86 йил аввал — 1938 йилнинг 4-16 октябрида миллатимизнинг буюк фарзандлари қатл этилган эди
СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 4 октябрдан 16 октябргача бўлган сайёр йиғилишларида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар устидан ҳукм чиқарилган.
ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ БУЮК ФАРЗАНДЛАРИ ХОТИРАСИ ОЛДИДА БОШ ЭГАЙЛИК
1927 йилнинг 4 октябрида Самаркандда Ўзбекистон маданият ходимларининг қурултойи бўлди. Унда маъруза қилган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Биринчи котиби Акмал Икромов Чўлпон ҳақидаги мунозарага ҳам якун ясаб, шундай дейди: «Бизда Айн(Олим Шарафиддинов)нинг Чўлпон ижоди ҳақидаги мақоласи баҳoнасида қатор мунозаралар бўлиб ўтди. Айн Чўлпон ижодининг ғоявий тутуриқсизлигини тўғри таъкидлади. Бу тақризнинг адабиётшунослик жиҳатидан қандай қимматга эгалиги ҳақида гапиришга журъат этмайман. Фақат шуни такрор айтаманки, мафкура соҳасида шундай соғлом танқид бўлиши зарурлиги шак-шубҳасиздир».
Шу тарзда большавойлар фатвоси ва Айнга ўхшаган «маданият ходимлари»нинг фатвоси билан Чўлпоннинг юзига қора тортилди. У йўқсул халқдан узоқ миллатчи зиёлилар шоири деб эълон қилинди, ижоди мафкуравий жиҳатдан зарарли деб топилди. Чўлпон устидан биринчи маънавий катлиом шу тарзда содир бўлган эди. тақдирнинг ғалати ўйинини қарангки, орадан роппароса ўн бир йил ўтгач, айни 4 октябрь куни уни отиб ташлайдилар.
СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 4 октябрдан 16 октябргача бўлган сайёр йиғилишларида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар устидан ҳукм чиқарилган. Ҳарбий Коллегиянинг 1938 йил 4 октябрдаги йиғилишида отув жазосига ҳукм қилинганлар рўйхатини кўздан кечирар эканмиз, улар орасида Раҳим Иноғомов, Усмонхон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби давлат ва жамоат арбоблари, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби халқнинг ардоқли шоир ва ёзувчилари, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов каби адабиётшунос олимлар ҳам борлигини кўрамиз. Улар ҳукм чиқарилган куниёқ, 1938 йилнинг 4 октябрида, қатл этилган. Бу мудҳиш кундан олдинроқ Мунаввар Қори, Боту қатл этилган эди, кейинчалик шаҳидлар сафига Усмон Носир каби миллатнинг беназир ўғлони қўшилди.
Ўзбек халқининг буюк фарзандлари хотираси олдида бош эгайлик. Охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин!
Хуршид Даврон
ХОТИРОТ ШЕЪРЛАРИ
МОЗИЙ ҚУШЛАРИ
20-30-йиллар шоирлари хотирасига
Мозийнинг қушлари учиб келарлар,
Олисдан келарлар, толиқиб чанқоқ.
Мени-да кўрарлар, хандон куларлар.
Чақмоққа қўнарлар – Сўнади чақмоқ.
Мозийнинг қушлари айланар гирён,
Қўнмоққа бехатар масканни кутиб.
Мен эса кутарман бош эгиб ҳайрон,
Қўлимни тиғлардан
Баландроқ тутиб.
1987
1938 ЙИЛ
Шоирларин ўлдирганда халқ
Бўлар экан ўзи қонга ғарқ.
Бўғса агар, бўғилар ўзи,
Мил тортса, кўр бўлади кўзи.
Хор этса гар, ўзи хор бўлгай,
Зор этса гар, ўзи зор бўлгай.
Қулоғига қуйса қўрғошин,
Ўзи уқмас ҳурлик товушин.
Шоир – байроқ, жанг қилар они,
Шоир қони эрур халқ қони…
1988
ҚОДИРИЙНИ ОЛИБ КЕТГАНЛАРИ ҲАҚИДА ШЕЪР
Кимсасиз, тинч боғ четидаги
Ўриндиққа ўтирган бу чол,
Кўксидаги – сир ичидаги
Сирларини очди мисли фол:
“…Қишми, ёзми, ёки кузимиди –
Эсимда йўқ, фақат ёдимда:
Икки девдек йигит турарди
Қодирийнинг икки ёнида.
