Yasunari Kavabata. Ayol tushlari. Olim Otaxon tarjimasi

09111 июн — Буюк япон адиби Ясунари Кавабата таваллуд топган кун

    Машҳур япон ёзувчиси Ясунари Кавабата 1899 йилда Осака яқинида таваллуд топган. Унинг асарлари ХХ аср япон адабиётининг энг яхши намуналаридан саналади. Ёзувчи япон халқининг ҳаёт тарзи ва анъаналарини акс эттирувчи “Қорли юрт”, “ Эски пойтахт”, “Мэйдзин”, “Мингқанотли турналар”, “Тоғ  фарёди” каби романлар ва кўплаб ҳикоялар ёзган. Унинг ижодий салоҳияти юқори баҳоланиб, 1968 йили адабиёт йўналишида Нобель мукофоти билан тақдирланган. Шунингдек, Кавабатанинг япон адабиётига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, 1974 йилда унинг номи билан аталувчи адабий мукофоти таъсис этилган.

Ясунари Кавабата 1972 йилда сирли равишда вафот этади. Ўлимининг сабаби ҳақида ҳозиргача турли тахминлар илгари сурилади: кимдир адиб ўз жонига қасд қилган деса, яна кимлардир қасддан ўлдирилган, деган фикрни илгари суради.

Ясунари КАВАБАТА
АЁЛ ТУШЛАРИ
Русчадан Олим Отахон таржимаси
06

I

017   Кухара ўттиз олти ёшида тўсатдан уйланадиган бўлиб қолди. Кухара уйланиш деса кўнгли суст кетадиган бўйдоқлардан эмасди, шунинг учун оила қуришга аҳд қилгач, эл қатори келинникига совчи юборди . Шу жиҳатдан олганда-ку унинг уйланиши гап-сўз қилиб ўтиришга арзимасди. Бироқ ошна-оғайни, таниш-билишлари бундан хабар топгач, лолу ҳайрон бўлиб қолди. Бунга озми-кўпми келиннинг беназир ҳусну малоҳати ҳам сабаб бўлганди.

Келинни кўриб, оғзи очилиб қолган оғайниларидан айримлари, очиғи, эртароқ уйланиб қўйганига афсусланди. Нимасини айтасан, болапақир ичидан пишган экан, дея ич-ичларида унга ҳавас қилишди ва ҳаммаларининг Кухарага муомаласи кескин ўзгарди. Ҳамманинг оғзида дув-дув гап: келин жуда бадавлат экан, энди Кухаранинг ишлари юришиб кетса, ажаб эмас. Баъзилар Кухара хусусий касалхона қурармиш деса, бошқалари, йўқ, у таълим-тарбия соҳасида астойдил шуғулланмоқчи дея тахмин қилишарди. Нима бўлган тақдирда ҳам, уйланиш шарофати билан Кухаранинг бирдан мўътабар шахсга айлангани ғалати эди.

Тиббиёт билим юртининг тиш касалликлари бўлимини тугатгач, Кухара тиббиёт институтига ассистент бўлиб жойлашганди. Шу тариқа у шифокорлар даврасида таниш-билиш орттирмоқчи, кейин илм олиб, алоҳида амалиёт билан шуғулланмоқчи эди. Бироқ диссертация ёқлагандан кейин ҳам у тажрибахонада қолди; амалий фаолиятдан ҳам, янги иш бошлаш ниятидан ҳам воз кечиб, кутилмаганда патология бўйича тадқиқот олиб боришга аҳд қилди. Агар буларнинг барига шу чоққача бўйдоқ юргани қўшилса, таниш-билишлари уни нима сабабдан бир қайнови ичидаги одамга чиқариб қўйганларини тушуниш мумкин. Тиббиёт билим юртида орттирган ёр -дўстлари ўзларини фавқулодда истеъдодли, истиқболи юксак аллома деб сезишди ва одамга ўхшаб тузукроқ муомала қилишни ҳам унутиб юборишди, пировардида аста-секин ундан узоқлаша бошладилар.

Нима сабабдан айнан уйлангач кўпчилик эътиборига сазовор бўлганига Кухаранинг ўзи ҳам ажабланарди. Қизиғи шундаки, бир замонлар юз ўгириб кетган эски дўстлари ҳам унга бутунлай бошқача муомала қила бошлашди. У қаллиғи Харуко билан сайр қилиб юрганида ҳатто бегоналар ҳам уларга ҳавас билан қарар, шундай чоқларда Кухара нима учун кутилмаганда бунчалар мўътабар инсонга айланиб қолганидан ҳайрон бўлиб, уларнинг нигоҳида акс этган алланечук эҳтиром туйғуларидан мутаассир бўларди. Уйланиш туфайли ҳаётида ажабтовур, умидбахш ўзгаришлар юз беражагини ҳам билмас эди- ю, аммо Харуко ҳусну малоҳатли бўлибгина қолмай, қадами қутлуғ қиз эканини кўнгли сезарди. Алоҳа у ўзича Харукога ҳеч қачон озор бермаслик керак, деган қарорга келди.

Кухаранинг улфатлари Харукодек гўзал қиз нега шу пайтгача турмушга чиқмаган экан, дея ҳайрон бўлишарди. У кўринишидан йигирмаларга чиққанга ўхшаса-да, ёши йигирма еттини ҳатлаб ўтганди.

– Дунёда ҳалиям бунақа бебаҳо гуллар бор экан-у, билмай юрган эканмиз, биз ҳам бахтимизни синаб кўрсак бўларкан, – дея ич-ичидан ҳавас қилганини яширмоқчи бўлиб, жўралари ҳазил қилишарди. Кухара эса ўзини эшитмаганга олиб, жилмайиб қўярди. Унинг қиёфаси бахт кулиб боқадиган замонлар келишини сабр-тоқат билан кутаётган саодатманд кишини эслатарди. У Харуконинг бунчалар кеч турмушга чиққанининг сабабини ҳеч кимга айтмади.

Ўша кезлари Кухара совчилар билан орасида бўлиб ўтган ғалати бир суҳбатни тез-тез эсларди.

– Уни ўзига айтмай қизкўрарга бир неча бор олиб чиқишган экан, – дея ҳикоя қилиб берган эди совчилардан бири. – Ҳар сафар учрашувга чиққан куёв ёқтириб кетар-у, қиз томон унамас экан.

Ота-онаси Харуконинг эрга тегмаслик қарори қатъийлиги ва усталик билан уюштирилаётган қиз кўришлардан фойда йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, охир-оқибат куёв ахтаришдан воз кечишган ва кейинги ўн йил мобайнида унинг олдида бу мавзуда гапиришни ҳам лозим топишмас эканлар.

– Аммо сизга келганда, жаноб Кухара, кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетди, – деган эди совчи.

Улар гўё театрда тасодифан учрашиб қолишди, Кухарани қизга институт касалхонасида даволанаётган онасини алоҳида муолажа қилган шифокор сифатида таништиришган эди. Қисқаси, худди илгари бир неча бор ўтказилган қизкўрар бу сафар ҳам бинойидек уюштирилган эди. Лекин бу гал Харуко икки оёғини бир этикка тиқиб олмади, унаштиришларига қаршилик билдирмади.

