Dilshoda Saidolimova. Qatralar & Dilshoda Saidolimova «Yonimizdagi odam» radiodasturida & Ikki ktob

045    Кўзларингни авайла. У ҳар лаҳзада керак бўлади. Кексайиб, мункиллаб қолганингда ҳам, чақнаб турган йигитлигингда ҳам, шод-хуррамлигингда ҳам, ғам-қайғуга ботганингдаям. Қоп-қора туну, ёп-ёруғ кундузда ҳам керак бўлади.

Дилшода САИДОЛИМОВА
ҚАТРАЛАР


ТУМАН

21Туман. Ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Лекин барчасини илғаш мумкин. У худди инсон хаёлининг бир кўринишига ўхшайди. Хаёл ичра беркиниб ётган кашфиётлар бирор қуёшли кунда тўсатдан ярқ этиб ўзини кўрсатади. Ва биз шу пайтгача бор бўлган – лекин назаримиз илғамаган дунё қаршимизда яшаётганининг гувоҳи бўламиз.

ОНАЖОНИМ ЁПГАН НОН

Дунёдаги ҳамма болаларнинг ўз оналари ёпган нонлари ширин бўлади. Мен онам ёпган ноннинг таъмини бир умрга унутмайман. У шундай бир ёқимли, шундай бир хушбўй таъмки, ҳеч бир лаззатли таомни онам ёпган нонга алмаштирмайман. У нон шунинг учун ҳам дунёдаги энг ширин нонки – онам хамир қораётганида меҳрини ҳам қўшиб йўғирган. Онажоним ёпган қуёшдай қип-қизил, бурсилдоқ нонлар фақат тандирдаги чуғдагина эмас, онажонимнинг фарзандларига бўлган оташин муҳаббатининг ҳам тафти қўшилиб сингиб пишган.

УЙҒОНИШ

Ер уйғонди. Куннинг чўғи атрофни қиздира бошлади. Қушлар нағмаси авжига чиқди. Дарахтларнинг тошдек қотиб турган шохлари яшил либосини кийди. Одамлар ҳам қандайдир тетик, ёш, бардам ҳис қила бошлади ўзларини. Болалар эртадан-кечгача осмонга варрак учиришади, чиллак ўйнашади. Осмон тиниқлашиб, мовий кўк тусга кирди. Далаларда иш қизиб кетди. Ишчан тракторчилар ғайратли деҳқонлар билан бир сафда туриб янги, бўлажак ҳосилнинг уруғини экишга киришди. Ерга чигит тушди. Шу кундан эътиборан барча каттаю кичикнинг хаёли, ёди бирлашди. “Чигитнинг униши қандай?” “Ерни ёриб чиқдими?” “Қатқалоқдан қутилдиларингми?” “Жала урмадими?” “Гармсел қонжиратмадими?” “Гули қандай?” “Шона ташламаяптими?” “Ҳар туп ғўзада қанчадан кўсак бор?” “План тўлармикин?” “Мажбуриятчи?”
Ер билан бирга баҳорда одамларда, қишлоқда тотли ҳаяжон, қувонч ва ташвишлар ҳам уйғонди.

ПОЕЗД

Поезд чопиб ўтади, чопиб қайтади. Ҳар куни шу ҳол такрорланади. Поезд ҳам спортсменга ўхшайди: югураверади, югураверади. Югуролмай қолган куни уни сафдан чиқариб ташлашади. Инсон умри ҳам шундай, унинг юраги уришдан тўхтадими ёшлар бу йўлни давом эттиради.

БАРАКА ЁҒАР

Қишнинг бу ажойиб тонги эндигина уйқудан кўз очган одамларга ажойиб туҳфа берди. Оппоқ қор ёғди. Болалар мазза қилишиб ўйнашди. Кимдир чана тортди, кимлар қорбобо ясади. Катталар чанг уннаган гилам ва полосларини оппоқ, ундай қуп-қуруқ қорга булаб, қоқиб-силкиб тозалашди.
Кўпдан кутилган, вақтида ёғган қор кўнгилларда ажойиб умид уйғотди. Қани эди ҳар қиш шундай бўлса, дунёда қордан ҳам оқроқ, нафисроқ, тозароқ нарса борми? Елкаларимиз, бошимиз узра қўниб юрагимизга ҳузур бағишлайди. Оллоҳнинг марҳаматила ерга тўшалиб ётганда олам қандай мунаввар пок, сокин, беғубор бўлади. Кўксимиздаги дил ғашликлар қор остида кўмилиб қолгандай гўё. Танамиз қушдай енгил тортиб, ҳаётнинг ҳеч туганмас икир-чикирларини бироз бўлсада унутамиз. Гўзал юртимизнинг янада барқ уриб яшнашида муносиб улуши бор сувнинг мўл-кўл бўлишини ўйлаб севинамиз. Ватан равнақи, юрт бойлиги бўлмиш пахтамизнинг мўл ҳосилини тасаввур этамиз. Асрлардан асрларга ерни эъзозлаб, ҳар қаричидан унумли фойдаланган бобо деҳқонларимизнинг жонкуярликлари туфайли дастурхонларимиз тўкин, устимиз бутун, хонадонимиз обод.
Жонажон Ўзбекистонимиздан, меҳмондўст, қўли очиқ, меҳнаткаш халқимдан марҳаматингни ҳеч қачон аяма эй, юксак осмон!
Қор ёғди – барака қут ёғди.

ДУНЁНИНГ СУПРАСИ

Дарахтларнинг танаси, тоғларнинг чўққилари, томларнинг устига сон-саноқсиз ялтироқ, оппоқ ун заррачалар келиб қўняпти. Қишлоғимиздаги барча одамлар шу тобда тегирмончига ўхшаб қолишган. Гўё улар тегирмондан янгигина чиққан қайноқ унларни тезроқ лаганга солиб хамир қоришга ҳозирлангандек шошиб боришяпти. Осмон эса ҳануз тиним билмай ўз ишини давом эттиряпти.
Ҳа, одамлар осмон барча унларини элаб бўлгач, баҳорда улкан хамир қоради. Бу хамирдан сиз билан бизга ширмой нон, тотли мевалар, сабзавоту асал, новвот, етиштириб беришади, шоҳи-атласлар тўқишади.
Бағринг бутун бўлсин элим. Даланг нурга тўлсин элим. Қут барака ёғдир осмон, юртим боши бўлсин омон. Оч элларга узатиб нон, топсин халқим шуҳрат ва шон! Ҳалол меҳнат элим фазли. Бойликларнинг кони асли. Саховатла барака хайр ёғдир осмон. Оромимиз сувга тўлсин. Чўлларимиз яшил бўлсин. Авлодимиз ўйнаб кулсин. Тани соғлом, ақли бутун насабимиз бахтли бўлсин.
Оппоқ қорлар ёғдир тангрим, дарёларимиз шарқираб оқсин, экинларимиз гуркираб ўссин, ҳосилимиз мўл, юзимиз ёруғ бўлсин, хирмонларимиз донга тўлсин илоҳим.
Осмон улкан элагида тиним билмай ун элаяпти. Дунёнинг супраси – Она Ер эса оқариб боряпти…

ТОМЧИ

Оллоҳнинг амри ила томчидан бино бўлмадикми? Сири синоати битмас дунёнинг асрорларини, зарралардан жамланган нигоҳимизла ўқиб ўрганмадикми? Томчи тошни емиришга қодир. Оламни кўкартиришга , яшнатишга ҳам моҳир. Ғунча бетига қўнган шабнам томчисига ҳеч кўзингиз тушганми? У осмон фаришталари юборган меҳр-муҳаббат мактублари эмасми?
Денгиз – гавҳарнинг, Осмон – юлдузларнинг, Ер эса – барча тирик зотнинг онаси, Сут томчилари… Инсонни сен улғайтмадингми? Унга оёқ, қўл, тил, забон бахш этган сенмасмисан?!
Ёш томчилари, сенмасми – сўнган умидлар, ушалмаган орзу армонлар, висол соғинчларининг изтироблари, кўнгил туғёнларининг тилмочи?!
Сенмасми – инсон жисми томчидек ерга сингганда унинг яқинларини қалбини титратиб йиғлатган?
Томчиларни эъзозланг одамлар. У беҳуда туғилмайди, туғилгач эса беҳуда кетмайди. У олам ва одамни яратишга қодир куч.

ВАҚТ КАРВОНИ

Фурсат ўтиб кетди. Вақт жуда бешафқат, деб зорланамиз. Аксинча, вақт жуда оқил ва доно. У ҳар бир сониясини бизнинг ҳаётимизга муҳрлаб қолдиради. Ҳатто ғафлатда – уйқуда ётганимизда ҳам тушларимизга кириб уйғотмоқчи бўлади. Фақат у ғамга чўмган пайтимизда кўз ёшимиз-ла, бахтиёр пайтимизда кулгумиз-ла атрофга сачраб кетади. Шундан биз уни ушлаб қололмаймиз. Бу бебаҳо неъматдан, айро тушгач надомат чекамиз – “эсиз, эсиз ёшлигим, навқиронлигим”, дея фарёд этамиз. Меҳнатга муҳаббат вақтга ҳурматни юзага келтиради. Асрлардан асарларга етиб келаётган тарихий обидаларимиз, жонажон юртимизнинг жамолини, бугун дунёга кўз-кўз этаётгани бежиз эмас. Ахир улуғ зотлар ўз ҳунарлари ила вақтни тўхтатиб қолишди. Кўз нурлари, қалб қўрлари қасрларга муҳрланиб қолди. Бу ноёб бойликларни босқинчилар ташиб олиб кетолмади.
Беруний, Ибн Сино, Ал Фаробий, Улуғбекдек буюк алломаларимиз бебаҳо билимларини китобларга жо этиб бизларга қолдирди.
Ёшликни ўйин-кулгуга, енгил-елпи ҳавасларга алмашмай: илму ҳунар ўрганинг шириндан-шакар азиз ўғил қизларим “Вақтинг кетди, нақдинг кетди”, деб бекорга айтмайди доно халқимиз.
Вақт карвони тўхтамас ҳеч ўтар-кетар,
Ғайрат қилгил, сўнгги сафар вақти етар.
Йиққан давлатларинг қоларда кетар,
Эзгу ишларгина мангуга элтар.