Унинг сўзи битик қоғозлар
Учиб юрар эди осмонда,
Таратарди ажиб овозлар,
Уйғотарди қўрқувни қонда.
Ортда қолиб борарди Тошканд,
Маҳбус унга маъюс боқарди –
Самарқандни ташлаб кетётган
Бобур каби ранги оқариб.
Панжаранинг орқасидан у
Кўрарди: куз, ёз,қиш ва баҳор…
Дарахтларда бўртарди туйғу,
Хазон учар, ёғиларди қор.
Унинг кўзи осмонга қараб
Кимнидир жим сиқтаб чақирди,
Самарқандни ташлаб кетаётган
Бобур кўзи каби боқарди.
“Нон” деб ёзув битилган мошин
Туйнугидан унинг кўзлари
Бу дунёда ҳурлик ва Ватан
Буюк бахтдир, дея сўзларди.
“Ўтган кунлар” варақларини
Шундан кейин ўқиди олов,
Шундан буён олов телбадир,
Ялов бўлай, дер энди, ялов!”
Чол шундай деб бошини эгди.
Деди: “Қандай одамлар ўтган!”
Сўнг у маъюс кўзини тикди
Яшнаб турган бир тутам ўтга.
Яшил эди, ёш эди бу ўт,
Ўйнашарди баргларида нур.
Балки бу ўт “Ўтган кунлар”нинг
Ёниб кетган варағи эрур.
Мен жим эдим: оғрирди кўксим,
Теграмда-чи: ёз, куз, қиш, баҳор…
Дарахтларда бўртарди куртак,
Хазон учар, бўраларди қор.
Кўкка боқсам: осмон йўқ эди,
Ер йўқ эди ўрнимдан турсам.
Бир ўқ мени таъқиб қиларди
Ўша куни қаёққа борсам.
Кўкрагимни тутмоқчи бўлиб
Йўлин тўссам, тўхтар эди у.
Шивирлардим қайғуга тўлиб:
“Бу дунёга қайтмас энди у!”
Шивирлардим дилимда алам,
Боқиб ўша… ўша Тошкандга
Ва осмондан кимдир ушбу дам
Маҳзун боқиб турарди менга…
1987
ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ
Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.
Чақир тошли тунги йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.
Яна ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.
Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ҳаволарга,
Бўғриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга —
Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз «Ўтган кунлар»ни
Юрагимиз деразасидай.
1983
МУНАВВАР ҚОРИ ВА ЎЛИМ
Халқ кўр бўлса,
Унутар асл
Уни суйиб, куйган эрларни.
Мана, ўтди
Неча бор фасл
Ерга тўкиб хазон, гулларни.
Уни тилга олмади биров,
Олганлар ҳам дилида ёдлар.
Пинҳон эрур
Дилларда номи,
Пинҳон бўлган каби исёнлар.
Қайда ўлди?
Қаерда сўлди?
Васиятин кимлар тинглади?
Кимлар унинг
Майити учун
Овлоқ ердан бир жой танлади?
Кўз ўнгимда
Жонланар гоҳо:
Ўтирганча ертўлада жим,
Зўрға илиб турган тўтиё –
Олов узра тутар ҳовучин.
Ўлим кириб
Келганин кўриб
Ўз ёнидан бўшатади жой.
Ойнаси йўқ туйнукдан унга
Боқар маҳзун диллар дўсти – ой.
“Ўлим, — дейди, —
Мен жуда толдим,
Олиб кетгин бу ердан тезроқ.
Фақатгина
Кетишдан олдин
Сен исиниб олақол озроқ.
Ҳурлик учун,
Ҳур Ватан учун
Ёндим, буни бахт деб биларман.
Эрк дегандим,
Маҳбус этдилар –
Ўлдирсалар, озод бўларман…”
1988
АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН
I
Совуқ, зах, тор хона. Бу қамоқхона.
Бу ерга қуёшнинг нурлари етмас.
Бу ерда абадий азобда сийна,
Бу ердан зулумот шарпаси кетмас.
Бу ерга етмагай қушлар ялласи,
Кўклам адирларга сачратган бўёқ,
Кўкда эркин сузган булут галаси
Бу ердан кўринмас, бу ердан йироқ.
Фақат сўзлар келар, худодай танҳо,
Фақат сўзлар келар пайғамбардай пок.
У билар: Шу сўзлар ҳаққи яшар у,
Шу сўзлар бир куни этишар ҳалок.
