Musulmon Namoz. Ikki maqola («Qutlug’ qon» va «O’tmishdan ertaklar»ni mutolaa qilib)

Ashampoo_Snap_2017.10.31_17h46m19s_001_a.png     Миллатга ўзининг маънавий қиёфасини – ҳам ботиний, ҳам зоҳирий моҳиятини англатадиган восита, таъбир жоиз бўлса, улкан кўзгу, бу – адабиёт ва санъат! Тўғри, публицистика ва аналитика ҳам шу вазифани бажаради. Бироқ буларнинг ҳар иккиси адабиёт ва санъатга нисбатан иккиламчи ҳодиса. Чунки буларнинг ўрганиш объекти худди адабиёт ва санъатники сингари, ҳаёт деб аталса ҳам, аслида, улар ҳаётни адабиёт ва санъат асарлари каби кенг миқёсда қамраб ололмайди. Доимо долзарб ва долзарблиги учун ҳам миқёси тор мақсадни кўзлайди.

Мусулмон НАМОЗ
ИККИ МАҚОЛА
06

ФИТРАТИМИЗДАГИ КАЙФИЯТЛАР

12697254_237630953238144_8544287552218953289_o.jpgКичик ўғлим Маъруфбек Корея давлатида, Сеулдаги дорилфунунлардан бирида ўқийди. Иқтисодни ўрганади. Ўқишдан бўш вақтларида ишлаб, таҳсил учун маблағни ўзи топади. Ўзидан орттириб, бизга ҳам ул-бул жўнатади. Телефонда кўришиб гаплашиб турамиз. Онаси “Сен мусофирсан, бизнинг кунимиз баҳарнав ўтиб турибди, ўзингни ўйла”, деб ёзғиради. У эса кулиб қўяди, эркаланиб онасини жеркиган бўлади: “Она, пулни ўйламасангиз-чи! Ишлаяпман, топаяпман, сарфлаяпман. Сизларга ҳам ортганини юборяпман, менинг камчилигим йўқ!”

Ўтган йили ўғлим билан, уч кунмикин, гаплашолмадик. Телефонимга қисқа хабар келди: “Бандроқман. Ишлаяпман”. Кейин бафуржа суҳбатлашдик. Айтишича, Ўзбекистондан бориб, Сеулда кичик бир ошхона очган ҳамюртимиз Маъруфбекни ёрдамга чақирибди. Турли миллатларнинг таомлари фестивали бўлиб, булар ўзбекча овқатлар тайёрлаб сотишибди.

“Ака зўр ошпаз, пазанда киши, лекин бизнесга уқуви йўқроқ, савдоси юришмагани учун мени чақирган. Мен корейсча гапириб, ҳазил-ҳузул билан харидор чақирдим. Овқатланиш жараёни “шоу”га айланиб кетди. Бизнинг ошхонадан жой тегмаганларгина ноилож бошқаларга борди. Биз ҳам лекин бўлганимизча бўлдик. Кечаси ухламай масаллиқ тайёрладик. Қирқ саккиз соат тик оёқда турдик. Икки кунда йигирма минг долларлик фойда қилдик”, деб тушунтирди ўғлим. Овозидан ифтихор сезилиб турарди. Мен ҳам фахрланиб кетдим.

Мен отаман. Ўғлимнинг бугунидан келажагини кўпроқ ўйлайман. Шу боисмикин, “Энди шу ошхонада қолиб ишласанг ҳам бўлармикан”, деб сўрадим. Бироз жимликдан сўнг: “Йўқ, – деди ўғлим. – Бу ерда ишламайман! Меҳнатингни қадрламаган одам билан ишлаб бўлмайди”. Беихтиёр, ”Мўлжалингдан камроқ ҳақ бердими”, деб сўрадим.

Маъруфбек жуда мағрур йигит. Бировдан нарса сўрашни ор билади. Доим айтадики, мен қўл учида ишлашни ёмон кўраман, қадримга етган одам билан ишлаб, унга ҳам, ўзимга ҳам фойда бўлишини кўзлайман. Бу сафар ҳам ўғлим шу гапини такрорлади. Лекин иш ҳақини олдиндан келишмаган экан, берганини олгач, чўғи камлигини кўриб, энди сиз билан ишламайман, деб айтибди. Мен унинг гапини маъқулладим. Бироқ …
Бироқ ўйланиб қолдим.

Олдиндан ҳақини келишмай, иш бошлаганини маъқул кўрмадим, “Мўлжалингдан камроқ бердими” деган сўроғимни эслаб, шундай бўлганини ўзим ҳам дастлаб табиий қабул қилганимни тушундим.

Мен ўзим ҳам одамларга ишонавераман. Бирон юмуш айтишса, ҳақини сўрамай, бажариб бераман, кейин берганидан норози бўлиб юраман. “Ахир, Сиз бу ишга жуда қисқа вақт сарфладингиз, озгина вақтингиз кетган иш учун шунча берганим озми”, деб сўрайдиганларга “Бу даражага келиш учун мен бир умр ўқиб-ўрганганман”, десам таажжуб билан елка қисишади. Ўғлимга ҳам шу хислат ўтган экан-да, деб озроқ афсусландим. Качон янги замонга мослашамиз, деб ўйладим. Мендаги, ўғлимдаги бу характернинг илдизлари қайда экан, деб хаёлга ботдим.

Кейин тўсатдан тушуниб етдим. Бу фақат менинг ўғлимгагина хос бўлган хусусият эмас. У ўзбекларимизнинг қон-қонига сингиган, асрлардан бери келаётган фитратимиз туфайли экан.

Нега дейсизми?..

Атоқли ва ардоқли адибимиз Ойбек “Қутлуғ қон” романининг дастлабки саҳифаларидаёқ ўзбек халқининг меҳнаткаш икки вакили – Йўлчи ва Ёрмат характерининг айрим қирраларини чизиб беради. Йўлчининг камбағал йигитлиги, қишлоқда иш топмай, шаҳардаги бой тоғасини қора тортиб келгани, “бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур” сезилиб туриши ёзилади. Ёрмат ҳам Йўлчи каби камбағал бир киши. Бироқ унинг ўзи хизмат қилаётган бой хонадонига содиқлиги, “бутун қомати, ҳамма ҳаракатлари ўзига зеб берган мақтанчоқ камбағал” экани айтилади.

Ёрмат ва Йўлчи “пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол қилган бедазорга чиқишди.

– Мана, бедам, – қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишора қилиб деди Ёрмат. – Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.

– Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди, – Ёрматга қараб деди Йўлчи.

– Хах-хах-хах – қаттиқ кулди Ёрмат ва ўроқни Йўлчига тутқазиб гапира бошлади. – Мирзакаримбой отамнинг остоналарида ўн олти йилдан бери ишлайман, йигитча. Шундай бўлгандан кейин “сизники, бизники” дейишга ўрин қоладими”.

Романни ўқиган одамлар билади. Ёрмат шунча йилдан бери Мирзакаримбойнинг уйида ҲАҚИНИ КЕЛИШМАСДАН ИШЛАЙДИ. Ўзининг тушунтиришича, “Худо ҳаққи, мен, хизматимга бир нарса беринг, деб сўрамайман. Инсоф ўзларингга берсин, дейман-да, юравераман”.

Худди Ёрмат каби Йўлчи ҳам бойга ишга ёлланар экан, хизматига ҳақ сўрамайди. Чўнтагида бир тийин пули йўқ бўлса ҳам ҳақ сўрамай меҳнат қилади. Хизматкорликдаги таниши Шоқосимнинг хотини ўлиб қолганда жаноза харажатлари учун камбағал мардикорлар охирги пулларини ўртага йиғишганида “чўнтагида сийқа чақаси” йўқлигидан ўкинади, бироқ ўшанда ҳам бой тоғадан қилган хизматлари учун пул сўраш лозимлиги хаёлига келмайди.

Ҳолбуки, у қишлоқдан тоғаси Мирзакаримбойникига келган куниёқ ишга солинади. Беда ўради. Ўткир ўроқ билан “ўралиб-чаплашиб ўсган қалин майсани “шар-шар” йиқиб борар экан, ўзи ҳам завқланади. Ҳозир унинг кўнгли бир қадар кўтарилган. “Бой тоғам инсофли одам бўлса керак. Мана, ҳалиги одам шунча йил ишлабди. Хизматкор қул эмас. Фойда кўрмаса турадими? Гапига қараганда, хурсандга ўхшайди. Қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта, чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам, мендан юлмаслар.”

Ёрматнинг “инсоф ўзларингга берсин, дейман-да, юравераман” деган гапига эътибор қилдингизми? Асли, бугун ҳам кўпчилигимиз шу гапни айтиб юрмаяпмизми? Ойнада кўрган ҳақиқатимиздан нега сабоқ чиқармаяпмиз?

Ўйлашимча, дунёда ўзгармас ҳақиқатлар бўлгани сингари, халқнинг, миллатнинг маънавиятида ҳам ўзгармас, шу ўзгарса, дунё ҳам ўзгариб кетадиган бирхил хислатлар бўлади. Шулардан биттаси – ўзимизга мағрурлик. Бошқаларни ҳам ўзимиздай кўриш. Биз дуч келган одамларнинг ўз ҳақиқати борлигини кўпда ўйламаслик. Энг ёмони – жамики оғирликни ўзимизга олиш. Меҳнатимизнинг баҳосини ўзимиз биламиз ё тасаввур қиламиз, лекин харидорга меҳнатимизни, кучимизни сотаётганда унда ИНСОФ борлигига ишонишимиз.

Ҳолбуки, инсоф бу дунёда жуда тансиқ матоҳ.

Йўлчини гўрга тиққан нарса ҳам устоз Ойбек ишонгани каби синфий адолатсизлик эмас, бой бўлсин, камбағал бўлсин, халқнинг омилиги, эл-улусдан инсоф, хусусан, бойлардан инсоф кўтарилгани эди, деб ўйласак, тўғрироқ бўлади, назаримда.

***

Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини болалигимда ўқиганман. Ўшандаги илк таассуротлар ҳозир ёдимдан кўтарилиб кетган. Эсимда қолгани Йўлчининг соф муҳаббати, Мирзакаримбойнинг хасислиги, камбағалларнинг эзилгани-ю, бойларнинг инсофсизлиги. Лекин асарнинг гўзал тили, ширадор ҳикоя услуби, урф-одатлар, удумлар, табиат тасвирлари, романтик жозибага лиқ тўла ишқ-муҳаббат саҳналари бошимга гурзи каби урилганини, кўксимда бойларга, ўтмиш ҳаётга нисбатан нафрат уйғотганини элас-элас эслайман.

Орадан ўн йиллар ўтиб, эсимни таниб, оқ билан қорани бир қур ажратадиган бўлганимдан кейин яна шу китоб қўлимга тушди. Дастлабига эринибгина варақлай бошладим, бирон ўн саҳифа ўқигач, қизиқиб кетиб, романнинг ярмига борганимни, тун ҳам алламаҳал бўлиб қолганини сезмабман. Ўзимга энди кеч бўлди, ухлай десам ҳам кўзимга бир қатра уйқу келмайди.

Чунки ўтган йиллар менинг жамият тўғрисидаги билимларимни оширган, бойлик ва камбағалликнинг сиру синоати анчагина маълум, тақдир битикларига файласуфона хотиржамлик ила боқадиган ёшга етишган эдим. Шу боис мени энди устоз Ойбекнинг синфларга бўлинган жамият борасидаги ижтимоий қарашлари, эзилганлар албатта бойларга (эзувчиларга) қарши бош кўтариши шарт, деган фикрлари эмас, бундан юз йил бурунги ўзбек халқининг турмуш шароитини, маишатини, қарашларини, эътимодини ҳассос мусаввир каби қоғозда жонлантираётган саҳифалар кўпроқ ўзига тортмоқда эди.

Хусусан, бизнинг халқимизда бошқа жуда кўп эллар, халқлар, миллатлар, жамиятларда бўлмаган ноёб хислатлар ҳам борки, уларни доимо асраб-авайлашимиз даркор. Шундай миллий фазилатлар тасвири устоз Ойбек асарида ўзига хос маҳорат билан чизиб берилган экан.

Йўлчи Салимбойваччага аравакашлик – ҳайдовчилик қилиб ресторанга боради. Салимбойвачча ичкари кириб кетади ва ичкилик дарёдай оққан, гўзал хонимлар енгилтак кўз сузган тўкин зиёфат бошланади. Бу орада ташқаридаги Йўлчи қиш совуғида дилдираб ўтиради. Оч қорни қулдираб, ухлай деса, совуқ заптига олиб, не қиларини билмай туради. Орадан аллақанча вақт ўтиб, ичкаридан Салимбойвачча чиқади ва Йўлчини ҳам ёнларига таклиф қилади.

