Habibullo Said G’ani. She’rlar & Gulbahor Said G’ani. Habibulloh Said G’ani lirikasida tabiat va ruhiy uyg’unlik

021    Таниқли шоир Ҳабибулло Саид Ғани лирикаси шеъриятимиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда айрим адабиётшуносларимиз ўз фикрларини баён этганлар. Унинг ижодида бўртиб кўриниб турган жиҳат бу – табиатга уйғунлик бўлиб, шеърларида дарахт образига жудаям кўп дуч келамиз. Бу дарахт унинг лирик қаҳрамони, гоҳ яшнаган, гоҳ ҳорғин, гоҳ қуриган, гоҳ гуллаган ва ҳоказо кўринишда намоён бўлади.

ҲАБИБУЛЛО САИД ҒАНИ ЛИРИКАСИДА
ТАБИАТ ВА РУҲИЙ УЙҒУНЛИК
Гулбаҳор Саидғаниева
08

08Таниқли шоир Ҳабибулло Саид Ғани лирикаси шеъриятимиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда айрим адабиётшуносларимиз ўз фикрларини баён этганлар.[1] Унинг ижодида бўртиб кўриниб турган жиҳат бу – табиатга уйғунлик бўлиб, шеърларида дарахт образига жудаям кўп дуч келамиз. Бу дарахт унинг лирик қаҳрамони, гоҳ яшнаган, гоҳ ҳорғин, гоҳ қуриган, гоҳ гуллаган ва ҳоказо кўринишда намоён бўлади. Бу тимсол орқали лирик ҳолатлар, инсоний кечинмалар тасвири берилади, руҳият чизгилари чизилади. “Рангпар хазонларга тўладир хилқат”, “Руҳимда тўкилган япроқлар акси”, “ Сарғайган хазонлар аро мастона Мен сени куйлайман, мунаввар баҳор!”[2] Ушбу сатрлар олинган шеър ўзининг патетик руҳи, ҳислар тўлқинининг гўзаллиги билан ажралиб туради, гўзал пейзаж манзаралари лирик қаҳрамон ҳиссиётлари билан параллел берилади. Шеърда куз бўлишига қарамай баҳорнинг куйланиши, баҳорга интиқлик юрагингизни тўлқинлантириб юборади. Шоир маҳорати шундаки, ҳис-ҳаяжон ифодаси орқали тўлғонган боғлар кўз олдингизда намоён бўлади. Шеър охирида келтирилган “мен энди” сўзининг такрори, уч нуқтанинг ўринли ишлатилиши билан лирик қаҳрамон ҳаяжони, нафаси тиқилиб, баҳор соғинчидан энтикиб тургани кўз олдингизда намоён бўлади. Энг муҳими, унинг ўрнида сиз ўзингизни тасавур қиласиз. Баҳор соғинчи – бу сизнинг соғинчингиз. Боғлар шеърнинг бошида куз келганидан ташвишда нотинч тўлғонган бўлса, энди буюк бир муҳаббатдан мастона чайқалади: “Боғлар тўлғонади нотинч, энтикиб …”

Дарахт образи Ҳабибулло Саид Ғани ижодининг асосий тимсоллардан бирига айланди. “Илинжим бағримдан кетди узилиб” деб бошланувчи шеърда ҳам қаҳрамон бағридан илинжининг узилиши дарахтдан сўнгги баргнинг узилишига қиёс қилинади. Ўз кечинмалари гўё дарахт кечинмалари каби ифода этилади. Баргларини йўқотган кузги дарахт қандай ҳорғин, маҳзун қиёфада бўлса лирик қаҳрамон ҳолати ҳам шундай. У ўзига эмас, дарахтга тўзим тилайди. Шунинг учун шеърий деталь воситасида ўз дарди ва ҳолатини баён этади. Шеъриятнинг буюк кучи ҳам шунда, яъни бирор маънони тўғридан-тўғри эмас, уни яшириб, бирор восита орқали айтишдадир: “Дарахтлар турарлар яланғоч, ҳорғин, Заъфарон барглардан узмайин кўзин. Табиат, сен уни бағрингга олгин, Табиат, дарахтга бера қол тўзим…[3]

Дарахт образига йиллар давомида ёзилган шеърларида қайта-қайта дуч келамиз. Бир шеърида: “Мен бугун дилимга дарахтнинг сувратин чиздим,

У эса ўрмонга айланиб қолди субҳидам.” деса, бошқасида “Тонг билан эртакни эритмай офтоб Дарахтга айланиб олай бу кеча” дея хитоб этади. Дарахт образи шоирнинг лирик қаҳрамони, лирик қаҳрамони эса кўпинча унинг ўзига тенг дегимиз келади. Чунки бу тимсол энг севимли образдир.