Бамисоли узоқ давом этган тун охирлаб, тонг отаётгандек, ота-онасининг қувончдан бошлари осмонга етди.

Харуко, Кухарага айтадиган зарур гапларим бор эди, дея совчилардан айттириб юборди.

Гап ўзининг ҳажрида куйиб оламдан ўтган йигит ҳақида экан. Совчи эшитганларини ҳазил аралаш Кухарага сўзлаб берди:
– Умуман олганда қизнинг ишқида ёна-ёна тоқати тугаган йигит енгилтаклик қилиб ўз бошига етган, шекилли.

Кухара ҳангу манг бўлиб қолди: наҳотки шу сабабли Харукодек ҳар жиҳатдан бенуқсон қиз ёшлигини хазон қилган бўлса?

Нафсиламрини айтганда, у қизнинг фидойилигига қойил қолган, айнан шу иқрор унга уйланиш ниятини мустаҳкам ва барқарор қилган эди. Ҳолбуки, унгача Харукога совчи қўйган бошқа йигитлар ҳам қиз ҳақида худди шундай фикрда бўлишган экан.

– Кечирасиз, агар шундай деб ўйласангиз, у ҳолда… – совчи таъзим қилди, – буларнинг ҳаммаси ўтган гаплар. Бунда қизнинг заррача гуноҳи йўқ. У ҳатто сал бўлмаса тарки дунё қилиб, монастирга кетмоқчи бўлган экан…

Шундай бўлса ҳам Кухара ўша йигит ҳақида Харуконинг ўзидан эшитгиси келди. Бир тўхтамга келиш учун эмас, йўқ, у ич-ичида аллақачон уйланишга қарор қилиб қўйган, қолаверса, бўлажак рафиқасининг ўтмиши ҳақида сўраш ўзи тенги йигитларга муносиб иш эмаслигини биларди. Шунчаки, бунақанги ажойиб қизни ўзи ҳақида гапириб беришга мажбур қилишини олдиндан кўз олдига келтириб, ҳузур қила бошлаган эди.

II

Харуконинг ота-онаси тўйгача қизларига Кухара билан учрашиб туришга рухсат беришди. Аслида айтиш мумкинки, йигирма етти ёшли қизларининг куёв билан учрашиб туришга рози бўлганини кўриб, ота-онанинг шодликдан бошлари кўкка етганди.

Зеро улар, худо кўрсатмасин, Кухаранинг совчилари айниб кетса, Харуко бахти очилмай қариқизлигича ўтираверади, деган хавотирда ҳаммасига чидашга тайёр эдилар.

Кухарага келсак, бошиданоқ қизнинг иффатли, ҳаёли экани уни мафтун этган ва у анави ғамгин саргузаштни айтиб беришни Харукодан сўрашга сира ботинолмас эди.

– Совчилар шу чоққача нега турмушга чиқишдан бош тортиб келганингиз ҳақида гапириб беришди, – дея гап бошлади бир куни у.

Харуко бош қимирлатди ва худди бу мавзуда гап очилишини анчадан бери кутаётгандек дарҳол жиддийлашди.

Қизнинг рухсорида шундай ёқимли ифодалар балқидики, Кухара дафъатан тутилиб қолди ва ўзи истамаган ҳолда гапни бутунлай бошқа томонга буриб юборди.

– Шундай экан, нега аҳдингиздан қайтиб мен билан учрашишга рози бўлдингиз?

Бу ножўя савол эди.

– Ўзим ҳам билмайман. Балки шифокор бўлганингиз учундир.
– Шифокор бўлганим учун?!

Харуконинг соддадиллик билан берган жавобини эшитган Кухара довдираб қолди. Дафъатан, балки мени лақиллатаётгандир, деб ўйлайди у.

– Чиндан ҳам шифокорга турмушга чиқсангиз ёмон бўлмайди, – деди бироздан сўнг. – Бир мутахассис сифатида шуни айтишим мумкин, сизнинг эрга тегишдан безиллаганингиз ўта таъсирчанлигингиздан бўлса керак. Аммо хотиржам бўлинг, булар ўтиб, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетасиз.

Харуко унинг ҳазилини тушунмади, шекилли, хаёлга толди.

Кухара ташвишга тушди: у восвос ёки савдойи эмасмикин, ишқилиб?! Ўз жонига қасд қилган йигитнинг тақдири Харуконинг қалбида  унутилмас армон бўлиб қолган, дея тахмин қилди Кухара.

Қиз ўша йигит ҳақида бор гапни очиқ-ойдин айтиб бериши учун Кухара бир йўлини қилиши керак эди, ана шунда у қизнинг юрагига бир дунё таскин ва тасалли бахш эта олар ҳамда дардига малҳам топарди.

– Кухара, сизга бутунлай ишонаман, кейинчалик ҳам турмушимизга шубҳа-гумонлар раҳна солмаслигини истайман, холос, –  деб бир неча бор такрорлади.

– Кўнглингизда сизни қийнаётган неки армон бўлса, айтинг, енгил тортасиз, мен сизга ёрдам бераман, – деди у.
– Хўп. – Харуко маъқуллаб бош ирғади. – Ўзим ҳам сизга ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлиб юргандим. Кейин нима қилсангиз, ихтиёрингиз…

– Қўрқманг, менинг қарорим қатъий. Мен сизга ҳамдард бўлишни истаяпман, холос.

– Тушуниб турибман, лекин… – Харуко яна ўйга толди, кейин ўзига тикилиб турган Кухарага кўзи тушиб, лоладек қизариб кетди ва бошини қуйи солганча деди:

– Ноз қиляпти, деб ўйламанг, мен аввал сиздан ўз ўтмишингиз ҳақида гапириб берсангиз, деб сўрамоқчийдим.
– Мендан?! Аввал?.. – Кухара довдираб қолди.

Харуко бош қимирлатди. Унинг бармоқлари билинар-билинмас титрарди.
– Хўп, нимани айтиб беришим керак?
– Наҳотки ҳаётингизда арзигулик бирон нима юз бермаган бўлса?! – дея ажабланиб сўради Харуко. – Тўғри, тушунаман, сизнинг ҳурматингизга сазовор бўлиш учун аслида аввал мен бошимдан ўтганларни айтиб беришим керак эди. Лекин сиз туриб аввал мен гапириб беришим ғалати туюларкан.

– Менга ишонаверинг, ростдан ҳам гапиришга арзимайди, – деди Кухара ва ўша заҳоти Харуко гапларига ишонмаётганини фаҳмлади.

Очиғи, бу иқрори ғалати ва ишониш қийин эканини ўзиям сезди.

– Ишонинг, яширадиган гапим йўқ, – дея такрорлади у ва яна ҳам ноқулайроқ аҳволга тушди.

– Агар сиз истамасангиз, жаноб Кухара, мен ҳам ўзим ҳақимда гапириб беролмайман. Сиз мени жуда ноқулай аҳволга солиб қўйдингиз. Нима десам экан, худди мени хижолат чекишга мажбур қилаётганга ўхшайсиз.

Кухаранинг назарида ногаҳон Харуко қалбининг аллақандай даричалари ўзи учун ёпилгандек бўлди.
Ўша куни уларнинг гаплари ичларида қолиб кетди.

