Iqbol Qo’shshayeva. Ko’ngil ovunishi yoxud izhorning jo’n talqini

Ashampoo_Snap_2017.10.16_12h41m32s_002_.png    Кеч куз тонгларидан бири… Чиғатой қабристони. Бу ёруғ дунёни тарк этган устозларни зиёрат қилиш учун уларнинг сўнгги манзили атрофида кезаман… Буюк Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон, Тошхўжа Хўжаев, Зайнаб Садриева, Шукур Холмирзаев…

КЎНГИЛ ОВУНИШИ ЁХУД
изҳорнинг жўн талқини

Иқбол Қўшшаева
09

c95271fa35f68a007315fdb80d30c3b1.jpgКеч куз тонгларидан бири… Чиғатой қабристони. Бу ёруғ дунёни тарк этган устозларни зиёрат қилиш учун уларнинг сўнгги манзили атрофида кезаман… Буюк Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон, Тошхўжа Хўжаев, Зайнаб Садриева, Шукур Холмирзаев… ҳаммаларини номма-ном санаш қийин. Йиллар эса ўз ҳукмини ўқиб бўлган…

Халқ донолари айтиб кетган: ғаминг ошса дарё ёқала, шодлик ошса мозор орала. Лекин дарёсини йўқотган одам учун қабристон ҳам бир таскингоҳ. Ивир-сивирлар оқавасига беланиб ўтаётган умр ҳаётнинг ўтиб кетган лаҳзаларига урилади-да, барча-барчасини қайта йиғилмас зарраларга айлантириб ташлайди. Яқиндагина чекиб турган оҳинг чангу ғубордан ўзга нарса эмаслигини англагандек бўласан.

Қабр тошлари. Улардаги сукут кўкка сапчийдиган ҳарқандай ҳаяжоннинг тафтини босади. Зиёрат санъат асари каби ёлғизликни хуш кўриши бежиз эмас. Ёлғизлар ёлғизларни яхши тушунадилар, деганларидек, қабристонга гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўда мисол боришни ҳеч ақлимга сиғдиролмайман.

Қабристонлар нотинч қалб учун сокинлик улашадиган, ўзлик билан юзма-юз келадиган маскан. Қачонлардир сени тарк этган инсонлар билан хаёлан суҳбатлашаётганингда, сени бугун ўзига оҳанрабодай жалб этаётган нарсаларни мутлақ унутасан. Уларнинг қаршисида фақат қалбингга мўралаганча айтилмай қолган изҳорларни излайсан. Шундай вазиятда, ўз хаёлларинг чиғириғига ўралиб қолмасдан, кўзларингни каттароқ очиб, атрофга тийракроқ назар ташласанг, сени хижолатга солиб, бошингни хам қиладиган бир мисрага кўзинг тушади: “Одамлар, қадрланг бир-бирингизни, гул ҳам муҳаббат ҳам тирикка керак.” Бу мисралар қаршингдаги қора тош “эга”си маъсума Саида Зуннунованики.

Яна юқорироқда мажнунмисол Ботир Зокировнинг ён томонидаги бир қабр тошида эса “Умримни ўткинчи сабога бердим, Энг сўнгги чақамни гадога бердим. Бу телба руҳимни Худога бердим” деб ёзилган. Бу уч сатр эса марҳума Римма Аҳмедованинг ҳаётига таянч бўлган сирдан воқиф этиб, у бу ҳаётда таниган ва ўзини доғлатган ҳақиқатни очиб беради. Шу боис, онанинг қалбини ҳассослик билан илғаган фарзандлар у севиб ўқиган ўнлаб шеърлар орасидан айнан шу мисрани актриса ҳаётининг моҳияти сифатида танлаб олишган.