Бошқа бир тўртлигида эса дарахтни тасвирлаш орқали ҳаётдан чарчаган, аниқроғи бесамар курашлар чарчатган, ҳаёт зарбаларига тинимсиз бардош бериб келган инсон образи яратилади. Бу инсон энди оппоқ чорлоққа айланиб учгиси, орзулар амалга ошмайдиган, курашлари беҳуда кетадиган бу жамиятдан, бу оламдан учиб кетгиси келади. Бироқ фожиа шундаки, унинг томирлари заминга чуқур ботган, у жойидан жилолмайди. Унга насиб этган тақдирни кўришга мажбур: “Бир четда қариган дарахт чайқалар, Чайқалиб турибди шамол зарбидан. Ўйлайди: “Шу тобда оппоқ чорлоққа Айланса ҳориган, совиган бадан”.

“Марвартак” шеърида инсонларнинг табиатга муносабати масаласи кўтарилади. “Қуриётган ёлғиз дарахтга” шеърида эса ўз жонига қасд қилган заҳматкаш аёл образи дарахт тимсоли орқали берилади. Бундай шеърлар ичида энг таъсирлиси “Азиз Абдураззоққа”деб аталади. Бу шеърда ҳам қариган дарахт образига дуч келамиз. Бироқ энди бу ерда кузак эмас, баҳор фасли тасвирланади. Қариган дарахт куртак чиқармайди, барг ёзмайди, атрофда эса тўла хурсандчилик ва ёшариш фасли. Бу дарахт энди ҳеч нарсага ҳайратланиб боқмайди, бировдан нажот ҳам кутмайди. Шоир уни “бевақт ўлаётган баҳорги дарахт!” дея атайди. “Ўхшайди омадсиз, синиқ одамга Бевақт ўлаётган баҳорги дарахт”. Қанча кекса бўлса ҳам у бевақт ўлаяпти, ахир ҳаётда ҳам ҳеч кимни вақтида ўлди дейилмайди. Бу ерда шоир тескари ўхшатиш қилади, яъни одамни дарахтга эмас, дарахтни одамга ўхшатади ва шу билан шеър таъсирчанлигини оширади. Кўз олдингизга қуриган дарахт келгани билан, барибир, синиқ бир инсоннинг қисмати юрагингизни эзиб юборади.

Энг охирги сатрлар жудаям таъсирчан жаранглайди. Қуриган дарахтдан ҳам инсон нимадир кутади, у гўё бир имдодга зордай. Балки кўкариб кетар, балки яшаб кетар деган ўйда турасиз. Дардга чалинган инсон ҳақида ҳам балки тузалиб қолар, деган хаёлда бўласиз. Энг таъсирлиси — унинг қалби тирик! Қалбида дард ва ҳаяжон яшайди. Шунинг учун шоир хитоб қилади: “Сен уни шошилиб кесма ўтинга, Бир чимдим сабрни аяма, замон. Балким, танасида умид ўлмаган, Балким, юрагида бордир ҳаяжон”.

Сўнгги шеърларида ҳам шоир дарахт образига қайта-қайта мурожаат қилади. Бу орқали шоир турли поэтик маъноларни юзага чиқарган. “Кузги дарахтга” шеърида ўзлигини англаган инсон тилидан “Фақат уйғонганлар етар офтобга, Уйғонган дарахтга шараф ила шон!” дея қатъий хулоса чиқарса, “Бодом гуллади” шеърида ички фалсафий маъноларни юзага чиқаради. Дарахт образи Ҳабибулло Саид Ғани ижодида алоҳида аҳамиятга эга. У баъзан кекса инсон, баъзан ошиқ, баъзан синиқ одам, баъзан эса шоирнинг ўзига айланади.

