Mirtemir. She’rlar (Shoirning o’zi o’qigan) & Shoir haqida ikki kitob

Ashampoo_Snap_2017.04.27_18h12m34s_001_.png30 май — Атоқли ва ардоқли шоир Миртемир таваллуд топган кун

   Турган гапки, ўшанда ҳеч ким бу туғилган норасида келгусида врдооғли халқ шоири, Миртемир деб ном таратган эъзозли эл ўғли бўлиб етишишини башорат қилмаганди, албатта. бироқ шундай бўлди: ўша оила, ўша қурама қишлоқ, ўша қадим Туркистон табиати ва одамлари Миртемирнинг болалигини, дунёга, эзгуликка, яхшиликка ташна покиза қалбини, гўзал туйғуларини ардоқлади, улғайтирди (Отаёрнинг «Мен қуёшни кўргали келдим» эссе-қиссадан Уни мана бу саҳифада ўқинг).

МИРТЕМИР
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

064

   Миртемир (Турсунов Миртемир) 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1971). Эски мактабда таълим олгач (1919—20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920—23) ва Ўзбек эрлар билим юртида тахсил кўрган (1925— 29). Илк шеърлар тўплами — «Шуълалар қўйнида» (1928) миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр — сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган. «Зафар» (1929), «Қайнашларим» ва «Бонг» (1932) шеърий тўпламлари муаллифи. «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Кўзи» (1939) каби достонлар ёзган. «Қорақалпок, дафтари» (1957) туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси эса 60—70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. А. С. Пушкиннинг шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда кирғиз халқ, эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. «Буюк хизматлари учун» ордени сохиби (2002).

064

* * *

Розиман, ризоман, ўла-ўлгунча
Халқим деб ўлдим.
Халқим нима бўлса, мен ўша бўлдим,
Юрагим, бўғилма, ўртанма бунча!

Ўзимга хиёнат қилдиму аксар,
Халқимга хиёнат ўйлагани йўқ.
Менинг юрагимни тешиб ўтдилар
Халқимга отилган талай-талай ўқ.

Қанча йўллар босдим, гоҳида толдим,
Лекин халқ номига юқтирмадим гард.
Фарёд солар чоғда жим бўла олдим,
Халқим дарди эди дил ўртаган дард.

Халқим этагида етдим вояга,
Халқ билан кулдим.
Бардошим сўз бермас, дейман, қояга…
Розиман, ўлгунча халқим деб ўлдим.

СЕН ОНА…

Алишерга алла айтиб ухлатган
Сен — она.
Оғушида  Бобур камолга етган
Сен — она.
Торобийни оғир жангга жўнатган
Сен — она.
Оламни нурида мунаввар этган
Сен — она.
Йиғласа, дунёни расо титратган
Сен — она.
Кулгиси саодат парвариш этган
Сен — она.
Доҳийлар бешигин бедор тебратган
Сен — она.
Меҳри баҳорида элни яшнатган
Сен — она.
Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга,
Бўл бардам, она!
Онадай ошиқ йўқ она Ватанга,
Муҳтарам она…

ОНАГИНАМ

Товонимга чақир тиканакдай ботувчи — ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.
Жигаримни қиймалаб аҳён-аҳён,
Чучварага чеккувчи — ғашлик.
Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,
ғашимга теккувчи — ғашлик.
Суякларимни сирқиратиб,
оч теватдай ғажигучи,
Кўзимга ёш тирқиратиб,
жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик…
Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,
Йигит ёшим тўлмай туриб,
Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб
Жон берган онамни кўришимга
кўзим етсайди,
Тиззасига бир нафас бош қўйишимга
кўзим етсайди,
Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга
кўзим етсайди,
Оқ сутингни оқлай, дейишимга
кўзим етсайди,
Менда ғашлик нетарди?
Янтоқ ўтинидек,
Тамаки тутунидек,
Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —
Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!
Онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб
бермаган бўлсам,
Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб
бермагам бўлсам,
Ё нон ёпишинг учун,
Ҳатто бир йўла, бир кун
Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман…

Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман…
Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,
Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!

Сени жиндак хушвақт қилгани,
Сени жиндак хушбахт қилгани —
Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,
Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим —
Тоғдай зил.
Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,
онагинам!

Одам бўлдимми менам?
Ҳа, одам санашар мени элимда,
Сенга қилолмаган хизматим,
Сен деб чеколмаган заҳматим —
Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим
Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,
жиндак яхшилик ва ёмонлигим
Мени одам санаган элимга бахшида,
жафодийда онагинам!
Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,
Эл мени фарзандим демасми ахир!
Рози бўл, одам саналай менам…
Дунёга қайтиб келурман,
Лекин бошқа ўғил бўлиб…

ОНАГИНАМ

… Она бағрин қўмсаб ўтди гўдаклик,
Тақдир олиб кетмиш эди йироққа.
Гоҳ ўксуклик, гоҳи шўхлик, тентакли,
Тағин бир ёз қайтиб келдим қишлоққа.

Не кўрайин? Кетмон ётур занг босиб,
Сопи синиқ, қараб бўлмас ўроққа.
Оғил, четан, қудуқ боши чанг босиб,
Онам шўрлик ўхшар жонли қурчоққа.

Кўз ёшини артиб рўмол учида,
Манглайимдан ўпиб, тутар сўроққа.
Синглим кўзи милт-милт, ҳовли бурчида,
Ҳовли ўхшар ҳозир юз бир қуроққа.

«Кўз ойдин!» деб олис-яқин келишар:
«Келдинг чоғи тағин тўрт кун қўноққа?»
Вақт тиғиз-да, булар қайдан билишар,
Бири уйга, бири чорлар овлоққа.

