Xuan Karlos Onetti. Xush kelibsan,Bob!

045    Хуан Карлос Онетти – Лотин Амреика адабиётининг йирик вакили, фақат йирик вакил эмас, бу қитъа дабиётига насрий-психологик услуб олиб кирган ва айнан шу услуби билан дунё адабиётида ўз ўрнига эга бўлган моҳир ёзувчи. Хуан Карлос Онетти асарлари оддий ва аксарият бахтсиз одамлар ҳақида. Аммо ана шу оддий одамлар қалби шундай усталик билан очиладики, сиз бу қаҳрамонлар кечинмаларидаги гўзал туйғуларнинг бетакрор жилоси ва ноласига гувоҳ бўласиз, уларнинг дарди-ғамига шерик бўласиз, энг муҳими, насрнинг ҳақиқий санъат эканини ҳис қилиб турасиз. Онеттини ўқишнинг ва уқишнинг ўзи ҳам мактаб.

   Узоқ йиллар адабий танқидчилик Онеттини Фолкнер асарларининг тақлидчиси сифатида айблаб келди. Аммо 60-йилларда дунё адабиётига ўзига хос овоз билан кириб келган Кортасар, Габриэль Маркес, Варгас Льоса, Карлос Фуэнтес, Эрнесто Сабато бу адиб асарларидан илҳомланиб, улардан куч олиб ўз ижод йўлини танлашганини эътироф этишгач, унга бўлган муносабат ўзгарди (Назар Эшонқулнинг «Хуан Карлос Онетти» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада.

Хуан Карлос Онетти
 ХУШ КЕЛИБСАН, БОБ!
Назар Эшонқул таржимаси
045

Ҳа, кўриниб турибди, у Боб деб, чақирган замонлардан кундан-кун узоқлашиб, яна ҳам тезлик билан кексайиб борарди ва унда ўша паллалардан — хонага кириб, жимгина саломлашиб ёки қўлини қулоғининг атрофида қоқиб қўйиб, чироқнинг остида, роял билан ёнма-ён китоб ушлаганча ўтирадиган ёки шунчаки паришон ва тунд қиёфада юз ифодасини ўзгартирмай, лабларига сигарета қўндириб, очранг пиджагининг қайтарма ёқасига тушган кулни қоқиш учунгина баъзи-баъзида бармоқларини силкитиб, узоқ вақт биздан навқирон нигоҳини узмай ўтирадиган пайтлардан — фақат пешонасида бир тутам малла сочи, ёниб турган кўзлари ва юзини гул-гул очиб юборадиган табассумигина сақланиб қолган эди.

Унинг ивирсиқ шакли шамойилидан нима тўғри келса ичаверадиган, исқирт қўллари билан оғзини ёпганча, тинмай пук-пук юталадиган қаримсиқ Робертадек ароқхўр ҳам ҳатто энг узун зиёфатларда икки човмиш пиводан ортиқ ичмайдиган клуб майхонасидаги курсиларда олдига проигривател учун олиб келган ўн сентлик чақаларни тахлаб ўтирадиган ўша мишиқи Бобни топиб олиш мушкул эди. У ўша пайтлари деярли барча жаз мусиқасини ёлғиз, орзуманд, юзлари бахтдан яйраб кетган алфозда тинглаб ўтирар, яқинига борганимда саломлашгандек бошини сал эгар, агар майхонада қолсам, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган чуқур нафрату ғазаб билан ёниб турадиган ҳаётнинг турли таҳқирларига тўла мовий кўзларнинг таъқибидан токи тоқатим тоқ бўлганча, мени гоҳ зимдан, гоҳ ошкора кузатиб ўтираверарди. Шанба кунлар эса у худди ўзидек одамнинг ғашини келтирадиган даражада исқирт, қандайдир мишиқи бола билан бирга келар, улар якка ижро этиладиган қўшиқлару, андозага кирган мусиқалар ва хорлар ҳақида ёки Боб меъмор бўлгач, соҳилда қурадиган ғаройиб шаҳар ҳақида баҳслашиб ўтиришарди. Мени кўргач эса бошини уқувсизлик билан салгина эгиб, суҳбатни тўхтатар ва кўзини узмасдан мени таъқиб этар, гоҳ-гоҳидагина ўртага бепарво гап ташлаб қўяр ёки оғзининг бир четидан ёш дўстчасига табассум қилар, сўнг эса яна ўзининг сурбетона боқиши билан менга нисбатан нафрати сўнмаслигини таъкидалаётгандек, нигоҳларини ханжардек қадаб ўтираверарди.

Баъзида мен ўзимни етарли даражада кучли ҳис қилиб, унга тик қарашга журъат қилардим; иягимга қўлимни тирар, тутунни қадаҳ устидан ошириб пуфлар, кўзларимни лўқ қилиб, унинг совуқ ва бироз маҳзун нигоҳини ўзимнинг юзимдан ҳайдаб юборишга урингандек унга секин қарардим. Ўша пайтларда Боб Инесга жуда ўхшарди; лиқ тўла кенг клуб зали адоғида унинг юзида Инеснинг чеҳрасини кўриб тургандек бўлардим; эҳтимол, кейинги оқшомларда Бобга худди Инесга тикилгандай маҳлиё бўлиб, термулиб ўтиргандирман. Бироқ кўпинча мен Бобнинг нигоҳини унутишга ҳаракат қилардим; унга ён томонимни ўгириб, атрофимдаги столларда қизғин суҳбатлашаётганларни истамайгина маҳзун кузатар, мени ўзига яқин оладиган бирон фазилат ҳам йўқ, деб биладиган Бобни бошқа хислатларим ҳам борлигига ишонтириш истагида ёнардим. Баъзида бир неча қадаҳдан сўнг дадилланиб, «Қани, азизим, Боб, опагинангга буни ҳам бориб айтчи,» дея ичимда хитоб қилар ва столим атрофидаги қизларнинг қўлларини шилқимларча силаб ёки бирорта қичиқ латифа айтар, қизлар ҳаёсизларча хохолаб кулишар, Боб эса ҳаммасини кўриб, эшитиб турарди.

Бироқ мен қандай қилиб кўрсатмайин, Бобнинг на муносабати, на кўзларидаги таҳқир ўзгарарди. Шуни айтишим керакки, у мени фақат майхонадагина таъқиб этмас, фақат менинг майхонадаги саргузаштларимдангина хабардор эмасди. Бир куни оқшом пайти мен уларнинг меҳмонхонасида, роял ёнида тик ҳолда Инесни илҳақ бўлиб кутиб турганимда, тўсатдан Боб кириб қолганди. Унинг мовутининг барча тугмалари қадалган, қўли эса чўнтагида эди. У мен билан бошини силкитиб, саломлашганди-да, сўнг худди хонада ҳеч ким йўқдай, худди бошини силкитиши билан мени узоқ-узоқларга улоқтириб ташлагандай, ҳамма нарсага бепарво кўз югуртириб чиқди ва хона бўйлаб секин юра бошлади; мен унинг стол олдида, каучик пошнали сариқ пойафзали билан гиламни депсиганча, асабий тарзда олдинга ва орқага қандай бориб келаётганини кузатиб турардим. Бармоқлари билан гулнинг ғунчасини ўйнаган ва гулни вазага лоқайдлик билан қайта жойлаган куйи мендан юзини бутунлай ўгириб олганди. Бошини сал эгиб, тунд ва ўйчан қиёфада стол чеккасида ўтирар ва чекар эди. Мен роялга суяниб турар эканман, чап қўлим, бехосдан йўғон товушли клавишга тегиб кетганди, ўзимни бу ноқулай вазиятдан қутқариш учун клавишни, Бобдан кўзимни узмай, уч дақиқача тўхтовсиз босиб тургандим.