———————

[1] Исмоил Тўлаков. Рост ҳислар. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”. 1989 йил, 7 апрель. — Б.3// Назиржон Назаров. Ватан – унинг юраги, сози. “Қўқон садоси”. 1994 йил, 20 октябрь. – Б.2
[2] Ҳабибулло Саидғаниев. “Менинг оппоқ далам”. Шеърлар. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1980. – Б.40
[3] Ҳабибулло Саид Ғани. “Қўқон ушшоғи”. Шеърлар. Тошкент: Ёш гвардия, 1986 // “Абадият дарахти”. Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989

Ҳабибулло Саид Ғани
ШЕЪРЛАР
08

03Ҳабибулло Саид Ғани 1944 йил 10 декабрда Қўқон шаҳрининг Шайхулислом гузарида китобхон оилада дунёга келди. Қўқон давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факултетини ҳамда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг савдо экономикаси факултетини тугаллаган.
Ҳабибулло Саид Ғанининг “Менинг оппоқ далам” (1980), “Овознинг шакли” (1984), “Қўқон ушшоғи” (1986) китоблари чоп этилган. Шоир моҳир таржимон сифатида Абдураҳмон Жомий, Фоний, Самуил Маршак, Александр Файнберг, Борис Пастернак, Геворг Агаджанян, Расул Ҳамзатов, Евгений Евтушенко, Жак Превер, Николай Лукашов, Михаил Чарний, Илмер Назаровлар ижодидан талай шеърларни маҳорат ила ўзбек тилига ўгирган.

08

КУЗГИ ДАРАХТГА

Табиат либоси кимсанми, янги.
Қайларга йўқолди зангори олам.
Ўрикнинг баргида ёнган бу рангни
Азал наққошими чизмакда ўктам.

Шошиб баргин тўкар анову дарахт,
Офтобда тоблайди мурғак новдасин.
Ахир, қиши билан ётади карахт,
Атрофида аччиқ изғирин саси.

Гўё ҳеч кимсага йўқдир кераги,
Ҳаттоки қушлар ҳам унутган уни.
Аммо сокингина урар юраги,
Билдирмай кутади ғалаён кунин.

Зангори шовқинлар тўлар атрофга,
Мағрур бош кўтарар майсалар шу он.
Фақат уйғонганлар етар офтобга,
Уйғонган дарахтга шараф ила шон!

* * *

Севгим!
Кеч кузда адашиб очилган гулсиз,
Эрта қор остида маъво, нур, наҳр.
Осмон тепангизда ҳиссиз, ғулувсиз,
Боласиз бешикдек совуган бағир.

Севгим!
Юракнинг тубида асраб келгандим,
Кўрмасин дегандим кўзи оғирлар.
Исмингиз такрорлар гезариб лабим,
Баргларин тўкарди заъфарон боғлар.

Севгим!
Само ютиб борар заминни мутлақ,
Қабариқ ойнадан иборат осмон.
Бизни тутиб турар бўшлиқда фақат
Кеч кузда очилган севги — гулсимон.

Севгим!
Эрта совуқ келар тутиб яроқлар,
Сиз эса адашиб очилган гулсиз.
Энди лабингизда эримас қорлар,
Ётар кўзингизда юлдузлар сўлиб.

* * *

Бугун рутубатдан холидир дунё,
Лолазорлар қалбга гулхан қалашар.
Туман аро қалқиб турган ҳилол ё
Париларнинг рўмол тишлаб қараши?

Ўнгирларда кўчиб юрар оҳулар,
Навбаҳорнинг сармаст бўлиб бўйидан.
Товус янглиғ уфқда булут кўринар,
Қаҳқаҳасин тўкиб кетар қўйнидан.

Водийларда кезиб юрар яшиллик,
Ҳаёт ўзи соҳибжамол бир малак.
Ҳар кимсага сингиб кетар яхшилик,
Новдаларга иниб қолар камалак.

* * *

Ўлмаган умиддек ҳали ёдимда
Сен билан ўтказган тотли кунларим.
Бир нафас кўрмасам сени ёнимда
Хонамга сиғмасди унсиз унларим.

Ёмғирдек қуйилиб келарди сўзлар,
Ҳеч ҳам қийналмасдик мавзуни излаб.
Бугун не сабабким, маъюсдир кўзлар,
Бир нима ўртада қолди изиллаб?!

Сўз излаб қоламиз баъзан соатлаб,
Нураб кетмасин деб ушбу эш ҳаёт.
Ҳар ким ўз ташвишин ўзи орқалаб,
Қалтис йўлга юз тутдик, наҳот?!

Тонггача тебратиб чиқасан бешик,
Мен эса тонггача тебратиб қалам.
Дафъатан хотирам қоқади эшик,
Дафъатан ўртада севги ва алам.

Ҳали ҳам ёдимда, гулдек очилиб,
Бир бутун бахт эди муборак севги!
Биз уни бўлишиб олдик шошилиб,
Бир бутун бахт эди муборак севги!

* * *

Қизғиш титрамоқда ойнангда чироқ,
Кечанинг кўзида сурмаранг соғинч.
Гўзалим, осмондир йироқ, ер йироқ,
Мовий юлдуз бўлиб боқурман, жоним.

