Umid Bekmuhammad. Xiva xoni arxiv hujjatlarining tadqiq qilinishi (A. Kun, P. Ivanov, M. Yo’ldoshev tomonidan)

03Россия империяси томонидан Хива хонлигининг босиб олиниши пайтида хон саройидаги мавжуд бўлган моддий ва маънавий маданиятга оид буюм ва ашёлар талон тарож этилгани Хоразмлик тарихчи Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарида,шунингдек юқоридаги ҳарбий юришда кузатувчи сифатида қатнашган америкалик журналист -“Нью Йорк Жеральд” газетасининг мухбири Мак Гаханнинг “Окс соҳилидаги жанглар” китобида ҳаққоний тасвирлаб ўтилган.

Умид БЕКМУҲАММАД
ХИВА ХОНЛИГИ АРХИВ
ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ ТАДҚИҚ ҚИЛИНИШИ
(А.Л.Кун,П.Иванов,М.Йўлдошевлар томонидан )


07   Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов) 1975 йилда Хоразмда: Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган. 1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факултетини тугатган. Меҳнат фаолиятини “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референтликдан бошлаган. Шундан кейин матбуот ва бошқа соҳаларда ишлаган.
Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориж матбуотида жуда кўп тарихий-публитсистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган..


1873 йил май ойида Россия империяси томонидан Хива хонлигининг босиб олиниши пайтида хон саройидаги мавжуд бўлган моддий ва маънавий маданиятга оид буюм ва ашёлар талон тарож этилгани Хоразмлик тарихчи Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарида,шунингдек юқоридаги ҳарбий юришда кузатувчи сифатида қатнашган америкалик журналист -“Нью Йорк Жеральд” газетасининг мухбири Мак Гаханнинг “Окс соҳилидаги жанглар” китобида ҳаққоний тасвирлаб ўтилган.
Ана шу Хива юришида шарқшунос А.Л.Кун ҳам қатнашиб бевосита хон саройидаги талон тарож пайтида ноёб қўлёзма асарлар, хонлик архивига оид ҳужжатларни тўплаш ва уларни дастлаб Тошкентдаги ўзи ишлаётган Туркистон генерал губернаторлик маҳкамасига,кейин Санкт Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номли давлат халқ кутубхонасига юбориш ишларига бошчилик қилади.
Шу ўринда бевосита Хива хонлари архив ҳужжатларининг тўпланиб сақлаб қолиниши, Санкт Петербургга юборилишида ташкилотчилик қилган Александр Льюдвигович Куннинг ҳаёти ва фаолиятига тўхталиб ўтсак.
Александр Людвигович Кун 1840 йилда ҳозирги Озарбайжоннинг Шамоғий шаҳрида ўқитувчи оиласида туғилганди.Уезд мактабида ишловчи унинг отаси 14 та тилни билар, онаси эса арман миллатига мансуб бўлиб,Эроннинг Табриз шаҳридан бўлган.Ёшлигида отаси сингари тиллларни ўрганиш ва тарих илмига қизиққан Александрнинг қувончи узоққа бормайди-эндигина 14 ёшга тўлганида ота-онаси вафот этади.Шундан сўнг отасининг илмли дўстлари Александрнинг иқтидорини сезиб, 1855 йилда уни ҳукумат ҳисобидан ўқиш учун Ставрополь губерниясидаги гимназияга юборишади.Гимназияни тугатган 1860 йилда эса у Санкт Петербург университетининг шарқ факультетига қабул қилинади.А.Л.Кун университетни тамомлагач, машҳур шарқшунос В.В.Григорьевнинг маслаҳати ва талаби билан дастлаб Оренбург генерал губернаторлига, у ердан эса 1868 йил 24 ноябрда Ўрта Осиёга юборилган.
Маълумки, бу пайтда Қўқон хонлигининг кўплаб ҳудудлари,Бухоро амирлиги забт қилинган, Хива эса навбатдаги нишон эди.Орадан кўп вақт ўтмади-1873 йилда Хоразм ҳам босиб олинди.Александр Людвигович ана шу Хива юришида Туркистон генерал губернатори К.П.Кауфман ёнида бирга бўлди.Босиб олиниш жараёнларидаги воқеаларнинг, уруш даҳшатларининг гувоҳи бўлди. 29 май куни Хива хонининг саройи талон-тарож этилгач эса у ердан А.Л.Кун қуйидаги ҳужжат ва буюмларни қўлга киритганди.
Бу ҳақда у 1873 йил 18 декабрда чоп қилинган “Туркестанские ведомости” газетасидаги “Хива сафари вақтида қилинган илмий иш” номли мақоласида шундай ёзади:” Хива экспедицияси вақтида мен қуйидаги илмий материалларни тўпладим: хон саройини мусодара қилиш вақтида шарқ қўлёзмаларидан иборат 300 китоб тўпланди, шулардан 129 таси сарлавҳалик 140 томдан иборат тарихий қўлёзмалар, 30 томдан иборат шарқ шоирларининг девонлари, 50 томдан иборат 40 та ҳуқуқий ва диний асарлардир.Бундан ташқари 18 тача “Қуръон” ва 50 та дарс китоблари ҳам тўпланди.Хон саройи мусодара қилинганида, қўлёзмалар билан биргаликда ҳужжатлар ҳам тўпланди.Бу ҳужжатларни икки гуруҳга бўлиш мумкин: биринчи гуруҳга хонликнинг даромадлари ва харажатларига доир дафтарлар ҳамда бир қанча вақф ва мулк ҳужжатларини, иккинчи гуруҳга хатлар ва дипломатик ёзишмаларни киритиш мумкин.Дафтарлар орасида пул солиқларига диор ёзувлар(солғут), закот дафтарлари ва Матмурод девонбегининг хон ҳужжатлари тўғрисидаги ҳисоботлари бор.
Сўнгра шу ҳужжатлар орасида Бухорода, Ғазалида,Истамбулда ва бошқа жойларда савдо-сотиқ ишлари билан яшаб турган хиваликларнинг хонга юборган илтимосномалари, низоларини ҳал қилиб бериш тўғрисида ёзилган имкониятномалар, бирор мансаб бериш тўғрисидаги илтимосномалар ва шу кабилар бор.Дипломатик ҳужжатлар орасида Ост-Индия генерал-губернатори Нарсбрукнинг хати,Туркия султонининг хатлари ва фармонлари, рус элчиси подполковник Данилевский билан Хива хони ўртасида тузилган аҳднома ҳамда Туркистон генерал-губернатори томонидан хонга юборилган бир неча мактуб бор”( ИВ АИ АН, Фонд 33, п 16).
Шарқшунос А.Л. Кун ана шу маънавий бойликларни Хивадан Тошкентга олиб келиб, айримлари билан тўлиқ, баъзиларининг эса мазмуни билангина танишиб чиқади.Табийки, олим бисотидаги кўплаб ҳужжатларни Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номли Халқ кутубхонасига тақдим қилади, айримларини шарқшунос бўлгани боис танишиб чиқиш мақсадида ўзида олиб қолади.
Туркистон генерал губернатори К.П. Кауфман эса Халқ Кутубхонаси директори номига 1874 йил январида хат ёзиб унда шундай фикрларни билдирганди:
“ Ҳурматли Иван Давидович! Ўтган йилги Хива экспедицияси вақтида хон саройи мусодара қилинганида менинг ҳузуримда бўлган Надворний Советник Кун менинг топшириғимга биноан Шарқ қўлёзмаларини тўплаган эди.Ушбу мактуб билан илова қилинган рўйхатга биноан мазкур қўёзмалар коллекциясини юбориб, Император Халқ кутубхонасидан бу коллекцияни рус қўшинларининг 1873 йилдаги Хивада қозонган муваффақиятлари илм-фанга келтирган туҳфа тариқасида қабул қилинишини илтижо қиламан. Чин ҳурмат ва астойдил садоқат билан каминалари”( ИВ АИ АН Российский федерация Фонд 33, п 16 ).
Орадан икки йилча вақт ўтиб “Халқ кутубхонасининг 1876 йилги ҳисоботи” да бу ҳақдаям тўхталиб ўтилади: “Кутубхонанинг фахрий аъзоси генерал-адъютант К.П.Кауфман Ўрта Осиё хонларининг ҳужжатлари ва ёзмалари тўпламини совға қилиб юборди, бу ҳужжатлар ва ёзмалар Искандаркўл,Шаҳрисабз ва Хива экспедициялари вақтида тўплангандир”.
Хуллас,А.Л. Куннинг хизматлари боис Россия шарқшунослиги катта маънавий бойликка эга бўлди.Александр Людвигович Кун эса 1876 йилдан 1882 йилгача Туркистон генерал губернаторлигининг мактаблар бош нозири бўлиб ишлайди.Яъни ташкил қилинган рус-тузем мактаблари фаолияти билан шуғулланади ва давр талабига кўра, бундай мактабларни янада кўпайтириш имкониятларини излайди.
Туркистон генерал губернаторлиги маҳкамасида ишлаётган А.Л.Кун 1882 йилда Петербургга юборилиб, у ерда бир оз ишлайди.Маълумки, бу пайтда унинг Хива юришидан олиб келинган ҳужжатларнинг кўпчилик қисми Петербургдаги Давлат Халқ Кутубхонасида сақланаётганди.Хивадан олиб келинган ва Тошкентда ўрганиш ниятида олиб қолган ҳужжатларнинг иккинчи қисмини А.Л.Кун ўзи билан бирга Санкт Петербургга олиб келиб квартирасида ўқиб ўрганиш мақсадида сақлаб қўяди.
Аммо у Санкт Петербургда озгина вақт фаолият кўрсатгач, Вильно шаҳридаги маориф округи нозирининг ёрдамчиси вазифаси ишга юборилади.Бироқ шарқшунос сифатида пойтахтда ишлашни маъқул топган, бевосита Хоразмдан олиб келинган ҳужжатларни тадқиқ қилишга эндигина имкон топаётган А.Л Кун ўзининг бу ишга тайинланганидан норози эди.У бу ҳақда 1886 йил 4 июлда шарқшунос В.В.Стасовга юборган хатида “мени шарқшунос сифатида дастлаб Оренбургга ишлатишга ваъда берган эдилар,лекин ваканция йўқ деган баҳона билан Вильнога юбордилар” дея ёзади.Шарқшунос сифатида В.В. Стасов ҳам Вильнога хат жўнатиб А.Л.Кун қўлида қандай ҳужжатлар борлигига қизиқади.
А.Л.Кун эса В.В.Стасовга шундай мактуб ёзиб юборади: “1876 йилга қадар мен Искандаркўл,Шаҳрисабз,Хива ва Қўқон ҳарбий сафарларида марҳум К.П.Кауфман ҳузурида коллекционер сифатида қатнашганман. Халқ кутубхонасидаги қўлёзмалар ва Фанлар академиясида сақланаётган лингвинистикага доир материаллар менинг ўша ҳарбий сафарларда қатнашганлигимни исботловчи материаллардир.Меним қўлимда Хива хонларининг тўлиқ тарихи, шарқ қўлёзмалари, қадим замонлардан тортиб то 1873 йилга қадар бўлган воқеаларни баён қилган қўлёзмалар бор.Лекин буларнинг ҳамммаси Петербургда сақланмоқда ва шу сабабдан мен улар ҳақида маълумот беролмайман”.
Демакки,Вильнода ишлаётган А.Л. Куннинг ўзи юқорида таъкидлаб ўтган, тўплаган материаллари Санкт Петербургда қолганди.1888 йил 24 октябрда шарқшунос А.Л.Кун 48 ёшида Вильно шаҳрида вафот этади.Унинг вафотидан кейин Санкт Петербургдаги квартирасида сақланаётган шахсий архивининг анчагина қисми Фанлар Академиясининг Санкт Петербургдаги Осиё музейи ихтиёрига,шунингдек Россия Фанлар академиясининг Санкт Петербургдаги моддий маданият тарихи институтига топширилади.
Шу тариқа А.Л.Кун тўплаган Хива архиви учта илмий маърифий ташкилотда:
1.Салтиков Шчедрин номли халқ кутубхонасида;
2.Осиё музейида;
3.Санкт Петербургдаги шарқшунослик институтида ҳозирда ҳам сақланяпти.