Унга нисбатан кўнглим қаҳру-ғазаб, таҳқирли ҳақоратлар билан тўлганини ҳис этган ва ўртадаги нохуш жимликни йўқотиш учун токи бу манзарани зинанинг юқори палласидан ёки эшик остонасидан турган Инеснинг қиёфасига кириб келмагунча, клавишни қўрқоқларча жаҳл билан босавергандим; бу манзарагаюқоридан — зинада пайдо бўлган Инеснинг нигоҳи билан боққанимда мени мазах қилгандек аламидан ушшайиб ўтирган паришон Бобни, устимизда ҳалқа-ҳалқа бўлиб сузиб юрган паға-паға тутунни кўргандим; у ердан ним қоронғу мекҳмонхонада кулгули ҳолатда тик ва ҳаракатсиз қотиб турганча ҳар уч дақиқада кўрсаткич бармоғи билан йўғон товушли клавишни шиддат билан босаётган қаҳрли ва кулгини қистатадиган қиёфада гердайиб турган ўзимни кўргандим. Ва мен шунда, бу товушни шунчаки, чираниш учунгина босаётганим йўқ, йўқ, мен уни чорлаяпман; охири зўрға титраб чиқаётган ва бармоғим остида қайта-қайта пайдо бўлаётган бу йўғон товушли сирли оҳанг — мен излай-излай ниҳоят топган ва Бобдан, унинг бешафқат ва ўжар ёшлигидан шафқат ва марҳамат сўраётган, шу пайтгача менинг тилимга келмаган илтижо дея ўйлагандим. Инес ётоғининг эшигини тарақлатиб ёпиб, олдимга тушиб кела бошлаганди. Боб жойида ҳайкалдай қотиб ўтирарди. Сўнг у ўрнидан туриб, роялнинг қуйруғига истамайгина яқинлашди-да, тирсаги билан қопқоғига суяниб, менга ярим масхара ва таҳқир аралаш тикилди ва юзини ял-ял очиб юборадиган табассум билан;

— Хўш, қалай,-деб сўради,- бу оқшом сут оқшоми бўладими ёки виски оқшомими? Оламни қутқарувчи халоскор ҳақида лақиллайсизми ёки башарият таназзули ҳақида лоф урасизми?

Мен унга ҳеч нарса, деб жавоб беролмадим ҳам ва башараси аралаш қулоғи тагига туширолмадим ҳам; клавишни босишдан тўхтаб, тезда қўлимни роялдан зарда аралаш тортиб олдим. У чиқиб кета туриб; «Майли, бир пулга қиммат насиҳатларингиз билан заҳарламасингиздан қочиб қолай” деган паллада, Инес зинанинг ўртасига келиб қолганди.

Бизнинг ит-мушуклигимиз яна уч-тўрт ой давом этганди; шундай бўлса ҳам мен оқшомлари клубга боришни канда қилмасдим- эслашимча, ўша пайтлари теннис бўйича чемпионат ўтказилаётган эди — менинг клубга бормай қўйишим унинг ғалабасини билдирар, Бу ҳол Бобнинг баттар кулгисини ва нафратини қўзғатар, мени увадаси чиқиб кетган, пачоқ креслога чўккан куйи афтини тантанавор бужмайтириб кутиб олган бўларди..

Вақти келиб, мен иложи борича тезроқ фақат Инесга уйланишнигина ўйлай бошлаганимда, Боб ҳам, унинг кураш усули ҳам бирдан ўзгарди. Мен ҳали бу истакни қандай бўлмасин юзага чиқариш иштиёқида юрганимда, билмадим, ўзининг опасига ўйланиш ниятим борлигини у қаердан билди экан? Бу истак пайдо бўлиши биланоқ менинг муҳаббатим ўтмишни бир чеккага суриб қўйди, бугунги жамики бошқа икир-чикирлар билан ҳам алоқасини узди. Гарчи, бир неча кундан сўнг бирдан хаёлимга Боб кейинги пайтларда жуда ўзгариб кетди, деган фикр тўхтовсиз келган ва бир куни чорраҳда серрайиб турганча, унинг энди масхара эмас, худди даҳшат солиб турган муқаррар хавфнинг чангалида ёки қийин вазиятда қолиб, олдида пайдо бўлган тўсиқларни чамалаб кўраётган ва унга қарши ўзининг кучларини тўплаётган кишидек бутун диққатни ўғирлаган қандайдир режалар акс этиб турган юзини эслаб ғазабдан тишларим ғижирлаб кетган, уни ичимда боплаб сўккан бўлсам ҳам, энди унга эътибор бермасликка қарор қилгандим. Тезда бу нарсаларга эътибор қилмай ҳам қўйдим. Ҳатто Инесга уйланиш истагим қат-қат йилларнинг ва воқеаларнинг тагида ётган, энди эса ўтмишга айланган ўша олис навқиронлик давридан ўсиб чиққани учун мени Бобга яқин қилиб қўйди ва тез орада унинг ифодасиз, совуқ юзида ўзимнинг ҳақиқий ҳолатимни тушунганлигини билдирувчи ифода ҳам акс этади, деб ўйлагандим.

Сўнг мен у билан муқаррар тўқнашувни кутиб юрганимни, бироқ буни Боб мендан бошқа бирон мижози қолмаган клубга кириб, курсига ўтиргач ва имо билан дастёрга рухсат бергачгина англагандим. Унга хотиржам тикилганча жимгина жилмайиб ўтирдим — у асосан, қошлари чимирилган пайтда Инесга жуда ҳам ўхшар, бурнининг учи, худди опасиникидек, гапираётганда бироз пучуқлашар эди.

— Сиз Инесга уйланмайсиз, — деди у ниҳоят.

Мен унга қараб ғолибона кулимсирадим ва жилмайган куйи атрофга кўз югуртириб чиқдим.

— Йўқ, сиз унга уйланмайсиз. Гарчи сиз астойдил шунга интилаётган бўлсангиз ҳам бу ғаразли ниятингиз амалга ошмайди.

Мен яна такаллуфсиз тиржайдим.

— Бир неча йил олдин Инесга уйланишни жуда ҳам хоҳлар эдим,- дедим,- бироқ энди опанг мени қизиқтирмайди, мен учун барибир. Шундай бўлса ҳам агар сиз бирон нарсани ойдинлаштирмоқчи бўлсангиз сизни эшитишга тайёрман…

У бирон сўз демай, бошини кўтариб менга тикилди: унинг нимадир демоқчилиги кўриниб турарди, бироқ у мен гапириб бўлгунча, жим кутиб турди.

— …агар сиз нима учун Инесга уйланишимни истамаётганлигингизни тушунтира олсангиз, унда… -дедим мен сўзларни чертиб–чертиб гапирганча гавдамни орқага олиб, деворга суяндим. Худди шу дақиқада у мени бутун вужуди билан ёмон кўришини англаб қолдим ва энди бунга заррача шубҳа қилишим мумкин эмас эди. У ҳаддан ташқари оқариб кетди, жаҳл билан қимтиб олган лабларида қаҳрли табассум жилваланарди.

— Буни бандма-банд изоҳлаш керак бўлади,- минғирлади у, -бунинг учун эса бир кеча етмайди. Бироқ уч-тўрт сўз билан ҳам айтса бўлади. Шунинг учун унга уйланмайсизки, сиз жуда кексайиб қолгансиз, у эса ҳали жуда ёш. Ёшингиз нечада эканлигини билмайман, ўттиздадир, қирқдадир, бунинг аҳамияти йўқ. Бироқ атоқли, таниқли кишилардан ташқари, шу ёшдаги барча кишилардек сиз ҳам мураккаблашган, яъни , аниқроғи, кексариб, айниган одамсиз.

У ўчиб қолган сигаретасини зарда билан сўрганча кўчага қаради, сўнг яна менга ўгирилди; мен аввалгидай, деворга суянганча, ўтирар ва ва давомини кутар эдим.

— Тўғри, ўзингизни таниқли киши деб ҳисоблашга сизда асослар бордир. Масалан, сиз гаплирингизга қараганда, кўпларни ҳалокатдан қутқариб қолгансиз. Бироқ буларнинг бари ёлғон.

Мен унга ён томонимни ўгириб чекиб ўтирардим; у менинг бутун ўй-у -фикримни алғов-далғов қилиб ташлаганди, мен иккилана бошлагандим; Инесга уйланиш истагига тушганимдан сўнг энди ҳеч ким мени иккилантиршга, бу мақсадддан қайтиришга, ёшим ва кучимни эслатиб, довдиратишга кучи етмайди, деб қатъий ишонган эдим. Йўқ, гарчи орамизда бор-йўғи ўн йил фарқ бўлса-да, мен ўзимни худди Бобо каби навқирон ва орзуманд деб ҳисоблар эдим.

