Sharof Boshbekov. Umurtqasiz odam

032 26 январь куни ўзбек адабиёт оғир жудоликка учради: таниқли адиб, забардаст драматург Шароф Бошбеков 71 ёшида вафот этди. Яратган Эгам бетакрор истеъдод ила сийлаган ёзувчимиздан ичакузар комедиялар, жиддий пьесалар, унутилмас ҳикояю киноқиссалар мерос бўлиб қолди.

Шароф Бошбеков виждони уйғоқ зиёли сифатида миллатимизнинг оғриқли муаммолари хусусида теран публицистик мақолалар ҳам ёзган эди. Эндиликда боқий дунё фуқаросига айланган ёзувчининг «Тафаккур» журналида «Умуртқасиз одам» деган ном билан чоп этилган эссесини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Бу – муаллифнинг вақтли матбуотда эълон қилинган сўнгги мақолаларидан бири бўлса ажаб эмас.

Шароф БОШБЕКОВ
УМУРТҚАСИЗ ОДАМ

Ўзбекистонда кейинги 25-30 йил ичида рўй берган ижтимоий-сиёсий эврилишлар ҳақида сўз кетганда, менинг кўз олдимга Танзаниядаги Серенгети пасттекислиги келади. Бу текислик майдони ниҳоятда катта бўлиб, унга Кения давлатининг Масаи-Мара қўриқхонаси ҳам киради. Ушбу гўшада ҳар йили бир марта табиатнинг мисли кўрилмаган мўъжизаси рўй беради. Қурғоқчилик палласида миллионлаб жониворлар ёппасига сув қидириб йўлга чиқади. Акс ҳолда сувсизликдан ҳалок бўлиши мумкин… Бу ғаройиб ҳодиса фанда «буюк кўчиш» деб аталади.

Менинг Ватанимда ҳам Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Америка томонларга «буюк кўчиш» содир бўлди, ҳамон бўлаётир. Эҳтимол, одамларни ҳайвонлар билан қиёслаш ноўриндир, лекин муштарак бир жиҳат бор: иккала ҳолатда ҳам жон сақлаб қолиш учун кураш кетяпти. Ялписига, оммавий кўчиш шу қадар кучайиб кетдики, баъзи қишлоқларда ҳатто тобут кўтаргани тўрт эркак топилмай қолди. Бақувватроқ аёллардан бири тўн устидан белбоғни маҳкам боғлаб, тўртинчи бўлиб тобут кўтарганини эшитганмиз. Нима бу? Иккинчи жаҳон уруши даврида шунақа бўлган: ҳамма юмуш аёллар, болалар ва қарияларга қолиб кетган. Аммо халқимиз учун ниҳоятда оғир бўлган ўша йилларда ҳам; қимматчилик, очарчилик, қаҳатчилик йиллари ҳам юртимизда аёллар мардикорликка чиқмаган!

Бу гапларни нима учун айтяпман? Шунинг учунки, жамиятда ижтимоий-сиёсий аҳвол қандай бўлса, миллатнинг маънавий қиёфаси ҳам шунга мувофиқ бўлади. Зиғирча кам ҳам, кўп ҳам эмас.

* * *

Ҳамма бало ўшанда бошланди. Бир кечада колхоз ва совхоз деган тузилмалар тарқатиб юборилди. Миллион-миллион колхозчилар эрталаб уйғониб қараса, ўша кундан эътиборан ҳеч ким эмас экан! Бир кечада! Колхоз-совхоз тизими молиявий, юридик, ижтимоий жиҳатдан тўлиқ шаклланган тузилма бўлиб, ҳарна, одамларнинг кунига яраб турган эди. Аллақаёқдан «фермер», «офис», «супермаркет», «шеф», «шоу» деган миллатга ёт тушунчалар пайдо бўлди. Бу сўзлар чириб бораётган капитализм дунёсига мансуб деб тушунтирилган эди-ку бизга! Колхоз «фермер хўжалиги»га айлантирилди, биринчи секретарь «ҳоким» деб ўзгартирилди. Хўш, бу билан нима ўзгарди? Ҳеч нима. Ўша «чириб бораётганлар»га кулги бўлганимиз қолди, холос.

Фермерлик нималигини орадан тахминан ўттиз йил ўтиб, энди-энди сал тушунгандек бўляпмиз. Аввал-бошда фермерлик – давлат ерларини пулдорларга сотиш бўлса керак, деб тахмин қилдик. Пули кўп ит ҳам, бит ҳам ер ола бошлади. Чайқовчи ҳокимлар далаларимизни ўнгу сўлга пуллайверди. Натижада порахўрлик, коррупция авжга чиқди, миллионлаб колхозчи ва совхоз ишчилари кўчада қолди. «Ер сотган – эр бўлмас» деган нақлни унутиб, ҳаёт тарзимиз бугунгидек ташвишли аҳволга келиб қолди. Кейин билдикки, фермерлик дегани бутунлай бошқа нарса экан. Ғарбга сажда қилувчиларнинг кўнгли учун, майли, колхоз-совхоз тизими билан бақамти фермер хўжаликлари ҳам ишлайверсин эди. Халқнинг ўзи маъқулини танлаб оларди, ахир. Ўшанда «буюк кўчиш»лар содир бўлмасмиди денг… Ҳайронман, биринчи президентимиз ўзи иқтисодчи бўлатуриб нега бундай йўл тутди экан? Кейин хатосини англаб қолиб, «Янгисини қурмай туриб эскисини бузмаслик керак» деган шиорни ўртага ташлади. Аммо энди кеч, поезд аллақачон кетиб бўлган эди.