Бундан ташқари, шарқшунос А.Л.Куннинг айрим шахсий ҳужжатлари, илмий меросига оид баъзи манбалар эса моддий маданият тарихи институтининг № 19 фондида сақланмоқда.
Академияга қарашли “Меланж Азиатик” журнали 1890 йилда А.Л.Кун коллекциясидаги қўлёзмаларнинг рўйхатини эълон қилади.
А.Л.Кун ҳаёти ва фаолиятига назар ташлаб шуни айтиш мумкинки, у шарқшунос сифатида 1873 йилги юришда тўплаган маънавий бойликлар, хонлик архив ҳужжатларининг тўпланиб Россия империяси пойтахтига олиб кетилишига бошчилик қилди.Аммо 1876 йил-1882 йилларда Туркистон генерал губернаторлигида, кейин эса Вильно шаҳрида мактаблар нозири бўлиб ишлагани боис, гарчи мутахассислиги шарқшунос бўлсада Хива хонлиги архив ҳужжатларини тўлиқ тадқиқ қилишга улгурмади.
Фақатгина Хивадан олиб кетилган ҳужжатларни тавсифлаб, уларни икки гуруҳга ажрата олди:
1.Хонликнинг даромадлари ва харажатларига оид дафтарлар ҳамда бир қанча вақф ва мулк ҳужжатлари;
2.Хива хонларининг бошқа давлат раҳбарлари билан ёзишган дипломатик ёзишмалари ва хатлари.
Шу тариқа етук шарқшунослар томонидан истиқболли тадқиқотчи сифатида эътироф этилган А.Л.Кун айнан ўз мутахассислиги билан боғлиқ бўлмаган муассаларда ишлагани сабаб, юқоридаги ҳужжатларни тадқиқ қилишга улгурмай 48 ёшида вафот этади.Ўйлайманки, агарда у узоқ умр кўриб, яна ҳаёт кечирганида ўзи олиб келган архив ҳужжатларинигина эмас, кўплаб қўлёзма асарларни ҳам тадқиқ қилиш билан шуғулланарди.
А.Л.Кун Хивадан олиб келиб ўз уйида сақлаган ва вафотидан кейин Санкт Петербургдаги Осиё музейига топширган ҳужжатларнинг бир қисмини шарқ қўлёзмалари бўйича етук мутахассис,1880-1916 йилларда 36 йил ушбу музейга раҳбарлик қилган К.Г.Залеман томонидан рўйхатга олинганди.Лекин қўлёзмаларнинг мазмуни ўқиб аниқланмади.
Чунки қўлёзмалар Хива хонлари архиви эканлигини, профессор Муҳаммаджон Йўлдошевнинг айтиши бўйича,“ҳеч ким билмади”.Шундан кейин Осиё музейида сақланаётган ушбу материалларнинг айримлари Фанлар Академиясининг Петербургдаги Шарқшунослик институтига ўтказилди ва мазмуни ўқиб аниқланмаган қўлёзмалар тариқасида кейинги вақтларгача рўйхатга олинмай, фондда сақланиб келаверди.
Бу қўлёзмалар Санкт Петербургдаги Шарқшунослик институтида узоқ вақт сақланди ва шу давр ичида ушбу материаллар билан кўпгина атоқли олимлар юзаки танишиб чиқди.
Бунга А.Л.Кун тўплаган араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўқиш жуда қийин бўлганлиги,қолаверса 20 асрнинг бошидаги давр алғов-долғовлари, ижтимоий сиёсий вазиятнинг ёмонлиги туфайли шарқшуносларнинг кўпчилиги А.Л.Кун тўплаган қўлёзма ва ҳужжатларга эътиборсиз қараганлиги сабабли,уларнинг мазмуни аниқланмай қолаверди.Шу тарзда бу материалларнинг мазмунини аниқлаш узоқ вақтларгача биринчи даражадаги илмий муаммо бўлиб келди.
Шу ўринда А.Л.Кун томонидан 1873 йилда тўпланган Хива хонлиги архив ҳужжатлари то хонлик ташкил топган 1511 йилдан, ёки пойтахт Вазир,Урганч шаҳарларидан кейин Хивага кўчирилгандан буён сақланаётган тўлиқ ҳажмдагиси эдими деган савол туғилади.
Россия шарқшунослари орасида етук арабшунос, туркшунос сифатида танилган,шунингдек ўзбек, тожик, араб ва форс тилларини билган ва маҳаллий аҳоли орасида Искандар тўра дея номланган Александр Людвигович Куннинг ўзи бу ҳақда шундай ёзганди:
“..Ҳужжатлар тўплами ҳар қанча қизиқарли бўлса ҳам, лекин бу ҳужжатларнинг фан учун бўлган аҳамиятини эътиборга олганда: биринчидан, шу ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслигига-кўп ҳужжатлар йўқ бўлиб кетганлигига ва номаълум кишилар олиб кетганлигига ва иккинчидан, бу ҳужжатлар фақат кейинги вақтларга доир қизиқарли материаллардан иборат бўлганлигига афсусланмаслик мумкин эмас.
Бу ҳолнинг иккита сабаби бўлиши мумкин: руслар яқинлашиб келаётганлиги тўғрисида хабар олиниши билан саройда умумий саросималик бошланган, иккинчидан, мусулмон хонликларида ёзма ҳужжатларни сақлаш одати йўқ эди.Ҳар бир хон ўлганидан кейин саройда бўлган мулкнинг ҳаммаси меросхўрлар ўртасида тақсимланиб олинар эди, давлат архивлари ёки шундай ҳужжатлар сақланадиган бошқа жойлар хонликларда бўлган эмас” (“Поездка по хивинскому ханству в 1873 г” Известия Русск.Географ. обшества, т,Х, СПБ, 1874, 58 бет). Табиийки,А.Л.Куннинг ўзи топган архив тўғрисида берган маълумотлари шубҳасиз тўғридир.
Яъни,ана шу маълумотларидан кўринадики,1873 йилдаги Хива босқинида А.Л.Кун тўплаган архив ҳужжатлари хонликнинг асрлар давомидаги тўлиқ давлат ҳужжатлари эмасди.
1868-1882 йилларда 14 йил Ўрта Осиёда хизмат қилган А.Л.Кун етук шарқшунос бўлсада,Туркистон генерал губернаторлик маҳкамасида ишлагани боис илмий фаолият билан тадқиқотчи сифатида шуғулланмаган. Шу боис унинг баъзи фикрлари, жумладан, шарқ хонликларида ҳужжатларни сақлаш одати йўқ, деган фикрларига қўшилиш қийин.
Чунки, 1830-32 йилларда Оллоқулихон Тошҳовли саройини қурдирган пайтида хонлик архивини муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият бериб, махсус бўлмалар ажратади.Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарида ёзилиши бўйича, архив ҳужжатлари хазинада сақланиб келган.Саройда архив материаллари алоҳида бинода, махсус ажратилган кишиларнинг назорати остида тартиб билан жуда пухта сақланиб келган бўлиб, ҳар бир дафтар рақамланган.