— Сиз, афтидан, чалкаштираётганга ўхшайсиз, -дедим мен. -Марҳамат қилиб, айтингчи, сизнинг-ча, менинг нимам айниган…

— Йўқ, йўқ, -шошиб қаршилик кўрсатди у, — мен у даражада ғўр эмасман. Чапанилик қилиб, ҳақоратлаш ниятим йўқ. Сиз бор йўғи худбин одамсиз, холос ва туйғуларингизда ҳам қандайдир жирканч мақсад бор. Сиз майда нарсаларга ўралашиб қолгансиз ва майдакашлик сизни пасткаш киши эканлигингизни кўрсатиб турибди. Ҳақиқат шуки, сиз аслида, орзунинг ўзи йўқ ва ҳеч нарсага астойдил кўнгил қўя олмайсиз. Ҳамма гап шундаки, бошқа ҳеч нарсада эмас, сизнинг кўнглингиз кексайиб қолган, унинг кўнгли эса ҳали жуда ёш. Мен ҳатто уни сиз билан бирга ўтирган ҳолатда ҳам тасаввур қилолмайман. Сиз эса нималарни истаб юрибсиз….

Бироқ мен бу марта ҳам унинг башарасига тушира олмадим ва кўксимни тилимлаб ташлаётган аччиқ сўзларга эътибор бермасликка қарор қилиб, проигривател ёнига бордим ва қандайдир тугмачани босиб, танга ташладим. Жойимга шошмасдан қайтдим ва яна ўзимни лоқайд тутиб, куй эшита бошладим. Қандайдир паст мусиқа янграрди, менга нотаниш хонанда майин ва маҳзун қўшиқни паст овозда айтарди. Боб эса ёнимда ўтирганча, гарчи укаси бўлса ҳам, ҳатто ўзи ҳам Инеснинг сочининг бир толасига арзимаслиги ҳақида куйиниб гапирарди. «Бечора бола», деб ўйлагандим. Мен уни худди эркалаётгандек, у эса ҳамон минғирлар, унинг гапларига қараганда, “кексаликни билдирадиган қалб ўлатининг зарарли томони” шундаки, балким одам айнишининг рамзий белгиси ҳам шудир, бу тайёр қолипларда фикр юритиш, яъни барча аёлларни «заифа» деган сўзга бирлаштириш, жирканч тажрибаларда пайдо бўлган тайёр қолипчага ҳаммани олиб келиб тиқиш, ҳаммага бир хил кўз билан қараш. «Бироқ,-деди у, яна-«тажриба» деган ифода ҳам унчалик тўғри эмас. Бу ерда ҳеч қандай тажриба йўқ. Бу тушунча ва нарсани ифодалайдиган ўзлари учун ясаб олган сийқа таъриф қатъий қайта-қайта чайнаш ва узлуксиз такрорлайвериш, бошқача айтганда, ўз қалби ва виждони олдидаги қўрқоқлик касаллигидир.” У ўшанда мана шунга яқин гапларни гапирганди. Мен эса унга ҳозир ҳатто ўзи Инеснинг чимчилоғига ҳам ёки этагининг бир четини ўпишга ва оёғининг изига ҳам арзимаслиги ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гапираётганда, агар Инесни ҳозир хаёлон қандай тасаввур қилаётганимни айтсам, Боб шу жойнинг ўзидаёқ юраги ёрилиб ўлармикин ёки мени уриб ўлдирармикин, дея мазахомуз ўй сурардим. Бир оз жимликдан сўнг мусиқа тугади, проигривателнинг чироғи ўчди ва яна ҳам чуқурроқ жимлик чўкди,- Боб «Бор гапим шу», деб тўнғиллади-да, қоматини тик тутиб ҳамишагидай ўзига ишонч акс этиб турган юриши билан шошилмай, секин мендан узоқлашди.

Агар ўша оқшом Бобнинг юзи менга Инеснинг қиёфасини эслатган ва баъзи вазиятларда эса наслий бир хиллик туфайлими ёки Боб Инеснинг қуйиб қўйгандек ўзи бўлгани учунми, менга Бобнинг ўрнида Инес ўтиргандай туюлганини ҳисобга олсам, унда шуни айтишим керакки, мен ўша оқшом Инесни охирги марта кўрган эдим. Тўғри, икки кундан сўнг одатдагидай оқшом пайти биз учрашган эдик ва кейин ҳам менинг сўзларим ва умуман, менинг бу дунёда бор ёки йўқ бўлишим энди Инес учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини, менинг жонга теккан илтижоларим худди бемақсад отилган тош каби бепоён ва кўм-кўк осмонга, сўлим кўклам фаслининг ҳаёт барқ уриб турган ям-яшил майсалари орасига иссиз сингиб кетишни олдиндан билган ва энди ҳаммаси беҳуда эканлигини ҳис этган ҳолда ҳеч нарсага ишонмай, ҳеч нарсага умид қилмай, туш пайти уни ўзим чақириб олган ва биз яна бир марта учрашган эдик.

Ўша оқшом Бобнинг чеҳрасида акс этган Инеснинг бир лаҳзалик қиёфаси менга унчалик рўйхушлик бермай нафратомуз тикилиб турган бўлса-да, барибир бу қиёфада ўзим учун севимли бўлган қизнинг мени ҳамиша ўзига маҳлиё қилган жўшқинлиги ва самимиятини ҳис этган эдим. Бироқ бизнинг охирги учрашувимизда бир кечада сўлиб, ҳамма нарсага бепарво бўлиб қолган бу бегона аёл билан, қандай қилиб, худди кўнглим маҳубиб бўлган Инес билан сўзлашаётгандай эмин-эркин суҳбатлашишим, уни хоҳлагандай эркалашим, қандай қилиб, уни ўз гапларимга ишонтиришим мумкин? Ўзининг уйида, креслога чўкканча ёки паркдаги ўтирғичда мук тушганча, сурати мен билан-у, сийрати ўзга дунёда кезиб юрган, худди мен кўнгил қўйган қиз бошқа-ю, юзида совуқ ифода ва укасининг мен ҳақимдаги тўқиб-бичган лофларига қоришиб ўтирган бу сулув бошқадай, кўзлари совуқ милтиллаётган, лабларини заҳарли қимтиб, тиззасидаги қўллари нафратдан титраб турган, худди юзини мендан бир умрга яширмоқчидек бўйнига рўмол ташлаб олган узун бўйли кибрли бу аёлнинг чеҳрасидан доимо нур ва меҳр ёғилиб турадиган Инес эканлигига қандай ишониш мумкин? Мен унга узоқ тикилган ва унинг бутун вужудидан «йўқ», деган сўз таралаётганини, ҳатто атрофидаги ҳаводан ҳам «йўқ» деган ҳид уфураётганини англаган эдим. Боб Инесни ўзининг гапига ишонтириш учун қандай уйдирма тўқиб чиқарганини мен ҳалигача билмайман; бироқ, ҳар қалай, мен унинг ёлғон гапирмаганига ишонаман; ўшанда уни ҳеч қандай куч, ҳатто Инеснинг ўзи ҳам ёлғон гапиришга мажбур қилолмасди. Мен Инесни ҳам, унинг ўша кунги сирти ялтироқ, ичи бўм-бўш қиёфасини ҳам бошқа учратмадим: бир қанча вақтдан сўнг унинг эрга тегиб, Буэнос-Айресга жўнаб кетганини эшитдим. Ўша пайтлари Инеснинг қалбидан мени, менинг қалбимдан Инесни қувиб чиқариш учун Боб ҳаётимни қандай қилиб икир-чикиригача ағдар-тўнтар қилганини ва уларнинг ичидан энг жирканч ва мақсадга мувофиқ ҳодисаларни танлаб олганини ёки ҳеч бўлмаса, бундай ҳодисаларни ўзи тўқиб ташлаганини хаёлан тасаввур қилар эканман, нафрат ва ғазабдан бўкириб йиғлаб юборгим келарди.