ЕР ЯШИРАДИ

Ер биз инсонларнинг барча айбимизни яширади. Кўксини тилка пора қилиб, ота-болала, тоға-жиянла, ака-укала мерос талашса, қон тўкса. Нон-тузини еб қорнимиз тўйгач устига мағзава ағдариб, чиқиндига тўлдиргач, юзига тупурсак, тупугимизни ҳам яширади.
Вақти-саоти етиб вужудимизни руҳимиз, тарк этганида танамизни ҳам қузғунларга ем бўлишидан асраб, бағрига яширади. Шунинг учун ҳам биз уни суйиб, ифтихор-ла Она – Ер деймиз.
Оналар эса доимо болаларининг айбини яширади.

ОҚДАРЁНИНГ БЎЙЛАРИДА

Осмон тунд. Борлиқ қорайиб, шамол олис-олислардан ёмғир ҳидини димоққа уради.
Мана ниҳоят у етиб келди. Ёқимли, муздек томчилар аввал сочларимизга, кейин елкаларимизга, бирин-кетин учиб келган қушлардай қўна бошлади.
Қандай яхши, кўпдан сени кутгандик, ёмғир! Кўкламнинг фазли, каромати сен эмасми? Оламга яшиллик элтувчи томчиларингга тоғу тошлар, қир-адирлар, дала даштлар интиқ. Дастурхонимизга барака хайир келтир. Ёғавер, ёмғиржон! Бизни буткул ивитсанг, шалаббо қилсанг ҳам майли. Фақат вақтида ёғсанг, юрагимизни соғинчдан аритсанг, чанқоғини қондирсанг бас!
Ёмғир тезлашди. Катталашди. Кўлмакчалар ҳосил бўлди. Чучмомалар, бинафшалар очилади энди жонажон қишлоғимизда Оқдарёнинг бўйларида…

КЎЗЛАРИНГНИ АВАЙЛА

Кўзларингни авайла. У ҳар лаҳзада керак бўлади. Кексайиб, мункиллаб қолганингда ҳам, чақнаб турган йигитлигингда ҳам, шод-хуррамлигингда ҳам, ғам-қайғуга ботганингдаям. Қоп-қора туну, ёп-ёруғ кундузда ҳам керак бўлади.
Лекин нигоҳингни ҳар хил майда чуйда нарсалардан асра. Кўзинг нури – қуёш ёғдуси эмаски, тугамаса. Шунчаки нарсаларга асло назарингни солма. Кўз нурингни муҳаббат ва нафратга асра. Токи кексайиб қолганингда ҳам дўстингга муҳаббатла, душманингга нафратла тик қарай ол!

ҚОРА ЧУМЧУҚ

Қиш ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланган. Ишдан қайтаётиб, йўлга тўкилган дон-дунларни териб юрган бир гала чумчуқларни кўриб қолдим. Улар пир-пир учиб қўнишарди.
Қаҳратон совуқда ўз қорниларини ўзлари тўйдириб юрган чумчуқларни кузатаётиб, бехосдан кўзим қушлар галаси ичида ажралиб турган қоп-қора чумчуққа тушади, қушча диққатимни тобора ўзига тортарди. Афтидан, у ҳам шу галанинг бир вакили эди. Лекин бошдан оёқ қоп-қора қурумга беланганидан асло чумчуққа ўхшамай қолганди. Ўйланиб қолиб ўзимга ўзим савол бераман:
– Уни бошқалардан ажратиб қўйган нарса, тенгқурларидан устунроқ бўлган нафси эмасмикин?

ҲАР БАҲОРДА

Ҳар баҳорда қишлоққа бораман. Ўзим чўмилиб катта бўлган Човкаариқ ёқалаб ялпиз тераман. Ёнимда синглим Санам челакчасини кўтариб, чопқиллаб пиданаларнинг конини кўрсатиб туради. Кейин бедазордан жаржақ ўт терамиз, сўнгра уларни хас-чўплардан тозалаб, яхшилаб ювамиз. Гулпошша янгамларнинг гўшт тахтасини олиб келиб майдалаб чопамиз. Сувини сиқиб, ёғ, қалампир ёки мурч қўшиб, ғижимлаб аралаштирамиз. Сиқилган кўк сувида ун қориб кал патир ясаймиз. Онам ўқловда ёйиб тайёрлаб қўйган бир хилдаги юмалоқ хамирларнинг ичига қориштирган ўтларни солиб тандирда ёпади. Ловуллаб қизиган тандирда пичак пишаётгани кундай аён бўлади. Бир пастда атрофга хушбўй, ёқимли, димоқни қитиқловчи, иштаҳани қўзғовчи ҳид тараладики асти қўяверасиз. Бирин-кетин ҳамсояларимиз кириб келишади. Онам ёпган кўк пичакларни юзига сариёғ суртамиз. Онамнинг уст-бошидан ҳам баҳор хабарчиси – кўк сомсанинг ҳиди анқийди. Дастурхон атрофига жамланамиз. Ҳар ким ўз билганича кўк сомсанинг фойдасини гапира бошлайди. Менга қолса, бундай узун тарифлардан кўра иссиғида пичакни еган мақул.
Ҳар баҳорда қишлоққа бораман.

ОНАМНИНГ МАКТУБЛАРИ

Онамнинг хатлари доимо шошиб-пишиб ёзилган бўларди. Бу нарса хатнинг мазмунига асло таъсир этмасди. Қоғоздаги ҳар бир жумла ўз ҳолича янгилик, қувонч бағишларди одамга. Мен онамнинг хатларини интизорлик билан кутардим. Назаримда онажоним ўз мактубларига юрагидан бир парча узиб солиб юборганга ўхшарди. Онамнинг хатларида ҳар доим ҳадик, хавотир, қўрқув биринчи ўринда турарди. Илтижо, маъюслик, ишонч иккинчи ўринда турарди. Сўнгра ҳамма яхши тилаклари, соғлигимиз ҳақидаги ният ва дуолари мактубнинг охирига битиларди. Онамнинг хатларини шоша-пиша ўқир эканман вужудимни аллақандай чўғ куйдираётгандай юрагим ўртаниб, ўзимни гуноҳкор ҳис этиб, олдида эмаслигимдан афсусланиб кўзларимга ёш тиқилиб келарди. Соддадиллик билан битилган сўзлари кутилмаганда болалигимни ёдимга туширарди. Бир вақтлар дунё ҳақидаги, одамлар тўғрисидаги тушунчаларим шу нуроний онамнинг ўйларидай жўнгина экани ҳаёлимдан ўтади. Ногаҳон туриб қолган кўзимдаги ёш халқачаси айланиб-айланиб юзимдан юмалай бошлайди…
Мактубни ўқир эканман сўзларнинг салмоғидан мудраб қолган туйғуларим уйқудан уйғонгандай бўлади. Онамнинг уйғоқ дунёқарашлари, кескин фикрлари, дунёдаги ҳар бир прогрессив инсонга тенг келадиган тирик руҳияти кўксимни тоғдек юксалтиради. Беихтиёр кўзларимдаги ёшни сидириб ташлайман. Хатнинг сўнггига етиб келгач яна кўнглим бўшайди, фикрларим айқаш-уйқаш бўлиб кетади.
Кўз олдимдан дока рўмолининг учига кўз ёшларини артганча эшикка термулиб, бемисил соғинчдан сарғайиб ўтирган муштипар онамнинг сиймоси намоён бўлади. Эшикка югураман эшик берк. Соғинч вужудимни тобора чулғаб олади. Соатга қарайман. Соат оқшомги иккини кўрсатади. Бутун шаҳар уйқуда, машина қатнови камайган, эртага эса иш. Жавоб хати ёзиб ўзимни, интизор қалбимни овитаман…
Жигарпорасини жонидан ортиқ соғинган қишлоқдаги онамнинг ҳузурига бир парчагина соқов, кўр қоғозни жўнатаман…
Онамнинг хатлари доимо шошиб-пишиб, чала-чулпа ёзилган бўлади…

ТИМСОЛ

Илгари Ернинг ҳақиқий рамзини тасаввур қилолмасдим. Энди билмас ер қўлида боласини кўтариб турган онага ўхшаркан.
Заминдаги барча нарсаларда ҳам онанинг тимсолини кўра бошладим. Қаршимда – менга қарабтурган юксак тиянган тоғлари ҳам она. Оқшом чоғи паға-паға булут ҳамда туманлар худди ёш боладек, унинг елкалари ва тиззаларига чиқиб ўйнайди.
Водийдаги бир дарани эсладим. Даранинг тубида, анча юқоридан чуқурликда қўшиқ айтиб пастга қараб чопиб жилға оқади. Уни ҳайбатли қоялар ҳар хил бало офатлардан тўсиб пана қилиб турибди. Жилға ҳам даранинг боласига ўхшайди: зеро вужуди тубида ўз жилғаси ҳис этиб боласига қоялар янада …… вужудини ёруғликка чулғаб барча орзу умидларини дунёга келгунига қадар, ўша жилғага бахшида этди.

САМИМИЙ ТИЛАК

Онажон, менга бир вақтлар қандай дард тутганини айтиб беришингизни хоҳлайман. Менга, ҳозирча танимга пайваста бўлиб турган ҳомиладорлик сўнгида фарзандимнинг ёруғ дунёга келишини ҳикоя қилиб беришингизни истайман.
Онажон айтинг-чи, болам, митти чақалоғим ўзи кўксимга талпиниб эмадими ёки ўзим кўкрак сутимни соғиб жажжи одамчанинг эмизишим, оғзига сўрғичда тутаманми?
Онам менга боламни эркалаш сирини ўргатинг. Отасиникидан ҳам суюклироқ бўлган фарзандимни қандай суяй, олам-олам меҳр бахшида этай шуларни ўргатинг.
Жимитдай жажжи бошчасини қандай қилиб ювиб тозалай. Ёнимда ётганида билмасдан унга озор бериб қўймаслигим учун нима қилай?
Онажон, сиз бешигим теграсида қанча оқшомлар ширали овозингизла қандай алла айтгансиз? Шуни ўрганишни истайман. Алла болажонимга ором бағишлайди. Ширин тушлар кўриб тезроқ ухлашига ором олишига ёрдам беради.
Болам тинч ва хотиржамликда, тинчликда камол топиб вояга етишини, қалби юмшоқ, юраги тоза, сўзи ўткир бўлишини оллоҳдан сўрайман. Ҳалол ва оқила қиз бўлишини уям ўз фарзандларини сиздек севишини, ардоқлаб камолга етказишни чин дилдан истайман.