Эҳтимол, қадимги даврларда хонликларда ҳужжатларни сақлаш анъанаси бўлмагандир.Шарқда архивларни сақлаш одати бўлмаган эди, деган фикр ўша вақтда кўп тарқалганлиги сабабли,1873 йилги Хива юриши пайтида А.Л.Кун саройда юз берган тартибсизлик таъсири остида қолиб, топилган ҳужжатлар билан чуқурроқ танишишга улгура олмай шу фикрни айтганлиги эҳтимолдан узоқ эмас.Қолаверса, биз тилга олган А.Л.Куннинг мақоласи 1874 йилда чоп этилганди.
Бундан ташқари, Кауфман армияси штабида хизмат қилган А.Л. Кун ҳужум қилиб бораётган қисмларнинг олдинги сафида эмас эди.Ана шунинг учун ҳам у саройга биринчи бўлиб кирмасдан, балки бирмунча кейинроқ кирган, бу пайтда эса, хон ва унинг мулозимлари қочиб кетган, саройнинг ичига юзлаб кишилар кириб чиқган эди.Ана шу сабабли хон ва унинг аъёнлари ташлаб кетган саройга тасодифий кишилар “саройдаги саросималикдан” фойдаланиб, у ерда қимматбаҳо нарсалар топиш мақсадида ёки бошқа мақсадлар билан кириб-чиқиб юрганлар.Шунинг учун ҳам А.Л.Кун қўлига тушган архив ҳақиқатан ҳам бетартиб ҳолда бўлган ва бир қисми талончилик натижасида йўқолган бўлиши мумкин.
Хўш, йўқолишга сабаб нимада?
Бу ҳақда кейинчалик Хива хонлар архивини тадқиқ қилган профессор Муҳаммаджон Йўлдошев шундай фикр билдиради: маълумки, вақф ерлар, молу мулк даъвосига доир қози ёки қуўбеги ва бошқа амалдорларга тегишли ҳужжатлар ҳам хон саройида сақланган.Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарида ёзилиши бўйича, саройни забт этган Рус генерали Головачёв отряди саройдан чиқиб кетганидан кейин, бир тўда оломон саройга бостириб кирган ва Головачёвдан қолган нарсаларнинг ҳаммасини олиб кетган.
Хўш,оломон томонидан йўқотилган нарсалар, ёки ҳужжатлар нима бўлиши мумкин?Уларни йўқотишдан ким манфаатдор эди?
Манфаатдорлар фақат саройдаги кундалик харажатлар ёзилиб борган ва энг кейинги вақтларга доир бўлган ҳужжатлар билан ёки даромадлар тўғрисидаги, ёхуд бошқа мансабдор шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги ҳужжатлар билан, ё бўлмаса солиқ тўловчиларнинг рўйхатлари билан қизиқишлари мумкин эди.Бирор нарсани олишга ёхуд бирор ҳодисанинг изини йўқ қилиб юборишга интилган, ўзларининг фош бўлишларидан қўрққан манфаатдор кишиларгина(ёки шу кишиларнинг ёлланма одамлари) саройда рўй бераётган воқеалардан фойдаланиб қолмоқ учун мазкур ҳужжатларни ўғирлаб кетишлари мумкин эди.Бундай манфаатдор кишилар ўзларининг қадим ўтмишдаги боболарига доир харажатлар ёки даромадлар маълумотларига қизиқмас эдилар.Улар кўпроқ ўзларига доир маълумотлар билан, ўз ҳамшаҳарлари,ҳамқишлоқларига ёки қариндош-уруларига доир материаллар билан қизиқардилар.
Масалан, Хива архивида Қушбеги томонидан аҳолидан олинган солғут( ердан олинадиган пул солиғи) рўйхатининг йўқлиги тасодифий бўлмаса керак.Шунингдек,А.Л. Кун тўплаган А-257 рақамли қизил чарм муқовали дафтарнинг айрим варақлари юлқиб олинган, ёзувсиз тоза саҳифаларни эса ҳарбий сафар қатнашчиларидан бири кундалик хотираларини ёзиб бориш учун ишлатган..
Архивдаги ҳужжатларнинг тили ҳозирги ўзбек адабий тилига кам ўхшаш бўлиб, дафтарларда шартли сўзлар билан ёзилган маълумотлар кўп.Чунки бу маълумотлар дафтарларга тадқиқотчиларнинг ўқиши учун ёзилмасдан, балки тор доира кишилар учун битиларди.Бу дафтарларни ёзган мирзолар ўзлари ёзган ёзувлар хоннинг шахсий маҳкамаси ёки бирор бўлимдаги сирлардан воқиф бўлмаслик учун, ҳатто ўз замондошлари ёхуд шериклари ҳам ўқий олмайдиган ёзувлар бўлиб чиқишига ҳаракат қилганлар.Яъни,хонлик ҳужжатлари сир сақланиши учун атайин ўзларигина ўқий оладиган қилиб ёзишган.Бошқалар эса уларнинг ёзувига тушунмаган.
Ўзи тўплаган ҳужжатларни тўплаб дастлаб улар билан танишган А.Л. Кун бу ҳақда шундай ёзганди: “Бундан ҳам чалкашроқ ёзувни топиш қийин.Дафтарларда нималар ёзилганлигини бошқа девонлардан(котиб-мирзолардан) илтимос қилиганимда улар ёзувга тушунмай ўқиб бера олмадилар”.
Айнан, шу сабабдан ҳам ҳужжатлар А.Л. Кун томонидан Санкт Петрбургга олиб кетилиб музей ва халқ кутубхонасига тобширилгач, анча вақтгача ёзувларга тушуниш қийинлигидан Хива хонлиги архиви тадқиқотчилари эътиборидан четда қолиб кетаверди.
Бироқ А.Л.Куннинг Хоразмдан тўплаб олиб кетган коллекцияси шарқшунослик учун чинакам бебаҳо маънавий бойлик эди.Бу маънавий бойликдан унумли фойдаланиш ва тадқиқ қилиш А.Л.Кундан кейин иккинчи бўлиб Павел Пётрович Ивановга (1893-1942)ва учинчи Муҳаммаджон Йўлдошевга насиб қилди.
Павел Пётрович асли Сибирнинг Ишим дарёси бўйидаги рус қишлоғида 1893 йилда туғилган бўлиб, отаси Пётр Иванов ҳарбий хизматни Тошкентда ўтаб қайтганди.Бироқ Сибирда оиласининг моддий қийинчиликлари кўпайгач, ўзи хизмат қилган ўлкага бориб яшашни афзал кўради ва Тошкентга кўчиб келиб темир йўл устахонасида ишлайди.Шу тариқа Сибирлик ишчининг ўғли Павел Тошкентдаги ўқитувчилар семинариясида таҳсил олиб, маҳаллий халқ тили, урф одат,анъаналарини ўрганади.Семтнарияни битгач Санкт Петербургдаги шарқ тиллари институтида ўқийди ва араб, форс, турк тилларини мукаммал ўрганади.
В.В.Батрольд, Я.Ю.Якубовскийларнинг илмий маслаҳатлари ва уларнинг қўллаб қувватлаши билан Павел Пётрович Иванов Ўрта Осиёдаги илмий экспедицияларда қатнашди ва тўплаган маълумотлари асосида “Сайрам”, “Иссиқкўл ҳавзасидаги моддий ёдгорликлар тарихи”, “Ўрта Осиёда тоғ-кончиликнинг ривожланиш тарихи” номли асарларини яратди.Кейинчалик эса жўйбор шайхлари, ҳамда қорақалпоқлар тарихига оид асарларини ҳам нашр этдирди.

