Shoyim Bo’tayev. Keng dala, to’rtovlon va beshinchi

09   Ука, сиз мелисада ишламайсими мабодо?! Ҳа, шунақами? Унгаям таниш‑билиш керак‑да. Индамай бориб «лўп» этиб кириб кетаверса, кимлар ишламасди. Ҳаммаям текин усти бош кийсам, катта‑катта ойлик олсам дейди. Шундоқчанги бўлганидан кейин, талабгориям кўп‑да, талабгор кўп бўлдими, у ёғини ўзингиз биласиз. Майли, ҳали ишлаб сарф‑харжга жичча пул тўпланглар, қочиб кетаётгани йўқ, жойлашиб оласизлар.

08
Шойим БЎТАЕВ
КЕНГ ДАЛА, ТЎРТОВЛОН ВА БЕШИНЧИ
027

02Шойим Бўтаев 1959 йил 20 июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманига қарашли Майдонча кишлоғида туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1982). Илк қиссаси — «Сирли юлдузлар» (1984). Шундан сўнг ёзувчининг «Дунёнинг сарҳисоби бор» (1988), «Энди бари бошқача» (1990), «Шамол ўйини» (1995), «Кунботардаги боғ» (1997), «Ҳаёт» (2000), «Кўчада қолган овоз» (2005) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қўрғонланган ой» (1996), «Шох» (2007) каби романлар муаллифи. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (2001).

027

Ҳай, айланиб кетай, ҳорманглар. Сизлар ҳам шу ерда турасизларми? Ҳа, бир‑икки кун ишлагани келдиларингизми? Майли, қайда бўлсаям одамзод ризқини териб юрар экан, худо бераридан қисмасин. Кранда сув бормикан? Хайрият‑э! Шу далаҳовлиларга деб сув чиқариб қўйганларнинг отасига балли. Бизнинг кунимизга ҳам яраяпти‑да, йўқса, челакларимизни даранглатиб қайларда юрган бўлардик лўлига ўхшаб! Бэ, қаёқда, бизда далаҳовли нима қилсин? Биз шу ерда яшаймиз, айланиб кетай. Ҳовли‑жойимиз шу ерда. А, йўқ, ўзи асли тагимиз бу ерлик эмас. Бизники Ўратепами‑Шаҳристонми‑Қайирмами деган томонлардан – таги тугимиз‑да! Хўжайинники Зоминдан. Ҳа‑а, ман келин бўлиб тушган вақтимда бизникилар ҳам Зоминда яшашган. Ўша Ўратепами-Шаҳристонми‑Қайирмами деган жойларни ўзим кўрмаганман. Раҳматли бувигинам оғиздан қўймасдилар. Қулоқми‑сулоқми қилиб юборилмаганимизда ота‑боволаримизнинг жаннат жойларидан бизни биров силжитиб ҳам кўрсин эди, дердилар раҳматли кўзларига ёш олиб.

Ҳў‑ўв ана‑а…катта тол бор‑а, ўзи битта. Ўша, худди ўзи! Ўша толдан пича ўтилса, чапга йўл кетган. Ўзи бошқа йўл йўқ! Шу битта йўл! Шу йўлдан қуйига эниб юраверсаларингиз икки томониям кенг дала – ўнг томонида ичкарироқда иккита уй, чап томонида томи ёпилмаган сарой турибди. Шу йўл тикка бизникига олиб боради‑да, айланиб кетай.

Э, анави кучук намунча суллоҳ бўлмаса?! Думини қисиб, кўзини мўлтайтириб келаверади‑я! Эгаси йўқ, шекилли‑да. Тур, кет! Хўжа­йин, қаранг, араванинг ёнидан қувиб юборинг, идишга тегмасин.

Уйимизми? Уйдақа уй‑да. Ярмини битириб сувоқдан чиқардик, ярмиси ётипти – кўчамизга каштан экиб қўйдик. Энди икки йил бўлдида, кўчиб келганимизга. Кенг дала, кўзимизга хўп бинойи яшайдиган жой бўлиб кўринувди, суви чатоқ экан. Ҳа майли, шунисигаям шукр. Хўжайин, сиз аввал аравангиздаги бўчкангизни тўлдириб олинг. Кейин мен челакларга сув олиб, қўлимда кўтариб кетаман.

Ука, сиз мелисада ишламайсими мабодо?! Ҳа, шунақами? Унгаям таниш‑билиш керак‑да. Индамай бориб «лўп» этиб кириб кетаверса, кимлар ишламасди. Ҳаммаям текин усти бош кийсам, катта‑катта ойлик олсам дейди. Шундоқчанги бўлганидан кейин, талабгориям кўп‑да, талабгор кўп бўлдими, у ёғини ўзингиз биласиз. Майли, ҳали ишлаб сарф‑харжга жичча пул тўпланглар, қочиб кетаётгани йўқ, жойлашиб оласизлар.

Сизлар ҳам шу ердан сув оласизлар‑да, а? Анави темир панжара билан тўсилган ерда ишлаяпсизларми? Ҳа, иш одамми ўлдирибдими, ишлаган яхши‑да! Тўвба, даладаштга темир панжаранинг нима кераги бор экан – ҳайронсан! Пойдевор‑мойдевор олганми ўзи? Ҳа‑а, эндими?! Бошпана‑мошпана тиклаб қўйса бирор кунига ярайди‑да!

Мана, бизам шаҳарда яшардик. Чилонзорметродан чиқишда битта бозорча бўларди‑ку, ўша ерда сабзавот сотардик. Сўпи азон айтмасдан Қуйлиққа чиқиб олиб келардикда! Энди устига қўйиб сотасан, ундоқ қиласан‑бундоқ қиласан, бир амаллаб фойдангни чиқариб ола­сан­‑да. Э, йўқ, биз тарозидан урмаганмиз, худодан қўрқамиз. Олди‑сотди ишларида сабзавот сотасанми, картишка‑пиёз сотасанми, мева‑чева сотасанми – ҳаммасини кўраверар экансан. Тарози тошининг тагига қумқоғоз ишқалаганларни ҳам, эговлаб харидорнинг кўзини чалғитадиганларни ҳам кўрдик. Нима қиласан, бировнинг ҳақидан уриб?!

Уни юришини қаранг. Ўзиям қовур­ғаси саналиб қопти‑я, ё тўвба. Эгаси йўқ, шекилли. Эгаси бўлсаям, боқолмаганми?!