ЛАЙЛАКЛАР

Самарқанддан чиққач Бухоро тарафга катта магистрал йўл ўтади. Ана шу йўлдан юриб, Қорадарё кўпригидан ўтиб озгина юрилгач “1-Май” маҳалласи чиқади. Бу йўл қишлоқни қоқ иккига бўлиб ўтади. Йўлнинг ўнг томонида узоқдан кўзга ташланиб турадиган улкан чинор ўсади. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, бу чинорнинг ёши бир ярим асрдан ҳам ошиб кетган.
Бўйи ўттиз метрдан баланд бу улкан чинорнинг энг юксак шохида катта лайлак ини бор. Ҳар йили эрта баҳорда бир жуфт лайлак учиб келиб, мана шу қадимги, ота боболардан қолган инни тузатиб, у ер-бу ерини янгилаб бола очишади. Улар ҳам худди бошқа лайлаклар сингари бутун ёз бўйи Қорадарё бўйларидан илон, калтакесак, чувалчанг териб келиб болаларини боқишади.
Эрта кузда учирма бўлган лайлакчалар қишлоқ четларидаги экинзорларда ўзларича ов қилиб юришади.
Лекин бу ҳол унча узоқ чўзилмайди. Ёмғир томчилаб, қиш эшик чертиб турган бундай ғанимат кунларда ўзбошимчалик қилиб учиб юришларига фурсат борми? Ота-она лайлаклар йўл ҳаракатини кўришяпти. Узоқ сафарга тайёргарликсиз чиқиб бўладими?
Лайлаклар эндиликда деярли ҳар куни болаларини худди ўзлари сингари кун бўйи ов қилишга ўргатишяпти.
Уйига отланган лайлакчаларни чалғитиб аста-секин ишга ўргатишяпти. Уйига отланган лайлакчаларни ота лайлак бир неча марта қанотлари билан нуқиб йўлдан қайтаришига тўғри келди. Лайлакчалар ҳали ёш-да, уларни эртага халокатдан ана шу чиниққан қанотлари ҳамда саботларигина омон сақлаб қолишини қаёқдан билишсин.
Оппоқ, эҳтиёткор лайлаклар ўз авлодларини нақадар авайлаб эъзозлашади.
Олис сафарга отланган ота-она лайлаклар иқлимнинг кескин ўзгариши, иссиқ ва совуқ ҳавонинг тез-тез алмашиниб туриши, денгиздаги узоқ ва тинимсиз учиш туфайли жисмлари куч қувватдан қолиб жануб мамлакатларига етгач, баъзилари ҳалок бўлишади. Уларнинг ўрнига эрта баҳорда Қорадарё бўйларига ҳаётнинг ўзгармас қонунининг давомчилари бўлмиш куч-ғайратга тўла ёш лайлаклар учиб келишади.
Салом сизга эй, баҳор элчилари Оппоқ лайлаклар!

БАХТ

У – ой учун қуёшнинг борлиги ва юлдуз учун одамларнинг қўли етмаслиги, ошиқ учун ёр васлига етиш, қуш учун таъқиблардан қутқаришга қодир қанот, бола учун катта бўлиш орзуси, чақмоқ учун булутлар фиғонини эшитиш, доно учун китоблар ва дўстлари борлиги, нодон учун дўст ва душман орттирмаслик, балиқ учун сувнинг мусаффолиги, илон учун судралиб юриш осонлиги, тоғ учун юксакни ҳис этиш, нокас учун тўйга қуруқ бориб, тўёна билан қайтиш, бемор учун тўшакдан илк бор қад ростлаш, ғийбатчи учун янги қўшнисининг ҳам ғийбатчи чиқиши, ёмғир учун майсалар юзидан ўпиш, ахмоқ учун атрофдагиларнинг сукут сақлаши, асалари учун гулларнинг яшнаб туриши, кучук учун хўжайини маст бўлиб келганда олдига ташланадиган яхна гўшт, дарё учун чўққидаги музларнинг мангулиги, кўлмак учун харакатсиз кечаётган хаёт, она учун фарзандларининг соғ-саломатлиги, шоир учун… шеър ўқиб бераётганда хотинининг эснамаслиги…

ТОШ

У тоғ бағридан юмалаб тушди. Йўқ, юмалаб тушмади, юзида сўгалдай қотиб туравергани учун чўққилар уни итқитиб ташлади. Ҳа, музли чўққиларнинг ҳам қалбида ҳарорати бор, фақат тошгина…
Тош хўш куйлаб оқаётган жилғанинг уйига келди. У бу ерда ҳам кўп туролмади. Чунки қувонганда қувончига, йиғлаганда қайғусига бепарво қарайдиган бундай дўст жилғага сира ёқмади. Уйига келган меҳмонни “кет” дейиш ноқулай бўлса ҳам, итариб-итариб уйидан чиқарди. Тош бир гала хас-хашакка қўшилиб, дарёга тушди. Дарё улкан эди. Унинг бағридан бедардларга ҳам, дардлиларга ҳам, бахтиёрлар ва бахтсизларга ҳам, нопоклар ва покдомонларга ҳам, нодонлар ва доноларга ҳам, кўрлар ва кўзлиларга ҳам жинниларга ва соғларга ҳам жой топилар эди.
Тош энди ўзимга маъқул жой топдим дегандай хотиржам яшай бошлади. Унинг шу яшашида неча-неча ойлар, замонлар ўтди. Шу ўтган узоқ дамлар мобайнида дарё қанчадан-қанча қўшиқлар айтди, ўйнади, кулди. Тошнинг қалбига ҳам ўз қувончидан улашмоқчи бўлди. Ахир, ҳамма яхши одамлар ҳам ўз шод-хуррамлигини, бахтиёрлигини дўстларига, дунёдаги барча яхши одамларга улашгиси келади-ку! Лекин тош ўзгармади, қошини чимириб, қовоқ уйиб турган еридан жилмади. Охири дарёнинг қаҳри келди. Меҳри улканнинг қаҳри ҳам улкан бўлади. У шартта йўлини ўзгартирди.
Тош қумлоқда офтоб нурлари тагида қолди. Энди уни ҳар куни офтоб аёвсиз қиздирар, бағрига ўт ёқмоқчи бўлар, лекин тош кечқурунлари совуб яна ўша-ўша тошга айланаверар эди. Энг охири тошни одам қўлига олди, унинг совуқ баданига жон, тунд чеҳрасига гўзаллик бахш этди. Неча-неча замонлардан буён хўрланиб келаётган тош эъзоз ва хурмат топди. Ҳозир у музейларда, хиёбонларда ўзининг гўзаллиги билан барчани мафтун қилмоқда, қалбларга олам-олам қувонч бахш этмоқда.

ГЎДАК ҚАДАМИ

Жингалак сочлари тим қора гўдак мурғак оғзидаги тўртта гуруч тишини кўрсатиб куляпти. Ана, тетапоя қилиб бир-икки қадам ташлади. Негадир қалтираб кетди. Балки муруввати билан улуғлаган заминга қадами текканидандир?
Оҳ, оғзи билан йиқилди бола бечора. Қўлидаги ўйинчоғи учиб кетди…
Сигир соғаётган онаси сатилни қўйиб, ўқдек отилиб унинг олдига келди:
– Ўтқазиб қўйган жойимда ўтирсанг бўлмайдими?
Муҳтарам она! Инсон ўтқазиб қўйган жойда ўтираверса, дунё бугунги қиёфага келармиди?..

КУТИШ

Тиним билмай қор ёғаяпти. Мен кутяпман. Интиқ нигоҳимни дераза тўсолмайди, булутлар тўсолмайди. Фақат осмоннинг кенглиги тўсиб қўйган. Лекин ҳаёлларимни, тафаккуримни тўсгувчи куч йўқ. Улар ҳудудсиз кенгликлар, англаб бўлмас хилқатлар, тушуниб бўлмас юракларни ҳам илғаб оладигандек. Қор эса ёғяпти. Хаёлларим тобора юксакларга парвоз этмоқда. Уларнинг қаноти Алпомишнинг оти Бойчибердек учқур, Барчин янглиғ ғаму қайғуда ўзини йўқотмайди. Улар фақат хушнуд дамлар учун туғилган. Менинг хаёлларим оппоқ қорлардек беғубор, тоза. Уларга аросат, ҳадик бегона, қоронғулик, ҳасад-ўгай.
Орзу хаёлларим юксакларга парвоз этяпти. У учқур қанотларини кериб қўшиқ куйлаяпти. Унинг оқлик ҳақидаги ашуласи ер юзи бўйлаб таралмоқда.
Мен сени кутаяпман эй, Қор!
Сенинг инсон хаёлларини уйғотувчи жозибали сукунат қўшиғингга Ўзбекистон замини интизор. Ватанимнинг ҳар бир қарич ерига сен кераксан.
Сувсиз ҳаёт йўқ. Беғубор, тинч фаровон турмушимизнинг бош омили, тўкин-сочинлик манъбаи ўзингсан оппоқ қор. Деҳқон меҳнатини юксалтирувчи, қўшиғинг куйлаб дарёларимиз ёзда тўлиб-тошиб оқсин. Марҳаматингни дариғ тутма биздан. Тилни ёрар ширин меваларила оламга машҳур юртимни донғини янада юксакларга тарат. Қишимизни қишга, ёзимизнинг ёзга ўхшаши ўзингга боғлиқ оллоҳим. Иноятингни аяма, қорларингни мўл-кўл ёғдир Она заминимиз бағри оппоқ қорларга буркансин.
Биз сени кутяпмиз эй, Қор!