1936 йилдан бошлаб эса П.П.Иванов Салтиков-Шчедрин номидаги халқ кутубхонасида сақланаётган Хива хонлигининг архив ҳужжатлари бўйича тадқиқотлар олиб боради.Уч йил давомида Павел Пётрович Иванов А.Л. Кун топиб келтирган Хива хонлигига оид дафтарларни қисқача тавсифлаб, улардан парчалар берган ҳолда 1939 йилда “Архив хивинских ханов Х1Х в” номли китобини нашр этдиради.
П.П.Иванов асарида кўрсатилган дафтарларнинг рақамлари тарихчининг ўзи қўйган рақамлардир.Ушбу рақамлар Салтиков-Шчедрин номидаги Халқ кутубхонасида қўлёзмаларнинг коллекциялари ёки архивлар рўйхатга олинган вақтда қўйилган ҳисобот рақамларидир. Масалан, П.П.Иванов асарида баён этиб ўтилган 22-рақамли дафтар Хива хонлари саройида 13 / 1 рақами билан, 88 /2 рақамли дафтар хон саройида 2-рақам билан, 70 /3 дафтар саройда 4-рақам билан юритилган.
Хива хонлари архиви билан тўлиқ таниши имкониятига ва тадқиқ қилишдек заҳматли, машаққатли ва шарафли ишда П.П.Ивановнинг хизмати жуда катта бўлиб, у биринчи бўлиб илм аҳлларининг эътиборини архивга жалб қилди ва топилган материалларни тизимга солди.У ўз асарида дафтарларнинг мазмунини қисқача баён қилиб берди ва шарқшуносликга ғоят катта хизмат кўрсатди.
Павел Пётрович Иванов ўзининг Хива хонлиги архив ҳужжатлари билан қай тариқа шуғуллангани ҳақида шундай ёзганди: “Ленинградда 1936 йили Салтиков-Шчедрин номли кутубхонада қўлёзмалар устида ишлаётиб, бўлим бошлиғи И.А.Бегловга Ўрта Осиё, қисман Шарқ қўлёзмалари ҳақида сўраб қолдим.Ўшанда менга катта боғламдаги кип қоғозларни кўрсатди.Иккита бўлмани эгаллаб турган бу қоғозлар букламларда сақланаётган тўлиқ ишланмаган шарқ тилларидаги ёзувлар битилган дафтарлар эди.Мен қисқа бир вақтда баъзиларини кўздан ўтиргач кўзларимга ишонмасдим.Негаки бу 120га яқин дафтар бўлиб, Хива давлат архиви эди”.
Ёзувлар битилган дафтарлар билан танишиб чиқгач,ҳужжатларнинг даврийлиги 1237 ҳижрий, милодий 1822 йилдан 1872 йилгача бўлган ,умумий ҳисоблаганда 50 йиллик даврни қамраб олган Хива хонлари архиви эди.
Павел Пётрович Ивановнинг ҳисоблашича, дафтарларнинг кўпчилиги Хива ўзбек тилида бўлиб,19 асрнинг 20 йилларига тегишли 8 та, 1830 йилларга оид 2 та, 1840 йилларга доир 15,1850 йилларга оид 28 та,1860 йилларга тегишли 12 та, 1870-72 йилларга оид 15 та дафтар эди ва уларни Иванов шарқшунос тарихчи сифатида тадқиқ қилиб чиқади.
Агар ушбу хонлик архив ҳужжатлари юритилган дафтарларни бевосита хонлар билан боғлайдиган бўлсак,Муҳаммад Раҳимхон 1,Оллоқулихон(1825-1842),Раҳимқулихон (1842-45),Муҳаммад Аминхон(1845-1855),Сайид Муҳаммадхон (1855-64) ва Сайид Муҳаммад Раҳимхон 2 ҳукмдорлигининг 1864 йилидан 1872 йилигача бўлган даврига оид хон фармонлари, ер-мулк эгалиги,сарой кирим-чиқимларига оид ҳужжатлар эканлигини билиш мумкин.
Профессор Павел Пётрович Ивановнинг таъкидлашича, “архивни кўриб чиқиб, унга характеристика бериш ва туркумлаштиришдан олдин таъкидлаш жоизки, бу ҳужжатларни етарлича тасниф қилиш мумкин ва қандай шароитда қилинади ва бундай саволларга биратўла жавоб бериш мушкул.Чунки, бизга Хива хонлигида бундай давлат ҳужжатлари билан иш юритиш тизими номаълум ҳамда ундаги махсус терминологияни ўрганиб чиқиш лозим.
Яна шуни таъкидлаш зарурки, биз қўлимиздаги Ўрта Осиё хонликларидаги ҳужжатлар билан ишлашда иш юритиш тартиблари молиявий ҳисобот юритиш, расмий ёзувларни қандай шаклда олиб бориш билан ҳозиргача деярли ҳеч ким шуғулланмаган.Хонлик архиви тадқиқотчилари учун қўл етмас даражадаги мураккаб ва мавҳум ҳолат”, деган фикрни билдиради.
Аммо Павел Пётрович Иванов қунт билан олиб борган изланишлари сабаб, хонлик архиви бўйича тадқиқотларни олиб бориб, “19 аср Хива хонлиги архив ҳужжатлари” номли асарини ёзиб нашр этдирди.
Афсуски, серғайрат тарихчи ,профессор П.П.Ивановнинг 1942 йилдаги бевақт вафоти натижасида бу иш тўхтаб қолди ва анча йилларгача ҳеч ким давом этдирмади.Бироқ у А.Л.Кун тўплаган, танишган, аммо тадқиқ қилишга улгурмаган Хива хонлиги архив ҳужжатларини ўз имконияти даражасидан келиб чиқиб ўрганди ва шу мавзу бўйича асар ёзиб қолдирган ҳолда, унга илмий ва умрбоқий ҳаёт бағишлади.
А.Л.Кун тўплаган,П.П. Иванов давом этдирган савобли илмий ишни чидам билан тадқиқ этиш учинчи бўлиб Муҳаммаджон Йўлдошевга насиб этди.
Муҳаммаджон Йўлдошев гарчи Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида 1904 йилда туғилган бўлсада, унинг илмий фаолияти, қизиқишу интилишлари Хоразм мавзусида эди.Унинг ёшлиги 1920 йиллардаги алғов-далғовли даврга тўғри келсада, илмга интилгани боис Ўрта Осиё Университетини 1928 йилда тугатди.Бироқ бирданига илмий иш билан шуғулланмай,1929-30 йилларда Тошкент округ партия комитетида , ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросида ,1933-35 йилларда Украина Компартияси МКда бўлим мудири сифатида фаолият кўрсатди.1935-37 йилларда эса Москвадаги Қизил Профессура институтида тингловчи бўлди.Ўқишни тугатиб келгач,1937-40 йилларда Тошкент шаҳар ва вилоят партия комитети котиби, 1940-42 йилларда республика маориф халқ комиссари бўлиб ишлади.Шу билан бирга “Ўзбекистон коммунисти” журналининг бош муҳаррири, Иттифоқ Фанлар Академияси Ўзбекистон филиали тил, адабиёт ва тарих институтининг директори бўлиб фаолият кўрсатди. Уруш авжига чиққан 1942-45 йилларда эса Оренбургга юборилиб, Бугуруслан ўқитувчилар институти ва 1945-48 йилларда Мордва педагогика институтларида директорлик қилди.Шундан сўнг Москвага бориб 1948-51 йилларда фанлар академиясининг шарқшунослик институтида катта илмий ходим, 1951-56 йилларда Ленинград Давлат Университетида доцент, 1956-61 йилларда эса ЎЗКП( б) МК ҳузуридаги партия тарихи институти директори сифатида меҳнат қилди.
Бундай назар солсангиз Муҳаммаджон Йўлдошевнинг умр йўли турли даражадаги мансабларда ўтгандек.Аммо у илм билан шуғулланишни канда қилмади.Араб ёзувини ва тилини яхши билганидан эски қўлёзмаларни тўплаш, уларни тадқиқ қилишга вақт топаолди.Бу борада дастлаб номзодлик, 1953 йилда бўлса “Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши” мавзусида докторлик дисссертациясини ёқлади. Фақат 1961 йилдан кейингина ЎЗФА шарқшунослик институтида бўлим мудири, профессор сифатида ёшларга устозлик қилиш билан бирга илмий тадқиқотларини давом этдирди.Шулар асосида эса “Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши”, “К истории торгових и посольских связей Средней Азии с Россией в 16-17 вв”, “К истории крестьян Хиви 19 в” , “Хива хонлиги архив ҳужжатлари” номли монографиялар яратди.
Маълумки, академик В.В.Бартольд айтганидек, “мусулмон оламида тарих ҳеч бир жойда бевосита архивдан олинган ҳужжатлар асосида ёзилган эмас”.Бу ҳақда академик И.Ю.Крачковский ҳам таъкидлаб,” шарқ тарихчилари олдидаги жиддий қийинчилик булар текширган мамлакатларнинг ички ҳаётини тасвирловчи ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги эди”.
1951-56 йилларда Ленинград шаҳрида яшаб, университетда доцент сифатида фаолият кўрсатган Муҳаммаджон Йўлдошев А.Л.Кун тўплаган ва уни тадқиқ қила бошлаган П.П.Ивановнинг ишини учинчи бўлиб давом этдирган ҳолда, олиб борган тадқиқотлари билан Шарқ ҳаётидаги бутун бир тарихий даврни янгича ёритишга муваффақ бўлди.
Жами ўн бир минг варақдан иборат А.Л. Кун тўплаган ва Салтиков Шчедрин номидаги халқ кутубхонасида ҳамда Осиё музейида сақланаётган хонлик архив ҳужжатларини тавсифлаш ва текшириш, таржима қилиш табиийки осон бўлмади.Бунга М.Йўлдошев йиллар давомидаги сабр матонати эвазига эришди.
Натижада архив материаллари воситаси билан,Х1Х асрда Хивада йирик феодал ер эгалигининг қандай таркиб топганлиги ва ердан кимлар фойдаланганлиги, аниқроғи кимларга тегишли бўлганини аниқлашга муваффақ бўлди.Унинг тадқиқича,бутун хонликдаги ерларнинг 10/ 9 фоизи катта ер эгаларининг қўлида бўлган.
Муҳаммаджон Йўлдошев изланишлари асосида Хива хонлигида катта ер эгалиги кўчманчи оқсуякларга қарашли ерларни мусодара қилиш натижасида вужудга келди деган нотўғри нуқтаи назарни рад этиб, ўтроқ феодаллар зўрлик ва босқинчилик билан ерларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан тортиб олганликларини исботлайди.
Профессор М. Йўлдошев ўз асарларида ҳақиқий ҳужжатларга таяниб, тарих фанида биринчи марта Х1Х асрда хонликдаги аграр тузумни ва феодал жамиятнинг тузилишини мукаммал баён қилиб беради, кенг халқ оммасининг ҳаётини, Хоразм қишлоқларидаги мураккаб ижтимоий табақаланиш жараёнини, деҳқонлар табақасини, турли табақаларнинг қўлида қанча ер бўлганлигини кўрсатиб беради.
Хуллас,Муҳаммаджон Йўлдошев А.Л. Кун тўплаган,П.П.Иванов давом этдирган илмий тадқиқотни давом этдирди.Афсуски, унинг 1985йилдаги вафотидан сўнг, Хива хонлигининг архив ҳужжатларини ўрганиш билан кейинги даврда ҳеч бир тадқиқотчи шуғулланмади.
Ҳозирда 1873 йилда Хивадан олиб кетилган хонлик архив ҳужжатлари, қўлёзма асарлар, шунингдек А.Л.Куннинг шахсий фонди, улар ичидаги айрим Хоразм тарихига оид манбалар Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номидаги халқ кутубхонаси ва Осиё музейидаги,шарқшунослик институтидаги, моддий маданият тарихи институтидаги қўлёзмалар ўз тадқиқотчиларини интизорлик билан кутиб ётибди…

