Jo’rabek Ramazon. She’rlar & Usmon Azim. Jo’rabek

077 Бугун шоир Жўрабек Рамазон таваллуд топган кун 

  Жўрабек Рамазон 2014 йилнинг октябрида 31 ёшида вафот этди. Ўша кунлар мен Жўрабекнинг икки ҳикоясини танлаб, энди сайтда тақдим этаман деб ният қилиб юрган эдим. Ўша икки ҳикоя унинг вафотидан кейин сайтда юз кўрди. Жўрабек нафақат яхши ёзувчи, шунингдек, қалами чархланиб қолган шоир ҳам эди…

ЖЎРАБЕК
Усмон АЗИМ
Ўзбекистон Халқ шоири
05

   Бойсун ҳаётимни тўлдирган одамлари билан жону танимга чирмашганини эллигимдан ошгандан сўнг тушиниб, ета бошладим. Йўқ, аввал ҳам билганман, аммо энди аллақандай ўртаниб, бедаво бир соғинчда ҳис қилишга тушдим.

Янги дўсту биродарларимни кашф этиш учун эса вақт керак. Аммо ўша вақт қани? Ёш ўтган сари менинг касбимдаги кишилар вақт етмаётганидан азоб чека бошлайди. Бойсунга сафарларим эса йиллар ўтган сари қисқариб боргани-борган… Шошиб бораман, шошиб жўнайман. Суягим тинчиб, Бойсун меҳрига қонмаганимга қанча бўлди?

Шу сабабданми, Жўрабек Рамазон билан кеч учрашдим.
— Усмонжон, — деб қолдилар Чучук опам аллағайтиб Тошкентга бир келганларида, — Бойсунда бир шоир йигит бор. Шундай яхши ёзади! Ёзган шеърларини газетадан қирқиб олиб қўяман.
— Йўғ-е! — дейман ишонқирамай.
— Бир кўнглидан чиқариб ёзади… — Опам ўша шеърларни мазасини эслабми, гапидан чалғимайдилар. — Бойсунга борганингизда шу йигит билан бир учрашинг! Оти Жўрабек Рамазон. Энаси ҳам бир яхши хотин!..
Нохос нимадир элас-элас хаёлимда йилтиллайди.
— Э-э! — дейман бирдан, — Сирожиддин айтган эди! Ўша йигит!

Ёш адибларнинг Зоминда бўлган йиғинидан қайтган Сирожиддин Саййиднинг «Ака, бойсунлик бир йигитни шеърларини ўқидим. Жуда яхши экан. Бойсундан барибир чиқар экан-да!» деган гапи бирдан эсимга тушади. Аммо, бироз вақт ўтиб, бу йигит ҳақида гап очганимда, у ҳеч нарса эслай олмади. Мен эса бу хотирасизликни ўзимча йўйиб, «кўнглим учун бир бойсунликни мақтаб қўйган экан-да», деган хаёлга бордим. Хуллас, бу ҳақда кейин ўйлаганим эсимда йўқ. Мана, ҳозир бирдан хаёлимга келди.

Аввал Жўрабекнинг китоблари қўлимга тегди. Биринчи сатрданоқ қувониб кетдим: Шоир! Албатта, шоир!..

Ҳаво на фараҳбахш, на-да ҳаво дим.
Қаромиди, оқми кечанинг ранги?
Менинг ёнгинамда ўтирарди жим,
Атлас либосларга ўранган севги.

Шошиб ўқий бошладим.
Ҳар бир сатр, ҳар бир шеърдан шоирлик барқ уриб турибди. Жуда дардли, ўта шижоатли, кўнгил қисматининг манзаралари; ҳаётнинг кўзига тик қараб ёзилган, ҳатто ўлимдан ҳам чўчимайди. Мен бундай мардоналикни жуда яхши кўраман. Азалдан Шарқнинг буюк шоирлари ҳаёту мамотнинг ўртасида тўлғониб, шеър ёзганлар. Шеър жони ширинларнинг иши эмас. «Чун қўлим билан оёғим боғламоқ ҳожат эмас, Мен ўлимга розиман, ки тургали тоқат эмас!» Бу сатрларни жони сабил қолган Машраб бобомиз ёзганлар! Худди шундай! Ҳақиқий шоирларни жони озми-кўпми сабил қолган бўлади. Улар — фақат улар! — дунёни дунёдан кўра чиройли, дунёдан кўра дардли, дунёдан фожеали кўрадилар! Уларнинг жони ҳамманикидан ортиқроқ куяди. Улар «ўлим ҳақ» эканлигини бўйинларига олганлар одамлар. Ҳазрати Баҳовуддин айтганлар-ку: “Ҳеч нарсамиз йўғу, ҳеч камимиз йўқ. Ҳечимиз йўқликдан ҳеч ғамимиз йўқ. Жандамиз — елкада, елкада — гўристон, Гар ўлар бўлсак ҳеч мотамимиз йўқ!”. Худди шундай! “Гар ўлар бўлсак”… Худди шундай!

Бу Жўрабек Рамазон деганлари ҳам боболари монанд жуда қўрқмас, мардона шоир экан! Мана, ўқинг!

Фалак мени ерга айлади кулгу.
Юнус париларни яшириб ғорга.
Ажал келса, пешвоз чиқаман, чунки
Чақирмайди мени худо бекорга…

Бу сатрларда аллақандай бешафқат тақдир оқибатини ҳис қилиш бор. Ўқиганимда, юракларим увишиб кетгани ҳануз эсимда.
Бойсунга борганимдаёқ Жўрабекни суриштиришга тушдим.
— Газетада ишлайди, — деди ака дўстим Собир Ядиков. — Ҳа, топдирайми?
— Ҳа, топдиринг! Бир кўришайлик.
— Нимага? — Собир ака менга ажибсиниб қаради. Чунки биров билан бу қадар бесабр қаътийликда суҳбатлашгим келганини анчадан буён кўрмаган бўлса керак.
— Шу Жўрабек… шоир.

Собир ака энди тамоман ҳайрон қолиб турганини кўриб, яна гапимни тасдиқладим:
— Катта шоир!
Собир ака бир пас тараддудланиб турди. Кўпни кўрган бу одам «катта шоир»лар Бойсунда эмас, Тошкентда яшашини яхши билади. Туман газетида ишлайдиган Жўрабекнинг ҳам «катта шоир»лигига ишонмоқ учун энди озгина нафас ростлаш керак-да!
— Туман газетасида шеърлари чиқиб туради, — деди ниҳоят кўнглида туғилаётган ишончга далда беришга интилгандай у киши.

Сўнг қўнғироқ қила бошлади.
— Ана Жўрабекнинг телефон рақамини, биласанми? Усмон сўраяпти… Нима керак экан? Билмасам, «катта шоир» деяпти-ку!..
У киши кимларгадир Жўрабекни топишни топширгач, «катта шоир»дан гурунг бера бошлади:
— Ошхона-ю чойхонада кўринмайди. Нимагадир бир ўзи юради. Биров билан бундай қўшилиб кетадиган бола эмас. Оғиргина йигит…

«Катта шоир» мен қўнган хонадонга келди. Ўрта бўйли, келишган йигит экан.
Ҳақиқатдан ҳам жуда босиқ. Гўё ёйилиб кулишни унутган — ҳазил-ҳузулга бир жилмайиб қўяди.
Ундан-бундан гаплашиб ўтирдик. Мен унга «шоир экан»лигини қайта-қайта айтдим. Чунки биламан: ижодкор учун ўзидан бир-икки кўйлак кўп йиртган ҳамкасбларининг эътирофи жуда муҳим. Шеърларидаги менга камчилик бўлиб туюлган жойларини ҳам жуда қисқа бир тарз — енгил-елпигина айтиб ўтдим. Батафсил айтишга эса ўрин йўқ, у ҳаммасини ўзи биладигандай эди. Бу ҳол ҳам жуда муҳим: ўзининг камчиликларини кўриш мақомига чиққан ижодкордан умид қилса бўлади.