Бу ижтимоий тўс-тўполонда айниқса аёлларимизга қийин бўлди. «Темир хотин»даги Қумрининг аҳволи ҳолва бўлиб қолди. Илгари ўзбек аёли деганда кўз олдимизга кетмон кўтарган заифа образи келарди, энди эса ўзидан ҳам катта хўжалик сумкасини кўтарган аёл қиёфаси гавдаланади. Ҳозир айрим одамлар ўғил кўрса севинмайдиган бўлиб қолди, худодан қиз сўрайди. Чунки қиз топармон-тутармон бўлади, оиласини (эрини ҳам қўшиб) боқади. «Боқувчисини йўқотган» деб отаси ўлган фарзандларга эмас, онаси ўлганларга айтиладиган замон келди гўё. Ҳозир ўғилни уйлантирмайдилар, бойваччароқ бир қизга «илиб қўйиш» пайида бўладилар. Ўғил бола бирон ишнинг бошини тутиб, ҳечқурса, ўз қорнини тўйғазса ҳам катта гап бўлиб қолди. Бизнинг замонда бошқача эди, отамиз уйлантириб қўярди – тамом, кейин ўз аравамизни ўзимиз тортар эдик.

Маълумотларга кўра, миллион-миллион ҳамюртларимиз тирикчилик важидан хорижга чиқиб кетган. Уларнинг ҳар бирида икки-уч фарзанд бор. Бу ёғи оддий арифметика. Неча миллион бола отасини кўрмай боши эгик, тили қисиқ, журъатсиз бўлиб ўсяпти?! Бу ёшлардан нима кутамиз? На ўқишининг тайини бор, на тарбиясининг!

Бир вақтлар АҚШ армиясига чақирилган йигитларнинг айримлари аёлсифат қилиқлари, хотинчалиш гап-сўзи билан қабул комиссиясини лол қолдирган экан. Дарҳол бунинг сабабини қидиришга киришилибди. Ҳарбийларга гап йўқ – дарров топишибди. Оилада болани она тарбиялайди, унга қарайдиган энага – аёл, боғчада аёл тарбиячи, мактабда аёл ўқитувчи, олий ўқув юртида ҳам шу аҳвол. Ахир, бола умрида отасидан бошқа эркак зотини кўрмаган бўлса, унда қатъият, мардлик, жасорат каби хислатлар қандай шакллансин?! АҚШ ҳарбийларининг талабига биноан мактаб, ҳатто боғчаларга эркаклар жалб қилина бошлади. Уларга икки-уч баробар кўп маош белгиланди. Шўро мафкурачиларига худо бериб қолди-ку: «Ана, капиталистик мамлакатларда хотин-қизлар меҳнати камситилмоқда!» Улар парво қилишмади. Кино ва театрларда ҳақиқий эркак образлари пайдо бўлди. Арнольд Шварценеггер, Ван Дамм, Чак Норрис, Сильвестр Сталлоне, Стивен Сигал ва бошқаларнинг жангари қаҳрамонлари ҳарбийлар буюртмасига биноан дунёга келган.

* * *

Мард, жасур, адолатли одам, ҳатто у энг катта раҳбар бўлса ҳам, бировни мақтаб кун кўришни, бола-чақа боқишни ўзи учун ор деб билади. Афсуски, ёшларимизнинг мақта-мақтага мойил «умуртқасиз» тоифаси пайдо бўлдики, кўриб лол қоласиз. Ёшларнинг «умуртқасини тўғрилаш» учун биз ҳам АҚШ ҳарбийлари тутган йўлни танласак ёмон бўлмасди деб ўйлайман.

Биз адабиёт ва санъатда замон қаҳрамонини яратамиз деб чираниб ётибмиз. Лекин сира ўхшамаяпти қурмағур. Ўхшамайди ҳам. Чунки биз мўлжални нотўғри оляпмиз – асарларимиз биносини мақташ ва мақтаниш негизига қуряпмиз. Ваҳоланки, замонавий қаҳрамон деганда ўқувчини (томошабинни) ижтимоий фаолликка ундайдиган образлар тушунилиши керак.