Яна юқорироққа назар ташласангиз, инсониятнинг бутун хавотирини, дарду изтиробию фожиасини ўзида ифодалаган бир битикка кўзингиз тушади: “Ўлимдан қўрқмайман, унутилишдан қўрқаман!” Бу — актёр Жавлон Ҳамроев қабр тошидаги ёзув. Лекин синчков нигоҳ айнан шу масканда бу иқрорнинг самимиятдан чекинган ниҳоятда жўн талқинига ҳам дуч келади…

Бу ҳақда гапириш бир мунча оғирроқ…

Ҳозирча, бироз тин олайлик-да, кўнгилга ёруғлик олиб кирувчи Ҳамза Умаровнинг қабрини зиёрат қилиб турайлик. Нега ёруғ? Оқ тусни эслатиб турадиган кулранг мармар қабртоши. Унда санъаткорнинг халқ хотирасида муҳрланиб қолган суврати. Ва саккиз қатор шеър. Бу мисралар остига оддийгина қилиб “мухлисларингиздан”, деб ёзилган.

Ишонасизми, ҳали ҳануз бу мухлиснинг кимлигини кўпчилик билмайди. Кўриниб турибдики, бу чинакам мухлиснинг иши. Номаълум мухлиснинг ниқоблардан холи дунёси нигоҳингни қаровсиз бир ҳолга келаёзган қалбингга қаратгани баҳона бўлади-ю, шу онда сен ҳам мухлисга айланасан, гўё унинг руҳиятига кириб, кўнглини тинглаётгандек бўласан: “кимгадир мухлис бўлишни, мухлислик бахти нимада эканини ҳис қиламан. Чинакам мухлислик бора-бора сени изҳор томон етакларкан. Қай кўринишда бўлмасин, ўз ташаккурингни айтиб қолишга ҳаракат қиларкансан.

Мухлислар бевафо бўлади, уларнинг олқишларига суяниб қолиш керак эмас, дейишади. Бу — кўп ўйлаган, хўп оғринган одамнинг фикри. Чунки бугун сенга хайрихоҳ тикилиб турган нигоҳлар эртага шубҳа билан қараши ҳеч гап эмас. Шинавандаликнинг хавфли томони шуки, суюкли санъаткорнинг бир банда экани, у ҳам ҳамма қатори қоқиниб-суринишга маҳкум эканлиги, хуллас оғриб турган бир мўрт жон экани унутилади. У ўзининг ожиз бир банда эканини унутишига биз ҳам сабабчимиз.

Камдан-кам одамларгагина мухлислик ҳам бир масъулият экани, Санъаткор бахш этган оний лаҳзалар ҳузури қаршисида ўзини қарздор туйиш насиб этса керак. У хоҳ бадиий асар, хоҳ мусиқа, кино ёки театр санъати доирасида бўлсин… ҳаётимизнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида таскинни санъатдан излаймиз: муҳаббат дарди юракни тилганда ҳамдардимиз-ҳамширамизга айланади, баъзан куй-қўшиқ остида сизиб чиқаётган кўзёшларни, унинг шўр таъмини сезмай қоласан…

Гўё бунга ҳофиз айбдордек. Руҳингга ёлғизлик ўз ҳукмини ўтказаётган онда юрагимизни силайди; муҳаббат — гўзаллика бўлган ишончинг чинни пиёла мисол чил-чил синиб кетиши керак бўлган паллада қўлларингдан тутиб қолади; ҳаётнинг рўёларидан толиққан жону зоринг барча-барчасига этак силкиб, Шоир каби ўзини жунун водийсига мойил кўрган дамда бир дилгир қўшиқни қўмсайсан. Энди айтинг-чи, бизга ўхшаган сарсонлар дунёсини ёритиш учун ўз дунёсини ёндираётган Санъаткор олдидаги бурчимни қандай сезмай! Ахир, бизнинг орзу-хаёлларимизни мана шу аланганинг ҳарорати асраб қолмаяптими? ”…

Хаёлларим пароканда бўлиб кетди…

Барибир, неларнидир ўзимча фаҳмлагандекман. Фақат Аллоҳдан ўтинардимки, номаълум мухлиснинг ким эканини ҳеч қачон билмасам…