03Rossiya imperiyasi tomonidan Xiva xonligining bosib olinishi paytida xon saroyidagi mavjud bo’lgan moddiy va ma’naviy madaniyatga oid buyum va ashyolar talon taroj etilgani Xorazmlik tarixchi Muhammad Yusuf Bayoniyning “Shajarayi Xorazmshohiy” asarida,shuningdek yuqoridagi harbiy yurishda kuzatuvchi sifatida qatnashgan amerikalik jurnalist -“Nьyu York Jeralьd” gazetasining muxbiri Mak Gaxanning “Oks sohilidagi janglar” kitobida haqqoniy tasvirlab o’tilgan.

Umid BEKMUHAMMAD
XIVA XONLIGI ARXIV
HUJJATLARINING TADQIQ QILINIShI
(A.L.Kun,P.Ivanov,M.Yo’ldoshevlar tomonidan )


Umid Bekmuhammad (Bekimmetov) 1975 yilda Xorazmda: Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlog’ida tug’ilgan. 1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakultetini tugatgan. Mehnat faoliyatini “Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida referentlikdan boshlagan. Shundan keyin matbuot va boshqa sohalarda ishlagan.
Umid Bekmuhammadning O’zbekiston va xorij matbuotida juda ko’p tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli o’limlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatag’on qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatag’on qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta ko’ngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan..


1873 yil may oyida Rossiya imperiyasi tomonidan Xiva xonligining bosib olinishi paytida xon saroyidagi mavjud bo’lgan moddiy va ma’naviy madaniyatga oid buyum va ashyolar talon taroj etilgani Xorazmlik tarixchi Muhammad Yusuf Bayoniyning “Shajarayi Xorazmshohiy” asarida,shuningdek yuqoridagi harbiy yurishda kuzatuvchi sifatida qatnashgan amerikalik jurnalist -“Nьyu York Jeralьd” gazetasining muxbiri Mak Gaxanning “Oks sohilidagi janglar” kitobida haqqoniy tasvirlab o’tilgan.
Ana shu Xiva yurishida sharqshunos A.L.Kun ham qatnashib bevosita xon saroyidagi talon taroj paytida noyob qo’lyozma asarlar, xonlik arxiviga oid hujjatlarni to’plash va ularni dastlab Toshkentdagi o’zi ishlayotgan Turkiston general gubernatorlik mahkamasiga,keyin Sankt Peterburgdagi Saltikov-Shchedrin nomli davlat xalq kutubxonasiga yuborish ishlariga boshchilik qiladi.
Shu o’rinda bevosita Xiva xonlari arxiv hujjatlarining to’planib saqlab qolinishi, Sankt Peterburgga yuborilishida tashkilotchilik qilgan Aleksandr Lьyudvigovich Kunning hayoti va faoliyatiga to’xtalib o’tsak.
Aleksandr Lyudvigovich Kun 1840 yilda hozirgi Ozarbayjonning Shamog’iy shahrida o’qituvchi oilasida tug’ilgandi.Uezd maktabida ishlovchi uning otasi 14 ta tilni bilar, onasi esa arman millatiga mansub bo’lib,Eronning Tabriz shahridan bo’lgan.Yoshligida otasi singari tilllarni o’rganish va tarix ilmiga qiziqqan Aleksandrning quvonchi uzoqqa bormaydi-endigina 14 yoshga to’lganida ota-onasi vafot etadi.Shundan so’ng otasining ilmli do’stlari Aleksandrning iqtidorini sezib, 1855 yilda uni hukumat hisobidan o’qish uchun Stavropolь guberniyasidagi gimnaziyaga yuborishadi.Gimnaziyani tugatgan 1860 yilda esa u Sankt Peterburg universitetining sharq fakulьtetiga qabul qilinadi.A.L.Kun universitetni tamomlagach, mashhur sharqshunos V.V.Grigorьevning maslahati va talabi bilan dastlab Orenburg general gubernatorliga, u yerdan esa 1868 yil 24 noyabrda O’rta Osiyoga yuborilgan.
Ma’lumki, bu paytda Qo’qon xonligining ko’plab hududlari,Buxoro amirligi zabt qilingan, Xiva esa navbatdagi nishon edi.Oradan ko’p vaqt o’tmadi-1873 yilda Xorazm ham bosib olindi.Aleksandr Lyudvigovich ana shu Xiva yurishida Turkiston general gubernatori K.P.Kaufman yonida birga bo’ldi.Bosib olinish jarayonlaridagi voqealarning, urush dahshatlarining guvohi bo’ldi. 29 may kuni Xiva xonining saroyi talon-taroj etilgach esa u yerdan A.L.Kun quyidagi hujjat va buyumlarni qo’lga kiritgandi.
Bu haqda u 1873 yil 18 dekabrda chop qilingan “Turkestanskiye vedomosti” gazetasidagi “Xiva safari vaqtida qilingan ilmiy ish” nomli maqolasida shunday yozadi:” Xiva ekspeditsiyasi vaqtida men quyidagi ilmiy materiallarni to’pladim: xon saroyini musodara qilish vaqtida sharq qo’lyozmalaridan iborat 300 kitob to’plandi, shulardan 129 tasi sarlavhalik 140 tomdan iborat tarixiy qo’lyozmalar, 30 tomdan iborat sharq shoirlarining devonlari, 50 tomdan iborat 40 ta huquqiy va diniy asarlardir.Bundan tashqari 18 tacha “Qur’on” va 50 ta dars kitoblari ham to’plandi.Xon saroyi musodara qilinganida, qo’lyozmalar bilan birgalikda hujjatlar ham to’plandi.Bu hujjatlarni ikki guruhga bo’lish mumkin: birinchi guruhga xonlikning daromadlari va xarajatlariga doir daftarlar hamda bir qancha vaqf va mulk hujjatlarini, ikkinchi guruhga xatlar va diplomatik yozishmalarni kiritish mumkin.Daftarlar orasida pul soliqlariga dior yozuvlar(solg’ut), zakot daftarlari va Matmurod devonbegining xon hujjatlari to’g’risidagi hisobotlari bor.
So’ngra shu hujjatlar orasida Buxoroda, G’azalida,Istambulda va boshqa joylarda savdo-sotiq ishlari bilan yashab turgan xivaliklarning xonga yuborgan iltimosnomalari, nizolarini hal qilib berish to’g’risida yozilgan imkoniyatnomalar, biror mansab berish to’g’risidagi iltimosnomalar va shu kabilar bor.Diplomatik hujjatlar orasida Ost-Indiya general-gubernatori Narsbrukning xati,Turkiya sultonining xatlari va farmonlari, rus elchisi podpolkovnik Danilevskiy bilan Xiva xoni o’rtasida tuzilgan ahdnoma hamda Turkiston general-gubernatori tomonidan xonga yuborilgan bir necha maktub bor”( IV AI AN, Fond 33, p 16).
Sharqshunos A.L. Kun ana shu ma’naviy boyliklarni Xivadan Toshkentga olib kelib, ayrimlari bilan to’liq, ba’zilarining esa mazmuni bilangina tanishib chiqadi.Tabiyki, olim bisotidagi ko’plab hujjatlarni Peterburgdagi Saltikov-Shchedrin nomli Xalq kutubxonasiga taqdim qiladi, ayrimlarini sharqshunos bo’lgani bois tanishib chiqish maqsadida o’zida olib qoladi.
Turkiston general gubernatori K.P. Kaufman esa Xalq Kutubxonasi direktori nomiga 1874 yil yanvarida xat yozib unda shunday fikrlarni bildirgandi:
“ Hurmatli Ivan Davidovich! O’tgan yilgi Xiva ekspeditsiyasi vaqtida xon saroyi musodara qilinganida mening huzurimda bo’lgan Nadvorniy Sovetnik Kun mening topshirig’imga binoan Sharq qo’lyozmalarini to’plagan edi.Ushbu maktub bilan ilova qilingan ro’yxatga binoan mazkur qo’yozmalar kollektsiyasini yuborib, Imperator Xalq kutubxonasidan bu kollektsiyani rus qo’shinlarining 1873 yildagi Xivada qozongan muvaffaqiyatlari ilm-fanga keltirgan tuhfa tariqasida qabul qilinishini iltijo qilaman. Chin hurmat va astoydil sadoqat bilan kaminalari”( IV AI AN Rossiyskiy federatsiya Fond 33, p 16 ).
Oradan ikki yilcha vaqt o’tib “Xalq kutubxonasining 1876 yilgi hisoboti” da bu haqdayam to’xtalib o’tiladi: “Kutubxonaning faxriy a’zosi general-ad’yutant K.P.Kaufman O’rta Osiyo xonlarining hujjatlari va yozmalari to’plamini sovg’a qilib yubordi, bu hujjatlar va yozmalar Iskandarko’l,Shahrisabz va Xiva ekspeditsiyalari vaqtida to’plangandir”.
Xullas,A.L. Kunning xizmatlari bois Rossiya sharqshunosligi katta ma’naviy boylikka ega bo’ldi.Aleksandr Lyudvigovich Kun esa 1876 yildan 1882 yilgacha Turkiston general gubernatorligining maktablar bosh noziri bo’lib ishlaydi.Ya’ni tashkil qilingan rus-tuzem maktablari faoliyati bilan shug’ullanadi va davr talabiga ko’ra, bunday maktablarni yanada ko’paytirish imkoniyatlarini izlaydi.
Turkiston general gubernatorligi mahkamasida ishlayotgan A.L.Kun 1882 yilda Peterburgga yuborilib, u yerda bir oz ishlaydi.Ma’lumki, bu paytda uning Xiva yurishidan olib kelingan hujjatlarning ko’pchilik qismi Peterburgdagi Davlat Xalq Kutubxonasida saqlanayotgandi.Xivadan olib kelingan va Toshkentda o’rganish niyatida olib qolgan hujjatlarning ikkinchi qismini A.L.Kun o’zi bilan birga Sankt Peterburgga olib kelib kvartirasida o’qib o’rganish maqsadida saqlab qo’yadi.
Ammo u Sankt Peterburgda ozgina vaqt faoliyat ko’rsatgach, Vilьno shahridagi maorif okrugi nozirining yordamchisi vazifasi ishga yuboriladi.Biroq sharqshunos sifatida poytaxtda ishlashni ma’qul topgan, bevosita Xorazmdan olib kelingan hujjatlarni tadqiq qilishga endigina imkon topayotgan A.L Kun o’zining bu ishga tayinlanganidan norozi edi.U bu haqda 1886 yil 4 iyulda sharqshunos V.V.Stasovga yuborgan xatida “meni sharqshunos sifatida dastlab Orenburgga ishlatishga va’da bergan edilar,lekin vakantsiya yo’q degan bahona bilan Vilьnoga yubordilar” deya yozadi.Sharqshunos sifatida V.V. Stasov ham Vilьnoga xat jo’natib A.L.Kun qo’lida qanday hujjatlar borligiga qiziqadi.
A.L.Kun esa V.V.Stasovga shunday maktub yozib yuboradi: “1876 yilga qadar men Iskandarko’l,Shahrisabz,Xiva va Qo’qon harbiy safarlarida marhum K.P.Kaufman huzurida kollektsioner sifatida qatnashganman. Xalq kutubxonasidagi qo’lyozmalar va Fanlar akademiyasida saqlanayotgan lingvinistikaga doir materiallar mening o’sha harbiy safarlarda qatnashganligimni isbotlovchi materiallardir.Menim qo’limda Xiva xonlarining to’liq tarixi, sharq qo’lyozmalari, qadim zamonlardan tortib to 1873 yilga qadar bo’lgan voqealarni bayon qilgan qo’lyozmalar bor.Lekin bularning hammmasi Peterburgda saqlanmoqda va shu sababdan men ular haqida ma’lumot berolmayman”.
Demakki,Vilьnoda ishlayotgan A.L. Kunning o’zi yuqorida ta’kidlab o’tgan, to’plagan materiallari Sankt Peterburgda qolgandi.1888 yil 24 oktyabrda sharqshunos A.L.Kun 48 yoshida Vilьno shahrida vafot etadi.Uning vafotidan keyin Sankt Peterburgdagi kvartirasida saqlanayotgan shaxsiy arxivining anchagina qismi Fanlar Akademiyasining Sankt Peterburgdagi Osiyo muzeyi ixtiyoriga,shuningdek Rossiya Fanlar akademiyasining Sankt Peterburgdagi moddiy madaniyat tarixi institutiga topshiriladi.
Shu tariqa A.L.Kun to’plagan Xiva arxivi uchta ilmiy ma’rifiy tashkilotda:
1.Saltikov Shchedrin nomli xalq kutubxonasida;
2.Osiyo muzeyida;
3.Sankt Peterburgdagi sharqshunoslik institutida hozirda ham saqlanyapti.