Тунов куни телевизор кўриб ўтирсам, бир шоир бола катталарни мақтаб шеър ўқиди. Ҳали мактаббола бўлган бу йигитчага мақтовбозлик нимага керак бўлиб қолди экан? Ахир, ҳатто Президентнинг ўзи «Ким мени мақтаса – душманим!» деб турибди-ку. Аммо шунда ҳам мақтайверамиз! Жағимиз тушиб қолгунча мақтаймиз! «Бугун сарбонимизни мақтаб шеър ёзолмадим» деб ухлолмай чиққан шоирларимиз қанча! Тўғри, қийин, хийла мушкул. Лекин чидаш керак. Бунинг учун одамда матонат бўлмоғи лозим. Тишингизни тишингизга қўйиб сабр қилинг, шоир иним, бир ухлаб турсангиз кўрмагандай бўпкетасиз!

Мақтайвериб-мақтайвериб, қай аҳволга келдик? Кейин нолиб юрамиз: «Фалончи зулмкор бўлиб кетди, ижод эркинлигини бўғиб қўйди!» Ўзимиз шундай қилиб қўйдик-ку, мақтайвериб ҳоли-жонига қўймадик-ку! Наҳотки, ҳали-бери кўзимиз очилмаса?

Ўтган йил охирида режиссёр Олимжон Салимов Ўзбек давлат драма театрида менинг «Ер барибир айланаверади» деган пьесамни саҳналаштирди. Асар нима ҳақида? Ўзбек амалдорлари учта масалада обрўси бир пул бўлиб, ишдан олинади. Биринчиси ҳаммага маълум иллат – порахўрлик. Иккинчиси – аёллар масаласи (чиройли-чиройли котиба қизлар). Учинчиси – фарзандлар туфайли. Маълумки, катта амалдорнинг боласига ҳеч ким эътироз қилолмайди. Ўғли ёки қизи босар-тусарини билмай юраверади, чунки унинг мушугини «пишт» дейдиган мард анқога шафе.

Мен мазкур асарни ёзиш асносида тўртинчи сабабни ҳам кашф этдим. Бу – мақтов балоси экан. Мақтов радиациядай гап: ҳиди йўқ, таъми йўқ, ранги йўқ, ҳужайра ва тўқималарга сингиб бориб, одамни шахс сифатида ич-ичидан емиради, хароб қилади. Мақталаётган киши ташқаридан одамга ўхшайди, холос, аслида, ичи чириб-ириб кетган бўлади. Энг даҳшатлиси – буни ўзи сезмайди.

Наманган вилоятида «Темир хотин» фильмини суратга олиб юрибмиз. Халқ артисти Наби Раҳимов келадиган бўлиб қолди. Кичкинагина роли бор эди. Наби аканинг ташрифидан хабар топган вилоят, туман раҳбарлари типирчилаб қолишди-ку! Ҳали у ёққа учрашувга олиб кетиб қолишади, ҳали бу ёққа зиёфатга. Режиссёримиз жиғибийрон. Шундай учрашувлардан навбатдагиси туман туғруқхонасида бўлди. Тумонат одам йиғилган. Туғруқхона бош врачи, кўҳликкина аёл учрашувни очиб берди:

– Ўртоқлар! Бизнинг туғруқхонамизда ҳамма шароитлар муҳайё: чет элдан замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Ўтган йили 85 нафар чақалоқ дунёга келган бўлса, бу йил ҳовим бувамизнинг шарофатлари билан 120 нафар чақалоқ туғилди!

Гап келганда отасини ҳам аямайдиган Наби ака луқма ташлади:

– Бу гапдан чақалоқларнинг оталари хабардорми?..

Гурра кулги кўтарилди. Бош шифокор қизариб, раҳбарларнинг ранги бўзарди…

* * *

Қишлоғимизда Кўли бова деган чол бўларди. Шу депарада биринчи бўлиб шапка кийганлардан. Партия аъзосими-йўқми – менга қоронғи, лекин ўзбек бўлса ҳам миллати коммунист эди. Ниҳоятда гапга чечан, зўр нотиқ, тўй-маъракаларда доим ўртада – гапини ҳеч кимга бермайдиган одам эди. Шаҳардаги қанақадир техникумни битириб келган. Отамнинг саккиз синф маълумоти билан мактабга директорлик қилганига қараганда, техникумни битирган мутахассис бизнинг қишлоқ ўлчовида академик даражасидаги одам ҳисобланган бўлса керак. Урушдан кейинги йиллар кадрлар масаласи энг долзарб муаммо эди-да.

Қиш. Дала-даштни, бел баробар десам лофдир, тизза бўйи қор қоплаган. Кўли бова тўйдан қайтяпти. Зиёфат қуюқ бўлган кўринади – кайф жойида. Бир пайт заҳар танг қилиб, «ёзилмоқчи» бўлади. У ёқ-бу ёққа қарайди: ҳеч зоғ йўқ. Оппоқ қорга сап-сариқ бўлиб тушаётган «ёзув» бова гандираклаб тургани учун «П»га ўхшаб кетади. Коммунистлик қонда бор эмасми, дарров «П»ни «ПАРТИЯ»га айлантириб юборади… Буни узоқдан бир чўпон кузатиб турган экан. Яқин келиб қараса, ҳалиги аҳвол. Зудлик билан сельсоветга югуради. Сельсовет раиси иккита мелиса билан етиб келиб кўрсаки, партия «хор бўлиб» ётибди! Бундай «бедодлик»ка чидай олмаган раис Кўли бовани ухлаб ётган жойидан тўппа-тўғри Колимага, сургунга жўнатиб юборади.