ХАВОТИР

Кеч кириб қолди. Жуда хавотирдаман. Қўрқяпман. Гўё худди шу бугун бир нарса юз берадигандай. Шаҳар тун оғушига чўмди. У эса ҳануз келмади, мен бўлсам ҳануз кутяпман. Ахири келишидан умидимни уздим. “Нима бўлса бўлар, келмаса менга нима?” дедим. Бу албатта алам устидаги тасалли эди. Совуқ шамолниям раво кўрмас эдим. Нима бўлганда ҳам у менга ука – жигар эди-да. Лекин кўп ўтмай у кириб келди. Негадир мен унинг кеч бўлса ҳам уйга эсон-омон кириб келганига, соғ-саломат кўришганимизга севинмадим. Кўнглим ғаш эди. Алланарсадан хавотирда эдим. Қачондир юз берадиган нарса юз берган эди. У оёқда зўрға турадиган даражада маст эди. “Барибир у ҳам қачондир тўйгунича ичиши, оёқда туролмайдиган даражада сархуш бўлиб кўриши керак-ку!” Ўзимни овутаман, кўнглимни тинчлантирмоқчи бўламан. Жуда эрта эмасмикан? Ухир у кечагина ўн саккиз ёшга тўлди-ку?

ГУЛ

Кўпдан буён қўшни кабинет деразасининг бир четида сувсизликдан қақраб, нимжон бўлиб ўсган тувакдаги гулни бугун касбдошимнинг столи устида кўриб қолдим. Унинг чанг босган япроқлари: ювилиб, гултувак тагига тоза тарелка қўйилибди.
Шу пайтгача ҳеч ким эътибор бермай, бир четда турган гулнинг бугун шунчалик эъзоз топганига ҳайратланиб тикилиб қолдим. Шунда кўзим қип-қизил бўлиб очила бошлаган ғунчага тушди. Энди менга ҳаммаси аён эди.
Ҳа, биз кўпинча гуллар очилгандагина унга эътибор бериб қоламиз.

КУЛОЛ ВА ГУЛОБ

Кулол ҳар куни лой пишитади. Кундан-кунга қўли пишиб, ўз ишини пихини ёрадиган моҳир устага айлана боради. У энди ҳар қандай соз тупроқдан чинни пиёла ясашга қодир, май кўзаси ясашга моҳир.
Лекин кўнгли сезади, ўзи ҳам бир куни ўзга кулол қўлига тушади. У кулол ўзидан эпчилроқ, қудратлироқ чиқади. Уни шу лаҳзада лой пишитиб турган қўлларини бир кун келиб гулоб идишига айлантириб қўяди. Гўё уста сузиб қўйган гулобни шогирди ичиб қўяди.

БЕГОНА ТУПРОҚ

Янги уйлар қурила бошланди. Эски, пастқам девор ҳамда ҳовлилар бульдозер билан суриб ташланди. Фақат бир туп олма дарахти эски-тускилар кўмилган ҳандақ ёнида қаққайиб қолди. Қурувчилар негадир бу кекса дарахтни трактор билан ағдариб ташламадилар. Атрофдаги тупроқларни ишириб бошқа жойга сурди. Дарахт томирлари очилиб, улкан панжалари ерни чангаллаб қолди. Одамлар ҳафсала қилиб олмани қурилиш бўлаётган жойдан четроққа экишди.
Апрелнинг хузурбахш кунлари етиб келди. Бутун олам янги чирой ва жозибага тўлиб тошди. Осмон феруза рангга кирди, анҳорлар шалдираб тўлиб-тошиб оқди. Олмалар, ўрик, олча ва гилослар оппоқ гулга бурканди. Фақат қурувчилар қолдириб кетган бир туп олма гулламади. Фақатгина унинг оппоқ харир кўйлагига ҳар йилгидай асаларилар қўниб баҳорни олқишлаб куйлашмади.
Чунки энди унинг томирларини ёпиб турган ер бегона эди. Вужудини яшнатиб, танасига ҳарорат берган тупроқда қолган эди унинг барча орзу умидлари…

ТАШНАЛИК

Синглим, йигирма олти ёшингда уч фарзандингни зор қақшатиб қиёматгача бизларни тарк этдинг. Яқиндагина ёруғ дунёга келган қизчанг эса хали татиб кўрмаган сутингга зор бўлиб, чирқираб йиғлаб қолди.
Ер шунчалик ташнамиди? Ва, ё у ҳам сутга зормиди?

ДУНЁ АБАДИЙ

Дунёда абадий нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса нисбий. Аммо дунёга сенинг келиб кетишинг барчса нисбийлардан ҳам нисбийроқ бўлди. Ҳар куни зим-зиё тун қаърига қараб сени чақираман.
Ҳаёлимда сен ҳар куни деразамдан қараб тургандайсан. Хаёлимнинг деразасидан…
– Кел! Ёнимга келгин синглим, болалигимиздагидек бирга қўғирчоқ ўйнаймиз – дейман.
– Йўқ, ишим кўп, – дейсан.
– Бу дунёдаям ишларинг кўп эди, у дунёдаям бекор ўтирмас экансан-да.
– Нима қилай, одатим шунақа, – дейсан-да, кўз олдимда қип-қизил гулга айланасан. Дераза яшнаб, чўғга айланади, бориб-бориб хаёлимнинг уйига ўт кетади. Сўнгра бу ўт юрагимни ёқади. Уч фарзандингни етим қилиб, онамни тирик мурдага айлантириб, жигарларимизни пора-пора айлаган ҳижрон, жудолик алангаси бутун вужудимни ўртайди.
Тонга яқин танам чала ёнган ўтинга ўхшаб тутаётгандек туйилади… Ўша аччиқ тутин аралаш уйқу кўзларимни очирмай – сенинг руҳингни хаёлимнинг деразасидан қувиб юборади. Ахир болаларни ўйлашим Умид ва Ишонч ила олға қадам босишимиз лозим.

ТЕНГЛИК

Қуёш ўз нурини бутун дунёга тенг тарқатишга уринади, лекин ундан ҳамма баробар фойдаланмайди. Кимлар салқинда-ю, кимлар жазирамада…
Бу улуғ нурни баробар баҳам кўришни илм фаннинг юксак чўққиларини забт этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибин Сино, Улуғбек, Имом Бухорийдек боболаримиз бошлаб берди.

МЕҲР

Боболаримиз пальтосиз соғлом бўлишган. Бизлар пальто кийиб совқотамиз. Уларнинг юрагида ўти бўлган, бизнинг уйимизда ўт бор. Боболаримизнинг меҳри улкан, қаҳри қаттиқ бўлган. Бизнинг қаҳримиз замонлар ўтиши билан юмшаб-юмшаб эриб охири лойқа сувга, меҳримиз эса тошга айланиб кетгандай гўё.
Бизлар гўё дунёдаги барча одамларга меҳрибонга ўхшаймизу аслида ёнимиздаги қўшнимизнинг холидан бехабармиз. Меҳримизнинг бепоёнлиги қоғозларнинг жонсиз кўксига битилгандай. Ҳар бир қоғоз бугунги меҳримизнинг ёниб битган бир чимдим кули холос.
Бизда, яъни – XXI аср одамларида меҳр-муҳаббат тўлиб-тошиб ётибди. Фақат бу меҳрни ёлғончиликдан, лоқайдликдан, бағритошликдан, кўзбўямачиликдан, нодонликлар ичидан элаб тозалаб ажратиб олиш керак бўлади.
Осмонимиз тоза, сувларимиз беғубор, заминимиз унимдор бўлиши, фарзандларимиз соғлом туғилиши учун ҳалол меҳнат қилиб курашайлик Қадримизни йўқотмайлик.
Вақт борида аслимизга, ўзлигимизга, ўзбеклигимизга қайтайлик. Меҳрингизни бир-бирингиздан дариғ тутманг эй, одамлар…

ОСМОН ОСМОНГА ЎХШАМАЙ ҚОЛДИ…

Сиз – ҳеч қиш кунларида, замин оппоқ чойшаб ёпиниб ётганда денгиздай мовий осмон юзига бирин-кетин сизиб чиқган булутлар рақсини кўрганмисиз? Қуёш ботиши олдидан уфқнинг минг хил рангда товланишини-чи?
Қуёш ботяпти. Гўё осмон осмон эмасу қип-қизил алвон лолалар очилиб ётган адирга ўхшайди. Қуёш ҳам айни шу лаҳзада қуёш эмасу юзлари чўғдек қизил, бўйи етган қиз гўё.
Ана шу шўх, дилбар қиз бир лаҳзада поёнсиз осмон адиридаги лолаларни бирин кетин териб олаяпти. У қучоғи, этаги бутун борлиғини ял-ял ёнган лолаларга тўлдириб тоғ ортига югургилаб кетди. Боягина яшнаб турган адирда эса тўкилиб-сочилган, лолаларнинг қирмизи изи қолди.
Лаҳза сайин мўжиза юз бермоқда эди. Осмон осмонга ўхшамай қолди. Уфқда пахта ғарамлари пайдо бўлди. Ҳаммаёққа у ёқдан бу ёққа югураётган чопарлардай бир хил либосдаги қизғиш мовий кийимдаги қўриқчилар Ватанимиз кўкини сергак қўриқлашаётгандай эди. Тинчлик бугун заминнинг устини бўлгани каби кўкнинг ҳам ҳаловати, бош таянчи ахир. Оллоҳ осмонимизни, на фақат диёримизни жамики, ер қитъасини бало офатлардан асрасин илойим…
Осмон осмонга ўхшамай қолди… Яна бир лаҳзадан сўнг улкан пахта гулли чит кўрпага айланди, сўнгра бу кўрпанинг гуллари бўлак бўлакларга бўлиниб, кераксиз эски-туски анжомлар каби ҳар томонга сочилиб кетди.
Осмон осмонга ўхшамай қолди…
Мовийлашиб бокира бир хаёлга, ширин бир тушга айланди, гўё. Осмон менинг орзуимдаги дунёга – ранглар дунёсига, гўзаллик дунёсига айланган эди. Худди мана шу лаҳзаларда дунё бўйлаб хушнуд қўшиқ, абадий, сўнмас бир куй таралаётган эди назаримда.