«Тулпор тўғри чортоқ томон чопармиш,
Сен ҳам ахир чопиб келгунг чортоққа.
От айланиб, қозиғини топармиш,
Сен ҳам ахир топиб келгунг шу ёққа…»

Бири у дер, бири бу дер, хушвақтлик,
Сакраб кетгум келар ўхшаб тайлоққа.
Яхши тилак, яхши орзу, хушбахтлик,
Майли борсам бориб келай яйлоққа.

Вақт тиғиз-ку, лекин анча тургим бор,
Тағин тушгум, қайдам, қандай сўқмоққа.
Онагинам кўз олдида юргим бор.
Кетмам, тўлқин итғитгандай қирғоққа.

Тонг отмайин ўроқни ҳам соплагум,
Кетмонни ҳам дуч қилгайман қайроққа.
Лой қиламан, лойга сомон қоплагум,
Эрта билан дўстлар келур шувоққа.

Қайдан билсин не савдолик ёш бошим,
Она қалби ўхшар ойдир булоққа.
Хаёлларда совиб қолар сўк ошим…
Онагинам ўтин қалар ўчоққа…

* * *

Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим — жиндак илҳомим…
Керакмас инжу ҳам сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам сенсиз, дақиқ ҳам,
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.

* * *

Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.

Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.

БЕТОБЛИГИМДА

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай ғашлик алангасида,
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин мен йиғлаб бўлдим.

* * *

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.
Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган  у «оҳ»ларинг чин эмас сенинг.

Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.
Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…

Тушундим: у тотли хаёллар — хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингта.
Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!

Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…

ХЎРСИНИҚ…

Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик — барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айриликда кўздан тўкканман не ёш…

Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…

Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.

Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…
Ҳануз шеър ёзишни билмайман.

ЎЛАН АВЖЛАРИДА…

Ўлан авжларида гул очади дашт,
Ўлан авжларида замон уйғонур.
Ўлан авжларида дунё-дунё гашт,
Ўлан авжларида олам тўлғонур.

Ўлан авжларида туғилур суйгу,
Ўлан авжларида туғилур жужуқ.
Ўлансиз на ранг бор, на ёруғ туйғу,
Ҳаёт лабларига тошади учуқ…

ЎЗИМ БИЛАМАН…
Тагорга эргашиб…

Қулоғимда янграр доим бир нидо,
Хўрсинаман,кўз ёшимни силаман.
Шу нидога не сабабдан жон фидо —
Битта ўзим биламан.

Юрагимда ёнар бир ўт бетутун,
Гўёки дер: қовураман, тиламан.
Дош бераман нечун ҳануз мен беун —
Битта ўзим биламан.

Ойлар ботар,тонглар отар,умр ўтар,
Олисларни кўзлаб- кўзлаб жиламан.
Менинг қалбим кимни кутар,қон ютар —
Битта ўзим биламан.

Келурмикан кўклам янглиғ кутганим,
Умидворман,ишонмай не қиламан?
Қачон келур,қандоқ у кўз тутганим —
Битта ўзим биламан.

САРАТОНДА

Саратонда соябонинг болайин,
Тоққа ошсанг,кўк довонинг бўлайин,
Кетма,жоним, айрилиқдан жон безор,
Ярим кеча каҳкашонинг бўлайин.

Кетар бўлсанг, хазон ёғар боғимга,
Санчиқ ботар дилимдаги доғимга,
Кетма,жоним, айрилиқдан жон безор,
Оғу сочма менинг хушвақт чоғимга.

Керак эмас сенсиз гул ҳам, чаман ҳам,
Керак эмас Қандаҳор ҳам, Яман ҳам.
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Керак эмас бўз тарлон ҳам, саман ҳам.

Пок оламим булғанмасдан жилмайгин,
Олам ғамга чулғанмасдан жилмайгин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Юрак дир-дир тўлғанмасдан жилмайгин.

То тирикман, ўша қайсар боламан,
На тиним бор, на излашдан толаман,
Кетма,жоним, айрилиқдан жон безор,
Бари бир мен сени топиб оламан.

«ҚОРАҚАЛПОҚ ДАФТАРИ» ТУРКУМИДАН

ЕНГАЖОН
Ҳазил

— Енгажон! — дедим.
— Қайним-ов ! — деди.
— Берроқ кел! — дедим.
— Айнима! — деди.

Давра қувноқ эди,суҳбат шўх эди,
Кўнгилда зарра ҳам ғубор йўқ эди.
Ёшлик эсга тушди, авжида ҳазил,
Ҳазилга кўп қулай эди бу манзил.

Кўз тикиб, оҳ чекиб:- Енгажон,-дедим,-
Берроқ кел, садаға сенга жон,- дедим…

Қайнижон,инимсан,қайним-ов,- деди,-
Эси паст боладай айнима,- деди.

АГАР МЕН...