Мен Жўрабекнинг «бир ўзи юришини» билсам ҳам, дўстлари билан, даврадошлари билан қизиққан бўлдим. Чунки суҳбатдошлар давраси маълум бир пайтда ёш ижодкор учун жуда зарур. У ўзига тенг ёки тажрибали ижодкорлар орасида тезроқ ўниб-ўсади.
— Дўстларим… — дейди-ю, Жўрабек бироз ўйланиб қолади, — бор. Интернет орқали гаплашиб турамиз.
— Кимлар? — дейман, унга ҳурматим бирдан яна-да ошиб. Чунки интернетдан жуда йироқман. Шу сабабданми, интернетда ишлай биладиганларга ҳурматим баланд. Улар ўзгача одамлар бўлиб туюлади менга. Интернет дўстлик ҳақида эса биринчи бор эшитиб туришим.
— Шу… Шеърга қизиқадиганлар… Хўжандда Одил Икром деган шоир бор.

Одил! Одил Икром-да! Мен қувониб кетаман. Жуда яхши кўраман шу укамни. Яхши шоир ва тоза одам. Республика радиосида бирга ишлаганмиз. Унинг билан юракдошлигимиз борлигини мудом ҳис қилганман. Аммо кўрмаганимга қанча бўлди? Йигирма йилдан ошди, шекилли. Юртига кетган экан-да! Жўрабекни интернетдан топган ошнасини қаранг! Яхшилар бир-бирини топар экан-да!
— Одил ёзяптими? — деб сўрайман умид билан.
— Яхши шеърларини интернетда кўрдим. Ҳозир Румийни таржима қиляпти, — дейди Жўрабек. — Ўқидим. Яхши.

Мен хурсанд бўламан ва дарҳол, одатимга кўра, «фойдали» маслаҳатлар бера бошлайман.
— Форс тилини биласиз-а?
Жўрабек бош силкитиб тасдиқлайди.
— Сиз ҳам шу форс шоирларини таржима қилмайсизми? Қандай буюк шоирлар бор! Менинг тишим форсчага ўтмайди. Агар ўтган-да!.. Сиз таржима қилинг! Хўпми?
— Хўп, — дейди Жўрабек ва яна жилмайиб қўяди.

Гап айланиб, бундай савоб ишларни ажиб тарзда амалга ошираётган Жамол Камол, Бедилни ҳассослик билан ўзбеклаштирган марҳум дўстим Матназар Абдулҳакимга тақалади…
Аммо суҳбат асносида бу йигитдаги нимадир мени безовта этгани этган эди. Унга нима бўлган? Жўрабекнинг теварагини аллақандай бир девор ўраб тургандай туюлаверди менга. Нима у?

Жўрабек кетгандан кейин, бу хавотиримни Собир акага айтдим.
— Мазаси йўқ дейишади, — деди Собир ака. — Билмасам, кўриниши соппа-соғ.
Ҳақиқатдан ҳам Жўрабекнинг гавдаси пишиқ, кўринишидан соппа-соғ эди.

Жўрабек кетгач, келтирган бир даста шеърларни ўқимоқчи бўлиб, қўлимга олдим.
Бу туркум шеърлар, назаримда, чоп этиш учунми тайёрланган, ҳатто, бир парча қоғозда шоир ҳақида қисқача маълумотнома ҳам бор эди.
Ичимда шарҳлаб, ўқишга тушдим.

«Жўрабек Рамазонов — 1983 йил Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида туғилган. Тумандаги 1-мактабда таҳсил олган»… Бизнинг мактабда ўқиган экан! «Бизнинг» деганимнинг сабаби шуки, Шукур ака Холмирзаев, Эркин Аъзам ва каминаю камтарин ҳам шу мактабни битирганмиз… «Ўзбекистон ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси»… Сирожиддин рост айтган экан-да! Фақат нега эсидан чиқди? Жўрабек эсда қолишга арзийдиган шоир-ку… «Тавалло», «Бугун», «Юр, қочиб кетамиз» номли шеърлар тўпламлари нашр этилган»… Бу китобларни ким ўқиди? Илгари Тошкентда нашр этилган кафтдай китобча республиканинг ҳар бир чекка қишлоғигача етиб боргич эди. Энди ҳар бир вилоятда наш¬риёт, аммо нашр этилган китоблар эса ўша вилоят доирасида қолиб кетяпти. Умуммиллат кўламида довруғ солиши мумкин бўлган истеъдодларнинг узоқдаги овозлари Тошкентга етиб келмаяпти… «Айни кунда «Бойсун» газетасининг бўлим мудири»…

Бори — шу. Тўрт энлик таржимаи ҳол. Ҳали ёш-да! Худо умрини берса, шу расмийгина умр чизгилари ҳам саҳифа-саҳифа бўлиб кетади ҳали! Ҳали…
Шундай умидлар билан шеърларни кўздан кечира бошладим.
Энди ҳисоблаб чиқсам, ўша кунлар Жўрабек Рамазон йигирма тўққизга кирган экан.
Эртаси Собир ака қўнғироқ қилиб, Жўрабек бир пиёла чой бермоқчи бўлганини айтди.

Мен аввалига ройиш бермадим. Бирорталаринг имо қилмадиларингми? Нима қилади овора бўлиб? Бирор нарсани баҳона қилиб, Жўрабекни шу ташвишдан қутқарсак бўлмайдими?
Бўлмас экан.
— Бир ният қилибди, — деди Собир ака. — Айтдим-ку, ҳеч кимга қўшилмайди. Раъйини қайтармайлик. Бола синади…
Рози бўлдим.
Тўрт киши бўлиб, кимсан Жўрабек Рамазон берадиган базмга жўнадик.

Йўл-йўлакай ака биродарим, Шукур Холмирзаевнинг дўсти — сўзамол, ҳазилкаш Исмат Норбоев мендан жиддий суриштириб келяпти:
— Усмон, шу Жўрабек ростдан шоирми?
— Ҳа.
— Шоирлиги қанча?
— Катта. Жуда катта.
Исмат ака менга «алдамаяптими?» дегандай синчков қарайди. Бу киши ҳам Жўрабекнинг шоирлигига ишонмаяпти. Шукур Холмирзаевдай адибга дўстлик қилган одам-да! «Катта шоир» туман газетасида ўралашиб юришини танига сиғдиролмайди…

* * *

Эртаси бир ҳамқишлоғим уйига таклиф қилди.
Собир акага Жўрабек билан биргалашиб борсак, яхши бўлишини айтдим.
— Буни топиш ҳам қийин…
Собир ака яна қўнғироқ қилишга тушиб кетди.
— Бўлди, келади, — деди ниҳоят хотиржам тортиб.