II
Қамоқдан қўрқмас у. Очликдан қўрқмас.
Қўрқмагай мирғазаб деган ёвуздан.
Қўрқар: дилидаги ўчини ошкор
Қила олмайдиган ожиза сўздан.
Қамоқдан қўрқмайди, ахир у билар:
Вужуди зиндондир, вужуди – қамоқ.
Шоирлик вужуддан – қора зиндондан
Ҳасрат қушларини озод айламоқ.
Қора қамоқхона кўксини тилиб
Ёғду қуюлгандек деразалардан,
Олис хотиралар юртидан келиб
Нурдек ситилади ёш кўзларидан.
Фақат ой, фақат ой, эвоҳ, фақат ой
Тунлар ёритади шеър қоғозини,
У шеърлар ёзади, тинглаб ой нурин –
Топтаб ўтаётганлар овозини…
1988
ШАМНИ ЎЧИРДИЛАР…
Шамни ўчирдилар ва пок нафаслар
Орол тўлқинларин сасидек тинди.
Дилида худони ўлдирган каслар
Ўзгалар дилини ўлдирар энди.
Энди онаизор олдида турган
Нонни уялмасдан тортиб оларлар,
Энди зулмат аро йўл излаб юрган
Одамларни жарга тикка соларлар.
Меҳру-шафқат йўқдир,
Ор-номус йўқдир,
Дилларда муҳаббат чироғи сўнган.
Диллар яланғочу-қоринлар тўқдир,
Ҳамма тақдирига кўниккан, кўнган.
Даҳшатли замон бу!
Қотиллар билан
Ғофиллар ёнма-ён яшаган замон.
Қор ёғар – бу қорни қуёшмас, совиб
Улгурмаган қонлар эритар ҳамон.
Дилни топташ осон,
Хўрламоқ осон,
Қадри йўқ на гиёҳ, на инсон умрин.
Туғилган ондаёқ шайтонлар келиб
Ўғирлаб кетарлар дилнинг шуурин.
Тарихни булғайди истаган малъун,
Истаган тарихнинг кўйлагин ечар.
Жаллодлар бир-бирин соғлиғи учун
Шаҳидлар қонини май каби ичар.
Ичар оломоннинг кўзи ўнгида,
Лаб ялаб тамшанар ташна оломон.
Қуриган денгизнинг қирғоқларида
Бўзлайди кўзлари чашма оломон.
Тили бору соқов, кўзи бору кўр,
Дили бору золим, ақли бору ғар
Авлодлар бирига бири меросхўр
Ўтдилар! Наҳотки яна ўтарлар?!
Қўлига милтиқ ё тиғ олар экан,
Одам ўлдирмоққа мудом шай улар,
От, деса отади, шафқат қилмасдан,
“Ур” – деса, отасин аямай урар.
Онасин машина босган ўғиллар
Пул талаб қилади айбдордан фақат.
Пул талаб қилади дили сўқирлар,
Ҳатто боласига қилмайди шафқат.
Қотиллар шаҳидлар ҳақида қалин
Хотира китобин ёзиш билан банд,
Шоирлар яширар ёлғонга қалбин,
Ақлини нодонлик ичра донишманд.
Қулнинг қули бўлиб неча авлодлар
Кечди зулмат аро йўл қидирмасдан,
Нодондан фарқ қилмас донишманд зотлар,
Ҳушёрларнинг фарқи йўқдир бадмастдан.
Фақат ҳайкал қўли кўрсатган томон
Йўл босиб юрдилар ўхшаб кўр, ғарга –
Энди тисланарлар, совиб дилда қон,
Боқарлар олдинда ястанган жарга.
Иззат-икром қилиб тош ҳайкалларни,
Тирик одамларни унутган замон.
Дилларда ўлдириб ишқ, ҳайратларни,
Қувонч аламларни унутган замон.
Танглайига тили ёпишиб қолган
Одамлар замони, қотил замон бу!
Ҳақиқат ёлғонлар ичра йўқолган,
Юракни ўлдирган қотил замон бу!
Дилни топташ осон,
Хўрламоқ осон,
Қўшиқ куйлар тунда фақат бадмастлар…
Заминнинг устида айланар сарсон,
Одамни қидирар учар баркашлар…
1989
ШОИРЛАРНИ ОТГАН ЖАЛЛОДЛАР
Шоирларни отган жаллодлар
Бугун яшар нафақасин еб.