Эшиккўл этагида қадимги бир жангчининг қабрини топишибди. Кафанигача олтин эмиш. Ханжари, этиги, қиличи, дубулғаси, энгил-боши, қўйинг-чи, косаси, пиёласигача қуйма олтин, тобути ҳам…
Бу бизнинг боболаримизнинг боболарига хос бурунги ер таги сағаналаридан. Номдор ва салтанат эгаларидан бирининг сағанаси.Қабр ичида устихонга боғлиқ ва ёнма-ён тўрт юзга яқин ўликка кераклигу кераксиз олтин буюм санашибди. Еттинчи асрга қадар кўмилган ўлик — саҳройи йигит, жангчи. Ё ўн саккиз,ё йигирма уч йил умр кўрган, холос.
Агар мен мангулик уйқуга кетар кун бирон бир буюм ола кетиш эрки берила қолса…
Нима олиб кетаркинман?
Энг аввало ҳовлимдаги оқ гулларнинг бир ҳовуч атри;
Кейин Ҳалимахоним авжида Навоийнинг ўша бир сатри;
Устоз Ойбек бермиш ўша бир қалам;
Олис ғурбатлардан қайтганимда,онамнинг қабрини тополмаганим важидан суяк-суякларимга сингган ўша қирқ йиллик алам;
Суйгулимнинг тирноқ юзидеккина сурати ҳам;
Нозим Ҳикматнинг денгиз сувларидай мовий кўзларидаги ўша мунг,ўша учқун,бир сўз билан айтсам, унинг хаёлимдаги армонли сийрати ҳам;
Бир ғужум Фарғона узуми;
Самарқанддаги йигитлик базми;
Қозоқ қимизидан бир кўза;
Тошкент денгизидан бир кўза;
Ҳеч бўлмаса ўша Олатов яйловида қимиз ичган заранг коса;
Ўша унутилмас ўғринча бўса;
Оқсоқ бобо* сағанасидан ложувард ғишт синиғи;
Ўлганда ҳам отини аташим ножўя бировнинг кўзларидаги тубсиз меҳрдан киприкчаси ва тиниғи;
Андижон адирларида битган ғўзадан бир лўппи чаноқ ҳам;
Тағин нима? Бўлди, шекилли.
Йўқ,онамдан қолмиш ягона эсдалик — кичкина парқу болиш — тобутимда бошимга қўйилса-ю,ўша болиш тагига бир жуфт райҳон шохчаси қўйилса…
Ўлгандан кейин бирон буюм олиб кетиш эрки берилса,мен шуларнигина ола кетишни истар эдим.Лекин ҳали ўладиган тентак йўқ,гап шунда…

ҲАНДАЛАК

Полиздан ҳандалак ҳиди анқийди,
Ўқариқ бўйида саҳар уйғонсам.
Атир оғушида одам балқийди,
Ҳаво эликсирдай, қанийди қонсам…

Кўкракка уради ёқимтой салқин,
Чечаклар товланур — чечакларда ноз.
Ҳаммаси, ҳаммаси кўнгилга яқин,
Ҳаммаси дилрабо, суюк, сўлим, соз…

Ҳандалак узаман муздек ва ёрқин,
Беқасам ҳандалак — чипор ҳандалак.
Қўлимда ловуллар гўёки ёлқин,
Қуймадек бежирим, ифор ҳандалак.

Ҳа, аслида қуёш зарраси бу ҳам,
Она тупроқ тоти, тупроқ шираси.
Емишларнинг тенгсиз барраси бу ҳам,
Жаннатда йўқ ўзи, гапнинг сираси!..

ЖАЛА

Қўққис жала қуйиб ўтди қишлоқдан,
Тўлқин ургай яшил кўкат денгизи,
Тўлқин ургай чечаклар оқ, қирмизи,
Бу даракчи сут, қаймоқдан, пишлоқдан..
Қўққис жала қуйиб ўтди қишлоқдан,
Чучмома-ю ровоч есак арзийди,
Қўзиқорин, лола терсак арзийди,
Тепалардан, сойдан, ҳатто тошлоқдан…

ҲАЛИ  ҲАМ

… Онам нон ёпади бўғриқиб-бўртиб,
Дам-бадам куяди қўли енгсакда.
Чивиқ тойчам гижинг, йўрғалаб-йўртиб,
Ҳадеб айланаман шу теваракда.

Нари кетолмайман ўчоқ бошидан,
Югурук бўлса ҳам тойчам нечоғлик.
Мазалироқ баъзан қийма ошидан,
Ҳар гал битта патир менга атоғлиқ…

Ялпизлик, райҳонлик ё жиндак жизза,
Сўлқилдоқ, юмалоқ, чўғдай ва қумоқ.
Гоҳи бўлсам ҳамки кимдандир изза,
Синиб ётса ҳатто кичик арғумоқ.

Менга ўша патир тегса бўлди, бас
Отланиб, овлоққа жўнайман дарров.
Айиқми ё қоплон — менга писандмас,
Патир тўқлигида ўлжалик-да, ов.

…Дилда армон қолди, умрга татир,
Не кунлар бор экан манглайгинамда.
Қишлоқда ёдимга тушди шу патир,
Ҳануз таъми бордай танглайгинамда.

БУВИМ ЧЎПЧАКЛАРИДАН

Ола қарға

Ола қарға яшар эмиш уч юз йил,
Қарғачалик яшолмасмиш ҳатто фил,
Боболар дер: чўқда эмиш бир кўзи,
Қув ва сергак. Ўқда эмиш бир кўзи.
Ошёни ҳам тик чўққида — тоғдамиш,
Не олғир қуш ололмайин доғдамиш,
Ола қарға ташламасмиш қўшоғин,
Ардоқлармиш ошёнида ушоғин.
Қўшоғига ҳеч олалик билмасмиш,
Ушоғига ҳеч дағаллик қилмасмиш,
Агар нохос қўшоғига тегса ўқ,
Бу ҳам дарҳол қилар эмиш ўзин йўқ.
Вафодормиш, кўнгилчакмиш, куйинчоқ,
Шу важдан ҳам қанотида йўл-йўл оқ.
Арзир эмиш оқ қанотлик бўлса ҳам,
Тўкис-тугал яхши отлик бўлса ҳам…