Балким, хаёлингга юлдузлар бўлиб
Бесабаб тўкилдим, ёдингга олдинг.
Деразанг очдингу хаёлчан кулиб
Шаррос нурларимни лабингга босдинг.

Мен-ку, бу оламда йўқ эдим, аммо,
Самога сочилдим. Асов эҳтирос.
Ахир, кўз ўнгингда куйгандим тамом,
Энди-чи, нур бўлиб келурман, холос!

* * *

Ётар остонамда танҳо заъфар барг,
Шамолнинг оҳидан тўкилган парча.
Бу — ғамгин кузакдан энг сўнгги дарак,
Энг сўнгги ноладир яшаб чарчаган.

Сен нечун алвидо демасдан, гулим,
Пинҳон юборибсан мажозий япроқ?
Хазон — қовжираган тилсиз мактубинг,
Исмсиз тилагингдан тўкилган фироқ.

Мен ҳам дардларимни баайни баҳор
Тўкиб ташлагандим минглаб дарахтга,
Менинг кўз ўнгимда сарғарди ночор
Яшил япроқлари сиғиниб бахтга.

Хушбахт куйлай олмас рангин қушчалар,
Хушбахт куйлай олмас оғочлар бу кун.
Мени сендан тўсиб қўймиш шунчалар
Ёнган хазонлардан сирқиган тутун.

 

* * *

Оққушлар — осмоннинг қанотли оти,
Ҳавони уйғотар нотинч тушлари.
Яшарлар ногаҳон нурга отилиб,
Ўлсалар, осмонга қулар оққушлар.

Оққушлар — кенгликнинг асл дўстлари
Шуъла тўкиб борар силкинган қанот.
Шу юртга совуқлар келаркан қайтиб,
Кўзим осмонидан топурсиз нажот.

Оққушлар — осмоннинг шаън-ҳур қизлари
Йўллари Машриқдан Мағрибга қадар.
Юлдузга кўмилиб борар излари,
Оққушлар — самоларга сочилган қадр.

Оққушлар — осмоннинг азиз фарзанди,
Бугун кўк юзини тарк этмиш улар.
Уларсиз кунларнинг юраги зада,
Осмонлар уларсиз жимгина сўлар.

ОҚҚУШНИНГ ҚЎШИҒИН ТИНГЛАБ

Бир қултум сув билан ичиб қўяйми сени,
Турибсан-ку бир ҳовуч нур каби покиза.
Бир қултум висолингга зор этдинг-ку мени
Субҳидамда юзин очган гулдек бокира.

Кеч ташламиш висол дамин тақдир ўртага,
Азалданми толеимга битилган фироқ?
Менинг қалбим иллатлардан сўнгсиз  ўртанган,
Сенинг қалбинг чизилмаган қоғоз каби оқ.

Неча йиллар сени қўмсаб, кезиб саргардон,
Хаёлимдан яратдиму сиғиниб олдим.
Муҳаббатим кутмоқда деб олдда бегумон
Мени севган не-не қалбдан юлиниб қолдим.

Яқиндирмиз бугун икки қош орасидан,
Қўлим етар қўлгинангни тутгали бот-бот.
Қора тортар руҳим икки қош қорасидан,
Йиллар билан кириб келган ҳадик деган зот.

Бир қултум сув билан ичиб қўяйми сени,
Ўзимдану ўйларимдан покроқ муҳаббат.
Кипригимда кўтариб ҳам юрардим сени,
Ёшлигимдек орзу бўлиб қолмасанг фақат.

* * *
Ўтлиғ бир сатрда туғилмоқни истайман,
Дардли бир сатрда ўлмоқликни истайман.
Бу сен ҳақингда бўлса агар, Ватаним.

1975

СУҲБАТДАН

— Ота-онанг тирикми, Хидирвой?
— Юришибди тупроқдан ташқари.
— Бола-чақанг?
— Соғ-саломат.
— Вафодорми хотининг?
— Шубҳам йўқ.
— Омонми юртинг?
— Минг қатла шукр.
— Бўлмаса,
Нега ичасан?
Хумпар!

ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН

— Ғуломқодир, эшитдингми?
Гузарнинг олдида
Оқил аканинг кучугини
Машина босиб кетган эмиш.
— Яқинда домга кўчган Оқил аканими?
— Ҳа-да.
— Кучукни ташлаб кетишган экан-да?
— Хашаки эди…
— Биласанми?
Кўрганлар
Ўзини ташлади дейишяпти…

12Taniqli shoir Habibullo Said Gʻani lirikasi sheʼriyatimiz rivojida alohida oʻrin tutadi. Bu haqda ayrim adabiyotshunoslarimiz oʻz fikrlarini bayon etganlar. Uning ijodida boʻrtib koʻrinib turgan jihat bu – tabiatga uygʻunlik boʻlib, sheʼrlarida daraxt obraziga judayam koʻp duch kelamiz. Bu daraxt uning lirik qahramoni, goh yashnagan, goh horgʻin, goh qurigan, goh gullagan va hokazo koʻrinishda namoyon boʻladi.

HABIBULLO SAID G’ANI LIRIKASIDA
TABIAT VA RUHIY UYG’UNLIK
Gulbahor Saidg’anieva
08

06Taniqli shoir Habibullo Said G’ani lirikasi she’riyatimiz rivojida alohida o’rin tutadi. Bu haqda ayrim adabiyotshunoslarimiz o’z fikrlarini bayon etganlar.[1] Uning ijodida bo’rtib ko’rinib turgan jihat bu – tabiatga uyg’unlik bo’lib, she’rlarida daraxt obraziga judayam ko’p duch kelamiz. Bu daraxt uning lirik qahramoni, goh yashnagan, goh horg’in, goh qurigan, goh gullagan va hokazo ko’rinishda namoyon bo’ladi. Bu timsol orqali lirik holatlar, insoniy kechinmalar tasviri beriladi, ruhiyat chizgilari chiziladi. “Rangpar xazonlarga to’ladir xilqat”, “Ruhimda to’kilgan yaproqlar aksi”, “ Sarg’aygan xazonlar aro mastona Men seni kuylayman, munavvar bahor!”[2] Ushbu satrlar olingan she’r o’zining patetik ruhi, hislar to’lqinining go’zalligi bilan ajralib turadi, go’zal peyzaj manzaralari lirik qahramon hissiyotlari bilan parallel beriladi. She’rda kuz bo’lishiga qaramay bahorning kuylanishi, bahorga intiqlik yuragingizni to’lqinlantirib yuboradi. Shoir mahorati shundaki, his-hayajon ifodasi orqali to’lg’ongan bog’lar ko’z oldingizda namoyon bo’ladi. She’r oxirida keltirilgan “men endi” so’zining takrori, uch nuqtaning o’rinli ishlatilishi bilan lirik qahramon hayajoni, nafasi tiqilib, bahor sog’inchidan entikib turgani ko’z oldingizda namoyon bo’ladi. Eng muhimi, uning o’rnida siz o’zingizni tasavur qilasiz. Bahor sog’inchi – bu sizning sog’inchingiz. Bog’lar she’rning boshida kuz kelganidan tashvishda notinch to’lg’ongan bo’lsa, endi buyuk bir muhabbatdan mastona chayqaladi: “Bog’lar to’lg’onadi notinch, entikib…”

Daraxt obrazi Habibullo Said G’ani ijodining asosiy timsollardan biriga aylandi. “Ilinjim bag’rimdan ketdi uzilib” deb boshlanuvchi she’rda ham qahramon bag’ridan ilinjining uzilishi daraxtdan so’nggi bargning uzilishiga qiyos qilinadi. O’z kechinmalari go’yo daraxt kechinmalari kabi ifoda etiladi. Barglarini yo’qotgan kuzgi daraxt qanday horg’in, mahzun qiyofada bo’lsa lirik qahramon holati ham shunday. U o’ziga emas, daraxtga to’zim tilaydi. Shuning uchun she’riy detal` vositasida o’z dardi va holatini bayon etadi. She’riyatning buyuk kuchi ham shunda, ya’ni biror ma’noni to’g’ridan-to’g’ri emas, uni yashirib, biror vosita orqali aytishdadir: “Daraxtlar turarlar yalang’och, horg’in, Za’faron barglardan uzmayin ko’zin. Tabiat, sen uni bag’ringga olgin, Tabiat, daraxtga bera qol to’zim…[3]

Daraxt obraziga yillar davomida yozilgan she’rlarida qayta-qayta duch kelamiz. Bir she’rida: “Men bugun dilimga daraxtning suvratin chizdim,

U esa o’rmonga aylanib qoldi subhidam.” desa, boshqasida “Tong bilan ertakni eritmay oftob Daraxtga aylanib olay bu kecha” deya xitob etadi. Daraxt obrazi shoirning lirik qahramoni, lirik qahramoni esa ko’pincha uning o’ziga teng degimiz keladi. Chunki bu timsol eng sevimli obrazdir.