Очиғини айтганда, Харуко ҳақ: тўрт мучаси саломат, бўйдоқ йигитнинг ўттиз олти ёшгача биронта аёлга илакишмаганига ишониш қийин. Харуко шу маънода Кухарани кечиришга ҳам тайёр эди. Чунки унинг ҳам ҳаётида ўзини деб жонига қасд қилган йигит бўлган-ку! Эҳтимол, шунча пайт уйланмай юрган Кухаранинг қалбида ҳам қандайдир битмас жароҳати бордир? Модомики бир ёстиққа бош қўйишар экан, буларни яширишдан нима фойда?! Харуко ўзича шундай деб ўйлар эди.

Балки у бир-бирига тасалли бера оладиган, бир-бирини кечирадиган муштарак тақдирларнинг қовушиши учунгина эрга тегишга рози бўлгандир?!

“Харуко ҳаммасини айтиб беради, мен эса унга ҳеч нима айтмайман”, дея хаёл қилган Кухара чакки ўйлаган эди.

Кухарани беғубор, покдоман йигитлардан деб бўлмасди, аммо модомики гап оила қуриш ҳақида экан, у ишонч билан ташлаб кетиб, сўнг қийналган ёки пушаймон бўлган биронта аёлни учратмаганман, дея бемалол айтиши мумкин эди.

Бунинг сабаби табиатан аёлларни ёқтирмаслиги ва уларга ишонмаслиги эмасди. Балки шу чоққача кўнгли сув ичадиган қизни учратмаган эди.

Вақти-соатида уйланмагач, оила қуришдан, умуман аёл зотидан совуб кетгандир?! Юракда бу нарсаларнинг ўрни келмагандир? Эҳтимол, шу сабабли у сўққабош юришни афзал кўриб, охир-оқибат илмга берилгандир? Балки мана шу феълини яхши билган таниш-билишларига унинг уйланиши фавқулодда ҳодиса бўлиб кўрингандир?!

Бўйдоқлигида Кухара эмин-эркин юрарди. Илгари аёллардан омади чопмаган бўлса, энди, Харукони учратгач, унга бахт кулиб боққан эди. Шунга қарамай, Харуконинг илтимоси уни эсанкиратиб қўйди ва шу боис у ўз ўтмиши ҳақида ўйлаб кўришга қарор қилди.

Тўғриси, кўнглида яширадиган сир-асрори йўқлигидан у ўзича ғурурланиб ҳам қўйди. Лекин, ажабо, шундай экан, нега қизга буни очиқ айтишга ботинолмади? “Демак, мен софдил, самимий инсон эмас эканман”, деган андишада дилига ғашлик чўкди.

Балки у ёмон яшагандир? Ундай бўлса, Харуко ишонмай тўғри қилган бўлиб чиқади. Кухара шуни кўнглидан ўтказиб, ўзича кулиб қўйди.

Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Харуко биринчи бўлиб ўтмишдаги гуноҳларини бўйнига олишни шарт қилиб қўйган экан, Кухара ҳам иложи борича ишонарли бир ишқ можаросини ўйлаб топишга аҳд қилди.

III

У ўзи таниган барча аёлларни – ёшлигидаги дўстларидан тортиб то ҳамширалару касалхонада ўзи даволаган бемор хотинларгача бирма-бир хотиридан ўтказиб, Харукога айтиб бериш учун фавқулодда ишқий саргузашт ўйлаб топишга киришди.

Бу жуда бачкана ва куракда турмайдиган бир машғулот эди. У ўша аёллар билан қаллиғи Харукони хаёлан таққослаб кўрар, уларнинг ҳаммаси файзсиз-фариштасиз туюларди. Лекин барибир Харуконинг қулфи дилини очадиган бир жўяли воқеа ўйлаб тополмади.

Харуконинг ўз жонига қасд қилган йигит ҳақидаги ҳикояси эса – қиз ҳаммасини Кухарага айтиб берди – ҳар ҳолда одатий, ҳатто айтишга арзимас воқеа экан.

Ўша йигит Харукодан икки ёш катта бўлиб, унинг тоғаваччаси экан, Харуко билан йигит ёшликдан бирга ўсишган экан. Кейинчалик йигитнинг отасини Токиодан анча олисдаги қишлоққа ишлагани юборишгач, ёшлар хат ёзиб туришган экан. Таътил пайтларида йигит билан Харуко ёзда чўмилгани денгизга боришар, қишда эса чанғи учгани тоққа чиқишар, бирга бўлишган чоғларида ўзларини ниҳоятда бахтиёр сезишар экан. Ўрта мактабни тугатиш арафасида йигитнинг мактублари тобора ишқиёна тус ола борибди. Сўнгра, у коллежга ўқишга киргач, Токиога кўчиб келиб, Харуколарникида яшай бошлабди.

Улар ҳар куни кўришиб туришар экан. Кўп ўтмай йигит унга муҳаббат изҳор этган. Харуко қариндошлигини рўкач қилиб, рад жавобини берган. Ўша йили қишда йигит чанғи учгани бир ўзи тоққа жўнаган ва бўрон пайтида тоғдан йиқилган. Унинг жонини сақлаб қолишибди.

Бироқ кўкрак қафаси лат егани учун узоқ вақт касалхонада ётибди. Кўп ўтмай йигит Харукога видолашув мактубини ёзиб, ўзини-ўзи ўлдирган экан. Ўша мактубнинг айрим лавҳалари ўз вақтида рўзномада ҳам эълон қилинган экан. Агар у касалхонада қазо қилганда бу ҳақда овоза қилишмас экан, бироқ йигит ўзини денгизга ташлаган, касалхона маъмурияти жавобгарликдан қочиш ниятида унинг ўлими олдидан ёзган мактубини таҳририятга юборган. Шу тариқа йигит гўё ишқ дардига  чидаёлмай ўзини-ўзи ўлдирди, деган гап тарқалган.

– Ўша пайтда неча ёшга чиққан эдингиз, Харуко? – деб сўради Кухара қизнинг ҳикоясини тинглаб бўлгач.

Бу севги достони шунчалар жўн ва оддий эдики, аввалига унинг ишонгиси ҳам келмади. Бунга ўхшаган воқеалар ҳақида рўзномада бир неча бор ўқиган эди.

Аммо ҳар қандай ишқий саргузашт ҳам ўзгалар тилидан эшитганда озми-кўпми бачкана бўлиб туюлса, ажаб эмас.

Зеро, хуноби ошаётган Кухара назарида Харуконинг эрга тегишдан қатъий бош тортишларига фақатгина кутилмаган, фожиавий ҳодиса сабаб бўлиши мумкиндек эди.

Қиз боланинг қалбини вайрон қилишга бир неча сатр ҳам кифоя. Лоп этиб аланга олган фидойи муҳаббатдан фарқли ўлароқ тоғаваччаси билан ўрталаридаги муносабат Харуконинг қалбида гўзал хотира сифатидагина қолган ва бу узоқ вақтдан буён унинг хаёлини тарк этмай келаётган эди.

– Харуко, ўша йигитда кўнглингиз борми? – дея сўради Кухара. Харуко бош қимирлатди.
– Ҳозир ўйласам, яхши кўрган эканман… Аммо у пайтларда жуда ёш эдик.

