурод Нарзуллаев “Ўзбекистон маданияти”(ҳозирги “ЎзАС”)да уюшмага атаб “Ниҳоллар” номли мақола эълон қилади. “Шундай шаҳарлар борки, улар мозийнинг зарҳал бобларига ўзларининг мўътабар дастхатларини битганлар. Шундай шаҳарлардан бири Қўқондир… “Ниҳол” уюшмасини республика шеърият шайдоларига кашф этган “Гулистон” журнали ва “Ўзбекистон маданияти” газетасининг хайрли ишини таъкидлаб ўтмоқ лозимдир. “Ниҳол” адабий уюшмаси аъзоларидан Ҳабибулло Саидғаниев, Дилбар Ҳамзахўжаева, Анвар Юнусов, Абдуллатиф Турдалиев, Рафиқ Отажонов, Абдулҳамид Муҳаммадиев, Ўрмон Омонов, Маҳмуд Раҳматуллаев ва кўплаб бошқа ёш адибларнинг матбуотда кўринган асарлари нафис адабиёт шинавандалари эътиборини тортди….Унинг дастлабки машғулотларида ёзувчи ва шоирлардан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Суннатилло Анорбоев, Эркин Самандаров, Азиз Абдураззоқ, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Али, Охунжон Ҳакимов, Абдулла Шеров, Муҳаммадали Қўшмоқов ва бошқалар ўзларининг фикр-маслаҳатлари билан қатнашиб, фавқулодда оғир ва мўтабар ижод йўли ҳақида қимматли маслаҳатлар берган эдилар”.

Кўплаб пойтахт олим ва ижодкорлари Қўқонда меҳмон бўлиб, уюшма фаолияти билан танишиб, эсдаликлар ёзиб қолдирдилар. Жумладан, йирик адабиётшунос олим, мунаққид, устоз Озод Шарафиддинов бу уюшма ҳақида 1978 йилда қуйидаги сўзларни ёзади: “ 25-26 феврал кунлари “Ниҳол” нинг меҳмони бўлдим. Бундан ғоят мамнунман. Чунки ўн уч йил аввал ўтқазилган “Ниҳол” бугун мевага кирипти. Унинг бўйи-басти, камоли бугун бутун республикамизга машҳур. Ҳабибулло, Дилбар, Мақсуда каби шоирларнинг шеърлари анчадан бери шеърият мухлисларини шод этмоқда. Истардимки, “Ниҳол”нинг камоли янада барқ урса! Янаги кўришишимизда уларнинг китобларини ўқиб, бошимиз осмонга йетса!
Мен “Ниҳол”дан чиққан учирмаларга шеърият осмонида юксак парвозлар тилайман. 26.ИИ.78. Озод Шарафиддинов

Бу уюшма учун жуда катта баҳо эди. “Ниҳол” бутун республикага машҳур эди.
Кейинчалик, “Ниҳол”дан чиққан шоирлардан Анвар Юнус, Ҳабибулло Саид Ғани, Ўрмон Омон, Азимжон Азизов, Нуруллохон Абдуллаев, Коммуна Олимова, Мақсуда Эгамбердиева, Дилбар Ҳамзахўжаева, Комил Жўралар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолигига қабул қилиндилар.

Қўқон адабий муҳитининг республикада салмоқли ўрин эгаллашида катта ўрин тутган, алоҳида шеърият мактаби яратган ижодкор, забардаст ва ҳассос шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қўқон бўлими раиси, моҳир таржимон, мутафаккир ва жамоат арбоби ҲАБИБУЛЛО САИД ҒАНИдир.

КЕРАКСИЗ НАРСА ОЛИБ ОТАМ ҚАЙТМАС БОЗОРДАН…
011

Ҳабибулло Саид Ғани 1944 йил, 10 декабрда Қўқон шаҳрининг Шайхулислом гузарида китобхон оилада дунёга келди.
Оталари – Саидғани қори Саиджалол ўғли – катта уламолардан, қории мураттаб бўлиб, қурЪон ва ҳадис илмини яхши билган, мумтоз адабиётни чуқур тушунган, Навоий, Фузулий, Жомий, Бедил, Ҳувайдо каби шоирлар ижоди билан яқиндан таниш бўлган. Шунингдек, катта ваъзхон бўлиб, гўзал нутқ ирод этганликлари маълум. Шоирнинг ўзи хотирлашича, оталари оналаридан 22 ёш катта бўлган.
Оналари – Ҳидоятхон пошшо Абдуллабойвачча қизи, Хонхўжа эшоннинг набираси. Шоирнинг ўзи айтишича, она томондан хон авлоди (Худоёрхон)га, ота томондан саййидларга мансубдир. Текширишлар натижасида Хонхўжа эшон тарихий шахс бўлганлиги ва у киши қурдирган мадраса ўрни аниқланди (Қўқонда, Чорсу майдонига яқин 5-мактаб ва боғча ҳудудида).