Мана, яна мен Бобни деярли ҳар куни ўша кафеда, ўша кишиларнинг даврасида учрата бошлаганимга ҳам бир йил бўлди. Бизни бир-биримизга таништирган пайти — уни энди Роберт деб чақиришарди- мен ўтмиш вақт деган нарсани билмаслигини ўн йиллар нарида ётган ҳар қандай воқеа худди кеча бўлиб ўтгандек, жуда яқин эканлигини англагандим. Бобнинг юзида ҳали ҳам менинг хотирамдан энди деярли ўча бошлаган таниш чеҳранинг элас-элас шарпалари сақланиб қолган эди: юпқа бежирим лабларнинг қандайдир ҳаракати бирдан Инеснинг хушбичим узун қоматини ва қадамларини таманно билан оҳиста ташлаб юришларини хотирамда қайтадан тиклаган эди: ўша ўзгармас мовий кўзлар эса менга қизил боғич билан чиройли қилиб боғланган ва пешонага осилиб турган майин сочларнинг тагидан боқаётгандек туюлиб кетганди. Энди бир умр айрилган, етиб бўлмас даражада узоқ-узоқларда қолган Инес гул-гул ёнган нозанин, ҳеч кимга ўхшамас ва ўзининг ўша пайтдаги гўзаллигига ҳеч бир гард юқтирмаган қиёфада барибир кўз олдимда яна намоён бўлди. Бироқ бугунги Робертнинг сўлғин юзи, пойинтор-сойинтор гаплари ва ҳеч бир аҳлоқ билан сиғишмайдиган хатти-ҳаракатлари орасидан ўша Бобни ковлаб топиш ва уни янчиб ташлашга интилишга ҳожат қолмаганди. Биринчи учрашган кунимизоқ мен у билан гаплашиб олиш ва исқирт башарасига тушириш учун унинг ёлғиз қолишини ёки кўчага чиқишини узоқ, интизор бўлиб кутган эдим. Мен қаҳвахонанинг деразасидан кўринаётган унинг аксига хотиржам тикилиб, Инес билан ўтган лаҳзаларни эслаб ва тасаввуримда Бобнинг танасидан бирор жойни танлаб, биринчи муштни ғолибона туширганимда, талаффуз қиладиган таҳқиромуз оҳангдан ўзим олдиндан лаззатланганча, уни бира тўла ер билан паймол қилиб ташлайдиган энг ҳақоратли жумлаларни ичимда тўқиб ўтирардим. Бироқ кечқурун у учта дўстининг кузатувида жўнагач, худди Боб кўп йиллар аввал қулай вазият келишини кутгандек, мен ҳам унинг ёлғиз қолишини кутишга аҳд қилдим. Биз у билан бошқа бир куни тўсатдан учрашиб қолган ва ўртамизда кутилмаган дўстлик пайдо бўлганда ҳам ундан қандай қилиб бўлса ҳам қасос олиш ниятим энди ҳеч қачон тарк этмаслигига қатъий ишонгандим. Мен у билан Инес ҳақида ва Боб билан боғлиқ ўтмиш ҳақида ҳеч қачон гаплашмасликка, буларнинг барини юзага чиқармай, юрагимнинг тўрида бир умр барҳаёт ҳолда сақлашга қарор қилгандим. Деярли ҳар бир оқшомни Роберт ва кафенинг доимий мижозлари билан ўтказар эканман, худди шундай қилдим ҳам. Қачонки Робертни кўриб ва унинг сўзларини эшитиб турар эканман, кўксимдаги хусумат ўти сўнмас ҳам, заифлашмас ҳам эди; ҳеч ким менинг унга нисбатан интиқомимни билмасди, бироқ мен кундан кунга нафрат ва лаззат билан бу туйғуни ошкора қилиб борардим. Мен Роберт билан дўстона ва қадрдонларча суҳбатлашар, чекар ва бирга қаҳва ичар эдим. Ва ҳамиша мен Боб ҳақида, унинг беғуборлиги ва садоқати ҳақида, унинг қўпол ва қўрс фикрлари ҳақида ўйлардим; мусикани севадиган Боб ҳақида, одамлар ҳаётини фаровонлаштириш ва миллионлаб кишиларга уй-жой бериш учун денгиз қирғоғида ғаройиб, гўзаллиги билан бутун дунёни мафтун қилиб қўядиган шаҳар қурмоқчи бўлган Боб ҳақида, ҳеч қачон ёлғон гапиришни билмайдиган Боб ҳақида, кексалар билан ёшлар ўртасида ҳаёт-мамот жангига чорлайдиган навқирон Боб ҳақида, келажакнинг ва дунёнинг вориси бўлган Боб ҳақида ўйлардим. Кўпдан бери ачинарли ва аянчли умр кечираётган, қандайдир сассиқ ҳид анқиб ётадиган корхонада ишлайдиган, семиз ва тепса тебранмас аёлга уйланган ва хотинини «менинг сенъорам» деб чақирадиган, узун, зерикарли шанба оқшомларини кафедаги оромкурсида ялпайганча ўтириб ёки газета ўқиб, телефон орқали пойгага пул тикиб ўтказадиган бармоқлари тамакидан сарғайиб кетган Роберто исмли кишининг қаршисида ўтирганча, мен буларнинг ҳаммасини бирма-бир кўз олдимга келтириб, жимгина ўтирардим.

Ҳеч бир ошиқ ҳаётнинг жирканч ботқоғига ботиб, муқаррар инқирозга қараб адашмасдан кетаётган умр карвонига мубтало бўлганчалик маъшуқасига мубтало бўлолмайди, киши умрнинг интиҳосига қараб югургандек маҳкумлик билан ҳеч бир ошиқ маъшуқнинг оғушига қараб югуролмайди. Ҳатто ўша ёниқ муҳаббат завқ-шавқини ҳам ўн йиллар олдин менинг ҳаётимдан ўчириб ташлаган, менга қалб ўлати ҳақида гапира туриб, қалбимга битмас жароҳат ва ўлат олиб келган, энди эса ҳаёт тегирмони қиймалаб ташлаган ўша Бобни эслатадиган бугунги Робертони кўрганда ва унинг бир замонлардаги таги пуч режаларини эслаганда менда пайдо бўладиган завқ-шавқ ва музаффарликни ҳар қандай ғолиблик ва завқ-шавқ билан ҳам солиштириб бўлмайди; шунинг ўзидан ҳам Боб ўзининг алдамчи орзулари билан ҳаётнинг қайси ўпқонига қараб югурганини билиб олса бўлади.

Билмадим катталарнинг бу мудҳиш ва қўланса дунёсида ҳар куни Боб билан кўришгандек, илгари Инес билан ҳам ақалли бир марта шундай қувонч ва муҳаббатдан маст бўлиб кўришдикмикин? Бу қўланса дунёга хуш келибсан, Боб! У ҳали бу ерга яқиндагина келган мусофир; у ҳали ўзининг ёшлигини тез-тез қўмсаб изтироб ва алам билан ўксиниб юради. Мен баъзан унинг тўйиб ичиб олиб, ўзини энг ифлос сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳар қандай бўлса ҳам бир вақтлар Боб бўлган пайтларига қайтаман деб ғўнғиллаб, қасам ичиб, йиғлаб ўтирганини кўриб қоламан. Ишонтириб айтиш мумкинки, худди шу дақиқаларда менинг юрагим муҳаббат туйғуси билан лиммо-лим тўлиб кетади ва қалбим худди оналарнинг мушфиқ қалбидек, яна ҳам марҳаматли ва шафқатли бўлиб қолади. У энди ҳеч қаёққа кетолмаслигини, чунки энди кетадиган жойнинг ўзи йўқлигини юрагимнинг туб-тубидан ҳис этиб турсам ҳам, бироқ умиду илтифот билан уни юпатишга ҳаракат қиламан ва унга далда бераман, қўллаб-қувватлайман. Илгари Боб бўлиб яшаган ватанининг бир ҳовуч тупроғи ёки гоҳ-гоҳида у ўлкадан абадий сургун қилинган кишилар олиб келадиган қадрдон, болалик кўчаларининг суратлари, ҳар хил ёдгорликлари, жўшқин ва эҳтиросли қўшиқлари ўрнига мен унга сабру-қаноат, қалбига таскин, эртанги кунига ишонч ва у яқинда ташлаб келган ёшлик мамлакатининг оромбахш нурларини ва мусаффо ҳавосини бир пайтлар опасига берган ваъдаларим каби совға қиламан. Ва у ҳам ҳаммасини қабул қилади: аввалига, қаршилик қилади, мен ўзимнинг садоқатимни қайта-қайта таъкидлавергач, навқирон Бобнинг дунёсига қайтадиган кун яқинлигига ишонган ҳолда, ниҳоят, у «ҳа, розиман» дейди ва жилмаяди; ўзи эса ўтмишдаги орзу умидларининг эрта завол топган бадбўй жасадлари ва жирканч туйғулар орасида минглаб оёқлар остида шафқатсиз топталавериб, майиб ва тақдирга тан берган қиёфада мажолсиз типирчилаганча, ўттиз ёшнинг сассиқ балчиғига тобора кўпроқ ботиб бораверади.