Қанча сирли бўлса, шунча қадрли. Унинг бу эзгу иши Ҳадиси шарифдаги “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни, чап қўлинг сезмасин” ҳикматининг моҳиятини англатади. Бироқ номаълум мухлис кўнглидаги маҳобат виқорини, кенглигини тан олишимга ўзгалар сабаб. Кимлар дерсиз? Қайсидир бир адибанинг меҳрибон укаси, яна бир таниқли актрисанинг оналари хотираси олдидаги қарзини “узган” фарзандлари ва яна машҳур устозга таъзимда бўлган машҳур шогирднинг садоқати! Хуллас, қабр тошидаги “Фалончи Фалончиевдан!” қабилидаги салобатли ном…

Ногаҳоний гурзидан руҳинг гандираклайди. Кўнгил ғаш. Миннатли дунёнинг ғавғолари ҳеч қурса қабристонда ўз қудратини намойиш этмасайди! Ўйлайсан, ўйлайсан, ўйлар тагига етолмайсан…. Балки шогирднинг ўз узри бордир… Лекин узр минглаб назарлар учун эмас, ўзинг — виждонинг ҳаловати учун қилинади, деган овоз уни тушунишга ҳеч йўл қўймайди. Эҳтимол, бу унутилиб кетишдан қаттиқ чўчийдиган бир актёрнинг уринишидир.

Савобу гуноҳ, эзгулигу худбинлик, тазарру ва шуҳратпарастлик, ташаккур ва миннат, эҳтиром ва таъна, саховат ва таъма, хайрихоҳлик ва даъво… бари бир-бирига шу қадар қоришиб кетганки, шуҳратпараст майллар чегараси бузилган бу тушунчаларни асл номи билан аташга сира йўл қўймайди. Бу ҳолни нима деб номлашга ҳайронсан!

Бу каби “томоша”лардан сўнг, гарчи ўз вақтида Шоир каби “тилармен топмағайлар тўтиёлиқға ғуборимни” деб марҳум ҳарқанча ёзғирмасин, барибир “уста кулол” ўша чангу ғубордан ўзига мослаб ва созлаб идишни ясаб оларкан-да!”, деган тушкун тўхтамга келаркансан.

Яқинларимизга ёдгорлик ўрнатарканмиз неларни ўйлаймиз? Ўтиб кетган инсон хотираси қаршисидаги ҳурматнинг бир жузъий кўринишими? Ёхуд ҳашамдор ёдгорлик билан улуғ шажаранинг давомчиси эканингизни ифодаламоқчимисиз? Бу ўйилган тош мангулик учун ташланган бир қадаммикин, ёки ўзингни қанчалар яхши инсон эканлигингга, беҳуда яшамаётганингга ўзингни ишонтиришинг, кўнглингни кўтаришинг ва ёхуд бу олийжанобликни ўзгаларга исботлаш учунми? Бу ҳам бир ожиз банданинг овунишимикин ё? Агар бу ишни ҳаётдан ҳикмат излашни ўзига касб қилиб олган, “зиёли” деган таърифга даъвогар одам қилган бўлса, не дейсиз?

Ҳар қанча уринмай, зиёратгоҳни тарк этишга чоғланарканман, юрагимда уйғонган бир сас қийнарди: “Тирикликнинг ўзи “сен”у “мен”дан иборат. Йиллар давомида бу юкнинг барча залворини шўрлик вужуд кўтариб келди. Чунки у ҳою ҳавас либосидаги манфаатлар бандиси эди. Сен эса буни яхши билардинг… Барча қилмишинг учун ташаккур. Энди, Сендан ўтинаман, ўзингни донгдор номинг билан ердан олислаётган руҳимни тушовлама! Ўз ҳолига қўй, уни… ”

13 ноябрь, 2010 йил

    Kech kuz tonglaridan biri… Chig‘atoy qabristoni. Bu yorug‘ dunyoni tark etgan ustozlarni ziyorat qilish uchun ularning so‘nggi manzili atrofida kezaman… Buyuk Oybek, Maqsud Shayxzoda, Olim Xo‘jayev, Shukur Burhon, Toshxo‘ja Xo‘jayev, Zaynab Sadriyeva, Shukur Xolmirzayev…