Йўқ, мен замоннинг телбавор эканига ҳайрон бўлмайман, мени бошқа нарса ажаблантиради. Ҳалиги чўпоннинг психологиясини қаранг. Қордаги ёзувни таёғи билан ўчириб ташласа бўларди-ку. Ҳарқалай, бир қишлоқнинг одами – эртага кўз кўзга тушади. Хўш, бу билан нимага эришди у? Орден олдими? Ё лавозими кўтарилдими? Кейин англаб етдимки, бу ҳам мақтовнинг бир кўриниши экан.

Кўли бова сургунда кўп бўлмади, Сталиннинг вафотидан сўнг оқланиб келди. Биз, ёшлар у кишидан қамалишининг сабабини сўраганимизда, мийиғида кулимсираганча «ПАРТИЯ»нинг ўрнига «СТАЛИН» деб ёзсам бўлар экан» дер эди. Эҳ, соддагина бовам-а… Кўли бова мен иккинчи курсда ўқиётганимда вафот қилди. Бола-чақаю невара-чеваранинг олдида, ҳамма билан рози-ризолик қилиб, иззат-икромда. Жанозада тумонат одам йиғилди. Вилоятдан, тумандан, ҳатто Тошкентдан юзлаб шогирдлари ҳозир бўлишди. Бизнинг қишлоқ қишлоқ бўлганидан буён бунақа кўп енгил машина кўрмаган бўлса керак…

Отамнинг айтишича, «сиёсий ҳушёр» чўпон қишлоқда бош кўтаролмайдиган бўлиб қолибди. Ҳамма «Кўли бованинг қамалишига шу айбдор!» дея бармоғи билан кўрсатадиган бўлибди. Қисмати ҳам ниҳоятда аянчли якун топган экан – бўри еб кетибди. Қариндош-уруғ қолган-қутган суякларини йиғиштириб, ими-жимида кўмиб келган экан… Ўшандан бери бировнинг шаънига ҳамду сано ўқиётган одамни кўрсам, «Эҳтиёт бўл, бўри еб кетмасин!» деб қўяман.

Яна «Ер барибир айланаверади» спектаклига қайтамиз. Мансабнинг мазасини ҳам, азасини ҳам татиб кўрган собиқ амалдор бундай дейди: «Нега менга ҳеч ким «йўқ» демайди? Гапимни инкор қилиб, қарши чиқса нима бўлади? Осмон узилиб ерга тушадими, ё Ер айланишдан тўхтаб қоладими? Ахир, ҳеч нима бўлмайди-ку! Вой, худойим-эй, ижод аҳлининг аҳволи бу, илм зиёлиларининг аҳволи у – бошингни қайси тошга уришни билмайсан! Мақтов ва лаганбардорлик чидаб бўлмас даражага етди! Қурвақани боссанг «вақ» дейди, буларни боссанг «хўп» дейди! Э, одамнинг ҳар нима бўлгани яхши!..»

Ҳа, лаганбардорлик – мақтовнинг давоми. Биздан битта нарса талаб қилинади – у ҳам бўлса фарзандларимизни юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг яхшисидан қувониб, ёмонидан уялиб яшашга; энг муҳими, мақташга эмас, фахрланишга ўргатмоғимиз лозим.

Гоҳида аксар миллатдошларим томирида ҳалиги чўпоннинг бир томчи қони қўшилиб оқмаяптимикан, деб ўйлаб қоламан. Акс ҳолда Чўлпон, Усмон Носир, Қодирийлар жувонмарг бўлиб кетмасми эди?! Телевизорда шеър ўқиётган ҳалиги шоир боланинг, туғруқхона бош врачи – дўхтир опамизнинг, отасиз ва журъатсиз бўлиб ўсаётган болаларимизнинг қони тозамикан деган хаёллар ўртайди… Доим ҳам шундай бўлиб қолмас, деб ўзимни юпатаман. Бир кун келиб «бўри еб кетмайдиган»лар авлоди етишиб чиқишига жуда-жуда ишонгим келади…

Мазкур матн «Кун.уз» саҳифасидан олинди

26 yanvarь kuni o’zbek adabiyot og’ir judolikka uchradi: taniqli adib, zabardast dramaturg Sharof Boshbekov 71 yoshida vafot etdi. Yaratgan Egam betakror iste’dod ila siylagan yozuvchimizdan ichakuzar komediyalar, jiddiy pьesalar, unutilmas hikoyayu kinoqissalar meros bo’lib qoldi.