Ko’zlaringni avayla. U har lahzada kerak bo’ladi. Keksayib, munkillab qolganingda ham, chaqnab turgan yigitligingda ham, shod-xurramligingda ham, g’am-qayg’uga botganingdayam. Qop-qora tunu, yop-yorug’ kunduzda ham kerak bo’ladi.

Dilshoda SAIDOLIMOVA
QATRALAR

TUMAN

Tuman. Hech narsani ko’rib bo’lmaydi. Lekin barchasini ilg’ash mumkin. U xuddi inson xayolining bir ko’rinishiga o’xshaydi. Xayol ichra berkinib yotgan kashfiyotlar biror quyoshli kunda to’satdan yarq etib o’zini ko’rsatadi. Va biz shu paytgacha bor bo’lgan – lekin nazarimiz ilg’amagan dunyo qarshimizda yashayotganining guvohi bo’lamiz.

ONAJONIM YoPGAN NON

Dunyodagi hamma bolalarning o’z onalari yopgan nonlari shirin bo’ladi. Men onam yopgan nonning ta’mini bir umrga unutmayman. U shunday bir yoqimli, shunday bir xushbo’y ta’mki, hech bir lazzatli taomni onam yopgan nonga almashtirmayman. U non shuning uchun ham dunyodagi eng shirin nonki – onam xamir qorayotganida mehrini ham qo’shib yo’g’irgan. Onajonim yopgan quyoshday qip-qizil, bursildoq nonlar faqat tandirdagi chug’dagina emas, onajonimning farzandlariga bo’lgan otashin muhabbatining ham tafti qo’shilib singib pishgan.

UYG’ONISh

Yer uyg’ondi. Kunning cho’g’i atrofni qizdira boshladi. Qushlar nag’masi avjiga chiqdi. Daraxtlarning toshdek qotib turgan shoxlari yashil libosini kiydi. Odamlar ham qandaydir tetik, yosh, bardam his qila boshladi o’zlarini. Bolalar ertadan-kechgacha osmonga varrak uchirishadi, chillak o’ynashadi. Osmon tiniqlashib, moviy ko’k tusga kirdi. Dalalarda ish qizib ketdi. Ishchan traktorchilar g’ayratli dehqonlar bilan bir safda turib yangi, bo’lajak hosilning urug’ini ekishga kirishdi. Yerga chigit tushdi. Shu kundan e’tiboran barcha kattayu kichikning xayoli, yodi birlashdi. “Chigitning unishi qanday?” “Erni yorib chiqdimi?” “Qatqaloqdan qutildilaringmi?” “Jala urmadimi?” “Garmsel qonjiratmadimi?” “Guli qanday?” “Shona tashlamayaptimi?” “Har tup g’o’zada qanchadan ko’sak bor?” “Plan to’larmikin?” “Majburiyatchi?”
Yer bilan birga bahorda odamlarda, qishloqda totli hayajon, quvonch va tashvishlar ham uyg’ondi.

POEZD

Poyezd chopib o’tadi, chopib qaytadi. Har kuni shu hol takrorlanadi. Poyezd ham sportsmenga o’xshaydi: yuguraveradi, yuguraveradi. Yugurolmay qolgan kuni uni safdan chiqarib tashlashadi. Inson umri ham shunday, uning yuragi urishdan to’xtadimi yoshlar bu yo’lni davom ettiradi.

BARAKA YoG’AR

Qishning bu ajoyib tongi endigina uyqudan ko’z ochgan odamlarga ajoyib tuhfa berdi. Oppoq qor yog’di. Bolalar mazza qilishib o’ynashdi. Kimdir chana tortdi, kimlar qorbobo yasadi. Kattalar chang unnagan gilam va poloslarini oppoq, unday qup-quruq qorga bulab, qoqib-silkib tozalashdi.
Ko’pdan kutilgan, vaqtida yog’gan qor ko’ngillarda ajoyib umid uyg’otdi. Qani edi har qish shunday bo’lsa, dunyoda qordan ham oqroq, nafisroq, tozaroq narsa bormi? Yelkalarimiz, boshimiz uzra qo’nib yuragimizga huzur bag’ishlaydi. Ollohning marhamatila yerga to’shalib yotganda olam qanday munavvar pok, sokin, beg’ubor bo’ladi. Ko’ksimizdagi dil g’ashliklar qor ostida ko’milib qolganday go’yo. Tanamiz qushday yengil tortib, hayotning hech tuganmas ikir-chikirlarini biroz bo’lsada unutamiz. Go’zal yurtimizning yanada barq urib yashnashida munosib ulushi bor suvning mo’l-ko’l bo’lishini o’ylab sevinamiz. Vatan ravnaqi, yurt boyligi bo’lmish paxtamizning mo’l hosilini tasavvur etamiz. Asrlardan asrlarga yerni e’zozlab, har qarichidan unumli foydalangan bobo dehqonlarimizning jonkuyarliklari tufayli dasturxonlarimiz to’kin, ustimiz butun, xonadonimiz obod.
Jonajon O’zbekistonimizdan, mehmondo’st, qo’li ochiq, mehnatkash xalqimdan marhamatingni hech qachon ayama ey, yuksak osmon!
Qor yog’di – baraka qut yog’di.

DUNYoNING SUPRASI

Daraxtlarning tanasi, tog’larning cho’qqilari, tomlarning ustiga son-sanoqsiz yaltiroq, oppoq un zarrachalar kelib qo’nyapti. Qishlog’imizdagi barcha odamlar shu tobda tegirmonchiga o’xshab qolishgan. Go’yo ular tegirmondan yangigina chiqqan qaynoq unlarni tezroq laganga solib xamir qorishga hozirlangandek shoshib borishyapti. Osmon esa hanuz tinim bilmay o’z ishini davom ettiryapti.
Ha, odamlar osmon barcha unlarini elab bo’lgach, bahorda ulkan xamir qoradi. Bu xamirdan siz bilan bizga shirmoy non, totli mevalar, sabzavotu asal, novvot, yetishtirib berishadi, shohi-atlaslar to’qishadi.
Bag’ring butun bo’lsin elim. Dalang nurga to’lsin elim. Qut baraka yog’dir osmon, yurtim boshi bo’lsin omon. Och ellarga uzatib non, topsin xalqim shuhrat va shon! Halol mehnat elim fazli. Boyliklarning koni asli. Saxovatla baraka xayr yog’dir osmon. Oromimiz suvga to’lsin. Cho’llarimiz yashil bo’lsin. Avlodimiz o’ynab kulsin. Tani sog’lom, aqli butun nasabimiz baxtli bo’lsin.
Oppoq qorlar yog’dir tangrim, daryolarimiz sharqirab oqsin, ekinlarimiz gurkirab o’ssin, hosilimiz mo’l, yuzimiz yorug’ bo’lsin, xirmonlarimiz donga to’lsin ilohim.
Osmon ulkan elagida tinim bilmay un elayapti. Dunyoning suprasi – Ona Yer esa oqarib boryapti…

TOMChI

Ollohning amri ila tomchidan bino bo’lmadikmi? Siri sinoati bitmas dunyoning asrorlarini, zarralardan jamlangan nigohimizla o’qib o’rganmadikmi? Tomchi toshni yemirishga qodir. Olamni ko’kartirishga , yashnatishga ham mohir. G’uncha betiga qo’ngan shabnam tomchisiga hech ko’zingiz tushganmi? U osmon farishtalari yuborgan mehr-muhabbat maktublari emasmi?
Dengiz – gavharning, Osmon – yulduzlarning, Yer esa – barcha tirik zotning onasi, Sut tomchilari… Insonni sen ulg’aytmadingmi? Unga oyoq, qo’l, til, zabon baxsh etgan senmasmisan?!
Yosh tomchilari, senmasmi – so’ngan umidlar, ushalmagan orzu armonlar, visol sog’inchlarining iztiroblari, ko’ngil tug’yonlarining tilmochi?!
Senmasmi – inson jismi tomchidek yerga singganda uning yaqinlarini qalbini titratib yig’latgan?
Tomchilarni e’zozlang odamlar. U behuda tug’ilmaydi, tug’ilgach esa behuda ketmaydi. U olam va odamni yaratishga qodir kuch.

VAQT KARVONI

Fursat o’tib ketdi. Vaqt juda beshafqat, deb zorlanamiz. Aksincha, vaqt juda oqil va dono. U har bir soniyasini bizning hayotimizga muhrlab qoldiradi. Hatto g’aflatda – uyquda yotganimizda ham tushlarimizga kirib uyg’otmoqchi bo’ladi. Faqat u g’amga cho’mgan paytimizda ko’z yoshimiz-la, baxtiyor paytimizda kulgumiz-la atrofga sachrab ketadi. Shundan biz uni ushlab qololmaymiz. Bu bebaho ne’matdan, ayro tushgach nadomat chekamiz – “esiz, esiz yoshligim, navqironligim”, deya faryod etamiz. Mehnatga muhabbat vaqtga hurmatni yuzaga keltiradi. Asrlardan asarlarga yetib kelayotgan tarixiy obidalarimiz, jonajon yurtimizning jamolini, bugun dunyoga ko’z-ko’z etayotgani bejiz emas. Axir ulug’ zotlar o’z hunarlari ila vaqtni to’xtatib qolishdi. Ko’z nurlari, qalb qo’rlari qasrlarga muhrlanib qoldi. Bu noyob boyliklarni bosqinchilar tashib olib ketolmadi.
Beruniy, Ibn Sino, Al Farobiy, Ulug’bekdek buyuk allomalarimiz bebaho bilimlarini kitoblarga jo etib bizlarga qoldirdi.
Yoshlikni o’yin-kulguga, yengil-elpi havaslarga almashmay: ilmu hunar o’rganing shirindan-shakar aziz o’g’il qizlarim “Vaqting ketdi, naqding ketdi”, deb bekorga aytmaydi dono xalqimiz.
Vaqt karvoni to’xtamas hech o’tar-ketar,
G’ayrat qilgil, so’nggi safar vaqti yetar.
Yiqqan davlatlaring qolarda ketar,
Ezgu ishlargina manguga eltar.