KO‘NGIL OVUNISHI YOXUD
izhorning jo‘n talqini

Iqbol Qo‘shshayeva
09

images.jpgKech kuz tonglaridan biri… Chig‘atoy qabristoni. Bu yorug‘ dunyoni tark etgan ustozlarni ziyorat qilish uchun ularning so‘nggi manzili atrofida kezaman… Buyuk Oybek, Maqsud Shayxzoda, Olim Xo‘jayev, Shukur Burhon, Toshxo‘ja Xo‘jayev, Zaynab Sadriyeva, Shukur Xolmirzayev… hammalarini nomma-nom sanash qiyin. Yillar esa o‘z hukmini o‘qib bo‘lgan…

Xalq donolari aytib ketgan: g‘aming oshsa daryo yoqala, shodlik oshsa mozor orala. Lekin daryosini yo‘qotgan odam uchun qabriston ham bir taskingoh. Ivir-sivirlar oqavasiga belanib o‘tayotgan umr hayotning o‘tib ketgan lahzalariga uriladi-da, barcha-barchasini qayta yig‘ilmas zarralarga aylantirib tashlaydi. Yaqindagina chekib turgan ohing changu g‘ubordan o‘zga narsa emasligini anglagandek bo‘lasan.

Qabr toshlari. Ulardagi sukut ko‘kka sapchiydigan harqanday hayajonning taftini bosadi. Ziyorat san’at asari kabi yolg‘izlikni xush ko‘rishi bejiz emas. Yolg‘izlar yolg‘izlarni yaxshi tushunadilar, deganlaridek, qabristonga guruh-guruh bo‘lib to‘da misol borishni hech aqlimga sig‘dirolmayman.

Qabristonlar notinch qalb uchun sokinlik ulashadigan, o‘zlik bilan yuzma-yuz keladigan maskan. Qachonlardir seni tark etgan insonlar bilan xayolan suhbatlashayotganingda, seni bugun o‘ziga ohanraboday jalb etayotgan narsalarni mutlaq unutasan. Ularning qarshisida faqat qalbingga mo‘ralagancha aytilmay qolgan izhorlarni izlaysan. Shunday vaziyatda, o‘z xayollaring chig‘irig‘iga o‘ralib qolmasdan, ko‘zlaringni kattaroq ochib, atrofga tiyrakroq nazar tashlasang, seni xijolatga solib, boshingni xam qiladigan bir misraga ko‘zing tushadi: “Odamlar, qadrlang bir-biringizni, gul ham muhabbat ham tirikka kerak.” Bu misralar qarshingdagi qora tosh “ega”si ma’suma Saida Zunnunovaniki.

Yana yuqoriroqda majnunmisol Botir Zokirovning yon tomonidagi bir qabr toshida esa “Umrimni o‘tkinchi saboga berdim, Eng so‘nggi chaqamni gadoga berdim. Bu telba ruhimni Xudoga berdim” deb yozilgan. Bu uch satr esa marhuma Rimma Ahmedovaning hayotiga tayanch bo‘lgan sirdan voqif etib, u bu hayotda tanigan va o‘zini dog‘latgan haqiqatni ochib beradi. Shu bois, onaning qalbini hassoslik bilan ilg‘agan farzandlar u sevib o‘qigan o‘nlab she’rlar orasidan aynan shu misrani aktrisa hayotining mohiyati sifatida tanlab olishgan.