Ўлган шоҳга содиқ соллотлар
Хат битишар: “Биз тайёрмиз!” деб.
Ўша кунлар ҳақида улар
Сўзлар экан силаб соқолин,
Ҳар гапдан сўнг таъкидлаб қўяр:
“Тўғри қилган ўртоқ Сталин!”
… Шоир – исён.
Исёнлар эса
Подшоҳларни қўрқувга солар,
Шунинг учун улар энг аввал
Шоирларнинг бошини олар.
Агар подшоҳ шоирни суйса,
Демак шоир тезда ўлади –
Ўзи суйган шоирни сўйса
Подшоҳ дили лаззат олади.
Мангу ёвдир шоиру-подшоҳ,
Мангу жангдир шоирлик йўли.
Ўлса ҳамки, подшоҳга ҳукм
Битар ўлган шоирнинг қўли.
Подшоҳларга шоирмас, қуллар –
Қуллар керак, жаллодлар керак,
Шоир экса дилларга гуллар,
Мажақловчи саллотлар керак.
Подшоҳ битта,
Қуллар эса кўп –
Ҳатто подшоҳ ўлсаям, улар
Қул ота-ю, қул оналарнинг
Қўрқувидан туғилаверар.
Шоир эса жасорат ва ишқ
Фарзандидир!
Ўхшар дарёга –
Қулларгамас, ҳурларга қўшиқ
Айтмоқ учун келар дунёга.
Шоирларни отган жаллодлар
Бугун тирик, тўқир ақида
Подшоҳ амри ила саллотлар
Ўқ узган ул кунлар ҳақида.
Улар билмас, ҳеч бир замонда
Шоирларни ўлдириб бўлмас –
Ўқ узсаям, бошин узсаям
Асл шоир ҳеч қачон ўлмас.
Балки билар…
Билиб чиқмайди
На кўчага ва на майдонга –
Дуч келишдан қўрқади балки
Қодирийга ёки Чўлпонга.
1988
УСМОН НОСИР ХОКИ УСТИДА
Сукут қучган қабристон узра
Тўкилади барглар бесадо.
Илк бор қабринг устига бўзлаб
Келиб, мана, турибман танҳо.
Бунча пинҳон тутдинг сирларинг,
Бунча суйдинг совуқ элларни.
Уйғонмадинг, ҳатто шеърларинг
Уйғотганда бизнинг дилларни.
Сени сотган одамлар тирик,
Ҳамон улар сотиб юрарлар.
Балки улар яширин, пинҳон
Мозорингга келиб турарлар.
Мен уларни танийман… Гарчи
Хоинларни қилишмас ошкор.
Чунки улар энди бизларни
Ўлдирмоққа, сотмоққа даркор.
Яқинлашиб келаётир тун,
Ёдинг каби изтиробли дам,
Юрагимни эритмоқ учун
Ёндираман қабринг узра шам.
1988
86 yil avval — 1938 yilning 4-16 oktyabrida millatimizning buyuk farzandlari qatl etilgan edi
O’ZBEK XALQINING BUYUK FARZANDLARI XOTIRASI OLDIDA BOSH EGAYLIK
1927 yilning 4 oktyabrida Samarkandda O’zbekiston madaniyat xodimlarining qurultoyi bo’ldi. Unda ma’ruza qilgan O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining Birinchi kotibi Akmal Ikromov Cho’lpon haqidagi munozaraga ham yakun yasab, shunday deydi: «Bizda Ayn(Olim Sharafiddinov)ning Cho’lpon ijodi haqidagi maqolasi bahonasida qator munozaralar bo’lib o’tdi. Ayn Cho’lpon ijodining g’oyaviy tuturiqsizligini to’g’ri ta’kidladi. Bu taqrizning adabiyotshunoslik jihatidan qanday qimmatga egaligi haqida gapirishga jur’at etmayman. Faqat shuni takror aytamanki, mafkura sohasida shunday sog’lom tanqid bo’lishi zarurligi shak-shubhasizdir».Shu tarzda shzbek bol`shavoylari fatvosi va Aynga o’xshagan «madaniyat xodimlari»ning fatvosi bilan Cho’lponning yuziga qora tortildi. U yo’qsul xalqdan uzoq millatchi ziyolilar shoiri deb e’lon qilindi, ijodi mafkuraviy jihatdan zararli deb topildi. Cho’lpon ustidan birinchi ma’naviy katliom shu tarzda sodir bo’lgan edi. taqdirning g’alati o’yinini qarangki, oradan ropparosa o’n bir yil o’tgach, ayni 4 oktyabr` kuni uni otib tashlaydilar.