YeR YaShIRADI

Yer biz insonlarning barcha aybimizni yashiradi. Ko’ksini tilka pora qilib, ota-bolala, tog’a-jiyanla, aka-ukala meros talashsa, qon to’ksa. Non-tuzini yeb qornimiz to’ygach ustiga mag’zava ag’darib, chiqindiga to’ldirgach, yuziga tupursak, tupugimizni ham yashiradi.
Vaqti-saoti yetib vujudimizni ruhimiz, tark etganida tanamizni ham quzg’unlarga yem bo’lishidan asrab, bag’riga yashiradi. Shuning uchun ham biz uni suyib, iftixor-la Ona – Yer deymiz.
Onalar esa doimo bolalarining aybini yashiradi.

OQDARYoNING BO’YLARIDA

Osmon tund. Borliq qorayib, shamol olis-olislardan yomg’ir hidini dimoqqa uradi.
Mana nihoyat u yetib keldi. Yoqimli, muzdek tomchilar avval sochlarimizga, keyin yelkalarimizga, birin-ketin uchib kelgan qushlarday qo’na boshladi.
Qanday yaxshi, ko’pdan seni kutgandik, yomg’ir! Ko’klamning fazli, karomati sen emasmi? Olamga yashillik eltuvchi tomchilaringga tog’u toshlar, qir-adirlar, dala dashtlar intiq. Dasturxonimizga baraka xayir keltir. Yog’aver, yomg’irjon! Bizni butkul ivitsang, shalabbo qilsang ham mayli. Faqat vaqtida yog’sang, yuragimizni sog’inchdan aritsang, chanqog’ini qondirsang bas!
Yomg’ir tezlashdi. Kattalashdi. Ko’lmakchalar hosil bo’ldi. Chuchmomalar, binafshalar ochiladi endi jonajon qishlog’imizda Oqdaryoning bo’ylarida…

KO’ZLARINGNI AVAYLA

Ko’zlaringni avayla. U har lahzada kerak bo’ladi. Keksayib, munkillab qolganingda ham, chaqnab turgan yigitligingda ham, shod-xurramligingda ham, g’am-qayg’uga botganingdayam. Qop-qora tunu, yop-yorug’ kunduzda ham kerak bo’ladi.
Lekin nigohingni har xil mayda chuyda narsalardan asra. Ko’zing nuri – quyosh yog’dusi emaski, tugamasa. Shunchaki narsalarga aslo nazaringni solma. Ko’z nuringni muhabbat va nafratga asra. Toki keksayib qolganingda ham do’stingga muhabbatla, dushmaningga nafratla tik qaray ol!

QORA ChUMChUQ

Qish hammayoq oppoq qor bilan qoplangan. Ishdan qaytayotib, yo’lga to’kilgan don-dunlarni terib yurgan bir gala chumchuqlarni ko’rib qoldim. Ular pir-pir uchib qo’nishardi.
Qahraton sovuqda o’z qornilarini o’zlari to’ydirib yurgan chumchuqlarni kuzatayotib, bexosdan ko’zim qushlar galasi ichida ajralib turgan qop-qora chumchuqqa tushadi, qushcha diqqatimni tobora o’ziga tortardi. Aftidan, u ham shu galaning bir vakili edi. Lekin boshdan oyoq qop-qora qurumga belanganidan aslo chumchuqqa o’xshamay qolgandi. O’ylanib qolib o’zimga o’zim savol beraman:
– Uni boshqalardan ajratib qo’ygan narsa, tengqurlaridan ustunroq bo’lgan nafsi emasmikin?

HAR BAHORDA

Har bahorda qishloqqa boraman. O’zim cho’milib katta bo’lgan Chovkaariq yoqalab yalpiz teraman. Yonimda singlim Sanam chelakchasini ko’tarib, chopqillab pidanalarning konini ko’rsatib turadi. Keyin bedazordan jarjaq o’t teramiz, so’ngra ularni xas-cho’plardan tozalab, yaxshilab yuvamiz. Gulposhsha yangamlarning go’sht taxtasini olib kelib maydalab chopamiz. Suvini siqib, yog’, qalampir yoki murch qo’shib, g’ijimlab aralashtiramiz. Siqilgan ko’k suvida un qorib kal patir yasaymiz. Onam o’qlovda yoyib tayyorlab qo’ygan bir xildagi yumaloq xamirlarning ichiga qorishtirgan o’tlarni solib tandirda yopadi. Lovullab qizigan tandirda pichak pishayotgani kunday ayon bo’ladi. Bir pastda atrofga xushbo’y, yoqimli, dimoqni qitiqlovchi, ishtahani qo’zg’ovchi hid taraladiki asti qo’yaverasiz. Birin-ketin hamsoyalarimiz kirib kelishadi. Onam yopgan ko’k pichaklarni yuziga sariyog’ surtamiz. Onamning ust-boshidan ham bahor xabarchisi – ko’k somsaning hidi anqiydi. Dasturxon atrofiga jamlanamiz. Har kim o’z bilganicha ko’k somsaning foydasini gapira boshlaydi. Menga qolsa, bunday uzun tariflardan ko’ra issig’ida pichakni yegan maqul.
Har bahorda qishloqqa boraman.

ONAMNING MAKTUBLARI

Onamning xatlari doimo shoshib-pishib yozilgan bo’lardi. Bu narsa xatning mazmuniga aslo ta’sir etmasdi. Qog’ozdagi har bir jumla o’z holicha yangilik, quvonch bag’ishlardi odamga. Men onamning xatlarini intizorlik bilan kutardim. Nazarimda onajonim o’z maktublariga yuragidan bir parcha uzib solib yuborganga o’xshardi. Onamning xatlarida har doim hadik, xavotir, qo’rquv birinchi o’rinda turardi. Iltijo, ma’yuslik, ishonch ikkinchi o’rinda turardi. So’ngra hamma yaxshi tilaklari, sog’ligimiz haqidagi niyat va duolari maktubning oxiriga bitilardi. Onamning xatlarini shosha-pisha o’qir ekanman vujudimni allaqanday cho’g’ kuydirayotganday yuragim o’rtanib, o’zimni gunohkor his etib, oldida emasligimdan afsuslanib ko’zlarimga yosh tiqilib kelardi. Soddadillik bilan bitilgan so’zlari kutilmaganda bolaligimni yodimga tushirardi. Bir vaqtlar dunyo haqidagi, odamlar to’g’risidagi tushunchalarim shu nuroniy onamning o’ylariday jo’ngina ekani hayolimdan o’tadi. Nogahon turib qolgan ko’zimdagi yosh xalqachasi aylanib-aylanib yuzimdan yumalay boshlaydi…
Maktubni o’qir ekanman so’zlarning salmog’idan mudrab qolgan tuyg’ularim uyqudan uyg’onganday bo’ladi. Onamning uyg’oq dunyoqarashlari, keskin fikrlari, dunyodagi har bir progressiv insonga teng keladigan tirik ruhiyati ko’ksimni tog’dek yuksaltiradi. Beixtiyor ko’zlarimdagi yoshni sidirib tashlayman. Xatning so’nggiga yetib kelgach yana ko’nglim bo’shaydi, fikrlarim ayqash-uyqash bo’lib ketadi.
Ko’z oldimdan doka ro’molining uchiga ko’z yoshlarini artgancha eshikka termulib, bemisil sog’inchdan sarg’ayib o’tirgan mushtipar onamning siymosi namoyon bo’ladi. Eshikka yuguraman eshik berk. Sog’inch vujudimni tobora chulg’ab oladi. Soatga qarayman. Soat oqshomgi ikkini ko’rsatadi. Butun shahar uyquda, mashina qatnovi kamaygan, ertaga esa ish. Javob xati yozib o’zimni, intizor qalbimni ovitaman…
Jigarporasini jonidan ortiq sog’ingan qishloqdagi onamning huzuriga bir parchagina soqov, ko’r qog’ozni jo’nataman…
Onamning xatlari doimo shoshib-pishib, chala-chulpa yozilgan bo’ladi…

TIMSOL

Ilgari Yerning haqiqiy ramzini tasavvur qilolmasdim. Endi bilmas yer qo’lida bolasini ko’tarib turgan onaga o’xsharkan.
Zamindagi barcha narsalarda ham onaning timsolini ko’ra boshladim. Qarshimda – menga qarabturgan yuksak tiyangan tog’lari ham ona. Oqshom chog’i pag’a-pag’a bulut hamda tumanlar xuddi yosh boladek, uning yelkalari va tizzalariga chiqib o’ynaydi.
Vodiydagi bir darani esladim. Daraning tubida, ancha yuqoridan chuqurlikda qo’shiq aytib pastga qarab chopib jilg’a oqadi. Uni haybatli qoyalar har xil balo ofatlardan to’sib pana qilib turibdi. Jilg’a ham daraning bolasiga o’xshaydi: zero vujudi tubida o’z jilg’asi his etib bolasiga qoyalar yanada …… vujudini yorug’likka chulg’ab barcha orzu umidlarini dunyoga kelguniga qadar, o’sha jilg’aga baxshida etdi.

SAMIMIY TILAK

Onajon, menga bir vaqtlar qanday dard tutganini aytib berishingizni xohlayman. Menga, hozircha tanimga payvasta bo’lib turgan homiladorlik so’ngida farzandimning yorug’ dunyoga kelishini hikoya qilib berishingizni istayman.
Onajon ayting-chi, bolam, mitti chaqalog’im o’zi ko’ksimga talpinib emadimi yoki o’zim ko’krak sutimni sog’ib jajji odamchaning emizishim, og’ziga so’rg’ichda tutamanmi?
Onam menga bolamni erkalash sirini o’rgating. Otasinikidan ham suyukliroq bo’lgan farzandimni qanday suyay, olam-olam mehr baxshida etay shularni o’rgating.
Jimitday jajji boshchasini qanday qilib yuvib tozalay. Yonimda yotganida bilmasdan unga ozor berib qo’ymasligim uchun nima qilay?
Onajon, siz beshigim tegrasida qancha oqshomlar shirali ovozingizla qanday alla aytgansiz? Shuni o’rganishni istayman. Alla bolajonimga orom bag’ishlaydi. Shirin tushlar ko’rib tezroq uxlashiga orom olishiga yordam beradi.
Bolam tinch va xotirjamlikda, tinchlikda kamol topib voyaga yetishini, qalbi yumshoq, yuragi toza, so’zi o’tkir bo’lishini ollohdan so’rayman. Halol va oqila qiz bo’lishini uyam o’z farzandlarini sizdek sevishini, ardoqlab kamolga yetkazishni chin dildan istayman.