Sharof Boshbekov vijdoni uyg’oq ziyoli sifatida millatimizning og’riqli muammolari xususida teran publitsistik maqolalar ham yozgan edi. Endilikda boqiy dunyo fuqarosiga aylangan yozuvchining «Tafakkur» jurnalida «Umurtqasiz odam» degan nom bilan chop etilgan essesini e’tiboringizga havola etmoqdamiz. Bu – muallifning vaqtli matbuotda e’lon qilingan so’nggi maqolalaridan biri bo’lsa ajab emas.

Sharof BOSHBEKOV
UMURTQASIZ ODAM

O’zbekistonda keyingi 25-30 yil ichida ro’y bergan ijtimoiy-siyosiy evrilishlar haqida so’z ketganda, mening ko’z oldimga Tanzaniyadagi Serengeti pasttekisligi keladi. Bu tekislik maydoni nihoyatda katta bo’lib, unga Keniya davlatining Masai-Mara qo’riqxonasi ham kiradi. Ushbu go’shada har yili bir marta tabiatning misli ko’rilmagan mo»jizasi ro’y beradi. Qurg’oqchilik pallasida millionlab jonivorlar yoppasiga suv qidirib yo’lga chiqadi. Aks holda suvsizlikdan halok bo’lishi mumkin… Bu g’aroyib hodisa fanda «buyuk ko’chish» deb ataladi.

Mening Vatanimda ham Rossiya, Qozog’iston, Janubiy Koreya va Amerika tomonlarga «buyuk ko’chish» sodir bo’ldi, hamon bo’layotir. Ehtimol, odamlarni hayvonlar bilan qiyoslash noo’rindir, lekin mushtarak bir jihat bor: ikkala holatda ham jon saqlab qolish uchun kurash ketyapti. Yalpisiga, ommaviy ko’chish shu qadar kuchayib ketdiki, ba’zi qishloqlarda hatto tobut ko’targani to’rt erkak topilmay qoldi. Baquvvatroq ayollardan biri to’n ustidan belbog’ni mahkam bog’lab, to’rtinchi bo’lib tobut ko’targanini eshitganmiz. Nima bu? Ikkinchi jahon urushi davrida shunaqa bo’lgan: hamma yumush ayollar, bolalar va qariyalarga qolib ketgan. Ammo xalqimiz uchun nihoyatda og’ir bo’lgan o’sha yillarda ham; qimmatchilik, ocharchilik, qahatchilik yillari ham yurtimizda ayollar mardikorlikka chiqmagan!

Bu gaplarni nima uchun aytyapman? Shuning uchunki, jamiyatda ijtimoiy-siyosiy ahvol qanday bo’lsa, millatning ma’naviy qiyofasi ham shunga muvofiq bo’ladi. Zig’ircha kam ham, ko’p ham emas.

* * *

Hamma balo o’shanda boshlandi. Bir kechada kolxoz va sovxoz degan tuzilmalar tarqatib yuborildi. Million-million kolxozchilar ertalab uyg’onib qarasa, o’sha kundan e’tiboran hech kim emas ekan! Bir kechada! Kolxoz-sovxoz tizimi moliyaviy, yuridik, ijtimoiy jihatdan to’liq shakllangan tuzilma bo’lib, harna, odamlarning kuniga yarab turgan edi. Allaqayoqdan «fermer», «ofis», «supermarket», «shef», «shou» degan millatga yot tushunchalar paydo bo’ldi. Bu so’zlar chirib borayotgan kapitalizm dunyosiga mansub deb tushuntirilgan edi-ku bizga! Kolxoz «fermer xo’jaligi»ga aylantirildi, birinchi sekretarь «hokim» deb o’zgartirildi. Xo’sh, bu bilan nima o’zgardi? Hech nima. O’sha «chirib borayotganlar»ga kulgi bo’lganimiz qoldi, xolos.

Fermerlik nimaligini oradan taxminan o’ttiz yil o’tib, endi-endi sal tushungandek bo’lyapmiz. Avval-boshda fermerlik – davlat yerlarini puldorlarga sotish bo’lsa kerak, deb taxmin qildik. Puli ko’p it ham, bit ham yer ola boshladi. Chayqovchi hokimlar dalalarimizni o’ngu so’lga pullayverdi. Natijada poraxo’rlik, korruptsiya avjga chiqdi, millionlab kolxozchi va sovxoz ishchilari ko’chada qoldi. «Er sotgan – er bo’lmas» degan naqlni unutib, hayot tarzimiz bugungidek tashvishli ahvolga kelib qoldi. Keyin bildikki, fermerlik degani butunlay boshqa narsa ekan. G’arbga sajda qiluvchilarning ko’ngli uchun, mayli, kolxoz-sovxoz tizimi bilan baqamti fermer xo’jaliklari ham ishlayversin edi. Xalqning o’zi ma’qulini tanlab olardi, axir. O’shanda «buyuk ko’chish»lar sodir bo’lmasmidi deng… Hayronman, birinchi prezidentimiz o’zi iqtisodchi bo’laturib nega bunday yo’l tutdi ekan? Keyin xatosini anglab qolib, «Yangisini qurmay turib eskisini buzmaslik kerak» degan shiorni o’rtaga tashladi. Ammo endi kech, poyezd allaqachon ketib bo’lgan edi.