Қора қарға

Қора қарға оласидан кам емас,
«Мен сал камроқ яшайман» деб ғам эмас.
Тик тоғларда қоранинг ҳам уяси,
Элга аён қанотининг куяси.
У ҳам қишда тушиб келар довондан,
Қолиб кетмас қарға зотлик карвондан,
У ҳам сергак, чўқда доим бир кўзи,
Олазарак, ўқда доим бир кўзи…
У ҳам ғоят сабрлик қуш, чапдаст қуш,
ўргатолсанг — эл бўлғулик бор эс-ҳуш.
Қадрламас эмиш бироқ қўшоғин,
Ташлаб кетар эмиш ҳатто ушоғин,
Агар нохос қўшоғига тегса ўқ,
ўзгасини излар эмиш — кўнгли тўқ.
Шу сабабдан қора эмиш юзи ҳам,
Юз ҳам гапми — қора эмиш ўзи ҳам…

1975

ҚУНДУЗ
Сочма

Эсингдами, Қундуз!  Салқин еллар сочларингни тўлқинлатиб эс-ган, қалбимизда суюнч ўсган бир кун?
Кўклам.
Қуёш табассумкор, то узоқларда яшариб кўринган қирлар жилодор, сен эсанг, маъсум қиз! — нималарнидир тўпловдинг, гуноҳлардан пок, ишсевар дўстим! — Эсингдами, ўрим-ўрим сочларинг-ла шафақдай юзингни қопловдинг…

* * *

Болалик..
Юракда қайғу кезса-да, юракни ўраган муҳитда бахтсизлик кезса-да, — ўйин севган болалик!
Туш пайти — барча кўланкага ошиқади, тол остларига оқади. Болалик мавж урган соф қалбимиз буйруғида биз сой бўйлаб кетдик. Узоқлашиб, ўйноқлашиб кетдик…
Сув бўйи…
Кўклам безаклари тўла сочилган сув бўйи…
— Қўчқор, ҳув… Қўчқ-оо-р!
Ёнингта бордим, сенинг билан кўклам чечаклари тердим, сенга бердим ва тарқоқ сочларингга чечаклар такдим, чечаклардек очилган юзингга суқ билан боқдим…
Эсингдами шу?
Эрта кўкламнинг шундай ёқимли кезларида армон ўрайди мени…
Омочлар судраган қирлар усти, бахтсизлик кезган далалар сийнаси кулиб турган пайтларда орзулар ўрайди мени!
Қетсаммикин?
Балки, Қундуз — маъсум Қундуз, тағин,барно бўлгандир… Кулар юз қиз бўлиб, тўлгандир…
Кетсамми?

* * *

— Қундуз!
Эсингдами, қирларда уйқули омочлар тентирарди — болаликда -биз ўйнаб юрган кунларда…
Бу кунларда ўт омочлар куйлайдиргандир-а?
Сочларинг елларда тарқалиб, кўзларинг ўйнайдиргандир-а?
Эсингдами, тўлқин сочган, бола қалбимизга сўнгсиз суюнч бағишлаган бир кун…

30 may — Atoqli va ardoqli shoir Mirtemir tavallud topgan kun

Turgan gapki, o’shanda hech kim bu tug’ilgan norasida kelgusida vrdoog’li xalq shoiri, Mirtemir deb nom taratgan e’zozli el o’g’li bo’lib yetishishini bashorat qilmagandi, albatta. biroq shunday bo’ldi: o’sha oila, o’sha qurama qishloq, o’sha qadim Turkiston tabiati va odamlari Mirtemirning bolaligini, dunyoga, ezgulikka, yaxshilikka tashna pokiza qalbini, go’zal tuyg’ularini ardoqladi, ulg’aytirdi (Otayorning «Men quyoshni ko’rgali keldim» esse-qissadan Uni mana bu sahifada o’qing).

MIRTEMIR
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR

064

Mirtemir (Tursunov Mirtemir) 1910 yil 30 mayda Turkiston shahrining Iqon qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1971). Eski maktabda ta’lim olgach (1919—20), Toshkentga kelib, Almaiy nomidagi namuna ish maktabi (1920—23) va O’zbek erlar bilim yurtida taxsil ko’rgan (1925— 29). Ilk she’rlar to’plami — «Shu’lalar qo’ynida» (1928) milliy o’zbek she’riyati uchun yangi janr — sochma (nasriy she’r) janrida yozilgan. «Zafar» (1929), «Qaynashlarim» va «Bong» (1932) she’riy to’plamlari muallifi. «Barot» (1930), «Xidir» (1932), «Dilkusho», «Suv qizi» (1937), «Oysanamning to’yida» (1938), «Ko’zi» (1939) kabi dostonlar yozgan. «Qoraqalpok, daftari» (1957) turkumidan o’rin olgan «Surat» lirik qissasi esa 60—70-yillarda o’zbek she’riyatida doston janriga e’tiborning kuchayishi va lirik doston janrining kamol topishiga katta ta’sir ko’rsatgan. A. S. Pushkinning she’rlarini, N. A. Nekrasovning «Rusiyada kim yaxshi yashaydi», SH. Rustavelining «Yo’lbars terisini yopingan pahlavon», Abay, Maxtumquli va Berdaq asarlarini hamda kirg’iz xalq, eposi «Manas»ni o’zbek tiliga tarjima qilgan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti (1979), Berdaq nomidagi Qoraqalpog’iston Davlat mukofoti (1977) laureati. 1978 yil 25 yanvarda Toshkentda vafot etgan. «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni soxibi (2002).

064

* * *

Roziman, rizoman, o’la-o’lguncha
Xalqim deb o’ldim.
Xalqim nima bo’lsa, men o’sha bo’ldim,
Yuragim, bo’g’ilma, o’rtanma buncha!