043

Xuan Karlos Onetti
XUSH KELIBSAN, BOB!
Nazar Eshonqul tarjimasi
045

  Ha, ko‘rinib turibdi, u Bob deb, chaqirgan zamonlardan kundan-kun uzoqlashib, yana ham tezlik bilan keksayib borardi va unda o‘sha pallalardan — xonaga kirib, jimgina salomlashib yoki qo‘lini qulog‘ining atrofida qoqib qo‘yib, chiroqning ostida, royal bilan yonma-yon kitob ushlagancha o‘tiradigan yoki shunchaki parishon va tund qiyofada yuz ifodasini o‘zgartirmay, lablariga sigareta qo‘ndirib, ochrang pidjagining qaytarma yoqasiga tushgan kulni qoqish uchungina ba’zi-ba’zida barmoqlarini silkitib, uzoq vaqt bizdan navqiron nigohini uzmay o‘tiradigan paytlardan — faqat peshonasida bir tutam malla sochi, yonib turgan ko‘zlari va yuzini gul-gul ochib yuboradigan tabassumigina saqlanib qolgan edi.

Uning ivirsiq shakli shamoyilidan nima to‘g‘ri kelsa ichaveradigan, isqirt qo‘llari bilan og‘zini yopgancha, tinmay puk-puk yutaladigan qarimsiq Robertadek aroqxo‘r ham hatto eng uzun ziyofatlarda ikki chovmish pivodan ortiq ichmaydigan klub mayxonasidagi kursilarda oldiga proigrivatel uchun olib kelgan o‘n sentlik chaqalarni taxlab o‘tiradigan o‘sha mishiqi Bobni topib olish mushkul edi. U o‘sha paytlari deyarli barcha jaz musiqasini yolg‘iz, orzumand, yuzlari baxtdan yayrab ketgan alfozda tinglab o‘tirar, yaqiniga borganimda salomlashgandek boshini sal egar, agar mayxonada qolsam, so‘z bilan ifodalab bo‘lmaydigan chuqur nafratu g‘azab bilan yonib turadigan hayotning turli tahqirlariga to‘la moviy ko‘zlarning ta’qibidan toki toqatim toq bo‘lgancha, meni goh zimdan, goh oshkora kuzatib o‘tiraverardi. Shanba kunlar esa u xuddi o‘zidek odamning g‘ashini keltiradigan darajada isqirt, qandaydir mishiqi bola bilan birga kelar, ular yakka ijro etiladigan qo‘shiqlaru, andozaga kirgan musiqalar va xorlar haqida yoki Bob me’mor bo‘lgach, sohilda quradigan g‘aroyib shahar haqida bahslashib o‘tirishardi. Meni ko‘rgach esa boshini uquvsizlik bilan salgina egib, suhbatni to‘xtatar va ko‘zini uzmasdan meni ta’qib etar, goh-gohidagina o‘rtaga beparvo gap tashlab qo‘yar yoki og‘zining bir chetidan yosh do‘stchasiga tabassum qilar, so‘ng esa yana o‘zining surbetona boqishi bilan menga nisbatan nafrati so‘nmasligini ta’kidalayotgandek, nigohlarini xanjardek qadab o‘tiraverardi.

Ba’zida men o‘zimni yetarli darajada kuchli his qilib, unga tik qarashga jur’at qilardim; iyagimga qo‘limni tirar, tutunni qadah ustidan oshirib puflar, ko‘zlarimni lo‘q qilib, uning sovuq va biroz mahzun nigohini o‘zimning yuzimdan haydab yuborishga uringandek unga sekin qarardim. O‘sha paytlarda Bob Inesga juda o‘xshardi; liq to‘la keng klub zali adog‘ida uning yuzida Inesning chehrasini ko‘rib turgandek bo‘lardim; ehtimol, keyingi oqshomlarda Bobga xuddi Inesga tikilganday mahliyo bo‘lib, termulib o‘tirgandirman. Biroq ko‘pincha men Bobning nigohini unutishga harakat qilardim; unga yon tomonimni o‘girib, atrofimdagi stollarda qizg‘in suhbatlashayotganlarni istamaygina mahzun kuzatar, meni o‘ziga yaqin oladigan biron fazilat ham yo‘q, deb biladigan Bobni boshqa xislatlarim ham borligiga ishontirish istagida yonardim. Ba’zida bir necha qadahdan so‘ng dadillanib, «Qani, azizim, Bob, opaginangga buni ham borib aytchi,» deya ichimda xitob qilar va stolim atrofidagi qizlarning qo‘llarini shilqimlarcha silab yoki birorta qichiq latifa aytar, qizlar hayosizlarcha xoxolab kulishar, Bob esa hammasini ko‘rib, eshitib turardi.

Biroq men qanday qilib ko‘rsatmayin, Bobning na munosabati, na ko‘zlaridagi tahqir o‘zgarardi. Shuni aytishim kerakki, u meni faqat mayxonadagina ta’qib etmas, faqat mening mayxonadagi sarguzashtlarimdangina xabardor emasdi. Bir kuni oqshom payti men ularning mehmonxonasida, royal yonida tik holda Inesni ilhaq bo‘lib kutib turganimda, to‘satdan Bob kirib qolgandi. Uning movutining barcha tugmalari qadalgan, qo‘li esa cho‘ntagida edi. U men bilan boshini silkitib, salomlashgandi-da, so‘ng xuddi xonada hech kim yo‘qday, xuddi boshini silkitishi bilan meni uzoq-uzoqlarga uloqtirib tashlaganday, hamma narsaga beparvo ko‘z yugurtirib chiqdi va xona bo‘ylab sekin yura boshladi; men uning stol oldida, kauchik poshnali sariq poyafzali bilan gilamni depsigancha, asabiy tarzda oldinga va orqaga qanday borib kelayotganini kuzatib turardim. Barmoqlari bilan gulning g‘unchasini o‘ynagan va gulni vazaga loqaydlik bilan qayta joylagan kuyi mendan yuzini butunlay o‘girib olgandi. Boshini sal egib, tund va o‘ychan qiyofada stol chekkasida o‘tirar va chekar edi. Men royalga suyanib turar ekanman, chap qo‘lim, bexosdan yo‘g‘on tovushli klavishga tegib ketgandi, o‘zimni bu noqulay vaziyatdan qutqarish uchun klavishni, Bobdan ko‘zimni uzmay, uch daqiqacha to‘xtovsiz bosib turgandim.

Unga nisbatan ko‘nglim qahru-g‘azab, tahqirli haqoratlar bilan to‘lganini his etgan va o‘rtadagi noxush jimlikni yo‘qotish uchun toki bu manzarani zinaning yuqori pallasidan yoki eshik ostonasidan turgan Inesning qiyofasiga kirib kelmaguncha, klavishni qo‘rqoqlarcha jahl bilan bosavergandim; bu manzaragayuqoridan — zinada paydo bo‘lgan Inesning nigohi bilan boqqanimda meni mazax qilgandek alamidan ushshayib o‘tirgan parishon Bobni, ustimizda halqa-halqa bo‘lib suzib yurgan pag‘a-pag‘a tutunni ko‘rgandim; u yerdan nim qorong‘u mekhmonxonada kulguli holatda tik va harakatsiz qotib turgancha har uch daqiqada ko‘rsatkich barmog‘i bilan yo‘g‘on tovushli klavishni shiddat bilan bosayotgan qahrli va kulgini qistatadigan qiyofada gerdayib turgan o‘zimni ko‘rgandim. Va men shunda, bu tovushni shunchaki, chiranish uchungina bosayotganim yo‘q, yo‘q, men uni chorlayapman; oxiri zo‘rg‘a titrab chiqayotgan va barmog‘im ostida qayta-qayta paydo bo‘layotgan bu yo‘g‘on tovushli sirli ohang — men izlay-izlay nihoyat topgan va Bobdan, uning beshafqat va o‘jar yoshligidan shafqat va marhamat so‘rayotgan, shu paytgacha mening tilimga kelmagan iltijo deya o‘ylagandim. Ines yotog‘ining eshigini taraqlatib yopib, oldimga tushib kela boshlagandi. Bob joyida haykalday qotib o‘tirardi. So‘ng u o‘rnidan turib, royalning quyrug‘iga istamaygina yaqinlashdi-da, tirsagi bilan qopqog‘iga suyanib, menga yarim masxara va tahqir aralash tikildi va yuzini yal-yal ochib yuboradigan tabassum bilan;

— Xo‘sh, qalay,-deb so‘radi,- bu oqshom sut oqshomi bo‘ladimi yoki viski oqshomimi? Olamni qutqaruvchi xaloskor haqida laqillaysizmi yoki bashariyat tanazzuli haqida lof urasizmi?