Ўзи сизлар ҳам бу юришдан кўра мундо‑оқ бозор‑ўчарга аралашсаларингиз, пешоналарингиздан бўлиб қўлларингиз пул‑мул кўриб қолар‑а! Бозор ҳам пешона‑да, борини кўраверасан! Шунинг учун харидорга тўғрисини айт, фойда бўлмаяпти-де, бизники ҳам тирикчилик де, устига бир сўм‑ярим сўм қўйиб сотамиз-де – тушунса тушунар, тушунмаса ана‑а борсин, уйқусини ҳаром қилиб Қуйлиқдаги оптомдан олсин оладиганини. Олади‑я, олади! У ердаям мингта аждаҳо кимдан нимани юлсам экан деб кўз тикиб туради – қайтанга қимматга тушиб келади.

Ҳа хўжайин, нега оғзимга уриб, гапиргани қўймайсиз? Ўзингиз ҳам баъзи пайтларда жа‑а бийрон бўлиб кетасиз‑ку! Нимасини ваҳима қилипман?!

А, айланиб кетай ука, нималар деяпсиз? Тошсиз тарозиларнинг ҳам шундай эпини қилишадики, анави ўлгур…ҳаҳ, нима дейди‑я, истрелка1 си ҳам сотувчисининг измидан чиқмай ликиллаб қолади кейин. А‑а, айланиб кетай, бу ёқдагиси ўтади кетади‑да, у ёқдагиси оғир. Умидимиз шунисидан, ишқилиб.

Шу ит шўрликка ҳам қийин‑да, а‑а?! Эсимга келмапти‑я, уйдан нон‑­пон опкелардим. Ўтган гал сувга келганимизда ҳам ўралашиб юрган шумиди, хўжайин?! Нега эсингизда бўлмасин? Олдига яримта нон ташловдим, ютди‑қўйди. Ердан ушоқларни териб еяётганини кўриб раҳмларим келиб кетувди. Худо шуларнинг ҳам ризқини бериб туради‑да, бўлмаса бу юришда аллақачон жони чиқиб кетарди.

Э‑ҳа, хўжайиннинг аждодлари катта авлиёларга бориб туташади, ўзлари ҳам чалкаштириб юборадилар кўпинча. Бу ёғини сўрасангиз биз ҳам чакана жайдари одамлардан эмасмиз аслида – ота‑боваларимизни муридлари кафтларида кўтариб юришган. Шунақа бўлиб қолди‑да, бу кишим ҳам серуруғ, катта оиладан чиққанлар. Ортларидан бир эмас, икки эмас, саккизта укалари бор. Яна бунинг устига учта сингиллари бор, уларнинг олдида мани гапим гап бўлибдими, гапни улардан эшитинг‑да. Шулар катта бўлиб келаверишгач, ке, бу оиланинг тўнғичи биз‑ку, қайнотамиздан қолган уй­жойимизни шуларга бўшатиб берайлик, барибир бора‑бора супрақоқди кенжага қолади, биз уларнинг кўзига хунук кўриниб нима қилдик деб, эру хотин бир кечада маслаҳатни бир жойга қўйиб пишитдик‑да, шаҳарга тушиб кетдик. Ишимиз унча ўхшамади – илгариги сувлар оқиб ўтиб кетган экан. Кейин нима, қайтиб кетармидик? Бу кишимнинг ҳамқишлоқлари ҳам жуда гапчи халқ, шунинг учун қайтишга юрагимиз дов бермади. Шу‑у Чилонзорметро бозорчасида битта таниш топиб, унинг кўмагида сабзавот сотишга ўтдик. Худога минг қатла шукр, шунинг ортидан оч‑юпун қолмадик, рўзғор юритдик. Ишқилиб, худойимнинг ўзи меҳрибон, у қилиб‑бу қилиб, уч ўғилу бир қизни улғайтирдик. Одам ўйласа, юрагини ваҳм босади‑я! Шунисигаям шукр, мелиса ўғлимиз мана шу жойдан уй қураман деб ер олган эди, мана энди кунимизга яради. Йўқса, қайга борардик?! Уй қуриб ўтирганимиз билан ҳовлига девол олиб ўраганимиз йўқ. Ҳаммаёқдан шамол эсиб туради. Ёзда ҳузур қилади одам. Қишда қийин. Бир ундоқбир бундоқ‑да.

Ҳа, хўжайин, ман нима дедим?! Қани, шақиллаганим, кошки биров билан гаплашсам. Кенг жой экан деб чиқиб эдик, гаплашай десанг гаплашадиган одам тополмайсан‑а! Ўша Чилонзорметро бозорчасида сабзавот сотиб юрганимизда этаждан бир хона уй ҳам қилиб эдиг‑а, бу киши қўймадилар‑да, сал четроқ бўлса ҳам кенгликка чиқайлик деб, ана‑а кенглик! Тор бўлсаям ошхонамиз бор эди, ошхонамизда газимиз бор эди; ваннамиз бор эди, ваннамизда сувимиз бор эди! Бу кишим эса мани тергаганлари тергаганлар!

Э, анави кучукнинг ётишини. Вой‑э, қарашидан одамнинг эти жимиллаб кетади‑я! Раҳматли қайнотам айтардиларки, ит суяк ташлаганни билади, дердилар. Ўтган гал нон берганим эсида‑да, шекилли. Аттанг, қотган‑қутган нонлар кўп эди‑я, уч‑тўрт бурдасини берсам савоби тегарди. Думини қисишини. Белиям букилиб кетипти бечоранинг. Э, аттанг, энди ичим ғаш бўлиб қолади. Ҳай, майли…

Бу ернинг эгаси сизларга танишми? Шунча ерни эгаллаб олибди, бирон катта жойда ишласа керакда! Мияси бутунки, шунақа ишлар қилади‑да. Ҳа, хўжайин, сизга нима, алам қиляптими?

Хўжайин шундайчанги юрганлари билан бир эмас, катта ўқишлардан иккитасини битирганлар. Ҳа, институтни, ҳа‑а йўғ‑а, бу одам техникум деб қараб ўтирадиганлардан эмасдилар – ўшанда қайнотам айтардиларки, ҳадеб ўқийверма, биринг икки бўлмайди дердилар, раҳматли ҳамма нарсани аввалдан кўриб‑биладиган авлиё одам эдилар‑да.