O’zimga xiyonat qildimu aksar,
Xalqimga xiyonat o’ylagani yo’q.
Mening yuragimni teshib o’tdilar
Xalqimga otilgan talay-talay o’q.

Qancha yo’llar bosdim, gohida toldim,
Lekin xalq nomiga yuqtirmadim gard.
Faryod solar chog’da jim bo’la oldim,
Xalqim dardi edi dil o’rtagan dard.

Xalqim etagida yetdim voyaga,
Xalq bilan kuldim.
Bardoshim so’z bermas, deyman, qoyaga…
Roziman, o’lguncha xalqim deb o’ldim.

SEN ONA…

Alisherga alla aytib uxlatgan
Sen — ona.
Og’ushida Bobur kamolga yetgan
Sen — ona.
Torobiyni og’ir jangga jo’natgan
Sen — ona.
Olamni nurida munavvar etgan
Sen — ona.
Yig’lasa, dunyoni raso titratgan
Sen — ona.
Kulgisi saodat parvarish etgan
Sen — ona.
Dohiylar beshigin bedor tebratgan
Sen — ona.
Mehri bahorida elni yashnatgan
Sen — ona.
Yagona o’g’lingni jo’natding jangga,
Bo’l bardam, ona!
Onaday oshiq yo’q ona Vatanga,
Muhtaram ona…

ONAGINAM
0-10.jpg
Tovonimga chaqir tikanakday botuvchi — g’ashlik,
Bedavo sizloviqday sizlatguvchi — g’ashlik.
Jigarimni qiymalab ahyon-ahyon,
Chuchvaraga chekkuvchi — g’ashlik.
Meni o’ylab notavon va nimjon,
g’ashimga tekkuvchi — g’ashlik.
Suyaklarimni sirqiratib,
och tevatday g’ajiguchi,
Ko’zimga yosh tirqiratib,
jig’ildonimda achchiq bo’zaday achiguvchi g’ashlik…
Dunyoga qayta kelishimga ko’zim yetsaydi,
Yigit yoshim to’lmay turib,
Ayriliq zaylida qoq yog’ochday qurib
Jon bergan onamni ko’rishimga
ko’zim yetsaydi,
Tizzasiga bir nafas bosh qo’yishimga
ko’zim yetsaydi,
Onalik mehriga o’bdon to’yishimga
ko’zim yetsaydi,
Oq sutingni oqlay, deyishimga
ko’zim yetsaydi,
Menda g’ashlik netardi?
Yantoq o’tinidek,
Tamaki tutunidek,
Tong paytida taralgan badbaxtlik tunidek —
Cheksiz fazolarga tarqab ketardi!
Onaginam!
Odam bo’ldimmi menam?
Yigit yoshimgacha bir chelak suv keltirib
bermagan bo’lsam,
YO tashnaligingda bir kosa sharbat to’ldirib
bermagam bo’lsam,
YO non yopishing uchun,
Hatto bir yo’la, bir kun
Sahrodan o’tin orqalab kelmagan bolangman…

Og’zingdan so’z chiqmay, yelmagan bolangman…
Sening arzimas bir yumushingni ado etolmaganim,
Sening bir ishorangga yuz o’mbaloq oshib ketolmaganim!

Seni jindak xushvaqt qilgani,
Seni jindak xushbaxt qilgani —
Tagsiz jarlardan o’tolmaganim,
Seni so’nggi yo’lga o’zim kuzatolmaganim —
Tog’day zil.
Abadiyatday cheksiz armon bo’lib qoldi dilimda,
onaginam!

Odam bo’ldimmi menam?
Ha, odam sanashar meni elimda,
Senga qilolmagan xizmatim,
Sen deb chekolmagan zahmatim —
Jindak zehnim, jindak she’rim, jindak g’azalxonligim
Onalik mehriga to’ymagan mehrim,
jindak yaxshilik va yomonligim
Meni odam sanagan elimga baxshida,
jafodiyda onaginam!
Elga xizmatim — senga xizmatim emasmi axir,
El meni farzandim demasmi axir!
Rozi bo’l, odam sanalay menam…
Dunyoga qaytib kelurman,
Lekin boshqa o’g’il bo’lib…

ONAGINAM

… Ona bag’rin qo’msab o’tdi go’daklik,
Taqdir olib ketmish edi yiroqqa.
Goh o’ksuklik, gohi sho’xlik, tentakli,
Tag’in bir yoz qaytib keldim qishloqqa.

Ne ko’rayin? Ketmon yotur zang bosib,
Sopi siniq, qarab bo’lmas o’roqqa.
Og’il, chetan, quduq boshi chang bosib,
Onam sho’rlik o’xshar jonli qurchoqqa.

Ko’z yoshini artib ro’mol uchida,
Manglayimdan o’pib, tutar so’roqqa.
Singlim ko’zi milt-milt, hovli burchida,
Hovli o’xshar hozir yuz bir quroqqa.

«Ko’z oydin!» deb olis-yaqin kelishar:
«Kelding chog’i tag’in to’rt kun qo’noqqa?»
Vaqt tig’iz-da, bular qaydan bilishar,
Biri uyga, biri chorlar ovloqqa.

«Tulpor to’g’ri chortoq tomon choparmish,
Sen ham axir chopib kelgung chortoqqa.
Ot aylanib, qozig’ini toparmish,
Sen ham axir topib kelgung shu yoqqa…»

Biri u der, biri bu der, xushvaqtlik,
Sakrab ketgum kelar o’xshab tayloqqa.
Yaxshi tilak, yaxshi orzu, xushbaxtlik,
Mayli borsam borib kelay yayloqqa.