Men unga hech narsa, deb javob berolmadim ham va basharasi aralash qulog‘i tagiga tushirolmadim ham; klavishni bosishdan to‘xtab, tezda qo‘limni royaldan zarda aralash tortib oldim. U chiqib keta turib; «Mayli, bir pulga qimmat nasihatlaringiz bilan zaharlamasingizdan qochib qolay” degan pallada, Ines zinaning o‘rtasiga kelib qolgandi.

Bizning it-mushukligimiz yana uch-to‘rt oy davom etgandi; shunday bo‘lsa ham men oqshomlari klubga borishni kanda qilmasdim- eslashimcha, o‘sha paytlari tennis bo‘yicha chempionat o‘tkazilayotgan edi — mening klubga bormay qo‘yishim uning g‘alabasini bildirar, Bu hol Bobning battar kulgisini va nafratini qo‘zg‘atar, meni uvadasi chiqib ketgan, pachoq kresloga cho‘kkan kuyi aftini tantanavor bujmaytirib kutib olgan bo‘lardi..

Vaqti kelib, men iloji boricha tezroq faqat Inesga uylanishnigina o‘ylay boshlaganimda, Bob ham, uning kurash usuli ham birdan o‘zgardi. Men hali bu istakni qanday bo‘lmasin yuzaga chiqarish ishtiyoqida yurganimda, bilmadim, o‘zining opasiga o‘ylanish niyatim borligini u qaerdan bildi ekan? Bu istak paydo bo‘lishi bilanoq mening muhabbatim o‘tmishni bir chekkaga surib qo‘ydi, bugungi jamiki boshqa ikir-chikirlar bilan ham aloqasini uzdi. Garchi, bir necha kundan so‘ng birdan xayolimga Bob keyingi paytlarda juda o‘zgarib ketdi, degan fikr to‘xtovsiz kelgan va bir kuni chorrahda serrayib turgancha, uning endi masxara emas, xuddi dahshat solib turgan muqarrar xavfning changalida yoki qiyin vaziyatda qolib, oldida paydo bo‘lgan to‘siqlarni chamalab ko‘rayotgan va unga qarshi o‘zining kuchlarini to‘playotgan kishidek butun diqqatni o‘g‘irlagan qandaydir rejalar aks etib turgan yuzini eslab g‘azabdan tishlarim g‘ijirlab ketgan, uni ichimda boplab so‘kkan bo‘lsam ham, endi unga e’tibor bermaslikka qaror qilgandim. Tezda bu narsalarga e’tibor qilmay ham qo‘ydim. Hatto Inesga uylanish istagim qat-qat yillarning va voqealarning tagida yotgan, endi esa o‘tmishga aylangan o‘sha olis navqironlik davridan o‘sib chiqqani uchun meni Bobga yaqin qilib qo‘ydi va tez orada uning ifodasiz, sovuq yuzida o‘zimning haqiqiy holatimni tushunganligini bildiruvchi ifoda ham aks etadi, deb o‘ylagandim.

So‘ng men u bilan muqarrar to‘qnashuvni kutib yurganimni, biroq buni Bob mendan boshqa biron mijozi qolmagan klubga kirib, kursiga o‘tirgach va imo bilan dastyorga ruxsat bergachgina anglagandim. Unga xotirjam tikilgancha jimgina jilmayib o‘tirdim — u asosan, qoshlari chimirilgan paytda Inesga juda ham o‘xshar, burnining uchi, xuddi opasinikidek, gapirayotganda biroz puchuqlashar edi.

— Siz Inesga uylanmaysiz, — dedi u nihoyat.

Men unga qarab g‘olibona kulimsiradim va jilmaygan kuyi atrofga ko‘z yugurtirib chiqdim.

— Yo‘q, siz unga uylanmaysiz. Garchi siz astoydil shunga intilayotgan bo‘lsangiz ham bu g‘arazli niyatingiz amalga oshmaydi.

Men yana takallufsiz tirjaydim.

— Bir necha yil oldin Inesga uylanishni juda ham xohlar edim,- dedim,- biroq endi opang meni qiziqtirmaydi, men uchun baribir. Shunday bo‘lsa ham agar siz biron narsani oydinlashtirmoqchi bo‘lsangiz sizni eshitishga tayyorman…

U biron so‘z demay, boshini ko‘tarib menga tikildi: uning nimadir demoqchiligi ko‘rinib turardi, biroq u men gapirib bo‘lguncha, jim kutib turdi.

— …agar siz nima uchun Inesga uylanishimni istamayotganligingizni tushuntira olsangiz, unda… -dedim men so‘zlarni chertib–chertib gapirgancha gavdamni orqaga olib, devorga suyandim. Xuddi shu daqiqada u meni butun vujudi bilan yomon ko‘rishini anglab qoldim va endi bunga zarracha shubha qilishim mumkin emas edi. U haddan tashqari oqarib ketdi, jahl bilan qimtib olgan lablarida qahrli tabassum jilvalanardi.

— Buni bandma-band izohlash kerak bo‘ladi,- ming‘irladi u, -buning uchun esa bir kecha yetmaydi. Biroq uch-to‘rt so‘z bilan ham aytsa bo‘ladi. Shuning uchun unga uylanmaysizki, siz juda keksayib qolgansiz, u esa hali juda yosh. Yoshingiz nechada ekanligini bilmayman, o‘ttizdadir, qirqdadir, buning ahamiyati yo‘q. Biroq atoqli, taniqli kishilardan tashqari, shu yoshdagi barcha kishilardek siz ham murakkablashgan, ya’ni , aniqrog‘i, keksarib, aynigan odamsiz.

U o‘chib qolgan sigaretasini zarda bilan so‘rgancha ko‘chaga qaradi, so‘ng yana menga o‘girildi; men avvalgiday, devorga suyangancha, o‘tirar va va davomini kutar edim.
— To‘g‘ri, o‘zingizni taniqli kishi deb hisoblashga sizda asoslar bordir. Masalan, siz gapliringizga qaraganda, ko‘plarni halokatdan qutqarib qolgansiz. Biroq bularning bari yolg‘on.

Men unga yon tomonimni o‘girib chekib o‘tirardim; u mening butun o‘y-u -fikrimni alg‘ov-dalg‘ov qilib tashlagandi, men ikkilana boshlagandim; Inesga uylanish istagiga tushganimdan so‘ng endi hech kim meni ikkilantirshga, bu maqsadddan qaytirishga, yoshim va kuchimni eslatib, dovdiratishga kuchi yetmaydi, deb qat’iy ishongan edim. Yo‘q, garchi oramizda bor-yo‘g‘i o‘n yil farq bo‘lsa-da, men o‘zimni xuddi Bobo kabi navqiron va orzumand deb hisoblar edim.