Bu ijtimoiy to’s-to’polonda ayniqsa ayollarimizga qiyin bo’ldi. «Temir xotin»dagi Qumrining ahvoli holva bo’lib qoldi. Ilgari o’zbek ayoli deganda ko’z oldimizga ketmon ko’targan zaifa obrazi kelardi, endi esa o’zidan ham katta xo’jalik sumkasini ko’targan ayol qiyofasi gavdalanadi. Hozir ayrim odamlar o’g’il ko’rsa sevinmaydigan bo’lib qoldi, xudodan qiz so’raydi. Chunki qiz toparmon-tutarmon bo’ladi, oilasini (erini ham qo’shib) boqadi. «Boquvchisini yo’qotgan» deb otasi o’lgan farzandlarga emas, onasi o’lganlarga aytiladigan zamon keldi go’yo. Hozir o’g’ilni uylantirmaydilar, boyvachcharoq bir qizga «ilib qo’yish» payida bo’ladilar. O’g’il bola biron ishning boshini tutib, hechqursa, o’z qornini to’yg’azsa ham katta gap bo’lib qoldi. Bizning zamonda boshqacha edi, otamiz uylantirib qo’yardi – tamom, keyin o’z aravamizni o’zimiz tortar edik.

Ma’lumotlarga ko’ra, million-million hamyurtlarimiz tirikchilik vajidan xorijga chiqib ketgan. Ularning har birida ikki-uch farzand bor. Bu yog’i oddiy arifmetika. Necha million bola otasini ko’rmay boshi egik, tili qisiq, jur’atsiz bo’lib o’syapti?! Bu yoshlardan nima kutamiz? Na o’qishining tayini bor, na tarbiyasining!

Bir vaqtlar AQSh armiyasiga chaqirilgan yigitlarning ayrimlari ayolsifat qiliqlari, xotinchalish gap-so’zi bilan qabul komissiyasini lol qoldirgan ekan. Darhol buning sababini qidirishga kirishilibdi. Harbiylarga gap yo’q – darrov topishibdi. Oilada bolani ona tarbiyalaydi, unga qaraydigan enaga – ayol, bog’chada ayol tarbiyachi, maktabda ayol o’qituvchi, oliy o’quv yurtida ham shu ahvol. Axir, bola umrida otasidan boshqa erkak zotini ko’rmagan bo’lsa, unda qat’iyat, mardlik, jasorat kabi xislatlar qanday shakllansin?! AQSh harbiylarining talabiga binoan maktab, hatto bog’chalarga erkaklar jalb qilina boshladi. Ularga ikki-uch barobar ko’p maosh belgilandi. Sho’ro mafkurachilariga xudo berib qoldi-ku: «Ana, kapitalistik mamlakatlarda xotin-qizlar mehnati kamsitilmoqda!» Ular parvo qilishmadi. Kino va teatrlarda haqiqiy erkak obrazlari paydo bo’ldi. Arnolьd Shvartsenegger, Van Damm, Chak Norris, Silьvestr Stallone, Stiven Sigal va boshqalarning jangari qahramonlari harbiylar buyurtmasiga binoan dunyoga kelgan.

* * *

Mard, jasur, adolatli odam, hatto u eng katta rahbar bo’lsa ham, birovni maqtab kun ko’rishni, bola-chaqa boqishni o’zi uchun or deb biladi. Afsuski, yoshlarimizning maqta-maqtaga moyil «umurtqasiz» toifasi paydo bo’ldiki, ko’rib lol qolasiz. Yoshlarning «umurtqasini to’g’rilash» uchun biz ham AQSh harbiylari tutgan yo’lni tanlasak yomon bo’lmasdi deb o’ylayman.

Biz adabiyot va san’atda zamon qahramonini yaratamiz deb chiranib yotibmiz. Lekin sira o’xshamayapti qurmag’ur. O’xshamaydi ham. Chunki biz mo’ljalni noto’g’ri olyapmiz – asarlarimiz binosini maqtash va maqtanish negiziga quryapmiz. Vaholanki, zamonaviy qahramon deganda o’quvchini (tomoshabinni) ijtimoiy faollikka undaydigan obrazlar tushunilishi kerak.