Ука, сиз мелисада ишламас экансиз‑да. Мен ўйлапманки, шу укам ҳам мелисада ишласа керак, деб. Энди‑и ҳозирги ёшлар шу‑да, ҳаммаси шапка кийишга орзуманд. Оладиган ойлиги қурғур ҳам ёмон эмас‑да. Мани катта ўғлим мелисада ишлар эди – отаси шунақа бўлгани билан ўшандай пул топсин эди. Қайда?! Иши хўп бинойи кетаётувди‑ё кўз тегиб қолди‑да, ҳа‑ай майли!

Ёнингиздаги йигит ким? Ҳа‑а, укахонлардан экан‑да. Яхши. Укахону акахонларнинг бўлгани яхши.

Хўжайин, бўчкани кўп тўлдирманг, қалқиб тўкилади. Сизга шунақа гаплар бўлса. Ким очдан ўлибди? Қимирлаган қир ошар. Бечоралар қумурсқадай ғивирлашгани ғивирлашган – шу‑у нон топай, бола‑чақам бировларнинг қўлида хору зор бўлмасин дейишади‑да.

Ҳа, шунақа экан‑да. Бола‑чақа улғаяверса бошинг қотар экан. Шунинг учун кучинг борида қиладиганингни қилиб олгин экан. Одамнинг оғзи жодидай қирқиб‑кесиб, ичи қувурдай ютиб турар экан‑да, бир нима тугиб қўяй десанг, рўзғордан ортмайди. Ҳа биздаям бир этак бўлмаса‑да, борда. Бу кишининг ўша Зомин томонларда бир холалари бор эди, Умри деган, Умри хола дердик. Ўзиям шалдур‑шулдур бир қоп ёнғоқ эди‑да, ўн бешта бола туғиб, гирой бўлган. Бунақа гиройлар бу кишининг уруғ‑қаёшлари орасида кўп. Поччангизнинг шамоли тегиб кетсаям юкли бўлиб қолавераман, деб куларди. Ҳа хўжайин, ман нима дедим?! Ўша Умри холангизнинг Саври қизини олганингизда ҳозир сиз ҳам камида ўнта боланинг отаси бўлиб ўтирардингиз. Ўзингиз айтардингиз‑ку, Саврини манга беришмоқчи бўлишган, кўнмаганман деб. Ҳо‑о, кўнсангиз бўларканми? Ҳалиям кеч эмас, боринг ўша лапанглаб корсонини кўтаролмай қолган Сарвингизга. Тўрттасини эплолмаяпсизу ўнтасини нима қилардингиз?!

Ҳа, уч нафар ўғлимиз бор‑да. Қизингиз‑чи деб сўрайсан‑а, ҳа‑а шўх, қизим бўлса олармидинг? Шу гапингни илгарроқ айтмайсанми, ўзи сенга ўхшаган бақувват бир ўзбегимни топганда яхши бўларди‑я. Ҳа‑а хўжайин, ман нима дебман? Шунақа қилса яхши бўларди‑да, мана энди нима бўлди? Бир карис2 билан топишди‑ю, ўламан овло шундан бошқаси манга керакмас деб туриб олди‑да. Бу‑у қиз боланинг иши ҳам оғир бўлар экан‑э! Уролмасанг, сўколмасанг. Отасиниям, маниям шу қиз давление қилди. Шунақа десам, сизларни мелиса акам давление қилди деб, тан олмайди тағин жувонмарг. Бу карисчани ўрганган эди. Ҳаммасига бу кишим айбдорлар, битта қиз эмасми, айтганини қилардилар. Ҳо‑ой хўжайин, кўпам бошингизга чиқарманг деб неччи марта айт­ганман. Бэ, мани гапимни гап ўрнида кўрармидилар? Карисчага ўқийман деб туриб олгандан кейин, ўшанга ўқитдилар. У карис ўлгур ҳам ўзбекчани ўрганаётган экан, сан ўзбекчани ўргат, ман карисчани ўргатаман бўлиб бир‑бирларига меҳрлари тушиб қолган‑да. Ҳа хўжайин, ман нима дедим? Сиз нуқул оғзимга урмоқчи бўласиз‑а. Нима, яхши кўрган қизингиз, мен‑ку майли, сизнинг гапингизга ҳам кирмай ўша қисиқ кўз паканасининг юртига кетворгани ёлғонми?! Майли‑куя, қисиқ кўзми, карми, кўрми – мусулмон бўлса экан. Кимсан фалончи‑пистончи эшонбовалар зурриёди аллакимнинг ортидан илакишиб кетиб қолса алам қилмайдими, алам қилади‑да! Нима эмиш, дунё кўрар эмишлар! Нима эмиш, биз уни тушунмасмизмиш! Ана‑а тўққиз ой қорнингда олиб юриб шалтоғини тозалаганингдан шунақа гаплар эшитсанг, бегонадан нима гина?! Хотин кишининг дунё кўргани нима бўларди?! Эркак йўл юрса йўли очилади‑да, хотин йўл юрса нима бўларди, шарманда бўлади‑да, шармандаи шармисор! Ҳа‑а, хўжайин, ман нима дедим? Айблайверинг, айблайверинг, ҳаммасига ман айбдор, сиз оппоқсиз. Ўзи сиз шунақа, бир ишни бошлаб қўясиз‑у ўзингизни четга олиб тураверасиз. Яна у кариснинг турқу тароватини бир кўрсангиз эди, сизни‑ку қўяверинг, анави ёнингиздаги укамнинг ярмисичаям келмайди – маниям орзу‑ҳавасларимни қаро ер қилиб кетди жувонмарг! Ҳа‑а, бу биз экан‑да хўжайиннинг носқовоғини томошалаб ўтирадиган, ҳозирги ёшлар чидолмайди бунақасига ўлиб кетсин! Ие, ман сизга нима дедим? Нега ҳар хил гапларни гапираверма дейсиз, ўзимизнинг укачалар экан, бир зўрникида ишлаб туришибди экан, нима бегонамиди?! Ўзимизга ўхшаб гапни тушунганидан, гапни тинглаганидан гапирамиз‑да шуларга, йўқса кимга гапирамиз?!