Yana yuqoriroqqa nazar tashlasangiz, insoniyatning butun xavotirini, dardu iztirobiyu fojiasini o‘zida ifodalagan bir bitikka ko‘zingiz tushadi: “O‘limdan qo‘rqmayman, unutilishdan qo‘rqaman!” Bu — aktyor Javlon Hamroyev qabr toshidagi yozuv. Lekin sinchkov nigoh aynan shu maskanda bu iqrorning samimiyatdan chekingan nihoyatda jo‘n talqiniga ham duch keladi…

Bu haqda gapirish bir muncha og‘irroq…

Hozircha, biroz tin olaylik-da, ko‘ngilga yorug‘lik olib kiruvchi Hamza Umarovning qabrini ziyorat qilib turaylik. Nega yorug‘? Oq tusni eslatib turadigan kulrang marmar qabrtoshi. Unda san’atkorning xalq xotirasida muhrlanib qolgan suvrati. Va sakkiz qator she’r. Bu misralar ostiga oddiygina qilib “muxlislaringizdan”, deb yozilgan.

Ishonasizmi, hali hanuz bu muxlisning kimligini ko‘pchilik bilmaydi. Ko‘rinib turibdiki, bu chinakam muxlisning ishi. Noma’lum muxlisning niqoblardan xoli dunyosi nigohingni qarovsiz bir holga kelayozgan qalbingga qaratgani bahona bo‘ladi-yu, shu onda sen ham muxlisga aylanasan, go‘yo uning ruhiyatiga kirib, ko‘nglini tinglayotgandek bo‘lasan: “kimgadir muxlis bo‘lishni, muxlislik baxti nimada ekanini his qilaman. Chinakam muxlislik bora-bora seni izhor tomon yetaklarkan. Qay ko‘rinishda bo‘lmasin, o‘z tashakkuringni aytib qolishga harakat qilarkansan.

Muxlislar bevafo bo‘ladi, ularning olqishlariga suyanib qolish kerak emas, deyishadi. Bu — ko‘p o‘ylagan, xo‘p og‘ringan odamning fikri. Chunki bugun senga xayrixoh tikilib turgan nigohlar ertaga shubha bilan qarashi hech gap emas. Shinavandalikning xavfli tomoni shuki, suyukli san’atkorning bir banda ekani, u ham hamma qatori qoqinib-surinishga mahkum ekanligi, xullas og‘rib turgan bir mo‘rt jon ekani unutiladi. U o‘zining ojiz bir banda ekanini unutishiga biz ham sababchimiz.

Kamdan-kam odamlargagina muxlislik ham bir mas’uliyat ekani, San’atkor baxsh etgan oniy lahzalar huzuri qarshisida o‘zini qarzdor tuyish nasib etsa kerak. U xoh badiiy asar, xoh musiqa, kino yoki teatr san’ati doirasida bo‘lsin… hayotimizning eng hayajonli lahzalarida taskinni san’atdan izlaymiz: muhabbat dardi yurakni tilganda hamdardimiz-hamshiramizga aylanadi, ba’zan kuy-qo‘shiq ostida sizib chiqayotgan ko‘zyoshlarni, uning sho‘r ta’mini sezmay qolasan…

Go‘yo bunga hofiz aybdordek. Ruhingga yolg‘izlik o‘z hukmini o‘tkazayotgan onda yuragimizni silaydi; muhabbat — go‘zallika bo‘lgan ishonching chinni piyola misol chil-chil sinib ketishi kerak bo‘lgan pallada qo‘llaringdan tutib qoladi; hayotning ro‘yolaridan toliqqan jonu zoring barcha-barchasiga etak silkib, Shoir kabi o‘zini junun vodiysiga moyil ko‘rgan damda bir dilgir qo‘shiqni qo‘msaysan. Endi ayting-chi, bizga o‘xshagan sarsonlar dunyosini yoritish uchun o‘z dunyosini yondirayotgan San’atkor oldidagi burchimni qanday sezmay! Axir, bizning orzu-xayollarimizni mana shu alanganing harorati asrab qolmayaptimi? ”…

Xayollarim parokanda bo‘lib ketdi…

Baribir, nelarnidir o‘zimcha fahmlagandekman. Faqat Allohdan o‘tinardimki, noma’lum muxlisning kim ekanini hech qachon bilmasam…