Жўрабек ҳақиқатдан ҳам келди.
Мезбоннинг уйига кун ботишдан сал аввал етиб бордик.
Меҳмонхонага дастурхон ёзилган экан. Дастурхон айланиб ўтирдик. Очиқ дераза тагига Жўрабекни ўтқаздик.
Одатдаги меҳмондорчилик. Латифа, Бойсуннинг ўтган-кетганидан гангур-гунгур суҳбат. Мен эса қувониб, Жўрабекни ҳаммага қайта-қайта таништираман:
— Бу киши катта шоир.
Билишсин, фахрланишсин, деб ўйлаётган бўлсам керак-да!

Бир пасда кеч бўлди. Деразадан кўриниб турган ёзги боғни қоронғулик қамраб олди.
Ўтириш гуриллаяпти. Ҳаммани давранинг сурури қамраб олган.

Фақат Жўрабек… бир ўзи ўтирибди. Сезиб турибман, бир ўзи. Ўқтин-ўқтин деразага ҳадиксирабми, хавотирдами қараб қўяди. У қоронғу боғда нимани кўрди?
— Жўрабекжон, — дейман, кўнглимдан ўтаётган гапни бошқаларга сездирмаслик учун баланд овозда, — Иссиқлаб кетдим. Бизга ҳам шаббода тегсин! Деразанинг ёнини менга бериб, жойимга ўтинг.
Жўрабек негадир менга қандайдир айби бордай, ийманиб қарайди.
— Қани, бўлинг!
Дераза тагига ўтдим.

Жўрабекни эса қўярда қўймай тўрга — менинг ўрнимга ўтқаздик. У енгил тортганини сездим.
— Ёзилиб ўтиринг, — дейман Жўрабекка. — Биздай акаларнинг даврасида эркин ўтиринг!
Жўрабек «хўп» дегандай бош қимирлатади. Яна юзида ўша босиқ табассум. Яна у менга аллақандай кўринмас девор ичида ўтиргандай туюлади. Бу йигитга нима бўлган?
Ўтиришдан чиқиб, Жўрабекни уйида қолдирдик-да, хайрлашдик.

Тошкентга Жўрабекнинг бир даста шеърларини кўтариб келдим. Бир туркум шеъри чоп ҳам этилди. Бойсунга эса ёлчиб боролганим ҳам йўқ. Иккита нордай тоғам вафот этганида, тонгда бориб, кечда шошиб қайтдим. Ҳа, яна бир йўлим тушганда, жигаримга даъво бўлар эканми, деб Омонхонага югурдим… Жўрабекни суриштирмадим. Негадир суриштиришдан ҳам чўчидим. Бу шоир эса, йўқлаб келишни ҳам билмайди…
Кузда Бойсундан қўнғироқ қилган оғайнилардан бири Жўрабекни «бериб қўйишганини» айтди. Касал бўлмасдан — ярим кунгина ётар-ётмасдан жон узибди. Музлаб қолдим. «Бу дунёнинг одами эмас эди ўзи», деб ўйладим, ичим куйиб.

Жўрабек Рамзон 2014 йилнинг 1 октябрида вафот этди.
У ўттиз бирга кирган эди.
Раҳматлик Қодир бахши ғайғайлаб айтгич эди:

Бу дунёси, дўстлар, каптархонадир —
Бири қўниб, бири учиб борадир…

Жўрабек ҳам учиб кетди.
Бизга қолдиргани эса шеърлар.
Ўқисанг, вужуду руҳингга титроқ соладиган шеърлар.

Манба:“Китоб дунёси” газетаси

Жўрабек РАМАЗОН
ШЕЪРЛАР
08

Jo‘rabek Ramazonov 1983 yil Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug‘ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan. Ijod namunalari respublika matbuotida e’lon qilingan. O‘zbekiston yosh ijodkorlarining an’anaviy “Zomin” seminari ishtirokchisi. “Tavallo” (2003), “Bugun” (2008), “Yur, qochib ketamiz” (2011) nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan. “Boysun” gazetasining adabiy bo‘lim muharriri bo‘lib ishlagan. 2014 yili yurak xurujidan vafot etgan.

08

БАҲОРНИ АЛДАДИМ

Баҳорни алдадим бахтиёрман деб,005
Кўнглим ўсаяпти дея кун сайин.
Негадир кўрмадим айтишимни эп
Қувончимни селлар ювиб кетганин.

Қушларни алдадим бойваччаман деб,
Истаганингизча берай деб ушоқ.
Мендай саховатли телбани кўриб,
Баралла кулди бир юраги қашшоқ.

Қўрқмай ичавердим беҳуда қасам —
Билмадим ким бўлдим, аввал ким эдим.
Кимларгадир бошим осмонда десам,
Бошқаларга осмон қўлимда дедим.

Қўрқмайман, ҳақиқат аталган учқун
Менинг истагимга солмайди соя,
Севгилим, сени ҳам алдашим мумкин –
Онт ичишим мумкин “ўлмайман” дея…

* * *

Асли муросадан яралган дунё,
На биров ўзгарган, биров кўчирган.
Менинг кўрганларим тенг ярми рўё,
Қолган ярмин ҳамма бошдан кечирган.

Сўз бисёр, тизсангиз бўлади достон,
Булар энг осони, қулайларидир.
Менинг дўстларимнинг тенг ярми инсон,
Қолган ярми шайтон малайларидир.

Ҳаёт бор, бағрида туйғу бор азал,
Айтинг, у қай дилни қилмади асир?
Менинг севганларим тенг ярми гўзал,
Қолган ярми эса бачканалардир.

Соғ танни аямай яшадим мудом,
Бугун тўрт мучани бутлаш армондир.
Менинг еганларим тенг ярми таом,
Қолган ярми эса дори-дармондир.

Ранжиманг битганим туюлса гумон,
Арслон ҳам изига қайтиши мумкин.
Менинг ёзганларим тенг ярми ёлғон,
Қолган ярмин ҳамма айтиши мумкин.

30.09.2011

* * *

“А” ҳарфини ўрганиш-чун авваламбор
“Ассалом”ни такрорлашинг зарур, қизим.
Бу дарс эмас, насиҳат ҳам эмас зинҳор,
Бу эътиқод, бу тарбия, ғурур, қизим!

Бир маҳаллар ўша ҳарфни ўргансин деб
Қўлимизга айиқ расмин тутқазганлар.
Инсон эмас, махлуқ билан юзлаштириб,
Тарбияда бир нимадан ютқазганлар.

Кун келади – четга чиқиб ҳою ҳавас,
Ҳаммасини эзгуликка йўядилар;
Алифбонинг аввалида айиқ эмас,
Алла айтган аёл расмин қўядилар.

Шунда севинч бирла кулиб кўз-қароғим,
Ҳаволарга ҳайф бўлмади нолам, дейман.
Алпомишга “А” кетади, қизалоғим,
Барчинойга “Б” кетади, болам, дейман!

29.05.2013

* * *

Гўдак эдик, ғамга парво қилмас эдик,
Ёт кўзларни назарга ҳам илмас эдик.
Ўрганмадик бир-биримиз авайлашни,
У пайтлари ўрганишни билмас эдик.

У пайтлари ишқ шунчаки ўйин эди,
На ишқда, на ишқсизликда тайин эди.
Саломлашмай юрсак ҳамки иккимиз жим,
Сен билан жим хайрлашиш қийин эди.