Бу ерга энди келдиларингми? Иши кўп эканми? Бу ернинг эгаси ким экан ўзи? Ҳеч қораси кўринмайди. Ёзувчи эканми? Ёзувчи бўладиган бўлса, мундо‑оқ келиб бизнинг аҳволимизни ҳам кўрмайдими, ёзадиган матал‑паталига қўшиб юбормайдими? Ҳа, биламан, уларга ҳам қийин, мани бир дугонам ҳам ёзувчига эрга тегиб эди, турмуши бўлмади. Ҳа, хўжайин, у ёзувчи эмас, шойир эди дейсизми? Энди ман билмасам шойири киму ёзувчиси ким?! Билганим шуки, ўша боёқиш дугонамнинг шўри қуриб қолишига бир баҳя қолувди, хайрият, эсининг борида этагини йиғиб олгани. У ижарада ўтирадиган кулбаларида сичқонлар ҳассага таяниб юришини, ҳеч вақолари йўқлигини айта‑айта кўз ёш бўлиб, қоғозу қаламдан бўлагини билмаган эрини қарғагани қарғаган эди. Қанча айтдим унга, эркак кишини қарғама, касофати ўзингга уради, деб. Рост-да, униям бировларга айтолмайдиган дарду алами бордирки, қоғозу қаламга ёпишиб олгандир‑да. Дарду алами бўлмаса қоғозу қаламни бошига урадими?! Мана уларнинг орасидаям бор экан‑ку манавинақа ерли‑жойлиси ҳам! Ҳамма ёзувчи‑ю шойир бўлаверса подани ким боқади?! Шунақа деймизу ўша дугонам битта сабзифурушнинг ашулачиларнинг гапини4 ёзиб бериб бой‑бадавлат ёзувчи5 бўлиб кетганини айтиб қарғанар эди, эрини ҳам ўшандан ўрнак олишга чақирса, унинг жаҳли чиқармиш. Тўғри‑да, ўзи эплолмаганидан кейин жаҳли чиқадида, бошқа нима қилади?

Бу ерда ўчоқ‑чироқ йўқ экан‑а, тушликда нима қиласизлар? Қуруқ ноннинг ўзи билан бўлар эканми? Тушликда бизникига ўтинглар. Хўжайиннинг исмлари Тоштемир, Тоштемир ака денглар. Зомин томонларда Қангли деган қишлоқ бор. Ўзлари ана шу Қанглидан, айтдимку, эшонбовалардан деб.

Ҳа, ҳозир ҳам бу кишимга муридлик қилишмаса‑да, аввалги ўтганларнинг иззатидан гапларини икки қилишмайди. Икки ўғлимиззи Рассига эргаштирганлар ҳам ўшалар‑ да?! Эшонбова, қийналиб юрибсизлар экан, бачаларни беринг, одам қилайлик — мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас, дейишди.

Худога шукр дейиш керак, айланиб кетай! Худога шукр, бу кишимнинг муридларига эргашиб кетишган икки ўғлимиз, мана бир йил ўтиб, энди‑энди унча‑мунча пул‑мул юборишни бошлашди. Одам бўлиб кетишсин‑да, ишқилиб! Шуларнинг иқболини кўрамизми деб юрамизда! Қиз бола палахмон тоши – қисиқ кўз пакана бўлсаям, қизимиззи эплаб‑сеплаб кетди. Уйидан илон чиққандай нотинч бир жойга тушганда нима қилардик?!

Ман нима дедим, хўжайин?! Айримлар мачитга қатнагани билан у ердан чиқибоқ билганидан қолмаскан. Кўриб‑билдим, бу ердаям ҳамма мачитга борар экан. Аммо ташқарида бирон нарсанг қолса бошинг бурилиши биланоқ кўзингни шамғалат қилиб илиб кетадиганлар ҳам бор экан. Яна денг, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб, кўзларини лўқ қилганча, ким олдийкин, бировнинг нарсасига ким ҳам тегарди, у ёқ‑бу ёқларни яхшилаб қаранглар, чиқиб қолар, деб туришаверади. Ё тўвба?! Кеча биттаси эрталаб бир арава мол ахлатини анави тепадан оқаётган каналга ағдараётган экан, узоқдан кўриб, хотин бошим билан бир кўтарди‑ю, шайтонга ҳай бердим, бегона жойда ёмонотлиқ бўлиб нима қиласан Холида, дедим. Авваллари одамлар шу каналнинг сувидан ичишган экан. Эндиям ичиб кўришсин, ҳамма чиқинди шунинг ичида. Илгаригидай тоза турганида бизам бўчка кўтариб, челак кўтариб кран қидириб юрмасдик. Хўжайинга минг марта айтдим, хўжайин, бир‑иккита одамни олиб канал бўйлаб бораверсаларингиз ким нима ташлаяпти кўриб оласизлар, десам, одам тополмайдилар. Бу ишни ҳукумат қилсин дейишармиш баъзилар. Сан ўзинг учун қил, ўзинг учун ишла, ҳукумат ёрдам берадида, ёрдам бермай қайга боради, санга ёрдам бермаса кимга ёрдам беради?! Шу‑у ўзим чиқиб бориб каналга хас ташлаганини ҳам кўзига кўрсатиб қўйсам‑а, бўйнига рўмолимни ташлаб бўғиб ўлдирсам‑а! Ўзи кўрдиларингми каналдан келаётган сувни?! Қора сақич эриб оқаётгандек‑а. Э, ўл баринг одам бўлмай! Бир кун ичишга сув тополма‑чи, нима қилар экансан! Ўзиям ҳамманинг куфри бошига уриб кетганми дейсан‑да ҳозирги замонда, астағфириллоҳ!

Анави ит қаёққа йўқолдийкин?! Кейинги гал эсимга солинг хўжайин, шу ўлгурга бирон нарса олиб келиб берайлик. Ё ҳовлига обориб олсакмикан, жа санқига ўхшайди‑да зорманда. Аммо бир бурда нон берсанг кўзи санга меҳрибон бўлиб қолади. Майли, олиб кетайлиг‑а хўжайин, бир жойлик бўлиб юрсин, шуям худонинг махлуқи. Энди қаёққа кетдийкин‑а?! Ҳа‑а, йўлга чиқсак ортимиздан югуриб келади ўзи. Бўчкангиз тўлдими, хўжайин?! Шошмай туринг, манам челакларимни тўлдириб олай. Тушликка албатта боринглар‑а. Хўжайин ташқарида қора бериб турадилар. Мангаям кўзларингиз тушиб қолар, қозонимиз ҳам далада, картишкақовурдоқми, шовлами пишириб тураман; памилдорларимиз ҳам қизариб қолган, ағдан‑бағдан гаплашиб кўнгил ёзасизлар — ҳаммаёқ очиқ‑сочиқ; кенг дала — бир кўриб кетинглар; аммо‑лекин устимиздан кулмайсизлар, ҳали ҳовли‑жойимиз ҳовли‑жой ҳолига келмаган. Бўлди, хўжайин, маниям челакларим тўлди. Во‑ой белим‑а!

