Sharof Boshbekov hangomalari

011

— Парво қилманг, домла, ўзи ҳамма буюк ижодкорларнинг исми “Ш”дан бошланади, – дедим “икковимиздан зўри йўқ” деган маънода. – Масалан, Шекспир, Шиллер, Шуман, Шуберт, Штраус… – Кейин Россия томонларни ораладим: – Шостакович, Шолохов, Шукшин… – Ўзимизники-лар ҳам бенасиб қолмади: – Шайхзода, Шукур Бурхонов, Шукрулло, Шукур Холмирзаев…
— Шароф Бошбеков… – дедилар домла ҳазиллашаёиганимни тушуниб.
— Канешно! – дедим ясама виқор билан.
Устоз Саид Аҳмад саноқни давом эттирдилар:
— Шаид Аҳмад…

099

ШАРОФ БОШБЕКОВ
ҲАНГОМАЛАР

Эҳтиёткорлик

1992 йилнинг 19-август куни эрталаб соат еттидан беш дақиқа ўтганда Тошкентда қаттиқ ер силкинди. Буни қарангки, ўша куни таниқли кино ва театр актёри, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотининг соҳиби Фарҳод Аминовнинг тўртинчи қаватдаги уйи ҳам қимирлабди. Фарҳод ака болаларини шоша-пиша пастга чиқариб юбориб, даҳлиздаги бор оёқ кийимларини йиғиштирибди-да, қучоқлаганича ўзлари ҳам пастга югурибдилар. Тушсалар, пастдаги майдончада одам гавжум, бутун “дом” аллақачон чиқиб бўлган экан. Одамлар бир-бирини юпатган, соғ-омон қол-гани билан табриклаган, кимдир кўзига ёш ҳам олган. Ахир, жон фойдага қолиб тургандан кейин…
Ҳамма нима ташвишда-ю, кеннойимиз Фарҳод ака нима дермишлар:
— Ҳай, адаси, уйни қулфлаганмидингиз?..

Меҳрибонлик

Бир куни Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов қайсидир қариндошининг тўйидан жуда кеч қайтибди. Эрталаб бошини кўтарса, аёли ҳовли супураётган эмиш. Индамабди, чунки аҳволи индайдиган даражада эмас экан-да. Бошини яна ёстиққа қўйибди. Бир неча соатдан кейин тағин бошини кўтарибди. Қараса, хотини кир юваётган экан. Бир банка қатиқ ичиб, яна ётибди. Кечга яқин бош кўтарса, хотини ошхонада овқат қилаётган экан. Бу ҳеч тиниб-тинчимайдиган хотинга ўзларича танбеҳ бермоқчи бўлибдилар:
— Вей, сенга нима азоб-а? Мен сенинг ўрнингда бўлганимда маза қилиб, оёғимни узати-иб ётардим.
Кеннойимиз камтарлик қилиб, секингина дебдилар:
— Шундоқ ҳам нима қиляпсиз?..

Сабаб

Машҳур ҳофиз Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг концерт дастури Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига номзод қилиб қўйилган эди. Одам кўп. Ҳакамлар ҳайъати учун биринчи қатордан жой ажратилган экан. Биз Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ёнма-ён ўтириб қолдик. Қаватимизга, нима ҳам бўлиб, бир мухлис жойлашиб олди. Яхшигина ичиб олган бўлса керак, ҳофизнинг ҳар бир чиқиши, ҳар бир ашуласига “вой-дод” деб қўллари (баъзан, оёқлари) билан турли харакатлар қила бошлади. Ҳамманинг, шу жумладан, бизнинг ҳам кўзимиз ўша мухлисда. Қисқаси, концертнинг асосий қисми бу ёқда бўлди. Танаффусда ташқарига чиқдик. Одатда оғир-вазмин Тоҳир ака концерт ҳақидаги таассуротларини камина балан баҳам кўрдилар:
— Шерали нега бунчалик жозибали куйлайди десам, бу ёқда дирижёри бор экан-да…