LAYLAKLAR

Samarqanddan chiqqach Buxoro tarafga katta magistral yo’l o’tadi. Ana shu yo’ldan yurib, Qoradaryo ko’prigidan o’tib ozgina yurilgach “1-May” mahallasi chiqadi. Bu yo’l qishloqni qoq ikkiga bo’lib o’tadi. Yo’lning o’ng tomonida uzoqdan ko’zga tashlanib turadigan ulkan chinor o’sadi. Shu yerlik keksalarning aytishicha, bu chinorning yoshi bir yarim asrdan ham oshib ketgan.
Bo’yi o’ttiz metrdan baland bu ulkan chinorning eng yuksak shoxida katta laylak ini bor. Har yili erta bahorda bir juft laylak uchib kelib, mana shu qadimgi, ota bobolardan qolgan inni tuzatib, u yer-bu yerini yangilab bola ochishadi. Ular ham xuddi boshqa laylaklar singari butun yoz bo’yi Qoradaryo bo’ylaridan ilon, kaltakesak, chuvalchang terib kelib bolalarini boqishadi.
Erta kuzda uchirma bo’lgan laylakchalar qishloq chetlaridagi ekinzorlarda o’zlaricha ov qilib yurishadi.
Lekin bu hol uncha uzoq cho’zilmaydi. Yomg’ir tomchilab, qish eshik chertib turgan bunday g’animat kunlarda o’zboshimchalik qilib uchib yurishlariga fursat bormi? Ota-ona laylaklar yo’l harakatini ko’rishyapti. Uzoq safarga tayyorgarliksiz chiqib bo’ladimi?
Laylaklar endilikda deyarli har kuni bolalarini xuddi o’zlari singari kun bo’yi ov qilishga o’rgatishyapti.
Uyiga otlangan laylakchalarni chalg’itib asta-sekin ishga o’rgatishyapti. Uyiga otlangan laylakchalarni ota laylak bir necha marta qanotlari bilan nuqib yo’ldan qaytarishiga to’g’ri keldi. Laylakchalar hali yosh-da, ularni ertaga xalokatdan ana shu chiniqqan qanotlari hamda sabotlarigina omon saqlab qolishini qayoqdan bilishsin.
Oppoq, ehtiyotkor laylaklar o’z avlodlarini naqadar avaylab e’zozlashadi.
Olis safarga otlangan ota-ona laylaklar iqlimning keskin o’zgarishi, issiq va sovuq havoning tez-tez almashinib turishi, dengizdagi uzoq va tinimsiz uchish tufayli jismlari kuch quvvatdan qolib janub mamlakatlariga yetgach, ba’zilari halok bo’lishadi. Ularning o’rniga erta bahorda Qoradaryo bo’ylariga hayotning o’zgarmas qonunining davomchilari bo’lmish kuch-g’ayratga to’la yosh laylaklar uchib kelishadi.
Salom sizga ey, bahor elchilari Oppoq laylaklar!

BAXT

U – oy uchun quyoshning borligi va yulduz uchun odamlarning qo’li yetmasligi, oshiq uchun yor vasliga yetish, qush uchun ta’qiblardan qutqarishga qodir qanot, bola uchun katta bo’lish orzusi, chaqmoq uchun bulutlar fig’onini eshitish, dono uchun kitoblar va do’stlari borligi, nodon uchun do’st va dushman orttirmaslik, baliq uchun suvning musaffoligi, ilon uchun sudralib yurish osonligi, tog’ uchun yuksakni his etish, nokas uchun to’yga quruq borib, to’yona bilan qaytish, bemor uchun to’shakdan ilk bor qad rostlash, g’iybatchi uchun yangi qo’shnisining ham g’iybatchi chiqishi, yomg’ir uchun maysalar yuzidan o’pish, axmoq uchun atrofdagilarning sukut saqlashi, asalari uchun gullarning yashnab turishi, kuchuk uchun xo’jayini mast bo’lib kelganda oldiga tashlanadigan yaxna go’sht, daryo uchun cho’qqidagi muzlarning manguligi, ko’lmak uchun xarakatsiz kechayotgan xayot, ona uchun farzandlarining sog’-salomatligi, shoir uchun… she’r o’qib berayotganda xotinining esnamasligi…

TOSh

U tog’ bag’ridan yumalab tushdi. Yo’q, yumalab tushmadi, yuzida so’galday qotib turavergani uchun cho’qqilar uni itqitib tashladi. Ha, muzli cho’qqilarning ham qalbida harorati bor, faqat toshgina…
Tosh xo’sh kuylab oqayotgan jilg’aning uyiga keldi. U bu yerda ham ko’p turolmadi. Chunki quvonganda quvonchiga, yig’laganda qayg’usiga beparvo qaraydigan bunday do’st jilg’aga sira yoqmadi. Uyiga kelgan mehmonni “ket” deyish noqulay bo’lsa ham, itarib-itarib uyidan chiqardi. Tosh bir gala xas-xashakka qo’shilib, daryoga tushdi. Daryo ulkan edi. Uning bag’ridan bedardlarga ham, dardlilarga ham, baxtiyorlar va baxtsizlarga ham, nopoklar va pokdomonlarga ham, nodonlar va donolarga ham, ko’rlar va ko’zlilarga ham jinnilarga va sog’larga ham joy topilar edi.
Tosh endi o’zimga ma’qul joy topdim deganday xotirjam yashay boshladi. Uning shu yashashida necha-necha oylar, zamonlar o’tdi. Shu o’tgan uzoq damlar mobaynida daryo qanchadan-qancha qo’shiqlar aytdi, o’ynadi, kuldi. Toshning qalbiga ham o’z quvonchidan ulashmoqchi bo’ldi. Axir, hamma yaxshi odamlar ham o’z shod-xurramligini, baxtiyorligini do’stlariga, dunyodagi barcha yaxshi odamlarga ulashgisi keladi-ku! Lekin tosh o’zgarmadi, qoshini chimirib, qovoq uyib turgan yeridan jilmadi. Oxiri daryoning qahri keldi. Mehri ulkanning qahri ham ulkan bo’ladi. U shartta yo’lini o’zgartirdi.
Tosh qumloqda oftob nurlari tagida qoldi. Endi uni har kuni oftob ayovsiz qizdirar, bag’riga o’t yoqmoqchi bo’lar, lekin tosh kechqurunlari sovub yana o’sha-o’sha toshga aylanaverar edi. Eng oxiri toshni odam qo’liga oldi, uning sovuq badaniga jon, tund chehrasiga go’zallik baxsh etdi. Necha-necha zamonlardan buyon xo’rlanib kelayotgan tosh e’zoz va xurmat topdi. Hozir u muzeylarda, xiyobonlarda o’zining go’zalligi bilan barchani maftun qilmoqda, qalblarga olam-olam quvonch baxsh etmoqda.

GO’DAK QADAMI

Jingalak sochlari tim qora go’dak murg’ak og’zidagi to’rtta guruch tishini ko’rsatib kulyapti. Ana, tetapoya qilib bir-ikki qadam tashladi. Negadir qaltirab ketdi. Balki muruvvati bilan ulug’lagan zaminga qadami tekkanidandir?
Oh, og’zi bilan yiqildi bola bechora. Qo’lidagi o’yinchog’i uchib ketdi…
Sigir sog’ayotgan onasi satilni qo’yib, o’qdek otilib uning oldiga keldi:
– O’tqazib qo’ygan joyimda o’tirsang bo’lmaydimi?
Muhtaram ona! Inson o’tqazib qo’ygan joyda o’tiraversa, dunyo bugungi qiyofaga kelarmidi?..

KUTISh

Tinim bilmay qor yog’ayapti. Men kutyapman. Intiq nigohimni deraza to’solmaydi, bulutlar to’solmaydi. Faqat osmonning kengligi to’sib qo’ygan. Lekin hayollarimni, tafakkurimni to’sguvchi kuch yo’q. Ular hududsiz kengliklar, anglab bo’lmas xilqatlar, tushunib bo’lmas yuraklarni ham ilg’ab oladigandek. Qor esa yog’yapti. Xayollarim tobora yuksaklarga parvoz etmoqda. Ularning qanoti Alpomishning oti Boychiberdek uchqur, Barchin yanglig’ g’amu qayg’uda o’zini yo’qotmaydi. Ular faqat xushnud damlar uchun tug’ilgan. Mening xayollarim oppoq qorlardek beg’ubor, toza. Ularga arosat, hadik begona, qorong’ulik, hasad-o’gay.
Orzu xayollarim yuksaklarga parvoz etyapti. U uchqur qanotlarini kerib qo’shiq kuylayapti. Uning oqlik haqidagi ashulasi yer yuzi bo’ylab taralmoqda.
Men seni kutayapman ey, Qor!
Sening inson xayollarini uyg’otuvchi jozibali sukunat qo’shig’ingga O’zbekiston zamini intizor. Vatanimning har bir qarich yeriga sen keraksan.
Suvsiz hayot yo’q. Beg’ubor, tinch farovon turmushimizning bosh omili, to’kin-sochinlik man’bai o’zingsan oppoq qor. Dehqon mehnatini yuksaltiruvchi, qo’shig’ing kuylab daryolarimiz yozda to’lib-toshib oqsin. Marhamatingni darig’ tutma bizdan. Tilni yorar shirin mevalarila olamga mashhur yurtimni dong’ini yanada yuksaklarga tarat. Qishimizni qishga, yozimizning yozga o’xshashi o’zingga bog’liq ollohim. Inoyatingni ayama, qorlaringni mo’l-ko’l yog’dir Ona zaminimiz bag’ri oppoq qorlarga burkansin.
Biz seni kutyapmiz ey, Qor!