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

033

08
Shoyim BO’TAEV
KENG DALA, TO’RTOVLON VA BESHINCHI
027

Shoyim Bo’taev 1959 yil 20 iyunda Tojikistonning O’ratepa tumaniga qarashli Maydoncha kishlog’ida tug’ilgan. Xo’jand Davlat pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetini tugatgan (1982). Ilk qissasi — «Sirli yulduzlar» (1984). Shundan so’ng yozuvchining «Dunyoning sarhisobi bor» (1988), «Endi bari boshqacha» (1990), «Shamol o’yini» (1995), «Kunbotardagi bog’» (1997), «Hayot» (2000), «Ko’chada qolgan ovoz» (2005) kabi qissa va hikoyalardan iborat to’plamlari nashr etilgan. «Qo’rg’onlangan oy» (1996), «Shox» (2007) kabi romanlar muallifi. «Do’stlik» ordeni bilan taqdirlangan (2001).

027

Hay, aylanib ketay, hormanglar. Sizlar ham shu yerda turasizlarmi? Ha, bir-ikki kun ishlagani keldilaringizmi? Mayli, qayda bo’lsayam odamzod rizqini terib yurar ekan, xudo beraridan qismasin. Kranda suv bormikan? Xayriyat-e! Shu dalahovlilarga deb suv chiqarib qo’yganlarning otasiga balli. Bizning kunimizga ham yarayapti-da, yo’qsa, chelaklarimizni daranglatib qaylarda yurgan bo’lardik lo’liga o’xshab! Be, qayoqda, bizda dalahovli nima qilsin? Biz shu yerda yashaymiz, aylanib ketay. Hovli-joyimiz shu yerda. A, yo’q, o’zi asli tagimiz bu yerlik emas. Bizniki O’ratepami-Shahristonmi-Qayirmami degan tomonlardan – tagi tugimiz-da! Xo’jayinniki Zomindan. Ha-a, man kelin bo’lib tushgan vaqtimda biznikilar ham Zominda yashashgan. O’sha O’ratepami-Shahristonmi-Qayirmami degan joylarni o’zim ko’rmaganman. Rahmatli buviginam og’izdan qo’ymasdilar. Quloqmi-suloqmi qilib yuborilmaganimizda ota-bovolarimizning jannat joylaridan bizni birov siljitib ham ko’rsin edi, derdilar rahmatli ko’zlariga yosh olib.

Ho’-o’v ana-a…katta tol bor-a, o’zi bitta. O’sha, xuddi o’zi! O’sha toldan picha o’tilsa, chapga yo’l ketgan. O’zi  boshqa yo’l yo’q! Shu bitta yo’l! Shu yo’ldan quyiga enib yuraversalaringiz ikki tomoniyam keng dala – o’ng tomonida ichkariroqda ikkita uy, chap tomonida tomi yopilmagan saroy turibdi. Shu yo’l tikka biznikiga olib boradi-da, aylanib ketay.

E, anavi kuchuk namuncha sulloh bo’lmasa?! Dumini qisib, ko’zini mo’ltaytirib kelaveradi-ya! Egasi yo’q, shekilli-da. Tur, ket! Xo’ja­yin, qarang, aravaning yonidan quvib yuboring, idishga tegmasin.

Uyimizmi? Uydaqa uy-da. Yarmini bitirib suvoqdan chiqardik, yarmisi yotipti – ko’chamizga kashtan ekib qo’ydik. Endi ikki yil bo’ldida, ko’chib kelganimizga. Keng dala, ko’zimizga xo’p binoyi yashaydigan joy bo’lib ko’rinuvdi, suvi chatoq ekan. Ha mayli, shunisigayam shukr. Xo’jayin, siz avval aravangizdagi bo’chkangizni to’ldirib oling. Keyin men chelaklarga suv olib, qo’limda ko’tarib ketaman.

Uka, siz melisada ishlamaysimi mabodo?! Ha, shunaqami? Ungayam tanish-bilish kerak-da. Indamay borib «lo’p» etib kirib ketaversa, kimlar ishlamasdi. Hammayam tekin usti bosh kiysam, katta-katta oylik olsam deydi. Shundoqchangi bo’lganidan keyin, talabgoriyam ko’p-da, talabgor ko’p bo’ldimi, u yog’ini o’zingiz bilasiz. Mayli, hali ishlab sarf-xarjga jichcha pul to’planglar, qochib ketayotgani yo’q, joylashib olasizlar.

Sizlar ham shu yerdan suv olasizlar-da, a? Anavi temir panjara bilan to’silgan yerda ishlayapsizlarmi? Ha, ish odammi o’ldiribdimi, ishlagan yaxshi-da! To’vba, daladashtga temir panjaraning nima keragi bor ekan – hayronsan! Poydevor-moydevor olganmi o’zi? Ha-a, endimi?! Boshpana-moshpana tiklab qo’ysa biror kuniga yaraydi-da!

Mana, bizam shaharda yashardik. Chilonzormetrodan chiqishda bitta bozorcha bo’lardi-ku, o’sha yerda sabzavot sotardik. So’pi azon aytmasdan Quyliqqa chiqib olib kelardikda! Endi ustiga qo’yib sotasan, undoq qilasan-bundoq qilasan, bir amallab foydangni chiqarib ola­san­-da. E, yo’q, biz tarozidan urmaganmiz, xudodan qo’rqamiz. Oldi-sotdi ishlarida sabzavot sotasanmi, kartishka-piyoz sotasanmi, meva-cheva sotasanmi – hammasini ko’raverar ekansan. Tarozi toshining tagiga qumqog’oz ishqalaganlarni ham, egovlab xaridorning ko’zini chalg’itadiganlarni ham ko’rdik. Nima qilasan, birovning haqidan urib?!

Uni yurishini qarang. O’ziyam qovur­g’asi sanalib qopti-ya, yo to’vba. Egasi yo’q, shekilli. Egasi bo’lsayam, boqolmaganmi?!