– Ўша ҳалокатдан кейин ота-оналарингиз юзкўрмас бўлиб кетишмадими?
– Тоғам билан келинойим мени бирон нимада айблайдиган одамлар эмас.

– Шунинг учун унга садоқатли бўлиб қолмоқчи бўлганмисиз?
– Садоқатли дейсизми?.. Эҳтимол…

Аммо Харуко очиқ айтиши мумкин бўлган гапларнинг ҳаммаси шулардангина иборат эмасди.

Тоғаваччаси ўз жонига қасд қилганда Харуко ўн тўққиз ёшда эди, орадан икки йил ўтгач, уйларига совчи келди. Харуко розилик билдирди, бироқ тўй тадоригини келишиб олишгандан кейин, икки кун ўтар-ўтмас бўлғуси куёвнинг ота-онаси ўзини ўлдирган йигит ҳақида хабар топди-ю, тўй бузилди.

Бу воқеа Харукога тоғаваччасининг ўлимидан ҳам ёмонроқ таъсир қилди: у куёв Катакирини астойдил севиб қолганга ўхшарди.

Харуко пешонамга эр ёзилмаган экан, дея ўшандаёқ бор умидини узган эди.

Тўғрисини айтганда Харуконинг биринчи муҳаббати тоғаваччаси эмас, Катакири эди. Катакирига бўлган мана шу муҳаббати кейинчалик ҳалок бўлган қариндошининг хотираси билан қоришиб кетган эди.

Харуко кейинги унаштиришлар ҳам худди шундай тугайди, дея қўрқарди. Тўғри, ўша пайтда у Катакирига турмушга чиқишига ишончини бутунлай йўқотган эди, куёвнинг ота-онаси тўйни бузишгандан кейин ҳам улар пинҳона – атиги бир марта учрашган, Катакири ота-онасини кўндиришга ваъда берган эди.

Харуко Катакири билан боғлиқ воқеаларни Кухарадан яширмоқчи эмасди, фақат Кухара ўтмиши ҳақида яна бирон нима сўраб қолсагина, айтиб бермоқчи эди.

Бироқ, сиёқига қараганда, тоғаваччаси ҳақида айтиб берганларидан Кухара қаноат ҳосил қилган ва бошқаси қизиқтирмаётганга ўхшарди, шунинг учун Харуко Катакирини эслашни лозим кўрмади.

Дарҳақиқат, Катакири ҳақида гапириш унинг учун ҳам оғир, ҳам аламли эди: Кухара Харукога совчи қўйганда Катакири аллақачон оила қурган ва бундан хабар топган Харуко ўзини таҳқирлангандек сезарди.

IV

Кухара билан Харуко турмуш қуришди. Тўй сафарининг иккинчи куни мусофирхонага жойлашганларида Харуконинг тушига ўз жонига қасд қилган тоғаваччаси кирди.

Уларнинг қишлоқдаги уйидами ёки ўзларининг уйидами – Харуко аниқ билолмади. У хонага кирганда тоғаваччаси эшикка орқа қилиб ўтирарди. Кутилмаганда ўгирилиб қаради-ю, Харуко қотиб қолди. У дафъатан яланғоч эканини сезиб қолганди… Харуко ўзининг овозидан чўчиб уйғониб кетди.

Унинг юзи номусдан ловуллаб ёнарди.

Харуко титраб-қақшаб Кухаранинг тунги кимоноси енгидан ушлаб олди.

Тушида марҳум тоғаваччасини кўргани ҳақидаги хаёлдан даҳшатга тушди.

– Мени кечир… – дея шивирлади у ва бутун вужуди титраб, эрининг пинжига суқилди.

Ўша кечаси Харуко эрга тегиб, марҳум тоғаваччасининг руҳига хиёнат қилгандек узоқ ўйга толди. Бундан ташқари, назарида, кўрган туши жуда-жуда бехосият эди.

Бироқ вақт ўтиб элас-элас ёдида қолган тоғаваччаси билан Катакирининг қиёфалари бора-бора унутилиб кетди. Харуконинг қалбида куртак ёзган муҳаббат гуллари кечикиб бўлса ҳам барқ уриб очилди ва бу гулларнинг таровати энди Кухарага тегишли эди.

– Бизга ўхшаб вақти-соатини сабр-тоқат билан кутиб турмуш қурганларни худонинг ўзи қўллайди, – дер эди баъзан Кухара.

Шундай лаҳзаларда Харуко ўтмишни эсламасликка ҳаракат қиларди. Харуко гул-гул очилиб, Кухаранинг орзу-ҳавасларини тинглар ва оиласига бахт тилагани-тилаган эди.

Кунларнинг бирида Кухара беғараз оҳангда сўраб қолди:
– Тоғаваччанг ўлими олдидан ёзган мактубининг баъзи ерлари жуда ғалати-я, аҳамият бердингми?

– Бўлиши мумкин, сиз бекорга гапирмайсиз, – деди Харуко хотиржам.

– Ростдан-да. Гап шундаки, у ётган касалхонада бир ўртоғимнинг таниши ишлайди. Мен тоғаваччангнинг ўлими сабабларини суриштирдим. Маълум бўлишича, унинг асаблари тамом ишдан чиқиб, қандайдир восвос, телбанамо бўлиб қолган экан. Мен унинг касаллик варақасини ҳам кўрдим. Шулардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, у сен туфайли ўзини ўзи ўлдирмаган. У шунчаки соғайишига кўзи етмаган – унинг ўпкаси тамом бўлган экан. Ўлганнинг устига тепган дегандек, руҳий хасталикка ҳам чалингач, буни кўтаролмаган. Иродаси шунақа бўш экан. Унинг ўлимида сенинг мутлақо айбинг йўқ.

– Буларни қачон била қолдингиз?
– Анча бўлди.

– Ярамас, нега шу чоққача индамай келдингиз? – деди Харуко гинахонлик билан. Кўнглидан эса, буни илгарироқ билганимда, балки Катакири билан тўйимиз бузилмасмиди, деган ўй кечди.

Бу фикр Харукога шунчалик таъсир қилдики, бояқиш довдираб қолганини яшириш учун синиққинаб кулимсиради.

– Лекин шуни эсдан чиқармаслик керак, ўша телбанинг шарофати билан биз турмуш қурдик, – деди фаросатсизларча Кухара.
– Шуни айтинг-а!

– Сен бўлсанг, Харуко, ўзингни-ўзинг қийнаб юрибсан. Бир гап айтайми, бунинг учун сендан янаям хурсандман.

Ўшандан буён Харуко жувонмарг бўлган тоғаваччасини тез-тез эслайдиган одат чиқарди. Шундай дамларда кўз олдига ёз фаслидаги мовий денгиз ҳамда қор босган тоғлар келарди.

