Kafkaning ushalmagan orzusi.

090

Аёл Венада, Кафка Прагада яшар эди. Кафка немис тилида ижод қиларди. Унинг асарини чех тилига биринчи марта айнан шу аёл, яъни Милена Есенская таржима қилади. Бу Кафканинг хориж тилида нашр қилинган дастлабки китоби эди. Муаллиф таржимоннинг маҳоратига юксак баҳо бериб, унга мактуб ёзди. Шу тариқа улар ўртасида ёзишмалар бошланди. Кафканинг мактублари борган сари узун, очиқ-ойдин тус ола борди. У Миленага ҳар хусусда, ҳатто энг яқин кишисига ҳам ўйлашиб сўзлайдиган воқеалар ҳақида ёзарди. “Сен меникисан, ҳатто сени ҳеч қачон кўрмасам ҳам”, – дерди у ҳар сафар мактуб сўнгида.

03

КАФКАНИНГ УШАЛМАГАН ОРЗУСИ
Иззат Аҳмедов тайёрлаган

03

Тақдир уларни илк бор Прагадаги қаҳвахоналардан бирида учраштирди. Ўшанда Кафка пул майдалаётиб, шундоққина ёнидан ўтиб кетган ёшгина, кўркам аёлга унчалик эътибор бермаганди. Унинг кўзлари рангини, юз тузилишини, ёқимтой чеҳрасини эслаб қолмаган эди. Фақат қаҳвахонадан чиқа туриб, беихтиёр нигоҳи аёлга тушди. У аёлнинг нозик жуссаси, ҳарир кўйлагига узоқ термулиб қолди.
Аёл Венада, Кафка Прагада яшар эди. Кафка немис тилида ижод қиларди. Унинг асарини чех тилига биринчи марта айнан шу аёл, яъни Милена Есенская таржима қилади. Бу Кафканинг хориж тилида нашр қилинган дастлабки китоби эди. Муаллиф таржимоннинг маҳоратига юксак баҳо бериб, унга мактуб ёзди. Шу тариқа улар ўртасида ёзишмалар бошланди. Кафканинг мактублари борган сари узун, очиқ-ойдин тус ола борди. У Миленага ҳар хусусда, ҳатто энг яқин кишисига ҳам ўйлашиб сўзлайдиган воқеалар ҳақида ёзарди. “Сен меникисан, ҳатто сени ҳеч қачон кўрмасам ҳам”, – дерди у ҳар сафар мактуб сўнгида.
Франц Кафкага севгилисини ҳеч қачон кўрмаслик эҳтимоли уни бир кун учратиб қолишдан кўра ишончлироқ туюларди. Баъзан у ҳамма нарсага қўл силтаб таваккал қилмоқчи бўларди-ю, аммо бунинг ўзи кифоя қилмаслигини англаб, хаёллар гирдобига шўнғирди. Ўртада бир тўсиқ, у ҳам бўлса Миленанинг эри борлиги Кафкани шаштидан қайтарарди. Агар бу ҳақда Миленанинг эри билиб қолса, жанжал бўлиши аниқ эди. Ниҳоят, у Венага жўнашга аҳд қилади. Бироқ бу қарори ҳам қатъий эмасди. У доимо бирор нарсани бошлаб қўйгач, кўп вақт иккиланиб юрарди. Унинг хаёллари беқарор эди. Венага кетишини эрта-индин, дея чўзиб юрарди. Кафка бир нарсани аниқ биларди. У ҳеч қачон севгилисини ўзи билан учрашишга мажбур қилмасди, бехосдан Миленани қўрқитиб қўйишдан чўчирди.
Кафка Венага етиб келгач, аввал шаҳарни обдон ўрганди. Шундай ҳашаматли шаҳарда севгилиси иккаласига бир хонали уй ҳам етарли эканлигини, бирор мўъжаз кулбада ширин турмуш кечириш мумкинлигини хаёлидан ўтказди. Ниҳоят, у Миленага шошилинчнома жўнатди. “Агар бирор кор-ҳол юз бермаса, сешанба куни Венага етиб бораман”.
Икки кечани уйқусиз ўтказганини айтмаса, Кафканинг ҳаётида ғайритабиий ўзгариш деярли рўй бермади. Айтилган куни, яъни 1920 йилнинг 29 июль куни суғурта компаниясининг ходими Франц Кафка хўжайинидан тўрт кунлик таътил олиб, Венага жўнади. У ерга келгач, Жанубий вокзалдаги қаҳвахонага тамадди қилгани кирди ва таъмсиз какао ичиб ўтирган кўйи севгилисига мактуб ёзди. Унда ҳамма нарса тўғрисида: ўзига ёқмаган какао, печенье, шунингдек, “Рифа” меҳмонхонасига жойлашгани ва бошқа воқеалар хусусида сўз юритаркан, мактуб сўнгида кичик илтимосни ҳам тиркаб қўйишни унутмади: “Сендан ўтинаман, Милена, яна кутилмаганда ёнимдан ёки ортимдан чиқиб, мени қўрқитиб юборма!”.
Мактубга эътибор берилса , Кафканинг ўша пайтдаги асосий ташвиши фақат кутишдан иборатлиги аён бўлади. “Мен шаҳарни жимгина, ҳеч кимга сездирмай кезмоқчиман”. Бу ибора қалбида муҳаббат оташи ёнаётган йигитнинг эҳтиёткорлигидан дарак берарди. Ҳа, Кафка Венани оҳиста кезмоқда эди. У Миленанинг қўпол, важоҳатли эрига дуч келишдан, юрагидаги сир ошкор бўлиб қолишидан ҳадиксирарди. Кафка доимий беркиниб юришдан безиб кетганди, – “Битта кулба бўлса-ю, тинчгина яшасанг, биров ҳаётингга аралашмаса, сен ҳам бировнинг ишига бурун суқмасанг”, – дерди.
“Уя” новелласида Кафка бош қаҳрамон тилидан сўзлайди. “Хўш, кўрсичқон бўлсам нима бўпти? Мен ўзимга тааллуқли бўлмаган нарсалар ҳақида ёзмайман-ку!”
Ғайратли, ҳаётни севувчи Милена дўстини ана шундай уядан тортиб чиқаришга муваффақ бўлди.