Bundan tashqari, sharqshunos A.L.Kunning ayrim shaxsiy hujjatlari, ilmiy merosiga oid ba’zi manbalar esa moddiy madaniyat tarixi institutining № 19 fondida saqlanmoqda.
Akademiyaga qarashli “Melanj Aziatik” jurnali 1890 yilda A.L.Kun kollektsiyasidagi qo’lyozmalarning ro’yxatini e’lon qiladi.
A.L.Kun hayoti va faoliyatiga nazar tashlab shuni aytish mumkinki, u sharqshunos sifatida 1873 yilgi yurishda to’plagan ma’naviy boyliklar, xonlik arxiv hujjatlarining to’planib Rossiya imperiyasi poytaxtiga olib ketilishiga boshchilik qildi.Ammo 1876 yil-1882 yillarda Turkiston general gubernatorligida, keyin esa Vilьno shahrida maktablar noziri bo’lib ishlagani bois, garchi mutaxassisligi sharqshunos bo’lsada Xiva xonligi arxiv hujjatlarini to’liq tadqiq qilishga ulgurmadi.
Faqatgina Xivadan olib ketilgan hujjatlarni tavsiflab, ularni ikki guruhga ajrata oldi:
1.Xonlikning daromadlari va xarajatlariga oid daftarlar hamda bir qancha vaqf va mulk hujjatlari;
2.Xiva xonlarining boshqa davlat rahbarlari bilan yozishgan diplomatik yozishmalari va xatlari.
Shu tariqa yetuk sharqshunoslar tomonidan istiqbolli tadqiqotchi sifatida e’tirof etilgan A.L.Kun aynan o’z mutaxassisligi bilan bog’liq bo’lmagan muassalarda ishlagani sabab, yuqoridagi hujjatlarni tadqiq qilishga ulgurmay 48 yoshida vafot etadi.O’ylaymanki, agarda u uzoq umr ko’rib, yana hayot kechirganida o’zi olib kelgan arxiv hujjatlarinigina emas, ko’plab qo’lyozma asarlarni ham tadqiq qilish bilan shug’ullanardi.
A.L.Kun Xivadan olib kelib o’z uyida saqlagan va vafotidan keyin Sankt Peterburgdagi Osiyo muzeyiga topshirgan hujjatlarning bir qismini sharq qo’lyozmalari bo’yicha yetuk mutaxassis,1880-1916 yillarda 36 yil ushbu muzeyga rahbarlik qilgan K.G.Zaleman tomonidan ro’yxatga olingandi.Lekin qo’lyozmalarning mazmuni o’qib aniqlanmadi.
Chunki qo’lyozmalar Xiva xonlari arxivi ekanligini, professor Muhammadjon Yo’ldoshevning aytishi bo’yicha,“hech kim bilmadi”.Shundan keyin Osiyo muzeyida saqlanayotgan ushbu materiallarning ayrimlari Fanlar Akademiyasining Peterburgdagi Sharqshunoslik institutiga o’tkazildi va mazmuni o’qib aniqlanmagan qo’lyozmalar tariqasida keyingi vaqtlargacha ro’yxatga olinmay, fondda saqlanib kelaverdi.
Bu qo’lyozmalar Sankt Peterburgdagi Sharqshunoslik institutida uzoq vaqt saqlandi va shu davr ichida ushbu materiallar bilan ko’pgina atoqli olimlar yuzaki tanishib chiqdi.
Bunga A.L.Kun to’plagan arab yozuvidagi qo’lyozmalarni o’qish juda qiyin bo’lganligi,qolaversa 20 asrning boshidagi davr alg’ov-dolg’ovlari, ijtimoiy siyosiy vaziyatning yomonligi tufayli sharqshunoslarning ko’pchiligi A.L.Kun to’plagan qo’lyozma va hujjatlarga e’tiborsiz qaraganligi sababli,ularning mazmuni aniqlanmay qolaverdi.Shu tarzda bu materiallarning mazmunini aniqlash uzoq vaqtlargacha birinchi darajadagi ilmiy muammo bo’lib keldi.
Shu o’rinda A.L.Kun tomonidan 1873 yilda to’plangan Xiva xonligi arxiv hujjatlari to xonlik tashkil topgan 1511 yildan, yoki poytaxt Vazir,Urganch shaharlaridan keyin Xivaga ko’chirilgandan buyon saqlanayotgan to’liq hajmdagisi edimi degan savol tug’iladi.
Rossiya sharqshunoslari orasida yetuk arabshunos, turkshunos sifatida tanilgan,shuningdek o’zbek, tojik, arab va fors tillarini bilgan va mahalliy aholi orasida Iskandar to’ra deya nomlangan Aleksandr Lyudvigovich Kunning o’zi bu haqda shunday yozgandi:
“..Hujjatlar to’plami har qancha qiziqarli bo’lsa ham, lekin bu hujjatlarning fan uchun bo’lgan ahamiyatini e’tiborga olganda: birinchidan, shu hujjatlarning to’liq emasligiga-ko’p hujjatlar yo’q bo’lib ketganligiga va noma’lum kishilar olib ketganligiga va ikkinchidan, bu hujjatlar faqat keyingi vaqtlarga doir qiziqarli materiallardan iborat bo’lganligiga afsuslanmaslik mumkin emas.
Bu holning ikkita sababi bo’lishi mumkin: ruslar yaqinlashib kelayotganligi to’g’risida xabar olinishi bilan saroyda umumiy sarosimalik boshlangan, ikkinchidan, musulmon xonliklarida yozma hujjatlarni saqlash odati yo’q edi.Har bir xon o’lganidan keyin saroyda bo’lgan mulkning hammasi merosxo’rlar o’rtasida taqsimlanib olinar edi, davlat arxivlari yoki shunday hujjatlar saqlanadigan boshqa joylar xonliklarda bo’lgan emas” (“Poyezdka po xivinskomu xanstvu v 1873 g” Izvestiya Russk.Geograf. obshestva, t,X, SPB, 1874, 58 bet). Tabiiyki,A.L.Kunning o’zi topgan arxiv to’g’risida bergan ma’lumotlari shubhasiz to’g’ridir.
Ya’ni,ana shu ma’lumotlaridan ko’rinadiki,1873 yildagi Xiva bosqinida A.L.Kun to’plagan arxiv hujjatlari xonlikning asrlar davomidagi to’liq davlat hujjatlari emasdi.
1868-1882 yillarda 14 yil O’rta Osiyoda xizmat qilgan A.L.Kun yetuk sharqshunos bo’lsada,Turkiston general gubernatorlik mahkamasida ishlagani bois ilmiy faoliyat bilan tadqiqotchi sifatida shug’ullanmagan. Shu bois uning ba’zi fikrlari, jumladan, sharq xonliklarida hujjatlarni saqlash odati yo’q, degan fikrlariga qo’shilish qiyin.
Chunki, 1830-32 yillarda Olloqulixon Toshhovli saroyini qurdirgan paytida xonlik arxivini muhofaza qilishga alohida ahamiyat berib, maxsus bo’lmalar ajratadi.Bayoniyning “Shajarayi Xorazmshohiy” asarida yozilishi bo’yicha, arxiv hujjatlari xazinada saqlanib kelgan.Saroyda arxiv materiallari alohida binoda, maxsus ajratilgan kishilarning nazorati ostida tartib bilan juda puxta saqlanib kelgan bo’lib, har bir daftar raqamlangan.