XAVOTIR

Kech kirib qoldi. Juda xavotirdaman. Qo’rqyapman. Go’yo xuddi shu bugun bir narsa yuz beradiganday. Shahar tun og’ushiga cho’mdi. U esa hanuz kelmadi, men bo’lsam hanuz kutyapman. Axiri kelishidan umidimni uzdim. “Nima bo’lsa bo’lar, kelmasa menga nima?” dedim. Bu albatta alam ustidagi tasalli edi. Sovuq shamolniyam ravo ko’rmas edim. Nima bo’lganda ham u menga uka – jigar edi-da. Lekin ko’p o’tmay u kirib keldi. Negadir men uning kech bo’lsa ham uyga eson-omon kirib kelganiga, sog’-salomat ko’rishganimizga sevinmadim. Ko’nglim g’ash edi. Allanarsadan xavotirda edim. Qachondir yuz beradigan narsa yuz bergan edi. U oyoqda zo’rg’a turadigan darajada mast edi. “Baribir u ham qachondir to’ygunicha ichishi, oyoqda turolmaydigan darajada sarxush bo’lib ko’rishi kerak-ku!” O’zimni ovutaman, ko’nglimni tinchlantirmoqchi bo’laman. Juda erta emasmikan? Uxir u kechagina o’n sakkiz yoshga to’ldi-ku?

GUL

Ko’pdan buyon qo’shni kabinet derazasining bir chetida suvsizlikdan qaqrab, nimjon bo’lib o’sgan tuvakdagi gulni bugun kasbdoshimning stoli ustida ko’rib qoldim. Uning chang bosgan yaproqlari: yuvilib, gultuvak tagiga toza tarelka qo’yilibdi.
Shu paytgacha hech kim e’tibor bermay, bir chetda turgan gulning bugun shunchalik e’zoz topganiga hayratlanib tikilib qoldim. Shunda ko’zim qip-qizil bo’lib ochila boshlagan g’unchaga tushdi. Endi menga hammasi ayon edi.
Ha, biz ko’pincha gullar ochilgandagina unga e’tibor berib qolamiz.

KULOL VA GULOB

Kulol har kuni loy pishitadi. Kundan-kunga qo’li pishib, o’z ishini pixini yoradigan mohir ustaga aylana boradi. U endi har qanday soz tuproqdan chinni piyola yasashga qodir, may ko’zasi yasashga mohir.
Lekin ko’ngli sezadi, o’zi ham bir kuni o’zga kulol qo’liga tushadi. U kulol o’zidan epchilroq, qudratliroq chiqadi. Uni shu lahzada loy pishitib turgan qo’llarini bir kun kelib gulob idishiga aylantirib qo’yadi. Go’yo usta suzib qo’ygan gulobni shogirdi ichib qo’yadi.

BEGONA TUPROQ

Yangi uylar qurila boshlandi. Eski, pastqam devor hamda hovlilar bulьdozer bilan surib tashlandi. Faqat bir tup olma daraxti eski-tuskilar ko’milgan handaq yonida qaqqayib qoldi. Quruvchilar negadir bu keksa daraxtni traktor bilan ag’darib tashlamadilar. Atrofdagi tuproqlarni ishirib boshqa joyga surdi. Daraxt tomirlari ochilib, ulkan panjalari yerni changallab qoldi. Odamlar hafsala qilib olmani qurilish bo’layotgan joydan chetroqqa ekishdi.
Aprelning xuzurbaxsh kunlari yetib keldi. Butun olam yangi chiroy va jozibaga to’lib toshdi. Osmon feruza rangga kirdi, anhorlar shaldirab to’lib-toshib oqdi. Olmalar, o’rik, olcha va giloslar oppoq gulga burkandi. Faqat quruvchilar qoldirib ketgan bir tup olma gullamadi. Faqatgina uning oppoq xarir ko’ylagiga har yilgiday asalarilar qo’nib bahorni olqishlab kuylashmadi.
Chunki endi uning tomirlarini yopib turgan yer begona edi. Vujudini yashnatib, tanasiga harorat bergan tuproqda qolgan edi uning barcha orzu umidlari…

TAShNALIK

Singlim, yigirma olti yoshingda uch farzandingni zor qaqshatib qiyomatgacha bizlarni tark etding. Yaqindagina yorug’ dunyoga kelgan qizchang esa xali tatib ko’rmagan sutingga zor bo’lib, chirqirab yig’lab qoldi.
Yer shunchalik tashnamidi? Va, yo u ham sutga zormidi?

DUNYo ABADIY

Dunyoda abadiy narsaning o’zi yo’q. Hamma narsa nisbiy. Ammo dunyoga sening kelib ketishing barchsa nisbiylardan ham nisbiyroq bo’ldi. Har kuni zim-ziyo tun qa’riga qarab seni chaqiraman.
Hayolimda sen har kuni derazamdan qarab turgandaysan. Xayolimning derazasidan…
– Kel! Yonimga kelgin singlim, bolaligimizdagidek birga qo’g’irchoq o’ynaymiz – deyman.
– Yo’q, ishim ko’p, – deysan.
– Bu dunyodayam ishlaring ko’p edi, u dunyodayam bekor o’tirmas ekansan-da.
– Nima qilay, odatim shunaqa, – deysan-da, ko’z oldimda qip-qizil gulga aylanasan. Deraza yashnab, cho’g’ga aylanadi, borib-borib xayolimning uyiga o’t ketadi. So’ngra bu o’t yuragimni yoqadi. Uch farzandingni yetim qilib, onamni tirik murdaga aylantirib, jigarlarimizni pora-pora aylagan hijron, judolik alangasi butun vujudimni o’rtaydi.
Tonga yaqin tanam chala yongan o’tinga o’xshab tutayotgandek tuyiladi… O’sha achchiq tutin aralash uyqu ko’zlarimni ochirmay – sening ruhingni xayolimning derazasidan quvib yuboradi. Axir bolalarni o’ylashim Umid va Ishonch ila olg’a qadam bosishimiz lozim.

TENGLIK

Quyosh o’z nurini butun dunyoga teng tarqatishga urinadi, lekin undan hamma barobar foydalanmaydi. Kimlar salqinda-yu, kimlar jaziramada…
Bu ulug’ nurni barobar baham ko’rishni ilm fanning yuksak cho’qqilarini zabt etgan Al-Xorazmiy, Beruniy, Ibin Sino, Ulug’bek, Imom Buxoriydek bobolarimiz boshlab berdi.

MEHR

Bobolarimiz palьtosiz sog’lom bo’lishgan. Bizlar palьto kiyib sovqotamiz. Ularning yuragida o’ti bo’lgan, bizning uyimizda o’t bor. Bobolarimizning mehri ulkan, qahri qattiq bo’lgan. Bizning qahrimiz zamonlar o’tishi bilan yumshab-yumshab erib oxiri loyqa suvga, mehrimiz esa toshga aylanib ketganday go’yo.
Bizlar go’yo dunyodagi barcha odamlarga mehribonga o’xshaymizu aslida yonimizdagi qo’shnimizning xolidan bexabarmiz. Mehrimizning bepoyonligi qog’ozlarning jonsiz ko’ksiga bitilganday. Har bir qog’oz bugungi mehrimizning yonib bitgan bir chimdim kuli xolos.
Bizda, ya’ni – XXI asr odamlarida mehr-muhabbat to’lib-toshib yotibdi. Faqat bu mehrni yolg’onchilikdan, loqaydlikdan, bag’ritoshlikdan, ko’zbo’yamachilikdan, nodonliklar ichidan elab tozalab ajratib olish kerak bo’ladi.
Osmonimiz toza, suvlarimiz beg’ubor, zaminimiz unimdor bo’lishi, farzandlarimiz sog’lom tug’ilishi uchun halol mehnat qilib kurashaylik Qadrimizni yo’qotmaylik.
Vaqt borida aslimizga, o’zligimizga, o’zbekligimizga qaytaylik. Mehringizni bir-biringizdan darig’ tutmang ey, odamlar…

OSMON OSMONGA O’XShAMAY QOLDI…

Siz – hech qish kunlarida, zamin oppoq choyshab yopinib yotganda dengizday moviy osmon yuziga birin-ketin sizib chiqgan bulutlar raqsini ko’rganmisiz? Quyosh botishi oldidan ufqning ming xil rangda tovlanishini-chi?
Quyosh botyapti. Go’yo osmon osmon emasu qip-qizil alvon lolalar ochilib yotgan adirga o’xshaydi. Quyosh ham ayni shu lahzada quyosh emasu yuzlari cho’g’dek qizil, bo’yi yetgan qiz go’yo.
Ana shu sho’x, dilbar qiz bir lahzada poyonsiz osmon adiridagi lolalarni birin ketin terib olayapti. U quchog’i, etagi butun borlig’ini yal-yal yongan lolalarga to’ldirib tog’ ortiga yugurgilab ketdi. Boyagina yashnab turgan adirda esa to’kilib-sochilgan, lolalarning qirmizi izi qoldi.
Lahza sayin mo’jiza yuz bermoqda edi. Osmon osmonga o’xshamay qoldi. Ufqda paxta g’aramlari paydo bo’ldi. Hammayoqqa u yoqdan bu yoqqa yugurayotgan choparlarday bir xil libosdagi qizg’ish moviy kiyimdagi qo’riqchilar Vatanimiz ko’kini sergak qo’riqlashayotganday edi. Tinchlik bugun zaminning ustini bo’lgani kabi ko’kning ham halovati, bosh tayanchi axir. Olloh osmonimizni, na faqat diyorimizni jamiki, yer qit’asini balo ofatlardan asrasin iloyim…
Osmon osmonga o’xshamay qoldi… Yana bir lahzadan so’ng ulkan paxta gulli chit ko’rpaga aylandi, so’ngra bu ko’rpaning gullari bo’lak bo’laklarga bo’linib, keraksiz eski-tuski anjomlar kabi har tomonga sochilib ketdi.
Osmon osmonga o’xshamay qoldi…
Moviylashib bokira bir xayolga, shirin bir tushga aylandi, go’yo. Osmon mening orzuimdagi dunyoga – ranglar dunyosiga, go’zallik dunyosiga aylangan edi. Xuddi mana shu lahzalarda dunyo bo’ylab xushnud qo’shiq, abadiy, so’nmas bir kuy taralayotgan edi nazarimda.


032

(Tashriflar: umumiy 90, bugungi 1)

Izoh qoldiring