O’zi sizlar ham bu yurishdan ko’ra mundo-oq bozor-o’charga aralashsalaringiz, peshonalaringizdan bo’lib qo’llaringiz pul-mul ko’rib qolar-a! Bozor ham peshona-da, borini ko’raverasan! Shuning uchun xaridorga to’g’risini ayt, foyda bo’lmayapti-de, bizniki ham tirikchilik de, ustiga bir so’m-yarim so’m qo’yib sotamiz-de – tushunsa tushunar, tushunmasa ana-a borsin, uyqusini harom qilib Quyliqdagi optomdan olsin oladiganini. Oladi-ya, oladi! U yerdayam mingta ajdaho kimdan nimani yulsam ekan deb ko’z tikib turadi – qaytanga qimmatga tushib keladi.

Ha xo’jayin, nega og’zimga urib, gapirgani qo’ymaysiz? O’zingiz ham ba’zi paytlarda ja-a biyron bo’lib ketasiz-ku! Nimasini vahima qilipman?!

A, aylanib ketay uka, nimalar deyapsiz? Toshsiz tarozilarning ham shunday epini qilishadiki, anavi o’lgur…hah, nima deydi-ya, istrelka1 si ham sotuvchisining izmidan chiqmay likillab qoladi keyin. A-a, aylanib ketay, bu yoqdagisi o’tadi ketadi-da, u yoqdagisi og’ir. Umidimiz shunisidan, ishqilib.

Shu it sho’rlikka ham qiyin-da, a-a?! Esimga kelmapti-ya, uydan non-­pon opkelardim. O’tgan gal suvga kelganimizda ham o’ralashib yurgan shumidi, xo’jayin?! Nega esingizda bo’lmasin? Oldiga yarimta non tashlovdim, yutdi-qo’ydi. Yerdan ushoqlarni terib yeyayotganini ko’rib rahmlarim kelib ketuvdi. Xudo shularning ham rizqini berib turadi-da, bo’lmasa bu yurishda allaqachon joni chiqib ketardi.

E-ha, xo’jayinning ajdodlari katta avliyolarga borib tutashadi, o’zlari ham chalkashtirib yuboradilar ko’pincha. Bu yog’ini so’rasangiz biz ham chakana jaydari odamlardan emasmiz aslida – ota-bovalarimizni muridlari kaftlarida ko’tarib yurishgan. Shunaqa bo’lib qoldi-da, bu kishim ham serurug’, katta oiladan chiqqanlar. Ortlaridan bir emas, ikki emas, sakkizta ukalari bor. Yana buning ustiga uchta singillari bor, ularning oldida mani gapim gap bo’libdimi, gapni ulardan eshiting-da. Shular katta bo’lib kelaverishgach, ke, bu oilaning to’ng’ichi biz-ku, qaynotamizdan qolgan uy­joyimizni shularga bo’shatib beraylik, baribir bora-bora supraqoqdi kenjaga qoladi, biz ularning ko’ziga xunuk ko’rinib nima qildik deb, eru xotin bir kechada maslahatni bir joyga qo’yib pishitdik-da, shaharga tushib ketdik. Ishimiz uncha o’xshamadi – ilgarigi suvlar oqib o’tib ketgan ekan. Keyin nima, qaytib ketarmidik? Bu kishimning hamqishloqlari ham juda gapchi xalq, shuning uchun qaytishga yuragimiz dov bermadi. Shu-u Chilonzormetro bozorchasida bitta tanish topib, uning ko’magida sabzavot sotishga o’tdik. Xudoga ming qatla shukr, shuning ortidan och-yupun qolmadik, ro’zg’or yuritdik. Ishqilib, xudoyimning o’zi mehribon, u qilib-bu qilib, uch o’g’ilu bir qizni ulg’aytirdik. Odam o’ylasa, yuragini vahm bosadi-ya! Shunisigayam shukr, melisa o’g’limiz mana shu joydan uy quraman deb yer olgan edi, mana endi kunimizga yaradi. Yo’qsa, qayga borardik?! Uy qurib o’tirganimiz bilan hovliga devol olib o’raganimiz yo’q. Hammayoqdan shamol esib turadi. Yozda huzur qiladi odam. Qishda qiyin. Bir undoqbir bundoq-da.

Ha, xo’jayin, man nima dedim?! Qani, shaqillaganim, koshki birov bilan gaplashsam. Keng joy ekan deb chiqib edik, gaplashay desang gaplashadigan odam topolmaysan-a! O’sha Chilonzormetro bozorchasida sabzavot sotib yurganimizda etajdan bir xona uy ham qilib edig-a, bu kishi qo’ymadilar-da, sal chetroq bo’lsa ham kenglikka chiqaylik deb, ana-a kenglik! Tor bo’lsayam oshxonamiz bor edi, oshxonamizda gazimiz bor edi; vannamiz bor edi, vannamizda suvimiz bor edi! Bu kishim esa mani tergaganlari tergaganlar!

E, anavi kuchukning yotishini. Voy-e, qarashidan odamning eti jimillab ketadi-ya! Rahmatli qaynotam aytardilarki, it suyak tashlaganni biladi, derdilar. O’tgan gal non berganim esida-da, shekilli. Attang, qotgan-qutgan nonlar ko’p edi-ya, uch-to’rt burdasini bersam savobi tegardi. Dumini qisishini. Beliyam bukilib ketipti bechoraning. E, attang, endi ichim g’ash bo’lib qoladi. Hay, mayli…

Bu yerning egasi sizlarga tanishmi? Shuncha yerni egallab olibdi, biron katta joyda ishlasa kerakda! Miyasi butunki, shunaqa ishlar qiladi-da. Ha, xo’jayin, sizga nima, alam qilyaptimi?

Xo’jayin shundaychangi yurganlari bilan bir emas, katta o’qishlardan ikkitasini bitirganlar. Ha, institutni, ha-a yo’g’-a, bu odam texnikum deb qarab o’tiradiganlardan emasdilar – o’shanda qaynotam aytardilarki, hadeb o’qiyverma, biring ikki bo’lmaydi derdilar, rahmatli hamma narsani avvaldan ko’rib-biladigan avliyo odam edilar-da.

Uka, siz melisada ishlamas ekansiz-da. Men o’ylapmanki, shu ukam ham melisada ishlasa kerak, deb. Endi-i hozirgi yoshlar shu-da, hammasi shapka kiyishga orzumand. Oladigan oyligi qurg’ur ham yomon emas-da. Mani katta o’g’lim melisada ishlar edi – otasi shunaqa bo’lgani bilan o’shanday pul topsin edi. Qayda?! Ishi xo’p binoyi ketayotuvdi-yo ko’z tegib qoldi-da, ha-ay mayli!