Tunov kuni televizor ko’rib o’tirsam, bir shoir bola kattalarni maqtab she’r o’qidi. Hali maktabbola bo’lgan bu yigitchaga maqtovbozlik nimaga kerak bo’lib qoldi ekan? Axir, hatto Prezidentning o’zi «Kim meni maqtasa – dushmanim!» deb turibdi-ku. Ammo shunda ham maqtayveramiz! Jag’imiz tushib qolguncha maqtaymiz! «Bugun sarbonimizni maqtab she’r yozolmadim» deb uxlolmay chiqqan shoirlarimiz qancha! To’g’ri, qiyin, xiyla mushkul. Lekin chidash kerak. Buning uchun odamda matonat bo’lmog’i lozim. Tishingizni tishingizga qo’yib sabr qiling, shoir inim, bir uxlab tursangiz ko’rmaganday bo’pketasiz!

Maqtayverib-maqtayverib, qay ahvolga keldik? Keyin nolib yuramiz: «Falonchi zulmkor bo’lib ketdi, ijod erkinligini bo’g’ib qo’ydi!» O’zimiz shunday qilib qo’ydik-ku, maqtayverib holi-joniga qo’ymadik-ku! Nahotki, hali-beri ko’zimiz ochilmasa?

O’tgan yil oxirida rejissyor Olimjon Salimov O’zbek davlat drama teatrida mening «Er baribir aylanaveradi» degan pьesamni sahnalashtirdi. Asar nima haqida? O’zbek amaldorlari uchta masalada obro’si bir pul bo’lib, ishdan olinadi. Birinchisi hammaga ma’lum illat – poraxo’rlik. Ikkinchisi – ayollar masalasi (chiroyli-chiroyli kotiba qizlar). Uchinchisi – farzandlar tufayli. Ma’lumki, katta amaldorning bolasiga hech kim e’tiroz qilolmaydi. O’g’li yoki qizi bosar-tusarini bilmay yuraveradi, chunki uning mushugini «pisht» deydigan mard anqoga shafe.

Men mazkur asarni yozish asnosida to’rtinchi sababni ham kashf etdim. Bu – maqtov balosi ekan. Maqtov radiatsiyaday gap: hidi yo’q, ta’mi yo’q, rangi yo’q, hujayra va to’qimalarga singib borib, odamni shaxs sifatida ich-ichidan yemiradi, xarob qiladi. Maqtalayotgan kishi tashqaridan odamga o’xshaydi, xolos, aslida, ichi chirib-irib ketgan bo’ladi. Eng dahshatlisi – buni o’zi sezmaydi.

Namangan viloyatida «Temir xotin» filьmini suratga olib yuribmiz. Xalq artisti Nabi Rahimov keladigan bo’lib qoldi. Kichkinagina roli bor edi. Nabi akaning tashrifidan xabar topgan viloyat, tuman rahbarlari tipirchilab qolishdi-ku! Hali u yoqqa uchrashuvga olib ketib qolishadi, hali bu yoqqa ziyofatga. Rejissyorimiz jig’ibiyron. Shunday uchrashuvlardan navbatdagisi tuman tug’ruqxonasida bo’ldi. Tumonat odam yig’ilgan. Tug’ruqxona bosh vrachi, ko’hlikkina ayol uchrashuvni ochib berdi:

– O’rtoqlar! Bizning tug’ruqxonamizda hamma sharoitlar muhayyo: chet eldan zamonaviy jihozlar, asbob-uskunalar olib kelib o’rnatdik. O’tgan yili 85 nafar chaqaloq dunyoga kelgan bo’lsa, bu yil hovim buvamizning sharofatlari bilan 120 nafar chaqaloq tug’ildi!

Gap kelganda otasini ham ayamaydigan Nabi aka luqma tashladi:

– Bu gapdan chaqaloqlarning otalari xabardormi?..

Gurra kulgi ko’tarildi. Bosh shifokor qizarib, rahbarlarning rangi bo’zardi…

* * *

Qishlog’imizda Ko’li bova degan chol bo’lardi. Shu deparada birinchi bo’lib shapka kiyganlardan. Partiya a’zosimi-yo’qmi – menga qorong’i, lekin o’zbek bo’lsa ham millati kommunist edi. Nihoyatda gapga chechan, zo’r notiq, to’y-ma’rakalarda doim o’rtada – gapini hech kimga bermaydigan odam edi. Shahardagi qanaqadir texnikumni bitirib kelgan. Otamning sakkiz sinf ma’lumoti bilan maktabga direktorlik qilganiga qaraganda, texnikumni bitirgan mutaxassis bizning qishloq o’lchovida akademik darajasidagi odam hisoblangan bo’lsa kerak. Urushdan keyingi yillar kadrlar masalasi eng dolzarb muammo edi-da.