Ғамхўрлик

Кейинги пайтларда тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолдим. Бир куни хотиним ишхонасидан ҳинд йогларининг машқ дастурини олиб келиб қол-ди.
— Мана шу машқлар билан мунтазам шуғулланиб турсангиз, сизни ҳеч қанақа касаллик безовта қилмайди, – деди хотиним ишонч билан.
Астойдил киришиб шуғуллана бошладим. Мундоқ қарасам, китобда нуқул машқ қилаётган аёлларнинг расми чизилган, биронта ҳам эркаги йўқ.
— Менимча, бу китобинг фақат хотин-қизларга мўлжалланган-ов? – дедим шубҳаланиб.
— Йогларда эркак-аёл деган гап йўқ, – деди у мени юпатиб. – Одам организми бир хил.
Организм бир хил экан деб, яна беш-олти кун шуғулланиб юрдим. Йўқ, бўлмади. Шубҳа-гумонлар оёқ-қўлимни боғлаб ташлади. Бир куни ёрилдим:
— Йўқ, бу хотинларники! – дедим шубҳа-гумонлардан чарчаб. – Мана, қарагин, биронта куч ишлатадиган машқлар йўқ, ҳаммаси нозик, енгил-елпи ҳаракатлар. Точно, хотинларники!
Хотиним менга раҳми келиб термулди:
— Нима, сезиляптими?..

Дарс

Ҳали “қайта қуриш” деган йўқ пайтларда биз, бир гуруҳ ёш ёзувчилар, Масковга, Ю.В. Андроповга жумҳуриятимизда мафкуравий сиёсат нотўғри йўлдан кетаётгани жўнидан хат йўллаган эдик. Хат яна Ўзбекистонга қайтарилибди. Бу ердаги раҳбарлар “танобимизни тортиб қўйиш” учун бизни Марказкомга чақиришди. Ўша пайтдаги энг катта раҳбарлардан бири қабул қилди. Анча гап-сўз, тортишувлардан кейин ўша пайтдаги амалдор опахонимиз сира кутилмаганда… М.Горькийнинг “Лочин ҳақида қўшиқ” деган асарини ўқий кетди! (Албатта, ўрис тилида.) Опахоннинг мақсадини аввалига тушунмадик. Кейин билсак, у бизни ўлимтиклар билан кун кўрувчи қузғунга, қоронғи кавакларда яшайдиган илону чаёнларга қиёслаётган экан. Буни ҳаммамиз тушуниб ўтирардик. Фақат кўкда, мусаффо осмонда мағрур парвоз қилаётган лочинга кимни тенг кўраётганини билолмадик. Ҳар қалай, у – биз эмас эдик…
Хуллас, бу “адабиёт дарси” жуда чўзилиб кетди, ўлгудек зерикдик. Ташқарига чиққанимиздан кейин ажойиб ёзувчимиз Зоҳир Аълам чуқур тин олиб қўйиб, бизни юпатган бўлдилар:
— Хафа бўлманглар, кейинги сафар келганимизда “Муму”ни ўқиб берадилар…

Камтарлик

Бу ҳангомани менга таниқли театршунос Фрунзе Жўраев гапириб берган эдилар.
Трамвай чиптаси уч тийин бўлган “коммунизм” даврида бир ёзувчи машина олган экан. Биринчи кун ишхонага миниб келибди. Ҳовлида уч-тўртта ҳамкасблари гаплашиб туришган экан. Улар янги машинани атай кўрмаганга олиб, у ёқ-бу ёқдан гап сотаверишибди. Машинанинг эгаси аввал ғилдиракларини намойишкорона тепиб кўрибди, сўнг эшикларини зарурат бўлмаса ҳам қарсиллатиб очиб-ёпибди, энгашиб тагларини қарабди. Лекин ҳамкасблари машинани сира “пайқамасмиш”. Ўзи гап очса – ноқулай. Машина калитини уларнинг бурнига теккизгудай қилиб бармоғида айлантириб кўрибди. Барибир ҳеч ким парво қилмабди. Тоқати тоқ бўлган машина эгаси шерикларидан менсимайроқ сўрабди:
— Бу, трамвайнинг билети ҳалиям уч тийинми?..