Кейин сени ўйлаш ўзи роҳат бўлди,
Бир лаҳзада лаҳзалар ҳам соат бўлди.
Саломлашмай юрганимиз дил оғритса,
Хайрлашмай айрилиш ҳам одат бўлди.

Онанг айтди: “Қизим бўйинг етди энди,
Ёшликларинг, шўхликларинг ўтди энди”.
Мен кечикдим, иккимизга ёт бир одам
Саломлашмай билагингдан тутди энди.

Улгурганлар давронини сурсин, гўзал,
Биз кабилар пешонадан кўрсин, гўзал.
Салом дема тасодифан юз кўришсак,
Хайр дема, худо хайринг берсин гўзал.

* * *

Ҳадя қилмасанг ҳам қалбингни менга,
Сўнгги бор ёнимга келсанг бўлгани.
Кетар чоғингда ҳам хайр демасдан,
Шунчаки табассум қилсанг бўлгани.

Бошимда кўланка қурганда кулфат,
Одамлар ошимга тўймаган муддат,
Бўҳтонлар қилишса, сен ўша фурсат
Бир бора ёнимни олсанг бўлгани.

Ҳатто тирикликда қолмаса ғоя,
Фалокат бошимга солса ҳам соя,
То ҳаёт эканман ҳар бир сония,
Сени кутишимни билсанг бўлгани.

Бемадор тан билан тўшакка ботсам,
Бори бисотимни буткул йўқотсам,
Сўнгги нафасимда исмингни айтсам,
Келиб, кўзларимни юмсанг бўлгани.

МУҲАББАТ КЕРАК

Азизим, арзимга кўнмади борлиқ,
ўовурли бағридан ҳайдади шаҳар.
Сенинг табассуминг сувдайин тиниқ,
Сенинг табассуминг мисоли шакар.

Менга бу заминнинг тақдири нима,
Ишим йўқ фалакнинг ташвиши билан.
Сен мени айблама, беайб ҳам дема,
Бор-йўғи ошиқман ишқингда куйган.

Азизим, арзимга кўнмади қисмат,
Не керак жозиба қоришган сўзлар.
Тушунсанг-чи, бизсиз учинчи қават
Боласин йўқотган онадай бўзлар.

Ҳаёт – ҳар томони ямалган гилам,
Соатдай бир йўсин уради юрак.
Орзу кўп, қайғу кўп, етарли ғам ҳам,
Иккимизга фақат муҳаббат керак.

* * *

Сукунатни синдирар саҳар,
Эрталабдан эшигинг очиқ.
Майин-майин қўшиғин бошлар
Деразангга илинган сочиқ.

Қошларингни қилганча таранг,
Мўралаган йигитни койи.
Ахир, сенинг кичкина хонанг
Дунёнинг энг чиройли жойи.

СИЗНИ СЕВИШ

Кипригингиз уйғотар титроқ,
Нигоҳингиз ўзи иноят.
Сизни севиш саодат, бироқ
“Севаман” деб айтиш жиноят.

Ҳуснингизга тўйгунича то,
Кул бўлади тўрттала томон.
Сизни асраш буюк бахт, аммо
Сиздан кечиш дўзахдан ёмон.

Юзингиздан уялади ой,
Оёғингиз ўпади йўлак…
Сиз билан бу оламда чирой,
Сизсиз қуёш чиқмаса керак.

ҲАЛИ

Ҳали булутларга қўйилмаган ном,
Отилмас олмадан бошқа мевалар.
Ҳали соғинмаслик бўлмаган тамом,
Ҳали шаклланмай қолган шевалар.

Ошиқлар тош қотган ғам қирғоғида,
Одамлар ҳали ҳам ошнинг ошнаси.
Ҳали киролмаган севги боғига
Қизил, оқ ва сариқ гулдан бошқаси.

Ҳали сирлигича яшамайди сир,
Гарчи кўплар етган бахт оролига.
Ҳали ҳам сиғиниб юрибди кимдир
Аччиқ хиёнатнинг кўр қиролига.

Ҳали даҳолардан телбалар кўпроқ,
Гоҳ виждон мулкига ҳоким ялмоғиз.
Ҳали кўп шоирлар ҳидламай тупроқ,
Ватан деб йиртмоққа шайланар оғиз.

Ҳали бу дунёни пок қилиш керак,
Ҳамма юракларни оқ қилиш керак.
Эрка маликалар – тоза ҳисларни,
Бераҳм девлардан яшириш керак.

Айблама, айбимга иқрорман ўзим,
Не топдим осилиб биров бўйнига?
Алам-да, ишониб юрганинг сенга
Таъна тошин отса олма ўрнига.

Сен мени худбину худпараст дема,
Ҳали ранжитмадим бирор кишини.
Севгилим, мен сенга атайин нима,
Нима деб атайин кўзинг ёшини?..

* * *

Ишқий қиссаларнинг барчаси рўё,
Менимча, севги деб ҳеч ким ўлмаган.
Лекин яралгандан бери бу дунё
Сени соғинишдек азоб бўлмаган.

Сохта маддоҳликнинг бари беҳуда,
Ҳамма ҳам ғамингни кўрмайди баҳам.
Қошингни чимириб қараганингда
Ёқимли манглайинг чизиқлари ҳам.

Қанчалар қадрдон бу янги нигоҳ,
Кўрдимми – кўксимга меҳр тўлади.
Исмингни хотирдан чиқариш гуноҳ,
Ҳатто суратингни севса бўлади.

КЕЛ

Боғ тоғдек залворли сукутга чўккан,
Куз, ахир, дунёнинг катта бўлаги.
Дарахтлар сени деб кўз ёши тўккан,
Бу боққа келмасанг гуноҳ бўлади.

Мен қайтмас бахтимни қайлардан сўрай,
Севган гулим насиб этяпти кимга?
Нечун ҳаётимдан кетдинг бутунлай,
Баҳор йўқ эдими менинг умримда?

Йўлингга михланиб қолганда кўзим,
Ишонмадинг, бағрим осмон каби кенг.
Сарғайтириб қўйдим дунёни ўзим,
Маъюс ёмғирларни ёғдирган ҳам мен.

Тақдир баҳорини бизга кўп кўрди,
Бошқалар яйради, олмалар отиб.
Дийдорингга интиқ боққа кел энди,
Кел, нима қиласан гуноҳга ботиб…

 Jo’rabek Ramazon o’tgan yilning oktyabrida 31 yoshida vafot etdi. O’sha kunlar men Jo’rabekning ikki hikoyasini tanlab, endi saytda taqdim etaman deb niyat qilib yurgan edim. O’sha ikki hikoya uning vafotidan keyin saytda yuz ko’rdi. Jo’rabek nafaqat yaxshi yozuvchi, shuningdek, qalami charxlanib qolgan shoir ham edi. Bugun sizga yaqinda «Kitob dunyosi» gazetasida e’lon qilingan she’rlarini taqdim etaman va Yaratgandan ijodkor birodarimizni o’z rahmatiga olishini so’rayman.

JO’RABEK
Usmon AZIM,
O’zbekiston Xalq shoiri
05

   Boysun hayotimni to’ldirgan odamlari bilan jonu tanimga chirmashganini elligimdan oshgandan so’ng tushinib, yeta boshladim. Yo’q, avval ham bilganman, ammo endi allaqanday o’rtanib, bedavo bir sog’inchda his qilishga tushdim.
Yangi do’stu birodarlarimni kashf etish uchun esa vaqt kerak. Ammo o’sha vaqt qani? Yosh o’tgan sari mening kasbimdagi kishilar vaqt yetmayotganidan azob cheka boshlaydi. Boysunga safarlarim esa yillar o’tgan sari qisqarib borgani-borgan… Shoshib boraman, shoshib jo’nayman. Suyagim tinchib, Boysun mehriga qonmaganimga qancha bo’ldi?