Лекин афсуслар бўлсинким, унга ато этилган неъмат – ўзгаларга бахт келтириш иқтидори сусайиб борарди.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2013,№ 5

09114 iyun — Buyuk yapon adibi Yasunari Kavabata tavallud topgan kun

Yasunari KAVABATA
AYOL TUSHLARI
Ruschadan Olim Otaxon tarjimasi
06

045    Mashhur yapon yozuvchisi Yasunari Kavabata 1899 yilda Osaka yaqinida tavallud topgan. Uning asarlari XX asr yapon adabiyotining eng yaxshi namunalaridan sanaladi. Yozuvchi yapon xalqining hayot tarzi va an’analarini aks ettiruvchi “Qorli yurt”, “ Eski poytaxt”, “Meydzin”, “Mingqanotli turnalar”, “Tog’ faryodi” kabi romanlar va ko’plab hikoyalar yozgan. Uning ijodiy salohiyati yuqori baholanib, 1968 yili adabiyot yo’nalishida Nobel` mukofoti bilan taqdirlangan. Shuningdek, Kavabataning yapon adabiyotiga qo’shgan hissasi inobatga olinib, 1974 yilda uning nomi bilan ataluvchi adabiy mukofoti ta’sis etilgan.Yasunari Kavabata 1972 yilda sirli ravishda vafot etadi. O’limining sababi haqida hozirgacha turli taxminlar ilgari suriladi: kimdir adib o’z joniga qasd qilgan desa, yana kimlardir qasddan o’ldirilgan, degan fikrni ilgari suradi.

06

I

Kuxara o’ttiz olti yoshida to’satdan uylanadigan bo’lib qoldi. Kuxara uylanish desa ko’ngli sust ketadigan bo’ydoqlardan emasdi, shuning uchun oila qurishga ahd qilgach, el qatori kelinnikiga sovchi yubordi . Shu jihatdan olganda-ku uning uylanishi gap-so’z qilib o’tirishga arzimasdi. Biroq oshna-og’ayni, tanish-bilishlari bundan xabar topgach, lolu hayron bo’lib qoldi. Bunga ozmi-ko’pmi kelinning benazir husnu malohati ham sabab bo’lgandi.

Kelinni ko’rib, og’zi ochilib qolgan og’aynilaridan ayrimlari, ochig’i, ertaroq uylanib qo’yganiga afsuslandi. Nimasini aytasan, bolapaqir ichidan pishgan ekan, deya ich-ichlarida unga havas qilishdi va hammalarining Kuxaraga muomalasi keskin o’zgardi. Hammaning og’zida duv-duv gap: kelin juda badavlat ekan, endi Kuxaraning ishlari yurishib ketsa, ajab emas. Ba’zilar Kuxara xususiy kasalxona qurarmish desa, boshqalari, yo’q, u ta’lim-tarbiya sohasida astoydil shug’ullanmoqchi deya taxmin qilishardi. Nima bo’lgan taqdirda ham, uylanish sharofati bilan Kuxaraning birdan mo»tabar shaxsga aylangani g’alati edi.

Tibbiyot bilim yurtining tish kasalliklari bo’limini tugatgach, Kuxara tibbiyot institutiga assistent bo’lib joylashgandi. Shu tariqa u shifokorlar davrasida tanish-bilish orttirmoqchi, keyin ilm olib, alohida amaliyot bilan shug’ullanmoqchi edi. Biroq dissertatsiya yoqlagandan keyin ham u tajribaxonada qoldi; amaliy faoliyatdan ham, yangi ish boshlash niyatidan ham voz kechib, kutilmaganda patologiya bo’yicha tadqiqot olib borishga ahd qildi. Agar bularning bariga shu choqqacha bo’ydoq yurgani qo’shilsa, tanish-bilishlari uni nima sababdan bir qaynovi ichidagi odamga chiqarib qo’yganlarini tushunish mumkin. Tibbiyot bilim yurtida orttirgan yor -do’stlari o’zlarini favqulodda iste’dodli, istiqboli yuksak alloma deb sezishdi va odamga o’xshab tuzukroq muomala qilishni ham unutib yuborishdi, pirovardida asta-sekin undan uzoqlasha boshladilar.

Nima sababdan aynan uylangach ko’pchilik e’tiboriga sazovor bo’lganiga Kuxaraning o’zi ham ajablanardi. Qizig’i shundaki, bir zamonlar yuz o’girib ketgan eski do’stlari ham unga butunlay boshqacha muomala qila boshlashdi. U qallig’i Xaruko bilan sayr qilib yurganida hatto begonalar ham ularga havas bilan qarar, shunday choqlarda Kuxara nima uchun kutilmaganda bunchalar mo»tabar insonga aylanib qolganidan hayron bo’lib, ularning nigohida aks etgan allanechuk ehtirom tuyg’ularidan mutaassir bo’lardi. Uylanish tufayli hayotida ajabtovur, umidbaxsh o’zgarishlar yuz berajagini ham bilmas edi- yu, ammo Xaruko husnu malohatli bo’libgina qolmay, qadami qutlug’ qiz ekanini ko’ngli sezardi. Aloha u o’zicha Xarukoga hech qachon ozor bermaslik kerak, degan qarorga keldi.

Kuxaraning ulfatlari Xarukodek go’zal qiz nega shu paytgacha turmushga chiqmagan ekan, deya hayron bo’lishardi. U ko’rinishidan yigirmalarga chiqqanga o’xshasa-da, yoshi yigirma yettini hatlab o’tgandi.

– Dunyoda haliyam bunaqa bebaho gullar bor ekan-u, bilmay yurgan ekanmiz, biz ham baxtimizni sinab ko’rsak bo’larkan, – deya ich-ichidan havas qilganini yashirmoqchi bo’lib, jo’ralari hazil qilishardi. Kuxara esa o’zini eshitmaganga olib, jilmayib qo’yardi. Uning qiyofasi baxt kulib boqadigan zamonlar kelishini sabr-toqat bilan kutayotgan saodatmand kishini eslatardi. U Xarukoning bunchalar kech turmushga chiqqanining sababini hech kimga aytmadi.

O’sha kezlari Kuxara sovchilar bilan orasida bo’lib o’tgan g’alati bir suhbatni tez-tez eslardi.

– Uni o’ziga aytmay qizko’rarga bir necha bor olib chiqishgan ekan, – deya hikoya qilib bergan edi sovchilardan biri. – Har safar uchrashuvga chiqqan kuyov yoqtirib ketar-u, qiz tomon unamas ekan.

Ota-onasi Xarukoning erga tegmaslik qarori qat’iyligi va ustalik bilan uyushtirilayotgan qiz ko’rishlardan foyda yo’qligiga ishonch hosil qilgach, oxir-oqibat kuyov axtarishdan voz kechishgan va keyingi o’n yil mobaynida uning oldida bu mavzuda gapirishni ham lozim topishmas ekanlar.

– Ammo sizga kelganda, janob Kuxara, kutilmaganda hammasi o’zgarib ketdi, – degan edi sovchi.

Ular go’yo teatrda tasodifan uchrashib qolishdi, Kuxarani qizga institut kasalxonasida davolanayotgan onasini alohida muolaja qilgan shifokor sifatida tanishtirishgan edi. Qisqasi, xuddi ilgari bir necha bor o’tkazilgan qizko’rar bu safar ham binoyidek uyushtirilgan edi. Lekin bu gal Xaruko ikki oyog’ini bir etikka tiqib olmadi, unashtirishlariga qarshilik bildirmadi.

Bamisoli uzoq davom etgan tun oxirlab, tong otayotgandek, ota-onasining quvonchdan boshlari osmonga yetdi.

Xaruko, Kuxaraga aytadigan zarur gaplarim bor edi, deya sovchilardan ayttirib yubordi.