SSSR Oliy sudi Harbiy kollegiyasining 1938 yil 4 oktyabrdan 16 oktyabrgacha bo’lgan sayyor yig’ilishlarida 507 nafar o’zbekistonlik siyosiy mahbuslar ustidan hukm chiqarilgan. Harbiy Kollegiyaning 1938 yil 4 oktyabrdagi yig’ilishida otuv jazosiga hukm qilinganlar ro’yxatini ko’zdan kechirar ekanmiz, ular orasida Rahim Inog’omov, Usmonxon Eshonxo’jaev, Rustam Islomov, Fayzulla Rahimboev, Akbar Islomov, Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaev kabi davlat va jamoat arboblari, Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho’lpon, Abdurauf Fitrat kabi xalqning ardoqli shoir va yozuvchilari, G’ozi Olim Yunusov, Qayum Ramazon, Otajon Hoshimov, Majid Qodirov, Ziyo Saidov kabi adabiyotshunos olimlar ham borligini ko’ramiz. Ular hukm chiqarilgan kuniyoq, 1938 yilning 4oktyabrida, qatl etilgan. Bu mudhish kundan oldinroq Munavvar Qori, Botu qatl etilgan edi, keyinchalik qatl etilganlar safiga Usmon Nosir kabi millatning betakror o’g’loni qo’shildi.
O’zbek xalqining buyuk farzandlari xotirasi oldida bosh egaylik. Oxiratlari obod, ruhlari shod bo’lsin!
Xurshid Davron
XOTIROT SHE’RLАRI
MOZIY QUSHLАRI
20-30-yillar shoirlari xotirasiga
Moziyning qushlari uchib kelarlar,
Olisdan kelarlar, toliqib chanqoq.
Meni-da koʼrarlar, xandon kularlar.
Chaqmoqqa qoʼnarlar – Soʼnadi chaqmoq.
Moziyning qushlari aylanar giryon,
Qoʼnmoqqa bexatar maskanni kutib.
Men esa kutarman bosh egib hayron,
Qoʼlimni tigʼlardan
Balandroq tutib.
1987
1938 YIL
Shoirlarin oʼldirganda xalq
Boʼlar ekan oʼzi qonga gʼarq.
Boʼgʼsa agar, boʼgʼilar oʼzi,
Mil tortsa, koʼr boʼladi koʼzi.
Xor etsa gar, oʼzi xor boʼlgay,
Zor etsa gar, oʼzi zor boʼlgay.
Qulogʼiga quysa qoʼrgʼoshin,
Oʼzi uqmas hurlik tovushin.
Shoir – bayroq, jang qilar oni,
Shoir qoni erur xalq qoni…
1988
QODIRIYNI OLIB KETGАNLАRI HАQIDА ShEЪR
Kimsasiz, tinch bogʼ chetidagi
Oʼrindiqqa oʼtirgan bu chol,
Koʼksidagi – sir ichidagi
Sirlarini ochdi misli fol:
“…Qishmi, yozmi, yoki kuzimidi –
Esimda yoʼq, faqat yodimda:
Ikki devdek yigit turardi
Qodiriyning ikki yonida.
Uning soʼzi bitik qogʼozlar
Uchib yurar edi osmonda,
Taratardi ajib ovozlar,
Uygʼotardi qoʼrquvni qonda.
Ortda qolib borardi Toshkand,
Mahbus unga maʼyus boqardi –
Samarqandni tashlab ketyotgan
Bobur kabi rangi oqarib.
Panjaraning orqasidan u
Koʼrardi: kuz, yoz,qish va bahor…
Daraxtlarda boʼrtardi tuygʼu,
Xazon uchar, yogʼilardi qor.
Uning koʼzi osmonga qarab
Kimnidir jim siqtab chaqirdi,
Samarqandni tashlab ketayotgan
Bobur koʼzi kabi boqardi.
“Non” deb yozuv bitilgan moshin
Tuynugidan uning koʼzlari
Bu dunyoda hurlik va Vatan
Buyuk baxtdir, deya soʼzlardi.
“Oʼtgan kunlar” varaqlarini
Shundan keyin oʼqidi olov,
Shundan buyon olov telbadir,
Yalov boʼlay, der endi, yalov!”
Chol shunday deb boshini egdi.
Dedi: “Qanday odamlar oʼtgan!”