Boshqa bir to’rtligida esa daraxtni tasvirlash orqali hayotdan charchagan, aniqrog’i besamar kurashlar charchatgan, hayot zarbalariga tinimsiz bardosh berib kelgan inson obrazi yaratiladi. Bu inson endi oppoq chorloqqa aylanib uchgisi, orzular amalga oshmaydigan, kurashlari behuda ketadigan bu jamiyatdan, bu olamdan uchib ketgisi keladi. Biroq fojia shundaki, uning tomirlari zaminga chuqur botgan, u joyidan jilolmaydi. Unga nasib etgan taqdirni ko’rishga majbur: “Bir chetda qarigan daraxt chayqalar, Chayqalib turibdi shamol zarbidan. O’ylaydi: “Shu tobda oppoq chorloqqa Aylansa horigan, sovigan badan”.

“Marvartak” she’rida insonlarning tabiatga munosabati masalasi ko’tariladi. “Quriyotgan yolg’iz daraxtga” she’rida esa o’z joniga qasd qilgan zahmatkash ayol obrazi daraxt timsoli orqali beriladi. Bunday she’rlar ichida eng ta’sirlisi “Aziz Abdurazzoqqa”deb ataladi. Bu she’rda ham qarigan daraxt obraziga duch kelamiz. Biroq endi bu yerda kuzak emas, bahor fasli tasvirlanadi. Qarigan daraxt kurtak chiqarmaydi, barg yozmaydi, atrofda esa to’la xursandchilik va yosharish fasli. Bu daraxt endi hech narsaga hayratlanib boqmaydi, birovdan najot ham kutmaydi. Shoir uni “bevaqt o’layotgan bahorgi daraxt!” deya ataydi. “O’xshaydi omadsiz, siniq odamga Bevaqt o’layotgan bahorgi daraxt”. Qancha keksa bo’lsa ham u bevaqt o’layapti, axir hayotda ham hech kimni vaqtida o’ldi deyilmaydi. Bu yerda shoir teskari o’xshatish qiladi, ya’ni odamni daraxtga emas, daraxtni odamga o’xshatadi va shu bilan she’r ta’sirchanligini oshiradi. Ko’z oldingizga qurigan daraxt kelgani bilan, baribir, siniq bir insonning qismati yuragingizni ezib yuboradi.

Eng oxirgi satrlar judayam ta’sirchan jaranglaydi. Qurigan daraxtdan ham inson nimadir kutadi, u go’yo bir imdodga zorday. Balki ko’karib ketar, balki yashab ketar degan o’yda turasiz. Dardga chalingan inson haqida ham balki tuzalib qolar, degan xayolda bo’lasiz. Eng ta’sirlisi — uning qalbi tirik! Qalbida dard va hayajon yashaydi. Shuning uchun shoir xitob qiladi: “Sen uni shoshilib kesma o’tinga, Bir chimdim sabrni ayama, zamon. Balkim, tanasida umid o’lmagan, Balkim, yuragida bordir hayajon”.

So’nggi she’rlarida ham shoir daraxt obraziga qayta-qayta murojaat qiladi. Bu orqali shoir turli poetik ma’nolarni yuzaga chiqargan. “Kuzgi daraxtga” she’rida o’zligini anglagan inson tilidan “Faqat uyg’onganlar yetar oftobga, Uyg’ongan daraxtga sharaf ila shon!” deya qat’iy xulosa chiqarsa, “Bodom gulladi” she’rida ichki falsafiy ma’nolarni yuzaga chiqaradi. Daraxt obrazi Habibullo Said G’ani ijodida alohida ahamiyatga ega. U ba’zan keksa inson, ba’zan oshiq, ba’zan siniq odam, ba’zan esa shoirning o’ziga aylanadi.

———————

[1] Ismoil To’lakov. Rost hislar. “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”. 1989 yil, 7 aprel`. — B.3// Nazirjon Nazarov. Vatan – uning yuragi, sozi. “Qo’qon sadosi”. 1994 yil, 20 oktyabr`. – B.2
[2] Habibullo Saidg’aniev. “Mening oppoq dalam”. She’rlar. – Toshkent: G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyoti. 1980. – B.40
[3] Habibullo Said G’ani. “Qo’qon ushshog’i”. She’rlar. Toshkent: Yosh gvardiya, 1986 // “Abadiyat daraxti”. Toshkent. G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, 1989