Бироқ бу билангина чекланиб қолмади. У Кафкани ҳаракатга чорлаб, руҳлантирди, далда берди. Кафка Милена билан ўтган ажойиб кунларини хотирларкан, шундай деб ёзади: “Мен уни Вена атрофидаги ўрмонларда сайр қилдирдим. Мен олдинда кетардим . У эса ортимдан ёш боладек эргашиб, секин юриб келарди. Кўзимни юмсам, бўлди, дарҳол кўз ўнгимда унинг оппоқ кўйлаги, офтобда куйган бўйни намоён бўлар, кўп юриб толиққанидан, ҳансираб нафас олгани эшитиларди. Милена тоғда, тоғ ён-бағридаги дараларда жазирама қуёш остида юрса ҳам, бирор марта чарчадим , демасди”.
Улар соатлаб сайр қилишар, кўпинча Кафка қорни очиққани сабабли дам олиб, уйқуга кетар эди. Ёзувчини ҳеч ким ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганди. Прагага қайтгач, Кафка Милена билан бирга ўтказган кунларини, қизиқарли саёҳатлари ва суҳбатларини кўп бора эслайди. “Сен ёнимда борардинг, Милена, ўйлаб кўр, ёнимда борардинг-а!”. У Халқ боғи номини олган хиёбонни, шаҳар чеккасидаги қайинзор ва қуёш нури зўрға етиб борадиган ўрмонни кўп қўмсарди. “Сенинг чеҳранг, ярим очиқ сийнанг шундоққина кўз ўнгимдан кетмайди…”
Кафка фақат севгилиси ҳақидаги ўй-хаёллар билан кифояланганда ўзганинг юрак сирларини билишга интилаётган синчков жарроҳ ҳолига тушиб қолган бўлур эди. Хўш, аслида Кафка нимани билишга интиларди? “Йўқ, бу севги эмас, балки севгидан ҳам юксакроқ туйғу, у менинг бутун вужудим, борлиғим, қобилиятим, истеъдодимдир”.
Афсуски, Кафканинг тасаввуридаги муҳаббат вақтинчалик эди. Шаҳар чеккасидаги ўрмон ва боғларда сайр қилиб бўлишгач, Милена уйига – эрининг ёнига қайтарди. Ноилож, Кафка ҳам Прагага, уни орзиқиб кутаётган қайлиғи томон йўл оларди.