Soʼng u maʼyus koʼzini tikdi
Yashnab turgan bir tutam oʼtga.
Yashil edi, yosh edi bu oʼt,
Oʼynashardi barglarida nur.
Balki bu oʼt “Oʼtgan kunlar”ning
Yonib ketgan varagʼi erur.
Men jim edim: ogʼrirdi koʼksim,
Tegramda-chi: yoz, kuz, qish, bahor…
Daraxtlarda boʼrtardi kurtak,
Xazon uchar, boʼralardi qor.
Koʼkka boqsam: osmon yoʼq edi,
Yer yoʼq edi oʼrnimdan tursam.
Bir oʼq meni taʼqib qilardi
Oʼsha kuni qayoqqa borsam.
Koʼkragimni tutmoqchi boʼlib
Yoʼlin toʼssam, toʼxtar edi u.
Shivirlardim qaygʼuga toʼlib:
“Bu dunyoga qaytmas endi u!”
Shivirlardim dilimda alam,
Boqib oʼsha… oʼsha Toshkandga
Va osmondan kimdir ushbu dam
Mahzun boqib turardi menga…
1987
QODIRIYNI OʼQIB
Yillar oʼtib borsa-da, hamon
Qoʼmsab-qoʼmsab oʼqiymiz sizni.
Siz bamisli zangori osmon,
Biz qoʼmsaymiz osmonimizni.
Chaqir toshli tungi yoʼllardan
Otda yelib oʼtamiz birga,
Аylantirib Kumushning oddiy
Soʼzlarini bokira sheʼrga.
Yana ortga qaytamiz keyin,
Kelajakka boqamiz maftun.
Nimadandir ichikib, qiyin
Oʼylar ichra qolamiz beun.
Keyin yana uy derazasin
Ochgan kabi sof havolarga,
Boʼgʼriqqan, dim uy derazasin
Ochgan kabi shoʼx navolarga —
Tuyib dilda masʼum unlarni,
Titrab-titrab dil larzasidan,
Biz ochamiz «Oʼtgan kunlar»ni
Yuragimiz derazasiday.
1983
MUNАVVАR QORI VА OʼLIM
Xalq koʼr boʼlsa,
Unutar asl
Uni suyib, kuygan erlarni.
Mana, oʼtdi
Necha bor fasl
Yerga toʼkib xazon, gullarni.
Uni tilga olmadi birov,
Olganlar ham dilida yodlar.
Pinhon erur
Dillarda nomi,
Pinhon boʼlgan kabi isyonlar.
Qayda oʼldi?
Qaerda soʼldi?
Vasiyatin kimlar tingladi?
Kimlar uning
Mayiti uchun
Ovloq yerdan bir joy tanladi?
Koʼz oʼngimda
Jonlanar goho:
Oʼtirgancha yertoʼlada jim,
Zoʼrgʼa ilib turgan toʼtiyo –
Olov uzra tutar hovuchin.
Oʼlim kirib
Kelganin koʼrib
Oʼz yonidan boʼshatadi joy.
Oynasi yoʼq tuynukdan unga
Boqar mahzun dillar doʼsti – oy.
“Oʼlim, — deydi, —
Men juda toldim,
Olib ketgin bu yerdan tezroq.
Faqatgina
Ketishdan oldin
Sen isinib olaqol ozroq.
Hurlik uchun,
Hur Vatan uchun
Yondim, buni baxt deb bilarman.
Erk degandim,
Mahbus etdilar –
Oʼldirsalar, ozod boʼlarman…”
1988
АBDULHАMID CHOʼLPON
I
Sovuq, zax, tor xona. Bu qamoqxona.
Bu yerga quyoshning nurlari yetmas.
Bu yerda abadiy azobda siyna,
Bu yerdan zulumot sharpasi ketmas.
Bu yerga yetmagay qushlar yallasi,
Koʼklam adirlarga sachratgan boʼyoq,
Koʼkda erkin suzgan bulut galasi
Bu yerdan koʼrinmas, bu yerdan yiroq.
Faqat soʼzlar kelar, xudoday tanho,
Faqat soʼzlar kelar paygʼambarday pok.
U bilar: Shu soʼzlar haqqi yashar u,
Shu soʼzlar bir kuni etishar halok.
II
Qamoqdan qoʼrqmas u. Ochlikdan qoʼrqmas.
Qoʼrqmagay mirgʼazab degan yovuzdan.