Қизиқувчанлик

Шоир ва таржимон Ҳамид Исмоиловнинг қишлоғида бир бекорхўжа бўлар экан. Дарвоза олдига курси қўйиб олиб, эртадан кечгача ўтган-кетганга гап ташлаб ўтираркан. Бир одам қўй етаклаб ўтиб қопти. Қўйнинг қўзичоғи ҳам бир экан.
— Мусулмонқул, – дебди у қўйнинг эгасига. – Қўзичоғинг эркакми, урғочими?
— Эркак, – деб гапни қисқа қилибди қўйнинг эгаси.
Бекорхўжа бу қисқа гап-сўздан қониқмабди шекилли, яна савол берибди:
— Онаси-чи?..

Ҳали эрта…

Шаҳар кенгашида хизмат қиладиган, аслида ўзи ҳам у-бу нарса ёзиб юрадиган бир ижодкор устоз Саид Аҳмадга мақтаниб қолибди:
— Ҳозир кўча, хиёбон, мактабларнинг ўрисча номларини ўзгартириб, ўзимизнинг шоир, ёзувчи, олимларнинг номини қўйяпмиз. Бир чеккадан ҳаммасини шунақа қилиб ташлаяпмиз!
Саид Аҳмад ака унинг гапини бўлдилар:
— Жа унақа қиворманглар, ҳали ўладиганлар бор…

Оғир замон

Ичкиликвозликка қарши кураш айни қизиб, бир кружка пиво ичганни ҳам миршаблар мошинга солиб олиб кетадиган замонлар. Домла Азиз Абдураззоқнинг бир эски портфели бўларди. Жуда машҳур портфель эди, чунки ичида ё тўла, ё ярми ичилиб тиқинланган виноми, ароқми, коньякми – албатта топиларди. Бир куни Азиз ака “Табассум” радиожурнали таҳририятига кириб келдилар. Қўлларида ўша машҳур портфель. У киши билан сўрашяпмиз-у, лекин ҳамманинг кўзи “хазина”да. Радиожурналнинг режиссёри Раҳмат Жумаев умид билан портфелни кўтариб-кўтариб қўйди-да, Азиз акадан сўради:
— Устоз, портфель оғирми?
Азиз ака ҳазин овозда жавоб қилдилар:
— Йўқ, бўтам, замон оғир…

“Ш” ҳарфи

Ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижод уйида Шукрулло домла билан устоз Саид Аҳмад суҳбатлашиб ўтиришибди. Шукрулло домланинг қанадайдир саҳна асари ҳақида газетада танқидий мақола эълон қилинган экан, домла жиғибийрон бўлиб турибди. Вазият чамаладим-да, домлани юпатиб, кўнглини кўтармоқчи бўлдим.
— Парво қилманг, домла, ўзи ҳамма буюк ижодкорларнинг исми “Ш”дан бошланади, – дедим “икковимиздан зўри йўқ” деган маънода. – Масалан, Шекспир, Шиллер, Шуман, Шуберт, Штраус… – Кейин Россия томонларни ораладим: – Шостакович, Шолохов, Шукшин… – Ўзимизники-лар ҳам бенасиб қолмади: – Шайхзода, Шукур Бурхонов, Шукрулло, Шукур Холмирзаев…
— Шароф Бошбеков… – дедилар домла ҳазиллашаёиганимни тушуниб.
— Канешно! – дедим ясама виқор билан.
Устоз Саид Аҳмад саноқни давом эттирдилар:
— Шаид Аҳмад…

«Дунё ўзбеклари» саҳифасидан олинди

(Tashriflar: umumiy 151, bugungi 1)

Izoh qoldiring