Vaqt tig’iz-ku, lekin ancha turgim bor,
Tag’in tushgum, qaydam, qanday so’qmoqqa.
Onaginam ko’z oldida yurgim bor.
Ketmam, to’lqin itg’itganday qirg’oqqa.

Tong otmayin o’roqni ham soplagum,
Ketmonni ham duch qilgayman qayroqqa.
Loy qilaman, loyga somon qoplagum,
Erta bilan do’stlar kelur shuvoqqa.

Qaydan bilsin ne savdolik yosh boshim,
Ona qalbi o’xshar oydir buloqqa.
Xayollarda sovib qolar so’k oshim…
Onaginam o’tin qalar o’choqqa…

* * *

Ka’bamsan, she’riyat, ezgu ehromim,
Og’u ham bol to’liq bebaho jomim.
Amalim va ishqim, umidu armon,
Uyqusiz tunlarim — jindak ilhomim…
Kerakmas inju ham sensiz, haqiq ham,
Kerakmas shaddod ham sensiz, daqiq ham,
Hayot ham men uchun sensiz bema’ni,
Sensiz o’tmasin-da hatto daqiqam.

* * *

Qorong’ulik tushar,
Bag’rim uvishar,
Tanholikda qayta tug’ilaman men.
Yorilib ketguday
Tamom yitguday,
Toki tong otguncha bo’g’ilaman men.

Ko’zimga yorug’lik,
So’zimga yorug’lik,
Sog’ jonga yorug’lik so’rayman tongdan.
Armonli yo’lchiman,
Armonli kuychiman,
Jahonga yorug’lik so’rayman tongdan.

BETOBLIGIMDA

Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Qovrilmay g’ashlik alangasida,
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Nafasimni rostlay ko’lankasida.

Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Qushlar ovoziga quloq solayin.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Xayol og’ushida orom olayin.

Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Shu kungacha o’zni men cheklab bo’ldim.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Men uchun yig’lasin men yig’lab bo’ldim.

* * *

Ko’zingni o’ynatma, kulma, qarama,
Nozli nigohlaring kerakmas sening.
Bog’lab olarman, deb endi o’ylama…
Tortgan u «oh»laring chin emas sening.

Ko’p kunlar sudrading tusmol yo’llarda,
Men-da tilsizlarcha ergashdim-ketdim.
Adashgan ekanman, bilsam, cho’llarda,
Mana endilikda tushunib yetdim…

Tushundim: u totli xayollar — xayol,
Aldanmas bu yurak shirin so’zingta.
Yo’qol, ey aldamchi, yondashma, yo’qol,
Termulish yo’q endi orsiz yuzingga!

Jilmayma, qarama, so’zlama menga,
Eski afsonani kuylama menga…

XO’RSINIQ…

Qo’limdan har nima keladi, yurtdosh,
G’ariblik, yupunlik — barin ko’rganman.
Qo’sh ham haydaganman, o’roq o’rganman,
Ayrilikda ko’zdan to’kkanman ne yosh…

G’o’za ham ekkanman, juvari, kunjut,
Qo’limda raqs etur teshayu randa,
Yo’l ham, qo’nalg’a ham mo’l bu Vatanda,
Kamchil ham bo’lganman, to’q, quvnoq va but…

Chuvak ham tikkanman, mol ham boqqanman,
Kuduq ham qazganman naq o’n bir quloch,
Zilol suvlarida yuvishardi soch,
Ne-ne qiz sochiga lola taqqanman.

Taqdirimga hech ham o’pka qilmayman,
Qo’limdan kelmaydi degan pesha kam.
Ba’zan ko’zlarimda tomchi-tomchi nam…
Hanuz she’r yozishni bilmayman.

O’LAN AVJLARIDA…

O’lan avjlarida gul ochadi dasht,
O’lan avjlarida zamon uyg’onur.
O’lan avjlarida dunyo-dunyo gasht,
O’lan avjlarida olam to’lg’onur.

O’lan avjlarida tug’ilur suygu,
O’lan avjlarida tug’ilur jujuq.
O’lansiz na rang bor, na yorug’ tuyg’u,
Hayot lablariga toshadi uchuq…

O’ZIM BILAMAN…
Tagorga ergashib…

Qulog’imda yangrar doim bir nido,
Xo’rsinaman,ko’z yoshimni silaman.
Shu nidoga ne sababdan jon fido —
Bitta o’zim bilaman.

Yuragimda yonar bir o’t betutun,
Go’yoki der: qovuraman, tilaman.
Dosh beraman nechun hanuz men beun —
Bitta o’zim bilaman.

Oylar botar,tonglar otar,umr o’tar,
Olislarni ko’zlab- ko’zlab jilaman.
Mening qalbim kimni kutar,qon yutar —
Bitta o’zim bilaman.

Kelurmikan ko’klam yanglig’ kutganim,
Umidvorman,ishonmay ne qilaman?
Qachon kelur,qandoq u ko’z tutganim —
Bitta o’zim bilaman.

SARATONDA

Saratonda soyaboning bolayin,
Toqqa oshsang,ko’k dovoning bo’layin,
Ketma,jonim, ayriliqdan jon bezor,
Yarim kecha kahkashoning bo’layin.

Ketar bo’lsang, xazon yog’ar bog’imga,
Sanchiq botar dilimdagi dog’imga,
Ketma,jonim, ayriliqdan jon bezor,
Og’u sochma mening xushvaqt chog’imga.

Kerak emas sensiz gul ham, chaman ham,
Kerak emas Qandahor ham, Yaman ham.
Ketma, jonim, ayriliqdan jon bezor,
Kerak emas bo’z tarlon ham, saman ham.