— Siz, aftidan, chalkashtirayotganga o‘xshaysiz, -dedim men. -Marhamat qilib, aytingchi, sizning-cha, mening nimam aynigan…

— Yo‘q, yo‘q, -shoshib qarshilik ko‘rsatdi u, — men u darajada g‘o‘r emasman. Chapanilik qilib, haqoratlash niyatim yo‘q. Siz bor yo‘g‘i xudbin odamsiz, xolos va tuyg‘ularingizda ham qandaydir jirkanch maqsad bor. Siz mayda narsalarga o‘ralashib qolgansiz va maydakashlik sizni pastkash kishi ekanligingizni ko‘rsatib turibdi. Haqiqat shuki, siz aslida, orzuning o‘zi yo‘q va hech narsaga astoydil ko‘ngil qo‘ya olmaysiz. Hamma gap shundaki, boshqa hech narsada emas, sizning ko‘nglingiz keksayib qolgan, uning ko‘ngli esa hali juda yosh. Men hatto uni siz bilan birga o‘tirgan holatda ham tasavvur qilolmayman. Siz esa nimalarni istab yuribsiz….
Biroq men bu marta ham uning basharasiga tushira olmadim va ko‘ksimni tilimlab tashlayotgan achchiq so‘zlarga e’tibor bermaslikka qaror qilib, proigrivatel yoniga bordim va qandaydir tugmachani bosib, tanga tashladim. Joyimga shoshmasdan qaytdim va yana o‘zimni loqayd tutib, kuy eshita boshladim. Qandaydir past musiqa yangrardi, menga notanish xonanda mayin va mahzun qo‘shiqni past ovozda aytardi. Bob esa yonimda o‘tirgancha, garchi ukasi bo‘lsa ham, hatto o‘zi ham Inesning sochining bir tolasiga arzimasligi haqida kuyinib gapirardi. «Bechora bola», deb o‘ylagandim. Men uni xuddi erkalayotgandek, u esa hamon ming‘irlar, uning gaplariga qaraganda, “keksalikni bildiradigan qalb o‘latining zararli tomoni” shundaki, balkim odam aynishining ramziy belgisi ham shudir, bu tayyor qoliplarda fikr yuritish, ya’ni barcha ayollarni «zaifa» degan so‘zga birlashtirish, jirkanch tajribalarda paydo bo‘lgan tayyor qolipchaga hammani olib kelib tiqish, hammaga bir xil ko‘z bilan qarash. «Biroq,-dedi u, yana-«tajriba» degan ifoda ham unchalik to‘g‘ri emas. Bu yerda hech qanday tajriba yo‘q. Bu tushuncha va narsani ifodalaydigan o‘zlari uchun yasab olgan siyqa ta’rif qat’iy qayta-qayta chaynash va uzluksiz takrorlayverish, boshqacha aytganda, o‘z qalbi va vijdoni oldidagi qo‘rqoqlik kasalligidir.” U o‘shanda mana shunga yaqin gaplarni gapirgandi. Men esa unga hozir hatto o‘zi Inesning chimchilog‘iga ham yoki etagining bir chetini o‘pishga va oyog‘ining iziga ham arzimasligi va shunga o‘xshash narsalar haqida gapirayotganda, agar Inesni hozir xayolon qanday tasavvur qilayotganimni aytsam, Bob shu joyning o‘zidayoq yuragi yorilib o‘larmikin yoki meni urib o‘ldirarmikin, deya mazaxomuz o‘y surardim. Bir oz jimlikdan so‘ng musiqa tugadi, proigrivatelning chirog‘i o‘chdi va yana ham chuqurroq jimlik cho‘kdi,- Bob «Bor gapim shu», deb to‘ng‘illadi-da, qomatini tik tutib hamishagiday o‘ziga ishonch aks etib turgan yurishi bilan shoshilmay, sekin mendan uzoqlashdi.

Agar o‘sha oqshom Bobning yuzi menga Inesning qiyofasini eslatgan va ba’zi vaziyatlarda esa nasliy bir xillik tufaylimi yoki Bob Inesning quyib qo‘ygandek o‘zi bo‘lgani uchunmi, menga Bobning o‘rnida Ines o‘tirganday tuyulganini hisobga olsam, unda shuni aytishim kerakki, men o‘sha oqshom Inesni oxirgi marta ko‘rgan edim. To‘g‘ri, ikki kundan so‘ng odatdagiday oqshom payti biz uchrashgan edik va keyin ham mening so‘zlarim va umuman, mening bu dunyoda bor yoki yo‘q bo‘lishim endi Ines uchun hech qanday ahamiyat kasb etmasligini, mening jonga tekkan iltijolarim xuddi bemaqsad otilgan tosh kabi bepoyon va ko‘m-ko‘k osmonga, so‘lim ko‘klam faslining hayot barq urib turgan yam-yashil maysalari orasiga issiz singib ketishni oldindan bilgan va endi hammasi behuda ekanligini his etgan holda hech narsaga ishonmay, hech narsaga umid qilmay, tush payti uni o‘zim chaqirib olgan va biz yana bir marta uchrashgan edik.

O‘sha oqshom Bobning chehrasida aks etgan Inesning bir lahzalik qiyofasi menga unchalik ro‘yxushlik bermay nafratomuz tikilib turgan bo‘lsa-da, baribir bu qiyofada o‘zim uchun sevimli bo‘lgan qizning meni hamisha o‘ziga mahliyo qilgan jo‘shqinligi va samimiyatini his etgan edim. Biroq bizning oxirgi uchrashuvimizda bir kechada so‘lib, hamma narsaga beparvo bo‘lib qolgan bu begona ayol bilan, qanday qilib, xuddi ko‘nglim mahubib bo‘lgan Ines bilan so‘zlashayotganday emin-erkin suhbatlashishim, uni xohlaganday erkalashim, qanday qilib, uni o‘z gaplarimga ishontirishim mumkin? O‘zining uyida, kresloga cho‘kkancha yoki parkdagi o‘tirg‘ichda muk tushgancha, surati men bilan-u, siyrati o‘zga dunyoda kezib yurgan, xuddi men ko‘ngil qo‘ygan qiz boshqa-yu, yuzida sovuq ifoda va ukasining men haqimdagi to‘qib-bichgan loflariga qorishib o‘tirgan bu suluv boshqaday, ko‘zlari sovuq miltillayotgan, lablarini zaharli qimtib, tizzasidagi qo‘llari nafratdan titrab turgan, xuddi yuzini mendan bir umrga yashirmoqchidek bo‘yniga ro‘mol tashlab olgan uzun bo‘yli kibrli bu ayolning chehrasidan doimo nur va mehr yog‘ilib turadigan Ines ekanligiga qanday ishonish mumkin? Men unga uzoq tikilgan va uning butun vujudidan «yo‘q», degan so‘z taralayotganini, hatto atrofidagi havodan ham «yo‘q» degan hid ufurayotganini anglagan edim. Bob Inesni o‘zining gapiga ishontirish uchun qanday uydirma to‘qib chiqarganini men haligacha bilmayman; biroq, har qalay, men uning yolg‘on gapirmaganiga ishonaman; o‘shanda uni hech qanday kuch, hatto Inesning o‘zi ham yolg‘on gapirishga majbur qilolmasdi. Men Inesni ham, uning o‘sha kungi sirti yaltiroq, ichi bo‘m-bo‘sh qiyofasini ham boshqa uchratmadim: bir qancha vaqtdan so‘ng uning erga tegib, Buenos-Ayresga jo‘nab ketganini eshitdim. O‘sha paytlari Inesning qalbidan meni, mening qalbimdan Inesni quvib chiqarish uchun Bob hayotimni qanday qilib ikir-chikirigacha ag‘dar-to‘ntar qilganini va ularning ichidan eng jirkanch va maqsadga muvofiq hodisalarni tanlab olganini yoki hech bo‘lmasa, bunday hodisalarni o‘zi to‘qib tashlaganini xayolan tasavvur qilar ekanman, nafrat va g‘azabdan bo‘kirib yig‘lab yuborgim kelardi.