Qish. Dala-dashtni, bel barobar desam lofdir, tizza bo’yi qor qoplagan. Ko’li bova to’ydan qaytyapti. Ziyofat quyuq bo’lgan ko’rinadi – kayf joyida. Bir payt zahar tang qilib, «yozilmoqchi» bo’ladi. U yoq-bu yoqqa qaraydi: hech zog’ yo’q. Oppoq qorga sap-sariq bo’lib tushayotgan «yozuv» bova gandiraklab turgani uchun «P»ga o’xshab ketadi. Kommunistlik qonda bor emasmi, darrov «P»ni «PARTIYa»ga aylantirib yuboradi… Buni uzoqdan bir cho’pon kuzatib turgan ekan. Yaqin kelib qarasa, haligi ahvol. Zudlik bilan selьsovetga yuguradi. Selьsovet raisi ikkita melisa bilan yetib kelib ko’rsaki, partiya «xor bo’lib» yotibdi! Bunday «bedodlik»ka chiday olmagan rais Ko’li bovani uxlab yotgan joyidan to’ppa-to’g’ri Kolimaga, surgunga jo’natib yuboradi.

Yo’q, men zamonning telbavor ekaniga hayron bo’lmayman, meni boshqa narsa ajablantiradi. Haligi cho’ponning psixologiyasini qarang. Qordagi yozuvni tayog’i bilan o’chirib tashlasa bo’lardi-ku. Harqalay, bir qishloqning odami – ertaga ko’z ko’zga tushadi. Xo’sh, bu bilan nimaga erishdi u? Orden oldimi? Yo lavozimi ko’tarildimi? Keyin anglab yetdimki, bu ham maqtovning bir ko’rinishi ekan.

Ko’li bova surgunda ko’p bo’lmadi, Stalinning vafotidan so’ng oqlanib keldi. Biz, yoshlar u kishidan qamalishining sababini so’raganimizda, miyig’ida kulimsiragancha «PARTIYa»ning o’rniga «STALIN» deb yozsam bo’lar ekan» der edi. Eh, soddagina bovam-a… Ko’li bova men ikkinchi kursda o’qiyotganimda vafot qildi. Bola-chaqayu nevara-chevaraning oldida, hamma bilan rozi-rizolik qilib, izzat-ikromda. Janozada tumonat odam yig’ildi. Viloyatdan, tumandan, hatto Toshkentdan yuzlab shogirdlari hozir bo’lishdi. Bizning qishloq qishloq bo’lganidan buyon bunaqa ko’p yengil mashina ko’rmagan bo’lsa kerak…

Otamning aytishicha, «siyosiy hushyor» cho’pon qishloqda bosh ko’tarolmaydigan bo’lib qolibdi. Hamma «Ko’li bovaning qamalishiga shu aybdor!» deya barmog’i bilan ko’rsatadigan bo’libdi. Qismati ham nihoyatda ayanchli yakun topgan ekan – bo’ri yeb ketibdi. Qarindosh-urug’ qolgan-qutgan suyaklarini yig’ishtirib, imi-jimida ko’mib kelgan ekan… O’shandan beri birovning sha’niga hamdu sano o’qiyotgan odamni ko’rsam, «Ehtiyot bo’l, bo’ri yeb ketmasin!» deb qo’yaman.

Yana «Er baribir aylanaveradi» spektakliga qaytamiz. Mansabning mazasini ham, azasini ham tatib ko’rgan sobiq amaldor bunday deydi: «Nega menga hech kim «yo’q» demaydi? Gapimni inkor qilib, qarshi chiqsa nima bo’ladi? Osmon uzilib yerga tushadimi, yo Yer aylanishdan to’xtab qoladimi? Axir, hech nima bo’lmaydi-ku! Voy, xudoyim-ey, ijod ahlining ahvoli bu, ilm ziyolilarining ahvoli u – boshingni qaysi toshga urishni bilmaysan! Maqtov va laganbardorlik chidab bo’lmas darajaga yetdi! Qurvaqani bossang «vaq» deydi, bularni bossang «xo’p» deydi! E, odamning har nima bo’lgani yaxshi!..»

Ha, laganbardorlik – maqtovning davomi. Bizdan bitta narsa talab qilinadi – u ham bo’lsa farzandlarimizni yurtimizda kechayotgan ijtimoiy-siyosiy jarayonlarning yaxshisidan quvonib, yomonidan uyalib yashashga; eng muhimi, maqtashga emas, faxrlanishga o’rgatmog’imiz lozim.

Gohida aksar millatdoshlarim tomirida haligi cho’ponning bir tomchi qoni qo’shilib oqmayaptimikan, deb o’ylab qolaman. Aks holda Cho’lpon, Usmon Nosir, Qodiriylar juvonmarg bo’lib ketmasmi edi?! Televizorda she’r o’qiyotgan haligi shoir bolaning, tug’ruqxona bosh vrachi – do’xtir opamizning, otasiz va jur’atsiz bo’lib o’sayotgan bolalarimizning qoni tozamikan degan xayollar o’rtaydi… Doim ham shunday bo’lib qolmas, deb o’zimni yupataman. Bir kun kelib «bo’ri yeb ketmaydigan»lar avlodi yetishib chiqishiga juda-juda ishongim keladi…

Mazkur matn «Kun.uz» sahifasidan olindi

034

(Tashriflar: umumiy 263, bugungi 1)

Izoh qoldiring