Бироқ севгисиз қурилган оила омонатлиги, ҳар иккаласига ҳам бахтсизлик келтиришидан қайлиғини огоҳ этмоқ учун унинг ёнига борарди. Милена-чи? Йўқ, Милена банкир эри билан ажралишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Жуссаси нозик, юзида табассум жилва қилиб турадиган Милена Кафканинг тинч, осуда ҳаётини алғов-далғов қилиб юборди. Энди Кафка батамом ўзгарди. Ҳа, ўзини жониворга қиёслаган Кафка хаёлпараст одамдан буткул бошқа одамга айланганди.
“Бир куни тонгда уйқудан чўчиб уйғонган Грегор Замза ўз ўрнида қўрқинчли ҳашаротга айланганини кўради”. “Эврилиш” ҳикоясидан олинган ушбу сатрлар қиёфаси ўзгарган одамга берилган кичик бир нисбатдир. Бу қисса Кафка ижодининг энг шоҳ асаригина бўлиб қолмай, XX аср адабиётининг сара асарларидан бирига айланди. Ҳикояни чех тилига таржима қилган Милена Кафканинг руҳий ҳолатида зиддият юзага келаётганини ҳис қилиб турарди. Бу асарнинг ҳар бир сатрида ғалати, ҳеч кимникига ўхшамас руҳ ҳукм сурарди. Ҳар қандай бўёқлар, жилолардан холи эди… “Мен ҳамиша одамларга қўрқувни сингдириб келаман. Бироқ унинг кўп қисмини ўзимда қолдиришга ҳаракат қиламан”.
Қаҳрамонидан фарқли ўлароқ, Кафка Миленага энг ёруғ ҳис-туйғуларни ҳадя этишга интиларди. Ўз навбатида бу фикрларини шошилинчнома ва мактублар орқали юборарди. “Юборган мактубларингдан эсим оғиб қолай деяпти”, – хотирлайди Кафка. Бир сафар у шошилинчномани йўқотиб қўяди. “Мен хафаман. Жўнатган шошилинчномангни қаерга қўйганим ёки туширганимни эслолмаяпман. Карахт аҳволдаман, тушкунликка тушганман. Бунга ҳам сен айбдорсан. Агар чиройли сўзлар битмаганингда эди, мен уни ҳадеб қўлимда ўйнайвермай, бир чеккага олиб қўйган бўлардим”.
Милена Кафка билан бирга бўлиш ҳақида кўп ўйлар, ёрқин келажак тўғрисидаги тасаввурини қоғозга туширарди. Унга жавобан Кафка мийғида кулиб қўя қоларди. “Милена, сен мутлақо рўёбга чиқмайдиган
орзулар ҳақида фикр юритасан. Ахир,биз ҳеч қачон бирга бўлолмаймиз-ку!– деб ёзарди у Миленага. – Дунёда
англаб бўлмас сир-синоатлар кўп. Шулардан бири бизнинг йўлимиз айро эканлигидир. Битта уйда яшаб, бир столда ўтириб, ҳатто шаҳримиз умумий бўлса ҳам, орзу-ниятларимиз амалга ошмайди”.
Кафка бутун ҳаёти давомида оила қуриш орзуси билан яшади. “Бу менинг ягона ва бирдан бир мақсадим, фақат оилам бўлсагина, мен ўзимни тўлақонли инсон деб ҳисоблашим мумкин, – деганди унинг ўзи. – Фарзанд – кўриш, бола-чақа орттириш менга насиб этмайдиган кўринади”.
Дунёдан бола-чақасиз ўтиш Кафка учун жуда оғир эди. “Бу бахтсизликка ҳам пешвоз чиқдим. Нима қилай, ахир ота бўлиш учун таваккал қилишнинг ўзи кифоя эмас экан”.