Mana, yana men Bobni deyarli har kuni o‘sha kafeda, o‘sha kishilarning davrasida uchrata boshlaganimga ham bir yil bo‘ldi. Bizni bir-birimizga tanishtirgan payti — uni endi Robert deb chaqirishardi- men o‘tmish vaqt degan narsani bilmasligini o‘n yillar narida yotgan har qanday voqea xuddi kecha bo‘lib o‘tgandek, juda yaqin ekanligini anglagandim. Bobning yuzida hali ham mening xotiramdan endi deyarli o‘cha boshlagan tanish chehraning elas-elas sharpalari saqlanib qolgan edi: yupqa bejirim lablarning qandaydir harakati birdan Inesning xushbichim uzun qomatini va qadamlarini tamanno bilan ohista tashlab yurishlarini xotiramda qaytadan tiklagan edi: o‘sha o‘zgarmas moviy ko‘zlar esa menga qizil bog‘ich bilan chiroyli qilib bog‘langan va peshonaga osilib turgan mayin sochlarning tagidan boqayotgandek tuyulib ketgandi. Endi bir umr ayrilgan, yetib bo‘lmas darajada uzoq-uzoqlarda qolgan Ines gul-gul yongan nozanin, hech kimga o‘xshamas va o‘zining o‘sha paytdagi go‘zalligiga hech bir gard yuqtirmagan qiyofada baribir ko‘z oldimda yana namoyon bo‘ldi. Biroq bugungi Robertning so‘lg‘in yuzi, poyintor-soyintor gaplari va hech bir ahloq bilan sig‘ishmaydigan xatti-harakatlari orasidan o‘sha Bobni kovlab topish va uni yanchib tashlashga intilishga hojat qolmagandi. Birinchi uchrashgan kunimizoq men u bilan gaplashib olish va isqirt basharasiga tushirish uchun uning yolg‘iz qolishini yoki ko‘chaga chiqishini uzoq, intizor bo‘lib kutgan edim. Men qahvaxonaning derazasidan ko‘rinayotgan uning aksiga xotirjam tikilib, Ines bilan o‘tgan lahzalarni eslab va tasavvurimda Bobning tanasidan biror joyni tanlab, birinchi mushtni g‘olibona tushirganimda, talaffuz qiladigan tahqiromuz ohangdan o‘zim oldindan lazzatlangancha, uni bira to‘la yer bilan paymol qilib tashlaydigan eng haqoratli jumlalarni ichimda to‘qib o‘tirardim. Biroq kechqurun u uchta do‘stining kuzatuvida jo‘nagach, xuddi Bob ko‘p yillar avval qulay vaziyat kelishini kutgandek, men ham uning yolg‘iz qolishini kutishga ahd qildim. Biz u bilan boshqa bir kuni to‘satdan uchrashib qolgan va o‘rtamizda kutilmagan do‘stlik paydo bo‘lganda ham undan qanday qilib bo‘lsa ham qasos olish niyatim endi hech qachon tark etmasligiga qat’iy ishongandim. Men u bilan Ines haqida va Bob bilan bog‘liq o‘tmish haqida hech qachon gaplashmaslikka, bularning barini yuzaga chiqarmay, yuragimning to‘rida bir umr barhayot holda saqlashga qaror qilgandim. Deyarli har bir oqshomni Robert va kafening doimiy mijozlari bilan o‘tkazar ekanman, xuddi shunday qildim ham. Qachonki Robertni ko‘rib va uning so‘zlarini eshitib turar ekanman, ko‘ksimdagi xusumat o‘ti so‘nmas ham, zaiflashmas ham edi; hech kim mening unga nisbatan intiqomimni bilmasdi, biroq men kundan kunga nafrat va lazzat bilan bu tuyg‘uni oshkora qilib borardim. Men Robert bilan do‘stona va qadrdonlarcha suhbatlashar, chekar va birga qahva ichar edim. Va hamisha men Bob haqida, uning beg‘uborligi va sadoqati haqida, uning qo‘pol va qo‘rs fikrlari haqida o‘ylardim; musikani sevadigan Bob haqida, odamlar hayotini farovonlashtirish va millionlab kishilarga uy-joy berish uchun dengiz qirg‘og‘ida g‘aroyib, go‘zalligi bilan butun dunyoni maftun qilib qo‘yadigan shahar qurmoqchi bo‘lgan Bob haqida, hech qachon yolg‘on gapirishni bilmaydigan Bob haqida, keksalar bilan yoshlar o‘rtasida hayot-mamot jangiga chorlaydigan navqiron Bob haqida, kelajakning va dunyoning vorisi bo‘lgan Bob haqida o‘ylardim. Ko‘pdan beri achinarli va ayanchli umr kechirayotgan, qandaydir sassiq hid anqib yotadigan korxonada ishlaydigan, semiz va tepsa tebranmas ayolga uylangan va xotinini «mening sen’oram» deb chaqiradigan, uzun, zerikarli shanba oqshomlarini kafedagi oromkursida yalpaygancha o‘tirib yoki gazeta o‘qib, telefon orqali poygaga pul tikib o‘tkazadigan barmoqlari tamakidan sarg‘ayib ketgan Roberto ismli kishining qarshisida o‘tirgancha, men bularning hammasini birma-bir ko‘z oldimga keltirib, jimgina o‘tirardim.

Hech bir oshiq hayotning jirkanch botqog‘iga botib, muqarrar inqirozga qarab adashmasdan ketayotgan umr karvoniga mubtalo bo‘lganchalik ma’shuqasiga mubtalo bo‘lolmaydi, kishi umrning intihosiga qarab yugurgandek mahkumlik bilan hech bir oshiq ma’shuqning og‘ushiga qarab yugurolmaydi. Hatto o‘sha yoniq muhabbat zavq-shavqini ham o‘n yillar oldin mening hayotimdan o‘chirib tashlagan, menga qalb o‘lati haqida gapira turib, qalbimga bitmas jarohat va o‘lat olib kelgan, endi esa hayot tegirmoni qiymalab tashlagan o‘sha Bobni eslatadigan bugungi Robertoni ko‘rganda va uning bir zamonlardagi tagi puch rejalarini eslaganda menda paydo bo‘ladigan zavq-shavq va muzaffarlikni har qanday g‘oliblik va zavq-shavq bilan ham solishtirib bo‘lmaydi; shuning o‘zidan ham Bob o‘zining aldamchi orzulari bilan hayotning qaysi o‘pqoniga qarab yugurganini bilib olsa bo‘ladi.

Bilmadim kattalarning bu mudhish va qo‘lansa dunyosida har kuni Bob bilan ko‘rishgandek, ilgari Ines bilan ham aqalli bir marta shunday quvonch va muhabbatdan mast bo‘lib ko‘rishdikmikin? Bu qo‘lansa dunyoga xush kelibsan, Bob! U hali bu yerga yaqindagina kelgan musofir; u hali o‘zining yoshligini tez-tez qo‘msab iztirob va alam bilan o‘ksinib yuradi. Men ba’zan uning to‘yib ichib olib, o‘zini eng iflos so‘zlar bilan haqoratlab, har qanday bo‘lsa ham bir vaqtlar Bob bo‘lgan paytlariga qaytaman deb g‘o‘ng‘illab, qasam ichib, yig‘lab o‘tirganini ko‘rib qolaman. Ishontirib aytish mumkinki, xuddi shu daqiqalarda mening yuragim muhabbat tuyg‘usi bilan limmo-lim to‘lib ketadi va qalbim xuddi onalarning mushfiq qalbidek, yana ham marhamatli va shafqatli bo‘lib qoladi. U endi hech qayoqqa ketolmasligini, chunki endi ketadigan joyning o‘zi yo‘qligini yuragimning tub-tubidan his etib tursam ham, biroq umidu iltifot bilan uni yupatishga harakat qilaman va unga dalda beraman, qo‘llab-quvvatlayman. Ilgari Bob bo‘lib yashagan vatanining bir hovuch tuprog‘i yoki goh-gohida u o‘lkadan abadiy surgun qilingan kishilar olib keladigan qadrdon, bolalik ko‘chalarining suratlari, har xil yodgorliklari, jo‘shqin va ehtirosli qo‘shiqlari o‘rniga men unga sabru-qanoat, qalbiga taskin, ertangi kuniga ishonch va u yaqinda tashlab kelgan yoshlik mamlakatining orombaxsh nurlarini va musaffo havosini bir paytlar opasiga bergan va’dalarim kabi sovg‘a qilaman. Va u ham hammasini qabul qiladi: avvaliga, qarshilik qiladi, men o‘zimning sadoqatimni qayta-qayta ta’kidlavergach, navqiron Bobning dunyosiga qaytadigan kun yaqinligiga ishongan holda, nihoyat, u «ha, roziman» deydi va jilmayadi; o‘zi esa o‘tmishdagi orzu umidlarining erta zavol topgan badbo‘y jasadlari va jirkanch tuyg‘ular orasida minglab oyoqlar ostida shafqatsiz toptalaverib, mayib va taqdirga tan bergan qiyofada majolsiz tipirchilagancha, o‘ttiz yoshning sassiq balchig‘iga tobora ko‘proq botib boraveradi.

066

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 1)

Izoh qoldiring