Yoningizdagi yigit kim? Ha-a, ukaxonlardan ekan-da. Yaxshi. Ukaxonu akaxonlarning bo’lgani yaxshi.

Xo’jayin, bo’chkani ko’p to’ldirmang, qalqib to’kiladi. Sizga shunaqa gaplar bo’lsa. Kim ochdan o’libdi? Qimirlagan qir oshar. Bechoralar qumursqaday g’ivirlashgani g’ivirlashgan – shu-u non topay, bola-chaqam birovlarning qo’lida xoru zor bo’lmasin deyishadi-da.

Ha, shunaqa ekan-da. Bola-chaqa ulg’ayaversa boshing qotar ekan. Shuning uchun kuching borida qiladiganingni qilib olgin ekan. Odamning og’zi jodiday qirqib-kesib, ichi quvurday yutib turar ekan-da, bir nima tugib qo’yay desang, ro’zg’ordan ortmaydi. Ha bizdayam bir etak bo’lmasa-da, borda. Bu kishining o’sha Zomin tomonlarda bir xolalari bor edi, Umri degan, Umri xola derdik. O’ziyam shaldur-shuldur bir qop yong’oq edi-da, o’n beshta bola tug’ib, giroy bo’lgan. Bunaqa giroylar bu kishining urug’-qayoshlari orasida ko’p. Pochchangizning shamoli tegib ketsayam yukli bo’lib qolaveraman, deb kulardi. Ha xo’jayin, man nima dedim?! O’sha Umri xolangizning Savri qizini olganingizda hozir siz ham kamida o’nta bolaning otasi bo’lib o’tirardingiz. O’zingiz aytardingiz-ku, Savrini manga berishmoqchi bo’lishgan, ko’nmaganman deb. Ho-o, ko’nsangiz bo’larkanmi? Haliyam kech emas, boring o’sha lapanglab korsonini ko’tarolmay qolgan Sarvingizga. To’rttasini eplolmayapsizu o’ntasini nima qilardingiz?!

Ha, uch nafar o’g’limiz bor-da. Qizingiz-chi deb so’raysan-a, ha-a sho’x, qizim bo’lsa olarmiding? Shu gapingni ilgarroq aytmaysanmi, o’zi senga o’xshagan baquvvat bir o’zbegimni topganda yaxshi bo’lardi-ya. Ha-a xo’jayin, man nima debman? Shunaqa qilsa yaxshi bo’lardi-da, mana endi nima bo’ldi? Bir karis2 bilan topishdi-yu, o’laman ovlo shundan boshqasi manga kerakmas deb turib oldi-da. Bu-u qiz bolaning ishi ham og’ir bo’lar ekan-e! Urolmasang, so’kolmasang. Otasiniyam, maniyam shu qiz davlenie qildi. Shunaqa desam, sizlarni melisa akam davlenie qildi deb, tan olmaydi tag’in juvonmarg. Bu karischani o’rgangan edi. Hammasiga bu kishim aybdorlar, bitta qiz emasmi, aytganini qilardilar. Ho-oy xo’jayin, ko’pam boshingizga chiqarmang deb nechchi marta ayt­ganman. Be, mani gapimni gap o’rnida ko’rarmidilar? Karischaga o’qiyman deb turib olgandan keyin, o’shanga o’qitdilar. U karis o’lgur ham o’zbekchani o’rganayotgan ekan, san o’zbekchani o’rgat, man karischani o’rgataman bo’lib bir-birlariga mehrlari tushib qolgan-da. Ha xo’jayin, man nima dedim? Siz nuqul og’zimga urmoqchi bo’lasiz-a. Nima, yaxshi ko’rgan qizingiz, men-ku mayli, sizning gapingizga ham kirmay o’sha qisiq ko’z pakanasining yurtiga ketvorgani yolg’onmi?! Mayli-kuya, qisiq ko’zmi, karmi, ko’rmi – musulmon bo’lsa ekan. Kimsan falonchi-pistonchi eshonbovalar zurriyodi allakimning ortidan ilakishib ketib qolsa alam qilmaydimi, alam qiladi-da! Nima emish, dunyo ko’rar emishlar! Nima emish, biz uni tushunmasmizmish! Ana-a to’qqiz oy qorningda olib yurib shaltog’ini tozalaganingdan shunaqa gaplar eshitsang, begonadan nima gina?! Xotin kishining dunyo ko’rgani nima bo’lardi?! Erkak yo’l yursa yo’li ochiladi-da, xotin yo’l yursa nima bo’lardi, sharmanda bo’ladi-da, sharmandai sharmisor! Ha-a, xo’jayin, man nima dedim? Ayblayvering, ayblayvering, hammasiga man aybdor, siz oppoqsiz. O’zi siz shunaqa, bir ishni boshlab qo’yasiz-u o’zingizni chetga olib turaverasiz. Yana u karisning turqu tarovatini bir ko’rsangiz edi, sizni-ku qo’yavering, anavi yoningizdagi ukamning yarmisichayam kelmaydi – maniyam orzu-havaslarimni qaro yer qilib ketdi juvonmarg! Ha-a, bu biz ekan-da xo’jayinning nosqovog’ini tomoshalab o’tiradigan, hozirgi yoshlar chidolmaydi bunaqasiga o’lib ketsin! Ie, man sizga nima dedim? Nega har xil gaplarni gapiraverma deysiz, o’zimizning ukachalar ekan, bir zo’rnikida ishlab turishibdi ekan, nima begonamidi?! O’zimizga o’xshab gapni tushunganidan, gapni tinglaganidan gapiramiz-da shularga, yo’qsa kimga gapiramiz?!