Кафка нима қилиб бўлса-да, севган аёли билан бирга бўлишга рози эди. Аммо бунга Милена кўнмасди. Чунки бундай жасоратга тайёр эмасди. “Ҳозирча пулим кўп бўлмаса-да, иккимизнинг яшаб туришимизга етади”, деб Миленани олиб кетишга кўндирмоқчи бўлиб ёлворарди Кафка. Аёл барибир рад жавобини бераверар, эрини ёлғизлик домига ташлашга кўзи қиймасди. Шуниси қизиқки, орзудаги келажак ҳақида Кафкага унинг собиқ қайлиғи Фелица Бауэр ҳам сўз очганда, ёзувчи шундай жавоб берган эди: “Менинг ҳеч қандай режаларим йўқ, ҳатто тахминларим ҳам. Келажакка қараб дадил одим ташлашни ҳали ўрганганим йўқ. Ҳозирча мен фақат сувга калла ташлашни, келажакдан сирпаниб тушишни, ўмбалоқ ошишни, сўнг қоқилиб, чирпирак учишни биламан, холос”.
Милена бу хатарли қулашнинг олдини олишга, Кафкани тўхтатиб қолишга ҳаракат қиларди. Кафка Венага қайтмагач, унинг ўзи Прагага боришга аҳд қилди. Кундалик дафтарида бу ташриф Кафкани беҳад қувонтириб юборганини қайд қилиб ўтади.
Кафка оғир бетоб эди. Касаллик уни енгишга интилар, унинг эса таслим бўлгиси келмасди. Ниҳоят, ҳолсизлик уни тўшакка михлади. Буни қарангки, Милена ҳам худди шу касаллик билан оғриганди, фақат унинг касаллиги бироз енгилроқ эди. Бироқ Милена ўлишни истамасди. У бор кучи-ю имконияти билан тубанликдан, қоронғуликдан қочишга ҳаракат қиларди. Кафка ҳаёт синовларига тайёр бўлмагани учун йўлидаги ҳатто энг кичик тўсиқларни ҳам енгиб ўтишдан воз кечди. Милена эса барча қийинчиликларга астойдил қаршилик кўрсатишга ўзида куч топа олди. У Чехиядаги ҳаракатларда иштирок этгани учун немис концлагерига тушиб қолади ва 1944 йили, Кафка вафотидан йигирма йил ўтгач, оламдан ўтади. Бу вақтга келиб, Кафка Чехияда классик  ёзувчи сифатида танилиб бўлганди. Унинг илк таржимони Милена ёзувчи ҳақидаги қимматли фикрларини айтишга ҳам улгурганди.
“Биз ҳаётга кўниб, кўникиб яшадик, ёлғондан, зулматдан, руҳиятдан, интилишдан, қатъий фикрдан, тушкунликдан, хуллас, бизни ўраб турган ҳамма нарсадан нажот изладик, – деб ёзади Милена Есенская. – Франц бўлса, бирон-бир чора тополмади, қочишга жой ҳам қидирмади. У манфаати йўлида ёлғон сўзлаш у ёқда турсин, лоақал тузукроқ бирон егулик топишни ҳам эплолмасди. Унинг ҳеч бир ҳимоячиси ҳам, бошпанаси ҳам йўқ эди. Либосларга бурканган одамлар орасида яланғоч эди гўё…”.
Кафканинг тақдирига шундай қийин ҳаёт битилган бўлса-да, у Миленани довюрак бўлишга ўргатди. Бошқа барча гўзал фазилатлари эса унга Яратган томонидан берилган эди. Миленанинг яна бир хислати – ҳайратлана олиши эди. Айнан ана шу ҳайрат уни адиб ҳақида энг аниқ, энг таъсирчан сўзларни айтишга ундаганди. Бу сўзлар жуда оддий эди: “Кафканинг китоблари ажойиб, ўзи эса ундан-да ажойиб”.

Манба: «Жаҳон адабиёти»,2012 йил,11- сон

Франс Кафканинг Миленага ёзган мактублари билан мана бу саҳифада танишинг.

(Tashriflar: umumiy 204, bugungi 1)

Izoh qoldiring