Ehtimol, qadimgi davrlarda xonliklarda hujjatlarni saqlash an’anasi bo’lmagandir.Sharqda arxivlarni saqlash odati bo’lmagan edi, degan fikr o’sha vaqtda ko’p tarqalganligi sababli,1873 yilgi Xiva yurishi paytida A.L.Kun saroyda yuz bergan tartibsizlik ta’siri ostida qolib, topilgan hujjatlar bilan chuqurroq tanishishga ulgura olmay shu fikrni aytganligi ehtimoldan uzoq emas.Qolaversa, biz tilga olgan A.L.Kunning maqolasi 1874 yilda chop etilgandi.
Bundan tashqari, Kaufman armiyasi shtabida xizmat qilgan A.L. Kun hujum qilib borayotgan qismlarning oldingi safida emas edi.Ana shuning uchun ham u saroyga birinchi bo’lib kirmasdan, balki birmuncha keyinroq kirgan, bu paytda esa, xon va uning mulozimlari qochib ketgan, saroyning ichiga yuzlab kishilar kirib chiqgan edi.Ana shu sababli xon va uning a’yonlari tashlab ketgan saroyga tasodifiy kishilar “saroydagi sarosimalikdan” foydalanib, u yerda qimmatbaho narsalar topish maqsadida yoki boshqa maqsadlar bilan kirib-chiqib yurganlar.Shuning uchun ham A.L.Kun qo’liga tushgan arxiv haqiqatan ham betartib holda bo’lgan va bir qismi talonchilik natijasida yo’qolgan bo’lishi mumkin.
Xo’sh, yo’qolishga sabab nimada?
Bu haqda keyinchalik Xiva xonlar arxivini tadqiq qilgan professor Muhammadjon Yo’ldoshev shunday fikr bildiradi: ma’lumki, vaqf yerlar, molu mulk da’vosiga doir qozi yoki quo’begi va boshqa amaldorlarga tegishli hujjatlar ham xon saroyida saqlangan.Bayoniyning “Shajarayi Xorazmshohiy” asarida yozilishi bo’yicha, saroyni zabt etgan Rus generali Golovachyov otryadi saroydan chiqib ketganidan keyin, bir to’da olomon saroyga bostirib kirgan va Golovachyovdan qolgan narsalarning hammasini olib ketgan.
Xo’sh,olomon tomonidan yo’qotilgan narsalar, yoki hujjatlar nima bo’lishi mumkin?Ularni yo’qotishdan kim manfaatdor edi?
Manfaatdorlar faqat saroydagi kundalik xarajatlar yozilib borgan va eng keyingi vaqtlarga doir bo’lgan hujjatlar bilan yoki daromadlar to’g’risidagi, yoxud boshqa mansabdor shaxslarning daromadlari to’g’risidagi hujjatlar bilan, yo bo’lmasa soliq to’lovchilarning ro’yxatlari bilan qiziqishlari mumkin edi.Biror narsani olishga yoxud biror hodisaning izini yo’q qilib yuborishga intilgan, o’zlarining fosh bo’lishlaridan qo’rqqan manfaatdor kishilargina(yoki shu kishilarning yollanma odamlari) saroyda ro’y berayotgan voqealardan foydalanib qolmoq uchun mazkur hujjatlarni o’g’irlab ketishlari mumkin edi.Bunday manfaatdor kishilar o’zlarining qadim o’tmishdagi bobolariga doir xarajatlar yoki daromadlar ma’lumotlariga qiziqmas edilar.Ular ko’proq o’zlariga doir ma’lumotlar bilan, o’z hamshaharlari,hamqishloqlariga yoki qarindosh-urulariga doir materiallar bilan qiziqardilar.
Masalan, Xiva arxivida Qushbegi tomonidan aholidan olingan solg’ut( yerdan olinadigan pul solig’i) ro’yxatining yo’qligi tasodifiy bo’lmasa kerak.Shuningdek,A.L. Kun to’plagan A-257 raqamli qizil charm muqovali daftarning ayrim varaqlari yulqib olingan, yozuvsiz toza sahifalarni esa harbiy safar qatnashchilaridan biri kundalik xotiralarini yozib borish uchun ishlatgan..
Arxivdagi hujjatlarning tili hozirgi o’zbek adabiy tiliga kam o’xshash bo’lib, daftarlarda shartli so’zlar bilan yozilgan ma’lumotlar ko’p.Chunki bu ma’lumotlar daftarlarga tadqiqotchilarning o’qishi uchun yozilmasdan, balki tor doira kishilar uchun bitilardi.Bu daftarlarni yozgan mirzolar o’zlari yozgan yozuvlar xonning shaxsiy mahkamasi yoki biror bo’limdagi sirlardan voqif bo’lmaslik uchun, hatto o’z zamondoshlari yoxud sheriklari ham o’qiy olmaydigan yozuvlar bo’lib chiqishiga harakat qilganlar.Ya’ni,xonlik hujjatlari sir saqlanishi uchun atayin o’zlarigina o’qiy oladigan qilib yozishgan.Boshqalar esa ularning yozuviga tushunmagan.
O’zi to’plagan hujjatlarni to’plab dastlab ular bilan tanishgan A.L. Kun bu haqda shunday yozgandi: “Bundan ham chalkashroq yozuvni topish qiyin.Daftarlarda nimalar yozilganligini boshqa devonlardan(kotib-mirzolardan) iltimos qiliganimda ular yozuvga tushunmay o’qib bera olmadilar”.
Aynan, shu sababdan ham hujjatlar A.L. Kun tomonidan Sankt Petrburgga olib ketilib muzey va xalq kutubxonasiga tobshirilgach, ancha vaqtgacha yozuvlarga tushunish qiyinligidan Xiva xonligi arxivi tadqiqotchilari e’tiboridan chetda qolib ketaverdi.
Biroq A.L.Kunning Xorazmdan to’plab olib ketgan kollektsiyasi sharqshunoslik uchun chinakam bebaho ma’naviy boylik edi.Bu ma’naviy boylikdan unumli foydalanish va tadqiq qilish A.L.Kundan keyin ikkinchi bo’lib Pavel Pyotrovich Ivanovga (1893-1942)va uchinchi Muhammadjon Yo’ldoshevga nasib qildi.
Pavel Pyotrovich asli Sibirning Ishim daryosi bo’yidagi rus qishlog’ida 1893 yilda tug’ilgan bo’lib, otasi Pyotr Ivanov harbiy xizmatni Toshkentda o’tab qaytgandi.Biroq Sibirda oilasining moddiy qiyinchiliklari ko’paygach, o’zi xizmat qilgan o’lkaga borib yashashni afzal ko’radi va Toshkentga ko’chib kelib temir yo’l ustaxonasida ishlaydi.Shu tariqa Sibirlik ishchining o’g’li Pavel Toshkentdagi o’qituvchilar seminariyasida tahsil olib, mahalliy xalq tili, urf odat,an’analarini o’rganadi.Semtnariyani bitgach Sankt Peterburgdagi sharq tillari institutida o’qiydi va arab, fors, turk tillarini mukammal o’rganadi.
V.V.Batrolьd, Ya.Yu.Yakubovskiylarning ilmiy maslahatlari va ularning qo’llab quvvatlashi bilan Pavel Pyotrovich Ivanov O’rta Osiyodagi ilmiy ekspeditsiyalarda qatnashdi va to’plagan ma’lumotlari asosida “Sayram”, “Issiqko’l havzasidagi moddiy yodgorliklar tarixi”, “O’rta Osiyoda tog’-konchilikning rivojlanish tarixi” nomli asarlarini yaratdi.Keyinchalik esa jo’ybor shayxlari, hamda qoraqalpoqlar tarixiga oid asarlarini ham nashr etdirdi.