Gap o’zining hajrida kuyib olamdan o’tgan yigit haqida ekan. Sovchi eshitganlarini hazil aralash Kuxaraga so’zlab berdi:
– Umuman olganda qizning ishqida yona-yona toqati tugagan yigit yengiltaklik qilib o’z boshiga yetgan, shekilli.

Kuxara hangu mang bo’lib qoldi: nahotki shu sababli Xarukodek har jihatdan benuqson qiz yoshligini xazon qilgan bo’lsa?

Nafsilamrini aytganda, u qizning fidoyiligiga qoyil qolgan, aynan shu iqror unga uylanish niyatini mustahkam va barqaror qilgan edi. Holbuki, ungacha Xarukoga sovchi qo’ygan boshqa yigitlar ham qiz haqida xuddi shunday fikrda bo’lishgan ekan.

– Kechirasiz, agar shunday deb o’ylasangiz, u holda… – sovchi ta’zim qildi, – bularning hammasi o’tgan gaplar. Bunda qizning zarracha gunohi yo’q. U hatto sal bo’lmasa tarki dunyo qilib, monastirga ketmoqchi bo’lgan ekan…

Shunday bo’lsa ham Kuxara o’sha yigit haqida Xarukoning o’zidan eshitgisi keldi. Bir to’xtamga kelish uchun emas, yo’q, u ich-ichida allaqachon uylanishga qaror qilib qo’ygan, qolaversa, bo’lajak rafiqasining o’tmishi haqida so’rash o’zi tengi yigitlarga munosib ish emasligini bilardi. Shunchaki, bunaqangi ajoyib qizni o’zi haqida gapirib berishga majbur qilishini oldindan ko’z oldiga keltirib, huzur qila boshlagan edi.

II

Xarukoning ota-onasi to’ygacha qizlariga Kuxara bilan uchrashib turishga ruxsat berishdi. Aslida aytish mumkinki, yigirma yetti yoshli qizlarining kuyov bilan uchrashib turishga rozi bo’lganini ko’rib, ota-onaning shodlikdan boshlari ko’kka yetgandi.

Zero ular, xudo ko’rsatmasin, Kuxaraning sovchilari aynib ketsa, Xaruko baxti ochilmay qariqizligicha o’tiraveradi, degan xavotirda hammasiga chidashga tayyor edilar.

Kuxaraga kelsak, boshidanoq qizning iffatli, hayoli ekani uni maftun etgan va u anavi g’amgin sarguzashtni aytib berishni Xarukodan so’rashga sira botinolmas edi.

– Sovchilar shu choqqacha nega turmushga chiqishdan bosh tortib kelganingiz haqida gapirib berishdi, – deya gap boshladi bir kuni u.

Xaruko bosh qimirlatdi va xuddi bu mavzuda gap ochilishini anchadan beri kutayotgandek darhol jiddiylashdi.

Qizning ruxsorida shunday yoqimli ifodalar balqidiki, Kuxara daf’atan tutilib qoldi va o’zi istamagan holda gapni butunlay boshqa tomonga burib yubordi.

– Shunday ekan, nega ahdingizdan qaytib men bilan uchrashishga rozi bo’ldingiz?

Bu nojo’ya savol edi.

– O’zim ham bilmayman. Balki shifokor bo’lganingiz uchundir.
– Shifokor bo’lganim uchun?!

Xarukoning soddadillik bilan bergan javobini eshitgan Kuxara dovdirab qoldi. Daf’atan, balki meni laqillatayotgandir, deb o’ylaydi u.

– Chindan ham shifokorga turmushga chiqsangiz yomon bo’lmaydi, – dedi birozdan so’ng. – Bir mutaxassis sifatida shuni aytishim mumkin, sizning erga tegishdan bezillaganingiz o’ta ta’sirchanligingizdan bo’lsa kerak. Ammo xotirjam bo’ling, bular o’tib, hech nima ko’rmagandek bo’lib ketasiz.

Xaruko uning hazilini tushunmadi, shekilli, xayolga toldi.

Kuxara tashvishga tushdi: u vosvos yoki savdoyi emasmikin, ishqilib?! O’z joniga qasd qilgan yigitning taqdiri Xarukoning qalbida unutilmas armon bo’lib qolgan, deya taxmin qildi Kuxara.

Qiz o’sha yigit haqida bor gapni ochiq-oydin aytib berishi uchun Kuxara bir yo’lini qilishi kerak edi, ana shunda u qizning yuragiga bir dunyo taskin va tasalli baxsh eta olar hamda dardiga malham topardi.

– Kuxara, sizga butunlay ishonaman, keyinchalik ham turmushimizga shubha-gumonlar rahna solmasligini istayman, xolos, – deb bir necha bor takrorladi.

– Ko’nglingizda sizni qiynayotgan neki armon bo’lsa, ayting, yengil tortasiz, men sizga yordam beraman, – dedi u.
– Xo’p. – Xaruko ma’qullab bosh irg’adi. – O’zim ham sizga hammasini aytib bermoqchi bo’lib yurgandim. Keyin nima qilsangiz, ixtiyoringiz…

– Qo’rqmang, mening qarorim qat’iy. Men sizga hamdard bo’lishni istayapman, xolos.

– Tushunib turibman, lekin… – Xaruko yana o’yga toldi, keyin o’ziga tikilib turgan Kuxaraga ko’zi tushib, loladek qizarib ketdi va boshini quyi solgancha dedi:

– Noz qilyapti, deb o’ylamang, men avval sizdan o’z o’tmishingiz haqida gapirib bersangiz, deb so’ramoqchiydim.
– Mendan?! Avval?.. – Kuxara dovdirab qoldi.

Xaruko bosh qimirlatdi. Uning barmoqlari bilinar-bilinmas titrardi.
– Xo’p, nimani aytib berishim kerak?
– Nahotki hayotingizda arzigulik biron nima yuz bermagan bo’lsa?! – deya ajablanib so’radi Xaruko. – To’g’ri, tushunaman, sizning hurmatingizga sazovor bo’lish uchun aslida avval men boshimdan o’tganlarni aytib berishim kerak edi. Lekin siz turib avval men gapirib berishim g’alati tuyularkan.

– Menga ishonavering, rostdan ham gapirishga arzimaydi, – dedi Kuxara va o’sha zahoti Xaruko gaplariga ishonmayotganini fahmladi.

Ochig’i, bu iqrori g’alati va ishonish qiyin ekanini o’ziyam sezdi.

– Ishoning, yashiradigan gapim yo’q, – deya takrorladi u va yana ham noqulayroq ahvolga tushdi.

– Agar siz istamasangiz, janob Kuxara, men ham o’zim haqimda gapirib berolmayman. Siz meni juda noqulay ahvolga solib qo’ydingiz. Nima desam ekan, xuddi meni xijolat chekishga majbur qilayotganga o’xshaysiz.

Kuxaraning nazarida nogahon Xaruko qalbining allaqanday darichalari o’zi uchun yopilgandek bo’ldi.
O’sha kuni ularning gaplari ichlarida qolib ketdi.