Shu sababdanmi, Jo’rabek Ramazon bilan kech uchrashdim.
— Usmonjon, — deb qoldilar Chuchuk opam allag’aytib Toshkentga bir kelganlarida, — Boysunda bir shoir yigit bor. Shunday yaxshi yozadi! Yozgan she’rlarini gazetadan qirqib olib qo’yaman.
— Yo’g’-ye! — deyman ishonqiramay.
— Bir ko’nglidan chiqarib yozadi… — Opam o’sha she’rlarni mazasini eslabmi, gapidan chalg’imaydilar. — Boysunga borganingizda shu yigit bilan bir uchrashing! Oti Jo’rabek Ramazon. Enasi ham bir yaxshi xotin!..
Noxos nimadir elas-elas xayolimda yiltillaydi.
— E-e! — deyman birdan, — Sirojiddin aytgan edi! O’sha yigit!

Yosh adiblarning Zominda bo’lgan yig’inidan qaytgan Sirojiddin Sayyidning «Aka, boysunlik bir yigitni she’rlarini o’qidim. Juda yaxshi ekan. Boysundan baribir chiqar ekan-da!» degan gapi birdan esimga tushadi. Ammo, biroz vaqt o’tib, bu yigit haqida gap ochganimda, u hech narsa eslay olmadi. Men esa bu xotirasizlikni o’zimcha yo’yib, «ko’nglim uchun bir boysunlikni maqtab qo’ygan ekan-da», degan xayolga bordim. Xullas, bu haqda keyin o’ylaganim esimda yo’q. Mana, hozir birdan xayolimga keldi.
Avval Jo’rabekning kitoblari qo’limga tegdi.
Birinchi satrdanoq quvonib ketdim: Shoir! Albatta, shoir!..

Havo na farahbaxsh, na-da havo dim.
Qaromidi, oqmi kechaning rangi?
Mening yonginamda o’tirardi jim,
Atlas liboslarga o’rangan sevgi.

Shoshib o’qiy boshladim.
Har bir satr, har bir she’rdan shoirlik barq urib turibdi. Juda dardli, o’ta shijoatli, ko’ngil qismatining manzaralari; hayotning ko’ziga tik qarab yozilgan, hatto o’limdan ham cho’chimaydi. Men bunday mardonalikni juda yaxshi ko’raman. Azaldan Sharqning buyuk shoirlari hayotu mamotning o’rtasida to’lg’onib, she’r yozganlar. She’r joni shirinlarning ishi emas. «Chun qo’lim bilan oyog’im bog’lamoq hojat emas, Men o’limga roziman, ki turgali toqat emas!» Bu satrlarni joni sabil qolgan Mashrab bobomiz yozganlar! Xuddi shunday! Haqiqiy shoirlarni joni ozmi-ko’pmi sabil qolgan bo’ladi. Ular — faqat ular! — dunyoni dunyodan ko’ra chiroyli, dunyodan ko’ra dardli, dunyodan fojeali ko’radilar! Ularning joni hammanikidan ortiqroq kuyadi. Ular «o’lim haq» ekanligini bo’yinlariga olganlar odamlar. Hazrati Bahovuddin aytganlar-ku: “Hech narsamiz yo’g’u, hech kamimiz yo’q. Hechimiz yo’qlikdan hech g’amimiz yo’q. Jandamiz — yelkada, yelkada — go’riston, Gar o’lar bo’lsak hech motamimiz yo’q!”. Xuddi shunday! “Gar o’lar bo’lsak”… Xuddi shunday!
Bu Jo’rabek Ramazon deganlari ham bobolari monand juda qo’rqmas, mardona shoir ekan! Mana, o’qing!

Falak meni yerga ayladi kulgu.
Yunus parilarni yashirib g’orga.
Ajal kelsa, peshvoz chiqaman, chunki
Chaqirmaydi meni xudo bekorga…

Bu satrlarda allaqanday beshafqat taqdir oqibatini his qilish bor. O’qiganimda, yuraklarim uvishib ketgani hanuz esimda.
Boysunga borganimdayoq Jo’rabekni surishtirishga tushdim.
— Gazetada ishlaydi, — dedi aka do’stim Sobir Yadikov. — Ha, topdiraymi?
— Ha, topdiring! Bir ko’rishaylik.
— Nimaga? — Sobir aka menga ajibsinib qaradi. Chunki birov bilan bu qadar besabr qa’tiylikda suhbatlashgim kelganini anchadan buyon ko’rmagan bo’lsa kerak.
— Shu Jo’rabek… shoir.
Sobir aka endi tamoman hayron qolib turganini ko’rib, yana gapimni tasdiqladim:
— Katta shoir!
Sobir aka bir pas taraddudlanib turdi. Ko’pni ko’rgan bu odam «katta shoir»lar Boysunda emas, Toshkentda yashashini yaxshi biladi. Tuman gazetida ishlaydigan Jo’rabekning ham «katta shoir»ligiga ishonmoq uchun endi ozgina nafas rostlash kerak-da!
— Tuman gazetasida she’rlari chiqib turadi, — dedi nihoyat ko’nglida tug’ilayotgan ishonchga dalda berishga intilganday u kishi.

So’ng qo’ng’iroq qila boshladi.
— Ana Jo’rabekning telefon raqamini, bilasanmi? Usmon so’rayapti… Nima kerak ekan? Bilmasam, «katta shoir» deyapti-ku!..
U kishi kimlargadir Jo’rabekni topishni topshirgach, «katta shoir»dan gurung bera boshladi:
— Oshxona-yu choyxonada ko’rinmaydi. Nimagadir bir o’zi yuradi. Birov bilan bunday qo’shilib ketadigan bola emas. Og’irgina yigit…
«Katta shoir» men qo’ngan xonadonga keldi. O’rta bo’yli, kelishgan yigit ekan.
Haqiqatdan ham juda bosiq. Go’yo yoyilib kulishni unutgan — hazil-huzulga bir jilmayib qo’yadi.
Undan-bundan gaplashib o’tirdik. Men unga «shoir ekan»ligini qayta-qayta aytdim. Chunki bilaman: ijodkor uchun o’zidan bir-ikki ko’ylak ko’p yirtgan hamkasblarining e’tirofi juda muhim. She’rlaridagi menga kamchilik bo’lib tuyulgan joylarini ham juda qisqa bir tarz — yengil-yelpigina aytib o’tdim. Batafsil aytishga esa o’rin yo’q, u hammasini o’zi biladiganday edi. Bu hol ham juda muhim: o’zining kamchiliklarini ko’rish maqomiga chiqqan ijodkordan umid qilsa bo’ladi.

Men Jo’rabekning «bir o’zi yurishini» bilsam ham, do’stlari bilan, davradoshlari bilan qiziqqan bo’ldim. Chunki suhbatdoshlar davrasi ma’lum bir paytda yosh ijodkor uchun juda zarur. U
o’ziga teng yoki tajribali ijodkorlar orasida tezroq o’nib-o’sadi.