1936 yildan boshlab esa P.P.Ivanov Saltikov-Shchedrin nomidagi xalq kutubxonasida saqlanayotgan Xiva xonligining arxiv hujjatlari bo’yicha tadqiqotlar olib boradi.Uch yil davomida Pavel Pyotrovich Ivanov A.L. Kun topib keltirgan Xiva xonligiga oid daftarlarni qisqacha tavsiflab, ulardan parchalar bergan holda 1939 yilda “Arxiv xivinskix xanov X1X v” nomli kitobini nashr etdiradi.
P.P.Ivanov asarida ko’rsatilgan daftarlarning raqamlari tarixchining o’zi qo’ygan raqamlardir.Ushbu raqamlar Saltikov-Shchedrin nomidagi Xalq kutubxonasida qo’lyozmalarning kollektsiyalari yoki arxivlar ro’yxatga olingan vaqtda qo’yilgan hisobot raqamlaridir. Masalan, P.P.Ivanov asarida bayon etib o’tilgan 22-raqamli daftar Xiva xonlari saroyida 13 / 1 raqami bilan, 88 /2 raqamli daftar xon saroyida 2-raqam bilan, 70 /3 daftar saroyda 4-raqam bilan yuritilgan.
Xiva xonlari arxivi bilan to’liq tanishi imkoniyatiga va tadqiq qilishdek zahmatli, mashaqqatli va sharafli ishda P.P.Ivanovning xizmati juda katta bo’lib, u birinchi bo’lib ilm ahllarining e’tiborini arxivga jalb qildi va topilgan materiallarni tizimga soldi.U o’z asarida daftarlarning mazmunini qisqacha bayon qilib berdi va sharqshunoslikga g’oyat katta xizmat ko’rsatdi.
Pavel Pyotrovich Ivanov o’zining Xiva xonligi arxiv hujjatlari bilan qay tariqa shug’ullangani haqida shunday yozgandi: “Leningradda 1936 yili Saltikov-Shchedrin nomli kutubxonada qo’lyozmalar ustida ishlayotib, bo’lim boshlig’i I.A.Beglovga O’rta Osiyo, qisman Sharq qo’lyozmalari haqida so’rab qoldim.O’shanda menga katta bog’lamdagi kip qog’ozlarni ko’rsatdi.Ikkita bo’lmani egallab turgan bu qog’ozlar buklamlarda saqlanayotgan to’liq ishlanmagan sharq tillaridagi yozuvlar bitilgan daftarlar edi.Men qisqa bir vaqtda ba’zilarini ko’zdan o’tirgach ko’zlarimga ishonmasdim.Negaki bu 120ga yaqin daftar bo’lib, Xiva davlat arxivi edi”.
Yozuvlar bitilgan daftarlar bilan tanishib chiqgach,hujjatlarning davriyligi 1237 hijriy, milodiy 1822 yildan 1872 yilgacha bo’lgan ,umumiy hisoblaganda 50 yillik davrni qamrab olgan Xiva xonlari arxivi edi.
Pavel Pyotrovich Ivanovning hisoblashicha, daftarlarning ko’pchiligi Xiva o’zbek tilida bo’lib,19 asrning 20 yillariga tegishli 8 ta, 1830 yillarga oid 2 ta, 1840 yillarga doir 15,1850 yillarga oid 28 ta,1860 yillarga tegishli 12 ta, 1870-72 yillarga oid 15 ta daftar edi va ularni Ivanov sharqshunos tarixchi sifatida tadqiq qilib chiqadi.
Agar ushbu xonlik arxiv hujjatlari yuritilgan daftarlarni bevosita xonlar bilan bog’laydigan bo’lsak,Muhammad Rahimxon 1,Olloqulixon(1825-1842),Rahimqulixon (1842-45),Muhammad Aminxon(1845-1855),Sayid Muhammadxon (1855-64) va Sayid Muhammad Rahimxon 2 hukmdorligining 1864 yilidan 1872 yiligacha bo’lgan davriga oid xon farmonlari, yer-mulk egaligi,saroy kirim-chiqimlariga oid hujjatlar ekanligini bilish mumkin.
Professor Pavel Pyotrovich Ivanovning ta’kidlashicha, “arxivni ko’rib chiqib, unga xarakteristika berish va turkumlashtirishdan oldin ta’kidlash joizki, bu hujjatlarni yetarlicha tasnif qilish mumkin va qanday sharoitda qilinadi va bunday savollarga birato’la javob berish mushkul.Chunki, bizga Xiva xonligida bunday davlat hujjatlari bilan ish yuritish tizimi noma’lum hamda undagi maxsus terminologiyani o’rganib chiqish lozim.
Yana shuni ta’kidlash zarurki, biz qo’limizdagi O’rta Osiyo xonliklaridagi hujjatlar bilan ishlashda ish yuritish tartiblari moliyaviy hisobot yuritish, rasmiy yozuvlarni qanday shaklda olib borish bilan hozirgacha deyarli hech kim shug’ullanmagan.Xonlik arxivi tadqiqotchilari uchun qo’l yetmas darajadagi murakkab va mavhum holat”, degan fikrni bildiradi.
Ammo Pavel Pyotrovich Ivanov qunt bilan olib borgan izlanishlari sabab, xonlik arxivi bo’yicha tadqiqotlarni olib borib, “19 asr Xiva xonligi arxiv hujjatlari” nomli asarini yozib nashr etdirdi.
Afsuski, serg’ayrat tarixchi ,professor P.P.Ivanovning 1942 yildagi bevaqt vafoti natijasida bu ish to’xtab qoldi va ancha yillargacha hech kim davom etdirmadi.Biroq u A.L.Kun to’plagan, tanishgan, ammo tadqiq qilishga ulgurmagan Xiva xonligi arxiv hujjatlarini o’z imkoniyati darajasidan kelib chiqib o’rgandi va shu mavzu bo’yicha asar yozib qoldirgan holda, unga ilmiy va umrboqiy hayot bag’ishladi.
A.L.Kun to’plagan,P.P. Ivanov davom etdirgan savobli ilmiy ishni chidam bilan tadqiq etish uchinchi bo’lib Muhammadjon Yo’ldoshevga nasib etdi.
Muhammadjon Yo’ldoshev garchi Farg’ona viloyatining Beshariq tumanida 1904 yilda tug’ilgan bo’lsada, uning ilmiy faoliyati, qiziqishu intilishlari Xorazm mavzusida edi.Uning yoshligi 1920 yillardagi alg’ov-dalg’ovli davrga to’g’ri kelsada, ilmga intilgani bois O’rta Osiyo Universitetini 1928 yilda tugatdi.Biroq birdaniga ilmiy ish bilan shug’ullanmay,1929-30 yillarda Toshkent okrug partiya komitetida , VKP(b) MK O’rta Osiyo byurosida ,1933-35 yillarda Ukraina Kompartiyasi MKda bo’lim mudiri sifatida faoliyat ko’rsatdi.1935-37 yillarda esa Moskvadagi Qizil Professura institutida tinglovchi bo’ldi.O’qishni tugatib kelgach,1937-40 yillarda Toshkent shahar va viloyat partiya komiteti kotibi, 1940-42 yillarda respublika maorif xalq komissari bo’lib ishladi.Shu bilan birga “O’zbekiston kommunisti” jurnalining bosh muharriri, Ittifoq Fanlar Akademiyasi O’zbekiston filiali til, adabiyot va tarix institutining direktori bo’lib faoliyat ko’rsatdi. Urush avjiga chiqqan 1942-45 yillarda esa Orenburgga yuborilib, Buguruslan o’qituvchilar instituti va 1945-48 yillarda Mordva pedagogika institutlarida direktorlik qildi.Shundan so’ng Moskvaga borib 1948-51 yillarda fanlar akademiyasining sharqshunoslik institutida katta ilmiy xodim, 1951-56 yillarda Leningrad Davlat Universitetida dotsent, 1956-61 yillarda esa O’ZKP( b) MK huzuridagi partiya tarixi instituti direktori sifatida mehnat qildi.
Bunday nazar solsangiz Muhammadjon Yo’ldoshevning umr yo’li turli darajadagi mansablarda o’tgandek.Ammo u ilm bilan shug’ullanishni kanda qilmadi.Arab yozuvini va tilini yaxshi bilganidan eski qo’lyozmalarni to’plash, ularni tadqiq qilishga vaqt topaoldi.Bu borada dastlab nomzodlik, 1953 yilda bo’lsa “Xiva xonligida feodal yer egaligi va davlat tuzilishi” mavzusida doktorlik disssertatsiyasini yoqladi. Faqat 1961 yildan keyingina O’ZFA sharqshunoslik institutida bo’lim mudiri, professor sifatida yoshlarga ustozlik qilish bilan birga ilmiy tadqiqotlarini davom etdirdi.Shular asosida esa “Xiva xonligida feodal yer egaligi va davlat tuzilishi”, “K istorii torgovix i posolьskix svyazey Sredney Azii s Rossiyey v 16-17 vv”, “K istorii krestьyan Xivi 19 v” , “Xiva xonligi arxiv hujjatlari” nomli monografiyalar yaratdi.
Ma’lumki, akademik V.V.Bartolьd aytganidek, “musulmon olamida tarix hech bir joyda bevosita arxivdan olingan hujjatlar asosida yozilgan emas”.Bu haqda akademik I.Yu.Krachkovskiy ham ta’kidlab,” sharq tarixchilari oldidagi jiddiy qiyinchilik bular tekshirgan mamlakatlarning ichki hayotini tasvirlovchi hujjatlardan foydalanish imkoniyatining yo’qligi edi”.
1951-56 yillarda Leningrad shahrida yashab, universitetda dotsent sifatida faoliyat ko’rsatgan Muhammadjon Yo’ldoshev A.L.Kun to’plagan va uni tadqiq qila boshlagan P.P.Ivanovning ishini uchinchi bo’lib davom etdirgan holda, olib borgan tadqiqotlari bilan Sharq hayotidagi butun bir tarixiy davrni yangicha yoritishga muvaffaq bo’ldi.
Jami o’n bir ming varaqdan iborat A.L. Kun to’plagan va Saltikov Shchedrin nomidagi xalq kutubxonasida hamda Osiyo muzeyida saqlanayotgan xonlik arxiv hujjatlarini tavsiflash va tekshirish, tarjima qilish tabiiyki oson bo’lmadi.Bunga M.Yo’ldoshev yillar davomidagi sabr matonati evaziga erishdi.
Natijada arxiv materiallari vositasi bilan,X1X asrda Xivada yirik feodal yer egaligining qanday tarkib topganligi va yerdan kimlar foydalanganligi, aniqrog’i kimlarga tegishli bo’lganini aniqlashga muvaffaq bo’ldi.Uning tadqiqicha,butun xonlikdagi yerlarning 10/ 9 foizi katta yer egalarining qo’lida bo’lgan.
Muhammadjon Yo’ldoshev izlanishlari asosida Xiva xonligida katta yer egaligi ko’chmanchi oqsuyaklarga qarashli yerlarni musodara qilish natijasida vujudga keldi degan noto’g’ri nuqtai nazarni rad etib, o’troq feodallar zo’rlik va bosqinchilik bilan yerlarni bevosita ishlab chiqaruvchilardan tortib olganliklarini isbotlaydi.
Professor M. Yo’ldoshev o’z asarlarida haqiqiy hujjatlarga tayanib, tarix fanida birinchi marta X1X asrda xonlikdagi agrar tuzumni va feodal jamiyatning tuzilishini mukammal bayon qilib beradi, keng xalq ommasining hayotini, Xorazm qishloqlaridagi murakkab ijtimoiy tabaqalanish jarayonini, dehqonlar tabaqasini, turli tabaqalarning qo’lida qancha yer bo’lganligini ko’rsatib beradi.
Xullas,Muhammadjon Yo’ldoshev A.L. Kun to’plagan,P.P.Ivanov davom etdirgan ilmiy tadqiqotni davom etdirdi.Afsuski, uning 1985yildagi vafotidan so’ng, Xiva xonligining arxiv hujjatlarini o’rganish bilan keyingi davrda hech bir tadqiqotchi shug’ullanmadi.
Hozirda 1873 yilda Xivadan olib ketilgan xonlik arxiv hujjatlari, qo’lyozma asarlar, shuningdek A.L.Kunning shaxsiy fondi, ular ichidagi ayrim Xorazm tarixiga oid manbalar Sankt-Peterburgdagi Saltikov-Shchedrin nomidagi xalq kutubxonasi va Osiyo muzeyidagi,sharqshunoslik institutidagi, moddiy madaniyat tarixi institutidagi qo’lyozmalar o’z tadqiqotchilarini intizorlik bilan kutib yotibdi…

04

(Tashriflar: umumiy 2 631, bugungi 1)

Izoh qoldiring