Ҳабиб акани йиллар давомида янада яқинроқ билиб бордим. Уларнинг болалик, ёшлик хотиралари ҳам эсда қоларли воқеаларга бой эди. Айниқса, оталари Саидғани қори, оналари Ҳидоятхон пошшо ҳақида (мен уларни кўрмаганман) ҳикоя қилишни яхши кўрардилар. Дадам аямни “пошшо” деб чақирардилар, хон авлодидан эканликлари учун жуда ҳурмат қилардилар, деб таъкидлардилар. Ҳидоятхон пошшо Қўқонда машҳур Хонхўжа эшоннинг ёлғиз набираси эканлар. Ул зот ниҳоятда бой бўлиб, рамазон пайти ҳамма у кишининг закот беришини пойлаб турар экан. “Хонхўжа эшон закот берибди ” дейилгандан кейин ҳамма закот улашишга бошлар экан. Хонхўжа эшон берган закот ичида мато тарқатиш ҳам бўлар экан. Аравага босилган ўроғлиқ матоларнинг энг тепасига Ҳидоятхон ўтириб олар экан. Мато “бир йиртиш” (яъни бир кийимлик)дан тарқала-тарқала охири Ҳидоятхон пастга тушар экан.

Бу набиралари ёлғиз ўғиллари Абдулла бойваччанинг қизи экан. Хонхўжа эшон ўғиллари Абдулла бойваччага Иноятхон исмли қизни олиб беради. Абдулла бойвачча отасига ўхшамаган, андак шўх экан. Икки ёнига аёлларни олиб, “қарс-қурс” ўқ отиб файтонда шаҳарга кириб келар экан. Ҳамма “Абдулла бойвачча келди” дея қочар экан. Хонхўжа эшон, шу ўғлим инсофга келар, дея ҳажга жўнатади. Бироқ ўғил у йердан баттар бўлиб қайтиб келади. Хотинларини ошнинг тагини қирмоч қилиб пиширмаганлиги учун талоқ қўйиб юборади (қозоннинг тагида пайдо бўлган қўғирмочни яхши кўрган эканлар). Кўп ўтмай, ёш йигит шўхликлари туфайли умри завол топиб, вафот этади. Хонхўжа эшон келини Иноятхон ва набираси Ҳидоятхон пошшони ўз қарамоғига олади.

Гражданлар уруши даврида миллий озодлик ҳаракати қатнашчилари ичида босмачилик билан шуғулланувчилар ҳам йўқ эмасди. Ана шундай кишилар, иттифоқо, ҳовлида бош ювиб ўтирган Иноятхоннинг олдига бостириб кирадилар. Ҳамма йечиб қўйилган олтин безакларни олиб кетадилар. “Ҳали пушаймон бўласизлар!” деган сўзлари учун милтиқ қўндоғи билан тишларини уриб синдирадилар. Эртаси куни Хонхўжа эшон бу тўда бошлиғи билан бирга келинини олиб барча йигитлар олдига юзма-юз қилади:
— Пошшо, сизга зиён етказган қайси бири эди? – сўрайдилар.

Иноятхон кўрсатади. Тўда бошлиғи ўша заҳоти у йигитни отиб ташлайди, зебу зийнатлар қайтариб берилади. Бу ҳодиса, бир томондан, ушбу оила обрўсини кўрсатса, иккинчи томондан, жиноят жазосиз қолмаганлигини, тўда бошлиқларининг ўз йигитлари интизоми учун нақадар жавобгар бўлганликларини билдиради. “Ўша воқеа туфайли бувимнинг битта тишлари йўқ эди”, — хотирлайди шоир.

Хонхўжа эшон кунлардан бир кун Қўқонда Арабистон томонлардан илм ўрганиб, таҳсил олиб қайтган бир олим, воиз пайдо бўлибди, деган гапни эшитиб, ваъз айтилаётган жойга борадилар. Бу Саидғани қори эди. Воизнинг суҳбати, тафаккури, илми шу қадар маъқул бўладики, кишилар орқали унинг қаерлик экани, оиласи борми-йўқми эканини суриштирадилар (бу вақтда Ҳидоятхон бўй етиб қолган эди). Ёлғиз эканини билгач, набирасини унга никоҳлаб беради. (Дадам аямдан 20 ёш катта эди, деб эслардилар Ҳабиб ака). Улар яхши яшаб ўтадилар, фарзандларининг энг кичиги Ҳабиб ака эди…

011 022
011

ЭССЕНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА ЎҚИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ

022

(Tashriflar: umumiy 264, bugungi 1)

3 izoh

  1. bu shoir haqida ma’lumot olish uchun men bilan facebook sahifamda bog’lanishingiz mumkin

Izoh qoldiring