— Do’stlarim… — deydi-yu, Jo’rabek biroz o’ylanib qoladi, — bor. Internet orqali gaplashib turamiz.
— Kimlar? — deyman, unga hurmatim birdan yana-da oshib. Chunki internetdan juda yiroqman. Shu sababdanmi, internetda ishlay biladiganlarga hurmatim baland. Ular o’zgacha odamlar bo’lib tuyuladi menga. Internet do’stlik haqida esa birinchi bor eshitib turishim.
— Shu… She’rga qiziqadiganlar… Xo’jandda Odil Ikrom degan shoir bor.
Odil! Odil Ikrom-da! Men quvonib ketaman. Juda yaxshi ko’raman shu ukamni. Yaxshi shoir va toza odam. Respublika radiosida birga ishlaganmiz. Uning bilan yurakdoshligimiz borligini mudom his qilganman. Ammo ko’rmaganimga qancha bo’ldi? Yigirma yildan oshdi, shekilli. Yurtiga ketgan ekan-da! Jo’rabekni internetdan topgan oshnasini qarang! Yaxshilar bir-birini topar ekan-da!
— Odil yozyaptimi? — deb so’rayman umid bilan.
— Yaxshi she’rlarini internetda ko’rdim. Hozir Rumiyni tarjima qilyapti, — deydi Jo’rabek. — O’qidim. Yaxshi.

Men xursand bo’laman va darhol, odatimga ko’ra, «foydali» maslahatlar bera boshlayman.
— Fors tilini bilasiz-a?
Jo’rabek bosh silkitib tasdiqlaydi.
— Siz ham shu fors shoirlarini tarjima qilmaysizmi? Qanday buyuk shoirlar bor! Mening tishim forschaga o’tmaydi. Agar o’tgan-da!.. Siz tarjima qiling! Xo’pmi?
— Xo’p, — deydi Jo’rabek va yana jilmayib qo’yadi.
Gap aylanib, bunday savob ishlarni ajib tarzda amalga oshirayotgan Jamol Kamol, Bedilni hassoslik bilan o’zbeklashtirgan marhum do’stim Matnazar Abdulhakimga taqaladi…
Ammo suhbat asnosida bu yigitdagi nimadir meni bezovta etgani etgan edi. Unga nima bo’lgan? Jo’rabekning tevaragini allaqanday bir devor o’rab turganday tuyulaverdi menga. Nima u?

Jo’rabek ketgandan keyin, bu xavotirimni Sobir akaga aytdim.
— Mazasi yo’q deyishadi, — dedi Sobir aka. — Bilmasam, ko’rinishi soppa-sog’.
Haqiqatdan ham Jo’rabekning gavdasi pishiq, ko’rinishidan soppa-sog’ edi.
Jo’rabek ketgach, keltirgan bir dasta she’rlarni o’qimoqchi bo’lib, qo’limga oldim.
Bu turkum she’rlar, nazarimda, chop etish uchunmi tayyorlangan, hatto, bir parcha qog’ozda shoir haqida qisqacha ma’lumotnoma ham bor edi.
Ichimda sharhlab, o’qishga tushdim.

«Jo’rabek Ramazonov — 1983 yil Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug’ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan»… Bizning maktabda o’qigan ekan! «Bizning» deganimning sababi shuki, Shukur aka Xolmirzaev, Erkin A’zam va kaminayu kamtarin ham shu maktabni bitirganmiz… «O’zbekiston yosh ijodkorlarining Zomin seminari ishtirokchisi»… Sirojiddin rost aytgan ekan-da! Faqat nega esidan chiqdi? Jo’rabek esda qolishga arziydigan shoir-ku… «Tavallo», «Bugun», «Yur, qochib ketamiz» nomli she’rlar to’plamlari nashr etilgan»… Bu kitoblarni kim o’qidi? Ilgari Toshkentda nashr etilgan kaft¬day kitobcha respublikaning har bir chekka qishlog’igacha yetib borgich edi. Endi har bir viloyatda nash¬riyot, ammo nashr etilgan kitoblar esa o’sha viloyat doirasida qolib ketyapti. Umummillat ko’lamida dovrug’ solishi mumkin bo’lgan iste’dodlarning uzoqdagi ovozlari Toshkentga yetib kelmayapti… «Ayni kunda «Boysun» gazetasining bo’lim mudiri»…

Bori — shu. To’rt enlik tarjimai hol. Hali yosh-da! Xudo umrini bersa, shu rasmiygina umr chizgilari ham sahifa-sahifa bo’lib ketadi hali! Hali…
Shunday umidlar bilan she’rlarni ko’zdan kechira boshladim.
Endi hisoblab chiqsam, o’sha kunlar Jo’rabek Ramazon yigirma to’qqizga kirgan ekan.
Ertasi Sobir aka qo’ng’iroq qilib, Jo’rabek bir piyola choy bermoqchi bo’lganini aytdi.

Men avvaliga royish bermadim. Birortalaring imo qilmadilaringmi? Nima qiladi ovora bo’lib? Biror narsani bahona qilib, Jo’rabekni shu tashvishdan qutqarsak bo’lmaydimi?
Bo’lmas ekan.
— Bir niyat qilibdi, — dedi Sobir aka. — Aytdim-ku, hech kimga qo’shilmaydi. Ra’yini qaytarmaylik. Bola sinadi…
Rozi bo’ldim.
To’rt kishi bo’lib, kimsan Jo’rabek Ramazon beradigan bazmga jo’nadik.

Yo’l-yo’lakay aka birodarim, Shukur Xolmirzaevning do’sti — so’zamol, hazilkash Ismat Norboev mendan jiddiy surishtirib kelyapti:
— Usmon, shu Jo’rabek rostdan shoirmi?
— Ha.
— Shoirligi qancha?
— Katta. Juda katta.
Ismat aka menga «aldamayaptimi?» deganday sinch¬kov qaraydi. Bu kishi ham Jo’rabekning shoirligiga ishonmayapti. Shukur Xolmirzaevday adibga do’stlik qilgan odam-da! «Katta shoir» tuman gazetasida o’ralashib yurishini taniga sig’dirolmaydi…

* * *

Ertasi bir hamqishlog’im uyiga taklif qildi.
Sobir akaga Jo’rabek bilan birgalashib borsak, yaxshi bo’lishini aytdim.
— Buni topish ham qiyin…
Sobir aka yana qo’ng’iroq qilishga tushib ketdi.
— Bo’ldi, keladi, — dedi nihoyat xotirjam tortib.

Jo’rabek haqiqatdan ham keldi.
Mezbonning uyiga kun botishdan sal avval yetib bordik.
Mehmonxonaga dasturxon yozilgan ekan. Dasturxon aylanib o’tirdik. Ochiq deraza tagiga Jo’rabekni o’tqazdik.
Odatdagi mehmondorchilik. Latifa, Boysunning o’tgan-ketganidan gangur-gungur suhbat. Men esa quvonib, Jo’rabekni hammaga qayta-qayta tanishtiraman:
— Bu kishi katta shoir.
Bilishsin, faxrlanishsin, deb o’ylayotgan bo’lsam kerak-da!