Камбағал одамнинг ҳашаматли залга кирганини кўрган эшик оғаси Йўлчини чиқариб юбормоқчи бўлади. Салимбойвачча бунга йўл қўймайди – Йўлчини ресторанда олиб қолади ва унга ўзлари еётган овқатларни таклиф қилади.

“Икки хотиннинг ўртасида ўтирган Салимбойвачча бир стакан тўлдириб, унинг олдига қўйди.

– Ич, овқатни ур!
– Мен ичмайман, раҳмат.

– Ичкилик бўлса, Жўра ўзини томдан ташлайди. Кўчада совуқлагансан, ич, йигит! – деди Жамолбой гердайиб.

Йўлчи ичмади, овқатга ҳам иштаҳаси бўғилган эди. Совиб қолган кабобдан бир сих олди…”

Шу можарони ёндош столда ўтирган икки рус киши кузатиб, ўзларича муҳокама қилиб ўтирган эди: “уларнинг бири кексароқ одам, у ё чиновник, ё катта савдогар ёки айни замонда ҳар иккиси… Иккинчиси ўрта яшар, кўзойнакли ва кийимга ғоят зеб берган одам. Буни Абдишукур инженерга ўхшатди.

– “Кўрдингизми, бу осиёликлар ваҳший бўлсалар ҳам, баъзи бир фазилатларга эга эканлар; мана бой “сарт” ўз хизматкори, балки қули билан бирга ичишади. Демократия!.. – деди инженернамо.

… Бой бўлсин, камбағал бўлсин, барибир, “сарт”нинг уйида битта пиёласи бўлади. Иккита қилса, одат бузилади ҳам катта гуноҳ ҳисобланади!..”

Европаликлар “Демократия” деб ўзларича кулган бу хислат аслида халқимизнинг қон-қонига сингиган фазилат, миллатни бир бутун ҳолда ушлаб турган руҳий-маънавий устун эканини бугун кўриб, билиб, англаб турибмиз. Чунки бизда, Европадан фарқли ўлароқ, одамларни бойлигига, насабига қараб ажратиш бўлмаган. Ҳаммага одам деб қаралган. Одамлар бойликда ўзаро тенг бўлмаса ҳам (беш қўл баравар эмас), худонинг олдида тенгдир, деб тушунилган. Бу тенгликни кўрсатувчи белгилардан бири ўша –бой-камбағалнинг бир дастурхондан таомланиб, битта пиёладан чой ичиши бўлган.

Бундай жуда кичик, бироқ эътибор қилишга арзирли деталлар романда жуда кўп топилади. Фақат, уларни кўра билиш ва ўқий олиш керак, назаримда.

Йўлчи Мирзакаримбой хонадонига илк дафъа келиб кирганида камбағал меҳмоннинг олдига дастурхонни бойнинг хотини олиб чиқиб ёзади: “Бой тоға нонни ушатиб, патнисни Йўлчининг олдига суриб қўйди”.

Ҳолбуки, Мирзакаримбой уйида хизматкор сақлайдиган даражада бой эди. Бироқ у ўз хатти-ҳаракати билан элдан чиқиб кетишни истамайди. Уйида ҳам бошқа ўзбеклар – камбағалми, қашшоқми, қатъи назар – қатори умргузаронлик қилади. Қизини узатаётганда бойликка, ҳашаматга ўч хотини келинни извошда (бугунги ҳолатимизга биноан айтмоқчи бўлсак – лимузинда) кузатмоқчи бўлганда бойнинг жеркиб бериши ҳам шундан:
“Лутфинисо қизи билан қўш келинини извошда юборишни сўради. – “Ахир, кимсан, фалончининг қизи-я!”

– Эл қатори аравада кетаберсин! – деди узил-кесил бой.

– Вой, Алихўжа бойлардан нимамиз кам? Қизини қўш арғумоқли извошда юборди. Қўқон араванинг дўқири қурсин!

– Бас, – қичқирди Мирзакаримбой, – манманлик – худо урганлик. Эски таомилдан қолма. Яна замон нозик. Халқ мени гап-сўз қилади. Бойлар қутириб кетди, дейди. Сен буни тушунасанми, ноқисулақл!”

Мен шу кичик тафсилотлардан дониш хулосалар чиқариб, ҳаммага ўзи тушунадиган нарсаларни қайтариб, эзилишиб ўтирмай. Ҳар ким хулосани ўзи чиқаришга ўрганадиган замонлар аллақачон етишган. Фақат, менинг айтадиганим шуки, адабиёт – ойна, шахснинг, жамиятнинг юзига тутилган ойна! Фарқи шуки, бу ойна кундалик маиший турмушни кераксиз тафсилотлардан холис қилиб, тирикликни юрғизиб турган энг асосий тамойилларни, ҳаётнинг ўқ томирини кўрсатади. Шахснинг ким эканини эслатади, жамиятнинг қаёққа қараб бораётганини кўрсатади, булардан сабоқ чиқаришга чорлайди. Биз, ўқувчилар, бадиий асарлардан сабоқ оламизми ё “велосипедни қайтадан ихтиро қилиб”, ўз бошимиздан кечган ва кечажак ҳодисалардан ўрганамизми, энди буниси ўзимизга боғлиқ.

***

2d1cfb134da39e8f8f4f12766ac087ff.jpgЎтган йил баҳорда қишлоққа борган эдим. Дўстлар билан Сурхоннинг бўйига эндик. Тоғ-тошдаги сел туфайли дарёнинг суви роса тошган пайт эди. Лойқа, бўтана сув тошлоқ қирғоқни ўпираман деб ҳамла қилади. Бироқ соҳилга маҳкам қоқилган сепояларга, атай ташлаб қўйилган улкан харсангларга урилиб, шашти-шиддати пасаяди. Кейин жойида чир айланиб, сепоя тагида гирдоб ҳосил қилади, харсанг устидан ошаман деб тўлқин уради. Яна мавжланиб, тўлқин солганча нариги қирғоқ сари чопади. У тарафда ҳам шу аҳвол.

Тўлқинларни томоша қилганча, бепоён соҳилда яшил орол каби кўзни қувнатиб турган масканга бордик. Деҳқон акаларимиздан бири дарё бўйидаги чағир тошлоқдан бир парча жой очиб, ўзан ёқалаб тол, терак, жийда экибди. Узумни ишкомга кўтариб, пешинда салқинлайдиган жой ҳозирлабди. Дарахтларнинг чалкашиб, чирмашиб ўсган томири соҳилни маҳкамлаб, деҳқончилик қилишга яроқли бир ботмон ерни ҳимоялабди. Биз ҳам дўстлар билан, гарчи дарё бўйида эсак-да, қизғалдоқнинг иссиғидан салқинлаш учун ўзимизни ишком тагига олдик.

Кўрсам, атрофи дарахт билан иҳоталанган майдонга пиёз экилган. Пиёз аллақачон етилиб, ерни ёриб, туртиб чиқиб, майсаси қувраб, ҳар бири полвон кишининг муштидай тугилиб турибди. Ҳосилнинг кўплигидан ер юзаси кўринмайди, денг. Атрофни пиёз босган. Деҳқончилигингизга барака берсин, деб сўрашдим. Кейин ундан-мундан суҳбатлашиб ўтирдик. Табиийки, пиёзнинг баҳоси ҳам айтилди:

– Уйинг куйгир олиб-сотар шу пиёзнинг килосига эллик сўм сўраб турибди, – деб ёзғирди деҳқон ака. – Эй, ноинсоф, берадиган пулинг пиёзнинг уруғлиги ҳам бўлмаяпти-ку, десам, ака, бозорнинг кўтаргани шу дейди ишшайиб. Мана, сиз Тошкентдан келдингиз, ўшаёқда пиёзнинг нархи қандай?

– Беш юз сўм эди, шекилли, – дедим ўзим ҳам ишонқирамай. – Пиёзнинг нархи арзонлиги бор гап.

– Мана, – деб гапни улади деҳқон ака. – Олиб-сотар мендан бозор нархининг ўндан бирини сўраяпти. Шу инсофданми?

Кўплашиб ҳисоблаб кўрдик. Йўл ҳақи килосига икки юз сўмдан ошар экан. Чунки Тошкентнинг йўли узоқ, бузуқ жойи кўп, ёқилғи қиммат, яъники транспорт харажатлари бисёр. Майли, кўзга кўрсатилмайдиган харажатлар ҳам юз сўм бўлсин, дейлик, дедик ўзимизча, шунда ҳам олиб-сотар ҳар кило пиёздан юз эллик сўм фойда қилар экан. Шу пиёзни экиб, меҳнат қилиб, олти ой кутган деҳқон уч кун югурган савдогардан уч баробар кам ҳақ олса, инсофданми, деб унинг дардига шерик бўлдик.

– Сизлар нотўғри ҳисоб қиляпсиз, – деди деҳқон ака. – Уч баробар эмас. Чунки савдогар тиккан пулининг ҳаммасини чиқариб олиб, устига юз эллик сўм оляпти. Мен эса қарри энамнинг пенсия пулига олган уруғликнинг пулини ҳам қопламаяпман. Аслида, уруғлик ва меҳнатим эвазига юз эллик сўмга куяяпман.
Юқоридаги воқеани бежиз эсламаётганимни тушунаётгандирсиз.

“Қутлуғ қон” романида ҳам шунга ўхшаш бир эпизод бор. Шаҳарга қовун ортиб келаётган деҳқоннинг араваси синиб қолгани эсингиздами?

Деҳқон аравасининг бузилиб, шаҳарга боролмай қолгани, қовунини сотолмагани, пулига яланғоч болаларига кийим-кечак ололмаганига ачинмайди, араванинг бировники эканидан зорланади:

– “От-арава ўзимники бўлсайди, жарга қулаб кетса ҳам майлийди. Кишиники, ука. Ўзимда улов йўқ. Қовуним пишиб, чириб кетди… Қўшнимдан от-аравани бир кунга тилаб олган эдим. Жилла бўлмаса, битта четанда олиб тушай-да, сотиб болаларга кийимлик олай, деб хаёл қилган эдим. Бола-чақа қип ялонғоч; уҳ… Фалокат кутиб турган экан.

Маҳсулотини бозорга етказолмаган деҳқоннинг қийин ҳолатидан олиб-сотар баққол фойдаланиб қолади. Бозорда ками ўн саккиз сўмга сотса бўладиган туянинг калласидай саксонта катта-катта қовунни у тўрт ярим сўмга олади:

“– Шаҳарга бора олмайсиз, – бидирлади боққол – қовунни ҳам кўрдим. Ўртача. Агар яхши бўлса, халқ еб, сизни дуо қилади, мен ўзим емайман. Кейин, ким билади, бир палакдан ҳар хил қовун етишади. Деҳқон бўлмасак ҳам буни фаҳмлаймиз. Уч сўлкавой бераман, хўп, денг!..

– Саксонта қовунга-я? Уч сўм? – деҳқон тескари бурилди.
– Инсоф қилинг, боққол ака! – қичқирди Йўлчи.

Яна бир мунча одамлар Йўлчининг гапини тасдиқладилар:”Тўғри, инсоф қилинг-да!” Боққол бу гапларни эшитмагандай аврайверди:

– Мен сизнинг фойдангизни ўйлайман. Арава кишиникими? Қовунини тушириб оламан шу ерда. Анов ерда уста Тошпўлат бор, биларсиз. Арава ишида фаранг! Қовуннинг пулига аравани тузаттирасиз. Эгаси хафа бўлмайди. Иложи бўлса, яматганингизни айтманг, койиб-нетиб юрмасин тағин. Туя кўрдингми-йўқ, вассалом…

Иложсиз қолган деҳқон баҳони секин камайтириб, етти сўмга тушди. Бошқа бир рақиб илмасин деган андиша билан боққол ҳам бир тангалаб ошаверди. Сўз билан деҳқоннинг бошини қотириб, ниҳоят, тўрт ярим сўмга кўнишга мажбур қилди”.

Нега деҳқонларимиз юз йил бурун ҳам, бугунги кунда ҳам қўлида маблағи бор “ишбилармон”га тобе бўлиб қолмоқда, деган содда саволни бермайлик. Асли, эркин иқтисодиётнинг қонуни шундай. Нархни бозор белгилайди!