Qoʼrqar: dilidagi oʼchini oshkor
Qila olmaydigan ojiza soʼzdan.
Qamoqdan qoʼrqmaydi, axir u bilar:
Vujudi zindondir, vujudi – qamoq.
Shoirlik vujuddan – qora zindondan
Hasrat qushlarini ozod aylamoq.
Qora qamoqxona koʼksini tilib
Yogʼdu quyulgandek derazalardan,
Olis xotiralar yurtidan kelib
Nurdek sitiladi yosh koʼzlaridan.
Faqat oy, faqat oy, evoh, faqat oy
Tunlar yoritadi sheʼr qogʼozini,
U sheʼrlar yozadi, tinglab oy nurin –
Toptab oʼtayotganlar ovozini…
1988
SHАMNI OʼChIRDILАR…
Shamni oʼchirdilar va pok nafaslar
Orol toʼlqinlarin sasidek tindi.
Dilida xudoni oʼldirgan kaslar
Oʼzgalar dilini oʼldirar endi.
Endi onaizor oldida turgan
Nonni uyalmasdan tortib olarlar,
Endi zulmat aro yoʼl izlab yurgan
Odamlarni jarga tikka solarlar.
Mehru-shafqat yoʼqdir,
Or-nomus yoʼqdir,
Dillarda muhabbat chirogʼi soʼngan.
Dillar yalangʼochu-qorinlar toʼqdir,
Hamma taqdiriga koʼnikkan, koʼngan.
Dahshatli zamon bu!
Qotillar bilan
Gʼofillar yonma-yon yashagan zamon.
Qor yogʼar – bu qorni quyoshmas, sovib
Ulgurmagan qonlar eritar hamon.
Dilni toptash oson,
Xoʼrlamoq oson,
Qadri yoʼq na giyoh, na inson umrin.
Tugʼilgan ondayoq shaytonlar kelib
Oʼgʼirlab ketarlar dilning shuurin.
Tarixni bulgʼaydi istagan malʼun,
Istagan tarixning koʼylagin yechar.
Jallodlar bir-birin sogʼligʼi uchun
Shahidlar qonini may kabi ichar.
Ichar olomonning koʼzi oʼngida,
Lab yalab tamshanar tashna olomon.
Qurigan dengizning qirgʼoqlarida
Boʼzlaydi koʼzlari chashma olomon.
Tili boru soqov, koʼzi boru koʼr,
Dili boru zolim, aqli boru gʼar
Аvlodlar biriga biri merosxoʼr
Oʼtdilar! Nahotki yana oʼtarlar?!
Qoʼliga miltiq yo tigʼ olar ekan,
Odam oʼldirmoqqa mudom shay ular,
Ot, desa otadi, shafqat qilmasdan,
“Ur” – desa, otasin ayamay urar.
Onasin mashina bosgan oʼgʼillar
Pul talab qiladi aybdordan faqat.
Pul talab qiladi dili soʼqirlar,
Hatto bolasiga qilmaydi shafqat.
Qotillar shahidlar haqida qalin
Xotira kitobin yozish bilan band,
Shoirlar yashirar yolgʼonga qalbin,
Аqlini nodonlik ichra donishmand.
Qulning quli boʼlib necha avlodlar
Kechdi zulmat aro yoʼl qidirmasdan,
Nodondan farq qilmas donishmand zotlar,
Hushyorlarning farqi yoʼqdir badmastdan.
Faqat haykal qoʼli koʼrsatgan tomon
Yoʼl bosib yurdilar oʼxshab koʼr, gʼarga –
Endi tislanarlar, sovib dilda qon,
Boqarlar oldinda yastangan jarga.
Izzat-ikrom qilib tosh haykallarni,
Tirik odamlarni unutgan zamon.
Dillarda oʼldirib ishq, hayratlarni,
Quvonch alamlarni unutgan zamon.
Tanglayiga tili yopishib qolgan
Odamlar zamoni, qotil zamon bu!
Haqiqat yolgʼonlar ichra yoʼqolgan,
Yurakni oʼldirgan qotil zamon bu!
Dilni toptash oson,
Xoʼrlamoq oson,
Qoʼshiq kuylar tunda faqat badmastlar…
Zaminning ustida aylanar sarson,
Odamni qidirar uchar barkashlar…
1989
SHOIRLАRNI OTGАN JАLLODLАR
Shoirlarni otgan jallodlar
Bugun yashar nafaqasin yeb.