Pok olamim bulg’anmasdan jilmaygin,
Olam g’amga chulg’anmasdan jilmaygin,
Ketma, jonim, ayriliqdan jon bezor,
Yurak dir-dir to’lg’anmasdan jilmaygin.

To tirikman, o’sha qaysar bolaman,
Na tinim bor, na izlashdan tolaman,
Ketma,jonim, ayriliqdan jon bezor,
Bari bir men seni topib olaman.

«QORAQALPOQ DAFTARI» TURKUMIDAN

YENGAJON
Hazil

— Yengajon! — dedim.
— Qaynim-ov ! — dedi.
— Berroq kel! — dedim.
— Aynima! — dedi.

Davra quvnoq edi,suhbat sho’x edi,
Ko’ngilda zarra ham g’ubor yo’q edi.
Yoshlik esga tushdi, avjida hazil,
Hazilga ko’p qulay edi bu manzil.

Ko’z tikib, oh chekib:- Yengajon,-dedim,-
Berroq kel, sadag’a senga jon,- dedim…

Qaynijon,inimsan,qaynim-ov,- dedi,-
Esi past boladay aynima,- dedi.

AGAR MEN...

Eshikko’l etagida qadimgi bir jangchining qabrini topishibdi. Kafanigacha oltin emish. Xanjari, etigi, qilichi, dubulg’asi, engil-boshi, qo’ying-chi, kosasi, piyolasigacha quyma oltin, tobuti ham…
Bu bizning bobolarimizning bobolariga xos burungi yer tagi sag’analaridan. Nomdor va saltanat egalaridan birining sag’anasi.Qabr ichida ustixonga bog’liq va yonma-yon to’rt yuzga yaqin o’likka kerakligu keraksiz oltin buyum sanashibdi. Yettinchi
asrga qadar ko’milgan o’lik — sahroyi yigit, jangchi. YO o’n sakkiz,yo yigirma uch yil umr ko’rgan, xolos.
Agar men mangulik uyquga ketar kun biron bir buyum ola ketish erki berila qolsa…
Nima olib ketarkinman?
Eng avvalo hovlimdagi oq gullarning bir hovuch atri;
Keyin Halimaxonim avjida Navoiyning o’sha bir satri;
Ustoz Oybek bermish o’sha bir qalam;
Olis g’urbatlardan qaytganimda,onamning qabrini topolmaganim vajidan suyak-suyaklarimga singgan o’sha qirq yillik alam;
Suygulimning tirnoq yuzidekkina surati ham;
Nozim Hikmatning dengiz suvlariday moviy ko’zlaridagi o’sha mung,o’sha uchqun,bir so’z bilan aytsam, uning xayolimdagi armonli siyrati ham;
Bir g’ujum Farg’ona uzumi;
Samarqanddagi yigitlik bazmi;
Qozoq qimizidan bir ko’za;
Toshkent dengizidan bir ko’za;
Hech bo’lmasa o’sha Olatov yaylovida qimiz ichgan zarang kosa;
O’sha unutilmas o’g’rincha bo’sa;
Oqsoq bobo* sag’anasidan lojuvard g’isht sinig’i;
O’lganda ham otini atashim nojo’ya birovning ko’zlaridagi tubsiz mehrdan kiprikchasi va tinig’i;
Andijon adirlarida bitgan g’o’zadan bir lo’ppi chanoq ham;
Tag’in nima? Bo’ldi, shekilli.
Yo’q,onamdan qolmish yagona esdalik — kichkina parqu bolish — tobutimda boshimga qo’yilsa-yu,o’sha bolish tagiga bir juft rayhon shoxchasi qo’yilsa…
O’lgandan keyin biron buyum olib ketish erki berilsa,men shularnigina ola ketishni istar edim.Lekin hali o’ladigan tentak yo’q,gap shunda…

HANDALAK

Polizdan handalak hidi anqiydi,
O’qariq bo’yida sahar uyg’onsam.
Atir og’ushida odam balqiydi,
Havo eliksirday, qaniydi qonsam…

Ko’krakka uradi yoqimtoy salqin,
Chechaklar tovlanur — chechaklarda noz.
Hammasi, hammasi ko’ngilga yaqin,
Hammasi dilrabo, suyuk, so’lim, soz…

Handalak uzaman muzdek va yorqin,
Beqasam handalak — chipor handalak.
Qo’limda lovullar go’yoki yolqin,
Quymadek bejirim, ifor handalak.

Ha, aslida quyosh zarrasi bu ham,
Ona tuproq toti, tuproq shirasi.
Yemishlarning tengsiz barrasi bu ham,
Jannatda yo’q o’zi, gapning sirasi!..

JALA

Qo’qqis jala quyib o’tdi qishloqdan,
To’lqin urgay yashil ko’kat dengizi,
To’lqin urgay chechaklar oq, qirmizi,
Bu darakchi sut, qaymoqdan, pishloqdan..
Qo’qqis jala quyib o’tdi qishloqdan,
Chuchmoma-yu rovoch yesak arziydi,
Qo’ziqorin, lola tersak arziydi,
Tepalardan, soydan, hatto toshloqdan…

HALI HAM

… Onam non yopadi bo’g’riqib-bo’rtib,
Dam-badam kuyadi qo’li yengsakda.
Chiviq toycham gijing, yo’rg’alab-yo’rtib,
Hadeb aylanaman shu tevarakda.