Bir pasda kech bo’ldi. Derazadan ko’rinib turgan yozgi bog’ni qorong’ulik qamrab oldi.
O’tirish gurillayapti. Hammani davraning sururi qamrab olgan.
Faqat Jo’rabek… bir o’zi o’tiribdi. Sezib turibman, bir o’zi. O’qtin-o’qtin derazaga hadiksirabmi, xavotirdami qarab qo’yadi. U qorong’u bog’da nimani ko’rdi?
— Jo’rabekjon, — deyman, ko’nglimdan o’tayotgan gapni boshqalarga sezdirmaslik uchun baland ovozda, — Issiqlab ketdim. Bizga ham shabboda tegsin! Derazaning yonini menga berib, joyimga o’ting.
Jo’rabek negadir menga qandaydir aybi borday, iymanib qaraydi.
— Qani, bo’ling!
Deraza tagiga o’tdim.

Jo’rabekni esa qo’yarda qo’ymay to’rga — mening o’rnimga o’tqazdik. U yengil tortganini sezdim.
— Yozilib o’tiring, — deyman Jo’rabekka. — Bizday akalarning davrasida erkin o’tiring!
Jo’rabek «xo’p» deganday bosh qimirlatadi. Yana yuzida o’sha bosiq tabassum. Yana u menga allaqanday ko’rinmas devor ichida o’tirganday tuyuladi. Bu yigitga nima bo’lgan?
O’tirishdan chiqib, Jo’rabekni uyida qoldirdik-da, xayrlashdik.

Toshkentga Jo’rabekning bir dasta she’rlarini ko’tarib keldim. Bir turkum she’ri chop ham etildi. Boysunga esa yolchib borolganim ham yo’q. Ikkita norday tog’am vafot etganida, tongda borib, kechda shoshib qaytdim. Ha, yana bir yo’lim tushganda, jigarimga da’vo bo’lar ekanmi, deb Omonxonaga yugurdim… Jo’rabekni surishtirmadim. Negadir surishtirishdan ham cho’chidim. Bu shoir esa, yo’qlab kelishni ham bilmaydi…
Kuzda Boysundan qo’ng’iroq qilgan og’aynilardan biri Jo’rabekni «berib qo’yishganini» aytdi. Kasal bo’lmasdan — yarim kungina yotar-yotmasdan jon uzibdi. Muzlab qoldim. «Bu dunyoning odami emas edi o’zi», deb o’yladim, ichim kuyib.

Jo’rabek Ramzon 2014 yilning 1 oktyabrida vafot etdi.
U o’ttiz birga kirgan edi.
Rahmatlik Qodir baxshi g’ayg’aylab aytgich edi:

Bu dunyosi, do’stlar, kaptarxonadir —
Biri qo’nib, biri uchib boradir…

Jo’rabek ham uchib ketdi.
Bizga qoldirgani esa she’rlar.
O’qisang, vujudu ruhingga titroq soladigan she’rlar.

Jo’rabek RAMAZON
SHE’RLAR
08

Jo‘rabek Ramazonov 1983 yil Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug‘ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan. Ijod namunalari respublika matbuotida e’lon qilingan. O‘zbekiston yosh ijodkorlarining an’anaviy “Zomin” seminari ishtirokchisi. “Tavallo” (2003), “Bugun” (2008), “Yur, qochib ketamiz” (2011) nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan. “Boysun” gazetasining adabiy bo‘lim muharriri bo‘lib ishlagan. 2014 yili yurak xurujidan vafot etgan.

08

BAHORNI ALDADIM

Bahorni aldadim baxtiyorman deb,005
Ko’nglim o’sayapti deya kun sayin.
Negadir ko’rmadim aytishimni ep
Quvonchimni sellar yuvib ketganin.

Qushlarni aldadim boyvachchaman deb,
Istaganingizcha beray deb ushoq.
Menday saxovatli telbani ko’rib,
Baralla kuldi bir yuragi qashshoq.

Qo’rqmay ichaverdim behuda qasam —
Bilmadim kim bo’ldim, avval kim edim.
Kimlargadir boshim osmonda desam,
Boshqalarga osmon qo’limda dedim.

Qo’rqmayman, haqiqat atalgan uchqun
Mening istagimga solmaydi soya,
Sevgilim, seni ham aldashim mumkin –
Ont ichishim mumkin “o’lmayman” deya…

* * *

Asli murosadan yaralgan dunyo,
Na birov o’zgargan, birov ko’chirgan.
Mening ko’rganlarim teng yarmi ro’yo,
Qolgan yarmin hamma boshdan kechirgan.

So’z bisyor, tizsangiz bo’ladi doston,
Bular eng osoni, qulaylaridir.
Mening do’stlarimning teng yarmi inson,
Qolgan yarmi shayton malaylaridir.

Hayot bor, bag’rida tuyg’u bor azal,
Ayting, u qay dilni qilmadi asir?
Mening sevganlarim teng yarmi go’zal,
Qolgan yarmi esa bachkanalardir.

Sog’ tanni ayamay yashadim mudom,
Bugun to’rt muchani butlash armondir.
Mening yeganlarim teng yarmi taom,
Qolgan yarmi esa dori-darmondir.

Ranjimang bitganim tuyulsa gumon,
Arslon ham iziga qaytishi mumkin.
Mening yozganlarim teng yarmi yolg’on,
Qolgan yarmin hamma aytishi mumkin.

30.09.2011

* * *

“A” harfini o’rganish-chun avvalambor
“Assalom”ni takrorlashing zarur, qizim.
Bu dars emas, nasihat ham emas zinhor,
Bu e’tiqod, bu tarbiya, g’urur, qizim!

Bir mahallar o’sha harfni o’rgansin deb
Qo’limizga ayiq rasmin tutqazganlar.
Inson emas, maxluq bilan yuzlashtirib,
Tarbiyada bir nimadan yutqazganlar.

Kun keladi – chetga chiqib hoyu havas,
Hammasini ezgulikka yo’yadilar;
Alifboning avvalida ayiq emas,
Alla aytgan ayol rasmin qo’yadilar.

Shunda sevinch birla kulib ko’z-qarog’im,
Havolarga hayf bo’lmadi nolam, deyman.
Alpomishga “A” ketadi, qizalog’im,
Barchinoyga “B” ketadi, bolam, deyman!

29.05.2013

* * *

Go’dak edik, g’amga parvo qilmas edik,
Yot ko’zlarni nazarga ham ilmas edik.
O’rganmadik bir-birimiz avaylashni,
U paytlari o’rganishni bilmas edik.

U paytlari ishq shunchaki o’yin edi,
Na ishqda, na ishqsizlikda tayin edi.
Salomlashmay yursak hamki ikkimiz jim,
Sen bilan jim xayrlashish qiyin edi.

Keyin seni o’ylash o’zi rohat bo’ldi,
Bir lahzada lahzalar ham soat bo’ldi.
Salomlashmay yurganimiz dil og’ritsa,
Xayrlashmay ayrilish ham odat bo’ldi.

Onang aytdi: “Qizim bo’ying yetdi endi,
Yoshliklaring, sho’xliklaring o’tdi endi”.
Men kechikdim, ikkimizga yot bir odam
Salomlashmay bilagingdan tutdi endi.

Ulgurganlar davronini sursin, go’zal,
Biz kabilar peshonadan ko’rsin, go’zal.
Salom dema tasodifan yuz ko’rishsak,
Xayr dema, xudo xayring bersin go’zal.

* * *

Hadya qilmasang ham qalbingni menga,
So’nggi bor yonimga kelsang bo’lgani.
Ketar chog’ingda ham xayr demasdan,
Shunchaki tabassum qilsang bo’lgani.