Habibullo Said G’ani
SHE’RLAR
08

05Habibullo Said G’ani 1944 yil 10 dekabrda Qo’qon shahrining Shayxulislom guzarida kitobxon oilada dunyoga keldi. Qo’qon davlat pedagogika institutining rus tili va adabiyoti fakultetini hamda Toshkent Xalq xo’jaligi institutining savdo ekonomikasi fakultetini tugallagan.
Habibullo Said G’anining “Mening oppoq dalam” (1980), “Ovozning shakli” (1984), “Qo’qon ushshog’i” (1986) kitoblari chop etilgan. Shoir mohir tarjimon sifatida Abdurahmon Jomiy, Foniy, Samuil Marshak, Aleksandr Faynberg, Boris Pasternak, Gevorg Agadjanyan, Rasul Hamzatov, Yevgeniy Yevtushenko, Jak Prever, Nikolay Lukashov, Mixail Charniy, Ilmer Nazarovlar ijodidan talay she’rlarni mahorat ila o’zbek tiliga o’girgan.

08

KUZGI DARAXTGA

Tabiat libosi kimsanmi, yangi.
Qaylarga yo’qoldi zangori olam.
O’rikning bargida yongan bu rangni
Azal naqqoshimi chizmakda o’ktam.

Shoshib bargin to’kar anovu daraxt,
Oftobda toblaydi murg’ak novdasin.
Axir, qishi bilan yotadi karaxt,
Atrofida achchiq izg’irin sasi.

Go’yo hech kimsaga yo’qdir keragi,
Hattoki qushlar ham unutgan uni.
Ammo sokingina urar yuragi,
Bildirmay kutadi g’alayon kunin.

Zangori shovqinlar to’lar atrofga,
Mag’rur bosh ko’tarar maysalar shu on.
Faqat uyg’onganlar yetar oftobga,
Uyg’ongan daraxtga sharaf ila shon!

* * *

Sevgim!
Kech kuzda adashib ochilgan gulsiz,
Erta qor ostida ma’vo, nur, nahr.
Osmon tepangizda hissiz, g’uluvsiz,
Bolasiz beshikdek sovugan bag’ir.

Sevgim!
Yurakning tubida asrab kelgandim,
Ko’rmasin degandim ko’zi og’irlar.
Ismingiz takrorlar gezarib labim,
Barglarin to’kardi za’faron bog’lar.

Sevgim!
Samo yutib borar zaminni mutlaq,
Qabariq oynadan iborat osmon.
Bizni tutib turar bo’shliqda faqat
Kech kuzda ochilgan sevgi — gulsimon.

Sevgim!
Erta sovuq kelar tutib yaroqlar,
Siz esa adashib ochilgan gulsiz.
Endi labingizda erimas qorlar,
Yotar ko’zingizda yulduzlar so’lib.

* * *

Bugun rutubatdan xolidir dunyo,
Lolazorlar qalbga gulxan qalashar.
Tuman aro qalqib turgan hilol yo
Parilarning ro’mol tishlab qarashi?

O’ngirlarda ko’chib yurar ohular,
Navbahorning sarmast bo’lib bo’yidan.
Tovus yanglig’ ufqda bulut ko’rinar,
Qahqahasin to’kib ketar qo’ynidan.

Vodiylarda kezib yurar yashillik,
Hayot o’zi sohibjamol bir malak.
Har kimsaga singib ketar yaxshilik,
Novdalarga inib qolar kamalak.

* * *

O’lmagan umiddek hali yodimda
Sen bilan o’tkazgan totli kunlarim.
Bir nafas ko’rmasam seni yonimda
Xonamga sig’masdi unsiz unlarim.

Yomg’irdek quyilib kelardi so’zlar,
Hech ham qiynalmasdik mavzuni izlab.
Bugun ne sababkim, ma’yusdir ko’zlar,
Bir nima o’rtada qoldi izillab?!

So’z izlab qolamiz ba’zan soatlab,
Nurab ketmasin deb ushbu esh hayot.
Har kim o’z tashvishin o’zi orqalab,
Qaltis yo’lga yuz tutdik, nahot?!

Tonggacha tebratib chiqasan beshik,
Men esa tonggacha tebratib qalam.
Daf’atan xotiram qoqadi eshik,
Daf’atan o’rtada sevgi va alam.

Hali ham yodimda, guldek ochilib,
Bir butun baxt edi muborak sevgi!
Biz uni bo’lishib oldik shoshilib,
Bir butun baxt edi muborak sevgi!

* * *

Qizg’ish titramoqda oynangda chiroq,
Kechaning ko’zida surmarang sog’inch.
Go’zalim, osmondir yiroq, yer yiroq,
Moviy yulduz bo’lib boqurman, jonim.