Nari ketolmayman o’choq boshidan,
Yuguruk bo’lsa ham toycham nechog’lik.
Mazaliroq ba’zan qiyma oshidan,
Har gal bitta patir menga atog’liq…

Yalpizlik, rayhonlik yo jindak jizza,
So’lqildoq, yumaloq, cho’g’day va qumoq.
Gohi bo’lsam hamki kimdandir izza,
Sinib yotsa hatto kichik arg’umoq.

Menga o’sha patir tegsa bo’ldi, bas
Otlanib, ovloqqa jo’nayman darrov.
Ayiqmi yo qoplon — menga pisandmas,
Patir to’qligida o’ljalik-da, ov.

…Dilda armon qoldi, umrga tatir,
Ne kunlar bor ekan manglayginamda.
Qishloqda yodimga tushdi shu patir,
Hanuz ta’mi borday tanglayginamda.

BUVIM CHO’PCHAKLARIDAN

Ola qarg’a

Ola qarg’a yashar emish uch yuz yil,
Qarg’achalik yasholmasmish hatto fil,
Bobolar der: cho’qda emish bir ko’zi,
Quv va sergak. O’qda emish bir ko’zi.
Oshyoni ham tik cho’qqida — tog’damish,
Ne olg’ir qush ololmayin dog’damish,
Ola qarg’a tashlamasmish qo’shog’in,
Ardoqlarmish oshyonida ushog’in.
Qo’shog’iga hech olalik bilmasmish,
Ushog’iga hech dag’allik qilmasmish,
Agar noxos qo’shog’iga tegsa o’q,
Bu ham darhol qilar emish o’zin yo’q.
Vafodormish, ko’ngilchakmish, kuyinchoq,
Shu vajdan ham qanotida yo’l-yo’l oq.
Arzir emish oq qanotlik bo’lsa ham,
To’kis-tugal yaxshi otlik bo’lsa ham…

Qora qarg’a

Qora qarg’a olasidan kam yemas,
«Men sal kamroq yashayman» deb g’am emas.
Tik tog’larda qoraning ham uyasi,
Elga ayon qanotining kuyasi.
U ham qishda tushib kelar dovondan,
Qolib ketmas qarg’a zotlik karvondan,
U ham sergak, cho’qda doim bir ko’zi,
Olazarak, o’qda doim bir ko’zi…
U ham g’oyat sabrlik qush, chapdast qush,
o’rgatolsang — el bo’lg’ulik bor es-hush.
Qadrlamas emish biroq qo’shog’in,
Tashlab ketar emish hatto ushog’in,
Agar noxos qo’shog’iga tegsa o’q,
o’zgasini izlar emish — ko’ngli to’q.
Shu sababdan qora emish yuzi ham,
Yuz ham gapmi — qora emish o’zi ham…
1975

QUNDUZ
Sochma

Esingdami, Qunduz! Salqin yellar sochlaringni to’lqinlatib es-gan, qalbimizda suyunch o’sgan bir kun?
Ko’klam.
Quyosh tabassumkor, to uzoqlarda yasharib ko’ringan qirlar jilodor, sen esang, ma’sum qiz! — nimalarnidir to’plovding, gunohlardan pok, ishsevar do’stim! — Esingdami, o’rim-o’rim sochlaring-la shafaqday yuzingni qoplovding…

* * *

Bolalik..
Yurakda qayg’u kezsa-da, yurakni o’ragan muhitda baxtsizlik kezsa-da, — o’yin sevgan bolalik!
Tush payti — barcha ko’lankaga oshiqadi, tol ostlariga oqadi. Bolalik mavj urgan sof qalbimiz buyrug’ida biz soy bo’ylab ketdik. Uzoqlashib, o’ynoqlashib ketdik…
Suv bo’yi…
Ko’klam bezaklari to’la sochilgan suv bo’yi…
— Qo’chqor, huv… Qo’chq-oo-r!
Yoningta bordim, sening bilan ko’klam chechaklari terdim, senga berdim va tarqoq sochlaringga chechaklar takdim, chechaklardek ochilgan yuzingga suq bilan boqdim…
Esingdami shu?
Erta ko’klamning shunday yoqimli kezlarida armon o’raydi meni…
Omochlar sudragan qirlar usti, baxtsizlik kezgan dalalar siynasi kulib turgan paytlarda orzular o’raydi meni!
Qetsammikin?
Balki, Qunduz — ma’sum Qunduz, tag’in,barno bo’lgandir… Kular yuz qiz bo’lib, to’lgandir…
Ketsammi?

* * *

— Qunduz!
Esingdami, qirlarda uyquli omochlar tentirardi — bolalikda -biz o’ynab yurgan kunlarda…
Bu kunlarda o’t omochlar kuylaydirgandir-a?
Sochlaring yellarda tarqalib, ko’zlaring o’ynaydirgandir-a?
Esingdami, to’lqin sochgan, bola qalbimizga so’ngsiz suyunch bag’ishlagan bir kun…


04

(Tashriflar: umumiy 54 793, bugungi 17)

11 izoh

  1. Мен Миртемир ватандоши булганлигимдан кунглим фахрга тулди.Миртемир узбек шеъриятининг бетакрор вакили.

  2. Mirtemir she’rlarudan yanada ko’proq joylashtirilsa yaxshi bo’lardi. Hammasi uchun rahmat

  3. MIRTEMIR SHE’RLARI JUDAYAM ZO’R ekan ayniqsa «ONAGINAM»,»SEN ONA»….SHE’RLARI

  4. Toshbu sherini tahlil qilib joylashtirsangiz juda yaxshi bo’lardi Katta rahmat sherlar uchun

  5. Judayam yoqadi manga she‘rlari.Asarlarini esa rohat olib o‘qiyman.Raxmat boqiy meros uchun.

Izoh qoldiring