Бироқ мени ўйлантираётган ва мутолаа вақтида кўнглимдан ўтаётган гап шуки, нега юз йил ўтган бўлса ҳам халқимиз ҳамон содда, ҳамон ишонувчан, ҳамон қўли юпқа; нега муҳит ўзгарса ҳам, бозор қонунларига биноан яшаётганимизга йигирма беш йилдан зиёд муддат ўтган бўлса ҳам, менталитетимиз ҳамон ўша-ўша? Нега замон ўзгарса ҳам биз ўзгармаймиз? Биз шунчалик қотиб қолганмизми?..

Мен “Қутлағ қон” романини ўқишда давом этдим ва кўплаб саволларимга жавоб олдим.

Хусусан, газаклаб, мадда бойлаб кетган яралар вақтида даволанмаса, тиғ ишлатишга эҳтиёж пайдо бўларкан. Тиғни қўли гул табиб ушласа-ку, хўп-хўп, даво топамиз, лекин у қассобнинг қўлида бўлса-чи?.. Эзилган халқнинг ҳолатидан устомонлик билан фойдаланган шўролар мол ўрнига одам сўйиб қассоблик қилган, миллатнинг гулларини Сибирга бадарға қилган замонларга ҳали ҳеч вақт ўтгани йўқ-ку!..

Биз ҳеч қачон бир-биримизни айирмаган, сен камбағал, сен бой десак ҳам, инсонийликда ўзаро тенг кўрган халқмиз. Устоз Ойбек айтмоқчи, битта пиёладан чой ичамиз. Энди, битта пиёладан чой ичиб бўлгач, ойнага қараб, уст-бошимизни, ўзимизни, жамиятимизни тузатиб олишни ҳам ўргансак эди…

Манба: «Маънавий ҳаёт» журналининг 2017 йил 2-сони.

АСЛ АДАБИЁТНИНГ ҚУДРАТИ

Дунёда оддий ҳақиқатлар жуда кўп. Шулардан бири қуйидагича: миллат ўз табиатидаги, фитратидаги иллатлардан қутилиши учун аввало уларни тубдан англаб етиши керак; тавсифу таъриф этиши, мушоҳадаю муҳокама этиб кўриши лозим; иллатларнинг илдизи ва ҳосиласини таҳлил этиб, хулосалар чиқаришга ўрганиши зарур.

Шу ҳақиқатни қабул қилсак, навбатдаги савол ўз-ўзидан юзага қалқиб чиқади: миллий фитратимизни қандай ўрганамиз?

Жавоб ҳам оддий: ўз-ўзимизга назар солиш билан.

Миллатга ўзининг маънавий қиёфасини – ҳам ботиний, ҳам зоҳирий моҳиятини англатадиган восита, таъбир жоиз бўлса, улкан кўзгу, бу – адабиёт ва санъат! Тўғри, публицистика ва аналитика ҳам шу вазифани бажаради. Бироқ буларнинг ҳар иккиси адабиёт ва санъатга нисбатан иккиламчи ҳодиса. Чунки буларнинг ўрганиш объекти худди адабиёт ва санъатники сингари, ҳаёт деб аталса ҳам, аслида, улар ҳаётни адабиёт ва санъат асарлари каби кенг миқёсда қамраб ололмайди. Доимо долзарб ва долзарблиги учун ҳам миқёси тор мақсадни кўзлайди.

Ҳолбуки, шоир ё ёзувчи, санъаткор хато гап айтиши мумкин, лекин ижод ҳодисаси туб маъноси билан доимо тўғри йўлда бўлади. Бошқачароқ айтсак, асарнинг хулосаси хато бўлиши мумкин, лекин ўзи хато бўлмайди. Чунки ёзувчи ёлғонни ёзганда ҳам рост ёзади.

Фақат, ўқувчи ёки томошабин адабиёт ва санъат воситачилигида ҳаётга ҳиссий баҳо беришга ўрганса, шунинг ўзи кифоя. Шунда булар ўз вазифасини, тўғрироғи миссиясини бажарган бўлади.

Бироқ бу осон эмас.

Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» деб номланган хотира китоби бор. Ёзувчининг ўзи сўзбошида эътироф этишича, бу китобни дастлаб «Ўтмишдан лавҳалар» деб номлашни ўйлаган экан, бироқ ўтмиш ҳодисалари ўша замон, яъни ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари танқидчиларига ҳам шунчалик қоронғи, нурсиз кўринибдики, ҳатто, биттаси «жуда зулмат-ку!» деган экан. Муаллифнинг ўзи ҳам ёш ўқувчилар ёзганимга ишонмайди, деб ўйлай бошлаган. Шу боис уни «Ўтмишдан эртаклар» деб номлаган.

Назаримда, Абдулла Қаҳҳорнинг ўзини оқлаб айтган фикрларида ғирромликка ўхшаб кетадиган маҳобат бор. У ёзганларини ўқиганлар ўтмишимиз шунчалик қоронғи эдими, деб ишонмай шубҳаланишидан, ёзганларини адолат заррабини билан текшириб кўришидан чўчиган. Чунки уларнинг ёнида ўша ўтмишни ўз кўзи билан кўрган бобо-момолари бор эди. Улар болалик хотираларига чўмганда нуқул ёруғ кунларни эслашган. Ариқда оқизоқ қилиб ейилган бир парча нон таъмигача эслашган! Абдулла Қаҳҳор эса ўтмиш бўёқларини атайлабдан қорароқ қилаётганини, бугунги кунимиз яхши дейиш учун ҳам тарихни ёмонотлиқ қилаётганини билиб турган. Чунки бу китобни ўқиган киши албатта «Замонамизга шукур, Ленин бобога минг раҳмат!» дейиши лозим эди. Ёзувчи шу мақсад-муддаони кўзлаб қалам тебратган эди.

Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Абдулла Қаҳҳор табиатан улкан ёзувчи эди. Иқтидори жуда баланд эди. У қорани ҳам оппоқ қилиб тасвирлаш қувватига эга бўлган соҳир санъаткорлардан бири эди. Атроф- жавонибдаги воқеа-ҳодисалар ичидан шундайларини териб, танлаб олар эдики, ўқувчи беихтиёр муаллиф фикрига эргашиб кетганини ўзи ҳам билмай қоларди. Бунга у деталларни аниқ саралаш ва асар сюжетида, композициясида муваффақият билан жойлаштириш орқали эришарди.

Ҳолбуки, реалистман деган ёзувчи ҳаётни бус-бутун тасвир этиши лозим. Оқ ва қора бўёқлар мутаносиблигини сақлаши зарур. Машҳур шоиримиз Абдулла Ориф таъкидлагани каби:

Фақат ўтмиш билан яшамас инсон,
Гарчанд бўлолмайди ундан ҳеч озод.
Кечаги ғамини ўйласа обдон
Букчайиб қоларди бугун одамзод.

Яъниким, Абдулла Қаҳҳор мазкур асарида ўтмишни тасвир этишда оқ бўёқларнинг нисбатини камайтириб юборади. Атрофни нуқул зулмат этиб тасвирлайди. Нафақат уста Абдуқаҳҳор хонадонини, балки атрофдаги оилаларни ҳам фақат илмсизлик, фақат жаҳолат, фақат зулм ўраб, қамраб, чирмаб олган. Ҳеч бир ёруғлик йўқ. Мабодо, одамларнинг турмуш тарзи, ўй-фикри, хатти-ҳаракатида тангадай шуъла кўринса, уни дарҳол жаҳолат зулмати қоплаб олади, ямлаб ютади.

«Ўтмишдан эртаклар» асари шу тамойил устига қурилган.

Яйпан билан боғлиқ хотираларида ёзувчи оиласининг Олим бува деган новвойнинг ташқари ҳовлисида ижарада турганини қаламга олади. Олим буванинг портретини, характерини жуда кўримли, аниқ-тиниқ, ҳаётий ва энг муҳими, ишонарли деталлар воситасида чизади. Чунки бадиий адабиётнинг биринчи ва асосий қоидаси ўқувчини ўз сўзларига ишонтириш. Буни Абдулла Қаҳҳор жуда яхши биларди.

«Олим буванинг ўғли кимнингдир эшигида қарол, қизи эрга тегиб кетган. Унинг ўзи саҳарда туриб нон ёпади, нонни дўконнинг олдидаги тахтага дасталаб қўйгандан кейин чорвоғига кириб кетади-ю, шом қоронғисида чиқади; дўконга келиб нонни, тушган пулни санайди, пул баъзан кам келса керак, жаврайди, пул ё нон кам келганига эмас, пул ташламасдан нон олиб кетган киши бировнинг ҳақини еб, дўзахий бўлганига куяди».

Ёзувчи Олим бува борасида шу таърифларни айтади-ю, бироқ ўша замон жамиятида одамларнинг бир-бирига ишончи зўр эди, масалан, новвой пиширган нонларини савдолашиб сотиб ўтирмасди, шундоқ тахта устига ташлаб кетаверарди, харидор келиб, ўзига ёққан нонларни танлаб олиб, ҳақини пештахтага ташлаб кетаверарди, уни ҳеч ким келиб ўғирламайди, деб хулоса чиқармайди. Ўша замон одамларида имон кучли эди, бировнинг ҳақини еган дўзахга тушишидан чўчир эди, шу боис ҳеч ким эгаси йўқ молга кўз олайтирмасди, демайди. Ёзувчи шундай кичик хулосалар чиқарса, аввал бошда кўзлаган мақсад-муддаосига ўзи халал бериб қўйиши мумкин эди-да! Биз шу мисолдан ҳам ёзувчи қандай мақсадни кўзламасин, яхши ёзилган асар ўзининг адабий миссиясини – ўқувчини воқеликка ҳиссий баҳо беришга ўргатишини кўрамиз.
Ёш Абдулланинг отаси бир кечқурун шайтонаравасини (велосипедини) ғизиллатиб Олим буванинг ёши саксонлардан ошган опасининг ёнидан ўтиб кетади.

«…сесканиб кетган кампир бошини кўтариб қараса, олдинда одамга ўхшаган бир махлуқ оёғи ерга тегиб-тегмасдан учиб кетаётганмиш. Кампир шайтонлаб ўзини ташлаб юборибди. Одам йиғилибди. Кампирни замбилда уйига олиб кетишибди».

Кампир ўлади.

«Кампирнинг еттиси ўтгандан кейин Олим бува дадамга киши қўйиб, «Майли, уста хафа бўлмасин, опамнинг куни битган, қазоси етган экан, худонинг иродаси, лекин бундан кейин шайтонарава минмасин, шу шайтон арава олиб келгандан бери Яйпандан файз кетди», дебди.

Абдулла Қаҳҳор халқ ҳаётини жуда яхши биларди. Инсон психологиясини яхши ўрганган эди. Воқеликни ўқувчига қандай етказиш маҳоратини пухта эгаллаганди. Юқоридаги кичик лавҳани ўқиган кишининг кўз ўнгида ўзбекнинг содда бир вакили, унинг содда дунёқараши ярқ этиб гавдаланиши шубҳасиз. Шу соддалик ўқувчиларни ўзига мафтун этиши эса бор гап.

Ўзбек характеридаги бундай табиий хислатларни умумий тарзда санаб ўтгач, бу одамларнинг реал воқеликда қандай хатти-ҳаракат қилишини ҳам кўрсатиб ўтади ёзувчи:
«Дадам эрталаб дўконга кетаётганида йўлакда паранжилик бир хотинни кўрибди. Паранжининг орқа этагига бир шох янтоқ илашиб бораётган экан, дадам хотинга етиб олиб, янтоқни босибди. Янтоқ ерда қолиб, хотин дадамга қайрилиб қарабди-ю, кетаверибди. Бу хотин Олим буванинг эрга тегиб кетган қизи экан, паранжисига илашган янтоқдан бехабар, «уста менга тегишмоқчи бўлиб паранжимни тортди, деган хаёлга борибди-да, бу гапни отасига айтибди».

«…Йўлакда ўнг қўлини енгидан чиқариб олган Олим бувани кўриб танимадим: мени ҳамиша болам-бўтам деб суядиган, ширинсўз, юзидан табассум аримайдиган чол қани? Унинг ўрнида кўзлари қинидан чиқай деб турган, ранги соқолидан ҳам оқроқ, вужуди титраб, узун соқоли силкинаётган даҳшатли бир одам турарди. Дадам рўпара бўлиши билан унинг оғзидан ҳақорат устига ҳақорат ёғилди…»

Абдулла Қаҳҳор оиласи бошига тушган кўргўликларни ёзишни қасд қилганда ёдига нуқул ўтмишнинг қора кунлари келади. Асарни ўқир экансиз, ёш гўдакнинг ҳаётида биронта ҳам ёруғ кун бўлмаган экан-да, деб ўйланиб қоласиз. Чунки ёзувчи атай шундай зимистон кунларни, жоҳил кимсаларни териб қаламга олади.

Уста Абдулла оиласи билан Қўқонда ота уйи – акаси Абдураҳмон устаникида бир муддат яшайди. Бу ердаги одамларни кўринг: буви ўта жоҳил, жоҳиллиги шунчаликки, ҳатто, неварасини узатмоқчи бўлганида унинг бахтини эмас, келадиган тўёналарни ўйлайди – «Вақтида одамларга ўтқазиб қўйганим бор, тўёнага ким нима олиб келишини билмасам ҳам, ҳар нечук, умидим катта, ўз қўлим билан берганимни ўз қўлим билан олай!» Ҳолбуки, унинг энди тўридан гўри яқин, олганини киймоқ ё еб улгурмоғига шубҳа бор. Бироқ кампир буни ўйламайди.

Бу шум кампир ҳатто кенжа невараси ўлганда ҳам ачинмайди. «Кампирнинг дўппидеккина қозончаси бор экан, аям шунга ош дамларди. ошни кампирнинг ўзи сузиб, бировга манзират ҳам қилмай, якка ўзи ерди».

Уста Абдураҳмон – жоҳил, эрга тегишни хоҳламаган қизи – ўн олти яшар Савринисони уриб ўлдириб қўяди, Ғаффоржон – жоҳил, болалигида аҳмоқ ва хархаша эди, йиғлаганда «сидирғасига эмас, дам олиб-дам олиб, бирон нарсага алаҳсиб қолса, йиғлашни унутиб, яна эслаб йиғлар эди»; зерикканида, билмаса ҳам, най пуфлар, ботқоқда бақа ўлдирарди.
Агар бу оила муҳитида бир ёруғ нуқта бўлса, шу Савринисо эди. У ёш Абдуллага амиркон ковушининг пошнаси билан ёнғоқ чақиб берарди. Бироқ тасвир этилаётган муҳитда ёруғликка ўрин йўқ, шу боис бу қиз бағритош отанинг тепкилари остида жигари эзилиб, нариги дунёга «ҳур кетади».

Йўқ, Абдулла Қаҳҳор жаҳолат кўпайиб кетган эди, одамлар нурга, зиёга ташна эди, демайди. У замон қора эди, дейди. У замонда ёруғлик йўқ эди, мана рўшноликка энди чиқдик, дейди. Ўтмишни қоралаб, шунинг воситачилигида шўролар тузумини алқайди.

Майли, Абдулла Қаҳҳор шўро даврининг ёзувчиси эди, ўз даврига хизмат қилишга бел боғлаган эди, деб қўя қолайлик-да, унинг асаридан миллатимизнинг фитратини кўрсатадиган бошқа ўринларни қидириб кўрайлик. Ахир, у ўта маҳоратли ёзувчи эди, ҳаётни, одамларни биларди.

Уста Абдуқаҳҳорнинг оиласи Қудашга кўчади. Тўрақул вофуруш (кўтарасига улгуржи олиб, чакана сотувчи савдогар)нинг ташқи ҳовлисида ижарага яшай бошлайди. Ёзувчи бу одамнинг ёвузлигини билдириб қўйиш учун унинг портретига ҳам салбий хислатларни билдирувчи белгиларни киритади: «Кечқурун новча, ориқ бир чол худди икки-уч жойидан букилиб, синиб кетишидан хавфсирагандай эҳтиёт билан қадам босиб келди. Унинг бурни худди бир нарсадан жиркангандай жийрилган, оғзи ярим очиқ, димоғи билан гапирар эди».

Вофуруш уста Абдуқаҳҳорга саксонта ўроқ ясаб бериши учун олдиндан пул беради. Кейин устанинг кундалик харажати учун битта ҳам ўроқ қолдирмай олиб кетишни одат қилади. Устанинг хонадони қийналиб қолади, нега дейсизми, чунки уста бўнак олаётганда ўроқ ясаб беришнинг шартларини пишиқ-пухта келишиб олмаган эди. Вофуруш шундан фойдаланиб, жами ўроқни олиб кетади. Маҳсулотини олдиндан арзонга сотиб қўйган уста тишининг кирини сўриб қолаверади.

Албатта, вофуруш жуда айёр одам эди, дейиш осон, лекин уста нега бунча содда, гўл, оғзидаги ошини олдириб ўтиради, деб сўрагувчи йўқ. Буям бўлса, бизнинг тарихимиз ҳам бугунги кунимиздаги фитратимизга хос бир белги. Айбни ўзимиздан қидиришни унутиб қўйганмиз. Бошимизга бир иш, ташвиш тушса, ўзимиздан бўлак ҳамма айбдор, аниқ айбдорни топмасак, замон ёмон деймиз.

Ҳатто, қурбақани боссанг ҳам вақ дейди, лекин атрофдагилар тилсиз-забонсиз эканини кўрган вофурушлар билганини қилади, ёш хотин олиб, ариқдан оқиб келган гилосни егани учун уни бўкиртириб уради. Чунки у атрофдаги одамлар – сизу биз – ўзбеклар зулмга бефарқ эканини, зулмга кўникканини яхши билади.

Абдулла Қаҳҳор вақтида бу асарини «Ўтмишдан эртаклар» деб номлар экан, тузумга хизмат қилишни ўйлаган, деб юқорида айтиб ўтдик. Бадиий адабиётнинг яхши бир хислати шуки, ёзилган асар, агар бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта бўлса, муаллифининг истак-хоҳишига қарши ўлароқ ҳам яшаши мумкин. Ўз муаллифининг фикрларига қарши фикрларни ҳам исботлаб бериши мумкин. Бунинг учун ўша асарга бошқача муносабат билдиришга имкон берадиган янгича муҳит пайдо бўлса, кифоя.

Бугун ушбу асарни шўролар даврининг ғоявий қолипларидан ташқарига чиқиб ўқиган киши шундай эканига яна бир бор амин бўлади. Чунки биз бугун «Ўтмишдан эртаклар»да нуқул зулмга бефарқ, зулмга кўниккан, зулмсиз яшолмайдиган, зулм қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган кишиларни кўрамиз. Ўзи зулм остида турган кишилар ҳам шу кўникма боис золимларга кўмак беришга ўрганиб қолганини кўрамиз. «Зулм пичоғини қайраб бериш»га четдан мардикор ёллашнинг лузуми бўлмаганини кўрамиз. Бу юмушни даврнинг ҳар бир кишиси жон-жон деб ўз зиммасига олганига гувоҳ бўламиз.

«Бир куни Бувайдининг манаман деган бойи – жувозкундага ўхшаган юм-юмалоқ юзбоши кўчадан пиёда ўтиб кетаётиб дўконимизга томон бир қаради-ю, тўсатдан бурилди, айвонга кирди; деворга суяб қўйилган жодини кўздан кечирди-да, биттасининг кундасига шаппалаб:

– Уста, мана шунисини бизнинг ҳовлига элтиб ташлагин! – деди.

Албатта, бу гапдан уста Абдуқаҳҳорнинг жаҳли чиқиб кетади. Бир қоши баланд, бир қоши паст бўлади. Жувозкундани текинга беришдан бош тортади.

«Юзбоши шунда айтадиган гапини айтиб, ҳордиғини чиқариб олса бўлар экан, куни бўйи бу аламни кўксидан чиқаролмапти, кечқурун тимнинг тагидаги самоварда кариллаб ўтириб, бир баҳона билан дадамни хўп сўкибди.

– Туб жой итдан кўра мусофир итнинг қутургани ёмон бўлади! – дебди.

Шунда юзбошига чой қуйиб бериб ўтирган Валихон сўфи дадам ҳақида бирталай ножўя гапларни гапиргандан кейин:

– Намоз ўқимайди, намозни писанд қилмайди, бу одамни мусулмон деб бўлмайди! – дебди.

Юзбошидай одам, яна сўфи бир келгинди ҳақида шундай дегандан кейин, албатта буларнинг гапи ерда қолмайди. Қандолатчи – боққол, дадамда ҳеч қасди йўқ бўлмаса ҳам, юзбоши билан сўфининг гапларини тасдиқловчи бир далил келтиришни лозим кўрибди, дадам шаҳардан нима бўлиб извошда келганини эшитган экан, шуни назарда тутиб:

– Бу темирчи ҳозирги туришида губернатордан кам эмас, извошдан тушмайди! – дебди.

Шу баҳонада юзбошига сурканиб қолишни истаган бошқа одамлар ҳам топилибди. Булардан бири: «Уста асбобини айтганига сотади!» дебди, яна бири «чилтонхона» тўғрисида қулоғига кирган гапларни бир жувоз қилиб: «Қишлоқни наҳс босиб кетди», дебди.

Биз ўзбекларнинг баримизга теккан бир касал бор – бировни мақтасак осмонга чиқариб юборамиз, оёғи ердан узилиб, кейин пастга тушолмай ўтиради; ёмонласак, ерга уриб киргизиб юборамиз, қайтиб чиқишнинг уҳдасини қилолмайдиган даражада; ҳолбуки, мақтаётганимиз бизга яхшилик қилмаган, ёмонлаётганимиздан ғараз етмаган бўлса ҳам. Абдулла Қаҳҳор фитратимиздаги худди шу жиҳатни кўрсатиб беролган. У, албатта, булардан ўша замон ёмон эди, ҳозир яхши, деган хулоса чиқади, деб ўйлаган. Лекин, мана, орадан олтмиш йил ўтиб, биз замонни эмас, ўзимиздаги, миллатимиздаги камчиликларни ўрганмоқчи бўлсак, ёзувчи асаридан мисол топаяпмиз. Асл адабиётнинг қудрати шунда!

Кўпчилигимиз қорбобо ясаганмиз. Бунинг учун аввал кичкина қор бўлагини қўлимизда шиббалаб, гувала ясаймиз-да, кейин уни юмшоқ қор устида думалатамиз. Қор бўлаги думалагани сари каттариб боради, бир бўлагидан қорбобонинг бошини иккинчисидан қорнини, учинчисидан оёғини ясаймиз. Юзбоши уста Абдуқаҳҳорни ёмонлаганда ҳам худди шунга ўхшаш ҳол юз беради. Ёмонланаётган одамга янги ва янги ёмон хислатлар ёпиштириб борилади. Ҳолбуки, юқоридаги таъкидлаганимиз каби, уста бу одамларнинг камида ярмига сира ёмонлик қилмаган эди.

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ёзувчи китобни ўзининг катта ё кичик муддаоси учун битади. Маҳоратига қараб, китоб яхши ё ёмон чиқади. Лекин биз ўқувчилар танлаб ўқишни, ёзувчи кўрсатган нарсаларнигина эмас, кўрган нарсаларни тушунишни ҳам ўрганишимиз зарур.

Манба: «Маънавий ҳаёт» журналининг 2017 йил 3-сони.

00v.jpg Millatga o‘zining ma’naviy qiyofasini – ham botiniy, ham zohiriy  mohiyatini anglatadigan vosita, ta’bir joiz bo‘lsa, ulkan ko‘zgu, bu – adabiyot va san’at! To‘g‘ri, publitsistika va analitika ham shu vazifani  bajaradi. Biroq bularning har ikkisi adabiyot va san’atga nisbatan  ikkilamchi hodisa. Chunki bularning o‘rganish obyekti xuddi adabiyot va  san’atniki singari, hayot deb atalsa ham, aslida, ular hayotni adabiyot va  san’at asarlari kabi keng miqyosda qamrab ololmaydi. Doimo dolzarb va  dolzarbligi uchun ham miqyosi tor maqsadni ko‘zlaydi.

Musulmon NAMOZ
IKKI MAQOLA
06

FITRATIMIZDAGI KAYFIYATLAR

12466164_169346260094569_2373598120888967599_o.jpgKichik o‘g‘lim Ma’rufbek Koreya davlatida, Seuldagi dorilfununlardan birida o‘qiydi. Iqtisodni o‘rganadi. O‘qishdan bo‘sh vaqtlarida ishlab, tahsil uchun mablag‘ni o‘zi topadi. O‘zidan orttirib, bizga ham ul-bul jo‘natadi. Telefonda ko‘rishib gaplashib turamiz. Onasi “Sen musofirsan, bizning kunimiz baharnav o‘tib turibdi, o‘zingni o‘yla”, deb yozg‘iradi. U esa kulib qo‘yadi, erkalanib onasini jerkigan bo‘ladi: “Ona, pulni o‘ylamasangiz-chi! Ishlayapman, topayapman, sarflayapman. Sizlarga ham ortganini yuboryapman, mening kamchiligim yo‘q!”

O‘tgan yili o‘g‘lim bilan, uch kunmikin, gaplasholmadik. Telefonimga qisqa xabar keldi: “Bandroqman. Ishlayapman”. Keyin bafurja suhbatlashdik. Aytishicha, O‘zbekistondan borib, Seulda kichik bir oshxona ochgan hamyurtimiz Ma’rufbekni yordamga chaqiribdi. Turli millatlarning taomlari festivali bo‘lib, bular o‘zbekcha ovqatlar tayyorlab sotishibdi.

“Aka zo‘r oshpaz, pazanda kishi, lekin biznesga uquvi yo‘qroq, savdosi yurishmagani uchun meni chaqirgan. Men koreyscha gapirib, hazil-huzul bilan xaridor chaqirdim. Ovqatlanish jarayoni “shou”ga aylanib ketdi. Bizning oshxonadan joy tegmaganlargina noiloj boshqalarga bordi. Biz ham lekin bo‘lganimizcha bo‘ldik. Kechasi uxlamay masalliq tayyorladik. Qirq sakkiz soat tik oyoqda turdik. Ikki kunda yigirma ming dollarlik foyda qildik”, deb tushuntirdi o‘g‘lim. Ovozidan iftixor sezilib turardi. Men ham faxrlanib ketdim.

Men otaman. O‘g‘limning bugunidan kelajagini ko‘proq o‘ylayman. Shu boismikin, “Endi shu oshxonada qolib ishlasang ham bo‘larmikan”, deb so‘radim. Biroz jimlikdan so‘ng: “Yo‘q, – dedi o‘g‘lim. – Bu yerda ishlamayman! Mehnatingni qadrlamagan odam bilan ishlab bo‘lmaydi”. Beixtiyor, ”Mo‘ljalingdan kamroq haq berdimi”, deb so‘radim.

Ma’rufbek juda mag‘rur yigit. Birovdan narsa so‘rashni or biladi. Doim aytadiki, men qo‘l uchida ishlashni yomon ko‘raman, qadrimga yetgan odam bilan ishlab, unga ham, o‘zimga ham foyda bo‘lishini ko‘zlayman. Bu safar ham o‘g‘lim shu gapini takrorladi. Lekin ish haqini oldindan kelishmagan ekan, berganini olgach, cho‘g‘i kamligini ko‘rib, endi siz bilan ishlamayman, deb aytibdi. Men uning gapini ma’qulladim. Biroq …
Biroq o‘ylanib qoldim.

Oldindan haqini kelishmay, ish boshlaganini ma’qul ko‘rmadim, “Mo‘ljalingdan kamroq berdimi” degan so‘rog‘imni eslab, shunday bo‘lganini o‘zim ham dastlab tabiiy qabul qilganimni tushundim.

Men o‘zim ham odamlarga ishonaveraman. Biron yumush aytishsa, haqini so‘ramay, bajarib beraman, keyin berganidan norozi bo‘lib yuraman. “Axir, Siz bu ishga juda qisqa vaqt sarfladingiz, ozgina vaqtingiz ketgan ish uchun shuncha berganim ozmi”, deb so‘raydiganlarga “Bu darajaga kelish uchun men bir umr o‘qib-o‘rganganman”, desam taajjub bilan yelka qisishadi. O‘g‘limga ham shu xislat o‘tgan ekan-da, deb ozroq afsuslandim. Kachon yangi zamonga moslashamiz, deb o‘yladim. Mendagi, o‘g‘limdagi bu xarakterning ildizlari qayda ekan, deb xayolga botdim.

Keyin to‘satdan tushunib yetdim. Bu faqat mening o‘g‘limgagina xos bo‘lgan xususiyat emas. U o‘zbeklarimizning qon-qoniga singigan, asrlardan beri kelayotgan fitratimiz tufayli ekan.

Nega deysizmi?..

Atoqli va ardoqli adibimiz Oybek “Qutlug‘ qon” romanining dastlabki sahifalaridayoq o‘zbek xalqining mehnatkash ikki vakili – Yo‘lchi va Yormat xarakterining ayrim qirralarini chizib beradi. Yo‘lchining kambag‘al yigitligi, qishloqda ish topmay, shahardagi boy tog‘asini qora tortib kelgani, “butun siymosida katta jasorat va g‘urur” sezilib turishi yoziladi. Yormat ham Yo‘lchi kabi kambag‘al bir kishi. Biroq uning o‘zi xizmat qilayotgan boy xonadoniga sodiqligi, “butun qomati, hamma harakatlari o‘ziga zeb bergan maqtanchoq kambag‘al” ekani aytiladi.

Yormat va Yo‘lchi “picha yurib, to‘rt-besh tanob joyni ishg‘ol qilgan bedazorga chiqishdi.

– Mana, bedam, – qo‘lini beliga tirab, ko‘zi bilan uzoqqa ishora qilib dedi Yormat. – Hafsalangiz bo‘lsa, bedanani shunda tuting-da.

– Yo‘ng‘ichqa siznikimi? Yosh ekan hali, juda baquvvat o‘sibdi, – Yormatga qarab dedi Yo‘lchi.

– Xax-xax-xax – qattiq kuldi Yormat va o‘roqni Yo‘lchiga tutqazib gapira boshladi. – Mirzakarimboy otamning ostonalarida o‘n olti yildan beri ishlayman, yigitcha. Shunday bo‘lgandan keyin “sizniki, bizniki” deyishga o‘rin qoladimi”.

Romanni o‘qigan odamlar biladi. Yormat shuncha yildan beri Mirzakarimboyning uyida HAQINI KЕLISHMASDAN ISHLAYDI. O‘zining tushuntirishicha, “Xudo haqqi, men, xizmatimga bir narsa bering, deb so‘ramayman. Insof o‘zlaringga bersin, deyman-da, yuraveraman”.

Xuddi Yormat kabi Yo‘lchi ham boyga ishga yollanar ekan, xizmatiga haq so‘ramaydi. Cho‘ntagida bir tiyin puli yo‘q bo‘lsa ham haq so‘ramay mehnat qiladi. Xizmatkorlikdagi tanishi Shoqosimning xotini o‘lib qolganda janoza xarajatlari uchun kambag‘al mardikorlar oxirgi pullarini o‘rtaga yig‘ishganida “cho‘ntagida siyqa chaqasi” yo‘qligidan o‘kinadi, biroq o‘shanda ham boy tog‘adan qilgan xizmatlari uchun pul so‘rash lozimligi xayoliga kelmaydi.

Holbuki, u qishloqdan tog‘asi Mirzakarimboynikiga kelgan kuniyoq ishga solinadi. Beda o‘radi. O‘tkir o‘roq bilan “o‘ralib-chaplashib o‘sgan qalin maysani “shar-shar” yiqib borar ekan, o‘zi ham zavqlanadi. Hozir uning ko‘ngli bir qadar ko‘tarilgan. “Boy tog‘am insofli odam bo‘lsa kerak. Mana, haligi odam shuncha yil ishlabdi. Xizmatkor qul emas. Foyda ko‘rmasa turadimi? Gapiga qaraganda, xursandga o‘xshaydi. Qishloqda ko‘p odamlarning yumushini qildim, mayli, bu yerda ham ishlay. Yaxshi ishlasam, albatta, chakki bo‘lmaydi. Negaki, bular qarindoshlarim, hammadan yulsalar ham, mendan yulmaslar.”

Yormatning “insof o‘zlaringga bersin, deyman-da, yuraveraman” degan gapiga e’tibor qildingizmi? Asli, bugun ham ko‘pchiligimiz shu gapni aytib yurmayapmizmi? Oynada ko‘rgan haqiqatimizdan nega saboq chiqarmayapmiz?

O‘ylashimcha, dunyoda o‘zgarmas haqiqatlar bo‘lgani singari, xalqning, millatning ma’naviyatida ham o‘zgarmas, shu o‘zgarsa, dunyo ham o‘zgarib ketadigan birxil xislatlar bo‘ladi. Shulardan bittasi – o‘zimizga mag‘rurlik. Boshqalarni ham o‘zimizday ko‘rish. Biz duch kelgan odamlarning o‘z haqiqati borligini ko‘pda o‘ylamaslik. Eng yomoni – jamiki og‘irlikni o‘zimizga olish. Mehnatimizning bahosini o‘zimiz bilamiz yo tasavvur qilamiz, lekin xaridorga mehnatimizni, kuchimizni sotayotganda unda INSOF borligiga ishonishimiz.

Holbuki, insof bu dunyoda juda tansiq matoh.

Yo‘lchini go‘rga tiqqan narsa ham ustoz Oybek ishongani kabi sinfiy adolatsizlik emas, boy bo‘lsin, kambag‘al bo‘lsin, xalqning omiligi, el-ulusdan insof, xususan, boylardan insof ko‘tarilgani edi, deb o‘ylasak, to‘g‘riroq bo‘ladi, nazarimda.

***

Oybekning “Qutlug‘ qon” romanini bolaligimda o‘qiganman. O‘shandagi ilk taassurotlar hozir yodimdan ko‘tarilib ketgan. Esimda qolgani Yo‘lchining sof muhabbati, Mirzakarimboyning xasisligi, kambag‘allarning ezilgani-yu, boylarning insofsizligi. Lekin asarning go‘zal tili, shirador hikoya uslubi, urf-odatlar, udumlar, tabiat tasvirlari, romantik jozibaga liq to‘la ishq-muhabbat sahnalari boshimga gurzi kabi urilganini, ko‘ksimda boylarga, o‘tmish hayotga nisbatan nafrat uyg‘otganini elas-elas eslayman.

Oradan o‘n yillar o‘tib, esimni tanib, oq bilan qorani bir qur ajratadigan bo‘lganimdan keyin yana shu kitob qo‘limga tushdi. Dastlabiga erinibgina varaqlay boshladim, biron o‘n sahifa o‘qigach, qiziqib ketib, romanning yarmiga borganimni, tun ham allamahal bo‘lib qolganini sezmabman. O‘zimga endi kech bo‘ldi, uxlay desam ham ko‘zimga bir qatra uyqu kelmaydi.

Chunki o‘tgan yillar mening jamiyat to‘g‘risidagi bilimlarimni oshirgan, boylik va kambag‘allikning siru sinoati anchagina ma’lum, taqdir bitiklariga faylasufona xotirjamlik ila boqadigan yoshga yetishgan edim. Shu bois meni endi ustoz Oybekning sinflarga bo‘lingan jamiyat borasidagi ijtimoiy qarashlari, ezilganlar albatta boylarga (ezuvchilarga) qarshi bosh ko‘tarishi shart, degan fikrlari emas, bundan yuz yil burungi o‘zbek xalqining turmush sharoitini, maishatini, qarashlarini, e’timodini hassos musavvir kabi qog‘ozda jonlantirayotgan sahifalar ko‘proq o‘ziga tortmoqda edi.

Xususan, bizning xalqimizda boshqa juda ko‘p ellar, xalqlar, millatlar, jamiyatlarda bo‘lmagan noyob xislatlar ham borki, ularni doimo asrab-avaylashimiz darkor. Shunday milliy fazilatlar tasviri ustoz Oybek asarida o‘ziga xos mahorat bilan chizib berilgan ekan.

Yo‘lchi Salimboyvachchaga aravakashlik – haydovchilik qilib restoranga boradi. Salimboyvachcha ichkari kirib ketadi va ichkilik daryoday oqqan, go‘zal xonimlar yengiltak ko‘z suzgan to‘kin ziyofat boshlanadi. Bu orada tashqaridagi Yo‘lchi qish sovug‘ida dildirab o‘tiradi. Och qorni quldirab, uxlay desa, sovuq zaptiga olib, ne qilarini bilmay turadi. Oradan allaqancha vaqt o‘tib, ichkaridan Salimboyvachcha chiqadi va Yo‘lchini ham yonlariga taklif qiladi.

Kambag‘al odamning hashamatli zalga kirganini ko‘rgan eshik og‘asi Yo‘lchini chiqarib yubormoqchi bo‘ladi. Salimboyvachcha bunga yo‘l qo‘ymaydi – Yo‘lchini restoranda olib qoladi va unga o‘zlari yeyotgan ovqatlarni taklif qiladi.

“Ikki xotinning o‘rtasida o‘tirgan Salimboyvachcha bir stakan to‘ldirib, uning oldiga qo‘ydi.

– Ich, ovqatni ur!
– Men ichmayman, rahmat.

– Ichkilik bo‘lsa, Jo‘ra o‘zini tomdan tashlaydi. Ko‘chada sovuqlagansan, ich, yigit! – dedi Jamolboy gerdayib.

Yo‘lchi ichmadi, ovqatga ham ishtahasi bo‘g‘ilgan edi. Sovib qolgan kabobdan bir six oldi…”

Shu mojaroni yondosh stolda o‘tirgan ikki rus kishi kuzatib, o‘zlaricha muhokama qilib o‘tirgan edi: “ularning biri keksaroq odam, u yo chinovnik, yo katta savdogar yoki ayni zamonda har ikkisi… Ikkinchisi o‘rta yashar, ko‘zoynakli va kiyimga g‘oyat zeb bergan odam. Buni Abdishukur injenerga o‘xshatdi.

– “Ko‘rdingizmi, bu osiyoliklar vahshiy bo‘lsalar ham, ba’zi bir fazilatlarga ega ekanlar; mana boy “sart” o‘z xizmatkori, balki quli bilan birga ichishadi. Demokratiya!.. – dedi injenernamo.

… Boy bo‘lsin, kambag‘al bo‘lsin, baribir, “sart”ning uyida bitta piyolasi bo‘ladi. Ikkita qilsa, odat buziladi ham katta gunoh hisoblanadi!..”

Yevropaliklar “Demokratiya” deb o‘zlaricha kulgan bu xislat aslida xalqimizning qon-qoniga singigan fazilat, millatni bir butun holda ushlab turgan ruhiy-ma’naviy ustun ekanini bugun ko‘rib, bilib, anglab turibmiz. Chunki bizda, Yevropadan farqli o‘laroq, odamlarni boyligiga, nasabiga qarab ajratish bo‘lmagan. Hammaga odam deb qaralgan. Odamlar boylikda o‘zaro teng bo‘lmasa ham (besh qo‘l baravar emas), xudoning oldida tengdir, deb tushunilgan. Bu tenglikni ko‘rsatuvchi belgilardan biri o‘sha –boy-kambag‘alning bir dasturxondan taomlanib, bitta piyoladan choy ichishi bo‘lgan.

Bunday juda kichik, biroq e’tibor qilishga arzirli detallar romanda juda ko‘p topiladi. Faqat, ularni ko‘ra bilish va o‘qiy olish kerak, nazarimda.

Yo‘lchi Mirzakarimboy xonadoniga ilk daf’a kelib kirganida kambag‘al mehmonning oldiga dasturxonni boyning xotini olib chiqib yozadi: “Boy tog‘a nonni ushatib, patnisni Yo‘lchining oldiga surib qo‘ydi”.

Holbuki, Mirzakarimboy uyida xizmatkor saqlaydigan darajada boy edi. Biroq u o‘z xatti-harakati bilan eldan chiqib ketishni istamaydi. Uyida ham boshqa o‘zbeklar – kambag‘almi, qashshoqmi, qat’i nazar – qatori umrguzaronlik qiladi. Qizini uzatayotganda boylikka, hashamatga o‘ch xotini kelinni izvoshda (bugungi holatimizga binoan aytmoqchi bo‘lsak – limuzinda) kuzatmoqchi bo‘lganda boyning jerkib berishi ham shundan:
“Lutfiniso qizi bilan qo‘sh kelinini izvoshda yuborishni so‘radi. – “Axir, kimsan, falonchining qizi-ya!”

– El qatori aravada ketabersin! – dedi uzil-kesil boy.

– Voy, Alixo‘ja boylardan nimamiz kam? Qizini qo‘sh arg‘umoqli izvoshda yubordi. Qo‘qon aravaning do‘qiri qursin!

– Bas, – qichqirdi Mirzakarimboy, – manmanlik – xudo urganlik. Eski taomildan qolma. Yana zamon nozik. Xalq meni gap-so‘z qiladi. Boylar qutirib ketdi, deydi. Sen buni tushunasanmi, noqisulaql!”

Men shu kichik tafsilotlardan donish xulosalar chiqarib, hammaga o‘zi tushunadigan narsalarni qaytarib, ezilishib o‘tirmay. Har kim xulosani o‘zi chiqarishga o‘rganadigan zamonlar allaqachon yetishgan. Faqat, mening aytadiganim shuki, adabiyot – oyna, shaxsning, jamiyatning yuziga tutilgan oyna! Farqi shuki, bu oyna kundalik maishiy turmushni keraksiz tafsilotlardan xolis qilib, tiriklikni yurg‘izib turgan eng asosiy tamoyillarni, hayotning o‘q tomirini ko‘rsatadi. Shaxsning kim ekanini eslatadi, jamiyatning qayoqqa qarab borayotganini ko‘rsatadi, bulardan saboq chiqarishga chorlaydi. Biz, o‘quvchilar, badiiy asarlardan saboq olamizmi yo “velosipedni qaytadan ixtiro qilib”, o‘z boshimizdan kechgan va kechajak hodisalardan o‘rganamizmi, endi bunisi o‘zimizga bog‘liq.

***

O‘tgan yil bahorda qishloqqa borgan edim. Do‘stlar bilan Surxonning bo‘yiga endik. Tog‘-toshdagi sel tufayli daryoning suvi rosa toshgan payt edi. Loyqa, bo‘tana suv toshloq qirg‘oqni o‘piraman deb hamla qiladi. Biroq sohilga mahkam qoqilgan sepoyalarga, atay tashlab qo‘yilgan ulkan xarsanglarga urilib, shashti-shiddati pasayadi. Keyin joyida chir aylanib, sepoya tagida girdob hosil qiladi, xarsang ustidan oshaman deb to‘lqin uradi. Yana mavjlanib, to‘lqin solgancha narigi qirg‘oq sari chopadi. U tarafda ham shu ahvol.

To‘lqinlarni tomosha qilgancha, bepoyon sohilda yashil orol kabi ko‘zni quvnatib turgan maskanga bordik. Dehqon akalarimizdan biri daryo bo‘yidagi chag‘ir toshloqdan bir parcha joy ochib, o‘zan yoqalab tol, terak, jiyda ekibdi. Uzumni ishkomga ko‘tarib, peshinda salqinlaydigan joy hozirlabdi. Daraxtlarning chalkashib, chirmashib o‘sgan tomiri sohilni mahkamlab, dehqonchilik qilishga yaroqli bir botmon yerni himoyalabdi. Biz ham do‘stlar bilan, garchi daryo bo‘yida esak-da, qizg‘aldoqning issig‘idan salqinlash uchun o‘zimizni ishkom tagiga oldik.

Ko‘rsam, atrofi daraxt bilan ihotalangan maydonga piyoz ekilgan. Piyoz allaqachon yetilib, yerni yorib, turtib chiqib, maysasi quvrab, har biri polvon kishining mushtiday tugilib turibdi. Hosilning ko‘pligidan yer yuzasi ko‘rinmaydi, deng. Atrofni piyoz bosgan. Dehqonchiligingizga baraka bersin, deb so‘rashdim. Keyin undan-mundan suhbatlashib o‘tirdik. Tabiiyki, piyozning bahosi ham aytildi:

– Uying kuygir olib-sotar shu piyozning kilosiga ellik so‘m so‘rab turibdi, – deb yozg‘irdi dehqon aka. – Ey, noinsof, beradigan puling piyozning urug‘ligi ham bo‘lmayapti-ku, desam, aka, bozorning ko‘targani shu deydi ishshayib. Mana, siz Toshkentdan keldingiz, o‘shayoqda piyozning narxi qanday?

– Besh yuz so‘m edi, shekilli, – dedim o‘zim ham ishonqiramay. – Piyozning narxi arzonligi bor gap.

– Mana, – deb gapni uladi dehqon aka. – Olib-sotar mendan bozor narxining o‘ndan birini so‘rayapti. Shu insofdanmi?

Ko‘plashib hisoblab ko‘rdik. Yo‘l haqi kilosiga ikki yuz so‘mdan oshar ekan. Chunki Toshkentning yo‘li uzoq, buzuq joyi ko‘p, yoqilg‘i qimmat, ya’niki transport xarajatlari bisyor. Mayli, ko‘zga ko‘rsatilmaydigan xarajatlar ham yuz so‘m bo‘lsin, deylik, dedik o‘zimizcha, shunda ham olib-sotar har kilo piyozdan yuz ellik so‘m foyda qilar ekan. Shu piyozni ekib, mehnat qilib, olti oy kutgan dehqon uch kun yugurgan savdogardan uch barobar kam haq olsa, insofdanmi, deb uning dardiga sherik bo‘ldik.

– Sizlar noto‘g‘ri hisob qilyapsiz, – dedi dehqon aka. – Uch barobar emas. Chunki savdogar tikkan pulining hammasini chiqarib olib, ustiga yuz ellik so‘m olyapti. Men esa qarri enamning pensiya puliga olgan urug‘likning pulini ham qoplamayapman. Aslida, urug‘lik va mehnatim evaziga yuz ellik so‘mga kuyayapman.
Yuqoridagi voqeani bejiz eslamayotganimni tushunayotgandirsiz.

“Qutlug‘ qon” romanida ham shunga o‘xshash bir epizod bor. Shaharga qovun ortib kelayotgan dehqonning aravasi sinib qolgani esingizdami?

Dehqon aravasining buzilib, shaharga borolmay qolgani, qovunini sotolmagani, puliga yalang‘och bolalariga kiyim-kechak ololmaganiga achinmaydi, aravaning birovniki ekanidan zorlanadi:

– “Ot-arava o‘zimniki bo‘lsaydi, jarga qulab ketsa ham mayliydi. Kishiniki, uka. O‘zimda ulov yo‘q. Qovunim pishib, chirib ketdi… Qo‘shnimdan ot-aravani bir kunga tilab olgan edim. Jilla bo‘lmasa, bitta chetanda olib tushay-da, sotib bolalarga kiyimlik olay, deb xayol qilgan edim. Bola-chaqa qip yalong‘och; uh… Falokat kutib turgan ekan.

Mahsulotini bozorga yetkazolmagan dehqonning qiyin holatidan olib-sotar baqqol foydalanib qoladi. Bozorda kami o‘n sakkiz so‘mga sotsa bo‘ladigan tuyaning kallasiday saksonta katta-katta qovunni u to‘rt yarim so‘mga oladi:

“– Shaharga bora olmaysiz, – bidirladi boqqol – qovunni ham ko‘rdim. O‘rtacha. Agar yaxshi bo‘lsa, xalq yeb, sizni duo qiladi, men o‘zim yemayman. Keyin, kim biladi, bir palakdan har xil qovun yetishadi. Dehqon bo‘lmasak ham buni fahmlaymiz. Uch so‘lkavoy beraman, xo‘p, deng!..

– Saksonta qovunga-ya? Uch so‘m? – dehqon teskari burildi.
– Insof qiling, boqqol aka! – qichqirdi Yo‘lchi.

Yana bir muncha odamlar Yo‘lchining gapini tasdiqladilar:”To‘g‘ri, insof qiling-da!” Boqqol bu gaplarni eshitmaganday avrayverdi:

– Men sizning foydangizni o‘ylayman. Arava kishinikimi? Qovunini tushirib olaman shu yerda. Anov yerda usta Toshpo‘lat bor, bilarsiz. Arava ishida farang! Qovunning puliga aravani tuzattirasiz. Egasi xafa bo‘lmaydi. Iloji bo‘lsa, yamatganingizni aytmang, koyib-netib yurmasin tag‘in. Tuya ko‘rdingmi-yo‘q, vassalom…

Ilojsiz qolgan dehqon bahoni sekin kamaytirib, yetti so‘mga tushdi. Boshqa bir raqib ilmasin degan andisha bilan boqqol ham bir tangalab oshaverdi. So‘z bilan dehqonning boshini qotirib, nihoyat, to‘rt yarim so‘mga ko‘nishga majbur qildi”.

Nega dehqonlarimiz yuz yil burun ham, bugungi kunda ham qo‘lida mablag‘i bor “ishbilarmon”ga tobe bo‘lib qolmoqda, degan sodda savolni bermaylik. Asli, erkin iqtisodiyotning qonuni shunday. Narxni bozor belgilaydi!

Biroq meni o‘ylantirayotgan va mutolaa vaqtida ko‘nglimdan o‘tayotgan gap shuki, nega yuz yil o‘tgan bo‘lsa ham xalqimiz hamon sodda, hamon ishonuvchan, hamon qo‘li yupqa; nega muhit o‘zgarsa ham, bozor qonunlariga binoan yashayotganimizga yigirma besh yildan ziyod muddat o‘tgan bo‘lsa ham, mentalitetimiz hamon o‘sha-o‘sha? Nega zamon o‘zgarsa ham biz o‘zgarmaymiz? Biz shunchalik qotib qolganmizmi?..

Men “Qutlag‘ qon” romanini o‘qishda davom etdim va ko‘plab savollarimga javob oldim.

Xususan, gazaklab, madda boylab ketgan yaralar vaqtida davolanmasa, tig‘ ishlatishga ehtiyoj paydo bo‘larkan. Tig‘ni qo‘li gul tabib ushlasa-ku, xo‘p-xo‘p, davo topamiz, lekin u qassobning qo‘lida bo‘lsa-chi?.. Ezilgan xalqning holatidan ustomonlik bilan foydalangan sho‘rolar mol o‘rniga odam so‘yib qassoblik qilgan, millatning gullarini Sibirga badarg‘a qilgan zamonlarga hali hech vaqt o‘tgani yo‘q-ku!..

Biz hech qachon bir-birimizni ayirmagan, sen kambag‘al, sen boy desak ham, insoniylikda o‘zaro teng ko‘rgan xalqmiz. Ustoz Oybek aytmoqchi, bitta piyoladan choy ichamiz. Endi, bitta piyoladan choy ichib bo‘lgach, oynaga qarab, ust-boshimizni, o‘zimizni, jamiyatimizni tuzatib olishni ham o‘rgansak edi…

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnalining 2017 yil 2-soni.

ASL ADABIYOTNING QUDRATI

0-8a.jpgDunyoda oddiy haqiqatlar juda ko‘p. Shulardan biri quyidagicha: millat o‘z tabiatidagi, fitratidagi illatlardan qutilishi uchun avvalo ularni tubdan anglab yetishi kerak; tavsifu ta’rif etishi, mushohadayu muhokama etib ko‘rishi lozim; illatlarning ildizi va hosilasini tahlil etib, xulosalar chiqarishga o‘rganishi zarur.

Shu haqiqatni qabul qilsak, navbatdagi savol o‘z-o‘zidan yuzaga qalqib chiqadi: milliy fitratimizni qanday o‘rganamiz?

Javob ham oddiy: o‘z-o‘zimizga nazar solish bilan.

Millatga o‘zining ma’naviy qiyofasini – ham botiniy, ham zohiriy mohiyatini anglatadigan vosita, ta’bir joiz bo‘lsa, ulkan ko‘zgu, bu – adabiyot va san’at! To‘g‘ri, publitsistika va analitika ham shu vazifani bajaradi. Biroq bularning har ikkisi adabiyot va san’atga nisbatan ikkilamchi hodisa. Chunki bularning o‘rganish obyekti xuddi adabiyot va san’atniki singari, hayot deb atalsa ham, aslida, ular hayotni adabiyot va san’at asarlari kabi keng miqyosda qamrab ololmaydi. Doimo dolzarb va dolzarbligi uchun ham miqyosi tor maqsadni ko‘zlaydi.

Holbuki, shoir yo yozuvchi, san’atkor xato gap aytishi mumkin, lekin ijod hodisasi tub ma’nosi bilan doimo to‘g‘ri yo‘lda bo‘ladi. Boshqacharoq aytsak, asarning xulosasi xato bo‘lishi mumkin, lekin o‘zi xato bo‘lmaydi. Chunki yozuvchi yolg‘onni yozganda ham rost yozadi.

Faqat, o‘quvchi yoki tomoshabin adabiyot va san’at vositachiligida hayotga hissiy baho berishga o‘rgansa, shuning o‘zi kifoya. Shunda bular o‘z vazifasini, to‘g‘rirog‘i missiyasini bajargan bo‘ladi.

Biroq bu oson emas.

Abdulla Qahhorning “O‘tmishdan ertaklar” deb nomlangan xotira kitobi bor. Yozuvchining o‘zi so‘zboshida e’tirof etishicha, bu kitobni dastlab “O‘tmishdan lavhalar” deb nomlashni o‘ylagan ekan, biroq o‘tmish hodisalari o‘sha zamon, ya’ni o‘tgan asrning oltmishinchi yillari tanqidchilariga ham shunchalik qorong‘i, nursiz ko‘rinibdiki, hatto, bittasi “juda zulmat-ku!” degan ekan. Muallifning o‘zi ham yosh o‘quvchilar yozganimga ishonmaydi, deb o‘ylay boshlagan. Shu bois uni “O‘tmishdan ertaklar” deb nomlagan.

Nazarimda, Abdulla Qahhorning o‘zini oqlab aytgan fikrlarida g‘irromlikka o‘xshab ketadigan mahobat bor. U yozganlarini o‘qiganlar o‘tmishimiz shunchalik qorong‘i edimi, deb ishonmay shubhalanishidan, yozganlarini adolat zarrabini bilan tekshirib ko‘rishidan cho‘chigan. Chunki ularning yonida o‘sha o‘tmishni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan bobo-momolari bor edi. Ular bolalik xotiralariga cho‘mganda nuqul yorug‘ kunlarni eslashgan. Ariqda oqizoq qilib yeyilgan bir parcha non ta’migacha eslashgan! Abdulla Qahhor esa o‘tmish bo‘yoqlarini ataylabdan qoraroq qilayotganini, bugungi kunimiz yaxshi deyish uchun ham tarixni yomonotliq qilayotganini bilib turgan. Chunki bu kitobni o‘qigan kishi albatta “Zamonamizga shukur, Lenin boboga ming rahmat!” deyishi lozim edi. Yozuvchi shu maqsad-muddaoni ko‘zlab qalam tebratgan edi.

Ammo masalaning boshqa jihati ham bor. Abdulla Qahhor tabiatan ulkan yozuvchi edi. Iqtidori juda baland edi. U qorani ham oppoq qilib tasvirlash quvvatiga ega bo‘lgan sohir san’atkorlardan biri edi. Atrof- javonibdagi voqea-hodisalar ichidan shundaylarini terib, tanlab olar ediki, o‘quvchi beixtiyor muallif fikriga ergashib ketganini o‘zi ham bilmay qolardi. Bunga u detallarni aniq saralash va asar syujetida, kompozitsiyasida muvaffaqiyat bilan joylashtirish orqali erishardi.

Holbuki, realistman degan yozuvchi hayotni bus-butun tasvir etishi lozim. Oq va qora bo‘yoqlar mutanosibligini saqlashi zarur. Mashhur shoirimiz Abdulla Orif ta’kidlagani kabi:

Faqat o‘tmish bilan yashamas inson,
Garchand bo‘lolmaydi undan hech ozod.
Kechagi g‘amini o‘ylasa obdon
Bukchayib qolardi bugun odamzod.

Ya’nikim, Abdulla Qahhor mazkur asarida o‘tmishni tasvir etishda oq bo‘yoqlarning nisbatini kamaytirib yuboradi. Atrofni nuqul zulmat etib tasvirlaydi. Nafaqat usta Abduqahhor xonadonini, balki atrofdagi oilalarni ham faqat ilmsizlik, faqat jaholat, faqat zulm o‘rab, qamrab, chirmab olgan. Hech bir yorug‘lik yo‘q. Mabodo, odamlarning turmush tarzi, o‘y-fikri, xatti-harakatida tangaday shu’la ko‘rinsa, uni darhol jaholat zulmati qoplab oladi, yamlab yutadi.

“O‘tmishdan ertaklar” asari shu tamoyil ustiga qurilgan.

Yaypan bilan bog‘liq xotiralarida yozuvchi oilasining Olim buva degan novvoyning tashqari hovlisida ijarada turganini qalamga oladi. Olim buvaning portretini, xarakterini juda ko‘rimli, aniq-tiniq, hayotiy va eng muhimi, ishonarli detallar vositasida chizadi. Chunki badiiy adabiyotning birinchi va asosiy qoidasi o‘quvchini o‘z so‘zlariga ishontirish. Buni Abdulla Qahhor juda yaxshi bilardi.

“Olim buvaning o‘g‘li kimningdir eshigida qarol, qizi erga tegib ketgan. Uning o‘zi saharda turib non yopadi, nonni do‘konning oldidagi taxtaga dastalab qo‘ygandan keyin chorvog‘iga kirib ketadi-yu, shom qorong‘isida chiqadi; do‘konga kelib nonni, tushgan pulni sanaydi, pul ba’zan kam kelsa kerak, javraydi, pul yo non kam kelganiga emas, pul tashlamasdan non olib ketgan kishi birovning haqini yeb, do‘zaxiy bo‘lganiga kuyadi”.

Yozuvchi Olim buva borasida shu ta’riflarni aytadi-yu, biroq o‘sha zamon jamiyatida odamlarning bir-biriga ishonchi zo‘r edi, masalan, novvoy pishirgan nonlarini savdolashib sotib o‘tirmasdi, shundoq taxta ustiga tashlab ketaverardi, xaridor kelib, o‘ziga yoqqan nonlarni tanlab olib, haqini peshtaxtaga tashlab ketaverardi, uni hech kim kelib o‘g‘irlamaydi, deb xulosa chiqarmaydi. O‘sha zamon odamlarida imon kuchli edi, birovning haqini yegan do‘zaxga tushishidan cho‘chir edi, shu bois hech kim egasi yo‘q molga ko‘z olaytirmasdi, demaydi. Yozuvchi shunday kichik xulosalar chiqarsa, avval boshda ko‘zlagan maqsad-muddaosiga o‘zi xalal berib qo‘yishi mumkin edi-da! Biz shu misoldan ham yozuvchi qanday maqsadni ko‘zlamasin, yaxshi yozilgan asar o‘zining adabiy missiyasini – o‘quvchini voqelikka hissiy baho berishga o‘rgatishini ko‘ramiz.
Yosh Abdullaning otasi bir kechqurun shaytonaravasini (velosipedini) g‘izillatib Olim buvaning yoshi saksonlardan oshgan opasining yonidan o‘tib ketadi.

“…seskanib ketgan kampir boshini ko‘tarib qarasa, oldinda odamga o‘xshagan bir maxluq oyog‘i yerga tegib-tegmasdan uchib ketayotganmish. Kampir shaytonlab o‘zini tashlab yuboribdi. Odam yig‘ilibdi. Kampirni zambilda uyiga olib ketishibdi”.

Kampir o‘ladi.

“Kampirning yettisi o‘tgandan keyin Olim buva dadamga kishi qo‘yib, ”Mayli, usta xafa bo‘lmasin, opamning kuni bitgan, qazosi yetgan ekan, xudoning irodasi, lekin bundan keyin shaytonarava minmasin, shu shayton arava olib kelgandan beri Yaypandan fayz ketdi», debdi.

Abdulla Qahhor xalq hayotini juda yaxshi bilardi. Inson psixologiyasini yaxshi o‘rgangan edi. Voqelikni o‘quvchiga qanday yetkazish mahoratini puxta egallagandi. Yuqoridagi kichik lavhani o‘qigan kishining ko‘z o‘ngida o‘zbekning sodda bir vakili, uning sodda dunyoqarashi yarq etib gavdalanishi shubhasiz. Shu soddalik o‘quvchilarni o‘ziga maftun etishi esa bor gap.

O‘zbek xarakteridagi bunday tabiiy xislatlarni umumiy tarzda sanab o‘tgach, bu odamlarning real voqelikda qanday xatti-harakat qilishini ham ko‘rsatib o‘tadi yozuvchi:
“Dadam ertalab do‘konga ketayotganida yo‘lakda paranjilik bir xotinni ko‘ribdi. Paranjining orqa etagiga bir shox yantoq ilashib borayotgan ekan, dadam xotinga yetib olib, yantoqni bosibdi. Yantoq yerda qolib, xotin dadamga qayrilib qarabdi-yu, ketaveribdi. Bu xotin Olim buvaning erga tegib ketgan qizi ekan, paranjisiga ilashgan yantoqdan bexabar, ”usta menga tegishmoqchi bo‘lib paranjimni tortdi, degan xayolga boribdi-da, bu gapni otasiga aytibdi».

“…Yo‘lakda o‘ng qo‘lini yengidan chiqarib olgan Olim buvani ko‘rib tanimadim: meni hamisha bolam-bo‘tam deb suyadigan, shirinso‘z, yuzidan tabassum arimaydigan chol qani? Uning o‘rnida ko‘zlari qinidan chiqay deb turgan, rangi soqolidan ham oqroq, vujudi titrab, uzun soqoli silkinayotgan dahshatli bir odam turardi. Dadam ro‘para bo‘lishi bilan uning og‘zidan haqorat ustiga haqorat yog‘ildi…”

Abdulla Qahhor oilasi boshiga tushgan ko‘rgo‘liklarni yozishni qasd qilganda yodiga nuqul o‘tmishning qora kunlari keladi. Asarni o‘qir ekansiz, yosh go‘dakning hayotida bironta ham yorug‘ kun bo‘lmagan ekan-da, deb o‘ylanib qolasiz. Chunki yozuvchi atay shunday zimiston kunlarni, johil kimsalarni terib qalamga oladi.

Usta Abdulla oilasi bilan Qo‘qonda ota uyi – akasi Abdurahmon ustanikida bir muddat yashaydi. Bu yerdagi odamlarni ko‘ring: buvi o‘ta johil, johilligi shunchalikki, hatto, nevarasini uzatmoqchi bo‘lganida uning baxtini emas, keladigan to‘yonalarni o‘ylaydi – “Vaqtida odamlarga o‘tqazib qo‘yganim bor, to‘yonaga kim nima olib kelishini bilmasam ham, har nechuk, umidim katta, o‘z qo‘lim bilan berganimni o‘z qo‘lim bilan olay!” Holbuki, uning endi to‘ridan go‘ri yaqin, olganini kiymoq yo yeb ulgurmog‘iga shubha bor. Biroq kampir buni o‘ylamaydi.

Bu shum kampir hatto kenja nevarasi o‘lganda ham achinmaydi. “Kampirning do‘ppidekkina qozonchasi bor ekan, ayam shunga osh damlardi. oshni kampirning o‘zi suzib, birovga manzirat ham qilmay, yakka o‘zi yerdi”.

Usta Abdurahmon – johil, erga tegishni xohlamagan qizi – o‘n olti yashar Savrinisoni urib o‘ldirib qo‘yadi, G‘afforjon – johil, bolaligida ahmoq va xarxasha edi, yig‘laganda “sidirg‘asiga emas, dam olib-dam olib, biron narsaga alahsib qolsa, yig‘lashni unutib, yana eslab yig‘lar edi”; zerikkanida, bilmasa ham, nay puflar, botqoqda baqa o‘ldirardi.
Agar bu oila muhitida bir yorug‘ nuqta bo‘lsa, shu Savriniso edi. U yosh Abdullaga amirkon kovushining poshnasi bilan yong‘oq chaqib berardi. Biroq tasvir etilayotgan muhitda yorug‘likka o‘rin yo‘q, shu bois bu qiz bag‘ritosh otaning tepkilari ostida jigari ezilib, narigi dunyoga “hur ketadi”.

Yo‘q, Abdulla Qahhor jaholat ko‘payib ketgan edi, odamlar nurga, ziyoga tashna edi, demaydi. U zamon qora edi, deydi. U zamonda yorug‘lik yo‘q edi, mana ro‘shnolikka endi chiqdik, deydi. O‘tmishni qoralab, shuning vositachiligida sho‘rolar tuzumini alqaydi.

Mayli, Abdulla Qahhor sho‘ro davrining yozuvchisi edi, o‘z davriga xizmat qilishga bel bog‘lagan edi, deb qo‘ya qolaylik-da, uning asaridan millatimizning fitratini ko‘rsatadigan boshqa o‘rinlarni qidirib ko‘raylik. Axir, u o‘ta mahoratli yozuvchi edi, hayotni, odamlarni bilardi.

Usta Abduqahhorning oilasi Qudashga ko‘chadi. To‘raqul vofurush (ko‘tarasiga ulgurji olib, chakana sotuvchi savdogar)ning tashqi hovlisida ijaraga yashay boshlaydi. Yozuvchi bu odamning yovuzligini bildirib qo‘yish uchun uning portretiga ham salbiy xislatlarni bildiruvchi belgilarni kiritadi: “Kechqurun novcha, oriq bir chol xuddi ikki-uch joyidan bukilib, sinib ketishidan xavfsiraganday ehtiyot bilan qadam bosib keldi. Uning burni xuddi bir narsadan jirkanganday jiyrilgan, og‘zi yarim ochiq, dimog‘i bilan gapirar edi”.

Vofurush usta Abduqahhorga saksonta o‘roq yasab berishi uchun oldindan pul beradi. Keyin ustaning kundalik xarajati uchun bitta ham o‘roq qoldirmay olib ketishni odat qiladi. Ustaning xonadoni qiynalib qoladi, nega deysizmi, chunki usta bo‘nak olayotganda o‘roq yasab berishning shartlarini pishiq-puxta kelishib olmagan edi. Vofurush shundan foydalanib, jami o‘roqni olib ketadi. Mahsulotini oldindan arzonga sotib qo‘ygan usta tishining kirini so‘rib qolaveradi.

Albatta, vofurush juda ayyor odam edi, deyish oson, lekin usta nega buncha sodda, go‘l, og‘zidagi oshini oldirib o‘tiradi, deb so‘raguvchi yo‘q. Buyam bo‘lsa, bizning tariximiz ham bugungi kunimizdagi fitratimizga xos bir belgi. Aybni o‘zimizdan qidirishni unutib qo‘yganmiz. Boshimizga bir ish, tashvish tushsa, o‘zimizdan bo‘lak hamma aybdor, aniq aybdorni topmasak, zamon yomon deymiz.

Hatto, qurbaqani bossang ham vaq deydi, lekin atrofdagilar tilsiz-zabonsiz ekanini ko‘rgan vofurushlar bilganini qiladi, yosh xotin olib, ariqdan oqib kelgan gilosni yegani uchun uni bo‘kirtirib uradi. Chunki u atrofdagi odamlar – sizu biz – o‘zbeklar zulmga befarq ekanini, zulmga ko‘nikkanini yaxshi biladi.

Abdulla Qahhor vaqtida bu asarini “O‘tmishdan ertaklar” deb nomlar ekan, tuzumga xizmat qilishni o‘ylagan, deb yuqorida aytib o‘tdik. Badiiy adabiyotning yaxshi bir xislati shuki, yozilgan asar, agar badiiy jihatdan pishiq-puxta bo‘lsa, muallifining istak-xohishiga qarshi o‘laroq ham yashashi mumkin. O‘z muallifining fikrlariga qarshi fikrlarni ham isbotlab berishi mumkin. Buning uchun o‘sha asarga boshqacha munosabat bildirishga imkon beradigan yangicha muhit paydo bo‘lsa, kifoya.

Bugun ushbu asarni sho‘rolar davrining g‘oyaviy qoliplaridan tashqariga chiqib o‘qigan kishi shunday ekaniga yana bir bor amin bo‘ladi. Chunki biz bugun “O‘tmishdan ertaklar”da nuqul zulmga befarq, zulmga ko‘nikkan, zulmsiz yasholmaydigan, zulm qon-qoniga, jon-joniga singib ketgan kishilarni ko‘ramiz. O‘zi zulm ostida turgan kishilar ham shu ko‘nikma bois zolimlarga ko‘mak berishga o‘rganib qolganini ko‘ramiz. “Zulm pichog‘ini qayrab berish”ga chetdan mardikor yollashning luzumi bo‘lmaganini ko‘ramiz. Bu yumushni davrning har bir kishisi jon-jon deb o‘z zimmasiga olganiga guvoh bo‘lamiz.

«Bir kuni Buvaydining manaman degan boyi – juvozkundaga o‘xshagan yum-yumaloq yuzboshi ko‘chadan piyoda o‘tib ketayotib do‘konimizga tomon bir qaradi-yu, to‘satdan burildi, ayvonga kirdi; devorga suyab qo‘yilgan jodini ko‘zdan kechirdi-da, bittasining kundasiga shappalab:

– Usta, mana shunisini bizning hovliga eltib tashlagin! – dedi.

Albatta, bu gapdan usta Abduqahhorning jahli chiqib ketadi. Bir qoshi baland, bir qoshi past bo‘ladi. Juvozkundani tekinga berishdan bosh tortadi.

«Yuzboshi shunda aytadigan gapini aytib, hordig‘ini chiqarib olsa bo‘lar ekan, kuni bo‘yi bu alamni ko‘ksidan chiqarolmapti, kechqurun timning tagidagi samovarda karillab o‘tirib, bir bahona bilan dadamni xo‘p so‘kibdi.

– Tub joy itdan ko‘ra musofir itning quturgani yomon bo‘ladi! – debdi.

Shunda yuzboshiga choy quyib berib o‘tirgan Valixon so‘fi dadam haqida birtalay nojo‘ya gaplarni gapirgandan keyin:

– Namoz o‘qimaydi, namozni pisand qilmaydi, bu odamni musulmon deb bo‘lmaydi! – debdi.

Yuzboshiday odam, yana so‘fi bir kelgindi haqida shunday degandan keyin, albatta bularning gapi yerda qolmaydi. Qandolatchi – boqqol, dadamda hech qasdi yo‘q bo‘lmasa ham, yuzboshi bilan so‘fining gaplarini tasdiqlovchi bir dalil keltirishni lozim ko‘ribdi, dadam shahardan nima bo‘lib izvoshda kelganini eshitgan ekan, shuni nazarda tutib:

– Bu temirchi hozirgi turishida gubernatordan kam emas, izvoshdan tushmaydi! – debdi.

Shu bahonada yuzboshiga surkanib qolishni istagan boshqa odamlar ham topilibdi. Bulardan biri: “Usta asbobini aytganiga sotadi!” debdi, yana biri “chiltonxona” to‘g‘risida qulog‘iga kirgan gaplarni bir juvoz qilib: “Qishloqni nahs bosib ketdi”, debdi.

Biz o‘zbeklarning barimizga tekkan bir kasal bor – birovni maqtasak osmonga chiqarib yuboramiz, oyog‘i yerdan uzilib, keyin pastga tusholmay o‘tiradi; yomonlasak, yerga urib kirgizib yuboramiz, qaytib chiqishning uhdasini qilolmaydigan darajada; holbuki, maqtayotganimiz bizga yaxshilik qilmagan, yomonlayotganimizdan g‘araz yetmagan bo‘lsa ham. Abdulla Qahhor fitratimizdagi xuddi shu jihatni ko‘rsatib berolgan. U, albatta, bulardan o‘sha zamon yomon edi, hozir yaxshi, degan xulosa chiqadi, deb o‘ylagan. Lekin, mana, oradan oltmish yil o‘tib, biz zamonni emas, o‘zimizdagi, millatimizdagi kamchiliklarni o‘rganmoqchi bo‘lsak, yozuvchi asaridan misol topayapmiz. Asl adabiyotning qudrati shunda!

Ko‘pchiligimiz qorbobo yasaganmiz. Buning uchun avval kichkina qor bo‘lagini qo‘limizda shibbalab, guvala yasaymiz-da, keyin uni yumshoq qor ustida dumalatamiz. Qor bo‘lagi dumalagani sari kattarib boradi, bir bo‘lagidan qorboboning boshini ikkinchisidan qornini, uchinchisidan oyog‘ini yasaymiz. Yuzboshi usta Abduqahhorni yomonlaganda ham xuddi shunga o‘xshash hol yuz beradi. Yomonlanayotgan odamga yangi va yangi yomon xislatlar yopishtirib boriladi. Holbuki, yuqoridagi ta’kidlaganimiz kabi, usta bu odamlarning kamida yarmiga sira yomonlik qilmagan edi.

Aytmoqchi bo‘lgan gapim shuki, yozuvchi kitobni o‘zining katta yo kichik muddaosi uchun bitadi. Mahoratiga qarab, kitob yaxshi yo yomon chiqadi. Lekin biz o‘quvchilar tanlab o‘qishni, yozuvchi ko‘rsatgan narsalarnigina emas, ko‘rgan narsalarni tushunishni ham o‘rganishimiz zarur.

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnalining 2017 yil 3-soni.

Abdulla Qahhor. O‘tmishdan ertaklar

Oybek. Qutlugʻ qon. Roman

08

(Tashriflar: umumiy 2 008, bugungi 1)

1 izoh

  1. Каттакон раҳмат. Бадиий адабиёт ва ҳаёт диалектикаси ўта нозик идрок этилган. Мусулмон Намоз мақолаларини ҳамиша миллий адабиётшуносликдаги тоза эпкиндай кутганмиз, кутамиз.

Izoh qoldiring