Boshimda ko’lanka qurganda kulfat,
Odamlar oshimga to’ymagan muddat,
Bo’htonlar qilishsa, sen o’sha fursat
Bir bora yonimni olsang bo’lgani.

Hatto tiriklikda qolmasa g’oya,
Falokat boshimga solsa ham soya,
To hayot ekanman har bir soniya,
Seni kutishimni bilsang bo’lgani.

Bemador tan bilan to’shakka botsam,
Bori bisotimni butkul yo’qotsam,
So’nggi nafasimda ismingni aytsam,
Kelib, ko’zlarimni yumsang bo’lgani.

MUHABBAT KERAK

Azizim, arzimga ko’nmadi borliq,
o’ovurli bag’ridan haydadi shahar.
Sening tabassuming suvdayin tiniq,
Sening tabassuming misoli shakar.

Menga bu zaminning taqdiri nima,
Ishim yo’q falakning tashvishi bilan.
Sen meni ayblama, beayb ham dema,
Bor-yo’g’i oshiqman ishqingda kuygan.

Azizim, arzimga ko’nmadi qismat,
Ne kerak joziba qorishgan so’zlar.
Tushunsang-chi, bizsiz uchinchi qavat
Bolasin yo’qotgan onaday bo’zlar.

Hayot – har tomoni yamalgan gilam,
Soatday bir yo’sin uradi yurak.
Orzu ko’p, qayg’u ko’p, yetarli g’am ham,
Ikkimizga faqat muhabbat kerak.

* * *

Sukunatni sindirar sahar,
Ertalabdan eshiging ochiq.
Mayin-mayin qo’shig’in boshlar
Derazangga ilingan sochiq.

Qoshlaringni qilgancha tarang,
Mo’ralagan yigitni koyi.
Axir, sening kichkina xonang
Dunyoning eng chiroyli joyi.

SIZNI SEVISH

Kiprigingiz uyg’otar titroq,
Nigohingiz o’zi inoyat.
Sizni sevish saodat, biroq
“Sevaman” deb aytish jinoyat.

Husningizga to’ygunicha to,
Kul bo’ladi to’rttala tomon.
Sizni asrash buyuk baxt, ammo
Sizdan kechish do’zaxdan yomon.

Yuzingizdan uyaladi oy,
Oyog’ingiz o’padi yo’lak…
Siz bilan bu olamda chiroy,
Sizsiz quyosh chiqmasa kerak.

HALI

Hali bulutlarga qo’yilmagan nom,
Otilmas olmadan boshqa mevalar.
Hali sog’inmaslik bo’lmagan tamom,
Hali shakllanmay qolgan shevalar.

Oshiqlar tosh qotgan g’am qirg’og’ida,
Odamlar hali ham oshning oshnasi.
Hali kirolmagan sevgi bog’iga
Qizil, oq va sariq guldan boshqasi.

Hali sirligicha yashamaydi sir,
Garchi ko’plar yetgan baxt oroliga.
Hali ham sig’inib yuribdi kimdir
Achchiq xiyonatning ko’r qiroliga.

Hali daholardan telbalar ko’proq,
Goh vijdon mulkiga hokim yalmog’iz.
Hali ko’p shoirlar hidlamay tuproq,
Vatan deb yirtmoqqa shaylanar og’iz.

Hali bu dunyoni pok qilish kerak,
Hamma yuraklarni oq qilish kerak.
Erka malikalar – toza hislarni,
Berahm devlardan yashirish kerak.

Ayblama, aybimga iqrorman o’zim,
Ne topdim osilib birov bo’yniga?
Alam-da, ishonib yurganing senga
Ta’na toshin otsa olma o’rniga.

Sen meni xudbinu xudparast dema,
Hali ranjitmadim biror kishini.
Sevgilim, men senga atayin nima,
Nima deb atayin ko’zing yoshini?..

* * *

Ishqiy qissalarning barchasi ro’yo,
Menimcha, sevgi deb hech kim o’lmagan.
Lekin yaralgandan beri bu dunyo
Seni sog’inishdek azob bo’lmagan.

Soxta maddohlikning bari behuda,
Hamma ham g’amingni ko’rmaydi baham.
Qoshingni chimirib qaraganingda
Yoqimli manglaying chiziqlari ham.

Qanchalar qadrdon bu yangi nigoh,
Ko’rdimmi – ko’ksimga mehr to’ladi.
Ismingni xotirdan chiqarish gunoh,
Hatto suratingni sevsa bo’ladi.

KEL

Bog’ tog’dek zalvorli sukutga cho’kkan,
Kuz, axir, dunyoning katta bo’lagi.
Daraxtlar seni deb ko’z yoshi to’kkan,
Bu boqqa kelmasang gunoh bo’ladi.

Men qaytmas baxtimni qaylardan so’ray,
Sevgan gulim nasib etyapti kimga?
Nechun hayotimdan ketding butunlay,
Bahor yo’q edimi mening umrimda?

Yo’lingga mixlanib qolganda ko’zim,
Ishonmading, bag’rim osmon kabi keng.
Sarg’aytirib qo’ydim dunyoni o’zim,
Ma’yus yomg’irlarni yog’dirgan ham men.

Taqdir bahorini bizga ko’p ko’rdi,
Boshqalar yayradi, olmalar otib.
Diydoringga intiq boqqa kel endi,
Kel, nima qilasan gunohga botib…

Manba:“Kitob dunyosi” gazetasi

098

(Tashriflar: umumiy 4 957, bugungi 1)

7 izoh

  1. «Китоб дунёси» газетасида устоз Усмон Азимнинг Жўрабек Рамазон ҳақидаги мақоласи ва Жўрабекнинг шеърларини ўқидим. Адабиётимизда зўр бир шоир туғилибди, шундай гўзал шеърлар ёзибди, бевафо дунёни ташлаб кетишга ҳам улгурибди-ю, биз билмабмиз.Алам қилар экан. Гоҳи икки мисра жимжимадор сатри учун кимларнидир кўкка кўтарамиз, газета-журналлар саҳифасидан «туширмаймиз». Аммо баъзиларни ўлимидан кейингина қадрлай бошлаймиз. Гўринг нурга тўлсин, Жўрабек… (Гулноз)

  2. Шеърларни ўқиб жуда таъсирландим. Чиндан-да унинг шеърларида бошқаларникига ўхшамаган нимадир бор.Миллийлик билан суғорилиб, халқона оҳанглар билан бойитилгандай назаримда. Беихтиёр, тасанно, дегим келди. Жўрабекни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

  3. Бугун 10 сентябрь куни дунёга сиғмаган ёш шоирнинг шеърларини биринчи бор радио тўлқинларидан эшитиб жуда таъсирландим ва интернетга кирдим. Хақиқатан, Оллоҳ берган нодир истеъдод…. Шоир укамизнинг жойини Парвардигор Фирдавс богларидан ато этсин

  4. Хар доийм сизни янги нашрларизни кузатаман , бугун йиглаб хам олдим еш йигитни кетганидан ва таьсирлик шьерларидан..

  5. Ming afsus, bugungi kunda kelib bunday istedodli yozuvchilar tobora kamayib boryapdi, yoshlar kitobni mazzasini bilmaydi. Maqolani mazza qilib oqidim bag’rikeng Boysunimda shunday yirik adiblar chiqqanidan fahrlanaman. Bunday istedod biz yoshlar davom ettirishimiz lozim.

Izoh qoldiring