Bu yerga endi keldilaringmi? Ishi ko’p ekanmi? Bu yerning egasi kim ekan o’zi? Hech qorasi ko’rinmaydi. Yozuvchi ekanmi? Yozuvchi bo’ladigan bo’lsa, mundo-oq kelib bizning ahvolimizni ham ko’rmaydimi, yozadigan matal-pataliga qo’shib yubormaydimi? Ha, bilaman, ularga ham qiyin, mani bir dugonam ham yozuvchiga erga tegib edi, turmushi bo’lmadi. Ha, xo’jayin, u yozuvchi emas, shoyir edi deysizmi? Endi man bilmasam shoyiri kimu yozuvchisi kim?! Bilganim shuki, o’sha boyoqish dugonamning sho’ri qurib qolishiga bir bahya qoluvdi, xayriyat, esining borida etagini yig’ib olgani. U ijarada o’tiradigan kulbalarida sichqonlar hassaga tayanib yurishini, hech vaqolari yo’qligini ayta-ayta ko’z yosh bo’lib, qog’ozu qalamdan bo’lagini bilmagan erini qarg’agani qarg’agan edi. Qancha aytdim unga, erkak kishini qarg’ama, kasofati o’zingga uradi, deb. Rost-da, uniyam birovlarga aytolmaydigan dardu alami bordirki, qog’ozu qalamga yopishib olgandir-da. Dardu alami bo’lmasa qog’ozu qalamni boshiga uradimi?! Mana ularning orasidayam bor ekan-ku manavinaqa yerli-joylisi ham! Hamma yozuvchi-yu shoyir bo’laversa podani kim boqadi?! Shunaqa deymizu o’sha dugonam bitta sabzifurushning ashulachilarning gapini4 yozib berib boy-badavlat yozuvchi5 bo’lib ketganini aytib qarg’anar edi, erini ham o’shandan o’rnak olishga chaqirsa, uning jahli chiqarmish. To’g’ri-da, o’zi eplolmaganidan keyin jahli chiqadida, boshqa nima qiladi?

Bu yerda o’choq-chiroq yo’q ekan-a, tushlikda nima qilasizlar? Quruq nonning o’zi bilan bo’lar ekanmi? Tushlikda biznikiga o’tinglar. Xo’jayinning ismlari Toshtemir, Toshtemir aka denglar. Zomin tomonlarda Qangli degan qishloq bor. O’zlari ana shu Qanglidan, aytdimku, eshonbovalardan deb.

Ha, hozir ham bu kishimga muridlik qilishmasa-da, avvalgi o’tganlarning izzatidan gaplarini ikki qilishmaydi. Ikki o’g’limizzi Rassiga ergashtirganlar ham o’shalar- da?! Eshonbova, qiynalib yuribsizlar ekan, bachalarni bering, odam qilaylik — musofir bo’lmaguncha musulmon bo’lmas, deyishdi.

Xudoga shukr deyish kerak, aylanib ketay! Xudoga shukr, bu kishimning muridlariga ergashib ketishgan ikki o’g’limiz, mana bir yil o’tib, endi-endi uncha-muncha pul-mul yuborishni boshlashdi. Odam bo’lib ketishsin-da, ishqilib! Shularning iqbolini ko’ramizmi deb yuramizda! Qiz bola palaxmon toshi – qisiq ko’z pakana bo’lsayam, qizimizzi eplab-seplab ketdi. Uyidan ilon chiqqanday notinch bir joyga tushganda nima qilardik?!

Man nima dedim, xo’jayin?! Ayrimlar machitga qatnagani bilan u yerdan chiqiboq bilganidan qolmaskan. Ko’rib-bildim, bu yerdayam hamma machitga borar ekan. Ammo tashqarida biron narsang qolsa boshing burilishi bilanoq ko’zingni shamg’alat qilib ilib ketadiganlar ham bor ekan. Yana deng, hech narsa ko’rmaganday bo’lib, ko’zlarini lo’q qilgancha, kim oldiykin, birovning narsasiga kim ham tegardi, u yoq-bu yoqlarni yaxshilab qaranglar, chiqib qolar, deb turishaveradi. YO to’vba?! Kecha bittasi ertalab bir arava mol axlatini anavi tepadan oqayotgan kanalga ag’darayotgan ekan, uzoqdan ko’rib, xotin boshim bilan bir ko’tardi-yu, shaytonga hay berdim, begona joyda yomonotliq bo’lib nima qilasan Xolida, dedim. Avvallari odamlar shu kanalning suvidan ichishgan ekan. Endiyam ichib ko’rishsin, hamma chiqindi shuning ichida. Ilgarigiday toza turganida bizam bo’chka ko’tarib, chelak ko’tarib kran qidirib yurmasdik. Xo’jayinga ming marta aytdim, xo’jayin, bir-ikkita odamni olib kanal bo’ylab boraversalaringiz kim nima tashlayapti ko’rib olasizlar, desam, odam topolmaydilar. Bu ishni hukumat qilsin deyisharmish ba’zilar. San o’zing uchun qil, o’zing uchun ishla, hukumat yordam beradida, yordam bermay qayga boradi, sanga yordam bermasa kimga yordam beradi?! Shu-u o’zim chiqib borib kanalga xas tashlaganini ham ko’ziga ko’rsatib qo’ysam-a, bo’yniga ro’molimni tashlab bo’g’ib o’ldirsam-a! O’zi ko’rdilaringmi kanaldan kelayotgan suvni?! Qora saqich erib oqayotgandek-a. E, o’l baring odam bo’lmay! Bir kun ichishga suv topolma-chi, nima qilar ekansan! O’ziyam hammaning kufri boshiga urib ketganmi deysan-da hozirgi zamonda, astag’firilloh!

Anavi it qayoqqa yo’qoldiykin?! Keyingi gal esimga soling xo’jayin, shu o’lgurga biron narsa olib kelib beraylik. YO hovliga oborib olsakmikan, ja sanqiga o’xshaydi-da zormanda. Ammo bir burda non bersang ko’zi sanga mehribon bo’lib qoladi. Mayli, olib ketaylig-a xo’jayin, bir joylik bo’lib yursin, shuyam xudoning maxluqi. Endi qayoqqa ketdiykin-a?! Ha-a, yo’lga chiqsak ortimizdan yugurib keladi o’zi. Bo’chkangiz to’ldimi, xo’jayin?! Shoshmay turing, manam chelaklarimni to’ldirib olay. Tushlikka albatta boringlar-a. Xo’jayin tashqarida qora berib turadilar. Mangayam ko’zlaringiz tushib qolar, qozonimiz ham dalada, kartishkaqovurdoqmi, shovlami pishirib turaman; pamildorlarimiz ham qizarib qolgan, ag’dan-bag’dan gaplashib ko’ngil yozasizlar — hammayoq ochiq-sochiq; keng dala — bir ko’rib ketinglar; ammo-lekin ustimizdan kulmaysizlar, hali hovli-joyimiz hovli-joy holiga kelmagan. Bo’ldi, xo’jayin, maniyam chelaklarim to’ldi. Vo-oy belim-a!

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi

033

(Tashriflar: umumiy 235, bugungi 1)

Izoh qoldiring