Oʼlgan shohga sodiq sollotlar
Xat bitishar: “Biz tayyormiz!” deb.
Oʼsha kunlar haqida ular
Soʼzlar ekan silab soqolin,
Har gapdan soʼng taʼkidlab qoʼyar:
“Toʼgʼri qilgan oʼrtoq Stalin!”
… Shoir – isyon.
Isyonlar esa
Podshohlarni qoʼrquvga solar,
Shuning uchun ular eng avval
Shoirlarning boshini olar.
Аgar podshoh shoirni suysa,
Demak shoir tezda oʼladi –
Oʼzi suygan shoirni soʼysa
Podshoh dili lazzat oladi.
Mangu yovdir shoiru-podshoh,
Mangu jangdir shoirlik yoʼli.
Oʼlsa hamki, podshohga hukm
Bitar oʼlgan shoirning qoʼli.
Podshohlarga shoirmas, qullar –
Qullar kerak, jallodlar kerak,
Shoir eksa dillarga gullar,
Majaqlovchi sallotlar kerak.
Podshoh bitta,
Qullar esa koʼp –
Hatto podshoh oʼlsayam, ular
Qul ota-yu, qul onalarning
Qoʼrquvidan tugʼilaverar.
Shoir esa jasorat va ishq
Farzandidir!
Oʼxshar daryoga –
Qullargamas, hurlarga qoʼshiq
Аytmoq uchun kelar dunyoga.
Shoirlarni otgan jallodlar
Bugun tirik, toʼqir aqida
Podshoh amri ila sallotlar
Oʼq uzgan ul kunlar haqida.
Ular bilmas, hech bir zamonda
Shoirlarni oʼldirib boʼlmas –
Oʼq uzsayam, boshin uzsayam
Аsl shoir hech qachon oʼlmas.
Balki bilar…
Bilib chiqmaydi
Na koʼchaga va na maydonga –
Duch kelishdan qoʼrqadi balki
Qodiriyga yoki Choʼlponga.
1988
USMON NOSIR XOKI USTIDА
Sukut quchgan qabriston uzra
Toʼkiladi barglar besado.
Ilk bor qabring ustiga boʼzlab
Kelib, mana, turibman tanho.
Buncha pinhon tutding sirlaring,
Buncha suyding sovuq ellarni.
Uygʼonmading, hatto sheʼrlaring
Uygʼotganda bizning dillarni.
Seni sotgan odamlar tirik,
Hamon ular sotib yurarlar.
Balki ular yashirin, pinhon
Mozoringga kelib turarlar.
Men ularni taniyman… Garchi
Xoinlarni qilishmas oshkor.
Chunki ular endi bizlarni
Oʼldirmoqqa, sotmoqqa darkor.
Yaqinlashib kelayotir tun,
Yoding kabi iztirobli dam,
Yuragimni eritmoq uchun
Yondiraman qabring uzra sham.
1988
axu ot yurak,bax agmas, kalblarga qirak yakkuqi, bexini tik tutup,hakikat uqun koksini okka tutkan ,kalblarda manggu orun elip ,yadlinip turguqi soyumluk kixilar bizni manggu togra yolni tutximizga, wijdanni pakiz tutiximizga agahlandurup turidu
Men Qodiriy otilmasdan Navoiydagi qamoqxonalardan biriga ximiyaviy ob’ektlarda ishlatish uchun olib kelingani, Qodiriy bu qamoqxonada 50 yillarda vafot etgani haqida internetda o’qib qoldim. Xurshid aka bu haqda fikringizni bilmoqchiydim. Xurmat bilan muxlisingiz Akbar.
Bu odamlar to’qigan cho’pchak,xolos.
Assalom-u Alaykum.Men O’zbekiston Davlat San’at va Madaniyat instituti 2-kurs «Kino rejissorligi» fakultetida o’qiyman.Men aynan mana shu ma’rifatparvar insonlarimizning qatag’on qilinganligi xaqida qisqa metrajli film olmoqchi edim.Qanday maslaxat bera olasiz?Qanday qilsam xalqimizga u insonlarning jasoratini to’liq aks ettira olaman?(Oldindan tashakkur)Sultonov Sanjar.
Sanjar aka siz juda yaxshi g’oyani o’ylabsiz. Sizga katta rahmat ishlaringizga omad. Ziyolillarimizni xotirasi abadiy bo’lib ruhi shod bo’lsin deb hurmat bilan Qashqadaryo viloyatidan NAJOT BIN.