Ochig’ini aytganda, Xaruko haq: to’rt muchasi salomat, bo’ydoq yigitning o’ttiz olti yoshgacha bironta ayolga ilakishmaganiga ishonish qiyin. Xaruko shu ma’noda Kuxarani kechirishga ham tayyor
edi. Chunki uning ham hayotida o’zini deb joniga qasd qilgan yigit bo’lgan-ku! Ehtimol, shuncha payt uylanmay yurgan Kuxaraning qalbida ham qandaydir bitmas jarohati bordir? Modomiki bir yostiqqa bosh qo’yishar ekan, bularni yashirishdan nima
foyda?! Xaruko o’zicha shunday deb o’ylar edi.

Balki u bir-biriga tasalli bera oladigan, bir-birini kechiradigan mushtarak taqdirlarning qovushishi uchungina erga tegishga rozi bo’lgandir?!

“Xaruko hammasini aytib beradi, men esa unga hech nima aytmayman”, deya xayol qilgan Kuxara chakki o’ylagan edi.

Kuxarani beg’ubor, pokdoman yigitlardan deb bo’lmasdi, ammo modomiki gap oila qurish haqida ekan, u ishonch bilan tashlab ketib, so’ng qiynalgan yoki pushaymon bo’lgan bironta ayolni uchratmaganman, deya bemalol aytishi mumkin edi.

Buning sababi tabiatan ayollarni yoqtirmasligi va ularga ishonmasligi emasdi. Balki shu choqqacha ko’ngli suv ichadigan qizni uchratmagan edi.

Vaqti-soatida uylanmagach, oila qurishdan, umuman ayol zotidan sovub ketgandir?! Yurakda bu narsalarning o’rni kelmagandir? Ehtimol, shu sababli u so’qqabosh yurishni afzal ko’rib, oxir-oqibat ilmga berilgandir? Balki mana shu fe’lini yaxshi bilgan tanish-bilishlariga uning uylanishi favqulodda hodisa bo’lib ko’ringandir?!

Bo’ydoqligida Kuxara emin-erkin yurardi. Ilgari ayollardan omadi chopmagan bo’lsa, endi, Xarukoni uchratgach, unga baxt kulib boqqan edi. Shunga qaramay, Xarukoning iltimosi uni esankiratib qo’ydi va shu bois u o’z o’tmishi haqida o’ylab ko’rishga qaror qildi.

To’g’risi, ko’nglida yashiradigan sir-asrori yo’qligidan u o’zicha g’ururlanib ham qo’ydi. Lekin, ajabo, shunday ekan, nega qizga buni ochiq aytishga botinolmadi? “Demak, men sofdil, samimiy inson emas ekanman”, degan andishada diliga g’ashlik cho’kdi.

Balki u yomon yashagandir? Unday bo’lsa, Xaruko ishonmay to’g’ri qilgan bo’lib chiqadi. Kuxara shuni ko’nglidan o’tkazib, o’zicha kulib qo’ydi.

Shunga ham ota go’ri qozixonami? Xaruko birinchi bo’lib o’tmishdagi gunohlarini bo’yniga olishni shart qilib qo’ygan ekan, Kuxara ham iloji boricha ishonarli bir ishq mojarosini o’ylab topishga ahd qildi.

III

U o’zi tanigan barcha ayollarni – yoshligidagi do’stlaridan tortib to hamshiralaru kasalxonada o’zi davolagan bemor xotinlargacha birma-bir xotiridan o’tkazib, Xarukoga aytib berish uchun favqulodda ishqiy sarguzasht o’ylab topishga kirishdi.

Bu juda bachkana va kurakda turmaydigan bir mashg’ulot edi. U o’sha ayollar bilan qallig’i Xarukoni xayolan taqqoslab ko’rar, ularning hammasi fayzsiz-farishtasiz tuyulardi. Lekin baribir Xarukoning qulfi dilini ochadigan bir jo’yali voqea o’ylab topolmadi.

Xarukoning o’z joniga qasd qilgan yigit haqidagi hikoyasi esa – qiz hammasini Kuxaraga aytib berdi – har holda odatiy, hatto aytishga arzimas voqea ekan.

O’sha yigit Xarukodan ikki yosh katta bo’lib, uning tog’avachchasi ekan, Xaruko bilan yigit yoshlikdan birga o’sishgan ekan. Keyinchalik yigitning otasini Tokiodan ancha olisdagi qishloqqa ishlagani yuborishgach, yoshlar xat yozib turishgan ekan. Ta’til paytlarida yigit bilan Xaruko yozda cho’milgani dengizga borishar, qishda esa chang’i uchgani toqqa chiqishar, birga bo’lishgan chog’larida o’zlarini nihoyatda baxtiyor sezishar ekan. O’rta maktabni tugatish arafasida yigitning maktublari tobora ishqiyona tus ola boribdi. So’ngra, u kollejga o’qishga kirgach, Tokioga ko’chib kelib, Xarukolarnikida yashay boshlabdi.

Ular har kuni ko’rishib turishar ekan. Ko’p o’tmay yigit unga muhabbat izhor etgan. Xaruko qarindoshligini ro’kach qilib, rad javobini bergan. O’sha yili qishda yigit chang’i uchgani bir o’zi toqqa jo’nagan va bo’ron paytida tog’dan yiqilgan. Uning jonini saqlab qolishibdi.

Biroq ko’krak qafasi lat yegani uchun uzoq vaqt kasalxonada yotibdi. Ko’p o’tmay yigit Xarukoga vidolashuv maktubini yozib, o’zini-o’zi o’ldirgan ekan. O’sha maktubning ayrim lavhalari o’z vaqtida ro’znomada ham e’lon qilingan ekan. Agar u kasalxonada qazo qilganda bu haqda ovoza qilishmas ekan, biroq yigit o’zini dengizga tashlagan, kasalxona ma’muriyati javobgarlikdan qochish niyatida uning o’limi oldidan yozgan maktubini tahririyatga yuborgan. Shu tariqa yigit go’yo ishq dardiga chidayolmay o’zini-o’zi o’ldirdi, degan gap tarqalgan.

– O’sha paytda necha yoshga chiqqan edingiz, Xaruko? – deb so’radi Kuxara qizning hikoyasini tinglab bo’lgach.

Bu sevgi dostoni shunchalar jo’n va oddiy ediki, avvaliga uning ishongisi ham kelmadi. Bunga o’xshagan voqealar haqida ro’znomada bir necha bor o’qigan edi.

Ammo har qanday ishqiy sarguzasht ham o’zgalar tilidan eshitganda ozmi-ko’pmi bachkana bo’lib tuyulsa, ajab emas.

Zero, xunobi oshayotgan Kuxara nazarida Xarukoning erga tegishdan qat’iy bosh tortishlariga faqatgina kutilmagan, fojiaviy hodisa sabab bo’lishi mumkindek edi.

Qiz bolaning qalbini vayron qilishga bir necha satr ham kifoya. Lop etib alanga olgan fidoyi muhabbatdan farqli o’laroq tog’avachchasi bilan o’rtalaridagi munosabat Xarukoning qalbida go’zal xotira sifatidagina qolgan va bu uzoq vaqtdan buyon uning xayolini tark etmay kelayotgan edi.

– Xaruko, o’sha yigitda ko’nglingiz bormi? – deya so’radi Kuxara. Xaruko bosh qimirlatdi.
– Hozir o’ylasam, yaxshi ko’rgan ekanman… Ammo u paytlarda juda yosh edik.