Balkim, xayolingga yulduzlar bo’lib
Besabab to’kildim, yodingga olding.
Derazang ochdingu xayolchan kulib
Sharros nurlarimni labingga bosding.

Men-ku, bu olamda yo’q edim, ammo,
Samoga sochildim. Asov ehtiros.
Axir, ko’z o’ngingda kuygandim tamom,
Endi-chi, nur bo’lib kelurman, xolos!

* * *

Yotar ostonamda tanho za’far barg,
Shamolning ohidan to’kilgan parcha.
Bu — g’amgin kuzakdan eng so’nggi darak,
Eng so’nggi noladir yashab charchagan.

Sen nechun alvido demasdan, gulim,
Pinhon yuboribsan majoziy yaproq?
Xazon — qovjiragan tilsiz maktubing,
Ismsiz tilagingdan to’kilgan firoq.

Men ham dardlarimni baayni bahor
To’kib tashlagandim minglab daraxtga,
Mening ko’z o’ngimda sarg’ardi nochor
Yashil yaproqlari sig’inib baxtga.

Xushbaxt kuylay olmas rangin qushchalar,
Xushbaxt kuylay olmas og’ochlar bu kun.
Meni sendan to’sib qo’ymish shunchalar
Yongan xazonlardan sirqigan tutun.

 

* * *

Oqqushlar — osmonning qanotli oti,
Havoni uyg’otar notinch tushlari.
Yasharlar nogahon nurga otilib,
O’lsalar, osmonga qular oqqushlar.

Oqqushlar — kenglikning asl do’stlari
Shu’la to’kib borar silkingan qanot.
Shu yurtga sovuqlar kelarkan qaytib,
Ko’zim osmonidan topursiz najot.

Oqqushlar — osmonning sha’n-hur qizlari
Yo’llari Mashriqdan Mag’ribga qadar.
Yulduzga ko’milib borar izlari,
Oqqushlar — samolarga sochilgan qadr.

Oqqushlar — osmonning aziz farzandi,
Bugun ko’k yuzini tark etmish ular.
Ularsiz kunlarning yuragi zada,
Osmonlar ularsiz jimgina so’lar.

OQQUSHNING QO’SHIG’IN TINGLAB

Bir qultum suv bilan ichib qo’yaymi seni,
Turibsan-ku bir hovuch nur kabi pokiza.
Bir qultum visolingga zor etding-ku meni
Subhidamda yuzin ochgan guldek bokira.

Kech tashlamish visol damin taqdir o’rtaga,
Azaldanmi toleimga bitilgan firoq?
Mening qalbim illatlardan so’ngsiz o’rtangan,
Sening qalbing chizilmagan qog’oz kabi oq.

Necha yillar seni qo’msab, kezib sargardon,
Xayolimdan yaratdimu sig’inib oldim.
Muhabbatim kutmoqda deb oldda begumon
Meni sevgan ne-ne qalbdan yulinib qoldim.

Yaqindirmiz bugun ikki qosh orasidan,
Qo’lim yetar qo’lginangni tutgali bot-bot.
Qora tortar ruhim ikki qosh qorasidan,
Yillar bilan kirib kelgan hadik degan zot.

Bir qultum suv bilan ichib qo’yaymi seni,
O’zimdanu o’ylarimdan pokroq muhabbat.
Kiprigimda ko’tarib ham yurardim seni,
Yoshligimdek orzu bo’lib qolmasang faqat.

* * *
O’tlig’ bir satrda tug’ilmoqni istayman,
Dardli bir satrda o’lmoqlikni istayman.
Bu sen haqingda bo’lsa agar, Vatanim.

1975

SUHBATDAN

— Ota-onang tirikmi, Xidirvoy?
— Yurishibdi tuproqdan tashqari.
— Bola-chaqang?
— Sog’-salomat.
— Vafodormi xotining?
— Shubham yo’q.
— Omonmi yurting?
— Ming qatla shukr.
— Bo’lmasa,
Nega ichasan?
Xumpar!

IT HAQIDA DOSTON

— G’ulomqodir, eshitdingmi?
Guzarning oldida
Oqil akaning kuchugini
Mashina bosib ketgan emish.
— Yaqinda domga ko’chgan Oqil akanimi?
— Ha-da.
— Kuchukni tashlab ketishgan ekan-da?
— Xashaki edi…
— Bilasanmi?
Ko’rganlar
O’zini tashladi deyishyapti…

08

(Tashriflar: umumiy 3 331, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring