Shuhrat Rizayev. Yashab o’tdi yonimizda uch shoir.

099
Ҳалоллик – ғирромликнинг зидди, инсонни ҳаётлигида ҳам ва, айниқса, дунёдан ўтганидан кейин юксак инсоний мартабада хотирлашга боис бўлгучи фазилат. Инчунун ижоддаги ҳалоллик ижодкор умрини авлодлар силсиласида мудом пойдор этгувчи сифат – хусусият. Камина назарда тутаётган уч шоир – “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч навойи”, “уч вафойи” – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, назаран, худди шундай ижодкорлар эди.

-22

Шуҳрат Ризаев
ЯШАБ ЎТДИ ЁНИМИЗДА УЧ ШОИР…

Ўзбекнинг инжа шоири Зокиржон Фурқатнинг “Танланган асарлар”ида шеърият муҳибларига ҳануз жумбоқ бўлиб келаётган бир таржиъбанд-мусаддас бор. Уни олимларимиз шартли равишда “Уч хароботий” деб номлаганлар. Шеърнинг ҳар олтилик банди уч шоирнинг якрафтор сифати таърифи билан бошланади: “уч хароботий эрурмиз…”, “уч аламкашмиз”, “уч қаландармиз”, “уч биродармиз”, “уч мусофирмиз”, “уч адойимиз”, “уч навойимиз”, “уч ғарибиймиз”, “уч вафойимиз”, “уч балокашмиз”, “уч мукаддар”… Сўнгги йилларда “Сайланма”лари эълон қилинган бизга замондош, кечагина ёнимизда яшаб юрган уч шоир ҳақида ўйлаб туриб, негадир жигарсўз Фурқатнинг ўша таржиъбанд-мусаддаси ёдга келди.

Бу уч шоир авлоддош эди – 60 дан эндигина уч-тўрт сана ўтиб улгурган ҳозирги шоирларга тенгдош. Бугун уларнинг учови ҳам марҳум. Билишимча, уларни бир-бирига ўта яқин дўст, сирдош биродар сифатида таърифламоққа далиллар ҳам кўп эмас. Учови уч тарафдан – бири гўзал водийнинг Ўшидан, иккинчиси Қашқадарёдан, учинчиси эса Хоразм томонлардан. Аммо уларни бирлаштирадиган чўнг бир робита борки, бу – авлоддошлик ва поэтик қисматдошлик…

Улар тириклигида қадр топмади десак, инсофдан бўлмас. Айниқса, ҳаётининг сўнгги йиллари бири Ёзувчилар уюшмасида, яна бири Маъмун академиясида, учинчиси эса нуфузли идораларда ўн йиллар чамаси ишлаб, умри обрў билан, ўзига яраша иззату икромда кечди. Назару эътиборда ҳам улар бировдан кам эмасдилар. Уларнинг уччаласи ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига эга эдилар. Йил сайин бўлмаса-да, йиллар оралатиб янги шеърий тўпламлари, достон, таржималари нашр этилиб турар, мунаққиду адабиётшуносларнинг мақолаларида саноқ бошида бўлмаса-да, тилга олиниб тургувчи эдилар. Кўкрак кериб минбар ҳам талашмасдилар, турли катта давраю издиҳомларнинг ҳам кунда-шундаси эмасдилар. Умуман, рисоладагидек умргузаронлик, адабий кечмиш, рўзғор, уй, бола-бақра… ва ҳоказо. Дарвоқе, буларга улар ҳеч бир ортиқча иддаосиз, ўз меҳнатлари билан, ҳа, фақат меҳнат – ҳалоллик билан эришган эдилар. Ҳалоллик ҳар учовининг ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, сўзда ҳам бош кредоси – кори аъмоли эди. Балки уларни боғлаб турадиган энг чўнг робита ҳам шу бўлса чиқар.

Ҳалоллик – ғирромликнинг зидди, инсонни ҳаётлигида ҳам ва, айниқса, дунёдан ўтганидан кейин юксак инсоний мартабада хотирлашга боис бўлгучи фазилат. Инчунун ижоддаги ҳалоллик ижодкор умрини авлодлар силсиласида мудом пойдор этгувчи сифат – хусусият. Камина назарда тутаётган уч шоир – “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч навойи”, “уч вафойи” – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, назаран, худди шундай ижодкорлар эди. Билмадим, балки улар сиймоси каминанинг тасаввур ва тахаййул дунёсига шу тахлит сингиган чиқар. Ҳар ким не деганда ҳам, мен уларни шундай ҳис қиламан, шундай қабул қиламан. Ва бу туйғуларим, хаёлларим тасдиғини уларнинг вақт жиҳатидан энг сўнгги китоб – “Сайланма”ларидан топгандек бўламан…

Шеърият, биз сени алдадик,
кўпинча аврадик, хўрладик.
Васлингга етишдик ниҳоят,
қизарган кўзларинг кўрмадик.

* * *

Шеърият,
фалажруҳ паризод,
учдингми, кўндингми ёлғонга:
учдингми кичкина дунёга,
Кўндингми кундалик ёвғонга.
Сен-ҳирслар
таъмалар қурбони,
ўзингни ҳар кимга тўшайсан,
паримас,
анжирдай эзилган
бир шўрлик аёлга ўхшайсан…

Сафдоши Шавкат Раҳмоннинг фикрига ҳамоҳанг келиб Муҳаммад Раҳмон айтади:

Хўрладик ўткинчи истакларни деб,
Шўрлик шеъриятни баъзан
бекорга.
Минди уни биров машина қилиб,
Гилам қилиб қоқди биров деворга.

Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмонга ҳамфикр бўлиб Матназар Абдулҳаким ҳам айтади, аммо у энди ўгитнамо қилиб, зиддини келтириб, оғирроқ ботириб айтади:

Ишонмангиз дабдабаларга,
Шоирларга ишонмангизлар.
Ўз бурнидан нарини кўрмас
Аймоқларга ишонмангизлар.

Сергак бўлинг. Ёлғонга учманг.
Ўтрик сўзни ҳам демангизлар.
Ҳалол бўлса, не есангиз енг,
Фақатгина панд емангизлар.

Аслида бундай сўзлар айнан панд еган, муттасил алданган, аламкашида дилдан чиқади. Негаки, бу шунчаки муваққат кайфият уйғотган аламзада эҳтирос ёхуд фақат нафси илинжида қоғозга тушган сатрлар эмас. Бу уч шоирнинг аламкашлиги, озурда кўнгил – мукаддарлиги. ўусса ва қайғуга тўлган мукаддар кўнгил эса тозармоқ истайди, балокашликлардан халос бўлиш йўлларини излайди.

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга,
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

(Шавкат Раҳмон)

Шоирнинг тариқати жаҳолат оғочларига осилган Мансури Ҳаллож, неча минг Машраблардир. Машраб эса айтади:

Муродингга етай десанг, қаландар
бўл, қаландар бўл.
Ситам аҳлин ютай десанг,
қаландар бўл, қаландар бўл.

Оғиздан дур сочай десанг,
шароби ишқ ичай десанг,
Ёмонлардан қочай десанг,
қаландар бўл, қаландар бўл.

Шоир ёлғон дунёнинг замзамаларидан қочишнинг ягона йўли деб қаландарлик кулоҳини киймоқчи. Ишқ шаробидан маст ушшоқлар ҳолига, сийратига, суратига кирмоқчи. Ишқни ягона лаззат манбаи сифатида тақдим этяпти. Бунга ҳамоҳанг қараш тамойил даражасига кўтарилиб, уч замондош шоирларимиз шеърларида акс садо беради:

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
Бошқаси шамолнинг оний сурати.

(Шавкат Раҳмон)

Майли, биздан йироқдир шуҳрат,
Ов халтамиз майли, қуп-қуруқ.
Ўлжамиздир буюк муҳаббат,
Юрагимиз меҳрга тўлиқ.

(Муҳаммад Раҳмон)

Муҳаббат бир ғарибликдир,
муҳаббат бир виқор ҳар кун.
Юракда барқарордир ҳам азоб,
ҳам ифтихор ҳар кун.

(Матназар Абдулҳаким)

Муҳаббат ғариблик, дунё ҳою ҳавасидан воз кечиб, ҳақ-ҳақиқат йўлида адойилик, вафойилик ва пировард илоҳий оҳангларга сомеъ этгувчи навойиликдир. Сомеъ қалбнинг эса рутбаси мусофирлик, қаландарлик, маскани майхона – харобот – ишқ шаробхонаси…

“Ишқда бўлдим гоҳ гадолар, гоҳ шоҳлар,” дейди Матназар оға. Гадо ҳолига шоҳман дея ҳайқиргувчилар – харобот аҳли – ваҳдоният тилагида сармаст, руҳонияти коинот қадар юксалганида шоҳлик даражотини ҳис этгувчи ориф зотлар. “Ориф – сўфий, … дунёвийлик ва илоҳийликни бирлаштиради, … моддийлик ва руҳонийлик, дунё ва охират чегарасида турадиган хилқат – ҳар икки тараф унда ўзаро мувозанатда акс этиши лозим…”*

Умр йўлларини ёдга олиб, ҳаёт тарзини кўз ўнгимиздан ўтказиб, уч шоир оғамиз ҳақида дабдурустдан орифлик сифати хусусида сўз юритиш бироз ғалати туюлса-да, назаран асл ҳолат худди шундай, дейиш мумкин. Улар учови ҳам сўфиёна кайфиятда яшаб, дунё ва охиратни ўйлаган, бирини иккинчисига басма-бас мувозанатда бўлишини истаган ёниққалб ижодкорлар эди. Уларни асли биродарлик мақомида бирлаштирган сифат ҳам шу бўлса эҳтимол.

Гарчи юқорида уларни у қадар ҳам сирдош, зоҳиран бир-бирига яктан эмасди деган бўлсак-да, бир-бирига ботинан ўта яқин сифатлари, ўша орифона хислатлари билан ўзаро лутфли, бир-бирини теран ҳис этадиган, бир-бирига руҳан интиладиган инсон – ижодкорлар эди, дейишга асослар бор.

Шавкат Раҳмоннинг вафоти муносабати билан 1996 йилда Муҳаммад Раҳмон эълон қилган мақолада шундай фикр бор: “Шавкат Раҳмон шеъриятида фожиона оҳанглар, фожиона ранглар ҳамиша устувор бўлган… Шавкат Раҳмон ҳақида, у ватанни севарди, дейиш камлик қилади. У ватанни ички бир қизғаниш, маъюс меҳр билан, муҳаббат билан севарди!” Муҳаммад аканинг Шавкат Раҳмонга лутфи шунчалар эдики, чорбоғ қўшнисининг “куз келгач чорбоғ ҳувиллаб, кечалари чинорлар ваҳимали гувиллайдиган, бойқуш ноласи шуурига заҳардай лаҳза-лаҳза томиб, этин жунжиктирадиган” пайтларда оромини бузиб Шавкат Раҳмоннинг ўқтин-ўқтин йўталишидан ҳам фазилат топади. Гўё “у фарзандлари, дўстлари фароғатини қўриқлаб, тунга дўқ ураётгандай йўталгани йўталган…” деб ёзади:

Қутсиз тунлар сукунатни буз,
Ваҳмларнинг кўзини ўйгин.
Йироқлардан бўлса ҳам, эй дўст,
“Мен борман” деб йўталиб қўйгин!

Шундай лутф, бағирдошликни Муҳаммад Раҳмоннинг 2010 йил чоп этилган “Сайланма”сига Матназар Абдулҳакимнинг сўзбошисидан ҳам уқасиз.

Айни тобда уларга авлоддош, хайрихоҳ дўст Эркин Аъзамнинг бир гувоҳлигини эсламоқ ўринли. Муҳаммад Раҳмон ҳаётининг сўнгги йиллари оғир дардга чалинган паллада Эркин акага қўнғироқ қилиб, умри давомида ёзган шеърларидан саралаб бир “Сайланма” тартиб этганини айтади. Китобга хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимдан бирор сўз ёзиб беришни сўраш андишасини билдиради. Ва “бизнинг у қадар яқин суҳбатдошлигимиз йўқ эди” дейди. Эркин ака Хоразмга қўнғироқ қилиб, Матназар оғага шоир андишасини етказганида, у сира ўйланмай “Жоним билан, Муҳаммад Раҳмонни яхши кўраман, у яхши шоир” дейди ва узоқ куттирмай “Эзгулик ишқида” сарлавҳаси билан “сўз”ини юборади. Унда шундай фикрлар бор:

“Адабиётсиз халқ, агар шундай халқ бўлиши мумкин бўлса, виждонсиз халқдир. Мен Муҳаммад Раҳмонни халқимизнинг виждонини таъмин этаётган инсонлардан, деб биламан.”

“Шоир сўз айтишдек машаққатли бахтдан ўзини бир лаҳза ҳам тиймаслиги, эзгулик тарафида туриб, ёвузликка қарши курашдан тўхтамаслиги керак. Бунда жасорат шоирнинг кундалик бурчи. Муҳаммад Раҳмоннинг ушбу китоби (“Сайланма”си – Ш.Р.) фикримизнинг далилидир”.

Бу сўзлар – авлоддошларнинг ўзаро лутфлари маъносидагина англанмаслиги лозим. Уларнинг муносабатларида тамасиз биродарлик, ҳавас қилгудай латифлик бор эди. “Лутф” “латифлик” билан бир ўзакдан келади. Латифлик эса гўзаллик, ёқимлилик, нозиклик сифатларини мазмунига жо этган. Билфеъл, оламу одамдан гўзаллик излаш, табиат ва жамият ҳодисаларини нуктадонлик билан теран ва нозик илғаш, ҳис қилиш ҳамда шуларни соҳир сўз воситасида инжа бир ифодаларда ёқимли қилиб ўқувчи қалби, шуурига етказиш ҳар уч шоирнинг ҳаёт мазмуни, кори аъмоли бўлди. Умр иши, ҳалоли бўлди. Хоссатан, бу “уч хароботий”, “уч биродар”, “уч адойи”, “уч ғарибий”, “уч вафойи”нинг авлодлар хотирасида бардавом сақлагувчи авлоддошлик, қисматдошлик сифатларига, инсоний, ижодий ҳалоллик фазилатлари ёнига латифлик хислати ҳам қўшилиб муштарак мунавварлик бағишлайди. Шоядки, ёнимизда сокин яшаб ўтган уч замондош шоирнинг шу тахлит ҳаёти дунё сари шитоб билан елиб бораётган авлодларга, авлоддошларимизга не бир ибрат, сабоқ бўлса …

Мазкур сўзларимизни ўқиб, бу уч шоир шеъриятидан баҳраманд закий китобхон балки иштибоҳ топар. Шавкат Рахмонни бошқа икки шоиримизга нисбатан анча шуҳрат топгани, асл поэтик табиатида ва сўзида исёнкор руҳ устувор эканидан баҳсланмоққа чоғланар. Муҳаммад Раҳмонни эса сокин лирик, Матназар Абдулҳакимни файласуф шоир сифатида ёрқинроқ ва аниқроқ тасаввур этилишини исботлашга уринар. Сира эътироз қилмаган ҳолда, улар шеъриятини ҳақрост шундай таърифлаб қўя қолиш ҳам мумкин. Аммо ҳалолликни бори инсоний ва ижодий табиатнинг бош тамойили деб билган қайси шоирни исёнкор эмас ёки файласуф ёки маскун оҳанглар куйчиси эмас, дея айта оласиз… Қолаверса, гап уларнинг шеъриятида устувор жиҳатларни кашф этиш, ҳатто уларнинг қалбан бир-бирларига муштаракликларини кўрсатиш, исботлаш, таъкидлашда ҳам эмас. Муддао шуки, бу уч шоир ёнимизда, ёнгинамизда яшаб ўтди. Қай биримизга катта, қай биримизга кичик ё тенгдош замондош бўлиб ўтди. Уларнинг шеърий сатрлари қатларида вулқон мисол потраб турган дард, ошуфталик, дилраболик самимият билан инжа ифодалар топиб, бетаъма, беғараз “ҳалол шеърият” деган бир оддий иборани бот-бот хаёлга келтиради. Ўзбекнинг каттаю кичик авлод шоирлари орасида ана шундай ҳалол шеърият заҳматкашларини вақтида илғаб, таҳлилу тақдимлаб, муносиб рутбасида, таъбир жоиз эса, жаҳоний миқёсларда тушуниб, тушунтириб бера биляпмизми?! Хотирлаяпмизми?! Шавкат аканинг мухлису содиқ дўст, шогирд, муҳиблари ё йирик таваллуд санаси, ё бирор китоб-куллиёти баҳона давралар тузиб, изҳори дил, эътирофларини-ку айтиб турибдилар. Аммо эслаганимиз икки шоир ва умуман ёнимизда яшаб ўтган, ўтаётган яна қанча шоирнинг, ўша “ҳалол шеърият” рутбасидагиларнинг номлари, битиклари зикримизда эканми? Хокисор инсон, файласуф шоир Матназар оғанинг сафдош, маслакдош дўсти “Сайланма”си муносабати билан адабиёт халқнинг виждони эканлиги ҳақида айтган фикрлари яна ва яна тилга келаверади. “Адабиётсиз халқ – виждонсиз халқдир”.

*Н.Комилов. “Тасаввуф” китоби. 2009 йил. 280-бет

Манба: “Китоб дунёси” газетаси, 2013 йил 13 февраль 3 (150) -сони

(Tashriflar: umumiy 135, bugungi 1)

1 izoh

  1. Умр йўлларини ёдга олиб, ҳаёт тарзини кўз ўнгимиздан ўтказиб, уч шоир оғамиз ҳақида дабдурустдан орифлик сифати хусусида сўз юритиш бироз ғалати туюлса-да, назаран асл ҳолат худди шундай, дейиш мумкин. Улар учови ҳам сўфиёна кайфиятда яшаб, дунё ва охиратни ўйлаган, бирини иккинчисига басма-бас мувозанатда бўлишини истаган ёниққалб ижодкорлар эди. Уларни асли биродарлик мақомида бирлаштирган сифат ҳам шу бўлса эҳтимол.

Izoh qoldiring