– O’sha halokatdan keyin ota-onalaringiz yuzko’rmas bo’lib ketishmadimi?
– Tog’am bilan kelinoyim meni biron nimada ayblaydigan odamlar emas.

– Shuning uchun unga sadoqatli bo’lib qolmoqchi bo’lganmisiz?
– Sadoqatli deysizmi?.. Ehtimol…

Ammo Xaruko ochiq aytishi mumkin bo’lgan gaplarning hammasi shulardangina iborat emasdi.

Tog’avachchasi o’z joniga qasd qilganda Xaruko o’n to’qqiz yoshda edi, oradan ikki yil o’tgach, uylariga sovchi keldi. Xaruko rozilik bildirdi, biroq to’y tadorigini kelishib olishgandan keyin, ikki kun o’tar-o’tmas bo’lg’usi kuyovning ota-onasi o’zini o’ldirgan yigit haqida xabar topdi-yu, to’y buzildi.

Bu voqea Xarukoga tog’avachchasining o’limidan ham yomonroq ta’sir qildi: u kuyov Katakirini astoydil sevib qolganga o’xshardi.

Xaruko peshonamga er yozilmagan ekan, deya o’shandayoq bor umidini uzgan edi.

To’g’risini aytganda Xarukoning birinchi muhabbati tog’avachchasi emas, Katakiri edi. Katakiriga bo’lgan mana shu muhabbati keyinchalik halok bo’lgan qarindoshining xotirasi bilan qorishib ketgan edi.

Xaruko keyingi unashtirishlar ham xuddi shunday tugaydi, deya qo’rqardi. To’g’ri, o’sha paytda u Katakiriga turmushga chiqishiga ishonchini butunlay yo’qotgan edi, kuyovning ota-onasi to’yni buzishgandan keyin ham ular pinhona – atigi bir marta uchrashgan, Katakiri ota-onasini ko’ndirishga va’da bergan edi.

Xaruko Katakiri bilan bog’liq voqealarni Kuxaradan yashirmoqchi emasdi, faqat Kuxara o’tmishi haqida yana biron nima so’rab qolsagina, aytib bermoqchi edi.

Biroq, siyoqiga qaraganda, tog’avachchasi haqida aytib berganlaridan Kuxara qanoat hosil qilgan va boshqasi qiziqtirmayotganga o’xshardi, shuning uchun Xaruko Katakirini eslashni lozim ko’rmadi.

Darhaqiqat, Katakiri haqida gapirish uning uchun ham og’ir, ham alamli edi: Kuxara Xarukoga sovchi qo’yganda Katakiri allaqachon oila qurgan va bundan xabar topgan Xaruko o’zini tahqirlangandek sezardi.

IV

Kuxara bilan Xaruko turmush qurishdi. To’y safarining ikkinchi kuni musofirxonaga joylashganlarida Xarukoning tushiga o’z joniga qasd qilgan tog’avachchasi kirdi.

Ularning qishloqdagi uyidami yoki o’zlarining uyidami – Xaruko aniq bilolmadi. U xonaga kirganda tog’avachchasi eshikka orqa qilib o’tirardi. Kutilmaganda o’girilib qaradi-yu, Xaruko qotib qoldi. U daf’atan yalang’och ekanini sezib qolgandi… Xaruko o’zining ovozidan cho’chib uyg’onib ketdi.

Uning yuzi nomusdan lovullab yonardi.

Xaruko titrab-qaqshab Kuxaraning tungi kimonosi yengidan ushlab oldi.

Tushida marhum tog’avachchasini ko’rgani haqidagi xayoldan dahshatga tushdi.

– Meni kechir… – deya shivirladi u va butun vujudi titrab, erining pinjiga suqildi.

O’sha kechasi Xaruko erga tegib, marhum tog’avachchasining ruhiga xiyonat qilgandek uzoq o’yga toldi. Bundan tashqari, nazarida, ko’rgan tushi juda-juda bexosiyat edi.

Biroq vaqt o’tib elas-elas yodida qolgan tog’avachchasi bilan Katakirining qiyofalari bora-bora unutilib ketdi. Xarukoning qalbida kurtak yozgan muhabbat gullari kechikib bo’lsa ham barq urib ochildi va bu gullarning tarovati endi Kuxaraga tegishli edi.

– Bizga o’xshab vaqti-soatini sabr-toqat bilan kutib turmush qurganlarni xudoning o’zi qo’llaydi, – der edi ba’zan Kuxara.

Shunday lahzalarda Xaruko o’tmishni eslamaslikka harakat qilardi. Xaruko gul-gul ochilib, Kuxaraning orzu-havaslarini tinglar va oilasiga baxt tilagani-tilagan edi.

Kunlarning birida Kuxara beg’araz ohangda so’rab qoldi:
– Tog’avachchang o’limi oldidan yozgan maktubining ba’zi yerlari juda g’alati-ya, ahamiyat berdingmi?

– Bo’lishi mumkin, siz bekorga gapirmaysiz, – dedi Xaruko xotirjam.

– Rostdan-da. Gap shundaki, u yotgan kasalxonada bir o’rtog’imning tanishi ishlaydi. Men tog’avachchangning o’limi sabablarini surishtirdim. Ma’lum bo’lishicha, uning asablari tamom ishdan chiqib, qandaydir vosvos, telbanamo bo’lib qolgan ekan. Men uning kasallik varaqasini ham ko’rdim. Shulardan kelib chiqib aytishim mumkinki, u sen tufayli o’zini o’zi o’ldirmagan. U shunchaki sog’ayishiga ko’zi yetmagan – uning o’pkasi tamom bo’lgan ekan. O’lganning ustiga tepgan degandek, ruhiy xastalikka ham chalingach, buni ko’tarolmagan. Irodasi shunaqa bo’sh ekan. Uning o’limida sening mutlaqo aybing yo’q.

– Bularni qachon bila qoldingiz?
– Ancha bo’ldi.

– Yaramas, nega shu choqqacha indamay keldingiz? – dedi Xaruko ginaxonlik bilan. Ko’nglidan esa, buni ilgariroq bilganimda, balki Katakiri bilan to’yimiz buzilmasmidi, degan o’y kechdi.

Bu fikr Xarukoga shunchalik ta’sir qildiki, boyaqish dovdirab qolganini yashirish uchun siniqqinab kulimsiradi.

– Lekin shuni esdan chiqarmaslik kerak, o’sha telbaning sharofati bilan biz turmush qurdik, – dedi farosatsizlarcha Kuxara.
– Shuni ayting-a!

– Sen bo’lsang, Xaruko, o’zingni-o’zing qiynab yuribsan. Bir gap aytaymi, buning uchun sendan yanayam xursandman.

O’shandan buyon Xaruko juvonmarg bo’lgan tog’avachchasini tez-tez eslaydigan odat chiqardi. Shunday damlarda ko’z oldiga yoz faslidagi moviy dengiz hamda qor bosgan tog’lar kelardi.

Lekin afsuslar bo’lsinkim, unga ato etilgan ne’mat – o’zgalarga baxt keltirish iqtidori susayib borardi.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali, 2013,№ 5

082

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 2)

Izoh qoldiring