Qancha sirli bo‘lsa, shuncha qadrli. Uning bu ezgu ishi Hadisi sharifdagi “O‘ng qo‘ling qilgan yaxshilikni, chap qo‘ling sezmasin” hikmatining mohiyatini anglatadi. Biroq noma’lum muxlis ko‘nglidagi mahobat viqorini, kengligini tan olishimga o‘zgalar sabab. Kimlar dersiz? Qaysidir bir adibaning mehribon ukasi, yana bir taniqli aktrisaning onalari xotirasi oldidagi qarzini “uzgan” farzandlari va yana mashhur ustozga ta’zimda bo‘lgan mashhur shogirdning sadoqati! Xullas, qabr toshidagi “Falonchi Falonchiyevdan!” qabilidagi salobatli nom…

Nogahoniy gurzidan ruhing gandiraklaydi. Ko‘ngil g‘ash. Minnatli dunyoning g‘avg‘olari hech qursa qabristonda o‘z qudratini namoyish etmasaydi! O‘ylaysan, o‘ylaysan, o‘ylar tagiga yetolmaysan…. Balki shogirdning o‘z uzri bordir… Lekin uzr minglab nazarlar uchun emas, o‘zing — vijdoning halovati uchun qilinadi, degan ovoz uni tushunishga hech yo‘l qo‘ymaydi. Ehtimol, bu unutilib ketishdan qattiq cho‘chiydigan bir aktyorning urinishidir.

Savobu gunoh, ezguligu xudbinlik, tazarru va shuhratparastlik, tashakkur va minnat, ehtirom va ta’na, saxovat va ta’ma, xayrixohlik va da’vo… bari bir-biriga shu qadar qorishib ketganki, shuhratparast mayllar chegarasi buzilgan bu tushunchalarni asl nomi bilan atashga sira yo‘l qo‘ymaydi. Bu holni nima deb nomlashga hayronsan!

Bu kabi “tomosha”lardan so‘ng, garchi o‘z vaqtida Shoir kabi “tilarmen topmag‘aylar to‘tiyoliqg‘a g‘uborimni” deb marhum harqancha yozg‘irmasin, baribir “usta kulol” o‘sha changu g‘ubordan o‘ziga moslab va sozlab idishni yasab olarkan-da!”, degan tushkun to‘xtamga kelarkansan.

Yaqinlarimizga yodgorlik o‘rnatarkanmiz nelarni o‘ylaymiz? O‘tib ketgan inson xotirasi qarshisidagi hurmatning bir juz’iy ko‘rinishimi? Yoxud hashamdor yodgorlik bilan ulug‘ shajaraning davomchisi ekaningizni ifodalamoqchimisiz? Bu o‘yilgan tosh mangulik uchun tashlangan bir qadammikin, yoki o‘zingni qanchalar yaxshi inson ekanligingga, behuda yashamayotganingga o‘zingni ishontirishing, ko‘nglingni ko‘tarishing va yoxud bu oliyjanoblikni o‘zgalarga isbotlash uchunmi? Bu ham bir ojiz bandaning ovunishimikin yo? Agar bu ishni hayotdan hikmat izlashni o‘ziga kasb qilib olgan, “ziyoli” degan ta’rifga da’vogar odam qilgan bo‘lsa, ne deysiz?

Har qancha urinmay, ziyoratgohni tark etishga chog‘lanarkanman, yuragimda uyg‘ongan bir sas qiynardi: “Tiriklikning o‘zi “sen”u “men”dan iborat. Yillar davomida bu yukning barcha zalvorini sho‘rlik vujud ko‘tarib keldi. Chunki u hoyu havas libosidagi manfaatlar bandisi edi. Sen esa buni yaxshi bilarding… Barcha qilmishing uchun tashakkur. Endi, Sendan o‘tinaman, o‘zingni dongdor noming bilan yerdan olislayotgan ruhimni tushovlama! O‘z holiga qo‘y, uni… ”

13 noyabr, 2010 yil

089

(Tashriflar: umumiy 233, bugungi 1)

Izoh qoldiring